Электронная библиотека » РАВШАНОВ ПОЁН » » онлайн чтение - страница 5

Текст книги "ВАТАН МАНГУ МАКОН"


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 09:00


Автор книги: РАВШАНОВ ПОЁН


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 7 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Йўл юрарда учради қанча тўсиқ, ғовлар,

Ҳасад деган балони чун койиб яшадим.

Бахт шулки, насибдир, мустақил бўлди юртим,

Босилган эрк одимин шонга йўйиб яшадим.

Қашқадарё суви ҳам шаффоф, оқди зилол,

Субҳи шабнамларга юзим чайиб яшадим.

Илму фан, ижодда, шукрона, қалам равон,

Етмишга етди китобим– ки, бойиб яшадим.

Ўзбекистон бўлди фахрим, дей, Поён Равшан,

Ёзмиш тарихимда донғин ёйиб яшадим.

ТАМАННО ЭТСАМ

Эй,санам, айб этма, дийдор таманно этсам,

Юрак амрин бул кун ошкор таманно этсам.

Ғойибона севги дилда гул очди чаман,

Вақти, даста гулда изҳор таманно этсам.

Кўнгил қўйдим кўриб анжуманда қоматинг,

Матлаб турур лутфинг бир бор таманно этсам.

Яхшилар деди васфинг, зебо, танҳо, чирой,

Риштани боғларда барор таманно этсам.

Назар солким, қолсин ҳасадда неча ағёр,

Бахт истаб, вафога хуштор, таманно этсам.

Малолат чекмағил, сўзларим қалбдан нидо,

Лафз бирлан арзир номус-ор таманно этсам.

Бу савдо кўп қадим, инкишоф менга, Поён ,

Саодатдур сенингдек ёр таманно этсам.


СОҒИНЧЛАР ЮРАККА ЗИЛ ЮКИН БОСДИ

ТИНЧ ЎТГАН КУНИНГ

Фонийнинг беҳишти тинч ўтган кунинг,

Ҳаловат, фароғат тинч кечган тунинг.

Хизматинг бажарсанг сидқидил, ҳалол,

Яхши гап эшитсанг рағбати жонинг.

Муроса, мадора бўлса юракдан,

Осуда оқади томирда қонинг.

Инсофу, диёнат яшаш шиоринг,

Ҳамиша покиза, бутундир нонинг.

Ҳурматли бўлурсан элингда, албат,

Оиланг барори ёруғ жаҳонинг.

Муҳандис ё олим, зиёли, деҳқон,

Моҳири бўлолгин оид соҳанинг.

Ҳожи Поён Равшан, муҳимини айт,

Қиммати бўлакча тўғри баҳонинг.

ОГОҲНИНГ ДЎСТИ

Соғинчлар юракка зил юкин босди,

Умид оқибатни муаллақ осди.

Тақдир ёғийлари изғирин бўлиб,

Кўнгил боғи ичра хазона қасди.

Тилсиму мубҳамдир бахт яшар макон,

Машаққат сўқмоқлар кўп баланд– пасти.

Қорага етдим деб севинган чоғда,

Балодан титрайди оёқнинг ости.

Ўнгидан келмайин тўлғайди ҳаёт,

Яхшилик йўл топмас, қисқадир дасти.

Қора қуюн бўлиб тўқлик ва шўхлик,

Барорни зиндонга эвирар, рости .

Нописанд кўрмади оёқ остини,

Бир куни олдини панжара тўсди.

Кўрган– билганидан айтди мухтасар,

Чунки, Огоҳ Поён Равшаннинг дўсти.

МАҲЛИЁ АЙЛАБ

Маҳлиё яшагил юртинг инкишоф айлаб,

Камолу осойишин шону шараф айлаб.

Унутма ҳар қачон, бордур ҳаётда ғулув,

Шер издан қайтмагай хавфни бартараф айлаб.

Ёқтирар бу ҳаёт кимки мардона,оқил,

Хатар етгай, ишни гар қилсанг хилоф айлаб.

Ғанимат айём қадрин бил навқирон чоғдан, Чун олам саҳнини этмагил масоф айлаб.

Тилга олсинлар номинг доим яхши дебон,

Эккил ниҳол, жойинг яшил ўт– алаф айлаб.

Ота-она йўриғи йўлни этгай равон,

Ки таҳсилда шогирд устозни салаф айлаб.

Хожи Поён, тила ёшларга умри боқий,

Кечди ҳаёт манзилинг Қарши– Насаф айлаб.

МАҚТОВ

Мақтов шаддод сулув илтифотидур,

Мақтов фаол ҳиссанг мукофотидур.

Мақтов ширин бироқ, айтилмас ҳар кун,

Восита бўлғувчи шафоатидур.

Меҳнатда ўзар ким, кимда дастурхон,

Қўли очиқларнинг зиёфатидур.


Мақтовнинг тури кўп, хушомад бири,

Мақсади муайян очофатидур.

Кўкларга кўтарар, Ҳақни унутиб,

Бу худобехабар хурофатидур.

Эл билса хизматинг, тўғрисин дегай,

Ҳам одил раҳбарнинг маърифатидур.

Рағбатнинг ўрни бор, кўнгил кўтарар,

Яхши сўз демоқ Поён сифатидур.

ЧАМАНИМДАДИР

Умрим, шукр, қирчиллама қишимдадир,

Ҳисобда, етмиш саккиз ёшимдадир.

Фарзандларим, ўғил-қизим таянчим,

Набиралар, келинлар ёнимдадир.

Соғлик, хотиржамлик тинчлик матлабим,

Осойиш бардавом Ватанимдадир.

Баҳорлар ўтказдим ҳам ёзу кузлар,

Фасллар зийнати тўрт томонимдадир.

Ҳаётдир жовидон, юксалиш, равнақ,

Кундан-кун яхшилик замонимдадир.

Аллоҳ бандасисан, эй Ҳожи Поён,

Ҳамд-сано демоқлик имонимдадир.

ҚУТЛОВ

Зафарбой ва Олимжонга

Эзгулик тилашдан ортиқ бахтим йўқ,

Фарзанд ота учун оламга лойиқ.

Чеҳра очиқлиги, хотиржам дамлар,

Ҳузур бағишлайди суҳбати илиқ.

Соғлик-саломатлик, мавқеъ, мартаба,

Ҳурмату эҳтиром жуда ярашиқ.

Бугун мен дуогўй, Аллоҳдан нажот,

Дейман, равон бўлсин яхшига эшик.

Карвонда норимсиз, олдинги сафда,

Учрамасин йўлда қинғиру қийшиқ.

Кўзимнинг нурисиз, қалбим қурисиз,

Ифтихор, оримсиз, мангулик қўшиқ.

Сочай бошингиздан топганим зарим,

Онанггиз руҳин қадр этасиз бешак.

Бағримга босайин тилабон иқбол,

Ота-оналарга зурриёд байроқ.

Табригим таваллуд, қутлуғ кун билан,

Умринггиз, бахтинггиз билмасин адоқ.

ҚИСМАТ ДИЙДАСИ

Дегил кўнглингдагин, менман сўзнинг гадоси,

Мулоқот истарман, бўлдим маҳжур адоси.

Баҳор сепин йиғди, тинди пастқамда сабо,

Мудроқ ичра унут сарин еллар ваъдаси.

Уввос тортар қуюн, шитоб қилади бўрон,

Водийдан келади маҳзун уннинг садоси.

Деразани чертар нохос адашган томчи,

Пардани кўтарар ёрнинг муҳиб фидоси.

Юриб борар кимдир, қўнишиб, ивиб роса,

У Мажнун, сочлари тўзғин, Лайли жудоси.

Булут лашкарлари тортар ҳайбатли наъра,

Сукунат қоплайди, сўнар вақтнинг нидоси.

У йўлда бардавом, кетар зулматга сингиб,

Қаттиқ бўлмасайди бунча қисмат дийдаси.

Мозийдан борлиққа қайтди ҳикоят бўлиб,

Кўрдим, Поён, устда ҳамон ўшал ридоси.

САОДАТ

Тилак бирлан яшамоқлик инсоний одат,

Яхши бўлса ният, орзу топқай ижобат.

Мен кечган умримда кўрдим, билдим, эшитдим,

Бир жиҳат хусусда қилмоқ бўлдим мулоқот.

Бахт деймиз ёшликдан, қумсаш, интилиш мудом,

Кўрсата олдикми, билмам, лозим садоқат.

У қўлин чўзганда, талтайиб кетмоқ осон,

Феълнинг айнишига асло қилолмас тоқат.

Қайтиб ҳузуригга келмас, қўймайди қадам,

Эслаш ё юпанч, ё алам овутар фақат.

Нечун қадрингни жойига қўя олмадим,

Нечун таваллода сўрмадим раҳму шафқат?

Шу ёнда юрибсан, эсга олмайсан, нетай,

Поён, ҳар кун соғинаман сени, САОДАТ!

ОБОД ЭКАН

Амал ҳам шон– шухрат бир муддат экан,

Машҳурлик сўниши бор одат экан.

Шитобла ўтаркан навқирон чоғлар,

Кўнгилнинг тўқлиги, лек, мадад экан.

Куйманиб, ийманиб яшаркан одам,

Турмуш ташвишлари чун сарҳад экан.

Каламуш қўтири ,туя ёғири,

Муаммо мезони беадад экан.

Рақибсиз жонзод йўқ, хатарда фил ҳам,

Ўрин алмашинмоқ чун абад экан.

Юхолар тўймаскан, камбағаллар оч,

Ошъёни тору кенг бир рабод экан.

Жон фидо қилганлар кетди ломакон,

Кечаги савлатлар хайф, барбод экан.

Эй Поён, сабаблар ахтарма, бисёр,

Шукри бор хонадон кўп обод экан.

ФАНО САҲРОСИДА

Фано саҳросида қолдим бу кун Мажнунвор,

Сайёди ғам қасдимға тинмай новак отар.

Жабру жафоларким, мушавваш этди ҳолим,

Нишон айлаб, узган ўқлари танга ботар.

Паноҳ изладим, Вомиқ, Фарход, паноҳ борму,

Нафас олмоқлик воҳа, тоғу тошда хатар.

Кайфу сафо қилурким ёсуманлар андоқ,

Хайратда лол Лайли, Узролар турар қатор.

Ихтиёр йўқ, муғанний истар мумтоз оҳанг,

Ғариб бўлиб, бағрин ўртар рубоб ила тор.

Пардозларга ўтди энди хазонли боғлар,

Урфга кирди, билдик, дунё йиғишда барор.

Бўлса эди бу кун ул ошиқ шахзодалар,

Ишқ аҳволидан армонда, ёшлари оқар.

Фано даштида кездим, сабрим сароб бўлди,

Поён, кун келгай, ахир дарё чўлга оқар.


ОДАМ

Кўниб-кўнмай,йиғлаб-кулиб ўтаркан одам, Умри бўйи яхшиликлар кутаркан одам.

Толеъи ёр, пешонада бўлса иқболи,

Ҳаёт узра мавқе,томир тутаркан одам.

Нечук эрур кела-келмиш авлод-аждоди,

Нисбат шунга уйғун одим отаркан одам.

Синовлар кўп бўларкан банда бошида,

Шайтон оздирса гар, адам, битаркан одам.

Амаллар бераркан, яна бойлик бечама,

Бир муддат талтайиб, ўздан кетаркан одам.

Мукаррам айларкан диёнату тамкинлик,

Ризқи мўлу бахтдан тонглар отаркан, одам.

Ҳожи Поён, дегил тақдир Илоҳга тобин,

Кимга қуёш, кимнинг ойи ботаркан, одам.

Қ А Д Р Л И К ИНСОН

Саломим йўллайман сизга, эй қадрлик инсон, Ҳурматим беқиёс,эл ичра фахрлик инсон.

Таҳсинга сазовар фидоийлик, оқибат,

Фан йўли,олимлик, касбда моҳирлик инсон.

Умрингиз ҳавасли, чаман маърифат боғи,

Тағин насиб бўлди ашъор,шоирлик инсон.

Китоблар ёзурсиз мавзу долзарб, рангба-ранг, Тарих васфи ҳамда қалбга доирлик, инсон.

Бу дунё бағри кенг,яхшилар яшар макон, Хўблар сафида исмингиз ёйурлик инсон.

Меҳру садоқатни юртига бермоқ вожиб,

Тилда ҳам дилда эҳтиром зоҳирлик инсон.

Поён Равшан мамнун бу кун айтиб дил сўзин, Орта борсин дўст-ёронда машҳурлик, инсон.


ЎЙЛАМА


Дунё кенгдир, асло тор деб ўйлама, Келмоқ, кетмоғингга зор деб ўйлама.

Бўлсангда-бўлмасанг,муқимдир фазо, Наботат,махлуқсиз, хор деб ўйлама.

Ҳаётдан асар йўқ қанча сайёра,

Муаллақ бино бекор, деб ўйлама.

Танҳодир куррамиз,илохий қудрат, Ўз-ўзидан пойдор деб уйлама.

Милён йил синовда олам ва одам, Хулоса,абад барор, деб ўйлама.

Тажриба адоқсиз, мангу бардавом,

Зуҳур илоҳий қарор, деб ўйлама.

Тинмай келишади, кетишар, келар,

Тўгарак навбат такрор, деб ўйлама.

Кўтариб кетилмас, дунё қолади,

Юким олиб борар нор, деб ўйлама.

Тириксан, туфроқни тўтиё қилғил,

Чун ярашар нафс, виқор, деб ўйлама.

Ҳожи Поён, ҳаёт шундай имтиҳон,

Топширсам яна бир бор, деб ўйлама.

Б Ў Л М А Й Д И

Куйманасан, асти бекор қолиб бўлмайди,

Қимирламай, қирдан ошиб, ғолиб бўлмайди.

Қаривим етди деб, нор туядай чўкибон, Маҳзун тортиб, хасталикдан нолиб бўлмайди.

Хозиқ ҳам, ҳабиб ҳам, дўст ўзинга ўзингсан, Дунёнинг ташвишин олдга солиб бўлмайди.

Қаддингни кўтариб юрибсан, шукринг дегил, Ҳеч нени Аллоҳдин ортиқ суйиб бўлмайди.

Охирот боши берк йўлда энг сўнгги бекат, Чубин от жиловин ортга буриб бўлмайди.

Баҳравар кунлардир, ойу қуёш ғанимат,

Қайтиб бу жаҳон манзарин кўриб бўлмайди.

Келдингми, ном чиқар, фалон яхши десинлар ,

Ёзгил, вақти етса, қалам суриб бўлмайди.

Мукаммал яшашга интилгил, Ҳожи Поён,

Бу олам синоат, бир кам, тўйиб бўлмайди.

ЁРМИКАН

Осмонда учгани лочинмикан, сормикан,

Оқтовнинг бошида дастормикан, қормикан.

Саробли саҳрода кўринур қасри олий,

Муроди мустажоб ушшоқ аҳли бормикан.

Варақ– варақ ўқиғил ишқ тарихин, эй дўст,

Фарҳод каби шайдолар висолга зормикан.

Биёбондан карвон келур, тизилиб, бедор,

Қатор бошида толмас, йўл бошлар нормикан.

Йўл ўзанган кимсасиз водий тоғлар аро,

Ҳар бешада ҳавф– хатар, ёғий хунхормикан.

Қимирлаган қир ошар, кўз қўрқоқ, қўл ботир,

Қўноқ бўлар ул маъво мангу баҳормикан.

Манзилларни тай қилиб, олдин боради умид,

Ҳожи Поён, пешвозда бахт– барор ёрмикан.

МАЙИНЛАР

Нохос кўтарилар қора қуюнлар,

Дунёда кўп экан ажаб ўйинлар.

Томоқ ёғланади, қалашар ваъда,

Пуч ёнғоқлар ила тўлар қўйинлар.

Ғалвир кўтарилар вақт келар сувдан,

Ҳисоб қилинади чақа, тийинлар.

Олдда мулозамат, мақтов илтифот,

Мағзава тўкилар ортдан кейинлар.

Отани менсимас қорни тўйганлар,

Онага ўқраяр бўйни йўғонлар.

Амалу бойликдан ердамас, кўкда,

Эрта тушмоғида бўлғай қийинлар.

Поён, кўрдим ахир, беўйлов, худбин,

Мулло эшагидай бўлғай майинлар.

ГУЛ ФАСЛИ

Гул фасли, дала сайри, навбаҳор чоғлар.

Ҳайбатли қаддин керган виқорли тоғлар.

Дилга ором сарин ел, эсгувчи сабо,

Алвон поёндозда рақсда қизғалдоқлар.

Оқ харир либосда сайрда абру найсон,

Жилва қилар устда атласу ширдоғлар.

Сайёра ясанган, пардозда чечаклар,

Мовий қабо киймишдир Ўртачўл ёқлар.

Олам беҳишт жамолин муқаррар этган,

Хўшбўй ифор,атридан чоғдир димоғлар.

Гул баргидан йўргак солган олма, бодом,

Кўклам тароватин жам этмиш боғ– роғлар.

Турна учсин, лайлак қўнсин, булбул ҳофиз,

Йўламасин бу гулшанга асло зоғлар.

Поён Равшан, субҳидамда оламга боқ,

Ватан чирой очган, кўрклидир бу чоғлар.

КЕТДИНГ

Кунларимни маҳзун айлаб, эй ёрим кетдинг,

Кулба ичра ёлғиз ташлаб, пайкарим кетдинг.

Кўнгилда гуллаган боғим тортди-ку хазон,

Вужудим ўртар нола, номус– орим кетдинг.

Йўлдошим бўлиб, гулим, қўйдинг бахтга тамал,

Юрак мулки эдинг, топганим борим, кетдинг.

Нақш олмани бўлдилар, ярми чекди талаф,

Икки ёрти бир бутун, ифтиҳорим, кетдинг.

Обод эди рўзғорим қачон қўйдинг қадам,

Қолмади сенсиз ёнимда барорим, кетдинг.

Илҳом берди мудом ардоғинг, меҳру тафтинг,

Ғусса бу кун эзадур, давр сурарим, кетдинг.

Охири йўқ ўйларим, кезар билмай сарҳад,

Шулмиди ёр, бу дунёда кўрарим, кетдинг.

Пешона битигидир, нетай, Ҳожи Поён,

Садафойсиз, билмам қанча турарим, кетдинг.

НОЗИГУЛ

Нозигулнинг ром этади нозлари, Нозларида ишва бирла розлари.

Қадди сарв, мурча миён, офатижон,

Кўк ўсмаси Ой қўйган пардозлари.

Хиром этса силкинади сунбули,

Тунда ёғду сочадур оразлари.

Ҳарир қабо гул қоматин безамиш,

Зар қатимда товланар шерозлари.

Васфи матлуб, куй басталар муғанний, Жам бўлибон оҳанг талаш созлари.

Малоҳати, нафосати шайдоси,

Ашъор битар шуаро мумтозлари.

Нозигулнинг нозланиши, нозидан,

Ғулув солур қалбга баҳор, ёзлари.

Ишқи тушган бир сен эмас, эй Поён, Нозигулга кимнинг етар арзлари?

ТОПАРМИДИМ

Қанча излай, бахтим қаён, топармидим, Тақдир нигун, бўлди аён, топармидим.

Бу арзимнинг қизиғи бор кимга, ёрон, Қайта – қайта қилсам баён, топармидим.

Ҳижрон ичра ёр васлида ғариб кўнгил, Неча йилким, фироқ шоён, топармидим.

Сулув ёрим хаёлимда жонланадур, Кўрмоқ йўқдур кўпдан буён,топармидим

Ёлғизликнинг ноласини чеккан билар, Тушимга ҳам кирмас ахъён ,топармидим.

Кўз тутарман йўлга,сароб ақлим олар, Бобур топмаганин, Поён,топармидим?!

ФАСЛИМ

Марҳабо, баҳорим,интиқ этганим фаслим, Таровати завқи,ашъор битганим фаслим.

Деразам ортида чаман, уллар хирмони,

Маҳлиё термулиб, ёндан ўтганим,фаслим.

Зимистон лашкари ортга чекинган чоғлар, Зафаринг олқишлаб, хандон отганим, фаслим.

Булутлар энгашиб майса юзин чайганда, Гулдурак сасига қулоқ тутганим фаслим.

Шукронам беадад, насиб кўкламнинг шавқи, Қаҳратондан сенга омон етганим фаслим.

Ёдимга соласан ёрим дийдор, оразин, Васлини интизор, бедор кутганим фаслим.

Баҳор қайтаверар, Поён, қайтмайди даврон, Ғанимат неъматинг бир зум тотганим, фаслим.


НИСОР ЭТСАМ

Қани эди, жонимни нисор этсам,

Келган балога кўксим хисор этсам.

Беғубор хилқатсан, юрак парчаси,

Тунни ёритгувчи субҳ осор этсам.

Ўпичдан тўймадим лабинг,юзингдан, Эркалаб,сўзлардан чун бозор этсам.

Сен мурғак лочиним,полапон эдинг,

Миродил, таърифинг ки бисъёр этсам.

Пешонага сиғмас бахтлар бўларкан,

Айрилиқ дардидан гар озор этсам.

Олти ой суюндик, қоврилдик куйдик,

Гўдагим, хасталик эш, назар этсам.

Ҳожи Поён, доғинг кўпдир юракда, Чорасизман,ўлимдан хазар этсам.

МАНГУЛИК

Баҳор бўйларидан бўлди олам муаттар,

Боғу бўстонларда яшил қабо дил тортар.

Кенгликлар пойини ўпар мовий далалар,

Тоғлар салобати, кўрки, виқори ортар.

Жам бўлибон кўкда ҳарир абру найсонлар,

Томчисидан қувониб, барглар ўсма тортар.

Қамчисин ўйнатиб, отин елдирар шамол,

Дўлнинг палохмони гулу ғунчани ўртар.

Ҳамал оқиб кетар бўтана сувлар ила,

Саротон нағали кўкат тухмин қуритар.

Саҳрода ташналаб, маъюс қолмиш оққуврай,

Сароб сеҳри бунда, ҳукмин тайин юритар.

Бўзтўрғай ноласи авжга чиқар пешинда,

Ўлжасин ютган тимсоҳ кўз ёшин аритар.

Айланар тўрт мавсум: баҳор, ёз, куз, қаҳратон,

Қудрат муқим бўлиб, мангу савлат таратар.

МЕНИНГ

Айланади қора булут бошимда менинг,

Иблис кўланкаси мудом қошимда менинг.

Кимларнинг арпасин хом ўрган эдим, айтинг,

Бўлмаса ором, нафақа ёшимда менинг.

Муттасил маҳзунлик эзиб келар неча йил,

Ҳаловат таъми йўқ, еган ошимда менинг.

Ойда– йилда ойдинлик йўлим ёритса гар,

Зулматнинг лашкари қуршар ҳушимда менинг.

Кўролмас кимсалар чоҳ қазир ғийбат ила,

Имтиҳон қилмоқ ният бардошимда менинг.

Эркалаб қўймади тақдир, қаттиққўл, ғаюр,

Синовлари эвази чидашимда менинг.

Кутмоқдалар, лек ўзлари ҳам қолмас четда,

Аллоҳ изни ҳаммадек жўнашимда менинг.

Ҳожи Поён, ит ҳуради, ўтади карвон,

Аҳдим шулдир, сабр ойин курашимда менинг.

АВВАЛ

Қусурни ўзингдан излагил аввал,

Саломдан,соғликдан сўзлагил аввал.

Амалинг,бойлигинг пеша қилмағил,

Одамий бўлмоқни кўзлагил аввал.

Удумда тилимиз "сен"га бормаган,

Катта-ю кичикни "сиз"лагил аввал.

Кимсага керилма назарга илмай,

Худбинлик феълингни тузлагил аввал.

Камтарлик камолдир, кеккаймоқ завол,

Нафс деган балони созлагил аввал.

Ҳар жойда, ҳар қачон гапир мулойим,

Қаҳратон айлама,ёзлагил аввал.

Ғанимат кишиким,эй Ҳожи Поён,

Кўпроқ тинглаб, ваъзни озлагил аввал.

3 О Р М А Н

Таманно абасдур, гарчи васлингга зорман,

Сувратинг қўлимда, вале,аслингга зорман.

Тахайюл уммондур, шўнғимоқ эрур машқим,

Ўн саккиз баҳоринг, сулув фаслингга зорман.

Тушмидур, тасаввур, ўнгми оразинг,сароб,

Оҳким, тотли буйинг, ифор исингга зорман.

Турбатинг қучганда етар вужудга ларзон,

Умидим сўнади, ёрим, изингга зорман.

Ўксиниб қайтаман,ўртар юракни ҳижрон,

Эшикни очарда салом,сўзингга зорман.

Ҳаётим бахшида,жони жаҳоним эдинг,

Соддаваш, дилрабо, одоб,тусингга зорман.

Соғиниб яшайман,йиллар ўтяпти, Поён,

Дийдорга тўймоққа,Садаф, расмингга зорман.

ИФТИХОР

Кексалар эркалаб турсин кампирларини,

Ёнида ўтқазиб, маҳкам тутсин барини.

Рўзғордан хотиржам,пири бадавлат улар, Момолар ранжитмасинлар чол деб эрини.

Ришталар мустаҳкам,қолган синовлар ортда, Бир умр жўрликда чалганлар ҳаёт торини.

Ҳамиша парвона фарзанд,келин,набира, Отага,онага бериб уйнинг тўрини.

Ҳурматлари баланд,тиниб,кўряпти роҳат, Аяшмаган шу кунлар деб кучни, борини.

Ҳавасинг келади, иноқ, суймалидурлар, Шукрона айтиб, сўзларлар бахти ёрини.

Қўша қаримоқ маънисин дегил,эй Поён, Мужассам айла икки дил ифтихорини.

Ҳ А С Р А Т И М

Маъзур тутгил, санам, шайдо бўлибман, Хаёлот қасрида пайдо бўлибман.

Ҳусни латофотининг махлиё этти,

Ширин гуфторингга гадо бўлибман.

Наззора айласанг, бир солсанг нигох, Каҳкашон мулкида,ойда бўлибман.

Қўлларинг юзимга сурсайдим, воҳким, Тасаввур шавқида адо бўлибман.

Зар сочсам бошингдан, ниятим қутлуғ,

Тотли туйғуларга фидо бўлибман.

Саробдай жимирлаб ўтяпти ўйлар,

Сор эдим, қанотдан жудо бўлибман.

Англатдим ҳолимни ҳасратда, Поён,

Тўрт девор ичида нидо бўлибман.

ҲАМАЛ САБОСИ

Дилимни яйратди сарин ҳамал сабоси, Бахшиш айлаб табиатга камол, сабоси.

Атиргул ғунчалаб, олма барг ёзган чоғда, Рўмолни тортқилаб,очди жамол сабоси.

Йўл бошлаб самода парқув абри найсонга, Қизғалдоқ лабига тутди зилол сабоси.

Қирларда майсалар куйлайди шўхчан алёр, Зулфларга ҳазил келтирмас малол, сабоси.

Санам қиз боғ ичра,эгнида яшил қабо, Ранг бермиш машшота, яноғи ол, сабоси.

Ифор буйин тарар неча бўстонлар кезиб, Ором таровати ойдин ҳилол, сабоси.

Навбаҳорда,Ҳожи Поён, орала гулзор, Ғуборларни тозалайди хушҳол сабоси.

БАҲОРИМ

Марҳабо, баҳорим, интиқ кутганим фаслим, Зийнатинг улуғлаб ашъор битганим фаслим.

Деразам ортида бодроқ,гуллар хирмони, Маҳлиё термулиб, қувонч кутганим фаслим.

Зимистон лашкари ортга чекинар пайтда, Ниҳоллар ўтқазиб, хандон отганим фаслим.

Булутлар энгашиб чайганда майса юзин,

Гулдурос сасига қулоқ тутганим фаслим.

Шукронам беҳисоб,насиб кўкламнинг завқи, Қахратондан омон сенга етганим фаслим.

Ёдимга соласан ёрим оразин, васлин, Дийдорин кўрмайин ғусса ютганим фаслим.

Баҳор қайтаверар, Поён,қайтмайди йиллар, Армон, умид бирла ўйга ботганим фаслим.

КЎРОЛМАСЛАР БОР

Қалтайиб юрганинг кўролмаслар бор,

Ғийбатинг қилмайин туролмаслар бор.

Миш-мишлар тўқийди, достон қилади,

Тилига эрк бериб, тиёлмаслар бор.

Ўзлари оппоғу, бошқалар қора, Афтини ойнада қаролмаслар бор.

Арининг уяси, айрилмас бало, Қўлини ёқодан ололмаслар бор.

Луғати хақорат, атвори худбин,

Жазава сабабин билолмаслар бор.

Кичик бир ютуғинг ғалвага боис, Ҳурматни жойига қўёлмаслар бор.

Курсига ёпишган, саксон тагида,

Дафъ бўлиш тилагин айтолмаслар бор.

Бундайин кўрумлар сил қилар, Поён,

Инсоф ойинига чидолмаслар бор.

ҲАЙРАТ ҚИЛАМАН

Ҳайрат қиламан гоҳо, шунчалар ёзганимдан,

Игна билан илм, ижод қудуғин қазганимдан.

Ифтиҳор туяман Аллоҳ иноятидан беҳад,

Чун, етмишдан ошириб китоблар тузганимдан.

Сон эмас, маъно-моҳият, мавзу тутар ўрин,

Баҳс қилмам, кимдан ортда, кимдан ўзганимдан.

Мозий ватан шаъни, миллат босган олис йўлдир,

Тарих аслини битдим, ёлғондан безганимдан.

Машаққат чекдим неча, устозлар берди нажот,

Тиниқ тортди фикр изланиб, дунё кезганимдан.

Мубҳам эди Қашқадарё кечмиши, тамаддун,

Битдим яхлит тарихин бурчимни сезганимдан.

Қиссалар, ашъорларим элга маълумдир бу кун,

Қалб ила мулоқот, ширин суҳбат чўзганимдан.

Мақтаниш эмас зинҳор, шукрим даргоҳга, Поён,

Тазарруга лойиқман тамкинлик бузганимдан.

ҲАВАС АЙЁМИ

Соғинтирди фасли баҳор сабоси,

Елкадан босяпти қишнинг либоси.

Илоҳий пардозга машшота ҳозир,

Ясанган табиат олам зебоси.

Тип– тиниқ осмонда учар турналар,

Атлас кўйлак узра қизлар ибоси.

Қувончлар улашар яшарган борлиқ,

Гулларнинг чиройи, қирлар яллоси.

Даштларни қоплайди лолақизғалдоқ,

Ҳузур бахш этади кўклам жилоси.

Ялангтуш кезарман, атрофим чаман,

Юртим жамолидан, завқим равоси.

Анҳорлар куйига интиқман, Поён,

Навбаҳор кашфига кўпнинг ҳаваси.

БОҚМАЙСИЗ

Сиз менга боқмайсиз, боқувчилар бор,

Сиз ёмон деганга ёқувчилар бор.

Ўртага тикондин уйибон хирмон,

Мени сизга боплаб чақувчилар бор.

Мен нима дейману қўбизим нима,

Фисқ– фасод туморин тақувчилар бор.

Миш-мишга, ғийбатга устаси фаранг,

Пўстакнинг чанггини қоқувчилар бор.

Ихтилоф гулхани учқундан ўрчир,

Маломат оловин ёқувчилар бор.

Қадам тўғри тушса, боғловчи ҳасад,

Оққа қора чаплаб, тўқувчилар бор.

Недур гуноҳ бизда, қотади бошим,

Қилдан қийиқ излаб топувчилар бор.

Кўнгил бор, интилиш, ҳурмат– эҳтиром.

Шуларни кўролмай, қопувчилар бор.

Ит ҳурар, ўтади карвонинг, Поён,

Қадим ҳикмат мағзин чақувчилар бор.

ИШИМ ЙЎҚ

Мақтаниш ҳам керак, мақтанарли ишим йўқ,

Хусумат, киноя, ғийбатларга ҳушим йўқ.

Кимдадир орқа бор, таянчидир мустаҳкам,

Сипориш қилурга далда бўлган кишим йўқ.

У катта гапирар, амал, бойлиги катта,

Кексаларга нафақадан ўзга тушим йўқ.

Пул топсак, ҳаволаб, кўрмай оёқнинг остин,

Сарфида саҳиймиз эрта учун қўшим йўқ.

Шукримиз беҳисоб, яшаб юрибмиз мана,

Деймиз, насиби кифоят ҳам нолишим йўқ.

Осмондан ёғмаган чалпак, то ҳозир ёғмас,

Кунинг ўзинг кўргил, деб бекор қолишим йўқ.

Муҳтож эмасдурсан, бойдурсан, Ҳожи Поён,

Ҳавойи кибрларга, шул сабаб, бардошим йўқ.

ЙЎЛТЎСАР

Топмассиз ахтариб, тарк этдим анжуманни,

Бегона қилди ул даргоҳи жонажонни.

Худбинга тор экан, қизғанди нокас,

Кенг майдон очмоққа сотди виждонни.

Тарози тегди қўлга тошни босар сўзи,

Хасислик бирла талаф айлар Ёсуманни.

Синчалак кўрсанг ўзин, аммо тўймас кўзи,

Кемириб битирарди берса гар осмонни.

Ҳаромга чўлғади хўп муқаддас манзилни,

Қўйди ҳамтовоқдин мансабдор ҳам посбонни.

Тиргаги бордир ортда, қўллаб, суяб турар,

Бир муддат бош бўлиб, озорлади инсонни.

Ёзмиш шундоқ экандур, яъни лутфи Аллоҳ,

Кўрсатмади еганларин қайтиб қусганни.

Шукр пойдор адолат, ҳаммаси жойга тушар,

Кўрдик унинг ҳолини – бир четда пусганни.

Сабил қолди анжуман ундан ҳам,эй Поён,

Пушаймон қийнар лек йўлни бекор тўсганни.


ЭҲТИЁЖ

Нафосат саҳнида мақом, ялла эҳтиёж,

Гўдакка оромдир тотли алла эҳтиёж.

Ошиқ етишса, масрурдир висол жомидан,

Майли эрур ой ботмаган палла эҳтиёж.

Ағёрнинг қилмиши нопок, нияти каждур,

Шўриши йўлида ҳунар -Далла эҳтиёж.

Калому заифу нафси парвариш топган,

Сўфига савлатда катта салла эҳтиёж.

Биргина деҳқонгамас, керак нуфус учун,

Ширмойи нонлар ёпмоққа ғалла эҳтиёж.

Ранг – баранг либослар ярашур сарви қадга,

Толаси майин пахта ҳам пилла эҳтиёж.

Кўнгилки, нозикдур, гар десам Ҳожи Поён,

Рағбати анинг бўлур лутф, далда эҳтиёж.

АРМОНИМ

Наҳот, армон бўлиб қолар армоним,

Аллоҳ қийса гар, ушалар армоним.

Тунлар ҳаёл ичра бузилар хобим,

Ағёр бўлиб ўчин олар армоним.

Болалаб ўрчийди, човутин ёзар,

Лашкардек таҳлика солар армоним.

Қайтмайди ўтганлар, келмас кетганим,

Қалаштириб қўйди йиллар армоним.

Ситамлар, бўҳтонлар, нелар кўрмадим,

Илондай заҳарли тиллар армоним.

Ҳасаддан суриндим, йиқилдим чилдан,

Бирлашибон букди беллар армоним.

Ёвузлар йўлимга қўйди пистирма,

Эслаб, ҳатто, нолон йиғлар армоним.

Армонсиз бормикан дунёда, Поён,

Юракка санчилган тиғлар армоним.


ЕТМАДИМ

Қумри бўлиб, қўлдан учдинг, етмадим,

Нолон чопдим ортдан, аммо, тутмадим.

Қўнган боғинг олис, девори баланд,

Термулиб турдиму ошиб ўтмадим.

Субҳи саболарда ҳазон оралаб,

Хушилҳон наволар сасин тотмадим.

Фарахли эдику, файзли у кунлар,

Эмин эдим, парвозингни кутмадим.

Тағофул демагил, кўзларим йўлда,

Изинг кўзга суриб, аҳддан кетмадим.

Юракка доғ солди нола ва ҳижрон,

Чора деб табибга дардим элтмадим.

Каҳкашон мулкида, паноҳда қушим,

Поён, лаҳза бўлсин, ҳеч унутмадим.


ҲАЁЛ КЎШКИ

Кўнглима қарасам, улоқ чопар шаштим бор,

Жонано суҳбатда нашъа топар гаштим бор.

Анжуман истагим, сайру сафар тилагим,

Баҳорда безанган водий, дала , даштим бор,

Куйлагим келади, ҳислар маржон, сочулур,

Хушилҳон булбулга ҳам ҳавас, ҳам рашким бор.

Нурафшон кунларда бедор, тинмасам дейман,

Ўқимоқ, ёзмоққа завқу одат машқим бор.

Турланар воқеълик, орзу– ҳаёллар турфа,

Хотира жонланар шундан кўзда ашким бор.

Юрагим доғлаган айрилиқ, нола, афғон,

Абадга кузатган муҳаббатим, ишқим бор.

Ҳожи Поён, сароб мулкида эрур султон,

Тахайюл сурмоққа хилват, кўшким бор.

ҚИЛМА

Инсоф ойинин бил, амалдан таъма қилма,

Ҳалол қолиб, ҳаромдан бойиш чама қилма.

Виждон амрин мусаллам тут, бос тўғри қадам,

Тобеъларни хокисору, ўзинг само қилма.

Кўргил,терак бўй чўзар, гарчи ҳосили йўқ,

Ўзингга хилофни ўзгага раво қилма.

Англа, атрофда бордир мудом яхшилар,

Мақтаниш бирла муҳитда об – ҳаво қилма.

Пухта бўлса режа, жамоа ишга қодир,

Ютуқ келса, манманлик асло даъво қилма.

Бу кун қурилмоқда бинолар, кошоналар,

Покиза бўлсин иш, ғирромдан маъво қилма.

Ҳожи Поён, айтмадим сўзни ғараз, вале,

Ҳою– ҳавасга бахтингни мосуво қилма.

БЎЛСИН

Йигитларнинг шашти бўлсин¸ғурури бўлсин,

Ишончу эътикод, қалбда сурури бўлсин.

Тупроғи тутиё юрти, ота-онаси,

Дўсту яқинлари, парирўй ёри бўлсин.

Яхшилик шиори, мардлик, зиё, интилиш,

Мақсади йўлида омад,барори бўлсин.

Бошида дўпписи, ўзбеклик қадри, ғужури,

Юртига фидоийлик аҳд, қарори бўлсин.

Ғайрату шижоат эртани этур бунёд,

Келажакка томир отар чинори бўлсин.

Олимдир, муҳандис, тадбиркор, касбда моҳир,

Боғларки яратсин, олма– анори бўлсин.

Жаҳонга бўйласин, кучда таратсин довруқ,

Тўлиб оқар дарёси ҳам канори бўлсин.

Поён Равшан, мусаллам тут йигит овонин,

Ўзлигу орият, эзгу ҳунари бўлсин.


ТОПУРЛАР

Ёмби ниҳон қолмас, излаб топурлар,

Макка йўлин сўраб,” сизлаб” топурлар.

Қуруқ дастурхонга фотиҳа юрмас,

Бойликни маишат кўзлаб топурлар.

Тақдирлар турланар ҳайратга лойиқ,

Кимлардир парча нон бўзлаб топурлар.

Камбағал ёлчибки кетмаган ҳамон,

Катталар ризқини сўзлаб топурлар.

Пишиқлар, пухталар, аҳли тадбиркор,

Топмоқнинг йўлини созлаб топурлар.

Ошиқлар, мошиқлар Мажнундек сарсон,

Сатанглар хушторни нозлаб топурлар.

Бенаво пул топса сиғмас уйига,

Бойлар бор, тиллодан юзлаб топурлар.

Поён Равшан, топмоқ дунёда ҳунар,

Бировлар бировни тузлаб топурлар.

БАЛОДИР

Душманим қасдимга ишлар қиладир,

Имкон топар бўлса, кулфат соладир.

Тўғрини дедим, айб шу,чиқишмадик,

Бетга айтган бир балога қоладир.

Дастхатин ўқидим, хатолари бор,

Кўрган-билган албат ичдан куладир.

Шундан сўнг, ёзувин қайтиб кўрмадим,

Саводи нечукдир,ўзи биладир.

Энди кимсан,фалон олим,фиставон, Савлат тўкиб даврага ҳамон келадир.

Боис шулдир,айтсам,битмас низога, Ғийбат,бўҳтонлардан ичи тўладир.

Юрар доим ҳадик, шубҳа, гумонда,

Бир сўз десам, тарозига соладир.

Ҳожи Поён, кўролмаслик, ҳасадлар, Ортдан қолмас қопанғич бир балодир.

ҲУРМАТ

Ортар экан ташвиш кексайган сари, Юрмоқ мушкул бўлар бир қадам нари.

Босим қийнар, оёқ оғриғи яна, Вужудга ёпишган хасталик бари.

Нохушлик бўлади, кайфият тушкин, Қуршаб олар уй-ичинг эътибори.

Дўхтирга чопишар, дори топишар, Сувдайин оқади ҳамёнда бори.

Ўзингга келасан, парвона улар, Кўнглинг кўтаради айтар изҳори.

Шукрона айтурсан, кўзга келар ёш, Насиб, узилмади ҳаётнинг тори.

Миннатдор бўлурсан аҳли байтингдан, Ҳурматинг қилмоғи одат, шиори.

Ҳожи Поён, кўрар меҳру оқибат, Арзитиш, эъзоздан тетикдир қари.

ҚОЛДИ

Ажабо, азизлар, кунимиз зорга қолди,

Сусайди, орамизда оқибат йўқолди.

Молу мулкка, амалга ўчлик ошди ҳаддан,

Пора босқин айлаб, неки барини олди.

Боғчага бола жойлаш битмас таъмасиз,

Мактабни бу офат қуршаб, пулга тақалди.

Баҳо учун талаба, илож йўқ, таланар,

Виждонсиз “устоз”га чўнтак ковлашдан толди.

Катта – кичик бирор иш ечилмас ришватсиз,

Олиш– беришдан денг кимлар қачон уёлди?

Ҳақин бермай, айтинг, ишга кирган бормикан,

Қоровул ҳам узатганни қўйинга солди.

Пастдан тепагача қулзумдай жўшар пора,

Курси баланд бўлса, яна шунча юксалди.

Диёнатга хилоф, ривожга тушов, Поён,

Охири кўринмас, билмам, қандай жин чалди?


ОМОНДА

Аллоҳим иноятдан бошим осмонда,

Ифтихорим, қувончларим жисмаро жонда.

Малика Ойчучук қиссаси этди насиб,

Китобхонга туҳфа этмоқ бўлди имконда.

Машҳур Қодирий, Ўткир Ҳошим, Тоҳир Малик,

Улар янглиғ китобимга талаб дўконда.

Интернетда бул мужда тарқалди ҳамалда,

Беҳад шукроналар айтдим махфил– маконда.

Тарихдан ёзарман элу юртга ҳавасда,

Жонланади кечмиш бадиият, романда.

Ғаройиб мавзудир, долзарб бугун ва мозий,

Ёзғил қалбни қўшиб мустақиллик замонда.

Ҳамдим кўпдир даргоҳига, эй Ҳожи Поён,

Қалам берган бандасин сақласин омонда.

ЖОНИМ

Насиб этса, зўр ютуқлар қучамиз, жоним,

Бош осмонда фазоларга учамиз, жоним.

Яратганнинг ҳоҳишидан ижобат тилак,

Андуҳлардан, ғуссалардан кечамиз, жоним.

Тиниб қолгай ором бермас хасад, ғийбатлар,

Яхшиликда муаммолар ечамиз, жоним.

Қучоқ очиб хушнудликдан кутармиз меҳмон,

Қутлов сўзин айтадурмиз барчамиз, жоним.

Мамнун боқар шаҳримизда таниш– нотаниш,

Машҳур бўлар шу кўримсиз кўчамиз, жоним.

Ҳамду сано шукроналар, дилда ва тилда,

Бу ҳаётда янги боблар очамиз, жоним.

Насиб, шараф,шон топади ижод, интилиш,

Давра қуриб, бахт гулобин ичамиз, жоним.

Ҳожи Поён, қўлда қалам, мунаввар йўлинг,

Зулмат ариб, ойдин бўлар кечамиз, жоним.

БЕГИМ

Барносиз, хушрўй, бўлманг бунча бағритош, Бегим,

Қаршида йўқдир сиздай гўзал, қаламқош, бегим.

Тилакдир бахт, умрингиз фузун, дилбарсиз ҳамон,

Кўрганлар дейди айни етук ўттиз ёш, бегим.

Қолмишдир ортда неча шайдо, қанча нигоҳлар,

Бўлмади, мен ҳам сабримга топмам бардош, бегим.

Чаманда сара гуллар, атри хушбўй, анвойи,

Лек бўлсам дейман париваш ила сирдош, бегим.

Истагим сайри гулзор, кезмоққа бўстонлар кўп,

Хоҳланг гар соҳил бўйига, борайлик Шош, бегим.

Сарой Мулк-Биби Хонум, тўлин ойдек юзингиз,

Япашиқли назокат қалбимга оташ, бегим.

Лутфингиз айлар асир, мусоҳиб жони халак,

Чароғон бўлғай олам қилсанггиз қараш, бегим.

Эҳтиром туғишган бўлур ишққа, Поён Равшан,

Савоб эрур, пайкардин кўнгилга қараш, бегим.

ЖЎШГАНИДАН

Қочиб бўлмас, ёронлар, тақдирга тушганидан,

Мушкул экан айрилиқ Аллоҳнинг қўшганидан.

Ҳижронда юз сарғайиб, ўртади нола, андуҳ,

Қаддим дол нун каби аламлар ошганидан.

Дунё шундай қурилган, охир макон ломакон,

Иши битмас кишининг ҳаётда шошганидан.

Кимдир амал завқида, ёлчимайди бечора,

Кимдир сиғмас оламга бойлиги тошганидан.

Сулув санам бепарво, маҳлиёдир чиройга,

Эсга келмас зулфига оқ тола эшганидан.

Силаб қўйгил манглайинг, ёзуғинг не, эй банда,

Сақласин, қисмат ўқи бағирни тешганидан.

Шодмон эрди Поён ҳам, ўйламай маҳзун ҳолин,

Ёзди ушбу ғазалин тавбаси жўшганидан.

ФИДО

Шундай, оддий яшаб ўтаверамиз,

Тинч кунга шукримиз айтаверамиз.

Интилиш бор бўлсин, бардавом ҳаёт,

Аллоҳдан иноят кутаверамиз.

Яхшилик истаймиз, ниятимиз мўл,

Қўлдан келса, китоб битаверамиз.

Умид-ла яшаймиз, ноумид шайтон,


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации