Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 6

Текст книги "Ҳаёт қайиғи (2 китоб)"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:45


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 6 (всего у книги 33 страниц) [доступный отрывок для чтения: 11 страниц]

Шрифт:
- 100% +
Фёдоровнинг кўз ёшлари

Мен эсам, стадионга шошилдим. Биринчи ўйин Гуржистон жамоаси билан эди. Болалар жуда яхши ўйнашди. “Шайба”дан ўтган Олмос Абдуллаев билан грек боласи (исмини унутибман, узр. Хадзипанагис табиатан қувноқ, серғайрат бўлса, ҳатто ўйин пайтида ҳам юнонча қувноқ қўшиқларни айтса, бу бола ғоят камгап ва ювош, аммо, майдонда сергак ва жасоратли эди) майдонда илк бор кўришаётган бўлишса-да, марказий ҳимояни маҳкам ушлашди. Ҳужумда Хадзипанагис, Фёдоров гуржиларни гангитиб қўйишди. Владимир гуржи дарвозабони билан бирга-бир чиқиб, дарвозага тўп кирита олмагач, Базанов ғазабланиб, ўн бешинчи дақиқадаёқ уни ўйиндан чиқариб, ўрнига Рустам Мирсодиқовни (“Шайба”дан ўтган) туширди. Келажакда машҳур футболчи бўлиб етишадиган болани Базанов шундай хорлади. Владимир майдондан бош эгиб чиқди, захирадаги ўртоқлари ёнига бормай, дарвоза ортида ўтириб йиғлаб юборди. Оқшомда мусобақаларнинг расмий очилиш маросими бўлиши керак эди. Болалар ётган хонага кирсам, Фёдоров яна йиғлаб ўтирибди. Базанов унга очилиш байрамида қатнашмайсан, деган экан. Мен жамоа раҳбари ҳисобланган комсомол вакилига айтган эдим, Базановнинг қарорини бекор қилди. Фёдоров байрамда ўртоқлари билан шодланди. Лекин қаҳри қаттиқ Базанов уни кейинги ўйинларга қўймади. Володя ҳар сафар йиғлар эди, “сиз айтинг, ўйнатсин”, деб менга ҳам ялинарди. Базанов “Ўйинга мен жавобгарман, сизлар аралашманглар”, деб менинг илтимосимни, комсомол вакилини талабини қулоққа олмади. Владимир Фёдоров шуҳрат шоҳсупасига кўтарилганида Базанов уни эсладимикин? “Пахтакор” жамоаси авиаҳалокатда ҳалок бўлганида кўнгли эзилганмикин? Базановни эслаганимда болалар билан ишловчи тренерларнинг савияси, педагогик маҳорати ҳақида кўп ўйлайман, бу борада камчиликлар ҳозирги кунда ҳам кўп бўлгани сабабли ташвишланаман.

Спортнинг у ёки бу турига қизиқиб тўгаракка (спортчилар ва спорт журналистлари тилида “секция” дейилади. Каминага “тўгарак” дейилгани маъқул кўринди) келган болаларнинг барчаси ҳам чемпионлик шоҳсупасига қараб интилмайди. Баъзилари уч-тўрт марта қатнашиб, кейин бормай қўяди. Сабаб?

Тўгарак иши учун зарур шароит йўқми? Болага етарли эътибор берилмаганми? Тўгарак раҳбари (тренер) боладаги қизиқиш чўғини алангага айлантира олмаганми? Балки тўгарак раҳбари ўзининг нотўғри муомаласи билан болани бездириб қўйгандир?

Бунинг сабаби билан ким қизиқиши керак?

Бу ўринда асосий айбдор ўша тўгарак раҳбари, деган одам янглишмайди. Тўгарак раҳбари кечаги яхши футболчи ёки яхши боксчидир. Лекин унда бу ишда ғоят муҳим ҳисобланмиш тарбиячилик иқтидори йўқдир. Спортга меҳри аълодир, бироқ, болаларга меҳри саёздир. Бошқа иш йўқлигидан шу тўгаракка келгандир. Бундай одамларни ўз соҳаларидаги юксак маҳоратларидан қатъи назар, болалар билан ишлашга жалб этмаган маъқулроқ. Вақтида чемпионлик шоҳсупасига кўтарилган, энди тренерликни касб этган одам агар сабрли бўлмаса, болаларга хос феъл-атворни билмаса, болалар руҳиятини англай олмаса, болалардаги қайсарлик каби иллатларга чидами етмаса бу соҳада ишлай олмайди. Болага катта талаб қўяди. Бола бажара олмаса, бақиради, ҳақорат қилади. Оқибат эса аён. Баъзан эса болани тўгаракдан раҳбарларнинг ўзлари ҳайдаб юборадилар. Бу ишлари учун ҳеч кимга ҳисобот бермайдилар. Чунки бола ҳайдалгани билан рўйхатда иштирокчи сифатида тураверади. Мактаб бола ҳар қанча ёмон бўлмасин, уни ҳайдай олмайди. Чунки мажбурий таълим ҳақида қонун бор, бола ҳайдалса қонун бузилади. Бу қонун тўгаракка тааллуқли эмас. Ҳайдаса бўлаверади. Мактаб боланинг ота-онаси билан доимий алоқада. Боланинг хулқи масаласида отани ёки онани тез-тез йўқлаб туради. Мактабда “Ота-оналар қўмитаси”, “ота-оналар мажлиси” деган гаплар бор. Тўгаракда эса булар йўқ. Тўгарак раҳбари шогирдининг оилавий аҳволини деярли билмайди. Бу борада тадқиқот ўтказиш чоғида мен шунга амин бўлдим. “Шунча бола тўгарагингизга келмай қўйибди, сабаби билан қизиқмадингизми?” деган саволимга тайинли жавоб ололмадим.

Тўгаракларда ишлаётганлар ўзларини энг аввалотарбиячи деб ҳисоблашлари шарт. Уларнинг моҳир рассом, наққош, боксчи ёки футболчи эканликлари иккинчи даражали масала. Афсуски, бизда бундай талаб қўйилмаган. Тўгарак раҳбарларидан “Тўгарагингизда нечта бола бор, нечтаси мусобақада ғолиб келди?” деган ҳисобот сўралади. “Тарбияга доир нима иш қилдинг?” деб сўралмайди. Тўгарак раҳбари: “Мактабда қандай ўқияпсан, машғулотдан чиқиб тўғри уйга кетяпсанми ёки бирор овлоқдаги болаларга қўшилиб бевошлик қиляпсанми?” деб қизиқмайди. Айни чоғда ота ёки оналарнинг аксари “Болам кимдан нимани ўргангани қаерга боряпти, машғулотларни канда қилмай қатнашяптими ёки тўгарак баҳонасида уйдан чиқиб санқиб юрибдими?” деб суриштиришмайди. Бола мактабдаги ўқишдан қолса, ота-онасига дарров хабар боришини билади ва интизомга бўйинсунишга мажбур бўлади. Тўгаракда интизом йўқлигини ҳам билади ва бундан усталик билан фойдаланади.

Тўгарак раҳбари бола қалбини кашф эта олиш маҳоратига эга бўлиши шарт. Унда мактаб ўқитувчисида бўлмаган имконият ва имтиёз мавжуд. Бола у ёки бу фанни ёқтирмаса ҳам шу дарсда ўтиришга мажбур. Лекин тўгаракка ўзи келган, демак ундаги айни шу хоҳишни ўлдиришдан эҳтиёт бўлишга тўғри келади. Пойтахт атрофидаги тўгараклардан айримларини ўрганганимда тўгарак раҳбарларидан 55-60 фоизигина ўргатаётган мутахассислиги бўйича олий маълумотли экани аниқланди. Буларнинг ҳам ярмидан кўпи педагогика фанидан бебаҳра. Тўгарак раҳбарлари орасида ўрта маълумотлилар ҳам анчагина. Энг ачинарлиси, бу тўгарак раҳбарларининг ярмидан сал кўпроғигина ўз соҳасида муқим ишлайди. Бир йил, ҳатто ярим йил ишлаб кетувчилар ҳам бор. Ана энди болаларнинг қизиқишини ошириш қандай аҳволда эканини тасаввур этаверинг.

Бу соҳадаги жиддий камчиликлардан бири – мактаб билан тўгараклар орасида алоқа, боғлиқлик йўқ. Тўгарак раҳбари мактабга келмайди, ўқитувчи тўгарак билан қизиқмайди. Талаб қилинган маълумотномаларни тўлдириш учун синф раҳбари ўқувчиларнинг қандай тўгаракларга қатнашиши билан номигагина қизиқади.

Болалар билан иш олиб боришга мутлақо яроқсиз одамлар ҳам учрайди. Ҳадеб бошқа соҳаларни танқид қилавермай, мисолни ўзимиздан олсак, бир адабиёт тўгарагининг раҳбари, шоир биродаримиз машғулотдан кейин ўсмир йигитлар билан пивохўрликка бораркан. Бу одам билан бирга юрган болалардан шоир чиқадими ё йўқми, билмайман. Аммо майхўр чиқиши ҳақиқатга яқинроқ. Бунга ўхшаган мисолларни спорт соҳасидан кўпроқ келтиришим мумкин. Болалар қамоқхонасида ўтирган беш ўсмир тренери билан улфатчиликдан кейин йўлтўсарлик қилиб қўлга тушишган. Қонунга биноан тренер ҳам жазоланган. Лекин вақт ўтгандан кейин бериладиган жазодан наф борми?

Денгизларда чўмилган “қаҳрамон”

Ростов-Донда болаларни зериктирмаслик чораларини кўришган экан, улар туфайли камина ҳам кўп ҳузурландим. Бизни Новочеркаск аталмиш кўҳна шаҳарга олиб боришди. Уралдан ошиб ўтиб, туркий хонларни хонавайрон қилган Ермак исмли лашкарбоши шу шаҳарнинг фарзанди ва фахри ҳисобланади. 1962 йили Хрушчев бошқарувига қарши намойишга чиққан ва отилган ишчилар ҳам шу шаҳарлик эди. Бу фожиани у дамда билмас эдим, советлар пароканда бўлгач эшитиб ҳам таажжубга, ҳам даҳшатга тушгандим. Қадим замондан ёдгорлик ҳисобланган черков бу шаҳарнинг ғурури экан. Сайёҳларнинг томоша қилишларига изн мавжудлигидан фойдаланиб, кирдик. Черковга кираверишда худди бизнинг масжид эшиклари олдида тизилган тиланчилар каби, у ернинг гадолари саф тортган эканлар. Шулардан бири мени кўриб: “Чёрный!” деб бақириб юборди. Мусулмон бўлганим учун ташланиб қолишмаса эди, деб чўчиб тургандим, черков ходими яқинлашиб, “Дўппингизни ечиб киринг, бизнинг тартибимиз шундай”, деди. Дўппимни ечган эдим, бақирган тиланчи ҳам тинчиб қолди. Остонадан уч-тўрт қадам ўтиб, сайёҳлар учун белгиланган жойда тўхтадик. Насронийлар ибодат қилишаётган экан. Черковнинг безаклари, “Инжил”даги воқеалар акс эттирилган суратлар насаролар руҳиятига таъсир этар экан. Попларнинг ҳаракатлари эса кинофильм манзарасини эслатди.

Болалар баҳонасида мен ҳам дунёдаги энг катта дарёлардан бирида “чўмилдим”. Ундан кейин ҳам Волга, Урал, Днепр дарёларида, Каспий, Болтиқ, Қора ва Ўрта ер (турклар “оқ денгиз” атайдилар) денгизларида “чўмилганман”. Бу сўзни қўштирноққа олганимнинг сабаби шуки, мен сузишни билмайман. Бу ҳақда сўз очилиб қолса, “Уйдаги ваннага ҳам белимга арқон боғлаб тушаман”, деб ҳазиллашаман. Катта дарёлар ва денгизларда “чўмилишим” эса тўпиққа қадар, қаҳрамонлик намунасини кўрсатсам, саёз қирғоқда тиззага қадар сувга тушишдан иборат бўлган.

Дон дарёсининг соҳилида турли ташкилотларнинг дам олиш уйлари қурилган экан. Бир заводнинг оромгоҳи бизнинг болалар ихтиёрига берилди. Болалар қувнаб, ўзларини сувга отдилар. Мени ҳам “тушинг, тушинг”, деб даъват қилдилар. “Сузишни билмайман”, деб камчилигимни тан олишга уялдим. “Худо асрасин”, дедим-у, уларга эргашдим. Тиззага қадар сувга тушиш “қаҳрамонлигим” ўшанда болалардан уялганим учун содир бўлган. Орқага қайтишга баҳона излаб турганимда Худо мушкулимни осон қилди. Қўшни оромгоҳда шов-шув кўтарилиб, ҳамма ўша томон югура бошлади. Мен ҳам сувдан чиқиб, бу оқимга қўшилдим. Биздан юз қадамча наридан бир одамнинг ўлиги чиқибди. Қарасам, қирғоқда жасад ётибди. Устида костюм, оқ кўйлак, бўйнида галстук. Биров “Тепа томондаги оромгоҳда кечаси молдай ичиб, сувга тушиб кетган”, деса, бошқаси: “Катта амалдорга ўхшайди, душманлари ўлдириб, сувга ташлашган”, деди. Мен бу тахминларга эътибор бермадим. Изимга қайтиб, ширингина жонимни асраш учун индамайгина кийиниб олдим. Комсомол вакили “Дарёнинг оқими кучли экан, чўмилманглар”, деб буюрди.

Ростов-Дондаги ҳузурли хотиралар қаторида юрагимни тирнайдиган бир воқеа ҳам бор. Навбатдаги ўйин пайтида бир йигит яқинлашиб, ўзини “Ростовский комсомолец” газетасининг мухбири, деб таништириб, болалар ҳақида сўзлаб беришимни илтимос қилди. Керакли маълумотларни ёзиб олгач, ҳамкасб сифатида суҳбатлашиб ўтирдик.

– Бир гап айтаман, сен ранжима: қачонгача сенларнинг шаънингни руслар ҳимоя қилади?

Унинг нима демоқчи эканини дарров тушунган бўлсам-да, нима деб жавоб қайтаришни билмай, ўзимни таажжубланган қилиб кўрсатдим. Назаримда, у савол бериб, жавобни кутмаган эди, шу сабабли аҳволимга парво қилмай, гапини давом эттирди:

– Жамоангда битта ўзбек ўйнаяпти. Грузинларни қара, арманиларни қара! “Пахтакор”ни ҳам биламан, унда ҳам ўзбек жуда кам. Тблисининг “Динамо”сида, Ереваннинг “Арарати”да нечта рус футболчиси бор? Ўзбеклар қанча, йигирма миллионми? Йигирмата футболчи тарбиялай олмайсанларми? Ҳозир майдондаги болаларга қараб, йигирма йилдан кейин ҳам аҳвол ўзгармайди, деб ўйлаяпман.

Нима ҳам дердим, у ҳақ эди. Чиндан ҳам йигирма йил ўтганда, 1987 йилда “Пахтакор”даги аҳвол ўзгармади. Базилевич устоз бўлиб келганда жамоага ёш ўзбек йигитларини жалб қила бошлаган эди. Аммо авиаҳалокат бу хайрли ҳаракатни йўққа чиқарди. Ўша мухбир ҳозир ҳаётми ё йўқми, билмайман. Лекин тақдир тақозоси билан учрашиб қолсам, ўсмирларимиз ва ёшларимизнинг халқаро майдондаги ютуқларидан фахрланиб, “Энди нима дейсан, ўртоқ?!” деб маломат қилган бўлардим. Тўғри, ҳозирча ғалабаларга нисбатан мағлубиятлар кўпроқ, лекин халқаро майдонларда ўзимизнинг йигитларни кўриш қувончли ҳол.

Жазо ва ундан кейинги ғирромликлар

Ёш футболчилар ҳакамнинг хатоси туфайли фақат Гуржистон жамоасига 0:1 ҳисобида ютқизиб, бешинчи ўринни эгаллаб қайтишди. Комсомол марказқўмида улар тантана билан кутиб олиниб, Фахрий ёрлиқ билан мукофотландилар. Базанов ҳам комсомолнинг бу мукофотидан қуруқ қолмади. Орадан икки ой ўтгач, худди шу хонада, худди шу мукофотланганлар жазоландилар.

Базанов ғирроми фош бўлмаганидан эрта қувонганди. Москваликлар жабрдийда тўрт ота-онанинг аламли телеграммасини унутишмаган эди. Уларни айниқса, рус болалари ўрнига ўзбек футболчиларининг юборилиши ғазабга келтирган бўлса керак. Аксинча бўлганида, эҳтимол масалага бу даражада жиддий ёндошишмаган бўлишармиди… Хуллас, Москвадан юборилган махсус мухбир воқеани ўрганиб, “Комсомольская правда” газетасида танқидий мақола эълон қилди. Жумҳуриятнинг раҳбарияти учун бу танқид кутилмаган ҳодиса эди. Комсомол раҳбарларига нима дейишган бўлишса, дейишгандир, ҳар ҳолда бошга урилган гурзи товонга қадар зириллатиб юборгани аён эди.

Биринчи муҳокама комсомол марказқўми бўлим бошлиғи Ниёзматов хонасида бўлди. У кириш сўзи қилиб ўтирмай, барчани бирваракайига сиқувга ола бошлади. Ҳозирги баъзи кичик раҳбарларга осон: ғазаблансалар, тилларига бемалол эрк бериб юборадилар. Мажлис пайтими ё даладами, фарқи йўқ, айбдорларнинг бувисидан тортиб, онасига қадар бир-бир “эсланади”. Ҳатто орага эшакни ҳам аралаштиришдан қайтишмайди. У дамда бечора раҳбарлар тилларини тийишга мажбур эдилар. Ниёзматов болалар футболига масъулларни, Базановни бир-бир “илиб” чиққач, менга юзланди.

– Матбуот нимага анқовсираб турди, нимага камчиликни ўз вақтида фош қилмади? – деб ўшқирди. Менга аталган “тош”лари тугагач, жавоб кутди. Мен жавобга тайёрланиб борган эдим. Унга газетани узатдим.

– Нима бу? – деди газетага қўл узатмай.

– Июнь ойида, Тошкент шаҳар биринчилиги ўтказилаётганда “Союз”даги ғирромликларни аниқлаб, газетага ёзганман. Мусобақани ўтказган шаҳар комсомоли танқидга жавоб ҳам бермади. Республика мусобақаси бошланиши олдида ҳам шу масалани кўтарганман…

“Бу масалани кўтарганимдаги мажлисда ўзингиз ҳам бор эдингиз”, десам, ўт устига мой сепилгандек бўлишини англаб, гапни шу ўринда қисқа қила қолдим. Ниёзматов буни тушунди. Қўлимдаги газетани олиб, тезгина кўз югуртириб чиқди-да, “сенга рухсат”, деди. Мен буни хонадан чиқишга рухсат, деб тушундим, кейин англасам, жазодан қутилиб қолишимга ижозат бўлган экан. Базанов “Старт”даги тренерлик вазифасидан бўшатилиб, болалар билан ишлаш тақиқланди. Исҳоқ Тошмуҳамедов ҳам “Чарм тўп” президентлигидан, болалар футболи раҳбарлигидан четлатилди.

Кейинги йилги мусобақаларда 11-12, 13-14 ёшли болалар икки гуруҳда иштирок этдилар. “Чарм тўп”нинг кўлами кенгайди. Жумҳурият мусобақалари фақат Тошкентда ўтказилмай, бошқа шаҳарларга ҳам кўчди. Қўқондаги мусобақаларда тошкентликларнинг омади чопмади. Нукусликлар чемпион, гулистонликлар иккинчи, тошкентликлар учинчи ўринни эгаллашди. Наманганлик болалар ҳам яхши ўйин кўрсатишди. Финалга чиқишлари ҳам мумкин эди. Аммо устозларининг калтабинлиги туфайли улар асосий ғалабани бой бердилар. Ҳал қилувчи ўйин бўладиган куни пешин чоғи наманганликлар кўринишмади. Ажабландим. Улар ўйинга ярим соат қолганда стадионда пайдо бўлишди. Устоздан “Қаерда эдинглар?” деб сўраган эдим, у фахрланиб: “Болларни қувонтирдим, яхши ўйин кўрсатганларининг мукофотига самоворхонада ош қилиб бердим”, деди.

Ана сизга тренернинг аҳволи! Ўйин бошланди, “ошхўр футболчилар” югура олишмайди, тинмай чанқашади… Устознинг самоворхонадаги “мукофоти” эвазига шармандаларча ютқизиб, уйларига кетишди. Мусобақа якунлангач, нукусликларнинг устози “Биз Бутуниттифоқ мусобақасига боролмаймиз, иккинчи ўринни олганлар бора қолсин”, деди. Кутилмаган бу қарор барчани ажаблантирди, сабабини тушунтиришни талаб қилишди, у эса “имкониятимиз йўқ”, дейиш билан чекланди. Қўқон аэропортида учрашганимизда у мени ресторанга таклиф қилиб, “элликта-элликта” билан сийламоқчи бўлди. Марҳамати учун раҳмат айтдим, у ўзини ўзи меҳмон қилиб, очиғига кўчди:

– Командамнинг ҳаммаси ёши катта болалар. Битта ҳам тўғриси йўқ. Ереванга бориб, шармандам чиқиб қайтишни истамайман. Ростов-Дондаги гаплардан хабарим бор. Менга шу чемпионлик ҳам етади, – деди.

Бутуниттифоқ мусобақасига бориш масаласи Тошкентга қайтганимизда Ниёзматов ҳузурида муҳокама қилинди. Масала оддий кўринган эди, чемпион бормаса, ўз-ўзидан вице-чемпионга йўл очилади. Лекин гулистонлик жамоада битта ҳам ўзбек футболчиси йўқ, менинг шундан кўнглим ғаш эди. Ўтган йилдагидай тўртта ўзбек болани қўшиш эса мутлақо имконсиз. Бирдан бир йўли фақат ўзбек болаларидан иборат тошкентлик жамоага йўл очиш. Ниёзматов менинг фикримни билишни истади. Албатта мен унга хаёлимдаги гапни айтолмас эдим. Лекин Қўқондаги мусобақалар олдидан ўтказилган текширувда Гулистон шаҳри жамоасига нисбатан гумон уйғонганини йиғилганларга эслатиб, “Бир кўчада турадиган учта бола бир-бирини танимади. Ўша жойда аниқлашнинг имкони бўлмагани учун текширув кейинга қолдирилган эди”, дедим. Гапимни бошқалар тасдиқлашгач, Ниёзматов “Тилингдан тутилдинг, эртага Гулистонга жўнайсан. Икки кун муҳлат, текшириб, натижасини шахсан менга айтасан”, деб буюрди.

Эрталаб Гулистонга жўнайдиган биринчи автобусга илиндим. Комсомол обкомига учраб, топшириқни айтдим. Гапимга ишонмай, Ниёзматов билан боғланишди. Кейин ёнимга икки одам қўшиб беришди. Футболчи болалар рўйхатида кўрсатилган турар жойларни бир-бир айланиб чиқдим. Рўйхатда кўрсатилган ўн тўрт уйда бу болаларнинг яшамаслиги аниқ бўлди. Фақат биттаси тўғри чиқди. Барча ўйинларда захирада ўтирган бу болани таниб, ўзи билан алоҳида гаплашдим. У шаҳар мусобақасида ғолиб чиқишгач, вилоят мусобақасида бешта ўйинчи алмаштирилганини, жумҳурият мусобақасига боришда эса яна саккизтаси ўзгартирилиб, “вилоят терма жамоаси”га айланганини алам билан айтиб берди…

Кеч кириб қолган, Тошкентга автобус қатнови тўхтаган эди. Самарқандми ё бошқа шаҳарданми қатновчи автобуслар Гулистонда тўхтаб ўтарди, лекин унда бўш жой борми йўқми, номаълум эди. Ярим кечада поездда тик турган ҳолда уйга қайтиб, эрталаб текширув натижасини маълум қилдим. Ўша заҳоти Тошкент-Гулистон ўртасида телефон орқали “жанг” бошланди. Обком котиби менинг текширувим ва аниқланган ғирромликлар мутлақо асоссиз эканини қайта-қайта такрорлайвергач, охири Ниёзматов: “Бўпти, мухбирнинг ҳисоботини нотўғри деб қабул қилмайман. Бугун текширишга ўзим бораман. Ўн тўртта эмас, битта болада ғирромлик бўлса ҳам, партбилетингни столга қўясан. Агар сен ҳақ, мухбир айбдор бўлса, уни журналистикани тушида ҳам кўрмайдиган қилиб, ишдан ҳам, партиядан ҳам ҳайдаймиз”, – дегач, у томондан “Биз кенгашиб, фикримизни маълум қиламиз”, деган жавоб эшитилди. Беш дақиқадан кейин эса “Биз Ереванга боришдан воз кечдик”, деган қарор билдирилди.

Амалдорлар ўртасида “Партбилетингни столга қўясан”, деган пўписа ўлим ҳукми ўқиш билан баробар эди. Чунки партия сафидан ўчирилиш мансаб тахтидан мосуво бўлиш демак эди. Сталин даврида эса партия билетини столга қўйган киши тўғри қамоқхонага жўнатилган. Эҳтимол, коммунист амалдорларнинг “Ҳам жой кетди, ҳам жон кетди” деган қўрқуви ўша даврдан мерос бўлиб қолгандир.

Ереванга бўлим мудиримиз бориб келдилар. “Бутуниттифоқ мусобақасида иккинчи ўринни эгалладик”, деб қувониб юрдилар. Борганлари яхши бўлган экан, кейинроқ бу мусобақалар ҳақида китобча нашр эттирдилар. Ҳар ҳолда газетадаги спорт бўлимининг ишлари изсиз кетмади.

Бугунги ўзбек футболи ҳақида танқидий фикрлар ҳам мавжуд, умидли изланишлар ҳам бор. Ўсмирлар ва ёшларнинг ҳаракати бугун бўлмаса эртага яхши натижалар беришини кутамиз. Фақат дастлабки ютуқларни қўлга киритаётган ўсмир-ёшларни ҳаддан ортиқ эркалатиб юбормаслик керак. Ёш спортчи ва санъаткорни ҳаддан ташқари олқишлашнинг меваси аччиқ бўлади. Улар бугунги кичик ютуқни энг юқори шоҳсупа деб ўйлаб, талтайиб ётиб оладилар, кибрга бериладилар ва бор қобилиятларини бой бериб қўядилар. Ўзимизнинг об-ҳаво машқлар учун қулай бўлгани ҳолда уларни неча ой мобайнида денгиз бўйларига олиб бориш ҳам менга ғалати туюлади. Айниқса жамоаларга четдан ўйинчи жалб қилишнинг ҳеч бир самараси йўқ. Катта пул эвазига олиб келинган украиналик ёки сербиялик футболчининг ўзимизнинг йигитлардан кескин фарқ қиладиган қобилияти йўқ. Оддий ҳақиқат шуки, агар чиндан ҳам яхши спортчи бўлса, Украинадаги ёки Сербиядаги шуҳратли жамоаларда ўйнамасмиди? Қўполроқ қилиб айтганда “Бозордан қочган” футболчини олиб келишдан мақсад нима экан? Ана, шуҳратли футболчи Ривалдо келиб осмондаги қуёшни олиб бердими? У ўз маҳоратини ўргатиш ўрнига бизникилардан арзимаган турткига думалашни ўрганиб кетди. Шуҳратли тренерлар, хусусан Сколари маставага мўлжалланган масаллиқдан палов дамлаб бериб, қойил қилиб кетдими?

Ўн йилча муқаддам Дипломатия дорулфунунидаги учрашувда талабалар бир пайтлар “Пахтакор” дарвозабони бўлган Ёдгор Саъдиевдан футболимиз нима учун қолоқ, деб сўрашганида муҳтарам санъаткоримиз келажакка умидвор оҳангда сўзладилар. Мен эсам “Йигитларимиз футболни юриб эмас, югуриб ўйнаш лозимлигини тушуниб етишгандан сўнг ривожланиш палласи бошланади”, деб бу мавзуда ёзилган ҳазил ҳангомани ўқиб берган эдим. Кўп саҳифаларда жиддий фикрлар баён қилингач, бу ҳангома билан сиз – азизларга озгина дам берсам, йўқ демассиз? Мазкур ҳангома “Мен Жулқунбойнинг жияни эканман”, деб даъво қилувчи чаламулла ёзғувчи номидан ёзилган. Унга “Жўрж” – “Жулқунбойнинг ўгай рамақижон жияни” деб тахаллус қўйиб эдим. Хаёлимдаги бу ёзғувчига ўзим устоз, у эса шогирд мақомида эди. Бир неча ҳангомаларни гўё Жўрж айтган-у, камина қоғозга туширган. “Ўзимизнинг футбол” ҳам адабиётда учраб турадиган шу услубда қоғозга тушган.

“Ҳаҳ! Сен бола “устоз эканман”, деб ўзингдан кетавурма. Ўзимам у-бу нарсани эплайтурғон бўлуб қолдум, аковси жонидан! Ашула бозоридан рипортаж айтгонимдин сўнг футболнинг идорасидан бир амалдор келуб, “Бизларди ҳам бир махтаб ёзсангиз-чи”, деб ялинди. “Нимангни махтайман, акагинанг айлансун, бачаларинг футбол ўйнашни билмаса, тўпни тўхтатиб тепиш ўрнига “устимдан ўтиб кета қолсин”, деб шарт ётиб олса. Дарвозабонинг “Эй Худо маним дарвозамни тўпларга тўлдириб юбор”, деб тўқсон дақиқа нола қилиб турса…” деган эрдим, йиғлаб юбориб, “Ақлигинангиздан айланай акахон, унда бизга бир янгилик ясаб беринг, қандай қилсак дунёнинг чимпиони бўламиз?” деди.

Янгилик ясаш осон эмас, лекин мен ясадим. Энсанг қотмасин, эшит.

Дунёнинг чимпиони бўлиш учун дунё ўйнаётгандан бошқачароқ футбол ўйнаш керак. Инглизинг ўйлаб топган бу ўйини ўзига буюрсин, бизларга сираям тўғри келмайдур. Америкада бошқачами? Эшитганман, “Америкача футбол” дейилар эркон. Хитойликлар бокс деган муштлашувни ҳам ўзича ўзгартириб олибдурлар. Қўли етмаган жойга оёқ билан ҳам тушириб қоларкан, азамат. Хўш, ҳамманики ўзича экан, биз “Ўзбекча футбол”ни ясасак нима бўлибди? Шошилма, қанақалигини тушунтириб бераман. Ўйинчиларнинг бошига дўппи кийғозиб, белига белбоғ боғлаганинг бирлан “ўзбекча футбол” бўлиб қолмайдур. Ҳозирги тўптепарларингнинг белида белбоғ турмайтурғон бўп қоғон. Мен бу ўйиннинг қанақа бўларини ипидан игнасигача ўйлаб, топдим. Ҳозир тренир деган хўжайинлари “Жума куни ўйин, соат ўн бирда стадионда бўлларинг”, деса ҳаммаси ўн иккига қолмай етиб келадими? Янгича футболда бунақаси бўлмайди. Шунинг учун бунақасини “ғалатфутбол” деб атасак-да ярашур. Тренир ўйиндан икки кун олдин тўптепар бачаларига тилпон қилиб чиқадур. Масалан, бунақа дейдур:

– Аковси бўйидан, футбол фитрасияси мандан бемаслаҳат бир иш қилиб қўйибдур. “Тўртешар” қўмондаси бирлан ўйин жума куни бўлар эрмиш. Вахтингиз бўлармикин?

Янгича футболчи пешонасини тириштириб, кейин бош чайқайдур:

– Жума куними? Йўқ, братан, пайшанбанинг эртасига тўп тепишга ҳолим бўлмайди.

Гапи тўғри-да! Қайси эркак пайшанбанинг эртасига ҳакиллаб югуради? Эркак ҳам одам, дам олишга ҳақи бор. Тренир ақлли одам-да, бачаларининг аҳволини билиб, фитрасияга илтимос қилиб, ўйинни шанба кунига кўчиради. Яна тилпон қилади. Гал дарвозабонга келганда яна ишкал чиқади. “Куёв чақирди”га бормаса бўлмас экан. Якшанбада ҳимоячининг тоғаси хатна тўй қилаётган эркон, душанбада ярим ҳимоячининг хотини туғиб қолиши эҳтимоли бор эркон. Сешанбада чап қанот ҳужумчининг қайнонаси “гап” бераркан. Чоршанбада ўнг қанот ҳужумчининг холаси учинчи эридин ажрашиб, тўртинчисига никоҳланаркан. Ўйин пайшанбага белгиланганини эшитиб, марказий ҳужумчининг чапақай жаҳли чиқиб кетди. “Акахон тўқсон минут итдай югуриб, чарчаб уйга бораманми? Хотинимнинг кўзига қандай қарайман?” Шунақа қилиб, ўйин ўн кундан кейинга белгиланади.

Ҳой, Абдумалик аканинг ўғли, гапимни эшитяпсанми, намунча анқаясан?! Ана энди тасаввур қил: бир томонда “Тўртешар”нинг қорин қўйғон азамат йигитлари. Иккинчи томонда ўзимизнинг “Юмалабтепар” қўмондаси. Ҳакамбойвачча уларнинг жўрабошиларини чақириб “Агар рухсат берсангиз, ҳуштакни чалсам-у ўйинни бошлаб юбора қолсак”, деб илтимос қилади. “Воҳ! дейди “Юмалабтепар”нинг жўрабошиси. Бетоқат хотинга ўхшаб намунча шошасан? Бир йилдан бери бу оғайним билан энди учрашиб турибмиз. Ўйиндан кейинги ош-пошнинг маслаҳатини қилиб олайлик”. Ҳакам сал таранглиқ қилади-ю паловхонтўрадан ўзига ҳам насиба тегишини билгач, сал нари кетади. Жўрабошилар бир чекимдан нос отиб олишгач, “Пачоқтўп” чойхонасида ошхўрлик қилиб олишга келишиб олишади. “Юмалабтепар” ўйинда ютқизиб беришга, “Тўртешар” эса ошнинг харажатини кўтаришга келишадилар. Ҳомийлар томонидин “Юмалабтепар”нинг ҳар бир ўйинчисига майдақавиқ чопон, иккита ароқ, иккита коньяк, йигирмата “Кока-кола”, икки кило сон гўшти, уч кило биқин гўшти, бир килодан жигар тайёрлаб қўйилгани эслатилгач, 4 : 1 ҳисобида тўхталишди. “Юмалабтепар” бачаларининг кайфиятлари сал пачоқроқ бўлиб тургани учун улар уришлари лозим бўлган тўпни ҳам “Тўртешар” ҳимоячиси ўз дарвозасига киритадурғон бўладир.

Ҳа, айтмоқчи, “ғалатфутбол”нинг асосий талабини айтмабман-ку? Талабга кўра, ҳар бир футболчи бачада алоҳида-алоҳида қўл телпони бўлиши шарт. Чунки ўйин пайтида тўпни кимга оширсам экан, деб бош қотириб ўтирмайди. Масалан, дарвозабон тўпни қўлига олиб, майдонга кўз ташлайди. Қараса, чап қанотдаги ярим ҳимоячи бўшроқ турибди. “Йўқ, унга оширмайман, кечаги ошда менинг олдимдаги устихонни уриб кетган эди”, деб ўйлайди. Ўнг томондаги ярим ҳимоячига қараса, бечоранинг аҳволи ночорроқ кўринадур. Чунки кеча қовуннинг устидан “Фанта” отлиқ сариқ ширин сув ичгон эрди, ҳар нечук, нафсининг бу ўйуни энди қорин ичинда самара бераётгандур? Шундай тўхтамга келмиш дарвозабон ўзидан хийла узоқроқда бўлмиш марказий ҳужумчига телпон қилади:

“Акахон, қалайсиз, чарчамадингизми? Тўпни сизга оширсам қабул қилиб оласизми?” деб сўрайдир.

“Мендан бошқа ўйинчи қуриб кетибдими? Ана, тренирнинг жиянига узат, доим тайёр ошга баковул бўлиб туради. Умуман, менга бошқа тилпон қилма. Менга ҳозир хотиним телпон қилиши керак”, деб жавоб берадир ҳужумчи. Дарвозабон чап қанот ҳужумчига телпон қиладир. Телпон тушмагурдан бир жононнинг “Абонент ҳозир одамгарчилик доирасидан ташқарида”, деган жувобни эшитгач, аччиғи чиқиб, тўпни шарт ерга қўядир ва устига ўлтуриб оладир. Тилининг тагига нос ташлаб, бебурд ошналарини сўкадир.

“Нос қаёқдан келди?” дейсанми? “Ғалатфутбол”нинг талабидан иккинчиси шу-да. Дарвозанинг ортида бир халта нос турмаса, ҳисобмас. Ҳакамнинг башарасига нос тупуриб юбормаслик учун тўп тепаётганида нос отмаса бас, бошқа пайт оғзини тўлдириб олса ҳам, биров бирнима демайди.

Дарвозабон тўпнинг устига ўтириб олгач, ҳакам “бояқишлар чарчабди, майли бир дам олволишсин”, деб “Юмалабтепар”нинг жўрабошисидан икки чеким нос олиб, отволади. Шу пайт жўрабошининг телпони жиринглаб қолади. Қулоғига тутиб “алё”, деса ўзининг ошнаси – “Тўртешар”нинг жўрабошиси.

“Нимага ғўддайиб турибсан? Дарвозабонингга айт, тўпни тепсин. Беш минутдан кейин ўйин тугайди, биз ҳали сенларга яна иккита уришимиз керак”, дейди жиғибийрон бўлиб.

“Ҳовлиқма, ҳакам акамиздан илтимос қиламиз, ўн минут қўшиб берадилар”,– дейди буниси.

“Эсинг жойидами? Вақтни чўзсанг, у ёқда ош ланж бўлиб кетади. Икки минутда иккитани урайлиг-у аканг ҳуштагини чалиб, ўйинни тугатаверсин”, – дейди униси.

Шунга келишадилар-да, буниси дарвозабонига телпон қилади:

“Вей, ҳеббим, тухум босмай, тур ўрнингдан, яна иккита ўтказиб юборишинг керак. Анқайма!”

Жўрабоши ҳакамга ҳам телпон қилиб қўйғонида, ҳакам ҳуштак чалиб, дарвозабонни огоҳлантирмоқчи бўладир. Локигин, оғзидаги нос ҳуштак тешигини беркитиб қўйиб, қўли билан ишора қилиб қўя қоладир.

“Ғалатфутбол” ўйинидин сўнг қандай воқеалар содир бўлғонин сен сўрама, мен айтмайин. Сен бир нарсани билиб олсанг етарли: “Ғалатфутбол” мавсумида “Юмалабтепар” қўмондаси ҳозирги қўмондаларға ўхшаб овора бўлуб, дайдуб, ҳасратлар чекуб, ўттиз ўйун ўйнамайдурлар. Уларға уч ёинким тўрт ўйун кифоя эрур.

Сен бу айтганларимни қоғозга тушуруб, “Жўрж тоғамнинг гапларидур”, деб газнитга элтма. Буни қўлланма қилиб ёзасан. Футбол фетрасиясидаги амалдорлар маним бу кашфиётимни эшитиб, йиғлаб юбордилар. “Бизарнинг ҳам кўкрагимизга офтоб тегатурғон кун келаркан-ку!” деб шодланмишлар. Сен қўлланмани ёз, мен тасдиқлаб бераман. Тушундингму?”


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации