Текст книги "МАНГУ АФСОНА"
Автор книги: Ҳусан Мақсуд
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 9 (всего у книги 9 страниц)
БЕШИНЧИ КУН
1
Бешинчи кун келди. Қорайди осмон.
Қора қисмат бўлди фалакнинг оти.
Беш кунлик дунёда энг ғамгин достон
Бўлиб қолди, фақат, шоир ҳаёти.
Алағда тўлғонди тонггача Лайло,
Ўзига келолмай кўрган тушидан.
Ташқари югирди. Бўлди шаллоба.
Қайдадир йиқилди. Кетди ҳушидан.
Аранг турди. Ёмғир қуярди шаррос.
Эшикка югурди эшикни таниб…
Шоир ётар эди тирикларга хос,
Фақат, чап кўкраги қонга беланиб.
─ Олапар! Кўринмас Олапар чоғи,
Кимни ҳам чорласин ёрдамга бу чоқ.
Кимнингдир совғаси Чустнинг пичоғи –
Ёнида ётарди қон бўлган пичоқ.
Билмас. Хоинларнинг қотил қўлими,
Энг тоза инсонни қонга тўлдирган?
Кимга керак бўлди Шоир ўлими?
Йўқ-йўқ, уни Зуҳро рашкдан ўлдирган.
Тинмай қарғар эди оҳи фалакда,
Юм-юм йиғлар Лайло сочини юлиб.
Ажални мазахлаб гўё бурчакда,
Шоирнинг сурати турарди кулиб.
Гўё фақатгина шодликлар ютган,
Бошида осмону оёғида ер.
Умр тугамаган. Туш каби ўтган.
Столнинг устида чала қолган шеър:
О, Навоий! Наҳот, дардинг аёндир.
Муҳаббат қорами? Қисматинг қора?
Жонбахш ғазалларда Лайлонг баёндир –
Тўзғиндир. Тўзғиндир. Пора ва пора.
Кафтар қанотини тўзғитган елмас,
Қолиб кетди олис саҳроларда у.
Юрак қондир мангу. Тоабад келмас,
Кеча келгум дебон келмаган гулрў…
Бори фақат шудир. Кимгадир ҳавас,
Пайконга ўхшатиб йўнилган қалам.
Фақат, йигирма йил олинган нафас,
Бирозгина сарсон ичилган алам.
Ҳаётга ташна бир гўдакнинг ўзи.
Қайгадир учгандир умрдан чега.
Тушган эди бир кун Лайлонинг кўзи,
Тортмадаги шоир кундалигига.
Жавоннинг ёнига борди паришон,
кундалигин олиб титкилаб кўрди.
Вароқлар титради. Титраб туриб жон
Қандайдир сўзларга кўзи югурди:
Шоир шеър ўқиди ўқиётганига
девор жавон ва ҳакоза тингловчи
холос, улар, ҳарқалай, одаммас
одаммас ўқиётганлар Одам
бўлганида бу шеър учун бўғиб
ўлдирган бўларди аллақачонлар
Қалам олди қўлига хира қандил
бошига узилиб тушгудек бўлди
нафаси бўғилиб борди бўғилган
сари қаттиқроқ бўғилди Қалам
қон қусмади қизил қусмади оғзидан
шаклга бекинган Яшаш отилди
сен ҳам бўғ қўшилиб ай кундаликни
ўқиётган қаттиқроқ қаттиқ қат бўғ
оғзидан ишқ отилсин отилган Овоз
синиқлари Шерободга етсин бўлди
учрашмайди келишди уни йўли
бошқа буники бошқа қўйгани
маъқул барчасига чек қайтиб
кўришмайди эҳтимол Оёсиё
Ҳаётда яшасин Шоир Мактубларда
Шоир ҳаётга қайтганида У
мактубларга кўчиб кета қолсин
барибир барибир Шоир Оёсиёга
муҳтож Оч Нонга Қашшоқ Пулга
муҳтож бўлгандай эмас Дунё
Оёсиё билан Шоирга муҳтож бўлгани
каби Шоир каззоб бўлмаса ҳам ўғри
бўлмаса ҳам Оёсиёни олиб қочишга
қўрқади гўё атрофида Демократлар
емас Олигарлар йиғилган қамаш
қамалиш туҳмат қилиш осон бегумон
Сталин Ўзбекка Ўзбексан деб туҳмат
қилгандай осон Ватан тақдири битта
козино атрофида ҳал қилиниши
спарталикларни кўнглига оғир ботгандай
бир Оёсиё учун Қалам йўнилиши уни
кўнглига оғир ботарди ачҳиқ Орзулар
қанотида уйқуга кетиб туш кўрди вазир
қараб подшога бутун дунё сизники
бўлсин деди ва Шоирга ўгирилиб қанийди
мен бўлсам унинг ўрнида сўзини айтди
Қуёш чиқди хўроз тумшуғига
илиниб узун қўллари билан Шоирни
киприкларидан туртди туриб ўрнидан очди
ешикни товуқларни қарғаб қўшни аёл
егасига тиларди ўлим жон бераётган
Дўст йигитга кечир ўтган бўлса
мендан умринг бўлсин зиёда алвидо
Йигит билан хайрлашаётган Бемор
бўлгин саломат бир Бахтсиз Банда
бахтли бўл деди фақатгина Осмондаги
Шоир билмади нима тилашини йигит
қолди ўйланиб қизиқ тилайди-я одамлар
ўзида йўқ нарсани Кўчага чиқди
тентираб йиртиқ шиппакни судраганча
анчадан буён чиқмагандай қаради
теваракка қаёққа сўрайди биров йўл
бўлсин дейди яна биттаси ёввойилашиб
қолган одамни кўчага чиқиши қизиқ-да
шаҳарни нозирларидай ҳужжат сўрамаса-да
нега кўчага чиққанлигини сўрайди улар
мумкин бўлмаса наҳотки бесабаб
кўчага чиқмак Тегра ва теградагилар
ундан қўрқади ундан кулади унга
ачинади “Жинни”га жиннига муомила
қилгандай муомила қилишади олдида
қўрқиб узоқда қичқириб ахир уларни
ақли бор сигирни урар эшакни сўкар
ичади хотинидан яшириб юради
кўчада маст-аласт бақириб ҳаммага
ешиттириб қарғайди овсинини уларни ақли
бор эшитсин деб карлар минбарлардан
қаттиқроқ гапиради уларни ақли бор
кўчада бақириб шеър ўқиса ақлдан
озганга чиқарар Шоирни Шоирга
алам қилади бу қишлоқдан неча марта
бош олиб кетмакчи бўлди неча марта
сиртмоқ ушлади бўлмади бунақа
қишлоқда бунақа йигит ёлғиз ёлғиз
бўри у ёлғиз бўри олға юрди кўчани
бошида бир тўда Тангрини суратдаги
бир тўда тупроқ ва булутлари кўринди
бир тўда оломон келяпти бир тўда
оломон кўзлари қонга тўлган ҳаётни
қон билан кўради бу кўзлар келяпти
ҳозир ҳам кимнидир қонини ичишга
бир тўда оломон келяпти Ҳамзани
кўрсатинг уларга тошбўрон қилишсин
Ҳамзани дея пичирлади Шоир бу
ғингшишни эшитди-ю уни руҳий
хаста эканлигига амин бўлди жар
ёқасидаги хотинлару хотинчалишлар
ҳа шунақа булар самодан чинорга
осилиб чертаклар ортига тушганда
қуёш кўчага чиқади қуёшдан
улкан ғийбатни тишлаб кўчага
чиқади оламни сўроқлашга кўчага
чиқади ўзини тинглашга кўчага
чиқади тунни етаклаб келишга
кўчага чиқади чиқади баъзида
тиллога ўхшаш қуёшни қандай
уйга киргизишни ўйлаб бу аллома
аёллар қуёш бу фикрни англади
шекилли ерга бота бошлади қизариб
пишнаб ҳолдан тойганча яхшиям
ер қуёшга ботмайди ер қуёшга
ботса нима бўларди нима қиларди
Шоирни башарасига қўнган манави
чивинлар Шоир гандираклаганча
қишлоқни маркази томон юрди қишлоқни
маркази бу дўкон гўё қишлоқни
пойтахти ғийбатлар ўчоғи ит ҳам бит
ҳам шу ерга йиғилади битга бош бор
итга суяк ким Московга кетди ким Дубайда
қишлоқда газ свет бор йўқлигини сабаблари
шу ерда аниқланади ҳамма нарса
аниқланади фақат вақт теграсида
дўкондан нарида бир ойдин йўлак
бор Шоир у томонга ўтишга қўрқади
болалик чоғида шу йўлакдан калтак
еб қайтганди шу йўлак болаларидан
улғайди-ю не-не кўчаларда юрди
кариллаб бироқ шу йўлдан ўтишга
қўрқади ҳозир ҳам уради деб ўша
болалар қўрқди серрайганча қотиб
қолди тўрт-беш алкашга кўзи тушиб
пичирлай бошлади алкашмас булар
йўқ-йўқ мана бу ерда ўтирганлар
емас пиёниста яшаш заққумини
ичяпти булар қултиллаб қисмат заҳрини
ичяпти булар қўйиб юбораяпти
шишага қамалган Ҳаётни Ҳаёт
шишада эканлигини тушуниб етган
булар қўйиб юборгиси келади булар
ҳамма нарсани Улар ёнига чақириб
олди Шоирдан иккинчи жаҳон урушида
нималар қилганини сўрай бошлади Шоир
гапира кетди немислар ўрислар ўзбеклар
ҳамма халқ бор бу ерда ҳатто худони
халқи бор худони миллати бор бу ерда
ўз кўзига ишонмайди худони халқи
еҳ-ҳе шунша-шунча боши айланиб
қолган кимни жонини олишни билмай
юрибди худони халқи – азроиллар биров
о биров астағфурулло биров тавба ҳарфлар
йиғиндисидан ташкил топган сўзларни
ҳавога қўшди кимдир нимадир берди
бу Барсга ёқди бир оғиз гапга нимадир
бу ёмонмас сўнг Африкага саёҳати
ҳақида айтди Негрларни боши тошдан
еди оёғи тошдан тошга сиғинарди
худога сиғинмасди қисматга қул эди
алдаганди Тақдир найранги тақдирини
белгиларди Португал Ангилчан Фаранги
нимадир иккита бўлди истаса чўпон
ҳақидагисини ҳам айтади еб тўймаган
ялаб тўймайди деб шунга айтишади-да
бу қишлоқ ичида бир озбағал чўпон
шукрона айтарди борига шукрона айтарди
барига сел келди қўйларини олди шукрона
айтди ярми омон-ку ўғли ўлди хотини
бетоб наилож шукрона айтди қизи омон-ку
учириб кетди тишларини шамол барибир
шукрона айтди ўзини учирмади-ку ажал келди
енди шукрона айтди чин дилдан шукр
қилмаганига шукр ким билади шукр
қилганида чўпонни аҳволига тушармиди
бунисига нимадир беилмади Шои қўлларини
мушт қилди бу дунёда Ҳақиқат йўқ
деди Ҳақиқат бўлганида нимадир бериларди
Ҳқиқат бўлганида Оёсиё ўзга элда
бўлармиди Ҳақиқат эгилади лекин синмайди
емиш қайси буюк айтган экан бу гапни
Ҳақиқат ҳеч қачон эгилмайди тикка бориб
синади қорни тўқ қорни очни ўйламайди
очмикин деб хаёлига келтирмайди ҳеч
қорни оч эса қорни тўқни ўйлайди
шуни қорни тўқмикан деб мана Ҳақиқат
Шоир мажбур бўлди бу ердан кетишга
Ҳақиқат йўқ бориб икки метр арқон илож йўқ
У томон Ҳақиқат Барсни боши оғриди
телба бўлса-да боши оғриганини сезди
кета туриб нимагадир қоқилиб тушди
қоқилган нарсаси ғишти кўчган
ғистқолип шунақа ғиштчига ғиштчига
ғистқолип оддий ғистқолип камазни
юкхонаси аравакашга тегирмончига
ун қути бойваччага сейф Шоирга
еса тўрт бандли шеър бўлиб кўринди
ғистқолип сўнг қўшиқ куйлаб юборди
“это смертелно почти кроме шуток
песни мой под запретом держат
можно прожит без эдй сорок суток
сем без водй без меня толко пят” (В.В)
уни қўшиғига фақатгина қўшни ит
ҳуриб жавоб қайтарди Шоир пичирлади
яхши бўлар бўлар дайди ит ҳургани
билан ит эмас қўриқлайди тишлайди ит
итлигини исботлайди Одам Одамман деб
кўкрагига ургани билан одаммас
икки оёқда юргани билан одаммас
одам одамлигини исботлашга уринса
еҳтимол итдан бадтар ва деб сўкинди-да
оғзидаги қонни туфлаб ташлади Шоир
янада хўрланди итга яхши бемалол
ҳуради Озод ҳуради Азот ҳуради
югуриб ҳуради бучи бу Оёсиё
йўқ миясидаги фикрлар кўчаларга
тўкилиб қолади айтган гаплари
одамларни чўнтагига ёпишиб
қолади Оёсиё шеърларини тинглашга
қайтмайди на илож пишиққинасидан
шундай ҳам қилди сўнг мана руҳи
учяпти бўшлиққа томон руҳи
боряпти бўшлиққа сингиб англолмади
қайси қандай қанақа бу он ҳой
Лашкарбоши тўхта Темур
Бек бўлдими Тўхтамиш
Хонни енгиб англолмади қаерда
нима руҳи кетяпти бўшлиққа
англолмади сира фақат фақат сезди
руҳи учяпти бўшлиққа томон…
Барибир, ҳеч нарса тушунмади у,
Ортига қайрилиб жасадга боқди.
Ҳавода муаллақ учарди туйғу,
Кўрди пол устида кезган титроқни.
Ғалати изтироб чиқди кўзига,
Қўрқувдан пичирлаб нимадир деди.
Синчковроқ қаради келиб ўзига,
Шоирнинг жасади йўқолган эди…
2
Шоир ўлимига нафақат, Зуҳро,
Айбдор мисоли ўзин ҳис қилиб.
Қўллари кишанда кетарди, Лайло
Дунёга тупуриб, дунёдан кулиб.
Жонга посбон эмас жоннинг қотили,
Сенлар ўлдиргансан деб нозирларга.
Тилидан чапани сўзлар отилиб,
Яралгансанлар деб жонни таларга.
Бутун авлодига ўлимлар тилаб,
Йўлакни тўлдириб, қилиб вовайло.
Алардан жирканиб, ерни тепкилаб,
Қўллари кишанда кетарди, Лайло…
Шоир телба эмас ё оддий жангчи,
Ожиз эмас сира, ўйлаб қаранг-чи…
Шоирлик – шаън! У энг олий унвондир.
Шоир элга қанот, ватанга шондир!..
Одамларни тўплаб айтгани билан,
Шоир ўлдирибди ўзини бевақт,
Ё дегани билан жигари шишган,
Халойиқ ишонар. Ишонмайди халқ!..
Мана, бутун бир халқ бошин эгдилар,
Ёзиб бўлмас қотил – бир шеър ё тил деб.
Алар галалашиб имзо чекдилар,
Тарихга ёздилар Лайло қотил деб.
3
Кунлар ўтди. Шоир хотирасига,
Шаҳар марказида қўйилди ҳайкал.
Ҳатто ёғийлари ёзиб қасида,
Ҳайкалга бағишлаб ўқиди ҳар гал.
Ҳайкал эшитмайди. Аммо, қулоқ бор.
Кўринг қанча кўзлар кўриб турибди.
Афсус… Аларда-чи тугаб битган ор,
Маддоҳ бўлиб хаёл суриб юрибди.
Асли, керак бўлса озгина шавкат,
Ҳайкал қўйишади ўлдириб олиб.
Қанча журналларга ёзишади хат,
Ҳайкалга сиғинар тириги қолиб.
Қариндош чиқишиб хўб хешу хосдан,
Умрида кўрмаган кўп бегоналар,
Ҳайкалнинг пойида йиғлади ростдан.
Шоир тириклигин билмади алар…
Соқолини қиртишлаб борди-ю бир кун,
Ҳайкалига монанд кўса мисоли.
Кўзларига боқди. Талаб қилди хун.
Аларни чўчитди Шоир висоли.
Арвоҳни кўргандек қочишди дўстлар,
Ваҳимага тушиб ўлди қанчаси.
Дунё. Битмаса ҳам сира кам-кўстлар,
Ялтоқланиб учмас туркийлар саси.
Тозалаб бўлармиди дунё гардини,
Ҳеч ҳам тушармиди кўнгил жойига?
Шоир юрагига тўплаб дардини,
Ҳорғин келар ҳар тун ҳайкал пойига.
Олдида қоядек жим, мағрур турган
Ҳайкалдан яшириб кўз ёшин тутар.
Бир уюм тупроқнинг гаштини сурган –
Майсадек кўклашни орзулаб ўтар.
Япроқлар шивирлар. Чалинади куй,
Дунё то қиёмат кўмилар шеърга.
Кетган харажатга берарди-ку уй,
Ҳақ дея саргардон бирор шоирга.
Омонлик сўрашми? Нима ал-омон?
Шоирнинг қонталаш бағри куяди.
Наҳот, ҳашамларга тўймас оломон,
Ҳайҳот! Тирикларга ҳайкал қўяди.
4
Ҳилпирар боғичлар. Қизил қон каби.
Ленталар кесишди. Қоқишдилар сим.
Ўтказилар эмиш – халқнинг талаби –
Шоир шарафига катта маросим.
Шими дазмолланган. Бўйинбоғи соз,
Жуда шахдам-шахдам қадамлари ҳам.
Гул кўтариб чиқди ҳайкалга пешвоз,
Шоирдан бурнини жийирган одам.
Ҳайкал пойида-ку “буюк” тантана,
Суратларга тушар нафс комида.
Елкадош эдик деб уялмай, мана,
Нутқ сўзлаяпти шоир номидан.
Туфлисин ҳайкалга отса-да бўлар,
Бирор оёқяланг кийиб кетарди.
Бу оломон нега обрў деб ўлар,
Минбарда тургани унга етарди.
Дегиси келади шоирнинг шу он:
Билинг, ким юпундир, ким яланғочдир.
Мен тирикман! Гул эмас қўйинг нон,
Елкадошим бўлган Олапар очдир.
Қаршисида турар. Мана ўшал қиз.
Шоирнинг гулини юзига отган.
Хиёнат бағрида қолдирмасдан из,
Қанча ҳайкалларнинг пойида ётган…
Бўлди, бас. Бу турфа хиёнат ора,
Туркийлар бошини эгиб кетмасин.
Достонни тугатай. Кечир, Ҳуснора,
Сўзим аларга ҳам тегиб кетмасин…
ХОТИМА
1
Озод туйғуларга урилган ғуллар,
Хиёнатлар ора ишқнинг бозори.
Қанча санамлардан қўйилган гуллар,
Қаршингда турибди шоир мозори.
Тупроққа қўшилиб биз ҳам кетгаймиз,
Шу қора кўзларингдек ажал ҳийлагар.
Бу улуғ тупроқдир. Тавоб этгаймиз,
Нетонг, қадамларинг пок бўлса агар.
Бугун йўлларимда дуч келди арвоҳ…
Йўқ-йўқ… Ҳўнграб йиғлар. Тирик эди у,
Нечунким ўликлар тирилгайдир гоҳ…
Иккимиз май ичдик. Бир сўз деди у:
Туркистон аталмиш улуғ ном учун,
Силкитиб-силкитиб мозий қаърини,
Ўликлар тирилсин деганча ҳар кун
Тимдалаб чиқардим мозорларини.
Кўзи очиқ ухлар. Алар-ку басир.
Вақтдан ташқарида кезинар ҳаёт.
Кўмилмасин тирик. Кўмилмасин сир,
Майлига, фалакка ўрлагайдир дод…
2
Ёдимда йўқ, яна нималар деди,
Маҳзун ўтирарди кимнидир сўкиб.
Ёшлигим бир унинг қўлида эди,
Унинг қаршисида борардим чўкиб…
Билмам, қай осмонда Қуръоннинг жони,
Кетса ер юзидан ояту ҳадис,
Унинг ўрнин босар Ҳофиз девони,
Дерди, буни Машраб айтган шубҳасиз…
Ишқ ичдим… Муҳаббат майидан мастман.
Дунё – қўлимда бир пиёла чойим.
Қай инсон ўрнидир. Тавба демасман.
Афсус… Тайинланган жаннатда жойим…
Тугатманглар ёлғиз юракни чўқиб,
Тумшуқларинг қони шафаққа етди…
Шивирлаб ўзига… Шеърларин ўқиб,
Сўнгра хайрлашмай жимгина кетди.
Қузғунлардир алар. Алардир қузғун –
Сўзлари жаранглар, мени этар лол.
Тамаки тутатдим. Булутлар тўзғин,
Ерга чўкдим ҳорғин ва паришонҳол.
3
Ҳуснора, қаршингда турибман мана,
Ватан бағридаман. Ҳадикда жоним.
Сирли шивирларми юлдузлар яна,
Ҳислар қуршовида оқарми қоним?
Эртаклар эшитиб Бибихонимдан,
Бўларми гумбазлар бошда паноҳим?
Шоҳизинда узра кўклаган чимдан,
Кўкка тараларми димиққан оҳим?
Нақадар фараҳбахш тунги Самарқанд!
Бир ҳовуч ватандир кўкнинг қаъридан.
Хаёллар қаърини этганимча банд,
Ўтмишга сингаман тутиб баридан.
Мусиқа оқади йироқ-йироқдан,
Қорайган ҳайкаллар хаёлга чўмган.
Карвонлар келгайдир Чўли Ироқдан,
Ойнинг ёғдулари шаҳарни кўмган.
Намхуш ҳаволардан симиргин тўйиб,
Кўзингга термулган кўзимга қара.
Хиёнат заҳмидан аламлар туйиб,
Сирқираб турибди кўксимда яра.
4
Муҳаббат – муқаддас. Муқаддас, ахир,
Момо ҳаволарнинг тутган меваси.
Яшамак аччиқдир. Кўз ёшлар тахир,
Тошкент шевасимас ишқнинг шеваси.
Мен куйиб яратган куйдирсан бешак,
Ғамлардан сархушман. Исингдан мастман.
Бетховенни билмас ҳанграган эшак,
Хотираси куйсиз отарчимасман.
Ёдимдадир ҳануз релс оҳангги,
Шовқинзор оралаб кезинган ажал.
Наима судраган этикнинг рангги…
Кўзингга ўхшарди… афсус, у маҳал…
Дарёдек шовуллаб оқмайди шуҳрат,
Қирғоғида бўлсин онаси йўлдош…
Ёниқ юлдузларни кўзингда ухлат,
Юлдузлар кўзингда қотиб қолган тош.
Қара! Тонг отяпти. Кимни уйғотар?
“Халоскор Даҳо”дек уйғоқ юрган ким?
Ахир, “ Тонг отмоқда, тонг ўқлар отар…”
Бизлар – ер шарининг яраси, балким…
5
Ўзим Гўрўғлиман, ўзим Кўкўғли,
Минганим Кўкдўнан, минганим Ғирот.
Навоий қанидир? Сўз керак туғли,
Фарёди фалакда бўғилар Ҳирот.
Шамоллар кезингай ёлғонлар айтиб,
Алданган япроқлар тўкилар боғда.
Баридан безаман, кетгайман дайдиб,
Руҳим кезинади Дашти Қипчоқда.
Умримни сўрагин ёнган хатлардан,
Кўзёшинг ёлғондир, жимжима чоғи…
Хоинлар туғилар хиёнатлардан,
Зор қақшаб титрайди Турон тупроғи.
О, Ҳуснора! Қонга тўлиб бўлганман,
Нима ҳам келарди қўлимдан менинг.
Минг марта ўлдирди, ўлиб бўлганман,
Қарзим қолмагандир ўлимдан менинг.
Яна ҳасратларга юрагим тўлди,
Ва мудом нолондир бу даҳри-дайр.
Видо сўзи хунук. Йиғлама бўлди,
Омонлик тилайман. Севгилим, хайр…
2012
ЎЗ ҲАҚИМДА
Айтсам ― бу тулпор ― ўша тулпор, фақат, жиловининг эгаси мен. 1985 йил 7 июндаДарғам томонларда туғилганман. Болалигим Самарқанднинг нураётган минораларига елка тутиб ўтди. Дадам, аям зиёли. 6 синфда мактабдан кетдим. Шундан буён қишлоғимга кам бордим, умрим кўчаларга тўкилди. Ёшлигимда деярли қилмаган ишим қолмаган. Кўкат сотдим, кетмон чопдим… Йўқотдим, топдим. Кўпроқ йўқотганим ғам, топганим ҳам… Одамлардек йиғладим, кулдим. Пешонам тошларга, совуқ темирларга урилган кунлар ҳам бўлди. Кейинчалик тирикчилик эмас, тириклик деб яшай бошладим. Ҳисларим шеърларимга, ҳаётим ҳикояларимга кўчди. Адабиётга бўлган муҳаббатни юрагимга дадам олиб кирган. Бу илмда мен учун у киши катта мактаб. Шоир ўзи учун туғилади, эли учун ўлади. Халқ билан яша, халқни дардини ёз, қувончидан қувон. Виждонингга хиёнат қилма, худони ўзи қўллайди дерди. Дадам айтгандек яшадим. Қолганига ҳаёт дарс берди.. Хурсандман, кўзларим дунёнинг рангларини яхши ажрата олди, оқни оқ, қорани қора. Подшони ҳоли танг бўлса гадога, гадони ҳоли танг бўлса худога борар. Ҳолим танг дамларда қалам суянчиғим бўлди. Фақат, подшони қаҳридан, гадони қарғишидан қўрқиб кўп нарса ёза билмадим. Илло, жоним худоники эди. Тирикман ― ёзиш имкониятим бор, демак, бахтлиман! Сенга яна нималар дейишим мумкин. Нашрларга шеър кўтариб чопмадим. Пахтазорларда, хиёбонларда, бекатларда шивирлаб ўқиб бердим. Кўп рашк қилма, ғаш бўлма… Қора тупроқдан содиқроқ ёр йўқ дунёда!. Жон оғритиб севганим ватан! У қандай бўлса, шундайлигича севдим, бағрида билганимча эркаланиб яшадим. Ёлғон мақтамадим, қандай севсам борича ёздим. Англаб етган аччиқ ҳақиқатларимдан бири ― азалдан у учун чин курашганлар қурбон бўлишган, роҳати эса бошқаларга насиб… Ўлим ҳақ экан, демак, ҳақни айтиб ўлмак шараф! Шеърият, бу ҳақда гапира билмайман… ҳали ожизман. Назм шоҳлар мартабасидан, наср раият манзиласидан деган Кайковус. Марду– майдон ― ғолиблик учун ҳалол кураш! Бу тулпорнинг жилови қўлларимда, қай манзилга етказади ёлғиз худога аён… Сен… Сени яхши кўраман. Беғубор ҳисларингни ҳурмат қиламан…Сўраган эдинг, бори шу – М.
2012 йил 27августТалант БЕК
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.