Текст книги "АСАРЛАР (II жилд)"
Автор книги: Сирожиддин Саййид
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 18 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]
ЁСТИҚЛАР
Тола сочинг тол шохига боғлаб келдингми?
Ой кўксингни ой кўксидай доғлаб келдингми?
Хаёлингда олтин бешик чайқалган тунлар
Яна чиқиб остонада йиғлаб келдингми?
Бу толенинг тўпламлари кўкда тўқилган,
Фармонлари, фатволари кўкда ўқилган.
Шунданмидир кўзларингнинг осмонларидан
Кечалари фақат юлдуз, юлдуз тўкилган.
Менинг эса умрим надир – боғмидир, чўлдир?
Ярми йўлдир, ярми елдир, ярмиси селдир.
Дийдорига зор айлаган дунёйи дунда
Топганим ҳам йўқотганим биргина дилдир.
Эҳ остона, жовдираган синглим, остона,
Сенинг ярим, менинг ярим кўнглим остона.
Сенинг музтар муддатларинг остона, менинг
Аввалим ҳам, аройим ҳам, сўнгим – остона.
Сен йиғлайсан, мен кўкларга ҳасрат айлайман,
Бас энди, бу чарх китобин варақламайман.
Бир кун саҳар остонада оқ-сариқ гуллар
Униб чиқса энди сира ҳайратланмайман.
1990
«Эсиз, эпкинларинг эсиб кетдими…»
Еру кўк гирёндир, гирёндир ҳар ён,
Ҳар ёнда дарахтлар урёну урён.
Бир ёнда сен гирён, бир ён мен гирён,
Фақат икки ёстиқ қолгайдир ҳайрон,
Улар кўзларини ёшлаб кетмаслар.
Менинг икки ғамим, икки хомушим,
Сенинг нолишларинг, менинг товушим,
Энди гумон бўлди бунда қолишим,
Улар қолгайдирлар ёндош, қовушиб,
Мендай бир балони бошлаб кетмаслар.
Улар бир-бирларин қораламайди,
Биздай кўнгил бузиб, яраламайди,
Қадру қисмат танлаб, сараламайди,
Ёстиқлар ҳеч қачон аразламайди,
Ағёрлар қўлидан ушлаб кетмаслар.
Сен билан дунёда кула олмадик,
Бир гулгун жом бўлиб тўла олмадик.
Биз бир ишқ йўлида сўла олмадик,
Шу ёстиқларчалик бўла олмадик:
Улар бир-бирларин ташлаб кетмаслар.
1990
ШЕРОБОДНИНГ ҚИРЛАРИДА
Эсиз, эпкинларинг эсиб кетдими?
Сендин шиква айлаб, безиб кетдими?
Тошлар дил қасрингни бузиб кетдими?
Вайронам, ўзингни ўнглай олмайсан.
Дунё мунғираган бир ғариб уйдир.
Аввали, охири кўринмас куйдир.
Сен ўзингни куйдир, мени ҳам куйдир,
Куймасанг бу куйни тинглай олмайсан.
Тунлар бўйнидаги ёқут маржоним,
Ярми қоним бўлса, ярмиси жоним.
Қўйнимда тўлғонган гўзал илоним,
Сен буни ҳеч қачон англай олмайсан.
1990
КЎНГЛИМ
Шерободнинг қирларида бузоққинанг қочди, қиз,
Бузоққинанг сендан хийла узоққина қочди, қиз.
Энди билдим, дунёлари шошқин дунё экандир,
Шерободнинг елларидай қочқин дунё экандир.
Шерободнинг қирларида еллар нени излайди?
Сен бузоқни излайдирсан, онанг сени излайди.
Бузоққинанг қочмай ўлсин, еру кўкни бир қилди,
Ўша кундан менинг чақмоқ хаёлларим қирқилди.
Сўнгра мендан чилвир-чилвир кокилларинг қочдилар,
Сўқмоқларинг, сойларингу соҳилларинг қочдилар,
Энди билдим, дунёлари ёлғон дунё экандир,
Шерободнинг қирларида қолғон дунё экандир.
1990
Ё РАБ!
Менинг кўнглим тамом бўлди. Аён бўлди:
Кўнглим ичра бир ҳовуч лахта қон бўлди.
Бир кундами, бир тундами, қачон бўлди?
Хўшлашибон тоғларим ҳам равон бўлди,
Бошим узра тоғларчалик тумон бўлди.
Урён шохлар зору абгор эгилади,
Шохлар аро ёлғиз юлдуз тикилади.
Осмонларим чокларидан сўкилади,
Ишқимнингми кукунлари тўкилади,
Дунёга ҳам жуда катта зиён бўлди.
Вафоси йўқ гўзалларидан айтайин:
Бири толу бири сарву бири қайин.
Барисидан энди буткул қўл силтайин.
Даҳр дилга қанча ўқлар отган сайин,
Бу қизларнинг қоши шунча камон бўлди.
Бир ён кўнгил, бир ёнда руҳ, арода мен,
Нелар қилса, шулар қилди, балода мен.
Гоҳи сарғиш, гоҳи қизғиш дарёда мен,
Хору хаслар бирлан бирдек фанодамен,
Қизил гуллар энди бизга гумон бўлди.
Тамом бўлди кўнглим. Не ғам, ўй бўлди бу?
Қандай ҳазин, қандай мунглуғ куй бўлди бу?
Қирчиллама йигитликда рўй берди бу,
Мени ёмон кўрганларга тўй бўлди бу,
Мени яхши кўрганларга ёмон бўлди.
1990
ИСТЕЪФО
Бир яхшига бир ёмонмас, минг ёмондир,
Ўн яхши бир, ўн минг ёмон бир томондир.
Замон ёмонларга боқар бир замондир,
Энг аввало ёмонларга инсоф бергил.
Яхшиларни эзгил майли, синайвергин,
Тушида ҳам, ҳушида ҳам қийнайвергин.
Бошларига фалак тошин юргиз, лекин
Энг аввало ёмонларга инсоф бергил.
Меҳру карам пасту баланд нархлардадир,
Яхшиларнинг номи қора хатлардадир.
Ёмонларнинг коми тожу тахтлардадир,
Энг аввало ёмонларга инсоф бергил.
Яхшиларнинг кўзёшини тўктир, майли,
Кўзёшига ўзларини чўктир, майли,
Бу дунёда яхшига кун йўқдир, майли,
Энг аввало ёмонларга инсоф бергил.
Япроқларким, букун менинг боғим тўкар –
Фазл фаслим, ошиқлигим чоғим тўкар.
Қолғонларин кўксимдаги доғим тўкар,
Энг аввало ёмонларга инсоф бергил.
Еру осмон яхлит сенинг измингдадир,
Ёлғиз нажот букун сенинг исмингдадир.
Ёмонлардин ўқлар элнинг жисминдадир,
Энг аввало ёмонларга инсоф бергил.
Яхшиларга адолатнинг йўли узун,
Ёмонларнинг тили узун, қўли узун,
Бас келмади бир эл, энди бас кел ўзинг,
Энг аввало ёмонларга инсоф бергил!
1990
«Оқ туманлар тоғларимдан энмоқдалар…»
Бўшаб қолди бу зот, бирдан бўшаб қолди,
Мискин ўйлар уни ўраб, қуршаб қолди.
Қирмиз, зарҳал гиламларда юрар эди,
Энди эса хасу хашак тўшаб қолди.
Гард қўнмаган силлиққина зардолидан
Букун келиб бир бужмайган туршак қолди.
Ўтди унинг ярқираган довонлари,
Қаршисида энди фақат нишаб қолди.
Бир кечада хира тортиб, қовунчининг
Адирдаги капасига ўхшаб қолди.
1990
«Аралашди уйқу ва ўлим…»
Оқ туманлар тоғларимдан энмоқдалар,
Новдаларга муз-қировлар инмоқдалар.
Хазонларга қўшилишиб тўкилди дил,
Энди улар биргалашиб ёнмоқдалар.
Чорбоғларнинг адоғида осмонлардан
Юлдузчалар сувга тушиб сўнмоқдалар.
Мен кўнмадим дунёларнинг рафторига,
Дунёларим рафторима кўнмоқдалар.
Изғиринлар ичра қолди ишқу жунун,
Жунунимдан ўзга гуллар унмоқдалар.
Дунё чуқур – синиқларга тўлиб ётар,
Синмаганлар букун бир-бир синмоқдалар.
Ошиқларнинг овозлари аста-секин
Дунёларнинг тубларида тинмоқдалар.
1990
«Дунё надир? Ошиқларнинг ўтинчидир…»
Аралашди уйқу ва ўлим,
Дунё билан ғам аралашди.
Туш билан ўнг уйқашиб кетди,
Кеча билан шам аралашди.
Еру осмон кетди қоришиб,
Аралашди замину замон.
Аралашди оқ билан қора,
Аралашди дард билан дармон.
Баҳор билан қиш аралашди,
Энди гул ҳам яна қор ёғар.
Ғунчалар ҳам қор ичра қондир,
Гуллар ичра – қора қарғалар.
Аралашди умр. Тонгларим
Шомларимга кетди қоришиб.
Тонгим энди шомимдир менинг,
Шомим эса тургай ёришиб.
Аралашди ишқу айрилиқ,
Кетмоқдасан, дунё, қай томон?
Дунё, сенинг одамларингга
Ўрганолмай турибман ҳамон.
1990
Дунё надир? Ошиқларнинг ўтинчидир,
Ошиқлари бу дунёда ўтинчидир.
Тушлар ўчди, ҳушлар учди, қушлар кўчди,
Кўксимдаги дил ҳам букун кўчкинчидир.
Бир бор куйиб куйдим деманг, куйганларим,
Бу куйганим учинчи ё тўртинчидир.
Фаслларнинг видосини қўрқинч деманг,
Қўрқинч асли қалбсиз қолмоқ қўрқинчидир.
Дунё ўтар. Йигитлик ҳам нозанинлар
Кўйлагининг шамолидай ўткинчидир.
1990
УЙИНГДАГИ БЕШИКЛАР
САМАРҚАНДЛИК КИЙИГИМСЎРОҚ
Самарқандда ҳушим қолди,
Мискин кўнгил қушим қолди.
Аҳволимни сўйламаган
На элим, на хешим қолди.
Энди қайга олиб борай
Бу юрагим – куюгимни?
Адо бўлдим ўйлайвериб
Самарқандлик кийигимни.
Бу қандайин умид дерлар,
Юзинг бўлди шувит дерлар.
Оҳ, мен қандай унутайин?
Улар тинмай унут дерлар.
Айтурларки самарқандлик
Ўшал тили асал, қандлик
Ёринг сенга ёр бўлмади,
Сенинг учун хор бўлмади.
Ёр бўлганда – кокилларин
Тарар эди сингилларинг.
Шу кокиллар аро ўйнаб
Юрар эди кўнгилларинг.
Самарқандда ҳушим қолди,
Мискин кўнгил қушим қолди.
Аҳволимни сўйламаган
На элим, на хешим қолди.
Улар мени тергайверар,
Тинмай ўгит бергайверар.
Менинг эса хаёлларим
Самарқандга кетгайверар.
Билмасларки минорлари,
Чироқлари, чинорлари
Аросида ҳушим қолган,
Ўнг келмаган тушим қолган.
Фироғида кўп ғамим бор,
Армон деган тўпламим бор.
Йиллар хазон бўлди, лекин
Бунда менинг кўкламим бор.
Самарқандда ҳушим қолди,
Мискин кўнгил қушим қолди.
Аҳволимни сўйламаган
На элим, на хешим қолди.
Энди қайга олиб борай
Бу юрагим – куюгимни?
Адо бўлдим ўйлайвериб
Самарқандлик кийигимни.
1991
ИЛИНЖ
Ҳуррият таъмини ҳеч тотганмидинг?
Шунча йиллар қанд сўриб ётганмидинг?
Қодирий, Чўлпону Фитрат кўзларин
Дил аро бир бора уйғотганмидинг?
Лолазор ўлди аларнинг қонлари,
Сен бу янглиғ лолазор ўтганмидинг?
Юзларингда на алам бордир, на ёш,
Ёки сен ҳам қўшилиб сотганмидинг?
Шунчалар аччиқ бу ширин ҳуррият,
Сен анинг таъмини ҳеч тотганмидинг?
1991
УЙИНГДАГИ БЕШИКЛАР
Юртим, менга зар керакмас зарларингдан,
Киприкларим ўпсалар бас гардларингдан.
Мен бир насим бўлиб келдим, мен бир насим,
Айтиб ўтсам дейман кўҳна дардларингдан.
Алмашдилар сени ному рутбаларга,
Мунглуғ бўлиб қолдинг ботиб шубҳаларга.
Ҳилолларинг қайтар яна қуббаларга,
Мозийларга сўйлаб-сўйлаб зорларингдан.
Менга қадим минорлардан бир сас етар,
Шул сас менинг кўнглим охир серфайз этар.
Менга дунё керак эрмас, бир хас етар
Яссавийлар ётган азиз ерларингдан.
Оқсаройга қай кунки юз бургандим мен,
Сўнмиш шону шавкатинг деб куйгандим мен.
Шеър айтишни сал-палгина ўргандим мен
Чинорларда йиғлаб ётган баргларингдан.
Бу дунёда кўнгилларга чироғ ёқсам,
Мозорларинг сукутидан сабоқ олсам,
Тиниққина булоқ бўлиб оқиб қолсам
Оллоёрлар назар қилган жарларингдан.
1991
БАҲОР
Ўн йил ўтди. Ўн йил ўтди. Ўн йил ўтди.
Ўйламагил шунча йиллар енгил ўтди.
Бу тоғлардан селлар эмас, кўнгил ўтди,
Уйингдаги бешикларинг тиллоданми?
Дунёнинг бу ўйинлари Оллоданми?
Япроқлар ҳам қанот ёзиб қуш бўлдилар,
Сойлардаги тошлар ҳатто хуш бўлдилар,
Менга сенинг аллаларинг туш бўлдилар.
Уйингдаги бешикларинг тиллоданми?
Дунёнинг бу ўйинлари Оллоданми?
Ёлғон чиқди янгаларнинг миш-мишлари,
Буюрмади манга боғинг кишмишлари.
Битмас бўлди сенсиз дилнинг юмушлари,
Уйингдаги бешикларинг тиллоданми?
Дунёнинг бу ўйинлари Оллоданми?
Теракларим, мажнунгина толларим-ай,
Ҳолларима йиғлаб қадди долларим-ай!
Аёндир на кетарим, на қоларим-ай,
Уйингдаги бешикларинг тиллоданми?
Дунёнинг бу ўйинлари Оллоданми?
Ўтганимда хаёл бунда зап тойилар,
Ярқирайди ҳовлингдаги шафтолилар,
Лекин нега кўзларимга мунг тортилар?
Уйингдаги бешикларинг тиллоданми?
Дунёнинг бу ўйинлари Оллоданми?
Нақшлари ўрмалаган дарвозанг бор,
Қалдирғочлар талашгувчи ҳавозанг бор,
Менинг эса элда ғариб овозам бор.
Уйингдаги бешикларинг тиллоданми?
Дунёнинг бу ўйинлари Оллоданми?
1991
СЕВГИ
Илдизларда шивирлаган сен эдинг,
Тупроқ кўпчиб, ғимирлаган сен эдинг.
Бир кечада ўзгарди руҳ ангори,
Дардим яшил, ҳасратларим зангори.
Ҳаётимдан ечдинг ғам печагин сан,
Адашгайдир ким айтур кечагимсан.
Баҳор, харсангтош остидан, уни суриб
Озодликка чиқиб олган чечагимсан.
Тўрт ой мендан қаролик устун бўлди,
Мен тўкилдим, дафтарларим тун бўлди.
На хушдирки, қайтадан насибимсан,
Равоч ҳидин келтирган насимимсан.
Барг ёзмоқчи бўлган янглиғ томирлар
Жимирлар, тан оғочида жимирлар.
Сен гулборим, гулнорим, гуландомим,
Кечалари шитирлар қаламдоним.
Яшил ҳовуч бўлиб чиқди исмалоқ,
Қалдирғоч ҳам келди сал-пал эзмароқ.
Ҳар бир кўлка яқин қиру этакда
Қўзичоққа айланади эртага.
Сен тоғларим қайраган чақинимсан,
Дўмбираси гулдурак оқинимсан.
Айтишларинг бу оламга ёқади,
Еру осмон сел бўлади, оқади.
Куйга тўлиб кетди тошу деворлар,
Сўлғин-сўлғин соғаяди беморлар.
Фақат бир барг, чириган бир барг фақат
Айлар менга мунглуғгина насиҳат.
1991
(саволга жавоб)
«Мен демасман бағри куйган, доғ бўл…»
Севги менинг кечмишимдир, бугунимдир,
Оловимдир, кулимдир ҳам кукунимдир.
Бу йўлларда охир бир кун тўкилгумдир,
Севги менинг кўнглимдаги тугунимдир.
Бу тугунни ечолмадим, ечолмадим,
Сиз ўйлаган дарёлардан кечолмадим.
Севги менинг эриб кетган қорим экан,
Сўнг бойчечак бўлиб унган зорим экан.
Якка-ёлғиз қолиб кетди мажнунтолим,
Мажнунтолим, хабар олгил, қийин ҳолим.
Севги менинг шовуллаган терагимдир,
Юлдуз куйган, ой йиғлаган курагимдир.
Қумга сингиб кетган тиниқ жилғам менинг,
Қумда лола унса агар илғанг мени.
Севги менинг найсон ювган кўйлагимдир,
Ўлгунимча ўйлагумдир, ўйлагумдир.
Қуёш кўрпа қавиб қўйган боғимдир у,
Кўксимдаги доғимдир у, доғимдир у.
Севги менинг мунисгина чироғимдир,
Дилга яқин, лекин кўздан йироғимдир.
Қанийди ўз қадамимни пухта қўйсам,
Бир хол бирлан бу савдога нуқта қўйсам.
Севги менинг ҳеч туганмас азобимдир,
Гувоҳимдир, гуноҳимдир, савобимдир.
Бутун умр шундай ўтар кўнгилларим,
Эй, сиз менинг гулгун ука-сингилларим,
Севги тиниқ кулгунгиздир, сақланг уни,
Сизнинг гўзал мулкингиздир, асранг уни.
1991
«Қандай яхши эди кунларим…»
Мен демасман бағри куйган, доғ бўл,
Не буюрса матлабинг, андоқ бўл.
Ер бўлиб мен, кимсалар том қилсалар,
Сен шу томга лолақизғалдоқ бўл.
1991
«Қайсидир зулфни макон этмоқчи дил…»
Қандай яхши эди кунларим!..
Сеҳру соғинч тўккан кечалар,
Ойни соғиб ичган тепалар,
Қандай ойдин эди шарпалар,
Қандай гўзал эди тунларим!
Ҳижронлардан йироқ тоқатим,
Чеҳраларга хушҳол боқардим.
Гул ва шабнам эди овқатим,
Қандай гўзал эди гулларим!
1991
«Эй паривашлар, димоғдор келдингиз…»
Қайсидир зулфни макон этмоқчи дил,
Мени зору нотавон этмоқчи дил.
Бир умр қўлдин чиқиб кетмоқчи дил,
Сиз бу дилни ушбу йўлдан айнатинг.
Руҳ айёмидадир ёшлиғларим,
Ҳеч ярашмайдир бу бебошлиғларим,
Бошим узра, эй қаламқошлиғларим,
Сиз қошингиздан қиличлар ўйнатинг.
Не қаро кунлар келибдир моҳима.
Қўюбон қумғонлар ўтлуғ оҳима,
Ғамларимдин сўйлашиб, атрофима
Ўлтуруб, кўксумда чойлар қайнатинг.
1991
ПЕШОНА ХУСУСИДА
Эй паривашлар, димоғдор келдингиз,
Бунча ғаддор, бунча дилдор келдингиз.
Бунда нозик тортадир жон риштаси,
Сиз дағи кокиллари дор келдингиз.
Ишқ ўтидин беомонлиғ бундадир,
Сарғаришлар ҳам хазонлиғ бундадир,
Қанчалар ранги сомонлиғ бундадир,
Сиз эса рангин ва гулдор келдингиз.
Жон базм айлар ҳазин шамлар билан,
Сиз келурсиз ғам уза ғамлар билан.
Тўлди дил яфроғи шабнамлар билан,
Сиз қачон бундин хабардор келдингиз?
Жисм аро пайдодурур ўтлуғ алам,
Қўлга олсам, буткул ўт олғай қалам.
Эй балою ғам, эй ранжу ситам,
Шул йигит ёшимда бекор келдингиз.
1991
РЎЗИ ЧОРИЕВ. “ҚУМҚЎРҒОН ОЛМАЛАРИ”
Бу дунёда бир китоб бор, ўқий олмайман,
Унга дилга яқин якун тўқий олмайман.
Менинг умрий ёзмишларим унда жамланган,
Фаслларим бир варақда мужассамланган.
Қанча хорлиғ кўргум бордир, қанча зорлиғлар,
Қанча ғурбат, айрилиқлар, қанча ёрлиғлар,
Бари шунда битилгандир яхлит сарбасар,
Шулдир асли дунёда энг мухтасар асар.
Унга сабру бардош бермоқ хўб амал эрур,
Чунки у ҳар жиҳатдан ҳам мукаммал эрур.
Хато бўлмас унда асло, бўлмас камчилик,
Ўзгармайди ўзгартирмоқ бўлсанг қанчалик.
Гоҳи нурсиз, гоҳи порлоқ, рахшонам менинг,
Қийин китоб, оғир китоб пешонам менинг.
Дўстим, сенга пешонамас, кошона берди,
Менга эса, шундай мушкул пешона берди.
Туғилмасдан мен шундайин хатларга тушдим,
Илоҳ ўзи амр этган ўтларга тушдим.
Эй ёр, надир бу дунёда ному нишонлар?
Мен билан сен айрилганмиз аллақачонлар.
Бу китобни мен ўзгага бера олмайман,
Пешонамни тошга уриб ёра олмайман.
Унда неки ёзилмишдир – бари муқаррар,
Таҳрир қила олмас уни бирор муҳаррир.
1991
«Она, сизнинг ёнингизда қололмадим…»
Қумқўрғоннинг олмалари тилсим экан,
Оқинми ё қизилини олсаммикан?
Ва лекин у олмасини олдирмайди,
Бировларга зор қилдириб қолдирмайди.
Кўзни олиб жилвалари таралгандир,
Ярми ою ярми кундан яралгандир.
Бу дунёда меҳр қолган бўлса агар
Шунда қолган, улар шундан яралгандир.
Бу олмалар боғин барбод келтирмаган,
Ўз номига ҳеч вақт иснод келтирмаган.
Мен шундайин бир олмага етолмадим,
Кўнгил боғин ҳаргиз обод этолмадим.
Ҳар бирининг ўз нақши, ўз ранг-туси бор,
Булғанмаган тиниқ кўнгил кўзгуси бор.
Деворлари пастаккина бўлса ҳамки,
Бировларга эгилмайди – номуси бор.
1991
ЮЛДУЗ ҚЎШИҒИ
Она, сизнинг ёнингизда қололмадим,
Кўзингизга гард қўнди, мен ололмадим.
Бу дунёда ҳаловату ором надир?
Оромингиз олдим, ором беролмадим.
Остонамиз кузатгайдир баҳорларни,
Хазонларга алмаштириб ифорларни.
Барглар ҳикмат айтса тирнаб деворларни,
Таскин бериб қошингизда туролмадим.
Қишлар бунда оқ дастурхон тузатгайдир,
Қисмат яна не ўйинлар кўрсатгайдир?
Ўчоғдаги олов сизни иситгайдир,
Мен шу ёнган қўрчалик ҳам бўлолмадим.
Тинди йиллар, тинди олам ёғинлари,
Селларнинг ҳам бор-ку сўнги, охирлари,
Тинмади ҳеч юзингизнинг ёмғирлари,
Мен бир насим бўлиб етиб келолмадим.
Кўнгил йўлин бошдин-оёқ меҳнат кўрдим,
Йўлда ётган хасда ҳам бир зийнат кўрдим,
Бировларга кўнгил бериб миннат кўрдим,
Манглайимни тошга уриб ёролмадим.
Умр деган новдадаги қушдай экан,
Оқибатнинг эса мағзи пучдай экан,
Дунёлари кечаги бир тушдай экан,
Мен бу тушнинг таъбирини билолмадим.
Шом чоғида қолдингизми толиб яна?
Заъфарондай сарғайиб ҳам сўлиб яна?
Шунча алам етмагандай, келиб яна
Бор дардимни сизга тўкдим, уёлмадим.
1991
МЕЗОНЛАР
Осмонларнинг қаърида,
Қаҳратонлар қаҳрида,
Изғиринлар заҳрида
Ҳазин кулган юлдузман.
Мискин маъво эдим мен,
Кўп серсавдо эдим мен,
Зору танҳо эдим мен,
Бағрим тилган юлдузман.
Зулматларга тик келдим,
Шабнам бўлиб тўкилдим,
Гул баргидан тикилдим,
Маъюс қолган юлдузман.
Не кўйларга тушмишман?
Гоҳ олмос, гоҳ кумушман,
Ҳижронларга танишман,
Фарёд қилган юлдузман.
Айтсам дилда зоримдан,
Гуллар унгай қорингдан.
Кечиб йўғу боримдан
Нурга тўлган юлдузман.
Сен, эй синглим, сен оғам,
Ўтгай алам, ўтгай ғам,
Бир дардим бор менинг ҳам,
Мен дард билган юлдузман.
Кўпдир дўсту ёр, юрак,
Қанчалари нокерак.
Гардишларингдан, фалак,
Сабоқ олган юлдузман.
Шомлар аро чўмгайман,
Балки бир кун сўнгайман,
Умр – чақмоқ, унга ман
Балдоқ илган юлдузман.
Дунё тўлуғ сасларга,
Риёлар, ғаразларга.
Кўнгли қаро касларга
Армон бўлган юлдузман.
1991
СЕНДИН АЙРО22
Ўртамизда гумонлар қолди:
Яхшилар йўқ, ёмонлар қолди.
Севгимиздан туманлар қолди.
Ўтди бари, тарқалди бари,
Ҳаволарда мезонлар қолди.
Йироқларда чўкдилар тоғлар,
Тўкилмишлар ёшдай чироқлар.
Заминга ҳам тушмиш титроқлар,
На жамбил, на райҳонлар қолди,
Ҳаволарда мезонлар қолди.
Ой нур қуйган дилларимиздан,
Кун юз ювган йилларимиздан,
Бирга узган гулларимиздан
Мунглуғ барги хазонлар қолди,
Ҳаволарда мезонлар қолди.
Олам ниманидир тинглайди,
Юлдузлари юзни тирнайди,
Гўзал кунлар тушга кирмайди,
Тунлар ичра армонлар қолди,
Ҳаволарда мезонлар қолди.
Осмонларга қараб йиғлагил,
Сочларингни тараб йиғлагил,
Мезонлардан сўраб йиғлагил:
Ул фасллар қаёнлар қолди?
Ҳаволарда мезонлар қолди.
Дунёнинг кўр гўшаларида,
Сайҳонлари, пушталарида,
Узилган дил ришталаридай,
Биздан шундай нишонлар қолди:
Ҳаволарда мезонлар қолди.
1991
Турк халқ қўшиғи
[Закрыть]
ДУНЁ ҚИССАСИ
Дўндим шохдан тушган мискин япроққа,
Саҳар ели сочгил мени, бур мени.
Ғуборимни кеткиз бундан йироққа,
Ёрнинг нозик оёғина сур мени.
Олдим созни, чиқдим ғурбат кўрмакка,
Ёниб ёра келдим юзим сурмакка.
На ҳожат бор уни, буни сўрмакка,
Сендин айро на ҳол бўлдим, кўр мени.
Ой нурлари тушар созим устина,
Сўз сўйлаган йўқдир сўзим устина,
Кел эй, ҳилол қошлим, тиззам устина,
Ой бин ёндан, сен бир ёндан ўр мени.
Неча йилдир боролмадим юртима,
Бир ҳамдард ҳам изламадим дардима,
Келажаксан бир кун тушиб ортима,
Оғуш эмас, юрагинг-ла сўр мени.
1991
ТАЖДИД
Дунё, сенинг аламларинг ҳар он чиқар,
Бир ёнинг мунг, бир томонинг шодмон чиқар.
Сен ўйинсан, не зотлар саргардон чиқар,
Қанчалари сен бирла андармон чиқар.
Доноларинг рафторингни илғаб кетган,
Найрангларинг бағирларин тиғлаб кетган.
Кун кўрмайин бутун умр йиғлаб кетган,
Алар бари наҳот энди нодон чиқар?
Биров сени вайрон дейди, барбод дейди,
Биров эса ғурбат дейди, фарёд дейди.
Яна биров қўш эшикли работ дейди,
Кимдир йиғлаб, кимдир эса хандон чиқар.
Боқиймидур сенинг ранжу жабрларинг?
Сен чигал туш, айтиб бўлмас таъбирларинг.
Қайда қолди Улуғбеклар, Бобурларинг,
Яна қачон алар янглиғ султон чиқар?
Мен ҳам сенинг кўйларингда тўкилганман,
Меҳр истаб, қумлардаги юлғундайман.
Кўнглим қолган сендан ҳам, ўз кўнглимдан ҳам,
Менга берган ул гулларинг сўлғон чиқар.
Кўксим ичра умидларим ачийдилар,
Сени бунча талашиб ҳам ташийдалар?
Булар охир бир-бирларин ғажийдилар,
Мен дил берган инсонларинг ҳайвон чиқар.
Қасрлари қолгай ўйлаб қарасалар,
Умр ўтиб, даврон кетиб қарисалар,
Қаро ерни бориб бир кун қазисалар,
Ҳамма учун бир хона, бир айвон чиқар.
1991
«Қуёш янглиғ тоғларингга ботолмайман…»
Юз минг ғамдир бу олам,
Юз минг ғамга қалошиб
Ошиқлари ўтгайлар
Юз минг ўру қир ошиб.
Ҳар хасда юз минг ҳикмат,
Ҳар касда юз минг тоқат,
Ҳар дилга юз минг ҳасрат
Кетаётир илошиб.
Ҳар бир лаҳза юз минг ранг,
Ҳар бир тош юз минг жаранг,
Ҳар сукут юз минг оҳанг
Беролгайдир улошиб.
Бир жонга юз минг жафо,
Бир бошда юз минг савдо,
Бу невчун шўру ғавғо,
Кетолмас ҳеч ярошиб?
Жисм иқлимларининг
Юз минг хил об-ҳавоси,
Юз минг хил дил балоси
Ўтар нени талошиб?
Юз минг гулдир бу ҳижрон,
Юз минг кўнгил бу армон,
Юз минг руҳдир бу осмон
Бошинг узра қарошиб.
Юз минг лола бу нолам,
Юз минг сирдир бу олам,
“Юз минг валилар ўтди
Сирни сирга улошиб”.
1991
«Қошларинг қаросида…»
Қуёш янглиғ тоғларингга ботолмайман,
Манглай хатин мен янгитдан битолмайман.
Сен қандайин ҳуркак оҳу экандирсан,
Тоғлар ошиб сени асло тутолмайман.
Борингни ҳам дунёси йўқ этгувчидир,
Гул сўрасанг, қўлингга хор тутгувчидир.
Бу дунёда ҳар неки бор, ўтгувчидир,
Етолмайман, гардингга ҳам етолмайман.
Менга сенинг кулгуларинг сир бўлдилар,
Қирқ фитнакор кокилларинг бир бўлдилар,
Ерлар осмон, осмонлари ер бўлдилар,
Оттай десам, ойни ойга отолмайман.
Тақдир деган на боғ ва на саҳро экан,
На ойдин йўл ва на тўзган бўйро экан.
Ўртамизда Оллоҳ солган дарё экан,
Бу дарёдан юрак тутиб ўтолмайман.
1991
«Кўрмайин ҳам, куймайин ҳам…»
Қошларинг қаросида
Билмам, не фасод бўлган.
Сочларинг бозорида
Бозорим касод бўлган.
Кўнгил ютолмаганин
Энди кўзлар ютади,
Сал қаттиқроқ қарасам
Холинг куйиб кетади.
1991
Кўрмайин ҳам, куймайин ҳам,
Дийдорига тўймайин ҳам.
Киприкларидин игналар
Айланг, куюнчак янгалар.
Тола сочин ип айлабон
Кўзларимни тикиб қўйинг.
Армон йўлин тутсам агар,
Кўнгилдан ҳам кетсам агар,
Ҳижронида бўлсам адо,
Фурқат каби қилсам видо –
Холларини дон айлабон
Мозоримга экиб қўйинг.
1991
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?