Текст книги "МАНГУ АФСОНА"
Автор книги: Ҳусан Мақсуд
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 8 (всего у книги 9 страниц)
УЧИНЧИ КУН
1
Адо этар соғинч, Ҳуснора,
Шоир учун ёқиб қўйгин шам.
Шафақ ботди. Кечди оввора,
Сенсизликда учинчи кун ҳам.
Кўзларингни алишдим тунга,
Сочларингнинг тунда ҳиссаси.
Тор шаҳарда учинчи кунга
Етиб келди шоир қиссаси.
Ўт қуршаган туйғулар танда,
Соғинч ҳисси бешафқат ҳаргиз.
Ҳамроҳ эди унга ўшанда
Фарғоналик Зуҳро деган қиз.
Севгисига топмайин чора,
Шоир учун қаҳва элтарди.
Шоир эса хаёллар ора
Қишлоғига сайр этарди.
Кўз олдида қишлоқи қизлар
Кўз олдида қишлоқнинг йўли.
Уйин эслаб юраги гизлар,
Югурарди қаламга қўли.
Сизиб келди ёш қароғларга,
Самарқандга талпинди шоир.
Сочиқ ётган оқ вароқларга,
Аччиқ соғинч тўкилди бир-бир –
Мен қайтарман, она қишлоғим,
Юзларингга юзим юзлатиб.
Теракларинг ўпсин дудоғим,
Қизларингни энди бўзлатиб.
Қучоғингда муҳаббат армон,
Ўғирланган менинг ёшлигим.
Юрибдими айтгин соғ-омон,
Дўмбоққина қора қошлигим?
Қандай ортга қайрилай ортиқ,
Ишқ тиғида юрагим ҳамон.
Борлиғимни қилганман тортиқ,
Ўсмирлигим етилган замон.
Товонларим зирқираб кетар,
Дўнг кўчани кезган кезларим.
Изига-ку изларим етар,
Етармикан бироқ ҳисларим.
Олисларда топганим қадр,
Умрим боди қуруқ хотира.
Ўзга юртнинг қизлари надир,
Гулларингга алишмам сира.
Эрка эдим, ўжар эдим мен,
Бугун кўрсанг менда итоат.
Шамолинг-ла сочим тарагин,
Янтоғингга қилай ибодат.
Соғинч ҳаққи сутдай бокира,
Пода кечган сувингдан ичай.
Яғринимни қуёшга сўра,
Кўкрагимдан тугмани ечай.
Пешонамга тортилган битик,
Тарам-тарам макказорингдай.
Топиб бергин кирзали этик,
Елкамдан тут, тутган орингдай.
Чангларингнинг гарди кўзимда,
Мужгонимда осилиб турар.
Дардим сўзда, дардинг ўзимда,
Бу дардларим хазон супурар.
Дунёсидан бермагин хабар,
Сўздан бошқа қилмайман даъво.
Питир-питир чумчуғинг қадар
Ҳовучимда турибди дунё.
Ёнаётган бобо қуёшдай,
Ёна бошлар кўзимда соғинч.
Чап кўксимда сайроқи қушдай
Типирчилар бир нима нотинч.
Онам мени соғинган мисол,
Соғинибман қишлоқни бирам.
Соғинганман қошлари ҳилол,
Боргим келар Ғиждувонга ҳам.
Ҳуштагимни баралла қўйиб,
Мен қайтарман Тошкентдан яна.
Энг беғубор ҳисларни туйиб,
Гўзал шеърлар қилар тантана.
Шивирлашар секин эгилиб,
Бўйга етган жўхоризор.
Қанотига мезонлар илиб,
Кўк читтаклар бошлайди алёр.
Тикон босган футбол майдони,
Кўк кўксига қоқилган терак.
Юракларнинг кенгдир айвони.
Шундан бўлак нима ҳам керак…
Қитиқлайди пичан бўйлари,
Бундай эмас хонимлар мушки.
Не бўлибди орзу-ўйларим –
Қисматимнинг тугилган мушти.
Қадамларим тошларни тепар,
Шеърларимда ковуллар таъми.
Дайди еллар кўксимни елпар,
Бўйинбоғда улар алами.
Ўз ўқида гизли заминдай,
Бармоғимда айланар кепкам.
Бу дунёси аслида шундай,
Айланмачоқ ўйнаркан, эркам…
Аччиқ соғинч алами чексиз,
Унинг сўзи юракни тиғлар.
Сулувлардан сулув Зуҳро қиз,
Елкасига бош қўйиб йиғлар.
Кўзларига сурмаси инмай,
Кўзёшларга ёзар қулочин.
Бармоғида силарди тинмай,
У шоирнинг тўзғиган сочин.
Бир ишқ бир-ла айланади қон,
Шеърларига бекинади сас.
Сўзларининг барчаси ёлғон,
Қишлоқ эмас, чумчуқлар эмас,
Ураётган кўксига муштлаб,
Нилуфарнинг соғинчи эди…
У Зуҳронинг қўлидан ушлаб,
Қулоғига шивирлаб деди –
Қишлоғимга кетдик, Зуҳро қиз,
Зуҳром менинг, юлдузлим, ойлим.
Олиб кетай киприги наргис,
Бу дунёда тенгсиз чиройлим.
Қўл силкитган ортингга қараб,
Барчасига хайр, дея қол.
Тезроқ бўлгин сочингни тараб,
Гапирмасдан, бермасдан савол.
Ўлдиряпти исинг, нафасинг,
Кеча қўйган атирларинг ё.
Менга тахтмас Маҳмил қафаси,
Ишқ даштида қурутса дунё.
Қишлоғимга кетдик, Зуҳро қиз,
Шамшодлари қаддингдай адл.
Шамол чўкар оёғингга тиз,
Шамолидан ҳапқиради дил.
Олиб кетай қишлоғим томон,
Пойтахтида бизга нима бор?
Уйга бориб ташийман сомон,
Сен кир ювсанг, тортишаман дор.
Биргалашиб олма терамиз,
Жуда гўзал баҳори, ёзи.
Олмалари юзингдай қирмиз,
Лабинг мисол, чўғдир гилоси.
Қўй-қўзилар, сигиру бузоқ
Кафтларингга интиқ термулар.
Баданингдай тиниқ ва оппоқ,
Оппоқ сутга челагинг тўлар.
Йўлларингни тўсиб, айланай,
Лапанглайди ғозлару ўрдак.
Шарақлаган кулгуларингдай,
Потраб-потраб ғунчалар куртак.
Чигирткалар,чириллоқлар шўх,
Жўр қилади куй-ашуласин.
Сочларингдай тунлари қуюқ,
Кунларида ҳуснинг шуъласи.
Пахса девор сенга интизор,
Қўя тургин сепу зарингни.
Ҳовлимдаги беҳилар, толлар
Ўпсам дейди шу қўлларингни.
Ҳусайниси бармоғинг каби
Узун-узун, нозик, ингичка.
Ялпиз бўйи очади таъбинг,
Димоғингни қирар йўнғичқа.
Тирноғингдай тирноқ гуллари,
Янги чиққан қамарнинг ўзи.
Капалаклар кезар сарсари,
Тирноғингга чиқар хонқизи.
Қанотида қурслар қоп-қора,
Холларингдай дона-дона хол.
Ёнар қўнғиз ёниб оввора,
Бешик терват тебранар хушҳол.
Тишинг акси бодом гулида,
Алвонликка кетган оралаб.
Гуллайди нок, гуллайди жийда,
Гул тутаман сара-саралаб.
Кулгучларинг, ияк, зақанинг,
Мийиғимда эркаланган дам.
Ғарам шохлар бўйларингга тенг,
Пана қилиб кўрсатар карам.
Киприкларим ҳар лаҳза, ҳар он,
Пирпирайди сенга юкуниб.
Миннат қилмай кўтарар, ишон,
Майсалари висол юкини.
Кўзларингда севгидан шарар,
Куйдиргандай ёқиб боримни.
Тошлар, қумлар, тафсан тупроқлар,
Куйдиради товонларингни.
Қишлоғимга кетдик, Зуҳро қиз,
Зуҳром менинг, юлдузлим, ойлим.
Олиб кетай киприги наргис,
Бу дунёда тенгсиз чиройлим…
Ҳисларига бурканди шоир.
Ўтдек ёнди. Кўпирди қони.
Лабларидан тўкилиб бир-бир,
Бўсаларга кўмди Зуҳрони.
Диллар оғрир, аламлар оғир,
Томчи-томчи тўкилди жола.
Ишқ ичирди исёндан соғир,
Ишқ юракда қиларди нола.
У ададсиз муҳаббат тилаб,
Ўпди. Ўпди лаби қирмизни.
Турмакланган сочини силаб,
Қучоғида юпатди қизни.
Нилуфарга хаёли елиб,
Бошин қўйди қизнинг кўксига.
Сўнгра деди: ҳеч ҳам ўксима,
Мен бир сени севаман, Зуҳро!
Севгида янгича шеваман,
Тоҳиру Мажнунни қўй гулим,
Мен сени севаман.
Севгилим
Ёнингда беовоз еламан,
Тугмадай эгнингга қадалиб…
Тугмаман кўксингга қадалган!
Соатдай илкингдан ҳайдалиб,
Соатдай илкингга қайтаман.
Маржондай бўйнингга осилиб,
Бўйнингни айланиб ўпаман.
Тупроқдай пойингда босилиб,
Шарпадай ёнингдан ўтаман.
Мен сени севаман!
Зуҳро!
Булутдай осмондан келаман.
Ва ёйман эй, қошлари ёйим.
Мен сени севаман, Зуҳром!
Йўқ, йўқ… Эй, моҳим.
Ёмғирдай яноғинг юваман,
Қалдироқ дўндирар ҳар оҳим.
Самосан – ҳисларим топинган.
Сабосан – сочингдан сочилган.
Дунёсан – кўзларим ёпинган,
Дуосан – қўлларим очилган.
Батафсан чўллаган лабимсан,
Бир тошсан – қалбимда гуллаган.
Хобимсан, кунимсан, шабимсан,
Ўзингдан тахайюл йўллаган.
Мен сени севаман!
Эй, қиз!
Бўриман шаҳарда –
Аламдан увлаган.
Йиғлашга шудгор йўқ!
Йўқ анғиз!
Мен сени севаман!
Айтишим керак-ку,
Эй бағри тош!
Юрагим чақилган ол каштан,
Йўлимдан қайтмоққа йўқ бардош.
Ўралиб ишқ деган яловга,
Тошкентдан бир куни қочаман.
Шеърларни отаман оловга,
Шеърларни шамолга сочаман!
Севгилим йўлларинг йироқмас,
Маккага улоқиб кетсам ҳам.
Бу йўллар абадий фироқмас,
Мен сени севаман!..
Бўлди қилинг, дея босди қиз
Бармоғини шоир лабига.
Дер муҳаббат яшайди сўзсиз.
Сўз топилмас ишқ талабига.
Зуҳро деди: Бир кун сўнарсиз,
Мени бунча йиғлатмангиз қон.
Капалакдек учиб қўнарсиз,
Шоирларнинг севгиси ёлғон.
Шоир деди: Қучоғимда оқ,
Сендан келар муҳаббат иси.
Қон йиғлаган юрагимга боқ,
Чин севгидир шоир севгиси.
Зуҳро деди: Кўзингизда шам,
Фақат мендан истайсиз висол.
Истасам ҳам, истамасам ҳам,
Сиз шоирсиз, бир бечора ҳол.
Шоир деди: Лабларингни тут.
Муҳаббатга сингиблар кетай…
У бўларми ҳеч қачон унут?
Севгилим мен шоирман,
Нетай?!
Мен шоирман –
Довдир, дарбадар,
Тажаррудга, ишқа сотилган,
Келмайман деб кетиб бир сафар…
Бир камондан олис отилган.
Мен шоирман –
Ҳаққим Ватанда,
Димоғимда унинг ҳавоси.
Орим танда,
Ғурурим танда,
Туркийларнинг қалбда даъвоси.
Мен шоирман –
Ўзбекистонда
Олтин излаб четга қочмадим.
Райҳон исли шундай маконда,
Хризантема исин сочмадим.
Мен шоирман –
Дўст эмас пастга.
Вужудимда оловли ҳислар.
Дунёпараст ё молпарастга
Бўйсунмадим,
Чўкмадим тизлар.
Мен шоирман –
Атрофим қафас,
Кипригимда вароқлар чанги.
Юрагимда қон тўла нафас,
Эҳтирослар,
Туйғулар жанги.
Мен шоирман –
Айбим, гуноҳим.
Бахтим шуми,
Шу саодатми?
Яссавийдан қолганми оҳим,
Қошғарийдан мерос одатми?
Мен шоирман –
Ризқу насибам,
Ой-юлдузлар тунги шамчироқ.
Достон бўлар бир этса карам,
Сузилган қош, чўччайган дудоқ.
Мен шоирман,
Зуҳро, мен шоир,
Назмимдадир санамлар сочи.
Қофияга тушар бирма-бир,
Шу Ватаннинг ҳар бир оғочи.
Мен шоирман –
Ана шунақа…
Боламан андак.
Қуёш менга олтинранг чақа,
Ер қуёшга каттакон чўнтак.
Мен шоирман –
Осмонга яқин,
Ваҳ, шоирлик нақадар яхши.
Мен ўзимча қор, ёмғир, чақин,
Мен ўзимча оламнинг ашки.
Мен шоирман,
Йиғлама, тушун,
Тишла яна қаттиқроқ лабни.
Шамоллардай ўпаман бугун,
Шивирлайман япроқлар каби.
Мен шоирман,
Осиб қўйгин дор,
Ўлимлардан қўрқмайман зинхор.
Бағримга кел, дунё бўлса тор.
Мен шоирман –
Шоиринг, дилдор,
Шоиринг сенинг…
2
Уйғонди-ю қушдан эртароқ,
Туриб Зуҳро қўшиқ куйлади.
Сочларида ўйнатиб тароқ,
Дардларини қўшиб куйлади.
Шоир бўлди оҳангдан сархуш,
Бош кўтарди болишдан аста.
Зуҳро эди чирқираган қуш,
Овозига толеъ пайваста.
Шоир қалби кўчди тилига,
Керишганча қулочин очди.
Зуҳрогами ёхуд дилига,
Ё дунёга сўзларин сочди:
Мана шу осмон, мана шу ер,
Ҳисларимга қуршалсин борлиқ.
Қуёш каби чўғлангин бағир,
Олов деган берилсин ёрлиқ.
Бўлолмайсан эркин кабутар,
Зимон бўлмак келмас қўлимдан.
Фақат санна. Кўкракни итар,
Исён кўтар! Қўрқма ўлимдан.
Майли, қийнал қовурға – қафас,
Парчалангил сен афтода ҳол.
Оҳангларни тўхтатма бир пас,
Озод руҳни этмагил завол.
Куй таратсин юздаги кулгич,
Ҳилпирайди шамолда дурра.
Қониб-қониб дудоғидан ич,
Ёнига чўк, қўшиқлар сўра.
Қоқи ўти най қиёқлар
Илҳом берсин жажжи чучмомо.
Туйғуларга ташла буёқлаб,
Ўзгаларга қилмагин парво.
Ўтпардалар авжига минсин,
Раққос бўлсин асаларилар.
Офтобнурга саҳарда қўнсин,
Капалаклар – сафсар парилар!
Мен яшаган, мен билган кўча,
Кўп ҳосилли қари анжир ҳам.
Шўртаккина ғора – довучча,
Оқиб кирсин куйингга бир дам.
Ҳудҳудлардек ғирроми бўлма,
Ҳовурингни қизғанма мендан.
Қизғолдоқдек бемаврид сўлма,
Куйлар қолар, қолса ҳам сендан!
Уриб тургин. Тинмагин ҳеч ҳам,
Интиқ кутар олисда роҳлар.
Бутунича сеники олам.
Кабир само, юлдузлар, моҳлар.
Сен шундайин юраксан, юрак,
Бор залворинг дунёсига тенг.
Зуҳро каби куйлашинг керак,
Ёғинг кесгил шимарганча енг…
Ҳазиллашган шоирга қараб,
Мийиғида кулди Зуҳро қиз.
Ёғни кесиб у бошлади гап:
Ўрнингиздан туринг энди сиз.
Тонгга доим қут-барака ёр.
Қараманг-а… Юзни ювингиз,
Эрталаб-ки нонушта тайёр.
Шоир унга тикилди интиқ,
Тонг тўлдирган ҳисларин тўшаб.
Водариғо!.. Киприклари тиғ,
Нилуфарнинг кўзига ўхшар!..
Шоир деди: Олай бироз тин,
Келгин жоним. Йўқолсин кадар.
Бошгинангни кўксимга қўйгин,
Яқин бўлгин юрагим қадар.
Ишқ ичилди – майдек бир коса,
Кўзларида кўзлари тиниб.
Сўнг дарсига кечикиб роса,
Зуҳро кетди шошиб, кийиниб.
Хотиралар илкида хаёл,
Шоир қолди ёлғиздан ёлғиз.
Қарғаётган – ҳозир у аёл –
Ҳўнграб-ҳўнграб йиғлаётган қиз.
Ўртаб борар товонга доир,
Юрагидан лахта қон ютиб.
Хиёнатдан бўғриққан шоир,
Турар эди арқонни тутиб:
Мана арқон, оса қол, жоним,
Нима бўпти ўзингни оссанг.
Тирқираса бўйнингда қонинг,
Лабимгамас, арқонга боссанг…
Болорларга тартанак инган,
Шу хонада бирга бўлармиз.
Кўзимизда алвидо тинган…
Бироз кутсанг, бирга ўлармиз.
Сўнги бора қара осмонга,
Яралмаган юлдузлар шамдан.
Зерикдингми, тегдимми жонга,
Ҳаёт доим иборат ғамдан.
Сочингдаги хасларни терай,
Кутсанг бўлди бирозгина жим.
Дунёсига битта сўз берай,
Истамасин ўлишни ҳеч ким!..
Йўқ. Ўзини осмаганди қиз,
Йиғлаганди шоирни қучиб.
Қаршисида чўкиб туриб тиз,
Дерди: Кетай қалбингдан кўчиб…
Қишлоқ чети. Сомоннинг иси,
Илк муҳаббат армондир дилда.
Жуда ҳам ғўр – энг пок севгиси
Шундай якун топди оғилда.
Шоир ғаддор қисматга кўнди,
Майсалардан излади баёт.
Қай денгизда нилуфар унди,
Бот яралди кўз ёшдан ҳаёт.
ТЎРТИНЧИ КУН
1
…Юлдузларни сидириб ташла,
Оймомони суриб қўй нари.
Тун тун эмас ёлғондир бари,
Кўзларингга ташнаман, ташна.
Биз ўйлаган осмон эмас бу,
Ёввойидир, ҳатто замин ҳам.
Тушунсангчи, қоракўз Нилу…
Кўзларингга кўчяпман шу дам.
Очилмоқда ҳидоят йўли,
Сундай гўзал дунёдан тўйиб,
Кўзларимни юзингга қўйиб,
Кўзларимни ичяпман, Нилу…
***
Шоир ўз шеърига қўйди-ю нуқта,
Сипқорди дўстлари келтирган майдан.
Шеър сўнгига бошқа топилмас нукта,
Ҳислари топталган ишқ номли найдан.
Жавонга китоблар терилган қатор,
“Фиҳа-ма-фиҳи”66
Жалолиддин Румий асари (муҳаррир изоҳи).
[Закрыть] – чин руҳи равони…
Рауф Парфи, Гогол… яна кимлар бор,
Буюклар тахтига ўхшар жавони.
Жўшқин ҳислар бостириб келар,
Шоир бунда ололмайди тин.
Олислардан шамоллар елар,
Бу оламга сафир ва сарин.
Румий қайда? Қайда Фирдавсий,
Бедил қайда? Қайда Атоий?
Лайлисини қиларми тавсиф,
Қаро тунда Ҳазрат Навоий.
От ўйнатар Аграда Бобур,
Кезиб юрар қаландар Машраб.
Ёд этарми Фурқатни уйғур,
Ўзбек дерми шоирга қараб?
Деҳлавийми, Жомийми йўлда,
Расул Ҳамзат Араратдай ғов.
Туя миниб келади чўлдан,
Китоб ортган Чингиз Айтматов.
Нозим Ҳикмат, Жамол Сурайё,
Кўринмакда ана, Истанбул.
Қаҳри каби ёзар беаёв,
Қисакурак айрича булбул.
Нажиб Маҳфуз, шоир Шойинка,
Афт-ангори қора, қаламдай.
Агостина қуритиб тинка,
Африкадек ёнар аламдан.
Укараинка – Леся – жасур сен!
Украина қорини қоқар.
Европага дарбадар Бунин
Очиқ осмон остидан боқар.
Кўз ёшлари олмос Лермонтов,
Булутлардан тиланади шеър.
СССРга Пастернак мохов,
Солженисин эса хоин эр.
Хўрланган ва ҳақоратланган,
Қисматига Достоевскией.
Қайинларга кўзини тиккан,
Мағрур кўкрак Маяковский.
Бунча оғир “Уруш ва Тинчлик”,
Туман ора бўғриқарми ой.
Қолиб кетди хотинида кек,
Баъзан жуда содда Толстой.
Америка “жентелмен” маскан,
На уй берди, на кўрпа-тўшак.
Оғиб қолган сомонхонадан,
Сўз излайди Эдгар По бешак.
Етмиш уч йил терган ишқини,
Сочиб-сочиб ўн саккиз йилга.
Кўтаролмай ишқнинг машқини,
Беор Гёте қул бўлди дилга.
Бу ҳаётни қилади мазах,
Бунча ёвуз Шекспир жаллод?
Қиз ҳуснидан қалтирар дағ-дағ,
Гейне каби улкан истеъдод.
Лаурага ошиқ Петрарка,
Ўз-ўзини қилганди адо.
Худди шундай чиқди сафарга,
Кечагина Квазимодо.
Қўҳна Париж теграсида ё,
Ўй сурарми Волтеру Балзак.
Туйғуларин қилиб тўтиё,
Қайда юрар Кардуччи ва Бак?
Одессиас, Пабло Неруда,
Кавабата, Габриел Маркес.
Дея Она Ҳиндистон худо,
Куйлаяпти Тагор шу кез.
Ҳерман Ҳесси, Томас Эллиот,
Хеменгуей, Луи Арагон,
Кнут Ҳамсун, Дерек Уоллкот,
Бернард Шоу, Шемуел Агнон…
Бўлди етар фикрат корига,
Таълим берар улар-ку бу дам.
Ёзиб қўйсин олд қаторига,
Дардлар берган маҳбуб исмин ҳам…
У мусиқа қўйди. Хонага боқди,
Есенин жилмайиб турар кепкада.
Хонани тўлдириб мусиқа оқди,
Дунё яралгандек скрипкада.
Қийноқларга тўла куйнинг оғуши,
Фироқнинг азоби киради қонга.
Алам таратади ишқнинг оғуси,
Тамаки тутатиб чиқди балконга.
Ва бот асаб билан хонага қайтди,
Куйнинг қучоғида тин олмади у.
Куйни ўчирди энг авжида пайти,
Куйнинг азобига чидолмади у!
Подъездни тўлдирди қадам товуши,
Эшик қиялади, тортилди тутқич.
Кириб келди Лайло – шоирнинг қуши –
Шоирнинг тилида – чанг ҳам ғам ютқич!
Шоирни севарди бу гўзал жонон,
Шоирнинг ажралмас сояси эди.
Улар кўришдилар. Ўтди бироз он,
Шоир Лайлосига жилмайиб деди:
– Мен густоҳ қанийди лабингдан сўрсам,
Нақадар гўзалсан!.. Бир қултум май, о!
Валлоҳ, қоматингни мен бугун кўрсам,
Қаршимда муарро бўла қол, Лайло!..
Ҳеч қиё боқмаган шоирмидир шу,
Хаёллари тўзғин ҳайрон эди қиз.
Неча бор ёнидан қувган эди-ку,
Унинг сўзларидан вайрон эди қиз!
Тизгинсиз туйғулар юракда кечди,
Қизнинг ёноқлари қизарди лов-лов.
Пушти гул солинган куйлагин ечди,
Уй қўнжида ёнди бетакрор олов.
Беғубор чиройга етказган путур,
Лабларида буёқ, тирноғида лак.
Шаҳло кўзларидан таралади нур,
Қунишиб турарди оҳудек ҳуркак.
Титроқ лабларини жим тишлади қиз,
Эҳтирослар оқиб кирарди қонга.
Бутун вужудини бағишлади қиз,
Жон тутиб интилди шоир томонга.
Қизнинг кўкрагидан итариб нари,
Шоир деди: Кийин. Етар. Бўлди. Бас!..
Жоним, мени кечир, кечиргин, пари,
Олов оғушингга қилмадим ҳавас…
Пиқ-пиқ йиғлаётган гўзал Лайлисин,
Қўлларига тутиб қалам ва қоғоз.
Деди: Шу хонада сўзларга исин,
Мен айтиб тураман, сен қалбимни ёз!
Қиз туриб устига ташлади халат,
Узун сочларида ёпди сонини.
Сўнг ёза бошлади ўзимга деб хат –
Шоирнинг юракдан томган қонини:
Қайтар дунё қайтар бўлсанг, қайт энди,
Айтарингни айтар бўлсанг, айт энди.
Қанча гуллар кетди дилга кўмилиб,
Дилқабрда бир гулу бир байт энди.
Кулганлар кулиб бўлди,
Ўлганлар ўлиб бўлди.
Гулмозордан ўз дўстим,
Шу гулни юлиб бўлди.
Ғунчалари қишда очилган эди,
Япроғига бўйим сочилган эди.
Ёғийлар қувганда Самарқанд томон,
Шамоллар илгида қочилган эди.
Оҳлар урсам оҳ деди,
Севдим деди, воҳ деди.
У нур эди соясиз,
У тим-тийра моҳ эди!
Қалбларни куйдирган жонон эди у,
Дунё у томону мен томон эди у.
Томирига гажир тишларим ботди,
Ичилган, кечилган қон… қон эди у.
Лабларига лаб боссам,
Ҳуши учган шу эди.
Сочларига тил оссам,
Қақшаб қучган шу эди.
Айтгин, сенга шартми оқ қоғоз деди,
Ёзсанг баданимга шеър ёз деди.
Баданимдан унсин нилуфаргуллар,
Қаламинг учида бер пардоз деди.
Қўйвор мени осмон-а,
Қора булут дўстон-а.
Пайҳон бўлди бўстон-а,
Юрагим-ай ён, ён-а!
Мендек гуноҳларга ботган гулим-а,
Ишқимизни ўтга отган гулим-а.
Оламга етгулик жоним бор эди,
Шу жонимни сўриб тотган гулим-а.
Ўз жонини сотган мен,
Ай, дўст дедим тотган мен…
Дўст қотмади тош каби,
Ҳайкал бўлиб қотган мен!
Минг йиллаб қошига… қошига боқдим,
Минг йиллаб ёндим мен, минг йиллаб ёқдим.
Нилуфаргул каби бағримда оқди,
Кўзларидан тўккан ёшида оқдим.
Осмон бўлсам ер бўлди,
Осмон бўлса ер бўлдим.
Ай, минг йиллик шеър бўлди,
Ай, минг йиллик шеър бўлдим!
Айтгин, елкамни тилган тирноғи қани?
Тирноғимдан ўпган дудоғи қани?
Кенгликларда қолган балдоғи қани?
Айтгин, дунёсининг адоғи қани?..
Ғамнинг насли – асли мен!
Ишқнинг фасли – асли мен!
Бахтсиз эмас Мажнунлар,
Бахтсиз асли, асли мен!
Айтгин, дўстлар дўстга нонин бермасми?
Айтгин, нон тугаса шонин бермасми?
Айтгин, шон тугаса қонин бермасми?
Айтгин, қон тугаса жонин бермасми?..
Дунё доим тор келар,
Борга доим бор келар.
Аё, дўстим ўйласам,
Ор устига ор келар!
Чинни синиб қайта ҳеч гил бўларми,
Минг кўнгани билан кўнгил бўларми?
Сенга сингил бўлар, шоир, қўй деди,
Қучоқдан чиққани сингил бўларми?..
О, Навоий бардош бер,
Севиб қолай бир тош бер.
Қуриб битди ашким-а,
Йиғламакка кўзёш бер!
Мард эдим мен, мендан ҳам у мард эди.
Шартлашгандик бирга ўлмак шарт эди.
Йўлимизда милён ошиқ гард эди.
Дардлашгандик Тангри билган дард эди…
Гулим десам гул йўқдир,
Тутай десам қўл йўқдир.
Жиркандим мен дунёдан,
Кетай десам йўл йўқдир!..
Отам нима, худо керакмас деди,
Исмимиз битиги теракмас деди.
Кимлар китоб битар афсона эдик,
Биз эртакмиз дедим, эртакмас деди…
Ёш бошим-а қўнди қор,
Умрим елар беқарор.
Жон берайми, жон олай,
Буюк Тангрим, бер қарор!
Кетдик… Кетдик деди, кетмадим нега,
Нега мен қадрига етмадим, нега?
Ойдан чега учди қошига қўнди,
Юракни ҳовучда элтмадим нега?
Бизга дунё тор дедим,
Ошиқларинг хор дедим.
Севганим сиз деди-я,
Кўнглим сизга ёр деди.
Бошимда жавобсиз кўп савол бўлар,
Умрим орзу бўлар, хўб хаёл бўлар.
Шодликлардан қувнаб келар қиз, балки,
Кетарида маъсум бир аёл бўлар…
Чорасизлик не чора,
Дунё биздек оқ-қора.
Ёр-ёр эмас кўксим-а,
Пичоқ билан ёр-ёр-а!..
У нозикдан нозик эди, мўрт эди,
Қалбимни кемирган қорақурт эди!
Бу оламда севсам итдек севганим,
Шу нозик гул эди, шу бир юрт эди.
Бори қалбим хор этди,
Суйкалишга зор этди.
Дайдибадар ит бўлдим,
Итдан дўстлар ор этди…
Қирлар қабр бўлди, қирлардан кетдим,
Борса келмас олис ерларга кетдим.
Тоғларнинг қўнжида яшадим йиллаб,
Ки, из тушмаган тошларга етдим.
Қорайди-яй Қоратов,
Икки шаҳар ора, тов.
Тош ёрмади бошимни,
Харсанг билан ёр-а, тов!
Кетганлар кетишда йиғлаб кетади,
Юракни кўксига михлаб кетади.
Мен кетсам шунчалар чўзилган кадар,
Ойни қорайтмак-чун ойга етади.
Айтимларинг айт деди,
Мангу қолар байт деди.
Тақдирингни ўйлагин,
Телбаликдан қайт деди.
Тоҳирлар ҳеч киммас менинг қаршимда,
Фарҳодлар чиқолмас менинг аршимга.
Қизилқум саҳроси, Бухоро чўли,
Денгизга дўнади сингисам қумга…
Нилуфарлар унади,
Оққушчалар қўнади.
Бутун-бутун юлдузлар,
Шу денгизда сўнади…
***
Бас, етар. Бўлди қил деди ҳўнграб қиз,
Ёзган вароқларин юборди сочиб.
Шоирнинг пойига деди чўкиб тиз,
Наҳотки, севгидан бўлмайди қочиб?!.
Шоир тураверди соқов каби жим,
Оёғига қизнинг лаблари ботди.
Лайлонинг юраги санчарди чим-чим…
Шоир унга қараб бирда сўз қотди:
Ухласаму уйғонмасам ҳеч,
Тушлар билан тўлғониб чиқсам.
Отганида тонг, тушганида кеч,
Уйғотмасанг, жон Лайлом, сен ҳам!..
Шоир дардларини чорлади болиш,
Тўшагида турли санам ислари.
Қиз измида йўқ на кетиш, на қолиш,
Шоирни аллалар қотил ҳислари.
Чуқур хўрсиниққа етмайди ҳаво,
Осмон босаверар, кўтаради ер.
Куйган юрагига тополмас даъво,
Лабларидан чала тўкилади шеър:
Тушларимда дарахтлар кўркам,
Оқ қушчалар, яшил қушчалар.
Тун қўйнида милтиллайди шам,
Ва қандайдир ширин тушчалар.
Ухлаяпман кундуз кечаси,
Мен Тангридан уйқу сўрадим.
Бухоронинг барча кўчасин,
Тушларимга келар ўрагим.
Бибихоним чўккалаб олиб,
Хом шўрвани шопирар шар-шар.
Шоҳруҳ Мирзо патқалам қолиб,
Қўлларимга тутади ханжар.
О, юзингиз бунчалар таниш,
Бу сизмасми саркаш Саккокий.
Оппоқ қорлар ураяпти қиш,
Сингилгинам, этигингни кий.
Нима қилиб юрибди, аттанг,
Лермонтовми манови ўртоқ?
Шайбонийхон олиб борар жанг,
Ё, Муҳаммад Солиҳми? Сўроқ?
Товланади қуёшда сочинг,
Э, бормисан, Евгений жўра.
Байталларга ҳилпиратиб енг,
Кел, қисматга ташлайниз қуъра.
Гоҳ, ҳурлар, гоҳ қишлоқи қизлар,
Сув юзига чечак отади.
Ёнингизга чўктирманг тизлар,
Бўсалар ҳам қаттиқ ботади.
Гоҳ қўлимга Қуръон ушладим,
Гоҳ ўликлар пахта теради.
Умримдан ҳам узун тушларим,
Не улгуга белги беради.
Мен ухлайман кундуз кечаси,
Мен Тангридан уйқу сўрадим.
Бухоронинг барча кўчасин,
Тушларимга келар ўрагим.
О, исёнкор шеърларим тинган,
Хурракларга тўлгандир халқум.
Сен уйғонгил – мени соғинган
Қучоғингда ухлайман, халқим…
***
Унинг шивиридан ҳайрондир, Лайло,
Шеърлари асирми телба туйғуга.
Қуш каби чирқираб сайрондир, Лайло…
Шоир сўнг жимгина кетди уйқуга.
2
Заминни қуршади нурли илоҳлар,
Шафақдан сочилар илҳом ҳурлари.
Тун билан чекинди оғриқли оҳлар,
Деразада синди қуёш нурлари.
Ёвуз илоҳларни нурлар парчалар,
Заррин ёғдуларин тўкди самоват.
Яшил бўлди яна яшил арчалар,
Тунги чироқларга қайтди ҳаловат.
Шоир кеч уйғонди кўзин ишқалаб,
Ташнаман! Бир коса сув бергин деди.
Босай дея унинг юзларига лаб,
Ёнига қаради, Лайло йўқ эди!
Гиламнинг устида ётарди тароқ.
Уйни исга кўмган қайнаган нўхат.
Ёндафтардан йиртиб олинган вароқ,
Хонтахта устида турар эди хат –
“Емак бердим содиқ кучугингизга,
Жума деб кир ювдим. Қилмадим ирим.
Мен абадий кетдим бахт тилаб сизга,
Туғилган кунингиз билан, шоирим!”
Чангютгични айри тушган ҳолати,
Тортмалар тортилган, шкаф очилган
Ҳамда титкиланган кўрпалар қати,
Китоблар сочилган, альбом сочилган.
Ҳиндистон сайёҳи келтирган ўшал,
Нилу…га аталган яшил сари йўқ.
Уй гунг каби қолган, қолгандай ўсал,
Нилуфарнинг барча суратлари йўқ!
Тонгнинг қучоғида ургандек чақмоқ,
Қизнинг қилиғидан паришонҳол у.
Шоир каби қолдим деб ёлғиз ва тоқ,
Ўзининг ҳолига ҳайрону лол у.
Столнинг устида ясалган совға,
Ўхшаб турар эди бир саваннага.
Шоир не ҳам дер. Соларми ғавғо,
Кучукни етаклаб борди ваннага.
Олапар-пар деди. Эркаланди ит.
Оппоқ кўпикларга кўмилтирди у.
Бермаса ҳам қалам ҳаққига бир чит,
Қиммат шампунларда чўмилтирди у.
Кўпиклар булутдир, кўпиклар жило,
Кўпиклар коптокдир, кўпиклар шарча…
Ва деди – туғилган кунимдир, илло,
Сенга сўйлай умримдан парча –
Йиллар ёндафтари йиртилиб борар,
Кўпикдек йўқолар
Ўқилмаган
Чанг босган вароқ.
Йиллар қанотида учиб муқаррар
Хотираларга сочилади бир куни тарқоқ.
Чексизликка чайилмиш дафтар,
Тушириб қолдирар
Яна бир саҳифа,
Қайтиб тикилмас,
Бўлмайди такрор,
Қайд этиб айлайди мозийга туҳфа.
Мен-чи
Мана бугун
Йигирма саҳифани ўқибман роса
Роппа-роса бундан йигирма йил олдин
Ташвишли дунёга ташвиш бўлганим чин.
Шунда илк ёруғ олам кўриб
Билмам
Нелар кечдийкан мурғак бошимдан,
Одамлар бир парча этга ачиниб туриб
Неча бор ўтдийкан қошимдан.
Қўрққандирман ё ҳайратга чўмиб
Чинқирганман бўғилиб…
Балки,
Ўша ҳайрат,
Оша чинқириқ
Туғилганми шеър бўлиб?…
Ортимга қарайман ноилож,
Ёд бўлган саҳифалар эзади оғир.
Туғилибману, аммо,
Яшамабман рост
Ўтган умрим
Бўлибди талотум
Йиллар остида –
Ёшлик беланчагида
Эмаклаб ўйнабман довдир
Мўжиза ҳаётга тўймайин кўзим
Дунё гирдобига бўлибман асир…
Болалик
Хаёллар ўғирлаб
Мендан кечган йилларга бекинди
Олиб кетилди елларга боғлаб.
Болалик
Ўша олис йилларда синди,
Олис йилларда тинди.
Ўтган вақт ўтди,
Дунё чайқалар мудом,
Ўтган умримга ачинмам, энди,
Болалик
Юракда этгуси давом…
У-ку бошқа ҳаёт,
Бошқа даврон.
Йигирма ёшимни қутлайман пешвоз,
Ўзгача яшайман энди,
Ўзга замон
Ўзгача жаранглайди қўлларимда соз.
Шеър-ла ҳисларим менгзанар
Шу Ватанга содиқ умрбод.
Янги сарҳадлар кезгайман,
Бошлайман янгича,
Янги мавзуларда ижод…
Эй соқий ҳаёт,
Қани, қўй қадаҳ,
Куттирма мени.
Қисмат шаробин ичайин тўйиб,
Ўқилмаган саҳифалар олдинда ҳали.
Кел сен ҳам,
Ичайлик сафоли,
Келаётир йиллар,
Улар саҳифасин суйиб
Ўқийлик бирга
Олапар, дўстим, бўл ҳамдам.
Кетмоқда беқарор
Йиллар…
Йилларга қолдирайлик асрий хотира,
Йиллар ёндафтари йиртилиб борар…
Йиллар гўзалларга ажин солибди,
Аёлларнинг фаҳми калтадир, ҳаргиз.
Ёндафтардан вароқ йиртиб олибди,
Боя сенга емак ташлаб кетган қиз.
Нимага эришар сочларин юлиб,
Видо сўзлари-ла ёзиб кетиб хат.
Вароқ орқасида турибди кулиб,
Нилуфарнинг расми – мен чизган сурат!
***
Шоир шеърлар айтди тўлдириб уйни,
Зинадош қўшнилар бўлмаган зада.
Эшитган бу замон яратган куйни,
Шоир туғилмайди маълум санада.
Шоир шеърлар айтиб жонидан тўяр,
Шеър айтар Ватанни буркаб шаънларга…
Икки оёқдаги шоирни қўяр,
Кучукни қўймайди ресторанларга.
Ювош Олапарда тугаб битди кир,
Секин олиб борди итни жойига.
Маъюс хайрлашди ит билан шоир,
Кетаётган каби ўлим пойига.
Итга соқчилигин тайинлади-ю,
Деди, “ Мени кутгил ва мен қайтарман.”
Қия эшигига қулф урмади у.
Кетди йўл-йўлакай изларида шан.
Қўшиқлар куйлади эслаб дўстини,
Шамоллар қўйнида йўқолди излар.
Ресторандаги бир стол устини
Шоҳона безаб кутарди қизлар.
Тамаки қистириб чандиқ лўнжига,
Оппоқ енгларини тириб борди у!
Кўзлари порлаган қизлар қўнжига,
Дунёни елкалаб кириб борди у!
Қадаҳлар жарангги, куй ардоғида,
Ўқиб берди бироз олмасидан тин.
Ўн олтига кирган ўсмир чоғида,
Онасига ёзган соғинч мактубин.
Тамаки тутуни булутдай паға,
Юракни қамчилар қизлар қарсаги.
Гўё, юрагига урар тарсаки.
Қадаҳлар жаранглаб қилар дағдаға.
Яшаб бўлармиди юракни тиғлаб,
Шоир инсон эмас, бешафқат ҳайвон.
Ахир, кутаяпти онаси йиғлаб,
Ахир, кутаяпти битмаган айвон.
Уйда буғдой борми қишга муносиб,
Ожиз туйғуларин пичоқлади у.
Бир қизнинг лабига лабини босиб,
Аламдан бўғриқиб қучоқлади у.
3
Кеча ким биландир етаклашди кеч,
Биларди икковлан боғга етганин.
Боши зилдай оғир, билмас эди ҳеч,
У сархуш даврадан қандай кетганин.
Олапар қолганди занжирбанд қулдек…
Томирда мадорсиз айланади қон,
Тошлар орасида очилган гулдек,
Ёнида қунишиб ётар бир жонон.
Лаблари қонталаш ва кўкарган сал,
Бўйнига осилган тумор – хочлари.
Аланга мисоли товланар ял-ял,
Қуёш нурларида олтин сочлари!
Титроқ бармоғида силади юзин,
Уйқуси яшарди энг гўзал тушдек.
Сал эриниб очди Венера кўзин,
Шомнинг қўноғида мудраган қушдек.
─ Ҳайдалмадим ватандан итдек,
Шоир эдим итдан вафодор.
Юр, Венера Парижга кетдик,
Юр, кетайлик олтинсоч дилдор!
Асли йўқдир шоир мазҳаби,
Асл шоир ватангадодир.
Тўзғиётган булутлар каби,
Умрим адо, қалбим адодир!
Сен ўйлаган шоир эмасман,
Кезиб сойдан излаган қирғий.
Мен дунёга сиғмаган касман,
Юр, кетайлик. Кийимингни кий.
Мен боримни йўқотдим бир-бир,
Қадаҳларга кетдим тўкилиб.
Қўзичоқлар ўтлаётган қир,
Соғинчлардан қолди букилиб.
Ҳайдалмадим ватандан итдек,
Юр, Венера Парижга кетдик.
Унга яна нелар деди-ю шоир,
Олтинсоч дилдорин олди қучоқлаб.
Қақраган тилидан тўкиларди сир,
Дунни қораларди ўзини оқлаб.
Бошида саволлар, хаёллар кезди.
Қадим хотиралар тинч қўймас сира.
Кўзи оч дунёда очганин сезди.
Нилуфар бўлмайди мингта Венера!
Қордек оппоқ кумуш баданни,
Ўч билан сийнасига қўйди-ю лаб,
Бағрини оловдек куйдирган танни,
Деди қулоғига секин шивирлаб –
Жиғилдонда қон томар чак-чак,
Ошхонада борми овқатинг?
Емак ҳамда топиб бер газак,
Беминнатдир сенинг шафқатинг.
Тўйдирмади жондан бўсалар,
Жирканаман баридан нега?
Тилла топар алдаркўсалар,
Тилга чопар дунё беэга.
Йигирма ёш – энг чиройли дам,
Бергим келмас худо қўлига.
Эй, суюклим, жоним, Венерам,
Шароб тутгин худо йўлига.
Шу қозонда ризқимиз бирдир,
Бошимизда ёпиғлиқ қозон.
Сен бокира, бу ҳаёт кирдир,
Сен ҳаёт деб узилган хазон!
***
Парқу болишлардан у кўтарди бош,
Кўрган тушларини этмади фараз.
Венера термулди. Кўзларида ёш,
Синиқ чеҳрасида нозланар араз:
Ҳисларим урёндир. Қийналган жондир.
Кеча кўз ўнгимда ўпдинг бошқани.
Етим севги каби юрагим қондир,
Наҳотки, севмайсан қалби қашқани.
Қонмаган туйғулар томар кўзимдан,
Лабингда май каби ютиламанми?
Сен севги сўрагин фақат ўзимдан,
Қалбга пичоқ урсам қутиламанми?..
Юраги садпора қон йиғлади қиз,
Изтироблар сўнгсиз, сўнгсиз фарёди.
Шоир юрагини тарк этмас, ҳаргиз,
Ўтмиш қоралаган севгининг ёди.
Юзидан бўсалар терди-ю бир-бир,
Ва маъюс қаради қизнинг кўйига.
Сокингина хайр деди-ю шоир,
Бошини солганча кетди уйига.
Синиқ тошлар каби юраги чега,
Баланд иморатлар кўрсатар жамол.
Унинг шеърларига япроқлар эга,
Чигал сочларини тарайди шамол.
Шодон пешвоз чиқди Олапар ҳуриб,
Сўзлашни билмаган – Буюк Садоқат!
Ки, қачондан бери сиёҳи қуриб,
Турарди эшикка қистирилган хат.
“Очилмайди энди эшигинг,
Қўлларимнинг беор дастидан.
Дупурламас энди, зиналар,
Қадамларда рашкнинг шахдидан.
Боролмайман энди мен бадар,
Умид сўраб етим бахтимга.
Безор бўлмас энди қўшнилар,
Таъқиб этмас улар кўзлари.
Кетолмайман қайтиб бесамар,
Шувут бўлиб бундан юзларим.
Кутолмайман, энди интиқиб,
Исларингни туннинг қўйнида.
Зиналардан келмайсан чиқиб,
Илинмайди шарфинг бўйнимга.
Энди, демам “ешигингни оч,
Мен шунчаки кўргани келдим”.
Ўзгаларга очарсан қулоч,
Қучоғингда бекорга елдим.”
Ўрликдан далолат сал ғализроқ тил,
Кўрди. Энг сифатсиз Тошкент қоғози.
Ҳатто, аёлларнинг ёзуви бир хил,
Арази бир хилдир, бир хилдир нози.
Ҳуснихат ўхшайди Лайло хатига,
Ё, яна бирорта шоира қиздир.
Ожиза аёллар дун сийратига,
Сеҳрдан, тилсимдан солинган издир.
Алар бу дунёда ўқиб бўлмас фан,
Аёл мисоли ишқ ўғриси йўқдир.
Яратилган эркак қовурғасидан,
Бироқ, қовурғанинг тўғриси йўқдир.
Шаҳар аёллари сўрар ширкатни,
Қишлоқ аёллари чиқар элакка.
Шоир қўлларида ғижимлаб хатни,
Итқитиб юборди ахлат челакка.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.