Текст книги "МАНГУ АФСОНА"
Автор книги: Ҳусан Мақсуд
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 7 (всего у книги 9 страниц)
ТЎЛИН ОЙ БЕКИНИБ…
Тўлин ой бекиниб булут ортига,
Арвоҳдек қаради бежо мўлтираб.
Ҳайиқиб бурилдим сўзсиз ортимга,
Буғдой бошоқлари инграрди титраб.
Эгатларнинг суви чўзилган узун,
Қанча долғаларни ортда қолдириб.
Ҳў олис чайлада бурқсийди тутун,
Сайёр ўткинчини ўйга толдириб.
Тунги чигирткалар чириллар бўғиқ,
Шамол сафаридан шитирлар поя.
Босган йўлларимда, эҳ, ҳеч вақо йўқ,
Собиқ хотиралар қуп-қуруқ соя.
Бошим қўлларимга суяниб қолган,
Оғирлик қилади елкамга ҳозир.
Чўққига тикилган кўзларим толган,
Билмам, яна қайга етаклар тақдир.
Дунё шунақа – дарёдек сергирдоб,
Бир чориқ тикилар, аммо, ҳар касга.
Тортганида гоҳи кимнидир халқоб,
Чўккан чумолидек ёпишар хасга.
Чарчадим сузишдан, қолмади тоқат,
Ҳаёт зардобига беармон қондим.
Дўстим шу дунёда гуноҳим фақат,
Вароқларда бекор гуркираб ёндим.
2001
ҲУВИЛЛАГАН УЙ
Ҳувиллаган уй.
Осиқлик соат вақтнинг сўқмоғида
Боши гарангдек елиб айланади.
Ўралашиб тунд чироқнинг қароғида,
Тамаки дуди шифтга шайланади.
Ҳувиллаган уй…
Зериккан сукут мен билан елади,
Ёлғизликнинг дардли ҳалинчагида.
Ҳувиллаган уй мени жим белайди,
Ёлғизликнинг узун беланчагига…
2001
ҚЎЙ, ҚИЗАЛОҚ…
Қўй, қизалоқ, ўтган гап ўтди,
Ҳисларимни қўзғама бекор.
Балки, умрим поёнин тутди,
Балки, сени кўрмасман такрор.
Боқма менга бундай жавдираб,
Ишваларинг бўлмасин бежо.
Япроқ каби турибман титраб,
Бир кун узар дайдиган сабо.
Соҳир юрак алдарми кўзни,
Бил, шеърларим эрмак, беҳуда.
Бўлолмаймиз бир жону бир тан…
Қандай айтдинг бахт деган сўзни,
Мен яралганман фақат бу сўздан…
2001
ТУН ПАРДАСИ ЁДИМДЕК
Тун пардаси ёдимдек қалин,
Деразамдан қарайди мудраб.
Танҳо ҳилол қароғи сари,
Булутларни ўйнайди судраб.
Ёниб-ёниб тугамакда шам,
Соғинчларни санчади ёдинг.
Юрагимда оғриқли алам,
Етармикан сенга фарёдим.
Ахир сенга ёзмакда нома,
Тақдирига алданган одам.
Муҳаббатдан топмаган вафо,
Танҳо унга вафодор қалам.
О, азизам, соғиндим жуда,
Хотиралар қўлидан тутиб…
Биларманки, бўлар беҳуда,
Юрак ютиб ёзганим мактуб.
Шунча вақтлар кетибди биздан,
Бермай ҳисоб қарагин, гулим.
Қўймадингми унутиб чиндан,
Омонмисан, салом, севгилим…
Ахир, булар ёддаги битик,
У гапларни қўзғаш не даркор.
Энди гумон бўлишим тирик,
Ахир энди барчаси бекор.
Мен ўлсам-да ёдим сен билан,
Руҳим кезар сенга парвона.
Мен билурман арвоҳлар бир дам,
Тирикларга эмас бегона.
2002
ДАДАМГА
Олов ҳислар юзида балқир,
Яккаш ўзин самода кўрар.
Вужудида илоҳий соҳир,
Бир сўз излаб телба югурар.
Кўкда ҳилол суйлайди эртак,
Тунда ёлғиз тинглар берилиб.
Юлдузларга тутади этак,
Ҳисларига қўнар йўғрилиб.
Эзгу туғлар қўлида байроқ,
Мангу янграр ҳақгўй овози.
Алдоқ дунё қийнайди, бироқ,
Ҳеч тинмайди жаранглаб сози.
Қотиб қолган кўзларида чўғ,
Сирли ажин сомон йўлидай.
Дарё қалби ишқидан ўйиқ,
Бобомерос излар қўлида.
Қалам бўлиб танҳо ҳамрози,
Илҳом учар мўжаз афсунгар.
Хонтахтада оппоқ қоғози,
Унга қараб йиғлайди тунлар.
Юрагидан бўзлайди ёниб,
У ўзгадир, у ўзга олам.
Кун ўтказар тунлар тўлғониб.
У ўзгадир бу даҳри-дунда,
Ўзгаларнинг дарди ҳам унда…
2000
ЯНА ҚАЙТДИМ, ОНА САМАРҚАНД
Яна қайтдим, она Самарқанд,
Шеърларимдан гулдаста ясаб.
Сенга бўлган муҳаббатимни
Юрагимда авайлаб-асраб.
Мана, ўғлинг – эрка фарзандинг,
Қайлардадир роса дайдиган.
Йироқларда топмайин бахтин,
Шеър-ла қайтган кечиб баридан.
Мен борурман қаршилар сокин,
Чўпон Ота елкасин тутиб.
Соғинчимнинг сира йўқ чеки,
Булутларни ётгуси қучиб.
Афросиёб – асрори олам,
Кенгликларга ястанган сарҳад.
Сўғдиёна бағрида алам,
Сўғдийлардан сўйлайди абад.
Шоҳи Зинда – муқаддас мозор,
Пайғамбарлар фарёди шунда.
Қозизода юради бедор,
Сайёҳ руҳлар кезади тунда.
О, Самарқанд – дунё чечаги,
Не зотларни сийлаган жаҳон.
Кечмишларнинг олтин эртагин
Ҳали-ҳануз сўйлар Регистон…
Боғи беҳишт ўзингсан, ахир,
Бағрингга ол мени, гулмакон.
Сенга гўзал шеърларим бордир,
Сенга бордир аталган бир жон…
2001
ЮРАГИМНИ ЛАНГ ОЧИБ…
Юрагимни ланг очиб қўйдим.
Кутдим. Қарадим.
Ҳатламадинг бир қур…
Сени кутган эдим минг йиллар қадим.
Шамол.
Чақиришга баҳона тополмайди.
Қушлар киролмас, албат.
Бил, бу дарвозани ҳеч ким ёполмайди.
Юрак очиқ қолди кутиб абадул-абад…
2003
ЛАБЛАРИМНИ ЮРАМАН ТИШЛАБ…
Лабларимни юраман тишлаб,
Лабларимда қоннинг таъмаси.
Яна қайга кетмакда бошлаб,
Ҳасрат тўла ишқнинг нағмаси.
Шамоллардан рашк қилган лабим,
Япроқлардан олади хирож.
Ҳали кўпдир ҳаққим, талабим
Лабларингда… Аммо, наилож…
Дил хирож…
2003
ЁЛҒОНЛАРДАН ЯРАЛГАН ДУНЁ…
Ёлғонлардан яралган дунё,
Қилиб қўймас сени ёлғончи.
Кўрганмисан, айтгин, дилрабо,
Ёлғон сўзга мендек тиланчи.
Севдим дейиш қанчалар оғир,
Кўзларингдан ўқийман буни.
Ишқ сўзидан юрагим оғриб
Ечилади юрак тугуни…
2003
УМИДИМ БОР…
Умидим бор дунёдан ҳали,
Айтилмаган сўзларим бисёр.
Жилғалардан илҳом тергали
Бир кун келар келмаган баҳор.
Гуллар бериб овсар дунёга,
Қўймас ахир бизни унутиб.
Мактуб ўқиб елган сабога
Яшаш керак баҳорни кутиб…
2003
ОЛИБ ҚОЧМА
Олиб қочма мендан ўзингни,
Ҳатто, мендек навомас булбул.
Дилда ушлаб ёнган сўзингни,
Мумкин эмас жим турмоқ буткул.
Шеърга буркаб чирой гулларни,
Яшайвериб ҳаётга чанқоқ.
Сенга ташлаб ойдин тунларни,
Мумкин эмас дунёдан кетмоқ.
2003
ОРЗУЛАРИМ БОР ЭДИ
Орзуларим бор эди менинг,
Орзуларим эди осмондай.
Йиллар секин ўтгани сайин
Мен қуладим чексиз осмондан.
Қисматимга аччиқма-аччиқ,
Юравердим шимариб енгим.
Мен ўзимни алдадим қаттиқ,
Деган эдим: севгини енгдим.
Бугун билсам ўн тўрт ёшимда,
Бўлган экан юрагим зада…
Бахтим менинг – журнал бошида,
Бахтим менинг – орқа партада,
Ўтирибди маъюс, афтода…
2003
НИМАМГА ИШОНИБ СЎЗ АЙТАЙ
Нимамга ишониб сўз айтай сенга,
Нималар ҳақида ваъда этайин?
Бу дунё зормиди мендай Мажнунга,
Қайдан сенга келдим, қаён кетайин?..
Ҳисларим шамолда учиб кетди ё,
Севги сўзанаси ситилиб бўлди.
Юрагим япроққа кўчиб кетди ё,
Битта титроқ юрак титилиб бўлди.
Юрагим япроққа кўчиб кетди, ё…
2003
ШОИР
(Достон)
Кўзинг не бало қаро бўлуптур,
Ким жонға қаро бало бўлуптур.
Мирзобек
Кундай ёруғтундай қаро
Экан кўзларинг.
Усмон Носир
МУҚАДДИМА
Озод туйғуларга урилган ғуллар,
Хиёнатлар аро ишқнинг бозори.
Қанча санамлардан қўйилган гуллар,
Қаршингда турибди шоир мозори.
Билмам, “ал-қасос ул…”,ки, “мин-ал– Ҳақ”ми,
Умрим чақилдими йилдирим мисол.
Ватан деб йиқилган қурбонлар ҳаққи
Менга мерос қолди Сўз билан Висол!
Менга мерос қолди темир чўгидек,
Бевақт хазон бўлган шоир қалами.
Бўғзимга қадалди Темур туғидек,
Ҳофизнинг руҳи-ю Навоий ғами.
Илҳом тулпорларин тўзғийди ёли,
Нигоҳим санчилиб чексам магар – оҳ!..
Не тонг, қайтиб келди шоир тимсоли,
Бугун йўлларимда дуч келди арвоҳ.
Ҳар лаҳзада яшар ажал шарпаси,
Қаршингда турибман балки, сўнг бора.
Бир достон куйлайди қушларнинг саси…
Сенга айтиб берай энди Ҳуснора!
1
Туркуларга кўчган бўри овози,
Туркийларнинг азал эви ғор эди.
Турон заминида янграган сози,
Туркистонда битта шоир бор эди.
Хаёлида мозий қуршовин ёриб,
Бағридан ўтарди мозий ҳарблари.
Яшарди дунёсин кўз ёшга қориб,
Отлар дупурида юрак зарблари.
Яшарди нур кесган мезонлар ила,
Томирда тизгинсиз туйғулар жанги.
Вайрона шаҳардек ишқ тамомила,
Қақраган чечакдек қаҳрабо ранги.
Фироқ нинасида бармоғи чўчиб,
Қизлар сийратига тўқирди кашта.
Юраги ўйнарди япроққа кўчиб,
Шамоллар қўйнида кезиб саргашта.
Орзу оғушида қўшиқлар айтиб,
Ломакон бош урган эшиклари берк.
Яна қайларгадир кетарди дайдиб,
Босган қадамига ярашарди Эрк!
2
Саргардон бўлганим фано даштида,
Даштимнинг ёғдуси, ҳам соям эди.
Майлар сипқорардим унинг гаштида,
Юрагимга қўшни, ҳамсоям эди.
Булутлар кўксини қилар эди чок,
Беғубор ҳислари кўмарди сирга.
Дераза синдириб тепарди копток,
Тошли кўчаларда улғайдик бирга.
Ҳуштак чалар эди қўли учида,
Қирларни тўлдириб учган сор эди.
Тетапоя бўлган ёшлик қўнжида,
Фақат у бор эди, Тангри ёр эди.
Мактабнинг томига отар эди тош,
Ёниб турган олов эди, ёш эди.
На йиғи, на ғавғо айтар кўзи қош,
Бироз тўпори-у сал бебош эди.
Қолди ўксик бағрин битта най тилиб,
Ёдгор янгаларга ҳурнаво лапар.
Қолди сой бўйида шеърлар айтилиб,
Дўстимдан ёдгорлик қолди Олапар!
3
Осмонга беллашиб ғурури ўтган,
Шарафли пойтахтнинг чинорларига.
Хавотирда яғир елкасин тутган,
Нураётган қадим минорларига.
Кезган Афросиёб харобаларин,
Тупроққа тўлатиб киссаларини.
Судраб тарихнинг чўнг аробаларин,
Тинглаган ровийлар қиссаларини.
Эртаклар эшитган Бибихонимдан,
Феруза гумбазлар бошда паноҳи.
Шоҳи Зинда узра кўклаган чимдан,
Ҳануз, таралади шивирлаб оҳи.
Бошига ярашган подшолар тожи,
Сопол кўзаларга сўйлаган баёт.
Даҳри-дун илкига берган хирожи –
Ёшлик – Гўр Амирга кўмилган ҳаёт!
Шердор самурлари каби қуёшли,
Ялангтўш Баҳодир мисоли туғли.
Мийиғида кулгу, қароғи ёшлик,
Шоир эди қадим Самарқанд ўғли!
4
Нақадар фараҳбахш тунги Самарқанд,
Бир ҳовуч ватандир кўкнинг қаъридан!
Жоним, тополмайсан таърифин, ҳарчанд,
Ғазалларнинг гўзал ташбеҳларидан.
Мусиқа оқади йироқ-йироқдан,
Қорайган ҳайкаллар хаёлга чўмган.
Карвонлар келади Чўли Ироқдан,
Ойнинг ёғдулари шаҳарни кўмган.
“Булвар”чироқлари ёнар қайтадан,
Сочингни тортқилаб шаббода елар.
О, севгилим, эркам, кумуштан бадан,
Бошингдан юлдузлар нурларин элар.
Намхуш ҳаволардан симиргин тўйиб,
Кўзингга термулган кўзимга қара.
Ки, ўтмиш заҳмидан аламлар туйиб,
Сирқираб турибди кўксимда яра.
Тириклик ийдини етти йил кутдим,
Тилсиз тошлар ора бўлдим сабртош.
Мозорни тимдалаб қанча қон ютдим,
Қаршингда жим боқар синиқ қабртош.
5
Мозорда бойқушлар ўзларича хон,
Оқшом қўноғида мизғийди қумри.
Турналар мисоли сарсон-саргардон,
Дарбадар кечарми шоирнинг умри?
Эгилган бошига қўллари таянч,
Қалбида яшайди гўдак исмати.
Ҳаёти таланган, тақдири аянч,
Нечун бахтсиз кечар шоир қисмати?!
Йўлларига муштоқ йиғлар волида,
Йўлларида тузоқ, йўлларида дом.
У нотавон, абгор, юпун ҳолида,
Мағрур туриб элин улуғлар мудом.
Инграган ноладек тўкилади бўз,
Қизлар тирноғида чертилган торга
Юраги ўхшар, лек, муҳаббати сўз,
Ҳайиқмай бошини тикади дорга!
Шоир дарди нолон кўнгилларга бек,
Ва ишқ сабҳасидан кўтаради жом.
Дўстим қачонлардир ёниб ёзгандек,
Кўкдек улуғ, фақат, шоир деган ном!
6
Ки, шоир ватанни елкалаган эр,
Кўксида ватанга отилган ўқлар.
Ки, мендан жон сўра, сўрамагин шеър,
Тушу ҳушларимни арвоҳлар йўқлар!
Биларман, тун каби кўзларинг қора,
Бошимдан тўкилар кўзларинг сеҳри.
Биларман, бетакрор сен ҳусн ора,
Пойингга тўшалган гулларнинг меҳри.
Фақат сен томонга бошлайди роҳлар,
Ошиқлар фарёди остонанг куйи.
Ҳуснингга термулиб яшар илоҳлар,
Сендан таралади жаннатнинг бўйи.
Шафаққа термулма, тушиб бўлди кеч,
Шафақнинг тиғида сачраган қоним.
Қўлимдан тутмагин, арзимайсан ҳеч,
Агар, куйлаб ўтгум шоирдай жоним!
Шоир мозорига эггин бошингни,
Инсон-ки ўзидан бўлмасин жудо.
Севгилим, майлига тўккин ёшингни,
Ишқ ичра яшагин, қўлласин Худо!..
БИРИНЧИ КУН
1
Хайр, қишлоқ, алвидо, боғлар,
Мен сизларни ташлаб кетяпман.
Тарғил сигир, қўшша бузоқлар,
Кўнглингизни ғашлаб кетяпман.
Хайр, қишлоқ, алвидо, боғлар,
Қизғалдоқлар терилмай қолди,
Қанча қизлар кетди йироқлаб,
Қанча хатлар берилмай қолди.
Хайр, қишлоқ, алвидо, боғлар,
Юлдуз тўла осмонлар, хайр.
Кетаяпман! Кўксимда доғлар.
Ёшликдаги армонлар, хайр.
Хайр, қишлоқ, алвидо, боғлар,
Хайр сизга, оқ капалаклар.
Хайр сизга, қудратли тоғлар,
Хайр гуллар – содиқ малаклар…
Фалакларга бўзлари етди,
Хайр деди, бош олиб кетди.
Кетди…
Ортда қолди қудратли тоғлар.
***
Шафақнинг кўксига йўллар санчилди.
Ортда қолди қийғос гуллаган боғлар.
Кетди. Дайдибадар умри янчилди.
Армонли севгисин олиб дилида,
Бутун ҳаётини этганча фидо,
Майса шивирида, қушлар тилида,
Она қишлоғига у айтди видо!
Шоир кетганди. Қўл силкиб барига,
Уни қизиқтирар на шуҳрат, на бахт.
Серишва аёлдек тортди қаърига,
Ёғдули кўчалар, сержило пойтахт.
Ўтмиш ҳаётидан дафтар ёпилди,
Қафасни тирнаган қуш мисоли жон.
Шаҳарнинг қўнжидан бир кун топилди,
Яшашга беминнат мўжаз бир макон…
Аламлар, армонлар ўтибди қанча,
На йиғлар, на кулар юрак бағри хун.
Содиқ дўсти билан етаклашганча
Тўртинчи қаватга чиқади ҳар кун.
Ижроқўм раиси бермаган уй-жой,
Раисларга-ку ҳеч босмади у ён.
Ижара ҳақини тўлаб ойма-ой,
Шу уйда яшарди анчадан буён.
Яшашга куч топган, топилган журъат,
Осилган қандилга боғламади дор.
Деворига осди турли хил сурат,
Жавонга китоблар терилди қатор.
Теграсида қизлар, сархуш аёллар,
Шаробга шўнғиди – базмлар ҳадсиз.
Ташвишли дунёдан йироқ хаёллар,
У яшай бошлади шундай мақсадсиз.
Ён қўшни чиқади сўраб гоҳида,
Кунлар ўзгаради, ўзгарар сана.
Ҳар оқшом бир тўп чинор шохида,
Майналар шовқини қилар тантана.
Дераза ортига секин оғди кун,
Тамаки тутатиб балконга борди.
Картошка арчиди емаги учун,
Бармоғини пичоқ тилиб юборди.
Силқиллаб томарди оқаётган қон,
Латта боғласа ҳам тўхтамас сира…
Қоннинг ҳарорати бағишлайди шон!
Пичоққа термулди. Босди хотира.
Бир ишқнинг қўнжида яшаган ҳориб…
Шу пичоқни тишлаб чўккан эди тиз,
Хиёнат қилмадим дея ёлбориб,
Юрагига пичоқ тираганди қиз!
Ўзин оқламакка қанча уринган,
Эзиб юборганди ҳўнграган йиғи.
Ўлим шарпасида совуқ кўринган,
Қадрдон дўстига пичоқнинг тиғи.
Хаёлларга толди; чўкиб қолди шом,
Овқат тайёрлади тўхтатиб қонни.
Ва столига бориб этдирди давом,
У “Сенинг кўзларинг”деган достонни –
“Хўрлаганда
Хўрланган дунё,
Кимлар мендан кулмади, Нилу.
Қора қисматнинг
Қора қўнжида
Қанча пари,
Қанча ҳурлиқо
Сочларини юлмади, Нилу…
Йўлларида
Сарғайди-ку юзлаб дафтарим.
Токчаларда,
Қўлларида шеърлар бўғилди.
Кунлар ўтди.
Ўтмишдир бари.
Мен қайтадан туғилдим.
Булутларни бармоқларимда,
Тирноқларимда
Тўзғитдим, сочдим.
Ишқнинг қўҳна вароқларидан
Толеъ калитин топдим-да
Кўзларимни очдим.
Қаршингдаман.
Қайта туғилдим.
Нур пуркади Мажнунлар йўли,
Киприкларинг кўкракни тилди.
Мен ошиқман!
Тушунгин, Нилу…
Мен ошиқман!
Лўливаш қиз, қабоғи қия,
Кўзларингда нимадир кўрдим.
Иккиланмай:
“ Ла илаҳа иллаллоҳ” – дея
Сен томон юрдим.
Йиғиштирдим анжир япроғин,
Одам Ато ёпинган майли.
Улоқтирдим…
Улоқтирдим Мусо таёғин,
Черкас қизлар топинган сайин.
Ҳайдамадинг,
Кетмадим йироқ,
Ўртамизда юлдузлар сайли,
Товонингга сажда туфайли
Ясаб бердим
Ой гардишидан арғимчоқ.
Ўрандимда ишқнинг тўнига,
Ҳамдлар айтиб яна Тангрига –
Ўн олтинчи жавзо кунида
Олиб келдим ёноғингга
Шафақ рангини.
Ибром қайдан Иброҳим бўлди,
Наҳот, сингил завжаси Сора.
Қаҳ-қаҳ отиб баридан кулдим,
Яқинлашдим…
Яқинлашдим сенга тобора.
Пайдо бўлдим кутилмаганда,
Шайдо бўлдим кутилмаганда.
Кутилгандек ўлдим, тирилдим,
Ишқ дарси ҳеч ўтилмаганда
Пайдо бўлдим.
Севдим дедим…
Титроқ кезди елкангда.
Ранглар ўсди елкангдан.
Излаганим сен эдинг,
Истаганим шу.
Кечир,
Сен кутгандай оппоқ елканда,
Шаҳзодадай келмадим, Нилу…”
Қолганини ёзолмади у,
Ки, яшашга йўқдир илинжи.
О, муҳаббат – топталган туйғу,
Қандай ёзсин дилда йўқ тинчи.
Севги – олов, нафрати совуқ,
Сатрларда йўқдир диёнат.
Гўзал сўзлар ўрнига ёвуқ
Босиб келар эди хиёнат!
Алам билан турди ўрнидан,
Қаламини юборди отиб.
Чекди. Ҳасрат тутар бурнидан,
У ўзини борар йўқотиб.
Хам ққилганча бошини,
Деразанинг рахига қўйиб
Пиқ-пиқ йиғлаб тўкди ёшини.
Деди куйиб… сўзлари куйиб –
Юрак сенга тўймади, эй, ёр,
Диёрингга чоғланиб куйди,
Дийдорингга доғланиб куйди,
Устихонга боғланиб куйди,
Айрилиққа армон ҳаваскор,
Орзум рўё ё сароб туйди,
Оқ қоғозлар изтироб туйди,
Ғамларимни май шароб туйди,
Ишқ дарсида ибтидо нисор,
Ҳам подшо-ю, ҳам гадо суйди,
Вой, алам-о, вовайло, суйди,
Юсуфим деб Зулайҳо суйди,
Бахтиқаро қандай бахтиёр,
Манглайига омадин қўйди,
Бардошларим саботин қўйди,
Гулбаданлар қоматин қўйди,
Ҳолим билмай беҳол, бемадор,
Жиғга тегиб саболар ўтди,
Миннат тўла ҳаволар ўтди,
Тўрт томондан дунёлар ўтди,
Ютганимда ютумлаб озор,
Тилдошларим тилимдан тутди,
Дилдошларим дилимдан тутди,
Чирмовуқлар қўлимдан тутди,
Сен тутмадинг.
Қадамимга қараб интизор,
Келарми деб бир онам кутди,
Керагимда минг одам кутди,
Мени севиб бор алам кутди,
Халқим деган халқумлари ғор,
Оғаларим инимни отди,
Чин беқасам тўнимни отди,
Сенга қолган кунимни отди,
Сув қасдида қақраган дудоқ
Қумга етди, тупроққа етди,
Тирик гавдам сиртмоққа етди,
Юраккинам томоққа етди,
Фаслларга бекордан бекор,
Баҳорлару қишларим қўнди,
Тўшагингга тушларим қўнди,
Гўшангага қушларим қўнди,
Аё, дилдор мендан хабардор,
Дардлиларнинг дардлари инди,
Кипригимга гардлари инди,
Анжирларнинг барглари инди,
Қайлардадир ётдим бемозор,
Болдиримдан чамбарлар унди,
Сафар этсам сафарлар унди,
Сўқмоғимдан сафсарлар унди,
Лаҳзаларга ҳаётим шикор,
Парчаланиб ғулларим ёнди,
Ёнди, ўнгу сўлларим ёнди,
Қучоғимда гулларим ёнди,
Бағрим қондир, бағрим лолазор,
Лолаларни чақмоқлар кўрди,
Донишлару ахмоқлар кўрди,
Узишга не бармоқлар кўрди,
Тошкўчамда кечалар бедор
Оймомога ошналар юрди,
Узун-узун пошналар юрди,
Муҳаббатга ташналар юрди,
Сен юрмадинг.
Биёбонда топиб чаманзор,
Капалаклар бўсалар терди,
Бўсаларни тонг-саҳар терди,
Сийратимни ғуссалар терди,
Чаккам аро бермасидан қор,
Жон-жонимга жафолар берди,
Замонидан нидолар берди,
Қаландарлар ридолар берди,
Сенинг учун ҳар нега тайёр,
Дарёдайин шитоблар бўлди,
Олам бузар хитоблар бўлди,
Ёстиғимда китоблар бўлди,
Ғариблигим қилиб масхара,
Душман кулди, оломон кулди,
Замин кулди, кенг осмон кулди,
Мойчечаклар безабон кулди,
Қора қисмат доғули, ғаддор,
Сенга айтар сўзимни юлди,
Оллоҳ берган рўзимни юлди,
Тирноқларим ўзимни юлди,
Ошиқларга икки дунё тор,
Ҳижрон йиққан шу дамлар билди.
Ошиқлигим санамлар билди,
Каломимни қаламлар билди,
Ишқдан эгик бўйнимга маккор
Маликалар тожларин илди,
Роҳибалар хочларин илди,
Илон каби сочларин илди,
Ечилди-ку тослардан зуннор,
Бекафанлар оқ кафан олди,
Туғларини туркий тан олди,
Эрк асосин шу ватан олди,
Асрларга узайтириб дор,
Чархидаврон кимларни босди,
Тиллолари жимларни босди,
Кимлар менга чимларни босди,
Худобезор шоирдан безор,
Шоирлари шоирсан деди,
Афсунгарлар соҳирсан деди,
Зуҳролари Тоҳирсан деди,
Ровийми ё афсонагузар
Вомуқлардан асотир айтди,
Барчасини бирма-бир айтди,
Сен ҳақда роз айтди, сир айтди,
Лойсувоққа устами, ганчкор,
Қанот қоқиб қалдирғоч қайтди,
Оппоқ тўшу қорасоч қайтди,
Уйғонишга ҳар оғоч қайтди,
Чўққиларни қучгандай сор,
Чўққилардай соғинчлар қучди,
Ёлворишлар, ўтинчлар қучди,
Борлиғимни илинжлар қучди,
Йирқираган йилдирим хунхор,
Чизгиларни кафтимдан ичди,
Шаҳдларини шаҳдимдан ичди,
Чўғлар мени тафтимдан ичди,
Жанублардан қайтганда баҳор,
Қоқигуллар кун бўлиб боқди,
Шафақларда кун тўлиб боқди,
Қизғалдоқлар сен бўлиб боқди,
Куйиб-куйиб куйланди ёр-ёр,
Сандиқларда ҳолвалар оқди,
Ариқларда олмалар оқди,
Тўлқинларда бесамар оқдим,
Оллоҳ номин бириси Қаҳҳор,
Яхшиларни ёмонлар чақди,
Товонимдан чаёнлар чақди,
Номимни бой аъёнлар чақди,
Исминг оқди қонда беқарор,
Томиримда дайдиблар чиқди,
Қўшиқ қилиб айтиблар чиқди,
Ботган қуёш қайтиблар чиқди,
Билмам эди нима мусиқор,
Пешонамга кўп излар тушди,
Чўлпон билан Кундузлар тушди,
Супасидан юлдузлар тушди,
Фалакларим тоза, беғубор,
Малаклару ҳурларин тўкди,
Ҳовучимга нурларин тўкди,
Шода-шода дурларин тўкди,
Хазонлардай янчилдим абгор,
Бошимга хўб савдолар келди,
Ишқсизлардан ғавғолар келди,
Азроилдан даъволар келди,
Сен келмадинг, аё, Нилуфар!!!
Алам билан деди-ю Шоир,
Асир бўлиб ғамгин туйғуга,
Яна деди: Тушларимга кир,
Мен кетайин мангу уйқуга.
Шоир билмас. Қандай бу баёт?
Маъшуқ гулми? Юракми гулдон?
Ахир, гўзал ёқилган ҳаёт!
Остадондир! Юракдир кулдон!
Сўрармиди ишқдан ал-омон?!
Тамакиси қолди жойида.
Ҳорғин юрди ётоғи томон,
Кетётгандек ўлим пойига.
ИККИНЧИ КУН
Кўзларини очди, қайтди дунёга,
Шоир жим сирғалиб чиқди тушлардан.
Ўтмиши айланган, энди, рўёга,
Ҳаётин сўради тонгги қушлардан.
Қақраган саҳрода чақирли йўли,
Охири тупроқдир. Барчаси аён.
Шудгор этилмакда инсоннинг кўнгли.
Шошиб кетмакдадир одамлар қаён?…
Ношукур яшаган – ақлли нодон!
Уйнинг синчларини соғинди у бот.
Ўзбекистон каби гўзал хонадон,
Бир аёл қўлида этилган барбод!
Шоир қайта-қайта тирилар тонгда,
Ўлим зикри бўлар лабида, ҳаргиз.
Аччиқ соғинчлари уйғонар онгда.
Омонми синглиси – касалванд у қиз?
Кимлардир яшади ҳасадин қўймай,
Шоир девор оша чертганда торни.
Қўшниси бор эди тупроққа тўймай,
Белкуракда доим қирган деворни…
Туриб шароб ичди. Бўлди-ю сархуш,
Шамоллар шивирин қўшиб оҳига,
Кенг дунёда бўлиб чирқираган қуш,
Борди ёзғувчилар қароргоҳига.
Илк бора қаршилар уни бу даргоҳ,
Зиналарда оқар турфа қадамлар.
Ширинсухан қизлар – парирўй ё моҳ,
Ахир, ёлғон чиқди қоғозда ғамлар.
Умрини тиккандир шеърнинг йўлида,
Меҳри бордир, ҳатто, хашак-хасларга.
Кимдир ўхшар эди “Роҳат” кўлида,
Шоирни дўппослаб кетган касларга.
Шоир қалби ҳамон турарди уриб.
Кимлар эса уни туширган хатга.
Шоирнинг ялангтўш кўксидан суриб,
Деди сиз киргансиз қора рўйхатга.
Ким чапакларда… Ким улуғ жангдадир.
Сўзларнинг таъмини билмас қозилар.
Дунё, фақат, оқ ва қора рангдадир,
Рўйхатларнинг бари қора ёзилар.
Сирқирар яралар. Аламлар жамдир.
Ёзиб берган қанча қизнинг онаси.
Жиғибийрон дилга бу ҳали камдир,
Асли, дунё – катта тергов хонаси!
Қай бир оғизларда тарқалган миш-миш.
Ёвузлар пинжида яшар лаинлар.
Синмас ҳақиқатдир – тўкилса-да тиш –
Фақат, қўрқоқлардан чиқар хоинлар!
Кимдир шеър ўқирди эҳтирос ора,
Қизидан кичкина қизга термулиб.
Шоирнинг юраги бўларди пора!
Деди бўғриққанча аламга тўлиб:
Жаноб, қўй, жаврама, ўқимагин шеър!
Руҳимни чорлайди самоват қати.
Шеърлар эмас, мени айлайди сеҳр,
Столингда турган қизлар рўйхати.
Бунда ўзингизча барингиз даҳо.
Китобларинг қайда қопланган том-том.
Қоғоз қучоқлайсиз, мен-чи беибо,
Шамол қучоғида оламан ором.
Тегранггизда гир-гир Тошкент елади,
Сизга май тутади олифта шаҳар.
Менинг эса, мени ўлгим келади,
Қизлар ҳовучидан симириб заҳар.
Тоғларга меҳрим бор, меҳрим бор чўлга,
Ҳозирча қаршингда турибман кулиб.
Бир кун шамол билан қўллардан қўлга,
Тарқалиб кетаман фақат Сўз бўлиб!..
Шоир бундан ортиқ нима ҳам десин,
Қариндош эмас-ку, ахир, ҳамма қиз.
Ҳирснинг илинжида макрлар неси?!
Шоир гўзалликка чўкиб ўтсин тиз!..
Оқиб ўтди дилдан кибор, мағрур шаън,
Ғамгин кўзларига кўзлар экилди.
Эҳтиросдан ёниб, ёниб ҳайратдан,
Тирик шоир дея қизлар тикилди.
Наҳотки, гўзаллик шоирни ейди?
Лабларида артса кўзларнинг гардин,
Муҳаббат ўтида ёнмаклик дейди,
Сира тушунмайди Шоирнинг дардин.
Кимдир деди секин чорлаб ўзига,
Бир қизнинг акаси келганди сўраб,
Тарсаки урибсан қизнинг юзига.
Сен катта кўчада бўлибсан-ку гап.
Одамларга қара. Яшашни ўрган.
Сен-ку бекор ёниб тутаётган кул.
Одамларга қара – давронин сурган…
Шеърларинг бир пулдир. Ўзинг ҳам бир пул.
Бизни сотқин дебсан ҳамда ялоқхўр,
Билгил, яна айтсанг тирик қўймаймиз.
Шеърни йиғиштириб бирор бир иш кўр,
Барибир номингдан қолдирмаймиз из.
Шеър ёзиларми ном ё шуҳрат учун?
О, гумроҳ бандалар – кўзлари басир.
Бешикда айтилган аллалар нечун?
Зарадустра нега бўлганди асир?
Ор ўтарди ёриб асов кўнглидан,
Аларнинг кўзига тикилди кўзи.
Одамлар тарқалди ўнгу сўлидан,
Шоир шивирлади ўзига ўзи:
О, мен ким эдиму, менинг ҳақимда,
Бировлар у деди-ю, бировлар бу.
Ҳа. Не деса десин ҳануз чақинман,
Мен ҳануз ўшаман, мен-ку ҳануз шу.
Мен ҳам осий банда. Алардай гумроҳ,
Елкамни илоҳлар силаган, ишон.
Эҳ, шу ёлғиз осмон, ягона Оллоҳ,
Ғамгусор онадан тилаган, ишон.
***
Дўст бўлдим кимларга, кимга ёв бўлдим,
Қайдаги каслар-ла талашдим мен ор.
Баъзида йиғладим, баъзида кулдим,
Аввал ҳам бор эдим ва ҳозир ҳам бор.
Тошларга топинган тошдай бошимга,
Ватан кўчалари беминнат макон.
Юпанч-юпатишлар тегар ғашимга,
Мен ўзим-ўзимдан қонлар ичдим, қон!
Бу қисматдан қочиб қайга ҳам бордим,
Манглайим шундайдир, манглайим шўрдир.
Мен қайсар қалбимни тошларга ёрдим.
Тошлар ҳам алардай соқовдир, кўрдир.
Майлига, измида олам жамулжам,
Дунёни сўришсин… Эгмайман бўйин.
Ўзимга-ку умр сўрамайман ҳам,
Яшасин. Яшаш бу ҳаммабоп ўйин…
Вақт – энг ваҳший жаллод! Ботиб қолди кун.
Ёлғиз ой тинглайди. Кўкнинг бекаси
Бир бой хоним, гўё, дунё эгаси,
Амалдордек сочди юлдузларни тун.
Қайдан тушунарди қул бўлган одам?
Юлдузлардан баланд учарди туйғу,
Туннинг оғушида ташлади қадам,
Юлдузларга қараб шивирлади у:
– Тўкилинглар, бўлди, юлдузлар,
Етар шунча осилиб турмоқ.
Етар, шунча қалбаки сўзлар.
Етар! Алдов. Яшамоқ. Кўрмоқ.
Мен яшашдан куйиблар кетдим.
Сизлар ёниб куймадингизми?
Борим тупроқ. Тўйиблар кетдим.
Кўкни менга қўймадингизми?
Тўкилинглар, бўлди, юлдузлар!
Бу Туркистон! Шохларга қўнинг.
Кўксим тўла йиғилар, бўзлар.
Сиз ердаги қисматга кўнинг.
Кўникмадим – ёлғон нафасга.
Кўникмадим – шаҳар, қишлоққа.
Ўлмоқчиман пичирлаб аста –
Кўчиргандек шеърларни оққа.
Кўчиргандек шеърларни оққа,
Ўзингизни кўчиринг ерга.
Ярашасиз Гава – тупроққа –
Ҳў, туркийлар югурган қирга.
Бўғизландим. Кўп бор қон ютдим.
Ит тирноқлар чиқди йўлимдан.
Етар, шунча сизларни кутдим,
Қўнмадингиз бир бор қўлимга.
Тўкилинглар энди бемалол,
Ғурбатим йўқ, турбатим битган.
Юрагимни титмаган шамол,
Юрагимни товуқлар титган.
Тўкилинглар, бўлди, юлдузлар.
Чўқиб борар қарғалар тунни…
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.