Текст книги "Авлиёлар авлиёси"
Автор книги: Шерхон Кораев
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 14 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]
Бола бошидан
Хондамир бу улуғ зот Навоийнинг Рамазон ойининг 17 чисида, яъни Пайғамбаримиз (с.а.в.)га ваҳий келган ва “Қуръони Карим” нозил бўла бошлаган кунда таваллуд топганида илоҳий ҳикмат кўради: ”Фазилат ва камолот йиғинларининг тўрида ўтирувчи бу зотнинг шарафли умридан тўрт йили ўтиб, тақдирни белгиловчи Зот (Аллоҳ таоло) маҳкамасидан унга таълим ва тарбия бериш иши фалак мактаби ўқитувчиси бўлган кўнгли ёруғ бир кишига ишониб топширилганда ва ул зот улуғ мартабали Соҳибқирон (Султон Ҳусайн)га мулозим ва ҳамроҳ бўлиб (яъни у билан биргаликда) мактабга бориб, таълим олишни бошлаганида ҳамда Худонинг мадади билан қисқа вақт ичида таълим олишда ўз тенгдошлари ва гуруҳдошларидан ўзиб кетганида, унинг нозик табъининг соғломлиги ва тўла-тўкислиги овозаси дунёнинг барча томонларига ёйилди ва унинг муборак зеҳнининг ўткирлиги қиссаси халқ орасида тилдан-тилга ўтиб, оғиздан-оғизга кўчди.Унинг асарлари дурлари фалак варақларини безади ва шеърлари жавоҳирлари дунё садафини қимматбаҳо дур билан тўлдирди”. Демоқчимизки, бола бошидан деганларидек, “авлиёлар авлиёси”да валийлик хусусиятлари гўдакликдан намоён бўлган, бу табаррук зотга Тангри таолонинг назари тушган эди.
“Жорубкашликни ихтиёр айлаган авлиё”
Шаҳзода Абулмуҳсин Мирзо ва Ҳусайн Байқаро ўртасида элчилик вазифасини ўтаб, ота-болани яраштиришга бел боғлаган Навоий Бозоргон манзилида подшоҳдан унга хожа Абдуллоҳ Ансорий мозори жорубкашлиги (супурувчилиги) мансабига ёрлиқ берилишини сўрайди: ”Сиз (Ҳусайн Бойқаро) бир вақт айтган эдингизки, мен подшолик ишлари билан шуғулланишдан қўл тортадиган бўлсам, шайх Нажмиддин Кубро мозорида тураман ёки хожа Абдуллоҳ Ансорий остонасини супурувчи бўламан”, – деб. Эндиликда бу иш сизга муяссар бўлмайди, менга эса Ҳижоз (Ҳаж) сафарига хоҳиш ва рағбат билан ижозат бермайсиз. Шундай бўлгач, энди рухсат берсаларки, сизнинг ваколатингиз билан қолган умримни Ансория остонасини супуришга сарф қилсам, мулозимлик ишларидан батамом озод бўлсам, чунки қарилик мадорсизлиги вужудимга таъсир кўрсатиб, қувват кетган, бадан заифлашган”. Бинобарин, Подшоҳ Навоийга мозор супурувчилигига ёрлиқ тақдим этади. Ҳоқони Мансур деди: “Модомики, Сиз менинг мамлакатимда бор экансиз, нимаики тиласангиз ва илтимос қилсангиз, муқаррарким, қабул шарафига мушарраф бўлғусидир”. Шундан сўнг бўлиб ўтган воқеаларни Хондамир “Ҳабиб ус–сияр” асарида давом эттиради. “Сўфисифат соф кўнгилли Амир (Алишер Навоий) тезлик билан шаҳарга бориб, пойтахтнинг (Ҳиротнинг) уламо, саййидлари, улуғ шайхлари, қозилари, фозиллари, олий табақадаги кишилари ва зодагонларини Гозургоҳнинг файзли мозорига тўплаб катта ош берди ва улардан дарвешлик ва гўшанишинлик йўлига ўтганлиги туфайли дуо қилишларини сўради ва бор ҳимматини хожа Абдулла Ансорийнинг мозорини обод қилишга сарфлаб, ўша руҳни орттирувчи мақомнинг ходимлари, саҳобалари ва арбобларига инъому эҳсонлар кўрсатиб, ул беҳиштнишон равзанинг дарвешлари ҳамда мужовирларининг рутбасини зиёда қилдилар”.
Тасаввур қилаяпсизми, давлат ва жамоат арбоби, йирик мулкдор ва Ҳусайн Бойқаро салтанатининг устуни бўлмиш мутафаккир қабристон супурувчилигига қўл урмоқчи? Сиз билан бизга Навоийнинг бу иши балки таажжубли туюлар. Аммо нафсини енгган, бир умр савобли ишлар бошида турган комил инсон бобомиз учун бу яна бир хайрли вазифадир. Мозор супурувчилиги билан Навоий дарвешлик йўлига киришни кўнглига туккан эди. Дарвешлик – поклик йўли, пок Парвардигорга элтувчи маёқ.
“Сўз санъати паҳлавони”
“Хамса” ёзиш илинжида Ҳазрат Навоий бир умрлик орзуси Маккаи Мукаррамага ҳаж сафарига отланаётгандек, табаррук зот Абдураҳмон Жомий ҳузурига йўл олади. Фариштасиймо Жомий шогирди билан суҳбатлашар экан, унинг нима мақсадда келганини Навоий айтмасада пайқади. ”Бу бир қилинмагану, қилиниши керак бўлган ва айтилмагану, айтилиши лозим бўлган иш эди… Агар бу оғир иш бўлса ҳам лекин бажарилиши сенга ҳавола этилган экан. Сен бу хазиналарга тамом юриш қилишинг, унинг тилсимотларини фатҳ этиб очишинг керак… Сўз санъатида сенинг шону шарафинг баланд, сўзлаш сенинг дурафшон таъбингга хатмдир. Сўзларинг бошдан–оёқ равон бўлиб, сен сўз санъатининг паҳлавонидирсан. Тезкор қаламингнинг маҳоратидан шунчалик умидвормизки, агар у ёзаётган пайтида сўз равонлик билан келиб қолмай, ўзи билан бирга яна қанчадан қанча об–ҳаётни ҳам оқизиб келиб, ер юзини ҳаётбахш сув билан тўйдириб юборади", -дейди улуғ устоз Жомий шогирдининг ташрифи чоғида уни илҳомлантириб (Алишер Навоий. Садди Искандарий Т. Ғ.Ғулом номидаги НМБ. 1991 й. 810-813-б). Носир Муҳаммад “Анқони маҳрам қилдингиз” рисоласида Навоий ва Жомий муносабатларига қуйидагича таъриф беради: “Навоий Жомий ёрдамида ўзидан илгари ўтган тасаввуф шайхларининг машҳур асарлари билан танишади, махсус истилоҳат, рамз ва ишоратлар сирини ўрганади. Форсийда битилган асарларига ва тасаввуф пантеистик таълимоти сингдирилган “Лисон ут–тайр” достонига “Фоний” тахаллуси қўйилиши ҳам бежиз эмас. Фоний бўлиш, Ҳақ йўлида ўзлигидан кечиш – сўфийликнинг энг муҳим шартларидан бири…
Жомий айни пайтда Ҳусайн Бойқаронинг ҳам пири эди. Султон Ҳусайн давлат ишларидан бўш пайтларида Жомий ва Навоий билан ҳамсуҳбат бўлар, тасаввуф ғоялари – тенглик, инсонпарварлик, адолатпешалик илмидан сабоқ оларди. Бу унинг туркий тилдаги рангин ғазалларида ҳам ўз аксини топган. Айни пайтда, икки машҳур шахснинг обрў – эътибори Бойқаро давлатининг барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган”.
Энг қисқа вақт ичида
Буюк Жомийдан оқ фотиҳа олгач, Навоий ишга киришади, бошқалар ўттиз йиллаб ёзган “Хамса”ни у туркий тилда биринчи бўлиб икки йилда ёзиб тугатади. “Агарда ёзилган кунларни ҳисобласак, бу олти ойга тўғри келади”, – дейди Навоий. Алишер Навоийнинг маҳорати шундаки, у “Хамса” орқали туркий тилнинг бутун латофатию жозибасини намоён этди. ”Бу достонларнинг туркий тилида бўлиши янада ажойиб… Ёзганларинг ўзингга жуда яхши кўринади, чунки ўз сўзинг бўлгандан сўнг ёмон кўринармиди?” – дейилади “Садди Искандарий”да.
Навоий “Хамса” хотимасида (насрий баёни) достонларнинг яратиш жараёнларида қуйидагича тасвирлайди: ”Хонамга келгач, қаламим учини созлаб сўз хазиналарини бирин-кетин тера бошладим. ”Ҳайрат” (Ҳайрат ул– аброр)га кўнглим қизиқиб, унга эл-улус ҳайратини уйғотдим. ”Фарҳод” (Фарҳод ва Ширин) ҳақида ўй суриб, тешавор уста бўлиб, тоғ текисладим. ”Мажнун” (Лайли ва Мажнун) афсонасини қаламга олиб, барча халқни жунун шайдосига айлантирдим. ”Сабъа” (Сабъаи сайёр)га таъбим яқин бўлиб, етти чархдан офарин эшитдим. Тилимга Искандар номини олиб, достон отини “Садди Искандарий” деб атадим”. Улуғ шоир “Хамса” ёзилган қоғозларни жузвдон(китоблар солиб юриладиган папка)га солиб, пиру комил Жомий олдига йўл олади.
“Битигайман ўттиз йилин ўттиз ой”
Улуғ мутафаккирлар узоқ йиллар мобайнида ёзган асарларни Навоийнинг қисқа муддатда ёза олиши, ўзига қатъий ишончи қуйидаги мисраларда яққол кўзга ташланади.
Бу майдонда Фирдавсий ул гурд эрур,
Ки гар келса Рустам жавобин берур.
Рақам қилди фархунда “Шоҳномае”
Ки синди жавобида ҳар хомае…
Ани дерга бўлса қачон рағбатим,
Эрур онча Ҳақ лутфидин қувватим.
Ки ҳар неча нутқ ўлса коҳилсарой,
Битгаймен ўттуз йилин ўттуз ой.
Ҳазрат Навоийнинг ўзига бўлган ишончи бежиз эмас. Бу албатта уни, юқорида таъкидлаганимиздек, Аллоҳ таоло доимо қўллаб турганидан далолатдир.
“Нега “Хамса” дейилади?”
Келинг, нега беш достоннинг “Хамса” деб аталишига жавоб изласак, “Ислом ақидаларига кўра бир кеча-кундузда ўқиладиган беш вақт намоз “ал –Хамсату”, дейилади. Динимизнинг беш устуни (рукни) ҳам – тавҳид (имон), намоз, рўза, закот, ҳаж – ўзига хос “Хамса” (бешлик)ни ташкил этади. Демак, Низомий достонларини “Хамса” туркуми сифатида талқин этилиши, унга Амир Хусрав ва Навоий жавоблари бежиз эмас. Алишер Навоий “Садди Искандарий” достонининг муқаддима қисмида бу масалага махсус тўхталиб, “Хамса”нинг ҳар бир достони ёзилишини куннинг маълум вақтларида ўқиладиган саҳар, пешин, аср, шом ва хуфтон намозлари билан қиёс этади ҳамда “Хамса”ни буюк тоғ чўққисига кўтарилиш мобайнида беш ўринда тўхтаб, нафасни ростлаш учун бино этилган оромгоҳга ўхшатади”( Буюк сиймолар, алломалар. М. Имомназаров Алишер Навоий. Т. А. Қодирий номидаги ХМН. 1996 й. 73 -74 –б).
“Ўзимдин ҳамул дамки ғойиб бўлиб”
“Хамса” ёзиб бўлингач, юқорида таъкидлаганимиздек, (”Маҳбуб ул– қулуб”нинг дебочаси ибораси билан айтганда) ”ғаройиб сирларнинг юзини очувчи, фақиру ҳақир, Навоий лақабли Алишер” беш достонни қўлтиқлаб, яна пири муршиди, нақшбандия тариқати азиз авлиёларидан, ”Хуросон”
мамлакатининг машҳур, етти иқлимга овозаси кетган буюк зотларидан устози Абдураҳмон Жомийникига йўл олади. Шогирдининг “бу дафтарлар”ини бир-бир варақлаб кўздан кечириб чиқар экан, мутафаккир бу ҳақиқатан ҳам оламшумул воқеа бўлганлигини тасдиқлаб, шогирдига таҳсин ўқиди ва уни дуолар қилди. Шу он бу покиза зот Алишер Навоийнинг елкасига қўлини қўйди ва бу билан ҳазратнинг ақл – ҳуши ихтиёридан кетди ва ғайб сирлари намоён бўла бошлади. Нажмиддин Комиловнинг “Тасаввуф” китобида ёзилишича, “… агар шайхлар, сўфийлар, бўлажак воқеаларни тушларида кўрсалар, комил инсонлар ўнгларида, яъни бедорлик ҳолатларида ҳам илоҳий олам сирларини англаб, халққа башорат бера оладилар. Аммо шуниси борки, комиллар ҳамма кўрган ва билганларини халққа ошкор қилмайдилар. Зеро, улар ўзларига маълум асрорни ўзлари олиб юриши, ёинки ўзлари даражасида бўлганларгагина айтишлари мумкин. Акс ҳолда ғайб ҳикматлари ошкор этилса, авом халқ нотўғри тасаввурларга бориши, шариат йўлидан адашиши мумкин. Ҳақ асрорини Ҳақнинг севган гуллари (авлиёлар) англайди ва кўтара олади. Бу юкни кўтаришга ҳар ким қобил ва қодир эмас”. Алалхусус, комил пир Жомий ўз даражасидаги бир умр камолотга интилган авлиё шогирдини ғайб оламига етаклайди (“Хамсат ул – мутаҳаййирин”да пир Жомийга хос фазилатлар мурид Навоийда борлигини айтар экан, бу билан Навоий ўзининг устози билан тенг мақомга кўтарилганига ишора қилади). Буни Навоий қуйидагича тасвирлайди;
Ўзумдин ҳамул дамки ғойиб бўлуб,
Манга жилвагар кўп ғаройиб бўлуб.
Кўриб ўзни бир тоза бўстон аро,
Қилиб гашт боғу гулустон аро.
Назоҳат келиб равзаманд анга,
Эрам сойири орзуманд анга.
Мутафаккир шоирлар даврасида
Пировардида мутафаккир Навоий ўзини унутган пайтида кўзлари қаршисида ажойибот ва ғаройиботлар жилва қилди. Албатта, бу Аллоҳнинг суйган бандалари азиз авлиёларда намоён бўладиган ҳолатдир. Аслини олганда, каромат арабча сўз бўлиб, ғаройиб, мўъжиза демакдир. Нажмиддин Комилов таъбири билан айтганда, каромат сўзи тасаввуфда кашф, мукошафа сўзлари билан маънодош келади. Кашф – беркилган, парда ортидаги нарсанинг қалбда зуҳур этиши, очилиши. Қайсарий деган шайхнинг сўзи: “Кашф – парданинг кўтарилиши, сўфийлар парда орқасидагиларни билиш, хабардор бўлишни кашф дейдилар. Махфийликнинг ошкор бўлиши, ғайб воқеаларининг англаниши ҳам кашфга киради. Мукошафа одатда сезгилардан ташқари бир ҳолатда юз беради, қалб тўридаги аллақандай сирли идрок йўлининг очилиши бу”.
Навоий ақлу ҳушию руҳидан жудо бўлган бу пайтда уни ҳавоси жаннат ҳавосидек баҳаво бу гўшада Ҳасан Деҳлавий (Хусрав Деҳлавийнинг дўсти) исмли киши қарши олди ва “Ҳов анов ерда мажлис қилиб ўтирган гўзал хулқли қутлуғ зотлар сен билан бир нафас кўришишни истайдилар…Улар маънавий кишилар (юксак руҳли) жумласидан бўлиб, маснавий усулида шеър айтган зотлардир. Хусусан, улар орасида “Хамса” ёзган одамлар ҳам бор, уларнинг “Хамса”лари маънавий бойликка тўла хазинадир”, – дейди у. Ҳазрат Навоий маънавий кишилар (маъно аҳли, юксак маънавиятлилар) сари ҳамроҳи билан юра бошлади. ”Ўртадаги муборак жамол пир Шайх Саъдий Шерозийдир, эҳтиром айлаб, хоки даргоҳ бўл, – дейди Ҳасан Деҳлавий йўлдошига юзланиб. – Ўнг тарафдаги зот эса “жаҳонни ларзага солган” Амир Хисравдир. Иккинчи томондаги эса устозинг ва пиринг Абдураҳмон Жомийдир. Агарда олдинги иккиси жисм бўлса, Жомий уларнинг жонидир, жон бўлса, жононларидир. ”Хамса”нинг хотимасида ёзилишича, бу ғайб оламидаги мажлисда барча қалам аҳли жамулжам бўлган. Навоий бузруквор зотлар ҳузурига отланар экан, Ҳасан Деҳлавий улуғлар билан хокисорлик ила муомала қилишни тавсия қилади. ”Журъат билан катта оғизлик қилма”, – дейди у.
Бу мажлиси олийда ўтирган барча табъ аҳли ўрнидан туриб, Навоийга пешвоз чиқа бошлади. Ҳазратнинг ҳамроҳи бир замонлар яшаб ўтган шеърият аҳли улуғларини бирма-бир таништира бошлади. Муслиҳиддин Саъдий Шерозий, Абулқосим Фирдавсий, Унсурий, Саноий, Ҳақоний ва Анварийлар билан Низомиддин Мир Алишер Навоий кўришиш бахтига муяссар бўлади. У ушбу олий мажлиснинг оддий тафсилотигача ёзса “бағоят чўзилиб кетади”, – дея тасвирламайди.
“…Низомий сари бошладилар йўлим…”
Шоир ҳамма билан қўл бериб кўришгач, аҳли назм Мир Алишерни ўзлари келган тарафга олиб кетишади. Ҳамма биргалашиб Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий ва Абдураҳмон Жомий ҳазратлари ўтирган жойга йўл олишади.
Тутуб Жомию Хусрав ики қўлум,
Низомий сари бошладилар йўлум.
Тўкуб ашк – мендек асири ғами,
Вале ҳар қўлимга тушуб оламе.
Вале мен бўлуб гарчи ўздин ниҳон,
Кириб ики илгимга ики жаҳон.
Манга Шайх бирла кўришмак ҳамон,
Муборак аёғига тушмак ҳамон.
…Бошим ердин олиб иноят қўли,
Қилиб жилвагоҳим ҳидоят қўли.
Шайх Низомий ўз ёнидан Ҳазрат Навоийга жой кўрсатади ва “Эй, ўткир табъингга фалак тенг келолмайдиган, одам аҳли орасида ягона бўлган зот! Фалак сени одамларнинг энг нодири қилиб яратди, шеърият бобида эса жамҳоншумул назм эгаларининг энг қудратлилари қаторидан жой олдинг. Ғазал ёзишга киришиб, сўз санъаткорларига сўз айтишни ҳаром қилиб қўйдинг. Назминг шуҳрати бутун жаҳон юртларини, жаҳон юртларинигина эмас, жон юртларини эгаллади. Энди маснавий йўлида ижод қилишга киришиб, қаламингдан тоза ва бебаҳо дурлар тўка бошладинг. Бу соҳада сен шундай муваффақиятга эришдингки, шеърларинг бошқаларнинг шеърларини пастга уриб ташлади. Сен сўз санъаткорлигида менга эргашдинг,ҳар нарсани қиладиган бўлсанг, менга мурожаат этдинг”, – дейди улуғ устоз (Алишер Навоий Садди Искандарий Т. Ғ.Ғулом номидаги НМБ 1991 й.816-822-б). Низомий ўз “Хамса”сида “Кимки “Хамса” ёзишни орзу айласа, сўз қиличимни ўткир тиғга айлантириб, бу олмос тиғ билан унинг бошини узай”, – деб ваъда қилганини эслайди. Албатта, Навоий таъбири билан айтганда, “Осонмас бу майдон ичра турмоқ, Низомий панжасига панжа урмоқ”. Аммо Ҳазрат Навоий ёзган “Хамса” маънавий устозларидан ўтганлиги, буюк воқеа ва буюк асар яратилганлигини англатиб турарди. Ғиёсиддин Хондамир “Макорим ул–ахлоқ” асарида ёзадики, гўзал хислатларга эга бўлган ушбу Амирнинг шеърий асарларидан бири Шайх Низомийнинг “Панж ганж” (“Беш хазина”) достонига муқобил тарзда ёзилиш шарафига муяссар бўлган йигирма етти минг байтдан ташкил топган туркий “Хамса” бўлиб, бу китобда кўпгина нозик маънолар ва гўзал фикрлар баён этилган. Ҳақиқатлар паноҳи Ҳазрати Махдумий Нуран (Абдураҳмон Жомий) ушбу асар таърифида шундай деганлар: “Туркий тилнинг қўлига ажиб бир ютуқ қоғози тушди, Бу нарса сеҳрли нафасга эгаларнинг оғзини ёпиб қўйди. Осмонни яратгувчилардан унга қалам келди, Ушбу ёқимли асар ўша қаламдан туғилди… Мўъжизали тарзда тузилган назм ўлчовида Низомий ким эдию, Хусрав ким эди. У бошқа тилда сўз айтгани сабабли, Ақл уларни бир – биридан фарқлашга ожиз қолди”.
У шундай “Хамса”ки…
Давлатшоҳ Самарқандий “Тазкират уш–шуаро” асарида ёзади: ” Ул латиф таъбдан ( Навоийдан) то шу кунгача нимаики содир бўлган бўлса, у унинг маърифатли шайх Низомий Ганжавийнинг (Тангри уни раҳматлантирсин) “Хамса”сига туркийча қилган жавобидир, яъни “Хамса”сидирким, улуғ амирдан аввал бирон кимса бу қадар фазлга эга бўлолмаган”. Абдураҳмон Жомий “Баҳористон” асарида ҳам буни эътироф этади: ”Низомий “Хамса”си муқобилида ёзган маснавийлари уч минг байтга яқин ва бу тилда ҳеч ким бунчалик кўп ва хўб шеър ёзмаган”.
Навоий “Садди Искандарий” достонида “Хамса” ёзишда Низомий, Деҳлавий, Жомий изидан борганлигини эътироф этар экан, жумладан шундай дейди: ”…унинг(“Хамса”) ҳар бир китобини ёзишда тафаккур денгизининг гавҳарини сочиб, улар (устозлар) достонига риоя қилганим ҳолда, зебу зийнатларини орттирдимки, буни шарҳ – баён қилишга лузум йўқдир. Буларни шундай таҳрир қилдимки, бу мазмунларни ўзгартиришга ҳеч ким йўл тополмаса керак.
Шундай қилиб, Тангрининг мадади билан у достонларни ортиқча гаплардан тозаладим, баъзи ҳикояларини эса ортиқча кўриб тамом олиб ташладим”. Бу эса ўз навбатида шоир томонидан асл, ажойиб, оригинал асар, яъни маънавий хазина –“Хамса” яратилганлигининг ўзига хос эътирофи эди.
“Маънолар хазинабони”
С. Эркинов, М. Ғанихоновлар “Низомий Ганжавий” китобида “Низомий номи ҳамма вақт Низомий Ганжавий тарзида Ганж, Ганжа сўзлари билан уйғун бўлиб келган”лигини таъкидлашади. Низомий сўзига Ганжавий сўзи қўшиб айтилганда унинг ватани Ганжа шаҳрига ишора эканлиги англашилади. Шоирнинг беш (панж) достонни бирлаштирган куллиёти ҳам дастлаб “Панж ганж” деб атала бошлади. Айни пайтда “Хамса” (бешлик) номи билан ҳам шуҳрат қозонди.
Буни Низомий асарларидан яхши хабардор бўлган Навоий ҳам таъкидлаб ўтган эди:
Фитрати мезони бўлиб, “Хамса” санж,
“Хамса” дема, балки дегил “Панж ганж”.
Ганж сўзи “хазина”, ”катта бойлик”, ”қимматбаҳо сўзлар”, ”мақсад”, ”муддао” ишораларини билдиради. Бу ўринда “Панж ганж” беш хазина маъносига эга. ”Панж ганж”нинг шундай маъно ифодалашини Алишер Навоий ҳам тасдиқ этади: ”Ганжи Қорун анинг “Панж ганжи” қошида вайронадек кўрингай”. Лекин Низомий асари маънолар ганжинаси эди…”
Алишер Навоий Низомийни шу асосда сифатлаб, уни “ганжур” (“маънолар хазинабони”), ”ганжпош” (“маънолар олтин – кумушларини сочувчи”), ”ганжрез” (“маънолар дурларини тўкувчи”), ”ганжхез” (“маънолар бойликларининг кўзини очувчи”), деб таъриф этади.
Илёс Юсуф ўғли Низомий 1141 йилда Озарбайжоннинг Ганжа шаҳрида туғилди. Яъни “сўз хазинасига эга бўлганларнинг нодири яктоси Ганжада парвариш топган зотдир. У хазинагина яратиб қолмаган, балки уларни ўз саховаткор қўли билан дунёга сочган”. Манбаларда Низомийнинг бобоси Захи Муайяддиннинг олим ва шоир бўлганлиги тўғрисидаги маълумотлар учрайди. ”Низомий” тахаллусини Алишер Навоий санъаткорона шарҳлаб, бебаҳо сўз дурларини равишли тарзда ўз ўрнига қўя олгани учун тақдир уни Низомий деб аташга аҳд қилди, деб ёзади.
Нозим ўлуб сўз дури серобиға,
Чарх “Низомий” ёзиб алқобиға.
Алишер Навоий асарларида Низомийнинг тахаллусига Шайх, Ҳаким сифатловчи сўзларини қўшиб, “Шайх Низомий”, “Ҳаким Низомий” тарзида атайдики, бу унинг маънавий раҳнамо, файласуф шоирлигига ишорадир”(С.Эркинов.М.Ғанихонов. Низомий Ганжавий Т. Фан. 1992 й. 8-18-б).
Низомий Ганжавий меросидан лирик шеърлари ва “Хамса”си бизнинг давримизгача етиб келган. Шоир бир умр Ганжада яшаб ижод қилди. 1209 йили 60 ёшида (Навоий ҳам маънавий устози Низомийдек 60 ёшида вафот этади) оламдан ўтди.
Навоий Хусрав Деҳлавийни Низомий билан таққослар экан, у шоирликда Низомийчалик маҳоратли бўлмаса ҳам, лекин эл орасида бунга тенг келадиган бошқа кимса йўқ. Агар Низомий ёзувлари ўзининг юксак санъати билан Шарқнинг оташнок қуёшига ўхшаса, Деҳлавий қуёш бўлмаганда ҳам Муштарий юлдузига лойиқ шоирдир. Низомий яратган дурри гавҳарлар қанчалик порлоқ бўлса, Деҳлавийнинг дурлари ҳам ялтираб жило сочишда ундан қолишмайди. Агар Низомий йўлбошчи бўлса, бу унинг издошидир. Агар у шоҳ бўлса, Деҳлавий ҳам ҳукмдордир, дея сифатлайди. Навоий ғайб оламидаги олий мажлис ҳақида ҳикоя қилар экан, Деҳлавийни Низомийнинг шогирди, деб тилга олади.
Ҳинд сеҳргари
Хусрав Деҳлавий Навоийнинг маънавий устозларидан биридир. У “Хамса” достонларида Деҳлавийни юксак ҳурмат билан зикр этади. “Хусрав эмас, балки элни ўз назмига ром этган Ҳинд сеҳргаридир. Уни ҳинд дема, қаро бало эмас, офати Худо дегин. У қўлига қалам олса, назми билан оламга ўт солади. Оламни олган ўт унинг кўнгил ўтининг учқуни холос. У ишқ ўтхонасининг олови, ўша шуъланинг Самандар қушидир. Унинг назми осмон каби баланддир ва сўзлари самодаги юлдузларга ўхшайди. Назмининг ҳар бир варағи кўнгилни шод этувчи бир оламдир. У маънолар олами, лафз жисмидаги маъно жонидир”.
Навоий таъбири билан айтганда, маънолар олами соҳиби Абулҳасан Яминиддин бин Сайфиддин Маҳмуд Хусрав Деҳлавий 1253 йилда Деҳли яқинидаги Патёли қалъасида дунёга келди. Деҳлавийнинг отаси Сайфиддин Маҳмуд асли шаҳрисабзлик бўлиб, Ҳиндистонга келиб Шамсиддин Элтутмиш саройига хизматга кирганди. Ўз даврининг етук алломаларидан таълим олган Деҳлавий форс, араб ва ҳинд тилларида гўзал шеърлар ёза бошлади.
Деҳлавий чиштия тариқати шайхи Низомиддин авлиё раҳнамолигидаги валийлик даражасига етиб, шеърият, наср ва мусиқада ҳам дунёнинг машҳур ижодкорлари сафидан муносиб ўрин эгаллади. Алишер Навоий “Насойим ул –муҳаббат”да Хусрав Деҳлавийни авлиёлар қаторида тилга олади. У қирқ йил сурункасига рўза тутди ва ҳаж амалини пири Низомиддин Авлиё ҳамроҳлигида пою–пиёда адо этди. Деҳлавий тушида беш маротаба икки дунё сарвари Муҳаммад (с.а.в.)ни кўриш бахтига муяссар бўлди. Шайх Низомиддин Авлиё ишорати билан Хизр алайҳиссалом хизматига етди ва ундан муборак оғзи сувини унинг оғзига солишини илтимос қилди. Хизр алайҳиссалом унга “ бу давлатни Саъдий элтди” деди. Деҳлавий хомуш ҳолда пири олдига келиб бўлган воқеани сўзлаб берди. Шайх ўз оғзи сувини унинг оғзига солди ва унинг баракотидан Деҳлавий тўқсон тўққиз китоб ёзди, -дейди Навоий (Алишер Навоий Насойим улмуҳаббат, ҳикоятлар ва ҳидоятлар. Т. Ўзбекистон. 2015 й. 216– б). “Маҳбуб ул–қулуб”да Амир Хусрав Деҳлавий “ишқ аҳлининг чин ва садоқатли ошиғи” сифатида эътироф этилади. Подшоҳ саройида ишлаб, амирлик даражасига кўтарилган. 1325 йилда Деҳлида вафот этган.
Деҳлавийни сермаҳсул ижодкор бўлган дейиш мумкин.У беш девон тузиб, Шарқ адабиётида девон тузиш анъаналарини янада бойитди. Унинг 1299 -1302 йилларда ёзилиб, Алоуддин Хилжийга бағишланган “Хамса”си Абдураҳмон Жомий таъбири билан айтганда, Низомий “Хамса”си (“Матлаъ ул–анвор”, “Ширин ва Хусрав”, “Мажнун ва Лайли”, “Ойинаи Искандар”, “Ҳашт Беҳишт”)га ҳеч ким Деҳлавийдан ўтказиб жавоб ёзолмаган.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?