Электронная библиотека » Солих Каххор » » онлайн чтение - страница 10

Текст книги "Тахмина"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:20


Автор книги: Солих Каххор


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 10 (всего у книги 34 страниц) [доступный отрывок для чтения: 11 страниц]

Шрифт:
- 100% +
III

Иброҳим ҳожи табиатан тоши оғир, мулоҳазакор одам. Шундай бўлса-да, бу гапдан кейин у шундоқ ўтириб қолди. Нафасини ичига ютгандек, чурқ этмайди. Кўзлари қисилган, баъзан ўз-ўзича бошини хиёл сарак-сарак қилиб қўяди. У Зокир деган яқин бир ошнаси билан Сайрамга тўйга тушувди. Иккови алламаҳалда орқага қайтишди. Рулда ҳожининг ўзи, Зокирнинг кайфи бор, ёнида ўтирипти. Гап айланиб бориб, бир вақт ошнаси ёрилиб қолди:

– Ҳожим, кўпдан бери сизга бир гапни айтай дейман-у, тилим бормайди. Айтмасам бўлмас. Ўғлингиз Ўктамбек менгаям фарзанд қатори ахир…

– Ўктамбек?! – унга ҳайрон боқди ҳожи.

– Албатта, ёшликда нималар бўлмайди, дейсиз. Мана, мени ўзимам бир вақтлар…

– Чайналманг, – тоқатсизланди ҳожи.

– Мени тўғри тушунинг. Ғийбат ўрнида кўрманг. Шу десангиз… Сожида деган бир аёл бор. Бундай қараганда, ничево… Ўзи аёлларни парикмахири. Гастинса «Гулшан»да ишлайди. Ҳо-ов ҳалиги, учинчи депарада бор-ку, беш қаватли. Олдида калласи йўқ ҳайкал бўларди. – Арақ қурсин,– оғринди ҳожи.– Одамни намунча атала қилиб ташламаса?

– Кечирасиз, ҳожим. Гап нимада эди? Ҳа, ўша Сожида уйидаям мижозларни қабул қиларкан.

– Қанақа мижоз?

– Қанақа бўларди, аёлларни-да. Уларни маникўр қиларкан. Сочларини ҳалиги, нима дейди, қасқонга соларкан.

– Хўш, нима бўпти? – ўз ҳаяжонини сездирмаслик учун босиқлик билан, бироқ шошиброқ сўради ҳожи.

– Ўктамбегингиз ўша ерга ўтиб тураркан. Буни менга ишончли одам етказди. Хафа бўлманг.

– Очиқроқ гапиринг.

– Ўша Сожиданикига… ўзингиз билган жаноб Мумтозбекнинг қўғирчоғи Тахмина хоним ҳам қатнаб тураркан…

Ҳожи беихтиёр тормозни босди. Зокир бошини ойнага уриб олишига сал қолди. Кейин икковлари ўз ҳолларича бир муддат жим ўтиришди. Зокир ҳожига бошқа нима дейишини билолмай қолди, ичида ҳатто шу гапни ноўрин айтдим, дея ўзини койиб ҳам қўйди. Ҳожи эса рулга иягини тираганича чуқур ўйга чўмиб ўтирарди: «Ҳа, бола-я, бола… Сендан кутганим шу эдими?».

Кейин у машинани ҳайдади. Ҳайдашга ҳайдади-ю, бироқ кўз олдидан энди гуноҳкор ўғил-у, ўз ҳусни малоҳати, шўх-шаддот қилиқлари билан кўпчиликнинг назарига тушган Тахмина кетмай қолди. Наҳот?! Наҳотки менинг ўғлим шу ҳаром йўлга юрган бўлса!? Ҳожининг эсига тушди. Ҳа, эсида. Ўша базм кечаси Ўктамбекнинг ана шу ёш аёл атрофида гирдикапалак бўлганини сезган. Лекин бир кун келиб иш бу даражага етишини хаёлига ҳам келтирмаганди. Демак, Тахмина… Дарвоқе, бунга ажабланишнинг ҳожати йўқ. Ёш нарса, эри фалон ёшда. Шайтоннинг нағмасига учиши унчалик қийин эмас. Қонига дурустроқ тарбия сингмаган бўлса, шундай бўлади. Мана, керагича тарбия кўрган, Иброҳим ҳожидек жиловли-қамчинли, иймони бут, ҳалолу пок инсоннинг зурриёти нима иш қилиб ўтириптию, ундан нима гина?

– Бу гап шу ерда қолсин, – ҳожи ошнасига шундан бошқа ҳеч нима деёлмади.

Уйдагилар ухлаб қолишган экан. Ҳожи дарвозани очган жориядан бевақт безовта қилганлиги учун эшитилар-эшитилмас узр сўради. Бўйни-боши қизиб, лўқиллаб турганидан оёғи кишанланган одамдек судралиб, ҳужрасига базўр кириб олди. Ўзини ўринга таппа ташлади, кўзларини чирт юмиб ётаверди. Лекин уйқу деган нарса келмади, келавермади. Қачон ухлаб қолганини билмайди, бомдод намозини қазо қилиб қўйгани ўлганнинг устига тепган бўлди.

Ташқарига чиқди. Субҳидам ҳавосидан ҳовли саҳнида ловуллаб турган гулзордан, чаман-чаман гулларнинг анвойи бўйларини туйиб, кўнгли ҳийла очилгандек бўлди. Жория йўлакларга шакароб қилиб сув сепипти, ишком остидаги катга ҳузурижон жой ташлапти. Ошхона томондан яна аллақандай ёқимли ҳид урилади димоққа.

Иброҳим ҳожи қўлига гулқайчи тутиб, гулзор оралади. Ҳилола келинчак мисол дув-дув нур тўкиб, иффат ва тароватда хиёл таъзим қилиб турган ранго-ранг гуллардан, йўқ, гуллардан эмас, балки юрагининг туб-тубидаги энг нозик, энг ширин, энг муқаддас ҳистуйғулари бисотидан ловуллаган бир гулдаста ясади. Бугун хотини Шаҳодат бонунинг туғилган куни!

Ҳожи сезиб турибди. Рўпарадаги пешайвондан бону уни бетоқат кузатиб ўтирипти. Шаҳодат бону… Иброҳим ҳожининг бу ёруғ оламда топган-орттирган энг қимматли бойлиги, энг мўътабар, энг азиз инсони. Умрининг, ҳаётининг олтин кўшки бўлган Шаҳодат бонуси! Мана, қачонлардан бери аёл тўшакка михланган. Оёқлари ҳаракатсиз. Кўрсатишмаган дўхтирию табиби, даво қидириб бормаган жойлари қолмади ҳисоб. Қисмат шу экан. Сарвқомат жуссалар, гулгун чеҳралар, ўтли нигоҳлар, жарангли кулгулар қайларда қолди. Бир жаҳон бўлиб юрган жувон муштдеккина жуссага айланди. Бироқ кўзлар, Шаҳодат бонунинг иффат ва садоқат ёлқини билан ёниқ, ҳазин ва меҳрибон боқувчи кўзлари…

Бону ҳожини еру кўкка ишонмайди. Бу ёруғ олам унинг учун ҳожи билан, ана шу нуроний, меҳрибон ва садоқатли Иброҳим ҳожи билангина барқарор, унга бўлган сўнмас муҳаббати боис ўз аҳволидан изтироб чекади, унга ачинади, уни «ортиқча ташвишлар»дан халос қилмоқчи ҳам бўлади. Ҳожига қачонлардан бери ниманидир ёрилгиси келади, қалбида тугун ва армон бўлиб турган бағоят оғир бир гапни айтмоқчи бўлади, бироқ айтолмайди. Ҳожини тушунади, билади, ундан қўрқади, ўзи учун энг мўътабар инсоннинг шаффоф қалбига озор бериб қўйишдан чўчийди.

Иброҳим ҳожи ҳам шундай. Шаҳодат бонуга бўлган муҳаббати, садоқати, кундалик муносабати ва ҳатто ўртадаги вафо ҳамда самимият ришталарини ҳамиша бир хил тутишга уринади. Шаҳодат бонунинг ўша, қачонлардан бери нимадир демоқчи эканлигини ҳам ҳис этади. Бироқ ана шу «нимадир»ни эшитишдан жуда-жуда чўчийди, дунёдаги энг азиз кишисининг ортиқча изтироб заҳрини тотишидан қўрқади. Уни тобора кўпроқ авайлайди, инсоний муҳаббат йил фасллари каби ўрин алмашиб турувчи нарса эмас, балки у юрак қонига омухта бўлган она сутидек пок, она сутидек азиз ва мўътабар эканлигини амалда исботламоқчи бўлади.

– Бону, туғилган кунингиз муборак бўлсин. Алҳамдулиллоҳ, сизни менинг бахтим учун ато этиб қўйганидан бир умр шодман.

Ҳожи мижгонларида ёш ҳалқаланиб турган хотинининг юзкўзларидан ўпиб, унинг боши ва елкаларини, қўл-оёқларини меҳру ҳарорат билан силаб-сийпаларкан, бону хиёл жилмайиб, бироқ ютиниброқ, хаста товушда унга жавоб қайтарди:

– Аксинча, ҳожим, Оллоҳ мени бахтим учун сизни яратган экан. Ўзига беадад шукр. Сиздан бу дунёю у дунё мингдан-минг розиман… – Ундай деманг, бону, – аччиқ ютиниб қўйди ҳожи. – Сизу мен токи тирик эканмиз, бир-биримизни деб яшаймиз.

Иброҳим ҳожи шундай дея хотинини ўз оғушига олганча, уни даст кўтариб, ўрнидан турди.

– Катга чиқамиз, бону. Гуллар сизга мунтазир, булбуллар сизга мунтазир.

Шаҳодат бону хижолат тортиб, оқпар юзларига қизиллик югурди, оловланди. Ҳовлининг нариги бетидаги ошхонадан уларга кўзи тушган жория хола ёрдамга шошилди. Кат устидаги парқувларни қайта созлаб, Шаҳодат бонуни гулзор томон юзлантириб жойлаштиришди. Иброҳим ҳожи хотинининг қанотидан, унинг ажабтовур чиройли гулдастаси эса дастурхон ўртасидан жой олди.

Шундан сўнг ҳожи Сайрамдан кечаси кеч қайтишгани боис уни безовта қилмаганини айтиб, Бонудан узр сўради. Хотини унга жавобан мулойимлик билан: «Узрга ҳожат йўқ, ҳожим. Яхши бориб кепсизми, бўпти», деди. Ногоҳ Иброҳим ҳожининг ёдига кечаги гап келди. Таъби яна хира тортгандек бўлди, лекин буни хотинига сездирмасликка уринди. – Дарвоқе, Ўктамбек ҳалиям ухлаяптиларми, дейман? – Бону кат четида омонатгина ўтириб, чой қайтараётган хизматкор аёлга маъноли қараб қўйди.

–Уйғотувдим. Яна ухлаб қолдилар чоғи… – жория хола шундай дея ичкари томон йўл олувдики, ҳожи унга таъкидлади:

– Тезроқ турсинлар. Дадангизни зарур гаплари бор экан, денг.–Кейин у Шаҳодат бонуга юзланди. Дадасининг қандай зарур гапи бўлиши мумкин, деган хаёлда безовта бўлмаслиги учун, илова қилди:–Бугун уйимизда тўй-ку, ахир. Тараддуд кўриш керак. Ҳали-замон болалар, неваралар бостириб келиб қолишса, калаванинг учини йўқотиб қўйиш ҳеч гапмас.

Иброҳим ҳожи билан Шаҳодат бонунинг бир қиз, икки ўғиллари бор. Қизлари турмушга чиққан, ўғиллардан каттаси уйланган. Бошқабошқа жойларда яшашади. Неваралар ҳам кўпайишиб боряпти. Бу даргоҳда институтнинг охирги курсида ўқиётган кенжа ўғиллари Ўктамбек ота-онаси билан қолган.

Шаҳодат бону сезгир аёл эмасми, ҳожининг «зарур гапи» бошқа масалада бўлишини юраги туйди. Шу чоғ у эрига худди шу масалада нимадир демоқчи-ю, бироқ ийманиб ўйчанроқ ҳолга тушиб ўтирганини сезган ҳожи унга саволомуз боқди:

– Буюринг, бону. Осмондаги ойни десангиз ҳам олиб бераман. Бону яна бир зум сукут сақлади. Кейин хиёл табассум билан мақсадга кўчди:

– Осмондаги ой жойида турсин, ҳожим. У ҳамманики. Сиз менга… келин олиб беринг. Кўзим очиқлигида Ўктамбегимни ҳам орзуҳавасини кўрсам, дейман…

Иброҳим ҳожи пиёладаги чой илиқ бўлишига қарамай, ўз фикрини йиғиштириб олиш учун уни худди қайноқ чойдай майдалаб, чўзиброқ, ҳўплаб-ҳўплаб ичди. Кейин аста томоқ қириб олиб, бонуга босиқ жавоб қайтарди:

– Ундай деманг… Худо хоҳласа, сиз ҳали шифо топиб, яна узоқ йиллар яшайсиз, орзу-ҳавасларга биргалашиб етайлик, илоҳим.

– Кўнглингизга олманг, ҳожим. Қиздир, ўғилдир, эртароқ жойлангани маъқул, дейсиз-ку, ахир.

– Бу бошқа гап, – деди ҳожи мамнун ҳолда. – Буёғини менга қўйиб беринг. Иншооллоҳ, истагингиз тез орада амалга ошгай.

Шаҳодат бону ич-ичидан қувонди. Кўзларида севинч ёшлари йилтиллади. Эрининг елкасига аста бош қўйди.

Иброҳим ҳожининг хаёлида шу тоб ўғли Ўктамбекка айтиладиган ўша «зарур гап» чарх урарди. Уни ўйлантираётган нарса бугун ўртада пайдо бўлиб қолган ана шу уятли, шармандали тугунни бемор хотиндан мутлақо пинҳон ҳолда қандай қилиб силлиқроқ ечиб олишдан иборат эди. Тўғри, бу масалани албатта ҳозир эмас, кейинроқ, бирон мавриди билан ҳал қилиш ҳам мумкин. Бироқ ҳожи таҳликада эди. Бу жароҳатга имкон қадар тезроқ наштар урилмаса, тез орада янаям газаклаб кетиши ҳеч гапмас. Худо кўрсатмасин, Мумтоз мабодо бундан хабар топиб қолса борми, бирон кори ҳол юз бериши турган гап. Гапки аллақачон ташқарига чиқиптими, тамом, уни энди тўхтатиб бўлмайди, у ҳозир ўғли учун ҳам, ўз обрў-эътибори ва оила шаъни учун ҳам жиддий ташвишга тушганди. Масаланинг бошқа томониям бор эди. Иброҳим ҳожи ўз фарзандларини ўта ғурурли қилиб, уларни ўз инсонлик шаъни ва орияти, ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун ҳатто ўлимга ҳам тик боқиб борадиган руҳда тарбиялаган. Бундай пайтларда улар томонидан билиб-билмай содир этилган гуноҳ учун жазо даражаси ноҳақ ошириб юборилса ёхуд улардан ота сифатида чиндан ҳам дили оғриганини, норози бўлганини юқорироқ пардада маълум қилиб қўйса борми, улар ўзларини ҳар қандай жазога ҳам раво кўраверадилар. Шу боис ўғли билан мулоқот ҳожидан ғоят эҳтиёткорлик ва мушоҳада талаб қиларди.

Ўзининг бироз ўйланиб қолгани хотинида ҳайронлик туғдирмаслиги учун Иброҳим ҳожи яна гап қотди:

– Бону, туғилган кунингиз дам олиш кунига тўғри келганини қаранг. Худо хоҳласа, бугун росаям мириқиб ҳордиқ чиқарадиган бўлдик-да. Шаҳодат бону эрининг юзларига меҳр билан боқди:

– Сизлар роҳат қилсаларинг, мен яйраб кетаман.

– Сизнинг яйраганингиз бизнинг яйраганимиз, бону, – ҳожи ҳам меҳр билан хотинининг елкасини силаб қўйди.

Ичкаридан Ўктамбек чиқиб келди. Ювинган-таранган, башанг кийинган. Она хушқомат бўйларидан, камолидан нур ёғилиб турган ўғлини юрак-юрагидан меҳр билан кузатиб тураркан, ўзича пичирлаб қўйди:

– Ёмон кўзлардан Оллоҳнинг ўзи асрасин.

Ўктамбек одоб ва тавозе билан уларга яқинлашиб салом берди, яхши ётиб турдиларингми, дея қисқагина ҳол сўрашган бўлди-да, кейин келиб онасининг юз-кўзларидан ўпди:

– Ойижон, туғилган кунингиз муборак бўлсин. Бахтимизга узоқузоқ йиллар омон бўлинг.

– Илоҳо, сени бахтингни ҳам кўрмоқ насиб этсин, болам.

Иброҳим ҳожи хотинининг нимани назарда тутаётганини дарров илғади. Шу боис бонунинг юрагидаги изтироб титроғига зудлик билан чек қўйиш мақсадида, шошилиб гапга қўшилди:

– Ажаб дунё! Ота-она фақат фарзанд бахтини деб яшаркан. Етказганинг учун ўзингга беадад шукр.

Нонушта устида ҳожи ўғлини зимдан кузатиб чиқди. Саҳари мардондан намунча башанглик? Нозикроқ жойга меҳмонликка отлангандек. Соқол ўрни ҳафсала билан қиртишланган, анча ўткир атир ҳиди анқиб турипти. Борди-ю, Зокир айтган ўша, Мумтознинг қўғирчоғи Тахмина билан дийдорлашишга отланган бўлса-чи?!

– Ўғлим, назаримда, бирон жойга отлангандек кўринасиз?..

Ўктамбек ҳам сезиб турипти, отанинг авзойи бугун бошқачароқ. Жория хола: «Дадангизни сизга зарур гаплари бор экан», дегандаёқ саросимага тушиб қолди. Мана, энди ўша зарур гапни айтишга шошмаяпти, уни обдон кузатяпти. Айтадиган гапи муҳим шекилли, унга пухта тайёргарлик кўряпти.

– Ҳозир бозорга тушаман. Майда-чуйдаларни келтириб қўйгач, кейин… агар рухсат берсангиз, бир-икки соатга бир жойга меҳмонликка ўтиб келмоқчийдим. Ваъда бериб қўювдим…

Ҳожи уни тушунди. Демак, тахмини тўғри, ўғли ўша билан учрашмоқчи. Энди нима қилиш керак, унга нима демоқ керак? Шаҳодат бонуга ҳеч нимани сездирмаган ҳолда, уни бирон гап билан боплаб қўймоқ лозим. Кўзини очсин, бундайин ифлос қилиқни иккинчи бор, ҳатто, хаёлига келтирмасин.

– Бугун ойингизни туғилган кунлари. Ҳали-замон акангиз, опангизлар келиб қолишлари турган гап. Шояд бошқа меҳмонлар ҳам бўлса. Барвақтгина бозорга тушиб келишни ўйлаб, кўп яхши иш қилибсиз, бўтам. Фақат…

Ҳожи бир лаҳза жимиб қолди.

«Тамом, жавоб бермайдилар, – кўнглидан ўтказди Ўктамбек. – Бугун ростдан ҳам бошқачароқ. Қандайдир жиддий гап бор. Лекин уни айтишга йўл қидиряптилар. Афтидан, ойимдан пинҳон тутмоқчилар». – Фақат… меҳмон қабул қилишни бизнинг зиммамизга юклаб қўйиб, ўзингиз меҳмонликка кетишингиз қанақа бўларкин?

Бону яхши тушунди. Ҳожининг бу хилдаги юмшоқ, лекин тагдор сўзлари ҳамиша коса тагидаги нимкосадир. Ҳозир шунинг учун ҳам ота-бола ўртасидаги бу гап-сўзларга аралашиб қўйишни лозим топди. Чунки ҳожининг авзойидан чиндан ҳам ўғлига айтадиган муҳим гапи борлиги сезилиб турипти.

– Ҳожим, акаси билан опаси келишса, улар ўзимизнинг фарзандларимиз. Ҳар қанча юмуш бўлса, ўзларидан ортмайди. Ўктамбек ёшлик қилиб, сўз бериб қўйган бўлса, рухсат беринг. Борадиган жойига бирров кўриниб қайтсин, майли денг.

«Эҳ, хотин, хотин. Ўғлинг «ёшлик қилиб» бормоқчи бўлаётган жой қаерлигини билсанг эди… – кўнглидан ўтказди ҳожи. – Энди нима десам бўларкин? Ўктамбекка буни қандай қилиб тушунтириш, уни бу йўлдан қандай қилиб қайтариш мумкин?».

Ўктамбек ҳам шу маҳал ўз мушоҳадаси билан банд эди. «Борди-ю, дадам Тахмина билан ўртамиздаги муносабатлардан хабар топиб қолган бўлсалар-чи? Ўзинг асра, худо, у ҳолда отанинг юзига, ойисининг юзига қандай қарайди? Нима қилиш керак, мен ахир Тахминадан воз кечолмайман-ку? Мен уни севаман. Мен унинг учун ҳар қандай курашга, ҳар қандай жазога, ҳар қандай шармандаликка тайёрман, деганман-ку. Йўқ, мен тўғри иш тутяпманми ўзи? Отадан, онадан юз ўгириш, уларни, бутун оилани иснодга қўйиш, битта аёлни деб бу даргоҳдан оқпадар бўлиб чиқиб кетиш ақлданми ўзи? Эвоҳ, дадам агар чиндан ҳам бу ишимдан хабар топиб қолган бўлсалар, энди буёғи нима билан тугаркин?»

Бону эридан жавоб кутарди. Ҳожи эса ўз фикру хаёлларини жамлаб олиш, одилона иш тутиш йўлини топмоқ ниятида сукут сақлаб қолганди. Шу важдан ҳам дастурхонга ширчой тортиб, яна ошхона томон йўл олган жория холани тўхтатди, «Биз билан бирга ўтиринг», деди. Шундан кейингина бонуга юзланди, унга очиқ чеҳра билан жавоб қайтарди: – Бир оғиз сўзингиз учун ҳар қандай қурбонликка тайёрман, бону.

Шунда Ўктамбек отасининг ҳурмати учун шоша-пиша орага гап қўшди:

– Йўқ, дадажон. Сизнинг хоҳишингиз мен учун қонун. Бормасам бормай қўя қоламан.

Ҳожи ўғлига тагдор қараб қўйди. «Ҳарҳолда, ёмон эмассан…– кўнглидан кечирди у.–Фақат ҳушёр бўлиш лозим. Ҳозир ўзи замон нозик. Бу ёшларни йўлдан чалғитадиган унсурлар бағоят кўпайиб кетган…»

– Ўғлим, ойингиз туғилган мўътабар кунда сиз билан бир нарсани келишиб олсак чиройли иш бўлармиди… – шу пайт миясига келган фикрдан чеҳраси ёришди ҳожининг.

Бу гапдан Шаҳодат бону ҳам, Ўктамбек ҳам хийла сергак тортишди. Демак, «зарур гап» энди айтилса керак. Бироқ ҳожининг хаёлида, ҳозир, Ўктамбекка уни уйлантириш масаласида гап очиш, бу билан унга: «Бас энди, ҳар қандай нағмаларни йиғиштир. Бу ёғига қонуний турмуш кечириш тадорикини кўргин», деган мақсадни ишора қилиш ва ўз ўрнида, ана шу маслаҳатни ўртага ташлаш орқали, Шаҳодат бонуни ҳам қувонтириб қўйиш фикри кечарди.

– Майли, дада. Қулоғим сизда… – ҳадик ва хижолат ичида жавоб қайтарди ўғли.

– Нима десамикин… Ўқишниям, мана, тамомлаяпсиз,–ҳожи шошилмасдан босиқлик билан гап бошлади. Шаҳодат бонунинг бутун вужуди қулоққа айланган эди.–Мениям, ойингизниям хаёлимиз энди сизни уйлантириш, сизниям орзу-ҳавасингизни кўришда, шундай эмасми, онаси? Шаҳодат бонунинг кўзларига ёш қуйилди, рўмолчасининг учи билан қовоғини артаркан, ҳожига кўмаклашди:

– Албатта, ҳожим.

– Бизга қолса, сизни аллақачонлар уйлантириб қўйган бўлардик,сўзида давом этди ҳожи.–Лекин сизга қулоқ солдик. Ана-мана, деган важларингизни қайтармадик. Энди етар, бошқа кутишнинг иложи йўқ. Бирон-бир гапингиз ёки мўлжалингиз бўлса, бир-икки кун ичида бизга маълум қиларсиз. Бўлмаса, биз сизга ўз таклифимизни маълум қиламиз. Хўпми?

Йигитнинг пешонасида тер резаланди. Ерга боққанча «хўп, дада», дейишдан бошқа гап тополмади. Шаҳодат бону бундан беҳад қувониб, фотиҳага қўл очди:

– Илоҳо бахтинг очилсин, болам.

Ҳожи ўғлининг чуқур ўйга толгани, юрагининг тубида аллақандай гап ётганлигини, бироқ уни очолмаслигини сезди. Лекин сир бой бермади. Энди буёғини қаттиқроқ олиш лозим. Ҳали айтилмаган «зарур гап»ни унга албатта айтиб ҳам қўйиш керак. Лекин қандай қилиб, қайси йўл билан?

Шу пайт худодан бўлиб, Иброҳим ҳожига кўнглидаги тугунни ечиб олмоқ учун хўп ажойиб бир важ туғилиб қолди. Қўшни ҳовлидан аёл кишининг шанғиллаб бақиргани эшитилди:

– Нўъмон ўлгур, ҳалиям ухлаб ётибсанми?! Илоё, кўзларинг уйқугамас, тупроққа тўлсин! Мен сени бозорда кутиб ўтирибман, ана Нўъмон келади, мана Нўъмон келади, деб! Пирожкини орқамдан бир соатдаёқ етказиб бор, демабмидим? Ҳув яшшамагур!

Иброҳим ҳожи бетавфиқ аёлнинг бу қадар шанғиллаб қарғашидан афсусланиб, бошини сарак-сарак қилиб қўйди. Шаҳодат бону билан жория хола ҳам хижолатдан бош эгишиб, рўмолларининг учини тишлаб қолишди. Ўктамбек эса қўшни ҳовли томон қовоқ уйганча жим ўтирарди.

– Ҳовли олма, қўшни ол, деб шунга айтишган, – чуқур хўрсинди ҳожи. Кейин миясига келган бир фикрдан дадиллашиб, ўтирган жойига дурустроқ жойлашиб олди-да, сўзида давом этди. – Бу аёл, аввало, бешармлик қилаётгани, иккинчидан, ўз туққан фарзандини, қолаверса, ёш болани бунчалар хўрлаб ҳақорат этаётгани учун гуноҳ орттиряпти. Яна бир гуноҳ томони шундаки, Нўъмон деб аталмиш муқаддас бир ном шаънига иснод тошини отаяпти. Эсларингда бўлсин, ҳеч қаерда, ҳеч қачон бу номни ёмон сўзлар қаторида тилга олманглар.

Кейин ўзига ҳайрон боқиб турган хотини, ўғли ва жория холага бирма-бир назар ташлаб қўйиб, сўзида давом этди:

– Келинглар, агар хўп десангизлар, мен сизларга ана шу муқаддас Нўъмон номи билан боғлиқ бир ривоятни ҳикоя қилиб берайин.

– Кошки эди, ҳожим, – жонланди бону, – сиз ҳикоя қилувчи ривоятларни биз жону дилимиз билан эшитамиз.

Ҳожи шу тоб Ўктамбекка маънодор бир боқиб қўйди-да, кейин нақл қила кетди:

– Қадим замонларда бир подшо ўтган экан. Унинг ой деса ойдай, кун деса кундай бағоят гўзал хотини бўлиб, подшо уни жону дилидан яхши кўрар экан.

Подшонинг бир одати бор экан. Ҳар куни ўрнидан тураётиб, ёнида ётган ўша маликанинг юз-кўзларидан ўпиб қўяркан. Бир куни ўрнидан уйғониб, уни ўпаётса, ухлаб ётган малика уйқу аралаш жаҳли қўзғаб: «Йўқол, иймонсиз!», деб юборипти. Подшо унинг бу гапидан ғазабга келипти. Нечукка сен мени иймонсиз, дединг. Мен агар иймонсиз бўлсам, уч талоқсан, депти.

Бироқ подшога ҳам «иймонсиз» деган ҳақоратни эшитгани, ҳам суюкли хотинидан ажралгани алам қилаверипти. Аламига чидолмай, казо-казо уламоларни тўплапти. «Мен иймонсизманми – йўқми, шуни исботи билан ажрим қилиб беринглар», депти.

Бандасининг иймонли ёки иймонсиз эканлигини ажрим қилиб бериш фақат Оллоҳ қўлидан келиши мумкин. Уламолар кўп ўйлаб, ўйларига етишолмапти.

Бундан қаҳрланган подшо:

– Сизларга қирқ кун муҳлат. Шу муддат ичида масалани ҳал қилиб бермасанглар, ҳаммангни ўлимга маҳкум этаман! – депти.

Орадан қирқ кун ўтипти. Уламолар бир фикрга келишолмапти. Бундан қаҳру ғазабга тўлган подшо уларнинг барчасини шаҳардан бир четга олиб чиқиб, каллаларини танасидан жудо қилишга буюрипти. Жаллодлар оёқ-қўлларига кишан солинган уламоларни урибсуриб, ҳайдаб кетишаётса, бир жойда бир ўғил бола ўйнаб ўтирган экан. Бола занжирбанд уламоларни кўриб, ҳайрон бўлиб: «Сизлар кимсизлар? Сизларни нима учун, қаерга ҳайдаб кетишяпти?» – деб сўрапти улардан. Бироқ куни битиб, кўзларига ҳеч нима кўринмай турган уламолар болага эътибор беришмапти. «Нима қиласан катталарнинг ишига аралашиб», дейишипти. Шунда ана шу уламолардан энг кексаси: «Тўхтанглар. Бола бўлсаям саволи жавобсиз қолмасин», депти ва бўлган воқеани болага бошдан-оёқ сўзлаб берипти. Шунда бола жаллодларга: «Бандиларни ўз уйларига қайтаринг. Подшонгизга хабар етказинг, унинг талабини мен бажараман!», депти. Жаллодлар болага: «Бўпти. Кетдик подшонинг ҳузурига», дейишипти. Бола эса: «Йўқ. Мен гуноҳкор эмасманки, подшо саройига мени жаллодлар олиб боришса. Подшога айтинглар, мени иззат-икром билан шоҳона аравада олиб кетсинлар», депти.

Подшога хабар етиб борипти, у ғалати бу воқеадан ғоят ажабланиб, «Бу бола ким бўлдийкин? Майли, иззат-икром билан олиб келинглар», дея унга шоҳона арава жўнатипти.

Болани подшо ҳузурига ҳурматини жойига қўйиб олиб келишипти. Тахтда ўтирган подшо болага: «Қани, кароматингни кўрсат», депти. Шунда бола: «Сиз ҳозир ҳожатталаб оддий одамсиз. Мен эса ҳожатбарорман. Шунинг учун ҳам ҳожатбарор юқорида, ҳожатталаб пастда турмоғи керак», депти. Ноилож қолган подшо боланинг донишмандлигига қойил қолиб, тахтни унга бўшатиб бериб, ўзи пастга тушипти ва бўлган воқеани ўз оғзи билан ҳикоя қилиб берипти.

Шунда бола: «Сиз менга ўз умрингизда қилган яхши ишларингиздан ҳикоя қилиб беринг», депти. Подшо унга мамлакатга, одамларга қилган жамики яхшиликларни, хайру эҳсонларидан тортиб қурган кўприкларию мачитларигача айтиб берипти. Лекин бола унга: «Бу яхши ишлар савоби ўзингиз учун керакли. Сиз ўз ҳаётингизда худонинг қаҳру ғазабидан қўрқиб, оғир гуноҳлардан ўзингизни тийган бўлсангиз, ана шундан гапиринг», депти.

Подшо шундан кейин ўйлаб-ўйлаб, охири ўз ёшлигида рўй берган бир воқеани айтиб берипти:

– Шаҳзодалик ёш йигит пайтларим эди. Отамнинг хотинлари ичида энг кичиги ниҳоят даражада сулув ва шаддод, шайтон табиатли жувон эди. У мени яхши кўриб қолган ва мендаям унга мойиллик бор эди. Кунларнинг бирида биз бир панада учрашиб қолдик. У менинг бўйнимга қаттиқ осилиб олди ва мен билан алоқа қилмоқ ниятини айтди. Мен ҳам шунда шайтоннинг гапига кириб ечинибман. Бироқ бирдан эс-ҳушимни йиғдим. Худонинг қаҳру ғазабидан қўрқиб, тавба келтирдим ва кийимларимни қайтадан кийдим. Лекин мен энди ҳарчанд «Нари кет! Мен отамнинг ҳақига хиёнат қилмайман», деб ўзимни ундан қутқармоққа уринмайин, у мени қўйиб юбормас эди. Бир амаллаб унинг чангалидан чиқиб кетдим. Бироқ жувоннинг қўлида менинг кўйлагимдан бир парча узилиб қолди.

Шундан кейин ўша аёл менинг орқамдан атрофга дод-вой солди. Отамга: «Ўғлингиз менинг номусимга тегмоқчи бўлди. Мен бунга кўнмадим. Манави бир парча латта далилдир, мен унинг кўйлагидан юлиб олдим», деди. Отам эса унинг гапига ишониб, мени ўлимга ҳукм этди. Шу вақт уламолардан бири отамга деди: «Эй подшоҳи олам, ўзингизни бир дам оғир олинг. Ақл билан иш кўриб, одил ҳукм чиқарайлик. Ўғлингиз ўша йиртиқ кўйлагини бизга кўрсатсин. Агар заифангиз қўлидаги бир парча латта ўша кўйлакнинг олд томонидан узиб олинган бўлса, чиндан ҳам ўғлингиз гуноҳкордир. Йўқ, агар кўйлакнинг орқа томонидан узиб олинган бўлса, аёл гуноҳкор бўлиб чиқади. Ўғлингизга туҳмат қилаётгани маълум бўлади».

Мен йиртиқ кўйлакни олиб келдим. Кўришди. Ўша латта кўйлагимнинг орқа томонидан узиб олинган эди. Шундан кейин туҳмат фош бўлиб, мен оқландим. Туҳматчи аёл эса ўлимга маҳкум этилди… Шунда донишманд бола подшога деди:

– Бировнинг хасму ҳаққига хиёнат қилиш, зинога бориш иймонсизнинг ишидир. Сиз ўшанда худонинг қаҳру ғазабидан қўрқиб зино ишга бормабсиз, тавба келтирибсиз. Демак, сиз шак-шубҳасиз иймонлисиз. Инчунун маликага ўшанда: «Агар мен иймонсиз бўлсам, уч талоқсан!» – дегансиз. Шунинг ўз-ўзидан аёнки, иймонли экансизми, оғзингиздан чиққан ўша «уч талоқ» ҳисобга ўтмайди, шоҳим.

Ана шундай қилиб, ўша донишманд бола мамлакат уламоларини ўлимдан асраб қолган экан. Подшо эса ўз суюкли хотинига қайтадан етишиб, бундан кейин ҳамиша ақл билан иш тутадиган бўлган экан. Шу бола, биласизми, ким эди? Ўн ёшидаёқ етук олим бўлиб дунёга ном чиқарган буюк донишманд Имоми Аъзам Нўъмон бин Собитдир. Ўртага чуқур жимлик чўкди. Шаҳодат бону ҳам, жория хола ҳам, Ўктамбек ҳам бу ривоят таъсиридан бош эгганча, нақлнинг маъно ва ҳикмат мағзини чақиб, хомуш ўтиришарди.

Ҳожининг ўзи ҳам бир дам жимиб қолди. Кейин ўғлига бир қиё боқиб қўйиб, сўз қотди:

– Хўп, бўпти энди, азизларим. Менга рухсат, оз-моз юмушларим бор. Дарвоқе,– у яна ўғлига юзланди.– Қассобхонага мен ўзим тушаман. Сиз гўшт-ёғ олиб ўтирманг, бек.

Ҳожининг одати шу. Рўзғор учун гўшт-ёғни ўзи харид қилиб келади. Шу боис, унинг бу гапига ўтирганлар ажабланмади. Ҳожи шундан сўнг хотинига ўгирилди, унга яна бир бор меҳр билан боқди: – Сиз зерикмай ўтиринг, бону.

Бону ҳожига миннатдор боқди:

– Сиз хотиржам бўлинг, ҳожим. Атрофимда парвона бўлмасангиз ҳам, борлигингизга минг қатла шукр қиламан.

Ҳожи шундан сўнг бонунинг орқасидаги парқуларни созлаброқ қўйди-да, катдан пастга тушгач, ҳамон нима қиларини билмай жим ўтирган ўғлига яна бир пинҳона назар ташлаб олди. Лекин индамади, дилида пинҳон тутган «зарур гап»ни ичида сақлаб қолди. Бироқ Ўктамбек бу гапни ҳалиги ривоят асносида илғаб, уқиб олди. У ота олдида ер билан яксон бўлиб ўтирарди. Шу боисдан ҳам ўрнидан жилган ҳожи ортидан гуноҳкорона бош эгиб, қалтироқ овозда:

– Дада… Мен бугун ҳеч қаёққа бормайман, – дея олди, холос. Ҳожи унга бир дам жим боқиб турди-да, кейин сўз қотди:

– Йўқ, ўғлим. Лафз қилибсизми, энди унга риоя қилинг. Боринг… боринг-да, ипни бир йўла узиб келинг…

Шаҳодат бону гап нимадалигини англаб улгурмади. Ўктамбек ўрнидан даст туриб келиб, отасининг бўйнидан қучди. Ҳожи унинг кўзларида нам сезди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации