Электронная библиотека » Шерхон Кораев » » онлайн чтение - страница 5

Текст книги "Авлиёлар авлиёси"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Шерхон Кораев


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 14 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]

Шрифт:
- 100% +
Муваффақият сабаби

Ҳазрат Навоий хамсачиликдаги муваффақиятининг бош сабаби Аллоҳ таолонинг марҳамати ҳамда устози ва пири муршиди Мавлоно Жомийнинг дуоси, Шайх Низомий Ганжавий арвоҳи қўллаганида деб билади.У доимо унинг руҳи покидан мадад сўрайди. “Бу ишга поклик билан қўл урдинг, покларнинг арвоҳи эса сен учун йўл очиб бордилар. Сен саҳар вақтларида ҳеч нарса ёзмай, дуо ва ибодат билан менинг руҳимни шод айлагансан, бир мен эмас, ҳамма назм аҳлларини ҳар тонг саҳарда дуо билан завқнок этгансан. Умид – тилакларинг шу хилда беадад бўлгани туфайли, биз ҳам сенга беҳисоб мададлар айладик. Бўлмаса икки йилда битта “Хамса” ёзиб тамомлаш – ўтакетган хомхаёлдан бошқа нарса эмасдир. “Хамса” бўлганда ҳам шундай “Хамса”ки, у бешта гавҳар хазинасидан иборат бўлиб, сарфланиб, зоеъ бўлиш хавфидан омонлик топган хазинадир… Ҳар ким сенга ўхшаб бир ишга астойдил киришса, шундай натижаларга эришуви ажабланарли эмас. Лекин шунча маъно хазинасини ҳақ таоло сенга пинҳоний йўл билан насиб айлади”, – дея сўзини давом эттиради “Хамса” хотимасида пири комил Низомий Ганжавий.

Соҳибкамол Султон Ҳусайн Бойқаро ва унинг фозиллиги ҳақида сўз юритилиб, шундан сўнг подшоҳ Ғозий ҳақига дуолар қиладилар.

Дуо тугагач эса, Ҳазрат Навоий “Хамса” ни ерга қўйиб, ”бу хаста кўнгилнинг ижод этганларини, астойдил юракдан чиқариб ёзганларини … кўздан кечириш”лари унинг орзуси эканлигини изҳор этади: ” Токи, бу асар одамлар хотиридан жой олсин ва халқ кўнгли уни маъқул ва мақбул кўрсин!”

Илоҳий оламда Шайх Низомий Ганжавий эса “Хамса”ни дарҳол қўлига олиб, Мавлоно Жомийдан шогирди ва муриди ҳақига дуо қилишини сўрайди ( Алишер Навоий Садди Искандарий. Ғ.Ғулом номидаги НМБ. 1991 й. 821-б).

 
Дуоеки кўнглимга матлуб эди,
Муҳаввис замиримга марғуб эди.
Қилиб айладилар бу маҳзунни шод,
Манга чунки юзланди мундоқ мурод.
Сужуд эттим ул хойли огоҳга,
Дедилар: “Дегайсен дуо шоҳга”.
Бу сўздин бўлиб ўзгача ҳолатим,
Ўзимга келиб, борди ул ғайбатим.
Кўрармен, ҳам ул ҳужрада пир эрур,
Жанобида ҳолимга тағйир эрур.
 

Яъни муршид Мавлоно Жомий шогирдининг елкасидан қўлини олиши билан у дарҳол ўзига келади. Устоз Жомий Алишер Навоийдан “қандай сирлар кўрганлигини сўрайди. Шоирлар шоҳининг бу ғайритабиий ҳолатни тасвирлашга тили лол эди. Гап шундаки, заҳматли меҳнати, ибодати, илтижоси, устозларининг дуоси самараси ўлароқ, буюк Навоийга ғайб сирлари очилган, у Тангрининг эҳсонига сазовор бўлган эди. Чунончи, Жомий ҳам Навоийга “Ҳозир сен кўриш ва эшитиш бахтига муяссар бўлган ҳоллар сендан бошқа биронта одамга муяссар бўлган эмас”, – деб таъкидлаган. Қизиғи, Навоий Жомий уйига йўл олганда, кўнглидан “Аввал “Хамса” ёзган улуғлар руҳларига менинг беш достоним ёқдимикин, қанийди дили равшан пир Жомий бундан ўзи хабар топиб, мени ҳам хабардор қилса экан”, – деган ўй-хаёл ўтади ва Навоий кўнглидан ўтган бу фикрдан ўша заҳотиёқ хабар топган Жомий бу хаёлни ҳақиқатга айлантиради (Алишер Навоий Садди Искандарий Т. Ғ.Ғулом номидаги НМБ. 1991 й. 815-б) Албатта, бундай эътирофу бахтиёрликка, ғаройиботга Яратганнинг дўстларигина, авлиёларгина эришадилар. ”Ҳайратул аброр”да Навоий камтарлик билан “Одамлардан ким мени авлиё деб, тоат ва ибодатга берилган, деб тушунарди?”, – дейди. Аслини олганда, Навоий ўз замонида ҳам валий, азиз ва авлиё сифатида эътироф этилганини унинг замондошлари қаламига мансуб асарлар тасдиқлайди. Айрим навоийшунослар Навоийнинг ғайб оламига сайёҳатини хаёл дунёсига берилиш ёки ғарқ бўлиш деб талқин қиладилар. Инчунун, Алишер Навоийнинг кўз ўнгида яширин олам сирларининг очилишини хаёлпарастлик эмас, балки валий зот камолотидаги оддий ҳол деб қараш лозим. Зотан, Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов таъбири билан айтганда, “Агар бу улуғ зотни (Алишер Навоийни) авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир”.

ТЕМУРИЙЛАР ПИРИ ЁХУД ХОЖА УБАЙДУЛЛОҲ АҲРОР ВА НАВОИЙ

“Маънавий жасорат соҳиблари”

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти сайловчиларининг вакиллари билан учрашувда Самарқанд дунё илм-фани ва маданияти ривожида беқиёс ўрин тутадиган Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Қозизода Румий, Али Қушчи, Хожа Аҳрор Валий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Абулайс Самарқандий, Давлатшоҳ Самарқандий каби кўплаб азиз авлиёлар, шоир ва алломалар учун камолот бешиги бўлиб хизмат қилганини таъкидладилар. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти Марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори(Муҳтарам Юртбошимиз таклифи билан унинг номи Ўзбекистон Ислом цвилизацияси маркази деб ўзгартирилди)да ҳам ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ватандошларимиз қатори Хожа Аҳрор Валий беназир меросини илмий асосда чуқур тадқиқ этиш, унинг илмиймаънавий жасорати, улуғ инсоний фазилатларини кенг тарғиб қилиш назарда тутилади. Бинобарин, ўз замонининг шайхул машойихи, қутбул авлиёси Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий нашқбандийлик сулуки пешволаридан бири бўлганки, бу улуғ зот мутафаккирлар, фозиллар, зиёлилар, шоиру адиблар тафаккурининг шаклланишида ҳамда адабиёт, маънавият, маданият ривожида муҳим рол ўйнаган.

“Навоий дунёқарашининг шаклланишида…”

Буюк мутафаккир Алишер Навоий фаолияти ва ижодида ҳам азиз авлиё Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор таъсири ва ўхшаш жиҳатларни кўриш мумкин. Навоийшунос Шуҳрат Сирожиддинов Абдураззоқ Самарқандийнинг “(Навоий) …авлиёлар қутби Хожа Носириддин Убайдуллоҳнинг… файзли бузруквор мажлисидан файз ва офтоб янглиғ мунаввар сийратидан баҳра олган”лиги ҳақидаги қайдларидан келиб чиқиб, бу Навоий дунёқараши ва мафкураси ташаккулининг босқичларини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини айтиб ўтади. Бинобарин, Навоийнинг тафаккури ва дунёқараши ҳамда сўфийлик қарашларининг шаклланишида Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий ҳузуридаги сўфиёна мажлислар ва у билан ўтказган суҳбатларнинг катта таъсири бўлган, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Абу Тоҳирхожа “Самария” асарида ҳам яхшилар қутби, солиҳлар ғавси Носир ул-миллат ва-д-дин ҳазратхожа Аҳрорнинг билим эгаларини севганини, мажлиси ҳамиша олим кишилар билан тўла бўлганини айтиб ўтади. Бу дарвешона мажлисларда Навоийнинг шариат ва тариқат борасидаги билимлари такомиллашиб борган ва ушбу ўрганганларини кези келганда ўз асарларида акс эттиради.

 
Улки (Хожа Убайдуллоҳ) бу офоқ ичида тоқ эрур,
Тоқ неким муршиди офоқ эрур.
Юз қўюбон қуллиғига шоҳлар,
Базмида беҳуд ўлуб огоҳлар.
Хизматидин ҳар киши огоҳ ўлуб,
Гарчи гадо маъни ила шоҳ ўлуб.
Суҳбатида ҳар неча бешакку райб,
Жилва қилиб шоҳиди раънойи ғайб.
 
“Мушарраф қилдим ўзни суҳбатиға”

Қутбул авлиё Хожа Аҳрор шоир Навоий шеърларининг мухлиси ҳам эди. У бу оташнок шеърларни мутолаа қилиб, шоир ижодига юксак баҳо берган.”Хамсат ул–мутаҳаййирин”да темурий шаҳзода Кичик Мирзо Навоийнинг “Туҳфат ул-афкор” қасидасидан бир байтни Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорга юбориб, авлиёдан таҳсину олқиш олгани қайд этилади.

Самарқанд шаҳридан Ҳиротга келган мартабали бир зот Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор билан мулоқот пайтида Навоий ҳақида гап кетганда, авлиёлар пешвоси “Диний мавзуда ҳам асар ёзса яхши бўларди”, деганини мутафаккир билан учрашувда сўзлаб беради, “Кўнгил майл айлаб онинг хизматига, Мушарраф қилдим ўзни суҳбатиға”, – дейди мазкур дийдорлашувдан сўнг Хожа Аҳрорнинг мухлиси Навоий. Аниқроқ қилиб айтганда, “Сирож ул-муслимин”нинг муқаддимасида шоир Хожа Аҳрор Валий яъни авлиёлар йўлбошчиси – эшонлар хожасининг таклифи ва фикри ушбу диний асарнинг ёзилишига сабаб бўлганини айтади. Хўш бундай таклифни ким бериши мумкин? Албатта Навоий ижодини синчиклаб кузатиб борган ўқувчида. Қуйидаги мисралар ҳам Хожа Аҳрор шоир асарларини яқиндан билганини тасдиқлайди

 
Ким, ул кўп назм дерга бўлди роғиб,
Бу янглиғ назм ҳам эрди муносиб.
Чу қилди Хожанинг амрига тақрир,
Ул эрдиким, бурунроқ бўлди таҳрир.
Ки, мен дер эрдим айтай мунча мақдур,
Вале монеъдин эрдим анда маъзур.
Чу сўрди Исоанфосе бу дамни,
Ҳамул дам азмиға йўндим қаламни.
 
“Сарой хизматидан кетманг…”

Навоий авлиёлар қутби билан мунтазам мактублар ёзишиб турган. ”Хожа Убайдуллоҳ (қ.с)… бу ҳақир (Навоий) била илтифотлари кўп бор учун ваҳйи осор руқъалари (хатлари) била мушарраф қилиб, ишларга маъмур қилурлар эрди. Ул руқъаларни мураққа ясаб (альбом, Навоий альбоми номи билан машҳур), мужаллад қилиб, жадвал ва такаллуфот била табаррук ёъсуни била асрабмен” (Менга илтифотлари кўплигидан (баъзи) ишларга буюрувчи мактублар йўллаш билан (мени) шарафлантирардилар. Ўша мактублардан тўплам ясаб, уни жадвал ва (нақшлар билан) безаган ҳолда табаррук (мулк) сифатида асрамоқдаман), – деб ёзади Навоий. Мутафаккир тилга олган ушбу мураққа Абу Райҳон Беруний номидаги қўлёзмалар институтининг фондида “Мажмуъаи мурасалот” ёки “Навоий альбоми” номи билан 2178-тартиб рақами остида сақланади. Мураққада 600 га яқин форсий мактублар бўлиб, 300 тадан ошиғи Жомий ва 128 таси Хожа Аҳрор қаламига мансубдир. Хожа Аҳрор мазкур хатларда ўзаро низоларнинг олдини олиш, мамлакатда адолат ўрнатиш, аҳолини жабр-зулмдан ҳимоя қилиш, адолатталаб кишилар ҳуқуқини муҳофаза этишни Алишер Навоийдан сўраган. Ҳатто, мазлумлар ҳақ–ҳуқуқлари ҳимоячиси Навоий амалдорликдан юз ўгирмоқчи бўлганида, Хожа Убайдуллоҳ унга бундай қилмасликни айтиб мактуб йўллайди. “…Эшитишимча, онҳазрат, яъни султонга мулозамат қилишдан гоҳо малолат чекар экансиз. Илтимос шуки, мусулмонларга мадад етказмоқ ва бирор фақирнинг дили мушкулликдан халос топиб, шод бўлмоғи учун хотири шарифингизни сарой хизматидан узманг… Бирор киши ҳам мусулмонлар ғамини ейишни ўйламай қўйган бу вақтда уларга ғамхўрлик қилиш энг хайрли ишдир!..” Албатта, ушбу ёзишмаларни ўрганиш Навоий ва Хожа Аҳрор ўртасида пирумуридлик ва устоз–шогирдлик, дўстлик-биродарлик муносабатларини чуқур тадқиқ этиш имконини беради. Ҳойнаҳой, ”Фақир (Навоий) таҳсил учун Самарқандға борғонда”, вақтдан унумли фойдаланиб нақшбандийлик сулукининг султони Хожа Аҳрорга шогирд тушиб, тасаввуф сир–асрорларини ўрганган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

“Шайх Ҳованди Тоҳурнинг набираси”

Хожа Убайдуллоҳ ибн Хожа Маҳмуд ибн Хожа Шаҳобиддин Шоший 1404 йилда Хожа Маҳмуд хонадонига дунёга келган. Отаси тижорат ва зироат билан шуғулланган. Она томондан бобоси Шайх Ҳованди Тоҳурдир. Абу Тоҳирхўжа Хожа Убайдулло Аҳрорнинг лақаби “Носриддин” бўлиб, насаби Умар Хаттобга эришишига урғу беради. Хожа Аҳрор болаликдан тасаввуф руҳида тарбия топади. Навоийнинг нақшбандийлик тариқати пешволаридан Хожа Убайдуллоҳ Валийга ихлоси ва иродати шу даражада баланд эдики, бу авлиёлар қутби ҳақида “Насойим ул-муҳаббат”да шундай ёзади: ”…Аларнинг (Хожа Убайдуллоҳ) баъзи ҳолатики, бу ҳақирға (Навоий) мавҳум ва яқин эрди анга шуруъ қилди. Аларнинг мавлиди Тошканддур ва оталари дарвеш киши эрмиш ва она тарафидин ҳамоноки, Шайхи Тоҳурки, ул вилоятда мутаййин шайх эрмиш, анга етарлар ва ўзларида бу иш чошниси туфилият (болалик) айёмидан бор эмиш. Йигит бўлғондин сўнграким, саёҳатга қадам қўйибдурлар, Хуросон машойихидин Ҳазрат Мирсайид Қосим Анвор (қ.с.) хизматлариға етубдурлар ва шайх Баҳоуддин Умар (р.т.) мулозаматига мушарраф бўлибдурлар ва Шайх Зайнуддин Хавофий суҳбатиға етубдурлар ва Мавлоно Муҳаммад Асад ва Мавлоно Саъдуддин Қошғарий суҳбатиға етубдурлар ва Мовароуннаҳр машойихидин Хожа Муҳаммад Порсо мулозаматиға етубдурлар ва Хожа Абу Наср суҳбатиға етибдурлар ва Мавлоно Муҳаммад Хомуш била суҳбат тутубдурлар. Мавлоно Яқуб Чархийдин иршодлар ва тарбиятлар топубдурлар”.

 
Ки, бир кун Хожайиким чархи олий,
Ҳилолин истар онинг оти наъли.
Равишда Шиблию Зунунга фойиқ,
Убайдуллоҳ деб отин халойиқ.
Ким, улдур пешвою аҳли иршод,
Бу иршод этти сандин айлабон ёд.
 

Хожа Аҳрор Валий “Фақарот ул–орифин” (“Орифлар сўзларидан парчалар”), ”Волидия” (“Отага бағишлов”), ”Ҳавроийя” (Абусаид Абулхайрнинг “Ҳавроийя” рисоласига шарҳ) номли рисолалар ёзган. Навоий “Хамсат улмутаҳаййирин”да “Волидия” рисоласини Жомий ҳузурида ўқиганини ёзади. ”Ул, расоил ва кутуб теъдодиким, бу фақир (Навоий) алар (Жомий) хизматида таълим ва истифода юзидин ўқибмен. …Яна Ҳазрати Хожа Убайдуллоҳ (тоба сароҳу)нинг оталари ишорати била битилган рисолаларидир, ҳам фақр ҳам фано тариқидаким, ўз ўғилга бу давлат муяссар бўлиб эркинки, ота амри била бу навъ шойиста хизмат қилмиш бўлғай ва андоқ писандида амр бажо келтирмиш бўлғай”. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор 1490 йилда Самарқандда вафот этади. ”Аларнинг ёши тўқсондин олти ой ўксик эрди. Секкиз юз тўқсон тўртда дунёдин ўттилар”.

“Кимса эмас ғайри шаҳи нақшбанд”

Албатта, Навоий таъбири билан айтганда, ўзи таниган, билган, суҳбатлашган Баҳоуддин Нақшбанднинг муносиб вориси Хожа Аҳрорни кимса (киши) дейишга тил бормайди. У инсон эмас. Унда у ким? Чунки одамлар одатда бундай (ғайриоддий, кароматгўй, ўта қобилиятли ва авлиёсифат) бўлмайдилар. Хожа Аҳрордагидек мардлик, каромат ва жасорат, дуоларининг бирданига ижобат этилиши ҳамманинг қўлидан келавермайди. Навоий ҳам худди шундай. Дарвоқе, айтинг Навоийдек юракни хонавайрон қиладиган, ишқ оятлари даражасидаги санъаткорона шеърларни шу пайтгача ким ёза олган, ёки ёза олади? Хўш бу улуғ зотлар инсон бўлмаса, ким ахир, деган ҳақли савол туғилади? Воқеан бу табаррук зотлар ер юзидаги фаришталар, Аллоҳ таолонинг маҳбублари, Яратган назаридаги азиз-авлиёлар десак, балки ҳақиқатга тўғрироқ бўлар. Инчинун, Хожа Аҳрор Валий ва Навоий тўғрисида фикр юритган ҳар қандай зиёли ана шундай мулоҳазага бориши табиий ҳол.

Нақшбандийлик таълимотининг йирик намояндаси Хожа Аҳрор билан бу сулукнинг пешвоси ва ғоялари тарғиботчиси Алишер Навоийнинг ўхшаш жиҳатлари кўп. Биринчидан, бу икки авлиё тасаввуф пирлари бўлишдан ташқари шариатда мустаҳкам туришган. Диннинг низоми Навоий каби қутбул авлиё бир умр диннинг таянчи бўлган. Бу улуғ зотлар ўз асарларида, нутқларида, мажлисларида нақшбандийлик ғояларини тарғибу ташвиқ қилганлар. “Ҳайрат ул-аброр”да Навоий авлиёлар султони, соҳибкаромат Хожа Аҳрорни Баҳоуддин Нақшбанднинг муносиб вориси сифатида таърифлайди

Тарихчи А. Ўринбоевнинг ёзишича, нақшбандия тариқатининг асосий ғояси меҳнат билан машғул бўлиш ва айни вақтда дил Аллоҳ билан бўлмоғи лозимлиги Хожа Аҳрор томонидан эътироф этилгани ва амалда қўлланилгани унинг ўз сўзидан равшандир. ”Ҳазрат Абдухолиқ Ғиждувоний буюрмишларки, – дейди у Фахриддин Али Сафийнинг “Рашоҳат” асарида келтирилишича, – халқнинг оғирини енгил қилмоқ даркор, аммо бунга ҳалол касб билан эришилади.”Қўл иш билан, дил ёр (Аллоҳ) билан” шиори Хожагон тариқатида муқаррардир”. Нақшбандийликнинг илғор вакили Хожа Аҳрор доимо Аллоҳни юракка жо этиб, ҳалол меҳнат қилишни тарғиб этган. Ҳерман Вамберининг “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” китобида зикр этилишича, “Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Баҳовуддин Нақшбанд тариқатининг мудири ва энг мухлис муршиди. Олим ва мутасаввуф сифатида шу қадар буюк ҳурмат ва обрў қозонган эдики, ўша вақтдаги хонлар бир–бирига рақобат қилгандек, унинг ҳусн таважжуҳига ноил бўлишга интилар эдилар. Шу ҳолда ҳам у гўё Муҳаммад (с.а.в.) Пайғамбар тарафидан баён қилинган “Алфақр фахри” (“Камбағаллик менинг фахрим”) сўзига амал қилар эди.

“Дуолари мустажоб авлиёлар”

Икки авлиё мулклардан, деҳқончиликлардан тушган даромаднинг катта қисмини етим-есирларга хайру эҳсон қилишган. Шунингдек, Хожа Аҳрор Тошканд шаҳри аҳолисининг, Навоий эса ҳиротликларнинг тўлаши лозим бўлган солиқларини тўлаб берган. Навоийнинг саховатпешалик ва ҳотамтойлик фаолияти Хожа Аҳрор Валийни эслатиб туради. Бобур Мирзо амакиси Султон Аҳмад Мирзо тўғрисида ёзар экан, Самарқанд аҳли унинг йигирма беш йиллик ҳукмдорлик вақтида Хожа Аҳрор ёрдами билан роҳат –фароғатда яшаганини қайд этиб ўтади. Ҳерман Вамберининг таъбири билан айтганда, у (Султон Аҳмад Мирзо) бир тарафдан ўзининг шайхи Хожа Убайдуллоҳга шу қадар ҳурмат кўрсатар эдики, унинг ҳузурида камоли хокисорлик ва муҳаббат билан тиз чўкиб ўтирарди. Ҳатто тасодифан тиззаси остига суяк кириб қолса ҳам уни олиб ташлашга жасорат этмай, оёғининг қаттиқ оғришига чидаб, ўша ҳолатда имкон кутар эди. Пирига шу қадар ихлоси баланд эдики, ўз тасарруфидаги мамлакат тинчлиги ва аҳоли фаровонлиги бевосита шайхлар шайхининг мустажоб дуолари ва нурли сиймоси билан боғлиқ эканлигини англаб етарди. Хожа Аҳрор ва Султон Аҳмад Мирзо вафотидан сўнг тахтга Султон Маҳмуд Мирзо ўтиргач, ”бу навъ зулм ва фисқдин (Самарқанд аҳли) бажону дил озурда ва ранжида бўлдилар”. ”Ҳазрати Хожа Убайдуллонинг мутааллиқлариғаким, бурун харж ва таҳмилларда кўп фақир ва мискин аларнинг ҳимояти била зулм ва тааддидин халос бўлурлар эди”. (З. М. Бобур “Бобурнома”. Т. “Юлдузча”. 1990 й. 24-б.) Албатта, бало–қазони юборувчи ҳам, уни дафъ қилувчи ҳам Аллоҳ таолодир. Бироқ Ҳақ таоло суйган бандаси – азиз авлиё Хожа Аҳрор дуоси туфайли балоларни қайтарган, мушкулларни осон қилган, ризқу насибани мўл–кўл қилган. Ростдан ҳам Хожа Аҳрор ҳам, Навоий ҳам, Жомий ҳам дуолари мустажоб бўладиган, сўзлари ерда қолдирилмайдиган авлиёлар сирасидан бўлишган.

“Фақир аҳлининг пешволари”

Навоий йирик мулкдор бўла туриб, ўзини фақир ёки ҳақир ҳисоблаган. Ҳазратнинг ҳар бир асарида кўплаб камтарлик билан айтилган “фақир айттимки”, ”бу фақир алар хизматида”, ”фақиру ҳақир Навоий лақабли Алишер”, ”хоксор”, ”қул”, ”заиф”, ”нотавон”, ”банда” сўзларига рўбарў бўласиз. Навоий мулкдор, пулдор ва етти иқлимда машҳур, қудратли шахс бўлсада, ҳеч қачон манманлик отига минмаган. Нажмиддин Комилов “Тасаввуф” китобида Хожа Аҳрор ҳақида худди шундай фикрларни келтиради: ”Ҳазрати Хожа Аҳрор Валий шунча еру мулклари бўлсада, аммо ўзларини фақиру ҳақир ҳисоблаганлар. Чунки барча бойликларини бошқаларнинг манфаати ва эҳтиёжига сарфладилар, шундан шоду хуррам эдилар.Умаршайх Мирзо Тошканднинг бир йиллик хирожини талаб қилиб, лашкар тортиб келганда, шаҳар аҳолиси қашшоқликдан бу маблағни (250 минг динор) тўлолмади. Шунда Хожа Аҳрор Валий бу маблағни Умаршайхга бериб, шаҳар аҳолисини ташвишдан халос этишдан ташқари, яна тошкандликларга 70 минг динор туҳфа этди. Халқ қишдан эсономон чиқсин, деб шундай қилдилар. Хожа Аҳрор Валий қурдирган мадраса ва хонақоҳларнинг сони йигирмадан ортиқ, вақфнома дафтаридаги мол-мулкларнинг сони 254 тани ташкил этади. ”Бизнинг ёрларимиз биз тириклигимизда ҳимоямизда эдилар, ўлганимиздан кейин ҳам ҳимоямизда бўлсинлар”, – деб айтдилар. Аларнинг моллари батамом фақирлар учун сарф бўларди”, – деб ёзади Ҳазрат Жомий “Нафаҳот ул– унс”да. – Хожа Аҳрор сахийликларининг чегараси йўқ эди. Умрларининг охирроғида Тошкандга келганларида Туркистондан кўплаб очлар оқиб келаётганини эшитадилар, чунки Туркистонда қаҳатчилик бошланган эди. Шунда хизматкорларига ҳар кун ўнта қозон қуриб, кераклича мол ва қўй сўйиб, туркистонлик очларни боқишни буюрадилар”.

Абдураҳмон Жомий “Футуҳатуш шабоб” девонига кирган “Дар маънни фақр аст ва дуои хоча” (“Фақир маъносидадир ва Хожа Убайдуллоҳ дуосида”) номли қасидасида ҳам “Хожа Аҳрор Валийни фақир аҳлининг пешвоси”, – дейди. Тарихий ҳужжатлар ва халқ орасида тарқалиб етиб келган ривоятларга қараганда, Хожа Аҳрорнинг мол-мулки жуда кўп бўлган.Унда Жомий таърифини қандай тушуниш мумкин? “Фақир” сўзини Хожа Аҳрорга ишлатса бўладими?

Афтидан, Абдураҳмон Жомий Хожа Аҳрори Валийни фақиру фано аҳли қаторига қўшганда у кишининг шахсий фазилати, хулқи ва турмуш тарзини, сўфиёна ҳаётию маърифатли қалбини назарда тутган.Чунки Хожа Аҳрор, гарчи ҳисобсиз бойликка эга бўлса ҳам, ўзи фақирона ҳаёт кечирган, унинг бойликлари эса қашшоқларни боқиш, муҳтожларга қарашиш учун сарфланган. Хожа Аҳрор бойлиги халқ бойлиги бўлиб қолган. Бундан ташқари, Хожа Аҳрор Самарқанд мадрасаларида таълим олаётган талабалар маошини таъминлаш, хонақоҳ, работлар қуришга ҳам маблағини сарфлагани маълум. Унинг ўзи эса ҳамма вақт дарвешлар қуршовида зикру самоъ билан кун ўтказган, сўфиёна суҳбатлар қизитган. Албатта, Хожа Аҳрорнинг дунёвий илмлар ривожига тўсқинлик қилгани ҳам ҳақиқат. Зеро, тасаввуфнинг ўзи оламни мантиқий, ақлий билимлар орқали ўрганишни тўғри, деб билмайди, чунки бу таълимотга кўра, олам сиру асрори илоҳий сиру асрор ва уни фақат интуиция, қалб билан идрок этиш мумкин. Бироқ шунга қарамай, Хожа Аҳрорнинг Мовароуннаҳрда тасаввуфни ёйишдаги хизмати кам эмас, у кишининг ўзи эса қалбдан дарвеш бўлгани аниқ. Жомий ҳам “фақир” деганда кўнгилнинг Илоҳдан бошқага қаратилмаганини англайди”. (Н. Комилов. “Тасаввуф. Биринчи китоб”. Т. “Ёзувчи”. 1996 й. 188-189-б.)

Ҳазрат Алишер Навоий ҳам худди Хожа Аҳрордек йўл тутганки, Ҳирот шаҳрида очлар, мискину камбағалларни дошқозонларда таом пиширтириб, қорнини тўйғизган ва уларга кийим-кечак улашган. Хондамирнинг ёзишича, “…Каромат эга бўлган бу Амир (давлат ишидаги) мансаб ва лавозимда ишлаб юрган чоғлари қашшоқлар ва дарвешларга моддий ёрдам бериш ҳамда (бошқа юртлардан келган) мусофирлар учун қулайликлар яратиш мақсадида Хуросон мамлакатининг турли жойларида (Ҳирот, Марв, Машҳад, Нишопур, Астрабод) (ўз ҳисобидан) кўплаб масжидлар, хонақоҳлар, работлар, ҳовузлар, кўприклар ва ҳаммомлар қурганлар”. Таҳлилларимиздан шу нарса маълум бўладики, Ҳазрат Навоий Хожаи Эшондан ҳар томонлама ўрнак олган, аниқроғи, у Мовароуннаҳрда амалга оширган хайрли ишларни шоирлар султони Хуросонда давом эттирган, унга эргашган.

Навоий ҳам, Ҳожа Аҳрор ҳам ўз маблағларини диний ишларга – худо йўлига сарф қилганлар.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации