Электронная библиотека » Юлдузхон Назар » » онлайн чтение - страница 4


  • Текст добавлен: 27 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Юлдузхон Назар


Жанр: О бизнесе популярно, Бизнес-Книги


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 17 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]

Шрифт:
- 100% +
Зиммамизга юклатилган сир…

Имом Ғаззолий :“ Кимдаки иймон бўлиб, амал бўлмаса, ўткинчи шамоллар уни қулатиши тайин. Фақат кўз кўриб, ҳислар сезадиган нарсанигина тасдиқлайдиган бўлиб қолишдан сақлан. Бу ҳайвонларга хос табиат. Сен инсонни ҳайвондан ажратувчи Илоҳий СИРга эгасан. Бу СИР осмонларга, Ерга ва тоғу тошларга ошкор этилганда улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва қўрқдилар. Буни фақат инсон ўз зиммасига олган. Фақат кучли иймонгина бу вазифани бажаришга ёрдам беради”… деб айтадилар.

Инсон зиммасига қандай “сир” юклатилган,? Бу “сир”ни ечишда фақат кучли иймонгина ёрдам берса, иймоннинг ўзи нима? Қандай қилиб иймон кучли бўлиши мумкин? Ахир у ҳамма нарсани ҳал қилаяпти, ҳаттоки у менинг бу дунёда яшашим маъносини ҳам ҳал қилаяпти-ку!? Иймоннинг кучли ёки кучсизлигини қандай билиш мумкин?

Кучли ёки кучсиз иймон ҳақида фикр юритиш учун аввал исломдаги 6 та иймон устунлари ҳақида бир оз тўхталсак.

1. Аллоҳнинг борлигига ва якка Ўзи Илоҳ эканлигига ишониш. Бу шундай ишончки, Аллоҳга қалбнинг туб-тубидан бутун оламни, осмонлар-у Ерни, улар орасидаги мавжудотларни, Еру осмонлардаги ҳаракатни барпо қилувчи, Яратувчи сифатида иймон келтириш; Ундан Ўзга бошқа ҳеч қандай илоҳ йўқлигига, фақат У зот ибодатга лойиқ эканлигига чин қалбдан ишониш. Барча оламларнинг Робби, Яратувчи Аллоҳнинг ризқ берувчи, ҳаёт ато этувчи ва қайтиб олувчи – ҳаёт ва ўлимни яратганлигини, ўта Раҳим ва Раҳмонлигини, бу ҳаётнинг ҳам, кейинги ҳаётнинг ҳам подшоҳи – Малик эканлигини, У жазо ва мукофот бериши муқаррарлигини, бу дунёга биз Унга ибодат қилиш учун келганимизга чуқур амин бўлган ҳолда ишониш, иймон келтириш;

2. Фаришталарга ишониш. Аллоҳ фаришталарни Ўз Ҳикмати билан нурдан яратган. Фаришталарда нафс йўқ. Улар емайдилар, ичмайдилар, уларни қон-қардошлик ажратмайди, уларнинг саноғини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Улар Аллоҳнинг амрига ҳеч қачон итоатсизлик қилмайдилар, доимо Унга таъзим, ибодатда бўладилар.

3. Аллоҳнинг туширилган Муқаддас Китобларига ишониш. Таврот, Забур, Инжил, Қуръон Аллоҳнинг сўзлари – Ваҳийси эканига ишониш.

Қуръон туширилгунга қадар унгача бўлган Муқаддас Китоблардаги сўзлар одамлар томонидан ўзгартирилган.

Ваҳий – турли хил замонларда, турли хил халқларга пайғамбарлар орқали етказилган Аллоҳнинг – Якка Илоҳнинг сўзлари Илоҳий сўзлар. Ҳар бир даврнинг ўз пайғамбарлари бўлган. Ҳар бир пайғамбарнинг қўлида Ваҳий бўлган. Мусо алайҳиссаломга Таврот берилган, Исо алайҳиссаломга Инжил берилган, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръон берилган. Ваҳий пайғамбарларга Руҳ ул-Қуддус – фаришта Жаброил алайҳиссалом орқали етказилган.

4. Аллоҳнинг юборган элчилари – пайғамбарларга ишониш. Биз пайғамбарларни Аллоҳ одамларга йўл кўрсатиш, бошчилик қилиш учун Ўзи танлаб олганлигига, улар Аллоҳнинг ҳимоясидаги одамлар бўлганлигига ишонишимиз керак. Биз Одам алайҳиссаломдан бошлаб, юборилган барча пайғамбарларга ишонамиз. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги пайғамбар эканликларига ҳам ишонамиз.

5. Қиёмат кунига ишониш. Аллоҳ одамзодни йўқдан бор қилган Қудрат Эгаси. Худди шундай, Қиёмат кунида одамларни тирилтириб, абадий ҳаётга жўнатишига Қодир эканлигига – ўлимдан кейин ҳам абадий ҳаёт борлигига ишонамиз. Қиёматда тарози бўлишига, яхши, ёмон амаллари тарозида тортилиб кўришига (тарози – метафорик маънода), сўроққа тутилишимизга ишонамиз.

6. Тақдири азалга ишониш. Коинотда, Ерда бўладиган ҳамма жараёнларни Аллоҳ аввалдан тақдир қилиб қўйган. Ҳудди шунингдек, ҳар бир инсоннинг ҳам бу дунёдаги ҳаётини тақдири азалга битиб қўйганлигига ишонишимиз керак. Яхши ҳаёт кечирсак ҳам, қийналиб ҳаёт кечирсак ҳам шукр қилишимиз керак. Чунки, ҳар бир иш Аллоҳдан бўлиб, унда ҳикмат борлигини билишмиз ва ишонишимиз керак. Тақдири азал ўртада бўлади. Аллоҳ бизга танлаш ҳуқуқини берган. “ У хоҳласа, изсиз ўчиради”.

Булар иймоннинг энг асосий устунлари. Унинг бўғинлари ҳам бўлиб, булар ҳам иймон шартларига киради. Биз булар ҳақида биттама-битта тўхталиб ўтирмоқчи эмасмиз. Биз иймонга умумий жиҳатдан қарашга ҳаракат қиламиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иймон – бу қалбдан ишонилган сўз ва бу қалб ичидаги ишончни тил орқали баён қилиш. Иймон – сўз ва амал. У кўпаяди ва камаяди” (Ҳоким ва Табороний ривоят қилганлар), деб айтган эканлар. Иймон шартларидан бирортасига ишонч бўлмаса, ёки амал қилинмаса, иймон ҳақиқий бўлмайди. Уламолар: Ҳақиқий иймон келтирганларнинг йўли – пайғамбарлар, элчилар йўли, инсон учун ўз-ўзини қутқариш йўли, деб айтишади. Инсон қалбидаги иймон шундай қимматбаҳо хазина, неъмат эканки, уни худди қимматбаҳо юкларни туяларга ортиб, уни чўл, саҳролардан, шамол, бўронлардан, қароқчилар ҳужумидан эсон-омон олиб ўтиш учун ҳаракат қилинганидек биз ҳам ана шу тириклигимизда қалбимиздаги иймонимизни шундай эҳтиёт қилиб, асрашимиз керак экан. Ахир у кўпаяр ҳам экан, камаяр ҳам экан. Иймон йўқ бўлиб кетиши ҳам мумкин. Қандай қилиб? Аллоҳ қалбимиз ичига иймонни солиб қўйган бўлса, у қандай қилиб йўқолиши, камайиши ёки кўпайиши мумкин? У қалбимиз ичида туравермайдими? Йўқ. Бундай бўлмайди. У бизнинг чин дилдан қилган солиҳ амалларимиз сабаб жонланади, тирик бўлади, куч-қувватга тўлиб боради; ёки аксинча, агар қилаётган амалларимиз солиҳ бўлмаса, иймон кучсизланиб, кучсизланиб, охири инсон қалбидан йўқолиб қолиши мумкин. Инсон учун бундан-да оғир ҳалокат бўлмайди. Бундан ҳаммамизни Аллоҳ асрасин!

Иймон – Аллоҳнинг одамзодга берган улуғ, бебаҳо неъмати, қалб чироғи. Ана шу қалб чироғини янада ёруғ қилиш ҳам, унинг шуъласини хира қилиб қўйиш ҳам ёки бутунлай ўчириб қўйиш ҳам ўзингизнинг қўлингизда.

Аллоҳга бўлган ишонч, иймон – ҳар бир инсоннинг амали билан ҳақиқий кучли иймонга айланади. Иймоннинг биринчи устуни Аллоҳни таниш. Айтиб ўтганимиздек, Аллоҳни таниганда, унинг 99 зоти сифати билан таниш керак. Биз Аллоҳни Унинг Илоҳий Зоти билан ҳам танидик, дейлик. Масалан, Аллоҳнинг якка ёлғиз Илоҳлигини, барча нарсани Яратувчиси, Ҳолиқ эканлигини, Раҳмон, Раҳим сифатида таниш орқали бизнинг қилаётган амалимиз қандай бўлиши керак? Биз “Ла илаҳа иллоллоҳ”, деб бу калимани ҳаққи билан адо этаяпмизми? Ҳамма гап шунда!

Биринчи – Аллоҳ яратган Ер ҳақида, тупроқ ҳақида фикр қилинг, Раҳмон Раҳимлиги, Раззоқлиги билан ундаги биз учун яратиб қўйган сув ҳақида фикр қилинг, биз учун яратиб қўйган чорва моллари, барча неъматлари ҳақида фикр қилинг. Биз Аллоҳнинг Қудрати билан Ер устида гравитация ҳолатидамиз. Ерда тортишиш кучи бўлмаса, осмон билан Ер устида муаллақ ҳолда қолишимизни ўйлаб кўринг. Ер устида бемалол юриб, биз нима ишлар қилмаймиз?! Аллоҳ яратган Ернинг устида яшашимиз, ишлашимиз, ўқишимиз учун уйлар, бинолар қурамиз, ўзимиздан чиққан барча чиқиндиларни ташлаш учун ҳожатхона қурамиз; ўликларимизни кўмамиз, шу билан бирга Ердан деҳқончилик, боғдорчилик қилиб ўзимиз учун фойда оламиз. Ерга эккан экинларимизнинг униб чиқиши, ҳосил беришининг ўзи мўъжиза эмасми?

Сувнинг ҳаёт учун, инсон учун қандай бебаҳо неъмат эканлиги ҳақида ҳар қанча гапирмайлик, уни адо қила олмаймиз, чорва моллари нима учун кераклиги ҳақида ҳам бир дунё гап гапириш мумкин. Лекин биз Аллоҳ яратган шу нарсаларга қандай муносабатда бўлаяпмиз? Оёғимиз остига тўшаб қўйилган Ернинг – мўъжиза Ернинг қадрига етаяпмизми? Биз Ерга меҳр билан қарамаймиз, биз уни фақат суиистеъмол қиламиз, Ерга миннатдорчилик билдирмаймиз. Ер биз учун Аллоҳнинг берган неъмати эмасми? Энди бу ҳолатга иймон кўзи билан қаранг: Инсон “Ла илаҳа иллоллоҳ”, деб Аллоҳнинг якка Илоҳлигини, Қудратини, Раҳмон, Раҳимлигини англаган ҳолда, Ерни Улуғ Аллоҳ яратганлигига ишонган ҳолда у билан қандай муносабатада бўлаяпти?

Ер – Аллоҳ яратган “маҳсулот”. Лекин инсон бу илоҳий маҳсулотни мўл ҳосил олиш учун заҳарли моддаларни беравериб, Ернинг, тупроқнинг таркибини бузди. Энди эса аҳвол шу даражага бориб етдики, ерга ана шу заҳарли ўғитлар солинмаса, ер ҳосил бермай қўйди. Ер ўз аслини – Аллоҳ берган илоҳий аслини йўқотиб бораяпти. Ғарб давлатларида Ер яроқсиз ҳолга келиб бўлган. Худди наркотикдек, заҳарли ўғит сепилмаса, ер ҳосил бермайди. Бизда ҳам шундай ҳолатлар секин-аста юз бераяпти. Ер – Аллоҳнинг биз учун яратиб қўйган, омонат қилиб берган неъмати эди. Биз инсон зоти Ерни қандай аҳволга солиб қўйдик?! Ҳаттоки тўхтовсиз равишда радиация чиқиндилари ерга кўмилиб Ер заҳарланаяпти! Биз инсонлар Аллоҳ Улуғ Қудрати билан биз учун яратган Ерга, Аллоҳнинг, Раҳмон, Раҳимлик, Раззоқлик сифатига зулм билан жавоб қайтараяпмиз, берган неъматини суиистеъмол қиляпмиз, Аллоҳнинг Раҳмонлик сифатига куфрда бўлаяпмиз. “Ла илаҳа иллоллоҳ” деяпмиз, лекин қани амал? Иймон – амали билан-ку? Табиатни муҳофаза қилувчи ташкилотлар, деҳқонлар ўз иймонлари билан Ерни асрашга ҳаракат қилишаяптими? Ер заҳарланиб бораётганлиги ҳақида оммага бонг уришаяптими?

Худди шундай, етиштирилган дала ҳосиллари, мевалар ҳам албатта кимёвий ишланмалардан ўтиши керак. Асл Аллоҳ яратган меваларнинг асллиги қолмаяпти. Айниқса, ГМО (гени ўзгартирилган организм) деган офат нафақат ерни, меванинг хусусиятини, инсон соғлигини, балки унинг келажак авлодини ҳам бузишини ҳамма билади. Лекин шу ишни давом эттириб, ҳаттоки бизнинг ўлкаларга ҳам секин-аста олиб кирилаяпти. Бу нафақат инсониятга, балки ҳамма нарсанинг Яртувчиси бўлган Аллоҳга нисбатан адолатсизликнинг – куфрнинг кўринишидир. Бу ҳам иймонимизнинг амалда йўқлиги, иймонсизликнинг кўриниши. Бу нарсаларнинг ҳаётимизга кириб келишига, кўпайишига иймонсизлик сабаб бўлмаяптими?

Чорва молларини ҳам тез семириб етилиши учун уларни турли хил гормонлар билан боқишаяпти. Бу ҳам иймонсизликнинг белгиси. Чунки бу гормонлар бора-бора Аллоҳ яратган ҳайвонлар наслига, одамлар соғлиғига зарар етказиши ва етказаётгани аниқ.

Ейиш мумкин бўлмаган ҳаром бўлган ҳайвонларнинг гўштини маҳсулотларга қўшиб мусулмон одамларга едирган одамларнинг у дунёси ҳам бу дунёси ҳам куяди. Чунки нафс худди кислота каби бундай иш қилган одамларнинг иймонини куйдириб бўлган. Минг марта иймон келтиришса ҳам, мунофиқлик қилишаётган бўлади. Астағфируллоҳ!

Аллоҳ Ердаги ҳаётни таъминлаш учун Сувни яратди. Сув – Аллоҳнинг бебаҳо неъмати. Сувсиз бизнинг ҳаётимиз тамом бўлишини ҳамма билади. Лекин биз ўзимиз ҳар нафасда муҳтож бўлиб турган сувга қандай муносабатдамиз? Кранлардан бекордан-бекор оқиб ётган сувнинг исроф қилаётганимизни қай даражада тушунамиз? Заводлардан чиқадиган кимёвий чиқиндиларни дарёларга оқизишни қандай тушуниш мумкин? Одамлар уйидан чиққан чиқиндиларини дарёларга оқизишини, уйидан чиқадиган канализацияни кўчадаги ариққа улаб қўйишини қандай тушуниш мумкин?! Кўчадаги ариқ сувларида, дарёларда гиламларни, кирларни ювиб, мағзавасини сувга оқизишни қандай тушуниш мумкин? Ҳатто, баъзи бир мамлакатларда бинолардаги канализация тўғридан-тўғри денгизга уланган! Ахир сувни Аллоҳ яратган-ку?! У сувни бизга неъмат қилиб берса, биз унга қандай муносабатда бўлаяпмиз? Бу шаккоклик эмасми?! Бу иймонсизликнинг ўзи! Ўзингиз тафаккур қилиб кўринг: Инсон ўз Яратувчисига, Унинг Раҳмонлигига қарши ваҳшийларча иш қилаяпти! Наҳотки бунинг жавоби бўлмаса?! Худди шундай заводлардан чиқаётган заҳарли тутунлар ҳавони бузиб юборяпти. Бу деган сўз экинлар ҳам, сув ҳам, одамлар ҳам ҳалокатга учрайди, деган гап. Битта “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган билан инсон иймонга келмайди. Яратгувчи Зотнинг яратган неъматларига зулм қилиш иймон амалидан эмас иймонсизлик.

Оддий битта атиргулни олинг. Атиргул – Аллоҳнинг илоҳий мўъжизаси. Унда Аллоҳнинг гўзаллигини, тароватини ҳис қила оласиз. Энди эса атиргул бизнеси туфайли унга ҳам турли хил кимёвий моддалар қўшилиши оқибатида асл моҳиятини – турфа исини йўқотди. Бу ниҳоятда ачинарли ҳол! Бу инсоннинг Аллоҳнинг марҳаматига қилган жавоби! Иймон амали билан йўқлиги!

Аллоҳ бутун Оламни, Еру осмонларни яратган экан, уларнинг ҳаммасини бир-бирига муҳтож – азваж қилиб яратганлиги ҳақидаги Эслатмага тўхталиб ўтган эдик. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дарахтларни қатъиян кесмасликка буюрган эдилар. Дарахт фақат ўзидан кислород чиқариб, нафақат бизнинг нафас олишимизга, қуёш тафтидан бизни сақлаб турибгина қолмайди. Дарахт – Ернинг камари! Аллоҳнинг яратиб қўйган дарахтлари Ер сатҳи билан денгиз сатҳининг мувозанатини ушлаб турувчи восита ҳисобланади. Ҳозир дарахтлар беаёв кесилаётганидан денгиз сатҳининг ер сатҳидан кўтарилишига олиб келаяпти. Зарар фақат зарарни келтириб чиқаради. Сув тошқинларининг йилдан-йилга кўпайиши, экологиянинг бузилиши инсоннинг табиатга зарари туфайлигина содир бўлаяпти. Ислом арконларида бировга ёки бирор нарсага зарар етказиш ҳаром ҳисобланади. Табиатга зарар келтириш ҳам ҳаром. Аллоҳ ”кимки менинг неъматларимни зое қилса, Мен бу одамларни неъматимдан маҳрум қиламан”, деб айтган экан. Аллоҳ яратган табиатга, неъматга зарар келтириб, яна қандай қилиб инсон Аллоҳга иймон келтириши мумкин? Мана, муаммо қаерда! Биз аксариятимиз Аллоҳни танимай туриб, иймонни ҳаққи билан келтирмаймиз.

Неча минг йиллар аввал одамлар сиғинган Зардуштийлик динига қаранг: улар “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейишни билмаган, лекин она Табиатни қандай асраган, Ерни қандай парваришлаган! Қанчалик меҳр билан парваришлаган! Сувни қандай эъзозлаган! Муқаддас деб билган! Қани ўзингиз айтингчи, “Ла илаҳа иллоллоҳ” дейишни билмаса ҳам иймон кимда кучли бўлган?!

Демак, инсон Аллоҳнинг Қудрати билан Яратган неъматларига, меҳрибонлигига зулм билан жавоб қайтарар экан, “Ла илаҳа иллоллоҳ, Муҳаммадан расулуллоҳ” дегани билан иймонли бўлиб қолмайди. Аллоҳни, У яратган барча нарсани севмайдиган, эҳтиёт қилмайдиган одам қалбида иймон бўлмайди, у золим, мунофиқ бўлади. Астағфируллоҳ!

Энди инсоннинг бир-бири билан бўлган ўзаро муносабатида иймонининг амали қандай эканлиги ҳақида озроқ тафаккур қиламиз.

Келинг, аввало “Аллоҳ учун жанг қиламиз” деяётганлар ҳақида иймон нуқтаи назаридан чуқурроқ ўйлаб кўрайлик. Барча нарсаларни яратувчиси Аллоҳ. Барча инсонларни ҳам яратган Аллоҳ. Биз ҳаммамиз Аллоҳникимиз ва Унга яна қайтиб борамиз. Фараз қилинг: биз меҳмондамиз. Меҳмонга келган одамлар меҳмондорчилик вақтида ўзларини қандай тутадилар? Бир-бирлари билан яхши гаплашиб, ҳушчақчақлашиб ўтиришади, кейин мезбонга миннатдорчилик билдириб, уй-уйларига қайтишади. Қандай қилиб, бировнинг уйига меҳмонга келган одамлар бир-бирлари билан уриш қилиб, бир-бирларини ўлдиришлари мумкин? Улар ахир меҳмон бўлиб кетишга келишган! Худди шундай, биз ҳам Аллоҳнинг Ерига меҳмон бўлиб келганмиз, яна қайтиб Аллоҳ буюрган уйимизга борамиз. Фақат битта фарқи бор: бизнинг у дунёдаги ҳақиқий уйимиз қандай бўлиши бизнинг бу дунёдаги амалларимизга боғлиқ. У дунёдаги уйимизни биз бу дунёда яшаб туриб барпо қилар эканмиз.

Ўзингиз ўйлаб кўринг: Аллоҳнинг Ерида бировнинг юртига бориб, ҳеч қандай ёмонлиги тегмаган одамларни ўлдириш, уйларини вайрон қилиш, болаларни етим қолдириш, оналарни фарзандидан жудо қилиш, аёлларни тул қолдириш қайси динда бор? Қайси Муқаддас Китобларда битилган? Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари қайси юртга бориб ҳамма ёқни вайрон қилишган? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар бирор юртни вайрон қилганини биласизми? Улар курашган бўлса, Аллоҳнинг динини, ўзларини ҳимоя қилиш учун курашганлар. Ҳимоя қилиш учун! Қилич билан бостириб бориш билан, қиличдан ҳимояланишнинг фарқи бор. Қуръонда битта одамнинг бегуноҳ тўкилган қони ер юзидаги барча одамларни ўлдиришнинг гуноҳи билан баробар эканлиги алоҳида қайд этилган. Бу қанчалик мудҳиш жиноят! Қотиллик қилиб, бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган, уруш оловини ёқиб, юртларни вайрон қиладиганлар яхши билиб қўйсинлар: минг марта иймон келтирсалар ҳам, улар мусулмон эмаслар. Чунки, мусулмон одам бундай ишларни ҳеч қачон қилмайди! Миллион марта “Оллоҳу Акбар” деб бақирмасинлар, улар инсоният олдида, Аллоҳ олдида жиноятчидирлар! Ўта мунофиқдирлар! Бундай одамларнинг ўзини мусулмон деб билиши дунё мусулмонлари учун бу катта фожиа!

Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлар орқали ўзларини диндор деб кўрсатган баъзи бир одамлар дин ва ҳадисларни нотўғри талқин қилиб, ёшларни нотўғри йўлга бошлаяптилар. Яна ўз каналларига “Аллоҳ Буюкдир”, “Фатҳ” “Иймон ТВ”, “Қуръон ва суннат ТВ”, “Иймонли қалб” деб одамларни жалб қилиш учун номлар қўйиб олишган. Шуни яхшилаб эсда тутингки, кимлардир ҳақида ёмон гап гапириб, фитна қиладими, бундай одамларнинг дилида бузуқлик бор. Бундай одамларни ўтакетган билимсиз, динни, қалбни, иймонни заҳарловчи одамлар деб билинг. Ҳақиқий илм одами, иймони бутун инсон Аллоҳ бандалари ҳақида ёмон сўзлар гапирмайди, одамларнинг дилига гумон, салбий фикрларни солмайди. Аллоҳнинг суйган олимлари дилингизга яхшиликни олиб кирадилар. Нуъмон Али Хон динни, қалбни заҳарловчи “даъватчи”ларга: “Агар дилингизда заррача бировга ёмонлигингиз бўлса, Аллоҳ учун ҳеч кимни даъват қилманг, ундан кўра бошқа фойдали иш қилинг”, дейди. Қалбингизни, онгингизни, динингизни, ҳаётингизни заҳарламаслик учун, мусулмонларнинг орасидаги ўзаро биродарлиги бузилмаслиги учун, фитна, ёмонликлардан қочиш учун бундайлардан узоқ юринг. Шунда иймонингизни сақлаган бўласиз. Чунки, улар ҳам одамни тўғри йўлдан адаштирадиган Иблиснинг лашкарларидир!

Муаммолар қаердан пайдо бўлаётганини билаяпсизми? Қалбда иймон уйғоқ эмас, “мен”лик уйғоқ, ақл-нафс ҳукмрон, тафаккур чироқлари ўчган, меҳр-муҳаббатдан йироқ…

Ривоятларда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида бир жуда ҳам ёлғончи, найрангбоз одам бўлган экан. У ўғрилик қилар, ароқ ичиб зино йўлига юрар экан. Бир куни иймони уйғониб, қилиб юрган ишлари қанчалик гуноҳ эканлигини англаб етибди. Нима қилсам, Аллоҳ гуноҳимни кечирар экан, деган ўй билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига борибди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ гуноҳингни кечиришини чин дилдан истасанг, ёлғон гапирма”, дебдилар. Шунда ҳалиги одам: “Бўлдими, ахир мен ўғрилик қилганман, одамларга бўҳтон қилганман, маст-аласт юрганман, ҳаромдан қўрқмаганман, қолган гуноҳларим нима бўлади? деса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фақат Аллоҳ учун ёлғон гапирма, бўлди” дебдилар. Ҳалиги одам шу кундан бошлаб ёлғон гапиришни ташлабди. Ҳар ишда тўғри гапни сўзлабди. Вақт ўтиши билан, секин-аста ўғриликни, қаллобликни, найрангбозликни, ароқ ичишни ва бошқа ҳаром ишларни ўз-ўзидан тарк қила бошлабди. Қиссадан ҳисса шуки, барча ҳаром, ёмон ишларнинг боши – ёлғон.

Фақат кучли иймон эгасигина ёлғондан нари бўла олади, “ман этилган дарахт” ёнига умуман бормайди.

Кучли иймон одамни тўғриликка, ҳалолликка етаклайди. “Ватанни севмоқ – иймондан”. Кучли иймон эгаси бошлиқларга лаганбардорлик қилиб, ёқиш учун эмас, ўз виждони, иймонини пок сақлаш, ўз Ватани учун, унинг тараққиёти учун хизмат қилади. Ўз мансаби, лавозими имкониятидан фойдаланган ҳолда янги ғоя, билим, ташаббусларни жамият тараққиёти учун амалда қўлланишига ҳаракат қилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлда одамларга халақит берадиган нарсаларни олиб ташлаш иймон шартларига киришини айтганлар. Бу йўлда ётган фақат тош, хаслар эмас. Бировнинг тинчлигини бузиш, кун бермаслик, дилига озор бериш, ишларини чиппакка чиқариш, душманлик қилиш, мансабни ўйлаб турли ёмонликлар қилиш – булар инсон ҳаёти йўлидаги тўсиқлардир. Бундай тўсиқларни кучли иймон эгаси йўлдан олиб ташлай олади.

Агар бирор соҳа бўйича таълим олаётган талаба номига ўқиса, биринчидан ўзини, ота-онасини, Давлатни алдаётган бўлади, ўзига ва уларга нисбатан адолатсизлик қилган бўлади. Бу – иймон сустлигидир. Аллоҳ берган умрини, имкониятни беҳуда ўтказишдир. Керакли билимга эга бўлмаган “мутахассис” эртага чаласавод – делитант бўлади. Делитантлик жамиятни, давлатни жарга қулатади. У жамиятни қулашига ўз ҳиссасини қўшган бўлади. Бу ишга керакли таълим бера олмаган,“таниш-билиш” қилиб баҳоларни қўйиб бериб, делитантларни тайёрлаган ўқитувчилар, домлалар ҳам ҳисса қўшган бўладилар. Бу ҳам иймон шартларининг бузилиши. Керакли билим ва тафаккурга эга бўлмаган инсон ҳаётда қандай иш тутишни билмайди. Шунинг учун қаерга борса лаганбардорлик қилади, “хўжа кўрсин”га иш қилади, кимларгадир халақит беради, унинг қиладиган иши фақат зарардан бошқа нарса бўлмайди. Ўз касби-кори орқали ўсиб, унмайди, ўз-ўзини ярата олмайди. Демак, делитантлик ҳам илоҳий томондан иймонсизлик, мунофиқликка киради. Жамият тараққиёти учун эса делитант ниҳоятда хавфли “мутахассис”дир. Агар иймонсиз, мунофиқ бўлиб қолишдан қўрқсангиз – иймони кучли мутахассис бўлинг! Ўқинг, ўрганинг, изланинг! Жамиятни турли бало ва офатлардан қутқариб қолган бўласиз.

Инсоннинг вужудида уят, андиша бўлиши бу ҳам иймон шартларига киради. Уят, андиша ҳисси инсоннинг юз, кўзида намоён бўлиб туради. Турли хилдаги сериалларга ошиқ бўлган ёшларимиз ҳаё, андиша нима эканлигини унутишлари иймонларининг емирилишига олиб келади. Инсон ўзлигини, ким эканлигини унутишининг ўзи бир фожиа. Шарқона ҳаё, урф-одат гўзаллигига ҳеч нарса тенг келмайди. Лекин Ғарбга тақлид қилиб бу гўзалликни бой бериш, уят, ор-номус, андишани унутиш – бу ҳам иймонсизлик. Ютуб каналларида, ижтимоий тармоқларда уятли, ошкор қилиб бўлмайдиган нарсаларни очиқ-ойдин гапириш, “маслаҳат” бериш, тарғибот қилиш, уят, беҳаё сўзларни ишлатиш, сўкиниш – иймонсизликнинг белгилари бўлиб, ҳаром саналади.

Иймон қалбимизнинг бебаҳо хазинаси, Аллоҳнинг берган неъмати. Агар мунофиқлик қилиб юқоридаги каби иймон шартларига амал қилмасак, биз уни ҳар бир қадамда заифлаштириб, йўқотиб бораверамиз. Астағфируллоҳ!

Шундай қилиб, қалбингизга солиб қўйилган иймон ўз-ўзича кучайиб қолмайди. У қалбингизда жонланиши, ўсиб, такомилланиши керак. Иймон инсонларнинг солиҳ амаллари, ахлоқий, маънавий, инсонпарварлик, ватанпарварлик қарашлари ва адолатли ишлари билангина кучаяди, жонланиб туради. Ана шундагина Одамни одам даражасига фақат жонланиб турган кучли иймон етказади!

Ҳадисларда келишича, Қиёмат куни ҳамма ёқ зулматга айланиб, қоронғида ҳамма ўзига йўл қидиришга тушар экан. Шунда солиҳ амаллар билан тўлиб-тошган, ҳамиша жонланиб турган иймонимиз кўксимиздан чиқиб, жаннатга олиб борадиган йўлимизни ёритар экан. Қалбимиздаги кучли иймон энди нурга айланиб йўлимизни ёритар экан. Солиҳ амалларимиз Қиёмат кунида қўлимизда йўл ёритувчи чироқ бўлар экан. Субҳоналлоҳ!

Ўша куни Аллоҳга тили билан иймон келтириб, амалда ёмон ишлар қилган мунофиқларнинг эса ҳеч қаеридан нур чиқмас экан. Улар ўзларига ўзлари адолатсизлик қилишган. Улар бу дунёда иймонларини йўқотишган. Шунинг учун ҳам улар қоронғиликда қолиб, йўл тополмас эканлар. Баъзиларининг нурлари хира бўлар экан. Шу даражада хира бўлар эканки, оёқларининг тагини кўрмас эканлар, кейинги қадамларини қаёққа босишни билмас эканлар. Шу вақтда улар узоқдан иймонининг нури билан кетаётганларни кўриб, улар билан бирга йўлни топиб олмоқчи бўлар эканлар ва уларга қарата: “Тўхтанглар, бизлар ҳам сизлар билан биргамиз, у дунёда ҳам бирга эдик”, дейишар экан. Иймон нури билан кетаётганлар эса, уларга қарата: “Қайтинглар, ўзингизга нур изланглар” дейишар экан. Қоронғида қолганлар бир амаллаб уларнинг ёруғидан фойдаланмоқчи бўлар экан. Шунда Аллоҳ буларнинг ўртасига катта девор тўсиқ ташлаб қўяр экан. Бу ҳақда Қуръоннинг Ҳадид сураси,12–16-оятларида баён қилинган (Нуъмон Али Хон тафсири).

Аллоҳнинг Зотини Унинг сифатлари билан таниш, чин дилдан амин бўлиш ва бу ишончга амал билан жавоб қилиш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини, у зотнинг зиммаларига юклатилган вазифа нима эканлигини англаш, у зот меросининг ҳақиқий вориси бўлишга интилиш инсонни солиҳ бўлишига, гуноҳ ишлар қилмасликка ундайди. Атроф-оламга, табиатга бефарқ бўлмайди, дангасалик қилмайди, илм, ҳунар ўрганишга астойдил ҳаракат қилади, бировлардан ёрдамини аямайди, оғирини енгил қилади. Энг муҳими – атрофидаги одамларни ким бўлишидан қатъи назар, қандай миллатга мансуб лигидан, ирқи, дини-эътқодидан қатъи назар ҳурмат назари билан қарайдиган бўлади, ёмонлик қилишдан, масхара қилишдан, зулм қилишдан, Аллоҳ ман қилган ишлардан ўзини нари қилишга ҳаракат қилади. Чунки, Аллоҳни Унинг Зоти билан таниш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақиқий вориси бўлиш – инсон қалбида кучли иймоннинг барпо бўлишига сабаб бўлади, кучли иймон сабаб инсон қалбида меҳр-муҳаббат, биродарлик, бирлик ҳисси уйғонади; кучли иймон сабаб жамият ривожланади, гуллаб-яшнайди.

Нафси қудсия – иймон кучи билан йўғрилган нафсимизни тоза ҳолича Аллоҳга тақдим этиш нақадар бахт!

Шунинг учун ҳам бизга “…қандай яшаш кераклигини фақат кучли иймонгина ўргатади”. Иймон бу бизнинг кундалик ҳаётимизда, қилаётган ишларимизда, гап-сўзларимизда, хатти-ҳаракатимизда, меҳнатларимизда жонланиб, намоён бўлиши керак. Нима деб ўйлайсиз, сиз учун солиҳ амаллар қилиш қийин иш эканми? Наҳотки жаннатга шунчалик қийин йўл билан борилса? Наҳотки сиз ва биз учун солиҳ амаллар қилиш қийин бўлса?

Йўқ, қийин эмас! Агар сиз кучли иймон эгаси бўла олсангиз, бу йўл сиз учун қийин бўлмайди. Аллоҳга, Унинг Расулига, теварак-атрофга, одамларга бўлган меҳр-муҳаббатингиз, севгингиз сизни фақат солиҳ амаллар қилишга, ўз-ўзингизни ўзгартириб, такомиллаштириб боришга бетиним ундайди.

Жалолиддин Румий: “ Мусулмон бўлиш учун 1000 йиллик йўлни босиб ўтиш керак, Одам даражасига етиш учун эса, яна шунча йил керак бўлади” деб айтган эканлар. Одам даражасига етишиш учун 2000 йиллик йўлни босиб ўтиш! Тушунаяпсизми? Одам бўлишлик шунчалик қийинми?

Аслида, иймон нима? деган саволга: “ Одамийлик пойдеворига қўйилган қадам”, деб жавоб бериш мантиқан тўғри бўлса керак. Демак, Одамнинг ҳақиқати унинг кучли иймонида. Фақат кучли иймонгина инсонни Одамийлик пойдеворини мустаҳкамлаб, юксалиш сари қадам қўйишга ундайди.

Зиммамизга юклатилган сир нимада эканлигини озроқ англаётгандакмиз.

Ҳаёт денгизида шўнғишга шай турган муҳтарам ўқувчи! Сиз ўз ҳақиқатингиз – асл моҳиятингиз сари юксалиб боришга журъат қила оласизми?…Алҳамдулиллаҳ! Қила оласиз!


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации