Текст книги "Ҳаёт қайиғи (2 китоб)"
Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 33 страниц) [доступный отрывок для чтения: 11 страниц]
Зилзила: “Чоржўй қаҳрамони”
Тошкентда олдин ҳам ер қимирлаб турарди. Ҳамма ҳовлига қочиб чиқарди. Аср аввалидаги Андижон, урушдан кейинги Ашхобод зилзиласи ваҳималари ҳали сўнмаган эди. 1966 йил тонгида ҳам барча ҳовлига чиқиб, уйқули кўзларини пирпиратганича “зилзиланинг қайтиши”ни кутди. Тараққий этаётган фан табиат ҳодисаларини халққа тушунтиришга уринарди. Масалан, Қуёш ва Ой тутилиш сирлари барчага аён эди. Ой тутилса, олдинги даврларда бўлганидек, кечаси билан инсу жинларни ҳайдаб, Ойни қутқариб қолиш учун тоғоралар тақиллатиб чиқилмасди. Қуёш тутилиши олдиндан эълон қилинса, одамлар ваҳимага тушмай, аксинча, ойнак парчаларини тутунда қорайтириб бу мўъжизани кузатишга тайёрланишарди. Фан зилзилани олдиндан билишга қодир эмас. Лекин бу табиат фожиасига доир билимлар мавжуд. Масалан, “силкиниш қайтади”, деган ваҳимага доир тушунчаларни халққа тарқатиш керак. Агар зилзила маркази Эронда бўлса, Тошкентда ер чайқалади. Ана шу чайқалиш оқибатида бинолар вайрон бўлади. Марказда ер ости қудрати қатламга катта куч билан урилганда силкиниш ҳосил бўлади ва бу силкиниш худди денгиз тўлқини сингари тарқайди. Ер ости қуввати аввал секинроқ уради. Демак, дастлабки тўлқин заифроқ бўлади, узоқдаги биноларга айтарли сезилмаслиги ҳам мумкин. Кейинги кучли зарб вайрон этиш қувватига эга бўлади. Шу силкинишни халқ “зилзила қайтди”, деб ўйлайди. Зилзиланинг ер қатламлари остида нечоқлик пастликда содир бўлиши вайрон этиш қувватини белгилайди. Тошкентдаги зилзила халқнинг бахтига унча чуқур эмасди, яна бир бахтига марказ – эпицентр шаҳар остида эди. Шу учун зарб пастдан тиккасига бўлди, ер чайқалмади, шаҳар тутдай тўкилмади.
26 апрель тонготаридаги зилзиладан кўра тарқалган миш-миш ваҳималик эди. “Қибрайдаги Ядро институтида атом бомба портлабди…” “Чилонзорда тўрт қаватли уй қулаб, автобусни босибди, шовқин шуники экан”… Тунги ижодий ишим якунлаб, энди ўринга ётгандим, зилзила бошланмай туриб, шарқ томонда ёғду пайдо бўлганини кўриб эдим. Лекин бу атом бомба портлаши эмас, бомбанинг ёғдуси қанақа бўлишини киноларда кўрганмиз. Ёғду пайдо бўлганини кўп одамлар айтишди, матбуотда ҳам ёзилди, лекин олимлар бунинг сабабини аниқлаб бера олишмади. Тўрт қаватли уйнинг автобус устига қулаши эса бўлмаган миш-миш эди. Биринчидан, тўрт қаватли уй гугурт қутисидай ағанамайди. Иккинчидан, автобусни босиб қолган тақдирда ҳам шовқинини бутун Тошкент эшитмайди, “гуп” деган овоз чиқади холос, зилзила чоғидаги “гурс” этган жарангли товуш чиқмайди.
Ер қимирлаш ваҳимаси кейинги зилзилалар чоғида ҳам давом этди. Ҳар сафар одамлар ўзларини йўқотиш даражасида ваҳимага тушиб қолардилар. Бу борада илмий-руҳий тарбия ишлари мутлақо олиб борилмайди. Зилзила чоғида ким қандай ҳаракат қилишини билмайди.
Пешин чоғи ошхонага тушсам, одам кўп экан. Камина навбатда туришни ёқтирмайман, навбатда туришдан безиб, баъзан таом емай қўя қоламан. Ўша куни ҳам изимга қайтишни ўйлаб турганимда бино титраб кетди. Ошхона бир зумда бўшаб қолди. Қарасам, шўрва сузиш учун чўмични қозонга солганича қўрқиб турган ошпаз билан юзма-юз бўлиб қолибман.
– Сиз нега қочмаяпсиз? – деди у ажабланиб.
– Қорним оч, – дедим, – шўрва сузиб берсангиз, ичаман-у қочаман.
У кулимсираб, бош чайқади-да, сергўшт қилиб шўрва сузиб берди. Овқатланиб бўлиб, ваъдага биноан кўчага чиқай десам, уч-тўрт киши очиқ эшик яқинида хавотирланиб турибди.
– Чиқманг, тепадан нимадир тушяпти, – дейишди.
Остонада катта-катта сувоқ бўлаклари ётган экан. Биринчи зарбадаёқ бинонинг шарафасидан бир парча узилиб тушибди. Яхшики, ошхонадан қочган одамлар эшикка етиб келмай тушибди. Йўқса… Ҳартугул Худо сақлабди-да.
Ўша куни бутун бино бўйлаб, кулгили гап тарқалди. Пешиндаги зилзила пайтида матбуот вазири хосхоналарида энди таомга қўл чўзган эканлар. Гулдур-гулдурдан эсхоналари чиқиб, қочиб чиқмоқчи бўлибдилар. Эшикни тортсаларки, очилмасмиш. Қаттиқроқ тортибдилар, тепибдилар. Баланд овозда бақирибдилар. Котиба ҳам, ёрдамчилари ҳам аллақачон қочиб кетишган экан. Қўрқув ариб, вазир жаноблари ўзларига келиб қарасаларки, эшикни итариб очиш ўрнига ўзлари томон тортиб, қаттиқроқ ёпаётган эканлар…
Мана шундай ҳолатларда довдираб қолмаслик муҳим. Японияда бу борада махсус тарбия дастури бор экан. Зилзила бошланганида барча турли томонга қочмай, бир-бирини туртиб, босмай, тартиб билан ташқарига чиқишни ўрганишган экан. Айниқса, болаларни авайлаб-асрашга катта эътибор бериларкан. Бизда зилзила бошланса, биринчи бўлиб муаллимларнинг ўзлари қочиш пайида бўладилар. Уларни айблаш ниятим йўқ. Ваҳима бошланганда киши фикрлаш қобилиятини йўқотса керак.
Баҳодир акам билан бир хонада ётардик. 4 май куни эди шекилли, ҳали кўзга уйқу илинмай, ер бир титраб олди. Мен биринчи зилзилада ҳам ташқарига қочиб чиқмаган эдим. Енгилгина силкиниш таъсир қилармиди? Баҳодир акам менга қараб, жойларидан жилмадилар. Шунда аяжоним кирдилар, остонада туриб: “Ер қимирлади, билмадиларингми?” дейишлари билан замин қаттиқ силкинди. Аяжоним тисланишга ҳам улгурмадилар. Мен шошиб бошимни кўтардим, қарасам, аяжоним қўрқувдан титраб турибдилар. Баҳодир акам эса ҳовлидалар. Сониянинг ўндан бир қисмидами, билмадим, қанчалик тез фурсатда Баҳодир акамнинг ирғиб турганларини, аяжонимнинг ёнларидан сакраб ўтиб, айвонга, ундан ҳовлига тушганларини сезмай ҳам қолдим.
Ботир акам ҳовли ўртасидаги ёғоч супа атрофини ўраб, оилалари учун чайла ясаб олдилар. Дадажоним, аяжоним, Баҳодир акам темир сўрида ётадиган бўлишди. Уйда ўзим қолдим. “Чиқмайсанми?” дедилар аяжоним. “Исмоилхўжадан қолган тиллаларни кимдир уйда қўриқлаб ётиши керак-ку”, деб ҳазиллашдим. Кейинги йиллардаги зилзилаларда ҳам бу “қаҳрамонлигимни” такрорладим. Айниқса Газли зилзиласи эсда қоларли бўлди. Ўшанда Чоржўй шаҳрида яшовчи ёзувчи Ўктем Эмин (Ҳозир Туркманистон халқ ёзувчиси) хонадонида меҳмон эдим. Кечки пайт ер силкинди. Ўктем оға барча оила аъзоларини бошлаб учинчи қаватдаги уйини шошқич равишда тарк этди. Мен жойимда ётавердим. Қўрқув сал аригач, оғажон меҳмонлари борлигини эслаб, у ён-бу ён қарасаларки, мен йўқман. Юқорига чиқишга қўрқиб, пастдан: “Тоҳир, ҳой Тоҳиржон!” деб чақира бошладилар. Деразадан пастга қарасам, ҳовли одамларга тўла. Бундан тўрт йил муқаддам қиш чоғи Амударё тошиб Чоржўй шаҳри вайрон бўлганда тошкентликлар шу даҳадаги тўрт қаватли уйларни қуриб берган эдилар.
– Ҳа, Ўктем оға, нима қилиб юрибсизлар? – дедим худди зилзиладан хабари йўқ одамдай хотиржам овозда.
– Тез тушинг, – дедилар мезбон хавотирларини яширмай, – ер қимирлаяпти.
– Тошкентликлар уйни мустаҳкам қурганлар, бунақа тебраниш “чепуха”, – дедим.
Мен уларни ваҳима тўридан қутқариш учун атай ҳазиллашаётган эдим. Гапларим мутлақо таъсир этмади. Қўшнилари мени телбага чиқаришган бўлишлари ҳам мумкин.
Эрталаб уйғониб қарасам, уй ҳали ҳам бўм-бўш. Ҳовлидагилар бири унда, бири бунда мункайиб ўтирганча мудраяпти. Ўктем оғани чақирдим.
– Меҳмон хор бўлдими, нонушта бермайсизми? – дедим.
– Ошхонага киринг, ҳамма нарса бор. Чойни ўзингиз дамлаб ичинг.
– Мен туркман эмасман, уй эгаси чой қуйиб узатмаса, чой ичмайман.
Хоразмда, туркман қариндошлар юртида меҳмон бўлганлар билишади. Улар ҳар бир меҳмонга бир чойнак чой, пиёла қўйишади. Водийдагига ўхшаб, чойни икки қултумдан қуйиб узатишмайди, “олинг-олинг” деб лутф ҳам қилишмайди. Дастурхонни неъматларга тўлдириб ташлашади. Истасангиз енг, истамасангиз йўқ. Очиғини айтсам, менга шу одат маъқул. “Олинг-олинг” баъзан одамни чарчатиб юборади. Бир устозни шогирдлари меҳмонга таклиф қилишганида у киши: “Мени тўрга ўтқазиб олиб калтакламайсан, кейин қамаб қўймайсан”, деган экан. Устознинг шартлари бу маънода эди: тўрга ўтқазиб калтаклаш – ҳадеб “таомдан олинг, олинг”, деявериб ҳолдан тойдириш. Бу хусусда бир латифа: мезбон “сомсадан олинг”, деб қистайверди. Меҳмон: “Раҳмат, сомса бағоят ширин бўлибди, тўртта едим, Худога шукр, тўйдим”, деса, мезбон яна лутф қилибди: “Бешта едингиз, яна битта олинг, жуфт бўла қолсин”.
Устознинг яна бир шарти – “қамаб қўймайсан”, дейиши “кетадиган бўлсам “яна ўтиринг”, деб қистайвермайсан” деган маънода эди. Келмак – иродат, кетмак – ижозат биландир. Бу “Меҳмоннинг келиш ихтиёри ўзидан, кетиш ихтиёри эса мезбондан” дегани. Лекин мезбон бу ихтиёрни ҳаддан зиёд суиистеъмол қилмаслиги керак. Менинг учинчи қаватдан туриб “нонушта бермайсизми?” дейишим иззатни суиистеъмол қилиш эмас, балки тунни дийдираб ваҳимада ўтқизган мезбонларни уйга қайтаришга уриниш эди. Ўктем оға ҳазилимга ҳазил билан жавоб бердилар:
– Бир марта туркман бўлиб ўтира қолинг.
– Ўктем оға, қўрқмай чиқаверинглар бугун ер қимирламайди. Ўн йилгача қимирламайди.
– Қаердан биласиз?
– Катта акам зилзила бўйича профессорлар. Тошкентдаги зилзила пайтида илмий ишларига қарашганман. Бу соҳада кўп китоб ўқиганман. Ҳозир Андижон ва Ашхобод зилзиласи ҳақида роман ёзяпман.
– Гапингиз ростми?
– Ярми рост.
– Ёлғони қайси?
– Ашхобод зилзиласи ҳақида роман ёзаётганим ёлғон. Бу романни сиз ёзасиз. Ҳозир қорнимни тўйдирсангиз, ўша тарих ҳақида зўр маълумотларни айтиб кетаман. Қўрқмай чиқаверинглар, қўрқсангиз, ёлғиз ўзингиз чиқинг-да, Ашхободдаги олимларга телефон қилинг. Фақат аввал гаров ўйнаймиз, гапим тасдиқланса, битта туя берасиз.
– Мени туя билан қўрқита олмайсиз, Марида юз элликта туям бор. Гаровда ютқизсангиз, нима қиласиз?
– Марида сизнинг туяларингиз бўлса, Чоржўйда менинг сахий ёзувчи акам бор. Битта эмас, юзта туясини менга ҳадя қилиб юбориши мумкин…
Аввал ўзлари чиқдилар. Ашхободдаги ёзувчи дўстларига телефон қилиб “Ҳамма тинч-омон, кечаси уйимизда ухладик”, деган гапни эшитгач, аҳли аёллари, фарзандларини чақирдилар. Тўрт қаватли уйнинг панасида кичкина боғ қилган эканлар. Оқшомда қозон осиб, ўзим палов дамладим. Қайноналари, укалари келишди.
– Қўшниларим сизга юқори унвон беришибди, – дедилар Ўктем оға. Кейин кулиб давом этдилар: – Кечаси ташқарига чиқмай уйда қолганингиз учун сиз “Чоржўй қаҳрамони” унвонига сазовор бўлибсиз.
– Афсус, олимлар зилзилани олдиндан айтиб беришмайди-да. Кейинги зилзила қачон юз беришини билганимда Ашхободга бориб ётиб, бира тўла “Туркманистон қаҳрамони” бўлардим…
Тошкент зилзиласида Ядро институти портлади, деб ваҳима қилишган эди. Газли зилзиласи тарихини кейинроқ билдим. Пармаловчилар кон тубига етганларида бехос ёнғин бошланибди. Ёнғинни ўчириш учун турли тадбирларни қўллашибди, фойда бермабди. Охири, қарийб икки чақирим чуқурликда “кучли бомба портлатилса, газ йўлининг “оғзи” беркилади”, деган қарорга келишибди. Қиялатиб лаҳим ковлаб, ўша чуқурликда атом бомбасини портлатишган экан. Ўша йиллари СССР билан АҚШнинг ядро синовларини тўхтатиш ҳақидаги битимлари бор эди. АҚШдаги асбоблар ер силкинганлигини, унинг келиб чиқиш сабабини аниқлаб, СССРга норозилик билдирганлар (Авваллари ядро синовлари ўтқазиладиган жойни аниқлаш учун жосуслар юборишарди. Фан шу даражада тараққий этдики, Майлисойга ўрнатилган асбоблар Невадо штатидаги кичик портлашни ҳам аниқлаб беради. Бу ҳақда “Мурдалар гапирмайдилар” қиссасида ёзган эдим). Битимга хилоф иш қилинмаганини исбот этиш учун АҚШ мутахассисларини Газлига олиб келганлар. Бу воқеа Совет даврида махфий саналарди, энди махфийлиги қолмагандир.
Тошкент зилзиласига қайтсак, Худога шукр, Ашхободдаги каби вайроналик бўлмади. Биронта ҳам уй қуламади. Одамни босиб қолмади. Ваҳима тўфони Москвага ҳам етиб борган шекилли давлатнинг икки раҳбари Леонид Брежнев ва Алексей Косигин Тошкентга учиб келишди. Ўша кунлариёқ Тошкентга ёрдам бериш ҳақида ҳукумат қарори қабул қилинди. Барча жумҳуриятларга жой ажратиб берилди. Қурувчилар, қурилиш ашёлари Тошкентга селдай ёғилиб кела бошлади.
Ботир акамнинг илмий ишлари биноларнинг зилзилага бардошлигига доир эди. Бинолар қуламаган бўлса-да, ёрилган жойлари кўп эди. Зарба иморатнинг қайси қисмига зўр беришини ўрганиш учун кун бўйи шаҳар кездилар. Бу ишга мени ҳам жалб этдилар. Биноларнинг ёрилган жойларини фотосуратга олдик. Ҳар куни бирга юришга вақтим йўқ эди. Суратга олишни ўргатиб қўйдим. Бу ишлари яхши самара берди. Ўша йилиёқ “Қураётган уйингиз зилзилага бардошлими?” деб номланган илмий-оммабоп китобчани эълон қилдилар. Китоб рус тилида ҳам нашр этилди. Оиламизда Ботир акам ва мен китоб нашр қилдирамиз. Қайси биримизники кўпроқ, билмайман, санашмаганмиз. Акамнинг китоблари илмий мавзуда бўлгани учун асосан илмий доиралар билади. Талабалар эса дарсликлар орқали танишади. Мазкур баёнга тегишли маслаҳат олгани борсам, ёзув столлари устида компьютерда терилган саҳифалар турибди. “Янги китобим”, дедилар. “Яқинда саксон йиллик таваллуд тўйларини нишонлаган профессор янги китоб ёзган эканлар, ҳали етмишга кирмаган “йигитча”нинг ижоддан тўхташига анча эрта экан”, деб кўнглимдан ўтказдим, акамнинг йўлларини беришни Аллоҳ таборак ва таолодан сўрадим.
“Қайси кафтимдаги тупроқ афзал?”
Тошкент зилзиласи оддий тарих эмас, балки шаҳар тақдирини ўзгартириб юборган ижтимоий ҳодисадир. Зилзила бўлгунига қадар бошкентда ярим миллион атрофида аҳоли яшаган. Дўстлик ёрдамлари оқиб келгач, шаҳар аҳолиси миллиондан ошиб кетди. Россия, Украина қурувчилари ўзлари тиклаган уйларининг ярмидан кўпига ўзлари жойлашиб, “тошкентлик” бўлиб олдилар. Айрим биноларда ўзбек оилалари умуман йўқ эди. Институтни битирган чинозлик (ёки иштихонлик) йигит Тошкентда ишлаш учун рўйхатдан (пропискадан) ўтолмай сарсон кезарди. Воронежлик қурувчи эса бунга оппа-осон эришди, ўзи ўтиб олгач, кетма-кет амма-холаларини ҳам кўчиртириб келди. Аҳолининг бундай кўпайиши тасодифий эмасди. Бу аниқ ва пухта ўйланган режанинг босқичма-босқич амалга ошириш эди, деб ўйлайман. Ўн тўққизинчи асрда рус подшоҳи аскарлари босқинчи – “агрессор” сифатида кириб келишган эди. Йигирманчи аср бошида Марказий Осиёдаги ерлик аҳолини (улар “туземец” деб атардилар) чет жойларга, масалан чўлларга чиқариб, унумдор ерларга рус деҳқонларини кўчириб келиб жойлаштириш сиёсатини бошладилар. Ўктабрь тўнтариши бу ишни бир оз тўхтатди. Большевиклар мазкур ғоядан воз кечмаган ҳолда, ўзгача йўл тутмоқчи бўлдилар. Яъни, оқ подшоҳ ўз ғоясини зўрлик йўли билан амалга оширмоқчи бўлган эди. Большевиклар эса ҳийла, алдов йўлини танладилар. Компартия тарихида Лениннинг Мирзачўлни ўзлаштириш учун катта миқдорда пул ажратиш ҳақидаги декрети кўкларга кўтариб мақталади. Тўғри, шундай декрет қабул қилинган, лекин бир тишлам нонга зор Совет Россияси бу пулларни қайдан оларди? Мирзачўлни ўзлаштиришга бир тийин ҳам етиб келмаган. Аксинча, ўша йиллари Ўзбекистондан жуда катта бойлик ташиб кетилган. Бу қуруқ гап эмас, мана тарихий далил: ўша талотўп йиллари 59 миллион пуд пахта, 8,5 миллион пуд пахта мойи, 950 минг пуд пилла, 2 миллион 925 минг пуд жун, 229 минг пуд совун, 300 минг пуд гўшт, 474 минг пуд балиқ, 70 минг от, 12 минг туя камлик қилиб, аҳолидан зўрлик билан 2 миллион 400 минг пул тортиб олиниб, Россияга олиб кетилганлиги архив китобларида зарб этилган, бу далиллардан кўз юмиб бўлмайди. Абдулла Авлоний “рус товаришларининг марҳамати”дан сўз очиб “думба бериб – чандир чайнаймиз, қаймоқ бериб – сут ошиймиз, нон ўрнига кесак тишлаймиз”, деб ўкинч сўзларини бекорга ёзмагандирлар? Улуғ мутафаккирнинг узоқ йиллар давомида уйда махфий сақланган “Афғон саёҳати” кундалик дафтарларидаги бу сатрларни унутиш мумкинми?
“(1919 йили) кеч соат 8 да келуб Ховос истансасида қолдук, йўлларда бўлсун, истансаларда бўлсун, яланғоч, авротлари очуқ, кийимлари пора-пора мусулмон хотун-қизлари, ёш-ёш болалар кўрилурди. Албатта, илмсиз ва тарбиясиз, аҳволи оламдан хабарсиз мусулмонларнинг ҳол-аҳволлари биргина Ўрта Осиё йўлларинда эмас, бутун Туркистоннинг ҳамма ўлкасида шўйла фано ва аянч ҳолда эканлиғин ҳеч ким инкор қилмайди. Бизим Туркистонда ҳар ерда ҳозирда иш бошинда ўлтурган рус товаришларимизнинг ўзлари иш бошиға ўлтуриб олиб, ўзлари ошалаб, биз – мусулмонларға ялатувларининг натижасидур. Мазкур аҳолилардан сўралганда, “Алҳамдулиллоҳ, бу йил бултургига қараганда ҳолларимиз яхши. Бу йил фақат яланғоч бўлсамиз ҳам, бир оз емаклиқға гадолик ва тиланчилик қилуб умр ўткарамиз. Агарда бултур келган бўлсангиз эди, бул йўлда “Оҳ, нон!..” деб жон бериб ётган мусулмонларни кўрар эдингиз”, дея бу ҳолларига ҳам шукр баён қиладилар”.
Оқ подшоҳ истило қилган мамлакатларини “генерал-губернатор” аталмиш вакиллари орқали бошқарарди. Большевиклар эса мустамлака ерларини майда-майда бўлакларга ажратиб, “мустақил совет республикалари” ташкил этдилар-да, ҳукумат тепасига биттадан қўғирчоқ раҳбарни қўндириб қўйдилар. Ўзбекистонда компартия раҳбари ўзбек, иккинчи котиб албатта рус, вилоят, туманларда ҳам аҳвол шундай. Демакки, аслида ишни иккинчи котиблар юргизадилар. Мажлисларнинг “улуғ оғамиз” тилида олиб борилиши фикримиз далили. Мажлисларнинг рус тилида олиб борилиши замирида ҳам миллатга қарши кучли сиёсат ётарди. Диққат қилайлик: мажлислар рус тилида олиб борилса, барча расмий ҳужжатлар рус тилида юритилса, қўғирчоқ раҳбарларнинг “оғалари” тилини яхши билишлари шарт бўлади. Демак, амалга интилувчи кимса бу шартни бажариш ҳаракатига тушади. Тўғрироғи, фарзанди катта амалдор бўлишини истаган ота ва она уни шу йўналишда тарбия этади. Миллий руҳ деган тушунчалар гўрга тиқилади. Бу илмий-фалсафий тилда “ассимиляция” дейилади. Мазкур атаманинг луғавий маъноси “сингдириб юбориш”дир, яъни миллатни аста-аста тирнаб-тирнаб, едириб-едириб йўқ қилиш. Изоҳли имло луғатида: “Ассимиляция – бир халқнинг бошқа бир халқ урф-одатларини маданияти ва тилини ўзлаштириб, ўз тили, маданияти ва миллий онгини йўқотиши натижасида ўша халққа қўшилиб кетиши” деб ёзилган. “Агрессия” – тажовуз, яъни миллат бошини қилич билан шартта кесиб ташлаш бўлса, “ассимиляция” эркалаб туриб, бошини силай-силай едириб тугатиш. Тўғри, бунга анча кўпроқ вақт кетади, лекин дунё аҳлининг кўзларини шамғалатиб қилишнинг энг қулай усули шу. Чингиз Айтматовнинг “Асрни қаритган кун” (“Асрга татигулик кун” деб нотўғри таржима қилинган) романида баён қилинган манқурт ҳақидаги афсонани эслайсизми? Душман паҳлавон йигитни ўлдирмайди, бошидаги хотирани, ақлидаги туйғуларни чиқариб ташлайди. Оқибатда онасини ҳам танимайди. Она – Ватан тимсоли. Миллий туйғулари ўлдирилган одам Ватанини танимайди!
Биринчи раҳбарларнинг аксари москвалик хўжайинларига яхши кўриниш учун аввало ўзлари руслашишни бошлаган эдилар. Акмал Икромов, Усмон Юсупов кабилар рус аёлига уйландилар. Уларнинг фарзандлари оталарининг насаблари билан аталса-да, аслида уларнинг қонида ўзбекнинг ҳеч нимаси йўқ эди. Комил Икромов Москвада улғайиб, болалар ёзувчиси бўлиб етишди. Отасининг ҳаёти асосида ёзган “Ўқчи маҳалласи” (русча номи “Улица оружейников” ўзбекчага “Қуролсозлар маҳалласи” деб нотўғри таржима қилинган. Чунки Тошкентда “Қуролсозлар” маҳалласи бўлмаган; ҳунармандларнинг номи билан аталувчи “Ўқчи”, “Дегрез”, “Лангар” каби маҳаллалар мавжуд эди) асари асосида кўп қисмли кинофильм ишланган. Леонид Юсупов ҳам Москвада яшаган. Бундай ҳолатни ёзувчиларнинг оилаларида ҳам учратиш мумкин эди. Уйғун, Йўлдош Шамшаров, Туроб Тўла… ўзга миллат вакилларига уйланишди ва “интернационал оила” сифатида мақталишди. Мен бу ҳолатни қоралай олмайман. Чунки қадимда рус шаҳзодалари немис ёки француз қизларига уйланганлар, зодагонлари улардан ортда қолмаганлар. Ҳатто Пётр I русларнинг маданий савиясини ошириш, Европага яқинлаштириш учун бундай оилалар кўпайишини талаб қилган. Қадим Туронда ҳам форс ёки ҳинд ёки араб гўзалларига уйланиш расм бўлган. Замонавий мисолга ўтсак, Ҳиндларнинг машҳур сулоласи Жавоҳарлаъл Нерунинг набираси Раджив Ганди ўлдирилгач, унинг сиёсий фаолиятини хотини давом эттирди. Унинг партияси сайловда ғолиб келди, лекин бу хотин европалик бўлгани учун, ҳинд аёлларига ўхшаб сари либосида ўралиб юрса-да, Бош вазир лавозимига қўйилмади. Мен бу нозик масалага ўтиб, кимларнингдир иззат-нафсига тегмоқчи эмасман. Кўнгил – кўнгил-да, кимга уйланса уйланаверсин, лекин фарзандларини ўзбек қилиб тарбиялаши керак.
“Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бировга ур”, деган мақолга амал қилиб, кўнгилни хира қилувчи бир мисолни эслаб ўтишим керак. Гап шундаки, “интернационал оила” бизнинг қариндошларда ҳам бор эди. Тоғамнинг катта ўғиллари Фаррух ака, тўйсиз, никоҳсиз, рус қизига уйланиб олибдилар. Худди киноларда кўрсатилганидек, чақалоғини кўтариб олган жувонни бошлаб келиб, “Это моя жена”, деган эканлар. Тоғам бунга қанчалик норози бўлмасинлар, ҳовли этагидаги икки хонани уларга бўшатиб берганлар. Бир қиз (Лола) ва ўғил (Алишер) кўрдилар. Янгамиз Валя опа Тошкентда туғилиб ўсган бўлса-да, ўзбекчани билмасдилар, шунга қарамай, қариндошларнинг барча маросимларида қатнашардилар, меҳр-оқибат бобида айрим ўзбек аёлларидан устун эдилар. Дадажоним, аяжоним вафот этган кунлари жиянлардан олдин шу келин – Валя опа етиб келган эдилар. Фаррух акамизнинг яна бир рус хотинлари борлигини вафот этган кунлари билганмиз. Лоланинг исми ўзбекча бўлгани билан рус қизи бўлиб тарбия топди, рус йигити билан турмуш қуриб, сўнг рус аёлларига хос феъли туфайли тезгина ажрашди. Ҳозир Россияда яшайди. Алишер ҳам рус йигити эди. Оила қурмади, гиёҳвандларга аралашиб, умрини хазон қилди. Уни Белгород шаҳрига дафн этишибди. Фаррух акамизнинг ҳаётдаги илдизлари шу тарзда қуриди.
Не аламки, кичик ўғиллари Ҳасан ака ҳам Ленинградда ўқиётганларида рус қизига уйланиб олибдилар. Тоғам буни иснод деб қабул қилиб алам чекмадилар. Йўқ, бу иснод эмасди. Тоғамни “зурриётим қирқилиб адо бўлади, номим ўчади”, деган ташвиш қийнарди. Ҳартугул, Ҳасан акамиз биринчи оилалари билан кўп яшамай, ажрашдилар. Ўшлик қариндошимизнинг қизларига уйландилар. Набиралари Омонуллоҳ туғилганида тоғамнинг “Энди номим ўчмайди, илдизим қуримайди”, деб қувонганларини кўрсангиз эди!
Рим султони Юлий Цезарнинг “Майдалаб бўлиб ташлагин-да, истаганингча ҳукмингни юргизавер”, деган фалсафасини большевик султонлари тўла-тўкис амалга оширдилар. Яқин ўтмишимизда “Ленинча миллий сиёсат” кўкларга кўтариб мақталарди. Аслида эса Сталинча миллий сиёсат қарор топган эди. Ленин 1924 йилнинг январь ойида вафот этган, миллий чегараланиш эса, ўктабрь ойида ўтқазилди. Ленин миллатга қараб эмас, ҳудудга қараб чегаралаш тарафдори эди. Масалан, Қофқазда уч жумҳурият эмас, битта “Қофқаз” жумҳурияти, Марказий Осиёда эса “Туркистон” жумҳурияти бўлишини истаган. Сталин эса майдалаб ташлаган. Унинг сиёсати ҳозиргача жондош-қондош, жигар бўлган халқларни айириб турибди. Бир неча чақирим қуруқ ер ёки йўл учун ғалвалар тинмаяпти. Мана шу келишмовчилик Россия учун ғоят фойдали ҳисобланади. Эҳтимол, 1924 йилда тарихнинг бу томонга оғишини ҳам ҳисобга олиб, шундай қилишгандир.
* * *
Ёшларимиз тарихни яхши билмасалар керак, деган ўйда асосий муддаога сал узоқроқдан яқинлашишига тўғри келди. Яна Тошкент зилзиласига қайтсам, “улуғ оғаларимиз”нинг қурилиш баҳонасида ёпирилиб келиши “ассимиляция” миллий сиёсатининг амалга ошишини тезлаштиришдан иборат эди. Агар бу мақсад бўлмаса, рус ёки украин ёки белоруснинг бошкентга кўчиб келиши фожиали ҳолат эмас. Дунёга назар ташласак, турли мамлакатларда ўзбекларнинг яшаётганини кузатамиз. Ёки Германияда туркларнинг, Англияда ҳиндларнинг кўп миқдорда яшаши ҳозир ажабланарли ёки ташвишли ҳол саналмайди. Чунки Саудий арабистонида истиқомат қилаётган ўзбеклар арабларнинг, Германиядаги турклар немисларнинг қонунларини, тарихи, маданияти, тилини ҳурмат қилиб яшайдилар. Европада яшаётган осиёликлар бу халқларни, масалан, олмонларни, фарангиларни… едирилиб йўқ бўлиб кетишига таҳдид солмайдилар. Аксинча, йиллар оша ўзлари уларга сингиб йўқ бўлиб кетадилар.
1966 йилда кўчиб келган меҳмонларимиз ҳам бизнинг бой тарихимиз, маданиятимиз, тилимиз, урф-одатларимизни ҳурмат қилишса эди, уларга ҳеч бир эътирозимиз бўлмасди. Сталин Ленин билан миллий сиёсат ҳақида баҳслашганда “Рус халқининг вакили Россияда яшаса, грузиядаги грузин учун “улуғ”лик мақомида бўлади. Агар у Грузияга кўчиб келса, бу улуғлигини йўқотади”, деган экан. Шунга кўра, 1966 йилда кўчиб келганларнинг кўпчилиги ўзларининг хатти-ҳаракатлари билан “улуғлик” мақомини талаб қила бошладилар. Ўзбекнинг ғоят бой илмий-маданий тарихини билмаган жоҳил “биз сенга маданият олиб келдик”, деб очиқчасига даъво қила бошлади. Автобусда шундай жанжал чиққанига ўзим гувоҳ бўлган эдим. Ширакайф рус хоним “Биз сенларга шим кийишни ўргатганмиз!” дегач, аҳвол нима бўлганини тасаввур қилаверинг.
Мен европаликлар ҳақида сўз кетганда “1966 йил”ни атайин таъкидлаяпман. Чунки биз билан ён қўшни-жон қўшни бўлиб яшаётган европаликларни битта қолипга солиб, фикр юритиб бўлмайди. Мен бу ҳақда илгари ҳам ёзганман. Русларнинг оқ подшоҳ даврида келганлари бор, очарчилик йилларида, уруш йилларида келганлари бор. Уларнинг маҳаллий халқ билан муносабати 1966 йилда келганлардан тубдан фарқ қиларди. Аввал келганларда маҳаллий халққа ҳурмат бор эди ва ҳурмат кўрардилар. Кейингиларидан маданиятни талаб қилишнинг фойдаси йўқ эди. Чунки уларнинг кўпчилиги мен қурилишда дастлаб танишганим Шомил ва унинг дўстлари тоифасидан эди. Шаҳарда майхўрликнинг, жинсий хасталикнинг авж олгани фикримга далил бўлар. Улар қурилиш ашёларини кепак баҳосида пуллашар эди. Костромалик қурувчидан ярим шиша ароққа бир машина бетон ёки пишиқ ғишт сотиб олиш мумкин эди. Аҳвол шу экан, улар қурган уйларнинг сифати қандай бўлгани маълум.
Совет Иттифоқи яксон бўлгач, европалик қадрдон қўшниларимизнинг кўплари кўчиб кета бошлашди. Уларнинг аксари 1966 йилда келган “ҳашарчи”лар эди. Кўнгилни хира қиладиган жойи шундаки, уларнинг кўплари “Шунча йил сизларнинг сувингизни ичдик, тузингизни едик, биздан рози бўлинг”, деб хайрлашишмади. Уйларини хусусийлаштириб олишгач, қиммат баҳоларга сотдилар-у, она юртларига “қочоқ” сифатида қайтиб бордилар. Бу ҳақда Россия телевидениеси кўп марталаб кўрсатди, хабарингиз бордир. Бу ношукрларни қарангки, бизларни ёмонлаб, “қочоқ” сифатида қайтса, ҳукуматидан ёрдам пули оларкан. Озгина пул деб туз ҳақини унутди. Мен бу ҳақда “Иванич” деган ҳикоя ёзиб эдим. Бу борадаги дардимни шу ҳикояга сингдирганман, кўзингиз тушса, ўқиб кўрарсиз.
Мазкур сатрларни ўқигач, айримларда менинг “миллатчилик” иллатим ошиб-тошиб кетганга ўхшаб туюлиши мумкин. Йўқ, мени тўғри тушунинг. Менинг ҳеч қайси миллатга нисбатан ғаразим йўқ. Аввалроқ айтганимдай, миллатидан, динидан қатъи назар, ҳар бир кишини Одам ато билан Момо Ҳаввонинг фарзанди сифатида, яъни ўз биродарим сифатида кўраман. Мен руслар ёки украинлар билан жон қўшни бўлиб яшашга қарши эмасман, мен советлар юритган миллий сиёсатга қаршиман.
Донишманддан сўрадилар: “Қайси одам, қайси миллат афзал?” Донишманд икки кафтига тупроқ олиб, “Қайси кафтимдаги тупроқ афзал?” деб сўради. Кейин кафтларидаги тупроқни бир-бирига аралаштириб деди-ки: “Икки ҳовучимдаги тупроқнинг бир-биридан фарқи бўлмагани каби, ҳамма халқ, ҳамма миллат бир-бирига биродардирлар”. Ўз миллатини севиш, ардоқлаш, керак бўлса жон фидо қилиш иллат эмас, балки ўзга миллатни пастга уриш, хорлашга интилиш иллатдир. Ўтган жамиятда шу нуқтада катта хатоликларга йўл қўйилди. Ўз миллатини севганларнинг “халқ душмани” деган туҳмат билан қамалганлари, отилганларини, баёнимда такрор бўлса ҳам, яна ёдга оламан.
Шукрки, бугунги миллий сиёсат бутунлай бошқача, таъбир жоиз бўлса, бу сиёсат “тириклик суви” билан суғорилган. Бугунги миллий сиёсат йўналишида хизмат қилиш ҳар бир ўзбекистонликнинг бурчи. “Шу азиз Ватан барчамизники!” деган ҳаётбахш шиор ҳар биримизнинг қалбимизга кўчиши керак.
Менинг миллий масалага муносабатимни тўғри тушунишингиз учун айрим воқеаларни эсламоқчиман.
1980 йили Москвада фантаст ёзувчиларнинг анжумани бўлди. Камина СССР Ёзувчилар союзи ҳузуридаги Фантастика кенгашининг аъзоси, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасидаги кенгашнинг раиси сифатида иштирок этдим ва мунозараларда сўзга чиқдим. Москвалик айрим адиблар осиёлик адиблар ижодини очиқчасига менсимас эдилар. Шуларга ибрат бўлсин, деб мен “Фантастиканинг ватани – Шарқ” мавзуида сўзладим (Бу ҳақда кейинроқ батафсил фикр юритаман, инша Аллоҳ). Мисол тариқасида Ибн Сино, Форобий, Навоий асарларини тилга олдим. Анжуманда қозоғистонлик адиб ва олим Абдулҳамид Марҳабоев ҳам иштирок этаётган эдилар. Акамиз эрталабдан ширакайф бўлиб олган эканлар, мажлис хонасига бир кириб, бир чиқиб турдилар. Кечки пайт москвалик адиб дўстимиз Юрий Медведевнинг таклифи билан кичик давра қурдик. Эрталаб ширакайф бўлган акамиз, кечга келиб анча “етилган” эдилар. Уч-тўрт қадаҳ сўзидан кейин каминага ола қараб, “Сен боя нега Форобийни ўзбек дединг?” деб қолдилар. Мақсадни дарров тушундим. Қўшни ва қариндош миллат зиёлилари орасида ярамас иллат тарқалган эди. Ўтмиш алломаларини ўзларича “бўлишиб олиб”, “бу ўзбек”, “бу қозоқ”, “бу тожик”, “бу туркман”, деган киши билмас даҳанаки жанглар мавжуд эди. Форобийни қозоқ ва ўзбек зиёлилари талашардилар. Шу нуқтаи назардан қараганда, Форобий номини ўзбек ёзувчисининг тилга олиши қозоқ адибига ёқмабди. Ҳолбуки, мен “ўзбек” эмас, “шарқ алломалари” деб эдим. Рус, латвиялик, молдован, украин адибларининг кичик даврасида ўзбек билан қозоқ қариндошнинг бемаъни баҳси шармандали ҳол бўлгани учун изоҳ бердим:
– Минг йил олдин яшаган аждодларимиз илм оламига бебаҳо мерос қолдирганлар. Буюк одамларнинг миллати бўлмайди. Аниқроқ айтсам, миллатининг чегараси йўқ. Агар Хоразмий мероси фақат битта халққа хизмат қилганда, демак у буюк эмас эди. Буюклар башар фарзандларидир. Сиз билан биз уларни талашмайлик, аксинча, ўрганайлик. Сизнинг гапингиз мен учун янгилик эмас. Бунақа гаплар Олмаотада ҳам бор, Тошкентда ҳам бор. Лекин у шаҳарда ҳам, бунисида ҳам Форобий ҳаёти акс этган яхши роман йўқ. Талашишга етган ақлни тежаб, мен бу буюк аллома ҳақида роман ёзадиган бўлсам, олмаоталик форобийшунос олимлар маслаҳат берсалар, сиз ёзадиган бўлсангиз, тошкентлик олимлар қизиқарли маълумотлари билан сизни таъминласалар, халқимизга шу фойдалироқ эмасми? Аждодлар номи билан фахрланиш яхши, лекин зиёли одам “Мен улуғлар зурриёти бўлишга арзийманми, мен халқимга етарли хизмат қила олдимми?” деб яшаши керак. Ҳамонки, баҳс бошландими, келинг, дастурхонларимизни очайлик: сиз қозоқларга қандай хизмат қиляпсиз, мен ўзбекларга қандай хизматни қойиллатиб қўйдим? Тан олайлик, бовурим, даъвоимиз осмонда-ю, дастурхонимиз қуруқ. Сиз тўртта, мен иккита китоб чиқариб қўйиб керилмасак ҳам бўлади. Жамбул оғанинг ёшини яшаб, яна уч-тўрттадан китоб ёзармиз. Лекин вафотимиздан кейин йил ўтиб биров бизни эслайдими?
Гапларим таъсир қилди. Абдулҳамид оға “накаут қилдинг”, деб мени ўпа кетди. Ярим чин, ярим ҳазил баҳсимизга Юрий Медведев якун ясади:
– Тоҳир тўғри гапирди. Бунақа талашиш дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам бор. Лекин ҳеч бир ерда ижобий натижа бермаган. Ҳар бир зиёли қобилиятига яраша миллатига хизмат қилаверсин, натижасини келажак аниқлаб беради.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?