Электронная библиотека » РАВШАНОВ ПОЁН » » онлайн чтение - страница 6

Текст книги "ВАТАН МАНГУ МАКОН"


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 09:00


Автор книги: РАВШАНОВ ПОЁН


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 6 (всего у книги 7 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Мақсудга амаллаб етаверамиз.

Илоҳдан илтижо, қилмасин муҳтож,

Диёнат йўлидан кетаверамиз.

Тўкинчилик бўлсин, ризқи рўз ортсин,

Қаноат ойинин тутаверамиз.

Кам қилмасин Эгам, дер Ҳожи Поён,

Юртга ўзни фидо этаверамиз.

ОДАМКИ, ИНТИЛСА, НИЯТГА ЕТАР

РУБОИЙ-ТЎРТЛИКЛАР

. . .

Одамки, интилса, ниятга етар,

Истиғфор юракдан – гуноҳлар кетар.

Қочган ҳам, қувган ҳам дегайдир Худо,

Адолат ажрими даргоҳда кутар.

. . .

Танқиддан тумтайиб қолибди раҳбар,

Ўзин билса, ҳақ гап айтилди зинҳор.

Қилдан қийиқ излаб энди овора,

Нафақа ёшида масъул иш бекор.

. . .

Шодлигу мусибат аралаш дунё кечадир,

Бандаси умрида ўт-олов, сувлар кечадир.

Оқиллар иш қилар эртани, индинни ўйлаб,

Орқада қолгани тарихдир, ўтмиш, кечадир.

. . .

Тарбия, шароит, дейлик, мукаммал,

Ками йўқ таҳсилнинг, жойида амал.

Савия нечундир чорлар иштибоҳ –

Юзаки қўйилган вақтида тамал.

. . .

Кўнгилни кенг қилу, ташвишга чокар бўлма,

Ҳаёл дарёсида беҳуда оқар бўлма.

Яратган меҳрибон, омад юзланар яна,

Олдга умид боғла, ортга боқар бўлма.

. . .

Этик, махси пойгакда, калишлар тўрга чиқди,

Адлу инсоф қувғунда, хонишлар тўрга чиқди.

Чўри бўлиб орият манфаатга тиз чўкди,

Қадру қиммат зор қақшаб, нолишлар тўрга чиқди.

. . .

Ғийбат шаҳар кезар, қишлоқ оралар,

Миш-миш қанот қоқар, зумда тарқалар.

Сарой холи эмас иғво – бўҳтондан,

Ҳасад тинч ётмайди, ковлар, қоралар.

. . .

Шубҳасиз сен оқил, бозор кўргансан,

Давраларда бўлган, назар кўргансан.

Фикримни, барибир, айтмоғим лозим,

Мақтовдан етгани озор кўргансан.

. . .

Биз келдик дунёга шамолдай бўлиб,

Шажара қўялдик тамалдай бўлиб.

Ўтган вақт туюлар гўё ювилган,

Зумда қурир дока рўмолдай бўлиб.

. . .

Мевали дарахтга отилар тошлар,

Ситамга чидайди саботли бошлар.

Бир кун қулар дарахт, ёрилар калла,

Чегара билмайди, деманг бардошлар.

. . .

Неча кун ўчоқда ёнмайди олов,

Мозор сукунати, кўринмас улов.

Ярим очиқ эшик, ун чекар шамол,

Аёл кетган, уйда эгилган ялов.

. . .

Оила устувор касби кордан ҳам,

Юқори туради номус– ордан ҳам.

Шаънини, қадрини тутингиз баланд,

Фарзандлар қолади йўқ-у бордан ҳам.

. . .

Фақат ният билан яшаб бўлмайди,

Тер тўкмасдан, сўзсиз, ошаб бўлмайди.

Интилмай, курашмай, меҳнатдан тониб,

Омадга поёндоз тўшаб бўлмайди.

. . .

. . .

Азизам, аяма ширин сўзингни,

Дунёга алишмам қора кўзингни.

Нигоҳинг солсанг гар чайқалар олам,

Суртаман манглайга босган изингни.

. . .

Истибдод замони кечди сиёсий,

Мақсади – мазлумлар бўлсинлар осий.

Диёнат топталди, қизил жаҳолат,

Миллатни эзишда бўлди бош васий.

. . .

Бойми ё камбағал муаммоси бор,

Беўйлов ишларнинг бир “аммо”си бор.

Қадамни қўйишда ўнга, сўлга боқ,

Дарёнинг тўғони, кўл, дамбаси бор.

. . .

Изғиринда ҳамал келди, ҳут ўтди,

Дала – даштда кўкламади ўт, ўтди.

Қурғоқ эди, Худо берди ёмғирни,

Ризқ етишди – дону мева, тут, ўтди.

. . .

Сен етмаганга бировлар осон етар,

Сен осон етсанг, ўзгалар сарсон етар.

Енгилу оғир деб, лек, турмагил қараб,

Гар Ер айланмаса, ногоҳ ларзон етар.

. . .

Оқибатли дўстдан айрилма зинҳор,

Муддао йўлидан қайрилма зинҳор.

Силлиқ деб юрмагил музлаган ердан,

Таянчни йўқотиб, тойрилма зинҳор.

. . .

Яхши одам билан дуч бўлган кунинг,

Кайфият зўр бўлар, ишда унуминг.

Худо кўрсатмасин, ёмон учраса,

Дилингни ғашлатар, қўзғотар жининг.

. . .

Рассом Садриддин Салимов хотирасига

Умри бўйи чизди дунё суратин,

Англай деди Илоҳ сиру қудратин.

Ифода айлади сийрат, шамойил,

Садриддин бўлиб у битди журъатин.

. . .

Кўчангни тозала – савобнинг кони,

Кўприк қургил, агар бўлса имкони.

Гар қурбинг келмаса, яхши сўз дегил,

Ободлик касб этар қалбнинг макони.

. . .

Хоксорлик кўп яхши, манманлик ёмон,

Нишонни ўқ тешар тортилса камон.

Йўлидан адашса, айниса замон,

Энг аввал чинорлар топмайди омон.

. . .

Замона отланган қай томон, дўстлар,

Қомати тикмидир ё камон, дўстлар?

Олдинда йўқмикан писдирма, ўпқон,

Жавоблар иштибоҳ ва гумон, дўстлар.

. . .

Йигитсан белингга боғлагил қамиш,

Айтгилчи, ғайратдан битмаган қай иш?

Журъатни шиор қил, ўзингдан ортиб,

Ёрдамга муҳтожга, албатта, қайиш.

. . .

Кор қилмай қолмайди дуонинг кучи,

Қарғишда олинар ночорнинг ўчи.

Нописанд зўравон, нохақ кимсалар,

Охирда пушаймон, армон қилгувчи.

. . .

Бойликни қувганлар етдилар, топди,

Ғурбатни қувганлар тутдилар, топди.

Хотиржам яшайди ночор, камбағал,

Мансабни қувганлар ўтдилар, топди.

. . .

Дунё шундай экан, бепарво, лоқайд,

Кими сайёд экан, кими эса сайд.

Бир зум тинмас экан ўрмонда шикор,

Бир томон вайрона, бир томон бунёд.

. . .

Кечаги ночорлар бойиган бугун,

Миллиард йиққанлар сабаби тугун.

Амалга минганлар ҳовучлаб олтин,

Баридан айрилиб, бўлдилар нигун.

. . .

Бойликнинг тури кўп чеки, ҳадди йўқ,

Нафси амморанинг девор, садди йўқ.

Изидан тушганлар соғлигин берар,

Борар жойни кутиб, эгик, қадди йўқ.

. . .

Сўзингнинг маъноси, туйири бўлсин,

Бедовнинг даласи, уюри бўлсин.

Катта иш бошлабсан, ортга қайтиш йўқ,

Кўз қўрқоқ, қўл ботир – моҳири бўлсин.

. . .

Шишага қамалган жинлар улфатинг,

Ичишдан тўймадинг, шудир кулфатинг.

Кайф дединг, воз кечдинг бари – баридан,

Эсиз одамийлик сиёқ, меҳнатинг.

. . .

Оқ билан қора бор, нур бор, соя бор,

Жарлик бор,ўпқон бор, чўққи, қоя бор.

Бу олам асоси зиддият, инкор,

Разолат, фоҳишлик, одоб, ҳаё бор.

. . .

Яхшига, ёмонга инсоф бергувчи ўзи,

Амридан эрийди тоғлар, дарёлар музи.

Ҳайрат боисидир олам, абадий меҳвар,

Ягона подшоҳдир, одил, мангулик қози.

. . .

Нодонга тегмасин мансабнинг зўри,

Амалга чиқмасин калтабин ғўри.

Нафсини тиёлмай, кетади тубан,

Пора юрт тушови, нуфуснинг шўри.

. . .

Бечама бойликни йиғди анови,

Пора қопқонида ушалди дови.

Мўлжалда эканин билмади сира,

Қўлда кишан, борми ечим – қалови?

. . .

Омад чопди, бойлик келди бечама,

Кўчмас мулку, уйлар олди бежама.

Қисмат надир, ё Раб, қўлида кишан,

Қайга элтиб тиқди уни хомтаъма?!

. . .

У одам танирди чўнтакка қараб,

Долларни чўзмаснинг ишидир хароб.

Мансаби куч эди, йиғди, йиғди, денг,

Омад юзин бурди… Гўристон қараб.

. . .

Муҳтож эмасмисан, мутеъ, муттаҳам,

Ғуруринг муҳайё, фаросатинг ҳам.

Шу асно ҳурматинг қилишар маҳкам,

Ижобий не борки, кўришар баҳам.

. . .

Аралаш, шошилинч ишимиз, аттанг,

Диёнатга келмас ҳушимиз, аттанг.

Ҳалолу ҳаромга силтаймиз қўлни,

Йўқдир йўл кўрсатар кишимиз, аттанг.

. . .

У, бировни сўраса, “тирикми”, дейди,

“Нафақада ё иши йирикми?”, дейди.

Умри бўйи шундайдир, нафаси совуқ,

Нокасни эл, “ўлимга шерикми?”, дейди.

. . .

Гоҳо соқол қўяр, гоҳо бесоқол,

Баъзан бўри бўлар, кўпинча шоқол.

Ростламоқ, мосламоқ бўлади қадам,

Бу бобда тулкилик қолди лоақал.

. . .

Учар қуш ҳаммаси лочин, сор эмас,

Хонакига қанот ифтихор эмас.

Кимлардир ҳаволаб кетади, абас,

Дунёни қизғонар, етар, тор эмас.

      . . .

Очкўзлар тўймайди дунё молига,

Нодон сапчир боқмай ҳурди ҳолига,

Хашакни дағалин ёқтирмас мол ҳам,

Бўлсин ғаним, эрир сўзнинг болига.

. . .

Бузоқни подага бошлиқ қилдилар,

Ҳўкизлар кўнглини ғашлик қилдилар.

Иш кетмади, ўтди вақти бесамар,

Охири бузоқни шашлик қилдилар.

. . .

Санамлар бордирки, бу олам гўзал,

Самимий сўрошув ҳам салом гўзал.

Куйдирсин севганинг офтоб жамоли,

Бошқалар бенасиб бу алам гўзал.

. . .

Шоқолу тулкилар бўри бўлурми,

Нодон қилар ишдан кўнгил тўлурми?

Ўзининг кимлигин англамас одам,

Ёрдамку қилурсан, лекин, билурми?

. . .

Калта бўлса қўлни узатмоқ қийин,

Хунукни пардозла безатмоқ қийин.

Йўргакда ёпишган каттахилликни,

Туғма қусурларни тузатмоқ қийин.

. . .

Бир умр нолидинг ҳам пушаймон чекдинг,

Имконинг борида йиғмадинг, тўкдинг.

Насиба излама энди ўтмишдан,

Эртани кут кеча ниҳоллар экдинг .

. . .

Кўз тегмасин, жуда фаол бўлдинг сен,

Умринг бўйи суринмадинг, кулдинг сен.

Маддоҳликни роса қойил қилдинг сен,

Фақат…Ғаш келтириб, малол бўлдинг сен.

. . .

Тоғнинг виқоридан ҳайрат йўқ сенда,

Мардлар шукуҳидан ғайрат йўқ сенда.

Балиқдай соқову, қўйдай ис билмас,

Шамойилинг бору сийрат йўқ сенда.

. . .

Кўпларни алдаш осон ҳавойи сўзлар билан,

Ёлғонни тўқиш мумкин чақнаган кўзлар билан.

Афсунгар қайга борар, чиқади миси бир кун,

Манфаат, қилмиш қора айлаган юзлар билан.

. . .

Юлдуз сўнди нохос, ортида из қолдиму,

Йигит кетди, йиғлаб бир қора кўз қолдиму?

Дунё ўткинчидур, яшамоқ қадрига ет,

Ҳеч бўлмаса, ортда бирор яхши сўз қолдиму?

. . .

Қисинма, Аллоҳнинг айтган бўлар,

Омад ташрифидан иқболинг кулар.

Ғажирдай тепангда кунинг бермаган,

Ошиғи олчилар паймони тўлар.

. . .

Ялтоқлик яшовчан дастурдир бугун,

Очофат эъзозда, тўғрилар нигун.

Камондек эгилган курси ёнида,

Ўқ узоқ тушиши эмасдир тугун.

. . .

Мақоллар ҳам унутилиб боради,

“Дўст ачитиб гапирар” ҳам қариди.

Расман тилда мақом, амалда, кўринг,

Пештоқларга ажнабий сўз дориди.

. . .

Бировки экади, урувчи бошқа,

Фидо қолиб, айшни сурувчи бошқа.

Ҳақ гапни гапирган минбардан тушмай,

Ковушин тўғрилаб қўйувчи бошқа.

. . .

Куни туғди, вазир бўлди бир кун читтак,

Қўл чўнтакда, гердаяди, урар қиттак.

Нафсин қўйди, зуғум ила таъма қилди,

Вақт кутяпти қувилар у худди итдек.

. . .

Куйдирган кўп бўлди, куйдирма, сен ҳам,

Тўйганман итобдан, тўйдирма, сен ҳам,

Кўнглимга қараган йўқ энди, нетай,

Тўқима қовушмас уйдирма, сен ҳам.

. . .

Заранг ерда сув туради, дейдилар,

Нодон, ажаб, айш суради, дейдилар.

Замони келди-да йиғиб-терганлар,

Тўйхона, дўкон қуради, дейдилар.

. . .

Йўргакда ёпишган қилиқ кетмайди,

Лўттибознинг сўзи ўрин тутмайди.

Ваъда кўп, амали Учқўрғон кетган,

Ўросалоқ одам иши битмайди.

. . .

Ойдин бўлсин юрганинг йўлинг,

Очиқ бўлсин ҳамиша қўлинг.

Ёлғизлаб қўймагил ҳеч қачон ўзинг,

Ҳамрозларга тўлсин ўнг ила сўлинг.

. . .

Кўршапалак ишин тунда битказар,

Яхши тожир молин кунда ўтказар.

Замондан ўзишган ғийбатчилар бор,

Ҳар қандай миш-мишни онда етказар.

. . .

Пишиқлар зарарга ишлаган эмас,

Тўғрилар ҳаром нон тишлаган эмас.

Биз билар қанча қуш келади-кетар,

Бу юртда бир бора қишлаган эмас.

. . .

Қимирлаган қир ошар, ўтирган буйра,

Юрган дарё, шаҳарлар кез, ўйна –яйра.

Бедана ё тўти бўлма, қумри мисол,

Қафас эмас, дала– даштда жўшиб сайра.

. . .

Эй фалон, исломни қўрима, эгаси бордир,

Осилиб кўрдилар, осилган бариси хордир.

Пайғамбар айтгандек, динда тутгил ўртача йўл,

Сидқидил, содиқ бандасига Яратган ёрдир.

. . .

Эй фалон, наби эмас, ҳожисан, холос,

Муҳтасиб бўлмагил, қўй, нечун эҳтирос.

Ҳижозга бормай, аввал қаерда эдинг,

Кўп ўтмай, яна, эски ҳаммом, эски тос.

. . .

Сен унинг ўтини хом урганинг йўқ,

Таниш ҳам эмассан, наинки, қуюқ.

Қўлингда қаламинг, ҳасади шундан,

Ўзини ҳисоблар ягона, буюк.

. . .

. . .

Олдига ёғлироқ иликни ташла,

Ва, дегил “Қоравой, ановни тишла”.

Дайдиб юргандида, энди қорни тўқ,

Бажарар не буюр, десангда,” қашла”.

. . .

Тадбир, тантаналар ямлагайдир пул,

Тузилма, нарх –наво ошар муттасил.

Иқтисод, тежамоқ ниҳоят мушкул,

Кимлардир бойиши имкондан нуқул.

. . .

Саломга алик ол, олдин салом бер,

Яхшилик уруғин зарра –зарра тер.

Мўминсан амалу бойликдан пешво,

Ҳаммани бир хилда кўтаради Ер.

. . .

Илон кесган йўллардан юрмаган маъқул,

Шердан қолган ўлжага талпиниш мажҳул.

Сўқмоқ солмоқ қийиндир, қайтма изингга,

Қайтган бари адамдир, кўрсатар таҳлил.

. . .

Бозорда расталар, қатор тимлар кўп,

Элчилик тумовга даъво, эмлар кўп.

Ҳайвонот аҳли ҳали кўрмаган -

Икки оёқ маҳлуқ– думсиз думлар кўп.

. . .

Чангни чиқармаган пода бўлмайди.

Қайси юртда айтинг гадо бўлмайди?

Тиланчи “маданий”– мусиқа чалар ,

Қашшоқлик дунёда адо бўлмайди.

. . .

Ҳар чеҳра, билсангиз, очилган китоб,

Қошу –кўзга боғлиқ ўқилажак боб.

Сўзлардан билинар, савия, атвор,

Фосиқми, фозилми, ёинки ахбоб.


. . .

Ёмон деган от кўтармоқ не фойда,

Ҳазар қиладурлар ундан ҳар жойда.

Яхшини кутарлар, иззат қиларлар,

Олтин ялтирайди, ҳаттоки, лойда.

. . .

Аламлар ўтади, унут ҳам бўлар,

Саодат етишар, иқбол ҳам кулар.

Ёт бўлган қариндош бир куни келар,

Кулбанг ёритмоқ– чун кўкда ой тўлар.

. . .

Бошингни кўтаргил баланд,замондош,

Фалакда чароғон нур сочар қуёш,

Термулиб оёқнинг остига давом,

Ёруғлик кўрмадинг айлабон бардош.

. . .

Кунгабоқар нури учун қуёшга боқар,

Надимлари хушомадла бошлиққа ёқар.

Олдда мақтар, ортда эса… Худо билади,

Танг келганда бир– бирининг пўстагин қоқар.

. . .

Оқилга йўл кўрсат, кетади эплаб,

Нодонни етакла, бормайди ҳоҳлаб.

Шамойил одаму, ҳайвон феълли кўп,

Юрганлар шуларку дунёни қоқлаб.

. . .

Миллатнинг тавсифи анъана, тили,

Динидан ажралган мустабид қули.

Ўзлиги,ғурури, номуси, ори-

Инсонлик эркининг бардавом йўли.

. . .

Қариндош– уруғинг бўлсин омонда,

Кунингга ярайди яхши– ёмонда.

Риштани маҳкам қил, олийжаноб бўл,

Иноқлик иш берар ҳамма замонда.

. . .

Осмон ўйилмайди бир гапдан қолсанг,

Кичрайиб қолмайсан насиҳат олсанг.

Асабни чайнама сабринг қалқон қил,

Фойдаси намоён таҳлилга солсанг.

. . .

Бўлсин деймиз бўлмаган ишлар,

Тўлсин деймиз ризқдан идишлар.

Умид билан яшаймиз ҳатто,

Ушалсин деб кўрилган тушлар.

. . .

Ният яхши бўлса, орзу амалга ошар,

Қадрин билган кўпдан қолмас, хотиржам яшар.

Бойлик, амал,мавқе истаб бировлар шошар,

Макка бирдан қурилмаган, билади башар.

. . .

Хатолар қилади ҳатто даҳолар,

Бир кун тўлиб, тўкилади юҳолар,

Аввали бўлгандек, бордир охири,

Мустасно эмасдир ҳеч бир соҳалар.

. . .

Аҳвол сўрмоқ меҳру оқибатдан,

Ривож ҳамда касод рақобатдан,

Кўпнинг дуоси кўл, яхшиликлар,

Элга етар хайру саҳоватдан.

. . .

Кечирмоқ учун мардона юрак керак,

Ваҳшийдан сақланмоққа тиғ –яроқ керак.

Ўз ҳолин билиб яшашга нелар етсин,

Катта кулбага кичкина чироқ керак.

. . .

Салтанатни семиртирар солиқлар,

Лолдир фақат денгиздаги балиқлар.

Ҳоҳ қармоқда, ҳоҳи тўрда овлайвер,

Талпинмасдан тушар мисли ўликлар.

. . .

Одамзод бордирки, бордир армони,

Кимда алам, кимда қувонч хирмони.

Дунёдан беҳуда бўлма гинадор,

Бахтга кафил сабру бардош қўрғони.

. . .

Амални берибди, талтайиб кетма,

Бурнингни кўтарма, саломсиз ўтма.

Тоғни кўр, ҳайбат зўр, аммо бир четда,

Сен эса сиғмайин, оламдан йитма.

. . .

Ҳар инсон бир олам, каттадир, кичик,

Ҳар юртда тоғлар бор, дарёлар, кечик.

Саҳролар, дала – дашт, гуллаган водий,

Бепоён муҳитлар, сувлар бор чучук.

. . .

Эр ўғлида бордир билак ва тилак,

Ҳаёт бу, аслида, сарҳадсиз элак.

Челак сол қудуққа, ташналаб, дадил,

Йўқса, нечун чўлда қилмоқ жонҳалак?!

. . .

Эркак зоти кашфи асли мўъжиза ,

Аёл яралгани қўшқанот тоза.

Яшамоқ мазмуни асоси жуфтлик,

Ҳаёт давом этар абад покиза.

. . .

Сувни кўрмай этик ечма, шошилма,

Саёз билиб,кўлни кечма, шошилма.

Кўп йўл юриб тепаликка чиқибсан,

Нафас ростла, баланд учма, шошилма.

. . .

Тепага чиққанда тушишни ўйла,

Қаттиқ гапирсалар, мулойим сўйла.

Масофа сақлагил дўсту ёр билан,

Ота– онанг, уйинг жонингга жойла.

. . .

Умримиз тақвими Илоҳдин ҳозир,

Афъолу тийнатга Ўзидир нозир.

Юришу , туришу ҳаракат биздан,

Ишни “бисмиллоҳ”дан бошласак арзир.

. . .

Ҳақиқатни кўрмоқ учун кўз керак,

Тўғрисини айтмоқ учун сўз керак.

Кўрмасанг,айтмасанг қолмайди пинҳон,

Ҳақни тан олмоққа доим юз керак.

. . .

Эркакдирсиз, ахир, бачкана бўлманг,

Мардликдан чекилиб, жувондай кулманг.

Шижоат ярашар, жиддийлик тағин,

Қилиқлар, хушомад… Назарга илманг.

. . .

Бунча кўпаймаса бачкана феъллар,

Ибо қайда? Кетди юракдан зиллар.

Диёнат ғафлатда ,кофирлик авжда,

Номзоддир дўзахга харомхўр қуллар.

. . .

Деразамдан боқиб турар қизил гул,

Дилгинамни ёқиб турар қизил гул.

Нафосатнинг гўзалликнинг рамзи ул,

Қизлар сочга тақиб турар қизил гул.

. . .

Душманим қутирган, ямлайман дейди,

Қадрдоним, кел, палов дамлайман дейди.

Кўнглим тўқ, таваккал қилганман Ҳаққа,

Ҳар банда ярқироқ манглайман дейди.

      . . .

Тушди мустабид қиш қўлидан қилич,

Хут қозонида сут шопирар чўмич,

Қирларда майсалар тизга уради,

Сакрайди, ирғишлар куюккан чибич.

. . .

Пешонада ёйилди ёмғир томчиси,

Булутларни ҳайдади шамол қамчиси.

Ноғора қоқди-да,сўнг очди фолини,

Баҳор, гул ва булбулнинг содиқ ромчиси.

. . .

Ҳайёмдан рубоий ўқиғил ҳар чоқ,

Майхона риндларга очади қучоқ,

Ғамларни унут дер,– косагул дилбар,-

Биз тушган кемамиз пистадан пўчоқ.

Миродил хотирасига

Беғубор , покиза масъум бир дудоқ,

Кун сари йўғрилиб, ўсгувчи идрок.

Ҳаётда бир ғунча сўлди-ку, э воҳ,

Каҳқашон сарига учди-ку гўдак.

. . .

Нур эдинг, ёритдинг дилларни бир зум ,

Ҳур эдинг, парилар айлади таъзим.

Бахт эдинг, оламга сиғмадинг не тонг,

Тобе этиб кетдинг дийдорга мазлум.

. . .

Қирчанғи от кўпкарига ярамайди,

Минг қилсанг ҳам, қарға асло сайрамайди.

Чўмичга чиқади қозонда не бори,

Пичоқ ўткир бўлса, ошпаз қайрамайди.

. . .

Маккора аёллар, шулар дунё бузарлар,

Фисқу фасодидан, иноқ уйлар тўзарлар.

Қирқ хачир кўтара олмас фириб, ҳасадин,

Ёмонликда, шаксиз , иблислардан ўзарлар.

. . .

Зилзила солади аёлнинг макри,

Қарқуноққа дўнар эрман дегани.

Қардошдан ажратмоқ ўй ила фикри,

Қўлида бўлади қамчи, жўгани.

. . .

Гар ғубор бўлмаса мингга кираркан одам,

Ҳузуру ҳаловат, роҳат кўраркан одам,

Ғам андуҳ қораси ўчса дунёдан абад,

Балки минг ёшини яшаб юраркан одам?!

. . .

Яшамоқ бобида мусобақа абасдур,

Аксини демоқлик ғирт нодонликка хосдур.

Катта гапирганлар ҳолини кўрдик, вале,

Билурмиз, кўнирмиз, бари тақдирга мосдур.

. . .

Мен нима дейману, қўбизим нима,

Куйлайди дард билмас ҳофизим нима.

Сувларку оқади энишга қараб,

Кимдурман, сафсата, тамизим нима.

. . .

Қўрилган жойгаким, ит бўлади ўч,

Қудратга айланур, гар бирлашса куч.

Чўққига чиқдингми, ҳовлиқиш нечун,

Қанотни кенг ёз-у, бургутдайин уч.

. . .

Неклиги бўлмаса, сайларми Худо,

Мақомин сарбаланд айларми Худо.

Гап энди саришта, феълига боғлиқ,

Бесабаб, бегуноҳ найларми Худо.

. . .

Омад шундай экан, келса кетмаскан,

Ҳоҳлаган чоғингда қўлинг етмаскан.

Бехато топади борар манзилин,

Кутганларни эса, атай кутмаскан.

. . .

Қозон, капгир қилди бир кун можаро:

–Қўйнимга қўл тиқмай, топмассан чора?!

–Тотли бўлсин дейман, чўмични кўргил,

Таоминг қолдирмас бир томчи, зора.

. . .

Булутлар чодрасин бошига солиб,

Шамолнинг зуғмидан қочади нолиб.

Заминда бормикан овлоқ бир гўша,

Мен ҳам борсам эди бўлибон толиб.

. . .

Бу ўтар дунёда бўлмағил мағрур,

Қайғуриб ўзингни айлама хароб.

Бургутдай чилпарчин эртага ғурур,

Шодмонлик боқади маъюсга қараб.

. . .

Олимда олим бор, одамда одам,

Кўриниш бир, шўру шириндир бодом.

Даража, унвонин , нишонин қўйгил,

Савобга тушганми у босган қадам?

. . .

Имкон дўконида қалашган ҳасад,

Ҳавас ҳам етарли, харидори кам,

Текинга берилар фисқ ила фасод,

Натижага қараб тўланар дирҳам.

. . .

Олчи бўлавермас доим ошиғинг, Мойга ботавермас чўмич, қошиғинг.

Торинг ҳам узилар, қўлингдан тушар,

Тингловчи топилмас , эски қўшиғинг.

. . .

Ваъдалар ҳавойи, баридан тўйдим,

Ғийбатларни майдалаб, келида туйдим.

Хотиржам яшамоқ учун дунёда,

Лоқайд бўлмоқликни юракдан туйдим.

. . .

Бу кун анжуман тўрида ноғора чалар,

Жаҳд қилар, амалнинг зўрида ноғора чалар.

Авж парда маҳлиё айлади, ҳаволаб кетди,

Вақт етди, панжара тўрида ноғора чалар.

. . .

Офат кони бахиллик, ичи қоралик,

Ғаламислик, писмиқлик, қитмирлик.

Кўролмаслик, ҳасадлар бузар оралиқ,

Бари ортдан санчилар, тиғдир ўткирлик.

. . .

Косани тўлдиргил, гуногун майдин,

Сўрама кимсан деб, келдинг деб қайдин.

Олимман, дарвешман, шунчаки, косиб,

Биттаку онамиз– шу дунёи дун.

. . .

Куймоқлик, ёнмоқлик қонимда, нетай,

Изтироб ситамлар жонимда нетай.

Бечора сифатлик яшамоқ абас,

Бир вулқон қайнайди танимда нетай.

. . .

Не бўлса, мардлар пешонадан кўрар,

Кўппаклар ташланар, лайчалар ҳурар.

Итларга қўшилиб, ит бўлмас ҳаргиз,

Одам ўғли одамликни пеш билар.

. . .

Бўлинган неча бор бўлинган дунё,

Гоҳ Шарқдан, гоҳ Ғарбдан тилинган дунё.

Наҳотки, низосиз яшолмас инсон,

Охир, келажакка илинган дунё!

. . .

Ниҳоят бачкана феълимиз, эй воҳ,

Қовжираб, қорайган дилимиз, эй воҳ.

Ғийбатга мослашган тилимиз ,эй воҳ,

Оқибат, ёлчимас элимиз, эй воҳ.

. . .

Оҳ дунё ишлари, дунё ишлари,

Телба– тескари ҳам кўп ташвишлари.

Ким ғаний, ким гадо, ким шод, ким нолон,

Ким роҳатда, ким чопар ёз– қишлари.

. . .

Малол келмас ҳазиллар, кўнгил кўтарар,

Малол келувчи зиллар, жарга итарар.

Сўзни ўйлаб гапирмоқ ақлу билимдан,

Тийиқсиз тил эгасин бир кун битирар.

. . .

Эзар, мудом икир– чикирлар,

Ёқодан олди майда фикрлар.

Деразани оч оқсин ҳаво,

Ёйсин қулочин тоза зикрлар.

. . .

Озгина мақтаб қўй, кераги бордир,

Руҳимга рағбатнинг тираги бордир.

Ёзганим қимматин баҳола одил,

Поённинг ҳам кўнгли, юраги бордир.

. . .

Қашқирлар ёпишса қулатмай қўймас,

Қайнона терс бўлса йўлатмай қўймас.

Туҳматлар, бўҳтонлар ёқодан олса,

Ҳар қандай полвонни сулатмай қолмас.

. . .

Зимзиё тупроқдан ёруғлик томон,

Интилади майса бус– бутун, омон.

Ўрилиб, янчилиб, қисматин кутар,

Бошоқдан айрилган бир уюм сомон.

. . .

Ҳар ким нима қилар, ўзига қилар,

Ўйлаб эрта келар рўзига қилар,

Оқибат билмаслар нодон кимсалар,

Нонкўрликни еган тузига қилар.

. . .

Эртакда бўлгани каби у бойиб кетди,

Кошоналар қурди, довруғин ёйиб кетди.

Ёқосин ушларди кўрса Амир Олимхон,

Бўлмади, нохосда оёғи тойиб кетди.

. . .

Бойликда чиқишар казо-казолар,

Туҳфалар олишар, қилар мазалар.

Қўлларин тортишар, танишмас мутлоқ,

Бошга иш тушганда, етса сазолар.

. . .

Тасалли истамам, майли, рақибларим зўр,

Пойгакда мағрурман, улар эгаллаган тўр.

Чунки,орқаси бор, асло қоқилган эмаслар,

Мен эса, йиқилдим, қаддим ростладим базўр.

. . .

Рақиб бўлмоққа майдасан, жуда майда,

Тезлашлардан ўзингни англайсан ойда.

Анҳорга бор ўйлаб кўр , юзингни чайда,

Англаб ет, ниҳоят, қолганинг чанг, лойда.

. . .

Сен учун ёзаман, азизим, одам,

Шеърларим қалбимдан бахшида мудом.

Васфингни тоабад битур шуаро,

Улар қаторида бўлмоқ муддаом.

. . .

Тиндирамиз мақтов деган матоҳни,

Эшитмаймиз ёндан чиққан оҳ-воҳни.

Ўзимиз тинч қўшни бўлганча бўлсин,

Аллоҳ кечирарми биздай гумроҳни?

. . .

Улғайиб боради авлодлар секин,

Йўлларда машаққат оз эмас лекин.

Боболар қисмати кечмаган енгил,

Ҳеч замон саодат юзланмас текин.

. . .

Хилватда йиғилар уч-тўртта улфат,

Манфаат важҳидан сохта илтифот.

Фалонни орадан кўтармоқ мурод,

Билмаслар, ўзларин пойлашин кулфат.

. . .

. . .

Шерга ярашмайди тулки қилиғи,

Ҳаёт шу-да, бордир совуқ-илиғи.

Кеча ёмонлаган бугун мақтаса,

Бўлиб қолмас яхши, одам силлиғи.

. . .

Эъзозу эхтиром сенга, замондош,

Тилагим камолот ҳам сабру бардош.

Яхшилик йўл очар иқболга фақат,

Одамийлик бўлсин шиоринг, қардош.

. . .

Майдалашиб кетилди бизлар томонда,

Кимдан ўпка қиласан бундай замонда.

Эшик очмас қўшнилар ҳатто кундузи,

Ҳорма – бор бўл тўхташи жуда ёмонда?!

. . .

Ҳайру файзни қочирма нохуш ўйлар билан,

Ахир,умринг кечмайди ҳар кун тўйлар билан.

Ҳаёт шудир, чидайсан иссиқ-совуғига,

Яхшилик кўкламас қайғуни сўйлар билан.

. . .

Ари бол тўплайди минг гулга қўниб,

Чўпон қўй боқади совуққа тўниб.

Яшамоқ важҳида тинмайди жонзот,

Оғирга– енгилга бу йўлда кўниб.

. . .

Яхшилар йўлин тут,оқибат кутлуғ,

Ёндошма ёмонга, хавотир тўлуғ.

Токи олам пойдор, ота боболар,

Бир-бирдан ўрганиб бўлганлар улуғ.

. . .

Ассалом, шеърият, эй қутлуғ чаман,

Бағрингда фозиллар қурар анжуман.

Сўздан олам битмоқ– ноёб истеъдод,

Устуни ҳикматдир унда бегумон.

. . .

. . .

Ўтаётган кунлар– тортилган арра,

Ҳаётнинг қасридан ушотур зарра.

Келганлар кетади, қайтмайди ортга,

Тиклаб бўлмас умрин иккинчи карра.

. . .

Ҳасаднинг итлари жуда қопағон,

Искович лайчалар хато топағон.

Ёқмаса қадаминг, ишларинг чатоқ,

Жароҳат солмоққа улар чопағон.

. . .

Армон, пушаймондан қарийди одам,

Тавбада гуноҳдан арийди одам.

Ёмонлик билмаса, нафсини тийса,

Ерга туширилган парийди одам.

. . .

Гуллар чиройлигу, тикони нечун,

Рашкчими, қўриқчи, имкони нечун?

Яхшининг ёнидан жой олган ёмон,

Савдони қизитган дўкони нечун?

. . .

–Илмлини билимсиздан фарқланг, устоз?

Жавоб қилди аллома ўйлаб бир оз:

–Шакли ўхшаш, бири кеча, бир кундуз,

Йўл юрар бири қисқа, бири дароз.

. . .

Нафснинг бозори гавжум, қайнайди,

Бунда хачирлар сўлиқ чайнайди.

Қовун ранг олар қовундан, э воҳ,

Тозаман деган нечов айнайди.

. . .

Топганинг, гарчанд, бугунга етиб турибди,

Яхшими– ёмонми кунинг ўтиб турибди.

Белингни боғла минг қўйли бойдайин, укам,

Ғурурлини олдда иқбол кутиб турибди.

. . .

. . .

Мақсадга етилмас риёзат чекмай,

Талаби соя бўлма дарахт экмай.

Осмондан тушмагай омад ва давлат,

Самара олмассан ердан бел букмай.

. . .

Аблаҳлик машқининг боши – ёмонлик,

Гуруч терилмаса тоши – ёмонлик.

Разилликнинг бўлмас катта – кичиги,

Ғанимнинг миннатли оши – ёмонлик.

. . .

Унутилмас қариндошдан етган ситам,

Бағир ўртар дўстлар қилган хиёнат ҳам.

Яқиндан отилган ўқ яраси оғир,

Ки, битмоғига бунда умид жуда кам.

. . .

Ёмонга тенг бўлиб, обру тўкмағил,

Пуч уруғни пайкалинга экмағил.

Эртанинг ғамин е, кечиримли бўл,

Муроса қилмаслар охири сабил.

. . .

Ирода измида бардамдир одам,

Қатъият бўлмаса, унмайди қадам.

Яна ғайрат, лафзу шижоат, журъат,

Руҳият кўтарар мададдир ҳар дам.

. . .

Ёғочнинг бўшини қурт ейди, аниқ,

Тоғда, булоқда сув мусаффо, тиниқ.

Кўнгил ҳужрасидир қулфли, калитли,

Билмайсан ичкари зулматми, ёниқ.

. . .

Бир парча нон билан мамнун фуқаро,

Лек шоҳлар тўймайди бойликлар аро.

Камбағал кўнгли тўқ кечса бугуни,

Тахт ғамидан подшоҳ дилидир яро.

. . .

. . .

Қовун тугар бир палак таъми, хили бошқача,

Олча, ўрик ҳам гилос, тикон, гули бошқача.

Хонадонда шароит, тарбия ҳам мувозий,

Лекин, ака-уканинг дили, тили бошқача.

. . .

Нурга ошуфта бўл, чироғинг ўчмасин десанг,

Ёв-ла муроса қил, бўҳтонлар боcмасин десанг.

Дунё муросадан пойдордир, ўйлабон кўргил,

Сулҳга ахтаргил йўл, ёмонлик қучмасин десанг.

. . .

Биби Хонум десам сизни, ярашар,

Оқ либос, сарв қомат, ҳайратим ошар.

Ўн саккиз ёшингиз эсимда, ҳай-ҳай,

Чиройдан жунунга дўнарди башар.

. . .

Одамнинг писмиғи жайрадан ўтар,

Ўнғай келганида жон жойдан тутар.

Фидоий тинч турмас, ёнади, тутар,

Ўзига, ўзгага яхшилик кутар.

. . .

Яхшими – ёмонми сурибмиз даврон,

Қанду асал едик, баъзида гаврон.

На амал, на бойлик яшаш мазмуни -

Йилга тенгдир ёр ила кечган ҳар он.

. . .

Деразангни очгил, кирсин соф ҳаво,

Кенгликлар беғубор ҳамда мусаффо.

Бижғиқ, майда гаплар тушовин ечгил,

Кўнгил тўқлигида бордир кўп сафо.

. . .

Жўнаш аниқ бўлса, жилгинг келмайди,

Ҳаёт тотли, умид узгинг келмайдур.

Югуриб елибон тинчиган чоғда,

Оёқсиз сафарга чиққинг келмайди.

. . .

. . .

Сафарда йўлдошдан айрилиш оғир,

Чўққига чиққанда тойрилиш оғир.

Оёқнинг тагида ғимирлар кулфат,

Манзилга етганда қайрилиш оғир.

. . .

Олтин лойда эмасдир ниҳон,

Кулда чўғни қолдирар гулхан.

Яхши – ёмон айтилган сухан,

Топар манзил адашмай шу он.

. . .

Яхшиликнинг бўлмас катта – кичиги,

Ёмонликнинг майдаси йўқ, очиғи.

Уммон, денгизларнинг шўрлаган суви,

Кўлларда жамланган зилол чучуги.

. . .

Агарчи музлабсан, илиб гапиргил,

Чархлама асабинг, кулиб гапиргил.

Оғизни Худойим ҳаммага берган,

Вақтида, жойида билиб гапиргил.

. . .

Одамлар одамдай яшаши учун,

Ватанда осойиш, тинч бўлсин очун.

Салтанат раийят ғамини есин,

Адолат қадамда кўрсатсин кучин.

. . .

Қўлдан келмас ишга чиранма зинҳор,

Кичик бир амалинг айлама виқор.

Пўписа сўзларни гапирма қайтиб,

Ичдаги қаҳратон, музлатар, йиқар.

. . .

Магар яхши бўлмаса, ёмон бўлармиди,

Учли ўқ бўлмаса, ҳеч камон бўлармиди?

Кўҳна дунё тугаб битмас, низо зиддият,

Шукрки сулҳ бўлмаса, тинч замон бўлармиди.

. . .

. . .

Тасаввур қиламан кўрган – кечирганларим,

Кам эмас хотирдан унут – ўчирганларим.

Қадрин билмаганим талай, энди пушаймон,

Қумсайман омадни– қўлдан қочирганларим.

. . .

Ватан, ота-она, севимли ёр, қариндош,

Фарзанд , дўсту ёрлар, бўлса бахт умрга йўлдош-

Дунё, ҳаёт, яшаш маҳзани жамдур шунда,

Бу кимга муяссар мағрур кўтаради бош.

. . .

Алдайдилар, алдарлар, қизиқиш қолгани йўқ,

Бахту ,омад, аразлар йўлини солгани йўқ.

Алдаганлар алданар, умидлар сўнгани йўқ,

Хатоларни тўғирлаб, бу дунё толгани йўқ.

. . .

Дунёни ҳеч кимса орқалаб кетмас,

Бу йўлда елганлар, муродга етмас,

Қизғаниш, ўртаниш, нодонлик тамом,

Чунки,нафс қўрғони минг йилда битмас.

. . .

Жондан кечмоқ мумкин, умиддан эмас,

Қондан кечмоқ мумкин, умиддан эмас.

Ноумид Иблисга малайдир бешак,

Шондан кечмоқ мумкин, умиддан эмас.

. . .

Сен бу кун куляпсан, чўмичинг мойда,

Амалинг важҳидан кўряпсан фойда.

Бошидан ўтказган билар яхшироқ,

Навбат алмашмоғи азал қоида.

. . .

Оғирми– енгилми, юким ўзимга тандир,

Ўзгага ботмонин ортмоқ худбинга фандир.

Дунёга келибсан, одам қадрига етгил,

Бандаларга Аллоҳ бергани битта жондир.

. . .

. . .

Вақт етса, кўзлар ҳам сузилар бир кун,

Зил тушса, арқон ҳам узилар бир кун.

Оқибат, бўлмаса ўзаро ҳурмат,

Ошёнлар совийди, ҳувиллар бир кун.

. . .

Яхши гапга илон инидан чиқар,

Ёмон гапга пичоқ қинидан чиқар.

Юртнинг ҳашарига борганда ҳамма,

Ғаламис ўлганин кунидан чиқар.

. . .

Орани бузади ўтрик, рўё ҳам,

Қирғоққа бош урар ўжар дарё ҳам.

Куннинг ҳам, туннинг ҳам охири бордир,

Фасли баҳор сайрар булбулгўё ҳам.

. . .

Исён қилиб бўлмас тақдирга қарши,

Тасаввурдан буюк коинот арши.

Она Ер нисбатда сайёра зарра,

Лек ҳамон битмайди пардози, фарши.

. . .

Буюклик, улуғлик нисбатини қўй,

Олимсан, китобдан исботини қўй.

Унвонлар бугун бор, эрта ким билсин,

Тарих деб, қадамнинг мусбатини қўй.

. . .

Шону шуҳрат бир кун оздирар йўлдан,

Бойлик ҳам бевафо кетади қўлдан.

Амал кўрсатмайди оёқ остини,

Яхшиси қолмагин шу ҳоксор элдан.

. . .

Хоксору камтардан кулмади ҳеч ким,

Манманни яхши деб билмади ҳеч ким,

Мансаби, бойлиги тарк этгач уни,

Яқинлардан кўзга илмади ҳеч ким.

. . .

. . .

Сочлар қордай оппоқ, баҳордай кўнгил

Орзулар юракда тахтба-тахтдир мўл.

Яратгинг келади, юргинг ва кўргинг.

Қани кутиб турса, ўзинг юрмас йўл.

. . .

Тақдирдан қочганлар, қутилган борми,

Бахт , омад дегани ҳаммага ёрми,

Бу кун ернинг ортин кўрмоқлик осон.

Яшар саёйрамиз шунчалар торми.

. . .

Ғийбат бошланса агар, ғийбатни кесмоқ керак,

Ёмонлик режа бўлса, йўлини тўсмоқ керак.

Ҳушёру фаол бўлинг, яхшиликни қутқаринг,

Ниҳол ёлғиз қолмасин, чунки у ўсмоқ керак.

. . .

Оёғинг узангида, остда пишқирар саман,

Гар жиловни бўшатсанг, тўлғаб итқирар ёмон.

Қанча минган йўрғага кўнмайин, чоптирдилар,

Эгардан оғиб улар, топа олмади омон.

. . .

Мақсуд манзилига кўп эрур тузоқ,

Сабрнинг бекатида қолибман узоқ,

Бас дейди бардошим, энди тоқат йўқ,

Қолгани ўзинга боғлиқ эй Раззоқ.

. . .

Чавандоз кўп экан паҳлавон, чайир,

Улоқ айирмоққа бўлишган моҳир,

Қултой чол чўбирин якчирги миндим,

Ё Раб, навбатни менга ҳам бер, ахир?!

. . .

Одамни ўзгартирар, шароит, йиллар,

Кимда, узун кўпда қисқадир қўллар,

Мослашиб боради, ҳаттоки қушлар.

Каптару қарғани боқади йўллар.

. . .

. . .

Кафтда айланади бул глобал олам.

АҚШ га онда етар берилган салом,

Ахборот имкони бормоқда ошиб,

Фақат ёлғонлари қилдирар алам.

. . .

Бошда мубҳамроғу, тез ўтар ҳаёт,

Бири битиб, битмас бириси ният.

Энди ором умринг кечирар чоғинг,

Чўбин отнинг келиши оғир ғоят.

. . .

Олддан оққан сувнинг қадри бўлмайди,

Аканинг укадан кўнгли тўлмайди.

Яқинлар иттифоқ бўлмаса агар,

Оила барори, иқбол кулмайди.

. . .

Аллоҳ муқтадодир ёдимда ҳар он,

Нисор айлагумдир бир кун ширин жон.

Билмасман сўнгги кун юз берар қачон,

Тирикман, шукр айтиб яшайман инон.

. . .

Қадринга етдимми– ета олмадим,

Ўйлаб пушаймондан сира тоймадим.

Ғанимат у чоғлар қайтмайди энди,

Бошимга тушгунча афсус билмадим.

. . .

Оби ҳаво бир хил турмас, шамол, чанги бор,


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации