Текст книги "ВАТАН МАНГУ МАКОН"
Автор книги: РАВШАНОВ ПОЁН
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 7 страниц) [доступный отрывок для чтения: 2 страниц]
Йўқ! Фиръавн мисоли бўлурлар адам!
Ошқинлаб кетмагил, дунё ҳисобли,
Қаноатда, Поён, тамкинлар мудом.
ҚАНИ
Кечаги савлатинг амал, виқоринг қани,
Оламда танҳоман деган иқроринг қани.
Маҳобат бинолар, улов, мулозаматлар,
Хўжа кўрсин учун берар ахборинг қани.
Яшиндай забт этдинг мансаб чўққиларини,
Амал бўлди ўйин, энди бароринг қани.
Мулкинг тўлиб– тошди, бойлик, пулинг ҳисобсиз,
Бир йўла айрилдинг, эҳ, донг тараринг қани.
Ишонч ларзон еди, эл аро обрў поймол,
Ҳисоби нечук, етказган зараринг қани.
Кўзга қўндириб ойнак, гердайиб юрмоклар
Қамоқ ҳужрасида мулзам тураринг қани.
Саволлар ёғилар, лолсан, тилингни тишлаб,
Кўрмаган кунингни, ажаб, кўраринг қани.
Ўтгани эвази, қолган умринг заволи,
Бу дунёга одам, кайта келаринг қани.
Ҳожи Поён, дедим, ҳалол фуқаро яхши,
Бойлик сиртмоғида, эй нафс, ўларинг қани.
МИРОҚИ
Эзди ҳижрон, эзди ёрнинг фироқи,
Кўнгил ёз деб, чорлар сўлим Мироқи.
Тоғлар қалқон, боғлар бўстон, нафосат,
Гуллар қийғос, булбул бунда сайроқи.
Пайкал яшил, мевалар мўл, сув зилол,
Ширин ўрик, узумнинг қизил, оқи.
Дарё бўйи сурин, хордиқ маскани ,
Турна кўзли, шаффоф эрур булоғи.
Таомлари сархил, тотли, мазали,
Хисори қўйлари семиз, бўрдоқи.
Тераклари соқчи мисол қад керган,
Нурафшондир тунлар, ўчмас чироғи.
Хуш чиройдан сийлагандир табиат,
Манзаридан қувнар кўзнинг қароғи.
Таровати эл– улусни ром этган,
Келар бунда юртнинг яқин йироғи.
Мироқида хуморинг ёз, эй Поён,
Гўзал маскан васли доим сўроғи.
ЕТГУМ
Умидвор бандаман, яхшилик кутгум,
Тонгда хуш хабарга қулоғим тутгум.
Ва, инсоф тилайман яхши – ёмонга,
Юрагим амрини назмимда битгум.
Яратмоқ йўлида юртда ҳаракат,
Фидоийлар васфин тараннум этгум.
Юртимда офият бебаҳо неъмат,
Аҳли байтим ила ризқимни тотгум.
Эварам бешикда, эрта улғаяр,
Карвоним йўлдадир, мақсадга етгум.
Набирам таҳсилда қўнғироқ қилар,
Эртани ўйлабон, қувонмай, нетгум.
Шукримда барқарор мен Поён Равшан,
Насибича яшаб, қадамим отгум.
БИЛМАДИ
Ўксик кўнглим асло юпанч билмади,
Ғариб бўлди қайтиб, қувонч келмади.
Бу юрак яримдир, вужудим ярим
Қўлимда паймонам синди, тўлмади.
Ҳурматдан нолимам, камим йўқ айтсам,
Бахтимдан айрилиб, бахтим кулмади.
Ҳамонки, тинч ётмас кўҳна ҳасадлар,
Наҳанг рақибларим тирик, ўлмади.
Ё Аллоҳ, нокаснинг қўлин калта қил,
Зиён бермас деган ишонч қолмади.
Читтакки, тепада чирқирар, тинмас.
Йўлга банд солмоқдан сира толмади.
Иблисга муҳтожлик айлама, Эгам,
Майли Поён, рағбат, нишон олмади.
Сиҳат берсанг, ушбу ажринг кифоя,
Қарғаларга қулинг назар солмади.
НАСИБ ЭТСА
Насиб этса Аллоҳ, иқбол кулади,
Ҳар банда ким турур, ўзи билади.
Имдоди бўлмаса, юз очмас бахтинг,
Омад чекинади, юрак тўлади.
Шукрона дегайсан, магар, астойдил,
Ризқинг мўл, амал юкуниб келади.
Ҳақни танимаслар худо безорлар,
Сув кўрмаган ажриқ мисол сўлади.
Ҳузур бахш этади тотли бир ҳаёл,
Эгам яхшиларга дучор қилади.
То ҳозир йўлим ўнг, асрасин ўзи,
Ҳоҳласа душманим забун бўлади.
Ким бўлдим, изимдан хорижмас, Поён,
Заҳматда синалган раҳмат олади.
САРОБ
Бойлик саҳросида жимирлар сароб,
Тилло тоғлар бўлиб, ғимирлар сароб.
Кундузлар уфқингда ўғирлаб ором,
Тунлари тушингда шивирлар сароб.
Омадинг келганда нафсинг қўлтиқлаб,
Хомтаъма сарига хуморлар сароб.
Ҳалоллик йўлидан қайтариб тамом,
Дейди, пора мўмай, қиморлар, сароб.
Сарсари кезарлар нечовлар сарсон,
Пулга очофатлар – беморлар, сароб.
Кўзларга тутилган кўринмас парда,
Ортидан қолмай, кўз юмарлар, сароб,
Амалу– бойлик бу саробдир, чопма,
Қулзум бўлиб, Поён, ютарлар сароб.
БОР
Чўққига чиққаннинг тушиши ҳам бор,
Масаллиқ қозонда пишиши ҳам бор.
Фидоий, бурчини англаган инсон,
Равнаққа ҳиссасин қўшиши ҳам бор.
Ёғлик жой олганлар, тўймаслар эса,
Хазинадан бисот ташиши ҳам бор.
Ақлини пешлаган, нафсин тийганлар,
Мансаб довонидан ошиши ҳам бор.
Саводи чалароқ, таянчи зўрлар,
Амалда сел каби тошиши ҳам бор.
Таъмагир тўсатдан қопқонда қақшаб,
Пушаймондан бошин қашиши ҳам бор.
Порадан тўпланган беҳисоб бойлик,
Тешиб чиқиб, албат, сасиши ҳам бор.
Виждонли бошлиққа минг бир тасанно,
Кўксига нишонлар тақиши ҳам бор.
Тўғри бўл ҳаётда кўпнинг қатори,
Хожи Поён айтар хоҳиши ҳам бор.
ЖОНИМДА
Бўлмадингда шодлик кунимда, жоним,
Ой бўлиб балқмадинг тунимда, жоним.
Билурсан, ҳаётим кечмади осон,
Қийин бўлган сенга ёнимда, жоним.
Чидаш оғир эди туҳмат тошига,
Далда бердинг мушкул онимда, жоним.
Ортда қолди бари, иблис, шоқоллар,
Жароҳати эса, танимда жоним.
Сен кетдинг, қаламим суянчим бўлди,
Насри, назми оқди қонимда, жоним.
Кенагас малаги Ойчучук бўлиб,
Товландинг, туш эмас, ўнгимда жоним.
Қиссамни ўқирлар, чекинар андуҳ,
Қувончда сиғмайман тўнимда, жоним.
Бағишладим сенга яхши дамларим,
Дедим Поён, Садаф жонимда, жоним.
ЖИЛОЛАР
Қора сочга оралабди кумуш толалар,
Белдан қуйи тушган кўркка бериб жилолар.
Икки зулфинг орасида балқир тўлин ой ,
Тунни ёғду айлаб, таратади шуълалар.
Ўрим– ўрим арғамчиси бандга олади,
Ҳар торига асир эди қанча волалар.
Қулоч– қулоч қора сочнинг таърифин қилиб,
Куйланарди эл ичида қўшиқ, яллалар.
Ортда қолди неча ошиқ, висол бенасиб,
Ортда қолди ҳазин куйга дўниб нолалар.
Довруғ солиб уйлантирди амалдор ўғлин,
Тўйдан кейин қора сочлар бўлди маллалар.
Тўлқин отган шаршарага чимлар босилди,
Елка узра бир тутам соч бўлди адолар.
Қора сочнинг баҳоси йўқ ҳусни малоҳат.
Эслаб қўяр, Хожи Поён, ҳамон фидолар.
ОЙБАЛАНД
Бунчалар чиройли исминг Ойбаланд,
Ёғду сочар юзинг мисли ой монанд.
Қуршовга олади қайрилма қошинг,
Мужгонинг ўқларин отгувчи команд.
Сийнага шуъладир қуралай кўзинг,
Нигоҳ туташганда дил бўлар пайванд.
Сидирға атласдан ярашган куйлак,
Харир рўмол бошда, этмиш аржуманд.
Юришинг хиромон, уйғун назокат,
Жонфизо табассум, лазиз шакарханд.
Ойбаланд, Ойбаланд, мақоминг баланд,
Ишқим изҳор қилмоқ бераётир панд.
Поён дер, гўзалдир исминг ҳам жисминг,
Васлингнинг насиби орзуйим ҳарчанд.
БАРОР
Орзу насиб, шукрона, кутганим келодур,
Васфини меҳрим ила битганим келодур.
Йилларки, тунни тонгга улардим орзиқиб,
Ташрифига ниҳоят, етганим келодур.
Иқболим кулса дейман, ниятим даст бериб,
Ҳурматин доим баланд тутганим келодур.
Ушалса кошки умид умрим поёнида,
Ёшлик чоғлар кўйидан ўтганим келодур.
Ағёр бузди ором, йўллар кетди йироқлаб,
Кўзим тўртдир бу кунда, кетгганим келодур.
Сабрим экдим, мева кутдим, узмадим кўнгил,
Малак англаб, жон нисор этганим келодур.
Ҳожи Поён, Яратгандан иноят етар,
Бисмиллоҳ деб сўзласам, айтганим келодур.
ТИЛАК
Ғубор ариб, насиб, дилда кадар қолмағай ,
Омад кулиб, эзгин ўйлар, озор қолмағай.
Замона тинч, осойишта, бунёд, яхшилик,
Адолатнинг самараси – хор-зор қолмағай.
Тотув бўлса фароғатда яшар одамлар,
Меҳр– шафқат бағрида ора бузар қолмағай.
Миллат кўрки қадру қиммат, ғурур, диёнат,
Виждон ғолиб , ришват, ишни чўзар қолмағай.
Жаҳон бўйлаб довруғ солиб ўзбек шуҳрати.
Кўролмаслар лол-у, тубан назар қолмағай.
Ҳожи Поён мамнун эрур юрт камолидан,
Таъриф қилсам дилда малол асар қолмағай.
ЁР ДЕГАНИ
Ёр дегани бераҳм, асло шафқат кутмангиз,
Васл истаб оқшомлар кўчасидан ўтмангиз.
Парвоси йўқ, айлаб нозу фироқ, зор этар,
Мажнун бўлиб тағин хунобалар ютмангиз.
Ишқ дардидан оғир ситам очун кўрмабдур,
Дўст– душманга хаста дилни изҳор этмангиз.
Тўлин ойдек жамолидан ёниб, ўртаниб,
Куну тунлар ошиқона хатлар битмангиз.
Магар жонни фидо қилмоқ эрур аҳдингиз,
Жон қадрига етмаганга жонни тутмангиз.
Асир бўлиб муҳаббатнинг домига, эй дўст,
Поён янглиғ хориб, оёқлардан йитмангиз.
ЖОНАЖОНИМ
Меҳрим сингган ўзингсан, ватан, жонажоним,
Маконим, киндик қоним томган, жонажоним.
Боболарим, момоларим, уруғ– аждодим,
Бағрингда ўниб, камол топган жонажоним.
Ота– онам тупроғингни табаррук билган,
Фарзандлар манглайидан ўпган жонажоним.
Такягоҳим, муқаддасим, азиз суюгим,
Фидо бўлмоқ меросий ўтган, жонажоним.
Туркий диёр, Ўзбекистон жаҳонда машҳур,
Нуфуси иқболини кутган жонажоним.
Улуғ юртим, камарбаста ҳар ўғил– қизинг,
Шаънингга нисор жон ила тан, жонажоним.
Баланд хилпирасин байроқ, нурафшон эртанг,
Келажакка чунг одим отган, жонажоним.
Йўлинг оқдир, барокатли, ниятинг қутлуғ,
Адолатли юрт узоқ кетган, жонажоним.
Зарра бўлсин, ҳисса қўшсам, бахтим шундадир,
Поённинг тақдирига битган жонажоним.
ЙИГИТ ШАЪНИ
Ёр васлига етганлар армони йўқ, бахтиёр,
Қутлуғ бўлар қадамлар, шодланар элу диёр.
Муҳаббатнинг наҳридан оқади тўлиб зилол,
Қанот қоқар тилаклар, эртанинг кўрки шиор.
Севмоқлик, севилмоқлик чароғон айлар йўлни ,
Ҳамроз бўлмоқ абадий бўлади эзгу қарор.
Икки қалбда жўш урар, меҳру вафо булоғи,
Ўчмас дилда аланга – садоқат мангу шарор.
Лайли, Ширин ҳавасда, оҳу кўзларда ёши,
Фарҳод ила Мажнунлар ишқда топмади барор.
Омадини қучганлар завқли ўтар кунлари,
Насиб этар бешик ҳам, тилда алла-ю алёр.
Хожи Поён дуода бахтин топган ёшларга,
Йигит шаъни сарбаланд ёр бўлса севган дилдор .
ИФТИХОР
Қоматинг ҳам талъатинг, йигит, бунча беназир,
Камтарлигинг, хуш ҳулқинг бисёр мақтовга арзир.
Салом– алик, эҳтиром, қўлинг доим кўксингда,
Мулоқотинг мулойим, дағаллар тортар таъзир.
Очиқ чеҳра, бағри кенг, ҳурмат қилар жамоа,
Суҳбати тотли бирам, дўстлар давраси қизир.
Моҳир жуда касбига, танти, лафзли, ўқийди,
Иш бошласа режалаб, меъёрига етказур.
Ҳавас, ҳасад ёнма-ён, ёқо йиртишар баъзан,
Сабру бардош кўрсатур, ҳаётда шиор маъзур.
Орияти, шаънини, ўзлигин асрар жуда,
Оиланинг қопқоси, қалқондир сергак нозир.
Ифтихордир ватанда, Ҳожи Поён, йигитлар,
Эл ишига бел боғлиқ, фидодир, мудом ҳозир.
ЭҲТИРОМИМ БОР
Эҳтиромим қозонган дўсту суҳбатдошим бор,
Болаликдан ажралмас ҳамрозим, қардошим бор.
Мактаб даври, ёшликда боғланди маҳкам ришта,
Ҳавасландим ижодга, захматга бардошим бор.
Олтмиш йилки қўлимдан тушмади қоғоз– қалам,
Назмиёт деб аталган нозик таъб сирдошим бор.
Кенгроқ олиб даврани, бўйладим мозийга ҳам,
Минг йилларни қаритган тарихим, қўрдошим бор.
Кенагас маликаси, Амир Темур қиссасин,
Айтиб толмас насриёт, содиқ бир йўлдошим бор.
Илму– фан анжуманда белгилик бўлди жойим,
Рисолалар битибман,гоҳида эслашим бор.
Ҳожи Поён, иқтидор иноят эрур Ҳақдин,
Шукрким, етмишга яқин асарим– дардкашим бор.
КЎП
Айро тушди йўлимиз, дилда армонларим кўп,
Биров билмайдир, менинг ғамдан хирмонларим кўп.
Нола-афғон ичимда, фироқ ўти куйдирар,
Сароб отлиғ саҳрода орзу– жайронларим кўп.
Мажнун имлар ёнига, қум устида капаси,
Борай десам тўғоноқ жангал, ўрмонларим кўп.
Канори йўқ ўйларим оқиб борар ўзаниб,
Шукрким, йўлим ўнглар ичкуяр сарбонларим кўп.
Мақсудга етиб бўлмас, надомат, қайғу бирлан,
Насибки, ортдан келар ишонч карвонларим кўп.
Мунаввар бўлсин уфқи, Аллоҳ ўзи қўлласин
Набиралар келажак, юзи тобонларим кўп.
Умрим поёнида тақдирим шул, Ҳожи Поён,
Ўзимни овутарга назмий овонларим кўп.
ЯНА
Насибки, боғланса узилган ришта яна,
Дийдор дариғ тутмаса ул фаришта яна.
Кўргузиб раҳминки , сўрса гар қалбим розин,
Севгим изҳорин қилардим шу ёшда яна.
Кўрмадим оразини, кечди орадин йиллар,
Ҳижрон азоблари бор экан бошда яна.
Тасодиф бахтким , йўқлаб ёруғ бўлди туним,
Кўксим тоғ-у, бўлди виқор юришда яна.
Сен ўшасан , ёшлик, муҳаббат,тенгсиз чирой,
Ҳамон суқсур ўзинг даврон суришда яна.
Сарвидек қоматинг, ҳуснинг мафтуни менман,
Ойни хижил этгунг чирой тўлишда яна.
Қизғанма лаҳзаларни, ёнингда бўлмоқ орзум,
Яшаш маъниси гулим, ўйнаб кулишда яна.
Ишқ кечмиши манзарин эсла, Поён Равшан,
Гап, юрак амрин паризод қилишда яна.
МУҲАББАТ
Муҳаббат васфини қўймадим тилдан,
Ўзингдан бошқасин суймадим дилдан.
Онажонинг сени маҳлиқо туққан,
Чиройинг андоза олгандир гулдан.
Кўнглимни боғладим, ўртади васлинг,
Чиройли таърифинг эшитсам элдан.
Ишқимдан масрур эканман нодон,
Танланган гулимни чиқардим қўлдан.
Армонлар тўкилди, бермади ором,
Нечун қайрилдим, эй воҳ, ярим йўлдан?
Муҳаббат йироқлаб, кетди-ку узоқ,
Ҳаловат топмадим водий-у, чўлдан.
Ўтмишим қаритиб, келганим шу ер,
Изларинг топмадим ўнг ила сўлдан.
Бағримдан қўймасман севгимни, Поён,
Айро тушмоқ зулмат сендек ҳилолдан.
НЕ КЕТДИ
Парво айлаб, боқсанг моҳрўй, сендан не кетди,
Олам узра татир хушрўй, сендан не кетди.
Ҳаловат йўқ кеча-кундуз висолинг қумсаб,
Ором бермас саробли ўй, сендан не кетди.
Баҳоналар шунча кўпми, эслай демадинг,
Ойбарчиндан қолган бу куй, сендан не кетди.
Ағёрнинг тошлари бошга тегди пайдар – пай,
Ҳижронда заъфарон ранг – рўй, сендан не кетди.
Меҳримсан, мунисам, кўзга суртганим ўзинг,
Маҳлиё айлаган сарв бўй, сендан не кетди.
Адувлар ишидир ора бузмоқ, пайкарим,
Ўтган гапга нуқтани қўй, сендан не кетди.
Шодмон кунлар йўлдош бўлсин ниятга, Поён,
Севгини деб янграсин куй, сендан не кетди.
ҚАРШИ ТОМОНЛАРДА
Ҳаво қайноқ эрур Қарши томонларда,
Қуёш нурин сочган ҳамма замонларда.
Фалак яқин келган, ёғду сомон йўли,
Само иши йўқдир шубҳа – гумонларда.
Уч минг йилдан ошган тарих, қадим Нахшаб,
Низо, қирғин, орзу бўлган омонларда.
Қон тўкилган маъво элга муқаддасдир,
Ҳикмат бунда юртни севган имонларда.
Қаршиликнинг юрагида ҳарорат бор,
Қаддин керар ота манзил чаманларда.
Меҳру ҳурмат бунда, сахий, олийжаноб,
Ғурур баланд кекса, ёши, санамларда.
Қалбнинг меҳри манзили бу, оташ баланд,
Бағри тортар, Поён, ушбу замонларда.
ЭМАС
Сени яхши кўрганлар кўп, менчалик эмас,
Ортдан қолмай юрганлар кўп, менчалик эмас.
Чиройинг эй сулув, уйғотар дилда ҳайрат,
Сенга шайдо бўлганлар кўп, менчалик эмас.
Қора қошнинг, қора сочнинг рангги илоҳий,
Ялдо ҳавас қилур, бироқ, тунчалик эмас.
Қизил куйлак, заррин нимча, ҳарирдан рўмол,
Қадлар долга дўнди, аммо нунчалик эмас.
Ғунча лабинг, қийғоч кўзинг жон офати, гул,
Куйган бари мендек – бағри хунчалик эмас.
Назокатинг ақлим олур, бол эрур сўзинг,
Ваъдаларга бевафолик бунчалик эмас.
Поён Равшан толмас таърифда, эй маҳвашим,
Самари учрашган ул бир ончалик эмас.
ҲОҲЛАРИМ
Журмим кўп, Аллоҳим, кечиргил гуноҳларим,
Ё раб, раҳмингдан тиндиргил оҳу воҳларим.
Қийин кечди ҳаёт мустабид замонида,
Элим қаторида таъқиқ эди хоҳларим.
Фаол эди, фидо эди ота – боболар,
Ҳурриятни кўролмади кўп ҳамроҳларим.
Ҳаж ниятим даст берди, бисёр ҳамд – шукронам,
Мунаввар айлади йўлим офтоб, моҳларим.
Иноят бўлди билганим қилмоққа рақам,
Парвона турди ёнда мудом илҳоҳларим.
Бу олам зийнати тинчлик , адолат, ҳурмат,
Дилимда фаровон Ҳаққа эъзоз сақларим.
Мен Ҳожи Поёнман, юртдош, йўллайман салом,
Сиз қалбдан жой олган азиз дилҳоҳларим.
ДЕЙМАН
Умримиз ҳамиша фарахда ўтса, дейман,
Насиб айёмимиз сиҳатда кутса дейман.
Осойиш бўлсин юртда, оила тинч, обод,
Фарзанд, набиралардан қувонч етса, дейман.
Бу ҳаёт экан ҳам мусаффо, ҳам ғуборли,
Дилга чўккан ғамлар йўқ бўлиб кетса дейман.
Меҳмон бўлсанг, мезбон , ўртада ҳурмат афзал,
Анжуманда яхшилар номинг тутса, дейман.
Яратган қўлласа, тебраниб турса қалам,
Мусанниф асарни чиройли битса, дейман.
Қийин демай, бардош билан ишлаган мардум,
Ҳалол меҳнат нонин, оқибат тотса дейман.
Бағрин очди тарих, элинг деб ёздинг равон,
Давлат кўксинг узра бир нишон тоқса, дейман.
Эй Поён, таъмани қўй, соғ бўл, саломат бўл,
Бахтдир китобларинг ўқилса, ёқса дейман.
АЙТГИЛ
Эслаш айбми ишқий тарихни, айтгил,
Бир дам сўзлашайлик, ёнимга қайтгил.
Йўллар кесишмади тақдирлар мисол,
Унут бўлиб кетди ваъдалар буткул.
Машрабни кўрай деб, пойладим йўлин,
Қаландар эдим-у, топмадим качкул.
Шайтонлар парвона, тутқазди шароб,
Авраб, бу дунёдан, дедилар кечгил.
Озурда юрагим турғайдай жавраб,
Тинмайин ўқдирди-севганинг қучгил.
Найлайин, оқ қушим учгандир қачон,
Ҳислардан бўшаган хароба кўнгил.
Ўнггу сўл қирғоқда турибмиз икков,
Ҳаёл шивирлайди, дарёни кечгил.
Оқимдан қўрқмайман, хавотир сендан,
Бир оғиз десангчи, этикни ечгил.
Поён Равшан севги, дейди мукаррам,
Қалби даъват қилур, ғазални битгил.
ШАЙДО
Мен гўзалнинг, гўзалликнинг шайдоси,
Чиройга мафтунлик даҳр қоидаси.
Аллоҳ берган жамол айлар парвона,
Зуҳраси, Барчини, Ширин, Лайлоси.
Гулзорда ғунчалар тўлишар ҳар он,
Барг остида пойлар тикон балоси.
Маҳвашлар ҳуснидан нурланар олам,
Таманно талаблар ортар ноласи.
Нигоҳи сиёсат, лутфи салтанат,
Анори етилган, лаблар гилоси.
Муҳаббат боғлайкўр, чекинма ранждан,
Чечаклар ундирар ишқинг жоласи.
Нафосат ҳайратдур, эй ошиқ Поён,
Ўзин сева олган хушрўй фидоси.
ИШОН
Чирой абад қолмас, тарк этар, ишон,
Тақдир нури бир бор ярқ этар, ишон.
Қулочга сиғмаган тим қора сочлар,
Тутам қолиб, бўйинни тутар, ишон.
Хушомад тинади, илтифот сўзлар,
Муҳаббат изҳори ҳам битар, ишон.
Юрагинг амрига қулоқ сол, албат,
Кутмаган бир қучоқ хуш кутар, ишон.
Ғамзалар ўрнида афзалдир вафо,
Қош қолар охир, ўсма кетар, ишон.
Истиғнонинг малоли, шикваси бор,
Жабр– жафо ортса, увол етар, ишон.
Бу ҳавас манзили вайрон, оқибат,
Изига қайтмас, ҳаёт ўтар, ишон.
Ҳожи Поён, ихлосим баланд, зимдан,
Оқила ҳусндан завқим ортар, ишон.
КИФОЯТ
Кутганим шулмиди сендан, айтгил, муҳаббат,
Эй, ошиқ аҳлига билмовчи раҳму шафқат.
Чиройга ошуфта айладинг аввал бошдан,
Жозиба бахш этди дилрабо сарви қомат.
Вомиқ, Узро келиб ишқдан ўргатди сабоқ,
Лайли васлида зор Мажнунга чўл мақомат.
Фарҳод, Ширин дебон тоғда қазиди ариқ,
Ёсуман мардликка қила олмади тоқат.
Шукрона, замона ўзгарди хўблик томон,
Тоҳирдек тилимда асло йўқдир шикоят.
Мақсудга етмоқлик ижобат Ҳақдин, албат,
Мозийдан ҳам, бугундан кўпдир ҳикоят.
Ишқимни бағримга босиб яшабман, тингла,
Охирги фурсатлар ҳижрон эзди ниҳоят.
Поён Равшан ҳасратини эшит, ҳуржамол,
Сезганг бўлсанг дилда севгим, басдир, кифоят.
ШУНДАДИР
Кел, эй дилрабо истагинг, обод шундадур,
Насафдин халаф ул Қарши, рабод шундадир.
Нахшаб махзун турар, мозийдан ўқиб китоб,
Тарих кўрмагани бахтким, абад шундадир.
Саодат матлабинг фаровон бунда, эй жон,
Муҳаббат боғида камёб омад шундадир.
Дилинга жо айла, манзилу, кентлар гўзал,
Кошоналар сафда, қадду қомат шундадир.
Бу чирой ҳайратим, ташбеҳин топдим осон,
Ой юзлардан олмиш ҳусн– тароват шундадир.
Сайригоҳ сари юргил, дарё бўйи ором,
Лайли, Ширин кўрмаган ҳаловат шундадир.
Қарши жамолига мафтун бўл Поён Равшан,
Шаҳрим узра нуфус соғ – саломат шундадир.
БИТТАГИНА
Қарши шаҳримда сен мен учун биттагина,
Ишқим тарихин айтсам фузун, каттагина.
Маҳлиё бўлдим, не тонг, ҳусни мумтозингга,
Дардим қалбда пинҳон, айтмадим шартагина.
Машрабни ўқидим кўп, шайдо ғазал битдим,
Байтин тинглай деб сўрмадинг бир мартагина.
Қизлар кўпдир , бари сулув, ўзингсан танҳо,
Боқмасанг, дунё ғариб бу кун, эртагина.
Дор айлама зулфи торинг, раҳминг муносиб,
Қалби нисор бўл мубталонг чун соддагина.
Висол ваъда қилғил, айла энди мурувват,
Жавобсиз қолдирма саломим ҳаттогина.
Навозишлар, ғамза ортди, қиё боқмадинг,
Муҳаббатни эъзозла, ёқма ўтдагина.
Бул санам Поён Равшан қадрин билмайдур,
Билса, то ҳозир қолдирмасди четтагина.
БЎЛИБ
Етилибсан, эй дилрабо, жонона бўлиб,
Жамолинг нурига қолдим парвона бўлиб.
Қаршида қизлар кўп, бари сулувдан сулув,
Сен эса бошқасан кўрки замона бўлиб.
Нафосат гултожи, қаддингдир сарви озод,
Лаъли лабинг боли гўё паймона бўлиб.
Жон нисор айлайин бир имо қилсанг агар,
Борайин, иста, майсара, маймана, бўлиб.
Матлабинг бош устига ҳам малолинг ҳузур,
Буюр, қўл чўзсам ой келгай домона бўлиб.
Қувонурман камолинг, ҳусну тобонингдан,
Юргилким доим бахтимга омона бўлиб.
Танҳони севмоқлик диёнат аҳли иши,
Ҳожи Поён бу йўлдадир ҳамона бўлиб.
ХУМОР
Оламни мунаввар айлар хуршиди анвар,
Азизам, сиймонгдир хаёл кўкида сарвар.
Айрилиқ куйини сетор чаладир, хазин,
Топмадим ҳасрату нола– фиғондан самар.
Ҳижрондин қаддим долдир, ҳоли харобим ўзим,
Елкадин тун тушди, белдан сирғалди камар.
Қулзум бўйидаман ямлар, гирдоби чуқур,
Энди йўқ асровчи кўзга суртганим тумор.
Ҳамроҳим саробдир чалғитар ҳар ён, не тонг,
Тунларим ёритмас кўкда тўлганда қамар.
Яқинлар бепарво, мийиғда кулар рақиб,
Соғинчим юпанчим узоқлаб кетган барор.
Поён Равшан яшаётир хотиранг билан,
Оразинг, Садафой, ҳамон этади хумор.
КЕРАКМАС
Куйласанг, эй хонанда, қумри, булбул керакмас,
Учмоққа оҳангингдан қанот, дулдул керакмас.
Нолалар, қочиримлар сеҳри айлар жонфизо,
Авжини олган чоғинг бу жон, билгил, керакмас.
Дедингким, “ қора кўзим”, “кеча келгумдур дебон”,
Афғон чекдим, “ваъдага вафо қилғил”, керакмас.
Коинот тутди қулоқ, шундайин тотли наво,
Чаман қилмай тоқат, юз очди гул– гул, керакмас.
Танбури, рубоб, найнинг дардига жўрсан ўзинг,
Доира рашкда ёниб, хароба дил, керакмас.
Беназир ҳофизасан, саҳнанинг кўркидирсан,
Олқишин айтди мақомга шайдо эл, керакмас.
“ Муножот” тилагимдир, олқишлар сенга, Поён,
Тинглаган чоғ, эриб, сел бўлур кўнгил, керакмас.
ШЕЪРИЯТ
Сўзнинг сеҳри, оҳанрабо сенсан шеърият,
Ром этгувчи бир дилрабо сенсан шеърият.
Ғазал қалбнинг изҳоридир ўтли, маънили,
Ёр тарафга эсар сабо сенсан шеърият.
Туроқ, радиф, қофияда кўрку тароват,
Мавзун ҳижо, аруз қабо, сенсан шеърият.
Рамал, Ҳажаз, бўлмиш бармоқ гулгун либосинг,
Мутақариб яна зебо, сенсан шеърият.
Туркий лафзнинг ҳикмат, назмий гули, чамани,
Улуғвор “ Ҳамса”га дебо сенсан шеърият.
Бобур қаламида турфа рангин ташбеҳлар,
Эркин Воҳидовга оро сенсан шеърият.
Жўшиб, ёзди дилда борин Абдулла Ориф,
Ижод бўстонида сара сенсан шеърият.
Донишсан, дўстдирсан, дилга ором жавоҳир,
Кўнгилга хуш ёқар наво сенсан шеърият.
Орзиқиб саҳнингдан чечак теролсам, Поён,
Ранжим, ҳижронимга даво сенсан шеърият.
ҚОРА СОЧИНГ
Дилимни боғлаган дилрабо , қора сочинг,
Қадди бастинга берган оро қора сочинг.
Лашкар келодур ортдан гўё, қўлда камон,
Мужгон ўқидин солур яро қора сочинг.
Ой юзинг қоплар паришон қилсанг агар,
Қирқ ўримдин юраклар пора, қора сочинг.
Ўз ҳаддин билур, белингдин қуйи турур,
Сабо бирлан ўйнар ҳар тола қора сочинг.
Анжуман ичра жам бўлса хушрўялар,
Янглишмай топмоққа бир чора қора сочинг.
Санубарга қад ярашур, гулга япроғи,
Салтанат сенга абад, зора, қора сочинг.
Давлатингдин тушмасин битта тола, Поён,
Сифатин қилгум юз минг бора, қора сочинг.
НАЗЗОРА ҚИЛСАНГИЗ
Гар юрсангиз, изингиздан чечак унади,
Наззора қилсангиз ғаму алам сўнади.
Бир қиё боқсангиз муҳиблар, ҳамшаҳарлар,
Шовқинли кўчалар жимир, зумда тинади,
Ихтиёр қилсангиз сайрни фарахли оқшом,
Вилоят гуллари истиқболга энади.
Бахшилар, термалар, куйлар, ошуфта жўшиб:
“Ойжамол деганда алплар отга минади”.
Ҳавасда оналар, сизни деб айтар алла,
Бешикда йиғлоқи гўдак дарҳол кўнади.
Ҳаловат билмас ошиқлар, дардлари ичда,
Суратга термулиб, кўзлар ўтдек ёнади.
Муҳаббат оташи бардавом, Поён Равшан,
Қасринг томон борсам, албат йўлим унади.
БИР БОШҚА
Зеваржоннинг хиром айлаб юришлари бир бошқа,
Чаман ичра шўхи шодон кулишлари бир бошқа.
Қадди басти ташбеҳи, йўқ, ҳижил қилур сарвларни,
Аму мисол сочин тўлқин уришлари бир бошқа.
Соҳибжамол, пари пайкар оз эмасдур Урганчда,
Бу санамнинг тобон бўлиб тўлишлари бир бошқа.
Такаллуми жонга дармон, табассуми дилпазир,
Ибосидан завқли булбул хонишлари бир бошқа.
Маърифатда нозик талқин, айтур ширин ашъорким,
Суҳбат қурса гўё каби равишлари бир бошқа .
Офатижон нозанинга дил боғлаган кўп бўлди,
Лек Насафий Поён Равшан севишлари бир бошқа.
СЕНИ ЙЎҚЛАБ
Сени йўқлаб ҳар тонг ашъор битаман,
Келурсан деб бедор, қулоқ тутаман.
Хаёлладинг, чўзилди-ку сафаринг,
Ҳижрон доғи ўртаб, қонлар ютаман.
Тор кулбамга сиғмас нола, афғоним,
Машраб каби сарсар, бадар кетаман.
Англадим Мажнунни, ишқдан девона,
Висол ғами этган жунун тамоман.
Нодонга кор қилмас, эҳтимол, жафо,
Оразинг хотирда, маҳзун ўтаман.
Тасаввур ҳамрозим, ёнимда бедор,
Ўйларим овунчим, ортиқ нетаман.
Осмон узоқ, ер қаттиқ, Ҳожи Поён,
Дардларимни фақат шеърда айтаман.
ЙЎҚ
Бу дунёда Поённинг истари йўқ,
Меҳрибон, яхшиликка қистари йўқ.
Елкасидан сирғалиб тушди тўни,
Ёқа йиртиқ, енг узиқ, астари йўқ.
Ибодати суст эрур, гарчанд ҳожи,
Зикри малол, бошида дастори йўқ.
Аҳбоблари кетди хайру хуш демай,
Қариганда жон ачир дўстлари йўқ.
Айрилиб мунисидан, иши фиғон,
Кўксига бош қўярга ул зори йўқ.
Кунлар ўтар армонларда саросар,
Дарди ичида ниҳон, изҳори йўқ.
Маломат қилурлар, таъна, дашном,
Ҳол билмаганнинг андиша, ори йўқ.
ЁМҒИР
Ёмғир ёғди, тилло ёғди, баҳоси йўқ,
Ариқ тўлиб сувлар оқди, баҳоси йўқ.
Қақраб ётган дашту дала қониб ичди,
Экинларга болдай ёқди, баҳоси йўқ.
Ташна илхақ майса, кўкат роҳат топди,
Нурин сочиб, офтоб боқди, баҳоси йўқ.
Баҳор қутлуғ, ёғини мўл, ҳамал– амал,
Элнинг ризқи, деҳқон нақди баҳоси йўқ.
Одам феъли нисбатидан ёғин –сочин,
Табиатнинг жўшар меҳри, баҳоси йўқ.
Даргоҳида, Поён, тилак бўлса қабул,
Абру найсон сероб баҳри, баҳоси йўқ.
ДЎСТ
Ҳайрат ичрамен, ташрифни истабди дўст,
Йиллар ўтиб орадин – ки, эслабди дўст.
Кўриб китобим, англабди захматим ул,
Ё Аллоҳ , қутлуғ ташаббус бошлабди дўст.
Гарчанд, неча бор ваъдаси бўлган аввал,
Бу гал қатъийроқ қадамин ташлабди дўст.
Яратган ҳоҳиш айласа, бўлғай насиб,
Яхшиликдир, шукр, тўғри йўл хушлабди дўст.
Ҳасад гулхани сўнмаган, айтай раҳмат,
Неча душманим кўзини ёшлабди дўст.
Кўнгилга рағбат етишди, осмонда бош,
Қувнадим, бас, хақ– ноҳақни фарқлабди дўст.
Дилда эҳтиром мудом, дер Ҳожи Поён,
Кимки арзитгай, Ҳақ уни сақлабдур дўст.
КЎРСАМ
Қувонаман кишини шодон кўрсам,
Бахтдан яшнаб, қувончда, хандон кўрсам.
Эзмасин кимсани, мунг, нола, фиғон,
Қани хастани дарддан омон кўрсам.
Тўғри йўл тутсаки ёшлар улғайиб,
Хонадон файзини чандон кўрсам.
Ҳурмату эҳтиром, салому алик,
Самимий бўлганин гар чиндан кўрсам.
Дуолар ижобат дастурхон тўкин,
Оқибат самарин ош– нондан кўрсам.
Нарх– наво арзон, неъматлар сероб,
Сифатга вобаста ул сондан кўрсам.
Юртимда диёнат, эй Хожи Поён,
Яратган инъомин хайр-эҳсон кўрсам.
ҒАНИМАТ
Бир кун бўлса ҳамки, бу дунёда яшаш ғанимат,
Насибидан қониб, неъматидан ошаш ғанимат.
Умид бирла ниҳол қадаб, парваришлаб, авайлаб,
Мева кутиб, соясига гилам тўшаш ғанимат.
Қимирлаган қир ошади, донишмандлар дейдилар,
Дўст-оғайни сафар қилиб, қадам ташлаш ғанимат.
Ташвишларни ортга қўйиб, тонгда ҳаво симириб,
Кўнгил ободлиги ташаббусин бошлаш ғанимат.
Хабар олиб, салом йўллаб, аҳъён қавму қардошдан,
Шодмонликда дилларини доим хушлаш ғанимат.
Кўзни очгил , олам гўзал, ажойибдир табиат,
Сеҳрига боқ, завқлан, мўъжизалар излаш ғанимат.
Ҳожи Поён, насибича юргайдирман сафарлаб,
Мени кутар жойлардаги меҳри оташ ғанимат.
ҚОЛАРКАН
Одамдан дўппайган мозор қоларкан,
Савдоли шу дунё – бозор қоларкан.
Ё лоқайд, ё тиним билмайин яшаб,
Кимдан саҳро, кимдан гулзор қоларкан.
Излар босилади, хотира сўнар,
Ажалнинг ортида озор қоларкан.
Тўймайин ҳаётга жовдираб кўзлар,
Муддати лаҳзалик назар қоларкан.
Боймисан, бечора энг сўнгги дамда,
Армонлар қалашиб, ҳазор қоларкан.
Яшамоқ вожибдир, олам беҳад кенг,
Йиғлаб ортда ўғил-қиз, ёр қоларкан.
Ҳожи Поён, келмоқ– кетмоқ илоҳдан,
Тупроқ узра ғубор – осор қоларкан.
МУШКУЛ
Билибми– билмайин оғритдим кўнгил,
Ғанимимни сира қилолмадим эл.
Сувимиз тинмади бировлар билан,
Опоқ-чапоқ бўлиш жуда ҳам мушкул.
Бири ўзин катта олди, ёқмади,
Бири бойлигидан мақтанди нуқул.
Китобдан бўлмади баҳс ёки суҳбат,
Сафсата сўзларки, тушмади маъқул.
Муроса риштасин боғлар савия,
Маданий мулоқот соҳиби оқил.
Салом йўқ, алик йўқ, тумтаяр анов,
Яратиб қўйгандай беҳуд шамойил.
Суҳбати соз қилғил, эй, Ҳожи Поён,
Кўнгли очиқликка бўл доим мойил.
СУЛУВ
Маҳваш санар ўзин ҳамон қариган сулув,
Эҳтирос, қучоқдан кўпдан ариган сулув.
Санубар қомати хиёл эгилган, чоғи,
Хиромон авжидан энди ҳориган сулув.
Елкада бир тутам кумуш, кесилган сочи,
Ноилож бошига рўмол чориган сулув.
Мужгонлар ўқ эмас, салқи камондек қоши,
Эврилиб хасталик, унга дориган сулув.
Ўйларга толдирар гоҳо ишрат олами,
Бода нўш этганда тунлар ёриган сулув.
Хаёлнинг тулпори келар қанотин ёзиб,
Бўсалар тафтини қумсаб, зориган сулув.
Дунёнинг рашкидир чирой, эй, Поён Равшан,
Оламга сиғмади олам тор деган сулув.
УНУТМА
Ёлғизсан, инжима,қимирла, ётма,
Кўрпага ўранма, хурраклар отма.
Кўчага чиқ, айлан гуллаган бодом,
Атиргул барг ёзган, бепарво ўтма.
Ҳаёт бу, кечмаган ҳеч қачон силлиқ,
Бошингни беҳуда ғамларга тутма.
Осмондан тушмайди, билурсан, чалпак,
Казо– казолардан яхшилик кутма.
Фикрингда, зикрингда, қалбингда Аллоҳ,
Ҳақнинг тараҳҳумин асло унутма.
Фарзанд, набиралар, аҳли хонадон,
Суянчинг, уларга меҳринг йўқотма.
Қўлга ол ўзингни, эй, Ҳожи Поён,
Машғул бўл, узлатнинг лойига ботма.
ЎЗИНГ
Мен сени қандайин унутай, ҳаётим ўзинг,
Кўз очиб кўрганим, ёшлигим, ниятим ўзинг.
Бу чаман саҳнида очилган анвойи гулим,
Борлиғим безаги, кўкайим, сийратим ўзинг.
Беҳиштдек орзуманд татиган биргалик дамлар,
Латофат, малоҳат, меҳрингдан ҳайратим, ўзинг.
Васфингда тилим лол , қайси бир хислатинг дейин,
Давлатим, савлатим, орият, қурбатим ўзинг.
Шамоллар тўзғитди ҳисларим, армоним қат– қат,
Изингда бўзларман, муҳаббат, ҳурматим ўзинг.
Нокасу, нодонлар не билур оташи ишқни,
Ҳажрингда куйибон айтувчи оятим ўзинг.
Хотиранг қалбида сақлагай бул Ҳожи Поён,
Юрагим бисоти, Садафим, баётим ўзинг.
ЭЛУ ЮРТГА ТАРАҚҚИЙ, ОРОЙИШ ИСТАДИМ
ҚАРШИ БАҲОРИ
Гўзалдир бағоят Қарши баҳори,
Димоққа хуш ёқар гуллар ифори.
Майсалар чайқалар уммон мисоли,
Тонглари фусункор, сурин наҳори.
Қизғалдоқ, чечаклар очилган қирда,
Даштлар ҳавосининг ўзга оҳори.
Ўтлайди ёйилиб сурув, қўй– қўзи,
Майсада товланар яйлов виқори.
Боғларда уйғониш, гуллаган дарахт,
Қизларнинг вақтидир баргак тақари.
Ёмғир жала бўлар, гумбурлар осмон,
Ҳайқириқ бўтана сувлар оқари.
Бағрига чорлайди табиат жўшиб,
Кўкламда топилмас деҳқон бекори.
Ҳамалдур ризқ– рўзнинг кони, тамали,
Марвариддир шудринг айни саҳари.
Фасл кўркин васф этиб, Ҳожи Поён дер,
Қарши шаҳри, шаксиз, юртнинг гавҳари.
АШКИМЧА БОР
Ёмғир ёр кўйида тўккан ашкимча бор,
Чақин ёр йўлида чеккан рашкимча бор.
Фарҳод ушотур тоғдин неча тошларким,
Севги бобида қилган бир машқимча бор.
Мажнун юрмишдир ҳижрон даштида ёниб,
Тортган ситамлари айтган кошкимча бор.
Сонин билмас кўҳна очун ушшоқ аҳлин,
Лек, ҳеч бирининг дарди бўл ишқимча бор.
Дарё ҳайқирар тошиб, сиғмас қирғоққа,
Васл учун шашти уммондек тошгумча бор.
Баҳор айёми етиб, уйғонса боғлар,
Қай чаманда ёрдек навниҳол химча бор.
Ҳожи Насафий Поён Равшансан, дегил,
Дам ғанимат,ой васлига шошгумча бор.
ҚАРШИМСАН МЕНИНГ
Мозийла бўйлашган шаҳримсан менинг,
Нахшабим, Насафим, Қаршимсан менинг.
Тарихинг милоддан аввалдур минг йил,
Қадимий манзилим, фахримсан менинг.
Юлдузинг чақнаган Кеш руд бўйида,
Аждодлар яратган сеҳримсан менинг.
Азалий маъвода сен ўзинг гавхар,
Юртим ўтмишига меҳримсан менинг.
Ғанимлар кўп бўлди, Искандар, Доро,
Ғурурим,ёвларга қаҳримсан менинг.
Қутайба қиличи, Чингиз даҳшати,
Бош эгмай ютилган заҳримсан менинг.
Ғурбатлар кўргансан яна ҳам қанча,
Кул ичра қад керган даҳримсан менинг.
Замонлар номингни ўзгартди уч бор,
Ягона қибламсан – қаршимсан менинг.
Темурбек ихлоси тушган маконсан,
Мудом тўлиб оқар наҳримсан менинг.
Ўзбекистон ичра ошёнсан дилбар,
Озодлик уммони– баҳримсан менинг.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?