Текст книги "Тахмина"
Автор книги: Солих Каххор
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 9 (всего у книги 34 страниц) [доступный отрывок для чтения: 11 страниц]
Иккинчи фасл
ҚУМҚЎРFОН МАЛИКАСИ
ЎШАНДАН КЕЙИН…
– Мен сизни барибир топиб оламан!
Тахминанинг бу сўзлари қулоғим остида ҳамон жаранглайди. Бироқ ўшандан кейин биз бошқа кўришолмадик. Эҳтимол, ўша ғурбатли ҳасрат кечасини эндиликда қўним билиб яшаётган, бироқ ўзини қуршаб турган мастона муҳит қобиғида яна сохталик, ҳавойилик, кечириб бўлмас разолат заҳри яширинганидан бехабар Тахмина ўз хотирасидан батамом ўчириб ташлагандир.
Аммо мен уни унутолмадим. Бунга кўника олмадим. Ўйларимда, хаёлларимда, кўпинча уйқусиз, безовта тунларимда Тахмина кўз олдимда қайтадан жонланади. У билан хаёлан сўзлашаман, унинг ўтли ва ишвали нигоҳлари, гоҳ соддадиллик, гоҳ маккорлик билан синовчан боқишлари, жарангли кулишлари мени тарк этмайди. Гумроҳ ва бахтиқаро қизнинг алами, ситамли кечмишлари юрагимни ҳамон тирнайди.
Ахийри бўлмади. Тахминани ўзим қидириб топмоққа аҳд қилдим. Хаёлимда ўз жигарбандимдек бўлиб қолган ўша дайди қизнинг кейинги саргузаштлари ва қисматидан воқиф бўлмоқ ниятида йўлга чиқдим. Ва ниҳоят, энди Тахминанинг эмас, балки Тахмина ҳақидаги менинг ҳасратларим қоғоз бетига тушди…
I
Эрталаб эндигина иш бошлаган «Тахмина» жавоҳирот дўконига ўйчан ва ҳорғин қиёфада вазмин қадам ташлаб, йигирма беш ёшлар чамасидаги бир йигит кириб келди. Қўлида ранги ўчган ихчам жомадон, ташқарида май ҳавоси дурустгина исита бошлаганига қарамай, эгнидаги анча униқиб қолган плашининг учала тугмасини ҳам қадаб олган, бўйнида қизил галстук, оёғида тумшуғи тўмтоқ эскироқ жигарранг туфли. Ўзи оқ-сариқдан келган барваста гавдали, бироқ қўнғироқсоч яланг бошини хиёл эгик тутиб, атрофга аллақандай ҳазин ва бефарқ боқишидан бу йигитни ё хастароқ ёки бўлмаса, кифтида бирон мушкулот юки бор, деб гумон қилиш мумкин эди.
Дўконда ҳали биронта харидор йўқлигида ана шу ғайриоддий, афти-ангоридан бу ерликка ўхшамай турган бегона ёш эркакнинг кириб келиши ташқарига хаёл сурганча термулиб ўтирган кўҳликкина сотувчи қизни сергак торттирди. Бироқ йигит пештахта ортида ғунча лабларини қимтиб, унга ҳадик аралаш жим тикилиб турган бу қизга мутлақо лоқайд бир қиёфада яқинлашиб, унга мулойимлик билан мурожаат қилди:
– Кечирасиз, синглим. Мен… Тахминани кўрмоқчийдим.
Сотувчи қиз бироз енгил тортгандай бўлди. Бироқ йигитнинг «ҳафсалани пир қилувчи» уст-бошига зимдан кўз югуртириб оларкан, бир дам иккиланиб қолди. Кейин унинг ҳамон ўзига илтижоли боқиб турганидан ноилождек, жавоб қайтарди:
– Тахмина хоним бугун ишда йўқлар, дам оляптилар.
– У ҳолда менга унинг уй адреси ёки телефонини беролмайсизми? – Кечирасиз, бунинг иложи йўқ.
– Эҳтимол, унга ўзингиз телефон қиларсиз?
Сотувчи қиз бу одам билан ортиқча «пачакилашиб» ўтиришни лозим топмади. Бурчакдаги қизил духобали парда тортиб қўйилган томонга юзланиб, қўнғироқ овозда чақирди:
– Наталья, вийди на минутку!
Бир дам ўтмай ичкаридан калта юбкали, келишимли, дўмбоққина, тилларанг қуюқ сочи елкасини қоплаб турган, ёши каттароқ бир ўрис қиз чиқди:
– Что, Гулбаҳор? – у шундай дея, қаршисида турган бегона йигитга юзланди ва энди соф ўзбекча талаффузда сўради: – Сизга нима керак, акажон?
Йигит ўрис қизнинг шакаргуфторлигидан завқланиб, кўзлари хиёл қисилгандек бўлди.
– Менга…
У мақсади нималигини айтиб қўя қолди. Шундан кейин Наталья ҳам йигитга сезилар-сезилмас шубҳали назар ташлаб, илова қилди: – Биз хонимни дам олиш куни безовта қилолмаймиз.
Йигит кутилмаган бу ҳолдан бир дам каловланиб қолди. Кейин яна илтимос қилди:
– Ҳеч бўлмаса, унинг эри Мумтоз амакини қаердан топишим мумкинлигини айтсангиз.
– Мумтозбек жанобларининг иш жойларини билмаймиз. Эртага келинг. Тахмина хоним шу ерда бўладилар.
Наталья шундай дея ортига бурилиб, яна ичкарига кириб кетмоқчи бўлувдики, йигит уни тўхтатди:
– Мумтозбек жаноблари менинг қариндошим бўладилар, уларнинг уйларида Сурайё деган аёл яшайди, балки танирсизлар?
– Ҳа, таниймиз, – Наталья билан Гулбаҳор беихтиёр кўз уриштириб олишди. – У аёл кимингиз бўлади?
– Мен… ўша аёлнинг ўғли Акмал бўламан. Узоқдан келяпман. Чарчаганман. Эртагача кутишнинг иложи йўқ, мени тушунинглар.
Қизлар аввалига бир-бирларига маъноли боқиб қўйишди-да, кейин сира кутилмаганда булутли осмонда бирданига офтоб чарақлаб кетгандек бўлди.
– Шуни олдинроқ айтсангиз бўлмасмиди? Сурайё холага йўл очиқ. Мен ҳозироқ адресларини ёзиб бераман.
Наталья шундай дея ичкарига кириб кетди. Акмалнинг хаёлидан «Демак, Тахмина билан бирга эмас…» деган фикр ўтиб, юраги ачишгандек бўлди. Бироқ ўзининг ҳозирги ночор қиёфасидан, «Тахмина хоним» ёки «Мумтозбек жаноблари»нинг яқин одами эмас, балки шунчаки бир «Сурайё холанинг ўғли» эканлигидан мана шу кибру ҳаволи қизларда ортиқча ачиниш ва шафқат ҳиссини уйғотиб қўймаслик учун ўзини қўлга олди. Дўкон пештахталарини тўлдириб турган қимматбаҳо буюмларга бепарво кўз югуртираркан, яқинлашиб келаётган ғоят интиқли, қувончли ва шу билан бирга, жиддий ва изтиробли учрашувнинг ҳаяжони, титроғи вужудини қамраб олаётганини ҳис этди.
II
Телефон жиринглади.
Мовийранг чўнг ванна ичида бўйнигача зилол сувга чўмиб, узала тушиб ётган Тахмина қўнғироққа эътибор бермади. Ҳатто кўзларини хиёл очиб ҳам қўймади, шу тобда у фараҳли бир туйғу, аллақандай ёқимли бир оғуш тафтидан беҳол ва сармаст эди. Уни ўз парқувларида қайси бир чаманзорлар оша беозор кўтариб, мастона элитиб бораётган ботиний ширин хаёллар эса ана шу ҳаловат сели билан қоришиб, томирларида бу вақт қон эмас, гўё олов югуриб тургандек эди…
– Тахмина…
– Нима дейсан?..
– Биз энди… Менга тегасанми?
Мен унинг ёниб турган кўзларига меҳр билан, эҳтирос билан боқаман. Аста қўлимни олиб бориб унинг юзларини, жингалак сочларини силаб-сийпаб қўяман.
– Тегмасам-чи? Шундоқ ўртоқ бўлибми, ака-сингилми бўлиб қолаверсак-чи?
– Йўқ, мен сени яхши кўриб қолганман, – Акмал энди мен томонга яқинроқ сурилиб, бир қўлини белим устига ташлайди. Мен индамайман. Унинг бу иши менга хуш ёқади.
– Мен ҳам… мен ҳам сени яхши кўриб қолганман. Лекин…
– Нима лекин? – у энди оёқларим устига бир оёғини ташлайди. Унинг бутун вужуди, овози ҳам титраб турипти. Ўзим ҳам шу ҳолдаман. – Мени… сендан олдин биттаси… алдаб кетган.
– Қўй бу гапларни. Алдаб кетган бўлса бўпти. Мен сени дейман.–У мени ўз оғушига тортади. Мен унинг вужудига сингиб кетаман… Ҳозир Тахминанинг хаёлида бир вақтлар ўз бошидан кечирган, юрагига бир умр муҳрланиб қолган ана шу лаззатли лаҳзалар бежиз жонланаётгани йўқ эди. Бугун тонгга яқин ғалати бир туш кўрипти. Аллақаерда тумонат одам тўпланган, ўртадан қий-чув, йиғи-сиғи овози эшитилиб турганмиш. Тахмина биргина ичкўйлакда, ялангоёқ, дир-дир титрармиш. Ваҳимадан нафаси бўғзига тиқилганча одамлар тўдасини ёриб ўтиб борса, йўл устида ўзларининг «Мерседес» машиналари ловуллаб ёниб турганмиш. Халойиқ энди Тахминани кўриб, йиғи-сиғи ўрнига, ўртада гўё катта гулхан ёняпти-ю, унинг атрофида келин-куёв айланаётгандек, қарсак чалишиб, «ёр-ёр» айтишаётганмиш. Тахмина эса дод солиб: «Тўхтанглар! Бу машинани ёқманглар! Ичида Мумтоз бор!» деб қичқирармиш. Машина ичидан шу пайт Мумтознинг қип-қизил қонга бўялган боши кўриниб: «Тахмина-а! Мени қутқа-аз!» дея дод сола бошлаган эмиш. Тахмина ўзини гулхан ичига отаман деса, икки киши унинг қўлларидан маҳкам тутиб, орқага тортармиш. Шу пайт қаршисида қаерданам Ўктамбек пайдо бўлиб, қовоғини уюб, ҳалиги одамларга: «Бу бевафони ушламанглар. Уни ўз ҳолига қўйинглар. Ўша тўнка Мумтози билан бирга ёниб кетсин!», дермиш. Одамлар унга қулоқ солишиб, Тахминани ўз ҳолига қўйишипти. Шунда Ўктамбек келиб, энди ўзи уни гулхан томонга судраётганмиш. Тахмина унга: «Қўйвор мени! Мен ўзим ёнаман!», деб қичқирса, Ўктамбек нуқул: «Сен ўзинг ёнмайсан. Мен ҳам ёнаман, уволим сенга, уволим сенга!», дермиш. Бир вақт даҳшатли қиёфага кирган Мумтоз машина ичидан қўлларини чўзиб, Тахминанинг ичкўйлагидан ўзи томон торта бошлаётган эдики, қаерданам баҳайбат бир оқ от пайдо бўлиб қолипти. От устида ўтирган чавандоз бир зумдаёқ Тахминани Мумтоз билан Ўктамбекнинг чангалидан қутқазиб олиб, уни ўз олдига миндириб олипти. Тахмина бундай қараса, от устидаги чавандоз… Акмал эмиш! Тахмина ўпкаси тўлиб йиғлар, дир-дир титрармиш. Акмал унга: «Қўрқма, Тахмина, энди улар сени ушлолмайди», дермиш. Шу пайт ҳалиги оқ от ўзўзидан қанот чиқариб, учиб бораётганмиш. Атрофларида оппоқ булутлар гала-гала сузиб юрганмиш…
Тахмина Акмал билан ўша-ўша хайрлашганича бошқа юз кўришганлари йўқ. Чиндан ҳам у Туркияга ўқишга кетдими-йўқми ёки бошқа жойда яшаяптими, буёғи номаълум. Онаси Сурайёки уни ахтармагач, Тахмина нима ҳам қила оларди. Буёғи Мумтоз…
Сурайёнинг ҳам, Тахминанинг ҳам дарди ичида. Бироқ бир кунмасбир кун Акмал уларни қидириб, ўз оёғи билан кириб келишига ишонадилар. Акмал, Акмал…
Телефон яна жиринглади.
Тахминанинг кўзлари ҳамон юмуқ, у энди Тошкентга, Мумтознинг даргоҳига келиб тушгандан кейин ҳаётида рўй берган роҳат-фароғатли дамларни хаёлидан кечирарди. Сурайё унга: «Кел энди, мен сенга оналик қилайин. Амакимнинг бир ўғли бор. Ўзинг билган машҳур ҳофиз Мумтозбек. Оиласидан ажралган. Ўзи сендан анча катта бўлсаям, қирчиллама йигитдек. Давлати беҳисоб. Ўшанга тегсанг, бахтингни топиб кетасан», деди. Сарсону саргардонликдан, хўрликлардан, муҳтожлик ва ёлғизликдан ёш боши билан эзилиб, адойи тамом бўлаёзган Тахмина Сурайёнинг таклифига розилик билдирди. Мумтознинг ўзиям чакки эмас, Сурайё айтганча бор экан. Тахминани кўрди-ю, унга ошиқу шайдо бўлиб, ўзини қўярга жой тополмай қолди.
Мана, худо энди унга тайинли уй-жой, мол-дунё, қонуний ва серсавлат, обрў-эътиборли эр насиб этди. Кечагина кимсан, қўлмақўл бўлиб юрган фоҳиша Тахмина бугунга келиб «Тахмина хоним», яна кимсан – «Жаноб Мумтозбекнинг жуфти ҳалоли» бўлиб турибди. Азим шаҳарнинг казо-казолари, манаман деган бойвачча йигитлари унга таъзим билан эгиладилар. Унинг нозик қўлларидан бўса олиш, у билан рақс тушиш ёхуд унинг ёнгинасида бир дам ўтириш бахтига мушарраф бўлиш учун ҳар қанча қурбонликка тайёрдирлар. Шунинг ўзи ҳазил гапми?
Тахмина энди ўзини чиндан ҳам бахтли ҳисоблай бошлади. Илгариям у бахт тушунчасини кам-кўстсиз, роҳат-фароғатли ҳаёт кечиришда, деб тушунарди. Ўз уй-жойларига, дўстларига эга бўлган, тўкинсочин ва хушчақчақ яшаётган одамларни кўриб: «Қандай бахтли кишилар-а!», деб қўярди ўзича. Шунинг учун ҳам у энди эри Мумтознинг ҳурматини, иззатини жойига қўйиш билан бирга, Мумтоз ёрдамида пул, мол-дунё йиғиш, бошқа давлатмандларга қараганда яхшироқ кийиниш, яхшироқ яшаш, «ҳамманинг олдида бўлиш», ўз ёши ва ҳусну жамолига яраша қадру қиммат топиб яшашга интилди. Мумтоз Тахминани қизғанишдан ҳам ва албатта, ўзидан қарийб ўттиз ёш кичик бекани етаклаб юришга баъзилардан хижолат чеккандан ҳам уни ўтиришларга, зиёфатларга камроқ олиб чиқарди. Тахмина эса бунга унчалик эътибор бермас, у кўпроқ ўзи билан ўзи, ўз иши ва қувончлари билан банд эди. Баъзан бирон меҳмондорчилик ёки базмда иштирок этиб қолган тақдирда эса, у ўзи билан ёнма-ён ўтирувчи Мумтознинг ёши катталигидан, унинг айниқса, кейинги пайтларда анча қорин қўйиб, бесўнақайлашиб қолганидан хижолат чекмасликка ёки ичидагини сиртига чиқармасликка ҳаракат қиларди. Аксинча, жўрттага бўлса-да, ўзини ана шу эркак билангина бахтиёрдек турли нағмалар кўрсатиб, бошқаларни атайлаб куйдирар ва бу билан албатта, Мумтоз олдида ўз мавқеини мустаҳкамлаб борарди. Ўз ўрнида, Мумтоз ҳам бундан ўзича қувонар ва унинг Тахминага нисбатан ишонч ва садоқати тобора ортар эди.
Бироқ ҳаёт – ҳаёт экан. Томири тўрт томонга қулоч отган эски дарахт бошқа-ю, эндигина гуркираб яшнаётган ниҳол бошқа экан. Бу ниҳол табиий равишда барибир ўзи учун зарур бўлган нарсаларга ташналик сезар ва уни барибир қидириб қоларкан. Эндигина кучқувватга тўлиб чирой очган, ҳар хил ташвишлардан холи ва энди ширин хаёллар суриш учун вақти кўпроқ бўлган Тахмина ҳам бир кун келиб ўзи учун нимадир етишмаётганини, жуда-жуда етишмаётганини ҳис этди. Ёшлик туғёнини жиловлаб бўлмас экан, шиддатли селдек бебош ва ўжар бўларкан, унга ҳар қанча тўсиқ қўйманг, барибир бир жойдан қўпориб чиқаркан.
Кунларнинг бирида Мумтоз Тахминани Иброҳим ҳожи деган бир давлатманднинг аллақандай муносабат билан ресторанда берган дабдабали зиёфатига олиб борди. Ана шу зиёфат чоғида Тахмина ҳожининг латиф, хушрўй ва хушқомат, ҳали уйланмаган ўғли Ўктамбекни кўриб юраги беихтиёр «жиз» этиб қўйди. Ўктамбек ҳам қимматбаҳо либослару, тақинчоқларда ёниб, яйраб-яшнаб ўтирган ўзи тенгқур Тахминанинг қўғирчоқдек ихчам, келишимли қадду қоматидан, ловуллаган ҳуснидан, ўткир нигоҳлари-ю, афсункор табассумларидан лол қолиб, ўзини йўқотиб қўяёзди. Ўктамбекни бунчалик тароватли, ёшгина Тахминанинг ёнида керилиб ўтирган, қуюқ қора сочлари ялтираб, қилиқлари ва юзларидан ҳамон ҳаёт шавқи барқ уриб турганлигига қарамай, ёши барибир бир жойга яқинлашиб борганлиги аён ҳофиз Мумтозга қандай қилиб хотин бўлиб қолганлиги ажаблантирарди.
Аслида биргина Ўктамбек эмас, зиёфатда иштирок этаётган, «номуносиб никоҳ» бекасини биринчи бор кўраётган кўпчилик меҳмонлар ҳам – аёллари ҳасаду, эркаклари ҳавас билан Тахминага ўғринча боқиб қўйишарди. Буни сезиб, ҳис этиб ўтирган Тахмина эса ич-ичидан ғурурланиб, роҳатланар ва жўрттага ўзини ўзи янада эркинроқ тутгани ҳолда, минг бир хил таманнолар қиларди.
Зиёфат чоғида, у ўз атрофида гирдикапалак бўлиб қолган Ўктамбек билан атайин бир-икки бор пинҳона кўз уриштириб, унга маънодор табассумлар ҳадя этди. Шу йўл билан Тахмина Ўктамбекнинг «ичига қўйиб юборган бурга» тезда ўз ҳунарини кўрсатди. Йигитнинг бошданоёқ бор вужудини қитиқлаб, уни энди қаттиқ саросима ва иситмага солиб қўйди. Иш шу даражага бориб етдики, хайрлашув чоғида Мумтознинг бошқалар билан овора бўлиб турган пайтини пойлаб, ҳали қўй оғзидан чўп олмаган Ўктамбек сира кутилмаганда аста унинг ёнига яқинлашиб, қалтироқ паст овозда: «Мен сизни севиб қолдим», дейишга журъат қилди.
Ўша-ўша, қайсидир институтда ўқиётган, ота-онасининг иссиқ бағрида, уларнинг меҳри ва саховати билан беташвиш яшаётган, ёшликнинг исёнкор табиий туйғулари ҳали қалбига чўғ солиб улгурмаган ана шу навниҳол йигит унга ёпишди-қолди. Тахмина ҳам қачонлардан бери кутаётган кишиси ҳаётига кириб келгандек қувониб, ташналик ва интиқлик билан Ўктамбекнинг илтижо ва эҳтиросларига осонгина ён босди. Мана, неча вақтдирки, улар Тахминанинг манекенчи опахони ва сирдоши Сожида деган аёлнинг уйида аҳён-аҳёнда учрашиб турадилар. Тахмина бугун ҳам Ўктамбек билан бўладиган навбатдаги учрашувни кўз олдига келтириб, ёш ва бақувват, чиройли ва ҳароратли йигит билан ўтказиладиган висол онлари ҳаловатини хаёлан ҳис этмоқчи бўларди. Бироқ унинг хаёлини бугунги кўрган туши, оқ от устида Акмалнинг тўшига қапишганича учиб бораётган ва шу аснода, бир вақтлар Акмал билан бирга кечирган ўша унутилмас, ҳаяжонли дамлар банд этаверди.
Телефон энди устма-уст, узоқ жиринглади.
Ҳушёр тортган Тахмина кўзини очиб, ваннадан аста бош кўтарди. Кейин хиёл жилмайганча ёнбошдаги тумба устида турган телефон гўшагига қўл узатди.
– Алло?
– Хайрият, бормисиз жоним? – Мумтознинг овози эшитилди.
– Қанақа эркаксиз ўзи, тинчгина ювинишгаям қўймайсиз.
– Узр, жоним, узр. Мен сизни ухлаб қолдимикин, деб ўйлабман. Гап шундаки…
– Шу бугун гапдан бўлак нарса йўқми, бегим? – ҳамон араз оҳанги аралаш мулойимлик билан унинг сўзини бўлди Тахмина.
– Ҳа энди… Бугун бемалол дам олишингизни олдиндан чўтлаб… – Ундай бўлса, яна нега безовта қилаяпсиз?
– Гап шундаки…
– Тўхтанг, тўхтанг, – Тахмина уни яна бўлди. – Каллайи саҳарлаб индамай чиқиб кетибсиз? Ҳозир қаердасиз?
– Ишдаман. Саҳар чайқовга тушдим. Иккита зўр кучук сотиб олдим. Қўрғонга обориб ташладим.
Мумтознинг бу гапидан ҳозир кайфияти анча яхши, гапга чечан Тахминанинг шўхлиги тутди. Эрининг суяк ғажишни чунонам яхши кўришидан ит лақаби борлиги эсига тушиб, киноя билан сўради:
– Битта Қўрғонга нечта ит керак ўзи?..
Мумтоз уни дарров тушунди. Илмоқли гапга яраша жавоб қайтариш лозим эди:
– Қўрғон учун биттаси етарли, албатта. Лекин малика бирон кун ёшлигига бориб «запасной» ит қидириб қолмасин, деган хавотирда олдиндан тадоригини кўриб қўйдим.
Тахмина ҳузур билан қиқирлаб кулиб олди-да, кейин Мумтозга илтифот билдирди:
– Энди мақсадга ўтинг, бегим.
– Хайрият, – гўшакдан Мумтознинг енгил тортгани сезилди. – Гап шундаки, бугун тушдан кейин Қутбиддин Салоҳий жаноблари келарканлар. Аэропортга чиқаман.
– Наҳот?! Қандай яхши! – ҳаяжонини босолмади Тахмина.
– Тўғри Қўрғонга олиб ўтаман, эҳтимол шериклариям бордир. Демак, гап бундай, соат олтиларга беш-ўн кишилик стол тузашсин. Ҳалироқ мен сизга машина жўнатаман. Қачон тайёр бўласиз?
– Мени… ҳали анча ишларим бор, Сожиданикига ўтаман. Маникюр қилдиришим керак. Сочларим ҳам бир аҳволда.
– Тушгача улгурарсиз, ахир?
– Ҳа. Машинани соат бирларда Сожиданикида кутаман.
– Бўпти. Дарвоқе, Сожида ҳам борсин. Норинни ўшанга қилдиринг. У ерда Зилолани ҳам чақирарсиз. Қолган ишларни Сурайё иккови бажаришади. Сиз кўз-қулоқ бўлиб турсангиз бас.
– Хўп бўлади, бегим.
Тахмина гўшакни жойига қўяркан, энди унинг хаёлини меҳмон, йирик сармоядор Қутбиддин Салоҳий банд этиб турарди.
… Ўтган йилнинг ёзида Мумтоз икковлари тижорат ишлари билан Эронга боришувди. Теҳроннинг энг гавжум ва сершовқин марказий майдонларининг бирида жойлашган йирик мебель дўкони ана шу жанобга тегишли экан. Улар дўконнинг ҳашаматли намойишгоҳида ақлни лол қолдирар даражадачиройли ишланган ранго-ранг, турли хил шакллар ва йиғмалардаги қимматбаҳо гарнитурларни ҳавас билан томоша қилишарди. Шу пайт кутилмаганда ёнларида новчадан келган, хушқомат, қора соқоли тиниқ ва бежирим юзига хўб ярашиб тушган, қисиқроқдан келган кулранг кўзлари сеҳрли боқувчи ўрта ёшлардаги башанг кийинган бир одам пайдо бўлди.
У аввал ўзини таништирди. Мебелсозлик фирмаси ва шу дўконнинг хўжайини Қутбиддин Салоҳий эканлигини айтди. Сўнгра Мумтоз ҳам ўзини ва Тахминани унга таништирди. Шундан кейин Қутбиддин уларни ўз кабинетига, бир пиёла қаҳвага таклиф қилди. Қисқагина суҳбат давомида Қутбиддин тошканлик меҳмонларни нималар қизиқтираётганини сўради. Мумтоз ҳам ўзининг йирик фирма соҳиби эканлиги ва бир нечта савдо дўконлари борлигини, хотини Тахмина эса жавоҳирот билан савдо қилишини, айни пайтда уларни унчалик қиммат бўлмаган, ҳаммабоп чиройли мебель гарнитурлари қизиқтираётганини айтди. Бундан Қутбиддин жудаям хурсанд бўлиб кетди ва уларга маҳкам ёпишиб олди.
– Ҳар қанча мебель бўлса, сизларни мен ўзим таъминлайман, – деди у чуқур мамнуният билан. – Нархи ва пули масаласида хижолатга қўймайман. Ўртада ишонч, кафолат туғилган тақдирда, ҳатто насияга ҳам иш кўриш мумкин…
Тахминанинг ҳамон кўз ўнгида, ўша суҳбат чоғида Қутбиддин унинг ҳусну жамолидан каловланиб, юраги гумириб, Тахминага Мумтоздан пинҳона бир неча бор суқланиб олди. Эртасига ўзига қарашли, юксак мартабали меҳмонлар учун мўлжалланган Лолазор номли истироҳат кўшкида уларга зиёфат берди. Ана шу қабул чоғида оврупоча расмий ақида баҳонаси билан Тахминанинг нозик қўлларини беозор тутганича унга лаб босаркан, Қутбиддиннинг бор вужудини ички бир қалтироқ ва ҳаяжон қамраб турганлигини ҳам у сезган. Ўшанда Тахмина жўрттага, ана шу ажнабий давлатманд эркакни «пичоқсиз сўйиб қўйиш» ниятида унга бир-икки бор хиёл кўз қисиб, маъноли табассум ҳам ҳадя этиб қўйди. Шунинг ўзиданоқ ўлиб бўлган Қутбиддин бутун ўтириш давомида унга ҳам, Мумтозга ҳам кўп илтифот ва хушомадлар кўрсатди. Хайрлашув чоғида эса Тахминага битта олтин узук ва «Шаби Шаҳризод» деб аталмиш қимматбаҳо ички кийимлар гарнитурини ҳадя этди. Тахмина бу совғалар билан жаноб Қутбиддин нималарга ишора қилаётганини ҳам англади, албатта. Айниқса, гап орасида Қутбиддин улардан: «Фарзандларингиз ҳам бордир?», деб сўради. Мумтоз унга очиқкўнгиллик билан: «Ҳозирча йўқ. Тахмина хоним болалик чоғида жиддий бир хасталикни бошдан кечирган экан. Алалхусус, тўла даволаб улгурганимизча йўқ», деб жавоб қайтарди. Шунда Қутбиддин: «Бу масалада биздан яхши жой йўқ. Келсалар, зўр дўхтурларга ўзимиз қаратамиз» деганида ҳам, бу гап замирида қандай ният ётганлигини сезган.
Ўшандан кейин яна икки кун Қутбиддин улардан ажрамади. Шаҳар ва унинг атрофларини ўз машинасида хўп томоша қилдирди. Улар энди анча қалинлашиб қолишган, бироқ Қутбиддин барибир юрагини кемираётган пинҳона туйғуни ҳатто бирон ишора билан ҳам юзага чиқаролмади. Буни сезиб, ич-ичидан ҳузур қилиб юрган Тахмина ахийри хайрлашув чоғида юқоридаги «даволаниш» масаласини баҳона қилиб, бечорага ўзи ёрдам қилди:
– Жаноб Қутбиддин, кеча сизга бир гап орасида Мумтозбек Тошкентда менга атаб сарой қурдираётгани ҳақида айтувдим, чоғи. – Худди шундай, хоним. Ёдимда бор.
– Ҳозир ана шунга боғлиқ анчагина чала ишларимиз бор. Биз уни тезроқ жиҳозлаб олсак, ундан сўнг бу ерга келиб бирон ой даволаниш ниятини қилдим…
Қутбиддин бу гапдан ўз қувончини яширишга уриниб, босиқлик билан сўради:
– Наҳотки жаноб Мумтозбек сизни бир ой кўрмасдан яшай олсалар? Ер остида илон қимирласа сеза оладиган Мумтоз Тахминани ҳам, Қутбиддинни ҳам тўғри тушунди. Бироқ сир бой бермади:
– Ҳа, бу қийин иш, албатта. Бироқ Тахмина хонимнинг саломатлигини ва албатта оилавий бахтимизни ҳисобга олгудек бўлсак, «Хўп» дейишдан бошқа иложим йўқ, жаноб Қутбиддин.
– Буёғи ўзларингизга ҳавола, – Қутбиддин ҳам сир бой бермади. – Лекин янги жойга тезроқ кўчиб ўтишларинг учун мен ҳам қўлимдан келган ёрдамимни аямайман. Ҳеч бўлмаганда, нечта ва қанақа мебель гарнитури лозим бўлса, менга қўнғироқ қилинглар. Камина Тахмина хонимнинг қувончларига қувонч қўшишдан бахтиёрман.
Улар давлатманд Қутбиддин Салоҳий жаноблари билан ана шу тарзда танишиб, қалинлашиб қолишганди. У ҳам амалда ўз сўзи устидан чиқадиган киши экан, Тошкентга бир марта нақд пулга ва икки марта насия тариқасида автокарвон билан жўнатган мебель гарнитурларининг ўзидан Мумтоз бир нимали бўлиб олди ва бу ҳам ўз ўрнида Қутбиддиннинг оғзидан чиққан маблағни унга ўз вақтида етказиб берди. Шундай қилиб, корчалонлар иши анча юришиб қолган ва ўша танишувдан бери Қутбиддин Салоҳийнинг бу томонларга биринчи ташриф буюриши эди.
Ҳозир Тахминани қизиқтириб турган нарса Қутбиддиннинг кутилмаган ташрифигина эмас, балки энг муҳими, буларга ваъда қилинган мебель гарнитурларининг Тошкентга қачон етиб келишини билишдан иборат эди.
У энди ҳозиргина ўзига роҳат ва шукуҳ бахш этиб, вужудида эҳтиросли туйғуларни уйғотган «сув машғулоти»дан воз кечиб, ўрнидан турди. Қаршисидаги бўй баравар ойна олдига келиб, ўз қадди-қоматини ўзи ғурур ва қувонч билан томоша қилди. Кейин артиниб, жавондан ўша, Қутбиддин Салоҳий ҳадя этган ҳафталик ички кийимлар гарнитуридан бирини олиб кийди. Бағоят нафис ва ҳарир бу ички кийимда унинг навқирон вужуди янаям тароватли, сеҳрли бир қиёфа касб этганди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?