Текст книги "МАНГУ АФСОНА"
Автор книги: Ҳусан Мақсуд
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 6 (всего у книги 9 страниц)
АФРОСИЁБ АФСОНАЛАРИДАГИ
ҲОҚОН ТАСВИРИ
Араблар бостириб ҳали келмаган,
Юнонлар босқини ҳали йироқдир.
Қуёшдек қўлида кўтарган лаган –
Ранглар жилоланар – қизилдир, оқдир.
Жилва қилар кўкнинг етти хил рангги,
Бу тасвир сиз билган элчилар эмас.
Йўқдир қўнғироқ турфа жарангги,
Қўлни теккизманг сиз суратларга, бас!..
Шоҳ улуғ чизилган, малайлар майда,
Деворларга кўчган сўғдийлар сири.
Рангин бўёқларга қарайман қайта,
Бунда кўринмайди аёл тасвири.
Қўлларга турфа хил мўйқалам тутиб,
Тинглаб бўлмас сокин мозий сасини.
Афсус, Леонардо минг йиллар ўтиб,
Дунёга кўрсатди Мадоннасини.
2013
ҚАРҒАЛАР
Шаҳарнинг ёшига беришди ҳужжат,
Одамларга паспорт берган каби ҳол.
Афросиёб бемор – дардлар қатма-қат,
Гувоҳлик берарми тўрт-бешта сопол.
Бағрида тўқилган мато ситилмас,
Кечиринг, олимлар – улуғ дарғалар.
Минг йил яшаса ҳам ўз ёшин билмас,
Унинг бошларига қўнган қарғалар.
2013
БЎЛИШИ МУМКИН
БЎЛГАН МАМОНТЛАРНИ ҚИРИШДИ
Динозаврлар қирилди,
Турон йўлбарслари тугаб битди, эҳтимол.
Усмон Азим шеър ёзди чумоли ҳақида.
Яна бир шоир бир чумоли иккинчи
чумолининг ўлигини кўтариб
бормакда деб ёзди.
Ҳали ёзса бўлади –
каналар, қуртлар, битлар ҳақида…
Енг шимариб шеър ёзишга тушиб кетмасак бўлгани
бир ҳужайрали жуда жирканч амёбалар
ҳақида.
Худо ҳақида ёзилган шеърлар ҳам кўп…
Барибир Одам куйланади.
2013
ЎЗИМНИ УНУТДИМ
Қайси гулшаннинг юзингдек бир гули раъноси бор,
Қайси гулнинг менингдек булбули шайдоси бор.
Ҳур бирла ул-жаннат маъвони кўнглим найласин,
Ёрнинг куйида юз минг жаннат ул маъвоси бор.
Султон Саидхон (1486-1533)
Борардим тўзиб,
Ибодатга чўкдим тиз.
Феруза,
Яна барчасини юбординг бузиб,
Худо билан менинг орамга тушган элчидай.
2013
ЗАРАФШОН. НАВБАҲОР.
УЗОҚДАГИ ҚИЗ
Юрак! Севдик дедик. Ғавғолар солдик,
Ёндик. Икковлашиб ишқни таладик.
Кўргил, харобага айланиб қолдик,
Дарё юваётган Дабусқалъадек.
О, жасадимизни кўзёшлар сўзсиз,
Сўнгсиз саҳроларга борар оқизиб.
Асли тупроқ бўлган ғурур ҳам тузсиз,
Шундай ўтиб кетдик ўзанлар чизиб.
Осмонга етмаймиз. Булут йироқда,
На манзил бор. Саҳро сароб тутади.
Энди у тоабад олис қирғоқда
Оёғин дарёга чайиб ўтади.
2013
АФРОСИЁБ ХАРОБАЛАРИДАГИ
ЭЛЧИЛАР ТАСВИРИ
Элчилар чиқишган йўлга.
Кузатувчилар манглайига
пешонабанд боғлашган.
Ўз уйида балки яланғоч
юрар элчилар.
Бироқ элчилар чиқишди йўлга.
Элчиларнинг бошида ўз юртида тикилган
учқур қалпоқ бор, азизим.
2013
ИПАК МАТОДАЙ
Нега шеър ўрнига
оддий сўз ёзаяпман
умримни совуриб?
Билмадим.
Бировга қадри борми?
Аҳамияти йўқ.
Мана Ноттердам собори,
Мана Авлиё Домисион тобути –
Олтинранг ипак мато қопланган.
Беш йил ўтар, ўн йил ўтар –
Тортмани очаман.
Ўзим учун эски шеърлримнинг қадри
қолмаган бўлар ўшанда, эҳтимол.
Лекин сўзлар қадрли бўлиб қолаверади,
олтинчи асрда Бухорода тўқилган мана
шу олтинранг ипак матодай.
2013
АФРОСИЁБ ХАРОБАЛАРИДА
АРК ОЛДИДА ЭРКАК ВА АЁЛ ТАСВИРИ
Бу Юсуф ва Зулайҳо, Тоҳир ва Зуҳро,
Лайли ва Мажнун, Одам Ато ва Момо Ҳавво,
Сен ва Мендир – бунинг фарқи йўқ.
Ўша замонларда ҳам муҳаббат
бизда шоҳоно бўлган,
шоҳона…
2013
КУЛГУЛИ ШЕЪР
Севилмаган юрак севгига зорми,
Силқиллаб турибди бағримда яра.
Тупроқ чизманг. Айтинг, сизда юз борми?
Севмайсиз. Сиз мени қилманг масхара.
Йиғлама. Бўлмасанг бунчалар пурғам,
Сочларинг аста силаб овутса бўлар.
Ўтга отиш мумкин қилиб туриб жам,
Рашкингни қўзғатган шеърларимни ҳам.
Йиғлама! Қалбимни овутаман гоҳ –
Дейман: ким овутар унга чўкиб тиз,
Шеърларимни ўқиб чекса магар оҳ,
Минг йилдан кейин ҳам йиғласа бир қиз.
Кечир. Умр бўйи чертиб ўтдим тор,
Йиғламагин, гарчи шодликлар оздир.
Кулгули шеър ёзиб – ёлғонлар қатор,
Яшолмайман қилиб масхаравозлик.
2013
О, СЕМИРАМАДА!
…Бақтра йирик шаҳар. У гўзал, эгаллаб бўлмас қалъа.
ДИОДОР деди
Барибир эгалланди.
Ки, бу юртнинг эркаклари
ҳануз аёллар фитнасининг олдида ожиз.
Ё, менинг гапим тўғрими, Ҳуснора?
2013
ОЗОДЛИК БЕРАРДИМ
Қора сатрларда болалик омон,
Хаёллар оғирдир, оғирдир ўйлар.
Қоғоздан ясалар варраклар ҳамон,
Ҳамон экинларга чопади қўйлар.
Қуёш чиқар эди нурларин сочиб,
Тонг каби мусаффо айланган қондир.
Озодлик берардим четанни очиб,
У эски чорпоя тахтиравондир.
Камонлар ясардим койитиб жонни,
Ажиб босқинлардан қирлар ҳоли танг.
Дердим: фатҳ этинг Тошкент томонни,
Буйруқдир Самарқанд подшолигидан!
Толнинг пўстлоқлари ёрлиғим эди,
Бош ҳарфда ёзардим қушлар исмини.
Жимирлаб оққан сой борлиғим эди,
Бердим ёшлигимнинг, шаксиз, ярими.
Имло хатоларни танидим бугун,
Разил кимсаларни кўриб бўлди кўз.
Бош ҳарфда ёзилмас билдим, инчунун,
Ўзбекистон каби қишлоқ деган сўз!
Мана бўлиб қолдим Тошкентга асир,
Ҳануз давомлидир ажиб ҳангома.
Бир қур боролмайман соғиниб, на сир,
Энг арзон қоғозга ёзаман нома.
2013
ҚОҚИЛГАН ҚОЗИҚДЕК
Қоқилган қозиқдек елкада турар,
Ва устига устак томиб турар ёш.
Эҳ, қандай гўзал дунёлар қурар,
Гар бирор нимага арзиса бу бош.
Қанча ҳикматларга тупроқ тўларди,
Яшаб кетар эди тупроқни суйиб.
Ўлса – чимлар эмас, кўмган бўларди
Яссавий девонин бошига қўйиб.
2013
АЖРИМ ЭТИБ ИШҚ ТАВОБИНИ
Ошиқ сочмас бор-е сўзин,
Ҳар не бордир, ки, абасдир.
Кўрсатди-ку, афсус юзин,
Асли менга Ҳажр басдир.
Битиб қўйди ҳар оҳимга,
Ажрим этиб ишқ тавобини.
Битта дўзах гуноҳимга
Мингта жаннат савобини.
2013
МИРЗО44
XIV асрда яшаган туркийзабон шоир
[Закрыть] ХОТИРАСИГА
Байт билмас мирзолар мирзо саналмас,
Хуросонга қаранг. Кўринг тарихни.
Ҳассос Шоҳибекни ҳатто тан олмас,
Йўнилган қаламдек санчса-да тиғни.
Буғдойзордан ўтмас она ноласи,
Ватан жудо бўлса ёвқур уллардан.
Шоир бўлмас ҳеч ҳам деҳқон боласи,
Билгил, шоир чиқмас асло қуллардан.
Бесўз яшаб ўтар фақат лоқайдлар,
Ароба тортишин сўраманг хардан.
Туркийларга хосдир шоҳона байтлар,
Ўлим ҳам меросдир, ки боболардан.
Қайтиб туғилмайди Амир Алишер,
Кетиб бораяпти шамоллар аро.
Қиличлар жарангги бўлолмайди шеър,
Ўғлига тўн ёпар ҳорғин Бойқаро.
2013
ҲАҚНИНГ ТАЛАБИ
Яшаяпман. Тезроқ айланар қоним,
Кўзёшим ўяди дилни сангчидай.
Умрим ҳаловатсиз. Ҳадикда жоним.
Ёвнинг ҳудудида қолган жангчидай
Яшаяпман ҳолсиз. Қиличим синган.
Қўлимга оғирлик қилади совут.
Дарёларни кечган бедовим тинган,
Магарким жон берсам ўзингни овут –
Уйимга қайтади ёвларни енгиб,
Ўғлим ўлмаган де, ўғлим тирик де.
Залворли камони тортиб борар ип,
Қуёшдан улкан де, кўкдан йирик де.
Кўкка етказади ҳақнинг талаби,
Ғолиблик шон эмас, тирикликдир шон.
Бемалол шеър ёзиб шоирлар каби,
Яшасам бўларди мен ҳам, онажон!
2013
ТУЗ ҲАҚИДА ЭНГ ҚАДИМГИ РИВОЯТ
Чуғурчуқ қушлардан ёдлар эди гап,
Ҳамда ёмғир ёғса кияр эди бўрк,
Ва гўшт пиширарди оловга тоблаб –
Шундай яшар эди Ёфас ўғли Турк!
Бир парча гўшт тушди қўлидан ерга,
Сўнг еб кўрди – ўзга мазаси бунинг.
Вужуди кўмилди илоҳий сирга,
Яна ерга ташлаб, еб кўрди уни.
Ўшанда ҳам тузлик эди шу ери,
Ўшанда ҳам боқиб турган манов ой.
Билмам, қанча замон – ўшандан бери,
Муқаддас саналар шу тупроқ, шу жой.
Кетар келин каби ширинлик тутма,
Илигинг тўқ бўлса, ширасиз ўлмас.
Иним, бу ҳовлидан юз буриб ўтма –
Туз тотган жойинга тупуриб бўлмас.
2013
НАҚАДАР ҒАРИБСАН
Чўк тушиб шафаққа қараб ёлборар,
Майсалар титрайди белгилаб ажр.
Ишқ сачраган. Заҳми улғайиб борар,
Ёлғондир! Ҳеч қачон йиқитмас ҳажр.
Куйиб бораяпти ўтга чўмилган,
Тупроқнинг остида ёқилган ўчоқ.
Қовурғам қатига не ишқ кўмилган,
Ярақлар мозорга санчилган пичоқ.
Шундай. Ортса ортар маним гуноҳим,
Инсон яралгандир, ки, тупроғи пок.
Тўзғиндир. Тўзғиндир фалакда оҳим,
Ки, “Лаллокалама халоқтил-афлок”.
Юрмакка мажол йўқ. Юклар илинган,
Қўнғироқлар саси ғам тевасидан.
Тангрим, тушунмасдан сира тилингга,
Ўтиб бораяпман ишқ шевасидан.
Майл шаҳридаким ул бефусун кун,
Чўк тушган. Бир бора тушдими кўзинг.
“Очғил кўзларингни, эй сўнгсиз очун,
Нақадар ғарибсан, борми бир сўзинг?!”55
Рауф Парфи сатри.
[Закрыть]
2013
ҚАЙ МАНЗИЛГА ЕТАР УЛ
Қалқиб борар уммонда,
Хаёл суриб толган ул.
Ёниб қирғоқ томонда,
Ҳажрмидир қолган ул.
Кўкка фарёд таратиб,
Кезар ишқнинг андуҳи.
Дединг ўзинг яратиб –
“Фи ҳафахти мин руҳи…”
Сен бутунсан, пора биз,
Юрак ютган қай тайр?
Бир нафаслик орамиз,
Саломмикан ё хайр.
Тирикликнинг не ғами,
Оқиб турган қонмидир.
Жонни узган кемами,
Қалқиб борар жонмидир.
Яшаш хосми, ки кейин,
Қай манзилга етар ул.
Сендан ортиб не дейин,
Висолга зор кетар ул.
2013
АЙТИНГ
Айтинг, сузган борми ишқ кемасида,
Ё туркий оҳангда битмаган ғазал?
Маъшуқнинг тили бор калимасида,
Кўзи очиқ қолар ошиқнинг азал.
Жоладир тоабад ҳаёт ёполмас,
Аёқдин судраган ғул-ки соч бўлар.
Васл кўшкида ҳам манзил тополмас,
Ки, ажал пичоғи яланғоч бўлар.
Имдод этдим бешак санчиб айлади –
“Дўш вақти саҳар аз ғусса нажотам…”
Ҳажр саҳросида мени сайлади,
Шамси хор малаклар тутдилар мотам.
Шафақни қонларим қучиб борадир,
Шероз санамлари чўкиб ўтар тиз,
Мусаллога руҳим учиб борадир,
Мен арузга тушсам, магарким, Ҳофиз!
2013
ТОШ ҚАЛЪА
1
Қайлардан олинмиш умрнинг божи,
Болалик қушлар-ла учиб кетилди.
Эл кўксин тўлдириб – улус гултожи,
Найзалар кўтариб йигит етилди.
Кун каби тўлишар унинг чиройи,
Жувонлар кўнглига ғулғула солар.
Балоғат сеҳрини этар хиргойи,
Шамоллар эгнидан бўсалар олар.
Бўй таратиб қушлар қилар хушомад,
Оқ қашқа тулпорин борса йилдириб.
Буғдойранг юзлигу ҳамда алпқомат,
Онтким, ўн саккизга кирди Йилдирим.
Ҳар кимки тортқилаб туширар сайдин,
Дўсту ёру қардош бўлишдилар жам.
Мўйловдор кабобпаз ҳеч олмади тин,
Денгиз қирғоғида бошланди байрам.
Қонида оқарди на хуш бир фараҳ,
Қай бутоқ илгида сайрар эди қуш.
Умрида илк бора кўтариб қадаҳ,
Иксирзода бўлди сармасту сархуш.
Билагидан секин ушлади бир қиз,
Деди: билармисан недир ғалаба.
Деди: денгиз томон қўл чўзиб, илкис,
Бобонг подшоҳ ўтган анов қалъада!
Қай манзилда учқур хаёли кезар,
Шундан бери юрар босган каби чўғ.
Ҳамда сол ясашга ёғочлар кесар,
Шундан бери унинг ҳаловати йўқ.
2
Ҳар ишки якунлик – поёнга етди,
Тақдир тузганини бўлмайди бузиб –
Елканни кўтариб шамол-ла кетди
Лангарни узди-ю денгиздан сузиб.
Бўронлар бошланди, булут қувишди
Осмоннинг кўксини қилганча пора.
Ки, уч кун деганда қирғоққа тушди,
Аранг етиб келди чақмоқлар ора.
От устида елар қандайдир бир қиз,
Унга яқинлашди, шамшири – не хун.
Сўнгра буйруқ берди чўккин дея тиз,
Менинг соҳилимга из босдинг нечун.
Йигит бош кўтариб мағрур қаради,
Йигит нигоҳига тўймас Зебилаъл.
Қизнинг сочларини шамол таради,
Бир қарашда қисмат этилганди ҳал.
Нетонгки, учратмиш қандай дилдорга,
Қамурға оловдир – пичирлайди лаб.
Ул қиз кетди қамчи босиб тулпорга,
Йилдиримнинг тушу ҳушин ўғирлаб.
Паришон юрди-ю тушди бозорга,
Жой олди растадан ўзига лойиқ.
Ким эшак минган, ким осилар дорга,
Оғзини ланг очиб қарар халойиқ.
Қиличвозлик бўлар, шошинг қалъага,
Енгилсанг ўлимдир, енгсанг агарчи –
Олтинга эгасан ҳамда далага,
Шундай дея бақирди бир куни жарчи.
3
Қалъа томон елиб кетди Йилдирим,
Тамаҳтан ботирлар ташлади қуръа.
Ким тўқсобо билан, сардор билан ким
Белгилаб қўйишди жадвалга кўра.
Сарбозлар майдонда ўйнатар қилич,
Дубулға кийишиб, совутлар тақиб.
Келгандек кажрафтор синовига дуч,
Йилдирим тушганди амирга рақиб.
Бирор ким чурқ этмас ичкин ноладан,
Охирлаб боради жанг тамомила.
Зебилаълнинг кўзи тўлган жоладан,
Йилдирим сўқишар отаси ила.
Ханжар тиғи амир кўксини тилди,
Товуши ҳирқирар – деган каби ҳақ.
Тупроқни чангаллаб амир йиқилди,
Бўғзидан узилди бемажол рамақ.
Султонни ўлдирган бўлади султон,
Чарх ғилдирагин ийдирмас ҳеч ким.
Кимга паҳлавонлик олиб келар шон,
Афсус, Зебилаълнинг кўз ёши лим-лим.
Йигитнинг бошига кийдиришди тож,
Ҳамда никоҳига кирди малика.
Ёшлиги тўларми чархи-дунга бож,
Ундан ўн саккиз ёш каттадир бека.
Ҳар қандай юракда муҳаббат омон,
Йигит аросатда кимгадир маҳтал.
Малика етаклар хобгоҳи томон,
Ҳасратларин кўмиб яшар Зебилаъл.
4
Кумуш бадан ўйнар чайир мушакда,
Куз шамолин ўпган қирқ ёшдаги тан.
Илк бора тўлғониб парқу тўшакда,
Етти кун яшади малика билан.
Сирли қолаверар бўса ҳар жойда,
Қизил гуллар бўлди тобутга безак.
Сўнгра гап тарқалди совуқ саройда,
Заҳар берган экан қай бир канизак.
Не бўлса-да, бошсиз қолмас тиллақош,
Қадалган ёқутлар ёнарди ял-ял.
Азалий удумдир – қотиб қолган тош –
Малика тожини кийди Зебилаъл.
Не бўлса-да бўлди, ўтди барчаси,
Тош қалъадан шамол ўтди ҳар ҳолда.
Қулоғи остида шивирлаб саси,
Зебилаъл яшарди – кўшки висолда.
Йилдирим қошида чўкар эди тиз,
Муҳаббат нимадир – кулади бахтдан.
Отасин мозорин оқизди денгиз,
Онасин унутиб қаради тахтдан.
Муҳаббат нимадир – кўзлари басир,
Олов оғушларда муҳаббат ёнар.
Бироқ эримайди бу тошли қаср,
Қуёшнинг тийғидан қалбин қизғонар.
Халқнинг омборида тугаган шоли,
Бир-бирига яқин келарди гаплар.
Айрилмас қўшилган ғунча мисоли,
То тонгдан шомгача қовушган лаблар.
5
Энг гўзал аёлдир унинг хотини,
Аёл қоматига боқар эди жим.
Унутиб борарди денгиз ортини,
Қалъа нафасини ичган Йилдирим.
Умр бахт устида суриб борар от,
На-да ташвиш бордир, на-да бирор ғам.
Оний масрурликка тўлгандир ҳаёт,
Шому саҳарларда рангго-ранг олам.
Баҳона топилар ҳар қандай хасдан,
Турфа хил тўлқинлар севги раъйида.
Минг важда кирарди эшик қоқмасдан,
Зебилаъл синглиси шаддод Саида.
Аслида, шубҳалар елдаги сомон,
Муҳаббат кўшкига келиб бўлмас тенг.
Қайсидир навкарга қаради ёмон,
Жаллодга буюрди – бошини кесинг.
Виқорли Йилдирим тожи бошида,
Берилди ишрату майхўрликка сўнг.
Булутлар кесилиб қалам қошидан,
Бегуноҳ Зебилаъл йиғлади ҳўнг-ҳўнг.
Тангри кўрганмидир шунга муносиб,
Наҳотки, муҳаббат берилар ёвга.
Зебилаъл кетарди камонлар осиб,
Тулпорин етаклаб чиқарди овга.
Шамшири яланғоч рашк каби ғаддор,
Сочлари шамолда ўтказарди жанг.
Совути кўкракка келар эди тор,
Юрагида севиги – суқилган хаданг.
6
Ширин хаёлларда Саида яшар,
Туйғулар жилови содда ҳамда ғўр.
Билгисиз очундир, билгисиз башар,
Муҳаббат кўзини айлаб ўтган кўр.
Муҳаббатдан мастдир, қолмагандир ҳуш,
Кундан-кун ортади танда ҳарорат.
Йилдирим гандирар шаробдан сархуш,
Кундан кун юрагин қилади ғорат.
Болиға югуриб келди бир куни,
Бўйнимдаги маржон ечилмади деб.
Ечмаклик қасдида авайлаб уни,
Бўйнига қўл чўзди Йилдирим бориб.
Ҳансираб турарди тўлишган гардан,
Хумор кўзларига қадалди кўзлар.
Бўйни узра чўғдек теккан қўллардан,
Тафт олар ловуллаб қизарган юзлар.
Борлиғини чорлаб учади қошлар,
Куйлагин кўтарган ойнинг синиғи.
Тотли оғушларга хаёлин бошлар,
Ўн еттига тўлган қизнинг қилиғи.
Макр қучоғида нозу ишваси,
Ўтарди йигитнинг яғринин туртиб.
Яқинлашар эди илиқ нафаси,
Таранг сийналари турарди бўртиб.
Бўлиб борар эди эҳтиросга қул,
Хушсурат париваш айлар эди ром.
Муҳаббатни сезмай тўзғиб кетган кул –
Ўзини унутди йигит батамом.
7
Лаблари интилди лаблари томон,
Сийналар потирлаб кетмайди учиб.
Сиғмай тошиб борар томирларда қон,
Урён етаклади белидан қучиб.
Муҳаббат пойида яшаб бўлмас тик,
Оҳу додга тўлди хобгоҳнинг ичи.
Шарақлаб очилди тўсатдан эшик,
Зебилаъл турарди қўлда қиличи.
Муҳаббат пойида туғилди нафрат,
Онтким, ичга ютди кўзда ёшини.
Тупроққа қон билан ёзган каби хат,
Тиғи улоқтирди қизнинг бошини.
Не тирикликка, не ажалга ҳайрон,
Йилдирим бўйнида турарди шамшир.
Гўзал Зебилаълнинг юраги вайрон,
Дардини эшитар на осмон, на ер.
Йигит бош кўтариб мағрур қаради,
Шу қараш кетарди юракни янчиб.
Йигитнинг сочини шамшир таради,
Тиғни муҳаббатга бўлмайди санчиб.
Сўнгра ўз кўксига ханжарин тутиб,
Силкиниб-силкиниб йиғлар эди қиз.
Очун араваси борарди ўтиб,
Жамики одамлар қисматга ожиз.
Жасадлар порадир, диллар порадир,
Зебилаъл қасрдан чиқиб кетди жим.
Яшамак нимадир, муҳаббат надир,
Бошинин чангаллаб қолди Йилдирим.
8
Йигит яшар эди мағрур боши хам,
Ҳорғин ўйлар эди олис бир қизни.
Ёнаётган эди юрагида шам,
Ишқ олиб келарди соғинчли ҳисни.
Япроқлар мисоли тўкилар онлар,
Тўкилди бардоши етмай фироққа.
Сочига оқ тутиб ўтди замонлар,
Отга қамчи уриб борди қирғоққа.
Ҳали минмаганда ишқнинг отини,
Унга куйлаганда шамоллар қўшиқ.
Унга кўрсатганча денгиз ортини,
Билагидан ушлаб кетган эди ишқ.
У қалъадан кетди, бот ясади сол,
Оқ байроқ кўтариб елканлар осди.
Денгизнинг юзида қўзғолди шамол,
Чақмоқлар чатнади, булутлар босди.
Елканни фалакка кўтарди шамол,
Кема денгиз узра қалқиди урён.
Филҳол, Йилдиримда қолмаганди ҳол,
Тупроғин ёд этиб йиғлади гирён.
Фикратида сўнгсиз ваҳм юрарди,
Майлига ким бордир кўкдан нарида.
Сув юзида қизнинг аксин кўрарди,
Гўё яшаб юрар денгиз қаърида.
Денгиз суви борар вужудин тўкиб,
Тушми бу, ҳушми бу сира билмади.
Йилдирим жим кетди денгизга чўкиб,
Афсус, уни тупроқ қабул қилмади.
4-сентабр, 2013 йил.
ЎН САККИЗГА КИРМАГАН ОЛАМ
КЕЛГИН
Келгин,
“Сен-чун эшилиб, тўлғониб куйлайин”.
Сенга ширин афсоналар сўйлайин.
Келгин,
Сенга сўйлаб берай ажиб ақида,
Иккимиз ёндирган олов ҳақида.
1998
ЁМҒИР ЁҒАР
Ёмғир ёғар, ёғади ёмғир,
Жингалак сочимга маржонлар тақиб,
Юрагимга дардли илҳомлар ёқиб,
Ёмғир ёғар, ёғади ёмғир.
Ёғиб юрагимга етади,
Эзилган бағримга сингиб кетади.
Ёмғир ёғар, ёғади ёмғир,
Вароқ юзига томчилаб, томчилаб,
Сел бўлган юракни эзиб, қамчилаб,
Ёмғир ёғар, ёғади ёмғир,
Шеърга ташна кўнгилларга бирма-бир,
Шеърларимдан ёға бошлайди ёмғир.
1998
ҚАЛБИМДА ЛАТИФ ЎЙНОҚИ ОТАШ
Қалбимда латиф ўйноқи оташ,
Эрка эҳтирослар эгмайди бош.
Телба титроқлар танти танимда,
Олов ҳисларнинг тафти танимда.
Сирли туйғулар қуршар беаёв,
Юрагим чўғ бўлиб ёнар лов-лов.
Кўзим яшнар, йўқдир ҳеч ғаним,
Барча гўзаллик гўёки маним.
Томирда қоннинг жўшқин туғёни,
Тинмайди орзулар ғалаёни.
Будир ёшликнинг уфурган қони,
Болаликнинг эрка замони…
1997
ЭРМАКЛАРИН КЎТАРИБ…
Эрмакларин кўтариб азот,
Ўйноқлайди бошимда тақдир.
Юрагимда яшар ҳақиқат,
Чархпалакдир дунёи басир.
Кўрганларим кўзимга доир,
Англаганим шу бўлди фақат –
Шоирларни яратар қисмат,
Яратади қисматин шоир.
1998
ҚЎЙГИН, КУЙЛАМА
Қўйгин, куйлама
Ғамгин қўшиқлар,
Ёддир барчаси, азизам, менга.
Табиатга боқ,
Қарагин қушлар
Шўх-шодон қўшиқ айтарлар сенга
Жўшиблар.
Ёлғони йўқ қўшиқлар…
1998
ҚАЙДАН ИЗЛАЙ СЕНИ
Қайдан излай сени, севгилим?
Хаёлларим висолда учиб,
Умидимдан сароблар унди.
Борлиғимни ҳижронлар қучиб,
Фироқ отли қушчалар қўнди.
Қайдан излай сени севгилим?
Қайдан излай энди сўзимни?
Наҳот, армон орзуга ҳоким?!
Сени қўмсаб бўзлайди кўнглим.
Қайдан излай энди ўзимни?..
Қайдан излай сени севгилим?..
2002
ЯНА ДАЙДИБ КЕЛДИМ
Яна дайдиб келдим ўша сўқмоққа,
Сўниккан кўзларим сенга нигорон.
О,юрагимда сен гуллаган чоғда,
Навқирон бу умрим бўлмакда хазон.
Сен юрган изларни тўниб излайман,
Топмай тентирайман, босади ғусса.
Чанг босган сўқмоқда чўкиб бўзлайман,
Дайди еллар олар изингдан бўса.
Энди сўқмоқдаман ортимга йўл йўқ,
Бағримга келмайсан мен-да дилафгор.
Сўқмоқда ўтириб кутарман интиқ,
Бир бор қайтмаслигинг билсам ҳам дилдор…
2002
ЁМҒИРЛАР ЁҒМАКДА
Ёмғирлар ёғмакда юрагим тилиб,
Эгнимга томчилар тушар бирма-бир.
Булут ҳасратларидан тинмас сўкилиб,
Мендек қисматига кўмилган ёмғир.
Не қилай хотира ёмғирдек босар,
Кўз ёшимга секин кетар қўшилиб.
Мен-да жим тинглайман уни бемадор,
Ёмғирлар куйида видо қўшиғи…
2002
АЛДОҚ ДУНЁ
Алдоқ дунё аянч бунчалар,
Хазонлардек янчиб ўтади.
Очиб фироқ соғинч ғунчалар,
Қалбга туғин санчиб кетади.
Бахт жилмайиб кулса-да атай,
Лойқа қисмат қолмагай тиниб,
Йўлларимда жононлар талай,
Лек яшайман сенга интилиб.
Йиллар секин чизади юзим,
Хотирангни ўтгум ортмоқлаб.
Юргин эркам, лаби қирмизим,
Қалбда мангу номингни сақлаб.
2002
ОҚ ПАРҚУДЕК
Оқ парқудек бодом чечаклари…
Сайёҳ шамоллар ўпиб ўтар.
Менга суйлаб баҳор эртакларин,
Инжиқ ҳисларимни туртиб кетар…
Оқ парқудек бодом чечаклари…
Сузиб-сузиб ўйнаган парқу булутлар,
Ашкин тўкиб қишни унутар.
Оқсоч тоғнинг эркаси – кибор бургутлар,
Тошга ётиб қуёшни ютар.
Сузиб-сузиб ўйнаган парқу булутлар…
Олис ёшлигим ўғирлаган баҳорни,
Бутун борлиқ интизор кутар.
Кўз-кўз этиб оламга ўзида борин,
Танти баҳор этагин тутар.
Болалигимни ўғирлаган баҳор…
2002
ЁҚАСАН
Ёқасан.
Тинч қўймайсан.
Тинч қўймайди ёнишлар ҳамон…
Орзуларимдек чўзилган осмон.
Ғўлин булутлар,
Панжамдек уфқ
Гўё
Қизғиш кафтида
Танҳо Сен билан Мен.
Тинч қўймайди ёнишлар ҳамон…
Уфқ –
Қип-қизил чўғ –
Гўё қалбимдек
Ёнаётган гулхан…
Қалбимда сийратинг мангу
Оловдан битилган армон…
Тинч қўймайди ҳамон ёнишлар…
Ёнаман…
2001
ЎЙИНҚАРОҚ ЮЛДУЗЛАР ХИРА…
Ўйинқароқ юлдузлар хира,
Ой тишлашиб тортар ғилдирак.
Шарқ томонда қонлар сирқирар,
Кўзларимдек кўкарган фалак.
Бурчакларга тиқилар аста,
Дарахтларни пайпаслаган тун.
Кўр соялар йиқилиб пастга,
Сачратади кўкимтир кукун.
Қора ридо тугилган жойдан,
Лаҳза сайин оқаради қош.
Шаффоф нурлар қайтади сойга
Ва чўққилар кўтаради бош.
Ой тишлашиб тортар ғилдирак,
Шарқ томонда қонлар сирқирар.
2002
ДАЙДИ ХАЁЛ
Дайди хаёл –
Мисоли шамол,
Бир сайёҳ мендек,
Дардимга муносиб.
Олислардан елиб келади бетин…
Узоқ елса-да чиқолмас аршига.
Аммо,
Қайта-қайта борар қаршингга.
Пойингдабошин эгар,
Эгади жим…
Бўлиб қоларсан
Хаёлимга ҳоким…
2000
ГУЛИМ, ШЕЪРЛАРИМГА
Гулим, шеърларимга кўнглингни очгин,
Юрагингда тафтли оловлар ёқсин.
Уларга оташин ҳисларинг сочгин,
Ҳисларингга гулгун чечаклар тақсин.
Қалбинг куйиб шеъримни ичгин,
Ташна юрагингда мендан берсин сас.
Шеърларимни ўқиб соғинчни қучгин,
Соғиниб мени бир бор қўмсасанг бас…
2000
АФСОНАГА ТЎЛА ЭМАСМИ
Афсонага тўла эмасми дилбар,
Ой қуйқасин сўриб ястанган замин.
Ойдин тун қизғонмай кўксини тутар,
Кутарман кўчангда, келмайсанми сен?
Ёғдудан ярадор туғилган осмон,
Қўндирган бошига кумуш тиллақош –
Дея мен муҳаққақ юргузмам забон
Ё сен-ла юлдузни этмайман талош.
Висолга ташнаман, висол умидим,
Тезроқ лабларимга қўймайсани лаб.
Мен айтар қўшиқни сенга, севгилим,
Шу тунги юлдузлар айтсин шивирлаб…
2001
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.