Текст книги "Аслингиздек бўлишга тайёрмисиз?"
Автор книги: Юлдузхон Назар
Жанр: О бизнесе популярно, Бизнес-Книги
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 3 (всего у книги 17 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]
Тақводор жин нега Иблисга айланди?
Фаришталарнинг Аллоҳ билан бўлган суҳбатини эшитган жин Аллоҳ қандай мавжудот яратмоқчи эканлиги ҳақида ўйлай бошлади. Фаришталар билан бирга бир неча минг йиллар давомида Аллоҳга сажда қилиб, Унинг розилигини топиш илинжида юрган жиннинг кўнглига ғулғула туша бошлайди. Энди у Аллоҳ ризолигини эмас, ўзи ҳақда ўйлай бошлайди. Аллоҳ унинг даражасини юқори қилди, Ўз Даргоҳига юксалтирди. Энди эса кимни яратмоқчи? Нима учун, нима мақсадда бу мавжудотни яратмоқчи? Минг йиллардан бери жин ўзини энг яхши мавжудот деб биларди. У фаришталардан ҳам кўра ўзини ортиқ кўриб, уларда танлаш ҳуқуқи йўқ, менга эса Аллоҳ танлаш ҳуқуқини берган, деб фахрланарди, жинлар орасида ҳам энг улуғи ўзимман, деб ўйларди. Энди эса Аллоҳ яна бир мавжудотни яратмоқчи. Унинг кўнглида рашк, ҳасад пайдо бўлган эди. У Аллоҳ яратган мавжудотнинг нима эканлигини кўриш учун унинг олдига боради. Лойдан ясалган тананинг ранги қора, ичи бўм-бўш эди. Бу танани кўрган жин аввалига уни менсимади, лекин ичидан қандайдир қўрқувни ҳис этди. Секингина оёғи билан туртди. Қўли билан уриб кўрди, шунда сопалакнинг тақиллаган товушига ўхшагандек товуш чиқди. Тафсирларда келишича, жин аввал тананинг атрофида тинмай айланади, бўш тананинг ичига кириб, чиқиб юради. У ўзича бу мавжудот заиф, у ҳеч қачон халифалик қила олмайди, бундай маъсулиятни олиш учун унда куч, қудрат йўқ, деб ўйлади. Шундай бўлса-да, у ҳар сафар ичи бўш танага қараб: “Мен сендан кўра яхшиман, Сен мендан ортиқ бўла олмайсан! У мендан кўра ортиқ бўла олмайди! Унинг нимаси бор?! Мен ҳамма вақт Аллоҳнинг суюклиси бўлиб қоламан! Мен Самун оловидан яралганман!” дея такаббурлик қила бошлайди. Такаббурлик, рашк жиннинг қалбини қорайтира бошлади. Уни ўз вақтида назорат қилмай, қалбига киришига йўл қўйиб берди, такаббурлик, рашк энди ҳасадга айланган эди. Ҳасадни ҳам назорат қилмагани учун, ҳасад унинг кўнглини бутунлай эгаллаб олди. Аллоҳ яратган мавжудотга ёмон назар билан, ёмон ният билан қаради, чунки унинг ичи ифлосланган – шайтон бўлган эди. Шу сабаб у Аллоҳнинг раҳматини унутди, натижада эса “иблис”га айланди. Одам танасига ҳали Руҳ кирмасдан бурун иблис инсониятга душман эканлигини билдирди. Жиннинг ўз исми тахминан Разозил бўлган. Баъзи манбаларда эса Азозил деб айтилади. Энди эса у иблис – шайтон номини олди. Бу ҳам инсоният учун бир яхшигина сабоқ. Унинг шу вақтгача қилиб келган ибодатлари қаёққа кетди? Ахир у икки ракат намозни тўрт минг йил давомида ўқиган эди-ку!?
Одам нафас ола бошлади
Шундай қилиб, тана анча муддат турди. Руҳ, жон, қалб бўлмаган қуруқ, бўш тананинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Аллоҳ унга Ўз руҳидан уфурди, жон ато этди. Ва тананинг ҳар ерида эт ва қон пайдо бўлди, мияга жон кирди, кўзларга жон кирди, нафас ола бошлади. Одам ато бирдан кўзларнини очдилар. Кўзларини очишлари билан жаннатнинг гўзаллигини кўрадилар ва шу заҳоти унга ошиқиб, юрмоқчи бўлдилар, лекин ҳали оёқларига жон кирмаган эди. Одамнинг сабрсизлиги ҳам шундан пайдо бўлган экан. Оёқларига жон кириб бўлгач, Одам алайҳиссалом акса урадилар ва “Алҳамдулиллоҳ” деб айтадилар. Аллоҳ эса бунга жавобан: ярхамука Роббик! Роббинг сенга раҳм қилсин, деб жавоб беради.
Аллоҳ Одам алайҳиссаломга фаришталар ёнига боришларини айтади. Фаришталар ёнига борганларида Аллоҳ Одам алайҳиссаломга сажда қилаётган фаришталарга “Ассалому алайкум” дегин дейди. Одам алайҳиссаломнинг саломларига фариштлар: “Ваалайкум ассалому ва раҳматуллоҳ!” деб жавоб берадилар. Яъни, “Сенга ҳам тинчлик, саломатлик ва Аллоҳнинг раҳмати бўлсин”, деб жавоб беришади. Аллоҳ Одам алайҳиссаломга: “Бу Сени ва Сенинг авлодларинг саломлашуви бўлади”, деб айтади. Шунинг учун ҳам биз саломлашганимизда фаришталар қўшган “раҳмат” сўзини қўшиб саломлашишимиз даркор экан. Аллоҳ Одам алайҳиссаломга “Бу сенинг авлодларинг саломлашуви” деб айтганида, Одам алайҳиссалом уларнинг авлодлари ким экани ҳақида ҳали билмаган бўладилар ва буни Аллоҳдан сўрайдилар. Шунда Аллоҳ Одам алайҳиссаломнинг умуртқаларидан ( баъзи манбаларда белларидан) Одам алайҳиссаломнинг барча авлодлари руҳларини чиқариб олиб уларга кўрсатади (Молик, ат-Термизий, Абу Довуд. Умар ибн Ҳаттобдан ривоят қилинган). Барча авлод, наслларини, фарзандларини… Биринчи фарзандларидан бошлаб, то охирги Қиёмат кунини кўрадиган фарзандларигача кўрсатган экан. Одам алайҳиссалом кўз ўнгиларида неча минг йиллар давомида Ерда яшайдиган наслларни – Инсонлар руҳини кўрадилар ва Аллоҳдан: Эй Роббим! Булар кимлар? деб сўрайдилар. Аллоҳ: “Булар сенинг зурриётларинг, сенинг авлодинг”,деб жавоб беради. Аллоҳ Одам алайҳиссаломга бу дунёга келадиган ҳар бир авлодининг ким бўлишини, уларнинг исмларини таништиради. Ҳар биримизнинг пешонамизга неча йил умр кўришимиз ёзиб қўйилган эди. Бизнинг исмларимизни, ким бўлишимизни бу дунёга келмасимиздан аввал Одам алайҳиссалом билган эканлар.
Аллоҳ Одам алайҳиссаломнинг хилқатларига ҳамма бор нарсанинг номларини, нарсаларнинг латиф, нозик томонларини, хусусиятларини – билимларни солган эди. Табиат қонунлари илмини солди, турли хил ҳунарларни, иш қуролларидан фойдаланишни солди ва унинг авлодлари турли хил тилда гапиришлари учун турли хил тилдаги нутқларни солди. Одам яралганидан то шу вақтга қадар ривожланиб келинаётган илм, фан техника, ҳозирги замон техника, электроника тараққиёти, фазога учиш, уни тадқиқ қилиш Одам хилқатига солинган билимлар мевасидир.
Фаришталар Одамнинг Улуғлигини тан оладилар. Аллоҳ Одамни гўзал суратда яратди. Одам алайҳиссаломнинг бундай гўзал кўринишларидан фаришталар ҳайрон бўлиб қоладилар. Улар Одам сиймосида Аллоҳнинг Куч, Қудратини кўрган эдилар. Шундан сўнг Аллоҳ фаришталарга Одамга сажда қилишни буюради. Шу заҳоти барча фаришталар буйруқни бажаришади. Осмоннинг бир қарич ерини ҳам бўш қолдирмай саф тортиб турган, бўй-бастлари ниҳоятда катта бўлган нурли фаришталар шу заҳотиёқ иккиланмасдан сажда қиладилар Тасаввур қилаяпсизми? Катта-катта, бир қанотининг ўзи бутун уфқни тўлдирадиган фаришталар Одамга ҳеч бир иккинланмай, шу заҳотиёқ сажда қилишди.
Айрим хабарларда келишича, фаришталар сажда ҳолида 100 йил турган эканлар, бошқа манбаларда эса 500 йил дейилади. Кейин улар бошларини кўтарадилар, қарашса, иблиснинг Одам алайҳиссаломга кибр билан, мағрурона тикилиб турганини кўришади. Шунда улар Аллоҳнинг амрига итоат этганликларидан хурсанд бўлиб кетиб, бошларини яна саждага эгишади. Намозда бошимизни икки марта саждага эгишимиз ҳам шундан.
Шундай қилиб, барча фаришталар Одам алайҳиссаломга сажда қиладилар, фақат иблисгина кибрланиб, Одамга сажда қилмайди. Аллоҳ “Нима учун менинг буйруғимга итоат этмадинг, Ўз Қўлим билан яратган Одамга сажда қилмадинг, нима сенга монелик қилди?” деб сўраганида Иблис: “Мен ундан кўра устунман, мени оловдан, уни эса лойдан яратдинг. Олов лойдан кўра тоза, ёруғ ва ундан устун”, дейди.
Аллоҳ Одам атони жаннатга киргизади. Одам ато жаннатда узум, хурмо, анжирлардан тановул қиладилар, жаннат боғларини айланадилар, саройларини кўрадилар, нимаики кўнгиллари хоҳламасин, ҳаммаси шу заҳоти муҳайё бўлар эди. Лекин Одам ато ўзларига ўхшаган бир дўст, ҳамроҳ, бир суҳбатдош кераклигини ҳис этдилар. Аллоҳ Одам атога уйқу беради ва ухлаб ётганларида чап қовурғаларидан ўзларига билдирмай Ҳаввони яратади. Ҳавво жонли, деган маънони билдиради. Чунки онамиз Ҳавво жонли хилқатдан яратилганлар.
Одам алайҳиссалом уйғонганларида олдиларида гўзал бир аёлни кўрадилар ва ҳайрон бўлиб: “Сен кимсан, нима учун бу ердасан?” деб сўрайдилар. Онамиз эса: “Мен Ҳаввоман, кўнглинг хотиржам ва ҳузур топиши учун Аллоҳ мени яратди”, деб жавоб берадилар.
Аллоҳ Одам ато ва момо Ҳаввони жаннат неъматларидан хоҳлаганча истеъмол қилишларини, завқланиб, ҳузурланиб яшайверишларини айтади. Фақат биргина дарахтга яқинлашмасликни, унинг мевасидан тановул қилмасликни, шайтоннинг сўзига кирмасликни буюради.
Аллоҳга итоатсизлик
Одам Ато билан момо Ҳавво жаннатда яшай бошлайдилар. Лекин шайтон тинч эмас эди. У нима қилиб бўлса ҳам Аллоҳ ман қилган дарахтнинг мевасидан уларга едириши керак эди. Секин-асталик ва ниҳоятда усталик билан уларга яқинлашар, жаннатда фақат фаришталар абадий яшашини, шунинг учун ҳам Аллоҳ уларни Ерга юбормоқчи эканлигини айтади. Ман қилинган дарахтни кўрсатиб эса: “Ким шу дарахт мевасидан еса, жаннатда абадий яшайди, шунинг учун ҳам Аллоҳ бу дарахтни сизларга ман қилди, У сизларни Ерга туширмоқчи”, деб ана шу дарахт мевасидан ейиш керак эканлигига уларни ишонтира бошлайди. Шу даражада аврай бошлайдики, ахийри уларнинг диллари оғиб, ана шу дарахт мевасини истъемол қилишади. Биринчи марта Одам кўнглига ақл шубҳани солди, нафсни устун кўрсатиб қўйди. Шайтонга эса худди шу нарса – Одамнинг ақли, нафси устун келиб, Аллоҳга итоатсизлик қилиши керак эди.
Ана шу итоатсизлик сабаб Аллоҳ Одам алайҳиссалом ва момо Ҳаввони Ерга тушишга амр қилади.
Ушбу қиссани муфассир Нуъмон Али Хон жуда ҳам гўзал тафсир қилади ва бир нарсага эътиборни қаратади: Биринчидан Аллоҳнинг Қаламида Одам алайҳиссаломни Ерда халифа бўлиши битилган. Лекин у зотнинг ҳаётлари Ерда бошланмади, жаннатда бошланганлигини ва бу бежиз эмаслигини таъкидлайди. Жаннатда яшаганларида Аллоҳ Одам ато ва момо Ҳаввога жаннатда ниманики истасалар шу нарса муҳайё бўлишини, фақат биргина дарахт мевасига яқинлашмасликни, унинг мевасидан ейишни ман қилади. Шайтон эса уларни авраб йўлдан уради ва натижада Аллоҳ уларни ерга туширади. Бу бир тақдири азал ҳақида бўлиб, яхши тақдирга ҳам, ёмон тақдирга ҳам ўзимиз сабабчи бўлишимизга бир ишора эканлигини билдиради.
Иккинчидан, Ер – Улуғ Аллоҳнинг Қаламида битилган режаси. Инсонлар жазони ўташ учун Ерда дунёга келмайдилар. Аллоҳ ҳали Ерни яратмасдан бурун, унда ўсимлик, дарахтлар, ҳайвонларни яратмасдан, осмонлардаги фаришталар ва ердаги жинларни яратмасдан туриб, бизни Ерда яшашимизни Ўз Қаламида битган. Аллоҳ Ерни биз инсонларни муносиб ҳаёт кечиришимиз учун яратди. Қуръонда Аллоҳ Одам атони ва унинг авлодларини улуғ қилиб яратганини таъкидлайди: “ Дарҳақиқат, Биз Одам фарзандларини азиз ва мукаррам қилдик” (Исро сураси,70-оят). Олимларнинг таъкидлашича, Одамнинг Ерга тушиши жазо эмас. Одам Ерда маълум бир муддат муносиб ҳаётни ўтаганидан сўнг, абадий жаннатга боради, иншаллоҳ. Лекин шайтоннинг Ерга тушиши ва Аллоҳ томонидан лаънатланиши унинг учун жазо эди. У Аллоҳнинг раҳматидан, марҳаматидан юз ўгирган эди.
Ман қилинган дарахт – бу бир тимсол, нафс тимсоли. Биз инсонларнинг Аллоҳга итоат этмаслигимизнинг тимсоли, Аллоҳ ман қилган ишларнинг тимсоли. Адолатсизлик тимсоли. Аллоҳнинг ҳар биримизнинг тепамизда Қойюм бўлиб турганини унутиш сабабидан юзага келган адолатсизлик тимсоли! Шайтоннинг эса Аллоҳ ман қилган ишларини бизга яхши қилиб кўрсатиб қўйганлигининг тимсоли. Бизнинг Ердаги ҳаётимиз учун синов тимсоли. Дарҳақиқат: “Токи сиз Ердаги ҳаётингизни муносиб ўтамагунингизча, жаннатни қўлга кирита олмайсиз”. Аллоҳ ман қилган ишларни қилмаслик, зулм, адолатсизлик қилмаслик – бу ҳам ҳидоят йўли. Шунинг учун ҳам Аллоҳ бизларни огоҳлантириб: “ Мендан келган ҳидоятга ким эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас”, деб айтади (Тоҳо сураси, 123-оят).
Ердаги ҳаётни ўташ, бу худди Навоий асаридаги қушлар кабидир. Кимдир манзилга интилади, жахт қилади, кимдир эса истамай қолиб кетади. Танлаш ҳуқуқи эса ўзимизга берилган.
Шундай қилиб, Одам ато билан момо Ҳавво Ерга тушадилар. Одам ато Ҳиндистон томонлардаги Цейлон оролларига, момо Ҳавво эса Жидда томонларга тушадилар. Одам ато билан онамиз Ҳавво икки юз йил бир-бирларини қидиришади, икки юз йил Аллоҳга тавба қилишади. Айтишларига қараганда, Довуд алайҳиссалом ҳам жуда кўп йиғлаган эканлар. Уларнинг тўккан кўз ёшлари бутун ер юзи аҳлининг тўккан кўз ёши билан баробар бўлган экан. Одам алайҳиссаломнинг эса тўккан кўз ёшлари Довуд алайҳиссалом билан ер юзи аҳлининг тўккан кўз ёшларига ҳам тенг келмаган экан. Шу даражада кўп йиғлаган эканларки, ҳаттоки уларга қўшилиб, Жаброил алайҳиссалом ҳам йиғлаган эканлар.
Жуда ҳам кўп тавба қилиб, фиғон чеккан эканлар. Жаброил алайҳиссалом улардан нима учун бунчалик кўп йиғлайсиз, деб сўраганларида Одам алайҳиссалом: “Қандай қилиб йиғламай, ахир Аллоҳ мени малаклар оламидан хорлик ерига туширди, абадий яшайдиган жойдан вақтинчалик яшайдиган жойга туширди, неъматлар тўла жойдан, йўқчилик юртига туширди, Мен бу мусибатларни қандай қилиб тузатишим мумкин”, деб яна йиғлайдилар.
Ва ниҳоят, Аллоҳ Одам алайҳиссаломнинг тавбаларини қабул қилади. Аллоҳнинг буйруғига кўра Жаброил алайҳиссалом Одам алайҳиссаломни Ҳиндистондан Арабистон томонларга олиб бориб қўядилар. Зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни Одам алайҳиссалом Арофат водийсида онамиз Ҳавво билан учрашадилар. Аллоҳ уларнинг гуноҳини кечирган эди. Одам алайҳиссалом ва момо Ҳавво Аллоҳнинг буйруғига кўра ҳаж амалларини бажаришади. Шунинг учун ҳам ҳаж амалини бажараётган мусулмонлар ҳар йили зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни Одам алайҳиссалом ва момо Ҳавво учрашган жойда Арофат водийсида тикка туриб Аллоҳдан мағфират сўрашади, ўнинчи кунини эса Аллоҳ Одам алайҳиссаломни кечирган кун, гуноҳимизни кечирди, деб байрам қилиб нишонлашади. Мусулмонларнинг ҳайит байрамлари ана шу қисса билан боғлиқ.
Одам алайҳиссалом қиссаси Одам боласи учун ниҳоятда ибратли. Биз бу қиссани қисқача айтиб ўтдик, холос.
Шундай қилиб, Одам алайҳиссалом билан онамиз Ҳавво бирга яшай бошлайдилар, фарзандлар кўришади, фарзандлар кўпаяди. Авлоддан-авлодга, наслдан-3наслга ўтиб, Ер юзида уларнинг авлодлари – биз инсонлар то ҳозирги кунгача давом этиб, кўпайиб яшаб келмоқдамиз.
Иблис эса Одам алайҳиссалом яратилганидан бош лаб, то ҳозирги кунгача инсониятнинг душманига айланиб қолди. Унинг олдига қўйган ўз программаси бор: ман қилинган “дарахт мевасидан” Одам авлодларига едириш. Неча ўн минг йиллар давомида нафақат одамларнинг ўзаро муносабатидаги адолатсизлик, ҳасадгўйлик, адоват, кибр, манманлик, риё, ёлғон, ўғрилик, порахўрлик, ҳаром-хариш ишлар, жиноят, балки ҳозиргача давом этаётган катта-катта урушлар, қон тўкилишлар аслида ана шу иблиснинг онт ичиб битиб қўйган дастури – фитнасининг амалга ошираётганидир. Демак, шундай хулоса қилишимиз мумкин: Иблиснинг ўз Программаси бор: Одамга душманлик қилиш учун “ман этилган дарахт” мевасига одамзодни қизиқтириб қўйиш, ейишга ундаш.
Биз Иблиснинг Программаси – ўзидан улуғ қилиб яратилган Одамни ўз ҳақиқатидан адаштириш, одамни тубанлашириш эканлиги ҳақида иншааллоҳ, яна суҳбатлашамиз. Лекин, Одамнинг ҳақиқати нимада?
IV. ОДАМНИНГ ҲАҚИҚАТИ ҲАҚИДА ТАФАККУР
Иймоннинг кучи
“Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга хушхабар берингки, улар учун жаннатда остиларида анҳорлар суви оқиб турувчи боғлар бордир… Улар у ерда абадий қолувчилардир” (Бақара сураси, 25-оят).
Аллоҳ иймон келтирган ва солиҳ ишлар қилган одамларга жаннатдан хушхабар бераяпти. Солиҳ ишлар нима эканлигини ҳар қалай тушунамиз. Лекин, биз иймон келтириш нима эканлигини, иймоннинг ўзини қанчалик англай оламиз?
Мазҳабларнинг тўрт имомлари иймон – бу Аллоҳнинг борлиги ва бирлигига, Муҳаммад алайҳиссалом Унинг расули эканлигига қалбинг билан ишониб, тилинг билан тасдиқлашингдир”, деб уқтирганлар. Лекин ҳамма вақт ҳам тилимиз билан айтган гапларимиз ёки қилаётган ишларимиз қалбимиздаги Аллоҳга бўлган ишончни қанчалик тасдиқлаб туради?
Атоқли адиб Л.Н. Толстой ўзининг “Ҳаёт йўли” китобида: “Мен ҳеч нарса билмайдиган, чек-чегараси, боши ва охири бўлмаган бу дунё ўзи нима?! Бу ҳаётдаги менинг тириклигим нима маънони беради ва мен бу ҳаётни қандай тарзда яшаб ўташим керак?” деган саволни қўяди ва: “Фақат кучли иймонгина ана шу саволларга жавоб бера олади” деб ўзи шу саволларга жавоб қайтаради.
Менинг ҳаётим маъносига қандай қилиб кучли иймон жавоб бериши мумкин? Бу дунёдаги менинг тириклигимнинг маъносига иймоннинг қандай алоқаси бор? Менинг бу дунёдаги ҳаётимда, қандай яшашимга иймоннинг – кучли иймоннинг қандай алоқаси бор? Кучли иймон нима? Қандай қилиб ўзим ҳақимдаги саволларга мен ўзим эмас, мендаги кучли иймон жавоб бериши мумкин? Иймон ўзи нима? У қаерда ? Иймоннинг ҳам кучли, кучсизи бўладими? Умуман, иймоннинг мен учун қандай аҳамияти бор? Иймон келтириш нима? Нима учун Аллоҳ “иймон келтириб, солиҳ амал қилганларга” жаннатни ваъда қилаяпти? Жаннат ҳақида биз ҳозирча, Одам алайҳиссаломнинг яратилган жойлари, Навоий асаридаги қушларнинг қийинчилик билан, машаққат чекиб етиб борган манзилини тушундик. Жаннат – Аллоҳнинг манзилимикан? Агар бу манзилга иймон келтириш, солиҳ амал қилиш билан бориладиган бўлса, бу инсон учун жуда осон иш эканку?! “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадан Расулуллоҳ” – Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, у бир, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Унинг Расули, пайғамбари”, деб иймон келтирдик, ишондик, бўлди. Буни ҳеч қандай қийин жойи йўқ экан. Бўлди, борадиган жойимиз тайин – жаннат! Аслида эса шундаймикан?
Биз ҳали Руҳлар оламида эканлигимизда, бу дунёга келмасимиздан аввал Аллоҳга: “ Сен бизнинг Роббимизсан! Фақат Сенга итоат этамиз”, деб ваъда берган бўлсак, демак, биз аллақачон иймон келтириб бўлган бўламиз, шундайми? Унда нега Аллоҳ “ иймон келтирган, солиҳ амаллар қилган бандаларимга ҳушхабар беринг”, деяпти? Аллоҳ биздан нимани талаб қиляпти? Нима қилишимизни истаяпти? Якка-ёлғиз Аллоҳнинг борлигига шундоқ ҳам ишонсак, иймон келтирган бўлсак… Балки шунинг ўзи етарлидир.
Лекин шуниси ажабланарлики, Иблис ҳам Аллоҳнинг борлигига, якка Ўзи илоҳ эканлигига ишонган, иймон келтирган. У Аллоҳга, Унинг Қудратига иймон келтирган эди! Узлуксиз тоат-ибодатда бўлган эди! Лекин у иймон келтирган бўлса ҳам Аллоҳнинг лаънатига учради, Аллоҳ унга жаҳаннамни ваъда қилди. Нима учун бундай бўлди? Унинг келтирган иймони, тоат-ибодати қаерга кетди?
Ҳа, тақводор Жиннинг иймони бор эди, тоат-ибодатда эди. Унда иймон бор эди! Лекин у ўзини ҳаммадан ҳам афзал, деб билди. Ҳатто фаришталар ҳақида “Аллоҳ уларга ихтиёр ато этмаган, менга эса берган”, деб ўзини улар билан таққослади. Унда кибр бор эди. Одам яралгандан сўнг шайтоннинг аҳволига эътибор беринг: у энди Аллоҳни эмас, ўзини ўйлай бошлади: Наҳотки, Аллоҳ ундан афзалроқ махлуқни яратмоқчи?! Унинг назарида ундан афзали йўқ эди. Шунинг учун ҳам Одамни ундан афзал қилиб яратганлиги унга ёқмади. Дилида ҳасад уйғонди, кибр, “мен”лик устунлик қилди. “Чегарада” турган иймони эса кибр, ҳасад олдида кучсизлик қилди. Иймон суст бўлгани учун кибр, ҳасад бутун кўнглини эгаллаб олган эди. Натижада у Иблисга айланди. У мунофиқлик қилган эди. Астағфируллоҳ!
Иблиснинг кўнглидан кечган ва кўнглини эгаллаган нарса биз инсонларнинг ҳам кўнглимиздан кечади. Биз шуни яхшилаб билиб олишимиз керак. Агар иймонимиз “чегарада ухлаб қолса” иблис кўнглида ўрнашган нарса бизнинг ҳам кўнглимиздан жой олади, шундан сўнг “мен”лик қарор қабул қилишни бошлайди. Инсон шу тарзда ўзининг асл моҳиятини йўқота бошлайди, шайтон кўрсатган йўлни тута бошлайди, астағфируллоҳ! Шунинг учун кучли иймон ҳам, кучсиз иймон ҳам инсон ҳаётининг маъносини у ёки бу тарзда белгилаб беради.
Баъзи бир Худога ишонмайдиган одамлар у ёқда турсин, ҳаттоки ислом арконларини бажариб намоз ўқиб, рўза тутиб юрган одамлар орасида бир-бирига ҳасад қиладиган, ёмонлик қиладиган, фитна уюштирадиган, уриш-жанжаллар кўтарадиган одамлар бор. Бундай одамлар қалбларидаги иймонларига қулоқ солмайдилар, улар ўз “мен”ликлари йўлида шу ишларни қиладилар. Чунки чегарада турган иймон ухлаб қолган, суст…
Ҳозир қўлига қурол олиб, ўзга юртларда бегуноҳ одамларнинг қонини тўкиб, юртни вайрон, уруш оловини ёқиб юрганлар ҳақида нима дейсиз? Ёки кўчаларда тинч юрган одамларга ўқ отиб, машина билан босиб кетиб ўлдиришларига, ёки черковлар, мачитларни ўққа тутишларига нима дейсиз? Улар Аллоҳнинг номини тилга олиб қотиллик қилишаяпти! Улар ҳам Аллоҳнинг биру борлигига иймон келтиришаяпти-ку?! Кўчада юрган тинч, бегуноҳ одамлар уларга нима ёмонлик қилган эди? Наҳотки Аллоҳнинг борлигига, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг расуллигига иймон келтирганлар мусулмонман, деб бемалол қотиллик қилаверишса? Улар у дунёдаги абадий ҳаётдан ҳам бохабарлар-ку? Мунофиқларни кутадиган жазо нима эканлигини ҳам билишади-ку?! Аслида иймон уларни мана шу гуноҳ ишлардан қайтариши керак эди. Лекин қайтармади. Улар мублисун бўлиб иблиснинг лашкарига айланишди! Нима учун? Муаммо нимада?
Муаммо – тафаккур қилмасликда! Биз Аллоҳга, Унинг борлигига иймон келтирамиз, Аллоҳ бор, деймиз; пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг Расули эканлигига иймон келтирамиз, лекин ўзимиз Аллоҳнинг Илоҳий Зотини танимай туриб, Унинг 99 та исми сифати қандай кучга, сифатга эга эканлигини билмай туриб Аллоҳнинг борлигига иймон келтирамиз. Аллоҳни “қаёқлардадир” бор, деб ўйлаймиз. Лекин олаётган ҳар бир нафасимиз илоҳий – Аллоҳ билан боғлиқ эканлигини билмаймиз, тафаккур ҳам қилмаймиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пайғамбарлигига иймон келтирамиз. Лекин У зотнинг сийратларини танимаймиз, у зотга юклатилган вазифа ортида ўзимиз турганлигимизни, Пайғамбар йўлидан юриш нима эканлигини англамаймиз. Бизнинг муаммоларимизнинг келиб чиқиш сабаби ҳам инсон сифатида тафаккур қилмаслигимизда, иймон сустлиги ва қалбда муҳаббатнинг йўқлиги туфайли юз беради. Инсоннинг гуноҳ кўчаларига кириб кетиши ҳам ақл чироғини ишлатмаслик, иймон сустлиги туфайли бўлади. Астағфируллоҳ!
Олтиннинг ҳақиқийлигини, тоза олтин эканлигини текшириш учун унга кислоталар қуйиб текширилганидек, иймонимизнинг қанчалик мукаммаллигини текшириш учун ҳам Аллоҳ бизга нафс берди. Ҳайвонларникидан фарқли ўлароқ, Қиёматда тирилиб сўроққа тутиладиган нафс берди. Жаннатдаги “ман қилинган” дарахт – бизнинг хилқатимиздаги нафсимиз. Агар ўз ҳолига қўйиб қўйилса чек-чегарани билмайдиган ҳам бизнинг “мен”лигимиз, нафсимиз. Нафс кўнгилнинг кўчасида ўз ҳолига қўйиб қўйилса, у бамисоли денгиз шамоли қаёққа ҳайдаса, ўша ёққа қараб кетадиган елкан каби беқарор бўлиб қолади, шамол уни ҳар қаёқларга учириб олиб кетади. Бу эса тўппа-тўғри ҳалокат йўлига бошлайдиган нафс – нафси аммора!
Агар “Ла илаҳа иллаллоҳ” деб туриб инсоннинг ўзидаги “мен”лиги, нафси устун бўлиб турса, қалбида Аллоҳга, Расулга, одамларга меҳр-муҳаббати бўлмаса, минг марта иймон келтирса ҳам, инсоннинг шайтонга айланган жиндан фарқи қолмайди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?