Электронная библиотека » РАВШАНОВ ПОЁН » » онлайн чтение - страница 3

Текст книги "ВАТАН МАНГУ МАКОН"


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 09:00


Автор книги: РАВШАНОВ ПОЁН


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 7 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Мадҳингни куйлайди Ҳожи Поёнинг,

Қашқа воҳасида аршимсан менинг.


ЖОНУ-ЖАҲОНИМ

Сен менинг дилбарим, жону жаҳоним,

Хушбўйи элтгувчи сада райҳоним.

Муҳаббат риштаси боғланган абад,

Аҳдига содиғим, Зуҳра, Нурхоним.

Тинч бўлсин ватаним, фаровон элим,

Гулласин Тошкентим, Қашқа, Сурҳоним.

Ёр васфин, юрт мадҳин куйламоқ бахтим,

Юракда қолдирмай зарра пинҳоним.

Боғимни яшнатиб, бахш этдинг чирой,

Дегайман ардоқлаб маликам, хоним.

Севиб яшамоққа шукрона такрор,

Вафо, садоқатга садқадир жоним.

Чаман кўрки бўлур ғунча юз очса,

Поён қувнаб дейди, яшнар бўстоним.

ШАЛОЛА

Тўлқин отур қора сочинг шалоласи,

Дилни ўртар шайдоларинг алоласи.

Оҳу кўзинг,сарви қаддинг назири йўқ,

Кўрган борки, гул юзингнинг мубталоси.

Ҳавас қилур рашк ўтида Лайли, Ширин,

Чокар бўлур сенга шоҳлар сулоласи.

Хижил бўлиб термулади юлдузлар ҳам,

Дерлар гўё,”тобон Ернинг ҳилоласи”.

Илму урфон, одобинга қойил ўзим,

Азал мумтоз гўзалларнинг зуваласи.

Эй нозанин, кўнгил мулки муҳаббатдур,

Узоқ бўлсин сендан ағёрлар балоси.

Замон келди, аҳли ошиқ бахти кулсин,

Мозий ора сўнди Мажнуннинг ноласи.

Таҳсин айлаб ширин калом, зеболиғинг,

Қолди эмди Поён ишқин ҳаволаси.

МАҲВАШИМ

Нозлар қил, эркалан маҳвашим,

Ситаму ғамзанга етар бардошим.

Тараннум этгайман васфинг чаманда,

Чиройда тенги йўқ сен қалам қошим.

Жафоинг кундан– кун ортар хаддидан,

Нималар кўрмади бу ғариб бошим.

Юрагим, ҳасратдин тўлди лиммо– лим,

Айтурга топилмас бирор сирдошим.

Васлинга етмоғим бўлгач даргумон,

Тарк этди анжуман барча қўрдошим.

Умидинг узмағил, эй Ҳожи Поён,

Дурларга эврилар тўккан кўз ёшим.

ҚАРШИНИНГ ҚИЗЛАРИ

Қаршининг қизлари сулув, дилпазир,

Одобу– ҳаёда тенгсиз, беназир.

Сарвқомат, хипчабел, нозик адодур,

Хушкалом, лутфига жаҳонлар арзир.

Талъати ҳуснидан хижилдур офтоб,

Шоирлар васфида достонлар ёзур.

Назокат ярашиқ, дилбарлик ойин,

Бир суҳбат қурганлар топажак ҳузур.

Вафо шевасига эрурлар содиқ,

Ким ошиқ эмасдур, тортадур таъзир.

Лобару оқила шаҳрим қизлари,

Ҳунари, билими элгадур манзур.

Бахтини топади севганлар, Поён,

Мухтасар таърифим тутгайсиз маъзур.

ФИҒОН

Тунда элас келди қулоғимга нолаю фиғон,

Хаста ҳолим англаб, сен эдингку чекувчи афғон.

Унсиз йиғи бирлан, фарёдингнинг бўлмади чеки,

Шунда тўлиб оқди кўз ёшимнинг дарёси ғужғон.

Ломакон мулкида чарх урибон муаллақ руҳинг,

Бу мискин ҳамроҳинг дардин дебон безовта тўзғон.

Нетайин, азизам, ҳижронингда дилафгор ўзим,

Ногаҳон довуллар неча боғу бўстонни бузғон.

Суратим юрибди, танимаслар, озурда жисмим,

Чархнинг кажрафтори пешонамга айрилиқ ёзган.

Сиҳатинг бўлмаса абас, бойлик, амал на ҳожат,

Мақсудга етмаган қанча, нечов ақлидан озган.

Хасталигим боис, парвона бўлди безовта ул,

Сабаб шулдир, интизорман, қани севганим жондан?

Одамлар бор, ғурбатда билмайди нидо ва таслим,

Фироқ дарди оғир, каминани ўртаган, эзган.

Гуноҳларим ажримидир, билмам, эй Ҳожи Поён,

Мен дийдор ғариби, ҳижрон ғами, ситамдан безган.

КУЙДИМ

Ёронлар, ойжамолнинг ғамзасидан куйдим,

Эл ичра маломатнинг сазосидан куйдим.

Ўртанур жисму жоним қадди бўйин кўриб,

Лаҳзалик қошу қовоқ, низосидан куйдим.

Илтифот бошқаларга, бизга нигоҳ солмас,

Қасдим учун топгани жазосидан куйдим.

Ранжосор кимса суймас, тўғри гапни гапир,

Ғанимлар ёлғони овозасидан куйдим.

Тунларни тонгга улабон, китобат қилдим ,

Рағбатни насия қилган эзмасидан куйдим.

Муҳташам хаёл қилдим дунё ишин дўстлар,

Алдар ул қошу– кўзлар сузмасидан куйдим.

Қайданам яқин билдим, макрга қалбим очиб,

Қалъанинг кириб бўлмас тизмасидан куйдим.

Йиғдилар зарларни бир кунга ярар дебон,

Вафоси йўқ бойлик иззасидан куйдим.

Ҳаёт дарслиги қадим, ўргангил, Поён,

Соддадил сендек кўнгил узмасидан куйдим.

РАҲМАТИМ

Илму ижод шайдоси яхши зотга раҳматим,

Тарғиб этган китобим садоқатга раҳматим.

Мухлисни воқиф этмоқ ниятингиз ёқимли,

Юракдан мамнун айлар мулоқотга раҳматим.

Бу кун юксак алоқа, интернет бир хазина,

Турфа мавзу мужассам, қироатга раҳматим.

Битдим юртим тарихин, мозий даст берар қийин,

Шуни англаб, жойлаган шижоатга раҳматим.

Унғай экан, электрон нусха тезда тарқалар,

Китоб учун янгилик, тижоратга раҳматим.

Бор бўлсин аҳли фозил, эзгулик жарчилари,

Маънан равнақ элга деган, фикратга раҳматим.

Поён Равшан, Аллоҳдан тилагандинг маншурлик,

Шукрини қил, юзланган ижобатга раҳматим.

ОРЗУ

Юртимизда бардавом тўйлар бўлсин,

Ватан мадҳин шоирлар куйлар бўлсин.

Ёш– яланглар улғайиб тўлдирсин саф,

Ҳаётдан ўрин олмоқ ўйлар бўлсин.

Тинчлик, ривож абадий топсин қарор,

Бул шиорни эл, башар сўйлар бўлсин.

Миллат аҳли мувофиқ, яшаб тотув,

Бир – бирини жонига жойлар бўлсин.

Бунёд айлаб бинолар, боғу– бўстон ,

Байрам, сайил ярашиқ ойлар бўлсин.

Эрта бундан чиройли, обод, тўкин,

Бисот мамлу, қанд, асал, мойлар бўлсин.

Сарви қадду, паҳлавон, руҳи равон,

Навниҳолу хулқи хуш рўйлар бўлсин.

Тўйу ҳашам ниятим, Ҳожи Поён,

Ҳовли тўла бўрдоқи қўйлар бўлсин.

ИСТАДИМ

Дилдан ҳар он оламга осойиш истадим,

Элу юртга тараққий, оройиш истадим.

Боғу бўстон, гулзорга дўнсин ватан саҳни,

Ҳар кўнгилга муҳаббат азмойиш истадим.

Ортда қолсин заҳматлар, юз бурсин ҳаловат,

Аҳли нуфус бахт қучибон, бойиш истадим.

Таъма, ришват йўқолиб, виждон тахтин олсин,

Меҳнатнинг ҳалол нони, ситойиш истадим.

Нафсин қўймоқ шайтонга малайлик бегумон,

Гарчи оғир, ҳақ йўлдаким койиш истадим.

Амал, пора куйида нечовлар ғафлатда,

Эгри йўлдан тўғрига чун ройиш истадим.

Ҳожи Поён, тилагим пинҳон қолмасин, деб,

Яхшиларга айтмоғу ҳам ёйиш истадим.

ФАРҚЛАМАСЛАР

Ажабким, нодон бирла донони фарқламаслар,

Китобдан недур мақсад, маънони фарқламаслар.

Тўнкани ёрмоқ учун асқатар болта, маълум,

Тезларлар мақтаб атай, понани фарқламаслар.

Сиймолар ҳаётида ўтади йиллар қатор,

Эътибор бермай, афсус, санани фарқламаслар.

Во дариғ, учраб турар неча бир малъун каслар

Ота-ю , оқ сут берган онани фарқламаслар.

Ишқи йўқ, қалби сўқир, ақли ҳушсиз нотавон,

Сарви қад, хушрўя жононани фарқламаслар.

Писмиқлар элда бордир, билиб– билмасга олур,

Баъзилар эса, зулмат, зиёни фарқламаслар.

Етмайин сабоғига, сўзга учар гоҳилар,

Анқовлар, кўринг, чину рўёни фарқламаслар.

Фаросат, Ҳожи Поён, инсонга зебу торак,

Қарқуноқлар булбулугўёни фарқламаслар.

НАВОИЙ

Навоий ғазалин ўқиғил, эй кўзи қароқ,

Фасоҳат гулшани, ана ҳузур, ана мароқ.

Рамал ҳам ҳажазда мисралар марварид, дур,

Маънолар нурин сочар буюк шоир ёққан чироқ.

Муҳаббат талқини Лайли, Ширин, Фарҳод, Мажнун,

Қиссаким, маҳзундир, ошиқларни ўртар фироқ.

Искандар дониши, Баҳром ишрати, Дилором,

Мозийлар кечди, лек, қисмати эмасдир йироқ.

Жаҳонда тенги йўқ ижод “Ҳамса”-ю, “Хазойин “,

Мусанниф сиймосин этмишдир машҳуру порлоқ.

Бадиий малоҳат, тилда латофат, қомусдир,

Даҳо қаламидан ораста жаҳоний сўроқ.

Назмият ялови ҳилпирар диёрда мангу,

Навоий мероси хазина, туганмас яроқ.

Олам ардоғидан фаҳр туяман, Поён Равшан,

Ўзбекистон учун Навоий ҳамиша байроқ.

МУМКИН

Бу энг сўнгги сатрлар бўлиши мумкин,

Чун, ногоҳ паймона тўлиши мумкин.

Дунёда омонат аслида одам,

Гул мисол бир зумда сўлиши мумкин.

Лаҳзага шукрона, бардавом ҳаёт.

Иноят– омадинг кулиши мумкин.

Мардсиниш наҳожат, шоҳмисан, гадо,

Он ўтмай, жонингни олиши мумкин.

Ортингда не қолур, яхшими– ёмон,

Нафсдан кеч, ҳар куйга солиши мумкин.

Яхшилик бурчингни унутма зинҳор,

Ночорни оғритма, нолиши мумкин.

Ёдда тут, кимдурсан: тақдир қулисан,

Ажал эшик қоқмай келиши мумкин.

Охирги иш дегил, чиройли қилғил,

Номинг порлоқ, абад қолиши мумкин.

Поён Равшан Ҳақдан умидвор ҳали,

Насибича қуёш ёриши мумкин.

ЯШАР

Гар севги ҳавасдир, муҳаббат яшар,

Ҳиссиёт беқарор, садоқат яшар.

Лаҳзалик омадлар келади-кетар,

Журъату шижоат, матонат яшар.

Салому– аликда инсон тийнати,

Бир -бирига ҳурмат, оқибат яшар.

Кундуз нурафшондир, тунлар қоронғу,

Яхшилик зиддига қабоҳат яшар.

Дунёни гўзаллик қутқарар, дерлар,

Нафосат, назокат, малоҳат яшар.

Орада номардлар, бебурдлар қанча,

Улуснинг бахтига футувват яшар.

Жаҳолат бурчакда, ивирсир ҳамон,

Илму фан, маърифат, заковат яшар.

Зиқналар, ҳасислар бойликка тўймас,

Диёнат, ҳидоят, саҳоват яшар.

Бу ҳаёт дастури, эй Поён Равшан.

Тараққиёт, офат, рақобат яшар.


ЯХШИ ГАП

Яхши гап жонга озиқдир, дўстлар,

Яхши гап дармон, хозиқдир, дўстлар.

Юрак садоси самимий бўлса,

Яхши гап дилкаш, нозикдир, дўстлар.

Кўнгилга малҳам,пайваста айлар,

Яхши гап лаълий узукдир, дўстлар.

Ёмонни йўлдан қайтарар, мақол,

Яхши гап зидди бузуқдир, дўстлар.

Қўпол қопади, сўзлари совуқ,

Жоҳилнинг тили қозиқдир, дўстлар.

Мақтов найза-ю, айбситиш, эзмалик ёмон,

Саёз ваъздирким, чўзиқдир дўстлар.

Фасоҳат қадрин англа, эй Поён,

Яхши гап дастур, тузукдир, дўстлар.

КЕТДИ

Найлайин, куч қувват, мадорим кетди,

Тоғдайин суянчим, падарим кетди.

Оқ ювиб– тараган, оқ сутин берган,

Дунёда беназир модарим кетди.

Ўн фарзанд вояга етдилар омон,

Умр авжи икки биродарим кетди.

Қариндош уруғдан талофат қанча,

Меҳрибон, мунис, синглим, зорим кетди.

Ажал қоровули қолмади ортдан,

Ҳаётим йўлдоши, дилдорим кетди.

Ўтганларим абад кўрмасман қайтиб,

Қиёматга қолди, дийдорим кетди.

Ғуссалар, хотира, соғинчлар ҳамдам,

Сиҳатдан, азизлар, барорим кетди.

Мен ёлғиз эмасман, фарзанд, набира,

Ёндадир карвоним– пойдорим, кетди.

Ҳеч ками қолмади, эй Ҳожи Поён,

Ризоман умримдан, ғуборим кетди.


Шоҳмаликка

ОДОБ БИРЛАН

Эр йигит танилар мардлигу одоб бирлан,

Илми, заковати – нур сочар офтоб бирлан.

Авлод– аждод, улус ҳурмати дилида жо,

Кам бўлмағай элга эҳтиром аҳбоб бирлан.

Қалбида муҳаббат, ёрига содиқ эрур,

Юртига фидодир, шукуҳу шитоб бирлан.

Йўлини мунаввар айлагай нури зиё,

Оламга ошуфта қўлдаги китоб бирлан.

Малика йўлдоши, севгининг йўли фузун,

Бахти ҳам барқарор, насибки, маҳтоб бирлан.

Бежизга айтмаслар, камтарга камол дебон,

Манманлик зиддига ҳоки туроб бирлан.

Диёнат мусаллам– барокат энар ҳар дам,

Дилида, тилида зикридир “ ё раб” бирлан.

Бағри кенг, хушхулқ, барчага чеҳра очиқ,

Суҳбати соз тушар Поёндек асҳоб бирлан.

БЎЛМАС

Ичганнинг субути, қарори бўлмас,

Гапда бебурд, ишда барори бўлмас.

Номуси чилпарчин, бузилар давра,

Қилиғидан эрта юрари бўлмас.

Тўнғиздек ағанар дуч келган жойда,

Эс-ҳушин ўзида кўрари бўлмас.

Безийди жўралар, безордир хешлар,

Шишани қучоқлар, ҳеч ори бўлмас.

Дунёни алмашар қултум ароққа,

Панду насиҳатнинг лек, кори бўлмас.

Шайтоннинг сувидан бир тотган банда,

Қайтиб, халос топмас, самари бўлмас.

Кечиб бўлган рўзғор , бари– баридан,

Ичи ачир яқин жигари бўлмас.

Хароб этган ўзин, пароканда уй,

Азалий маконга сиғари бўлмас.

Ичкилик офатдир, эй Ҳожи Поён

Кураш, нечун, замон шиори булмас?!


ОЛҒИЛ

Сиҳатгоҳ бағрида ҳордиқ ёз, дам олғил,

Табиат сўлимдир, нашида, ком олғил.

Фидоий содиқлар иш дейди, бош бурмас,

Кўнгил завқи, эрта учун илҳом олғил.

Соғлиқни асрагин, токи имконинг бор,

Ҳакимлар буюрмишин, чун, малҳам олғил.

Бунда бор яхшилар ҳам таниш, дўстлашгил,

Яхшиси, сафарда ёнга ҳамдам олғил.

Агарчи, рафиқанг биргадир, давлатинг,

Этгай севги– садоқатни маҳкам, олғил.

Канда қилма эътибор, соғлик топилмас,

Таъмир талаб эрур ҳар истеҳком, олғил.

Шароит ҳозирла, кўзлагил оромгоҳ,

Хуш кайфият, Поён, тутгай мақом, олғил.

ҚАМАЛГА ОЛДИ

Тушгунлик лашкари қамалга олди,

Юракка маҳзунлик, ғулғула солди.

Хазон оралади, қулф урган боғга,

Шодмонлик кунлари орқада қолди.

Булутлар қоплади, ўзгарди иқлим,

Изғирин сокинлик ўрнини олди.

Соямми, суратим чарх урар, шамол,

Дарахтлар силкиниб, барглари толди.

Ҳижрон камонидан ёғилди ўқлар,

Юрагим қонидан кўксим бўёлди.

Жароҳат, чуқурдир битмоғи гумон,

Ҳозиғим чорасиз, фикрим чувалди.

Халқа қисиб келар, қочарга жой йўқ,

Истеҳком девори дарзли, ушалди…

Кўз очдим, чекиниб борар душманим,

Эй, Поён бу қисса бунча малолли?

ЗАМОНИ КЕЛГАН

Ҳаёт бу, кимнингдир иқболи кулган,

Омадли сиймолар замони келган.

На ҳасад, на ҳавас қилмадим, аммо,

Доллардан миллион ҳисоби тўлган.


Ўзимни улардан чоғламадим кам,

Чўнтак тўлар, нафақага оз қолган.

Мулкимдан ажралдим, қалбим мулкидан,

Шоҳона бойлигим, гулимдир сўлган.

Дунёнинг туси йўқ, ҳазиллар совуқ,

Кулгилар масхара, сунъий ва ёлғон.

Эвази бўлолмас жаҳонни беринг,

Садафойим менинг учун туғилган.

Кимдирман, эй Поён, ёримсиз қолиб,

Жавобсиз саволдан қаддим эгилган.

АЙЛАБ

Умрим кечди, ёронлар, охирда хуноб айлаб,

Дарди ҳолим сарҳадсиз оламга таноб айлаб.

Ёрижоним ҳижрони васлидан этди жудо,

Нола-фиғон асири бу қулни бетоб айлаб.

Кимса асло кўрмасин айрилиқ зулмин, дўстлар,

Кечди фироқ, рўзғорим зулмат– у хароб айлаб.

Аҳдим эрди манзилни биргаликда тай этмоқ,

Сўнгги бекат ўртади орзуйим сароб айлаб.

Шоҳ эмас, мискин эмас, ҳаётдан эрдим ризо,

Бошга тушди қора кунким ҳоки туроб айлаб.

Ой ботар, тонглар отар, нетайин қиссам фузун,

Сўрмас аҳволимни давру даврон шитоб айлаб.

Тасалли топмай дедим ғам ичра Ҳожи Поён,

Қалбим бисотини “Садафмулк” – бир китоб айлаб.

ЭҲТИЁЖ

Эй амалдор, борми сенда порага эҳтиёж,

Таъмагирсан, даллол тушиб орага, эҳтиёж.

Мансаб катта, маошинг зўр, не десанг муҳайё,

Наҳот кунинг қолмишдир шу зорага, эҳтиёж.

Уйлар, сарой, кўчмас мулклар, миллиард нимадир,

Аллақачон етган эдинг қорага, эҳтиёж.

Етти пуштга етиб ортар бойликлар жамладинг,

Ўғлинг, уканг айландилар тўрага, эҳтиёж.

Тикдинг пулга амални, обрўни ҳам умрингни,

Кетдинг панжарали “чаман ора” га, эҳтиёж.

Қинғир йўлдан юрганлар элу юртни ўйламас

Дафъи учун йўл қолар сўнгги чорага, эҳтиёж.

Ҳожи Поён, саволим, энди танқид на ҳожат,

Аввал малҳам қўймоқ лозим ярага, эҳтиёж.


КЕТАВЕРАДИ

Ким қўйилса курсига, иш кетаверади,

Ўлда-жўлда бўлса ҳам, иш битаверади.

Нима бўпти саводи, эплайди имзони,

Бир йил, олти ой шундоқ ҳам ўтаверади.

Кийинишни билади, кўтармас бошини,

Уринг– сўкинг, гапга қулоқ тутаверади.

Аста-секин мақтовнинг ҳадисин олади,

Орқароқдан силжиб, олдга етаверади.

Қарабсизки, йил кечиб, чўнтакда қўллари,

Қозон мойда, жир битиб, бол тотаверади.

Хўжаликнинг бурди йўқ, сиртдан ялтирар, лек,

У-чи, янги жойга қанот қоқаверади.

Дейлик, у туманга бош бўлар, танилган-да,

Туман эса, тиздан лойга ботаверади.

Поён Равшан, илож йўқдир, аксидир сўзинг,

Орқаси бор олға қадам отаверади.

СЕН

Яйрагум, эй санамим, ёнимда сен,

Борлиғим, қалбим мулки, жонимда сен.

Парвозим баланд, учсам ҳаволаниб,

Таянчим, қувват, барор танимда сен.

Эврилиб бахту омад, жилва айлар,

Нур сочар қамар хонумонимда сен.

Миннатинг муяссар бошимга қўймоқ,

Юракдан оқар тоза қонимда сен.

Бўстоним, чаманим, яшнаган боғим,

Фаришта эрурсан ватанимда сен.

Кўп йиллар тақдирни бўлишдик, эркам,

Оғиру енгилда чун шонимда сен.

Найлайин, Садафим, бўзладим, қолдим,

Поённинг қалбида, армонимда сен.


ҚЎНҒИР СОЧИ

Қўнғир сочи тўкилган белдан қўйига,

Мавзун бўлиб ярашган ёрнинг бўйига.

Зулфи тори ишқида ушшоқ парвона,

Мажнунсифат борурлар кўча– куйига.

Мужгонидан ўқ отса, мўлжал бехато,

Ўлжалари саноқсиз , келмас ўйига.

Соҳибжамол, хуш қомат, сарви хиромон,

Ҳавас қилар тўлин ой ҳусни, рўйига.

Бўстон ичра оралаб, гуллар саралар,

Қизлар билан ўтади анҳор бўйига.

Қўлда гулу ғунчалар тотли, ифорли,

Омад кулган бормидир арзир ройига?

Поён Равшн тилакда: бахтини топсин,

Насиб этсин иштирок севги тўйига!


КИТОБ

Донишманд, беминнат устоздир китоб,

Ҳаётда ҳамсафар, ҳамроздир китоб.

Ёшликдан дўст бўлиб, меҳрини қўйса,

Ойдин келажакка парвоздир китоб.

Садоқат шиори, вафодор, ҳалол,

Мусоҳибдир, суҳбати создир китоб.

Битмас хазинадир, жам этмиш билим,

Толибга сахий, имтиёздир китоб.

Ошноларга оламни кафтга солур,

Мутолаа матлуб ниёздир китоб.

Ўқимоқдин, уқмоқдин кимки йироқ,

Савия паст, илми саёздир, китоб.

Поён Равшан, одамнинг файзи китоб,

Ҳурмат, уйнинг тўри жоиздир, китоб.

СУКУНАТ

Қилт этмас шаббода, барглар жимиган, хомуш,

Саҳархез андалиб мудрар, қилмайди хониш.

Қўллари болиши, ошиқ суради ҳаёл,

Тўрт девор ичра ул, келмас тиқ этган товуш.

Қиз жавоб қилмади, муаллақ қолди лутфи,

Гулларга сочилди қалбдаги титроқ, ёниш.

Ҳислари алдаса наҳот, севгиси сароб,

Фарҳоду Мажнунга ишқда шулми ё равиш?

Ўҳ тортди, музлади вужуд, кундузи қора,

Муҳаббат сеҳридан, вале, бўлмади совуш.

Майлига, маломат, таъна ёғдирсин дўстлар,

Узилиб тушса – да осмон йўқ ишқдан тониш.

Сукунат аҳдидан беҳад севинди, Поён,

Мақсуди йўлида фаол, йўқ энди тиниш.

ДЎСТБЕРДИ КЎЧАЛАРИ

Ёдга тушар Дўстбердининг ойдин кечалари,

Жам бўларди болаларнинг неча-нечалари.

Сутдай ёруғ оқшом, туннинг завқи бўлакчайди,

Ой нуридан тўйиб, ёғду ичар кўчалари.

Иноқ эди қишлоқ эли, меҳри оқибатли,

Шул сабабдан тотувликда ўйнар тойчалари.

Зувиллатар, кес-кес бўлар ҳамда бекинмачоқ,

Дарахт, девор, пана жойни қилиб “уйчалари”.

Танқис эди нон у маҳал, уруш энди тамом,

Оёқ яланг улғайишди, куйик кулчалари.

Мактаб, яна рўзғор иши, дала, молни боқиш,

Ёрдам қилар, уйда оғир оёқ чечалари,

Биз билимга чанқоқ эдик, устозлар талабчан,

Чанг йўлларда чўзилишди ёшлар бўйчалари.

Ўқиш тугаб, олийгоҳга парвоз, олдик таълим,

Йиллар, йўллар ортда қолди, қанча тўйчалари.

Унут бўлмас Дўстбердининг қадам кўчалари,

Ҳожи Поён хотирида қолган пичалари.

ВАТАН ИЧРА

Ватан ичра саёҳат, сафаринг бўлсин,

Юрт кезмоққа иштиёқу рафторинг бўлсин.

Азим тоғлар, қадим маъво, шаҳар– қишлоқлар,

Қадамжолар зиёрати қароринг бўлсин.

Юрмоқ, кўрмоқ вожиб эрур, олам бепоён,

Мулоқотда мудом ширин гуфторинг бўлсин.

Англаганинг қайд этгилу, ёзгил кундалик,

Битмоқ учун, албат, қалам дафтаринг бўлсин.

Ҳамсафарнинг ўрни бўлак ҳамроз кезарда,

Асрор Қилич янглиғ дўстда бароринг бўлсин.

Пойтахтда бўл, водийлар кўр, боргил Бухоро,

Қўллар сени фарзандларинг, сардоринг бўлсин.

Сафар маҳтал, дунёга боқ, депсинма, отлан,

Жаҳонгаштлик завқу шавқин сураринг бўлсин.

Поён Равшан, армоним йўқ, учдим, суздим,

Қарши шаҳринг, уйу жойга хуморинг бўлсин.


НАБИРАМ

Рустамбек ва ҳаммаларига

Кўзимнинг нурисан, азиз набирам,

Насибки, Аллоҳим айлайди карам.

Бахтингни барқарор, кўрмоқ тилагим,

Ёритсин йўлингни нур тарам– тарам.

Интилса толеъ ёр, чекилар захмат,

Бахтини топганлар бўлгай муҳтарам.

Ростгўйсан, ҳалолсан камтарсан, содда,

Ишингни битқазмай топмайсан ором.

Камолот етишар обрў ва амал,

Саботдан эртага туясан маром.

Ҳаётда ўз ўрнинг бўлмоғи афзал,

Хонадонга келин бўлсин дилором.

Энг яхши истакда бўл Поён бобонг,

Ижобат юзланса, эрурман хуррам.


САФАРДАГИЛАР

Сизга соғлик, хотиржамлик, сафардагилар,

Масъулият бурчин ўтар қатордагилар.

Аллоҳ берсин муродингиз мусофир чоғлар,

Ватан шонин доим баланд тутардагилар.

Сабот ҳамроҳ, ишонч зиммада, юртнинг шаъни,

Интиқ бўлиб, сиздан хабар кутардагилар.

Уй – у ватан тилак эрур қайда бўлсангиз,

Яхши ният, мақсудга етардагилар.

Тижоратми, тадбиркорлик, ҳажга зиёрат,

Диёнат деб савобларга ботардагилар.

Юз чақирим, минг чақирим оралиқда йўл,

Обрў олиб, элу юртга қайтардагилар.

Хориж чоғи осойишни берсин Яратган,

Ҳожи Поён сафда, дуо айтардагилар.

МУҲАББАТОЙГА

(Келинимга)

Севиклидир, гўзал чеҳраси тобон,

Пойи қадамидан уйлар ободон.

Беғубор, меҳрибон оқила, доно,

Катта– ю кичикка шириндир забон.

Устоздир, таълимда пешқадам, ўрнак,

Умри йўлдошига фидойи жондан.

Оқ ювиб – оқ тараб фарзандларини,

Кам бўлмасин дейди улар ҳаммадан.

Ўзи ҳам, ҳусни ҳам, улғайган илми,

Меҳру муҳаббати азиз макондан.

Келинлик, куёвлик бўлгандир энди,

Кўрсин набиралар қошлари камон.

Бекачимиз, меҳри дарё, бағри кенг,

Уй– ичи – ла бахтли, яшасин омон.

Ҳожи Поён, келинларим бўстоним,

Ғунчалари боғим айлайди чаман.

ҚАРШИ ШАҲРИМ ЯХШИ

Меҳридан оташ қучоғи, Қарши шаҳрим яхши,

Қизиган қуёш ўчоғи, Қарши шаҳрим яхши.

Оламда кўпдир муҳташам манзил, кентлар гўзал,

Баҳор сепин ёйган чоғи, Қарши шаҳрим яхши.

Манзилдир қадим Нахшабга Қашқадарё бўйи,

Атрофи боғот, чорбоғи, Қарши шаҳрим яхши.

Замонлар, кечди мозийда неча босқин кўрди,

Бўлмайин талош адоғи, Қарши шаҳрим яхши.

Боболар, ёвқур, оталар жасур, қучдилар эрк,

Бунёдкор қўлнинг қадоғи, Қарши шаҳрим яхши.

Қайнаган ёз, қаҳратон қиш, бунда матлуб сабот,

Гарчанд йўқдир тоғ, булоғи, Қарши шаҳрим яхши.

Фидокор эл обод қилди муаззам кошона,

Асрларга татир сабоғи, Қарши шаҳрим яхши.

Насаф– Қарши улуғвор Тоқи Кисродан, Поён,

Юртда аёндир салмоғи, Қарши шаҳрим яхши.

ҲОЛИМНИ СЎР

Эй қадрдон, рангимни кўр, ҳолимни сўр,

Илтимос, яхшиликка гапингни бур.

Ҳасратим қалашган, ҳижрон алами,

Биродар десанг ўзинг, ёнимда тур.

Юрак тўлган, айтай, тинглагил, шошма,

Сарбасар қиссамни бошлайин, буюр.

Сафарга отлантир, ториқдим беҳад,

Тўрт девор ичида ёлғизлик оғир.

Қалбимда бир оқим, армонми, умид,

Сарҳадсиз ўйлардан куяди бағрим.

Давра ҳам совиган, сийракдир дўстлар,

Кетганлар охирин айласин тағйир.

Гина– кудуратдан, бездим араздан,

Ёш бир жойга етган, кексайган сағир.

Қадрини билмасга насиҳат бекор,

Иякда соқолу, ичади чоғир.

Фаросат аҳлидан истадим ҳамроз,

Узрим шул, азизим, Ҳожи Поён, ғўр.

АНДИЖОН

(проф. Рустамбек Шамсуддиновга)

Жамолинг мафтуни бўлдим, Андижон,

Камолинг мафтуни бўлдим, Андижон.

Бинолар кошона, муҳташам гўзал,

Бағрингда қувончга тўлдим, Андижон.

Табиат саховат чиройин очган,

Бўстонингда ором олдим, Андижон.

Гўшаларинг сўлим, йўлларинг равон,

Бунёддан ҳайратда қолдим, Андижон.

Мардона нуфусинг, фасоҳат шева,

Қалбимга ибратлар солдим, Андижон.

Маскан ободлиги шиордир бунда,

Кечмишдан ўйларга толдим, Андижон.

Рустамдек Шамсуддин довруқли олим,

Мозийни ёритди билдим, Андижон.

Ҳавасим, ҳурматим, элингга чексиз,

Мадҳингда таъзимда келдим, Андижон.

Ораста эрурсан юртимда, Поён,

Дўст билан қувнадим, кулдим, Андижон.

АНДИЖОН ГЎЗАЛЛАРИ

Латиф экан, ҳурилиқо, Андижон гўзаллари,

Қадди сарви, ҳусни зебо, Андижон гўзаллари .

Қадам қўйдим шаҳри азим, ораста гулводийда,

Чиройидир оҳанрабо, Андижон гўзаллари.

Субҳдамда, регистондан эсар ел, шўх шаббода,

Хушбўй эрур тонгги сабо, Андижон гўзаллари.

Жондан суйган, Мирзо Бобур, оташ меҳри қолган,

Назмиёти чун дилрабо, Андижон гўзаллари.

Сулув қизлар, пари– пайкар, бариси ширин калом,

Қад безамиш гулгун қабо, Андижон гўзаллари.

Иболи ҳам оқила, ярашиқли, нозу одоб,

Бўлмасайди бунча барно, Андижон гўзаллари.

Сайр айладим равон йўллар, аллома дўст ҳамнафас,

Бунёд аҳли экан доно, Андижон гўзаллари.

Қарши бирла боғланмиш дил риштаси Ҳожи Поён,

Сафар узра бордир маъно, Андижон гўзаллари.

ФИДОДАН

Вайрона бу кўнгил, сенсан ободон,

Омонат ўзимман, сенсан жовидон.

Табиат мумтози, эй моҳи тобон,

Оқила, доносан, мендирман нодон.

Боқмайди ҳолига парвона ошиқ,

Нолонман, ҳажрингда, ўзингсан шодон.

Сендан бузмоқлик онт, мендан садоқат,

Инсофинг тиладим ёлғиз Худодан.

Тинмадим васфингда, бермадинг жавоб,

Кулдику рақибим ёрдан жудодан.

Ишқона ҳасратдан безордир олам,

Ларзонга тушди ул тағин нидодан.

Бир нигоҳ ташлагил, яйрасин Поён,

Моҳитоб айрилмас аҳдли фидодан.


ОМОНАТ

Табиат мумтоздир, илоҳий хилқат,

Инкишоф этмоққа эҳтиёж, тоқат.

Маҳлиё келганлар ноумид кетар,

Авлод алмашмоғи мутассил фақат.

Водийлар, тоғлари, маъдан, дарёлар,

Ниҳоят кўп эрур жалб этар жиҳат.

Мурғак тасаввурлар қарийди тездан,

Яшаш илинжида қоқурлар қанот.

Дунёда жонзотнинг тури, хили кўп,

Қитъалар бағрида одам тумонат.

Кечаги мафтунлар бугун талашар,

Салб юриши қилар ёхуд ғазавот.

Аллоҳ бандалари олам сарвари,

Курашдир тарихи жами махлуқот.

Ҳаётга талпиниш, севиш, эй Поён,

Ўткинчи жаҳонда бари омонат.

НУФУСНИНГ БАХТИ

Дунёга тўйганни кўрмадим ҳали,

Ночор-у фақирнинг маълумдир ҳоли.

Кимлардир бойликка муккадан кетган,

Яхши эмас, афсус, кўпнинг аҳволи.

Бойларга қўш қўллаб очар хазина,

Гадони ёлчитмас эҳтиёж золи.

Талтайиб кетганлар саждагоҳи пул,

Ўмариш, поралар юртнинг заволи.

Бечора фуқаро барига кўнар,

Кимга керак, ахир, арз, қийлу қоли?

Бир текис фаровон яшаб бўлмайди,

Курмаксиз бўлмайди оқланган шоли.

Ношудга олтин тоғ этсалар инъом,

Олти ойда қолмас қўлида моли.

Давлат қўллаб турса, тадбиркор топар,

Интилганга мадад юртнинг шамоли.

Раиятпарварлик, эй Поён Равшан,

Мамлакат, нуфуснинг бахти, камоли.

НИЯТНИ ЯХШИ ҚИЛ

Ниятни яхши қил, сенга ҳам берар,

Интилган ризқини, албатта, терар.

Ҳасад-ла оғринма, ичқора бўлма,

Карами беадад, барчага етар.

Борига ризо бўл, айтгил шукрона,

Бағрикенг банданинг ишлари битар.

Насибни тилагил Яратган Зотдан,

Орзуйинг ушалар пайваста, қатор.

Ғаразни кўнгилга тугмагин зинҳор,

Омадинг қайтади янада бадтар.

Кенгга кенг, торга тор азалий дунё,

Боғлиқдир феълинга ва қандай рафтор.

Одамнинг ёмони бўлмайди, Поён.

Қачонки, Аллоҳни ёдида тутар.

ҚАЙДА

Дўстим Ҳазрат Суннатов хотирасига

Эй дўстгинам, навқирон чоғлар қайда,

Соғинчдан очилган қучоғлар қайда.

Кўрмасак ҳафтада тутарди хумор,

Ором олганимиз у боғлар қайда.

Шеърият шайдоси, муҳиби эдик,

Қизғин баҳсимизга гувоҳлар қайда.

Йўлдошинг гўзаллар ичра танладинг,

Бахтингдан, қадрдоним, огоҳлар қайда.

Ижодда пешқадам, чархли қаламинг,

Бадианг ёқтирган нигоҳлар қайда.

Оила, фарзандлар жону жаҳонинг,

Муҳаббат-ла кечган сабоҳлар қайда.

Эларо танилдинг, рўзнома минбар,

Қиссанг тугамаган варақлар қайда.

Дўстларинг ёнингда парвона эди,

Суҳбати соз, кўзи қароғлар қайда.

Ҳаёт шундай, савол қолар бежавоб,

Сукунатда яқин йироқлар, қайда.

Шўъла сочдинг, ўчмас тоабад, Поён,

Бир умр ёнгай ортда чироғлар, қайда.

ҚАШҚАДАРЁ НАВОЛАРИ

Субҳидамда майин эсар Қашқадарё саболари,

Сабо бирлан оқиб келар Қашқадарё наволари.

Тўрт фаслининг хислати бор, мафтун этар ёзи-қиши,

Сўлим эрур мусаффо ул тоғли сарҳад ҳаволари.

Қадим диёр, мозий бирла сафда келур бўй-бўйлашиб,

Нахшаб бунда, Кеш фахридир, гўзал унинг маъволари.

Ғаллага кон, чорваси мўл, саноати тараққийда,

Пахта, ипак, боғу роғлар, миришкорлик раволари.

Эли ўктам, марду доно, шижоатли йигитлари,

Оқила-ю суйимлидир маҳвашу дилраболари.

Жануб ўлка юрт гавҳари, Соҳибқирон ифтихори,

Бахш айлади ўзлигини ҳуррият шаббодалари.

Ўзбекистон, азиз Ватан, жаҳон сенга ҳавасланур,

Бу кун бунёд кошоналар келажак обидалари.

Дилда ғурур, юксалмоқда қучоғингда Қашқадарём,

Васф этибон ҳеч толмагай Поён каби фидолари.

ТУРОЛМАЙСИЗ

Ноз – истиғно, “ ғавғо” қилмай туролмайсиз,

Киноялар “совға” қилмай юролмайсиз.

Ҳеч билмадим, кимда кўнгил, парвона кўп,

Рақиб турса, бизга қадам буролмайсиз.

Дугонанггиз салом берса, чимириб қош,

Зимдан араз, каминани кўролмайсиз.

Чиройингиз юрагимга ғулув солган,

Дуч келганда арзи ҳолим сўролмайсиз.

Қулоч етмас қора сочлар бошда чамбар,

Карашмасиз мушки торни таралмайсиз.

Мактублардан дил изҳорим яхши аён,

Ибо бирлан мен сарига қаролмайсиз.

Анҳор бўйи, учрашувга кўп чорладим,

Қалаштириб баҳонани келолмайсиз.

Муҳаббатим, садоқатим чексиз, Поён,

Ортиқ унга иштибоҳлар сололмайсиз.


ЎТАСИЗ

Кўчамиздан ҳар куни минг солланиб ўтасиз,

Кўрмаганга оласиз ё орланиб ўтасиз.

Сиз юрганда нобатот ҳайрат ила боқади,

Гуллар рашкин қўзғолаб, чун турланиб ўтасиз.

Кўрган бари маҳлиё, хиромонга ҳавасда,

Мағрур қадам ташлабон, ки ҳурланиб ўтасиз.

Қора– қошу қора соч, қизил кўйлак ярашиқ,

Ғунча лабда қимтиниб, кўп сирланиб ўтасиз.

Чўлғаб олар ҳаяжон, салом учун шошарлар,

Жиндайгина бош эгиб, ҳузурланиб, ўтасиз.

Журъат қилиб, сўз солган бирор шайдо кўрмадим,

Озроқ юмшанг, очиғи виқорланиб ўтасиз.

Мунтазирман дийдорга, ишқ мавсуми бебаҳо,

Поён айтур, кеч бўлур, сўнг зорланиб ўтасиз.

БИЛАДИ

Ошиқ дардин ошиқ бўлган билади,

Ғамгусорни ғамга тўлган билади.

Яхшилар кўп элимизда, азизлар,

Эҳтиромни ҳурмат кўрган билади.

Бани одам, инсон қадри лафзида,

Ваъдасида собит турган билади.

Кенг жаҳонда синоат кўп, сир кўпдир,

Моҳиятин кезган, юрган билади.

Тўғрининг иши ўнг,ноумид шайтон,

Сочилган ризқини терган билади.

Одамнинг заҳрини одам олади,

Ночорнинг ҳолини сўрган билади.

Бойликни жамлашда бош қўшар ғирром,

Эътироф этгандек, Морган билади.

Ғазалинг маънисин, эй Поён Равшан,

Ўқиб, ажримига борган билади.

ТУШ

Қучоқ очиб келдинг кулбамга бу тун,

Либосинг башанг-у юзингда ёлқин.

Олти йил бўляпти кўрмадим дийдор,

Ота-онам янглиғ сен эдинг яқин.

Изингдан Қаҳрамон, Гулсара кетди,

Фироқлар ғуссасин қилолмам талқин.

Садафой янгангдан ажралиб қолдим,

Хонадон кўтарди мусибат юкин.

Укажон, жон укам, Абдулла укам,

Ғаним экан дунё минг бора ўкин.

Бир лаҳза бўлса-да, оразинг кўрдим,

Ҳолимиз англадик кўз ёшда, лекин.

Сийрак тортган қатор тўлишар, албат ,

Бағримизга тегар, насибки, салқин.

Туш кўрдим, гарчи туш, тасалли, Поён,

Тиларман ўтганлар охир – адоқин.

КЎРМАСИН

Ёмон ўлса ҳамки, ўлмас ёмонлик,

Дастидан яхшилар топмас омонлик.

На элни, улусни ўйламас, худбин,

Истеъдодни қилар қадди камонлик.

Илдизи бошқалар сафдошни сотган,

Улуғ адибни ҳам қилиб гумонлик.

Миллат, эрк дегувчи ижодкор аҳли,

Тавқи “халқ душмани” ранги сомонлик.

Жонгудоз олчоқлар яшади узоқ,

Икки дунё бўлмай асло имонлик.

Номлари таниқли, қилмиши қора,

Мустабид тузумда эди боёнлик.

Қаттолни қизитган қизил салтанат,

Маҳаллий сотқинлар бордир зиёнлик.

Ўзлигин унутган улусда, билинг,

Гулшанга дорийди тезда хазонлик.

Поён Равшан, миллат қўрир сарҳадин,

Ватанда бўлмасин зинҳор тўзонлик.

ЙЎҚ ЭРУР ЗАҲРИ

Юзга айтилганнинг йўқ эрур заҳри,

Юраги қоралар ичида қаҳри.

Салому аликда каттадир ҳикмат,

Иккала тарафнинг очилар баҳри.

Сўз оҳанрабо ё қаҳратон, аёз,

Иситар, музлатар, маънода сеҳри.

Ачитиб гапирар жони ачиган,

Боёнда ифода топади меҳри.

Фаросат соҳиби мақтовга учмас,

Хушомад тамали эмасдир тўғри.

Кимгадир айилдай ботади танбеҳ,

Ўчга, интиқомга тўлади бағри.

Ким яхши, ким ёмон, шукрона, Поён,

Беш бармоқдай билар маҳалла, шаҳри.

БУНЧАЛАР

Қайдан ҳаёлимга кирдинг бунчалар,

Ором бермай, жавлон урдинг бунчалар.

Дунёни унутдим висолинг қумсаб,

Йўлимни орқага бурдинг, бунчалар.

Толдими,ёинки, хорғин ирода,

Ўйларим тийиқсиз, кўрдинг, бунчалар.

Бир хилват истадим, эҳтимом излаб,

Меҳринг қўйиб, ёнда юрдинг бунчалар.

Тахайюл нимадир, кўринмас сароб,

Нуқтада кесишар дардинг, бунчалар.

Имконим пиёда, етолмас қувиб,

Назрим сен қолдирган гардинг, бунчалар.

ДУНЁДА МУҚАРРАР, АЛБАТ, ҚАЙТАР КУН

МЕНДАН

Аяманг, озгина меҳрингиз мендан,

Журъат йўқ, десамки, “севсанггиз”, мендан.

Муҳаббат матлаби мубҳам бир орзу,

Арзир, “ишингни қил”, десангиз, мендан.

Ё магар кўнглингиз қуёшдай илиб,

Мурувват айлабон, ийсангиз, мендан.

Тонгим отармиди, чекиниб зулмат,

Юракдан жой бериб, суйсанггиз, мендан.

Ўткинчи дунёда ўткинчи ўйлар,

Сиз ҳам ишқ йўлида куйсанггиз, мендан.

Кўп нарса сўрамам, жиндай илтифот,

Сўзим яхшиликка жўйсанггиз, мендан.

Гар келса малоли, розиман , Поён,

Майдалаб келида тўйсанггиз, мендан.

ДУНЁ ИШЛАРИ

Тушунмай қоляпман дунё ишларин,

Ташвиш қотиряпти кўпнинг бошларин.

Зилзила, довуллар етмаган каби,

Ғанимлар сўқмоққа тайёр нишларин.

Мақсаддир манфаат, ҳукмини сурмоқ,

Синдирсам дер кучли заиф тишларин.

Қартайган заминда бунча кўргулик,

Қитъаларнинг камлаб нону ошларин.

Хасталик чекади она– Сайёра,

Емириб боради тоғу – тошларин.

Меҳр– оқибат қайда, сийналар қотган,

Бугунда ҳаёли аксар ёшларнинг.

Яхшилик кутилар, келурми, Поён,

Сўрагувчи борми орзу – тушларин.

КЎНГИЛ ҚАРИМАС ЭКАН


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации