Текст книги "АБУ АЛИ ИБН СИНО Биринчи китоб"
Автор книги: РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 18 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]
Аркнинг шарқий ва ғарбий дарвозаларини туташтирган йўл бўйлаб амирлик девонлари жойлашган. Бу серҳашам иморатларга ихчам саллали ёш-қари мулозимлар тинмай кириб-чиқишмоқда. Улар ўз ишлари билан банд бўлиб, бу икки ташрифчига эътибор беришмади.
Ғайс ибн Ваққос икки табибни тасодифан кўриб қолгандек, юриб келаётган жойида тўхтади. Одати шундай чамаси, қорамтир юзига ярашмаган чўққи соқолини силаб қўйди. Юзма-юз келганларида истеҳзо билан кулди:
– Саройга серқатновсиз, ал-Қумрий жаноблари?
– Амир ҳазратларининг топшириқларини бажармоқдамен.
– Ёнингиздаги навжувон ҳамми?
– Билурсиз, Ҳусайн ибн Абдуллоҳ менинг шогирдим.
– Шогирдингиз соясида эътибор қозонмоқ сиздек фузало52 табибға ярашмайдур, – чақиб олди ибн Ваққос.
– Амиримизнинг сиҳатлари ҳар недин улуғдир. Қандай амал лозим бўлса, шуни бажарурмиз. Шундай эмасми?
Ал-Қумрийнинг нозик жавобини эшитиб, бош табибнинг кўзлари ғазабдан ёнди. Бу ҳолатни яширмоқ учун улкан салла пастга эгилди.
– Шундай! – деди хириллаб ва терс бурилиб, тез-тез юриб нари кетди. Қалъанинг зиндон тарафидан ингроққа ўхшаш зорланган товуш келди. Ҳусайннинг юраги сирқиради. Ер остидаги зулматда жон таслим қилаётган бандининг қиёфаси хаёлида жонланди… У оғир дарддан изтироб чекаётган хасталарнинг ана шундай зорли нолаларини кўп эшитган, бир нечасининг оғриқларига даво ҳам топиб, бундан ўзи ҳам енгил тортган ва умрини ҳакимликка бағишлашга узил-кесил азму қарорга келгани ҳам шундан эди. Бироқ, зиндондаги мана бу дардмандларга ким дармон бўлади? Ғаддор дунёнинг ишлари бунчалар чалкаш…
Улар Аркнинг равон йўлагидан юриб боришарди. Девонхона, амири лашкар53, вазирлар, мулозимларнинг қароргоҳлари қалъанинг шимолида жойлашган. Саломхонага туташган ҳашаматли саройда Бухоро амири оиласи, канизлари, беҳисоб хазматкорлари билан истиқомат қилади. Сарой меъморий безакларининг заргарона ишлангани кишини ҳайратга солади. Бу ердаги ҳар бир ёғоч устунга ислими ва гириҳ нақшлар ўйилган. Деворларни Бухоро ва Самарқанднинг энг моҳир ганчкорлари анвойи шакллар бериб безаганлар.
Саломхонани супуриб-сидираётган хизматкорлар ал-Қумрийни дарҳол танишди. Табибга ҳурмат юзасидан четга ўтиб, таъзим қилдилар. Баногоҳ сарой ёнбошидан бир оппоқ ит отилиб чиқди. Ҳусайн кўзлари қизил, жуссаси катта бўлмаса ҳам ниҳоятда бақувват, чаққонлиги кўриниб турган бундай итни Бухорода сира кўрмаган эди. Хизматкорлардан бири “Балтир, тур, ёт!”, деб итни жойига қайтарди. Ҳусайн қалъага илк келганида бу ердаги шарт-шароитларга эътибор бермаган экан. Ҳозир эса серҳашам саройнинг рангин деворлари-ю, зарғалдоқ сирланган деразаларига зеҳн солиб бир-бир қараб олди.
Хосхонанинг ёш соқчиси уларга илтифот билан бош эгди.
– Амир ҳазратлари сизларни кутмоқдалар, – деди ширали овозда.
Ал-Қумрий хосхона эшигини қия очиб, товуш берди:
– Амир ҳазратлари, кирмоққа ижозат берурларми?
Бир фурсат ўтиб, “киринг” деган овоз эшитилди.
Ал-Қумрий “Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳи-ийм”, дея ичкари кирди. Ҳусайн устозининг ортидан эргашди. Кўз олдида ним ёритилган ҳашаматли хона пайдо бўлганда амир ёлғиз эмаслигини кўрди. Кунгай томондаги дарча очиб қўйилган. Ўн тўрт-ўн беш ёшлардаги кўркам бир йигитча кенг катдаги пар тўшакда ёнбошлаб ётган, қора соқолли, рангпар амирнинг елкасини уқалар эди. Йигитчанинг эгнида калта қизил шоҳи чопон. Бошида ихчам кулоҳ, устидан шоҳи салла ўраган. Амир унга секин нимадир деди. Йигитча ўрнидан туриб амирга таъзим қилди-да, ганчкор девор олдига бориб, бир лаҳзада кўздан ғойиб бўлди. Унинг ҳаракатларини зимдан кузатган Ҳусайн бу сарой сирлар макони эканлиги ҳақидаги гапларни эслади. У хосхонанинг нақшинкор деворида товушсиз очиладиган махфий эшик борлигини фаҳмлади.
– Маъжун келтирдингизму? – амирнинг овози эшитилди.
– Келтирдик, амирим! – Ҳусайн таъзим қилди.
– Шифо бўлмоғига инонурмисиз? – Нуҳ ибн Мансур унинг ёнида қўлини қовуштириб турган ал-Қумрийга ўткир нигоҳини қадади.
– Иншаоллоҳ, шифо топгайсиз, амирим.
Ҳусайн халтасидан қопқоқли, кишининг муштумидек келадиган оппоқ чинни кўзача олиб, қўшқўллаб амирга узатди. Парқу тўшагида ўтирган амир кўзачани очиб, ичига кўз ташлади.
– Амир ҳазратлари, ҳар тунда ётиш олдидан асал қўшиб қотирилган ушбу маъжундан бир дона тановул қилсалар. Қайнатиб, илиқ ҳолга келтирилган сув билан истеъмол этмоқ маъқулдир, – Ҳусайн дона-дона сўзлаб тушунтирди.
– Бул маъжунни ўзингиз тайёрладингизми?
– Устозим бирлан ҳамкорликда тайёрладик, – у қўл қовуштириб турган ал-Қумрийга нигоҳ ташлади. – Бунда юнон, рум табибларининг ноёб китобларидаги нусхаи даволарга54 ҳам таяндик.
– Бул жавобингиз бизга маъқул. Маъжунни истеъмол қилурмиз. – Амир қопқоғи очиқ кўзачани бурнига тутиб, ҳидлади. – Яна қандай тадбир лозим?
Ал-Қумрий уларнинг суҳбатларини жим тингларди. Кўнглида эса, Ҳусайн ортиқча гап айтиб юбормасайди, деган хавотир ҳам йўқ эмас эди. Бу пайтларда Ҳусайн ўзига “Абу Али”, яъни “Алининг отаси” деб куня55 қўйиб олган бўлиб, уни уйида ёки яқин кишилари даврасида Ҳусайн деб, эл орасида эса куняси билан Абу Али деб чақирар эдилар.
Ёш Абу Али амирга бир оғиз ҳам ортиқча сўз айтмади. Мулоҳаза қилган фикрларини дадил баён қилди:
– Амир ҳазратлари, қувватга кирмоғингиз учун бир тадбир ўйлаб эдим. Ижозат берсангиз, тафсир айласам…
– Ижозат бердик, – амир у билан очилиб сўзлаша бошлади.
– Мен бир неча бор шаҳарни тарк этиб, чўлга сафар қилдим. Чўл ажойиб гиёҳлар, турфа жониворлар макони эркан. Уларнинг танамизга таъсирини ўрганиб, “жак” деб аталмиш қушнинг ғайриоддийлигин пайқадим. Жак қуши бизнинг чўллардагина урчий олур. Бул саҳройи қушнинг гўштидан қайнатилган шўрбо инсонга беадад тан қуввати бағишлашин эшитган эрдим. Буни хасталарда синаб кўрдим.
– Натижаси не бўлди?! – Амир Абу Алининг гапига чунон қизиққанидан ҳаяжонланиб кетди.
– Мен кутгандан-да афзал натижа содир бўлди. Ночор ётган хасталар қувватга кириб, тез орада шифо топдилар.
– Шундай денг…
– Шул сайд56 шикориға57 рухсат берсангиз?
Амир бир зум ҳам ўйланмасдан розилик билдирди:
– Сайдгар58 сипоҳиларимиз ихтиёрингизда. Зудлик билан тадбирингизга киришинг!
– Бош устига, амир ҳазратлари!
* * *
Эртаси тонг ёришар-ёришмас беш нафар отлиқ Бухоронинг шарқий дарвозаси томонга йўл олишди. Улардан бири – Асаф исмли қирқ ёшлардаги, калта қора соқолли сипоҳдор олдинда борарди. Йигитнинг қотма келбати, қуёшда қорайган юзи, мағрур қарашлари ўзига ярашган. Унинг ортида тўриқ отини бўш қўйиб бораётган Абу Али бу сипоҳдор бош табибнинг ўғли эканини ҳали билмасди. Сабийлик давридан феъли қаҳрли бўлган Асаф бебош, урушқоқ бўлиб ўсди. Илм олишга меҳр қўймади. Отасининг обрў-эътибори туфайли амирлик хизматига ўтиб, сипоҳдор бўлиб олди. Орқама-орқа келаётган яна уч навкарнинг ҳар бири ундан анча ёш. Бироқ маҳоратда тенги йўқ камонкашлар59.
Уларнинг елкаларида Бухоронинг энг моҳир усталари ясаган қўш қанот шаклидаги, ўта мустаҳкам, кумуш безакли камонлар. Бу камонларга тортилган от қили қуюқ суртилган махсус елим таъсирида ялтирайди. Белларидаги садоқларда60 пайкони ўткир камон ўқлари.
Бу отлиқлар муаззин бомдод намозига азон айтаётган паллада шаҳар дарвозасидан чиқдилар. Яна бироз отларини йўрттириб, бир сайҳонликда тўхтадилар. Отларини тушовлаб, ўтлоққа қўйиб юбордиларда, шу ернинг ўзида бамдод намозини адо этишди. Шундан сўнг яна гап-сўзсиз отларига миниб, йўлга тушишди. Йўл четида яккам-дуккам уйлар кўриниб, қишлоқ бошланди. Отлиқлар пастак пахса деворли ҳовлилар, бодом, ёнғоқ, жилон жийда ўсган боғларни ортда қолдириб, тобора жадаллаб боришар эди. Уфқда қуёш кўтарилиб, қишлоқ кўчаларида одамлар ғимирлаб қолишди. Улар асосан камбағал ёки ўртаҳол деҳқонлар, боғбон, ҳунармандлар бўлиб, ўзларининг далалари, боғларидан чиққан ва шу кунгача асраган мева– сабзавотлари ёки кулолчилик, мисгарлик маҳсулотларини араваларга ортиб, Бухоро бозорига шошадилар.
Отлиқлар тўрт фарсах61 йўлни босиб ўтиб, чошгоҳда кимсасиз чўлга етиб келишди. Бу пайтда қуёш анча кўтарилиб, қумлоқ саҳрони қиздира бошлаган эди. Абу Али бақувват йигит бўлишига қарамасдан отда кўп юриб ўрганмаганидан чарчаб қолди. Асаф билан камонкаш навкарлар машқ ўтаган чавандозлар эди. Тетик боқишлари, чаққон ҳаракатларидан узоқ йўл машаққати заррача таъсир қилмагани кўриниб турарди. Сипоҳдорнинг буйруғи билан ҳаммалари отдан тушдилар. Абу Али атрофга синчиклаб разм солди. У бир неча марта чўлга чиқиб, гаёҳ терган. Бироқ бу ҳудуд нотаниш эди. Саҳро шамоли таъсирида тўлқинланаётган дарё сувидек тарам-тарам бўлиб товланган қизғиш қумлоқлар уфққача чўзилган. Ҳар-ҳар жойда чўл буталари, саксовуллар ўсган. Ҳали бу овлоқ маконни кўклам нафаси тарк этмабди. Сўл тарафда тупроқ ва қум аралаш ғаройиб шаклдаги тепаликлар кўзга ташланади. Саҳронинг бошланиш қисмини баҳорги яшил майсалар қоплаган.
Чўлнинг ажойиб манзарасига бефарқ Асафнинг сира қовоғи очилмади. Ҳамроҳ бўлиб шунча йўл босдилар-у, Абу Алига бирор оғиз ҳам гапирмади. Ҳар-ҳар замонда навкарларга йўғон овозда дағдаға билан буйруқ бергани эшитилиб қолади.
– Вақт танг, узоқ ором олмаймиз! – деди чўрт кесиб Асаф.
Навкарлар жонланиб қолишди. Отларидан тушиб, енгил нонушта қилиб олиш ҳаракатига киришдилар. Ёш, қорачадан келган, қирра бурун йигит эгарда ҳорғин ўтирган Абу Алининг олдига тез-тез юриб келиб, отдан тушишига ёрдамлашди. У туркий, форсий сўзларни аралаштириб гапирарди.
– Номи ман Фирдавс62.
– Беҳад хурсандам. Ман…
– Биламан, додаржон63, сиз номдор табиби ҳозиқ64 Абу Али ибн Сино!
– Ҳозиқлик даражасига етишган эмасмен, тақсир.
– Тақсир деманг, ман ба бист даромадам65.
Фирдавс Абу Алининг тўқ жийронини ўзининг оти олдига олиб бориб тушовлаб қўйди. Бўз матодан тикилган кичиккина дастурхонини ерга ёзди. Хуржундан нон, туршак олиб қўйди. Абу Али ҳам ўзи олиб келган қопчиқни очди. Ундан онаси тунда ухламай тандирда ёпган патир, қовурилган гўшт чиқарганида Фирдавснинг кўзлари яшнаб кетди. Абу Али узатган патир билан бир бўлак гўштни миннатдорчилик билдириб, истиҳола билан олди. Мешларидаги сувдан ҳўплаб-ҳўплаб саҳарлик қила бошлашди. Фирдавс қисқа қилиб ўзининг ҳаётини айтиб берди. У болалигидаёқ ота-онасидан жудо бўлиб, тоғалари қўлида қолган экан. Суяги қота бошлаганида тоғалари амир сипоҳдорлиғига66 топшириб юборишади. Шу ерда хат-саводи чиқибди. Навкарлар орасида улғайиб, мерганлик санъатини ўрганибди. Жисмонан чайир, чаққон бўлгани боисдан тез орада амир навкарларига қўшилади. Тоғалари уни унутишган, амир сарбозхонаси уйи бўлиб қолган экан.
Фирдвснинг сўзларини диққат билан тинглаган Абу Али самимий суҳбатлари асносида бу хоксор йигитга ўз акасидек меҳр қўйиб қолди. Аммо, суҳбатлари узоққа чўзилмади. Сипоҳдорнинг таниш дағдағасини эшитиб, ўринларидан турдилар-да, отларини тушовдан озод қилишди.
Ҳамма бир жойга йиғилди. Амир учун овландиган қушни қандай топишни келишиб олиш лозим эди. Чўлда аллақандай ёқимсиз шабада эса бошлади. Бу Асафга ёқмади. Кун ботиш тарафга бироз ўйчан тикилиб турди-да, дафъатан ортига ўгирилди:
– Пешин намозигача шикорни якунламоқ лозим. Табиб, сен жак қушингни таърифлаб бер-чи?
– Бу қуш кулранг туслиғ, тухумга кирмаган жўжа катталигида бўлур, – деди жиддий қилиб Абу Али.
Ҳаммалари ўша қуш кўриниб қоладигандек тиниқ осмонга тикилишди. Бироқ, фалакда бирорта парвоз қилаётган қуш кўринмасди. Асаф чўлнинг ичкарисига кириш кераклигини тушунди.
– Отлан! – деди навкарларга ўдағайлаб.
Абу Али унинг кўзларида ғазаб учқунларини кўрди. Буни умри жангу жадалларда ўтадиган сипоҳдорларнинг ҳаёт тарзига йўйди. Ўзи ҳам отига миниб олди. Асаф ниманидир мўлжаллаб атрофга аланглади. Фирдавс чўлда ҳарбий машқ ўтаганлари ва бу ҳудуд ўзларига яхши таниш эканини айтганди. Шунинг учун Асафнинг бежо қарашлари сабабини тушунолмади. Унинг кейинги буйруғи бундан ҳам ғалати эди:
– Биз саҳрога ичкари кирамиз. Сен, табиб, тепалик томонга жўна!
Абу Алигина эмас, навкарлар ҳам унинг бундай буйруғига ажабланишди. Бироқ бу ерда буйруқни сипоҳдор берар эди. Шу боисдан Абу Али Асафнинг талабига сўзсиз бўйсунди. Отини у кўрсатган тепалик томонга бурганида Асаф унинг тўқ жийронига бор кучи билан қамчи туширди. От қамчи зарбидан қалқиб кетиб, бир кишнади-да, олдинга ўқдек отилди. Абу Али Фирдавснинг ҳаяжонли қичқириғини эшитди. Аммо нима деганини англамади. Шиддат билан чопаётган отдан учиб кетмаслик учун юганга ёпишиб, олдинга эгилиб олди. Навкарлар машқида чопиб чиниққан от тобора тезлашар, Абу Али бундай ҳолатда нима қиларини билмасдан, тақдир шамолига бўйсуниб борар эди. От чопган сари қум ва тупроқдан иборат қорайиб турган тепалик кўз олдида катталашиб борди. Шу пайт олдинда бирдан даҳшатли қора чоҳ пайдо бўлди! От олдинги туёқларини кўтариб, зорли кишнаб юборди! Абу Алининг оёғи узангидан чиқиб кетди. Танаси парвоз қилаётган қушдек енгиллашиб, пўккакдек орқага отилди. Нима бўлаётганини ғира-шира англай бошлаганида силлиқ қум устида сирғалиб борарди. Томоғи қуриб қолган, на нафас олади, на бирор ҳаракат қилади. Ўлим хавфи онгини фикрлашдан тўхтатиб қўйган эди…
Абу Алининг ортидан етиб келган Фирдавс отидан туша солиб, ўзини унинг устига отди. Қуёш нурларида қизиётган қумга тиз чўкиб, Абу Алининг бошини тиззасига олди.
– Табиби ҳозиқ! Табиби ҳозиқ! – Фирдавс тинмай ҳансирарди. – Чашм кушодан67, – зорли пичирлади у.
Абу Али бироз ҳушига келиб, кўзини очди. Ранги пахтадек оқариб кетган, тили калимага келмас, бирор оғиз сўз айтишга ҳам мажоли йўқ. Хаёлида “бир қултумгина сув бўлсайди”, деган ўй хонада қамалиб қолган қалдирғочдек чарх уради. Фирдавс унинг юзига тикилиб турди-да, бошини оҳиста қумга қўйди. Сакраб ўрнидан турди. Бу даҳшатли воқеа таъсирида бутун танаси қаҳратон совуқда қолган кишидек қалтирарди. Отининг олдига бориб, мешидан мис товоқчага сув қуйиб келди. Товоқчани Абу Алининг лабига тутди. Унинг қақроқ лабларига муздек сув текканда дунёнинг бор лаззати шу томчиларда мужассам бўлгандек туюлди. Бир неча қултум сув ичиб, бироз ўзига келди. Фирдавс сувнинг қолганини кафтига олиб, ёш боладек қилиб юзини ювди. Шундан кейин қўлтиғидан олиб, ўтириб олишига ёрдамлашди.
Кўклам қуёши саҳрони қиздира бошлаганди. Бир ерда узоқ туриб бўлмайди. Ё бошингдан офтоб уради, ё оёғинг куяди. Абу Али Фирдавснинг ёрдамида бир амаллаб ўрнидан турди. Қўл-оёқларини қимирлатиб кўрди. Ҳаммаси жойида. Суяклари бутун, бирор жойи қаттиқ лат емаган. Ортига қараб капалаги учди. Отдан йиқилганида силлиқ қум устидан қияликка ўн газ68 чамаси судралиб борган экан. Атрофга аланглаб, отини қидирди. Тўриқ бедов кўринмади. Ўзининг отини юганидан тутиб турган Фирдавсга қаради. У чуқур жарликка ишора қилди. Юганни ташлаб, Абу Алини қўлтиғидан олди-да, чўл буталари ўсиб ётган чуқур жар бўйига етаклаб келди. Жарликнинг ўнқир-чўнқир тубида у минган жийрон бўйни беўхшов қайрилиб, жонсиз ётарди.
Фирдавс Абу Алини ўзининг отига миндирди. Шундан сўнг отни келган томонларига етаклаб кета бошлади. Абу Али бўлиб ўтган воқеалар таъсирида хомуш бўлиб қолди. Фирдавс ҳам бошини эгиб олган, бир сўз демасдан оёғини судраб одимлайди. Унинг ботинидаги хавотирни Абу Али ҳали билмасди. Бироз юришгач, узоқдан шерикларининг қораси кўринди.
Асаф ва унинг ёнида икки навкар турган жойга етиб келганларида Абу Али анча тетиклашиб қолганди. Отига миниб олган Асаф дарғазаб эди. Ҳе йўқ, бе йўқ, Фирдавсни сўка кетди:
– Ит эмган! Нечук рухсатсиз бунинг ортидан от солдинг?!
Фирдавс бошини эгганича сипоҳдорнинг жазосини кутиб жим турди.
– У мени қутқарди! – деди Абу Али феъли чатоқ сипоҳдорнинг қилиғидан ажабланиб.
Асаф гапни тушунадиган аҳволда эмасди. Томирлари бўртиб, қизарган бўйнини чўзиб, бор овозда унга ҳам ўшқира кетди:
– Сен, табиб! Отни бошқаролмай гумдон қилдинг! Энди товушингни ўчир!
У отини Фирдавс томонга ниқтади. Гуноҳкорона бош эгиб турган Фирдавснинг юз-кўзи аралаш аямай қамчи туширди. Дарғазаб Асаф иккинчи бор қўлини кўтарганида ночор қолган йигит қамчи зарбидан беихтиёр ўзини олиб қочди. Оёғи чалишиб, чалқанчасига қумга йиқилди. Унинг “Модаржо-он!” деган зорли овози Абу Алини ҳушёр торттирди. Қум устида типирчилаб ётган Фирдавснинг билаги остидан сирғалиб чиқаётган катта чипор илонга кўзи тушди. У йиқилганида қўли қумда ўрмалаб кетаётган илоннинг белига зарб билан урилган, илон жон аччиғида билагидан чаққан эди.
Абу Али чўл илонларининг заҳари ниҳоятда ўткирлигини яхши биларди. Бундай илон чаққан одам камдан-кам ҳолда омон қолади.
Илонга кўзи тушган Асаф отини четга олди. Қолган икки навкар ҳам даҳшатга тушиб, нари қочишди. Абу Али жар ёқасида йиқилганида бошланган оғриқларини бир зумда унутди. Отидан чаққон сакраб тушди-да, Фирдавснинг олдига келди. Илон аллақачон кўздан йўқолганди. Фирдавснинг юзи оғриқ азобидан тиришиб кетган, бутун бадани титроқда, хириллаб ётибди. Абу Али унинг олдига чўккалаб ўтириб олди. Дарҳол билагига кўз ташлади. Илоннинг тиши чуқур кирган, қизарган доғ устида бир томчи қон қотиб қолганди. Ўйланиб ўтирмасдан бошини эгди-да, жон-жаҳди билан ўша доғли нуқтани сўра бошлади. Сўнгра четга туфлаб ташлади. Ўрнидан турганида нарироқдаги Асаф билан икки навкарга кўзи тушди. Уларга эътибор бермади. Дарҳол кўкатлар тўп бўлиб ўсган жойга югуриб борди. Уч-тўрт бош гиёҳ юлиб келди. Уларни эзиб, жароҳатга босди. Доим елкасидан ташламайдиган халтасидан оппоқ тугунчани олди. Тугунчани ечиб, ундан ёш боланинг муштидек жажжи кўзача олди. Бу пайтда икки навкар ҳам чалажон ётган Фирдавснинг бошига келиб олишган эди. Абу Али кўзачани ушлаб туриши учун бўйи дароз навкарга узатди. У нима қиларини билмай, кўзачанинг қопқоғини очишга урина бошлади. Қопқоқ кавшарлангандек қотиб қолганди. Бу пайтда Абу Али Фирдавснинг отидаги мешдан мис товоқчада сув олиб келди. Навкарнинг қўлидаги кўзачани қўлига олиб, қопқоғининг устидан сув қуйди. Енгил буғ кўтарилиб, қопқоқ очилди. Абу Али ундаги доруи обакийни69 Фирдавснинг оғзига томиза бошлади.
– Бу не? – уларнинг тепасига келиб олган Асафнинг қўпол овози эшитилди.
– Подзаҳр70. – Абу Али унга эътибор бермасдан, муолажани давом эттираверди.
Табибнинг сурбетлиги отдан тушмай ғўдайиб турган Асафнинг ғашини келтирди.
– Бола-чақаси ҳам, йиғлагучиси ҳам йўқдур, ўлса ўлар, – деди тўнғиллаб. – Айбига лойиқ жазо.
Унинг бу қадар бешафқатлиги ва ярамас феъли Абу Алига алам қилди.
– Бу ҳам инсон-ку! – сипоҳдорга ўқрайиб бир қараб қўйди.
– Бул “инсон”ни амиримизнинг саломатлиғидан устун қўюрмисен?
– Мен ундай демадим. Бироқ, бул йигит ҳам амиримизнинг навкарларидур. Шундай эмасму, жаноби сипоҳдор?
Асаф бу нозик саволга жавоб тополмасдан, нари кетди. Бироз фурсат ўтиб, яна унинг шанғиллаган овози эшитилди:
– Сен, табиб, бунинг жони узулғунга қадар калимаи шаҳодатни айтиб ўлтир. Биз амиримизнинг саломатлиғи учун сайд шикориға борурмиз.
Шундай деб уч отлиқ уфққа туташган саҳро қўйнига от солиб кетишди.
Фирдавснинг аҳволи тобора оғирлашарди. Энди алаҳсираб, инграй бошлади. Абу Али подзаҳрни вақтида бергани учун унинг тирик қолишига ишонарди. Бироқ, мор заҳри миқдорининг кўп бўлиши мумкинлигидан хавотирда. Кун забтига олиб, қиздирмоқда. Яйдоқ чўлда атрофга аланглаб, қулайроқ жой излади. Нарироқда сийрак япроқли саксовулга кўзи тушди. Фирдавсни судраб, саксовул соясига олиб келди.
– Мен ўламан, – деди Фирдавс қўрқувдан катта-катта очилган кўзларини Абу Алига қадаб.
– Йўқ, ўлмайсиз! Мен ёнингизда эканман, ўлмайсиз! Подзаҳр таъсир қилмоқда, оғриққа бардош берсангиз бас.
Фирдавс бу гапни эшитиб, анча тинчланди. Ҳатто миннатдорлик билан тикилиб, жилмаймоқчи бўлди. Аммо оғриқдан юзи тиришиб, оҳ уриб юборди. Абу Али унинг билагини ушлади. Фирдавснинг юраги бежо урарди. Нафас олиши ҳам қийинлаша бошлади. Чаққон ҳаракат билан халтасидан кулча қилинган маъжун олди. Маъжунни оз-оздан синдириб, сув билан ичирди. Бироз муддат ўтиб, ҳолдан тойиб қолган Фирдавснинг юрак уриши маромига туша бошлади. Шундан кейин қайта-қайта сув ичишга ундади.
Қуёш тиккага келганда шикорга кетган отлиқлар терлаб-пишиб саҳро қўйнидан чиқиб келишди. Улар ниҳоятда ҳолдан тойган бўлсалар-да, ўзларини мардонавор тутишар, вазифаларини адо этиб қайтганларидан масрур эдилар. Ҳар бирларининг эгарларида тўрт-бештадан турли катталикдаги жонсиз қушлар бор. Асаф қушларни Абу Алининг олдига ташлашни буюрди.
– Амиримизга лозим бўлғон қушни топ! – деди кеккайиб.
Абу Али саксовул соясидан чиқиб, иккита қушни ажратиб олди. Асаф ўзининг ғолиблигидан мамнун жилмайиб қўйди. Бўшашиб, ҳуш-беҳуш бўлиб ётган Фирдавсга қайрилиб ҳам қарамади. Навкарлар қушларни саксовул соясига кўмиб кетилган муз солинган халталарга жойлаб, жун кигизга ўраб олишди.
Чўлдан қайтиш анча оғир кечди. Фирдавсни навкарлардан бири отига мингаштирди. Уни отлиқнинг бели, кўкраги аралаш қайишлар билан маҳкам боғлаб ташлашди. Отларни секинроқ йўрттиришга тўғри келди. Абу Али Фирдавснинг отини миниб қайтди.
Тўрт отлиқ чўлга туташган биринчи қишлоққа кириб келганида Асаф ўзига таниш оқсоқолнинг уйига бурилди. Амирлик навкарларини ҳашамдор дарвоза олдида қишлоқ оқсоқолининг ўзи кутиб олди. Бу эллик ёшлардаги, соқолига оқ оралаган, норғул гавдали киши эди. Асаф у билан отдан тушмай бир-икки оғиз гаплашди-да, Фирдавснинг қурол-яроғини ечиб олиб, уйга олиб киришларини буюрди. Оқсоқолга уни зудлик билан аробада қалъага етказишни буюрди.
* * *
Шикорга кетган отлиқлар аср намози пайтида Бухоро Аркига кириб келишди. Пешиндан кейинги иссиқда узоқ йўл юрган Абу Али қаттиқ чарчаган эди. Чўлда содир бўлган нохуш воқеалар таъсирида руҳи тушган, бунинг устига, Фирдавснинг тақдири ҳақида қайғуриб безовталанарди. Шунга қарамасдан, ўзини қўлга олиб, амир ҳузурига шошди.
Амирнинг хосхонасидаги кат ёнбошига нақшинкор миз71 қўйилган. Мизга ёзилган қирмизи шоҳи дастурхон шоҳона ноз-неъматлар билан безатилибди. Абу Али кеча кўрган ёқимтой йигитча ҳам шу ерда. У Нуҳ ибн Мансурга лола гулли хитойи пиёлада мева шарбати қуйиб узатар эди. Катдаги юмшоқ ўринда чордона қурган амир ёш табибни очиқ чеҳра билан қаршилади.
– Келдингизми, табиб, боракалло, – деди салмоқлаб. – Оллоҳнинг иноятин қаранг, биз истифода этган маъжун гармхўйлуқдин72 фориғ этди.
Амир гиламга тўшалган кўрпачага ишора қилди. Абу Али кўрпачага тиз чўкиб ўтирди. Одоб билан қўлларини қовуштирди.
– Амирим, ҳар кунги саҳар ва шомда бир донадан маъжун истеъмол қилсангиз дард мутлоқ чекингай.
– Иншаоллоҳ.
– Лутфу карамингиз ила ташкил этилган шикордин қайтдик. Бир жуфт сайд қалъа таомхонасиға топширилди.
– Боракалло!
– Жак қушининг шўрпоси амир ҳазратларига қувват баҳш этгай.
– Шундай денг…
Иситмадан фориғ бўлиб, анча тетиклашиб қолган амирнинг ўткир нигоҳи Абу Алига қадалди:
– Чеҳрангизда безовталиқ?
Абу Али хаста кишиларнинг сершубҳа бўлишларини билар эди. Ўзига ишонч билдирган амирнинг саволи ҳушёр торттирди. Саҳрода бўлган кўнгилсизликларни қандай баён қилишни билмай бир лаҳза қийналди. Амирдан ҳақиқатни яширмоқнинг имкони йўқлигини тушунарди. Ўзининг жарликка қулашига бир баҳя қолгани тафсилотини ташлаб ўтиб, ёш навкарни бехосдан заҳарли илон чаққани, унинг саломатлигидан безовталигини мухтасар баён қилди.
– Ул навкаримиз тирикми? – амир ажабланди.
– Шундай, амирим. Унга дарҳол подзаҳр бердим. Ул йигит ҳозир қалъа табибхонасида. Аммо табиблар, энди навкарлиқ кориға ярамас, демоқдалар.
– Қайғурманг, жон таслим қилса кўмурлар, тирик қолса сипоҳиликдин озод қилинур.
– Амирим, шул йигитни муолажа қилмоққа ижозат берсангиз?
Нуҳ ибн Мансурдан илтимос қилишга бирор кимсанинг ҳадди сиғмас эди. Шундай ҳолларда унинг ғазабига дучор бўлиб, қўйдек бўғизлаб қатл қилинганлар бўлган. Бундай воқеаларни унинг атрофидагилар мудом ёдларида сақлашади. Абу Али ниҳояти Фирдавсга ачинганидан қалтис қадам қўйди-ю, амирнинг ҳукмини кутиб, кўзини ерга тикди. Ажабки, қаҳри бутун Бухорони зир титратган амир бу гапга эътиборсиз кулиб қўя қолди:
– Баски, ул навкарлиқ кориға ярамас эркан, табибға тажриба бўлмоғи афзал. Хастани олиб кетмоғингизга ижозат.
Амирнинг бу гапи Абу Алини беҳад қувонтириб юборди. Фирдавснинг озод этилиши яшаб қолмоғи учун ягона йўл эканини биларди. Унинг ҳаёти ҳамон хавф остида. Муолажа давом эттирилмаса ҳар дақиқада ўлим юз бериши мумкин. Шу боис амир ҳузуридан чиқибоқ дарҳол қалъа табибхонасига кирди. Бу ердаги ёш-қари табиблар Абу Алининг амирни даволашга киришганини билишар эди. Нуҳ ибн Мансур унга мойиллик билдиргани хабари ҳам қалъага чақмоқдек лаҳзада тарқалган. Ғайирлар ғайирлигини ичига ютиб, кўзга кўринмай қолишди. Мардлари эҳтиром кўрсатишди.
Дорушшифода Абу Алини Суҳроб исмли табиб қўлини кўксига қўйиб кутиб олди. Абу Али бухоролик бу ёш, истеъдодли табибни танирди. Бир неча бор учрашиб, суҳбат қурган. Шу боисдан феъли тор бош табиб Ғайс ибн Ваққос эмас, Суҳроб кутиб олганидан мамнун бўлди. Суҳроб йигирма беш ёшлардаги, чеҳраси очиқ, кўнгилчан йигит эди. У Абу Алини дарҳол ним қоронғи, тор, заҳкаш бир хонага бошлаб кирди.
– Бош табиб хастани ушбу ҳужрага қўймоқни буюрдилар, – деди хижолат бўлиб.
Фирдавс бўйра устига тўшалган кир кўрпачада кўзини юмиб ётарди. Абу Али чўк тушиб, унинг билагига бармоқларини босди, пешонасини ушлади.
– Афюн73 бердингизми? – тик турган Суҳробга қаради.
– Ҳа, у оғриқдан азобланаётган эди.
– Амир ҳазратларининг рухсатларига биноан хастани олиб кетурмен.
– Мен ҳозир!
Суҳроб чаққон ўрнидан туриб, чиқиб кетди.
“Қимирламай ётгани яхши бўлган, – ўйлади Абу Али. – Дорушшифодаги табиблар уни кўлвор илон чаққанини билдиларми ё йўқ? Қиш бўйи ётиб уйғонган кўлворнинг заҳри ёмон. Дудама тишлари билакка чуқур кирган эди. Заҳар миқдори оз эмас. Буни табиблар фаҳмлашган. Шу боисдан, у энди навкарликка ярамайди, дея хулоса чиқарганлар. Тирик қолмоғи гумонлигин ҳам билганлар. Заҳарнинг қонга таъсири кўп. Бечоранинг юраги дош берурми? Афюн ҳам унинг юрагига бежо таъсир қилмоғи аниқ. Зудлик билан олиб кетмоқ даркор. Юрак безовта урмоқда”.
Ҳужрага Суҳроб табиб кирди:
– Ҳозир аробада уйингизга олиб борурлар. Бош табиб шундай буюрдилар. – У чўк тушиб, лаблари кўкариб кетган Фирдавснинг билагини ушлади. – Юрак бежо урадур. Тирик қолмоғи гумон.
Суҳроб “Шундай аҳволда ҳам олиб кетасизми?” деган маънода қаради.
– Амир ҳазратларининг фармонларини бажарурмен, – деди Абу Али ва халтасидан суюқ дори олиб, Фирдавснинг лабларига томиза бошлади.
Хонага одам бўйи узунлигидаги ёғоч замбил кўтарган икки бақувват навкар кирди…
Улар чалажон Фирдавсни Бухоронинг тор кўчаларидан аробада олиб кетаётганларида шом бўлган эди.
Абу Али Фирдавсни ташқари ҳовлиларидаги ўзи истиқомат қилаётган меҳмонхонага ётқизди. Чўлда бўлган воқеаларни отасига қисқа қилиб айтиб берди. Абдуллоҳ ибн Ҳасан Фирдавснинг аҳволини кўриб, ўғлининг бу ишидан норози бўлди-ю, индамади. У қалъанинг бош табиби Ғайс ибн Ваққосни яхши билгани учун Абу Алига қарши бирор фитна бошлашидан чўчир эди.
Бироз вақт ўтиб, афюннинг кучи кетди. Фирдавс ҳушига келди-ю, яна бутун бадани қалтирай бошлади. У билагидаги қаттиқ оғриқ ва иситма азобидан зорланарди. “Табиби ҳозиқ”дан ёрдам беришини ўтиниб сўрай туриб йиғлаб юборди. Абу Али кўлвор илон чаққан кимсани илк бор даволаши эди. Ўлим кўланкаси соя солганда инсоннинг нақадар ночор аҳволга тушишини кўриб қаттиқ таъсирланди. Зудлик билан иситмага қарши ва оғриқни қолдирувчи дорилар тайёрлашга киришди. Бирин-кетин доруи хока, доруи обакий ичирди. Фирдавс бироз тинчланди. Бироқ, ҳамон кўнгли айниб, юраги бежо урар, қувватдан кетиб бораётгани очиқ-ойдин кўриниб турарди. Абу Али шундай пайтда тажрибали табиб ал-Қумрий ёнида бўлиши кераклигини тушунди. Бу муаммони отасига айтди.
– Отажон, биламен, сизни анчайин қийнаб қўйдим, – деди хижолат бўлиб. – Хастанинг аҳволи яхши эмас, – у оғриқдан инграб ётган Фирдавсга ишора қилиди. – Уни ташлаб кетолмасмен. Устозим ал-Қумрий ҳазратларини олиб келмоқ лозим. Кўмагингизга муҳтожмен.
– Тунда кекса табибни безовта қилмоқ қандай бўлур?– деди отаси иккиланиб.
Абдуллоҳ ибн Ҳасан хижолатда эди. Бироқ, ўғли жон чиқар бўлиб ётган хаста учун қайғураётир. Унинг аҳволини ҳам тушунса бўлади. Бул бечорани уйга олиб келган экан, хастанинг тақдирига жавобгар. Ҳеч бўлмаганда, Ғайс ибн Ваққосдек кимсалар олдида ўғлининг юзи ёруғ бўлмоғи даркор. Абдуллоҳ шундай ўйда ал-Қумрийнинг маҳалла четидаги уйига жўнаб кетди.
* * *
Абу Али чорбоққа қараган деразага термилиб ўтирибди. Кеча ойдин. Отасининг бироз букчайган гавдаси қоронғилик қўйнига сингиб бораётганини кузатиб турди. Шаҳар иморатларининг ғира-шира кўз илғайдиган турфа шаклдаги томлари сирли эртакларни эслатади. Бухоро ором оғушида мудрайди. Биргина табиб хонадонидаги меҳмонхонада бедорлик фариштаси ҳукмрон. Шифтга осилган қимматбаҳо қандилдаги шамлар ёқиб қўйилган. Абу Али бунга ҳам қаноат қилмай, миз устидаги Бағдоддан келтирилган мойчироқни ёқди. Чироқни қўлида тутиб, қават-қават шоҳи кўрпачаларда ҳуш-беҳуш бўлиб ётган Фирдавснинг ёнига тиз чўкди. Унинг юзига тикилиб, ўзигина тушунадиган аломатларни излади. Яна бироз билагини ушлаб ўтирди-да, ўрнидан турди. Токчадан катта ва қалин китобни олиб варақлай бошлади. Бу ал-Қумрийнинг “Китоб ат-танвир фи-л истилоҳот ат-тиббия”74 асари эди. Имлоларнинг жимжимадор шаклларига кўз югуртирар экан, хаёли беихтиёр чўлдаги воқеаларга кўчди: “Сипоҳдор Асаф унинг отига зарб билан қамчи урди! Не сабабдан шундай қилди?” Бу унга ғалати туюла бошлади. Бийдек саҳрода ўзига ўлим соя солган лаҳзаларни бир-бир эсга олди: “Ўша пайт Фирдавс нимагадир қичқириб юборди. Не деганини англаб бўлмади. Унинг овозида қўрқув бор эди… Қамчи зарбидан елдек учиб бораётган от жарликка қулади. Даҳшат ичида жарликка кўз ташлади-ю, танасининг оғирлигини ҳис қилмай қўйди. У от устидан орқага учиб кетди. Ортидан Фирдавс от чоптириб келаётган экан. Не сабабдан? Олдинда йироқдан кўринмайдиган жарлик борлигин билган экан-да! Бирга қайтганларида Асаф уни жазолади. Нечун? Жарлик борлигин у ҳам билган!” Баъзан Асафнинг хатти-ҳаракати моҳиятини тушунгандек бўлар ва яна шубҳали ўйлар гирдобида қийналарди.
Абу Али илондан чўчимас эди. Ўзи неча бор кўлвор, чарх, капча илонларни тутган. Бу илонларнинг сарғиш, яшил тусдаги ҳидсиз, шаффоф заҳарларини ҳам олган. Баҳорда илон заҳарга тўлган бўлишини яхши билади. Шу боисдан чўл сафари давомида акасидек бўлиб қолган Фирдавснинг тақдиридан безовта. У ўлим билан олишиб ётибди. Ҳозир уни шундай аҳволда ёлғиз қолдирмоқ хавфли. Ноилож ал-Қумрийни олиб келишни отасидан илтимос қилди.
Илиқ баҳор туни сокин. Даричадан юлдузли осмон кўринади. Оламнинг бу ҳордиқ онларида хонадаги икки жон безовта. Улардан бири – танидаги беҳад оғриқдан азобланаётган ёш навкар. Иккинчиси эса унинг дардига даво излаётган ёш табиб.
Меҳмонхона эшиги очилиб, ал-Қумрий, унинг ортидан Абдуллоҳ ибн Ҳасан кирдилар. Ҳар доимгидек ал-Қумрийнинг юзидан нур ёғилиб турарди. Йирмочи ёқали кўйлак устидан енгил нофармон авра чопон кийган. Бўйнига ташлаб олган кумушранг тайласон75 кекса табибнинг бўй-бастига алоҳида улуғворлик бағишлайди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?