Электронная библиотека » Ҳусан Мақсуд » » онлайн чтение - страница 5

Текст книги "МАНГУ АФСОНА"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:43


Автор книги: Ҳусан Мақсуд


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 9 страниц)

Шрифт:
- 100% +

МАКОН ЙЎҚДИР МАНГУ ЁТАРГА

Ўн бир ёшимдан бери икки рамазон

ийдини паёпай бир ерда қилғон эмасман.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур

 
Ки, топмадим ҳамдўсту бир ёр,
Теваларга хумларни илиб,
Чоғирлашдик. Чоғирлар бисёр –
Сабоҳларда сабуҳий қилиб,
Кўргил дея юракни тилиб,
Элтмаймизми ватанга, Бобур!
Етмаймизми ватанга, Бобур?
 
 
Бунда қолган тирик ўладир,
Бебошларга шаҳар тўладир,
Тутган оши заҳар бўладир,
Кетмаймизми ватанга, Бобур…
 
 
“Менинг кўнглимки гулнинг
ғунчасидек таҳ-батаҳ қондур,
Агар юз минг баҳор ўлса
очилмоғи не имкондур…”
Тупроқ нима? Кўмгайдир мани,
Ўз танимга сиғмайдир таним,
Ё жаннатми шоир ватани,
Ким манзилни айтадир, Бобур?!
Макон йўқдир мангу ётарга,
Чуғурлашиб қуёш ботарда,
Қушлар уйга қайтадир, Бобур,
Бизнинг ватан қайдадир, Бобур?
 
 
Бунча жағу иякларданким,
Бунча калла суякларданким,
Бизга ватан бўларми, Бобур,
Ватан қўнжи тўларми, Бобур.
Яна қуёш ботди тонггача…
 
2013

НАҚАДАР АЗОБДИР

 
Нақадар азобдир сен билан юриш,
Чиройингга чиммат бўлолмайди тун.
Азобдир сен ҳақда хаёллар суриш,
Ошиқлар кўзида яшайсан, тушун.
 
 
Эҳтимол, бўғилиб кўпирган қондан,
Ўлдиргайман десам бежону беҳол.
Ўзимни ташлайман манов осмондан,
Ўзимни осаман десам ҳам, не ҳол.
 
 
Сочларинг тўзғиндир, доим паришон,
Шамоллар илкига йўлин бургайдир.
Бу дунёда барча одамлар, ишон,
“Ўлим мазасини тотиб кўргайдир”22
  Қуръондан


[Закрыть]
.
 
 
Қуёшни бекитсам, гулда не гуноҳ,
Кўзёшим тошдирган ўткинчи елмас.
Пойингда шу бугун чекиб ўтай оҳ,
Барибир, эртага яшагим келмас.
 
2013

МЕН ҲАҚИМДА

 
Мен ҳақимда мишмишлар ёлғон.
Ҳа, ёлғон, она!
Дўстларимнинг гапи ҳам ёлғон.
 
 
Афсус, шеърларим рост!
Ай, шеърларим ёлғон бўлиб
миш-мишлар рост бўлганда
 
 
Кўзларингизда ёш ёниб турмасди.
 
2013

КЕЧИРГИН, ҲУСНОРА

 
Ҳозир ўзим сенга бераман унвон,
Дейман: “Йиғлаш аро ўзи тенгсиз-да!..”
Ҳатто, ҳўнграшларинг Мотсарт билмас тон,
Айтгил, туққанмиди онанг денгизда?
 
 
Бошимдан қуйгани етарди жала,
Мени сезмадингу ўзингни сездинг.
Ғўзал ҳисларимни қилдинг атала,
Жала бир, сен икки бўлдинг-у эздинг.
 
 
Бир марта шоирдай ёзмасам нетар,
Рангин ташбеҳлардан тўйиблар кетдим.
Кулимни кўзёшлар оқизиб кетар,
Сувларнинг ичида куйиблар кетдим.
 
 
Кечиргин, Ҳуснора, баъни башарман,
Оловга сув сепиб ўчирар, асли.
Сенсиз дунёларда қандай яшарман,
Қайтиб келаверса ёмғирлар фасли.
 
 
Азал аталади дунё бири кам,
Сендирсан дунёмдан узилган пора.
Ҳатто, эслатади кўчага чиқсам,
Кўзёшсиз яланғоч турган фаввора.
 
 
Кечиргин, Ҳуснора…
 
2013

БИР КУНИ САҲРОДА

 
Ай, Таянхон хотун – найман бияси,
Битта эвда33
  Уй


[Закрыть]
ўнта хотун туғмайди.
Байту ўғлим кўргил – илон уяси,
Бирдан ўнта илон бошин суқмайди.
 
 
Тиқилиб қолади боши ковакка,
Сўнгра чиқиб қолган думин кесишар.
Хон қилиб кўтаринг Ўқтойни якка,
Касалман – шамолга ажал эсишар.
 
 
Шайдарқу билмасин ўлсам, бўлсам чим,
Қамалдан чарчайди ўн беш кун ўтиб.
Анинг диёрида қолмасин ҳеч ким,
Бошини кесинглар барини тутиб.
 
 
Эркакман дегани чопилсин бари,
Жўжи, ул улуснинг қонларини ич.
Аёллари кўмсин жасадларини,
Эрларин кўмишдан бўшамасин ҳеч.
 
 
Бир туман кесилса, қолган тик қарар,
Бир лак кесилса-чи бошин эггайдир.
Гўзал қизлари ҳам қилмайди зарар,
Бутун бисотлари сизга теккайдир.
 
 
Кўк узра кезмакда менинг булутим,
Кўринг, жоласига жола қўшадир.
Саҳрода юрибман ўзни унутиб,
Ҳануз кўкда булут ўша-ўшадир.
 
 
Ҳануз кўкда булут қилар тантана,
Ҳануз босолмайман бу осмонга лаб.
Тутун ўрлаётган ўтовдан, ана,
Бир аёл чиқади эрини қарғаб.
 
 
Баъзан пул йўқ қора зоғорасига,
Мозий суягимга тушиб борар чап.
Мана, чархифалак ноғорасига,
Кесилган думлари юрибди ўйнаб.
 
2013

ВАҚОЙЕИ САНАИ САЛОС ВА ТИСЪА МИА

 
Бормоққа не маскан муяссар,
Турмоққа не давлат муқаррар.
 



…Хисравшоҳ бадбахт кофири неъмат салтанат дағдағаси билаким, салтанат андоғ нокас, беҳунарларға не навъ етгай! Не асл, не насаб, не ҳунар, не асаб, не тадбир, не шужоат, не инсоф, не адолат!

“Бобурия”дан

 
О, Самурканд – айро тушган мулкидан,
Беморманким, титраб борар бовурим.
Анда Андижоним ҳам кетди илкидан,
Нечук аросатда қолдик, Бобурим?!
 
 
Бу йўлларда ёлғиз толдик, Бобурим,
Нетонг, бу йўллардан аён кетармиз,
Филҳол, билмам эмди қаён кетармиз,
Нечук аросатда қолдик, Бобурим?!
 
 
Не байт?! Ҳайт, ўзбаки чериким қани,
Шоҳмен, тахт устида юз кун йиғладим.
Саргардонлик эрур кўнгил кўргани,
Қалбга сиғдим, бовур сочдим, йиғмадим.
 
 
Бир бор сўкай мен ҳам рубобий тил-ла,
Кўринг нетар ифлос мардаки хомлар.
Узун Ҳасан ғажир эвин ёв била,
Сотди ул мунофиқ намакҳаромлар.
 
 
Шамол тўзиб етиб борар шовурим,
Хоин чиқди. Танбал олди қалъани.
Қонлар оқди. Ёвлар босди далани,
Нечук аросатда қолдик, Бобурим?!
 
 
Нечук аросатда қолдик, Бобурим?!
 
2013

ЎҚТОЙ ҚООН

 
Билинг, Ўқтой қоон улуғ хон ўғли,
У билади: дунё ўткинчи, сароб.
Отасидан қолган ясоғи туғли,
Ичиб ўтирарди ўтовда шароб.
 
 
Ташқарида овоз – “Ичкари ўтма…”
Бошини кўтарди, сергакланди у.
Деди: дунё ўтов, шуни унутма,
Ким экан кўрайин, кирсин қани у?
 
 
Тиланиб келганди бир бечораҳол,
Қадамларин изи олис Бағдоддан.
Кўриб турибман-ку ўкинма ҳой чол,
Асли, дунё томи доду фарёддан.
 
 
Юз минг мисқол беринглар чолга,
Йигирма бош бўлсин ортинг барини.
Ҳайратдан қотади бундайин ҳолга,
Дер нечун сийлайсан мендай қарини.
 
 
Олиб кетолмайди барин уйига,
Оғирлик қилади бунча кўп бисот.
Яна ачинди-ю унинг куйига,
Ўнта навкар берди ҳамда ўнта от.
 
 
Сафарга тадорик. Чол кўзида ёш.
Кичик бир саҳройи карвон тузилди.
Бесарҳад саҳродир. Қорайганда қош,
Ярим йўлда чолнинг жони узилди.
 
 
Карвонни изига борса қайтариб,
Ҳоқон туҳфасини қайтариб олмас.
Ечимин топмакка навкарлар ғариб,
Бойлик ўлган эди, ки, ўлган чолмас.
 
 
Ки, йўлдаги ўлжа азал-азалдан,
Навкарларга мерос бундайин ҳолда.
Бўлишиб олдилар, бас, бари ҳалдай,
Кўпдан кўп раҳматлар айтишиб чолга.
 
 
Ширин хаёлларга боришиб, кейин,
Бўлган ҳодисани айтди ҳоқонга.
Ҳоқон-чи сўради тийинма-тийин,
Бошқа совғалар ҳам қўшди карвонга.
 
 
Ёнига олди-ю навкарларни шоҳ,
Карвонни тортқилаб саҳродан елди.
Чолнинг ўлимидан қилганча огоҳ,
Чолнинг оиласига топшириб келди.
 
2013

ХУНУК ХАТИМ

 
Турфа нашрларда юраман изғиб,
Душанбадан бошлаб шанбагача то.
Қолсам ҳолсизланиб, қайдадир мизғиб,
Ухлашимга қоғоз сўрайди, ҳатто.
 
 
Иш сўраб кирмаган эшигим қолмас,
Дунёмас, уларнинг синови кўпдир.
Эгадай бақирар “бўшатилинг, бас!”
Олинмасдан ўзим “бўшалар” бир-бир.
 
 
Ўтириб бўларми кўтармай бошни,
Қамар саккиз соат, ахир, хоналар.
Қайдан топсин улар қўйдай ювошни,
Билмадим қаерда туғар оналар.
 
 
“Чекманг!” деган сўзлар турар яланғоч,
Ўзимдек юпундир тўзғиган куллар.
Дейман, Феруза, бас! Қолмагаймиз оч,
Озодлик нелигин билмайди қуллар!
 
 
Аслида, ўзимни чалиб кетган жин –
Хунук хатим. Яна қабул қилмайди.
Сўнг ўзимга ўзим бераман таскин –
Қалбим, Сўғд ёзувин улар билмайди!
 
 
Афсуски, таҳрирни қўяман бузиб,
Етим қолдираман бир сўз ўзини –
Ҳеч қачон устидан бўлмайди чизиб,
Вароқнинг юзида Ватан сўзини!
 
 
Якшанба боғ кезар – уларга байрам,
Айтгин, нима қолди энди ейишга?
Сўнг ола бошлаймиз шеъримларимда дам,
Ҳар якшанба шўнғиб кетаман ишга.
 
2013

ДЕВОРГА СУЯНИБ

 
Соявор аз нотавоне жо-бажо меўфтам,
Гар нагирам роидеворизи по меўфтам.
 
Бойсунғур МИРЗО

 
Қулаётган деворларни суяб
юрибману, ўзим деворга суяниб турибман.
 
 
Барибир тупроқ бўламиз.
 
 
Шамол кўтарса соямиз тушади.
 
2013

ЁНИБ ЎҚИБ БЕРАР

 
Юрагим ҳапқирди. Бўғилди нафас,
Жигарранг эшикка ўзимни урдим.
Бир ширин шивирлаб оқар эди сас,
Наҳотки, ўшадир. Наҳотки кўрдим?!
 
 
Шеърларимни ўқир бошини эгиб,
Қачондир ёнимдан мағрур ўтган қиз.
Кетган эди қўлим қўлига тегиб,
Кейин чўккан эдим қаршисига тиз.
 
 
Қаноти кетса-да лабига тегиб,
Ки, гул қиё боқмас аламнок сорга.
Шеърларимни ўқир бошини эгиб,
Ёниб ўқиб берар ўзга бир ёрга.
 
2013

ҲУМОЮНГА БИРИНЧИ ДАРС

 
Фикратим ожиз, бироқ биз билган
мавқедан-да жуда юксак шоир.
 
 
Умрини улус еди.
 
 
Искандар киби подшолар кўп, бироқ
олам анингдек шоҳни бир марта кўрди.
 
 
Тамом.
 
 
Отдан тушди.
Бошига эгарни болиш қилди.
Ҳеч қачон эгардан тушмади.
Ҳаёти жангу-жадалда ўтди.
 
 
Ки, хоки Кобулгача от миниб келди…
 
 
Ватан!
 
2013

ЖАННАТИЙДИР

 
Кофир, мани дема муслим,
Олов тутгил, тутгил шароб.
Шул дунёга тўлдим лим-лим,
Ошиқ бўлдим, бўлдим хароб.
 
 
Муслим, мани дема кофир,
Ул турибдир қамал билан.
Жаннатийдир ишқ тушса бир
Кофир эзгу амал билан.
 
 
На қийноқдир саждада жон,
Нетонг, тортсам ёр фироғин.
Қай саҳрода қўҳна карвон,
Ҳануз чертар қўнғироғин.
 
 
Аё шайхим, дардинг аён,
Қарға қўнди қайси хочга?
Кечир, ишқни қилсам баён,
Мен боғланиб қора сочга.
 
2013

САМУРКАНДДА КЎЗЛАРИМ

 
Мени кўриб юруди эл доғи,
Қолди элдин кейинга қўрқоғи.
 

 
Ён-верида дупурласа от,
Анграйиб хаёл сургайдир,
Далаларга қадаб чигитлар…
Туркийларнинг шаъни шаън Бобур.
Қилич тегди. Дубулғам синди.
Самуркандда кўзларим тинди.
Дўстларидан алданган Бобур.
Фирибларнинг қурбони Бобур.
Шу тупроқда қадами шошган,
Томирларга сиғмайин тошган,
Туркийларнинг ҳур қони Бобур.
Хон додам деб кетиб борадир,
Нечук умри пора-порадир,
Қаълалардек қалби ёрадир,
Қора тупроқ қора, қорадир.
Халқ очгандир, юрагим-ай, қалқ.
Ит терисин ея бошлар халқ.
Кўзёшлари куйиб оқади,
Сангзорни-ку қовун боқади…
Хон додаси кулиб турадир,
Бирдек тутар хитой матосин.
Мўғул халқи ўлиб турадир,
Ўлжа деса, сўяр отасин.
Юнусхондир она томони,
Ярим мўғул дарднинг ёмони.
Ўзбак келар Дашти Қипчоғдан,
Хисрав тушар, ҳў, баланд тоғдан.
Тоғдан баланд шони Бобурнинг,
Титраб турар жони Бобурнинг.
Юзга урар шамол япроғин,
Оёқяланг кезар тупроғин.
Босаяпман шу тупроққа лаб,
Шамол бўлиб эсарсан, Бобур.
Нечук яна қиличинг ҳермаб,
Юрагимни кесарсан, Бобур.
Қамал ичра очганмидир эл,
Елкадошлар, ки, берарми панд.
Қандаҳордан келса гармсел,
Нечук яна куяр Самурканд?!
Ён-верида дупурласа от,
Анграйиб хаёл сургайдир,
Далаларга қадаб чигитлар.
Бошин эгган билмайди, ҳайҳот,
Елкасида Ватан тургайдир,
Ўн тўққизга кирса йигитлар!
 
2013

ШАЙХ АТТОР ВАЛИЙ (ОСТОНА БОВА)
ХОТИРАСИГА

 
Не сирлар ётмишдир қадим йўлларда,
Ишққа тўлиб бўлдим, ғамларга тўлдим.
Оллоҳнинг этагин тутган қўлларда,
Узилган тасбеҳдек сочилиб бўлдим.
 
 
Хожа Баҳоуддин Нақшбанд изи,
Холо, ул ҳилолда бўлмишдир ҳоло.
Ки, дейман узилган тасбеҳни тизиб:
Жундун мин жунуд иллоҳи таоло.
 
 
Бир ён Бухородир, бир ён Деновдир,
Ҳаволарим оқиб ўтади қондан.
Самуркандда руку этсам не ғовдир,
Азон эшитилар Чағониёндан.
 
 
Бошга қўниб турган кўкнинг гумбази,
Хоки туркий йиғлаб уйган ғарамдир.
Тупроқда гуллаган ўгитлар саси –
Хок истари башар – улуғ карамдир.
 
2013

БОБУР. БЕҲРА

 
Бошпанам кемадир. Чиқдим отилиб,
Гулгун кўзалардан тўкилди шароб.
Ўтиб кетар эди бағримни тилиб,
Дағи йигитликдин ёна бир вароқ.
 
 
Мастмен. От устида тургаймен аранг,
Қўлларимга боғлиқ ҳислар жилови.
Ки, озғин жуссамни ҳоритмаган жанг,
Ахир менга хосдир каркидон ови.
 
 
Олис Кобулда тил чиқормиш Ҳиндол,
Шарафига бердим Ҳинд диёридин.
Чақнаётган туёқ, тўзғиётган ёл,
Айирди умримнинг ҳар баҳоридин.
 
 
Шамол учиради эрка япроқни,
Хорманким, шоҳликнинг росту-рустида.
Жондан севар эдим она тупроқни,
Наҳот, яшаб ўтсам отнинг устида.
 
2013

ҚАТАҒОН ДАВРИ

 
Қора қуюн қоралаб елар,
Эл ичидан элга ёв келар.
 
 
Айтгил, жон, нетармиз?
 
 
Мисли Бобур – ўзни чоғлаб бор,
Кўзинг қўрқса, кўзни боғлаб бор.
 
 
Барибир кетармиз.
 
 
Совутларни ёзиб ўларкан,
Алар жангги ёзма бўларкан.
 
 
Жангоҳим қаёндир?
 
 
Тупроққа боқ. Томган жоладир,
Ботирлардан майдон қоладир.
 
 
Тупроққа аёндир.
 
 
Фақат ярар ялоқ суришга,
Ор қиларман юзин кўришга.
 
 
Ҳаромми тузида?
 
 
Юзинг бурсанг, тирик ўлдиргай,
Бор-будингни ғамга тўлдиргай.
 
 
Тик қара кўзига.
 
 
Лаби ўйнаб карнай чаларлар,
Ўлжа ўйлаб халқни таларлар.
 
 
Қоқмасми илигин?
 
 
Бўлди, бас қил. Ўлим топадир,
Сал кечиксанг, шовқин қопадир.
 
 
Кўтарма пилигин.
 
2013

ИЛК ҲУЖЖАТ

 
Ки, сўз эмас, мени йиқитган ўқдир,
Мен ҳам одамманми – соғинч бегона.
Мана, қаранг, ҳатто хотирам йўқдир,
Қишлоғимнинг оти нимайди, она?!
 
 
Тупроқнинг қатини кўраман ўқиб,
Ўтмиши йўқ каслар нималар демас.
Аламдан бўғриқиб, ўзимча тўқиб –
Ёшликда айтганим Ажриқсой эмас.
 
 
Очиқ кўзларини босиб борар чим,
Ленин колхози деб қўйишди қадаб.
Сўнгра муҳр босди Жоулу Қосим,
Яшаб бўлармиди тупроқни алдаб?!
 
 
Аларга бегона Олтун қасрлар,
Бу кенг далаларда чоптирмаган от.
Отаси номаълум гала басирлар,
Бир сўзга зор бўлиб деди Ҳосилот.
 
 
Қирқ Чилтон мозорин майдон қилишар,
Қабрини топиб бер, қайдадир Пирим?
Суягин билмайди, нафсин билишар,
Қузғунлар дастидан қон қусди ерим.
 
 
Наҳот жавоб берсам, алар туфайли,
Яшашим бефойда ўз ўзимни еб.
Юрагимда доғдир, энди-чи майли,
Қўйсин “дил нори”ми ё “гул нори” деб.
 
 
Ҳовлимдан ўтгандир қадим Кеш йўли,
Тупроқнинг тагида қудуқлар омон.
Оғир занжирларда шақирлаб қўли,
Қуллар кетяпти саройлар томон!
 
 
Фақат, занжирларни кўрди-ку кўзим,
Тарих тўқияпти ёлғон афсона.
Ўзимдан ўтганин биламан ўзим,
Мен Занжирсаройда туғилдим, она!
 
2013

АРОСАТДА

 
Тошкент деган гўзал шаҳарда,
Ҳовучимдан сувлар симириб –
Сиз тутсангиз сув ҳам, заҳар-да,
Даштлик дейсан, қошинг чимириб.
 
 
Сўнг кетарсан жанубга қараб,
Мен қоларман шимол томонда.
Шамол борар сочингни тараб,
Аросатда қолмоқ ёмон-да!
 
 
Йўллар янги ва йўллар қадим,
Сув симирган санамлар талай.
Шунча юрдим ишққа етмадим,
“Қалмоқ” бўлсам керак, ҳарқалай.
 
2013

ҚИР ҚИЗИ

 
Қир қизи яшарди анов улусда,
Ўғуздан узилган ўзлар бор эди.
Ясаниб энар пат илиб ҳар тусда,
Яшил қирларида Эрка сор эди.
 
 
Кийими кийикдан, манглайда чоғи,
Кийик терисидан чандилган қийиқ.
Ханжарига сопдир кийикнинг шохи,
Биялар юрарди тевадай бийик.
 
 
Эсимда қамишни пуфлаб этар най,
Шиғирлар шивирлар ёмғир чақириб.
Қизнинг ўзагида куйган яшиқдай,
Яшил қирларида юрарди эриб.
 
 
Уятдан қизарар Қир қизин юзи,
Чечаклар юзига ёнади қизил.
Сигирнинг илк сутин дея ўғизи,
Илкидан авайлаб берар эди чил.
 
 
Қирдан эниб ёнди бир куни хомуш,
Юрагига томар йиғиси анинг.
Юраги қон ўлди, ўтди ширин туш,
Қалби – қизғалдоқзор бўлди Эрканинг.
 
 
Осмонга қаради, шеър эди ҳар дам,
Ёзишни билмасди фақат у маҳал.
Кўк Тангридир, билгил, шу дамгача ҳам
Бари-ки иллайроқ этилганди ҳал…
 
 
Эна, янар сувдир, кўз суга тўлар,
Улим, хаёл этсанг ой балдоқ бўлар,
Қиз эли ғалати – қиз ғалдоқ бўлар,
Қиз эли алдоқдир – қиз алдоқ бўлар.
 
 
Юрагингни тўккил куюк етибдир,
Қарагил, ўтовлар кўчиб кетибдир,
Қарагил, шамоллар қучиб кетибдир,
Қарагил, шамолда учиб кетибдир.
 
 
Шамоллар ҳам ёна Тангрига қайтар,
Шундай битилгандир ёнмаклик, деди.
Қуёш Қир қизи деб эналар айтар –
Ёнганлардан иллай ёқилган эди.
 
2013

27 ДАН КЕЙИНГИ БАЁНОТ

…1558 йил 7 октябрда Шаҳри Вазир (Селлизуре, Урганчдан 40-60 км қуйида, Уралдарёси яқинидаги шаҳар) деб аталган қалъагаетиб келдим. Мени ёввойи от гўштидан қилинган кабоббилан меҳмон қилдилар… Бу ерларда Азимхон (ҲожиМуҳаммдахон – Ҳожимхон. Абулғозихоннинг амакиси. 1558 йил бошларида тахтга ўтирган) ва унинг бешта ўғли, оға-инилар ҳукмронлик қилади. Улар бир-бирларига душманлик кайфиятидадирлар….

Антонио ЖЕНКИНСОН кундалигидан

 
Тугаб битди барча ёввойи от ҳам,
Энди сўя бошлар минган тулпорин.
Ўғлим баракасиз, дегандай отам,
Супуриб ташлади барака қорин.
 
 
Билинг. Ҳожихоннинг авлоди кимдир,
Аввал ким эди-ю, нега чанг солди?
Қақшаган суягим. Ёнган ичимдир,
Билга Ҳоқонларда сўзларим қолди.
 
 
Отам сўкар доим борми бараканг?
Эҳ, сўз билмас… Фақат шундай дейишар.
Қуриган тахтага чиқишиб аранг,
Кейин бир-бирларин гўштин ейишар.
 
2013

ЎЗБЕКМАН ДЕЙИШГА

 
Қонхўрмасман. Ёқар, лек балиқ гўшти,
Мевалар ичинда хурмо ёқади.
Хурмо-ку қуёшдан саҳрога тушди,
Балиқ мендан йироқ сувда оқади.
 
 
Юрагим суғуриб берай, ея қол,
Нималар йўқ дейсан бунда ейишга.
Сенга қараб туриб, тамшанган, эй чол,
Уялдим ўзбекмиз бизлар дейишга.
 
2013

БИТИБ ЮРМАНГ ХАТ

 
Ўзингда чирқираб сайрар қушман бир,
Мозоримсан юртим – суюк қафасим.
Чўғлар йўқдир, руҳсиз совуган тандир.
Асли ажалдир ҳар тортган нафасим.
 
 
Хайр, жўраларим, хайр, ҳамхонам,
Кетсам, ўлган дея битиб юрманг хат.
Тўлиқ пишган – жондир. Қайдадир онам –
Шартта узиш керак тандирдан, фақат.
 
2013

АБДУЛЛАНИНГ ТЎЙИДА

 
Ўша кун йиқилдим. Йўқолди ҳушим,
Қуёш ғарбдан чиқди. Бошим айланди.
Ўнгдан келётганди ҳар кўрган тушим,
Мен чўқмор кўтариб жангга шайландим.
 
 
Қаср тиклаб бўлар шунча бошлардан,
Дунёмга қайтишнинг йўқдир иложи.
Эллинлашган излар қотган тошларда,
Қуёшга ўхшайди Искандар тожи!
 
 
Ҳў, аждар пойимга аланга тўшар,
Бетизгин шамолдек борардим тўзиб.
Нодир сарой! Қара! Юнонга ўхшар,
Ҳатто, Алибекнинг жилмайган кўзи.
 
 
Қайтсин, эгасига темирлар қайтсин,
Абдуллажон кетмон ясашни билар!
Кўзларим юмилди. Яна олдим тин,
Тонгда бир бадавий менга тикилар.
 
 
Сўнг ёнбошлаб олди. Эскирган пўстак,
Тандирга ташлагил. Ёндиргил деди.
Маним манглайимга тер чиқди муздак,
Димоғни куйдирди терининг ҳиди.
 
 
Кўзларингни юм-у, бошингни эггил,
Осмонга қарама – кўзинг ачийди.
Магар, узун бўлса, кесилади тил,
Бунда танҳо қолсанг шоқол ғажийди.
 
 
Яна нелар деди хотирамда йўқ,
Иллайроқ бор эди қуёшнинг жони.
Бижиллаб қайнарди. Пишилларди чўқ.
Бефарқдир ҳўкиз ё кийикнинг қони.
 
 
Чидамоқ мумкиндир шаҳарлар ёнса,
Одам куйган дея айтар ҳарбларни.
Айтинг, бўлмайдими инсон уйғонса,
Ёлғиз ўзим кўрдим куйган ҳарфларни!
 
 
Ёнбошлаб ётибди ҳануз ўша чол,
Кўзим осмондадир. Мағрур турибман.
Шоирлар китобдан очишганда фол,
Ёнган пўстакларни ўқиб юрибман.
 
2013

БИР АМИР АМРИ

 
Жума куни тўғри намоздан келди,
Соч-соқолин қириб олди сартарош.
Амирнинг бошида бир савол елди,
Деди: айт нимага лойиқдир бу бош.
 
 
Берар жавобига ваҳима яниб,
Сартарош дер улуғ шоҳликка лойиқ.
Кўзгуда чеҳраси борар ўзгариб,
Амирнинг юзига қарар халойиқ.
 
 
Ўйлаб кўргил деди қилганча таъкид,
Бошим қўлингда, не оқар кўз ёшинг?
Соч-соқолим кетди, эй нодон шаҳид,
Шаҳидликка лойиқ фақат бу бошим!
 
 
Ўша тун алмашди ўрнини соқчи,
Амир кўшкдан чиқди ичиб туриб май.
Келди дея жосус ёки қароқчи,
Бошин чопиб қўйди уни танимай.
 
 
Хуллас, тождорларга тупроқ тўлсин деб,
Ҳали қанча шоҳни дунё кўргайдир.
Уялиб қолмасин, амал бўлсин деб,
Ҳар бир созни кимдир ёзиб тургайдир.
 
2013

ЁНИБ ДЕЙСАН

 
Ёниб дейсан: азал туркийлар тупроқ,
Шафақ қонига хос, қуёш – тожига.
Отам шудгор этган заминдан кўпроқ
Жоним қалқиб турар элнинг божига.
 
 
Тобакай ул улус бир-бирига ёв,
Чингизда аламдир, Темурда алам.
Санчилган найзалар бўлолмайди ғов,
Қора сатрларда қилсам якқалам.
 
 
Ҳеч қачон кетмасин толеъ бошингдан,
Қалқондек турибман ёнингда, пари.
Қиличга ўхшаган қора қошингдан,
Мозий шоирлари ўтмаган нари.
 
 
Элнинг фиғонида оққандир қоним,
Ярадор юрагим баридан йирик.
Искандар шоҳ бўлса, шоирман жоним,
Аларнинг барчаси мен билан тирик!
 
2013

27 ДАН КЕЙИНГИ ҲИСОБАТДАГИ ҲАЗИЛ

…Қўйлари жуда катта бўлиб, думбаси 60-80 фунт келади. Ёввойи отлар жуда кўп. от устида юрганда ҳам ўқ отишга жуда моҳир. Ерга ўтириб овқатланишмайди. Фақат, ибодат пайтидагина ўтиришади.

Антонио ЖЭНКИНСОН кундалигидан

 
Қонда қоларкан-да, севгилим, бари,
Ҳар кун гумма ейман, қара, тик ҳолда.
Ёввойилар чопар пул деб кўпкари,
Сўзларни сочаман сўзсиз қуролдан.
 
 
Афсус. Фақат она ерни кўраман,
Ибодат қилсам мен жойнамоз тўшаб.
Гапирсам хунукдир, ки, жим юраман,
Доим мулла минган эшакка ўхшаб.
 
2013

СУБУТСИЗ ҲАҚИДА ЭСКИ ШЕЪР

 
Шунчалик субутсиз бўларми одам,
Анинг қилиқлари тегади ғашга.
Аввал Сталинни деганди отам,
Сўнг Берияни ўтди мақташга.
 
 
Тортган этагига вафоси йўқдек,
Ўнта эрга теккан аёлга ўхшар.
Поёндоз мисоли қип-қизил чўғдек,
Подшолар пойига тилини тўшар.
 
 
Ҳақиқий отаси меҳнатда толган,
(Отам меҳрибондир ёзиб турар хат).
Мени эса ўшал қишлоқда қолган
Онасига раҳмим келади, фақат.
 
2013

ЎН ЙИЛДАН КЕЙИН

 
Есениннинг бир тўпламини
тўлиқ ўқиб бердим.
 
 
Хотиранг зўр дейишди.
 
 
Ёлғон.
 
 
Тамакини қайга қўйганимни
еслолмаяпман.
 
 
Манови сергўшт, мол бозорда жуда
харидоргир ҳўкизнинг хотираси
меникидан кучли.
 
 
Ишонмасангиз,
Сиз ҳам бир уриб кўринг.
 
 
Ўн йилдан кейин ҳам келсангиз
сизни сузишга шайланади.
 
 
Афсуски қассобнинг пичоғини кўрганда
бизларни унутар…
 
2013

АМУДАРЁ

 
Каспий денгизига югурди, тошди,
Қипчоқ эли кўчди жанубга томон.
Сўнгра Сариқамиш кўлига шошди –
Қониб-қониб ичсин – туркийлар омон!
 
 
Чағалайлар ўйнар дарё мавжида,
Қипчоқ эли яна силжиди эниб.
Туркийларга чексиз меҳр авжида,
Она дарё борди Оролга тиниб.
 
 
Еллар қонли қилич ҳермаб эсдилар,
Наҳот туркийларнинг кўзлари кўрдир.
Ҳатто сувни бўлак-бўлак кесдилар,
Оролга урилган манглайи шўрдир.
 
 
Охир йиғлаб-йиғлаб тугаб битди ҳол,
Манов тўғонларни бўлмайди суриб.
Ана, дийдаси шўр бормакда Орол
Гўдакларин кўмган онадек қуриб.
 
 
Одамлар авоммас, балиқлар авом,
Шоирлар дарёдек уйғотмайди ё.
Қўрқаман. Шу ҳолат этса гар давом,
Кўзларга қуйилиб уйғотар дарё!
 
2013

ОЙБЕК ХОТИРАСИГА

Чўр, тутуқ, тархон – чигил уруғидан ишхид Тўн Ябғу (618-630) жорий этган унвонлар. Ўша замонларда сўғдий, хоразмий, парфиён, оромий ёзувларидан ташқари махсус Фарғона ёзувлари ҳам бўлган…


 
Тутуқ унвонини билмайди алар,
Билар панжарада тутиб туришни.
Ноғора чалади. Билар бесамар,
Тарихни тўнкариб қайта қуришни.
 
 
Фақат юрагингга томади ёшинг,
Қирларда югурган тулпорлар толди.
Идорага кирсанг урилар бошинг,
Чўқморлар болғага айланиб қолди.
 
 
Қиличлар емрилиб бўлди-ю ўроқ,
Аммо қолиб кетди қонларнинг иси.
Аскарлар қабрида турибди сўроқ,
Ойбекнинг тилида тутуқ белгиси.
 
2013

СЕН ЎҚИСАНГ, ҚАНИЙДИ

 
Мен ҳам шеър ёзаман шоирларга ўхшаб,
Албатта, Алишер Навоий ё Шавкат Раҳмонга ўхшаб эмас.
 
 
Оддий шеър ёзаман.
 
 
Кейин сенга ўқиб бераман, фақат, сенга,
Ҳайрат билан тинглашларинг ёқади менга.
 
 
Мен ҳам ўламан шоирларга ўхшаб,
Жуда бой бўлиб ўламан, ишон!
 
 
Оёқлари олтиндан бўлган хонтахта
устида шеърларим қолади.
 
 
Фарзандларим мени эслаганда
ўқиб туриши мумкин бу шеърларни.
 
 
Сен ўзинг ўқисанг қанийди ўшанда ҳам.
 
 
Афсуски, бундай бўлмайди.
Милёнлаб кўзлар ҳам тикилиши мумкин
бу шеърларга.
 
 
Билмадим, қанақа одамлар бор улар ичида.
 
 
Ҳозирдан қизғоняпман.
 
 
Муҳайё,
Сен ёққан олов шунчалар қадрлими-а…
 
2013

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации