Электронная библиотека » РАВШАНОВ ПОЁН » » онлайн чтение - страница 4

Текст книги "ВАТАН МАНГУ МАКОН"


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 09:00


Автор книги: РАВШАНОВ ПОЁН


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 7 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Ажаб, эй дўст, кўнгил қаримас экан,

Ёшлик туйғусидан аримас экан.

Ҳар қанча интилма, ўйлама, бироқ,

Истаклар қарининг зоримас экан.

Оёғи қўлдадир, қочади омад,

Олдга яқининг ҳам доримас экан.

Юлдузни бенарвон келади ургинг,

Бироқ, шаминг тунда ёримас экан.

Ҳолинга боқмайсан, ғайратинг жўшар,

Ширин хаёлларинг ёримас экан.

Ранглар товланиши кўзинг олмасин,

Жалб этгувчи булар баримас экан.

Ақлинг йўриғидан чиқмагил асло,

Кўнгил иши кекса коримас экан.

Куч кетган, хасталик, дармонсиз белинг,

Тенгдошларинг бежиз нолимас экан.

Огоҳ бўл, эй Поён, танбеҳлар ҳақдур,

Бу қисматдан чоллар холимас экан.

СЕНДА ИШИМ БОР

Шукрим шул, ҳолимни сўрагувчи кишим бор,

Ортда қолган баҳорим, аёзли қишим бор.

Жулғунзор саҳролар тинка қуритди, бироқ,

Дуч келар довонни ошмоққа бардошим бор.

Тоғларни кўтарар замин, қирлар, адирлар,

Сиғинар саждагоҳ, эл– улус, қардошим бор.

Унутиб бўлурми ёшлик, ўтган йилларни,

Неларни кўрмаган кўзим, азиз бошим бор.

Тингла, эй муҳаббат, бекор, аразинг бекор,

Айтилмаган гапим қолган, сенда ишим бор.

Оқламам ўзимни, демам, гуноҳдан холи,

Ёлғонлар пирига, билгил, рости, тишим бор.

Эй шаҳрим санами, узмадим асти кўнгил,

Севибки яшадим, етар ақлу ҳушим бор.

Барибир эмасми энди маломат, Поён,

Сувлар оқиб кетди, вале кўзда ёшим бор.

ҚОЛДИ

Дафтарим сўнгида бир варақ қолди,

Жонимга пайваста кўз– қароқ қолди.

Давлатим, борлиғим, жону жаҳоним,

Ўғил– қизим ёқар бир чироқ қолди.

Қалбимда ризолик, туйғунман шундан,

Гарчи ҳижрон, жавобсиз сўроқ қолди.

Икки даврон узра кечди қисматим,

Диёр ҳурдир энди, эрк порлоқ, қолди.

Юртдошлар, севаман, ҳурматим сизга,

Ватанга бахшида бу юрак қолди.

Умримнинг сайқали Садафим менинг,

Фидоси ўзим, ки зебу торак қолди.

Ғанимат бу кунлар, шукронам, Поён,

Ёзмишим ғазалда, завқ, мароқ қолди.

ҚЎШ ТУЛПОР

Қўшмансаб, қўштулпор, тагда қўшэгар,

У қандай арзанда, кимгадир жигар?

Кечаку бедовдан бир учган эди,

Қорайган юзини ким қилар инкор?

Турғизиб, чангини қоқдилар жадал,

Дедилар илжайиб, “ ётмагил бекор”.

Яна у отланди , уряпти жавлон,

Қамчиси етганни тутдайин тўкар.

Улоқни тақимга босишнинг пири,

Хўжайин дуч келса белини букар.

Шоқолдай пойлайди катак, ўч олар,

Бўстонни чўл қилиб, тиконни экар.

Ҳаромхўр ўтганми уруғи, билмам,

Хуржун ичра думи, тўғриси чиқар.

Кўр –кўрни топади тунда ҳам аниқ,

Қўллаган кимсага балолар боқар.

Қўштулпор товлайди, ёмон йиқитар,

Ичқорани Эгам жойига тиқар.

РОҲИЛА

Чиройингдан ҳасад қилар, Роҳила,

Дугонангнинг бари бунча бахил-а?

Туғилгансан пари бўлиб, хушрўя,

Ҳоҳлар жойинг анҳор бўйи, соҳил-а.

Тобон юзинг оҳанрабо, мафтункор,

Хонадонинг билдим, жуда аҳил-а.

Сенга шайдо, ошиқ бўлган кўп экан,

Ишқдан сабоқ олмаганлар жоҳил-а.

Шаҳримизда сендан ўтар гўзал йўқ,

Эл тилида мақтовларинг бир хил-а.

Ёришмаган бир кўнгил бор, афтода,

Ёғду сочсанг, қани эди, оқила?!

Поён, ёздим ҳаёлимга ўралиб,

Ижобатга борми– йўқми дохил-а?!

ВИҚОРЛАРИНГДАН

Ҳайратга тушаман савту виқорларингдан,

Камонин тортган ул шунқорларингдан.

Ёйилган лашкаринг ортда ҳайбатли тўлқин,

Оҳулар озурда кўзи хунхорларингдан.

Юзинг ёғдусидан тунда ой ботар хижил,

Кундузи қуёшни этган инкорларингдан.

Йўлолмас ёнингга толиб, нигоҳинг йиқар,

Қийратиб ушшоқни қилар шикорларингдан.

Сидирға оқ шоҳи очмиш чиройинг бунча,

Тиллақош устида яшил укпарларингдан.

Зарнигор ранжида сийна, тушмиш малоли,

Ҳуснинга зеб берган, зевар, тақарларингдан.

Хилқатни яратиб, ажаб, табиат лолдир,

Каҳкашон ҳайрати муштоқ боқарларингдан.

Жамолинг талъатин кўрсин, Зулайҳо, бир дам,

Лайлидек,Шириндек рашкда ёқарларингдан.

Дилимда, тилимда васфинг айтурман, Поён,

Топурсан фидони мендек чокарларингдан.

ЭЙ, ДЎСТИМ

Куйдим мен, эй дўстим, араз, фироқларингдан,

Лол бўлдим сафсата,савол, сўроқларингдан.

Вақтида суҳбатинг тотли,дилобар эди,

Қаноат туйгандим гапда туроқларингдан.

Кишиким, камтарин бўлса, кўп яхши экан,

Ўзни катта олиб, айтар бироқларингдан.

Қўнғироқ қиласан гоҳо ҳуд, гоҳо беҳуд,

Шароб ҳиди анқир ўшал йироқларингдан.

Эсингни танибсан, ичдинг, етмасми энди,

Айрила олмадинг шиша, ўртоқларингдан.

Дейдилар фаросат мисли, каромат, эрмиш,

Андиша қил, баски, кўзи қароқларингдан.

Майлига хафа бўл, айтдим, айтмасам бўлмас,

Тўйиб кетдим, рости, қоши – қовоқларингдан.

Яхши сўз ғариби, Поён, ўжарнинг эмас,

Ранж етур кўнглимга кайфи тароқларингдан.

ЭҲТИРОМИМ

Ҳозиру нозирим қоғоз, қаламим,

Илк бор унда ёздим ёрга саломим.

Етмиш йил бўляпти, бирга ёнма – ён,

Мен котиби, улар менинг ғуломим.

Китоблар битишга бўлди имконим,

Бадиий, тарихдан бўлди каломим.

Варақда акс этар Илоҳий ёғду,

Вобастда жўшади шунда илҳомим.

Қаламим билмайди нимадир тиним,

Тонгларга уланар, бедорлик шомим.

Мозийга журъатла босганда қадам,

Жангу жадалларда ўртар аламим.

Битдим бу ҳаётда кўрган– билганим,

Қамрадим деганда, тўлмади комим.

Варақлар устига томди кўз ёшим,

Ёримдан айрилиб, тўкилди жомим.

Шукронам, беҳисоб, эртага ишонч,

Фарзанд, набиралар ёқажак шамим.

Мўътабар билурман, қоғоз, қаламим,

Танилдим, ҳаётда йўқ асло камим.

Кўзга нур, қалбга қўр берди Аллоҳим,

Поён, ҳамдим беҳад, зўр эҳтиромим.

ҒУНЧАЛАР

Гулзор ичра саф тортибди ғунчалар.

Кўркам экан бир– биридан бунчалар.

Ақиқ, лаълга монанд эрур дудоғи,

Яшил қабо кийган баргдан ёнчалар.

Етилади қирмиз, кўйлак устида,

Саралайди тонгда соҳир гулчилар.

Юз очганда борлиқ тушур ҳайратга,

Талъати бор тобон ойу кунчалар.

Нафосат бу, гулдан ҳаёт жовидон,

Чирой рамзи гулни севдик шунчалар.

Гулу ғунча қалб ороми, назокат,

Лаҳза борми бўстон кезган ончалар.

Чирой очса ғунча бўлиб, атиргул,

Бўйи тотли, дейди Поён, қанчалар.

ГУЛЗОРДА

Гул орала гулзорда,

Гул сарала гулзорда.

Атирдан ҳам ифорли,

Бўй тарала гулзорда.

Нафис қўшиқ, куйлагил,

Айт баралла гулзорда.

Ошиқ четда пойлайди,

Бир мўралаб, гулзорда.

Мўлжал олиб, қош ёйдан,

Чун ярала гулзорда.

Бўстон ичра миннатинг,

Бил, ўрол-а, гулзорда.

Поён ёзди, олқагил,

Ё қорала, гулзорда.

ЁНИМГА КЕЛ

Суҳбати соз қурайлик, ёнимга кел,

Дам ғанимат, сурайлик, ёнимга кел.

Мавзу танлаб дунё ўтган-кетганин,

Дўстлар ҳолин сўрайлик, ёнимга кел.

Авжи гурунг, ёшликни эсга олиб,

Боғ айланиб, юрайлик, ёнимга кел.

Баҳор чоғлар,қишлоқ, далалар, қирлар,

Қизлар эди чиройлик, ёнимга кел.

Уй ичи ризода, борарди совчи,

Дебон, рўмол ўрайлик, ёнимга кел.

Эй дўстим, ёшликни эсламоқ ширин,

Ёдга олиб турайлик, ёнимга кел.

Ортда қолдирдик чорак кам аср, Поён,

Насибича, кўрайлик, ёнимга кел.

ҚУРСИН

Дерлар, кўрмаганнинг кўргани қурсин,

Не тонг, даври келди, давронин сурсин.

Салом йўқ, алик йўқ, хумрайган, безбет,

Савия пастлиги у ёқда турсин.

Ўз фикри бўлмаган, бўлмаса керак,

Сийқали гаплар ҳам чун хўжакўрсин.

Олмоғи бермоққа қурилган иши,

Таъма эритади, пул деган ўлсин.

Мажлислар пайтида шунчалар ҳалим,

Билмаган айтади: омадин берсин.

Йиғади – йиғади, тўймайди лекин,

Билмайди ҳисобин мулк силсиласин.

Калхатдай бир куни қулади ерга,

Поён, ҳаром, ошкор қилажак исин.


КЎРМАЙ

Сувни кўрмай доим этик ечаман,

Қуруқ қолиб, ҳаргиз, лойни кечаман.

Ҳолим билмай , миниб ҳаёл бедовин,

Завқу шавққа тўлиб, кўкка учаман.

Кўз ўнгимда сароб жилва айлайди,

Бирин – кетин гўзалларни қучаман.

Зиддидир воқелик, турар дарғазаб,

Аввалги ҳолича хазон бу чаман.

Маъюслик чўлғайди, пушаймон босиб,

Тавбадан ўзимга либос бичаман.

Деганим бўлмайди, ҳаёлим абас,

Истиғфор шаробин бот– бот ичаман.

Шайтоний ўйларинг беъмани, Поён,

Тоза фикратингга қучоқ очаман.

ШУНДАЙ

Мен кимман, ўзимга саволим шундай,

Ва яхши биламан, аҳволим шундай.

Енгил кечмадику ортдаги йиллар,

Эркалаб қўймади толеим шундай.

Навқирон ёшимдан кўрдим зиддият.

Қайирмоқ бўлдилар, ниҳолим шундай.

Ўйлайман Яратган мададин ҳар он,

Авлодим, сулолам, иқболим шундай.

Йўлимга ғовларни қалади ғаним,

Истади мутассил заволим шундай.

Шукрона, тақдир бу, асради ўзи,

Қўлимда қаламим, камолим шундай.

Тилайман карвоним бахту барорин,

Поён Равшан, айтсам аъмолим шундай.

ЎЙЛОВ

Дўстлар бепарводир, душман беаёв,

Амал десанг борур дўзахга яёв.

Туну кун тинч ётмас иғво тўқийди,

Феъли касал, аммо, вужуди даёв.

Бўхтондан уяди ҳасад ғарамин,

Рақибин итарар гурласа олов.

Гап ўқиш, муроса, кечирим билмас,

Ахир, қор ҳам ёнар топилса қалов.

Омад қўрқар ундан, айрилмас ёндан,

Савия паст, аммо, раҳбарлик сийлов.

Тағин суриштиринг, зўрдир ҳомийси,

Хушомад бобида оқартган мўйлов.

Тўғрилар йўлига, чимлар босилган,

Эгрининг молига сарҳадсиз яйлов.

Замоннинг қопқаси шулар қўлида,

Оқилларда, Поён, бу ҳақда ўйлов.


СИР

Тобгирлар олгандир амалнинг зўрин,

Ҳайбатли бинонинг эгаллаб тўрин.

Омадли чиқдику, булар бунчалар,

Пайванди мустаҳкам, бермаслар ўрин.

Хужжат деб ўқилар, текинга эмас,

Олмоқдан – бермоқдан иш битган бурун.

Ановку бир китоб очиб, кўрмаган,

Писандга олмайди донишлар пирин.

Кўрган дер, маданий, ўта билимдон,

Лек билмас устаси фаранг фирибин.

Қалъага кирганлар битта у эмас,

Бошлашиб келишган, қилишиб йўлин.

Мусобақа ҳамон авжида, кўринг,

Таъмада қолдириб, ортда бир– бирин.

Бойликнинг зиддига, бурч бордир, Поён,

Ким билмайди, ахир, олғирлар сирин?!

ТАБАССУМ

Лаб узра табассум, ёдимда ҳамон,

Бир нигоҳ ташласанг, тиз чўкар замон.

Парилар афсона, ўзинг малаксан,

Қоматинг санубар, қошларинг камон.

Арабда Лайли-ю, Арманда Ширин,

Бўлмишдир сенга Қашқадарё макон.

Назокат, ғамзани ўргансин Узро,

Пайкарлар доғдадир юрсанг хиромон.

Қора кўз, қорақош, қора соч, ҳой-ҳой,

Ойдайин юзингда чирой фаровон.

Ҳуснингга махлиё кийганинг атлас,

Сидирға қабодан хижил арғувон.

Таърифинг васфида тамкиндир, Поён,

Ташбеҳлар зикрида чечанмас забон .

ШОШҚИН БУНЧАЛАР

Бу дунё, нечундир, шошқин бунчалар,

Кўпайди селлари, тошқин бунчалар.

Нуфуси беадад, қанча нотавон,

Бир ҳовуч бойлари жўшқин бунчалар.

Молпараст, олчоқлар айшини сурар,

Орифу фозиллар тушкун бунчалар.

Сўниб бораётир хайрату ҳавас,

Эрмак билур ёшлар “ишқин” бунчалар.

Қайларга кетяпсан, эй, аҳли башар,

Бир зум ҳовурингдан тушгин, бунчалар.

Хастадир бу Замин, истайдур нажот,

Давога ҳиссангни қўшгин, бунчалар.

Эй Поён, арқонинг пишисин, десанг,

Қилдан қўшиб маҳкам эшгин, бунчалар.


Ф А Р З А Н Д Л А Р И М

Кўзим нури, аржумандим фарзандларим,

Суянч тоғим ҳам дилбандим фарзандларим.

Суйиклидир хонадонда ҳаммалари,

Оқил бўлиб олган пандим фарзандларим.

Шукрим беҳад парвонадир айлаб ҳурмат,

Мўл қилгувчи асал, қандим, фарзандларим.

Жондан оқлаб онасининг оқ сутини,

Ҳаётимдан ризо, тиндим, фарзандларим.

Яратгандан тилаб ҳар кун бахт-саодат,

Фидоликдан мамнун, қондим, фарзандларим.

Номус-орим, соф виждоним, жисму жоним,

Азизимдир, жигарбандим фарзандларим.

Қадрим баланд айлагувчи, танитгувчи,

Меҳрибоним, шакархандим фарзандларим.

Поён Равшан, ифтихордир ўғил-қизим,

Ҳамдим Ҳаққа, ҳалол, тантим фарзандларим.

Қ А Й Т А Р К У Н


Дунёда муқаррар, келгай, албат қайтар кун,

Яхшиликка, ёмонликка жавоб айтар кун.

Савобли ишлар ҳам, бўлса мадад, ёрдаминг,

Эвази етишар кутмаганинг пайтлар, кун.

Ноҳақлик қилганлар топади шаксиз Ҳақдин,

Ситамлар адам бўлғай, қолмас доғ, кетар кун.

Нафсият йўлида нечун гуноҳ, бедодлик,

Қаттоллик жазоси, лек, дўзахдан бадтар кун.

Бул ўтар оламда ихтисор умри азиз,

Яхшини йўлдан уриб жин, бадном этар кун.

Тўғриликда яшагил, дўст, ҳаёт жовидон,

Неьмату шарбатин ҳалол ризқда тотар кун.

Таьмагир, мунофиқ, хунхору турфа зиён,

Етгайдир, вале, разолат захрин ютар кун.

Имонли бандага, ҳалол олижанобга,

Муяссар булғайдир нурафшон тонг отар кун.

Поён, талашмоқ абас Аллоҳ мулки учун,

У кимга насибу, кимга офтоб ботар кун.

ҲОҲИШ

(Ҳазил ва чин)

Ақл энди на керак, афсус, бермайди иш,

Чунки, умр сўнгидир, қирчиллама қиш.

Юриш, туриш малол, сўз топмоқ, ҳатто,

Кекса бир гўдак ҳаммага ташвиш.

Бурунга ияги тўқнашиб турар,

Оғзида қолмаган, ё Раб, бирор тиш.

Куйманиб ивирсир, ёкмайди лекин,

Ўрганган кўнгил-да, ўтиролмас бўш.

Ўзини сақлаган нуронийлар бор,

Туқсонда бақувват, яна ақлу хуш.

Юрсам дер, борсам дер, кўпида орзу,

Набиралар Тошкентда, мақсад кўриш.

Дунёнинг томирин тортар кексалар,

Билганин парилар билмайин беҳуш.

Замона осойиш, шукр, Ҳожи Поён,

Қарилар дилида яшашга ҳоҳиш.


О Р З У Б И Л А Н

Яшабман умримда, дўстларим, орзу билан,

Довонлар ошибман шу ҳаёт тарзи билан.

Кечди оғир замонлар, уруш, мустабидлик,

Ҳукмин сурди Шўролар элнинг назри билан.

Пахта ҳам қоракўл, тиллони олди улар,

Ҳисобда Ўзбекистон чиқди қарзи билан.

Армон бўлди озодлик авлод-аждод учун,

Жафо тортди мазлум эрк деган арзи билан.

Мустақил бўлди ватан, ўзи хон, ўзи бек,

Жаҳонга танилди қадди, орази билан.

Қадрият тиклади қад, диёнат, эьтиқод,

Ҳуррият вожибдир Аллоҳнинг фарзи билан.

Ҳилпирар байроғимиз, бунёд, ривож жадал,

Мақсади адолатдан нуфус рози, билан.

Ижоду таьлим, китоб тушмас асло қўлдан,

Шукр, Поён Равшан сафда ўз овози билан.


А Н Д И Ж О Н Б Ў С Т О Н И

Андижон тиклабди қадим регистонини,

Шаҳрида барпо айлабон кўп бўстонини.

Муаззам бинолар, муҳташам кошоналар,

Йул бўйи чаман, гулга буркаб остонини.

Меҳнаткаш эли бордир, зукко-ю ҳамжиҳат,

Булбул ҳавасда, севарлар гулистонини.

Мирзо Бобур, Чўлпонлар севган маьводир,

Аҳли шоир ёзмоқда ҳамон достонини.

Гўзал кентнинг ўтмишидир қадим, навқирон,

Ўтказиб бошдин баҳору зимистонини.

Олийгоҳ қад керган ҳам музей бунёд бунда,

Шаҳидлар ёдига атаб нуристонини.

Ўзбек элин машьалидир танти Андижон,

Ватан учун фидо, аямаслар жонини.

Поён Равшан юрт воласи, севар маконин,

Қадрлайди водий узра кечган ҳар онини.

ҚАЙТАР

Маҳшар кунин кутма, ёмонлик қайтар,

Яхшилик билмаслар тавбасин айтар.

Мувозанат бордир дунёда азал,

Шайтон қилмишидан лаънатга музтар.

Тўғрини оздирар йўлидан Иблис,

Бурнига ип солиб, дўзахга элтар.

Қобил бирлан Ҳобил эрди туғишган,

Макрини қўллади уларга маккор.

Домига тушмаган бирор банда йўқ,

Жозиба сеҳрига илдирар айёр.

Одамни бир– бирга ғаним кўрсатар,

Нафсининг йўлида айлайди беор.

Ҳасадга қоришар иғво– бўҳтони,

Ичи қоралардан тайёрлар хунхор.

Тажриба, қабоҳат ортгани сари,

Ёмонлик асбоби даҳшатда бадтар.

Лаъинга дарс берар Худо билмаслар,

Яхшиларга, Поён, раҳматим минг бор.

Қ А ТЪ И Я Т

Ваьдаку бермадинг, йуқ ҳам демадинг,

Йиллар ўтиб бир инсофга келмадинг.

Бепарво эмассан, менман интизор,

Азобли тунларим надир, билмадинг.

Соғинчим зиёда ахъён қўнғироқ,

Келмадинг, ёнимда бир зум қолмадинг.

Куйдирдинг демасман, меҳринг сезаман,

Юракка ёпишган дардим олмадинг.

Рашким жиловлайман, кутиб садоқат,

Ағёрга қайрилиб, нигоҳ солмадинг.

Ор-номус девордир, ғурур кўндаланг,

Ибодан, ҳаёдан асло толмадинг.

Нимадир етишмас, нимадир ортиқ,

Кўнгил топиш қийин, бирга кулмадинг.

Поён, шукуҳ каму, тортиниш зиёд,

Катьият ғамламай, жойдан жилмадинг.


БАРДОШ

Йиллар ўтар, аҳду паймонлар сўнар,

Елкага дўзахий шайтонлар минар.

Измига кўндириб, онтларни бузар,

Ёмонлик дояси – унга шу ҳунар.

Вужудда ғимирлар манфаат қурти,

Иблис гиж-гижидан болалаб кетар.

Қўлдан чиқар жилов, ҳирс қўзғар нафсинг,

Айшу ишратнинг ҳам чироғи ёнар.

Ғурурли, одилваш кеча сен эдинг,

Наҳотки, мард кимса ўтмишдан тонар?

Ҳижрону, фироқдан мағлубсан, билсам,

Наҳотки, довулдан қулайди чинор.

Илоҳий оламдир, бу дунё мубҳам,

Пардада тутади донасин анор.

Йиқилган туради, билурсан, Поён,

Хазоннинг ўрнида майсалар ўнар.


ЁМОН

Олим касга ичи қоралик ёмон,

Умрида яхшилик қилмоғи гумон.

Илмига амални қилганда эди,

Ўзига танқидий қарарди ҳар он.

Наҳотки, ҳасад ҳам ирсият бўлса,

Ака бўлмишда ҳам аён шу томон.

Сут билан кирганми бу кўзи торлик,

Ҳатто, ортдан ҳужум қилмайди қобон.

Ёзавер китобинг, мавзу оз эмас,

Ўзингни билмагил нуктадон дебон.

Бағрингни кенг қилғил, дунё етарли,

Ғийбатдан сақлангил, сайратма забон.

Осилма сабабсиз, осилганлар кўп,

Ноҳақлик важҳидан кетма юз тубан.

Мен Поён Равшанман, эслатиш бурчим.

Ярашиқли иш қил, ўйлагил обдон.

ҚАРЗ ВА ФАРЗ

Соядек эргашар, бордир бир нозир,

Қайда бўлма, ёнингда удир ҳозир.

Лозим топса, зумда оёқ– қўл боғлар,

Кимсан, қарими-ёш, тутмайди маъзур.

Ул лаълин шайтонга тегмас тоабад,

Мангу тирик эрур Ҳазрати Ҳизир.

Иблиснинг малайи, Худодан қайтган,

Бир муддат яшайди, айш қилиб, ҳузур.

Лек ўзин Фиръавндек билганлар тездан,

Дўзахнинг қаърида тортади таъзир.

Ўлим нозирини унутма, зинҳор,

Яхшилик йўлидан юрганинг арзир.

Савобли ишларни кўпайтир, ахир,

Мўмин бандасига эзгулик фарздир.

Ҳожи Поён, ўйлаб босгил қадаминг,

Келдингми дунёга, кетмоғинг қарздир.

ФИРОҚИНГДА

Фироқингда, ёрим, тентирайман кўчаларда,

Ҳаловатим йўқдир тонг отмаган кечаларда.

Адо қилди, нетай, айрилиқнинг аламлари,

Ачиниш йўқ бу ҳолимга, мазах нечаларда.

Жудоликни, ё Раб, кўрсатмагил ҳеч бандангга,

Бахту ризқин бутун айла нону кулчаларда.

Ўтар кунга раҳна солиб, эзар нола, фиғон,

Мисол тахтдан тушиб, ўтиргайсан шолчаларда.

Мажнун сўрар ҳолинг фақат, нотавонсан,

Жилва қилур сароб, ҳислар ҳар ён сочиларда.

Лаҳза йўқки, кўзда ёшинг, эслаб хумордурсан,

Шундай ёзмиш лавҳни сенга қисмат бичиларда.

Ломакондан излар излаб топган борму, Поён,

Дийдор истаб қиёматдин, умид ечиларда.

БАҲОР НАСИМИ

О, баҳор насими, эсавер майин,

Ғунча баҳра олсин очиб чиройин.

Алвон ёзсин даштда лолақизғалдоқ,

Интизор кутганман хут, ҳамал ойин.

Ой юзли зулфларни эркалаб уйғот,

Чечаклар саралаб, тутқазгин тайин.

Эпкининг сочларни ўйнатсин, майли,

Не бўлсин, санамнинг тополгин ройин.

Рўмолин тортқила, таралсин ифор,

Кўклам ҳавосидан тўлдир саройин.

Субҳидам етказгил соғинч саломим,

Сабо хушбўй айлар учрашув жойин.

Гул фасли еллари баҳравар, тотли,

Поён дер, ҳар тонгда сизни қучайин.

ЯХШИЛИК

Яхшилик, ҳар куни сени ўйлайман,

Муждалар кутаман, йўлга бўйлайман.

Кўпнинг қаторидан ажратма, арзим,

Қўлимдан келгунча мадҳинг куйлайман.

Кутдим,кутяпман, тўрт бўлди кўзим,

Тамом унутдинг-ку, нетгум, нетгайман.

Ҳавасни келтирар сен бўлган ерлар,

Ҳасад пойлаб келар, дашном айлайман.

Хаританг бўлсайди қўлингда аниқ,

Топиб келармидинг бизни, ўйлайман.

Манзилинг чеклаган инсофсиз гала,

Қутиларсан бир кун, аниқ билмайман.

Кутиб мен тунларни тонгга уладим,

Бил, йўлинг тўсганни кўзга илмайман.

Иноят бўлажак, қучоққа олгум,

Кутмоқни, эй Поён, канда қилмайман.

КЕЛУР

Тонг маҳал ҳаёлга дилрабо ўйи келур,

Боғ ичра гўёки хиромон, бўйи келур.

Гулларга парвона, ўзи гулдир Шоҳсанам,

Бўстон ичра пайваст ифори, бўйи келур.

Еллар шўхдир, ўйнар завқда зулфи торини,

Кўз ўнгимга тобона, гулгун рўйи келур.

Ўйлар, ўйлар, тотли ўйлар, тарки йўқ ўйлар,

Нисбат шулким, ўзга фикр– хаёл қуйи келур.

Жонланади тасаввурда ясоғлик карвон,

Карнай– сурнай янграр, ёр била тўйи келур.

Тузилгандай базми Жамшид, ёр-ёрлар саси,

Ипакдайин эшилувчи уд куйи келур.

Поён Равшан, субҳидамда ният ижобат,

Насиб, юртга бардавом тўйлар ойи келур.

КЕНАГАС ОЙИМ

Малика Ойчучук, Кенагас ойим,

Чиройинг фаровон бермиш Худойим.

Шаҳрисабз пайкари, эшитиб номинг,

Саройда зилзила, хонлар ҳам қоим.

Ақли хуш, назокат, дилрабо, зебо,

Фасоҳат шева – ю, атвор мулойим.

Мурча бел, сарвқомат Кешнинг сулуви,

Гўзаллик бу элга меросдир доим.

Хижилдир гар офтоб этса тажалли,

Юзин ёпса зулмат, қиёмат қойим.

Васфидан лол эрур Қўқон, Бухоро,

Арзини эшитган подшоҳлар ҳалим.

Гўзаллик ғолибдир, салтанат мағлуб,

Ойчучук нигоҳи ширин такаллум.

Тарихинг битмишдир орзиқиб Поён,

Кеш– Қўқон риштасин боғладинг, маълум.

КЕЛСАНГ

Ишлар юришганда қувончга тўлсанг,

Шукрона айтибон яйрасанг, кулсанг.

Хазина шарт эмас, амал ҳам ҳатто,

Бас, кўнгил кўтарар бир мужда десанг.

Саломга аликлар бўлса самимий,

Ва, фикрин айтишса юракдан, билсанг.

Монелик бўлмаса, эътироз тўсиқ,

Ушалса орзуйинг, не ният қилсанг.

Фарзандлар улғайса келтирмай ташвиш,

Аҳлинг ичра, қани, обрўли бўлсанг.

Муҳтожлик кўрмасин таниш– билишлар,

Орзу-тилак шулдир, қулоққа илсанг.

Ҳали тугатмадим фикримни, Поён,

Бафуржа сўзларман ёнимга келсанг.

МАРДОНА ЎЗИНГ

Шоҳмалик, лочиним, мардона ўзинг,

Малика келиним, дурдона ўзинг.

Аллоҳ инояти ярашиқ Сизлар,

Ҳаётнинг ҳикмати пурмаъно, ўзинг.

Боболар боғлаган, ришталар чайир,

Довруғин ёйгувчи жаҳона, ўзинг.

Қутлуғ бўлсин қадам, бардавом мудом,

Бири шунқор, бири жонона ўзинг.

Ойдин бўлсин йўллар, хонадон файзли,

Фарзандлар бахтига парвона ўзинг.

Шоҳмалик, Малика фахрим, ишончим,

Мулким ривожида равона ўзинг.

Узоққа шайланган карвонга оқ йўл,

Ортда қолар, насиб, домона, ўзинг.

Мартаба, саодат яхшилар урфи,

Пок дилни ардоқлар замона, ўзинг.

Мукаммал бахтингиз тиладим Поён,

Ватан ичра бўлинг омонда, ўзинг.

ЖАҲОНИМ МЕНИНГ

Темурбек таянчим, жаҳоним менинг,

Шаҳризода моҳи тобоним менинг.

Боғимнинг булбули, очилган гули,

Танда жоним, руҳи равоним менинг.

Илоҳдан тилагим ойдин йўлингиз,

Кўз нурим, қувончим ҳам жоним менинг.

Эварам опичлаб ҳовли айлансам,

Ушалган ниятим, шу шоним менинг.

Отангиз, онангиз карвон бошида,

Сафдаги норларим, имконим менинг.

Насибдир вақтингиз, Аллоҳдан карам,

Ифорин таратсин райҳоним менинг.

Журъатли, шукуҳли, оқила лобар,

Қутлуғ мудом, аҳду паймоним менинг.

Келажак ишончим, умидим, бахтим,

Олам узра қасру айвоним менинг.

Мартаба, омонлик ҳурмат, истадим,

Набиралар, Поён иймоним менинг.


АЗИЗАМ

Азизам, қалбдасан, ҳамон ўшал воламан,

Лаҳза аро албат исминг тилга оламан.

Қоматинг, атворинг, навозишу табассум,

Ҳамонки, эслаб, муҳибу мубталоман.

Ҳаёлим паришон, ёлғизлик ўртар ёмон,

Тунлари ўзим билар унсиз бир ноламан.

Кундузим хазин куй, келадир қайдан наво,

Қўзғар дардим эзгин оҳанг, қулоқ соламан.

Йўқликка сингиган руҳлар маконда мубҳам,

Самар йўқдир, изинг ахтаргувчи баломан.

Увиллайди шамол, изғирин, дайди еллар,

Булут бўлиб, тинмайди куз ёшлари жоламан.

Арқон эдик бир замон, бирга қилин эшган,

Ўзим қолиб титилдим, чун тола– толаман.

Гарчи танда жон бордир, ёндадир Садафим,

Поён, сурат, сийратда дер, бирга қоламан.

ЭЙ, ҚОРАКЎЗ

Эй, қоракўз, сен истаган чаманзор шунда,

Хушбўй таралган бўстон, гул– гулзор шунда.

Ғунча лабида шабнам, устда яшил қабо,

Барг остида қўриқчи, ки дилозор шунда.

Раста-раста ясанмиш атиргул, райҳонлар,

Толиб бунда кўп экан, қизғин бозор шунда.

Нақш олма, анорлар, боғ тўрида нозанин,

Хумор-хумор ошиқлар, бор интизор шунда.

Ағёр низо толиби, эшик пойлар, э воҳ,

Ушшоқ деган бариси ундан безор шунда.

Лоф уради худкоми, ишқ баҳри бегона,

Ҳасад хўрлаб севгини, берар озор шунда.

Даста гулни илиндим, олурми, эй Поён,

Англадим, йўқдир мендек дардин ёзар шунда.

ОЛИБ КЕТАЙ

Бир жавоб айт, пайкарим, дарёдай тўлиб кетай,

Жон олгувчи сўзингнинг муштоғи бўлиб кетай.

Боғ эшигин очиб қўй, амрингга мунтазирман,

Қамиш бирлан ғумайни битталаб юлиб кетай.

Гулга қиёс айласам, энг сараси ўзингсан,

Хуш бўйинг-у ифоринг садқаси, толиб кетай.

Ағёр кўзи ўйилсин, ёнимда хиромон қил,

Ҳавас туйсин Фарҳодлар, бу йўлда ғолиб кетай.

Чиройингга асирман, оқила, сарви равон,

Буюрғил, хизматингда то абад қолиб кетай.

Сен бирлан, эй санамим, орзу-ю ҳаёлларим,

Гар навозиш этмасанг, тақдирдан нолиб кетай.

Тошкент, Урганч, Қўқондан эшитдим муждаларни,

Поён айтур, бахтимни Қаршига олиб кетай.


ИШТИБОҲДИН

Олам гулистондир, эй дўст, аҳли иттифоқдин,

Ҳаёт бардавомдир ақлу тажриба, сабоқдин.

Жойи осойишмас беша, бордир оҳу, арслон,

Талош тўхтамас бир он, озурда жон нифоқдин.

Умид бўстонлари чирой очур боққан сайин,

Қора қуюнлар кўп ўрлади кўҳна равоқдин.

Нечун кундуз, нечун кеча, алмаш нуру зулмат,

Бойлар кутар бойлик, нечун тўни минг ямоқдин.

Яхшилардан обод олам, яшар меҳр – оқибат,

Нафси бузуқ ҳудком офат, кулфат– урушқоқдин.

Дунё сафо, келасан бир, яша завқин суриб,

Хулқи хушлар давраларда булғайлар муштоқдин.

Поён Равшан ёздим ғазалимни қалбим жўшиб,

Ниятимдир халос топмоқ ғаму иштибоҳдин.

      ЎТТИЛАР

Унутмадим, лек мени унуттилар,

Ағёр бирла сувларни тиниттилар.

Исташмади, исмимни демадилар,

Ҳошияга сўроқ қўйиб кеттилар.

Чўмич қўлда, шопирдилар бўзани,

Яқинларга қадаҳларни туттилар.

Давра узра қаҳ-қаҳ отиб кулдилар,

Даври келди, муродига еттилар.

Девор баланд эрса, хатлаб бўлмайди,

Иғво қориб мағзавага туттилар.

Маккор улар, кучли улар ҳам ёвуз,

Фарзандларга, ҳатто, тошлар оттилар.

Меҳнат нима, хизматингни кўрмаслар,

Худбинликда бўғзигача боттилар.

Тизгин маҳкам олчоқларнинг қўлида,

Амал дебон виждонини соттилар.

Шул читтакни, наҳот билмас катталар,

Ёнга олиб, хижолатга боттилар.

Поён Равшан, даргоҳига сол барин,

Ноҳақ зулмин чекиб, кўплар ўттилар.

БИЛМАДИМ, БИЛМАМ

Кўришмоқ насибми, билмадим, билмам,

Ҳаёл тутқич бермас, югурик, илдам.

Ўйладим, ўйловда тонглар оттирдим,

Бир бор эсладингми бу қулни, қайдам?

Йиллар кечди, оромим йўқдир, вале,

Кўрмасам, куймасам не эрди фойдам?!

Парвойи палаксан, озурда санам,

Бир бор деганмисан бу, “ошиқ, шайдом”?

Билмассан, то ҳануз муштоқман дийдор,

Ҳижрон селобидан намлидир дийдам.

Тўрт кўча нарисан, етишим қийин,

Оралиқ масофа музлаган, сийдам.

Армондир бир нигоҳ,мушарраф айла,

Поён билгил, сенга абадий ҳамдам.

БОҒЛИҚДИР БЕЛИМ

Жуда кеч, кечикиб, силтадим қўлим,

Энди кесишмайди сен ила йўлим.

Юрак хазойинин афшон айладим,

Етган озурингдан тепада қўлим.

Умидим, ишончим бўлди-ку сароб,

Ўйлабман саҳрони фаровон, сўлим.

Булоқ деб билганим шўр сувли қудуқ,

Ағёр қуритмоқчи тиниган кўлим.

Шайтони лаъиндан сақлагай Эгам,

Армонда тўлғонди нотавон дилим.

Кўрмадим, қумсадим, эсладим, куйдим,

Хазон фасли етиб, қавради гулим.

Йилларни қаритиб, кўз тутдим, нетай,

Дариғ тутди ҳосил эккан ниҳолим.

Агарчи, армонда айтдим алвидо,

Ҳожи Поён, шукрим, боғлиқдир белим.

ВАҚТ ТУЛПОРИ

Қадимий қалъалар бир уюм тупроқ,

Ер билан биттадир Кисро қурган тоқ.

Бетўхтов чопади вақтнинг тулпори,

Манзилга етолмас ортдаги йўртоқ.

Йўлларнинг писдирма, буримлари кўп,

Хунхорлар изғийди ўлжага муштоқ.

Олисни кўзлайди тизилган карвон,

Қўнғироқ сас берур бўлибон маёқ.

Интиҳо билмайди ўзанган манзил,

Кимда ишонч мудроқ, кимда иштибоҳ.

Мозорлар дуч келар, қўйинди жойлар,

Афтода бир ҳолга тушади сиёқ.

Бир муддат юкиниб, ғимирлар одам,

Қолади марқадда чириган таёқ.

Довонлар ошилар, ястанар водий,

Ҳориган кўзларда учқун, иштиёқ.

Ким қайси бекатда топади ҳузур,

Жавобни ҳозирлар илоҳий сўроқ.

Ҳаловат истайди сафдошлар, Поён,

Тинмаслар, шошарлар, манзил кўп йироқ.

БИР КУН

Зориқтириб, зориқтириб келарсан бир кун,

Ўшал айём бўлар менга ниҳоят зўр кун.

Ваъдаларинг баландлади тоғлардан, не тонг,

Ўтаётир ҳафта, ойдан жамланиб шўр кун.

Жирингласа қўнғироқлар муждалар кутдим,

Шамол ўйнаб эшигимни чертади ҳар кун.

Дарак йўқдир, ташриф қайда, жилвагар сароб,

Интизорлик аламида ҳафсала пир кун.

Булутлардан аримади, осмоним ғубор,

Кеча-кундуз қисқа тортиб, туюлар тор кун.

Ҳавас қўзғор бахти ёрлар, ишлари бешлар,

Кимларгадир соя ташлар зулматли хор кун.

Саодатим, соғинтириб келарсан, албат,

Бисотда умидларим, шукрона, бор кун.

Сабру бардош, яхши ният йўлдошим, Поён,

Бахт етаклаб, кириб келар омадим ёр кун.

БОРДИР

Бағри хун, бенаво маҳзунлар бордир,

Қилганда нолалар бу олам тордир.

Қорага етмайин кетганлар қанча,

Кўпларнинг қадри йўқ, бир сабаб, хордир.

Қадамда намоён икки хил манзар,

Талтайиб юрганлар омади ёрдир.

Дунё шул, феълини англамоқ мушкул,

Қуйида тамкинлик, тоғда виқордир.

Учишдан бенасиб қанча парранда,

Парвози баландлар-лочин, шунқордир.

Яхшилар туғилар яхшидан мудом,

Одамнинг ёмони золим, хунхордир.

Ношудлар, лақмалар келтирар ташвиш,

Одам ўзлигининг либоси ордир.

Диёнат, манфаат азал мувозий,

Меъёрдан ортиғи ҳаром, мурдордир.

Фалсафа бағри кенг, эй Ҳожи Поён,

Ҳаётнинг шарҳига донишу қодир.

УЗР

Бурунги гиналарни қўй энди жўрам,

Умримиз шитобида яшайлик хуррам.

Эслагил, ёшлик чоғлар , қўлтиқда тарвуз,

Туюларди ҳаёт гоҳи боғи Эрам.

Жам бўлишиб, дўстлар чиқиб қир-адирга,

Ўйин ўйнаб, гоҳида олардик ором.

Тушмас экан бир текис қўяжак қадам,

Чалғидикми, билмадим, бузилди маром.

Кўрмадик, кўришмадик, бўлдик бегона,

Дунёда бордир ахир хотира, карам?

Сувлар оқиб кетди, қайтмас энди ҳаргиз,

Йўқотиш мендан, сендан, очмайин ярам.

Ҳақ ўзи бенуқсон, бизгадир гуноҳ тан,

Араз эмас, ярашда инсон муҳтарам.

Ришта боғланг, деб турур анбиё, Поён,

Қадрдон, дўстга таъзим, вожибдир эҳтиром.

ЭСГА ОЛДИМ

Эсга о лдим бедор кутганларимни,

Йўлларингга кўзим тутганларимни.

Ҳамон унутмадим бирор жумласин,

Самарқанддан нома битганларимни.

Қисқа бўлар эди узоқлаб висол,

Ёдга олдим олис кетганларимни.

Таҳсил чоғларида соғинчим баланд,

Эъзоздан ҳаёлдан ўтганларимни.

Қўлларинг тутардим, қалбда ҳаяжон,

Бахт атаб васлингга етганларимни.

Шитобли бўлмаса бунчалар ҳаёт,

Орқада қолдирди айтганларимни.

Бисотим, овунчим хотира қолди,

Ҳижрон дедим ойим ботганларини.

Нечун унутайин оразинг, Поён,

Абад билдим қадам отганларимни.

ҚАЙТИШ

Тентираб, қайтдим яна олислардан,

Ғуборинг топмадим кент, улуслардан.

Кулбам ичра яна хомушман, ёлғиз,

Ёришмади дил ҳордиқ, сўлишлардан.

Овунчлар зўраки, ғашланди юрак,

Туйдим малолат, бевақт кулишлардан.

Турналар тарк этган, изғирин, совуқ,

Бойқуш ковак ичра ғам, нолишлардан.

Булбул бадар кетган бошпана излаб,

Хазон тўзғиб қолган йўқ хонишлардан.

Сукунат титрайди шоҳларда баргдек,

Қадаҳ безган тўкилиб, тўлишлардан.

Ҳаёлим қопқасин ланг очиб қўйдим,

Бошин кўтармас ўйлар болишлардан.

Чироқ сўнди аста, тун қайтди Поён,

Бошлади зулмат юрак тилишлардан.

ЭЙ, САНАМ

Эй,санам, сен каби сулув, қоши камон йўқ,

Билурсан, мен каби дунёда ҳеч ёмон йўқ.

Шаҳримиз битта-ю, даҳа бўлак , йўл бўлак,

Ўртада саҳродин мисоли ўзга бадбин ёбон йўқ.

Ёшлик чоғлар писандмасди бекат, кўчалар,

Кўнгил қаримаган, аммо, танда дармон йўқ.

Ўтаверар экан йиллар тизилиб, қатор,

Хумор айлаб, ваъдаларга вафо ҳамон йўқ.

Малол олма, қовоқ солма, билиб қўй, жоним,

Исминг тилга олмаганим лаҳза-ю он йўқ.

Бу бошимдан нелар ўтти, қанча жафолар,

Парвойингга келтирмадинг, асло гумон йўқ.

Айрилиқни кўрган билар, бошга тушмасин,

Билма, билмай яша, аммо, кўпдан ниҳон йўқ.

Тинглаб боқ, ёмонни, қўлингдан келур, Поён,

Яхши сўз малҳамдир, бундан ўзга эҳсон йўқ.

НАЗМОРО

Назморо бўстонда сайр айламоқ давлатдир,

Кишики, бу завқдин айро бўлса, ғафлатдир.

Туркона ғазалда маъно, махзан, фасоҳат,

Дилрабо оҳангда жилвагар ҳикматдир.

Маҳлиё этгайдир маснуъ, достон олами,

Ишқнинг тараннуми жозиба, нафосатдир .

Мавлоно Лутфийким, тизмиш сўздан марварид,

Қур солур юракка, ҳар мисра балоғатдир.

Назмиёт соҳибқирони ҳазрат Навоий,

“Сарви гулрў келмади” сатри малоҳатдир.

Ашъори мунаввар Бобур, шоҳ ила шоир,

“Оёқ етгунча кетгайман”– футувватдир .

Нодира, Огаҳий,Машраб, Фурқат ғазали,

Шеърият қасрига безак берган санъатдир.

Минг йилки, назму наср элда ифтихор ғурур,

Кўнгил мулки, Поён, анъана давоматдир.

ЯШАДИМ

Ҳаёт маъносини англаб, суйиб яшадим,

Фарахли дамлардан қониб, тўйиб яшадим.

Кўз очиб танидим отам, онам, уйимни,

Қариндош– уруққа меҳрим ийиб, яшадим.

Болалик чоғимдан жойладим қалбга Ватан,

Ғурурим, миллатим, жонга қўйиб яшадим.

Кеч билдим, таассуф, мустабид ёлғон сўзин,

Ҳурлик деб ўртаниб, ичда куйиб яшадим.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации