Электронная библиотека » Яҳё Тоға » » онлайн чтение - страница 1

Текст книги "Ота макон"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:43


Автор книги: Яҳё Тоға


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 1 (всего у книги 3 страниц) [доступный отрывок для чтения: 1 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Яҳё Тоға
Ота макон

ФАХРИЁНА

(қасида)11
  Равшан билан Муҳаббатга,
  Абдуқаюм билан Мағфиратга,
  Йўлдош билан Муборакка,
  Ўткир билан Муқаддасга,
  Сафар билан Муяссарга
  ва вилоятдаги барча жиянларимга бағишлайман.


[Закрыть]
(Пойтахт вилоят миқёсида)
 
Тошкент – она шаҳрим, Ўрдам, Себзорим,
Бўстонлиқдан отар саҳарларим бор.
Бекобод, Бўка, Пискент, Янгибозорим,
Чирчиқ, Келес деган шаҳарларим бор.
 
 
Яёв кездим Зангиота-ю Дўрмонда,
Ҳамдард топдим Қибрайда, Байтқўрғонда.
Ғазалкент, Олмалиқ, Оҳангаронда,
Паркентда ҳам дўсту дигарларим бор.
 
 
Минг шукурким, мени этиб қўймас хор
Юлдуз, Қўрғон деган гузарларим бор.
Дам уролмас Зангор тепамга ағёр,
Шарт бўлса, ёв уйин бузарларим бор.
 
 
Мен ҳам уларнинг ҳар корига шайман,
То тирик эканман, алқаб яшайман.
Қўрғонча, Мўлкент, Гул, Қизона, Найман,
Қўй сўйиб, дастурхон тузарларим бор.
 
 
Жигарларим бошга кўтарар албат,
Сув десам, тўрт синглим тутади шарбат.
Учта укам бордир алпомишкелбат,
Ушлаган жойини узарларим бор.
 
 
Фарзандларим бири биридан ширин,
Дилнозам сақлайди онасин сирин.
Озодбек, Улуғбек ва Баҳодирим,
Ҳайт! десам ҳаммадан ўзарларим бор.
 
 
Қуйи Чирчиқ, юртим, қаддингни тут ғоз,
Парвозларга чоғлан, қанотингни ёз.
Оққўрғон, Тўйтепа, Янгийўл, Чиноз,
Менга мадад қўлин чўзарларим бор.
 
 
Ғалат феълим бордир далли, мастона,
Гоҳ ўзим чироқман, ўзим парвона.
Фароғат истасам гоҳи, пинҳона
Қош қоқиб, ошини сузарларим бор.
 
 
Бир ғунча очилар, бир япроқ сўлар,
Яҳё, пошшо дилинг ғурурга тўлар.
Шукурким, бағрига йиқилса бўлар
“Оқчангал” ва “Қорамозор”ларим бор!!!
 
2006

ЎЗБЕК

(“Ўзимга ўхшагани…” туркумидан)
1
 
Сиёсатга унча ҳуши йўқ,
Қора қозон қайнаб турса бас.
Қаноати ила қорни тўқ,
Майиз, туршак чайнаб юрса бас.
 
 
Уч йилини ўйлар ўйласа,
Қўра-қўра қўйлар қилса бас.
Қиз узатса, ўғил уйласа,
Гумбурлатиб тўйлар қилса бас.
 
 
Юриб турса басдир бозори,
Ғўр фикрлар суриб ўтирмас.
Қўшнисидан бир ғишт юқори
Уй қурмаса, қуриб ўтирмас.
 
 
Сув босса, ўт олса-да очун,
Ибодатда қойим туради.
Ҳажга борар отаси учун,
Ўзи учун дўкон қуради.
 
 
Ҳақ йўлинда лозим бўлса гар,
Тиззасини яра қилади.
Тегиб қолса остига эгар,
Гирдини панжара қилади.
 
 
Меҳмон учун тиккайдир бошин,
Отасидан улуғ кўради.
Олдирса-да оғзидан ошин,
Кеккайганча илик сўради.
 
 
Ҳар ҳайитда ҳолва, хўрозқанд
Улашаркан, боши осмонда.
Чойхонада еб қолмагай панд,
Чўғ кўриниб турса ҳамёнда.
 
 
Боболарин шуҳрати ила
Ғурурланиб қўяди баъзан.
Гоҳ ичида кечар зилзила,
Ўзин тиғсиз сўяди баъзан.
 
 
Момолари нақ Ўзбекойим,
Қудаларга сир бой бермагай.
Келинлари майин, мулойим,
Ширин сўзсиз бир чой бермагай.
 
 
Айвонида сайрар бедана,
Паловни ҳам “сайратар” лекин.
Сумалаклар қилиб ҳалфана,
Гоҳ сотади, гоҳ тортар текин.
 
 
Қўшиқларнинг ичида кўпроқ
Яллаларни яхши кўрадир.
Гоҳ уюшар, гоҳ яшар тарқоқ,
Ўзи бекдир, ўзи тўрадир.
 
2
 
Уйғур, қозоқ,
Турк, бошқирд, татар…
Қондошларин эъзоз қилади.
Туркистонни ота юрт атар,
Хуросонни ватан билади.
 
 
Улуғларин этса жамулжам,
Бир китобга сиғмагай исми.
Мен қаламга олганларим ҳам
Фазилатин фақат бир қисми.
 
 
Қай хислати тилга олинмай
Қолиб кетса, чекмангиз озор.
Қофиялар ахтариб тинмай,
Топганим шу:
Борига бозор!
 
 
Тамом.
Бўлак иложим йўқдир,
Рози бўлсин оқилу авом.
Қолган гапни қалами ўткир,
Бирор шоир этгайдир давом?!
 
 
Айбламангиз мендек нўноқни,
Аталмади хослар номма-ном.
Етар, маҳтал этмай қўноқни,
Барчангизга салом-ассалом!
 
2010–2015

НАСИБА

 
Ўзбекнинг қизлари гўзал келади,
Лаби гул, тиллари асал келади.
 
 
Меҳру муҳаббатга ташналиклари
Момо Ҳаво каби азал келади.
 
 
Ҳуснин баҳорларга кўз-кўз айлагай,
Агарки, ҳут келар, ҳамал келади.
 
 
Чиройини таъриф этмоқчи эрсанг,
Илҳом ҳам исталган маҳал келади.
 
 
Номардни қўй, мардни кўтарар бошга,
Қўлларидан илму амал келади.
 
 
Парво қилмагайлар ширин сўзига,
Гар, йигит дегани ўсал келади.
 
 
Нияти тўғримас ҳар не кимсанинг,
Қўли боғлиқ, йўли чигал келади.
 
 
Насиба − ризқу рўз, дегани асли,
Демак, насибаси тугал келади.
 
 
Туғилган кунига шеър битай десанг,
Қалам учларинда ғазал келади.
 
2002

ГАВҲАРОЙИМ

 
Кўчамизда бир қиз яшайди
Қаригина онаси билан…
Кўчамизда бир қиз яшайди
Қаригина онаси билан…
 
 
Пастак уйи, ўчоқ боши ва
Онасини билади ёлғиз…
Узун этаклари ҳилпираб…
Тушларимга киради у қиз.
 
 
Кечқурунлар йўл ёқасида,
Маҳалланинг подасин кутиб…
Тушларимга кириб келади
Говмишининг шохидан тутиб.
 
 
“Парвардигор забон ҳам берса
Бўлмасмиди шу чиройига…”
Тушларимда қишлоқ чоллари
Тил тилайди Гавҳаройимга…
 
 
Қўрғончанинг бўз йигитлари
Суяди-ю куяди фақат…
Тушларимда суқ билан қараб,
Оҳ уришиб… қўяди фақат…
 
 
Калимага айланмаган тил,
Гавҳаройим, сенинг тилингму?
Тушларимда тўкилмаган дил,
Гавҳаройим, сенинг дилингму?
 
 
Гавҳаройим, ўн саккиз йиллик
Дардни сўзлаб берсанг на бўлғай?!
Тушларида сени излаган
Мардга бўзлаб берсанг на бўлғай?!
 
 
Бугун мен ҳам соқовман, гунгман,
Келдим ўзни ўтда ёққали…
Тушларимда ҳеч гапирмаган
Тилларингда маъни уққали.
 
 
Яна минг йил тушда яшайсан
Қаригина онанг билан сан…
Тилсиз гулим,
Тилсиз чиройим.
Гавҳаройим…
Гавҳаройим…
Г а в ҳ а р о й и м . . .
 
1981

КУЗГИ ТУШ

 
Гулим,
Бугун сизни туш кўрдим,
Сал фаромуш,
Сал хомуш кўрдим.
Қошингизда тўртта полапон,
Бошингизда сақоқуш кўрдим.
 
 
– Бахт қушими? – дедим.
Кулдингиз.
Сувга бир тош тушгандай эди.
Чайқалгандай бўлди ул денгиз,
Кўзларингиз нимадир деди.
 
 
– Тушунмадим.
Бир синиқ кулгу
Лабингизда куртак боғлади.
Менинг кузим,
Баҳорим шул-ку,
Шовуллади кўнгил боғлари.
 
 
(Дарахтлар “оҳ” тортиб юборди,
Дув тўкилди хотиралар, оҳ…
Ҳар япроқ – бир юракнинг дарди,
Ҳар дил шундан сувлар ичар гоҳ).
 
 
Севгимизнинг ёлғиз гувоҳи –
Тераклар жим шовуллайверди.
Хаёлингиз кетди улоқиб,
Яноғингиз ловуллайверди.
 
 
(Сувга боқиб,
Эсингиздами,
Туш айтардик биз шоша-пиша…
Бугун бошда дунёнинг ғами
Ва оила отлиғ андиша).
 
 
Йил санайди қайдадир какку,
Биз турибмиз лол-у паришон.
Орамиздан оқиб шунча сув,
Дийдорлашди висол ва ҳижрон.
 
 
Поёнига етмади ул туш,
Туравердик бағримиз ёқиб…
Ул тераклар кесилмаганмиш,
Кетмаганмиш ул сувлар оқиб.
 
2002

ИККИ ҚИЗ

 
Бахт ва қайғу −
икки сулув қиз,
икки ҳурилиқо.
 
 
Бири итдай садоқатли,
бири бевафо.
 
1982

СИЗ НОЗЛАНИБ БОРОДУРСИЗ

Йўлдош ЭШМУРОД шеърига назира
 
“Қуш қалбидай дилда йўқдир ҳаловатлар,
Қайдин сизда бунча ҳусну малоҳатлар?
Саломатлар бўлинг, яна саломатлар,
Сизни кўрдим, сиз нозланиб бородурсиз”.
 
 
Шул тўрт сатр лутфи назм индаллодур,
Воҳ, маним ҳам дилимда минг вовайлодур.
Бу на Зуҳро, на Узродур, на Лайлодур?!
Сизни кўрдим, сиз нозланиб бородурсиз.
 
 
Кўчамизни тўлдириб хуш бўйлар билан,
Йўл тутдингиз қайга, қандай ўйлар билан?
Қачон сизни қутлагаймиз тўйлар билан,
Сизни кўрдим, сиз нозланиб бородурсиз.
 
 
Бул назира, билсанг, маним дардим асли,
Ҳаволансам, ҳаволандим: Баҳор фасли!
Кўрганим ҳам одам эмас, пари насли!!!
Сизни кўрдим, сиз нозланиб бородурсиз.
 
 
Жон жўражон, Яҳё нелар десин унга,
Ўзимизни отайликми, ё Жайҳунга?
Сиз очилиб борадурсиз кундан-кунга,
Сизни кўрдим, сиз нозланиб бородурсиз.
 
1988

“2”лар

Эҳтиром ила адабиёт ўқитувчим
Жўра Азизовга
 
Сўкиб қочдим Сизни бир куни,
Малимлигинг ўзингга, − дедим.
Катта бўлсам, барибир,
Уйланаман қизингга, − дедим.
 
 
Даккиларинг жонимга тегди,
“2”ларга роса тўйганман.
Қизинг ўзи, тегаман, деди,
Қулоғини тишлаб қўйганман.
 
 
Дарсинггаям кирмайман энди,
Синфда ҳам қоламан.
Лекин ўша сариқ қизингни
Олиб олсам, ўзим биламан…
 
 
Қочиб кетдим, таёқдан қўрқиб,
Ёмон эди феълингиз, маллим.
Собир билан Адҳамни қандай
Урганингиз дунёга маълум.
 
 
Катта бўлдим.
Энди уришга
Кучингиз ҳам етмайди, бироқ:
Битта “оқ”ни газетга ўраб,
Ўзим келдим кечирим сўраб.
 
1979

ОМАД

 
Бой бовонинг боғида
Бир қизга кўзим тушди.
Сирғаси қулоғида
Юлдузга кўзим тушди.
 
 
Тополмай бирор чора,
Айлагандим ишора:
Икки кўзи қоп-қора
Денгизга кўзим тушди.
 
 
Кезаркан ул гулбадан,
Яшнаб кетди бул чаман.
Чаккасида титраган
Ялпизга кўзим тушди.
 
 
Ҳилпирар-эй кўйлаги,
Туймадеккина лаби.
Боғ ичра ўзим каби
Ёлғизга кўзим тушди.
 
 
Боравердим ортидан,
Ўтдик боғнинг ёртидан.
Шунда бир ўроқ тутган
Тўнғизга кўзим тушди.
 
 
Боғдан чиқиб кетди гул,
Омад деганим, бир пул.
Қўлтиғимдан тушган ул
Тарвузга кўзим тушди.
 
1982

ХАЁЛ

(Ярим ҳазил…)
 
Қани эди хотинингдан қутулиб,
Кетиб қолсанг, бирон овлоқ жой бўлса.
Ўшал − яноғи ол қизга тутулиб,
Севги изҳор қилсанг, гувоҳ ой бўлса.
 
 
Очиб қўйсанг, ўқи! деб дил дафтаринг,
Ғўлдирасанг, қовушмаса гапларинг…
Муччи олсанг, ёниб кетса лабларинг,
Ёрнинг лаби шаккар, тили мой бўлса.
 
 
Яноғини боси-и-и-б… сенинг юзингга,
Толе тўлиб қолса икки кўзингга…
Ҳаяжондан келолмасанг ўзингга,
Тун бўлса-ю чинор бўлса, сой бўлса.
 
 
Шу тун ҳеч ким келолмаса қошингга,
Таёғини ўқталмаса бошингда…
У ўн саккиз, сен йигирма ёшингда,
Ғанимларнинг келар йўли лой бўлса.
 
 
Ҳар кун шундай ширин-ширин ўй бўлса,
Зўр қўчқорни ошга сўй ҳа сўй бўлса…
Душманларнинг кўзларини куйдириб,
Булутларнинг устида оқ тўй бўлса…
 
 
Қани эди хотинингдан қутулиб
Кета олсанг, бирон овлоқ жой бўлса.
Ўшал − дудоғи бол қизга тутулиб
Севги изҳор қилсанг, гувоҳ ой бўлса…
 
1981

ЎТТИЗДАГИ АЁЛ

1
 
Чаккада оқ толалар пайдо,
Ҳечқиси йўқ.
Теграсида болалар пайдо,
Ҳечқиси йўқ.
Уйқуда ҳам олалар пайдо,
Ҳечқиси йўқ.
Тунлар гоҳо нолалар пайдо,
Ҳечқиси йўқ.
 
 
Бу аёлнинг
ўттизга чиққиси йўқ.
 
 
Эрта кетиб, кеч қайтар эри,
Ҳечқиси йўқ.
Ўттизгами чиққаннан бери,
Ҳечқиси йўқ.
У зулфидан пахталар терар,
Ҳечқиси йўқ.
Кўкрагида бир умид эрир:
− Ҳечқиси йўқ.
 
 
Бу аёлнинг
ўттизга чиққиси йўқ.
 
 
Турмуш деган дор келиб қолди,
Ҳечқиси йўқ.
Рўзғор деган ғор келиб қолди,
Ҳечқиси йўқ.
Турфа ташвиш ёр келиб қолди,
Ҳечқиси йўқ.
Сийнабанд ҳам тор келиб қолди,
Ҳечқиси йўқ.
Бу аёлнинг
ўттизга чиққиси йўқ.
 
 
Ўсма тортиб яйрайди бу қуш,
Ҳечқиси йўқ.
Сурма тортиб яйрайда бу қуш,
Ҳечқиси йўқ.
Ўз ўзини аврайди бу қуш,
Ҳечқиси йўқ.
Бир нағмани сайрайди бу қуш:
− Ҳечқиси йўқ…
Бу аёлнинг
ўттизга чиққиси йўқ.
 
 
Бир сўз мудом узади тизгин −
Ҳечқиси йўқ.
Лабига ўт қўяди эзгин
Ҳечқиси йўқ.
Тошойнанинг қошида ғамгин
“Ҳечқиси йўқ.”
Қароғидан ахтарар таскин:
− Ҳечқиси йўқ.
Бу аёлнинг
ўттизга чиққиси йўқ.
 
2
 
− Ҳаққингизни олдингиз, янга.
− Ҳечқиси йўқ.
− Эрта қариб қолдингиз, янга.
− Ҳечқиси йўқ.
− Гул эдингиз, сўлдингиз, янга.
− Ҳечқиси йўқ.
− Энди ўтин бўлдингиз, янга.
− Ҳечқиси йўқ.
 
 
Бу аёлнинг
ўттизга чиққиси йўқ.
 
3
 
Ўтин бўлсам ёнадирман.
Қайнижоним.
Беш болага онадирман,
Қайнижоним.
Буёғидан кўнглимиз тўқ,
Қайнижоним.
Ўттизга оғангиз чиқди,
Қайнижоним.
Мен ўттизга чиққаним йўқ,
Қайнижоним.
Мен ўттизга чиққаним йўқ,
Қайнижоним!
 
 
Ўттиз менга чиқди найлай,
Қайнижоним.
Энди қайга борадирман,
Қайнижоним?
Ўтин бўлсам ёнадирман,
Қайнижоним.
Юрагимни пона айлаб,
Қайнижоним;
Бул ўтинни ёрадирман,
Қайнижоним.
 
 
Ўтин бўлсам ёнадирман,
Қайнижоним.
 
1986

БУ ШИКАСТА КЎНГЛИМА…

(Ғазал, шекилли?!)
 
Бу шикаста кўнглима
эмди шифо топилмағай.
Айрилиқ майи тахир,
андин сафо топилмағай.
 
 
Мискиниман, мискиним
ҳолимни сўрмас не учун?
Ҳеч кима мундин зиёд
тиғи жафо топилмағай.
 
 
Ўтда куйгай жисму жонинг,
Карбало сийнангдадир.
Ушбу дардға ибтидо бор,
интиҳо топилмағай.
 
 
Севгининг ғуссасини
ол бўйнингга, бул ғуссани
Якка тортар ҳар киши,
бир муддао топилмағай.
 
 
Сарғариб йўлиға кўз тик,
майли, Яҳё, тоабад,
Гарчи, тақдир йўлида
ул дилрабо топилмағай.
 
1984

ШАКЛБОЗНИНГ ШУБҲАЛИ ШЕЪРИ

 
Шомнинг ширин шивири ширдек,
Шикаста шам – шамс шамшири.
Шаршарами, шоввами, шердек
Шовуллайдур шоирнинг шеъри:
 
 
Шаҳаншоҳнинг шону шавкатин
Шаҳодати Шоҳизиндадур.
Широқлару шайху шаҳидлар
Шажараси, шаъни шундадур.
 
 
Шаҳзодалар шайдои шикор,
Шумғиянинг шоқоли шодми?
Шармандаи шармисор шаҳар,
Шабистона шаббода шоҳми?
 
 
Шошиладур шум шамсиялар,
Шарти шулдир Шуъла ширкатин.
Шом шумқадам, шамол шумхабар,
Шимол шимар Шарқнинг шарбатин.
 
 
Шоҳариқнинг шобири шоҳид
Шавқ шукуҳим шарҳлагай шуур.
Шаклланар шахслар, шаксиз,
Шарқираган Шарқимда, шукур!
 
 
Шош шаҳри, шанба шоми.
 
15.09.90

СЕНГА ОСОН

 
Сенга осон,
кўнглинг бузилиб кетса,
кўкрагинг тўлиб кетса,
йиғлаб оласан.
Ҳеч нарсага ақли етмай,
айланиб гирдингдан кетмай,
гина, кудуратни ҳис этмай,
сочингними силаб,
бардошларми тилаб
қўшилиб йиғлайди
қизалоғинг ҳам.
 
 
Сен кимнидир қарғаб,
кимнидир алқаб,
кимнингдир
гўрига ғишт қалаб
бемалол, бехижолат
йиғлашинг мумкин…
 
 
Мен-чи…
мен бўғзимни
қонатиб бўлса-да,
(Отам ўлса…
онам ўлса-да…)
барча дардларимни,
аламларимни
ичимга ютишим лозим,
ёлғизим.
 
 
Сенга осон…
 
1984

НЕ ТИЛАЙ?

 
Осмонга устун тилайму,
Шоҳга адолатму тилай?
 
 
Ошпичоққа қин тилайму,
Қулга шафоатму тилай?
 
 
Ҳовузга тилайму қопқоқ,
Бойга мурувватму тилай?
 
 
Кўрпага енг тилайму, ё
Йўқсулга давлатму тилай?..
 
1981

ИНСОННИНГ КЎНГЛИ

 
Карвонсарой эмас,
Қўналға эмас,
Қизил майдон эмас
Инсоннинг кўнгли.
 
 
Босқинни бас қилинг,
Топтамакни тўхтатинг энди;
Ўзбекистон эмас
Инсоннинг кўнгли.
 
1987

ҚАДИМ ҚАЛЪА

 
Бир қадим
қалъанинг деворларинда
қон кўрдим:
ҳар ғишт қон!
ҳар қадам қон!!!
Токчаларга қўнган ғуборларинда
қонталаш замонга
жонталаш исён!
 
 
Кўзларимни юмдим:
Ёлғонми дедим.
Гувоҳга айланди
ҳар ғишт,
ҳар қадам…
Бир аччиқ ҳақиқат тиғлади дилим:
Ҳақиқат ўлмайди!
ўлади одам.
 
1981

ШУКРОНА ЎРНИНДА

 
Кўксимни
захга бериб
кўкардим мен,
минг бир дардни бир ўзим
кўтардим мен.
 
 
Хос жом топсам дардимни
тўкардим мен,
Сўнг бемалол дунёдан
ўтардим мен.
 
1982

АБДУЛЛА ОРИФ

(Юбилейда ўқилмай қолган алёр)
 
Биродар, жиддийроқ боққил кечмишга,
Айрим тугунлар бор, зордир ечмишга.
Беш юзу етмишга аруз султони,
Бармоқ байроқдори чиқди етмишга.
 
 
Мендан лозиммиди шул муқояса,
Тилим лол, дудоқдан дуолар тошар.
Султон олти юздан, Худо хоҳласа,
Байроқдор оғамиз юзлардан ошар.
 
 
Қутловлар қоришиқ тилакларим мўл,
Кўзда ёш, қай бирин тутай қўлини?!
Кимки, қалам тутса, киприкларим ҳўл:
Ул икки улуғнинг берсин йўлини!
 
 
Гарчи, ёшларинда беш асрлик фарқ,
Ватан шон-шуҳратин сақлагай эрлар.
Юртим осмонида ураверсин барқ –
Абдулла Орифлар, Мир Алишерлар!!!
 
2011

ҚУТЛОВ

Оғам, элимизнинг назаркарда, жаҳонгашта, марди майдон, танти ва валламат полвони; устозу шаҳбоз, ҳабибу табиб ҳам аломат адиб… Ҳожи Акбар Турсун Али Муҳаммадга
ҚАЛАМИМ ИЛДАМДУР БУГУН АЛЁРГА
 
Олтмиш уч баҳор не Сиздайин сорга,
Кўнгул ифтихорга, ғурурга тўлсин.
Ёш томар умрдай таранг симдорга –
Ул қувонч ёшингиз муборак бўлсин.
Пайғамбар ёшингиз муборак бўлсин!
 
 
Адо айладингиз онангиз ҳақин!
Шогирдлар ҳар бири чақмоғу чақин!
Ҳаққингизга дуо қилган энг яқин –
Дўсту қардошингиз муборак бўлсин,
Пайғамбар ёшингиз муборак бўлсин!
 
 
Ҳануз белингизда белбоғ камардур,
Шодмон неваралар қанду шакардур.
Мардона ўғлонлар шамсу қамардур –
Ой-у қуёшингиз муборак бўлсин,
Пайғамбар ёшингиз муборак бўлсин!
 
 
– Дадамни алқасин тоғлар, денгизлар… –
Хизматингизга шай келинлар, қизлар.
Янгамлар сув тутиб ширин сўз излар,
Ҳар қаламқошингиз муборак бўлсин,
Пайғамбар ёшингиз муборак бўлсин!
 
 
Дам бермай еласиз бир дам оёққа –
Шоҳимардон, Қўқон, Паркент, Сўқоққа…
Кўксингизда ларзон пуд, ботмон соққа –
Елкада тошингиз муборак бўлсин,
Пайғамбар ёшингиз муборак бўлсин!
 
 
Гарчанд, Осиёда ҳамма қадрдон,
Гоҳо от соласиз Оврўпо томон.
Таомингиз баъзан қоқнону ёвғон…
Товоқда ошингиз муборак бўлсин!
Пайғамбар ёшингиз муборак бўлсин!
 
 
Чекилган заҳматлар роҳатга дўнган,
Мана – кифтингизга бахт қуши қўнган.
Совуққа чидаган, иссиққа кўнган –
Сабру бардошингиз муборак бўлсин!
Пайғамбар ёшингиз муборак бўлсин!
 
 
Ихлосмандлар гулу гулоблар тутган,
Моҳтоблар соғиниб зардоблар ютган.
Пойи қадамингиз ойлаблар кутган –
Ўш, Кеш, Чуст, Шошингиз муборак бўлсин!
Пайғамбар ёшингиз муборак бўлсин!
 
 
Шунча давру даврон суриб қўйибсиз,
Ҳар кентда бир айвон қуриб қўйибсиз.
Мана 63ни уриб қўйибсиз,
Асрий сафдошингиз муборак бўлсин,
Пайғамбар ёшингиз муборак бўлсин!
 
 
Боққами, тоққами… қоққанча қозиқ,
Охират учун ҳам ҳозирланг озиқ.
Ўзи ёрлақасин қодири ҳозиқ –
Ҳақму – сирдошингиз муборак бўлсин!
Пайғамбар ёшингиз муборак бўлсин!
 
 
Яҳё Тоға уннар назмий каломга:
Уйингиз тор келсин совға-саломга…
Рауф Парфи, Хумий, Чоршамъ, Ғуломга
Берган маошингиз муборак бўлсин!
Пайғамбар ёшингиз муборак бўлсин!
 
 
Ҳожи Акбар Турсун Али паҳлавон,
Омон-омон замон бир дориламон…
Урилса-да не-не деворга ҳамон –
Бул омон бошингиз муборак бўлсин!
Пайғамбар ёшингиз муборак бўлсин!
 
 
Ҳар отган тошингиз муборак бўлсин!
Қозонда ошингиз муборак бўлсин!
Ой-у қуёшингиз муборак бўлсин!
Кўзларда ёшингиз муборак бўлсин!
Пайғамбар ёшингиз муборак бўлсин!!!
 
2012
Улуғ саодатлар тилаб,
камоли эҳтиром ила – Яҳё Тоға

МУЗАФФАРНИНГ ҚЎШИҒИ

 
Дунёларинг тўлиғ экан озорга,
Мен ҳам дардларимни солдим бозорга.
Ўзимга бергил-эй не ситам бўлса,
Эгам, раҳм айлагил суюкли ёрга.
 
 
Лутфу назокатга бойдир ул санам,
Ҳусну тароватда ойдир ул санам…
Меҳру садоқатда сойдир ул санам,
Эгам, раҳм айлагил ул вафодорга.
 
 
Кўринмаса агар аламнинг чети,
Увушиб кетаркан одамнинг эти.
Сарғайиб юрмасин боламнинг бети,
Эгам, раҳм айлагил онаизорга.
 
 
Бу бир имтиҳондир, юммасман кўзим,
У менга, мен унга тиларман тўзим…
Ўзингга, ўзингга йиғларман ўзим,
Эгам, раҳм айлагил ҳар не беморга.
 
 
Эгам, раҳм айлагил суюкли ёрга…
 
2006

ҚАРИЙБ ҚАРИ ҚАРАҒАЙ

(Қозоқбой Қашқирлига қиёсан)
 
Қарийб қари қарағай,
Қаёқларға қарағай?
Қизлиғиға қарамай,
Қиёқларға қарағай!
 
 
Қамчибой Қиличли.
Қуйи-Чирчиқ, Қўрғонча.
Ёш эканман,
Кунда қучдим,
Кундуз қучдим, тунда қучдим.
Ўтирмадим пайт пойлаб ҳеч,
Қачон тутсам, шунда қучдим.
 
 
Ч. Барака. ХХ аср.
 
 
Гул келгунча,
Ғулу ўлмиш,
Мен қаригандан буён.
Қизлар бунча сулув бўлмиш,
Мен қаригандан буён?!
 
 
Б е г и м ! дер ёр,
Э р и м ! !
Ш е р и м ! ! !
Ғимирламас керак ерим.
Билолмайман нима дерим,
Мен қаригандан буён.
 
 
Олма-кесак терар кўзим,
Эгам ўзи берсин тўзим.
Минолмасман отга ўзим,
Мен қаригандан буён.
 
 
Бўёқ кўчган,
Сувоқ кетган,
Тақимдан ҳам улоқ кетган…
Тил чулдирар,
Қулоқ кетган,
Мен қаригандан буён.
 
 
Хира тортмиш кўз сал, аён,
Келди.
Кетди гўзал қаён?
Ниш солар бир ўсал чаён,
Мен қаригандан буён.
 
 
Болам,
Дардим тўколмасман,
Онангни ҳам сўколмасман.
Чокни зичлаб тиколмасман,
Мен қаригандан буён.
 
 
Боссам,
Ҳар тош чўққа ўхшар,
Умр учқур ўққа ўхшар.
Булбулчам ҳам тўққа ўхшар,
Мен қаригандан буён.
 
 
Ҳар чўнқайган чўт кўринар,
Ҳар тўқайдан ўт кўринар…
Ҳар тўнқайган … кўринар,
Мен қаригандан буён.
 
 
Оҳ, қариганимдан буён,
Воҳ, қариганимдан буён.
Сени қучиб учгим келар,
Гоҳ, қариганимдан буён.
 
15.05. 2015

ДИНИЙ ЭМАС, АДАБИЙ ҲАНДАСА

Ижодкор оғаларим

Порсо Ҳошим,

Равшан Солиҳов,

Эркин Усмонов хотирасига


 
Кўмилган
ҳар китоб
дафинага тенг,
Ҳар ҳақ сўз
муқаддас
хазинага тенг.
 
 
Каъбага
тенг бўлса
бир мўмин кўнгли,
ҳар муслим
Макка-ю
Мадинага тенг!
 
2002−2016

ТАЖНИСНАМО

Ғоявий бузуқ китобларни ўқима, ғоясиз китобларни ҳам…

Умрзоқ Ота. ХХ аср.

 
Палаксиёқ тўқима
Боқмас очу тўқима.
 
 
Ҳурпайган ҳар тўқима
Тегар эгар, тўқима.
 
 
Ҳаётийми тўқима,
Ундай байтлар тўқима!
 
 
Тўқисалар ўқима,
Дуч бўласан ўқима.
 
1991

ПЕШАНА

 
Совчиларнинг қаноти синди,
Кифтинг учиб йиғлайсан, гулим.
 
 
Ўша кўприк устида энди
Мени қучиб йиғлайсан, гулим.
 
 
Кўкрагимда эрийди кўзинг,
Ёниб-ўчиб йиғлайсан, гулим.
 
 
Йиғиларинг сиғару, ўзинг
Пешанамга сиғмайсан, гулим.
 
1982

ДАРДИМИЗНИ БИЛМАЙ…

 
Дардимизни билмай, қувониб,
Ҳар балони бекор айтиб Сиз.
 
 
Жўнарсиз-эй жонимни олиб,
Бўғилғанча алёр айтиб Сиз.
 
 
“Остонаси тиллодан…” куёв
Таърифини такрор айтиб Сиз;
 
 
Оғушимга ташлаб кетарсиз
Айрилиқни “ёр-ёр” айтиб Сиз!
 
1982

ЯНГАЛАР

 
Нима қилса қилди янгалар,
Бағримизни тилди янгалар.
Сени оққа ўраб-чирмашиб,
Менинг терим шилди янгалар.
 
 
Тупроқ йўлга чўккалаб қолдим,
Оёғимда тугаб мадорлар.
Янгаларга тош отдиму мен,
Бошларимни ёрди “ёр-ёр”лар.
 
 
Энасини сўкдим уларнинг,
Ўлим тилаб кетди янгалар.
Келинчакнинг ёшини артиб,
Қўлин силаб кетди янгалар.
 
 
Бахмал кўрпа-тўшаклар солиб,
Ағанашиб кулди янгалар.
Ичкарига қўймай куёвни,
Беш-ўн сўмлик бўлди янгалар.
 
 
Ўша кеча мен ўтда ёндим.
Ўша кеча йиғлаб чиқди шам.
Мен энг ғамгин шеъримни ёздим,
Мени эслаб қўймадилар ҳам.
 
 
Уйларингга чимилдиқ эмас,
Қора парда илди янгалар.
Сени бошқа бировга бериб.
Нима қилса қилди янгалар.
 
1982

ЎЗБЕКИСТОНИМ

(қўшиқ учун)
 
Ҳар ўсган гиёҳи дардимга дармон,
Оҳ, она диёрим, ота маконим!
Боғ-роғи гуногун, гули нафармон,
Жон ва таним маним Ўзбекистоним!
 
 
Самарқанд, Бухоро, Қарши, Гулистон,
Хоразм, Жиззахим, озод Сурхоним.
Ҳуррият боғида гуллаган бўстон,
Шон чаманим маним Ўзбекистоним!
 
 
Юртимнинг байроғи ҳилпираб турар
Қатор элчихона пештоқларида.
Қардош миллатлар ҳам давронлар сурар
Бу юртнинг Чортоғу Чорвоқларида.
 
 
Тупроғи олтиним, ҳар тоши дурим,
Фарғона, Наманган, ҳур Андижоним.
Қорақалпоқ элим − фахру ғурурим,
Жон ва таним маним Ўзбекистоним!
 
 
Бош кентим – Тошкентим азим пойтахтим,
Бошимдаги тожим, ору иймоним.
Ўз элим шавкатим, ўз тилим бахтим,
Жон ватаним маним Ўзбекистоним!!!
 
 
Юртимнинг байроғи ҳилпираб турар
БМТ, ЮНЕСКО пештоқларида.
Азиз меҳмонлар ҳам хандонлар урар
Юртимнинг Чорвоғу Чортоқларида.
 

ВАТАН

Ватан! Даҳолар жаннатга тенглаган маъво. Илоҳим, ҳар банданинг ватани жаннат бўлсин, жаннати ватан!

Умрзоқ Ота, ХХ аср

 
Сиру Амударё ювар пойини,
Ҳар тоши қадрдон гавҳар донадан.
Аллалар пурвиқор тоғлар сойини,
Тупроғи тиллодан азиз бу ватан*.
 
 
Ватан бу – заминин осуда саҳар
Нурларга ўраган мўътабар макон.
Меҳру ҳароратда уйғонган шаҳар –
Фарғона, Андижон, Наманган, Қўқон.
 
 
Бу тоғлар самовий, боғлар кўлкада,
Аждодлардан мерос туганмас бойлик.
Гулларга бурканган қадим ўлкада
Боқий умр сургил гулгун, чиройлик.
 
 
Ватан – боболарнинг шонлиғ ҳаёти,
Момолардан қолган муқаддас алла.
Ватан – Навоийнинг қонлиғ баёти,
Зарафшон бўйида айтилган ялла.
 
 
Ватан – шу осуда осмонга боқиб,
Камолга элтгувчи камарбаст йўллар.
Кўксига олтиндан нишонлар тақиб –
Байроқ кўтаргувчи забардаст қўллар.
 
 
Кешу Насаф, Сурхон, Жиззах, Гулистон…
Оламга кўз-кўз қил юртинг жамолин.
Саҳролар ўрнида гуллаган бўстон –
Ватанинг камоли – сенинг камолинг.
 
 
Сен учун на тенги, на таърифи бор,
Иқлими беқарор, халқи фидокор.
Шу оташ заминда яралган диёр –
Ватан бу!
Фахр туй, туйгил ифтихор.
 
 
Ватан бу – оқшомлар куйланган қўшиқ,
Силанган севимли ёрнинг сочидир.
Ватан бу – даҳолар тебранган бешик,
Юртингнинг йўнилган қайрағочидир.
 
 
Ватан бу – Бухоро, Урганч, Самарқанд,
Қорақалпоғистон дурдоналари.
Бутун шарқ халқлари – меҳрига пайванд –
Йиғилиб куйлаган тароналари.
 
 
Ватан бу – тўй қилиб, бутун дунёни
Меҳмонга чорлаган гўзал Марғилон…
Ва ё лол қолдириб Маккатиллони
Тошкентда қироат қилинган қуръон.
 
 
Гардини кўзга сур, айла тўтиё,
Онам деб эъзозла куйлаб дафъатан.
О, нақадар улуғ, некбин, пурзиё
Тупроғи тиллодан азиз бу В а т а н !!!
 
1991−2002

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> 1
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации