Электронная библиотека » Ҳусан Мақсуд » » онлайн чтение - страница 4

Текст книги "МАНГУ АФСОНА"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:43


Автор книги: Ҳусан Мақсуд


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 9 страниц)

Шрифт:
- 100% +

РЎЗИГУЛ ОПА

 
“ Улғайтириб қуёшни, гўё,
Кўкка отган – сиз!..” Шу ибора.
Сиз меҳрсиз – ичгулик дунё,
Бор-йўғингиз шундан иборат.
Олам тордир. Хонангиз муздек,
Тушсин дейсиз шу ҳаёт изга.
Сиз онасиз устига-устак,
Икки ўғил, иккита қизга.
Йиғинасиз тийинма-тийин,
Бошингизда рўзғорнинг ғами,
Ҳаёт оғир. Яшамоқ қийин.
Ҳеч тўлмайди дунёнинг ками,
Кетолмайман кўнгилни узиб.
Мен меҳрга тўймаган банда…
Бутун дунё ғамлари сузиб,
Кўзларингиз кулиб турганда.
Бунча тийра. Бунчалар ёруғ,
Дунёдаги энг сахий кўзлар.
Иситади умримни шу чўғ,
Тополмайман муносиб сўзлар.
Қаршингизда ҳар куни мастман,
Туйғуларни этолмасман жам.
Эриб кетгум… Ҳол сўролмасман,
Мен – тиллари соппа-соғ одам!
Жим қарайсиз мен меҳрсизга,
Ажинлар ҳам турар ярашиб.
Ғалатироқ туюлар сизга
Юзингизга тўймай қарашим.
Силкитасиз палтом қорини,
Нима ғамдир кўрасиз баҳам.
Гадоларга тўкиб борини,
Ачинасиз подшоларга ҳам.
Бегонамас ҳеч ким ва ҳеч жон,
Шу кўчада ҳамма танийди…
Шу аёлдир энг улуғ инсон,
Эҳ, одамлар билса, қанийди…
Улғайтириб қуёшни, ахир,
Ол деб кўкка отган шу аёл.
Излаб келар иссиқроқ бағир,
Совуқлардан изиллаб шамол.
Куйиб борар менинг кўксим-а,
Билмам, нима боғлаган ипсиз.
Мағрур бўлинг. Ҳеч ҳам ўксиманг,
Сиз дунёни ушлаб турибсиз!
Сизсиз дунё довдирар нурсиз,
Бу дунёнинг елкаси яғир.
Бу шаҳарда дунё бир қўрсиз
Эшшак каби бўлмасин сағир.
Йиғласангиз кимгадир ўхшаб,
Ғалатидир… Нечун бу кўз ёш?
Пойингизга тонгларни тўшаб,
Бағрингизда балқийди қуёш.
Фақат сизни кўрмаклик учун,
Шафақларда гезариб лаби,
Жим соғиниб қайтади бир кун,
Олис кетган болангиз каби…
 
2012

ЧИНГИЗ АКАГА

 
Элчиман! Мана шу тилнинг эгаси,
Тилимдан айирманг. Бу қандай ҳолдир.
Мендадир жамики қушларнинг саси –
Боғда сайр этсам, булбуллар лолдир.
 
 
Юртингизга келдим булутлар ошиб,
Қўрғошин тахламанг. Қилманг менга дўқ.
Қўйинг, тураверсин елкамда бошим,
Элчига ўлим йўқ, тилга суяк йўқ.
 
 
Келажакдан айтар фолбин эмасман,
Лек хабарим бор ўтмишдан сал-пал.
Оқ байроқ ушлаб ал-омон демасман,
Ҳисобим тепада этилгандир ҳал.
 
 
Нега бошим узра шамол эсгайдир,
Қилич дамими? Ё сотқин олар дам?
Кимга аччиқ қилиб бурун кесгайдир,
Аларга айтинг. Тушмасин
Хоразмшоҳ куйига ҳеч ҳам!
 
2013

ЭНГ ҚАДРЛИ ШЕЪР

 
Деди: бошқа Сўз де,
Бошинг каби арзон бу
 
 
Дедим: инсонлар ҳали жамоадан
уруғчиликка ўтмаган дамларда
туркийларни чўқмор билан кўмишган.
 
 
Қабилаларга оқсоқол керак бўлганда
туркийларни ханжар билан кўмишган
 
 
Эҳромлардан анча замонлар олдин
белги туширилган тош бўлган мозорларида.
 
 
Ҳали англанмаган Дин Илк давлат
тузилмалари тожу тахт талаши боринг ки,
кечаги ўн бешинчи асргача қабрларнинг
устига энди ичида эмас оёқ кийимларини
қўйиб кўмишган
 
 
Надоматлар бўлсинким ўлимингдан
олдин тушунасану Айтолмай кетасан
 
2013

ЁШЛИГИМ ТУГАЙДИ

 
Ёшлигим тугайди. Тугар ҳарорат.
Тағин не савдолар соларсан бошга?
Бунчалар беаёв этмагил ғорат,
Нафасим бошқадир, тупроғим бошқа.
 
 
Жонбахш лабларингдан ўпарман қониб,
Малла сочларингда қўлларим шона.
Ғарбга ботаяпман қуёшдай ёниб,
Шеърларим Шарқона, сўзим Шарқона!
 
 
Тўлқинлар шиддати олов вужудда,
Ёниб бораётган саҳро ҳовури.
Шамоллар шовури қилолмас удда,
Борарсан умримни елга совуриб.
 
 
Қаттол ҳисларингдан омон на жонлар,
Афсуски, ёш инар айрилар чоғи.
Сен кўмиб бўлгансан аллақачонлар,
Қучиб йиғламагин мозор тупроғин.
 
2013

КЎЗЛАРИ ОЛОВ

 
Кўзлари оловдир. Ёнар оввора,
Танамни оловдек ҳислар элтади.
Тўпиқни ўпади. Сочлари қора.
Ҳайҳот, ҳинд қизига ўхшаб кетади.
 
 
Вафо беназир ҳис. Садоқат аҳдли,
Қадим Ҳиндистонда кезар хаёллар.
Бошқалар билмайди. Нақадар бахтли
Ўзини оловга отган аёллар!
 
 
Қучоғимда олов – ўзим каби ёт,
Юрагимда қанча олов елгандир…
Кўзларида кўзим – жирканч махлуқот,
Дўзах оқар… “Кечдир. Эрим келгандир”.
 
 
Ҳаётнинг таъмидир – лаблари болдек,
Хайр деб кетса-да шафаққа томон.
Афсус… Хаёлимда яшайди омон,
Ўзини оловга отган аёлдек.
 
2013

БИР БОР ЭКАНУ, БИР ЙЎҚ ЭКАН

 
Бир бор экану, бир йўқ экан,
Сен бор экану, мен бор экан.
Куйиб қолдим, ишқ бир чўғ экан,
Ишқ охири дил абгор экан.
Қора қарға қақимчи экан,
Қўшниларинг чақимчи экан.
Илон изли, чангли, тупроқли,
Сенга борар сўқмоғим тикан.
Олапаринг баковул экан,
Акаларинг ясовул экан.
Гулим, бизлар яшаган жойлар
Қишлоқлару кенг овул экан.
Оқ ўрдаклар карнайчи экан,
Ким тўйингда сурнайчи экан.
Гуноҳ сенда эмас, алқисса,
Сочинг кесган “шумқайчи” экан.
Тош тошбақа, тош тарозибон,
Чиройингдан ой ҳам қарздор.
Белинг хипча, қошларинг камон,
Мингта ошиқ дарбозангда хор.
Томоғингдан сув ичганингда,
Сабзи есанг ўнг биқинингдан.
Гул сутидек оппоқ танинг-да,
Кўринмасди…Кўрмасдим чиндан.
Опқочмаган Қора дев сени,
Йўлларимни ёвлар тўсмаган.
Кўрсатмаган ойнакчанг мени,
Ҳар қадамда тоғлар ўсмаган.
Жин-парилар бўлмаган бунда,
Алдамаган ялмоғиз кампир.
Кўзинг каби қоп-қора тунда,
Юрмаганман кўтариб шамшир.
Денгизларда ютмади балиқ,
Балиқчига – тушмадим тўрга.
Дарёларда оқмаган сандиқ,
Айланмадим ёки Тоҳирга.
Учмадик биз учар гиламда,
Минмаганмиз қанотли тулпор.
Нур бўлмадик учрашган дамда,
Нафасингдан чиқмаган баҳор.
Бўлмагансан шоҳнинг қизи ҳам,
Қўймагансан қирқ йигитга шарт.
Куйдиради, фақат, маликам,
Эртакларга ўралган бир дард…
 
2004

СЎЗЛАРИНГ ЖАРАНГЛАР…

 
Сўзларинг жаранглар: Рўмолим янги…
Мезонлар кесилар. Узилар тор ҳам.
Манов, дарахтларнинг абадий ранги,
Сўзларда яшайди шамол ҳам, қор ҳам.
 
 
Севдим дедим қанча. Шеър битдим талай,
Ёниб куйлаб бердим қалбимга доир.
Бахтлиман. Пойингда ўлсам, ҳарқалай,
Дейсан: сен оламда тенгсиз бир шоир!
 
 
Яшашга шукуҳ бор. Юрак лахчалик,
Тўйимли лабларинг. Титроғи оний.
Ўлим мангу эмас! Ўлим лаҳзалик –
Шошқалоқ бўсамдек саросар, фоний.
 
 
Ёруғ кўзларингнинг сувлари лим-лим –
Йиғламак мумкинми озод элимда?
Нақадар бахтлиман, кўргил, севгилим,
Сенга видо дейман туркий тилимда.
 
 
Муҳаббат сўзидек ёниқ тургаймен,
Сийратим боқади ўғил-қизингдан.
Мени сўраб юргил босган изингдан,
Тупроққа айланиб яшаб кўргаймен.
 
 
Бир ишқ билан кезар тупроқда қадам,
Ўлим мангу эмас… Лаҳзалик чоғи…
Ҳатто, сенинг мунглиғ овозингда ҳам
Мағрур жаранглайди ватан тупроғи…
 
2013

ОСМОН…

 
Осмон
Бошимдадир,
Собитдир ҳали…
 
 
Қушларнинг кўзида хиёнат кўрдим,
Севгансиз дедилар кўп бор таънали.
Мен кулиб…
Мен кулиб жимгина турдим.
 
 
Қарайсан…
Қарайсан қуёшни сўйиб.
 
 
Шафақ!
Юрагимдан сачрайди шарар.
Йиғлайман…
 
 
Йиғлайман бошимни қўйиб
Эй гул, қадамларинг тоза бўлса гар
Ёлғиз нафас олар беғубор ҳурким…
 
 
Ниҳоят,
Изиллаб ўзимни тўкдим.
Дарё!
Тўлқинли сочларга чўкдим.
Наҳотки
Шамоллар яшаган ҳуркиб…
 
 
У келди кўзимга кўзёшдек иниб.
Муҳаббат. Жон талаш,
Розиман ўлсам. Розиман тортилсак дорга.
Бардошим тушмасин фалакдан синиб…
 
 
Ишонсин одамлар…
 
 
Замин,
Руҳимизни қўйиб юборма!
 
2013

ОЙҚИЗГА МАКТУБ

 
Ҳаёт. Тўлсам, ғамга тўлибман,
Армон недир? Недир ўтинчим?
Шеър йўлида мен ким бўлибман –
Бир адашган оддий ўткинчи.
 
 
Қора сочли, ингичка белли,
Лайлим дейман, ўзимча Мажнун.
Севиб туриб йиғлашни хун-хун,
Уддасидан чиқдим, шекилли.
 
 
Қалам тутган ўн саккиз ёшда,
Менга ўхшаб ҳамма ҳам ахир.
Хатлар ёзган, ҳў, қалам қошга,
Муҳаббатдан қийналиб охир.
 
 
Лабингда сўз гуллар – учуқдай,
Мени қучиб шоирим дема.
Эътиборсиз қолган кучукдай
Журналларга чопмасам нима?..
 
 
Қандай жўшқин дарё шовури,
Кўкда буюк ижодкор яшар.
Кўтарилсин кўнгил ҳовури,
Қучоғига интилсин башар.
 
 
Алангадай бўғзимда ҳануз,
Куйиб кетган Зардушт нафаси.
Мен ўгирсам тиловатга юз,
Шеърга ўхшар Қуръоннинг саси…
 
 
Бунча ўйчан сенинг нигоҳинг –
Нигоҳимга сочилган ўқдир.
Шеърга ўхшар ҳар тортган оҳинг,
Бундан сени хабаринг йўқдир.
 
 
Йўқолса не юракнинг тинчи?
Гўё анор – қонли ол мозор.
Шеър эмасдир, қишлоқ соғинчи,
Шеър эмасдир, анов, олмазор.
 
 
Болам, сенда ишламас мия,
Одамларга ўхшаб яша сал.
Сендан шоир чиқмайди дея,
Онам тўгри айтади ҳар гал.
 
 
Қизиғи йўқ – одамлар не дер.
Қушлар сайрар, шамоллар елар.
Ўзим ёзиб нималарнидир,
Фақат ўзим ўқигим келар.
 
2013

ОЧИҚ ШЕЪР

 
Ҳатто тугагандир висолда шукуҳ,
Ишқ осмони ғамга очиб турар фол.
Бу кимсасиз боғда кезинади руҳ,
Япроқларни узар беаёв шамол.
 
 
Ҳаётим сўнгига нуқта бўлар хол,
Жасадда бир қуш-ки чирқираб турар.
Кўксимга ташланган сочларинг қаттол –
Танамдан фаррошдек жонни супурар.
 
 
Тириклик сўзига қолмагандир ҳол,
Хазондек сочилдим. Одамлар оқар.
Мана, қуёш ҳам сарғайиб боқар,
 
 
Бўғриққан дардларга борлиғинг тўлди.
Афсус. Хазонларни фаррошлар ёқар,
Сочилган дунёмни йиғиштир, бўлди.
 
2013

САЗОЙИ

Улар (Дашти Қипчоқликлар)нинг тирикчилиги от билан, юртларидаги отлар сони бизнинг юртлардаги қўйлардан ҳам кўпроқ, чамамда. Унчалик бой бўлмаган туркда ҳам бу отлардан минглаб бўлиши мумкин.

“Туҳфат ан-нуззор фи ғароиб ал-амсор ва ажоиб ал-асфор”дан.

 
Хаёлим паришон, азиз жўралар,
Эшак кўпкарига югурган чоғда.
Қоғозлар юзида бағрим тўғралар,
Ажиб ҳикматлар бор Дашти Қипчоқда.
 
 
Отлар дупурида зириллайди ер,
Бесаноқ йилқилар – тушовсиз бари.
Отни туркийларнинг улуғ кўрки дер,
Барака ёғдирар осмон сарвари.
 
 
Дейди: Ҳой, қаранглар! Отарлар тўлсин,
Қашқирлар кирмасин. Билинглар шуни.
Ҳаром кўпаймасин. Тупроқ пок бўлсин,
Эшакка қолмасин туркийлар куни.
 
 
Шафақнинг кўксида кишнайди тулпор,
Ёллари гажакдир. Кўзлари ҳайрат.
Томирида қайнаб тошган олов бор,
Жиловида оқар шижоат, ғайрат.
 
 
Эшак ораласа қувар ҳай-ҳайлаб,
Тошбўрон қилишиб ҳайдар тўқайга.
Тўқай йўлбарслари ўтирар пойлаб –
Бундайин беминнат ўлжа бор қайда?!
 
 
Туркийларга ордир эшакка миниш,
Эшакка минган деб битиб қўяр хат.
Эшакка миндирар қилса айб иш,
Ё ёлғон сўзласа, қилса хиёнат.
 
 
Хоиннинг юзига суртади қора,
Қолмас сира тупук тегмаган жойи.
Шаҳарлар, қишлоқлар, бозорлар ора
Эшакка миндириб қилар сазойи.
 
 
Ўғрининг оғзига тиқишар зарни,
Эшакка миндирар тескари чоғлаб.
Эшакни ҳаром дер. Кўрса-чи ғарни,
Эшаклар ичига қўяди боғлаб.
 
 
Шоир эшак минса, ёлғон тузгуси,
Эшакка минганни туркий демасдир.
Насриддин Афанди – халқнинг кўзгуси,
Эшакдан боқиши бежиз эмасдир.
 
 
Достонлар ёзганман отлар ҳақида,
Эшак мадҳига ҳеч ёзолмадим шеър.
Раҳмим келар, фақат, хунук ақида –
Арава тортади босганича тер.
 
 
Бозорга тушиб кўр – даллоллар омон,
Туёқлар тепанғич. Ким йўлга зордир.
Анграйиб турибди қўйлар ўнг томон,
Чапда уч гектар ер эшакбозордир.
 
 
Эшакнинг ёнида ким бўлар ҳалол,
Эшакларни кўриб келдим шаҳардан.
Бу шеърни ёзмасдим келса ҳам малол,
Тушимга киргандек алжиб саҳардан.
 
 
Қўшнимнинг эшаги ҳанграр тонг отиб,
Эшитар Ўтрордан то Онадўли.
Эшак олиб келган отини сотиб,
Отга ем беришга йўқ экан пули.
 
 
Журналга босилмас бу шеър, инчунун,
Фақат қулоғи бор, шох йўқ, йўқ ойи.
Кечиринг, магарким, шу шеърни бир кун,
Эшакка елимлаб, қилсам, сазойи.
 
2013

МАНГУ АФСОНА

Тамодур бинт Умар (шоира Хансо) хотирасига


 
Шеърлар рост бўлади йиғидан келса,
Ёр мадҳига бўлган ғазаллар ёлғон.
Тарихни тўнкариб шамоллар елса,
Кўзёшлар ўрнига оқиб борар қон –
 
 
Биринчи ўғилга битар марсия,
Иккинчи ўғилга битар марсия,
Учинчи ўғилга битар марсия,
Тўртинчи ўғилга битар марсия…
 
 
Бирдек ҳалок бўлди. Оҳ… тўрт ўғил ҳам.
Қодисия жанги – тириклар йўқдир.
Қиличлар шарафли. Фатҳ мукаррам.
Ёнаётган тупроқ – бўғзида чўғдир!
 
 
Қўллари боғлиқдир, тиллари боғлиқ,
Бошлар дорда – тилга айбин тўнкаган.
Ҳоқонлар хор бўлган. (Диллари доғлиқ,
Марсиялар мерос Алп Эр Тўнгадан.)
 
 
Билмам. Кимлардадир қолиб кетди хун,
Бу шўрхок денгизда тўлиб борар ғам.
Наҳот, манглайи шўр туркийлар учун
Бир умр марсия айтиб яшасам…
 
 
Қоғозлар пўстлоқдир. Юборгил сочиб,
Суяклар шақирлар бўлганича ҳур.
Қайга ҳам борардинг суякдан қочиб,
Сингиб бормакда тўрт муқаддас унсур.
 
 
Қанча териларга Сўзлар кўчадир,
Йиғлаб Зардўшт билан қуёш аксида.
Тупроқдан тирилган сўзлар учадир,
Учар зикр тушиб Само рақсида…
 
2013

ХАЁЛ-УЛ ТАМОМ ОНИЙДИР

 
Онтким, не урён сен борсан,
На ҳур, на санам, на малак.
Нечук ўр, ҳуркак дилдорсан,
Сабо ҳур қучар капалак.
 
 
Мисли барқ умр шамидир,
Олов ҳоли танг ол рангга.
Ёнмак, ки, ошиқ ғамидир,
Бошим қўяй, ёр, сийнангга.
 
 
Васлинг боғи на ўт, дун на,
Бил, шом зайли, чун ботар кун.
Дер: Ва мал ҳайрат уд-дуня,
Илла лаъибун ва лаҳвун…
 
 
Ҳар дам, бас, ажал оғуши,
Хаёл-ул тамом онийдир.
Чанқоқ чарх урар жон қуши,
Тушун мен ҳам бир фонийдир.
 
 
Шаҳи жом тўла ичгил май,
Гаҳи маст оқар тириклик.
Бунда ким беҳуш йиқилгай,
Ваҳки, то абад ўлмас тик.
 
2013

АФСОНА

 
Сигир бўғоз! Йўқ, бўғоз эмас,
Ахир, ҳали ҳўкиз кўрмаган.
Биларман бу дунёда ҳеч кас,
Тошқул каби хаёл сурмаган.
 
 
Кунлар ўтди. Туғди сигир ҳам,
Қўшнилардан суюнчи сўрар.
Тезак тушса думин қилиб жам,
Ўз жойини ўзи супурар.
 
 
У ҳаммага юрар мақтаниб:
Ҳўкиз кўрмай сигирим туғди.
Кимлар кулди устидан яниб,
Чоллар уни ёлғон, деб бўғди.
 
 
Нима бўпти алдасам, эй чол –
Жаҳли чиқар, чиқади жони –
Ёниб дейди биргина аёл,
Алдаганда бутун дунёни.
 
 
У яна алдади,
Унинг хотини йўқ эди-да.
 
2013

ЯШАШ ШУКУҲИНИ ИЧИРГИН

 
Энди унинг лаби теккан қошиқдан
Яшаш шукуҳини ичиргин, шеърим.
Сени ҳеч ёр сочин кесмас ошиқдай
Пардозлаб юрмадим. Кечиргин, шеърим.
 
 
Ҳилол қўнсин, юлдуз қўнсин бошига,
Бу фалакни вайрон этмасин оҳи.
Ўсма бўлсин унинг эгик қошига
Манов қаламимнинг қолган сиёҳи.
 
 
Отасидан қўрқиб юрагин тиғлар,
Менга маъшуқ бўлмас… Нетармиз, шеърим?
Йўлимизда қанча юраклар йиғлар,
Қўлингни бер. Икков кетармиз, шеърим.
 
2013

НАФАСИНГ ЧОРЛАЙДИ

 
Нафасинг чорлайди. Кечир, ҳолим танг,
Ҳаллослаб чопаман. Йиқилади тан.
Оёғим чалинар – қочаман аранг,
Оловда ўйнаган жинлар базмидан.
 
 
Такшифман! Саҳродан изинг изладим,
Хаёлимдан бошқа ҳар томон сароб.
Ташнаман! Сувсизлик… Сувдан ҳам қадим,
Наҳотки бўғзимда қайнаган шароб!
 
 
Ҳарорат! Боряпти кўзим юмилиб,
Мангуми? Наҳотки одам ўлмайди!..
Қуёшнинг тафтида қумга кўмилиб,
Пишиб бориш мумкин, чириб бўлмайди!
 
 
Кўзимга қум тўлди. Йиқилдим беҳол.
Ғурурни йиқитгин бир марта, Шамол!
Ҳеч ел суягимга бўлолмас ҳаммол,
Қумларни тўзғитиб ўзинг кела қол!
 
2013

ТУЯКАШДАН СЎРАНГ

 
Ай, иқболи нигун!
Чингиз Айтматов айтган манқуртни
катта шаҳарда кўрдим.
 
 
Мирзатераклар аро
Ичига арпа солинган китоб қўлтиқлаб юрибди.
 
 
Бу сафар янги туя сўйиб, туянинг
ошқозонига унинг калласини тиқинг.
Сўнгра нима бўлишини туякашдан сўранг…
 
 
Қолганини айтардим-у мен туякаш эмасман.
 
2013

Яшаш учун уриб турган юракдир

 
Яшаш учун уриб турган юракдир,
Бойлик тугади. Ёрдам берар ким?
Ижод қилишига давлат керакдир,
Подшонинг олдига югурди олим.
 
 
О, бу муҳташам, бу сирли қалъа,
Фақат Искандарнинг кўшки бор баланд.
Олимнинг кўзига кўзини қадаб,
Деди: хазинамдан берай минг талант.
 
 
Олтин пешкашларда ташилди бойлик,
Олимнинг пойига келиб тўкилди –
Шеър қасри – қарайди қизлар чиройлик…
Этагига сиғмай олим букилди.
 
 
Деди: олсам, кўплик қилар бунча зар,
Бу на қиличбозлик, на сахийбозлик?!
Мийиғида кулиб деди Искандар:
Олгил. Беришимга қилади озлик!
 
2013

АФРОСИЁБ ХАРОБАЛАРИДА
БЕҲЗОДНИНГ ТУШИ

 
“Етар!”, дедим соф туркий
Туркон Оқо мақбарасида.
 
 
Шу тилда кўмилган,
шу тилда алла эшитган ўликлар уйғонди.
Тилни соғинган ўликлар билан чаҳ-чаҳлаша
бошладим.
 
 
Калла суякларнинг бошига гурзи тушгандай
сочила бошлади.
 
 
Беҳзод қўрқиб тиловат қилди овознинг
босқинидан.
 
 
Овоз парчалари қадамларимизни
етаклаб кетди харобаларга.
 
 
Пода юрарди мозорларни янчиб,
Бир олача бузоқнинг ёқасига чирмашди овозим.
“Туёғинг тагида мозордир!”
У барибир менинг тилимга тушунмайди.
 
 
Овозимни ушлаб, бу ёқ итлар макони, ўтманг, деди…
Қора ва оқ ит ҳурарди пайдар-пай.
 
 
Овоз синиқларини ушлаш учун изғий бошладик,
Оёғимизга сийнабандлар ўралиб йиқилдик.
 
 
Етилган овозларни шаклга қамаб оғир
чамадонда кўтариб олдим.
Бу дунёда ҳамма меҳмон,
Овозлар ҳам.
Меҳмон атойи худо.
 
 
Кимдир бўғзимдан тутди,
Ўз овозимнинг қаердалигини текшириб юрибман,
кўрмадингми дедим. Кимдир ўн тўрт ёшли қизни
зўрлаб ўлигини ташлаб кетибди зўрланган шу овоз
сенинг овозинг эмасми қабрларнинг жирканч қўлларида
ковлаётганлардан сўра деб яна қандайдир
кимсаларни кўрсатди. Биз югурдик.
 
 
Дўппайган чимларни устида овозим шивирлаб кезарди.
Кимдир овоз устига отасининг ўлигини тўккандай
бир камаз ахлат тўкиб кетди.
 
 
“Етар” дея бақирдим. Яна шочила бошлади тириклар.
 
2013

РАНГГО-РАНГ ДУНЁДИР

 
Муҳаббат! Сендирсан азалий наво,
Бир юракда қайта чертилмаган тор.
Сочингдан сочилиб келарми наво,
Ғаминг ўлдиргуси, чорламагин, ёр.
 
 
Осий бандаманки – ожиз, нотавон,
Келиб-кетмак манзил дашти фанодир.
Гарчи, умрим ёйиқ, йўллар на равон,
Сўнгги қароргоҳим дорул бақодир.
 
 
Ҳар лаҳза ажалга қадам қўйгаймен,
Ҳар лаҳза куйдириб хонумонини.
Ҳар лаҳза ажални ёниб суйгаймен,
Токим жонимғаким тутсин жонини.
 
 
Рангго-ранг дунёдир юрагим тўлмас,
Билсанг, ҳатто шамол ваҳийдир кўкдан.
Пойимга сочилган – термасам бўлмас,
Билмам, сенму ё Раб ишқини тўккан.
 
2013

АНДИН АВВАЛРОҚ

 
Эй осмон сарвари, мени кечиргин,
Қанча бошни кесиб дарёга отдим.
Оғам ичган сувдан менга ичиргин,
Қирғинлар ичида гуноҳга ботдим.
 
 
Оғам жасадида бошимни эгма,
Наҳот чаппасига айланар чархинг?!
Менинг жонимни ол, оғамга тегма,
Ҳисобингга тўғри жонимнинг нархи.
 
 
Жон олсанг, магарким, суратга қараб,
Оғамдан хушсурат ўзимман, қара!
Мен кўпроқ ўлимга лойиқман, ё Раб,
Ажал шонасида жонимни тара.
 
 
Ўлим тўшагида ётарди Ўқтой,
Тўлдихон кетмади сира қошидан.
Ажалга илтижо қилиб пардай-пай,
Уч бора айланди унинг бошидан.
 
 
Чин юрак ноласи доим худолик,
Ўқтой тирик қолди. Тўлдихон ўлди.
Жуда қиммат тушди бундай жудолик,
Оғажон, кейин-чи, кейин не бўлди?
 
 
Осмонга қаради: Кейинми иним,
Туркийлар ҳавода булутлар солди.
Сўнгра булутга ҳам билдирмасдан жим,
Инилар оғасин жонини олди.
 
2013

ЯСУГАЙ АФСОНАСИ

 
Ҳў, Темучин келибди босиб,
Бизнинг даштда пода ҳайдармиш.
Ўз туғини қўйибди осиб,
Ер меники дея айтармиш.
 
 
Ҳомиладор юрар бир аёл,
Илон чаққан. Учади қушлар.
Сўнгсиз даштдек учади хаёл,
Момо турар жиловни ушлаб.
 
 
Момо дейди: вой, болам-а, қайт,
Қондош эрур бўлса-да ўгай.
Қайсар ўғил қамчи босди – ҳайт!
Елдек елиб кетди Ясугай!
 
 
Айланади дунё – чархпалак,
Тўқнаш келди икки баҳодир.
Синаш учун ташлаган фалак –
Инсон зоти нимага қодир?
 
 
Иккови ҳам ботишди терга,
Қон сачрайди. Жанг борар оғир.
Енгилмади Темучин Эрка,
Мағлуб бўлди Ясугай охир.
 
 
Темучин – у мисоли бир шер,
Тираб турган ханжари чақин.
Мард Ясугай ёлворганча дер:
Аёлимнинг ой-куни яқин.
 
 
Ёлворганча чекар эди оҳ,
Ажал ҳукми ортга сурилди.
Ғолиб бўлган ботирнинг э-воҳ,
Орқасидан пичоқ урилди.
 
 
Ерга қарар умрида илк бор,
Ул Ясугай бўлиб шарманда.
Ўз айбига бўлиб у иқрор
Дер: учради йўлда бир шарпа.
 
 
Тош остига сочин бостириб,
Деди: ўғил кўрасан, ҳоқон.
Сўнгра кетди тўқайга кириб,
Изларидан томиб қолди қон.
 
 
Кечир, томган ўшанинг хуни,
Хоин каби санчилди туғим.
Эшит, ахир келиб бир куни,
Енгилганим билмасин ўғлим!
 
 
Жўмард қўлдан қолди-ю омон,
Бир ён саҳро, бир ёни тўқай.
Жилов буриб ўтови томон,
Елдек елиб кетди Ясугай!
 
 
Кимдир қўяр уйни супуриб,
Кимдир тикар янги бир чодир.
Яқинлашар отнинг дупури,
Ғолиб қайтар – ана баҳодир!
 
 
Қум тўзони уради кўзга,
Шамол увлар. Титраб борар ер.
Ясугай алп содиқдир тузга,
Ҳамма билар – наъра тортган шеър!
 
 
Меҳмон кўпдир, ўтовлар тордир,
Тезак териш қолди-ку чала.
Тош излайди – чақмоғи борми?
Аёл туғса керак атала!
 
 
Андармондир. Момо жуда банд,
Ўт қўйишга ўрайди сомон.
Тутаб борар олис Самарқанд,
Ёна бошлар Хуросон томон.
 
 
Тўлғоқ тутиб осмон бўғилди,
Чақалоқдай йиғлар буюк Чин.
Булути бор бола туғилди,
Унга исм қўйди – Темучин!
 
2013

ШАК КЕЛТИРМА

 
Шамолни сочинг тутар,
Мен қоларман не ғамда.
Шафақ қон ичиб ўтар,
Ажал сайри ҳар дамда.
 
 
Шак келтирма гапимга,
Ки, тўхтар айланган қон.
Лабинг тутгил лабимга,
Ёндирсин қучоғинг, жон.
 
 
Ўлсам менга олов йўқ,
Жаҳаннам йўлларида.
Васлинг истаб босдим чўғ,
Дарғамнинг11
  Шоир туғилган жой


[Закрыть]
чўлларида.
 
 
Ичмак учун бот тўйиб,
Бу боғнинг ҳавосидан
Қайтар эдим жон қўйиб,
Ул жаннат маъвосидан.
 
 
Шак келтирма гапимга,
Шафақ ботди, тушди кеч.
Лабинг тутгил лабимга,
Ўлиб бўлмас энди ҳеч.
 
2013

ЭССИЗ ВАҚТ

 
Аҳд қилдингки, вафо қилғайсен,
Йўқки жонимға жафо қилғайсен.
 
Султон Саидхон (1486-1533)

 
Бир соат билярд ўйини тўрт минг сўм,
Қаршимда қоғоз.
 
 
Нимадир қилишим керак-ку.
Китоб ўқишга ҳафсалам йўқ.
 
 
Ғирот толиққан…
Нималардир алжираб ёза бошлайман.
 
 
Адабиётшунослар модернми
ё романми аташади кейинчалик.
Ки, улар шеър ёзишни орзу қилиб ўтган
бандалар.
 
 
Қаршимда оқ қоғоз.
Уни севиб бўлмайди.
 
 
У инсонмас.
 
2013

ЧИПТА ЎРНИДА ЭРТАК

 
Йиғламагин. Йиғлама, Ойнур,
Тошкент тошдир – бағри тош шаҳар.
Юр, кетамиз Энасойга, юр,
Қирқ тарамли кийиклар яшар.
 
 
Тамшанасан қуруқшиб лабинг,
Қара! Ҳатто сотиларкан сув!
Тутилади тилдаги гапинг,
Етар, оҳум, юзларингни юв…
 
 
Юр, бекатга. Писта чақамиз.
Писталарни қилганча эрмак,
Айтиб берай чўкканимча тиз,
Кўз ёшларинг ҳақида эртак.
 
 
Эшит… Кирғий шамолдек елди,
Суриб тушди тоғларнинг қорин.
Миниб улуғ ўғуздан келди,
Хато қочган довон тулпорин.
 
 
Яшар эди баланд адирда
Бир қабила – бирлашган қавм.
Тошнонлари ўхшар патирга,
Дин биларди, биларди ваҳм.
 
 
Булут эмас бошига доим,
Улуғ ҳоқон сояси тушар.
Бир-бирига сўйлаб мулойим,
Пўстаги-ю поясин тўшар.
 
 
Бўриларга ем бўлган пода,
Чайла каби олам тор эди.
Уйланганда кичик шаҳзода,
Ҳоқон қўйган шарти бор эди.
 
 
Эшит… Киргей шамолдек елди,
Суриб борди тоғларнинг қорин.
Миниб улуғ ўғуздан келди,
Хитой қочган довон тулпорин.
 
 
Бош чангаллаб деди оқсоқол:
Қуёш ўпар подшо тожини.
Шарти йўқни ғажийди шоқол,
Тўлолмадик унинг божини.
 
 
Биз қизларни берамиз, гап бас!
Қисмат шудир. Сўздан қайтмасман.
Ойнур! Шоҳлар исми айтилмас,
Йўқ! Ҳоқоннинг исмин айтмасман!
 
 
Эшит… Киргей шамолдек елди,
Ёпиб келди бутунлай ғорин.
Дингиллатиб динг линг-ла келди,
Чинга қочган довон тулпорин.
 
 
Овул қолди бағрин яралаб,
Тупроғига босиб тизларни.
Киргей қирқта қизни саралиб,
Олиб кетди қирдан қизларни.
 
 
Қўшиқ айтар кўкка чиққан ой,
Қирдан эниб излар кетадир,
Ушлаб қолинг қизлар кетадир,
Гизлаб-гизлаб гизлар кетадир.
 
 
Қўшиқ айтар тонг чоғи қуёш,
Изларидан нурлар кетарми?
Шода-шода дурлар кетарми,
Нур тегмаган ҳурлар кетарми?
 
 
Эшит… Киргей қайларга кетар,
Тангритоғнинг эриган қори…
Ёт лахчада кишнаблар кетар,
Гиекун дея довон тулпори.
 
 
Қабилалар изғиб юради,
Талаш бўлган дарёлар тошар.
Нима бўлса тупроқ кўради…
Барча қизлар ўн саккиз ёшар!
 
 
Ҳаёт аччиқ. Бошқа не ҳам дей.
Яшаб бўлмас юракни тишлаб.
Қирқта қизга алпманас Киргей,
Қирқ кечани берди бағишлаб.
 
 
Осмонлардан тўзиб тушар пат,
Ҳануз, тахтдан ҳоқон елмади.
Содир бўлган мудҳиш хиёнат,
Қорлар келди, қизлар келмади.
 
 
Из олишди ҳоқон лашкари,
Кечирилмас хоинлик алсо.
Қочиб бўлмас ердан ташқари,
Алдаб бўлмас на ажални, ё.
 
 
Бош кўтариб биров қарамас,
Олиб борди Киргей бошини.
Дер ит теккан – эрга ярамас,
Қизлар кетди тўкиб ёшини.
 
 
Қўшиқ айтар кўкка чиққан ой;
Қирдан эниб излар кетадир,
Кўксин муштлаб қизлар кетадир,
Гизлаб-гизлаб гизлар кетадир.
 
 
Қўшиқ айтар тонг чоғи қуёш;
Кўзларидан нурлар кетарми?
Шода-шода дурлар кетарми?
Нур тегмаган ҳурлар кетарми?
 
 
Излаб борар ўтовин қизлар,
Жин кўргандай кўрган қочади.
Қум тагида йўқолган излар,
Сўнгсиз саҳро бағрин очади.
 
 
Доғлар босган ойдек юзларин,
Тикан ўпар товонин шилиб.
Қийиқ бўлар оҳу кўзлари,
Шамолларда борар қисилиб.
 
 
Қаён келган? Қаён кетади?
Тугаб борар ўтлар ҳам охир.
Илдизлари қайга етади?
Қирқта қизнинг ойиғи оғир!
 
 
Ҳоли йўқдир шикорга, овга,
Жуда олис кўринган тоғлар.
Суянолмас биров-бировга,
Бир қултум сув яшашга чоғлар.
 
 
Борайпти лаблари қуриб,
Кун ёнади. Очлик. Ташналик.
Бот қолгандек саробни кўриб,
Қирқта қиз ҳам туриб қолар тик.
 
 
Ахир, ана, дарё солган из!
Кўринади, ина – ана – сой!
Қизлар йиғлар ташнамиз, очмиз,
Оч қолдирма, ай-а, эна – сой.
 
 
Қўшиқ айтар тонг чоғи қуёш;
Бағир тилиб оқиб борар тош,
Дардлар оқар, оқади кўз ёш,
О, она сув ўзинг бўлгил бош.
 
 
Қўшиқ айтар кўкка чиққан ой;
Фалаклардан қаралган ҳай – сув,
Қирқ кокили таралган ҳай – сой,
Кўз ёшлардан яралган ҳай – сув.
 
 
Қолганига ақлим етмайди,
Қиз дегани – ханзуми, хайсу?
Юрагимдан дардлар кетмайди,
Сен биларсан барини ай, сув!
 
 
Улус уйсу, она тўлуси,
Фарқи йўқдир, йиғлама, Ойнур!
Сенга қараб ўпкам тўлгуси,
Юр кетамиз, Энасойга, юр…
 
 
Сўзлар эмас сепаман тариқ,
Минг йилликдир сочинг толаси…
Рост сўзларни айтолмас тарих,
Айтиб ўтар қизлар жоласи.
 
2013

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации