Текст книги "Ҳаёт қайиғи (2 китоб)"
Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 33 страниц) [доступный отрывок для чтения: 11 страниц]
“Спорт журналисти”
Русларда “Кемадан тушди-ю, зиёфатга дуч келди”, деган мазмунда мақол бор. Камина ҳам адабий ходим лавозимига тасдиқ этилдим-у, зиёфатга эмас, қийин бир тадбирга рўпара бўлдим. Футболчи болаларнинг “Чарм тўп” мусобақалари ҳақидаги низомни тайёрлашда иштирок этганимда, бу мусобақаларни ўтқазишда иштирок этиш ва газетада ёритиш зиммамга тушишини ўйлаб ҳам кўрмаган эдим. Эркин Хўжаев кўпроқ таҳририят ишлари билан банд эдилар. Югур-етим каминага юклатилди.
“Чарм тўп” клуби президентлигига кўп футболчиларнинг устози Исҳоқ Тошмуҳамедов тайинландилар. Бу киши Герман Титов номидаги спорт мактаб-интернатида хизмат қилардилар.
Зилзила туфайли Республика комсомоли марказқўми ҳам бошқа жойга кўчиб ўтди. Ходимлар тор хоналарга тиқилишган, бири телефонда бақириб гаплашади, бири машинка чиқиллатади, бири кичик даврада мажлис ўтказади… Хуллас, қайнар хумчага ўхшаб қолган. “Чарм тўп” мусобақаси биринчи марта ўтказилаётгани учун ташкилий ишларда етишмовчиликлар кўп, уни ҳал қилиш учун эса кунига ҳатто икки мартадан мажлис чақириларди. Дастлаб, тадбирни кейинги йилга қолдириш ёки бошқа шаҳарга кўчириш ҳақида таклифлар ҳам бўлди. Лекин юқори идора бунга ижозат бермади. Болалар футбол мусобақасини юқори савияда ўтказиш аҳолига руҳан мадад бўлади, деган қарорга келдилар. Бу менга 1941 йил 7 ноябрда Москва Қизил майдонида ўтказилган ҳарбий парадни эслатди. Ўшанда ҳам параддан мақсад халқ руҳини кўтариш эди.
Тадбирни юқори савияда ўтказиш осон эмасди. Аввало, икки юздан зиёд ёш футболчилар ва уларнинг устозларини жойлаштириш, уларни уч маҳал овқатлантириш лозим эди. Футболчиларни стадионларга олиб бориш учун автобуслар талаб этиларди. Зилзилага қадар белгиланган тадбир режасига кўра, ёш футболчилар ҳар куни шаҳарни сайр қилишлари, турли музей ва шу каби жойларга боришлари керак эди. Зилзила бу режани йўққа чиқарди. Футболчилар ва уларнинг устозлари Кўкча дарвозасидаги мактаб-интернатга жойлаштирилди. Автобуслар билан ҳам таъминланди. Тажрибали ҳакамлар жалб қилинди. У дамларда ҳакамларнинг энг юқори мартабаси “Халқаро тоифадаги ҳакам” – Ўзбекистонда йўқ эди. Биттагина “Бутуниттифоқ тоифасидаги ҳакам” бор эди, лекин Белозёров олий лига ўйинларини бошқармасди. Пастроқ даражадаги ўйинларга жалб қилинарди. “Республика тоифасидаги ҳакам”лар орасида ҳам ўзбеклар кам эди. Буларни эслашимдан мақсад, бугун дунё миқёсидаги ўйинларни бошқараётган ҳакамларимиз, хусусан, Равшан Эрматов билан бениҳоя фахрланишимиз лозимлигини таъкид этмоқчиман, холос. Нима учун у дамларда ўзбеклардан юқори мартабали ҳакамлар йўқ эди? Москваликлар ишонмас эдиларми? Эҳтимол шундайдир, лекин мен буни камситиш ўрнида қабул қилардим. Бундай ҳол фақат футболда эмас, спортнинг бошқа соҳаларида ҳам шундай эди. Жаҳон чемпиони боксчи Руфат Рисқиевнинг СССР терма командасидан жой олиши осон бўлмаган. “Пахтакор” футболчиси Биродар Абдураимовнинг маҳорати киевлик Блохиндан кам эмасди, лекин уни терма командага қўшишмаган. Мен бугун Мессининг майдондаги ҳаракатларини кузата туриб, Биродар Абдураимовнинг ўйинларини эслайман. Ўйин услуби, маҳорат даражаси жуда ўхшаш. Абдураимовни ҳарбий хизматга чақириш баҳонасида Марказий армия спорт жамоасига (ЦСКА) олишди. “Пахтакор”дан кетиши афсусли бўлса-да, Москвадаги эътиборли командада ўйнашидан фахрландик. Аммо унга командадан жой беришмади. Захирада ўйнаб қайтди, икки йиллик умри бекорга совурилди. Эҳтимол, унинг “шохини синдириш” учун атайин шундай қилингандир? Буниси бандага қоронғи, Худога маълум.
Болалар мусобақаларини бошлашгач, газета саҳифаларини мақолалар билан тўлдириш менга топширилди. “Нималарни ёзай? Қандай ёзай?” деган саволимга Суроб ака ҳам, Эркин ака ҳам елка қисиб қўйишди. Улар атайин шундай қилишмади, биринчи марта ўтказилаётган тадбирни қандай ёритишни улар ҳам аниқ билишмасди. Ўзбекистонда у йиллари спорт журналистикаси жуда заиф аҳволда эди. Спорт газетасининг ходимлари асосан рус журналистлари эди. Газета рус тилида тайёрланиб, “Физкультурник Узбекистана” номи билан нашр қилинар, икки таржимон хизмати билан “Ўзбекистон физкультурачиси”га айланарди. Футбол шарҳловчиси Назарянц ўйинларга қандай баҳо берса, шундай қабул қилинарди. У Ўзбекистонда “шарҳловчилар қироли” эди. Москвадаги “Советский спорт” газетасига “Ўзбекистон қироли”нинг тиши ўтмасди. Нари борса, “Пахтакор”нинг ўйини ҳақида уч-тўрт сатрдан иборат кичик хабари чиқарди.
Шундай муҳитда камина спорт журналистикасига кириб келишим ва ўзимни кўрсатишим керак эди. Бу ишда болаларга ҳикоялар ёзиб юрганим қўл келди. Ўйинлар ҳақида қуруқ хабарлар беришнинг қизиғи йўқ эди. Мен воқеабанд лавҳалар ёзиш услубини танладим. Масалан, ҳимоячининг ўйиндан чиқариб юборилиши мен учун қизиқарли мавзу бўлди. Хабар ичида “Қўқон командасининг ҳимоячиси қўполлиги учун ўйиндан чиқарилди”, деган сатрлар билан чекланмай, бу воқеани алоҳида лавҳага олиб кириб, “Ҳимоячи нега ўйнамади?” деб сарлавҳа қўйдим. Шу каби ўнга яқин лавҳаларни ёзиб, фотосуратчимиз Равил Албеков суратларини танлаб, бўлим мудирига топширдим. Эркин ака “ҳаммаси яхши”, деб муҳаррир хонасига кириб кетдилар. Мен лавҳалардан кераклисини танлаб олишар деб эдим. Бундай мусобақа биринчи марта ўтказилаётганини назарда тутиб, газетанинг тўрттала саҳифасини футболга ажратишга қарор қилишибди. Адабий ходим синовидан ўтганимдан, таҳририят ишончини оқлаганимдан ғоят қувондим. Қувончнинг фақат ўзимга маълум яна бир томони – қалам ҳақи эди. Газетанинг барча саҳифаларини эгалласам, юз сўм атрофида гонорар олардим. Таҳририятдаги дастлабки қиш ва баҳорни акамнинг эски пиджакларида ўтказгандим, кузга яқин янги пиджак сотиб олишни кўнглимга тугиб қўйдим. Лекин бу насиб қилмаган экан. Бир иш билан масъул котиб хонасига кириб, ёйиб қўйилган газета саҳифаларига кўзим тушди. Ажабки, муаллиф сифатида мен эмас, бошқа кишининг номи ёзилибди. Ҳамид ака кириб келиб, таажжубимни сездилар-да, индамасам ҳам, ўзлари изоҳ бердилар:
– Сизга айтишга улгурмовдим, Равил акангиз кўндилар, Наримон аканинг уйлари бузилиб кетди, янги уйларига ёрдам бўлсин, деб шу маслаҳатга келдик. Йўқ десангиз, ҳозир ўзгартираман.
Нега йўқ дер эканман! Наримон Орифжонов “Гулхан” журналида масъул котиб эдилар. Биз каби ёшларга ғоят ғамхўр эдилар. Янги қураётган уйларига деярли ҳар якшанбада ҳашарга борардик. Тошкент ғарбидаги “Октябрь массиви”, “Бешқайрағоч” деган жойлар аввал колхоз боғлари эди. Зилзиладан сўнг бу боғлар уйи бузилган маҳаллаларга бўлиб берилди. У дамларда ўзбеклар кўп қаватли уйларда яшашни исташмасди. Қийналиб бўлса ҳам уч-тўрт сўтих ерда бошпана қуриб олишга тиришардилар. Наримон ака ҳам шулардан бири эди. Айтишим жоизки, зилзила баҳонасида марказдаги ўзбеклар шаҳар четига чиқарилди. Кўп уйлар зилзиладан шикаст топмаган бўлса ҳам, янги лойиҳада кўрсатилган кўп қаватли уйлар қуриш мақсадида бузилди.
Ўша йили Наримон аканинг бир ишларидан аввал таажжубланиб, кейин доноликларига қойил қолганман. У киши маҳалла раиси эканлар. Уйлар бузилиб, кўч-кўч бошлангач, биринчи навбатда маҳалла гузарига жой ажратиб, тобут ва дошқозонларни олиб келибдилар. Саёз фикрланса, янги маҳаллага тобутни олиб келиб қўйиш кўнгилга сал ғашлик солади. Аслида эса, маҳалла учун зарур нарсалардан бири айнан шу тобут ҳисобланади. Янги маҳалла қурилиб битгунига қадар ҳеч ким вафот этмайди, деб ким кафолат беради? Қадимдан ота-боболаримизнинг ибратли одатлари бўлган янги маҳалла ёки қишлоқ барпо этилишига киришишда дастлаб новвойхона, ҳожатхона ва тобутхона қуриб, кейин уй қурилишларига киришишган. Тоғам вафот этганларида суриштирсам, қарийб юз хонадон яшайдиган беш қаватли уйда маҳалла гузари йўқ экан. Қўшни маҳаллага бориб суриштирсак, битта эски лиқиллаб турган тобутлари бор экан. Бу ҳам бошқа маҳаллага берилмас экан. Ўзим яшайдиган маҳаллага шошқич равишда келиб, “Москвич”имнинг томига тобутни қўйиб олиб борган эдим…
Ғирромлик неча ёшдан бошлаб ўргатилади?
Агар таъбир жоиз бўлса, футбол мусобақаси баҳонасида “болалар спорт журналистикаси”ни ўзлаштира бошладим. Бу ўзим учун ҳам қизиқарли эди. Шу тадбир туфайли болалар спортида мавжуд бўлган ғирромликлардан ҳам хабар топиб, афсусландим. Ишонсангиз, бу афсус ҳали ҳам сўнмаган. Чунки ўша ғирромликлар бугунги болалар, ҳатто катталар спортида ҳануз давом этяпти. Кулгига мойил бир мисол: Олий ўқув юртлари талабаларининг мусобақасида Наманган университетининг футбол командаси асосан “Навбаҳор” футбол жамоаси аъзоларидан иборат экан. Расман наманганликларга эътироз қилиб бўлмайди, чунки бу футболчилар чиндан ҳам университет талабаси ҳисобланади. Лекин уларнинг қандай талаба экани барчага аён-ку? Уларнинг ўқишга қатнамаслигига индамай қўя қолайлик. Лекин қайси факультетда “ўқишларини” билишармикин у азамат тўптепарлар?
“Чарм тўп” низомига кўра, футбол мактабида маҳорат сирларини ўрганаётган боланинг кўча (маҳалла) командасида қатнашиши мумкин эмасди. Чунки футбол мактаблари ўртасида алоҳида мусобақалар мавжуд. Энг муҳими – “Чарм тўп” клубини ташкил этишдан мақсад, кўчадаги бекорчи болаларнинг бўш вақтдан фойдаланишлари масаласини ҳал қилиш эди.
Биз болаларни, айниқса, қайсар, бўйсунмасларни тарбиялашда асосан насиҳат йўлини танлаймиз. Ҳолбуки, бўйсунмас, қайсар, интизомсиз болаларни қуруқ насиҳат билан тарбия қилиб бўлмайди. Уйда насиҳат, кўчада насиҳат, мактабда насиҳат, радио-телевидениеда насиҳат – буларнинг барчаси боланинг ғашини келтира бошлайди. Насиҳат бошланиши билан пешонасини тириштиради, индамай эшитишга мажбурлиги учун тинглайди. Хаёли эса бутунлай бошқа томонда бўлади. Баъзи болалар насиҳатдан безганларини очиқ ошкор қилишдан ҳам тоймайдилар. Насиҳатнинг тарбиядаги ўрнини бутунлай рад этмайман, лекин унинг таъсири озлигини ҳам тан олишимиз керак. “Хўш, унда қандай йўл билан тарбия қилишимиз керак. Жиноят томон оғиб кетиши эҳтимоли мавжуд болани нима тўхтатади?” деган савол туғилиши табиий. Болалар футболидаги муаммолар баҳонасида саволга жавоб топишга уриниб кўраман. Аввало таъкид этаманки, ҳар бир бола – бир олам. Ҳар бирига алоҳида йўл топмоқ керак. Ёмон йўлга юрмаслик, яхши ўқишга даъват бир хилда бўлмайди.
Барча мамлакатлар учун боланинг бўш вақти масаласи муҳим муаммолардан ҳисобланади. Мактабдан кейинги ярим кунда боланинг нима билан шуғулланиши унинг тақдирини белгилайди. Шаҳардаги маҳаллаларда, қишлоқларда бола катталарнинг эътиборида бўлади. Бу бола кимнинг фарзанди эканини катталар билишади ва ундаги ножўя ҳаракатни эътиборсиз қолдиришмайди. Кўп қаватли уйларда эса бунинг акси. Қўшнилар бир-бирларини танишмайди. Ножўя иш қилаётган болани тартибга чақиришмайди. Бўш вақт масаласини ҳамма ўзича ҳал этади. Кўпчилик тарбиянинг бу соҳасида асосий эътиборни меҳнатга қаратиш тарафдори.
Совет давридаги кузатувлардан аниқки, болалар ва ўсмирлар феъл-атворининг шаклланишида бўш вақтдан тўғри фойдаланиш ғоят муҳим эканлиги тан олингани ҳолда бу зарур масаланинг ечимига эътиборсиз қаралган. Бошқачароқ айтилганда, бўш вақтдан фойдаланишга доир мавжуд тадбирлар етарли самара бермай қўйган эди. Бунинг акси ўлароқ, кўчанинг таъсири кучлироқ бўлган. Айтайлик, кўчанинг бир бетида шахмат-шашка тўгараги ташкил этилган. Иккинчи бетида бевош ўспиринлар қарта ўйнаб ўтиришибди. Кўчанинг ўртасида эса жамият тарбияламоқчи бўлган юзта бола турибди. “Ихтиёр ўзингизда, бўш вақтингизни ким билан ўтказасиз?” дейилса, шу юз боладан кўпи билан ўн-ўн бештаси шахмат-шашка томон юрган бўларди.
Совет жамиятининг сўнгги йилларида бўш вақт масаласи бўйича масъул идоралар берган маълумотга кўра, ўрта ёшдаги ўқувчиларнинг етмиш фоизи, юқори синф ўқувчиларининг олтмиш фоизи мактабдан ташқаридаги турли тўгараклар, клубларда шуғулланар эканлар. Совет Иттифоқидаги болаларнинг йигирма тўрт фоизи спорт билан доимий банд экан. Ўн уч фоиз ўқувчи бўш вақтларини техникага доир ҳунарларни эгаллашга сарфлар эканлар.
Кўнгилни хотиржам қилувчи бу рақамлар фақат қоғозда эди. Ўшанда қайта текширишдан сўнг “спорт билан шуғулланяпти”, деган маълумотдан 12 миллион боланининг номини ўчиришга тўғри келган. Рўйхатда бору аммо асли йўқ бўлган минглаб тўгараклар аниқланган. Яна аниқландики, 1980 йилдаги рақамлар 1990 йилда озгина бўлса-да, яхшиланмабди. Ўша даврда мактаб ўқувчиларининг 5-6 фоизигина тўгаракларга қатнашар эканлар.
Олтмишинчи йилларда болалар ва ўсмирлар орасида жиноятчиликнинг ўсиши кузатилди. Бу айниқса СССРнинг Европа қисмида кучли эди. Жиноятчиликнинг олдини олишда болаларнинг бўш вақтига ва қизиқишларига диққат қилина бошланди. Ана шу эътиборнинг оқибати ўлароқ, болалар қизиқиб ўйнайдиган ўйинлар тартибга солиниб, умумиттифоқ ўйинларига айлантирилиши маъқул топилди. “Чарм тўп”, “Олтин шайба” каби клублар тузилди. “Светофор”, “Қувноқ эстафета”, “Пионер тўрт кураши” каби ўйинлар юзага чиқди. Болаларнинг оқшомлари бошлайдиган “оқми-қизил”, “пақ-пақ” каби ўйинлари “Зарница” (яшин шуъласи) номи билан ҳарбийлаштирилган ўйинга айлантирилди. Тахтадан ясалган тўппонча, автоматлар ўрнига ҳақиқийлари берилди. Махсус ҳарбий кийимлар тиктирилди. Бу ўйин кейинроқ ўсмирлар ўртасида ҳам ўтказилди.
Болаларнинг бўш вақтидан унумли фойдаланиш ҳақида гап кетганда энг аввало уларни жисмоний тарбия – спортга тортиш фикри илгари сурилади. Мен бу фикрни инкор этмайман. Руҳий саломатлик жисмоний саломатликни ҳам талаб этади. “Жиноятнинг узун йўли” рисоласини ёзишга тайёргарлик чоғида спорт билан шуғулланувчи ўсмирлар билан ўтказган суҳбатларимда уларнинг 80 фоизи спорт ҳаётлари учун муҳим эканини айтди. 20 фоиз ўсмир эса ҳаётдаги қийинчиликларни енгиб ўтишда спорт катта ёрдам берганини таъкидлади. Ҳатто “бўйсунмас”ларнинг 80 фоизи ҳам шунга яқин фикр билдирди. Тўғри, жисмоний тарбия боладаги мавжуд ирода кучига қувват беради. Абдулла Авлоний ҳазратлари бадан тарбиясига эътиборларини қаратиб, шундай фикр билдирганлар: “Бадан тарбиясининг фикр тарбиясига ҳам ёрдами бордир. Жисм ила руҳ иккиси бир чопоннинг ўнг ила терси кабидир. Агар жисм тозалик ила зийнатланмаса, ёмон хулқлардан сақланмаса, чопонни устини қўйиб астарини ювуб овора бўлмоқ кабидурки, ҳар вақт устидаги кири ичига урадур. Фикр тарбияси учун маҳкам ва соғлом бир вужуд керакдур… Имом Шофеъи ҳазратлари: “Илм икки хилдур: бири – бадан илми, иккинчиси дин илми”, – демишлар. Бунга қараганда энг аввал ҳифзи сиҳат қоидаларини билмак, саломатликка терс бўлган нарсалардан сақланмак ила бўладур…”
Спортнинг ҳар бир киши учун кони фойда экани ҳақида кўп гапирмасак ҳам бўлар. Аммо айни шу соҳада тарбияга оид жиддий муаммоларга дуч келамиз. Айнан шу соҳада боланинг маънавий камолотига эътибор кам.
Бола маълум бир спорт турига қизиқиб, ёки акасими, дўстигами эргашиб тўгаракка борса, тренер энг аввало унинг қобилиятини текшириб кўради. Ҳар бир тренерга фақат қобилиятли бола керак. Унга шунчаки тўп тепиб, бўш вақтини ўтказадигани керак эмас. Агар лаёқат сезилмаса, тренер ундан осонгина қутулиб қўя қолади. Унга бугунги натижа керак. Болада бугун бўлмаса эртага қобилият юз очиши мумкин, деган гап унга ёқмайди. Айнан спорт тренерларида тарбиячига зарур бўлмиш педагогикага доир билим етарли эмас.
Катталар спортида допингдан, яъни кишида қўшимча куч уйғотадиган доридан фойдаланиш мавжудлиги ҳақида ёзиш, ҳатто гапириш мумкин эмасди. Гиёҳвандликнинг бошланиши ҳисобланмиш бу иллат гўёки Совет спортида йўқдай эди. Совет спорти учун энг муҳими – мусобақаларда қандай қилиб бўлса-да, ғолиб бўлиш. Болалар, ўсмирлар, ёшлар ўртасидаги мусобақаларда допинг иллати учрамасди. Ундан баттар иллат – ёлғон кўп аралашарди. “Қандай қилиб бўлса-да ғолиб чиқиш!” деган асосий шиорни “ғирромлик қилиб бўлса-да енгиш”, деб тушуниш ҳақиқатга яқин эди.
Спортга қизиқувчи бола дастлабки қадамларидаёқ ғирромга дуч келади. Маълумки, мусобақалар ёшга қараб босқичма-босқич ўтказилади. 12-13 ёшлилар бошқа, 14-15 ёшлиларники бошқа. Шунга яраша талаб ҳам, шароит ҳам ўзга-ўзга бўлади. Тренерлар мусобақада ғолиб келиш учун 12-13 ёшлилар мусобақасига 14-15 ёшли ўсмирни бошқа исм-насабда қўядилар. Яъни, 15 ёшли Болтаев 12 ёшдаги Тешаевнинг ҳужжати билан мусобақада қатнашади. Кўпинча шундай ўйинчилар ғолиб келишади ва ёрлиқлар ҳам бировнинг номига берилади. Бировнинг номидан ғирром равишда мусобақада қатнашаётган боладан яхши тарбия кутиш мумкинми? У ҳаётида ғирром йўлини танлаб олмайдими?
Адашмасам, 1969 йил эди шекилли, машҳур спортчимизнинг футбол мактабида маҳоратини оширган укаси ўзидан уч ёш кичик Шоир исмли бир боланинг ҳужжати билан Ереванда бўлиб ўтган мусобақада қатнашиб, “Энг яхши ҳужумчи” унвони билан қайтган эди. Шоир деган бола тўпни тўғри тепа оладими ё йўқми, унинг номига ёзилган Фахрий ёрлиқ ўзига берилдими ё ғирром футболчининг ўзида қолдими, билмайман. Тошкент чемпионлари армани тенгдошларига финалда ютқизиб, иккинчи “фахрли” ўрин билан қайтдилар. Ғирромлик билан етишилган бу ўрин билан фахрланиш мумкинми ёки йўқми, бу ҳам бир масала! Иккинчи масала шуки, бизнинг иллатли командамизни енгган арман жамоаси ҳам ғирромликда биздан қолишмагандир. Қалбаки ҳужжат билан “энг яхши ҳужумчи” номини олган йигитчани тўрт-беш йилдан кейин ресторанда кўриб қолдим. Футболни ташлаб, ошпаз бўлиб ишлаётган экан. “Бизнинг футболимиз шунинг учун ҳам ривожланмайди-да”, деб ўйлаган эдим.
Аслида совет футболи ғирром пойдевори устига қурилган эди. Советлар жамияти профессионал спортни рад этарди. Советлар оммавий спорт тарафдори бўлган. Советлар тарихининг дастлабки йилларида чиндан ҳам шундай бўлган. Лекин ХХ асрнинг иккинчи ярмида “ғирром профессионализм” пайдо бўлди. Бу нима дегани? Маълумки, профессионал футболчи ёки хоккейчи ҳеч қаерда ишламайди, фақат спорт билан шуғулланади. Спорт клубларини давлат таъминламайди. Бу клублар кимларнингдир шахсий мулки ҳисобланади. Большевиклар ғояси шахсий мулкни ҳам рад этади. Профессионал спортчи клуб раҳбарлари билан шартнома тузади. Клуб раҳбари уни истаган пайтида бошқа клубга сотиб юбориши мумкин. Советларда ундай эмас. Спортчининг бир жамоадан бошқасига ўтиши анча қийин масала эди. Моддий томондан манфаати ҳам йўқ эди. Гарчи у “ҳаваскор” ҳисобланса-да, аслида ҳеч ерда тер тўкиб ишламас эди. “Динамо” спортчилари милиция ходимлари, “МАСК” ҳарбий хизматчилар ҳисобланишарди. “Спартак”ни касаба уюшмалари таъминларди. “Шахтёр” ўйинчилари кўмир конларидаги “илғор ишчи”, “Нефтчи”дагилар нефт конларининг азаматлари сифатида ҳақ олардилар.
Шунинг баробарида совет спорти сиёсийлаштирилган ҳам эди. Халқаро мусобақалар спорт беллашуви эмас, балки совет ва капитализм тузуми олишуви тарзида кўриларди. Совет хоккейчилари канадаликларни албатта енгиши шарт эди. Енгса, совет тузумининг афзаллигини намойиш этишган бўлишарди.
Ғирромлик совет спортининг қон-қонига сингиб кетганидан кейин болалар спортидан қанақанги ҳалолликни талаб қилиш мумкин?
Спорт билан доимий шуғулланиб, оқибатда профессионалга айланганлар вақти келиб майдондан четга чиқишганда қийнала бошлашади. Энг биринчи галда улар шуҳрат шоҳсупасидан тушиб, эътиборсиз қолганларида руҳан қийналадилар. Кейин аввалги даромадлари ҳам бўлмай, моддий жиҳатдан машаққат чека бошлайдилар. Натижада улар тирикчиликнинг осон йўлини қидирадилар. Маълумки, жиноятчи тўдаларга чиниққан йигитлар керак. Спортдаги фаолиятини тўхтатганлар айнан шу тўдаларда паноҳ топганларига мисоллар бор (“Шайтанатнинг жин кўчалари” китобида бу ҳақда батафсил ёзганман). Мен ҳамма спортчиларнинг йўли шу, деган таъкиддан узоқман. Лекин биттагина мисол ҳам жамиятни сергаклантириши зарур бўлгани сабабли бу ҳақиқатдан четлаб ўта олмадим.
Бизда спорт ишларига тобора кўп эътибор бериляпти. Спортчиларимиз жаҳонда ўзларини кўрсатишяпти. Оммавий спорт эса бу соҳада озгина орқада эканини ҳам тан олайлик. Ҳар маҳаллада спорт майдони бўлиши керак, деган талаб бор. Талаб яхши. Аммо маҳаллада бўш жой йўқ-ку? Кўп қаватли уйлар шу даражада зич қурилганки, озгина бўш жой ҳам гаражлар билан банд. Ҳокимиятларга келган маълумотларга қараганда, бу талаб ҳамма ерда бажарилган. Бу маълумотларни кўриб ажабланасиз: спорт майдончаси томлар устидамикин? Тўғри, кўп жойларда сунъий қопламали гўзал майдончалар қуриляпти. Лекин афсуски, бу майдончаларга қадам босиб кириш учун пул тўлаш керак. Болага ота-онаси икки марта пул берар, тўрт-беш марта берар, охири “йиғиштир спортингни!” демайдими? Барча спорт майдончалари болалар учун текин қилиш баробарида, стадионларни ҳам улар учун очиб бериш керак. Болалар бу жойларда ҳам спорт билан бепул шуғулланиш имконига эга бўлсин.
Спорт тўгаракларидаги рўйхатларда милиция назоратида турадиганларни кам учратдим. Қамоқдан чиқиб келган ўсмирни ҳеч бир тренер қабул қилмайди. Биронта шогирди жиноят билан қўлга тушса, “Мен айбдор эмасман”, деб ўзини оқлайди. Мактаб эса “Бу бола спортга қатнашиб, бузилиб кетди”, деб ҳукм чиқариб қўя қолади. Мен суҳбатлашган муаллимларнинг кўпи спорт билан шуғулланиш боланинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатишини айтди. Айни чоғда ўқувчилари қайси спорт тури билан шуғулланаётганига қизиқмасликларини ҳам тан олишди. Муаллимларнинг гапларида озгина ҳақиқат бор: спорт билан шуғулланувчи ўқувчи мактабда ўзини бошқача тута бошлайди. Ўқишга қизиқиши сусаяди. Илм олиш зарурати ҳақидаги гапларни эшитгиси ҳам келмайди. Чунки яхши спортчи бўлгани учун илми бўлмаса ҳам олий ўқув юртига осонгина кира олишини билади. Олий ўқув юртида ўқимай туриб диплом олишига ҳам ишонади. Шундай экан, муаллимларининг гапи қулоғига кирармиди? Бундай бола айниқса мусобақаларда ғалаба қозона бошлагач, такаббурликни касб қилади. Синфда, ҳатто мактабда “зўр”ликни – “лидер”ликни талаб қила бошлайди. Уни камтарлик кўчасига қайтариш мактаб учун ғоят машаққат бўлиб қолади.
Собиқ иттифоқ даврида бу соҳага доир шиорлар ҳам кўп эди, болалар билан шуғулланадиган ташкилотлар ҳам анчагина эди. Аммо самара йўқ эди. Аввал зикр этганимдек, кўп ишлар қоғозда бажариларди. Энди давр ўзгарди, жамият ўзгарди. Мафкура ўзгарди. Ҳаммаси яхши. Аммо болалар спортига доир масалада ҳали бош қотирадиган ўринлар мавжуд. Эскисини рад этиб, янгисини тавсия этолмаяпмиз. Тошкент маҳалларида бўлган суҳбатларим чоғидаги маълум бўлдики, мактаб муаллимларининг 65-70 фоизи, оналарнинг 80 фоизи, оталарнинг 60 фоизи болалар бўш вақтларини шаҳарнинг қаерида, қай муассасасида фойдали равишда ўтказишлари мумкинлигини билишмас экан.
Янги жамиятга ўтар чоғидаги қийинчиликлар сабаб бўлиб, юртимизда аввалига бу масалада илгарилаш етарли бўлмади. Кейинги йилларда бу камчиликларга барҳам бериляпти. Айниқса, болалар ва ўсмирларни спортга жалб этишга берилаётган эътиборни собиқ иттифоқ ҳудудидаги ҳеч бир мамлакатда учратмаймиз. Шунга қарамасдан бўш вақтга доир масалаларда қилинадиган ишлар кўп. Ўсмирларнинг каратэ ёки таэквандодан Осиё чемпиони бўлиб қайтаётганларига маҳлиё бўлиб қолмай, болаларнинг оммавий спортига кўпроқ эътибор қаратсак янада яхши.
Беркинмачоқ ўйнаймиз бизўзимиз билан ўзимиз –ҳақиқатни яширмоқ учун.
Кейинги йилларда маҳаллаларда болалар футбол жамоалари тузилиб, мусобақалар ўтказиш бошланганда қувондим. Аммо орадан вақт ўтгани билан оммавийлашмаётганидан аввалига ажабландим. Сабабини аниқлагач, афсусландим. Қўшни жумҳуриятлардаги спортга бўлган эътиборни кузатсак, кейинги 20-25 йил давомида ривожланиш деярли бўлмаётганини кўрамиз. Энг оммавий ўйин – футболни олайлик: алоҳида жамоа бўладими ё терма жамоами, халқаро мусобақаларнинг дастлабки босқичидаёқ ютқиза-ютқиза четга чиқади. Назаримда уларга қанча тез чиқиб кетилса, шунча яхшига ўхшайди. Ҳозир бизнинг маҳаллаларда ҳам шунақа ҳолатни кузатиш мумкин. Раис футболга эътиборсиз бўлса, фаоллари ҳам раисдан қолишмаса, бу жойда болалар футбол командаси номигагина, расмий ҳисобот учунгина тузилади. Мусобақалар бошланганида кўчада юрган ўн бир болани бошлаб бориб, биринчи ўйиндаёқ ютқизиб, бир ташвишдан қутулганига қувониб, “Бизнинг маҳалламизда болалар спортига алоҳида аҳамият берилади, яқинда футбол жамоамиз ўн тўртта команда иштирок этган туман биринчилигида фахрли ўн тўртинчи ўринни эгаллади… Келгуси йили ҳам шу ютуқни қўлдан бой бермаймиз”, деган мазмунда ҳокимиятга ҳисобот ёза бошлайди. Тошкент маҳаллаларидаги аҳволни синчиклаб ўрганиб чиқсак, бунақа “болажон фидойилар” 70-80 фоизни ташкил этишига гувоҳ бўлишимиз шубҳасиз.
Болалар футболи учун чинакамига эътибор берадиган маҳаллаларда аҳвол қандай? Футбол майдончаси бор, ҳомийлар бор. Бу яхши. Лекин улар “Қандай бўлса-да ғолибликни эгаллаш керак, маҳалла обрўйи тушмасин”, деган шиор остида иш олиб боришади ва аввалроқ айтганим, ғирромликни бошлашади. 60-80 йиллардаги ғирром жамоаларда ёши катта ёки футбол мактабида таҳсил оладиган болалар текинга ўйнаб беришарди. Ҳозир “бозор иқтисоди” даврида “Ўроқ” маҳалласи футбол командасига жалб қилинган “Болта” маҳалласида яшовчи болага худди чет элдаги профессионал командалардаги каби пул тўланади. Таъбир жоиз бўлса, бир маҳалла жамоаси бошқа маҳалла футболчисини сотиб олади. Демак, қайси маҳалланинг ҳомийлари сахийроқ бўлса, шу маҳалланинг футбол жамоаси бошқаларни доғда қолдираверади. Мазкур мусобақани ташкил этишдан мақсад шу эдими?
Дунё спортидаги ғирромликларнинг барҳам топишига ишонмайман. Чунки, “Балиқ бошидан сасийди”, деганларидай, болалар спортидан то катталарнинг профессионал спортига қадар кўзбўямачиликларни кузатамиз. Профессионал спорт қиморга айлангач, жамоанинг ғалабаси ёки ютқизиши ўйиндаги маҳоратига эмас, катта миқдорда пул тикканларнинг истагига қараб бўлгач, ҳалоллик ҳақида орзу қилиш ҳам мумкинмас. 2004 йил эди шекилли, тошкентлик машҳур Моштабиб – ҳожи Абдужаббор акани исроиллик бир бадавлат беморни кўриш учун ўша ёққа олиб кетишди. Ҳожи акамиз сафардан қайтгач, таассуротларини баён қила туриб, беморнинг уйидаги бир воқеани айтдилар. Бемор телефонда ким биландир гаплашиб, компьютерига қандайдир белгилар қўйгач, мулозимига “Барса” ютқизиши керак. 18-дақиқада Рональдиньо тўп урсин. Севилья 48-, 51– ва 80-дақиқада жавоб берсин, тўпларнинг иккитасини фалончи-фалончилар урсин, охиргисини “Барса”нинг фалончи ҳимоячиси ўз дарвозасига уриб қўйсин”, деб буюрибди. Ҳожи акамиз футболга унча қизиқмасалар ҳам, меҳмонхонада шу ўйинни кузатибдилар. Натижа худди бемор буюргандай бўлибди. Ҳожи акамиз бу найрангни яхши англамаган эканлар, мен тушунтирдим:
– Кимдир футбол ўйинидан завқ олади, яна кимлардир катта фойда. Стадионни тўлдириб ўтирганларнинг ҳаммаси ҳам спортга ишқибоз эмас, кўпчилиги қиморбоз, “бу ўйинда “Барса” ютади”, деб пул тиккан. Минг доллар тикса-ю, “Барса” ютса, унинг пули икки минг доллар бўлиб чўнтакка қайтади. “Барса” ютқизса, тиккан пули учади-кетади. Қаёққа учади, дейсизми? Сиз даволаб келган беморнинг чўнтагига. Стадиондаги қиморбозлардан ташқари дунёнинг минглаб қаҳвахоналарида ўйин учун тикилган пуллар йиғиб олинади. Буларни кўзга кўринмас гуруҳлар бошқаради. Ўйиндан сал олдин улар дунё бўйича маълумотларни тўплайдилар. Шунга қараб, беморингизнинг буйруғи билан қайсидир жамоага пул тикилади. Агар “Барса”га кўпроқ пул тикилган бўлса, у “Севилья”га тикади ва унинг ғалаба қозониши шартлигини белгилаб қўяди. Агар шунчаки “Севилья” ютади, деб миллион доллар тикса, оқибатда шуни олади. Агар “Севилья” 3:1 ҳисобида ютади”, деб ҳисобни айтиб тиккан бўлса, бу аниқлиги учун бир ярим миллион доллар ютган бўлади. Агар тўплар қайси дақиқаларда киритилишини аниқ айтса, яна юқори, кимлар киритганини топса, янада кўпроқ пул олади. Агар “Барса” ютқизмаса, ҳимоячиси ўйин охирида ўз дарвозасига тўп уриб қўймаса, шўри қурийди. Ҳақиқий футбол мухлисларининг кўпи бу найрангларни билмайди, “Нима учун “Барса” яхши ўйнаб туриб, бирдан ютқизди?” деб бошлари қотиб юраверади. Баъзан эса икки жамоа ўзаро тил бириктиради. Агар турнир жадвалининг пастида ўралашиб қолган ночор жамоага очко керак бўлиб қолса, энг номдор жамоага эса, зарур бўлмаса, “кутилмаганда” ютқизиб қўйиши мумкин. Пул тикишдаги найрангларни ҳуқуқ идоралари ҳам, футбол идоралари ҳам билсалар-да, билмагандай жим юрадилар. Иккинчи ҳолат эса тез-тез текшириб турилади, айбдорлар жазоланади ҳам. Европа футбол идораси бу борада “Интерпол” билан ҳамкорликни ҳам йўлга қўйган. Бизда найрангбоз қиморбозлар йўқ бўлса керак, лекин “келишув ўйинлари” бўлиб туришига гумоним бор. Келишув нархи Италия ёки Испаниядагига ўхшаган катта миқдорда бўлмаса ҳам, “чой пули” чиқиб турармикин, деб ўйлайман. Гумон қилиш иллат бўлганини билсам-да, ўзимиздаги айрим ўйинларни кузатганимда шайтон дилимга шундай ғулғула солади, Аллоҳ кечирсин.
Ғирромликларнинг давлат миқёсида, маданий тарзда амалга оширилиши-чи? Маҳоратли спортчи жамоадан жамоага фақат сотилмайди, терма жамоа учун зарур бўлса, ўз мамлакати фарзанди эканини унутиб, сотиб олган мамлакат гражданига айланади. Бу замонавий қулдорлик эмасми? Энг охирги мисол, Сочидаги қишки олипиадада кореялик спортчи Россия гражданига айланди-ю, унинг олтин медали она юрти эмас, Россия ҳисобига ёзилди. Шу кўзбўямачиликдан Россияга қандай наф бор?
Бугунги спорт ҳақида гап кетганда мен ўз салбий муносабатимни яширмайман: мен спортнинг барча профессионал турларига қаршиман. “Одам савдоси” ҳақида гапирилганда асосан алданган қиз-жувонлар назарда тутилади. Хўш, спортчиларни сотиш ёки сотиб олинишига нима деймиз? Сотилган ёки сотиб олинган спортчининг қулдан нимаси ортиқ?
Камина спортнинг оғир турларида аёлларнинг иштирокини ҳам қабул қила олмайман. Аллоҳ аёлларни назокатли қилиб яратган экан, майли, спортнинг латиф турлари билан шуғулланишсин. Боксчи, штангачи, каратечи, футболчи… аёлларнинг мусобақаларини хотиржам кузата олмайман. Менинг бу борадаги ҳамфикрларим кўп деб ўйлайман. Ўтган йили кимдир “Қизлардан футбол жамоаси бўлиши шартми?” деб сўраб қолди. Албатта, мен бу каби масалаларни ҳал қилувчилардан эмасман. Шу сабабли ҳазил оҳангида жавоб бердим: “Йигитлар эплаб ўйин кўрсата олмагани учун қизларни майдонга туширишдан бўлак илож қолмади. Қизларимизнинг футбол ўйнашига ҳеч ким ажабланмайди. Лекин байрам томошаларида қизлар йигитларнинг беқасам чопонини чапаничасига кийиб олиб, “Андижон полкаси” деган куй остида рақсга тушишлари ғоят таажжубли. Биз-ку бу манзарани тез-тез кўравериб кўникиб қолганмиз. Лекин хорижликлар бу томошаларни кўриб, “Ўзбекларнинг чопон кийишга лаёқатли, белида белбоғи бор йигитлари қолмабди-да, а?” дейишларидан хижолат бўламан”.
Келинг, бугуннинг муаммоларини ҳал этишни бугуннинг мутасаддиларига ҳавола этиб, ўзим яна 1966 йилга қайтай.
* * *
Демак, ёш журналист сифатида камина болалар футболидаги ғирромга, (бошқачароқ таъбирда кўзбўямачиликка) дуч келдим. Жумҳурият мусобақалари бошланишидан олдин “мандат комиссияси” деб номланган ўзига хос текширув бўлиб ўтди. Болаларнинг ёшини, турар жойини аниқлаш қийин эди. Шу боис бу текширувни расмият учун қилинди, десам бўлади. Кечки пайт болалар билан суҳбат қилиш учун улар яшаётган ётоқхоналарга кириб ҳайратга тушдим: баъзи болалар бемалол чекишарди, айримлари беш-олтита бўлиб қарта ўйнарди. Мен ташкилий ишлар билан шуғулланувчи комсомол ходимига бу ҳолатни айтдим. Тезда олти-етти кишидан иборат “комиссия” тузилиб, текширилди, аниқроғи – тинтув қилинди. Бир халта қарта йиғиб олинди, сигарет қутилари ҳам ундан кам эмасди. 12-14 ёшдаги футболчи болалар қандай ҳаёт кечирганларини тасаввур қиляпсизми? Текширув натижасида бир неча бола ўйиндан четлатилди. Лекин бу чора уларнинг тарбиясига ижобий таъсир қилганига ишонмайман.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?