Текст книги "Тахмина"
Автор книги: Солих Каххор
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 11 (всего у книги 34 страниц) [доступный отрывок для чтения: 11 страниц]
IV
Ўктамбек икки ўт орасида қолди. Энди нима қилсин? Қандай қилиб Тахмина билан ўз ўртасидаги ипни бир йўла узиб келсин? Бу ип оддий ип эмас, узиб бўлмас кўнгил риштаси-ку, ахир?
Тахмина… Аввало, ундан узоқлашиш, уни тарк этишнинг ўзи кечириб бўлмас номардлик-ку. Ҳа, ана, Тахмина уни севмайди, унга муҳтож ҳам эмас, дейлик. Бироқ Ўктамбекнинг ўзи унинг фироқида куйибёниб, унинг оёқлари остида тиз чўкиб ялиниб-ёлворганлари, ундан раҳму шафқат, марҳамат сўраб илтижо қилганлари қаерда қолади? Тахмина ниҳоят «мойиллик кўрсатди», унга ўз оғушини очди. Ўктамбек билан ўтадиган висол онлари гул-гул очиладиган, яйраб-яшнайдиган бўлди. Уни қониб-қониб суядиган, эркалайдиган бўлди. Тўғри, гап бориб бу учрашувларнинг пировард оқибати нима билан тугашига бориб тақалса, Ўктамбек нима дейишини билолмай каловланиб қолар, кўпинча: «Агар Мумтоз сени қўйиб юборса, мен сенга бажонидил уйланардим», деб қўярди. Шунда Тахмина: «Аввало, Мумтоз мендан асло ажралмайди. Мабодо мен ўзим уни бошимдан соқит қилмоқчи бўлсам ҳам, у бизни барибир тинч қўймайди, унинг қўли етмайдиган жой йўқ. Бу бир. Иккинчидан, дадангиз Иброҳим ҳожининг ўзлари ҳам бунга асло йўл қўймайдилар. Уйланмаган ўғлига мени хотинликка олиб беришдан кўра, яхшиси сиздан воз кечиб қўя қолар», дерди.
Ўктамбек буни яхши тушунади. Тақводор отаси учун Ўктамбекнинг қилиб юрган иши ўлим билан баравар. Дадаси ор-номусни, инсонлик шаънини, иймону диёнатни ҳамма нарсадан устун қўяди. Болаларини ҳам ана шу тарзда тарбиялаган. Бироқ начора, Ўктамбек бу дарди бедавога ўзи билмаган ҳолда чалиниб қолди. У энди нима қиларини билолмайди. Тахминани деса, ота-онасининг юзига оёқ қўйишдан, отаси таъкидлаб келганидек, иймонсизлик, бетавфиқлик йўлига киришдан, дўсту биродарлари олдида, эл олдида беобрў бўлишдан қўрқади. Мабодо буларни дегудек бўлса, қалб ҳукмидан четга чиқолмайди. Мабодо ўрта йўлни тутиб, Тахмина билан шунчаки кўнгилхушлик учун ёхуд кўнгилга теккунча учрашиб юраверай деса, бу фикрни у ўз онгига сиғдиролмайди.
Ногоҳ кўз олдига дадасининг тунов кунги телевизорда чиқиб айтган гаплари келди. Иброҳим ҳожини шаҳарнинг энг покдомон, обрўли оилалари вакили ва инчунин, ишбилармонликда ҳамда ёшларни ижтимоий ҳимоялаш борасидаги саховатпешалиги билан кенг танилган шахс ва шу билан бирга, исломий таълим-тарбиянинг фаол тарғиботчиси сифатида «Оталар сўзи– ақлнинг кўзи» кўрсатувига таклиф қилишган эди. Ана шу кўрсатувда у «Ислом ва ахлоқ» мавзусида сўз юритди. Ёшлар орасида, айниқса, ичкиликбозлик, нашавандлик ҳамда фаҳш ишлар авж олаётгани ҳақида гапирди. Ўктамбек уни миқ этмай ўтириб тинглади. Дадаси: «Бизнинг миллий турмуш тарзимиз учун мутлақо ёт бўлган бу иллатлардан халос топмоқ учун, энг аввало, қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш зарур, деди. Ёшларнинг билим олишга, касб-ҳунар эгаси бўлиш, ҳалол меҳнат қилиш ва яхши яшашга бўлган ҳуқуқларини пойдор этиш керак. Қуруқ ваъдалар, шиорлар, расмий тадбирлар билан иш битмайди. Ижтимоий ҳимоя ва кафолат билан бир қаторда, яна энг муҳими, ёшларга маънавий озиқ бериш, уларнинг тафаккур доирасини кенгайтириб бориш шарт. Темир қафас ичидаги етмиш йиллик тутқунлик давомида биз ўзимизнинг буюк аждодларимиз дунёсидан, мулкидан маҳрум бўлдик. Айниқса, ҳозирги авлод ундан бағоят узоқлашиб кетган. Ҳозир ана шу беқиёс хазинага йўл очилди. Ундан энди барчани, айниқса, ёшларни кенг баҳраманд этиш керак. Шу ўринда, айниқса, исломий маънавиятни барқарор қилиб бориш мақсадга мувофиқдир. Бу маънавият инсонни тўғри йўлга солади, уни гўзал ва намунали мақомда шакллантиради. Одамларни фақат яхшиликларга чорлаб, уларни ёвузликлардан, ёмон хулқу атворлардан, разолатлардан асрайди. Айниқса, ёшларни одоб-ахлоқ, руҳий-маънавий поклик ва равнақ томон етаклайди. Уларни ҳалол меҳнатга, яратувчанликка, ҳаётни гўзал ҳолатда ўтказишга даъват қилади».
Дадаси ана шу суҳбат асносида исломда ҳаром деб белгиланган нарсалардан, айниқса, зино масаласига алоҳида тўхталди. Халқимиз ўзини танибдики, ҳамиша бу жирканч ишни гуноҳи азим деб ҳисоблаб келган. Чунки Қуръони каримда Оллоҳ мусулмонларга буюрибди: «Зинога яқинлашманглар, албатта у фаҳш иш ва ёмон йўлдир». Қуръони каримнинг Нур сурасида ҳам айтилибди: «Албатта, мўминлар ичида фаҳш ишлар тарқалишини хоҳловчиларга бу дунёю у дунёда аламли азоблар бордир». Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом эса «Қайси қавмларда зино тарқалса, Оллоҳи Таоло уларни ота-боболари билмаган касалликларга мубтало қилади», деганлар. Яна айтибдилар: «Зинокор зино қилаётганда унинг мўминлиги қолмайди». Мўминлик – иймон, иймонсиз эса мусулмон эмас. Мусулмонлик мазҳабини йўқотдингми, бас, сен ўз халқингга, ватанингга, ота-онангга ҳам ётсан.
Мана, бугун ҳам дадаси яна шу хусусда гапирди. Имоми Аъзам ривоятини беҳуда келтирмади. Демак, унинг қулоғига Ўктамбек билан Тахмина ўртасидаги муносабатлар етиб келган. Дадаси уни огоҳлантириб ўтди.
Хўш, мен зинога боряпманми? Ҳа. Тахмина мен учун номаҳрам, унинг ўз эри бор. Мумтоз унга ишонади. Уни пок, деб ҳисоблайди, у билан не умидлар оғушида яшайди, эҳтимол Тахминадан фарзанд ҳам кутаётгандир. Демак, мен… зинокорман. Иймонга, мусулмонликка, аждодлар руҳига хиёнат қиляпман. Шундаймикин?
Йўқ, йўқ, мен зино иш учун бораётганим йўқ. Мен фақат ўз суйганим билан, меҳру муҳаббат боғлаган Тахминам билан учрашиш, унинг висолидан жон озиғи олмоққа боряпман. Мен у билан бошқа зино ишга бормайман, Тахмина билан юз кўришиб турсам бас. Қилган гуноҳларимни ўзинг кечиргин, тавба қилдим. Ўзинг сабру тоқат, ирода бахш эт.
Ўктамбек бир-бирига зид ана шу ўй-хаёллар, ҳам нашъали, ҳам аччиқ ва аламли туйғулар гирдобида тўлғаниб кириб келди Сожиданикига. Бироқ бугун у Тахмина учун ҳар галгидек арзанда султон эмаслигидан, бу сафар ҳар галгидек эҳтирос ва интиқлик билан кутилмаётганидан, ҳусну малоҳат маликаси қалбини бугун ошуфта сайёҳ гулханидан нарироқ бўлган алланечук янги, бошқача, жиловсиз ва фараҳли бир ҳис-туйғу банд этиб турганидан бехабар эди.
…Тахминанинг ҳар гал бу ерга ял-ял ёниб, очилиб-сочилиб, кўзлари кулиб, яшнаб кириб келишига ўрганган Сожида ҳам бугун унда бирмунча сокинлик ва паришонлик зоҳирлигини туйди. Албатта, у одатдагидек хушҳол ва ҳаракатчан, бироқ ўй-хаёлларини Ўктамбек билан бўладиган бугунги учрашув шавқигина банд этиб турмагани сезиларли эди. Тахмина қорачиройдан келган, қотмароқ, серҳаракат, гапга ва ўз ишига чечан, ҳаётида жуда кўп аччиқ-чучукларни тотганлиги кўзларидан, қиёфасидан маълум бўлиб турган Сожида билан ҳар доим қуюқ кўришади, унга хушомад қилади. Унга тез-тез қимматбаҳо совғалар ҳам илтифот қилиб туради, ҳар ҳафта соч турмаклатиш ва Ўктамбек билан учрашиш учун келганда, мўмай-мўмай пул ташлаб кетади. Сожида ҳам ўз ўрнида, унинг иззатини жойига қўяди, унга ялтоқланиб, астойдил, садоқат билан хизмат қилади. Ўзини бу оилага яқин олиб, уларникига тез-тез бориб туради ва шу йўл билан Мумтознинг ҳам ишончини қозониб олганди. Бугунги кўрган туши ҳамон кўз олдидан кетмаётган бўлса-да, Тахмина бу ҳақда ҳеч кимга индамасликка аҳд қилди. Бироқ бу туш анча жиддий эканлиги ва эҳтимол, ўз ҳаётида кутилмаган ўзгаришлар рўй бериши ҳам мумкинлигини юраги сезиб тургандай эди. Шу туш учун кўнглида садақа атаб қўйгани, лекин йўлда келатуриб бу нарса хаёлидан кўтарилгани эсига тушиб афсуслангандек бўлди. Бироқ шу пайт кўнглига келган бир фикрдан ичида кулиб қўйди: «Ҳаммаёқ ёнса ёниб кетмайдими! Қани энди ўша оқ отда Акмал билан осмонга учиб кетсам!». Шундан сўнг айқаш-уйқаш хаёлларини бир четга йиғиштирган бўлди-да, Сожидага бугун вақтлари анча тиғизлиги, меҳмон келиши ва уйга биргаликда бориб, зиёфат ҳозирлашлари лозимлигини айтди. Айниқса, Мумтозбек жанобларининг: «Сожиданинг ўзи бориб норин қилиб берсин», – дегани хонадон бекасини беҳад қувонтирди. Ўзининг чиндан ҳам маҳоратли пазанда эканлиги, айниқса, норинпазликда унинг олдига тушадигани йўқлиги кўз олдига келиб, ғурурланиб қўйди. Одатда, ҳар гал Тахмина билан Ўктамбек учрашадиган бўлса, Сожида уларни уйда ҳоли қолдириб, ўзи бир-икки соатга кўчага чиқиб кетарди. Бугун ундай бўлмади. Чунки Тахминанинг ўзи Ўктамбек ичкарига кириб келганда, Сожидага: «Ошхонада кутиб туратур, мен тезда бўшайман», деди.
Ўктамбекнинг назарида, Тахмина бугун ҳам ҳар қачонгидек хушҳол, ишвали ва сертакаллуф эди. У йигитни одатдагидек қучоқ очиб кутиб олди, юрагининг бир четида жизиллаб турган алланимани усталик билан ундан ниҳон тутди. Ўктамбекнинг ёввойи ва эҳтиросли бўсаларидан, гупириб турган қайноқ кўксидан беозоргина бўшалиб, уни худди бола етаклагандай қўлидан тутиб келиб курсига ўтказаркан, ишвали бир қиёфада:
– Бугун сал вазмин бўлинг, бек,–деди ва ўзи ҳам унинг ёнига омонатгина жойлашаркан, яна илова қилди:–Индамасам, еб қўйгудексиз…
Ўктамбек хиёл хижолат тортди.
– Мени кечиринг. Сизга яқинлашсам, ёниб кетаман…
Тахмина чиройли жилмайиб қўйди. Олдида ийманиброқ, ўтли оғуш ва бўсалар нашидасидан ҳамон сармаст ўтирган бу латиф ва чиройли йигитга бошдан-оёқ назар ташлади. Кейин босиқроқ, синовчан оҳангда сўз қотди:
– Ёниб кетмаслигингиз учун, орани сал очиқроқ тутсак, қандай бўларкин…
Ўктамбек унга «ялт» этиб қаради. Тахминанинг бу гапи қулоғига гўё, «Орани очиб қўяқолсак-чи?» – дегандай эшитилди. Йигитнинг бирдан ҳушёр тортиб, ранги сезиларли даражада ўзгаргани ва унга саволомуз тикилиб қолганини кўриб, Тахмина яна қўшимча қилишга мажбур бўлди:
– Қўрқманг, ҳазиллашяпман…
Тахмина аслида ҳазиллашаётгани йўқ эди. Қалбининг аллақаерида гўё халтадек осилиб турган қоп-қоронғу бир бўшлиқ баъзан жонланиб, бутун вужудига тушуниб бўлмас аламли, изтиробли бир титроқ киритади. Бундай пайтларда у ҳарчанд ўзини қўлга олмасин, бу қоронғу бўмбўшлик, юрагини бир дам кемириб ўтувчи ана шу хасталик унинг бутун хаёлларини, осуда ва фаровон, айшу ишратли ҳаётдан олаётган жамики лаззатларини, роҳат-фароғатини тилка-пора қилиб ташлайди. Шунда у ўзини яна бир вақтлардагидек танҳо, кимсасиз ва бахтиқаро деб ҳисоблаганича ўтириб қолади. Хўш, кемирувчан бу бўм-бўшликнинг ўзи нима? Нима учун унинг ўрнини ҳеч нима тўлдиролмаяпти?
Ўзи беназир гўзал ва соғлом бўлгани билан, хорлик ва хўрликда, қарамлик ва тутқунликда яшаб юрган Тахмина асл инсоний бахтни мол-дунёда, бойликда бўлса керак, деб ўйларди. Мана, бу нарсаларга мушарраф ҳам бўлди. Бироқ ҳар қанча мол-дунё, бойлик юрагидаги ўша бўм-бўшлик ўрнини тўлдиролмади. У яна ниманидир кутган, қидирган бўлди. Бу нарса, эҳтимол… у ўз ёши ва ҳуснига муносиб, соғлом ва бақувват йигитни ҳам мана, топиб олди. Бу йигит билан у истаган вақтида учрашади, хоҳлаган вақтида у билан овунади. Яна нима керак? Йўқ, бу нарса ҳам ўша бўшлиқ ўрнини тўлдиролмади. Буни айниқса, бугун эрталабки кўрган туши эсига тушган сари, янаям чуқурроқ ҳис этяпти.
Шу тоб Тахминанинг қулоғи остида Ўктамбекнинг ўша тушида: «Мумтози билан бирга ёниб кетсин!»–деган гапи жаранглади. Ҳозиргина унинг: «Сизга яқинлашсам ёниб кетаман», дейишидан у бирдан сергак тортди. Нималар бўляпти ўзи? Наҳотки ҳаммаси тўғри бўлиб чиқса?!
Тахмина оромкурсига чўкиб қолди. Ранги оқаринқираб, пешонасига совуқлик югургандай бўлди. Ўзини қўлга олмоқ ниятида, бир дам кўзларини юмди. Унинг жимиб, жиддийроқ тусга кириб қолганини кўрган Ўктамбек бундан ўзгача хулоса чиқарди:
– Сиз ҳазиллашаётганингиз йўқ…
Тахмина бирдан ўзини ўнглаб олди. Сир бой бермасликни, суюкли кишисини беҳуда ранжитиб қўймасликни лозим топди. Сохта жилмайиб, Ўктамбекка тасалли берган бўлди:
– Қўрқманг. Ёнсак, бирга ёниб кетармиз…
Тахмина шундай дейишга деб қўйди-ю, яна хаёлига ўша туш, Ўктамбекнинг: «Сен ўзинг ёнмайсан. Мен ҳам ёнаман. Уволим сенга», – деган гапи келиб, қайтадан чўкиб қолди. Нималар бўляпти ўзи, ҳаммаси бир ипга тизилгандек…
Йўқ, йўқ, бу йигитга тушунтириш керак, ундан тезроқ узоқлашиш керак. Бирон кори ҳол юз бермай туриб ўртадаги ипни узиш шарт. Ўктамбек яхши йигит, беғубор. Унда гуноҳ йўқ, унинг уволига қолмаслик керак.
Ўктамбек Тахминанинг қайта жимиб, ўйга чўмиб қолганини кўрдида, саросимада ўрнидан турди. Яна шу саросимада Тахминанинг оёқлари остида тиз чўкди, иккала қўли билан унинг оқаринқираган бетларидан тутиб ўзига қаратди:
– Сизга нима бўлди?!
Тахмина ўзини қўлга олмоқчи бўлди. Бироқ у энди ҳолсизланган, хаёли паришон, шу боис ҳам овози бу гал хастароқ чиқди:
– Ўзим шундай… Бугун бироз мазам йўқроқ.
Ўктамбек уни ўпмоқчи бўлди. Лекин Тахмина уни қўли билан беозор итариб, «Қўйинг, мени тинч қўйинг», деди. Унинг бу гапи энди Ўктамбекнинг шубҳасига жон киритиб қўйди.
– Тахмина, агар бирон гапингиз бўлса, очиқ айтаверинг…
Тахмина аста ўрнидан туриб, дераза томон юриб борди. Турган жойида ҳайрон қотиб турган Ўктамбекка орқа ўгирганича, қийналиб сўз қотди:
– Бек, мени кечиринг. Ҳар хил гап-сўзлар тарқамай туриб… ўртадаги ипни узиб ташласак…
Ўктамбекнинг вужудига муз югургандек бўлди. Мана, гап қаерда экан! Демак, орада аллақандай миш-миш бор-у, бу нарса Тахминани ҳам, дадасининг ҳам қулоғига чалинган. Бугун эрталаб дадаси бежиз зино сўзига урғу бермади, бекорга: «Ипни бир йўла узиб келинг», демади.
Ўктамбек беихтиёр оромкурсининг бир четига омонатгина ўтириб, пешонасини чангаллаганча хаёлга чўмиб қолди. Тахмина унга ўгирилди.–Ўзингизни тутинг, бек. Сиз учун ҳали ҳамма нарса олдинда. – Менинг олдимда энди фақат мусибатлар турипти, Тахмина.
– Ундай деманг. Сиз ҳеч кимда йўқ имкониятларга эга йигитсиз, – Тахмина шундай дея, унга яна ўгирилиб олди.
Ўртага чўккан бир дамлик сукунатни Ўктамбек бузди:
– Нега алдадингиз?..
– Мен сизни алдаганим йўқ, бек. Сизни бир умр яхши кўриб қоламан. Лекин бу муҳаббат дегани эмас…
– Мен буни билардим. Бироқ мен сизни севаман. Сизсиз мен учун ҳаёт йўқ.
– На илож. Сиз мени тўғри тушунинг.
– Тушунаман. Агар хўп десангиз, сизни узоқларга олиб кетаман. Сиз учун ҳамма нарсага тайёрман.
– Йўқ. Мен ўз вақтида кимнидир севиб ҳам кўрганман, юрагимни юлиб ташлашган. Узоқларга қочиб ҳам кўрганман, оёқларимга кишан солишган…
Тахминанинг кўзларида жиққа ёш. У аста келиб, Ўктамбекнинг орқасида тик туриб қолди:
– Ўзингизни қўлга олинг, бек. Мен оилали аёлман. Йўлимизга ғов бўлманг.
Ўктамбек энди ўрнидан жудаям вазмин қўзғалди. Гўё қовоқларига, кифтларига, оёқларига зил-замбил тошлар илиб қўйилгандек эди. Тахминанинг юзига бошқа боқолмади, боқмади. Нима бўлсаям, ўзи бўлсин, лекин жондан азиз маҳбубасини энди хижолатга қўймайди, уни қийнамайди. У Тахминани авайлайди, асрайди, янада ардоқлайди. Фақат билиб қўйса бас:
– Барибир, сизни… менинг қалбимдан ҳеч ким қувиб чиқаролмайди.
V
Шаҳарнинг кунботар қисмидаги чекка маҳаллалардан бири Қумқўрғон деб аталади. Нақл қилишларича, бу ерда бир даврлар Оқпошшонинг аскарлари турадиган ҳарбий истеҳком бўлган экан. Сатҳи анча кенг қумлоқ бўлган тепаликда қурилган ана шу истеҳкомнинг қизғиш ғиштин деворлари ҳам, ўрисча тамойилдаги салобатли биноси ҳам оппоқ бўлиб, бир вақтлар у ўз этагидаги оқланмаган уйлар, бироқ дов-дарахтларга кўмилган ям-яшил қишлоқдан ажралиб, ҳатто узоқузоқлардан кўзга ташланиб тураркан.
Яна айтишларича, Оқпошшонинг тахтига ўт кетиб, энди бу ерга большовой аскарлар етиб келишади. Ўртада бўлади уруш, бўлади уруш. Замбараклар ўқидан Қумқўрғон истеҳкоми тутдай тўкилади. Ундан кейин, Сталиннинг даврида бу жой колхоз молхонасига айланган. Яна шундан кейин, Гирмон уруши йиллари молхона ҳам, собиқ истеҳком биносининг қолган-қутган эшигу ромлари, тахтаю ғиштлари ҳам гумдон бўлиб кетди. Ва охир-оқибат, очиқ майдонга айланиб қолган бу жойда маҳалла болалари мол боқишиб, тўп тепишарди.
Бу атрофда асосан ҳунармандлар яшайди. Улар чармгарлардан, пичоқчи ва тунукасоз, қандолатчи, каштадўз ва мўйнадўзлардан иборат. Бу ҳунармандлар ўз касблари бўйича маҳсулот ишлаб чиқариш билан бир қаторда, шаҳар бозорларини, шунингдек, қишин-ёзин турли хил кўкат, гул ва мева-чевалар билан обод қилиб туришади.
Сурайёнинг амакиваччаси, машҳур ҳофиз Мумтоз бир вақтлар Қумқўрғоннинг обрў-эътиборли оқсоқоли Қосим чармгарнинг кексайган чоғида худодан тилаб олган яккаю ёлғиз ўғли эди. Ота-она дунёдан орзу-ҳавас кўрмай кўз юмиб кетишди. Шундан кейин ҳали ўсмир ёшидаги Мумтоз бу ерда кўп туролмади. Ўқиш баҳонасида уй-жойларни гаровга қўйиб чиқиб кетганича, она қишлоғига бошқа қайтиб келмади. Фақат узунқулоқ гаплар орқали қўшни шаҳарлик бир давлатманд киши уни ўз ҳимоясига олгани ва болаликданоқ санъатга, қўшиқ айтишга иштиёқманд Мумтозни ўқитиб тарбиялаётгани ҳақидаги хабарлар келиб турарди, холос.
Орадан кўп вақт ўтмай, ана шу йигит ҳаммаёққа кимсан– номи чиққан машҳур Мумтоз ҳофиз бўлиб кетди. Қумқўрғонликлар энди у билан фахрланадиган бўлишди. Мумтознинг шу ерлик уч-тўртта болалик жўралари уни ҳатто «алдаб-сулдаб» олиб келиб, шу ердан уйлантириш ҳаракатида ҳам бўлишди. Лекин унинг иложини қилишолмади. Мумтозни тарбиялаб-ўстирган ўша давлатманд киши уни ўзининг энг чиройли бир қизига ичкуёв қилиб олган экан.
Бироқ Мумтоз бошқа жойда яшаётганлиги, бу ерда бирон каттароқ тўй-пўй бўлиб қолгудай бўлса, уни базмга олиб келиш жудаям мушкул эканлиги, бунинг учун жуда катта пул лозимлигига қарамай, унинг беназир овози ва санъатига ҳамма ошиғу шайдо бўлиб яшайверди. Бир кун келиб сира кутилмаган гап чиқиб қолди. Мумтоз билан борди-келдиси бор, унинг гуруҳида чолғучилик қилувчи бир-иккита созанда йигитларнинг уйларидан чиққан миш-мишлар… Мумтоз ўз оиласидан ажралиб, ҳозир Тошкентда ўзидан икки баравар ёш, бағоят гўзал бир қиз билан яшаётгани, яқин орада бу ерда ана шу қизга атаб бир қаср қурмоқчи эканлиги тўғрисида борарди.
Бу миш-мишлар тез орада ўз тасдиғини топди. Кейинги пайтларда ўзини ишбилармонлик ва тижорат ишларига уриб, саҳна ва сайлларда, тўйларда камдан-кам кўринадиган бўлиб қолган Мумтоз ниҳоят ўз она қишлоғига қайтди. Лекин бу ерга у ҳофиз Мумтоз сифатида эмас, балки ишбилармон ва йирик сармоядор «жаноб Мумтозбек» бўлиб келди. Уни: «Ўзимиздан чиққан машҳур Мумтоз ҳофиз», – дея зўр қувонч билан қарши олишди, унинг бу ерда амалга оширмоқчи бўлаётган ишларини бажонидил маъқуллашди.
Мумтоз бу ерда ишни, энг аввало, ҳунармандларни бир жамоага қовуштиришдан бошлади. Улар учун тез орада ўз ҳисобидан бир неча ишлаб чиқариш цехларига эга бўлган фабрика қуриб берди. Ҳунармандлар энди Мумтоз етказиб бераётган хомашёлар ҳисобига ана шу корхонада ишлайдиган ва бу билан ҳар ой мўътадил даромад топадиган бўлишди. Албатта, фабрика маҳсулотлари билан шаҳарда савдо қилаётган нуқталардан сувдай оқиб келаётган даромаднинг асосий қисми, бусиз ҳам бошқа жойлардаги тижорат ва воситачилик ишларидан тез бойиб бораётган Мумтознинг давлатига келиб қўшиларди. Ана шу ишлар қаторида у маҳаллий ҳокимият билан келишиб, бўш майдонни сотиб олди ва бу ерга ғойибдан учиб келган бахт қуши Тахминага атаб ҳашаматли бир бино қуришга киришиб кетди. Ўнлаб ишчилар ва усталарнинг кечаю кундуз тиним билмай ишлашлари натижасида тез орада яна Қўрғон аталмиш оппоқ бир қаср қад ростлади. Бироқ у қуриб битказилган, усталар ва ишчилар керагидан ортиқ рози қилиниб, уларга жавоб берилган бўлса-да, «сарой маликаси» бу ерга кўчиб ўтишга шошилганича йўқ. Гап шундаки, бу азим бинонинг кўпданкўп хоналари ҳали бўм-бўш. Улар учун керакли жиҳозлар, айниқса, мебелни танлаб улгурганларича йўқ. Бу масала, шунингдек, Қутбиддин жанобларининг навбатдаги автокарвони қачон кириб келишига ҳам боғлиқ бўлиб турипти.
Шуларга қарамай, биринчи қаватдаги меҳмонхона, иккита оромхона, бассейн ва бошқа кўнгилхушликлар учун мўлжалланган яна учтўртта катта-кичик хоналар жиҳозлаб қўйилган. Тахмина бу ерга камдан-кам ҳоллардагина келади. Кўпинча Мумтознинг ўзи шу ерда қолиб, яқин-яқин дўстлари билан «гап-гаштак» ўтказиб турарди… Қўрғоннинг пульт билан очиладиган баҳайбат чўян дарвозасидан кираверишда ўнг томондаям, чап томондаям алоҳида ҳужралар бўлиб, Сурайё ана шу ҳужралардан бирида яшарди.
… Ҳадисларнинг бирида нақл этилишича, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Яратгандан сўрайдилар: «Бу ёруғ оламдаги жамики мавжудот ўз ҳукминг билан бунёдга келипти. Улардан энг суйганингни инсон қилиб яратиб, уларни бандаи мўминларим, деб шафоат этдинг. Шундай экан, нега энди оддий бир чинорга, тошбақа ёхуд филга бир неча юз, ҳатто минглаб йил умр бахш этибсан-у, ўз суйган бандаи мўминларингга эса бағоят қисқа умр ато этдинг?»
Жавоб: «Чунки мен бандаи мўминларимни суйганим учун ҳам уларга қисқароқ умр ато этдим, токим улар менинг жамолимга тезроқ етишсинлар».
Яна сўрадилар: «Модомики шундай экан, нега энди шу қисқа умрга қўшиб, бандаи мўминларинг гарданига кўпдан-кўп ташвишларни ҳам юклаб қўйдинг?»
Жавоб: «Бандаи мўминларим ёруғ олам учун яратган неъматларимга ортиқча ҳирс қўйиб, мени эсдан чиқармасинлар учун уларнинг гарданларига ташвишларни ҳам қўшиб юклаб қўйибман».
Инсон табиати шундайки, унинг ҳаммаси ҳам, ҳамиша ҳам шу буюк ва оддий ҳақиқатни идрок этмайди, ундан тегишли хулоса чиқариб яшамайди. Одамлар кўпинча ё айшу ишратга, ё молу мулкка, иморатга, пулга, хотинга ёхуд фарзандга ортиқча ҳирс ёки муҳаббат боғлаб, Оллоҳни унутиб қўядилар. Бошларига бирон мусибат ёхуд оғир хасталик, ночорлик, бахтиқаролик тушган пайтлардагина кўзлари очилиб, худони ёдга оладилар. Худога энди тоат-ибодат бажо келтириб, ундан нажот илтижо этадилар.
Оллоҳнинг даргоҳи кенг, марҳамати чексиз. Ўз вақтида қилинган тавба-тазаррулар шояд ўзининг раҳму шафқатига мушарраф бўлса. Бироқ Оллоҳнинг қаҳру ғазабига, бу ёруғ оламда бошқа ўзига ўхшаганлар учун ибрат тариқасида ошкор ва оғир жафоларга элтувчи кечириб бўлмас гуноҳлар ҳам бор.
Мана, икки йилдирки, Сурайё бедаво бир дард азобини тортиб келади. Аҳён-аҳёнда, ойда бир-икки марта нимадир унинг бўғзидан қаттиқ тутиб қолади, нафас йўлини батамом тўсиб, бор вужудини жон талвасасига солади. Ажал калхати уни ўлдириб ўлдирмайди, ё қўйвориб қўйвормайди. Маккор мушук ўлжа сичқонни дарҳол еб қўймасдан, аввал уни кўп тимдалаб-итқитиб, қийнаб, бундан ҳузур топаётгандек, Сурайёнинг жони қўлида бўлган бу калхат ҳам қўққис унинг бўғзидан беаёв чангаллаб, анча маҳалгача ердан юқорига кўтариб туради. Бундан икки йилча бурун бу бедаво дард туфайли у озиб-тўзиб, қоқсуяк бўлиб қолган. Сочлари оппоқ оқариб, эрта куннинг ёруғидаёқ касалманд бир кампир қиёфасига кирган Сурайё шунда янги бўғизланган молдек беомон типирчилайди, хириллайди.
Кўзлари косасидан чиқиб кетгудек олайиб-бўртади, ёруғ дунё деган нарса энди унинг ҳиссиётидан, руҳиятидан батамом ғойиб бўлади. Кутилмаганда ажал калхати яна уни ўз чангалидан бўшатиб, ерга ташлаб юборади. Аёл энди нафас ола бошлайди, бир муддат ўзига келолмайди, кўзларини очолмайди. Бир вақт оз-моз ҳушёр тортиб, атрофни, бундай пайтлар кўпинча унга ёрдамга шошилувчи қўшни ҳамшира қиз Зилолани кўриб, тирик эканлигини англайди. Англайди-ю, ўша калхат уни тарк этиб кетмаганлиги, ҳув нарироқда уни ҳузур билан кузатиб, навбатдаги ҳамлага шайланаётганлигини ҳис этиб туради. Ҳар гал шу ҳол такрорланганда, бандаси учун тинчгина, беозор жон бериш ҳам катта бахт эканлигини англайди. Сурайё эндигина тушуниб етди, у содир этган гуноҳлар тоши бағоят оғир. Бу гуноҳларни ювиб ташлашга энди вақт ҳам, имкон ҳам йўқ. Оллоҳ уни ёруғ куннинг ўзидаёқ дўзах оташига ташлади. У ота-онанинг, яхшиларнинг дуосини ололмади, уйли-жойли бўлолмади, ёлғизгина ўғлига эгалик қилолмади. Бунинг ўрнига, одамларнинг тавқи лаънатига, ўғли Акмалнинг нафратига, бахтиқароликка, чидаб бўлмас азобу уқубатларга гирифтор бўлди. Охир-оқибат, у шунча йил яшаб, атиги икки кишигагина таяниб қолди. Тирик қолса – шулар боқиши, ўлиб қолса – шулар кўмишидан умидвор. Булар Мумтоз билан Тахминадир. Бироқ уларнинг икковиям Сурайё учун омонат одамлардир. Мумтоз учун касалманд Сурайё ортиқча бир юк, ортиқча дардисар. У қанчалик тез ўлиб кетса, Мумтоз учун шунчалик яхши. Мумтознинг ҳар гал эсига тушганда юрагига ғашлик солиб қўювчи, Тахмина билан боғлиқ ўша сир шунчалик тез ерга кўмилиб кетган бўлади. Сурайё буни яхши тушунади…
Гап Тахминага келганда эса, у ҳам Сурайёдан безор. Марҳума Хуршиданинг ҳурматидан ва албатта, уни дайдилик ва фоҳишаликдан қутқазиб, Мумтознинг салтанатига малика қилиб қўйганлиги ҳурматидан дами ичида. Акс ҳолда, унинг жирканч ўтмишига жонли гувоҳни, Сурайёни ҳар гал кўрганда ўша ифлос ўтмишини эсига солувчи бир муртад аёлнинг унга нима кераги бор? Сурайё буни ҳам яхши тушунади. Бироқ Сурайё шу ҳолда, шу ерда яшашга мажбурдир. Унинг энди борадиган жойи, ғамхўрлик кўрсатадиган кишиси ҳам йўқ. У бир ночор, кимсасиз, азоб-уқубатли ўлимга маҳкум этилган бахтиқаро аёл. Сўққабош отаси ўлиб кетиб, Қўқон билан алоқаси батамом узилган, яккаю ягона фарзанди Акмал эса, Туркияга ўқишга кетяпман деганича, мана, неча йилдирки, дом-дараксиз.
Уқубатли ёлғизликнинг зимистон чилласидек изғиринли, изтиробли оғриғи суяк-суякларгача зирқиратиб, жонни суғуриб олар даражада аччиқ-аламли, поёнсиз тунларида унинг кўз олдида кўпроқ ана шу якка-ёлғиз нуридийдаси Акмал пайдо бўлади. Қани энди у кела қолса-ю, ўтган ишларга саловот дея, ожиз ва хаста онасини бағрига олса. Шундай пайтлар у ўз-ўзича тўлиқиб йиғлайди, ўзининг бу дунёдан бошқа одамлар қатори орзу-ҳавас кўрмай ўтиб кетаётганидан беҳад ўксинади.
Сурайё Тахминани Тошкентга олиб келиб, Мумтозга қўш қўллаб топширган кунлариёқ у шаҳарнинг бир бурчагидан икки хонали квартирага эга бўлган. Бироқ касалликка чалингандан бери Сурайё у ерда яшамайди, бетон уйнинг ҳавосидан касали хуруж қиладиган бўлиб қолган. Ана шу хонадонда унинг ҳам ўзига яраша майдачуйдалари бор. Келин туширса туширгудек. Қайлиқ ҳам тайёр ҳисоб, Зилола шундоқ кафтга қўниб турипти. Бармоқларингни усталик билан юмиб олсанг бас, ҳовучингда қолаверади.
Бирам оқкўнгил, бирам абжир-чаққон, ўзи ҳали ўн етти-ўн саккизларга кириб-кирмаган бўлсаям, дунёнинг ишини тахт тиндираётган ширингина қизни осонликча топиб бўлмас. Шўринг қургур нимжон онасиниям, мактаб ёшидаги иккита укасиниям, кейинги пайтларда арақхўрликка муккасидан кетиб, одамгарчиликдан чиқиб кетган дадасиниям–ҳамма ташвишларни бўйнига илиб олган. Бунинг устига Сурайёни ҳам кўздан қочирмайди. Қўли бўшади дегунча шошиб кириб келиб, ундан ҳолаҳвол сўрайди, лозим бўлганда унга дори-дармон бериб, укол қилиб туради. Баъзан кечалари каштасини кўтариб чиқиб, Сурайёнинг ёнида унинг ўз қизидек ҳамсуҳбат бўлиб ўтиради. Кечагина тиббиёт билим юртини битирди, ҳозир «Тез ёрдам»да ҳамшира.
Ҳа, орзу-ҳавас қилиш, ширин хаёллар суриш ҳар қандай инсон табиатига хос нарса. Фақат Оллоҳ ўзи кимларгадир марҳамат қилиб, унинг орзуларини рўёбга чиқаради. Кимларнидир ҳамма нарсадан бенасиб этиб, унинг учун бу дунёю у дунё фақат ночорлик ва азоб-уқубатларни буюраркан.
Баҳорнинг сербулут, ёғин-сочинли кунлари ортда қолиб, ҳаволар дурустгина исий бошлаганидан бери Сурайёнинг ҳам нафас олиши бирмунча дуруст. Оёқларига оз-моз дармон кириб, ғимирлаб қолди. Ҳовли бетини супириб-сидиради, гулларга қарайди, янги иморатнинг жиҳозланган хоналарида озодаликни сақлайди, Мумтоз мабодо меҳмон бошлаб келгудек бўлса, унинг дастурхон юмушларини бошқаради.
Мана, бугун ҳам Мумтоз унга қўшимча иш орттириб кетди. Саҳари мардондан иккита кучук олиб келиб, унга бир дунё топшириқлар берди: – Бу кучукларни сенга ишониб топширяпман, Сурайё. Ўзинг нима есанг, булар ҳам ўшандан есин. Кўпроқ гўшт бер. Кечаю кундуз бўш қўясан. Фақат эҳтиёт бўл, анави ўзим олиб келиб эккан гулларимни пайҳон қилишмасин.
Мумтоз дарвоза ёнида кутиб турган «Мерседес»га эндигина ўтириб жўнамоқчи эдики, кутилмаганда қарши ҳовли эшиги олдида Зилола пайдо бўлиб қолди. Унинг қўлида иккита иссиқ нон, Сурайё учун аталгани маълум. Бу, Зилоланинг ҳар икки-уч кунда саҳар туриб тандирга нон ёпганда канда қилмайдиган одати.
Мумтоз олдида ўтирган оқсоч ҳайдовчининг елкасига қўлини қўйиб «тўхта» ишорасини қилди ва машина эшигини қия очиб, қизни ўзи томон имлади. Зилола қўлидаги нонни шошиб келиб сал берироқда турган Сурайёга тутқазди-да, ўзи ийманибгина Мумтозга яқинлашди. – Ассалому алайкум…
Мумтоз Зилоланинг нақшин олмадек чиройли, беғубор юзларига, хушбичим қоматига, одмигина кўйлаги остидан туртиб турган дуркун кўкракларига ўғринча назар ташлаб қўйди. Сурайё буни сезиб, ичи музлаб кетди.
– Салом, Зилола, яхшимисан?..
– Раҳмат…
Шундан кейин Мумтоз ўзини жиддийроқ тутиш учун жўрттага томоқ қириб олди.
– Даданг нима қилиб юрипти?
– Уйдалар, ётиптилар… – Зилоланинг овози қалтираб, ранги оқаргандек бўлди.
– Мендан энди хафа бўлманглар. Бошқа кутолмайман. Қарзларинг беш мингга етиб боряпти. Дадангга айт, шу кунларда бирон чорасини топмаса, уёғини ўзинг биласан…
Мумтоз шундай дея жўнаб кетди. Қиз бечора музлаганча, турган жойида туриб қолди. Кейин Сурайё келиб, бир қўлини оҳиста унинг елкасига қўйганда, Зилола ўзини тутолмай йиғлаб юборди.
– Йиғлама, қизим. Ўлимдан бошқасининг чораси топилар, йиғлама,–Сурайёнинг ҳам кўзларига ёш қуйилди.–Юр, болам. Ичкарига кирамиз. – Йўқ, холажон, – Зилола ўзини тутишга уриниб, кўз ёшларини артди. – Кейинроқ чиқарман.
Зилола шундай дея, шошилганча уйларига кириб кетди.
Гап шунда эдики, Зилоланинг дадаси Мирзамат кулол ўтган йилнинг бошларида бир номаъқул иш қилиб қўйди. Шаҳардаги уч-тўртта тижоратчи жўраларининг гапига кириб, баҳоли қудрат рўзғорни тебратиб турган кулолчилик ишларини йиғиштирди. Амалдаги фаолияти қатори судхўрликдан ҳам мўмай даромад топаётган Мумтоздан ҳар ойда ўттиз фоиз фойда бериб туриш шарти билан минг доллар қарз кўтариб, ўзини олибсотарликка урди. Лекин савдо-сотиқ ҳамманинг ҳам қўлидан келавермас экан…
Суннат бува деган маҳалла оқсоқоли у қарз кўтарган ўша кунлариёқ Мирзамат кулолга деганди:
– Отга тақлид қиламан деб, қурбақанинг чатаноғи йиртилган экан. Сен ўз кулолчилигингдан қолма. Ота-бобонгдан ўтган касб, ризқингни худо беради.
Оқсоқолнинг гапи ўшанда Мирзаматга оғир ботган.
– Одам қилган ишни одам қилаверади, бобой, – деди у чолга заҳархандалик билан. – Биз ҳам бош кўтариб юрибмиз, одамман деб. Қачонгача лойга ботиб яшашимиз керак, биз ҳам ахир бундай ёруғликка чиқайлик-да.
– Ҳалиям ақлинг кирмапти, Мирза. Ёруғлик нималигини ҳалиям тушунмабсан. Ориятли одам учун қарздан қуюқроқ қоронғулик йўқ. Бир бурда тош қотган нонинг билан қуруқ сув бўлсаям, бировдан қарзинг бўлмаса, ана ўша – ёруғлик!
– Қарз олган бўлсам, узаман. Долларни уйда еб ётиш учун олганим йўқ-ку, ахир.
– Узолмайсан, хароб бўласан. Чунки савдогарлик бели бақувват кишиларнинг иши. Бу нарса қимордай бир гап. Бой одам қиморда бой берсаям, ютсаям парво қилмай кетаверади. Сен-чи? Сенинг пулинг қарзга олинган пул, бой бериб қўйсанг тамом, хонавайрон бўласан. Мирзамат чолга қўл силтади. Лекин орадан кўп вақт ўтмай, оқсоқолнинг айтгани келди. Шаҳарлик ўша жўраларига қўшилишиб, беш-ўн марта уёқ-буёққа қатнади. Олиб келаётган нарсалари ўз вақтида ўтмай воситачи дўконларга, олибсотар чорбозорчиларга насияга беришга мажбур бўлди. Ишлар тобора майдалашиб борарди. Бир ёқдан, қўшимча даромад йўқ, уйда болалар ейман, кияман деб туришипти. Иккинчи ёқдан, кунлар шувиллаб ўтиб, кўз очиб-юмгунча бўлмай янги ой кириб келяпти. Мирзамат дастлабки икки-уч ой ичида Мумтозга уч юз доллардан бериб турди. Кейин тамоман ўтириб қолди.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?