Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 1

Текст книги "Ҳаёт қайиғи (2 китоб)"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:45


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 1 (всего у книги 33 страниц) [доступный отрывок для чтения: 9 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Тоҳир Малик
Ҳаёт қайиғи. Иккинчи китоб. Сароб

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Меҳрибон ва раҳмдил, Яратган ва белгилаган дақиқасида Ўз ҳузурига чақирувчи, пок ҳамда беқиёс улуғ Аллоҳим номини юрак тўрида сақлаган ҳолимда сўз бошлаяпман. Ё Раббим, Ўзинг хайрли оқибат бергайсен!



Биринчи қисм
ИККИНЧИ ТУҒИЛИШ

Телефонга раҳмат

Агар кундузи ишламаганимда ҳаётим тарихидаги олти саҳифа бўш қолмаса-да, нурсиз бўлиши аниқ эди. Шу боис энди иккинчи туғилишимга доир баённи давом эттираман. Илк ҳикоям нашр этилган 1960 санасини баъзан “иккинчи туғилган йилим”, десам-да, бу унчалик тўғри эмас. Болалигида адабиётга ҳавас қилиб неча-неча дафтарни шеърларга тўлдирган, ҳатто асарлари матбуот юзини кўрганлар кўп. Афсуски, уларнинг барчалари ҳам ижод йўлида бардавом бўлмайдилар. Қаердадир, кичик тошга қоқилиб, бу ёғига юргилари келмай қолади. Бошқа ижодкорларнинг фикрини билмайман, аммо ўзим бу белгини инкор этаман-да, иккинчи туғилиш кунини матбуотда иш бошлаган кунимга кўчираман. Чунки бу ҳаётимдаги узоқ йиллар давом этган ишончли йўлга чиқиб олган куним эди. Шукрким, бу йўлда тўхташ, ортга қайтиш бўлмади. Тўғри, барчасига қўл силтаб, ёзувчилик оламидан чиқиб кетиш нияти уч-тўрт мартамикин пайдо бўлди, лекин тақдир ёзуғи бунга йўл қўймади шекилли. Бу ҳақда ўрни келганда сўз айтарман.

Болалар газетаси таҳририятида иш бошлаш каминани бахтиёрлик булутига олиб чиқиб, қувонч боғлари узра сайр қилдирса-да, “ҳисобчилик” вазифам ғоят зерикарли эди. Бу иш менга пробирка ювишдан ҳам оғирроқ туюлди. Таҳририятга ҳар куни камида уч юзта хат келарди. Хатларни битта-битта очишим, ўқишим, мазмунига қараб бўлимларга ажратишим, катта дафтарга ёзишим сўнг бўлим мудирига топшириб, имзо қўйдириб олишим, хатга ўз вақтида жавоб қайтарилишини талаб қилишим шарт эди. Бўлим ходими жавоб мактубини бергач, уни хатжилдга жойлаб, юборилиш манзилини ёзиш ҳам каминанинг вазифаси эди. Қимирламай ўтириб ишласам ҳам кечгача зўрға улгурардим. Энг кўп мактуб адабиёт бўлимига келарди. Кейинчалик бу бўлимда ҳам ишлаганман. Ёш шоирлардан келган хатларга жавоб ёзишдан чарчардим. Сирожиддин Саййид, Тоҳир Қаҳҳор каби шоирлар “Ўқувчилик йилларимиз сиздан мактуб олиб қувонганмиз”, деб ҳозиргача гапиришади. Раҳматли Муҳаммад Юсуфнинг шеърини газетада бериб, кейин Совет Иттифоқи фаол ёш мухбирларининг кенгашига, Қримга, Қора денгиз бўйидаги сўлим “Артек” оромгоҳига юборганмиз.

Ҳарбий хизматдалигим пайтида Навоий кўчасидаги таниш иморат сурати қўлимга тушиб қолди. Эҳтиёт қилиб сақладим. Қайтишга тайёргарлик чоғи фотосуратларни альбомга теришда биринчи саҳифага шу суратни қўйиб, тагхатига “Навоий кўчаси, 30-уй, мен туғилган уй”, деб ёзиб қўйдим. Ҳарбийдаги йигитлар ҳам, альбомни кейин томоша қилганлар ҳам “Бу иморат туғуруқхонами?” деб ажабланишди. Бу бинода ёзувчи сифатида туғилганман, кўп йиллар ишлаганман, деган рамзий маънода шундай ёзган эдим. Кейинроқ камина ишлаган Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, “Чўлпон” нашриёти, Маданият вазирлиги ҳам шу бинода жойлашган эди.

Омадим бор экан, “Ленин учқуни” “отахон газета” каби обрўга эга бўлмаса-да, қобилиятли қалам аҳли тўпланган ижод саройи эди. Бу ерда адабий муҳит мавжуд эди. Ошириб юборганим йўқ. Ўша пайтда “гуллаб турган ижод саройи” бўлиб туюлган эди, ҳозир ҳам бу борадаги фикримни ўзгартирганим йўқ. Мен иш бошлаган кунлари Ўктам Усмонов “Совет Ўзбекистони” адабиёт бўлимига ўтдилар. Бу ижодкор учун катта мартаба эди. Газетадан Марказқўм маданият бўлимига, ундан Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосарлигига, сўнг талатўп шамоли туфайли озроқ “пастлаб” Кино қўмитасида ишладилар, кейин “Совет Ўзбекистони”га бош муҳаррир бўлдилар. Ўктам ака билан ёнма-ён ишлаган Дилбар Маҳмудова машҳур шоира Зулфия опамиз назарларига тушиб, “Саодат” журналига таклиф этилдилар. Бу вазифаларга шоирлар Раззоқ Абдурашид билан Сафар Барноев келдилар. Эркин Хўжаев “Фан-техника, спорт ва ҳарбий ватанпарварлик” бўлимига мудир эдилар. Эркин аканинг ташаббуслари билан мен шу бўлимга ўтганман, иш ўрганганман, шу боис газетачиликда Эркин ака устоз ҳисобланадилар. Қўшни бўлимларда Эркин Малик, Мурод Хидир, Чўлпон Эргаш хизмат қилардилар. Москвадаги ўқишни битириб келган шоир Муҳаммад Али ҳам оз муддат шу газетада ишлаганлар. Ёш қалам аҳлини муҳарриримиз Суроб Йўлдошев яхши ижодий муҳитда бирлаштирган эдилар.

Ҳозир жумҳуриятимиздаги истаган идора билан телефон орқали ярим дақиқа ичида боғланиш ҳеч кимни ажаблантирмайди, қўл телефонимизнинг ҳақи тўланган бўлса бас, дунёнинг нариги четидаги фирма билан ҳам гаплашаверамиз. Олтмишинчи йилларда, коинот кемалари самода сайр этаётган кезларда Тошкентда ўқиётган йигит Қўқондаги отаси билан 12 май куни телефонда гаплашишни истаса, бир кун олдин, яъни 11 майда Марказий телеграфга келиб буюртма берарди. Эрталаб буюртма берилса, кечки пайт ёки эртасига эрталаб отанинг уйига телеграмма келарди: “12 май соат 18.00да телефон билан гаплашиш учун шаҳар почта бўлимига келинг”. Кимнинг уйида телефони бўлса, бу жараён осонлаша борди.

Идоралардан туриб бошқа шаҳар билан гаплашиш учун ҳам буюртма бериларди. Агар Андижондаги идора телефон рақамини билсангиз, ўша куни гаплаша олардингиз. Андижон шаҳридаги идора вакили билан гаплашишни истасангиз “05”га, Андижон вилояти Избоскан туманидаги идора керак бўлса “07”га қўнғироқ қилардингиз. Бахтли инсонлардан бўлсангиз, биринчи ёки иккинчи теришда рус тилидаги қўнғироқдек овозни эшитардингиз ва буюртмангизни берардингиз. Омадли бўлсангиз, бешинчи ёки ўнинчи уринишда муддаога етардингиз, омадсизлардан бўлсангиз, ярим соат давомида қисқа гудокларни эшитаверардингиз. Ҳар бир идоранинг ўз ҳисоб рақами ва шу идора ходимларигина биладиган “пароли” бўларди. Сиз уларни айтганингиздан кейин буюртма қабул қилиниб, “заказ принять, ждите” деган умидбахш ваъдани эшитардингиз. Бахтли одамлар тоифасидан бўлсангиз, 1-2 соат мобайнида керакли идорангизга уланардингиз. Омадлилардан бўлсангиз, 3-4 соатда ишингиз битарди. Шўрпешоналарга қўшни бўлсангиз, кечгача кутардингиз-да, ишдан қайтиш вақтингизда “буюртма берган эдим”, деб огоҳлантиришингизга жавобан “С Андижаном нет телефонной связи” деган қисқа “қувончли” хабарни эшитиб, уйингизга хотиржам кетардингиз. Катталарга маълум бўлган мазкур жараённи бу заҳматни тасаввур ҳам қила олмайдиган ёшларимиз учун баён қилдим. Ҳозирги талабанинг телефони ҳисобида пул қолмаган бўлса, дарров Хивадаги отасига “Ота, телефонимга пул ташлаб юборинг”, деб “СМС” юборади, масала уч-тўрт дақиқада ҳал бўлади. Чўнтак қуриган дамда ҳам “СМС” юборилади, қўнғироқ қилиб гаплашиб, тушунтириб ўтирилмайди, осонгина: “Ота, пулим тугади, ҳали яна учта имтиҳоним бор”. Отанинг ақли бўлса, унга шу сўзлар кифоя. Ўғилнинг чўнтаги ўша куниёқ қаппайиб қолади.

Каминани айнан ўша телефон хизматидаги қийинчиликлар хатлар бўлимидаги азобдан озод қилган. Эркин Хўжаев табиатан серғайрат одам эдилар, бир жойда узоқ ўтира олмасдилар. Телефончи қизнинг ваъдаси бажарилишини кутишга тоқатлари етмасмиди ё мени синамоқчи бўлдиларми, хонамизга кириб:

– Комсомол марказқўмидагилар буйруқ беришни ёқтиришади-да! – дедилар. – Бухорода волейбол биринчилиги бўлибди. Шу сонда хабар беришимиз керак экан. Бир-иккита далил билан фамилияларни айтинг, десам “билмайман”, дейди. Сен билмайдиган тадбир ҳақида мен қанақасига хабар ёзаман?

Бу савол кимга берилгани аниқ эмасди. Катта хонада масъул котиб, мактаб-пионер бўлими мудири ва икки адабий ходими ўтирардик. Уларга Эркин аканинг бу ташвиши аҳамиятсиз эди. Демак, мендан сўраётган бўладиларми? Шуни ўйлаб ўтирган эдим, каминага мурожаат қилдилар:

– Тоҳиржон, нима қилиш керак? Битта хабарчани деб бугун Бухорога учишим керакми?

Уч-тўрт ҳафталик иш пайтимда хонамиздагиларнинг иш услубларини кузатиб, ўрганиб ўтирган эдим. Вилоятлардаги тадбирлар ҳақидаги маълумотлар асосан телефонда олинарди. Мактуб билан юборилган лавҳада бирон маълумот аниқланиши лозим бўлса ҳам, телефон ишга тушарди. Шуни назарда тутиб жавоб бердим:

– Шаҳар комсомолига телефон қилиш керакдир?

– Шуни ўзингиз боплаб беринг, менинг ишим жуда кўп, улгура олмайман.

Шундай деб хона бурчагидаги газета тахламини олиб, ниманидир қидира бошладилар. Мен эса гўшакни кўтариб “05”ни тердим. Бахтли одамлар тоифасидан эканман, биринчи уринишдаёқ телефончи қизнинг ёқимли овози эшитилди, довдираб ўтирмай, рус тилида буюртма бердим. Эркин аканинг кўзи газетада, қулоғи эса мен томонда эканини сездим. Гўшакни қўйгач, масъул котиб Ҳамид ака:

– Тоҳир, ҳисоб рақами билан паролни қаердан биласиз? – деб қолдилар.

– Ҳар куни эшитаман-ку? – дедим. Кейин буларни ўғринча билиб олгандай уялдим. Улар эса бир-бирларига маънодор қараб олишди. “Иши кўп” деган Эркин ака чиқиб кетмадилар. Қоғоз олиб русча газетадаги мақолани таржима қила бошладилар. Бахтлилар тоифасидан эканим ярим соатга қолмай яна бир бор исботланиб, Бухоро шаҳар комсомол комитети билан улаб беришди. Волейбол мусобақасининг натижаси билан қизиқаётганимизни айтдим. “Волейбол эмас, баскетбол биринчилиги”, деб тузатиш киритилиб, сўраган саволларимга эринмай жавоб берилди. Маълумотлар ёзилган қоғозни Эркин акага узатган эдим, “Ўзингиз ёзиб беринг”, деб чиқиб кетдилар. Вазифани ярим соатда бажардим. Мени синашаётганини сездим. “Баскетбол” ўрнига “волейбол” дейилиши ҳам бежиз эмас, деб ўйладим. Кейинги ҳафтада ҳам, ундан кейин ҳам шу каби топшириқлар бўлди. “Синов муддати” уч ярим ой давом этди. Икки бўлимнинг ишини бажариб юравердим. 1 июль кунидан эътиборан бўлимга адабий ходим бўлиб ўтишимни расман маълум қилишди. Ўн тўққиз ёшимда, дорулфунуннинг учинчи курсида ўқиётган чоғимда республика газетаси таҳририятига адабий ходим вазифасига доимий ишга қабул қилиндим. Хатлар бўлимида иш бошлаган 15 февраль “иккинчи туғилган куним” бўлса, 1 июль “туғуруқхонадан омон-эсон чиққан” куним сифатида хотирамда ардоқланиб сақланади.

Унга қадар, ҳали буйруққа имзо чекилмай туриб, Тошкент зилзиласидан бир оз олдин Эркин ака қўлимга машинкада ёзилган русча матн бердилар-да, “тезда таржима қилиб, комсомол марказқўмига етказинг”, дедилар. Аввал ўқиб чиқдим: кўча командаларининг “Чарм тўп” деб номланган Бутуниттифоқ футбол мусобақаларини ўтказиш низоми. Тезлик билан таржима қилиб, Эркин акага узатдим. Бир сидра назар ташлаган бўлиб, машинкада кўчиришимни буюрдилар. Бадхатлигим туфайли Зуҳра опамизга айтиб турдим, у киши ёздилар. Зуҳра опа шу бинода ишлайдиган машинкада кўчирувчилар орасида энг тажрибали ва энг маҳоратли эдилар. Кўзлари доимо матнда бўларди, ҳарфларга қарамасдилар. Ҳарфларни бармоқларнинг ўзи топиб босарди. Зуҳра опадан сўнг матнни ўқишнинг ҳожати йўқ, бирорта хато бўлмасди. Шу сабабли кўп ёзувчилар асарларини кўчиришни Зуҳра опадан илтимос қилардилар. Зуҳра опага ўхшаган яна бир маҳоратли кўчирувчи Хадича опа радиода ишлардилар. Бу икки опамиз уруш даврида радиода бирга ишлаганлари учун яқин дугона эдилар. Уларнинг бармоқлари чарчаган пайтда гапга солсак, номдор ёзувчилар ҳақидаги қизиқ-қизиқ воқеаларни эшитардик. Шулардан бири – Кибриё Қаҳҳорованинг уруш йиллари Сталинободдан (Душанбедан) келиб Абдулла Қаҳҳор билан учрашган кезларини гапириб берганлари эсимда. Ҳарбий офицер кийимидаги Кибриё опа ғоят гўзал бўлган эканлар. Айтишларича, Абдулла ака ҳам қизларнинг назаридан четда қолмаганлар. Кибриё опанинг хушторликларини сезган Зуҳра опа “Ҳой, Кибриё, эҳтиёт бўлинг, учта боласи бор-а!” деб огоҳлантирибдилар. “Вой, нима деяпсиз, мен фақат иш ҳақида гаплашаман”, дер эканлар опа. Иш юзасидан гаплаша-гаплаша ишқ юзасидан бирга бўлдилар. Уч бола тирик етим қолди. Кўп ўтмай Абдулла Қаҳҳор Сталин мукофоти билан тақдирланди. Кибриё опанинг аввалги эрлари – тожик адиби ҳам шу мукофотни олган экан. Адабиёт аҳли орасида “Кибриё кимга тегса, лауреат қилади”, деган ҳазил тарқабди. Кибриё опа Абдулла Қаҳҳор ҳақидаги хотираларида бу воқеаларни четлаб ўтганлар.

Зуҳра опа мусобақа низоми матнини кўчириб бергач, Эркин ака марказқўм спорт бўлимининг бошлиғи Вилор Ниёзматовга учрашишимни тайинладилар. У дамларда шунақа ажабтовур исмлар кўп бўларди. Қадимда одамлар жоҳилликлари туфайли ўғилларига “Ўроқвой”, “Болтавой”, “Тешавой” каби исмларни қўйган бўлсалар, айрим зиёли кишилар ўйлаб топган исмлар ғалатиликда уларникидан ҳам ошиб тушди. Таъбир жоиз бўлса, исмлар “сиёсийлашди”: “Вилор” – “Владимир Ильич Ленин Организатор Революции”; “Мэлс” – Маркс, Энгельс, Ленин, Сталин”; “Марлен” – Маркс, Ленин; немис коммунисти Эрнст Телманга ҳавас қилиб ўғилларга “Телман”; инқилобчи аёл Клара Цеткинга маҳлиё бўлиб қизларига “Клара” қўйиш йигирманчи йилларда бошланиб, узоқ вақт давом этди. Санъатшунос акамизнинг исмлари “Фрунзе” эди. Қирғизлар бошкентлари номини ўзгартиришганда ҳажвчи акамиз Неъмат Аминов у кишига “Энди сиз Бишкек Жўраев бўлдингиз”, деб ҳазиллашган эдилар. Раққоса опамизнинг дадалари ёзувчи Бернард Шоуга ҳавас қилиб, “хотиним ўғил туғса “Бернард” қўяман, деб орзу қилиб юрганларида Худо қиз берибди. Шунда ҳам фикрларидан қайтмай, қизларига “Бернара” деб исм қўйган эканлар. Шунга ўхшаган камчилик тоғамда ҳам бор эди. Германияда хизмат қилган кезлари немисларнинг “Марийка” деган оламаро машҳур қўшиқчисига маҳлиё бўлиб, кенжа қизлари туғилганда шу исмни қўйган эканлар. Қариндошларнинг тили келишмай “Маликахон” дейишса, “Малика эмас, Марийкаман”, деб ранжирди. Ҳозир ундай эмас.

Мармартош юзлари бунчалар силлиқ,
Жонсиз бу тош чиройли бунча?
Ғамли гулларини нечун битмишдир.

Яқинда “Минор” қабристонига кирганимда хилма-хил мармартошлар “галереяси” ақлимни лол қолдирди. Қабр тепаларини тошлар билан безаманглар, деб юз гапирилса ҳам, минг гапирилса ҳам, бу чақириқни қулоққа олиш ўрнига ким ўзар мусобақаси авжга чиқибди. Айтишларича, қимматбаҳо тошлар билан безатилган қабрларга қоровуллар қўйиш ҳам расм бўлибди. Менингча, қоровул тошларни эмас, балки тош остидаги ўликни қўриқлайди. Бундай дейишимга сабаб, ҳозир хорижда “ўлик ўғирлаш” кенг тарқалган жиноятлар сафида турибди. Аввал бойларнинг гўзал хонимлари ёки жўжуқларини ўғирлаб, қайтариб бериш эвазига катта пул талаб қилишарди. Энди эса бойларнинг ўликлари ўғирланадиган, кейин эгаларига сотиладиган бўлган. “Қўшнингни ўғри тутма, ўзингдан эҳтиёт бўл”, деган мақолга амал қилган бадавлат кишилар, марҳумларини авайлашса не ажаб?! Қабристондаги ажиб тошларга назар ташлаб ўтиб борар эканман, шайх Саъдийнинг “Гулистон”ларидаги гўзал ҳикматларидан бири ёдимга тушди, балки бу ҳикматни сиз ҳам ўқигандирсиз:

“Бир бойбачани кўрдум, отасининг гўри бошида ўлтурмиш ва бир камбағалбача билан мунозараға тушмушким, “отамнинг гўрининг сандуқи тошдандур ва рангли ёзув билан мунаққашдур ва мармар тошини фарш қилмушдурлар, феруза ғиштлар билан ул қабр босилмишдур. Санинг отанг қабри нимага ўхшар: бир-икки ғишт тўпламишлар ва бир-икки ҳовуч туфроқ анинг устиға сочмишлардур?!”

Камбағалнинг ўғли муни эшитти ва деди: “сукут айлағилки, то санинг отанг бу оғир тошлар остидин қимирлағанга қадар манинг отам жаннатға дохил бўлур…”

Туркия тарих музейида қабр тошларга аҳамият берган эдим. Бу тошлар туркларники эмас, қадим юнонларники. Бойларни мармар тобутларда кўмган эканлар. Одам бўйи баландлигидаги мармартош ичи ўйилиб, тобутга айлантирилган. Тоштарош устки томонига обдон безак берган. Ҳатто турли расмлар ўйиб туширилган. Камбағаллар эса хумни эслатувчи оддий сопол тобутда кўмилган. Насронийлар марҳумларини ёғоч тобутларда дафн этадилар. Бойларнинг тобутига ишлов берилган, ялтироқ мебель каби. Камбағалларники эса ҳатто рандаланмаган. Ҳар иккови ҳам тупроқ остида чирийди. Ўлик учун қайси тобутда ётишнинг фарқи йўқ. Юз йиллар муқаддам мармар тобутда кўмилган бой ҳам, сопол тобутда кўмилган камбағал ҳам бир ҳовуч суяк бўлиб ётибди. Ҳар иккисининг суякларига синчиклаб разм солсангиз ҳам, қайси бири бой бўлганини ажрата олмайсиз. Буни ҳатто энг мукаммал ашёлар билан ҳам аниқлаш мумкин эмас. Зеро, аниқлаш бу дунёнинг иши эмас, Қиёмат кунининг юмуши. Шу оддий ҳақиқатни англаш наҳотки шунчалар мушкул? Ҳаёт – бешик ва тобут орасидаги тор бир йўл ва йўлчиликдир. Дунё ҳаёти сўнгсизлик ичида бир совун кўпиги кабидир. “Инсонлар идрок қилган ҳаёт нимадан иборатдир?” деган саволга ернинг заҳи ва қабр тошларининг қаттиқлиги энг тўғри жавобдир. Шундай экан, нафсоний орзулар ва вужуд йўлида ўтган умрнинг маъноси нима ҳам бўлур эди? Ўлим ва ўлганлардан тириклар қачон ибрат олар эканлар?

Мармартошлар “кўргазмаси” камлик қилиб, Сомоний мақбарасига ўхшаган сағаналар, шийпонлар ҳам кўкрак кериб турибди. Бир одам камбағалнинг ҳовлисидай келадиган жойни ўраб, тепасини шийпонга ўхшатиб ёпиб қўйибди. Шу ҳашамга кетган харажатга бирон бир камбағалга уй қуриб берса, бунда ётган одам руҳи савобдан баҳраманд бўлиб, қабр азобларидан озми-кўпми қутилармиди? Қабрларнинг устини қор-ёмғирдан тўсишдан мақсад нима, минг ўйласам ҳам тушуна олмадим…

Қабристонда кўрганларим назаримда, марҳумга ёдгорлик эмас, тирикларнинг ўз кибрларига қўйилган монумент-ҳайкалдир. Тирикнинг фақат бойлигини эмас, кибр даражасини ҳам шу тошларга қараб билса бўлади.

Йўл бўйидаги мармар қабртош диққатимни тортди. Тошдаги сурат таниш – Вилор Ниёзматовники эди. Бу киши комсомолдан кейин “Комсомолец Узбекистана” газетасига муҳаррирлик қилди.

Қабристондаги тош фақат сурати билан диққатимни тортмади, ундаги исм ўзгача эди: “Ниёзматов Омонулла (Вилор) Раҳматуллаевич”, ажиб ҳолат, шундай эмасми? Асл исмини шунда билдим. Ажабки, тошга Қуръон оятининг ўзбекча маъноси: “Биз ҳаммамиз Аллоҳданмиз ва Унга қайтгумиздир” ёзиб қўйилибди. Ёзилгани дуруст, ўтган-кетганлар эҳтимол бу оятни ёдга олар. Лекин Аллоҳнинг каломи мозор тошига эмас, тирик одам қалбига ёзилиши шарт.

“Чарм тўп” Ўзбекистонда туғилган

Марказқўмга бориб, Вилор акани сўрасам, “Кутиб туринг, ҳозир келади”, дейишди. Ўзбекистон комсомоли Марказий комитетида ҳеч ким ўзбек тилида гапирмас эди. Қизиқ-да, Ўзбекистон Компартияси Марказий комитетида, Ўзбекистон Министрлар советида, Ўзбекистон Олий советида аҳвол шундай бўлгандан кейин уларнинг “укачаси” комсомолда ўзбекча гапиришсинми? Ахир бугун бу ерда жавлон ураётган хушбичим йигитлар, гўзал қизлар эртага ўша катта идораларга учирма бўлишади-ку?!

Кўчада кутиб турган эдим, бино яқинида “ГАЗ – 21” –“Волга” келиб тўхтаб, ундан башанг кийинган, қош-кўзлари қоп-қора, келишган йигит тушди. Мен кутаётган бўлим мудири шу одам экан. Изидан кириб, низомни узатдим. Сарлавҳасига кўз ташлади-да, ўқишга тоқати бўлмай, ходимига узатди. Назаримда, ходим ўзбекчани мудиридан кўра сал яхшироқ билса керак. Ўқиб чиқиб “Нормально” деди.

– Унда Ўзбекистонникини тезда ёзиб чиқ, кечгача Раъно Ҳабибовнанинг столида бўлиши керак, – деди мудир русчалаб.

Ходим “эплолмайман”, дейишга тили келмай, “улгурмайман”, деди. Шунда Вилор ака менга саволомуз тикилиб турди-да, бўш столни кўрсатди:

– Ўтир, срочно готовь! – деб буюрди.

Бутуниттифоқ низомига қараб, Ўзбекистонникини ёзиб чиқиш қийин эмасди. Чунки талаблар бир хил, фақат айрим атамаларни ўзбекчалаштириш лозим эди, холос. Масалан, “уличные, дворовые (жэк) команды”ни “кўча ва маҳалла командалари”, дейилса бас. “Республика ғолиблари Горький шаҳрида мусобақалашадилар”, деган банд ўрнига “Область ғолиблари Тошкент шаҳрида мусобақалашадилар” деб қўйилса кифоя. Шу тарзда Ўзбекистондаги “Чарм тўп” клубининг низомини ёзиб бердим. Чиройлироқ ёзишга уринган бўлсам-да, хатимга қараб бош чайқаб қўйди-да, “Кетиб қолма, ҳовлига чиқиб чекиб тур”, деб буюрди. Ташқарига чиқишим билан чақиртирди:

– Журналистмисан, машинкада печатат қила оласанми? Биттагина ўзбек машинистка бор, и то касалмиш. А время жмёт, – деди.

Ёза олишимни айтгач, қўшни хонага олиб чиқиб, бўш машинкани кўрсатди. Ишлари битгач, мамнунлик билан раҳмат айтди. Ишга қайтиб боргунимча Суроб акага қўнғироқ қилиб мени мақтабди. Марказқўм мудиридан раҳмат эшитиш газета муҳаррири учун қувонарли ҳол ҳисобланарди. Иккинчи мақтовни таҳририятда эшитдим: “Вилорга унча-бунча одам ёқмайди”, деб таъкидлаб қўйдилар. Бу мақтов туфайли Марказқўмга тез-тез борадиган бўлдим. Кейинроқ билишимча, мудир жаноблари каминанинг мудирини бир иш юзасидан қаттиқ койиган экан. Республика мусобақаси бошланган кунлари турли йиғинларда ҳам Эркин ака негадир сал четроқда ўтирардилар. Вилор ака тез гапирарди, ишни ҳам тез бажарарди. Бирон жиддий масала юзага чиқиб қолса уни ҳам тезлик билан ҳал қиларди. Шу жиҳатдан у билан ишлаш ёқимли эди.

2011 йили Россияда “Чарм тўп” клуби ташкил қилинганлигининг 45 йиллигини нишонлашди. “Чарм тўп”нинг ватани Россия, деб шарафланди. Биздаги футбол мутасаддилар, айниқса болалар спортига масъул жаноблар бу воқеага эътиборсиз қарадилар. Россияликларнинг “Чарм тўп”ни биз ўйлаб топганмиз, дейишларида асос йўқ. Тўғри, Бутуниттифоқ мусобақаси биринчи марта Горький (ҳозир Нижний Новгород деб аталади) шаҳрида ўтказилган. Лекин биринчи кўча, маҳалла командалари 1964 йили Тошкентда ташкил этилиб, ўзаро куч синашишган. Бу янгиликдан хабар топган олмаоталиклар ҳам шундай командалар тузишган. Оқибатда Тошкент ва Олмаота кўча командалари 1965 йилда учрашишган. Бу хабар Москвага етиб боргач, “Чарм тўп” номида клуб ташкил этиб, унга машҳур футбол тренери Гавриил Качалин президент этиб тайинланган. Демак, “Чарм тўп”нинг тарихи “1966 йил, Москва”, деб эмас, “1964 йил, Тошкент” деб белгиланиши керак. Шунга кўра, бугун давом этаётган маҳалла футбол командаларининг мусобақаси тарихини ҳам 1964 йилдан бошлаш мақсадга мувофиқ. Бу тарихдан кўз юмиш мумкин эмас, чунки Владимир Фёдоров, Василис Хадзипанагис каби жуда кўп маҳоратли ва машҳур ўйинчилар шу мусобақаларда ўзларини кўрсатганлар.

Газетада иш бошлаган кезларим бир ҳикоя ёзиб, “Вой, онажоним”, деб номладим. Ҳар бир оилада бўлганидек, бизнинг хонадонимизда ҳам қайнона-келин можароси бор эди. Можаронинг сабаблари каминани ҳайрон қолдирарди. Асаб бузишга арзимайдиган нарсаларга нега бунчалик катта аҳамият беришаркин, деб ажабланардим. Бу ажабланиш каминада ҳозир ҳам бор. Ёш оилалардаги можароларга ҳеч тушунмайман. “Тилдан учиб чиқиб ҳавода йўқ бўлиб кетадиган арзимас гапни “хотира тўри”да илиб олиб, юракка жойлаб олиш шартмикин?” деб ўйлайман. Жанжалларга сиз ҳам диққат қилинг-а: “Фалон пайтда сен шундай дегансан!”, “Фалон пайтда ўзинг ҳам шундай дегансан!” Ҳавода йўқ бўлиб кетадиган битта гап туфайли оила бузилса, болалар тирик етим қолса! Нечоғлик жаҳолат бу!

Худога шукр, бизникида бу оқибатга борилмади. Лекин ғиди-бидилар давом этарди. Ботир акамга ачинардим. Қайнона-келин чиқишмаса – ўртадаги эрга қийин. Шу воқеаларни кузата туриб катталар учун биринчи ҳикоямни ёза бошладим. Унда тасвирланган воқеалар, айниқса ака-укалар муносабати бизнинг оилада бўлиб ўтмаган, бошқалардан эшитганим ва қисман тўқима бўлган. Мурод Хидирга ўқитган эдим, “маиший бўлиб қолибди, ижтимоий юк керак”, дедилар. Шоир Рауф Парфига ўқитган эдим, “Зўр! Газетага беринг”, дедилар. Мурод Хидир шошилмасдан, диққат билан ўқирдилар, мулоҳазалари, танқидлари ўринли бўларди. Рауф ака кимнинг янги асарини ўқисалар шунақа мақтар эканлар. Бу одатларини кейин билдим, ўша куни эса руҳланиб “Ёш ленинчи” таҳририяти томон шошилдим. “Ленин учқуни”, “Гулхан”да болаларга атаб ёзган ҳикояларим чиқиб турган эди. Энди катталар матбуотида ҳам чиқарканман, деган шодлик туйғусидан маст эдим. Бу таҳририят ҳам мен ишлаётган бинода жойлашган эди. Мендан тўрт-беш ёш катта йигит совуқ қарши олди.

– Ҳикоя олиб келувдим.

– Ҳозир вақтим йўқ.

– Ташлаб кетайми, вақтингиз бўлганда ўқиб берарсиз.

– Гапимга тушунмадингизми, вақтим йўқ. Ана, миллионта ҳикоя босилиб ётибди.

Индамай чиқиб кетдим. Бу воқеа 1966 йилнинг 25 апрель куни содир бўлган эди. Аниқ эслаб қолганимнинг сабаби – эрталаб тонгда Тошкентни кучли зилзила уйғотди. Орадан роппа-роса 25 йил ўтгач, шу ёзувчи акамиз “Ёшлик” журналига янги асарларини кўтариб келдилар.

– Аввал ўзингиз ўқинг, кейин ходимларга беринг, – деб илтимос қилдилар.

Тасодифни қаранг! У кишидан фарқли ўлароқ, илтимосларини бажардим. Асарни холис кўз билан синчиклаб ўқидим, маъқул келмади. Наср бўлими мудирига бердим, фикримни билдирмадим. Улар танқидий фикр билдиришган экан, ранжиб кетдилар.


Страницы книги >> 1 2 3 4 5 6 7 8 9 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации