Текст книги "МАНГУ АФСОНА"
Автор книги: Ҳусан Мақсуд
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 3 (всего у книги 9 страниц)
УСТА ТЕМИРЧИДИР
Худонинг соясин излайди жонлар,
Дўзах ҳовурида қуриб борар тан.
Қум узра яланғоч ўйнар илонлар,
Худо бу саҳрога соя бермаган.
Уста темирчидир. Ишонади халқ,
Бошлиқ керак бўлди. Уни сайлашди.
Тахтага чиқариб хўб ҳай-ҳайлашди,
Яна бир оловга тайёрланар Шарқ!
Кимнидир бир урди. Ўрганиб қолди,
Одамлар тиланиб келар қошига.
Эгалик ҳуқуқи эгаллаб олди,
Темир билан урар энди бошига.
Кўзлари қийиқдир – саҳройи у ғам,
Ҳаттоки замонни ўзига мослар.
Чодирга тик қараб ўтса қай одам,
Ё, ота, ё ўғил чиқиб дўппослар.
Ёнғин ичиндадир улуғ Бухоро,
Кўз ёшлар ўрнига оқаяпти қон.
Қўшиқ айтилмайди: “… о, дили моро…”
Афросиёб ўлган, Самарқанд вайрон!
Саҳрога айландим. Дарёлар тинди,
Чингизхон Хон экан. Биларман. Шу. Бас.
Халқ менман! Халқ сўзин қайтарма, энди,
Подшолар худонинг сояси эмас!
3.09.2013
СЎНГСИЗ САҲРОДА
Сўнгсиз саҳрода азобга тўлиб
Янтоқлар босди. Шамолдек елди.
Оч-наҳор ҳолда қаландар бўлиб,
Жалолиддиннинг жосуси келди.
Емак илинжи – қашқирдек увлаб
Тўзиб ётарди бесаноқ лашкар.
Шафақ сачрайди осмонни қувлаб…
Чап томон Зулмат, ўнг томон Қашқар!
Ҳақ дўст, ё, Оллоҳ! Топиларми эт?
Тупроқ остини ковлаб қаранг-чи…
Нон деб тиланди. Борди кетма-кет.
Ҳали шафқат бор. Кўрди бир жангчи.
Очлик очади ваҳшийлик сирин,
Қуриган ичак солди ёнига.
Тиғ билан тилди бир от томирин,
Уни тўлдирди отнинг қонига.
Сўнгра пиширди оловга тоблаб,
Қаландарсифат кимсага тутди.
Сачраган қонга босганича лаб,
Жосус бир парча луқмадан ютди.
Юракда қўрқув ғулғула чалар
Ва Ўтроргача қайтди у аранг.
Ваҳимали гап тезда тарқалар –
Алар ваҳшийдир! Қилиб бўлмас жанг!..
Ҳар қандай жангдир – кечилмас осон!
Сасиб доғланар қўрқоқнинг доғи.
Ҳадикда қолди бутун Хуросон,
Ваҳм ичида Турон тупроғи.
Нечукким, номард қайтар-у аҳддан,
Бир қошиқ қонин шоҳдан сўрайди…
Магарким, шоҳлар йиқилса тахтдан,
Раб ёздиғимас, жосуслар айби…
2013
ЁМҒИРЛАР ҲАМ ТИНАДИ
Ёмғирлар ҳам тинади бир кун,
Намчил кунлар бўлади унут.
Булутларни қувиб бус-бутун,
Шамол бўлиб қайтишимни кут.
Мен қайтарман шамолдай дайди,
Тўзғитаман қўнғир сочларинг.
Нафасимдан дунё титрайди,
Нафасимга зор қулочларинг…
Мен қайтарман, сўнгсиз изимдан
Сочилади қўнғироқ гуллар.
Мен қайтарман қайтиб ўзимдан,
Очилади қадимги йўллар…
Ёмғмрлар ҳам тинади бир кун,
Намчил кунлар бўлади унут.
Булутларни қувиб бус-бутун,
Шамол бўлиб қайтишимни кут.
2006
ИШҚ НИМАДИР…
Ишқ нимадир?.. Беролмас жавоб
Бу анҳорнинг эгилган толи.
Остонангни қилмадим тавоб,
Ишқ нимадир – толеъсиз толеъ…
Бораяпти юрагим куйиб,
Шеърларимда ажал баёни.
Бунча олис… Умрим поёнин
Ичгим келар қадаҳга қуйиб.
Ҳануз ерда саргардон ҳурсан,
Мен нолонман. Ёвларим хурсанд.
Зорман. Кўргил. Кўзларим ичкин,
Ўзинг қолган умримни ичгин…
Ҳолим абгор. Қарашларим тунд,
Э, воҳ! Оқар кўзингдан сурма.
Тилимда сўз – сўнги оҳ… Сўрма,
Бўсаларни ўғирлайди тун.
Холинг нуқта – умримга холис,
Мен ўлсам-да ёвларим хордир.
Қайлардадир… Ажалдан олис
Ферузаранг осмонлар бордир.
2012
ИТ КАБИ ҲОРИДИМ…
Қ.Камолга
Ит каби ҳоридим. Бирда йўқ мадор,
Сўз бўлдим… Сўздан ҳам тўкилиб бўлдим.
Юрак чок-чокидан сўкилиб бўлди,
Юракдош бўлмакка этишдилар ор!…
Ёр дедим. Тупроққа бошимни қўйдим,
Мен хайр тиладим хайр тилардан.
Нурларнинг тиғида ўзимни сўйдим,
Тўйдим… Тўйиб кетдим газитчилардан.
Барин ғижимладим. Майса товонхўр,
Содиқ бўлса фақат содиқми ранглар?
Тулкилар айёрдир. Шоқоллар қонхўр,
Илвасинлар ора ўтказдим жанглар.
Ғолиб бўлдим тождор! Санғиб ҳам бесар –
Мен кўрмадим бунда отилмаган тош.
Шамолларни қушлар қаноти кесар,
Менинг бошим қолди. Эгилмаган бош!
Ҳориган жисмим ҳам тугайди охир,
Унгача қушларга босса бўлар лаб.
Яшаса бўлади ойни қучоқлаб,
Ватанни қучоқлаб яшамоқ оғир!
25.05.2013.
ИШҚНИНГ ОҒОЧИГА
Ишқнинг оғочига ўзини осиб
Қақраган саҳрода Нилуфар бўзлар.
Таланган даштимга қай сўз муносиб…
Кўзлари ожизам… Ожиздир сўзлар…
Ичдим. Оқдим туннинг оғушларида,
Яшадим. Шоқоллар чиқди қаршимдан.
Ёшлигим яшади қиз тушларида…
Сирғалиб чиқдим. Ва қайтдим аршимга.
Дунёни қадаҳда ичса бўлади,
Шеърият шаробдир дунёдан қадим.
Аламли ҳисларга умрим тўладир…
Бепоён самога ердан қуладим.
Мен қуладим. Ишқнинг оғочи синди,
Чечаклар сўлдилар, алафлар сўлмас.
Жонимнинг тафтида ёвлар исинди…
Оллоҳ-оллоҳ, ерга қайтиб ҳам бўлмас!
Мажруҳ силкинади учқур қанотим,
Ватансиз тўзғиган булутлар ора.
Бақирдим. Бақирдим бўлиб оввора,
Ташимга чиқмади доду фарёдим.
Гўзал малакларнинг қўлидан тутиб
Ҳислар ҳайдаб кетар оппоқ отларни.
Мен эса… Мен эса яшадим кутиб,
Бот қолдим кутмакка одамзотларни…
25.05.13
БУРРО БЎЛДИ…
Бурро бўлди ғўр тилим,
Буёғига чарх тоблар.
Ортда қолдинг, севгилим,
Ортда қолди азоблар.
Армон борар изингдан,
Хазон қорар йўлингда.
Шеър сўрайсан қизингдан,
Китобларим қўлингда.
Тик қарашга кўзимга,
Етармикан журъатинг.
Китобларинг ўғлимда,
Орқасида суратинг.
2012
“АЛП МАНҒИТ” ЭРТАГИДАГИ ШОҲБЕКНИНГ
ЖЎРА ЖАНГЧИГА АЙТГАНИ
Эр-йигитлар элин сотмас,
Ёр кўксига тошдек ботмас,
Тангрисига тошлар отмас,
Эр-йигитлар қани, жўра,
Ўлдиргайсан мани, Жўра.
Эл қийналса дил қийналар,
Эр бўлмаган элни талар,
Бекники деб ялоқ ялар,
Эр-йигитлар қани, жўра,
Ўлдиргайсан мани, Жўра.
Ҳаёсизнинг нози бузуқ,
Шерман деган този бузуқ,
Палла бўлган қози бузуқ,
Эр-йигитлар қани, жўра,
Ўлдиргайсан мани, Жўра.
Виждони бор – қасам ичмас,
Ёв олдида боғич ечмас,
Арзимаса жондан кечмас,
Эр-йигитлар қани, жўра,
Ўлдиргайсан мани, Жўра.
Қушлар кўкда манзил излар,
Қадам пойлаб йўллар гизлар,
Дарахт қучиб йиғлар қизлар,
Эр-йигитлар қани, жўра,
Ўлдиргайсан мани, Жўра.
Тарқаб кетган қайга бари,
Тош таширми ёвлар сари,
Туркийларнинг авлодлари,
Эр-йигитлар қани, жўра,
Ўлдиргайсан мани, Жўра.
Эрман деса чоғири йўқ,
Жангчиларнинг моҳири йўқ,
Бу дардларнинг охири йўқ,
Эр-йигитлар қани, жўра,
Ўлдиргайсан мани, Жўра.
2009
20-ЯНВАР
Ўзбекистон – мана шоиринг,
Сочларида эримайди қор.
Тупроғингдай хоксор, бағрикенг,
Бағри қондир, бағри лолазор!
Кўзларида кечилган дунё,
Ҳисларини тортқилайди дуд.
Туман кесиб кезинар, гўё,
Аламзада ярадор бургут.
Хонтахтада тўзғин вароқлар
Ва юзида синиқ табассум.
Йиллар санаб саннар бармоқлар,
“Қўрғонча”да пишдими узум…
Осмонлари қанақа эди,`
Булути йўқ мовий эдими?..
Болалиги кулчалар еди,
Шоир бўлиб кулча дедими?..
Бор қорини, барини ташлаб,
Кетсам дейди елдай сарсари.
Шеърга тўла қўрғонин бошлаб,
Кетсам дейди “Қўрғонча” сари…
2009
ШУ ОСМОН…
Шу осмон қадимдир. Бу тупроқ қадим,
Жонни ҳапқиртирди қушлар висоли.
Аларнинг ўрнига ўзим яшадим,
Тонгда чироқ тутган телба мисоли.
Бу ҳаёт ёлондир. Тушлар кўргин, туш,
Сен қайдан билардинг?.. Яшамак нима?..
Дунёда, ҳаттоки кўз ёш жим-жима,
Йиғлама. Йиғлайман. Менинг кўнглим бўш.
Болалигим ўтган – егани миннат,
Қўллари қадоқдир, елкаси яғир!
Саволлар бермагин. Жавобсиз хилқат…
Мен эса айтаман – менман тошбағир!
Юлдузлар сўндилар. Тун ботаяпти,
Бошида оқ рўмол. Кун отаяпти.
Қушлар чуғурлайди. Билмайди алар –
Ватанга ўхшайди, фақат оналар.
О, Кумушбибим! Бир аҳволимга боқ,
Шам каби кўзимда нурлар ариган.
Болалигим ўтган. Онам қариган.
Ватанга қарайман. Қўлимда чироқ.
2013
ДИЛДОР…
Дилдор! Черт!
Ҳаво бер! Черта қол, дил – тор!
Икки дор. Икки тор тортилган кимга?..
Ишқ сўзи қайтадир. Тусланиб минг бор,
Ишқнинг луғатидан куйган тилимга.
Ёлғон! Хонадаги атир ислари,
Муқоваси заррин китоблар ёлғон.
Ростдир тупроқдаги дарахт излари,
Ростдир томирингда оқаётган қон!
Кулма одамларнинг устидан. Етар,
Алар гуноҳкорми бу жон йўқолса.
Барчаси ожиздир! Йиғлайди. Кетар.
Жон чертган бармоқлар қолади, қолса…
2013
ПАНЧАТАНТРА
Битта шеърни аранг ёзиб бўламан,
Шу ҳолга кўзларим тортади хира.
Сўнг ўзим гердайиб шанга тўламан,
Яратиб қўйгандай “Панчатантра”.
Тамаки ҳам чекиб устига-устак
Ва ойнага қараб ўқийман мағрур.
Умрида пистадан оғримаган жағ,
Бундай жаврашлардан оғрийди бир қур.
Аслида шеъримни ким ҳам сўрайди,
Ўзни овутаман мен шоирман деб.
Онам шеърни олиб узум ўрайди,
Ўтирсам фойдадир, балки, узум еб.
Онага термулиб титраб борар жон,
Эҳ-ҳе, кўп нарсани билар қарилар.
Иссиқдан куяди она Ҳиндистон,
Шеъримни айланиб ўқир арилар.
2013
РЎЗИГУЛ ОПАГА МАКТУБ
Имкон истаб елди изларим,
Қанча йиллар бесамар кечди.
Оқ қоғозни кўрмай ҳисларим,
Фақат менинг қонимни ичди.
Соғинчимни кўзимга жойлаб,
Талпинганман сизга кўп бора.
Кутар эди йўлимни пойлаб,
Битта сизу бир қоши қора.
Шаҳди бўлмас юраги бўшнинг,
Сатрларим оддий эрмакдир.
Ҳоҳ шодон, ҳоҳ нолон ҳар қушнинг,
Навосига бир боғ керакдир!
Тошкент қайда? Орзу ҳам қилмам,
Айтиб қўйинг сўраган онда –
Кимлар бордир Тошкентда, билмам,
Лек шоир бор Дарғом томонда.
Бир шоир бор Дарғом томонда,
Фақат менга шеърлар ўқиган.
Юрагини қўйган камонга,
Ростлик билан ёлғон тўқиган.
Етар менга шу гапнинг ўзи…
Тилингизда исмим довруғдир.
Қизингизнинг жодули кўзи,
Ҳаётимни куйдирган чўғдир.
Яшаяпман ҳаёт пинжида,
Мен соғиндим… Сиз ҳам соғининг…
Иси бордир уйим синчида,
Қадим Гава-Чангтупроғининг.
Тушиб бўлган ҳаётим изга,
Ёзсам бўлар энди бемалол.
Шеър ўқийман ётиб анғизга,
Бақаларни этганимча лол.
Бахтиёрман. Шодонман бу кун,
Тирикдирман. Бордир имконим.
Дардим бутун. Бахтим ҳам бутун,
Ҳаловатда ҳадиксиз жоним.
Шамоллардан эшитаман сир,
Қўшниларга қарайман кулиб.
Бироз кеч-у… аммо, барибир,
Яшаяпман шеърларга тўлиб.
Ким қуварди ўзимдан қочсам,
Оқ қоғозлар юрак байроғи.
Бу ҳовлининг эшигин очсам,
Тиниб қолар қушлар сайроғи…
Дўкончага келишса қизлар,
Айтиб қўйинг сўраган онда –
Ярим жондек қофия сизлар,
Бир шоир бор Дарғом томонда…
2013
ИЛОН ЙИЛИДА
…Намозгоҳ дарвозасини очиб беришди ва мўғул лашкари ичкари отланди. Ўшаларнинг авлоди, шайхул-ислом ва қозидан бошқа барча халойиқни шаҳардан саҳрога ҳайдаб чиқарди…
“Тарих-и арбаъ улус”дан
Аларнинг қонида яшар хоинлик,
Хушомадни жойига қўяр,
Тилёғламаликни ҳам.
Бир-бирин танийди минг фарсаҳдан.
Югуриб келади думин ликиллатиб.
Алар очиб берди
Ўтрорнинг шарқий дарвозасин.
Ёвга ип ташлади Самарқандда
Хоразмшоҳ қурдирган мудофаа деворидан.
Таржимон топиб номма-ном сотди
Бухорода бекинган туркий сипоҳларни.
Сўнг Тангрининг уйи ёнди.
Аларга ватан эмас, жон азиз,
Хотини-ю қизларини ҳарамга олиб
Бориб ўз жонларини сақладилар.
Тарихчилар нима деб битар, билмайман.
Хоразмшоҳ ўзига ишонарди,
Лашкарини ҳар қалъага бўлгани билан
Ҳам енгилмасди.
Афсуски, Хоразмшоҳ лашкарининг ичида
Ҳам алардан кўплаб бор эди
Ўшал ватансиз хоинлардан.
Қара, алар фақат сотишни билади –
Қора сувни умрни узайтирар деб сотар.
Уларнинг бозори авжида, Беҳзод.
Сартарошхонада
Искандарнинг шохи ҳақида эмас,
Миллатни сотиш ҳақида гаплашади.
2013
ЮРАГИНГНИ УЗИБ
Юрагингни узиб кетдимми,
Қўнғир сочлар тўзиб кетдими?..
Қарсиллатиб эшик ёпдиму,
Кўзларингдан сузиб кетдимми?..
Гурсиллатиб подъезд қўйнини,
Яна бир жон сабил кетдими?
Муҳаббатнинг ғамнок куйини
Зиналарда чалиб кетдимми?..
Мовий кўзлар жолага лим-лим…
Остонангга томилган юрак.
Бошқа йўқдир мендайи, балким,
Лек сендайи бўлиши керак!..
Арзийдими севгига, оҳу,
Арзирманми шеърингга, ай гул?
Бўйнимдаги кимнинг гуноҳи,
Ботаяпман авҳомга буткул!
Гуноҳим не? Айтгин зорингни,
Ишқда куйган тирик танимни.
Бир бор кўрай деб рухсорингни,
Шаҳарда зир югурганимми?..
Менинг айбим нимадир, ай гул?
Спитамен бошими бошим?
О, Самарқанд – хиёнатга қул!..
Тили ўзга. Қора қуёши…
2007
СИНФДОШЛАРИМГА ХАТ
Ойдин оқшом. Ўша стадион.
Ёдимдадир шўхликларимиз.
Қонларимиз қайноқ, навқирон,
Тўпори ва танти баримиз.
Хотиралар қилмай даъвосин,
Армонларни тахлаб қўйибди.
Даллол умрим ёшлик савдосин,
Арзонгина нархлаб қўйибди.
Тарвақайлаб девор ортидан,
Чўзар эди қўлин ўриклар.
Эгалари энди осуда,
Энди уни кимдан қўриқлар?
Қўзғашардик бирга сумалак,
Ўғирлашиб терак, толларни.
Ўғирлабди, мана, шум фалак,
Ҳасса билан қувган чолларни.
Ошиб-тошган ўспирин пайтим,
Босиқликка босилиб кетди.
Ўн олти ёш алвидо айтиб,
Тракторга осилиб кетди.
Гўзалларнинг тўсиб йўлини,
Кутар эдик тонгларни йўлда.
Илк бор тутган гўзал қўлининг,
Ҳозиргача тафти кўнгилда.
Изғиринда изғиб изма-из,
Санғиб ўтган у дамлар ширин.
Тушса ҳамки кўкдан париқиз,
У дамдаги санамлар, Ширин!
Асрор! Ўшал қаро қошлар йўқ,
Учиб кетди яқин-йироққа.
Дайдибадар у бебошлар йўқ,
Чалинмайди ҳуштак қулоққа.
Жўраларнинг бир жўфт кўзлари,
Дарчалардан мўраламайди.
Тинч ухланг, сиз, қишлоқ қизлари,
Дарчанггизга бормаймиз қайтиб.
2005
ЁМҒИР ЁҒАР
Ёмғир ёғар, энг сўнги ёмғир,
Нималардир бўлмоқда унут.
Кўк тоқида қалтирар дир-дир,
Энг сўнги булут.
Менга шундай туюлдими, ё,
Ёмғир ёғар, энг сўнги ёмғир.
Кўз олдимдан эскирган дунё,
Ўтар бирма-бир.
Шамол эсар, энг сўнги шамол,
Сочларингни ўпади, қара.
Рашк қиларман сочлари қумрол,
Энг сўнгги бора.
Юрагимда негадир ғулу,
Шамол эсар, энг сўнгги шамол.
Балки, жоним сўнги учрашув,
Энг сўнгги висол.
Бўсаларга кўмгин, маликам,
Титраяпман лабингдай, гулим.
Ҳаётимга этмоқда карам,
Энг сўнги ўлим!
2004
РОСТ
Рост, санғидим сояма-соя,
Изларингдан изғидим итдек.
Шоир бўлсам бир куни шояд,
Қўяр эдим барчасига чек.
Шоир бўлсам бир куни шояд,
Сўкармиди билмайин эринг.
Ҳеч бўлмаса, қилиб шикоят,
“Тирик экан, ҳалиям” дердинг.
2005
УЛУН ЯНГА
Ювди қўлини –
Кўз ёш билан ювди,
Туз билан ювди.
Барибир кетмади чақалоқнинг
қўлида қотиб қолган қон.
Қонни қон билан ювишни билмади
Қорақурумда.
2013
АНАЛ ҲАҚ
Тортади осмон,
Мажнунга айландим – ўзини севган,
Дарвешга айландим – арслон минган.
Сенга бердим жон,
Саловатда борлиқ – яралган ғамдан,
Қаландарлар зикр тушар теграмда.
Ўзинг паришон,
Ҳушимдан ўтадир на тонг, на-да шом,
Аҳли зуҳд тушида ёлғизман мудом.
Тортади осмон,
Қарагил, сувратим денгизда синди,
Излайсан, излайсан – йўқдирман энди –
Анал Ҳақ!
2013
ТУШКИ СОВУҚ
Қабристон.
Атроф қор.
Қарғаларга ўхшаб кўринар
олисдан чопон судраган одамлар.
Бир қарға тумшуғи
билан қор ковлаяпти.
Одамлар одам кўмаяпти.
Одамларга одам кўмишни қарға
ўргатганига ишонгинг келади, барибир.
2013
КЎЗИН СУЗИБ
Кўзин сузиб Юлдуз алдади,
Кеча эмас, кундуз алдади,
Кулиб туриб минг юз алдади,
Ишонгандим биргина сенга,
Ишонгандим қизгина, сенга.
Шўрлик ёшлик заволлар топди,
Жавоби йўқ саволлар топди,
Тўрт томонга тентираб чопди,
Ишонгандим биргина сенга,
Ишонгандим қизгина, сенга.
Ойдан йироқ йироқлаб кетдинг,
Орзуларни ўроқлаб кетдинг,
Қай юртларни сўроқлаб кетдинг?
Ишонгандим биргина сенга,
Ишонгандим қизгина, сенга.
Бармоғингда чертилган дил тор,
Яна кимда мен каби дил бор,
Қучоғимда қишлаган дилдор,
Ишонгандим биргина сенга,
Ишонгандим қизгина, сенга.
Юрардим-а томларинг оша,
Боғларингни қилиб томоша,
Бўлмасмиди айлансанг тоша,
Ишонгандим биргина сенга,
Ишонгандим қизгина, сенга.
Борай десам, йўлим етмайди,
Қучай десам, қўлим етмайди,
Иккимизга ўлим етмайди,
Ишонгандим биргина сенга,
Ишонгандим қизгина, сенга.
Беғуборим, тоза, бегардим,
Бевафо дард, бедаво дардим,
Қовурғамда қолган номардим,
Ишонгандим биргина сенга,
Ишонгандим қизгина, сенга.
Рўёларга ишонмагандим,
Хулёларга ишонмагандим,
Дунёларга ишонмагандим,
Ишонгандим биргина сенга,
Ишонгандим, қизгина, сенга.
Оқ куйлакка ҳушларинг учди,
Мен кирмаган тушларинг учди,
Чап кўксимдан кўчкилар кўчди,
Ишонгандим биргина сенга,
Ишонгандим қизгина, сенга.
Шамолларим япроқлар сочди,
Ошноларим тупроқлар сочди,
Туйғуларим бағрингга қочди.
Ишонгандим биргина сенга,
Ишонгандим қизгина, сенга.
Тоғларимдан тошлар тўкилди,
Қароғимдан ёшлар тўкилди,
Муштумимда хатлар букилди,
Ишонгандим, биргина сенга,
Ишонгандим, қизгина сенга.
Шеърпарастим, соҳирим дединг,
Ишқпарастим Тоҳирим дединг,
Алдовларга моҳирим дединг,
Ишонгандим, биргина сенга,
Ишонгандим, қизгина сенга.
2006
МАЙХОНАДА
Майхонада май тутдим,
Ҳаёт сизар жоламда.
Тирикликдан мен ўтдим,
Юзинг кўрдим оламда.
Ажалига бўлиб зор,
Қасд қиладир жон, басе.
Айтгил, эмди не даркор,
Жаннатининг боғчаси.
Дунё тўлар кам билан,
Тотдим борин неки бор.
Агар ўлсам ғам билан,
Ёлғизман, деб қўрқма ёр.
Ошиқ ўлар, ишқ ўлмас,
Ажалнинг-да йўқ хоби.
Товонимга чўғ бўлмас,
Жаҳаннамнинг азоби.
Билмам, қачон жон ютдим,
Қачон бўлдим сенга зор.
Майхонада май тутдим,
Ичгил эмди, басе, ёр.
2013
ШАВКАТ РАҲМОН ХОТИРАСИГА
Ухлаб ётганларни уйғот, эй, шоир,
Йўқса уммонларни тўнкарар Худо.
Рауф ПАРФИ
1. Улуғ жанг борадир. Ваҳший оломон,
Эзғилайди чиркин оёқларида.
Майиб дил фарёди. Пойида бошим…
Худодан қизғондим ўзимни, ҳатто,
Лайлининг итига айландим ҳар сафар.
Бақирдим уларнинг йўқ шевасида…
Ўз бекам. Омондир саноқли қизлар,
Қутлибека. Ойдин. Қушлар чуғурлар.
Этагида мозор тупроғи чангир…
2.Улуғ жанг борадир. Тинчлан, шоирим,
Ханжарга айланиб кетмасин қалам.
Қоғозни юзида ҳирқирар товуш…
Сусамбилни топган эшшакдай алар,
Бемалол ҳанграса… Қорни тўйса, бас.
Тузукли шеър билмас ватан ҳақида…
Ухлаган онадан алла эшитмай,
Билмайди онаси сўз эканлигин.
Шамол уриларми чирик оғочга…
3. Улуғ жанг борадир. Янграр туркулар,
Шоирин танимас. Навоий қайда?
Ўлигин қўяди тупроқдан устун…
Уйғонинг, туркийлар! Уйғонгил, тупроқ!
Шоири қолмади бу элнинг ахир.
Қоялар кўксида йиғлайди шамол…
Бари кўзи очиқ ухлайди кўрсанг,
Ҳаром йилтиллайди қорачиғида.
Илдизин зангига ташна сувлиғи…
4. Улуғ жанг борадир. Фалакка термул.
Бошингда осмондир. Қўллагай Худо.
Қиличлар жаранги уйғотмас нечун?
Ўликлар тирикдир. Тириклар ўлик.
Ки, фаҳш бижғиган тўшакларидан.
Аждодлар арвоҳи чирқирар нолон…
Ўлдирганлар учун, ўлганлар учун,
Бири кетин мақтар, бири кўкрагин.
Юлдузларни тақиб бўлмас ҳеч қачон…
5. Улуғ жанг борадир. Сарҳадсиз соғинч,
Кузак мезонлари сим тортар Ўшга.
Касалванд япроқлар. Қуёш сочилган…
Томоғингни йиртиб қичқирма, хўроз,
Шаҳидлар қоними тутган тожингда?
Уйғотсам бўлар-ку, тонгни шивирлаб…
“Чинқириб ўсади хўрланган майса.
Борми эр йигитлар? Борми эр-қизлар?
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!”
2013
13 НОЯБР
Кесилган бошмидир қизарган шафақ,
Осмонга сачраган оловми, қонми?!.
Ватан тупроғига берилажак ҳақ –
Она Туркистон деб титраган жонми?!.
Йўқ, ҳали ҳаммаси ўтганмас, ахир,
Ҳар қадамим шараф! Ҳар сўзим қасам!
Ахир, мен шоирман – қон сизган бағир,
Ахир, мен шоирман сенинг учун ҳам.
Қафасда хормидир эрк яратган қуш,
Қафасни синдириб учган ноламан.
Юракни таржима қилган боламан,
Мен ҳали рўёга айланмаган туш!..
Ёнган вароқларда озодлик яшар,
Сотқинлар валломат… Бу қандай маскан?
Мен қайдан билардим?.. Кечиргин, башар,
Совет шоирлари қон тупурмаскан…
Бу жон!.. Кечай! Кўзлар шафаққа боқсин,
Нахшон! Дўстлар хоин. Қўй, тутмагил май.
О, шу кеча… Шеърим қон бўлиб оқсин,
Мен қайта ичай…
2012
СЕН ЭРТАКСАН
Сен эртаксан – мен ўқиган,
Мен эртакман – сен ўқиган.
Биз яккаш эртакмиз, эркам,
Ишқ момоси қўмсаб тўқиган.
Энди кулмас устимдан осмон,
Эртакларда гуллади хаёл.
Муҳаббат, эҳ, мангу бир достон,
Эртаклардан излайдир висол.
Аччиқ ҳақни ўтамиз енгиб,
Ахир, дунё сочилган матоҳ.
Руҳинг кетса руҳимга сингиб,
Севгимиздан ювилар гуноҳ.
Эртакларда яшаймиз бутун,
Тўқиганга бирдек топиниб.
Не бўларди бу дунё, бу тун,
Эртакларга кетсак ёпиниб.
2002
ҲИЖРОНИНГДА
Ҳижронингда қуриган ашким,
Оташингда ёнибман буткул.
Юрагимни ғажиган рашким,
Қилиб қўйди ғамзада булбул.
Сайроғимдан тинайми энди?
Куйламайми кўтариб торим?
Соҳир кўзда сийратинг синди,
Руҳим йўқдир энди, дилдорим.
Бу дунёда кўрмасдан сени,
Агар топса умрим интиҳо.
Кўтартириб ҳурларга мени,
Шунда сенга топширар худо!
2004
ФАРАҲБАХШ ТУН
Фараҳбахш тун.
Ўша хиёбон –
Сен билган “Булвар”!
Оёқларим остида
Учиб ўйнайди ғужғон,
Шамолларга алданиб
Олтин бўлган япроқлар
Ҳижронда ёниб, ёниб…
Кўкда ҳилол,
Кўкда юлдузлар,
Кўкка учсайдим.
Бу дардисар дунёда
Ишқ васфидан қайтардим.
Етим қолган севгимни
Қамар бўлиб самода
Юлдузларга айтардим!
2004
КЕЧИРИНГ, ОНА
Кечиринг, она!
Мен сиздан кечганим йўқ.
Фақат…
Шеъриятга муккамдан кетдим.
Юриб-юриб топганим –
Шеър эмас, онажон,
Бир парча чўғ!..
Мен ўзимча баридан кечиб,
Мен ўзимча дунёдан тондим.
Аммо…
Билмайман ҳамон,
Наҳот шеърни қизғондим.
Наҳот унга алданиб
Берилдим сўзга…
Наҳот…
Мен ўлмадим, онажон!
Энди ҳеч ўлмасам керак,
То…
То сўзлардан сизга
Қурмагунимча бошқа бир осмон!
2003
СЕВА ОЛСАНГ, МЕНИ СЕВ
Сева олсанг, мени сев,
Бил, бошқаси ёлғон.
Шу дунёда мени деб,
Ишқ ўтида ён, жонон.
Сева олсанг, мени сев,
Бил, бошқаси ёлғон.
Камлик қилсин ишқингга
Икки жаҳон, бир осмон.
Сева олсанг, мени сев,
Шундай беҳад, бепоён.
Муҳаббат деб бош қўйиб,
Қучоғингда берай жон.
2004
ЯЛОВ ТУТДИ
Ялов тутди Тошкент боғларида куз,
Замон турланар, дунё турланар.
Кенгликлар бағрида, қайдадир ҳануз,
Қалдирғочлар учар, учар турналар.
Олис йилларимнинг эпкинида жим,
Дўстларим йўқолиб кетгандайсизлар.
Тўзғиган хазондек умримга ҳоким,
Кибор хонимлару олифта қизлар.
Барчасин куйлашга қурбим етади,
Пистафурушлари котибам бўлган.
Тошкент – жавонида шеърларим тўлган
Ёруғ идорамга ўхшаб кетади.
Кенгликлар бағрида… Қайдадир, ҳануз,
Ёшлигим яшайди – учмакликка шай.
Йиғлагим келади кўкка босиб юз,
Учгим келар сира ерга қарамай.
Отилгудек бўлар бўғзимдан жоним,
Шоирлар гап сотар турфа атирдан,
Онаси юборган ёғли патирдан…
Елкамни тутишга йўқдир имконим.
Дейди яшайверар одам ўлмаса.
Мен бир ношукрман. Кечиргин, Эгам.
Хунук туюларкан қанот бўлмаса,
Ватаннинг устида учаётган дам.
Яшаб бўлармиди оёқда юриб,
Сўзни эплолмаган хатларим қолсин.
Учай булутларни шамолдай суриб,
Заминда тўзғиган патларим қолсин.
Ер бўлган ерликлар умримни еди,
Кўзларига милдир узилган созим…
Жоним чирқирайди – ахир, қуш эдим,
Наҳот чорламаса кўкдан овозим…
26.10.2012
БОШИМ УЗРА БУЛУТ
Бошим узра булут қанғаси,
Кўрмайсанми кўзлари анвар.
Тарновларда қишнинг тамғаси,
Деразангга суйкалар январ.
Осмон сиғмас бор қулочимга,
Қора тортиб боради шимол.
Жингалак ва қуюқ сочимга,
Оппоқ қорлар ёғар, эҳтимол.
Хазонлардек унутилган куз,
Кетганмиди ғамларин бериб.
Эримайди юрагимда муз…
О, Навбаҳор, юзлари кундуз,
Келмайсанми баҳордай эриб…
2009
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.