Электронная библиотека » Юлдузхон Назар » » онлайн чтение - страница 6


  • Текст добавлен: 27 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Юлдузхон Назар


Жанр: О бизнесе популярно, Бизнес-Книги


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 6 (всего у книги 17 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]

Шрифт:
- 100% +
Инсони Дил

Энг паст даражада туриб, ҳозирги кунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни масхара қиладиганлар у зотни кўп хотинликда, ёш Ойша онамизга уйланганликда айблайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир марта ўз ихтиёрлари билан Хадижа онамизга уйланганлар. 25 йил бир бирларига меҳр-муҳаббатли бўлиб яшаганлар, бошқа аёлга уйланишни хаёлларига ҳам келтирмаганлар. Хадижа онамиздан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланганларида ўз нафслари хоҳиши, ўз истаклари билан уйланмаганлар. Ҳар бир уйланишларининг ўз сабаби, ўз тарихи, сиёсати бўлган. Лекин биз бир нарсани яхши англаб, бу нарсани дилимизда қатъий тугиб қўйишимиз керак: айтиб ўтганимиздек, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “ (илоҳий) юқоридан келадиган тўғридан-тўғри бошқарув манбаи” бўлганлар. Уларнинг диллари, руҳлари тўғридан-тўғри Аллоҳ билан боғлиқ бўлган. Пайғамбарлар оддий одам сифатида дунёга келишган бўлса ҳам, уларнинг руҳи, дили оддий инсонларникидан фарқ қилган. Пайғамбарлик Руҳи Аллоҳнинг Нуридан бунёд бўлган. Улар Инсони Дил! Нури Аллоҳ! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Инсони Дил бўлганлар. У зотнинг диллари, руҳлари тўғридан-тўғри Аллоҳга боғланган; Уларнинг диллари билан Аллоҳ ўртасида ўз “мен”ликлари, ўз нафслари йўқ. Улар “осмонлардан” келадиган тўғридан-тўғри бошқарув манбаи! Ҳеч қайси пайғамбар илоҳий амрсиз ўз ҳолича бирор ишни қилмаган. Иброҳим алайҳиссалом ҳам илоҳий амрсиз Ҳожар онамизни кимсасиз чўлга ташлаб кетмаганлар. Ахир, қандай қилиб, ҳали чақалоқ гўдак бола билан аёл кишини кимсасиз чўлга ташлаб кетиш мумкин, деб айтишимиз мумкин-ку?! Бу ишнинг тагида биз “замзам” суви борлигини қаердан ҳам билар эдик! Биз оддий одамлар эса бундай ҳолларни ўз ақлимиз билан ўйлаймиз, ўз даражамизда қабул қиламиз, бунинг тагида қандай илоҳий ҳикмат борлигини англамаймиз. Шунинг учун ҳам пайғамбарлар қилган ишларини тўғри ёки нотўғрилигини муҳокама қилишга бизнинг маънавий жиҳатдан ҳам ҳаққимиз йўқ. Чунки, биз оддий одамларнинг дилимиз билан Аллоҳ ўртасини тўсиб турадиган ақлимиз, ўз “мен”имиз, нафсимиз бор. Биз шулар орқали фикр қиламиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Инсони Дил бўлганликлари учун руҳлари, диллари ҳеч қандай “ақл, нафс, “мен”ликсиз” Аллоҳ билан тўғрида-тўғри боғланган бўлган.

Биз пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар бўлиб келишлари ва ўз вазифаларининг ортида одамларнинг руҳий-маънавий юксалиши ортида бутун дунёдаги энг юксак тараққиётнинг ривожланишига омил бўлганлигини теран англашимиз зарур.

Қуръон ва суннат – дунёда илм-фан тараққиётининг ривожланишига асосий замини бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари, амаллари воситасида Ислом олимлари мукаммал тарзда ҳуқуқий тизим ярата олдилар, санъат соҳасида, математика, астрономия, фалсафа илмида, тиб илмида ўзларининг кашфиётлари билан бутун дунё илм тараққиётига асос солдилар.

Ғарбда энди Уйғониш даври бошланганида, Хоразмда ал-Маъмун академияси фаолият кўрсатган. Тушунаяпсизми? Ғарб бир вақтлар хурофот ичида эди. Одамларни черков бошқарар эди. Фақат нуфузга эга бўлган одамгина илм билан шуғулланиши мумкин эди. “Қора халқ”нинг бунга ҳаққи бўлмаган. Галиллей (Улуғбекдан кейин 150 йилдан сўнг) Ер Қуёш атрофида айланишини исботлагани учун нақ ўлимнинг ёқасида қолган эди. Шуни айтиб ўтиш лозимки, Католик черкови Ернинг Қуёш атрофида айланиши “рост эканлигини” 1992 йилдагина расман тан олди.

Ғарбда қачон одамлар уйғонган? Аввал Испания, секин-аста Германия, Англияда Ибн Рушд, Ибн Арабий, Ибн Синоларнинг китоблари таржима қилиниб, одамлар секин-аста ўзларини “одам” эканликларини ҳис қила бошлаганлар, секин-аста уйғонганлар. Шу тарзда черков ҳукмронлигига қарши курашлар бошланган, Ғарбда уйғониш бошланган. Ғарбнинг уйғонишида ислом илми, тафаккурининг, тараққиётининг ҳиссаси жуда катта.

17 асрларда Ўрта Осиёда илм-фан тараққиёти энг юксак чўққига чиққан давр бўлди. Секин-аста фитналар, хурофот кўпайиб, ҳақиқий “ворис”лар камайиб, илм чўққисидан пастга туша бошладик. Ҳамма илм ўзимизда бўлган. Биз ана шу тараққиётнинг, пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ворислари, саҳобаларининг издошлари бўла олмаганимиз учун тараққиётни сақлай олмадик. Энди илм излаб бошқа ёқларга кетаяпмиз, дин деб, қандайдир хурофотлар ичида қолиб кетаяпмиз, худди ўша Уйғониш давригача черковлар одамларни хурофотда сақлаганидек, бугунги кундаги дин ҳақидаги қарашларимиз ҳам хурофотга айланиб кетмоқда, ижтимоий тармоқлар орқали ёлғон билим тарқалаётганлиги туфайли Диннинг, исломнинг моҳияти, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бузилмоқда. Шундай бўлиб қолдики, баъзи хурофот ичидаги одамлар ўзлари ”тан олмаган” прогрессив дунёқарашдаги олимлар, уламолар томонидан ҳақиқий илм тўғрисида гапирсалар, уларнинг гапларини инкор қиладилар. Ўзлари “тан олган” муллалар ёлғон илм тарқатса ҳам, уни рост деб, бу одамларнинг кетидан эргашадилар, гуруҳбозликларга йўл қўядилар, исломдаги Аҳадлик принципини бузадилар. Бу хурофотдан бошқа нарса эмас. Аллоҳ эса бизни “Пайғамбарга эргашинг!” дея огоҳлантиради.

Дин ичида ўралашиб, депсиниб қолиб кетмаслик, хурофот таъсирида қолмаслик учун пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Қуёшдек нур сочиб турибдилар. Ана шу нурдан баҳраманд бўла олиш, у зотнинг ҳақиқий ворислари бўлиш учун у зотнинг жасур саҳобалари биз учун ўрнак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир буйруқларини сўзсиз, Аллоҳ буйруғи деб ўша заҳоти қабул қилишган, ўз ҳаётларида қўллашган. Улар Аллоҳнинг ”Пайғамбарга эргашинг!” буйруғига сўзсиз итоат этганлар, ҳеч қачон гуруҳбозлик қилишмаган. Саҳобалар биз учун ана шу жиҳатдан ўрнак бўлишлари керак.

Маънавий поклик ҳақиқати

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам давларида бир аёл ўғрилик қилади. Қуръон ҳукмича, у аёлнинг қўли кесилиши керак эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Усома бин Зайд келиб, шу аёлнинг гуноҳидан ўтишларини, қўлини кесмасликни ўртада туриб илтмос қилади. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом.: “Сен мени Аллоҳнинг ёмонликни олдини олиш учун қўйган жазосини, ҳукмини бажармасликка ундаяпсанми? Аллоҳга қасамки, агар шу ишни қизим Фотима қилганида ҳам мен унинг қўлини кесган бўлар эдим”, деб жавоб қиладилар. (Бухорий, Муслим). Бу билан пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳозирги тил билан айтганда коррупция илдизига болта урган эдилар. Бу нафақат ҳар биримиз, балки бутун инсоният учун катта бир сабоқ, У зотнинг жамият, давлат тараққиёти учун ибратли бўлган сийратлари.

Шу воқеадан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам халқ олдига чиқиб: Сизлардан аввал ўтганларнинг ҳалокатга учраганининг сабаби улар ўз ораларидан нуфузли одамлар ўғрилик қилсалар, уларга тегишмасди, нуфузга эга бўлмаган одамлар ўғрилик қилса, улар қонун бўйича жазога тортилар эди”, деб айтган эканлар.

Ҳозирги кунда коррупциянинг илдиз отиб кетганлиги биз инсонларнинг Аллоҳнинг буйруғига кўра пайғамбарга эргашмаганлигимиз, бунинг сабаби ортидан маънавий-руҳий покликнинг йўқолиб бориши билан боғлиқдир. Бундай ҳолатда яшаш ўзимиз учун фожиа эканлигини англашни ҳам истамаймиз.

Биз пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни англашда у зотнинг сийратларини, маънавий етук, комил инсон эканликларини фақат ўз даражамизда англашимиз мумкин. Лекин, у зотни англайдиган шундай юқори даражалар борки, бу даражаларга етган Комил инсонлар Аллоҳнинг амр оламидаги у зотнинг руҳий қувватлари, нурлари, Ердаги борликлари ниманинг акси эканлигини, асл илоҳий моҳиятларини англай оладилар. Салавотлар бекордан-бекор у зотга айтилмайди. Биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни қанчалик таниганимиз сари, у зотга бўлган севгимиз шунчалар ошиб боради. Биз у зотни қанчалик севсак, иймонимиз шу даражада комил бўлиб бораверади.

Ҳурматли ўқувчи! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари, тарихлари, у зотнинг сийраталари ҳақида биз учун ибрат бўладиган, ўзимизга татбиқ қиладиган битмас-туганмас манбалар кўп. Уларни ўқиб, ўрганиш бизнинг маънавий бурчимиз.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай жамиятда ўсиб, улғайдиларки, бу жамият ниҳоятда маънавий қашшоқлик, ахлоқсизлик ҳукм сурган жамият бўлган. Бу жамиятдаги маънавий ахлоқсизлик, маънавий бузиқлик нафақат ёшлар орасида, балки ёши бир жойга бориб қолган одамлар орасида ҳам оддий ҳол бўлган. У вақтда ҳар бир кўчада эшигига қора байроқ осиб қўйилган хонадонларни кўриш мумкин эди. Қора байроқ илиб қўйилиши, бу хонадонга маънавий бузилган эркак ва аёлларнинг бемалол кириб-чиқиб юришлари учун белги эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай муҳит ичида ота-онасиз етимликда ўсдилар. Лекин, ана шу жамиятда ҳукм сурган маънавий қашшоқлик, ахлоқсизлик муҳити бошқалар каби ёш йигитнинг ақлини олгани йўқ, хаёлини бузгани йўқ, қалбини ифлослантиргани йўқ. Бўлмаса, шу муҳитда ўсдилар, катта бўлдилар.

У зот савдо-сотиқ билан шуғулландилар. Юк ортилган туя карвонларини хавф-хатарлар ичидан олиб ўтдилар. Лекин ҳеч кимнинг молига хиёнат қилганлари йўқ, савдо қилганларида ҳеч кимга ёлғон гапирганлари йўқ.

Ҳа, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жоҳилият замонида, одамлар ҳаромдан қўрқмайдиган замонда ўсиб катта бўлганлар. Ижтимоий муҳит қандай бўлганлигини тушунаяпсизми? Шундай бўлса-да, бундай муҳит у зотнинг ёш қалбини булғай олмади. Чунки, Пайғамбар алайҳиссалом бошқаларга қараганда маънавий етук бўлганлар, ўз замондошлари орасида ахлоқан баркамол бўлганлар, софдил, меҳрибон, тўғрисўз бўлганлар. Шунинг учун ҳам жамиятда ҳукм сурган ахлоқсизлик, маънавий бузуқлик муҳити У зотга таъсирини ўтказа олмади. У зот ўз қавмлари орасида ниҳоятда тўғриликлари, софдилликлари ва ишончли одам эканликлари билан ажралиб турганлар.

Пайғамбар бўлганларидан кейин у зотга бутун қавм қарши бўлди, душман бўлди, лекин душманлик қилганлар у зотни ерга уриш учун ўзларича пайғамбарликка муносиб эмасликларини исботлаш мақсадида бирор-бир қинғир ишларини, хато, камчиликларини топиб айта оламади. Ўзлари душман бўла туриб, шундай бўлса ҳам, у зотга ўз шахсий омонатларини ишониб топшириб кетишар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам душманларидан қочиб ҳижратга кетаётганларида, ана шу душманларининг омонатларини Али розияллоҳу анҳуга эгаларига қайтариш учун топшириб кетганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жаҳл қилиб, уларга интиқом мақсадида ўзлари билан омонатларини олиб кетсалар бўларди-ку?! Ахир уларни деб ҳижрат қилаяптилар-ку?! Бу маънавий етукликнинг меваси эди! Улуғ Аллоҳ пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни шундай яратган эдики, у зот ҳусни малоҳатда ҳам, меҳрибонлик ва самимийликда ҳам, маънавий етукликда ҳам, тўғрилик ва софдилликда ҳам барча инсонлардан устун эдилар.

Энди сиз софдил, меҳрибон бўлган пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўсмирлик, навқирон йигитлик пайтларини, ҳали пайғамбар бўлмаган вақтларини кўз олдингизга келтиринг. Ўша муҳитни ва пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам соф қалбларини, дунёқарашларини тасаввур қилинг: Уларнинг олдиларидан бирор андишасизларча кийинган бирор аёл ўтиб кетса, наазар солмаганлар, тикилиб қарамаганлар.

Сиз-чи, ҳурматли ўқувчим? Ҳаёт бўсағасига қадам қўйган ёш қалб эгаси, Сиз қандайсиз? Кўнглингиз сизни қайси тарафларга бошлаяпти? Ҳозир Ғарбда оммавий тусга кириб борган, ҳаёт тарзига айланган маънавий қашшоқлик, иймонсизлик ичига сиз ҳам қўшилиб кетмаяпсизми? Ижтимоий тармоқларда тўхтовсиз қўйилаётган беҳаё, ҳаром ишларни кўришга Аллоҳдан қўрқасизми ёки бу нарса сиз учун оддий ҳолми?

Сиз яшаётган, ўсиб улғаяётган ҳозирги давр, муҳит худди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлик, ўсмирлик даврлари муҳитига ўхшаб кетади. Ҳаёсизлик, шармандалик, андишасизлик ижтимоий тармоқлар оламида бемалол “гуллаб-яшнаяпти”. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлик даврларида Қуръон тушмаган эди, пайғамбарлар йўқ эди. Қурайшликлар “ота-боболари огоҳлантирилмай, жоҳил бўлиб қолган” кимсалар эди. Ҳозирги давр эса, Аллоҳдан Ваҳий – огоҳлантириш келган бўлса ҳам, ота-боболар, авлодлар огоҳ этилсалар ҳам, дунёга Қуёш каби нур сочган пайғамбар, у зотнинг суннати келган бўлса ҳам, бунга беэътибор қараган, иймони пуч, баъзи бир манан, ахлоқан бузилган, ўзини танимаган, англамаган инсонлар ҳақида нима дейиш мумкин? Лекин сиз ўзингизни, аниқроғи қалбингизни, иймонингизни ҳаром нарсалардан қанчалик ҳимоя қила олаяпсиз? Фаҳш ишларни кўрмасликка, фаҳш сўзларни ишлатмасликка, ароқ ичмасликка, чекмасликка, гиёҳванд нарсалардан, ҳаромдан узоқ бўлишга иймонингизнинг кучи етаяптими?

Аллоҳ нима учун бизга улуғ пайғамбарларни юборганини яна бир бор англагандекмиз. У ниҳоят даражада бизга меҳрибон, ғамхўр! У бизни ниҳоятда севади. Аллоҳ бизнинг нафсимиз ҳайвон нафси билан тенг бўлишини истамайди. Роббимиз пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бизга ибрат қилиб кўрсатди. Пайғамбар алайҳиссалом ёрдамида нафсимизни поклашни, қалбимиз биллурдек ярқираб, ой каби нур таратишини истайди. Бизнинг бу дунёга “шундай келиб, шундай кетишимизни” истамайди, Ўзимиздан-ўзимизгача, Аллоҳнинг Даргоҳигача бўлган йўл синовларидан эсон-омон ўтишимизни истайди. Нафсимиз аммора эмас, қудсия бўлишини истайди. Шунинг учун ҳам Ўзининг нуридан яратган пайғамбарлари орқали бизга йўл кўрсатди, огоҳлантирди… ”У сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ, савоблироқ амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир..”. (Мулк сураси, 2-оят) Пайғамбарлар инсониятга ана шу синовлардан қандай ўтишлик йўлини кўрсатиб беришган.

Муҳтарам ёш қалблар! Чиройли ва савобли амаллар орқали қалбингиз биллурдек тоза, ярқироқ бўлишини истайсизми? Бунинг учун қалбингизнинг тўрида фақат Аллоҳ ва Унинг Расули жой олган бўлиши керак. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлик, йигитликдаги қалблари оламига, руҳий оламлари ичига кира олинг, шу олам билан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оламлари билан, нурлари билан яшанг, нафас олинг. Ана шунда Аллоҳ ”ман қилган дарахт” мевасига яқинлашмайсиз, шайтоннинг эса сизга кучи етмай қолади. Чунки энди сизнинг қалбингизда кучли иймон бор, Аллоҳга, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат бор. Сиз – маънавий етук инсонсиз!

VI. ДИН ҲАҚИҚАТИ. ИСЛОМ ДИНИ ҲАҚИДА ТАФАККУР

Эй қалбларни ўзгартирувчи!

Қалбимни динингда собит қил!

(Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дуолари)

Дин нима? У нимага ўргатади?

Дин сўзининг маъноси араб тилида эътиқод, ишонч маъносини билдиради. Дунёда турли хил динлар бор. Зардуштийлик, буддавийлик дини, кришнавийлик, яҳуд дини, христианлик ва Ислом дини. Ҳар бир халқ, миллат, элат ўз эътиқодига кўра ана шу динлардан бирига сиғинади.

Шундай бир савол туғилади: Дин ўзи нима? Дин инсон ҳаёти учун шунчалик муҳимми, у нималарни ўргатади?

Инсон бу дунёда яшар экан, ўзи учун керакли саволларга жавоб излайди. Мисол учун, яхшилик ва ёмонлик. Булар қаердан пайдо бўлган? Нима учун гўзал хулқ эгалари, маънавий ахлоқ эгалари бировга ёмонлик, зулм қилмайдилар, ўғрилик, ёлғончилик ва бошқа ҳаром ишларга яқин йўламайдилар? Ёки аксинча, нима учун ана шундай ёмон ишларни баъзи одамлар бемалол қилаверадилар, яхшилик, хайрли ишлар қилишдан узоқда бўладилар? Яхшилик нима? Ёмонлик-чи?

Агар Ер юзида дин бўлмаганида, пайғамбарлар келмаганида одамзод яхшилик ва ёмонликнинг нима эканлигини билмаган бўлар эди.

Ҳадисларда келишича, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам “Инсоннинг юқори даражадаги Аллоҳга бўлган ишончи ва маънавий ахлоқи уни жаннатга етаклайди”, деб айтган эканлар (Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган. Ибн Мажо, имом ат-Термизий).

Яратганга бўлган юқори даражадаги ишончни, маънавий ахлоқни эса дин ўргатади. Инсон ўз дини, ишончи, эътиқоди орқали маънавий ахлоқликка, илоҳий камолотга эришади. Фақатгина дин ана шу ахлоқий принципларни мукаммал баён қилади, инсонларга яхшилик ва ёмонликни фарқлаш хусусиятларини очиб беради. Бу хусусиятларни инсон фақат Худо олдидаги жавобгарлик масъулиятини ҳис қилган ҳолда англайди.

Яратувчи ҳақида, ҳаётнинг борлиғи ва мақсадини илоҳий жиҳатдан фақат дин баён қилиб бера олади. Дин орқали биз нима учун бу Ерда эканлигимизни, ўлимдан кейин нима кутишини, яшаш нима эканлигини ва биздан нима талаб қилинишини билиб оламиз.

Ислом олимларидан бири дин ҳақида шундай деган экан: “Бу ҳаётда ва кейинги ҳаётда бахтга, муваффақиятларга эришиш учун пайғамбарлар бизга кўрсатган ва ўзлари босиб ўтган йўлдан бошқа йўл йўқ. Яхшилик ва ёмонликни ажрата олиш, уларнинг ҳаёт тарзлари, кўрсатган йўлларидан ўтмай туриб Яратувчининг розилигига эришиб бўлмайди. Дин уларнинг маънавий ахлоқи, амаллари, сўзлари ҳақидаги ягона манбадир. Илоҳий Ваҳий келмаганида биз яшашдан мақсадимиз нима эканлигини билмаган бўлар эдик, яхшиликинг қадр-қимматини билмаган бўлар эдик”.

Қайси дин бўлишидан қатъи назар, яхшиликни, ахлоқий қадриятларни, маънавий фазилатларни англашда, эгаллашда дин инсонларнинг табиий эҳтиёжи бўлиб келган.

Аллоҳни қандай таниш мумкин? Олам яралишидан мурод нима? Ваҳий нима? Иймон нима? Мусулмонлик нима? Пайғамбарлар кимлар? Биз киммиз? Бизнинг яшашимиздан мақсадимиз нима? Бизнинг Ер юзида, ижтимоий ҳаётда қандай ўрнимиз бор? Яхшилик ва ёмонлик нима? Бу каби муҳим саволларга фақат дин жавоб беради.

Ер юзига биринчи инсон – отамиз Одам алайҳиссалом тушганларидан бери дин мавжуддир.

Ислом дини ҳақида нималарни биламиз?

Ҳозирги кунда ислом дини ҳақидаги унга алоқаси бўлмаган турли хил қараш, фикрларга ҳар қадамда дуч келаяпмиз. Шу ўринда ўзимизнинг Ислом дини ҳақидаги фикримиз қандай ? Бошқа динлардан ислом дини қайси жиҳати билан фарқ қилади? Ислом дини бошқа мавжуд динларни инкор қиладими? Ана шундай саволларга жавоб бермоқ учун инсон ўзи эътиқод қилган дини ҳақида мукаммал билимга эга бўлмоғи шарт.

Негаки, эътиқодимизнинг ҳақ эканлигини, унинг принципларини, моҳиятини билиш ва шунга амал қилиш, бизнинг нечоғлиқ ўзимиз эътиқод қилган динга бўлган муносабатимизда кўринади.

Биз мусулмонлар Ислом динига эътиқод қиламиз, юборилган барча пайғамбарлар, туширилган барча Китоблар ҳақ эканлигига иймон келтирамиз. Лекин биз дин ҳақида, хусусан, Ислом дини ҳақида, унинг принциплари, моҳияти, мақсади нимада эканлигини англамасак, ҳақиқий мусулмон қандай бўлиши кераклигини билмасак, “диним ислом, ўзим мусулмон”, деб гапиришдан фойда йўқ. Аслида эса, ислом динининг моҳиятини, унинг принципларини билмаслик туфайли бугунги кунда дунёда Ислом дини ҳақида, ҳусусан мусулмонлар ҳақида салбий қарашлар юзага келаяпти. Мусулмонлар дунёда кўпчиликнинг кўзига тажовузкор, салоҳияти йўқ, қолоқ одамлар сифатида кўриниб қолдилар. Бунга эса ўзи эътиқод қилган Ислом динининг нима эканлигини билмаган ва динимизга зид бўлган ахлоқсизлик, одобсизлик билан ўзини намойиш қилаётган, ўзини “мусулмон” санаётганларнинг ўзи айбдор бўлиб қолаяпти. Шу билан бирга, ўзини мусулмонман деб ҳисоблаган баъзи бир одамлар интернет саҳифаларида, маърузаларда агрессив равишда бошқа динларни инкор қилиб, уларга ўзларича уруш очмоқчи бўладилар. Улар Аллоҳнинг “Албатта, Аллоҳ наздида (мақбул) дин Ислом динидир” (Оли Имрон сураси,19-оят) деган оятини ҳужжат қилиб, исломдан бошқа дин йўқ, деб бошқа динларни инкор қиладилар, бошқа динга эътиқод қилганларни кофир деб нафсониятига тегадилар. Зарур бўлган билим, салоҳиятга эга бўлмай туриб, билимсизликлари, тафаккур қилмасликлари туфайли жуда ҳам бўлмағур, беъмани гаплар гапиришади, ўзлари тор доирада фикрлаганлари учун, саёз, моҳиятсиз нарсаларни муаммо қилиб кўтариб чиқишади, тушуниб, тушунмай давлат сиёсатига аралашишади, милодий йил билан ўлчанадиган ҳеч қандай дин бўлмаган Давлат томонидан белгиланган янги йил байрамини тан олмай, динда янгилик яратмочи бўлишади, илм-маърифат эгаларининг гапларини инкор қилиб, уларни ерга уришади, исломда йўқ нарсаларни айтиб, одамларни қўрқитишади, суннатда йўқ нарсаларни бу суннат, дейишади. Уларнинг маърузаларида исломга тааллуқли тафаккур қилишга, қалбан, манан юксалиш, ўсишга ундайдиган фойдали гаплар йўқ, аксинча, одамнинг қалбига иллат ташлайдилар. Албатта бундай одамларнинг қилаётган ишлари ислом маданиятига, зиёсига, тафаккурига зиддир. Биз эса сиз билан ислом дини хусусида энди бошқа ўлчамларда тафаккур қилиб кўрамиз ва нима учун “Аллоҳ наздида энг мақбул дин Ислом динидир” оятининг мазмунини иншаллоҳ, билиб оламиз.

Ҳар бир диннинг келиб чиқишининг ўзи бир тарих. Ўзига яраша маънавий томонлари ва ўзига яраша таърифи, тарихи бор.

Қуръонгача тушган Илоҳий китоблардан ташқари яна шундай энг қадимги “Авесто”, “Веда”, “Бҳагават Гита”, Маҳобҳорат”, “Упанишад” каби қадимий китоблар бор. Бу китобларнинг асл илдизида барча динлар каби инсонларни ягона Аллоҳга итоат этишлик буюрилган. Бу китоблар ҳам инсоннинг ўз-ўзига, атрофоламга нисбатан бўлган маънавий-фалсафий дунёқарашини, ўстиради, оқилликка, доноликка, оламни теран англашга ўргатади, барчага муҳаббатли бўлишга, оқ-қорани адолат юзасидан ажратишга чақиради. Энг муҳими, бу китобларни ўқиб, фикр қилган инсон Қуръон мўъжизавий равишда мукаммал эканлигини, Исломнинг эса барча учун ягона дин эканлигини янада кенгроқ, янада чуқур англайди, манан юксалади. “Аллоҳ наздида энг мабул дин ислом” эканлигига амин бўлади ва ислом дини ҳақида энди бошқа ўлчовларда туриб фикр қила бошлайди.

Бир одам доктор Зокир Наикдан “Нима учун Аллоҳ турли хил динларни яратди? У хоҳласа динни битта қилиб ярата олар эди-ку? Балки ана шунда уруш, ихтилофлар бўлмасмиди”, деган саволни беради. Агар биз Ислом дини сўзининг маъносини, диннинг мақсади, моҳияти, принциплари нимада эканлигини англасак, тўғри тушунсак, ана шу саволнинг жавобини ўзимиз ҳам билиб оламиз.

Биз Одам алайҳиссаломни илк яратилган Одам ва биринчи пайғамбар эканликларини биламиз. Одам алайҳиссалом ўз фарзандларига якка Аллоҳ борлигини танитганлар, фақат Унга сиғинишга ва итоат этишга даъват этганлар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса охирги пайғамбар эканликларини, бошқа пайғамбарлик миссияси бўлмаслигини яхши биламиз. Эътибор қилинг: Одам алайҳиссаломдан бошлаб, то Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача Ер юзига юборилган 124.000 пайғамбарлар, жумладан Иброҳим алайҳиссалом, Нуҳ алайҳиссалом, Мусо алайҳиссалом, Исо алайҳиссаломлар бутун оламларни яратувчиси ва Ҳукмрони бўлган якка-ёлғиз Аллоҳни танишга, Унга ибодат қилишга – Исломга чақиришган.

“Ислом” – араб тилида тинчлик маъносини ва слим “Ягона ва бир бўлган Роббисининг амрига итоат этиш, таслим, бўйсуниш” маъносини билдиради.

Доктор Зокир Наик таъкидлашича, Мусулмон сўзи ҳам арабча бўлиб “Роббининг иродасига итоат этадиган одам”, деган маънони англатади. Бу маънодан аниқ, равшан бўладики, кимки, Аллоҳнинг амрига итоат этса, яъни ИСЛОМда бўлса, ИСЛОМда яшаса, у “Роббининг амрига итоат этадиган одам” ҳисобланади. Бу араб тилида мусулмон сўзи билан ифодаланади. Яъни, “мен мусулмонман” деб айтсак, “мен Роббим амрига итоат этадиган одамман”, деб айтган бўламиз. Бу ифоданинг маъноси инсон қайси динга эътиқод қилишидан қатъи назар, насроний бўладими, яҳудий бўладими, ягона Роббисига ишонса, итоат этса, бўйсунса, араб тилида мусулмон сўзи билан ифодаланади. Шундай қилиб, Ислом ягона Аллоҳнинг иродасига, амрига бўйсунишлик бўлса, ягона Аллоҳга бўйсуниб, Унга итоат этадиган одам мусулмон ҳисобланади.

Доктор Зокир Наик Қуръонда келган “Айтинг, (эй Муҳаммад) “ Эй Китоб аҳли (яҳудийлар ва насронийлар) биз билан сизнинг ўртамизда (аҳамияти) баробар бўлган бир сўзга келингиз – ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик. Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб бир-биримизни илоҳ қилиб олмайлик!” Агар (бу таклифдан) юз ўгирсалар (сизлар уларга) гувоҳ бўлингларки, биз мусулмонлармиз”, – деб айтингиз” (Оли Имрон сураси, 64-оят) оятини тафсир қилиб: бу оят барча аҳли Китоб мусулмон эканлигига ишора деб айтади.

Олим Одам атодан бошлаб юборилган барча пайғамбарлар Ислом динига даъват қилишгани ҳақида гапирар экан, ҳиндларнинг муқаддас “Бҳагават Гита” китобида : “Сиз Қудратли ягона Худога итоат этишингиз керак” жумласи араб тилига таржима қилинса бу сўз ҳам “ислом” деган маънони беришини айтади.

Доктор Зокир Наик ҳиндларнинг илоҳий китобларини бирма-бир таҳлил қилар экан, унинг асосида ислом – яккахудолик, ягона Роббга итоат этишлик ётганлигини, замонлар ўтиб дин бузилганлигини асос лаб берди. Бу билан олим барча динлар Ягона Аллоҳга бўйсунишга чақирганлигини эътироф этади. Худди шундай, пайғамбар Исо алайҳиссалом ҳам якка Аллоҳга, Роббга итоат этишни буюрганлар. Ҳақиқий илм кўтарилгач, баъзи черков уламолари Исо руҳуллоҳни Худо деб одамларга танита бошлади.

Ҳақиқий илм кўтарилгани учун ҳам ҳозир бутун дунёда одамлар Аллоҳнинг динини бир-биридан ажратилган ҳолда тушунадилар. Аллоҳ эса ҳеч нарсани ва ҳеч кимни ажратмайди. Чунки, У Аҳад – Бир. Барча олам ана шу Бирлик, Ягона бўлган ҳукмронлик остида. Биз Аллоҳга ибодатда бўламиз, лекин шу билан бирга илоҳий Аҳаддан ўзимиз билмаган ҳолда ажраламиз, исломни бўламиз, христианликни бўламиз. Бу эса Ислом эмас.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации