Текст книги "ЯХШИЛИК ҲАММАГА ЯРАШАДИ 4-жилд"
Автор книги: ТОИР МАҲМУД
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 10 (всего у книги 22 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]
Тиниқ туйғулар ҳамиша тиниқ фикрлар уйғотади. Маълумки, худойим инсонни яратганда унинг танасига тупроқ таркибида мавжуд жамики тилсимотни қўшган. Шу боис одамзот она ерда унган ҳар бир дов-дарахт, ҳар бир гиёҳда ўзига яқин ва азиз бир нарсани кўради. Кўрадигина эмас, уларга боқиб кўзи қувнайди , дили туғёнга тушади. Илк бойчечак, илк ялпиз, қирда гулхан ёққан илк лола, лолақизғалдоқ, пешайвонга қўнган қалдирғоч, уйи осмонидан учиб ўтган турналар – ҳамма-ҳаммаси уни ҳаяжонга солади. Айни пайтда ўйга толдиради.
Дунёга келишдан мақсадини англаб етган инсон ўзидан сўраб туради: «Шунча йил яшаб қўйибман. Нима иш қилишга улгурдим? Худонинг марҳамати билан унган ялпизнинг муаттар иси бахш этган ҳузурни, бир лола рангидан томиб турган қувончни, чирқиллаб турган боласи қошига саноқсиз келиб-кетаётгани қушнинг меҳрини одамларга беролдимми?»
Дарҳақиқат, Тангри шундай буюк заргарки, табиатда яратилган ҳар бир нарсанинг, ҳар бир жонзотнинг ўз ўрни, ўз вазифаси, ўз масъулияти бор. Улар бу юмушларни деярли бехато бажарадилар. Лекин, табиатнинг энг онгли ва улуғ мавжудоти инсон эса гоҳида ўзлигини унутиб қўяди, ўзига берилган мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланмайди. Ҳирсу ҳавас, шайтоний нафс уни йўлдан оздиради. Умрининг ўткинчилиги ёдидан кўтарилади. Охир оқибат кетар жафода ўзлигини таниб қолади. Чунки, инсон кўзларини юмар экан, ҳамма нарса унинг ортида қолаётганини, бу боқий оламда гўзаллик ҳам боқий эканлигини, гуллар ҳам унингсиз очилаверишини, баҳор қайтиб келаверишини жуда кеч англаб етади.
Аслида шу пайтгача очилган гуллар унинг учун очилганди, қушлар унинг учун сайраганди, мажнунтолнинг саломи, елларнинг сарҳуш алласи, юлдузларнинг ҳовуч-ҳовуч нурлари, хуллас оламнинг жамики гўзаллигини Аллоҳ инсон учун яратганди. Уларни ҳаммаси инсонни ўзлигини англашга, яшашга, яшаганда ҳам булоқ сувидек тиниқ хаёллар билан, тошни тарс ёриб чиққан майсанинг журъати, булбулнинг ҳайрати билан яшашга чорлаганди. Инсон қўрни қуёшдан, меҳрни ердан олган. Мардликни эса… Зийрак одам учун табиатда мардликка чорловчи омиллар жуда кўп. Беихтиёр ёдимга «Чотқол» тоғ қўриқхонаси қоровулларидан бирининг анча йиллар бурун айтиб берган ҳикояси тушиб кетди.
Табиатнинг энг эрка, энг гўзал, энг беозор кийикларининг бунчалик мардликлари ҳам борлигига тасанно айтиб, ёқамни ушладим, – ука деганди у киши ўшанда.
– Агар тоғ кийиклари бир-бири билан келишолмай қолса, қай биринингдир ҳалокати муқаррар бўлса, ҳалол жанг қилар экан… Ана шундай жангнинг гувоҳи бўлганман. Келишолмай қолган кийиклар тубсиз қоя қошига келишаркан. Бири бутун жисму жонини кучга айлантириб қоя ёнида туради. Иккинчиси эса зарб билан келиб унга ўзини уради. Бири қоя тубига учиб кетгунча улар навбат билан ўрин алмашиб, шундай жанг қиларканлар..
Қалбларимизни баҳорий сурур нурлантириб турган Наврўз тонгида ушбу воқеанинг баёнидан мақсад, кимнидир шундай жангга чорлаш эмас. Аксинча ортдан отиладиган тошлардан, қилинадиган иғволардан, зимдан уюштирилган курашлардан, дилни чил-чил қилувчи озорлардан қайтариш. Дунёнинг гўзаллигидан дақиқа сайин, соат сайин унумли фойдаланишга, ундан илҳом олиб меҳру оқибатни оширадиган ишлар қилишга чорловдир.
Чунки, бу дунёга ҳар бир инсон бахтли яшагани келади. Аслида ҳар бир миллат, барча халқларнинг бирдан бир орзуси тинчлик, осойишталикда умргузаронлик қилиш. Дарҳақиқат, ТИНЧЛИК – жамики орзулар рўёбига очилган эшик.
Узилган умидлар ипи қайта боғланганда, армонлар ушалган орзуга дўнганда, қувонч ёшлари кўзлардан беихтиёр оққанда, соғинчлар дилларда, тилларда садоланганда биз БАХТ деган сўзнинг баҳори билан юзма-юз келамиз.
Бу йилги Баҳор, бу йилги Наврўз бизни ана шундай бахтга эш қилди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қардош Тожикистон, Қозоғистон давлатларига сафари азал-азал оқибат ардоғида яшаб келган халқларимизнинг қайта юз очган қадриятлар қувончидан нақадар масрур бўлганини, қалбларида фақат шукрона офтоби юз очганини ҳайрат ҳавосидан кўкси тўлиб нафас олганини гувоҳи бўлдик. Биз инсоннинг баҳорга айланганини, халқларнинг баҳорга айланганини кўрдик десак, муболаға бўлмайди.
Энди бу баҳорни омон асрамоқ, энди бу баҳорни гулларини сўлдирмай яшамоқ, меҳр, оқибат, мурувват, саҳоват каби қадим қадриятларимизда собит қолмоқ ҳар бир давлат фуқаросининг инсоний бурчи, гражданлик позицияси ҳисобланади. Тинчлигимизни асраб, ўзлигимизни англаб келгуси йиллар Наврўзларига мустаҳкам ишонч, қатъий ирода, покиза иймон-эътиқод, юксак зафарлар ила рўбарў келиш насиб этишини Яратгандан сўраймиз. Зотан, Наврўз тилаклари ҳамиша эзгу бўлган. Бу йилги Наврўзнинг шукуҳи ўзгача. Чунки бу Наврўз бутун Марказий Осиёга тинчлик тилагини таратди.
Гул ислари гул баргидан тўкилмиш ел қанотига,
Хуш насим хуш наво бермиш андалиблар баётига,
Қалдирғочлар қалқиб кетар висол тушганда ёдига,
Бойчечаклар саботида келар Наврўз, келар Наврўз,
Қумриларнинг қанотида келар Наврўз, келар Наврўз!
Қозонларнинг қулоғида сумалакнинг садолари,
Кафтларидан томар чак-чак момоларнинг дуолари,
Ўз исига ўзи сармаст баҳор тонгин саболари,
Бойчечаклар саботида келар Наврўз, келар Наврўз,
Қумриларнинг қанотида келар Наврўз, келар Наврўз!
Ялпизларга ёлворишиб еллар тортар қулоғидан,
Аё дўстлар шарбат томар боларилар дудоғидан,
Нон исин навоси келур унган буғдой увоғидан,
Тангрининг хуш дуосида келар Наврўз, келар Наврўз,
Вафо аҳлин навосида келар Наврўз, келар Наврўз!
КЎЗГУДАН ЭМАС, ЎЗИМИЗДАН ЎПКАЛАЙЛИК
Яхшидир аччиқ ҳақиқат
Азиз юртдошлар, дунёда юрмайин етадиган бир манзил бор – бу кўнгил. Демак, кўнгилдан кўнгилга йўл бор. Яратгандан тилакларим рўёбини сўраб, кўнглингиз гўшасига киргим келди. Биз барчамиз Тошкент вилояти, деб аталмиш жаннатмонанд воҳанинг фарзандларимиз. Киндик қонимиз шу муқаддас заминга томган. Халқимиз «бирники мингга, мингники туманга» деган мақолни топиб айтган.
Чунки улуғларимиз айтмоқчи, шаҳсингизни сўрашса паспортингизни кўрсатасиз, халқингиз ҳақида сўрашганда эса шу заминда камолга етган давлат ва сиёсат арбоблари, олиму фузалолар, шоиру ёзувчилар, санъат дарғалари ҳақида ифтихор билан гапирасиз. Уларнинг номларини тилга олаётиб чеҳрангизда қуёш балқийди, кўксингиз тоғдек юксалади. Аммо дунёда яхшилик ва ёмонлик, савоб ва гуноҳ, ҳасад ва ҳавас изма-из, ёнма-ён юради. Бир хонадондан чиққан бир ноқобил, нафсининг қули бўлган одамнинг қора қилмиши нафақат оила аъзолари, қариндош – уруғ, маҳалла – кўй, қишлоғи, тумани, агар юртдан узоқда, ёт элларда бўлса бутун миллатни, халқини юзини шувит, бошини хам қилади. Бунинг исботини бугун барчамиз кундалик ҳаётимизда кўриб турибмиз.
Шу боис бағрингизда камолга етган бир фарзандингиз, қалам соҳиби сифатида дилимни тирнаб турган айрим дардларни, вилоятимиз шаънига доғ бўлиб тушаётган баъзи қусурлар, лоқайдликларимиз борасида фикр билдирсам. Бу фикрлар кундалик ҳаётимиздаги аччиқ ҳақиқатнинг баёни.
Азизлар, ҳар биримиз учун жон ширин, соғ-саломат яшаш завқли. Барчамиз Яратган ато этган умрни яшаймиз. Аммо ҳаёт тез ўтмоқда. Асосий гап шундаки, биз яшайдиган ҳур Ўзбекистон, унинг гўзал гўшаларидан бири Тошкент вилояти барчамизники. Биз дунёга нима учун келдик? Яхши ҳаёт кечириш, бахтли яшаш, эзгу ният учун, яхшилик қилиб, ҳуш дуолар олиш учун. Нияти улуғ инсонлар Ватани, элу юрти учун нимадир қолдириб яшашни, яъни, яратиб, яшнатиб яшашни орзу қилади. Худойим шунинг учун ҳам бизларга умр ато этган, инсон қилиб яратган. Улуғ бобокалонимиз хазрати Навоий куйиб-ёниб таъкидлаганларидек:
Одами эрсанг демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.
Демак, Навоий бобомиз элим деб, юртим деб яшамаган, халқи учун қайғурмаган одамни оқилу-одил, баркамол инсонлар сафига қўшмаяптилар. Яхшилар сафида бўлишни барча орзу қилади, албатта. Аммо, бу ҳар кимга ҳам насиб этавермас экан.
Сўзим аввалида айтган ўкинч, армон шундаки, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда йилнинг тўрт фасли ўз гўзаллигини тўлиқ намоён этадиган, нафақат ўзининг мафтункор табиати, улкан иқтисодий имконияти, балки илм-фанимиз, адабиётимиз, санъатимиз ривожига қўшган салмоқли улуши билан эътирофда бўлган, машҳур сўфий аллома Ойхўжа ибн Тошхўжа, Занги ота, Хожа Аҳрор Валий, Шайҳ Умар Боғистоний, Абу Бакр Шоший, Абу Сулаймон Банокатий, Ҳофиз Кўйкий ва яна ўнлаб пиру комиллар, забардаст маърифатпарварлар, академиклар макон тутган, камолга етган муқаддас заминнинг ўтмиши билан фахрланиш ҳар биримизга ҳузур баҳш этади. Аммо аччиқ ҳақиқат шуки, бугун қайси жиҳатларимиз билан ифтихор қиламиз, кўксимизни тоғдек кўтарамиз, деган истиҳола кишини ўйлатиб қўяди.
Нима учун муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятимизнинг бугунги аҳволидан жиддий ташвишда? Агар ўтган йили Юртбошимиз Тошкент вилоятига бир неча бор ташриф буюрган бўлса, 2018 йил аввалида ҳам ташрифларини Тошкент вилоятидан бошлади. Давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифлари чоғида энг аввало оддий одамлар билан мулоқот қилади, оталарча муҳаббат билан уларнинг дардини тинглайди, қийнаётган ташвиш ва муаммоларига алоҳида эътибор беради. Айнан шу жойнинг ўзида масаланинг ечими топилади.
Президентимиз вилоятимиз иқтисодини ривожлантиришга, уни молиялаштиришга шу даражада эътибор қаратяптики, унинг кўламини бошқа бирор вилоятга таққослаш мушкул. Аслида бу ғамҳўрликни алоҳида шарҳлаб ўтиришга хожат йўқ. Чунки халқимиз ўзи билиб, кўриб, кузатиб, гувоҳи бўлиб турибди. Юртбошимиз кўрсатган бу эътибори эвазига биздан нима сўраяпти? Вилоят аҳлининг уюшқоқлигини, ҳамжиҳатлигини, берилган маблағ ва имкониятдан тўғри фойдаланиш, ҳалол меҳнат қилишни, бир ёқадан бош чиқариб Тошкент вилоятини қадимги шуҳратини тиклашни, вилоят ёшлари порлоқ истиқболга замин яратишни, икки-уч йилда вилоятимизни Республикамиздаги энг илғор, наъмунали вилоятлар сафида бўлишини сўраяптилар.
Шу ўринда дунё ҳамжамиятини ҳайратга солган бир ҳушхабарни чексиз ифтихор билан айтамизки, муҳтарам Президентмиз Шавкат Мирзиёев замонавий дунёни ўзгартираётган ўн нафар етакчи рўйхатидан ўрин олди. Ўз мамлакати ва минатақасидаги вазиятлар ўзгаришига сезиларли таъсир кўрсатишга қодир бўлган, ўзининг оқил ва доно сиёсати боис жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётган Юртбошимиз вилоятимизга бир неча бор ташриф буюриб, порлоқ эртамиз учун гўзал имкониятлар яратиб бераётган бир пайтда, биз ўз қўлимиз билан кундалик ҳаётимизда амалга оширишимиз зарур бўлган оддий ишларда ҳам лоқайдликка, ўзбилармончиликка йўл қўйсак. Албатта, биз бу ўринда бутун вилоят аҳлини айбламоқчи эмасмиз. Аммо ойни этак билан ёпиб бўлмаслиги аён ҳақиқат. Биз маҳалламиздаги, туманимиздаги ҳолатдан кўз юмолмаймиз. Чунки ёмоннинг қилиғи, яхшининг кўз ўнгида содир бўляпти. Қўшнининг камчилигига қўшни гувоҳ. Лекин бепарво, «оч қорним, тинч қулоғим», қабилида иш тутишга ўрганиб қолганмиз. Келинг, вилоятимиздаги қабристонлар аҳволига бир назар ташлайлик.
Қайлардасиз, дилбандларим?
Айтинг, азизлар, бу нидо қайдан ва кимдан келиши мумкин? Сиз қалбингиздаги кўзгуни инсоф ва диёнат рўмолчаси билан аввал бир артиб олинг. Кейин астойдил қаранг унга. Инсон қалбида ХОТИРА кўзгуси бўлади… Иймони бут, виждони уйғоқ одам вақти-вақти билан унга боқиб туради. Шубҳасиз, сиз унда ўзингизни, бу дунёдан ўтган жигарбандларингизни, дилбандларингизни кўрасиз. Сизни айрилиқ, соғинч, армон изтироблари эзади. Ахир бу дунёда отасини, онасини соғинмайдиган одам бўлиши мумкинми? Ўз жигарларини-чи? Соғинмай иложи йўқ.
Аммо ҳаётнинг, тирикчиликнинг, рўзғорнинг юмушлари доим бисёр. Тирик одамнинг ташвиши тугаган эмас. Шу боис тез-тез ўзимиздан ортолмаётганимиздан, вақтни камлигидан нолиб юрамиз. Яна шуни тан олиб айтиш керакки, баҳона излаган одам уни истаганча топиши мумкин. Лекин эзгулик эгалари, оқил ва мард инсонлар вақтдан ҳам, тақдирдан ҳам нолимайдилар. Ҳаммасига имконият топадилар. Бугунги ишни эртага қўймайдилар.
Бундай инсонлар аввало рўзғорини бут, оиласини осойишта тутади. Фарзандларини камоли, илму ҳикмати, саломатлиги учун барча зарур нарсаларни муҳайё қилади. Ўзидан ортиб улар билан шуғулланади. Табиийки, тирикларни қадрига етган одам ўлганларни ҳам унутмайди. Бундай инсонлар бир нарсани аниқ биладики, қалбида яқинларининг азиз ва муқаддас номи, иссиқ истаралари юз очиб турса, бошларида эса руҳи боқиб турганлигини ҳеч қачон унутмайди.
Деразадан тушган нурда ўғлим менинг кўзим бор,
Элга қилган савобингда билки ёруғ юзим бор,
Гар ғафлатдан йироқ эрсанг вужудингда ўзим бор,
Болам, отам ўлган дема, мен ўзингда яшайман,
Ким ортингдан дуо қилса, мен изингда яшайман.
Ҳа, худди шундай. Улар ўлмаган, улар биз билан. Хатоимиздан ўкиниб, қувончимиздан суюниб юрибдилар уларнинг руҳлари. Афсуски, биз буни билмаймиз, рости билишни истамаймиз. Чунки вақтимиз камлигидан, имкониятимиз йўқлигидан нолиймиз, холос.
Айтинг, қабристонга бориб ота-онамиз, биздан ўтган жигарларимиз қабрини зиёрат қилиб келиш, озгина қараб қўйиш учун биздан ҳафталар, ойлар талаб қилинмайди-ку. Атиги, бир кунннинг икки соати. Келинг, шу ўринда эл ардоғидаги шоир Чустийнинг «Индамаслар олами» номли шеъридан ушбу қисмини биргалашиб ўқийлик.
Ногаҳон келди бир овози ҳазин:
«Бир нафас туткил қулоқ, мен ҳам дейин,
Бор эди севган қатор фарзандларим,
Кўзларимнинг нурию дилбандларим.
Эркалатдим, меҳрибонлик айладим,
Сизладим, ширинзабонлик айладим.
Бир совуқ шаббода ҳам кўрмай раво,
Хасталанса, тинмай истардим даво.
Ўстирардим минг машаққатлар билан,
Қўлларим бошида шафқатлар билан.
Гоҳи озғин, гоҳи тўзғин мен ўзим,
Янги кийсин деб, жигарбандим, қўзим.
Гоҳи пулдор, гоҳи бўлдим қарздор,
Юз берарди турли ташвишлар қатор.
Вояга етгунча ул кўз қоралар,
Қоматим хам бўлди, бағрим поралар.
Қолдирарман деб уларга боғу роғ,
Мен олиб келдим дилимда қанча доғ.
Қолди унда зарнигор кошона ҳам,
Қолди ёру ошно, бегона ҳам.
Ризқ учун ёлғон-яшиқ сўз ишлатиб,
Баъзида бир пул учун бошим қотиб,
Дўппайиб турган шу тупроқ пастида,
Мен ётибдурман оёқлар остида.
Келмади йиллар кўзимнинг равшани,
Яъни, ул фарзанди дилбандлар қани?
Аслида мени бу мақолани ёзишимга Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Имомович Ибрагимовнинг даъватлари сабаб бўлди. Айтинг, нима учун Тошкент вилоят аҳли қабристонларга бунчалар совуққонлик, бепарволик билан қарайди? Ахир водий вилоятларига борсангиз, у ерда қабристонга кирсангиз марҳумларга, уларнинг қабрларига бўлган эътибордан дилингиз равшан тортади. Барчамизнинг борадиган жойимиз шу муқаддас Она Ер-ку, аслида!
Рости, вилоят ҳокимининг бу тўғри ва ҳаққоний эътирофидан кейин вилоятимизнинг бир неча шаҳар, туманларидаги баъзи қабристонларни бир кўриб чиқдик.
Ачинарли томони кўплаб қабристонлар масжидлар билан ёнма-ён. Бу масжидда ҳар куни беш маҳал намоз ўқилади. Кексаларимиз, кўплаб ҳожи оталар шунда жам бўлишади. Аммо қабристондаги ҳолатни кўрган ҳар қандай одамни афсус ва надоматдан ўзга туйғу қамраб олмайди. Ўралган панжаралар, ҳатто қўйилган мармар тошлар ҳам хас-ҳашак ичида қолиб кетган.
Азизлар, шу ҳашак остида сизнинг ота-онангизни, яқинларингизни руҳи чирқираб ётмаяптими? Кун келиб, вақт етиб шу жойга барчамиз борамиз. Қайтар дунё, уларнинг ҳолига ўзимиз ҳам тушамиз, албатта. Албатта дейишимнинг боиси, қуш уясида кўрганини қилади. Биз ота-оналаримизга шундай муносабатда бўлсак, фарзандларимиз биздан ортиб қаёққа боришади?! Назаримда вилоятимиздаги кўплаб қабристонларда «Уят ўлимдан ёмон», деган сўз жаранглаб тургандек, бўлди менга.
Баъзи қабристонлардаги мутасаддиларнинг айтишича:
–Қаралмаган аксарият қабрлар кўчада, чойхонада, давраларда гапини бировга бермай ариллаб юрганларга тегишли. Афсус… Ҳайф одамийлик…
Яна ҳам ачинарлиси, қабристон қоровулининг мана бу сўзлари бўлди:
–Оқсоқолимиз Орифжон ака ўн йиллардан бери қабристонга қадам қўймайдиган айрим хонадон эгаларига «Қабристонда ҳашар уюштиряпмиз, илтимос, келиб ота-онангиз қабрини тозалашга ёрдам беринг», деган таклифнома юбориб ҳам келтира олмадилар баъзиларни. Бундай инсонларга тегишли қабрларни имкон қадар ўзимиз тозалаяпмиз.
Азизлар, инсон бундан ортиқ тубан кетиши мумкинми? Наҳотки, бизлар шу даражада уят, андишани бир четга ирғитиб қўйдик.
Албатта, эътибор билан қаралган, аксарият қабрлар суваб қўйилган, йўлаклар озода, қуриган хас-ҳашакдан тозаланган қабристонлар ҳам анчагина. Аммо яхшисидан ёмони кўплиги ҳам бор ҳақиқат.
Хўш, сиз расмда кўриб турган неча йиллар олдин қўйилган ёғоч панжараси тўнтарилиб, хас-ҳашаклар остида ётган қабр-чи? Кимники? Тўғриси, бундай хоки туроб бўлиб ётган қабрлар вилоятимиздаги барча қабристонларда кўплаб топилади.
Менинг аччиқ сўзларим ўзларига тегишли қабрларни саранжом-саришта қилиб қўйган ҳамюртларимизга оғир ботиши мумкин. Аммо қабристонларга кирган одамга биринчи ўринда хас-ҳашак ва қаровсиз қабрлар кўринади. Бирники мингга, мингники туманга…
Шу боис, келинг, азизлар, барчамиз қутлуғ кунларнинг – рўзаи рамазон, ҳайит байрамларини кутиб ўтирмай уйғонайлик. Четдан келганлар устимиздан кулиб кетишларига имкон яратмайлик. Дала, боғ-роғлардаги ишлар булар доимий юмуш. Ҳар бир хонадонга тегишли қабристондаги юмушлар эса икки-уч соат вақтимизни олади, холос. Шунинг учун вилоятимиз номи ёмон отлиққа чиқмасин.
Ҳақиқат Худонинг ердаги юзи,
Уни синдирганни сингайдир ўзи.
Инсон зотини тиригида синиб қолишдан, элу юрт назаридан қолишдан асрасин. Юртбошимиз таъкидлаганидек, Тошкент вилояти республикамизнинг жаннат гўшаси. Ундаги қабристонлар ҳам вилоятимиз шаъни, шу гўша табиатининг гўзаллигига мос бўлиши керак.
Энди эса, яна бир бор қулоқларимизни очайлик: – Қайдасиз, дилбандларим, қайлардасиз? Наздимизда бу нидо вилоятимиз шаҳар, туманларидаги барча қабристонлардан таралаётир. Руҳларни чирқиратиб қўйиш тирикларга ярашмайди. Қолаверса, бу гуноҳи азим. Гуноҳнинг эса ўз жавоби бор.
(“Тошкент ҳақиқати” газетаси, 5-сон, 2018 йил.)
БУ ОЛАМ БАХТИ ҲАМ
АЁЛ БАХТИДАН!
Муҳаббат мулкининг
чиройи сизлар
Гўзаллик – энг аввал кўзнинг шифоси,
Дилга туғён солган сўзнинг шифоси.
Гўзаллик – қуёшдек порлагувчи нур,
Гўзаллик – яшашга чорлагувчи нур.
Гўзаллар баҳорнинг гулига ўхшар,
Юрган йўлларига ифорлар тўшар.
Гўзаллар кўзгуси – ўзбек аёли,
Гўзаллар орзуси – ўзбек аёли.
Кумуш кўзидаги ҳаё – гўзаллик,
Раъно юзидаги ибо – гўзаллик.
Қодирий қаламин учидаги ой,
Муҳаббат мулкига бўлолган чирой.
Ой, қуёш – бир тараф, сизлар – бир тараф,
Миллат аёлига ёғилган шараф.
Гулдан тўкилади гулнинг шонаси,
Гўзаллик онаси – Ўзбек онаси!
Дарҳақиқат, аёл-гўзаллик тимсоли, муҳаббат рамзи. Шу боис дунёда неки гўзал, аёлга нисбатан берилгувси. Неки мафтункор, аёлга қиёс этилгувси. Латофатли ёр-ошиқ оҳидаги нур. Умид боғидаги гул.
Нима бўлганда ҳам яна бир ҳақиқат бор. «Ҳар кимники ўзига, ой кўринар кўзига». Ўзбек аёлининг малоҳатига ўзбек эрлари назари билан боққан одам англаган ҳақиқат шуки, дунёдаги офтобжамол аёллар-бизнинг аёллар!
Аслида аёл зоти нафақат жисмидаги чирой, балки қалбидаги гўзаллик билан дунёни нурлантириб туради. Унинг меҳри, вафоси, садоқати одамийлик оламига очилган эшик.
Онамиз сути билан қонимизга кирган меҳр боис-биз меҳрлимиз. Вафо боис-биз вафолимиз. Амалда яхши кўрмай туриб, яхши кўриш деган сўзни баланд пардаларда айтмоқдан маъно йўқ. Она фарзандини яхши кўрган каби одамийликни эъзозлай олган инсон том маънода яхшилар сафида бўлгуси. Она фарзандига кўрсатган жонфидолик каби халқига, Ватанига борини бахшида этолган одам халқнинг фарзандига айлангуси.
Она алласидаги оҳанг – бу садоқат оҳанги. Қалбида садоқат туйғуси оҳорланиб турган инсон онг билан, офтоб билан яшайди. Шукурким, озми-кўпми дунё кўряпмиз, одам танияпмиз. Яна бир шукурким, бизнинг дарёдил оналаримиз, меҳрибон опа-сингилларимиз, малоҳатли қизларимиз, жонфидо ёрларимизнинг чеҳралари ҳам, қалблари ҳам нурли. Боиси, миллатимиз хотин-қизларига ғурур бобомерос, меҳр момомерос. Буюк соҳибқирон Амир Темурга, Ҳазрати Навоийга, пирикомил Баҳоуддин Нақшбандийга, ақлу тафаккур султони Берунийга, шоҳ Бобурга аллалар айтган жаннатмакон оналарни кўз олдимизга келтирмоқни ўзи ҳам чеҳрамизда офтоб, қалбимизда дарё, қаддимизда тоғ пайдо қилмайдими?
Шоирлик-да, нечундир Амир Темур ҳазратларига оналари Тегина бегим қандай алла айтган экан, деган ўй кўнглим чархидан чиқмай қолади.
Худойимга шукрим бор,
Ўғил берди, ор берди,
Алла-ё, алла.
Отасининг ёнига
Қўллагувчи нор берди,
Алла-ё, алла.
Пешонангни дўнг кўрдим,
Сени ойга тенг кўрдим,
Алла-ё, алла.
Офтоб кулсин бошингда,
Шакар бўлсин ошингда,
Алла-ё, алла.
Ҳар онанинг орзуси,
Яхши ният кўзгуси,
Алла-ё, алла.
Мани болам бўй етиб,
Марду майдон бўлғуси,
Алла-ё, алла.
Одил одам оламни
Олар бўлса хуш бўлсин,
Алла-ё, алла.
Қуш учирсанг қўлингда,
Бургутдайин қуш бўлсин,
Алла-ё, алла.
Ёмон кўздан яширдим,
Худойимга топширдим,
Алла, болам, алла,
Ухла болам, алла.
Фарзанд шаънига айтиладиган ҳар қандай эзгу ниятларнинг аввали она алласидан бошланади. Онаизор дили тубидаги орзу-истакларини, хуш дуоларини дастлаб ўз алласида изҳор этади. Бу орзулар фарзанд билан баробар бўй чўзиб боради. Она фарзандига умр, бахту саодат, оламга эса тинчлик тилайди.
Дунё оналари шу ўй, шу тилак, шу оппоқ хаёл билан яшайдилар. Қолаверса, одамзотнинг бахту иқболи оиласидаги хотиржамлик, қут-барака, юртидаги тинчлик-омонлик билан ўлчанади. Эли тинч, юрти обод, шоду хуррам ўғил-қизларини камолини кўраётган она-дунёдаги энг бахтли она!
Шу маънода, миллатимиз оналарига, юртимиз аёлларига кўплаб мамлакатлар хотин-қизларининг ҳаваслари келиши табиий. Муҳтарам Юртбошимизнинг оқил, доно сиёсати боис Ўзбекистон хотин-қизлари мустақиллигимизнинг илк кунларидан эъзозу-эътиборда. Ўтаётган 25 йилдан буён аксарият йилларимиз Президентимиз ташаббуслари билан оналарни, аёлларни, уларнинг жондан азиз фарзандларини саломатлиги, бахту иқболи, моддий-маънавий камолини кўзлаб номланаяпти. Мазкур йилимизнинг «Соғлом она ва бола йили» деб номланиши фикримизнинг ёрқин далили. Ушбу қутлуғ йилда амалга ошириладиган эзгу ишларнинг кўлами, Давлат дастурларида кўзда тутилган режаларнинг улуғворлиги, ажратилган маблағларнинг салмоғи, нафақат аёлларимиз, балки юртимизнинг ҳар бир фуқаросининг кўнглини тоғдек кўтаради. Қалбида ифтихор ҳиссини уйғотади.
Аслида эъзозга, эҳтиромга мушарраф бўлган инсон дилида ифтихор юз очади, ғурур уйғонади, шукрона пайдо бўлади. Ҳозирда Ўзбекистон аёллари ана шу ифтихор, ана шу ғурур, ана шу шукр билан яшамоқдалар. Чунки бугунги дунёга назар, яқин-йироқ мамлакатларда юз бераётган нотинчликлар, тўкилаётган қонлар, бўзлаб қолаётган оналар, етим қолган болалар, содир этилаётган вайронагарчиликлар кишини ларзага солади. Бунингдек озорли, аламли воқеалардан воқиф бўлиб, энг аввало элу юрти тинчлиги учун яратганга беҳисоб шукрлар қилаётган, бу – Ўзбекистон оналаридир.
Ватаннинг тарихи – она тарихи,
Оналар вафонинг зўр муаррихи.
Оқибат ардоғин чироғи улар,
Дуо кавсарининг булоғи улар.
Ўзбек онасининг тилаги – оппоқ,
Ўзбек онасининг юраги – чақмоқ.
Яхшилик ёдида яшайди улар,
Яхшилик қилганда яшнайди улар.
Ўзбек онасидек болажони йўқ,
Унингдек фарзандга фидо жони йўқ.
Ўтмишга гар боқсанг оҳи кўп бўлган,
Йўлида оҳ тўла чоҳи кўп бўлган.
Паранжи чачвонда боққан дунёга,
Гоҳида зор ўтган чимдим зиёга.
Очлик, очарчилик дардини кўрган,
Нон сўраб тегирмон гардини кўрган.
Бир-бирин талаган беклару хонлар,
Қирғин-баротларда кетган не жонлар.
Оналарни ўртаб фарзандлар доғи,
Қалбларида сўнган умид чироғи.
Миллат оқиллари увол кетдилар,
Дилда: «Нечун?» деган савол – кетдилар.
Тарих – бу кечмишнинг қора қоғози,
Тарих – бу аслида азоб овози.
Ҳар она дилида минг армон бўлган,
Ҳар она оҳида бир достон бўлган.
Дарҳақиқат, ўз миллати ўтмишини хотирлаб турмаган, тарихини унутган одам бугунги саодатли кунларнинг қадрига етиши душвор. Ҳар қандай азобнинг оҳи аввал оналар юрагини тилади, аввал оналар чеҳрасига ажин солади, қаддини букади. Шу боис биз мустақиллигимизнинг 25 йиллигидаги бу байрамларга, бу ҳавасли кунларга осон эришмадик. Халқимиз дастурхонидаги бу ноз-неъматлар осмондан ёғилмайди.
Қайси миллат оналари уйғоқ бўлса – болалари мудраб юрмайди. Қайси миллат оналари юрт учун жонфидо бўлса – ўғлонлари киндик қони томган тупроқ учун, Ватан учун қалқон бўла олади. Шу маънода юртимиз оналарига ҳавас қилгувчилар кўп. Бугун муддатли ҳарбий хизматга ўз ўғлонларини кузатиб қўяётган ва кутиб олаётган оналарнинг чеҳрасидаги қуёш – бу Ўзбекистон қуёшидир. Бу қувонч – миллат қувончидир. Чунки, Юртбошимиз таъкидлаганларидек, фарзандлари ўзга юртларни эмас, ўз она Ватанлари сарҳадларини қўриқлашмоқда.
Бу йигитлик шарафига муяссар бўлган, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган ўғлоннинг онаси – том маънода бахтли она. Қолаверса, юрт мардлари сафида ўз ўғлонини кўрган онанинг қувончининг чеки бўлмаслиги табиий. Энг муҳими, бу эзгу ишлар тинч ва осойишта Ватанда, озод ва обод юртда, ота маконда, Она Ватанда бажариляпти.
Яшашнинг ўзи бахт озод Ватанда,
Қувонч қўрғон қурган обод Ватанда.
Файзу баракаси доим зиёда,
Қўллар меҳнатдаю диллар навода.
Ҳар фарзанд чеҳраси тинчликнинг ранги,
Тилларда, дилларда ҳурлик оҳанги.
Бошларда ҳуррият офтоби порлар,
Меҳру оқибатга, дўстликка чорлар.
Тенгликнинг муқаддас китоби бизда,
Ҳар миллат орзусин рўёби бизда.
Яратиб, яшнатиб халқнинг ўзи – шод,
Ўқиб уққанларнинг дил мулки – обод.
Шижоат аъмоли – Ўзбекистонда,
Матонат камоли – Ўзбекистонда.
Аёлга бахт берган озод Ватан бу,
Аёлга тахт берган обод Ватан бу.
Дунё аҳли абад қилгайдир ҳавас,
Кўҳна Шарқда азал Аёл муқаддас.
Бунда кафтда тутмиш Она зотини,
Шоирлар бахш этмиш дил баётини.
Миллат комиллиги – Она камоли,
Она камолида – миллат иқболи.
Юртбоши дилида энг улуғ ният,
Аёлга эҳтиром, онага иззат.
Ҳам яна чексиздир аёл имкони,
Дунёни забт этмиш унинг ҳур шони.
Унинг меҳри билан олам озода,
Яхшилик зиёда, савоб зиёда.
Она шодлиги – бу олам шодлиги. Яйраб, яшнаб, тилидан бол томиб сўзлаётган аёлнинг луфтида оиласининг ороми мужассам. Кўчада шахдам қадамлар билан кетаётган аёлнинг йўлига эртанги кунига бўлган ишончи нур сочиб турса не ажаб? Вафони ҳаётининг мазмуни деб билган аёл қошида бахтнинг беланчаги солланиб турғуси. Аслида вафо-аёл зотининг тумори эрур.
Бу битикларимдан мурод-миллатимиз оналарини, Ўзбекистон аёлларини шу нур, шу шахд, шу бахт билан кўриш нечоғлик ҳузурбахш эканлигини таъкидлашдир.
Яна муҳтарама волидаларимизни, оқибатимиз осмони опа-сингилларимизни, кўзимизнинг қувончи латофатли қизларимизни, садоқатимиз сарбонлари – умр йўлдошларимизни қалам аҳли номидан байрамлари билан қутлаш. Зеро, уларнинг сиҳатлиги – бу элнинг сиҳатлиги. Уларнинг омонлиги – бутун бир авлоднинг омонлиги. Уларнинг гўзаллиги – миллатнинг гўзаллиги. Миллатимиз аёлларига бахт ярашади, ёшариш ярашади, гўзаллик ярашади.
Сиз кўҳна жаҳонда ўзга жаҳонсиз,
Ниятлари нурли тиниқ осмонсиз,
Сиз элнинг онаси – Ўзбекистонсиз,
Эй сиз миллат аҳлин дилу жонлари,
Озод, обод юртнинг онажонлари!
Бирларин – қўли гул, бирларин дили,
Бирлари маърифат боғин булбули.
Иймон, ишонч билан чароғон йўли,
Шукру саодатда ўтар онлари,
Элнинг дуогўйи, онажонлари!
Оламу одамга ором улашган,
Ҳикмат хирмонидан калом улашган,
Неки эзгу бўлса, мудом улашган,
Улуғ момоларнинг ёруғ шонлари,
Эй Сиз, юртнинг мунис онажонлари!
Олима, шифокор, фермер ё чевар,
Муаллима, зардўз у, фидоий дилбар,
Аёл – у, Она – у, энг тоза гавҳар,
Юзидан ранг олган ширмой нонлари,
Миллатнинг муқаддас онажонлари!
Меҳнат шараф берган, ном берган сизга,
Ҳалоллик ризқ берган, нон берган сизга,
Ватанга муҳаббат, шон берган сизга,
Юртим аёлларин қаҳрамонлари,
Жафокаш, жонфидо онажонлари!
(«Тошкент оқшоми» газетаси, 2016 й.)
АЁЛ ОМОН БЎЛСА, ДУНЁ ГЎЗАЛДИР
Ҳаёт гўзал! Тўғрироғи, биз ана шу гўзалликни асраш учун дунёга келганмиз. Ҳеч ким эзгулик эшигини оналар каби кўп очмайди.
Дунёда аёл сўзи билан бахт сўзи эгизак юради. Чунки аёл қадам қўйган ерда гўзаллик юз очади. Аёл бор уйда ҳаловат бор, хотиржамлик бор. Болалар юзидаги табассум онанинг меҳридан таралади. Оиланинг чироғи, қут-баракаси, файзу таровати аёллар биландир. Шунинг учун ҳам бахт аёлга эргашиб юради.
Дунё дунё бўлганидан бери, инсон ўзлигини англаганидан буён одам боласи Оллоҳдан кейин онага топинади, унга юкунади. Сўнгги нафасида ҳам онани тилга олади. Боиси, ҳеч ким фарзандга ўз онаси каби меҳр беролмайди. Она чеҳрасидаги қуёш бу мурувват қуёширдир, меҳр қуёшидир. Қулоғига алла оҳанги чалиниб қолган одамнинг қайси ёшдан бўлишидан қатъий назар дилида сўз билан ифода қилиб бўлмас туйғулар мавж уради. Чунки она алласи инсоннинг инсонлигини, бу ҳаёт ўткинчи эканлигини, у ҳам кечагина гўдак бўлиб ўз онасидан алла эшитганини ёдига солади. Алла ҳар бир она ўзи билганча айтадиган қўшиқ. Алла – бу оналар жонининг жаранги.
Ҳатто, биз муқаддас заминимизга ҳам Она сўзини қўшиб айтамиз. Чунки она ўз зурриёдини тўққиз ой жисмида кўтариб юради, дунёга келтиргандан кейин иссиқ қучоғига олади, оқ сут беради, камолга етказади. Она Замин-чи, жамики инсон зотини, тирик жонзотни тиригида ўз елкасида кўтариб юради, дунёдан ўтганидан сўнг бағридан жой беради. Инсон абадий оромни Она Ер бағридан топади.
Ҳаёт гўзал, чунки, соғиниб, соғинтириб яшайдиган одамларнинг борлиги учун гўзал!
Ўз укасини соғинган опа, ўз оғасини соғинган сингилнинг чеҳрасига боққанмисиз. Уларнинг юзларидаги соғинч нури ҳар қандай тўсиқни кесиб ўтишга қодир. Бежизга халқимизда синглиси хузурига шошаётган ака учун буғдойзорни кесиб ўтиш мумкин дейилмаган. Қизларини турмушга берган оталар ҳам талай пайтгача, кўниккунларигача бағрилари ўпирилиб, тўкилиб юрадилар.
Бир сўз билан айтганда биз бирон кунимизни хотин-қизларсиз тасаввур қилолмаймиз. Аёллар бизга умримизнинг барча жабҳаларида йўлдош, қўлдош. Амир Темурдек буюк соҳибқирон бобомиз ҳам Бибихонимдек оқила аёлининг самимий масалаҳатларига қулоқ солган, зарур пайтларида муҳтож ҳам бўлганлар.
Умуман шарқ аёлининг ақлу заковати, меҳру оқибати, шарму ҳаёси дунё аёллари учун эзгуликнинг тимсоли бўлган. Ҳазрат Навоийнинг Ширин тили билан келтирган ушбу мисралари фикримизга ёрқин далилдир.
Менга на ёру, на ошиқ ҳавасдир,
Агар мен одам ўлсам ушбу басдир.
Дарҳақиқат, адабиётимизда яратилган Ширин, Лайли, Зуҳра Кумуш, Раънолар тимсолида биз вафо маликаларини кўрамиз. Қолаверса, Нодирабегим, Зебунисо, Увайсий, Анбар Отин каби ўнлаб мумтоз шеъриятимизнинг фидойилари нафақат ғазалиётларида, ҳаётларида ҳам вафо тимсоллари бўлганлар.
Ўзбек шеъриятининг дунё тан олган оқила соҳибаси биргина Зулфияхонимнинг ҳаёти, ижоди садоқат, вафо ахтарган инсонлар учун бир мактабдир.
Ҳаёт гўзал, у яратиш, яшнатиш ишқи билан яшаётган инсон учун гўзал. Бугунги ўзбек аҳли, мустақиллик дунёга олиб чиқаётган аёл. Унинг Ўзбекистондаги ўрни улуғ. У – олима, оқила, мураббий, шифокор, мулк эгаси, ер эгаси. Бугунги ўзбек аҳли дунё гўзаллигига гўзаллик қўшаётган аёл!