Электронная библиотека » Сирожиддин Саййид » » онлайн чтение - страница 5

Текст книги "АСАРЛАР (II жилд)"


  • Текст добавлен: 31 мая 2023, 14:14


Автор книги: Сирожиддин Саййид


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 18 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]

Шрифт:
- 100% +
ОЙ
 
Тунлар япроқ янглиғ юпқалашган пайт,
Дил ичра аламлар қуйқалашган пайт,
Мунглуғ деразамга ой келди яна,
Ой келди, йўлларда уринганмикин?
 
 
Эсиз, муҳаббатим гуллаган мавсум,
Ой нечун бунчалар турибдир маҳзун?
Доғларин билардим, унга ҳам менинг
Кўксимдаги доғлар кўринганмикин?
 
1992
БОР-ЙЎҒИ

Ш. Ж.


 
Овозим авжини сиз билардингиз,
Овозим чиқса сиз зирқирардингиз.
Етти иқлимларга таралса созим,
Етти газ ер ичра сиз кирардингиз.
Сиздай бадбинлардан олисдирман мен,
Гоҳо қаршингизда ожиздирман мен.
Бор-йўғи бир куйган ҳофиздирман мен,
Бобур бўлганимда не қилардингиз?!
 
1992
ҲАЖР
 
Найсон чечагидай тоза хаёллар,
Мен билан туғилган озод шамоллар.
Букун қолиб кетмиш беиз, бедарак,
Қайси бир тоғларнинг дараларида.
 
 
Энди гул ҳам солгай дилга ғуссалар,
Ул ўтлуғ, мунаввар, гўзал қиссалар
Ёшдай қолиб кетмиш беному нишон
Қай бир мижгонларнинг ораларида.
 
1992
ФАСЛ
 
Юлдузлардан муҳаббатнинг олис иси келмоқда,
Еру осмон хайрлашар, видо кези келмоқда.
Эй дил, шайлан, баҳор ўтиб, кўнгил кузи келмоқда,
Кўнгил, бу не фасл бўлди, бу не янглиғ маъволар?
 
 
Дунёларнинг замирида сирлар ухлар гўдакдек,
Шабнамларнинг ялтираши ёр тақмаган зиракдек.
Бир сипоҳи яқинлашар кўриниши кузакдек,
Нафасидан боғлар титраб, жимирлайди дарёлар.
 
 
Тоғлардаги бургут, дерлар ўғлон қалбин иниси,
Ҳар бир қалбнинг бўлсин экан ўз меҳрибон муниси.
Дарду алам бўлса агар йигитликнинг аниси,
Қай тоғларга бориб йиғлар, кимга айлар даъволар?
 
 
Ой паҳлавон қояларга сут эмизган тунларда,
Ошиқ кўнгил ёнар яна ўшал қадим мунгларда,
Мажнунларнинг бағирлари ҳануз доғу хунларда,
Бу доғлардин сурма, қондин хино айланг, Лайлолар.
 
 
Бу айёмнинг кўрки надир, надир шарҳу баёни?
У ёни бир яшил қирғоқ, заъфарондир бу ёни,
На ниҳони ниҳондиру на аёндир аёни,
Ўйингда не ғамлар бордир, кўйингда не савдолар?
 
 
Кеча нелар ўтди бошдан, нелар сўйлар ҳозиринг?
Ёшликдаги ёрлар энди сўрар сендан розилик.
Меваларин тўкар боғлар, қани сенинг ҳосилинг?
Қиёс қилса, дўст бўлгайлар сенга фақат саҳролар.
 
 
Барглар аро ёлғиз юлдуз кўнгил сўраб тикилгай,
Ҳаловатнинг чодирлари чок-чокидан сўкилгай,
Кўнгил бир кун хазонлардай унсизгина тўкилгай,
Маъносидан ҳикмат топмай, дунёсидан маънолар.
 
1992
ОҚСАРОЙ
 
Зиёратга келдим саҳар чоғ, сарой,
Мунғайиб турарди ҳаммаёқ, сарой.
Буюк салтанатнинг заволи сенми?
Кўксимда доғ узра унди доғ, сарой.
 
 
Нақшлар музтариб, деворлар яро,
Бул мажруҳ муқаддас оятлар аро
Келди мозийлардан бир мунглуғ садо,
Ул менинг бағримни қилди чоҳ, сарой.
 
 
Манглайимни босиб муздайин ғиштга
Йиғладим ҳар ўтган, ўтмаган ишга.
Қадим нафасингни ютибон ичга
Турардинг ҳолимдан сен огоҳ, сарой.
 
 
Турардинг абадий шавкату шондай,
Осмонлар қаъридан бўлиб осмондай,
Кексайган, нуроний соҳибқирондай
Бир оқ булут тушди баногоҳ, сарой!
 
 
Дилим равоқларга уриниб кетди,
Замонлар бир лаҳза суриниб кетди.
Боқсам Самарқандлар кўриниб кетди,
Турардинг бир ўзинг танҳо, тоқ, сарой.
 
 
Норасо авлодлар ишрат ила банд,
Эли қон ютгайдир, каззоблари қанд.
Жафокаш бу мулкнинг дардин англаган
На бир хон келдию, на бир шоҳ, сарой.
 
 
Сен ҳамон ўшандай улуғвордирсан,
Дунё туганди, сен устивордирсан.
Балки бир юпанчга сен ҳам зордирсан,
Эй, Амир Темурдан қолган оҳ, сарой!
 
1992
БУ ЙЎЛЛАРДА
 
Бу йўлларда бошим эгик,
Боши эгик гуллар, гуллар.
Охир туфроқ бўлдим сизга
Қўшилишиб йўллар, йўллар.
Мендан на бир баҳор қолди,
Мендан фақат ғубор қолди,
Билмам қайга элтар мени,
Қайга сочар еллар, еллар.
 
 
Қуёш ботар, шом чўкади,
Борлиқ чекар алам, алам.
Жудолиғларнинг тўридан
Тўқилган бу олам, олам.
Бу йўлларда севгим йўқдир,
Кезгим йўқдир, кезгим йўқдир,
Фақат уфқлар ортидан
Бир мунг келар: “Болам, болам…”
 
 
Бу йўлларда шундай кўйга
Тушдим наҳот ёна-ёна?
Кўнгил кўзгум қум бўлди-ку,
Ун бўлди-ку сина-сина.
Эсаверар шафқат билмай,
Эсар айём шамоллари,
Кўзингизга гардлар қўнса,
Ўшал менман она, она…
 
1992
ФАЛАК АЙЛАНАДИ
* * *
 
Олис тоғларимдан келибсан, баҳор,
Унда кимлардир зор, кимлар интизор.
Янги бешиклардан гапир гапирсанг,
Янги қабрлардан сўйлама зинҳор.
 
* * *
 
Бир зум ғойибларнинг пайдоси бўлгин,
Хомуш кетганларнинг нидоси бўлгин.
Серсукут бир юртда туғилмишсан сен,
Юртинг сукутларин садоси бўлгин.
 
* * *
 
Кўнгил саргузаштин ёзиб ўтарман,
Фаною бақосин сезиб ўтарман.
Куйган шоирларнинг саҳросидир бу,
Салқин бир шамолдай эсиб ўтарман.
 
* * *
 
Қон олинг бағримнинг тоза доғидан,
Жон олинг севгимнинг нурли чоғидан.
Бекаслиғ даштининг ғафлати ичра
Уйғонинг шеъримнинг қўнғироғидан.
 
* * *
 
Балки кўзёш бўлиб келдим дунёга?
Ёки қувонч бўлиб келдим дунёга?
Ўчган чироқларнинг хотири учун
Балки сирож33
  Сирож (араб.) – чироқ.


[Закрыть]
бўлиб келдим дунёга?
 
* * *
 
Бемурод тунларда муродим бўлдинг,
Бебунёд дунёда бунёдим бўлдинг.
Бемакон қолганда макон бағрида,
Эй шеър, Астробод, Ҳиротим бўлдинг.
 
* * *
 
Кўксимда беркинган нигоҳим бўлдинг,
Эй, дил, не сирларнинг огоҳи бўлдинг.
Бир зум тинчимадинг фалак остида,
Инсон қисматларин жанггоҳи бўлдинг.
 
* * *
 
Оловлар комига тушибманми мен?
Ёнган бир оловли қўшиқманми мен?
Куйиб ўртанаман нечун бунчалар,
Дунёда энг сўнгги ошиқманми мен?
 
* * *
 
Бир унут дунёдан келгил, эй шамол!
Бу тун эшигимдан эсгил, эй шамол!
Кўксимга бош қўйиб, силаб жонимни,
Мужда ёшлигимдан бергил, эй шамол!
 
* * *
 
Йўлимда кўзларнинг жим садолари,
Қисматлар ноласи, ишқ савдолари.
Қалбим хазинасин сочиб борурман,
Яна не истайсиз, дил гадолари?
 
* * *
 
Аввал эсга олинг ёшлик пайтимни,
Сўнг эса ёд этинг айбу дардимни.
Кўнгиллар тўйида келинчакларнинг
Либосига тикинг ишқий байтимни.
 
* * *
 
Ёмғирлар ёққанда мени ёд этинг,
Йироқдан, яқиндан мени ёд этинг,
Мен унут бир байтман, ногоҳ эл ичра
Шоир қолмаганда мени ёд этинг.
 
* * *
 
Мен синсам, ҳаётим жомини эсланг,
Мен ботсам, умримнинг тонгини эсланг.
Мен ўтсам, хокимнинг устида у кун
Мен эмас, отамнинг номини эсланг.
 
* * *
 
Бу не фасл эди – йилларим кетар,
Майсалар, ғунчалар, гулларим кетар,
Қуёшим, ойларим кетар, ҳар кеча
Аларнинг ортидан қўлларим кетар.
 
* * *
 
Гоҳ оддий тошда ҳам минг бир кўз кўрдим,
Гоҳ музларда ёндим, ёниб муз кўрдим.
Сарғайган, заъфарон баҳор кўрдим гоҳ,
Гоҳида яшнаган кўм-кўк куз кўрдим.
 
* * *
 
Мен ишқ диёрининг авомидирман,
Ердаги ҳар хаснинг каломидирман.
Сўйлатиб ўтарман сўнгакларимни,
Машраб армонининг давомидирман.
 
* * *
 
Балки кимларгадир ёр бўлиб ўтдик,
Кимдир зор, кимгадир зор бўлиб ўтдик.
Гуллар устимиздан қаҳқаҳа урди,
Гулларнинг пойида хор бўлиб ўтдик.
 
* * *
 
Сим-сиёҳ тунлардан чироқ сўрадик,
Гоҳ ҳушёр, гоҳида мудроқ сўрадик.
Баъзан фироқлардан тиладик висол,
Баъзида висолдан фироқ сўрадик.
 
* * *
 
Куйганлар ҳурлардан сўйламанг деди,
Сўлганлар гуллардан сўйламанг деди.
Кузга ёпишдик сўнг барча шоирлар,
Бир чол юрагимни куйламанг деди.
 
* * *
 
Дардларини олдик, у шод бўлмади,
Ғамларини олдик – нажот бўлмади.
Қалблар вайронага айланди, аммо
Бу дунё барибир обод бўлмади.
 
* * *
 
Бир жом истаб ўтдик балки бир умр,
Бир ном излаб ўтдик балки бир умр.
Бу маълум, номаълум фалак остида
Гумном бўлиб ўтдик балки бир умр.
 
* * *
 
Гоҳ рақиб, гоҳида дўст, ўтиб кетдик,
Гоҳ баланд, гоҳида паст ўтиб кетдик.
Увлаб қолаверди имконларимиз,
Бу узун йўлдан биз маст ўтиб кетдик.
 
* * *
 
Сўзларга гоҳида заҳримиз бердик,
Гоҳида сир ила сеҳримиз бердик.
Сағир сингиллардай бошларин силаб,
Бемеҳр тунларда меҳримиз бердик.
 
* * *
 
Сўзларки, энг қадим дардлар нишони,
Сўзларки, йиғлатар томирда қонни.
Сўзларки, хасга ҳам жон ато этар,
Сўзларки, иситар юпун дунёни.
 
* * *
 
Дунёга келиб биз бир ёр сўрабмиз,
Югуриб, йиқилиб, зор-зор сўрабмиз.
Дунё ор-номуслар талоши экан,
Бизлар беномусу беор сўрабмиз.
 
* * *
 
Не ҳол бу? Сўрадик барча одамлар,
Не ҳол бу? Қарадик барча одамлар.
Ўтиб борар экан бир ит, ногаҳон
Тўрт ёндан таладик барча одамлар.
 
* * *
 
Осмонни тарк этгач ою қуёшлар,
Бир сўз бўйним қучиб, кўзларин ёшлар,
Бутун ҳаётимга ёйилар кейин
Сочлар, сочлар, қоп-қора сочлар!
 
* * *
 
Бу қандай бахт эди – майдан ҳам тахир?
Бу не толеъ эди – гўё шум тақдир?
Бу не саодатдир – кўзларида ғам,
Бу не оғуш эди – совуйди бағир?
 
* * *
 
Тунда шивирлагин аввал номимни,
Сўнг эсла сўнган ул ғурур, шонимни.
Сўнг обод уйингни кўтариб бошга
Дод солгин ёд этиб хонумонимни.
 
* * *
 
Қизлар, қўлда ўроқ, куйлаб ўтасиз,
Дилда неларнидир ўйлаб ўтасиз,
Олис адирларнинг буғдойзорида
Менинг ҳаётимни сўйлаб ўтасиз.
 
* * *
 
Сўқмоқлар узилди, узилди йўллар,
Симлар узилдилар, узилди қўллар.
Кўнгил узолмадим фақат мен сендан,
Нурли иплар мисол тортилмиш йиллар.
 
* * *
 
Сочинг ҳасратида ҳар ён йиғидир,
Қошинг қай жаллоднинг хунхор тиғидир.
Зулфинг остидаги пинҳон холинг ҳам
Қайси бир ошиқнинг қорачиғидир.
 
* * *
 
Кўнглимга йўл солган ул қошлар букун
Қайси бир дилларнинг кўпригимикин?
Йўлимга гул сочган ул сочлар букун
Қайси бир уйларда супургимикин?
 
* * *
 
Мен бир кун шубҳасиз такрор бўларман,
Сокин ёдингизда бедор бўларман.
Ҳорғин кўзингизда чақиндай чақнаб,
Саҳро қалбингизда баҳор бўларман.
 
* * *
 
Аввал шамол эдим беғам, беармон,
Кейин майса бўлдим, сўнгра бўлдим дон.
Фалак тегирмони янчди боримни,
Бир сиқим тупроқман, бир тутам сомон.
 
* * *
 
Дунёга келибсан – дилингда қайғу,
Осмон бошинг узра сеҳрли кўзгу.
Умринг – ёр зулфига теккан бир эпкин,
Киприкдаги кўзёш, лабдаги кулгу.
 
* * *
 
Фалак айланади – юлдузли томим,
Бир ёнда пишиғим, бир ёнда хомим.
Тунлар япроқ янглиғ юпқайди кўнгил,
Қатра шабнам бўлди тонгги таомим.
 
* * *
 
Дўстим, даҳр боғин мен бир хасиман,
Йўқлик оҳангларин мунглуғ сасиман.
Сен фиғон чекмагил фақир кулбангдан,
Мен ўшал кулбангнинг остонасиман.
 
1983, 1992
«Умр аста айланмоқда азиятга…»
 
Умр аста айланмоқда азиятга,
Ёзганларим ўхшаб борар насиҳатга.
 
 
Қай гўшага борсам ундан боқар дардим,
Ўз онамнинг сочларини оқартирдим.
 
 
Деворларни тирнаганда барги хазон,
Нечун жисмим зирқирайди ўша замон?
 
 
Кўнгил, кўнгил, қай йўлларда тўкилдим мен?
Сени охир ўз майлимга қул қилдим мен.
 
 
Нечук хирмон бўлди уйган бу хирмоним,
На буғдойим аёндиру на сомоним?
 
 
Юлдузларга боқсам совуқ ел келади,
Юзларимдан шу он қайноқ сел келади.
 
 
Тутган янглиғ хору хаснинг уволлари
Жой сўрайди мендан кузак шамоллари.
 
 
Лек мен ўзим қай ҳолда ва қайдадирман?
Адирларда қолиб кетган чайладирман.
 
 
Чайладан ҳам тушади-ку ойнинг нури,
Не ҳолларга солдинг мени, фалак ҳури!
 
1993
ЁЛБОРИШ
 
Жудолиғлар дунёда, бош узра не ҳаводир?
Сертаҳлика боғларда шовуллайди хавотир.
Кўркам ниҳол эрта кун кимларгадир асодир,
Ўзинг тингла тун чоғи таралган бу ноламни,
Паноҳингга ол, Худо, ёлғизгина онамни.
 
 
Сарғаядир боғ аро сувсиз ариқ-жўйборлар,
Мунғаядир нураб жим отам солган деворлар,
Айланадир хатарнок чатнаб чархи давворлар,
Яна ваҳму гумонлар тўлдирдилар хонамни,
Паноҳингга ол, Худо, ёлғизгина онамни.
 
 
Анинг умр роҳида ҳаваслари кул бўлди,
Менинг дунё боғида излаганим гул бўлди,
Излаганим у гуллар барчаси бир пул бўлди,
Тиконлар қолди охир зирқиратиб танамни,
Паноҳингга ол, Худо, ёлғизгина онамни.
 
 
Даҳлизидан кетмайин турган фасл кузакдир,
Шитирлаган ҳар хазон маҳзун дилин бузгайдир.
Азобин узайтирдинг, умрини ҳам узайтир,
Кўрсин ёруғ оламда тўйларини боламни,
Паноҳингга ол, Худо, ёлғизгина онамни.
 
1993
ТОПМОҚ ВА ЙЎҚОТМОҚ

Ҳ. Х.


 
Ўкинма дил, дунё бир кун
       фироғлардан қайтади,
Меҳр сенга сен кутмаган
       қароғлардан қайтади.
Сенинг бори топганларинг
       минг бир доғга айланмиш,
Сенинг бори йўқотганинг
       шу доғлардан қайтади.
 
1993
ЙЎЛЧИЛАР
 
Дунё соҳил, дунё соҳил деб кетдилар,
Не йўлчилар бу соҳилга кеб кетдилар.
Мен дилни бир қирғовулдай қўйворгандим,
Қирғовулхўр акаларим еб кетдилар.
 
 
Кўнгил асли кўпчиликнинг мулки экан,
Атрофида унинг мудом кулки экан.
Мен буларни дурустгина йўлчи десам,
Булар бари бўри, қашқир, тулки экан.
 
1993
БУ НЕ САВДО?
 
Адирларда саргардон ва оч
Бир-бирини ғажир бўрилар.
Бу маълум гап. Лекин не илож
Тўғриларни ёзса тўғрилар?
 
 
Эзгу ишдир тарбия, жазо,
Тартиб, қонун шунда йўғрилар.
Бу не савдо, бу нечук сазо –
Ўғриларни босса ўғрилар?!
 
1993
НАЙСОН НАФАСИ
 
Боғларда не кўчки?
       Не қаро қуюн?
Зоғлар кетмоқдалар, зоғлар.
 
 
Ола хуржунли бу карвонлар надир?
Тоғлар кетмоқдалар, тоғлар.
 
 
Жилғалар жилдирар.
       Мунгли, аламли
Чоғлар кетмоқдалар, чоғлар.
 
 
Кўнгилдан эскиган тирноқдай кўчиб
Доғлар кетмоқдалар, доғлар.
 
1993
ҲИКМАТ
 
Ҳикмат на дашту қир, на боғу бўстон
Ва на маликанинг чорбоғидадир.
На қасру айвонлар, на роҳу манзил
Ва на йигитликнинг қирғоғидадир.
На шону мартаба, на молу дунё
Ва на чинорларнинг япроғидадир.
Ҳикмат – бу дунёдан ўксиниб ўтган
Отанг мозорининг тупроғидадир.
 
1993
«Икки хил сиғиниб бўлмас Оллоҳга…»
 
Икки хил сиғиниб бўлмас Оллоҳга,
Бизлар бир тупроқнинг қолдиқ, юқимиз.
Сизга тавфиқ берди биздан олдинроқ,
Сал оғирроқ эди бизнинг юкимиз.
Ғоят ҳавасимиз келодир сизга,
Қуллуқ, насиҳатга қулоқ тутармиз.
Тақсир, дуо айланг, кўз тутинг бизга,
Сиз етган манзилга биз ҳам етармиз.
 
1993
«Бизнинг тунлар қаро, аламлар қаро…»
 
Бизнинг тунлар қаро, аламлар қаро,
Юлдузлари куйган оламлар қаро.
Сиз қошга юргизган қаламлар қаро,
Қаролик бизга ҳам шунчалар бўлди.
 
 
Узилган япроқлар изғир инларда,
Севгимиз қолдими изғиринларда?
Сизнинг жаҳонингиз исир сиймларда,
Бизга куз боғлари танчалар бўлди.
 
 
Биз касод айладик бозоримизни,
Хасларга бой бердик гулзоримизни.
Энди юлиб олиб дил торимизни
Борлиқ найранглари куй чалар бўлди.
 
 
Дунёдан мисли бир тош қолди кўнгил,
Дунёда бир қаро қош қолди, кўнгил.
Сўнгсиз кечаларда оч қолди кўнгил,
Сизнинг юзларингиз кулчалар бўлди.
 
1993
ПОЛВОНЛАР ЮРТИ

Исроил акага


 
Полвонлар ҳеч юлдузларга қарамайди,
Юлдузларга қараса гар полвон эмас.
Йигитликми тўй кўрмаса, курашмаса?
Кураш тушмай ўтган давринг даврон эмас.
 
 
Қашқадарё – тоғу даштлар, чўллар тенгсиз,
Эй қалбимнинг даралари, нечун берксиз?
Бошим узра ястанган, кенг, мовий, чексиз
Полвонларнинг юрагидир, осмон эмас.
 
 
Фарзандлари ерни муштлаб туғилган ер,
Мард йиқилса кўкдан юлдуз ёғилган ер,
Йигитларнинг курагини соғинган ер –
Танти мулкдир, шунчаки бир майдон эмас.
 
 
Бу болалар ғурур бор деб олишади,
Пул учунмас – номус, ор деб олишади,
Амир Темур қони бор деб олишади,
Ори йўқлар ушбу элга ўғлон эмас.
 
 
Алпомишдан мерос қолган жуссаларин
Кўриб дилдан кетгай бор-йўқ ғуссаларинг.
Сўйлаб юрар Соҳибқирон қиссаларин,
Уйлари ҳам эл қатори, қўрғон эмас.
 
 
Полвонлар ҳеч юлдузларга қарамайди,
Қараганда кўнгиллари осмон эмас,
Менинг янглиғ уч-тўрт шеърга қул бўларди,
Қул бўлганлар, билинг дўстлар, полвон эмас.
 
1993
КЎКДАЛА

Қулмон Очилга


 
Ватанлар бор туманлидир, тоғлидир,
Ватанлар бор чаманлидир, боғлидир.
Бундан Вомиқ, Фарҳод, Мажнун ўтганми,
Лолазордир, лолалари доғлидир.
 
 
Осмонлари яқин – кўзу қош янглиғ,
Йўллар гўё еру осмон кўприги.
Тўй оқшоми назар солсанг қизларнинг
Юлдузларга тегиб турар киприги.
 
 
Бунда шодсан, дунёда зор кутганинг
Бор меҳрлар ногоҳ шунда балққандай.
Қайга борсанг Алпомишдай йигитлар
Сўзлашади ўз туғишган акангдай.
 
1993
СИЗГА
 
Ҳовлингиздан шарқираган сой ўтса,
Елкангиздан қуёш ўтса, ой ўтса.
Қошларингиз мангу камон ёй ўтса,
Сарв янглиғ адил қолса бўйингиз,
Тўлармиди ҳеч тўлмаган кўнглингиз?
 
 
Бор юлдузлар сизга хизмат қилсалар,
Уммонлар ҳам сиз деб қуриб, тўлсалар,
Гуллар сиздан рангу ифор олсалар,
Чаман бўлса юрган кўча-кўйингиз,
Тўлармиди ҳеч тўлмаган кўнглингиз?
 
 
Севинч бирлан очилсалар эшиклар,
Уйингизни тор айласа бешиклар,
Янграсалар армон бўлган қўшиқлар,
Қиқирласа кўрган қизу ўғлингиз,
Тўлармиди ҳеч тўлмаган кўнглингиз?
 
 
Еллар қаро зулфингизни қулф этиб,
Елиб турса ҳуснингизни мулк этиб,
Саодату малоҳатни кўрк этиб,
Сарғаймаса ҳаргиз рангу рўйингиз,
Тўлармиди ҳеч тўлмаган кўнглингиз?
 
 
Дўстлар келиб ул кун бағрим тилсалар,
Бўғзим юлиб, андин бир най қилсалар,
Ҳаммалари қаторлашиб чалсалар,
Овозалар бўлса ўғил тўйингиз,
Тўлармиди ҳеч тўлмаган кўнглингиз?
 
1993
ТАКЛИФНОМА

Укам Фурқатга


 
Шафтолилар баргидан
       ранглар кетар, ёр-ёр,
Ҳовлимизда оппоқ, ойдин
       тонглар отар, ёр-ёр.
Ёшлик ҳам бир тўй сингари
       ўтар-кетар, ёр-ёр,
Сиз келсангиз кўнглимиздан
       занглар кетар, ёр-ёр.
 
1993
ТИЛАК
 
Кўчалардан кўтариб
       ўтганинг бешик бўлсин,
Уйингдан чиққан овоз
       алла ҳам қўшиқ бўлсин.
Қиз кўрсанг, Ширин каби
       ширин бўлсин, озода,
Ўғил кўрсанг, камида
       Фарҳоддай ошиқ бўлсин.
 
1993
«Нуқта айла дилга ақиқ тугмадин…»
 
Нуқта айла дилга ақиқ тугмадин,
Сўйла менга, кўзлардаги мунг надин?
Қош-қабоқлар аросида на сир бор?
Андин менга на осмон бор, на ер бор.
Мижгонлар ҳам тузмиш махфий гуруҳлар,
Алар ҳам бир фитнагаму шериклар?
Сирғаларнинг титроғида на ҳолат,
Надин йиғлар зулфлардаги гириҳлар?
 
1993
БИР ГУЛ ҚИССАСИ
 
Неки ҳурлик бор эди сен шул эдинг,
Фақатгина ўз ҳуснингга қул эдинг.
Ҳатто шабнам ўпмаган бир гул эдинг,
Бир бедардга хотин бўлдинг сен, Раъно.
 
 
Дунёданми шундоқ кўнгил узарлар,
Бу дунёда фақат кўнглинг бузарлар.
Ўтганингда жимиб қолса гузарлар,
Зоҳир кулдинг, ботин сўлдинг сен, Раъно.
 
 
Шунча йиллар дилда нени асрадинг?
Эй пок чашма, қай қумларга сачрадинг?
Чой дамласанг, чойдай аччиқ ҳасратинг,
Ўз ғамингга отин бўлдинг сен, Раъно.
 
 
Сочлар ўксук – ул шўху шан жилғалар,
Надин титрар зулфлар аро сирғалар?
Алар тунлар ҳали узоқ йиғларлар,
Қисмат шўрин тотин билдинг сен, Раъно.
 
 
Кўксинг ичра доғинг – лоланг бир томон,
Нигоҳингда пинҳон ноланг бир томон,
Қизинг бир ён, маъюс боланг бир томон,
Оҳ, бунчалар нотинч бўлдинг сен, Раъно!
 
 
Ким айтадир бу дунёда дил харжин?
Надин гул чеҳрада бир тола ажин?
Ачингил, ўз ҳаётингга сен ачин!
Бул азобнинг отин билдинг сен, Раъно.
 
 
…Мен бир гулдан айтдим, бағри бутунлар,
Бул қиссани гул баргига битинглар.
Бағрим ёрсам, ўрлаб чиққай тутунлар,
Қай уйларга ўтин бўлдинг сен, Раъно?
 
1993
ФРАНКФУРТ САФАРИ
 
Ишлар яхши, ишлар бари хайрият,
Шамолингдан айланайин, Ҳуррият,
Насиб этди, келди Шому Ироқдин,
Бир шеър айтай мен ҳам сизга йироқдин.
 
 
Алқисса шу, Франкфуртга учдик биз,
Етти қават осмонларни қучдик биз.
Дунё кета-кетгунича йўл экан,
Уни тор деб юрганлар хўб гўл экан.
 
 
Даштлар ўтди, ўтди чўллар, тақирлар,
Капалардай қолди тоғлар, адирлар.
Самоларни сайр этиб етти соат
Бир шаҳарга келиб тушдик ниҳоят.
 
 
Франкфурт бу – немисларнинг шаҳридир,
Белидаги камар – Майн наҳридир.
Франкфурт бу – Оврупонинг маркази,
Қўлингдаги пуллар – немис маркаси.
 
 
Франкфуртда нима бору нима йўқ?
Бекор гап-сўз, беҳуда жимжима йўқ.
Билмайдурсан фарқин шому саҳарнинг,
Қовоғи сал солиқ экан шаҳарнинг.
 
 
Дўконлари тўкин-сочин, нолиш йўқ,
Ҳамма нарса бору фақат калиш йўқ.
Одамлари ориқ, йўқдир семизлар,
Билсанг қази емас экан немислар.
 
 
Томларининг бари қизғиш кошиндан,
Бу халқ сира тушмас экан мошиндан.
Бунда турмуш тазйиқидан қочиш йўқ,
Ҳовлиқиш йўқ, югур-югур, шошиш йўқ.
 
 
Ўсган дарахт эл меҳрига ёр экан,
Мажнунтоллар, тераклар ҳам бор экан.
Демак созлаб, сайқал бериб шарқона,
Бўлар экан қурса бунда чойхона.
 
 
Франкфуртнинг Тўполондай сойи йўқ,
Нос чексанг гар, тупуришга жойи йўқ.
Ҳаммаёғи саришта ҳам озода,
Ерда гард йўқ, ғубор йўқдир ҳавода.
 
 
Кездик, билдик рамзларни, рангларни,
Кўрдик бунда осмонўпар банкларни.
Бу халқ қуруқ манзиратни кўтармас,
Йўтали пул келтирмаса, йўталмас.
 
 
Хуллас, каснинг тириклиги кас билан,
Шундай иқрор, орзу ҳам ҳавас билан,
Шимиб бўлдик сафар деган қурутни,
Оқшом чоғи тарк этдик Франкфуртни.
 
 
Ишлар яхши, ишлар бари хайрият,
Жамолингдан айланайин, Ҳуррият!
Қаён юрсам, юртим, бағринг эпкинли,
Соғинтирган экан ахир эркинлик.
 
 
Кишнаб юрган тойлар бир кун от бўлар,
Эл шод бўлар, мамлакат обод бўлар.
Пахтасига сув тараб Мамаражаб
Бир кун “Волво” минса агар не ажаб?
 
 
Йўллар очиқ, боқмай кеча-кундузга,
Истасанг уч Истанбулга, Қуддусга.
Фақат тилло истаб борма, биродар,
Юрт ғубори тиллоларга баробар.
 
 
Ҳазилнамо бўлди сал-пал сўзларим,
Хафа бўлманг, сиз хорижий дўстларим:
Ҳисобли дўст айрилмасдир ҳеч қачон,
Ҳисоб-китоб замонидир бу замон.
 
 
Келинг, кўринг Бухорони, Хевани,
Самарқандни кезинг миниб тевани.
Узоқлашсак бўлмас бир-биримиздан,
Доллар сиздан келиб турса, ош биздан.
 
1993
ОРЗУИМИЗ ШУЛКИМ…
 
Умр тамсил эрур учқур ғиротга,
Орзуимиз шулким, етинг муродга.
 
 
Қуллуқ, ўстирмишсиз бола-бақралар,
Кенгроқ назар ташланг андак ҳаётга.
 
 
Ҳар ерда имону инсоф кор эрур,
Истанг Бағдод кетинг, истанг Ҳиротга.
 
 
Борар маконимиз асли биттадир,
Ҳеч ҳожат бормиди жоҳу жиҳодга?
 
 
Бу савлат, бу сарват талашлар нечун?
Охир келгайдурмиз пули сиротга.
 
 
Ишқилиб тинч бўлсин хонадонингиз,
Ҳаргиз дуч қилмасин қирғинбаротга.
 
 
Сиздан ҳеч шикоят, шиквамиз йўқдир,
Орзуимиз шулким, етинг муродга.
 
1993
АЙИРБОШ
Ҳазил
 
– Бу дунёда эҳтиёж мўл пахтага,
Мен пахтани алмаштиргум тахтага.
Менинг сенинг диёрингга паттам йўқ,
Пахтам кўп, лек том ёпишга тахтам йўқ.
Умрим меҳнат ва заҳматдан иборат,
Мунғаядир чала битган иморат.
Мен демасман қаҳва ёки латта бер,
Пахтамни ол, берсанг менга тахта бер.
Ёнилғи, мой бир гап бўлар, сол қулоқ:
Шовулламас бекор тун-кун Мингбулоқ.
 
 
– Қоғоз олгил, у тиллога баробар.
– Менга фақат тахта керак, биродар!
 
 
Шоирлар ҳам қизиқ, ёзар бетиним,
Томсиз уйда китоб ўқир ахир ким?
Етмаса, ол кўрпа-ёстиқ, тўшагим,
Пўстагим бор, бир амаллаб яшагум.
Эрта-индин қиш кўрсатар кунимни,
Етмаса гар, ечиб берай тўнимни.
 
 
…Ўзбек қизиқ, доим шундай жайдари,
Иморат деб ўтар умр дафтари.
Бу сафар ҳам оқлади ўз номини,
Тўнсиз қолиб, ёпиб олди томини.
 
1993
САБЗАВОТ БОЗОРИДА
 
Бунда ғала-ғовурнинг йўқ қиёси,
Ҳар хил ҳосил талашади жой ва ранг.
Уйилганда Сурхондарё пиёзи,
Ўратепа сабзисининг ҳоли танг.
 
 
Шолғом ‒ чўпон буваларнинг бетидай,
Мен оламда ягона, деб турибди.
Ўн қоп турп расталарнинг четида
Олтиариқ, Фарғона деб турибди.
 
 
Карам истаб тизилгандай карамлар,
Бозорнинг ҳам бор ўз ҳадду ҳадиси.
Наманганнинг кўкатлари зулф тарар,
Анграяди Қашқадарё кадиси.
 
1993

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации