Электронная библиотека » РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ » » онлайн чтение - страница 4


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 11:00


Автор книги: РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 18 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Ал-Қумрий дарахт новдаларидек ўнг ва чапга тарвақайлаган тор кўчаларга бурилмай анча юрди. Ниҳоят, катта кўчанинг ўнг тарафидаги ислими нақшлар ўйиб ишланган катта дарвоза рўпарасида тўхтади. Уй олди бодомзор боғча. Ўртада бир йўлак. Йўлакдан ўтиб бориб, дарвозани очди ва ҳеч иккиланмай ичкарига кирди. Бу хонадонда амир саройи мулозими Абдуллоҳ завжаси Ситорабону, ўғиллари Ҳусайн ҳамда Маҳмудлар билан истиқомат қилишар эди. Дарвозахона – долоннинг қарши ва ўнг томонларида кичик эшиклар бор. У тўғрига юриб, қаршидаги эшикни оҳиста қоқди. Бироз ўтиб қадам товушлари эшитилди. Эшик очилиб, ичкари ҳовлидан уй соҳиби чиқди. Ёши улуғ бўлсада, қомати тик, қорачадан келган Абдуллоҳ енгил авра чопонда эди.

– Хуш келибсиз, тақсирим, – деди қадрдони ал-Қумрийни кўриб. – Бугун хизматдан эрта қайтиб, зерикаётган эдим. Қандай соз бўлди, кўнглимни равшан этдингиз!

Улар етаклашиб, долоннинг ўнг тарафидаги иккинчи бир эшикдан ташқари ҳовлига кирдилар. Ҳовли саҳни батартиб, тозалаб супурилган. Кунгайга қаратиб солинган иморатларнинг рўпарасидаги бодомзор ҳовлига кўрк бериб турибди. Меҳмонхонанинг эшиги очиб қўйилган экан.

– Шогирдингиз ҳам шу ерда чамаси, куну тун мутолаа билан машғул, – Абдуллоҳ ибн Ҳасан ичкарига ишора қилди. – Беадад хонанишин йигит бўлди. Бу қадар узлатга31 берилмоғидан безовтамен. Ул тенги йигитларнинг бошлари бир ерга қовушади, базму жамшидга ўчдирлар. Бу эса…

– Сира безовта бўлманг, – меҳмонхона томонга юраётган ал-Қумрий тўхтаб, унинг елкасига қўлини қўйди. – Ҳусайннинг ўз йўли бор, бу илму урфон йўлидур.

– Шундай, тақсир.

– Мен шошилинч тадбир билан келдим. Ичкари кирайлик, Ҳусайннинг шу ерда экани айни муддао.

Абдуллоҳ ибн Ҳасан билан ал-Қумрий меҳмонхонага киришди. Бу катта хона Хоразм гиламлари билан безатилган. Тўрдаги мовий сандиқларга шоҳи, барқут кўрпа-ёстиқлар тахланган. Ҳовли томонда икки дарича, қарама-қарши тарафда яна бир дарича бор. Бу даричалар иссиқ ёз ойларида елвизак билан хонани салқинлатиш учун бир-бирларига қарама-қарши қилиб жойлаштирилган.

Ҳусайн мутолаага қаттиқ берилганидан уларнинг кирганларини сезмади. Отаси томоғини қирганидан сўнг эшик томонга қаради-ю, сапчиб ўрнидан турди. Ал-Қумрий бўйчан, чўзиқ юз, отаси сингари қорача, лабларини қимтиб олган, нигоҳидан заковат ёғилиб турган шогирдига ҳавас билан тикилди. Унинг шу ҳолати икки томондаги даричалардан тушаётган ёруғлик кесимида сирли ва жозибали эди. Ҳусайн қўлини қовуштириб, отаси билан устозига таъзим билан салом берди. Шундан сўнг алвон ранг шоҳи кўрпачаларга ўтирдилар. Ал-Қумрий ихчам дуо ўқиб, қўлини юзига тортди.

– Ўғлим, устозингни меҳмон қиламизми? – Абдуллоҳ ўйга чўмиб ўтирган ўғлига мурожаат қилди. Шундан сўнг жилмайиб ал-Қумрийга қаради. – Айтдим-ку, шогирдингиз хонанишинлиги баробаринда феъли ҳам ғалат бўлиб бормоқда. Фикр-хаёлида китоблару гиёҳлар.

Ҳусайн хижолат бўлиб ўрнидан тураётганида ал-Қумрий ишора билан тўхтатди.

– Қадрдоним Абдуллоҳ, ҳозир амир суҳбатида бўлиб келаётирмен. Ҳусайн билан ул зоти олийнинг ҳузурларига шошилинч бормоғимиз лозим.

Бу гапни эшитиб, Арк қалъасидаги шарт-шароитларни, амирнинг қалтис феълини яхши билган Абдуллоҳнинг ранги ўчди. Не деярини билмасдан бир муддат каловланди.

– Нечун?! Не сабабдан?! – базўр тилга кирди у.

Абдуллоҳ кўп йиллардан буён қалъа хизматида эди. Амирнинг қаҳрига дуч келганларнинг забун ҳолини кўп кўрди. Шу дамда ўғлидан айрилиб қолаётгандек титроққа тушди. Ал-Қумрий унинг аҳволига қараб хижолат бўлди.

– Хавотирга ўрин йўқ, – деди. – Мен шошиб сизни чўчитиб қўйдим.

Шундан сўнг амир ҳузурида бўлган суҳбатни оқизмай-томизмай айтиб берди.

– Эҳтиёт – нисфи ҳаёт32, – Абдуллоҳ бироз бўшашди.

– Ҳа, барчамизни Худо асрагай. Менинг лисоним фалакдин ёғилгандек бўлди. Узримни қабул айланг. Амир қабулидан сўнг Ҳусайнни фариштали хонадонингизга ўзим олиб келгаймен. Оллоҳ ёр бўлиб, зора амир дардига шифо топса.

Шу пайтгача отаси билан устозини жим тинглаб ўтирган Ҳусайн бирдан безовталаниб қолди. Унинг ботинидан ўтган гаплар биргина ўзига аён эди. Босиқ феълли, одатда камгап бўлган йигит тўлиб-тошиб сўзлай бошлади:

– Ота, устоз! – у ҳаяжонланиб бир отасига, бир ал-Қумрийга қаради. – Амирнинг ҳузурига борурмен! Бул хусусда бисёр ўйлаб кўрганмен. Устоз аввал ҳам давлатпаноҳнинг хасталиклари борасида сўзлаб берганлар. Шундан буён ташхис излаймен. Бироқ, хастани кўрмай ташхис қўймоқнинг иложи йўқ. Аросатда эдим. Бул имконият менинг учун рағбатдин ўзга бир нарса эмас!

Шогирдининг ҳис-ҳаяжонга тўла сўзлари ал-Қумрийни шошириб қўйди:

– Ҳусайн, айт-чи, – у кимдир гапларини эшитаётгандек овозини пасайтирди, – амир хасталиги борасида хулосанг недур?

– Хасталик ҳолатларининг юз бериши бир текис – кўпаймайди ҳам, пасаймайди ҳам деган эдингиз.

– Ёдимда.

– Шунинг ўзи ҳам муолажа натижасига умид уйғотади.

– Балли!

– Аниқ хулосаларни далилларга асосланиб чиқармоқ лозим.

– Тасанно!

Ҳусайн устозининг мақтовига бефарқ қолди. Фикру ёди Нуҳ ибн Мансурнинг хасталиги хусусидаги ўй-хаёллар билан қаттиқ бандлиги юз-кўзидаги таранг ифодалардан сезилиб турарди. Устоз-шогирднинг суҳбатларини эшитиб отаси бироз енгил тортди. Амирнинг ёш табибга озор етказмаслик борасидаги ваъдаси изтиробга тўлган кўнглига бироз далда бўлди.

Ал-Қумрий амирнинг топшириғини бажармоқ учун шошар эди. Фотиҳа ўқиб, ўрнидан турди. Ота-бола унга эргашдилар. Учовлон нимқоронғи долондан ўтиб, кўчага чиқишди. Ал-Қумрий яна бир бор Абдуллоҳга хотиржам бўлишини тайинлади…

Енгил баҳор еллари эсарди. Йўлак четидаги яшил баргли бодом новдалари шабадада силкинади. Кексая бошлаган Абдуллоҳ ўғлини, унинг устозини ортларидан кузатар экан, пичирлади: “Оллоҳим, ўғлимни, унинг некбин устозини ўз паноҳингда асрагил. Биз бандаларингни беадад мурувватингдан бенасиб этма”. Тортилиб турган бодом шохи беихтиёр қўлидан чиқиб кетди… Амирлик тасарруфидаги қишлоқларда бўлиб қайтгани ва молиявий ҳисобот тайёрлаши лозимлигини эслади. Юрагида эса ўғлининг амир ҳузурига кетганини завжаси Ситорабонуга қандай етказиш ташвиши бор эди. Ал-Қумрийнинг Ҳусайнни ўз фарзандидек кўришига ишонади. Бироқ, бу ўй ҳам таскин бермади. Кўнглидаги хавотир тарқамади. Ҳусайндан беш ёш кичик, айни пайтда ичкари ҳовлида, онасининг ёнида бўлган ўғли Маҳмуд кўз олдига келди. Бу оламда мана шу икки фарзандидан ўзга кими бор? Қариндошлари ҳам йироқ-йироқларда, болалиги, ёшлигида қолиб кетган. Балхда… Юрагидаги жарлик ёқасига келиб қолган кимсаникидек сесканиш тарқамаётир… Тош кўчадан кетаётган ўғли ва биродари ортидан улар кўздан йўқолгунча ўйчан термулиб турди. Йўлдан елкасига хуржун ташлаб олган девона ўтди. Кулоҳ кийган бундай гадолар Балхда ҳам кўп эди. Иттифоқо хаёлида ўзи туғилиб-ўсган Балх шаҳрининг кўҳна саройлари жонланди. Болалигида бу саройлар ҳам Бухоро Арки сингари сирли ва ваҳимали кўринган…

* * *

Тунд осмонда булутлар ҳамон қуюқлашиб бормоқда. Ёмғир бир-икки чак-чак этиб томчилади-ю, тиниб қолди. Устоз ва шогирд гоҳ суҳбатлашиб, гоҳида жим юриб боришарди. Бири кекса, бири ёш бу икки табибнинг хаёлини олдинда ўзларини кутаётган воқеалар банд қилган.

– Устоз, амирнинг юраги қувватсиз экани аниқ, – деди Ҳусайн.

– Хасталик хуруж қилганда шундай бўлмоғи тайин.

– Юракнинг бир бўшлиғида Тангри томонидан руҳга ўрин берилган. Бу руҳ барча нафсоний қувватларни бошқаргай33.

Ал-Қумрий шогирдига ажабланиб қаради. Кекса олим шу пайтгача бундай дадил фикрни ҳеч кимдан эшитмаган эди.

– Ҳусайн, бул мунозаралиғ масала, – деди.

– Фикрламоқ лозим, – Ҳусайн ўйланиб қолди. – Амирнинг хасталиги сабабини ҳам шул жумбоқдан изламоқ жоиздур?

Ал-Қумрий унинг бу гапидан янада ҳайратланди. “Ё Оллоҳ! – ўйлар эди у. – Бул навжувонга Эгамнинг назари тушган! Унинг фикратида маҳдудлик34 йўқдир. Ўйининг меҳробларида35 яна нелар борлиғин мен, аллома табиб ҳам билмаётирмен”.

Бу пайтда улар бозор рўпарасидан ўтаётган эдилар. Ҳунармандлар дўконлари қаршисида деҳқоннамо кийинган йигитлар издиҳоми тўпланган. Улар шошиб бораётган икки кимсага ажабланиб қарашди.

– Гиёҳлар билан сўзлашадургон табиб-ку! – деди кимдир баланд овозда.

– Сарой томон бараётирлар!

– Наҳотки?!

– Шундайга ўхшайди…

Ал-Қумрий билан Ҳусайн бу гапларни эшитмас эдилар ёки эшитсалар ҳам эътибор бермадилар. Айни пайтда уларни на атрофдаги одамлар, на яна чак-чак тома бошлаган ёмғир тахайюлларидан чалғита олмади. Ботинларида уммон тўлқинларидек жўш ураётган туғён фақат ўзларига аён. Ал-Қумрий ҳукмдор ҳузурида бўлажак воқеалар, фарзона шогирдининг тақдири қайғусида. Ҳусайн эса сарбаланд табибларнинг китобларида ўқиганларини бир-бир хотирлаб, ўзини масъулиятли синовга ҳозирлайди.

Регистон майдонидан ўтиб, “Дари регистон” дарвозасига келганларида қўнғир булутлар қоплаган осмонда чақмоқ чақди. Бирдан шаррос ёмғир қуйиб юборди. Улар ўзларини нақшинкор гумбаз остига олишга базўр улгурдилар.

Маҳобатли дарвозани уч нафар бақувват, мўйловдор навкарлар қўриқлашар эди. Баланд бўйли, девқомат бири қоқ ўртада туриб олган. Унинг бошида дубулға, кўксини қоплаган кумуш совут, белидаги қини шарқона нақшлар билан безалган қилич, ўнг қўлидаги тош терилган ерга тираб олган найзаси кишида ваҳима уйғотади. У ал-Қумрийни танир эди. Кекса табибнинг қаватидаги озғин, қотма навжувонга ажабсиниб кўз қирини ташлади. Ал-Қумрий унинг олдига бориб, амир талаб қилган табиб шу йигит эканини айтди. Соқчи у табиб деб таништирган йигитчанинг жуссасига қараб янаям кўпроқ ҳайратланди. Бироқ ўша заҳоти ёнидаги шеригига ишора қилди. У сипоҳиларга хос шиддат билан ортига бурилиб, ичкарига кириб кетди. Ҳусайннинг қалъага илк бор келиши эди. Бу ажиб вазиятни қизиқувчанлик билан кузатиб турди.

Озгина фурсат ўтиб, дарвоза ёнбошидаги эшикдан навкар бошлиғи бўлган сипоҳдор салобат билан чиқиб келди. Унга сарой табибининг ёш шогирди билан киритиш ҳақида фармойиш берилган экан. Ал-Қумрий билан Ҳусайнни дарҳол ичкарига олиб кириб кетди. Дарвоза орти нимқоронғи, узун ва кенг йўлак – долон эди. Долонни йўлак охиридан тушаётган ёруғлик нимгина ёритади. Икки четдаги баҳайбат устунларнинг ҳар бири олдида тиш-тирноғигача қуролланган биттадан сипоҳ қаддини ғоз тутиб турибди. Бу қоронғи йўлак киши кўнглида совуқ ваҳима уйғотади. Ҳар бир устунидан қон ҳиди келаётганга ўхшайди. Соқчиларнинг кўзлари йиртқич жониворнинг кўзларидек ғазаб учқунларини сочади.

Сипоҳдор ал-Қумрий билан Ҳусайнни чап тарафдаги биринчи ҳужрага олиб кирди. Бу ерда уларни обдан текширди. Чўнтаклари, кийимларининг ҳар бир бурчини қўли билан пайпаслаб кўрди. Шундан сўнг ёнбошдаги ҳужрадан икки сипоҳи йигитни чақирди-да, амир саройига бошлаб боришни буюрди.

Ҳусайн Аркнинг бундай қоидаларига илк бор дуч келди. Долондан ўтиб, очиқ майдонга чиққанларида енгил нафас олди. Ёмғир тинганди. Беқарор баҳор булутлари орасидан қуёш мўралади. “Буларнинг бари яхшиликка бўлсин, – ўйлади у. – Устозимнинг амир олдидаги сўзларига муносиб бўлмоқ вожиб. Оллоҳим, ўзинг мадад бер!”

Навкарлардан бири уларнинг олдиларида, иккинчиси Абу Алининг ортида тўғрига қараб, гап-сўзсиз йўл бошлаб боришар эди. Саломхонадан ўтиб, амирнинг ҳашаматли саройига келдилар. Сарой эшигида ҳам икки соқчи тек қотган. Берироқда чўққисоқол бир кимса безовталаниб турибди.

– Бул зот бош табиб Ғайс ибн Ваққос бўладилар, – деди ал-Қумрий паст овозда.

Бош табибнинг нигоҳи ал-Қумрий билан Ҳусайнга тушди-ю, ёвга дуч келгандек бир зум бақрайиб қолди. Ҳусайн унинг совуқ тикилган кўзларида ғазаб учқуни йилт этиб, шу лаҳзанинг ўзида тиришган қобоқлари ортига яширинганини пайқади. “Бул кимса устозимга дўст эмас экан”, деган хаёлга борди.

Ал-Қумрий, унга эргашиб Ҳусайн ҳам қўлларини қовуштириб бош табибга салом бердилар. У истеҳзоли табассум билан алик олди.

– Ал-Қумрий жаноблари, навжувон шогирдингизни амир ҳазратлари ҳузурига олиб келибсиз-да, – деди

– Шундай, тақсир. Амиримизнинг изнларига биноан келдик.

– Унда, марҳамат қилсинлар! Мен андак вақт ўтиб кирурмен.

Бош табиб шундай деб нари қараб кета бошлади. Ал-Қумрий бир муддат унинг ортидан тикилиб турди. Ҳусайн устозининг хотиржам юз-кўзида ҳеч қандай ифода кўрмади.

Икки навкар уларни сарой соқчиларига топшириб, ортларига қайтишди. Сарой соқчиларидан ёши улуғроғи ал-Қумрийни танир экан; қўлини кўксига қўйиб салом берди. Унинг шогирди билан ташрифи борасида буйруқ олганларини айтди. Ҳусайнга бир қараб олди-да, сарой эшигини оҳиста очиб, ичкарига кириб кетди. Ҳусайн бошига дубулға кийган,пахмоқ соқол, ғўлабирдан келган соқчининг доира шаклидаги темир қалқонини маҳкам тутганича залворли қадам ташлашини қизиқиш билан кузатиб турди.

Соқчи тез қайтиб чиқди. Ал-Қумрийни ичкарига киришга ишора қилиб, яна ўз жойига туриб олди. Уларни саройда амирнинг яна бир хос соқчиси қарши олди. Соқчи мўйлаби эндигина сабза урган, ёш, кўркам йигит эди. У икки табибни улкан даҳлизга очилган эшиклардан бирига олиб кирди. Бир нечта хонадан ўтиб, ўзларини бошлаб келган соқчига жуда-жуда ўхшаган яна бир навкар қўриқлаётган эшик қаршисида тўхташди.

– Амирнинг хосхонаси, – деди ал-Қумрий паст овозда. – Бу уйга Нуҳ ибн Мансурдан ўзга кимса қадам босмайдур. Айни дамда табиблар ва хизматчилар бундан мустасно.

Уларни олиб кирган соқчи эшикни секин чертиб, томоғини қирди-да ичкарига кирди. Бир зумда қайтиб чиқиб, “Кирмоғингизни буюрдилар”, – деди.

Аввал ал-Қумрий, унинг ортидан Ҳусайн соқчи очиб турган эшикдан ичкарига киришди. Бу хона жуда кенг ва ҳашаматли эди. Хона деворлари ганчкор ислими нақшлар билан безалган. Вассажуфт қилиб ишланган баланд шифтга ҳам анвойи ранг бериб, зарҳал нақшлар чизилган. Тўрдаги тутқичларига тилла суви югуртирилган улкан катда36 Бухоро амири Нуҳ ибн Мансур ёнбошлаб ётибди. Елкасига нилий ранг зардўзи чопонини елвагай ташлаган. Сербезак чопоннинг тиллойи ипаклари ҳозиргина ёқилган шамларнинг нурида ялтираб кўзни олади. Амирнинг бошидаги оқ шоҳи саллага олтин гардишли ёқути баҳрий37 қадалган. Бармоғида олмос кўзли узук. Буларнинг бари қанчалар улуғвор ва серҳашам бўлмасин, ҳали қирчиллама ёшдаги амирнинг қуриган чўпдек озиб кетгани, узоқ давом этган хасталик туфайли заъфарон юзида қотиб қолган изтиробни яшира олмасди. Ҳусайн буларни зумлик кўз югуртиришда пайқаб олди. Амирга қанчалар зеҳн солса, Нуҳ ибн Мансур ҳам ёш табибни унданда ортиқ қизиқиб кузатар эди. Бошига ихчам салла ўраган, муллача кўйлак устидан енгил оқиш авра чопон, оёғига калта қўнжли сариқ ағдарма махси кийган озғин йигитнинг бўй-басти, қарашларидан ақл-заковат нури ёғилиб турарди. Унинг кўриниши хасталикдан азобланаётган амирда хуш таассурот уйғотди чамаси, чеҳраси бироз очилди.

Ал-Қумрий билан Ҳусайн таъзим қилдилар. Амир Ҳусайннинг одоб билан устозидан бироз ортга чекиниб турганига ҳам эътибор қилди. Бошини енгил қимирлатиб, саломига алик олган бўлди.

– Яқин кел, – деди Ҳусайнга.

Унинг заиф овози торнинг сўниб бораётган титроқ оҳанги мисол хилватхона деворларига сингиб кетди. Ҳусайн халтасидан енгил чопон чиқариб, чаққонлик билан эгнидагини алмаштирди. Қўлини қовуштириб, катга яқинлашди. Юмшоқ хоразмий гиламга чўк тушди. Нуҳ ибн Мансур ҳамон хона ўртасида турган ал-Қумрийга қаради. Бу қарашнинг маъносини ҳушёрлик билан англаган кекса табиб енгил таъзим қилиб, чиқиб кетди.

Хосхонада улуғ амир ва ёш Ҳусайн ёлғиз қолдилар. Ҳусайн соқчилар билан хонадан хонага ўтиш давомида пайдо бўлган ҳаяжонини босиб олди. Қаршисида ўзи одатда муолажа қиладиган беморни тасаввур қилиб, шу ҳақда фикрлади.

– Мени даволай оласизми? – деди амир мулойимлик билан.

Энди у Ҳусайнни “сиз”лай бошлаганди. Чеҳраси очилиб, диққат билан тикилди. Бу унинг ёш табибга беихтиёр мойил бўлганидан далолат эди. Нуҳ ибн Мансурдан хасталик белгиларини излаб, кузатаётган Ҳусайн янада дадиллашди.

– Шифосиз дард йўқдир, амирим, – у қўлини кўксига қўйди.

– Боракалло! Истиҳола қилманг, биз ёлғизмиз. Табиблиғ аъмолини бошлайверинг.

Ҳусайн чаққон ўрнидан туриб, амирнинг елкасидаги зар чопонини олди. Авайлаб тахлаб, ўриннинг бош томонига қўйди.

– Амирим, шифтга қараб ётмоғингизни илтижо қилмоққа изн берсангиз?

Бу нозик муомала амирга хуш келди. У юмшоқ пар тўшагига оҳиста ётиб олди. Ҳусайн унинг чўпдек озиб кетган билак томирига бармоқларини босди. Диққатини жамлаб, шу ҳолатда бироз жим бўлиб қолди. Унинг нигоҳи улкан, сербезак хонанинг нақшинкор деворига қадалиб, қоп-қора қошлари ўртасида чизиқ пайдо бўлди. Амир эса кўзларини юмиб олди. Ҳусайн бу табибга бўйсуниш аломати эканини билар эди. Шу боис ҳеч иккиланмасдан, зудлик билан хасталик аломатларини излашга киришди.

– Озор етказсам узримни қабул айланг, – деди-да, оқ шоҳи кўйлак устидан амирнинг қорнига кафтини қўйди. Ички аъзоларни бир-бир силаб чиқар экан, чап биқинни оҳиста босганида амир сесканди.

– Қабзият безовта қилурми, амирим?

– Шундай.

– Ичаклар фаолиятини эшитишимга ижозат этсангиз?

– Ихтиёрингиз, майли.

Амирнинг қорни озғин танага ярашмаган ҳолатда шишган эди. Ҳусайн халтасидан ёнғоқ ёғочидан ишланган ноксимон асбобини олди. Асбобнинг кенгайган томонини қориннинг ҳар-ҳар жойига қўйиб, найсимон торайиб борган иккинчи учига қулоғини тутиб эшита бошлади. Бу амал анча давом этди. У қаршисида ётган хаста подшоҳ эканини унутиб юборгандек эди. Қаҳридан бутун Бухоро аҳли титрайдиган Нуҳ ибн Мансур ҳам бунга кўниб, осойишта ётибди. Шу дамда навжувон табиб қиёфасида соҳиб карам ҳаким – ўзи зор-зор бўлиб кутган эзгулик элчисини кўрган бўлса ажаб эмас.

Ниҳоят Ҳусайн бошини кўтариб, амирга қаради. Нуҳ ибн Мансур ҳамон унга тикилиб ётар эди.

– Сизни ортиқ безовта қилмасмен.

– Дардим не эркан?

– Ичакларда ҳазми таом бузилган.

– Ҳарорат-чи? Ҳар кун тушдан сўнг иситма хуруж қилмоқда.

– Кучли дорулар танани жунбушга келтирган. Ҳарорат шунинг натижаси. Айни шароитда ул муолажалардан воз кечмоқ лозим.

Ёш табибнинг нозик муомаласи, одоби Нуҳ ибн Мансурни лол қилганди. Унинг билимдонлигига беихтиёр тан берди:

– Ихтиёр сизда.

Амирнинг ишончи Ҳусайнни янаям руҳлантирди. Энди сира чўчимасдан тавсиялар бермоққа киришди:

– Улуғ амирим, наҳорга икки дирҳам найшакарни кашнич билан истеъмол қилмоғингиз фойдадан ҳоли бўлмас. Бу аъмол ҳароратни бартараф этмоғи тайин. Қадимнинг машҳур табиби Буқрот38 “Табиат даволайди – табиб эса ёрдам беради”, деганлар.

– Дардимға даво борми?!

– Албатта бор, амирим.

– Амалингиз шулми?

– Тоза мўмиб39 истеъмол қилмоққа бошласангиз ичаклар, шунинг баробарида жигарга фойда.

– Дуруст.

– Унноб40 меваси оғриқларни қолдириш баробарида танага қувват бағишлагай. Зира чойи ҳам шундай хусусиятга эга.

Амир унинг сўзларини диққат билан тинглаб, шифтга чизилган анвойи нақшларга тикилиб ётарди. Ҳусайн амирнинг ботинидаги хавотирни сезди.

– Амирим, маъжун41 тайёрлаб келмоққа ижозат берсангиз? Иншооллоҳ, маъжун дарҳол таъсир кўрсатгай. Ундан сўнг ихтиёрингиз билан яна бир тадбир кўрурмиз.

Ёш табибнинг ишонч билан айтганлари Нуҳ ибн Мансурга таъсирини ўтказмай қолмади. Юз-кўзларида жонланиш пайдо бўлди. Овози дадиллашиб, Ҳусайнга сўз қотди:

– Зудлик билан амалингизни бошланг! Сарой дорихонаси ихтиёрингизда бўлгай. Шул дақиқадан истаган пайтингизда ҳузуримизга келмоққа ижозат бердик.

* * *

Ҳусайн кексайиб қолган ал-Қумрий билан қалъадан қайтар экан, амир ҳузуридаги суҳбат хаёлида жонланди. Энди амирнинг хасталиги унга беш қўлдек аён эди. Отаси ваҳимага тушган, устози масъулиятидан эгилган қалъага ташрифлари эзгулик ила якун топмоғига қатъий ишонди.

Ёғиб ўтган баҳор ёмғири Бухоро кўчаларининг чангини босган. Йўл четларидаги ўрикларнинг япроқлари ҳам ёмғир томчиларида ювиниб, ороланган. Булутлар ортидан чарақлаб чиққан қуёшнинг илиқ нурлари жим ва шошиб бораётган икки йўловчининг бошларини ардоқлаб силайди. Деворнинг ҳам қулоғи бор, гарчи бу шаҳарда сир бўлмасада, бирор кимсага амирнинг хасталигини айтмоқ мумкин эмас. Бухоронинг гавжум гузарлари-ю, тор кўчаларида изғиб юрган хуфиялар бисёр. Ал-Қумрийни бош табиб Ғайс ибн Ваққоснинг ғайирлик билан қилган муомаласи янада чўчитиб қўйди.

Ҳусайн амирнинг хосхонасидан чиққанида ал-Қумрий “Уйда сўзлашурмиз”, деган эди. Ҳусайн устозининг ишорасини дарҳол тушунди. Фақат сарой дорихонасидан маъжун тайёрлаш учун гиёҳлар олишга ижозат сўради.

Дорихона Арк табибхонаси ортида, киши кўзига ташланмайдиган бурчакда эди. Энди улар қалъа ҳудудида ҳеч қандай монеликсиз ҳаракатланишарди. Ал-Қумрий Ҳусайнни дорихонага бошлаб келди. У илк бор бу қадар бой дорихонани кўрди. Салқин ва нимқоронғи хоналардаги саноқсиз токчаларда етти иқлимдан олиб келинган дори-ю гиёҳлар тартиб билан терилган. Алоҳида токчаларда ноёб ҳаб дорилар, мор заҳридан тортиб йироқ мамлакатлардан келтирилган малҳамлар ҳам сақланади. Бошига ихчам салла ўраган кекса доручи уларни хушнудлик билан қарши олди. У ёш табибнинг ташрифи борасида фармойиш берилганини айтди. Ҳусайн денгиз пиёзи билан Рум райҳонидан керакли миқдорда олди.

Аркдан чиққанларида устоз ва шогирднинг чеҳралари очиқ эди. Ҳусайн амир ҳузурига ташрифи натижасидан мамнун. Тезроқ уйга етиб олишса-ю, устозига Нуҳ ибн Мансурнинг номдор табиблар аниқлай олмаган сирли хасталиги борасидаги фикрларини баён қилса. Аммо ал-Қумрий доимгидек ҳушёр эди.

– Бош табибдан эҳтиёт бўл, – деди оҳиста.

– Ғайс ибн Ваққосданми?

– Ҳа.

– Нечун?

– Елкасини кўтариб, ер “чизиб” юрадургон бул зот ўзидан ўтганни қулатмоққа ишқибоз.

– Бундай аъмол табибга муносиб эмас.

– Сен илму урфон ҳазорасининг туб-тубинда ғаввосдек сузмоқдасен. Шундан масрурсен. Аммо, билмайсенки, ҳасадкор, ичи қаролар мудом сенга шум ният ила кўз тиккайлар.

* * *

Йиллар ўтган сари Абдуллоҳ ибн Ҳасан ўзи туғилиб-ўсган Балх шаҳрини тез-тез ёдга оладиган бўлди. Баъзан хаёлида Балх кўчаларида югуриб юрган болакайга айланиб ҳам қолади. Сомонийлар ҳукмронлиги даврида Бухорога келиб қолган кунларини ҳам бот-бот эслайди. Ўшанда Бухоро амири Нуҳ ибн Мансур уни Хурмитан қишлоғига молия амалдори қилиб тайинлаган эди. Бахти кулиб, Афшона қишлоғилик Ситорабонуга уйланди, бола-чақа орттириб, палак ёзди. Бухорода ака-ука, яқин уруғ-аймоқлари бўлмагани учун ишонгани оиласи, фақат икки фарзанди бўлиб, бор меҳрини уларга берди. Кичик ўғли Маҳмуднинг илмга ихлоси йўқ. Тўнғичи Ҳусайн эса фавқулодда зеҳн соҳиби. Айниқса, табобат илмида Бухоронинг номдор табибларидан ҳам илғорлаб кетди. Абдуллоҳ ўзидан кейин оиланинг суянчиғи, ота авлодининг номини улуғловчи ҳам тўнғич фарзанди эканини яхши билади. Бугун амир ҳузурига чақирилган ал-Қумрий билан Ҳусайнни ботиний ваҳима билан кутаётир. Завжаси Ситорабону бу безовталикнинг боисини қайта-қайта ёлбориб сўради. Аммо, соч-соқолига “қиров тушган” Абдуллоҳ тўнини тескари кийиб олган мисол беун. У тез-тез дарвозага бориб келади. Кўчага мўралаб термилади. “Уф” тортиб, ортига қайтади. Бир пайт дарвоза томонда узоқ қолиб кетди. Ситорабону хавотир олиб, ичкари ҳовли эшигидан қулоқ солиб турди. Долондан ал-Қумрий билан Ҳусайннинг овозлари эшитилди. Шундан кейин “Оллоҳимга шукр”, деб уйига кириб кетди.

Абдуллоҳ йўл пойлаб толиққан эди. Узоқдан ўғли билан ал-Қумрий кўринганда ёш боладек севинди. Долонда кутиб олиб, дастурхон тузалган меҳмонхонага етаклади. Ёш йигитлардек уларга хизмат қилгиси келарди. Патнисдаги кўзачага қўл юборганида Ҳусайн бунга йўл қўймади. Ўзи мева шарбатидан қуйиб, тавозеъ билан отасига узатди. Отаси пиёлани олмади, ал-Қумрий томонга ишора қилди. Ҳусайн аввал устозига, отасига, ундан сўнг ўзига шарбат қуйди.

– Тақсир, сизларни ботиним ёниб, муштоқ бўлиб кутдим, сўзланг, қандай хабар бор?! – пиёладаги шарбатни бир ҳўплаган Абдуллоҳ ал-Қумрийга юзланди.

– Буни ёш табиб ҳазратларидан сўраймиз? – ал-Қумрий мамнун жилмайиб, нигоҳи қўлидаги пиёлага қадалган шогирдига ишора қилди.– Мана энди Ҳусайн бизга бор гапни сўзлаб бермоғи мумкин.

Ҳусайн саройда Нуҳ ибн Мансур билан бўлган суҳбатларини шошмасдан, бир-бир айтиб берди. Амирнинг хасталиги тафсилотини гапира бошлаганида ал-Қумрий ҳаяжонланиб кетди. Беихтиёр қўлларини бир-бирига ишқалай бошлади.

– Неларни аниқладинг, айт?! – деди унга безовта тикилиб.

Бир маромда, хотиржам сўзлаётган Ҳусайн ажабланиб ал-Қумрийга қаради. У сермулоҳаза, босиқ феълли устозини ҳеч қачон бундай ҳолатда кўрмаган эди.

– Фикримча, сарой табиблари билган аразларни42 мен ҳам кўрдим. Танда ҳароратнинг кўтарилмоғи, шишган қориндаги оғриқлар, ичаклар қулдираши, қабзият…

– Сарой табиблари бунданда мукаммал таҳлилларга эга, – унинг гапини бўлди ал-Қумрий. – Бироқ, аниқ ташҳис қўя олишмаётир. Дастгир43 муолажалар фойда бермади, қўлланган амаллар елга учмоқда.

– Тўғри ичакнинг торайгани, унда шиш борлигин билурмилар?

– Не дединг?! – ал-Қумрий ҳаяжонланиб кафтини лабларига босди. Кўзларини ола-кула қилиб, Ҳусайнга тикилди. – Демоқчисан-ки…

– Ҳа, устоз, амир бедаво дардга йўлиққан. Бу саратон хасталиги!

– Эҳтиёт бўл!

– Ҳали белда оғриқлар йўқ. Тери ҳам рутубатин буткул йўқотмаган. Муолажа натижа бермоғига ишонса бўлур.

– Агарки, бул дард саратон бўлса, муолажанинг нафи ҳам вақтинчалик, – деди ал-Қумрий бўшашиб.

– Устоз, таълим берганингиздек, хастани сўнгги онларгача даволамоқ табибнинг бурчи. Амир ҳам табиб учун хастадан ўзга эмасдур.

– Шундай-шундай, Ҳусайн! Бироқ сен оддий хастани эмас, юрт подшосини даволамоқдасен! Бу ташҳисни сарой табибларидан бирортаси билган бўлмоғи мумкин… Аммо улар бош табибга ишонмаслар. Борки иллат мана шунда. Афсус, сен билган белгилар хасталик авж паллада эканидан далолат бермоқда.

– Сиз ҳақсиз, устоз. Аввалроқ аниқланганида буткул муолажага умид боғламоқ мумкин бўлурди. Энди оғриқларни бартараф этмоқ, ҳазми таомни яхшиламоқ зарур. Хастанинг умрига умр қўшиш энг мақбул йўл. Қолгани Яратганга аён.

Ал-Қумрий билан Ҳусайн хасталик хусусидаги қизғин суҳбатга берилиб кетишди. Иккилари ҳам амирни даволаш йўлларини излашарди. Абдуллоҳ ибн Ҳасан бир ўғлига, бир унинг кекса устозига термилиб ўтирди. Уларни чуқур уммон остида жавоҳир тераётган моҳир сузгичларга ўхшатди. Баҳсларининг моҳиятини тўлиқ англамади. Фақат амирнинг дарди оғир эканини фаҳмлади.

Меҳмонхона эшиги очилиб, ноз-неъматлар тўла патнис кўтарган Маҳмуд кирди.

Ал-Қумрий билан Ҳусайн енгил тушлик қилиб олишди. Шундан сўнг қўл очиб дуо қилинди ва дарҳол ўринларидан туришди. Маслаҳатлашиб, меҳмонхонага туташ икки хонадан иборат уйга кирдилар. Бу уйда бир пайтлар Нотилий хасталарни кўрган. Энди кираверишдаги катта хонада Ҳусайн муолажа ишлари билан шуғулланади. Иккинчиси турли суюқлик, кукунлар солинган сонсиз-саноқсиз идишлар, қуритилган гиёҳлар тахланган қават-қават токчалардан иборат дорихона. Шу хонага кирганларида Ҳусайн устозига қалъа дорихонасидан олиб келган гиёҳларини кўрсатди.

– Мана бу денгиз пиёзи, буниси Рум райҳони-ку? – ажабланди ал-Қумрий.

– Ҳа, устоз, биз амирнинг муолажаси учун маъжун тайёрламоғимиз лозим.

– Балли! – Ал-Қумрий шогирдининг фикрини тасдиқлади. – Бундай маъжун асал билан қўшиб тайёрланганда тандаги хилт ва чиқиндиларни суриб чиқаргай, саратонга ҳам фойда қилур44.

– Шунинг баробарида хастанинг аҳволи яхшиланур. Ундан сўнг амирни қувватга киритиш муҳим. Устоз, Буқрот ҳазратлари табиб хасталикни эмас, хаста кишини даволамоғи лозим, деганларини ўзингиз кўп бор такрорлар эдингиз.

– Ёдимда, Ҳусайн. Бироқ бу бедаво дард…

– Мен буни англаб етдим. Буткул даволамоқнинг йўли – фикримча, қўл амалидур45. Аммо, дард ўтказиб юборилган, биз бунга ожизмиз.

Табиблар чуқур ўйга толдилар. Айни дамда ҳар бирлари табобат илмининг чексиз-чегарасиз пучмоқларига фикран парвоз қилишар, ечмоқ мушкул бўлган жумбоққа жавоб излашар эди.

* * *

Абу Мансур Ҳасан ибн Нуҳ ал-Қумрий бош табиблик лавозимидан мосуво бўлган эсада, амирнинг хос табибларидан бири бўлиб қолган эди. Амирнинг хасталигини даволаш унинг зиммасига катта масъулият юклашини яхши билади. Шу куни амирга аталган маъжунни Ҳусайн билан ҳамкорликда тайёрладилар ва зудлик билан яна қалъага йўл олишди.

Улар аср намозига қадар Нуҳ ибн Мансур ҳузурига киришга шошилардилар. Ал-Қумрий кексалиги боис оҳиста қадам ташлаб борар, йўл четидаги шотутлар соясида дам-бадам нафас ростлаб оларди. Ҳусайн бундай пайтларда кўкка бўй чўзиб, узоқдан ҳам кўриниб турган маҳобатли ва сирли Арк минораларига тикилиб қолади. Бу қалъанинг не-не ҳукмдорларга ошён бўлгани, бироқ фоний дунёда уларнинг бирортасига вафо қилмагани ҳақида ўйлайди. Оламнинг яралиши, ундаги борки жонзотлар устидан ҳукмронлик қилаётган одамлар тийнатидаги турфаликларни тушунмоқни истайди. Уларнинг бирлари қул, бошқалари ҳукмдор. Шаҳристондаги мана шу улкан тепалик ҳам мозийнинг минг йил ва балки ундан ҳам аввалида қуллар вужудидан сув бўлиб оққан реза-реза терлар билан шиббалаб барпо этилган. Арк тепалигининг тупроғи обу гилгина46 эмас, тўкилган қонлар билан ҳам Бухоро заминида тошдек қотган… Ҳусайн шотут новдаларига қўниб олган читтак, майналарнинг чуғурлашига қулоқ тутар экан, улуғ устозининг кексаликка бўй бериб қолганини сезди. Ал-Қумрий битган “Китоб илал ал илал”47, “Мажмуайи кабир дар адвияйи муфрида”48, “Рисола дар иложи амрози садр”49 каби асарларини бир-бир ёдга олди. Шундай буюк олимнинг шогирди экани, амир ҳузурига у билан ёнма-ён бораётгани ўзига нақадар катта масъулият юклашини чуқур ҳис қилди.

Регистон майдонига кирганларида осмонда қуёш чарақлаб турарди. Девор ёқалаб қатор экилган арғувонлар50 қийғос гулга кирган. Шохлари-ю, танасини безаган қизғиш-пушти гуллар жилоси улуғвор майдонга бениҳоя кўрк бағишлаган. Ҳусайн бу мафтункор манзарадан зақланиб, устозига қаради. Нечундир ўйчан бўлиб қолган ал-Қумрий қалъа томонга оҳиста одимларди.

Ал-Қумрий билан Ҳусайннинг шу кунги илк ташрифлари, қанчалик сир тутилмасин, Аркда катта шов-шувга сабаб бўлган эди. “Дари регистон” дарвозасининг соқчилари бири кекса, иккинчиси навжувон табибларни узоқдан таниган эдилар. Улар тош зиналардан кўтарилганларида дарча олдидаги соқчи дарҳол эшикни очди. Беўхшов илжайиб қўйди-да, яна ўз ўрнига туриб олди. Хуш мўйлаб, озғин, рангпар бу йигит ўттиз ёшларда эди. Унинг ҳаракатлари бироз ғайритабиий бўлгани учун Ҳусайн синчков бир назар ташлади. Ичкарига кирганларида:

– Бул йигит афюний51 эркан, – деди секин.

Ал-Қумрий индамади. Долондаги соқчилардан узоқлашганларида паст овозда тушунтирди:

– Ул бечора афюнга ўрганиб бўлган. Умри шунинг оқибатида якун топмоғи тайин. Бундайлар қалъада ягона эмас. Афюн, май истеъмол қилурлар, сипоҳхонада бузуқликлар билан машғул бўлурлар. Кўпларида на оила, на фарзанд бор. Уларнинг орасида сабийлик пайтида турли юртлардан олиб келинганлар ҳам талайгина. Соқчиликдан, сипоҳий машқлардан бўшаганларида ишратга берилурлар. Бир кун жангу жадалларда шаҳидлик тақдирлари эканин ҳам билурлар.

Қалъадаги атрофига садалар экилган ҳовузга яқинлашиб қолган эдилар. Аллақаерда жилдираб сув оқаётгани эшитилди. Олдинда бош табиб Ғайс ибн Ваққос кўринганида ал-Қумрий жимиб қолди. “Пойлоқчи қўйғон эркан-да-а”, – деди секин. Чунки, уларнинг Аркка кириб келаётганларини Ғайс ибн Ваққос аввалдан билгани бежиз эмас. Қалъа хизматчиларининг ҳар иккитасидан бири хуфиялик билан шуғулланишини эса ал-Қумрий яхши биларди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации