Электронная библиотека » Юлдузхон Назар » » онлайн чтение - страница 2


  • Текст добавлен: 27 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Юлдузхон Назар


Жанр: О бизнесе популярно, Бизнес-Книги


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 17 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]

Шрифт:
- 100% +
Инсон олдидаги Улуғ йўл ҳикмати

Аллоҳ биз ҳар биримиз ўзимиз ҳақимизда тафаккур қилишимизни, атрофимиздаги олам ҳақида, ўтмиш ҳақида, Қуръон ҳақида тафаккур қилишимизни истайди.

Биз ўз олдимизга: Қаердан келдим? Қаёққа кетаяпман? Нима учун мен бу оламда яшаяпман? Бу ҳаётда яшаш мен учун нима бериши мумкин? Мен қандай фикрлайман? Мен асосан нималар ҳақида ўйлайман? Фикрларим ижобийми, салбийми? Мен ўз олдимга қандай мақсад қўйишим керак? Атрофимдаги оламни мен қай даражада англайман? Дин нима? Қуръон нима? Ислом нима? Исломнинг жамиятга, давлат тузилишига ва одамларнинг ўзаро муносабатларига қандай алоқаси бор? Пайғамбарлар кимлар? Нима учун пайғамбарлар тарихини ўрганиш керак? Исломнинг фан-техникага, илмга, сиёсатга, жамият қурилишига қандай алоқаси бор? Нима учун мен намоз ўқишим керак? Буларни бажариш мен учун шартми? Бажармасдан шундай яшасам нима бўлади? Мусулмон нима дегани? каби саволларга жавоб излашимиз керак. Аслида эса, бу саволларнинг барчасига, ундан ҳам кўпига, жавобни фақат Яратганнинг Ўзидангина топиш мумкин.

Улуғ Алишер Навоий “Лисонут тайр” асарида Қушлар тили орқали ниҳоятда гўзал ва биз учун сабоқ бўладиган қиссани баён қилади. Турли-туман, катта-кичик, турли хил қушларнинг орасида низо чиқиб, бу низоларнинг чек-чегараси бўлмай қолади. Ахири, улар бу низоларни адолатли равишда бартараф этиш кераклигини, улар турли-туман, катта-кичик бўлишига қарамай, битта тартиб, қонунга амал қилиш керак эканини англай бошлайдилар ва қайсидир юртда ана шундай подшоҳ борлигини, бу подшоҳ низоларни адолатли бартараф эта олиши ҳақида эшитадилар. Улар ана шу адолатли подшоҳни излаб йўлга отланадилар. Лекин бу йўл осон йўл бўлмайди, ниҳоятда машаққатли бўлади. Бу йўлда юриш учун қушларга сабот, матонат, чидам, сабр, маърифат керак бўлади. Ўзи учун бу керакли бўлган нарсаларни: илм-маърифат, сабот, матонат, чидам, сабр қилишни истамаган баъзи қушлар бу улуғ йўлга чиқишга эринадилар ва йўлга чиқмайдилар. Уларнинг баҳоналари кўп бўлади; йўлга чиққанларининг баъзилари орқага қайтадилар, баъзилари қийинчиликларга чидай олмай ярим йўлда қолиб кетадилар. Олдиларига жахт билан мақсад қўйган қушлар эса ана шу мақсадларига эришиш йўлида дуч келган қийинчилик, машаққатни сабот билан енгадилар, билимларга амал қиладилар, меҳнат қилишдан, изланишдан қочмаган қушлар ниҳоятда қийинчилик билан, сабот ва матонат билан охири ўз манзилларига етиб оладилар. Бу манзилда эса, ниҳоятда гўзал, чиройли, ҳамма ёқдан нур ёғилиб турган манзарага дуч келадиларки, улар подшоҳни кўриш умидида қаёққа қараб изламасинлар, қайси гулга боқмасинлар, улар ҳамма ёқдан нур ёғилиб турган маскан ичида ўзларини аксиларини кўзгуда кўргандек кўраверадилар ва “Подшоҳ – сен Ўзинг!” деган товушни эшитаверадилар. Улар ўз мақсадлари йўлида йўлларида учраган ҳар қандай қийинчилик, машаққатни сабот билан енгганлари учун, Улуғ даражага – ўз манзилларига етишиб Подшоҳлик даражасига эришадилар. Мажозий образ орқали улуғ Навоий билим, меҳнат, илм, изланиш, машаққат эвазига инсон асл маъноси билан Инсон даражасига – ўз аслига етишиши, Ўзини англаши, ўзини ўзи кашф қилиши мумкинлигини баён қилади. Зеро, ўзини англаган инсон – Аллоҳни англайди, Аллоҳни англаган инсон ўз-ўзини қайтадан кашф қила олади!

Қушлар мисолида улуғ Навоий инсоннинг асл моҳияти нимада эканлигини, охир оқибат бориши ва “жойлашиши” керак бўлган манзилни кўрсатган. Бу манзилга етиш учун қандай қийинчиликлардан ўтиш кераклигини кўрсатган. Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ ана шу йўлдан юришни биз ўзимизга мақсад қилиб олишимизни, дуч келган қийинчиликларни ўз ақлимиз, идрокимиз билан, билим ва матонат билан енгишимизни хоҳлайди. У бизнинг манзилимиз жаннат бўлишини, “Улуғ Подшоҳ” бўлиб қолишимизни истайди. У Зот бизни ўз нафсини ўйлаган, дангасалик, қўрқоқлик қилиб, тўғри йўлдан юришни истамаган ва охири имкониятини қўлдан бой берган қушлар каби бўлиб қолишимизни истамайди. Инсон дангаса, қўрқоқ бўлса, маърифат изламаса, олдига мақсад қўймай, ҳеч нарсага интилмаса ўз “ганж тилсимини” очолмай қолади, йўлга отланмаган баъзи қушлар каби ўз манзилига бора олмайди, инсон даражасига етишлик имкониятини бой бериб қўяди.

Ўз имкониятини бой бермаслик учун ҳам Аллоҳ инсонга бошқа махлуқотларга бермаган неъматни – ақл юргизиш, тафаккур қилиш қобилиятини ато этди.

Коинот чексиз ҳаракатда бўлгани каби, инсоннинг ҳам пешонасига ана шу Коинот билан уйғунликда ўз-ўзини таниш ва кашф қилиши учун фақат тўхтовсиз интилиш, ҳаракатда бўлиши битилган. Ана шундагина биз инсон сифатида асл “ким эдик ва кимга айланганлигимизни” намоён қила оламиз. Моҳиятан асли “ким”лигига журъат қилиш учун инсон аввал яратилганлар ҳақида тафаккур қилиши керак экан. Ўзи ҳақида, олам ҳақида, ўтмиш ҳақида, яралиш ва яралмиш ҳақида тафаккур қилиши, ўз Роббиси ҳақида тафаккур қилиши керак экан.

Биз яратган Ҳолиқ ҳақида, Унинг сифатлари ҳақида, У Зотнинг нозил қилган Китоблари – Қуръон ҳақида, юборган пайғамбарлари ҳақида жиддий тафаккур қилишимиз лозим. Ҳамма нарсани яратган Меҳрибон Аллоҳ нима учун иблисни яратганини, у одамзотга нима учун, қандай мақсадда душманлик қилишини билишимиз лозим. Ана шундагина, тафаккур орқали, қалби билан ўз Роббисини таниган инсон Улуғ йўл олдида турганлигини, ана шу Улуғ йўл қандай йўл эканлигини англайди, бу йўлда “сиротал мустақийм” бўлишини истаб қолади. “Сиротал мустақийм”лик – бу мусулмон одам учун ҳаёт тарзи. Бу йўлдан бошқа йўл уни ҳалокатга олиб бориши муқаррарлигини энди у қалби билан англайди. Бу йўл ниҳоятда Улуғ йўл. Бу йўл – пайғамбарлар йўли, жасур саҳобалар йўли, азиз авлиёлар, содиқлар йўли, бу йўл мустақийм бўлганлар йўли. Бу йўл – инсоннинг асл моҳиятига – Ўзлигига олиб борадиган йўл....Ахир бутун коинот ҳам инсонни шу йўлдан бориши учун тўхтовсиз ҳаракатда-ку! Субҳоналлоҳ!

Келинг, Аллоҳдан илм-маърифат, сабот, матонат, чидам ва сабр сўраб, ана шу Ўзлигимизга олиб борадиган йўл ҳақида озроқ тафаккур қилайлик. Фақат тафаккур!

II. ОЛАМНИНГ ЯРАТИЛИШИ

“У осмонлар ва Ерни ҳақ (ҳикмат) билан яратгандир. У кечани кундузнинг устидан ўрар, кундузни кечанинг устидан ўрар. У Қуёшни ҳам, Ойни ҳам (Ўз амрига) бўйин сундириб қўйгандир. (Уларнинг) ҳар бири маълум муддатгача сайрда бўлур. Огоҳ бўлингизки, У Қудратли ва (ўта) Кечиримли (зот)дир!” (Зумар сураси,5-оят).

“…Яратувчи Қудратли Қалам билан оламни аниқ бир режа остида бунёд қилди. У тўққиз фалакни айланувчи қилиб яратди ва бунинг сирини тушунишда идрокни ожиз этди. Кўкни кун ва тун билан ярқиратиб, уни қуёш ва юлдузлар билан безади. Унда ой гўё осмон тирноғига ўхшаш бўлиб, янги ой эса ўша тирноқдан олинган бир бўлакни эслатади. Осмонни бетиним ҳаракат қилишга бўйсундирди, Ерни эса унинг бўшлиғида турғун қилди, Ер юзини ёмғир билан ювди, натижада чанг ва чирклар ундан тозаланди. Қуруқликни (Ерни) денгиз юзидаги кемага монанд қилиб яратди; Тоғлардан бу “кема”га унинг мувозанатини сақлаб турадиган лангарлар ясади; Қуёш ўтидан сув қайнаб кетмасин, деган мақсадда денгиз юзига буғлардан парда тортди. Сувда мавжуд бўлган қурт ва қушлар ғамини ейишда адолат оламини кўрсатди. Найсон ёмғирига катта шараф ато этди, унинг эҳсони туфайли садаф ичида гавҳар ҳосил бўлди… Тонг насимини Исо нафасидек эстириб барча жонсиз нарсаларга жон бағишлади… Қуёшни кундузи порлатиб, ойни кечанинг шаъмига айлантирди.... Сувни оловга душман қилиб яратди, шамолни эса тупроққа зид қилди. Яратувчининг Қудрати билан ана шу бир-бирига зид нарса инсон вужудида бир бутун ҳолда бирлашди. Бутун оламни яратишдан мақсад – Инсон бўлиб, барча мавжудот ичида Унинг тенги йўқдир. Инсон кўнглини турли билимлар хазинаси қилди ва бу тилсим ичида Аллоҳ Ўзини яширди. Инсоннинг ажойиб жисми бир махфий сир хазинаси ўлароқ, ўзида ана шу ганж тилсимини сақлайди..”.

Улуғ Алишер Навоий Аллоҳ азза ва жаъалла Оламни қандай яратганлигини ва бу яратишдан мақсад инсон эканлигини мана шундай гўзал сатрларда битади.

Имом Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу даврида ўзларини “ат-таҳрия” деб атаган бир гуруҳ одамлар Оламнинг Яратувчиси йўқлигини исботлашга ва одамларни шунга ишонтиришга уриниб келишган экан.

Улар фикрича дунё ҳамма вақт бўлиб келган, бундан кейин ҳам бўлади ва унинг Яратувчиси йўқ. Одам ўлгандан сўнг бошқа ҳеч қандай ҳаёт бўлмайди. Мана шу гуруҳ имом Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу билан баҳслашмоқчи бўлади. Чунки бу Зот уларнинг ғояларини чиппакка чиқарар эканлар. Бир куни шу одамлар Абу Ҳанифа билан ҳаммани олдида баҳслашмоқчи бўлиб, ўзларининг ғояларини исботламоқчи бўладилар ва бир жойда йиғилишга келишадилар. Ҳамма келган, йиғилган, лекин имом Абу Ҳанифадан дарак йўқ. Шунда одамлар: “Имом баҳслашишдан қўрқди, шунинг учун келмаяпти, бўлди, у ютқазди”, деб гапиришни бошладилар. Имом Ҳанифа бир соатга кечикиб келадилар. Уларнинг бу кечикишларини “ат-таҳрия” гуруҳи одамлари назарида бу одамнинг бизга берадиган ҳеч қандай жавоблари йўқ, деб тушунадилар. Лекин имом Ҳанифа розияллоҳу анҳу ўз кечикишларини сабабини қуйидагича баён қиладилар: “ Мен бу ерга келишим учун дарёдан ўтишим керак эди. Бунинг учун менга қайиқ керак бўлди. Қирғоққа борсам, не ажабки, у ерда қайиқ йўқ экан. Мен қирғоқ четида ўтириб, табиат менга қайиқ яратишини кутиб ўтирдим. Мен бир нечта тахталар оқиб келишини кутдим, тахталар оқиб келганидан сўнг шамол пайдо бўлди, уларни бирлаштирди, кейин уммон тубидан михлар қалқиб чиқиб, тахталарни бир-бирига михлаб қўйди. Ва ниҳоят мен ана шу қайиқда сузиб келдим, шунинг учун ҳам кечикдим”, деб айтади. Бу гаплардан ҳамма кулиб юборади ва : “Сен ростдан ҳам бу гапларга бизни ишонади, деб ўйлайсанми?”деб айтишади. Шунда имом Ҳанифа розияллоҳу анҳу: “Сизлар барча мавжуд нарсалар йўқ жойдан, ўз-ўзидан Яратувчисиз пайдо бўлган, деб ишонасизлар-у, лекин шу билан бирга қайиқнинг ўзўзидан она табиатдан пайдо бўлганлигига ишонмайсизларми?” деб жавоб берган эканлар.

Имом Абу Ҳанифа шу билан яратилган нарсаларнинг Яратувчиси йўқ, деб ўйлашнинг ўзи пуч хаёл эканлигини исботлаб берган эканлар.

Абу Розийдан келтирилган ишончли ҳадисда пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан “барча нарсалар яратилгунга қадар Роббимиз қаерда бўлган?” деб сўрашган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган эканлар: “ Аввали ва Охири бўлмаган Аллоҳдан бошқа ҳеч нарса бўлмаган: Арш ҳам бўлмаган, Қалам ҳам бўлмаган, сув ҳам, осмонлар ҳам, булутлар ҳам бўлмаган, ҳаво ҳам бўлмаган. Фақат Аллоҳ бўлган. “ У осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг орасидаги (барча) нарсаларни олти кунда яратиб, сўнгра Арш узра “муставий” бўлган зотдир..”.( Фурқон сураси, 25-оят). Аллоҳ “Бўл!” амри билан Аршни яратди. Арш – фаришталардан, осмонлардан, ердан аввал, уларнинг тепасида, остида яратилган нарсалардан ҳам аввал яратилди”. Бундай манзарани тасаввур қилиш жуда қийин. Ҳозирги замон олимлари Оламнинг пайдо бўлиши Катта Портлаш туфайли юз берганлигини 50 йил аввал илмий талқин қилишди. Аллоҳ эса бундан 14 аср муқаддам Қуръонда аввалда Еру осмон яхлит бўлганлигини, Аллоҳ уларни ёриб юборгани айтади (Анбиё сураси, 30-оят). Яъни, ҳадисга мувофиқ, фақат Аллоҳ бўлган, ҳеч нарса бўлмаган. Бу манзарани бамисоли бир бутун атом деб тасаввур қилсак, ниҳоятда катта куч, катта қувват натижасида атом ёрилиб, парчаланган. Шундай қилиб, Буюк Қувват, Буюк Куч, Буюк Қодирлик натижасида илоҳий амр билан еру осмонлар яралади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги Фотир сураси,15-оятга ишора қилиб: “Барча яратилган нарсалар Аллоҳга муҳтож, чунки аввал фақат Аллоҳ бор эди, Аллоҳдан бошқа ҳеч нарса бўлмаган, Аллоҳ – абадий, яратилган нарсалар эса ўткинчи”, деб айтган эканлар.

Бизнинг Галактика

Аллоҳ биз яшаётган сайёрани – Ерни гўзал қилиб яратди. Ер шари шу даражада улканки, ҳозирги яшаётган миллиардлаб одамлардан яна шунчаси бемалол яшайверади. Лекин бу дунё ташқарисидаги яна бошқа оламларни шундай яратган эканки, Ернинг улканлиги уларнинг олдида тариқ донасидек аҳамиятсиз бўлиб кўринар экан. Қуёш – битта юлдуз. Лекин ана шу юлдузнинг катталигини ҳисобласангиз, унинг ҳажмига 1 миллиондан ортиқ бизнинг Еримиздек планеталар сиғиб кетар экан. Лекин Қуёшдан ҳам миллион марта катта бўлган юлдузлар ҳам бор. Битта галактикани пайдо қилиш учун миллионлаб юлдузлар керак экан. Ахир миллиардлаб галактикалар мавжуд-ку!? Тасаввур қилаяпсизми? Биз коинот, галактикалар ҳақида, юлдузлар, сайёралар ва бошқа яралмишлар ҳақида гапирар эканмиз, булар бизга яқинроқ бўлган осмонда – биринчи осмонда мавжуд.

Аллоҳ етти осмонни яратган. Бир осмон билан иккинчи осмоннинг орасидаги масофа 500 йилга тенг экан. Қандай тезлик билан бу масофа босилади, буни Аллоҳ билади.

Ибн Касийр раҳматуллоҳи алайҳ “ал-Бидоя ва Ниҳоя” асарида (Умар Сулаймон дарсларидан) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларини келтирганлар: “Бизларга яқин бўлган осмон, яъни – биринчи осмон кейинги иккинчи осмон олдида худди саҳрода ётган узукка ўхшайди”, деб айтганлар. Яъни, биз чексиз, деб ҳисоблаётган осмонимиз кейинги осмон олдида худди бепоён саҳрода ётган узук мисоли экан. Худди шундай, иккинчи осмон ҳам учинчи осмон олдида худди саҳрода ётган узукдек экан. Учинчи осмон ҳам тўртинчи осмон олдида ҳам мисоли худди шундай. Мана шундай ўхшатиш билан пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам еттинчи осмонга қадар тушунтирадилар. Еттинчи осмондан кейин эса Аллоҳнинг Курси келар экан. “ Унинг Курсийси осмонлар ва ерни ҳам ўз ичига сиғдира олур” (Бақара сураси, 255-оят). Еттинчи осмон ҳам Аллоҳнинг Курсийси олдида худди саҳрога ташланган узукка ўхшар экан! Барча осмонлару ерни ўз ичига сиғдира олган Курсийдан кейин Арш келар экан. Курсийнинг эса катталиги Арш билан солиштирганда худди саҳрога ташланган узук мисоли экан. Тасаввур қилаяпсизми? Биз биринчи осмоннинг катталигини тасаввур ҳам қила олмаймиз. Еттинчи осмонгача, ҳар қаватдаги осмоннинг ҳар бири кейингисидан катталиги, ундан сўнг Аллоҳнинг Курси ва ниҳоят, Арши Аъло… Буларни қандай қилиб тасаввурга сиғдириш мумкин? Аллоҳ яратган Арш ҳақида ҳар қанча фикр юритмайлик, Унинг бу даргоҳини тасаввуримизга сиғдиришга ожизмиз.

Олимлар бизнинг галактикамизда уч юз миллиарддан ортиқ юлдузлар, тахминан бир триллион планеталар борлигини тахмин қилмоқдалар. Бу фақат бизнинг галактикамизда! Бутун коинот бўйлаб юз миллиард галактикалар бор. Булар доимо ҳаракатда бўладилар. Коинотнинг нақадар катталигини тасаввур қилаяпсизми? 100 миллиард галактикани ўзига сиғдирган ва булар ўзаро ҳаракатда. Биз эса фақат биттасини биламиз, холос!

Шу билан бирга Аллоҳ нафақат коинот, осмонлар, ерни яратди, балки сувни, ҳавони яратганидан сўнг ўсимликлар оламини, ҳайвонотлар оламини яратди. У доимо Аллоҳга сажда қилиб итоатда турадиган фаришталарни нурдан яратди, жинларни оловдан яратди. Одамни эса лойдан яратди. Ҳозирги замон олимларининг хулосаларига кўра, одам танасидаги мавжуд бўлган кимёвий, биологик, минерал моддаларнинг барчаси тупроқ таркибида ҳам бор. Бу мўъжиза эмасми?

Олимлар томонидан сайёрамиздаги ҳаётни таъминлаш учун 200 та муҳим бўлган параметрлар борлиги, бу параметрларнинг ҳар бири идеал равишда бири-бирига ўзаро боғлиқ ҳолда таъсир қилиши исботланган. (Бу ҳақда бундан 14 аср муқаддам Қуръонда битилган: Ёсин сураси, 36-оят). Дарҳақиқат, Коинотдаги ва табиатдаги барча яратилган нарсаларни, жараёнларни таҳлил қилсангиз, ҳаммаси бир-бирига ўзаро боғлиқ ҳолдалигини, Аллоҳ буларнинг барчасини Инсон учун яратганлигини, коинот, ер ва инсоннинг ўзаро боғлиқлигини англай бошлайсиз. Инсон учун бу қадар нарсалар ҳам яратиладими? Наҳотки Аллоҳ барча оламларни яратиб, бир-бири билан ўзаро боғлантириб, ҳаракат қилиб туришини амр қилгани, бу ҳаётни таъминлаши замирида Инсонни яртишни мақсад қилиб олган бўлса?! Субҳоналлоҳ!

Чексиз Коинотнинг, барча яралмишлар Марказида Ўзингиз борсиз

Аллоҳ инсонлардан аввал фақат Унинг итоатида бўладиган, Унинг амрига бўйсунадиган фаришталарни яратди. Аллоҳ фаришталарни илоҳий нурдан яратди. Уларнинг бўй-бастлари жуда ҳам катта экан. Агар отлиқ одам бир кеча ва бир кундуз тўхтамай йўл босганида бу йўл фариштанинг битта қанотичалик ҳам келмас экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломнинг қиёфаларини кўрганларида бу фариштанинг битта қанотлари бутун уфқни қоплаган эди. Бу нурли фаришталар шу даражада кўп эканки, улар бутун осмону фалакни тўлдиришар экан. Улар доимо Аллоҳга ибодат қилиб турганлигидан осмонлар қарсиллаб кетар экан. Уларда нафс йўқ. Улар емайди, ичмайди, ухламайди. Уларда ўз ҳолича танлаш, эркинлик йўқ. Уларнинг эркинликлари Аллоҳнинг иродаси билан йўғрилган. Фақат Аллоҳ амрига итоатда ва ибодатда бўладилар.

Инсоннинг яратилишидан аввал Аллоҳ жинларни яратди. Ҳадисларда келишича, уларни тутунсиз оловдан, аланга, оташдан яратган. Қандай қилиб бу оловдан идрок қилувчи мавжудотнинг шаклини пайдо қилганини Аллоҳнинг ўзи билади. Ёруғлик физикаси қонуниятларига кўра, ўзидан 100 фоиз нурни ўтказадиган жисмлар кўзга кўринмас экан. Балки Аллоҳ жинларни ана шундай яратгандир. Фаришталардан фарқли ўлароқ, Аллоҳ жинларга эркинлик берди, танлаш ҳуқуқини берди, шу билан бирга Аллоҳ уларга маъсулият юклади – Аллоҳни таниш маъсулиятини юклади. Жинлар ейдилар, ичадилар, уйланадилар, бола-чақа қиладилар. Уларнинг орасида иймон келтирганлари ҳам, иймон келтирмаганлари ҳам бор. Жинларнинг яна бир хусусиятлари, улар фақат ер юзида эмас, осмонларга ҳам кўтарилиб, тушиб турганлар. (Фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлиб келганларидан кейин улар бу ҳуқуқдан маҳрум бўлишган). Вақт ўтиши билан жинлар ер юзида адолатсизлик, бузғунчилик қила бошлайдилар. Тафсирларда келишича яна шуларга ўхшаган Нос-нос (титанлар) деган ва бошқа жинлар ҳам бўлган. Булар бир-бирлари билан душманлик қиладилар, кучлилар кучсизлар устидан ҳукмронлик қиладилар, зўравонлик қиладилар, бир-бирларини ўлдирадилар. Ёвуз жинлар яхши жинларни ўлдирадилар, Ер юзида адолатсизлик, ёвузлик, зўравонлик ҳукмронлик қила бошлайди. Шундан кейин Аллоҳ уларни жазолаш учун Ерга фаришталарни юборади. Фаришталар ва жинлар ўртасидан жанг бўлади. Охири фаришталар жинларни енгадилар, қолганларини қандайдир оролларнинг четигача ҳайдаб борадилар.

Жинлар орасида Аллоҳга минг-минг йиллар давомида сиғиниб, Унга ибодат қилиб келган бир жин бўлади. У Аллоҳга бетиним тоат-ибодатда бўлади, Аллоҳни улуғлайди. Аллоҳ бу жинни фаришталар даражасига кўтаради, унга фаришталик мақомини беради, фаришталар билан бир даргоҳда бўлишни амр этади. Бир неча минг йиллар давомида бу жин ҳам фаришталар қатори Аллоҳга ибодатда бўлиб келади, икки ракат намозни тўрт минг йил давомида ўқиган бўлади.

Юқорида айтиб ўтилганидек, Аллоҳ тоатда бўлган жинни юксалтириб, фаришталар даргоҳида, жаннатда яшашга амр этади.

Сиз Аллоҳнинг Илоҳий Қудрати билан яратган Ер, осмон, юлдузлар, галактикаларни, мана шу оламни, чексиз коинотни, фаришталарни, жинларни, махлуқотини қудратингиз етганича тасаввур қилаяпсизми? Мана шу чексиз коинотни ҳар қанча тасаввур қилманг, яралмишларнинг, чексизликнинг марказида Ўзингиз турибсиз! Аллоҳ шуларнинг барчасини сиз учун, сизга Ўзини танитиш учун яратди. Аллоҳ сизни ўз азму ихтиёрингиз билан фаришталар каби Унга итоатда бўлишингиз, ўз-ўзингизни (дилингизни) қайта кашф этишингиз учун яратди…

III. ОДАМНИНГ ЯРАТИЛИШИ

“Аллоҳ Одамни Ўз Суратида яратди”

Биз Яратувчи яратган мўъжизалар ҳақида, одамнинг, оламнинг яратилиши ҳақида, фаришталар, жинларнинг яратилиш ҳақида бир оз тафаккур қилдик. Энди Одамнинг яратилиши ҳақида ҳам бир оз тафаккур қилсак. Зеро, саволларимизга жавоб излашда бу ҳам бир асосий қадам.

Биз Аллоҳнинг барча оламни яратишдан мақсади Инсонни яратиш эканлигини англадик.

Аллоҳ яратган илк одамни биз Одам алайҳиссалом, деймиз. Одам алайҳиссалом биринчи одам ва биринчи пайғамбар бўлганлар. Биз Одам алайҳиссаломни отамиз, деймиз, чунки биз инсонлар Одам ато ва момо Ҳавводан тарқалганмиз, уларнинг зурриётларимиз.

Қуръонда келган Одам алайҳиссалом қиссаси ниҳоятда улуғ ва қизиқарли қисса. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Қуръонда келган оятлар, улардаги қисса ва масаллар ўша давр учун келган деб, ёки ўзимиз учун бирор-бир информация сифатида қабул қилишимизнинг ўзи ножоиз. Қуръондаги ҳар бир қисса, оят, ҳар бир ҳукм – ҳар биримиз учун то Қиёмат Кунигача дастуриламал бўлиб битилган, ўзимиз учун, ўз келажагимиз учун биз ушбу Огоҳлантириш, Эслатмани Аллоҳнинг бизга бўлган чексиз Марҳамати деб қабул қилиб, ундан ўзимиз учун хулоса чиқариб олишимиз керак. Қуръонда келган Одам алайҳиссалом қиссаси шундай воқеаларни ўз ичига оладики, бу қисса орқали Аллоҳ Улуғлиги, Буюклиги, Раҳмонлиги билан “тафаккур қиладиганлар учун” биз инсонларни тақдир ҳақида огоҳлантиради, инсонга “ўз дастурини”, ўз йўлини белгилашда Раҳнамолик кўрсатади.

Шундай қилиб, Аллоҳ фаришталарга “Мен Ерда халифа (одам) яратмоқчиман”, дейди. У Одамни халифа деб айтади. Тафсирларда айтилишича,“халифа” сўзининг маъноси ўринбосар маъносини билдирар экан. Яъни, аввал биттаси бўлади, кейин унинг ўрнига иккинчиси келади, иккинчисининг ўрнига учинчиси, тўртинчиси ва авлоддан-авлодга, наслдан-наслга ўтади, деган маънони билдирар экан. Биз ўз ота-онамиз учун халифа эканмиз, ота-онамиз ўз ота-оналари учун халифа бўлишган, ота-оналари ҳам ўз ота-оналари учун халифа бўлишган. Иккинчи маъноси эса бир жойни эгаллаган одам ўрнини бошқа одам келиб эгаллаши, маъносини билдирар экан. Аллоҳ “халифа яратмоқчиман” деб айтганида, Ер юзида энди жинлар эмас, уларнинг ўрнига авлоддан-авлодга, наслдан наслга ўтадиган, Ерни ва кўнгилни обод қиладиган (кўнгил ободлиги – ўз-ўзини англаш, камолга етказиш), тинчлик, адолат ўрнатадиган одамларни яратмоқчи эканлигини айтади (Бақара сураси, 30-оят). Бу Аллоҳнинг Ўз Қаламига олган режаси эди. Фаришталар эса “…Унда (Ерда) бузғунчилик қиладиган, ноҳақ равишда қонлар тўкадиган кимсани яратмоқчимисан? Ҳолбуки, биз Сенга ҳамдинг билан тасбеҳлар айтамиз ва Сени Муқаддас деб биламиз,“ деган мазмунда савол сўрашади.

Сиз шу вақтда “Нима учун доимо итоатда бўладиган фаришталар бундай савол беришди, ҳали Одам яратилмасдан туриб, у Ер юзида бундай ишлар қилишини улар қаердан билишди”, деб ўйлашингиз мумкин. Муфассирлар буни шундай чиройли изоҳлашадики, биринчидан, фаришталар ер юзида яшаган жинларнинг қилган ишларини билишади, шунинг учун ҳам уларнинг наздида Ер юзида ихтиёри ўзига берилган, нафси бор махлуқотлар яшайди, натижада улар ўз нафси учун курашадилар, бир-бирларига адолатсизлик, ёмонлик қиладилар, ёвузликлар, бузғунчиликлар қиладилар, бир-бирларини хонавайрон қилиб, зўравонлик қиладилар, бир-бирларини ўлдирадилар, бир-бирлари билан уруш қилиб яшайдилар, деган тушунча қолган.

Шунинг учун ҳам фаришталар Аллоҳ шундайларни яна қайтадан яратмоқчи эканлигидан ҳайрон бўлишади ва бу режа замирида Аллоҳнинг қандай мақсади борлигини билмоқчи бўлишади. Яъни, билиш учун. Иккинчидан эса, ҳаттоки фаришталар Аллоҳга савол беришганлиги, бу бизга ҳам ўрнак эканлиги, билмаганимизни сўраб ўрганишимиз биз учун ҳам керак эканлигидир. Аллоҳ фаришталарнинг саволига “Мен сизлар билмаган нарсани биламан” ( Бақара сураси, 30-оят), деб жавоб қайтаради. Фаришталар эса жавобан Аллоҳга ҳамд айтишади.

Аллоҳ фаришта Жаброил алайҳиссаломга Ер юзининг турли бурчагидан тупроқлар олиб келишни буюради. Баъзи бир китобларда келишича эса, бир нечта фаришталарни Ер юзининг турли бурчакларидан, турли хил жойларидан тупроқ олиб келишга буюради. Олиб келинган тупроқларнинг ранги турли хил: қора, оқ, қизил, жигарранг бўлади. Аллоҳ бу тупроқларга сув қўшиб аралаштиради, лой ҳосил бўлганидан сўнг Одамни Ўз Қўли билан бунёд этади. Айтилишича, тупроқларнинг ранги ҳар хил бўлгани ва турли хил жойлардан келгани учун ҳам одамнинг танаси ҳам, феъл атвори ҳам турли хил экан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонга кўра: “Аллоҳ Одамни Ўз Суратида яратди”, деб айтганлар. (Бухорий ва Муслим. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган.) Бу ҳадиснинг тафсирлари жуда кўп. Улардан биз ўзимизга шундай хулоса қилиб олишимиз керак: Аллоҳнинг кўрадиган кўзлари, эшитадиган қулоқлари, гапирадиган забони, қўли, оёқлари – бизнинг тасаввуримиздан, моддийликдан ташқарида – ҳамма ёқни, бутун оламни ҳаводек, ёруғлик тезлигидек қамраб олган. Шунинг учун ҳам У Илоҳ! Аллоҳ ўзидаги ана шу илоҳий сифтларидан олиб, Одамни моддий ҳолда яратди. Аллоҳ Одам алайҳиссаломни Ўз Суратида, Ўз Қўли билан яратди, деганда ҳам бу жумла метофорик маънода келган, буни моддийликдан ташқари бўлган Аллоҳнинг Куч, Қудрати, деб тушуниш керак.

Шундай қилиб, Аллоҳ Одамнинг танасини яратади ва бир муддат ўз ҳолига қўяди. Бу давр Одам алайҳи васалламнинг шаклланиш даврлари бўлади. Баъзи манбаларда 40 кун, баъзи манбаларда эса 40 йил дейилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтишларча (Бухорий, Муслим), Аллоҳ Одам алайҳиссаломнинг бўйларини 60 тирсак баробарида яратган экан. Бу бизнинг ҳисобимиз бўйича тахминан 30 метрга тенг келади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации