Электронная библиотека » Юлдузхон Назар » » онлайн чтение - страница 5


  • Текст добавлен: 27 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Юлдузхон Назар


Жанр: О бизнесе популярно, Бизнес-Книги


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 17 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]

Шрифт:
- 100% +

V. ПАЙҒАМБАРЛАР ҲАҚИҚАТИ

Аллоҳнинг Даргоҳига йўл кўрсатувчи мураббийлар

Одам ато билан момо Ҳавво илк бор Ерга тушганларидаги уларнинг аҳволларини тасаввур қила оласизми? Уларнинг кимсасиз Ердаги илк ҳаётлари қандай кечган экан? Нималарни бошларидан ўтказиб, қандай қийинчиликларни кўришмаган экан? Ахир Ер юзида улардан бошқа ҳеч бир одам йўқ эди-ку?! Лекин Аллоҳ уларни ўз ҳолига ташлаб қўймади. Улар ўзлари ўташ керак бўлган ҳолатларни Ҳайй ва Қойюм бўлган Аллоҳнинг Паноҳида ўтаган эдилар.

“Аллоҳ мўминларни сизлардаги ҳозирги ҳолатдек ўз ҳолларига ташлаб қўювчи эмас!…Аллоҳ ўз пайғамбарлари ичидан хоҳлаганларини (илми ғайбдан қисман билдириш учун) танлаб олади..”.(Оли Имрон сураси, 179-оят).

Аллоҳ бандасини ҳеч қачон уни ўз ҳолига ташлаб қўймайди. Раҳмон ва Раҳим эгаси бўлган Аллоҳ инсонни яратибдики, унга зиммасидаги вазифасини англатиш учун, қандай йўлдан юришни кўрсатиш учун ҳар бир авлодга йўлбошловчи – пайғамбарларни юборган. Пайғамбарлар орқали пок-нопокликни, оқ-қорани ажратишни ўргатган.

Агар пайғамбарлар яратувчи ягона Аллоҳ борлиги ҳақида, биз яшаётган моддий оламдан бошқа, ўзимизнинг асл ватанимиз бўлган ғайб олами ҳақида, ўлимдан кейин яна ҳаёт борлиги ҳақида, ҳалол ва ҳаром, яхшилик ва ёмонлик, инсоннинг бу дунёдаги вазифаси ҳақида хабар беришмаганида одамзод бу дунёга худди ҳайвонларга ўхшаб “шундай келиб, шундай кетган” бўлар эди. Шунинг учун ҳам пайғамбарларнинг бу дунёга юборилишида, пайғамбарларнинг маълум бир қийинчиликларни бошларидан ўтказишларида ва бизга “ўзлари ўтаган йўлни” кўрсатишларида Аллоҳнинг улуғ Ҳикмати борлигини биз англашимиз зарур.

Аллоҳ пайғамбарлар орқали бизни “илми ғайбдан қисман” бўлса-да огоҳ бўлишимизни истайди. Ғайб олами билан биз яшаётган моддий олам ҳаёти бир-бири билан параллел равишда кечади ва улар бир-бири билан боғлиқ.

Шу сабаб ҳам У Ер юзига Унинг Даргоҳига олиб борадиган йўлбошловчиларни пайғамбарларни юборди, Ваҳий юборди, Муқаддас Китобларни туширди. Марҳаматли, Раҳмон, Раҳимлик сифати билан бизга ердаги ҳаётимиздан бошлаб, то Ўзининг Даргоҳигача олиб борадиган йўлни пайғамбарлар орқали кўрсатиб қўйди.

Аллоҳ – мутлақ Мукаммал. У бандаларини ана шу Мукаммаллик сари интилишларини, етишишларини истайди. Бу – ўз-ўзини англамоқлик, огоҳ бўлишлик демакдир.

Улуғ Аллоҳ Ўзи яратган бандасини Ўзининг Даргоҳида бўлишини истайди, жуда ҳам истайди. У бизларни “Лисонут тайр” асаридаги “йўлга чиқмаган” қушлардек бўлиб қолишимизни ёки шира йиғадиган бармоқчаларидан айрилиб, асал қилиш моҳиятидан ва ўз уйидан маҳрум бўлган асаларига ўхшаб қолишимизни истамайди. У бандасининг иймон кучи билан, меҳр-муҳаббат билан йўғрилган топ-тоза биллурдек қалбида Ўз жамолини кўришни истайди.

Балки одамзоднинг Ерда яшаши Аллоҳнинг Қаламида шу мақсадда битилгандир? Қалби биллурдек ярқироқ, олтиндек соф бўлиши учун ҳам инсон пешонасига синовлар битилгандир? Биллур ҳеч қачон ўз ҳолича биллур бўлмаган. Шиша биллурга айланиши учун қандай қийин жараёнлардан ўтади? Олтин ҳам қанча ишловлардан, қанчалик қийин, мураккаб жараёнлардан ўтиб, олтинга айланиши керак! Темир ўз ҳолича қолиб кетса, занглаб чириб кетиши аниқ. Аслида эса одам ҳам “занглаб қолмаслик” учун худди шундай “жараёнлардан соғ-омон ўтиб, ўз ҳолини ўзгартирсагина, ҳақиқий ОДАМ даражасига ета олади. Ҳақиқий одам даражасига етишиш, ана шу синовлардан омон ўтиш учун одамга ҳақиқий йўлбошловчи керак бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ инсониятга пайғамбарлар юборди, Ваҳий туширди. У бизга пайғамбарларга эргашишни буюрди. Чунки, Пайғамбарларнинг йўлиОДАМ даражасига етишишга, ўзидан-ўзигача Аллоҳнинг Даргоҳигача олиб борадиган йўлдир.

Пайғамбарлар ана шундай синов йўлларидан сабот билан ўтган Аллоҳнинг расуллари. Шунинг учун ҳам Аллоҳ фақат пайғамбарларга эргашишни буюрган.

Сиз “Аллоҳ пайғамбарларни юборди”, “Аллоҳ осмонлардан Ваҳий – Муқаддас Китобларни туширди” сўзларини қандай қабул қиласиз? Бу сўзлар сизни бирор марта жиддий ўйлантирганми? Пайғамбарлар билан боғлиқ ҳодисаларни, жараёнларни сиз қандай тасаввур қиласиз? Аллоҳ Ер юзига пайғамбарлар юборганига, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги пайғамбар эканликларига, осмонлардан Ваҳий келганига сизнинг ўзингизнинг қалбингизда тўлиқ ишонч борми? Ёки кимлардир айтгани учун ишонасизми? Бу ҳақда ҳам бир тафаккур қилиб кўринг.

Айтишларича, “Биринчи бўлиб Аллоҳ Пайғамбарлик Руҳини яратади. Бу Руҳни Аллоҳ ўз Нуридан яратган экан. Аллоҳ Ўзи ҳақида бандаларини огоҳ этиш учун Ер юзига юборган пайғамбарларининг барчаси ана шу Руҳдан яратилган эканлар. Шунинг учун ҳам Ер юзига юборилган пайғамбарлар бутун дунёга ажойиб равишда таъсир кўрсата олганлар. Дунё бўйлаб ёруғликни, нурни кўтариб юра олишлари ва атрофга тарата олишлари учун Аллоҳ уларга куч берган эди”. Аллоҳ: “Агар Мен пайғамбарлик Руҳини яратмаганимда, дунёни яратмас эдим”, деб айтган экан. Аллоҳ Пайғамбарлик Руҳини яратганида, у ниҳоят даражада ёрқин ва қайноқ бўлган ва Аллоҳ олдида уялиб, хижолат чекканидан, андиша қилганидан ундан терлар оққан экан. Бу тердан муаттар ҳид таралган экан. Ана шу тердан Аллоҳ атиргулнинг руҳини яратган. Атиргул ҳидининг ажойиблиги, муаттарлиги, қалбларда муҳаббат уйғотувчи кўркамлиги ҳам ана шундан”… деб айтадилар шайх раҳматуллоҳи алайҳ Ҳаким Моинуддин Чиштий ҳазратлари. (Чиштия тариқати асосчиси)

Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замондошлари, у билан бирга бўлган одамлар ҳамма вақт у зотдан ҳушбўй ис келиб туришини, терлаганларида муаттар ҳид таралишини айтишар эди. Субҳоналлоҳ! Ҳаттоки ислом оламининг етук имомлари қазо қилишганида уларнинг гўрларидан бир неча кунгача муаттар ҳид таралиб турганига одамлар неча бор гувоҳи бўлишган. Муаттар ҳид бежиз эмасдир… Имом ал-Бухорий дафн этилганларида ҳам шундай ҳол юз берган.

Одам атонинг яратилишлари ҳақидаги қиссада бир қизиқарли тасвир бор. Биз Аллоҳ Субҳоналлоҳу таоло Одам атога бўлажак зурриётларининг руҳини умуртқа поғоналаридан олиб кўрсатганини баён қилган эдик. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтишларича, ана шу руҳлар орасида бир руҳдан ёрқин нур таралиб турган бўлади. Одам ато ёрқин нур таратиб турган одам руҳини кўрсатиб: “Эй Роббим! Бу ким?” деб сўрайдилар. Аллоҳ: “ Бу сенинг ўғлинг Довуд, Мен унга 40 йил умр ёзганман”, деб жавоб беради. Одам ато Довуд алайҳиссаломнинг қанчалик кўркам эканликларини, улардан ажойиб нур таралиб турганини кўриб : “ Эй Аллоҳ! Унга йиллар қўшгин!” деб айтадилар. Аллоҳ эса: “Мен унга шунча йил берганман”,дейди. Шунда Одам ато: “Эй Раббим! Мен унга ўзимнинг 60 йил умримни бераман”, дейдилар. Яъни, менинг умримдан 60 йилини олиб, Довудга бер, деб айтадилар. Аллоҳ эса: “Майли, шундай бўлсин”, дейди.

Ёш олим Умар Сулаймон ибн Касийрнинг “ал-Бидоя ва Ниҳоя” асаридан ушбу қиссани баён қилар экан, Одам алайҳиссалом нима учун айнан Довуд алайҳиссаломни танлаганликларини сабабини айтади. Одам алайҳиссаломнинг Ердаги вазифалари қурилиш ишлари бўлган. Довуд алайҳиссаломга ҳам қурилиш ишлари ва темирни жиловлаш, уни эритиб турли хил нарсалар ясаш вазифаси берилган экан. Довуд алайҳиссалом Ер юзида энг яхши иншоотлар қурган эканлар. Шунинг учун ҳам Одам алайҳиссалом Довуд алайҳиссалом узоқ умр кўриб, кўпроқ ана шундай яхши ишлар қилишларини, Аллоҳнинг динини мустаҳкам ўрнатишини истаган эканлар.

Одам алайҳиссалом барча келажак авлодларини руҳини кўрганларида фақат пайғамбарлар руҳини эмас, балки бутун саҳобалар авлодини, Ер юзида буларга тенг кела олмаган асл саҳобалар руҳини ҳам нур таратиб турганини кўрган эканлар.

Биз пайғамбарлар ҳақида бирор қисса ўқиганимизда ёки эшитганимизда ўзимизга ўхшаган оддий одамларни эмас, диллари Аллоҳнинг “Нур”идан яралган одамларни тасаввур қилишимиз керак. Уларнинг Дилларини, руҳиятларини кўра олишимиз, ҳис қилишимиз керак. Пайғамбарларнинг биз оддий одамлардан фарқи шундаки, улар гапирганда ўз фикр, мулоҳазаларидан, хулосаларидан келиб чиқиб гапиришмаган. Бирор иш қилишганда ҳам ўз хоҳиш, иродалари билан қилишмаган. Уларнинг диллари тўғридан-тўғри юқорига – Аллоҳга боғланган бўлган, Аллоҳдан буйруқ олишган. Пайғамбарлар нима дейишган бўлса, нима иш қилишган бўлса, Аллоҳ дилларига нима солса, шуни дейишган, шуни қилишган.

Пайғамбарларнинг зиммаларига ниҳоятда оғир вазифа юкланган. Улар одамларни, уларнинг ота-боболари неча юз йиллардан буён сиғиниб келган, худо деб ишониб келган бутлари ўрнига ёлғиз Яратган Илоҳни тан олишга, Унга ибодат қилишга, ҳаромдан (ароқ ичиш, чекиш, зино, судхўрлик, адолатсизлик) қўрқишга, ўлимдан кейин ҳам ҳаёт борлигига ишонтиришлари керак эди. Хуллас, одамлар ўзлари ишониб келган ботил нарсалардан юз ўгиришлари, дунёқарашларини ўзгартиришлари, ўрганган нафсларидан воз кечишлари керак эди. Ўйлаб кўринг: юз йиллар давомида ишониб келган, қон-қонига сингиб кетган нарсаларидан воз кечиш осонми? Одамларга ўзини ўзи, дунёқарашини, идрокини ўзгартиргандан, ўз нафсидан кечгандан кўра элчиларни, пайғамбарларнинг гапларини йўққа чиқариб, уларни надомат қилиш осон бўлган. Улар ўзларини ўзлари ислоҳ қилиш ўрнига, ўзлари билан ўзлари курашиш ўрнига, пайғамбарлар билан курашган. Шунинг учун ҳам пайғамбарларга осон бўлмаган. Улар пайғамбарликлари туфайли Аллоҳнинг эркатойлари бўлмаган. Уларнинг кечирган қийинчиликларига оддий одамнинг сабри чидамаган бўларди. Лекин Аллоҳ уларга қатъийлик, матонат ва СОБИТЛИКни берди. Ана шу собитлик ҳар қандай қийинчилик бўлишига қарамай, зулматда қолган одамларни тўғри йўлга чақиришга, Аллоҳнинг биру борлигига, Унинг Аввал эканлиги ва Охири йўқлигига, Унинг олдига борилажагини, Ваҳийни, Аллоҳнинг иродасига бўйсунишни тўхтамай даъват қилаверишдан қайтармаган. Тарихда бирор пайғамбар қийинчиликдан қўрқиб, орқасига қайтмаган! Бу эса Алллоҳдан берилган СОБИТЛИК, СОБИТҚАДАМЛИК бўлган! Аллоҳ Ер юзига 124.000 пайғамбар юборган. Шулардан фақат 25 пайғамбарнинг номлари Қуръонда келади.

Одам алайҳиссалом Биринчи одам ва биринчи пайғамбар бўлганлар. Улар ўз фарзандларига, невараларига пайғамбарлик қилганлар. Одам алайҳиссаломдан кейин уларнинг ўғиллари Шис алайҳиссалом, Шис алайҳиссаломдан кейин уларнинг ўғиллари Идрис алайҳиссалом пайғамбар бўлганлар ва шу тариқа секин-аста Ер юзига ҳар бир давр учун 124.000 пайғамбар юборилган, пайғамбарлар орқали Ваҳий – Аллоҳнинг Сўзи тушган.

Нуҳ алайҳиссалом, Иброҳим алайҳиссалом, Мусо алайҳиссалом, Исо алайҳиссалом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсоният тарихида катта из қолдириб кетган буюк пайғамбарлар бўлишган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Хотим ал-Мурсалийн – юборилган пайғамбарларнинг охири, охирги пайғамбардирлар.

Қуръонда келган пайғамбарлар тарихини ўрганар экансиз, ҳар бир пайғамбарнинг қиссаси ўзига хослиги билан ажралиб туради. Ҳар бир пайғамбар қайсидир бир жиҳати билан одамларга ибрат намунаси бўлиб келди. Аллоҳ Қуръонда пайғамбарлар ҳақида айтар экан, Исмоил алайҳиссалом ҳақида “Исмоил қиссасини ёд этинг. У ваъдасига содиқ турувчи набий ва расул эди. Парвардигори ундан рози бўлган эди (Марям сураси, 55-оят), дея таъриф беради.

Хотам ал-Мурсалийн…

Улуғ аллома Алихон Тўра Соғуний раҳматуллоҳу алайҳ ўзларининг “Тарихи Муҳаммадий” номли китобларида “ҳар бир мусулмон боласи, хоҳ эр киши, хоҳ хотин киши, хоҳи қари, хоҳи ёш қуйидаги тўрт нарсани: 1. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарихларини; 2. Қуръони Карим тарихини; 3. Дини Ислом тарихини;4. Каъбатуллоҳ тарихини билишлари лозимдир”, деб айтганлар.

Нима учун улуғ аллома уларни билишимизга чақираяптилар?

Инсонни инсон қиладиган омил – маънавий етук лик. Мана шу тўрт нарсани билган, англаган, ўзи учун хулоса чиқара олган инсонни маънавий етук дейиш мумкин. Хаёлимизда биз булар ҳақида биламиз, деб ўйлармиз. Шундай бўлса-да, келинг, шулар ҳақида чуқурроқ тафаккур қилиб кўрайлик.

Биз пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ер юзига ислом динини тарқалишидаги тутган ўринларини, Қуръоннинг у зотга нозил қилинганлиги ҳақида озми, кўпми биламиз. Бироқ у зотнинг сийратлари, сифатлари, жасоратлари ҳақида керагича билимга эга эмасмиз.

Айрим Ғарб давлатларида кимлардир у зот ҳақида ниҳоятда ёмон гаплар гапиради, масхара қилиб расмларини чизади, ҳатто карикатуралар конкурсини ҳам ўтказиб, мусулмонларнинг нафсониятига тегмоқчи бўлади. Кимлардир эса у зотнинг “буюк қалблари” олдида бош эгади. Фақат мусулмонлар эмас, мусулмон бўлмаган инсонлар ҳам у зотнинг Аллоҳ юборган ҳақиқий пайғамбар эканликларини тан оладилар, у зотга бўлган ҳайратларини беркитмайдилар.

Ҳиндистон халқининг фарзанди Маҳатма Ганди: “Мен бугун миллионлаб одамларнинг юраклари устидан ҳукмронлик кучига эга бўлган одам ҳақида билгим келади… Мен исломнинг қилич билан кириб келмаганига яна бир бор амин бўлдим. Исломнинг кириб келишига Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг бенуқсон поклиги, олий фидойилик, сабр билан ўз вазифасини адо этиши, унинг ўз дўстлари, саҳобаларининг содиқлиги, жасорати, қўрқув билмаслиги, Аллоҳга ва ўз миссиясига бўлган мутлақ ишончидир”, деб айтган эди.

Германия Империясининг биринчи канцлери, князь Отто фон Бисмарк эса: “Эй Муҳаммад! Мен сенинг замондошинг бўлмаганимдан қаттиқ қайғудаман. Инсоният фақат бир марта Сенинг буюк кучингни кўра олди, бошқа ҳеч қачон кўрмайди. Мен сен билан фахрланаман!” деб айтган.

Бернард Шоу, Наполеон Бонопарт, Лев Толстой, А.С. Пушкин, Гёте ва бошқа кўплаб машҳур кишилар пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюк инсон бўлганликларини, ҳақиқий пайғамбар эканликларини нафақат тан оладилар, у зот билан фахрланадилар, у зотга атаб шеър, достонлар битдилар. Наполеон Бонопарт эса одамларни бахт-саодатга фақат Қуръон элтиши мумкинлигини ва Қуръон принциплари асосида ягона Қонун яратмоқчи эканлигини айтади. Ҳатто Карл Маркс: “Биз Унинг пайғамбар эканини, илоҳий элчи эканлигини тан олишимиз керак”, деб айтган эди.

Мусулмон бўлмаган буюк инсонларнинг пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақидаги фикрлари албатта бизнинг ҳам қалбимизни жунбишга солади. Бу мусулмон бўлмаган тафаккур эгаларининг гаплари!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни масхара қилиб расмини чизган, у зот ҳақида ёмон гаплар тарқатган инсонларнинг дунёқарашини, билимини эса, юқоридаги одамлар билан тенглаштириб бўлмайди. Албатта, бизнинг маънавий дунёқарашимиз, билимимиз бундай энг паст даражада туриб фикрлайдиган одамларнинг даражасидан, дунёқарашидан юқори бўлиши керак. Одамларнинг динимиз ҳақида, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида ёмон гапларига, қилган ёмон ишларига фақат яхшилик билан, ақлу фаросат билан, уларнинг ёмон сўзига яхши, ақлли сўз билан жавоб беришни бизга Аллоҳ ўргатади. Худди шундай ишни пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганлар. Шундай ҳолларда биз ҳам у зотдан ўрнак олишимиз керак. Динимиз ҳақида, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида ана шундай ҳолатларга дуч келсак, биз ҳис-туйғуларимиз орқали, ғазаб билан эмас, маънавий етуклигимиз билан, интеллектуал ривожланган ақлимиз билан жавоб қилишимиз керак. Бизнинг қуролимиз – билим, тафаккур бўлиши лозим. Бунинг учун биз пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни бор вужудимиз билан танишимиз керак. Аллоҳ Қуръонда: “(Эй Муҳаммад!) Биз Сизни бутун оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз” (Анбиё сураси, 107-оят) дейди. Биз пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ томонидан “айни раҳмат” қилиб юборилганликларининг маъносини англай олишимиз, биз у зотни ана шу сифатда таний олишимиз керак. Биз у зотни қанчалик қалбимиздан севсак, у зот ҳақида кўпроқ билсак,у зотнинг ҳаётлари, саҳобаларининг жасоратлари биз учун ўрнак бўлса, биз ҳам маънавий етук инсонлардан бўламиз; турли хил гап-сўзларга етуклик даражасида туриб жавоб қила оладиган бўламиз. Етуклик даражасида туриб тафаккур қилиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннат. Шунинг учун ҳам Аллоҳ бизларга: “…Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси, 21-оят), деб айтади.

Башариятга юборилган барча пайғамбарларнинг ўз вазифаси бўлган. Ҳар бир пайғамбар ўрнак сифатида қайсидир бир йўлни босиб ўтган. Йўл кўрсатган. Уламолар пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тўғриларида сўзлашар экан, юборилган пайғамбарларнинг ҳар бирларининг алоҳида ўз ўрнилари бўлганлигини, лекин барча пайғамбарлардан фарқли ўлароқ, У зот инсон бошидн ўтказиши керак бўлган барча ҳолатларни, босқичларни босиб ўтганликларини баён қиладилар: етимликда ўсдилар , камбағал бўлдилар, очлик нима эканлигини бошларидан кечирдилар, ота бўлдилар, қавмлари томонидан қаттиқ хўрландилар, азобландилар, ўзларига эргашган саҳобалар билан биргаликда қийинчиликларни кўрдилар, иқтисодий қамалда қолдилар, ҳарбий жангчи, қудратли фотиҳ бўлдилар, кучли сиёсатчи, бутун бир мусулмон умматининг бошлиғи бўлдилар.

Макка фатҳ этилганда, у зот бу шаҳарга такаббурлик билан, ғолибона кириб келмадилар. Шаҳарга кириб келганларида одамлар бу зотни кўриб, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан қалбларида ишонч ва меҳр туйганлар. Шунинг учун ҳам ҳамма ёппасига ислом динини қабул қилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўта меҳрибон ва ўта самимий инсон бўлганлар, улуғ ибрат намунаси, тарбиячи бўлганлар. Улар юмшоқ табиатли эдилар. Лекин вақти келса қаттиққўллик ҳам қилганлар. Ҳамма учун энг ибратли бўлган хислатлари – ҳеч кимдан ҳеч қачон ўзлари учун қасос олмаганлар! Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсон ҳаётига тегишли бўлган барча соҳада – ижтимоий, ахлоқий, маънавий, сиёсий, ҳарбий, диний, ухровий, дунёвий, илм-маърифат, бошқарув соҳасида инсонлар учун то Қиёматгача йўл кўрсатиб ибрат бўлдилар. У зот мукаммал – Инсони Комил бўлганлар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ мукаммал инсон орқали Ўзининг Мукаммал Қуръонини юборди.

Нуъмон Али Хон Қуръонда келган “Ёсин” сурасини тафсир қилар экан: “ Аллоҳнинг инсониятга бўлган раҳмати – бу пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Бир томондан Қуръон – Қудрат ва Иззат эгаси бўлган ал-Азиз томонидан туширилган бўлса, иккинчидан, шу билан бирга ўта Меҳрибон, ғамхўр, марҳаматли ар-Роҳийм томонидан пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга юборилган. Қуръон ҳукмронлик устида туриб буйруқ ва ҳукм қилувчидир. Бу иккаласи: туширилган Ваҳий – хабар ва расул – элчи бирлашиши керак эди. Хабар ва Элчи. Битта хабар туфайли ҳидоят амалга ошмайди. Хабар ва хабарчи (элчи) иккаласи мукаммал бўлган тақдирда ҳидоят амалга ошади. Хабар мукаммал. Худди шундай, расул ҳам мукаммал. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳаётлари давомида ҳалол, тўғри, ишончли инсон сифатини ўзларида акс эттирганлар. Қурайшликлар худди шу сифатда у зотни танир эди. Бу “юқоридан” келадиган тўғридан-тўғри бошқарувнинг бир қисми. Агар элчига ишонч бўлмаса, у олиб келган хабар ишончли бўлмайди”, деб айтади.

“… (Эй Муҳаммад! Бу Қуръон) Парвардигорининг изни билан одамларни зулматлардан нурга, яъни қудрат ва ҳамд эгасининг йўлига олиб чиқишингиз учун Сизга биз нозил қилган Китобдир” (Иброҳим сураси,1-оят). Улуғ Аллоҳ биз инсонларни зулматдан нурга, Қудрат ва Ҳамд эгасининг йўлига олиб чиқиш учун, Пайғамбар алайҳиссаломга Қуръонни нозил қилганлиги ҳақида хабар қилаяпти. Субҳоналлоҳ!

Қуръонда Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Қуёшга, у зотнинг саҳобаларини эса ойга қиёсланган экан. Ой Қуёшдан нур олади. Жасур саҳобалар ҳам ой каби Қуёшдан – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан нур олишган ва бу нурни бутун дунёга тарата олишди. Аллоҳ бизга ҳам “Қуёшдан нурланишимизга” имкон берди, у зотга эргашишимизга буйруқ берди: “Айтинг (эй Муҳаммад!): Агар Аллоҳни севсангиз менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади..”. (Оли Имрон сурси, 31-оят).

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Хотам ал мурсалийн – охирги пайғамбар дейилиши охирги замон билан боғлиқ ҳолда тушунилади. Қуръондан кейин бошқа Аллоҳнинг Китоби бўлмайди, шунинг учун бошқа пайғамбарлик миссияси бўлмайди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги пайғамбар бўлиб келишлари, Инсониятга Қуёш каби нур сочишлари ҳақида барча Муқаддас Китобларда, жумладан, Таврот, Инжилда айтилган. Ҳатто ҳиндларнинг қадимги “Веда” таълимотида, “Бҳагават Гита” каби Китобларида пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ер юзига қуёш каби келиб, нур сочишлари ҳақида хабарлар келганлиги одамни ҳайратга солади!

Доктор Зокир Наик ушбу Китобларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги пайғамбар эканликлари, уларнинг оталари, оналарининг исмлари, қайси қавмда, қайси юртда туғилишлари ҳақидаги хабарлар қайси бўлимда, нечанчи мантрада келтирилганлигини бирма-бир айтиб ўтади. Бу мўъжиза эмасми? Тўғри, Қуръонда Веда, Бҳагават Гита каби муқаддас Китоблар ҳақида маълумот йўқ. Балки илмий изланишлар, илмий тадқиқотлар вақти келиб буни кўрсатар, лекин 124.000 минг пайғамбарлар келгани рост, уларнинг қўлларида Аллоҳнинг Ваҳийси – саҳифа бўлгани рост.

Одам алайҳиссалом ерга тушмасларидан аввал У зотнинг руҳларини кўрганлар. Демак, ер юзига ўз миссияси билан келган ҳамма пайғамбарлар охирги пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида хабардор бўлганлар ва хабар берганлар. Ахир барча Муқаддас Китоблардаги каби қадимги “Веда” таълимотида, “Бҳагават Гита”да ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Ер юзига Қуёш каби келишлари ҳақида ёзилган бўлса, қандай қилиб биз Аллоҳ субҳоналлоҳу таоло юборган Қуёшдан бебаҳра қолишимиз мумкин?

Пайғамбарлик У зотга 40 ёшларида келди. Бу вақтгача у зот пайғамбар бўлишларини билмаганлар. Лекин қурайшликлар бу зотни тўғри сўзликлари, ҳалол, софдил эканликларини жуда яхши билишган. Шунинг учун ҳам у зотни чақирганда Муҳаммад исмининг ёнига Амин – тўғри, ҳалол, ишончли сўзини қўшиб чақиришган. У зотнинг ҳаёт тарзларининг ўзи уларнинг юксак ахлоқий, маънавий фазилатларини акс эттира олган!

Баъзи бир саволларга жавоб излаш мақсадида биз у зотнинг шахсий ҳаётлари тўғрисида бир оз тўхталиб ўтишни лозим топдик.

Пайғамбар алайҳиссалом 25 ёшларида Хадижа исмли аёлга уйланадилар. Хадижа савдогар аёл эди. Каттагина мол-мулкларнинг эгаси эди. Унга туяларга ортилган юкларни эсон-омон манзилга олиб бориш, сотиб келиш учун ҳалол одам керак эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бу аёлга тавсия қилишган ва У зот бу аёлнинг қўлида ишлай бошладилар. Хадижа розияллоҳу анҳо ўша давр аёллари орасида китоб ўқиган, илмли аёл эдилар. Ўзларининг қавмлари орасидан пайғамбар чиқишини билардилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдаги нафақат тўғрилик, ҳалоллик, балки баъзи бир бошқа хусусиятлари Хадижа онамизнинг эътиборини торта бошлайди. Хизматкор чўрилари орқали суриштириб (Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан боғлиқ ҳайратомуз воқеаларни айтиб беришади), охири бу одам оддий одам эмаслигини қалбидан сезади ва пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзи совчи қўяди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз амакилари билан маслаҳатлашадилар ва ўз ихтиёрлари билан Хадижа онамизга уйланадилар. Улар бир-бирлари билан муҳаббатли ҳаёт кечиришади, фарзандлар кўришади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан 15 ёш катта аёлга уйланишларида ҳам Аллоҳнинг ҳикмати бор эди.

Пайғамбар алайҳиссалом 40 ёшга тўлганларида ўзларида қандайдир ўзгаришларни сеза бошлайдилар, ёлғизлик истаб Ҳиро тоғига чиқиб кетавердилар. То нубувват келмагунича шу ҳолат давом этаверади. Мана шу вақтларда Хадижа онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бирор марта таъна, дашном қилмадилар, қайтага очиқсалар, деб егуликларини ўзлари билан бериб юборар эдилар. Биринчи маротаба фаришта Жаброил билан бўлган учрашув у кишини қўрқитиб юборган эди. У зот қўрққан ҳолларида уйга келадилар, “Мени ўраб қўйинглар”, деб дағ-дағ титрайдилар. Уларни биринчи бўлиб қарши олган, жонларига ора кирган Хадижа онамиз бўлдилар. Ҳиро тоғида юз берган воқеа шайтондан эмас, Раҳмоннинг хоҳиши эканлигига ишонтира олган Хадижа онамиз бўлганлар. Ер ва осмоннинг ўртасида муаллақ турган” махлуқ”ни кўрганликлари ва у пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга “Ўқи!” дегани, “Сиз пайғамбарсиз” деганини қўрқиб айтиб берганларида Хадижа онамиз: “Сиз ростдан ҳам пайғамбарсиз, сизда пайғамбарлик хислатлари бор, деб у зотнинг кўнгилларини кўтарадилар, далда бўладилар, ёнларида куч-қувват бўлиб турадилар ва биринчилардан бўлиб “Ла илаҳа иллоллоҳ, Муҳаммадан расулуллоҳ” деб иймон келтирадилар. Хадижа онамиз пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғир, енгил кунларида ҳамиша ёнларида бўлдилар. У зот дунёдаги энг тўғри сўз, ҳалол инсон бўлганлар. Лекин буни қавмлари билса ҳам, у зотни ёлғончига чиқарди, эсидан айрилганга чиқарди. У зотга тошлар отишди, масхара қилишди. Лекин Хадижа онамиз у зотга маънавий қувват бўлиб турдилар. Агар Хадижа онамиз ўрниларида бошқа аёл бўлганида Хадижа онамиз тушунганларидек, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни тушунмаган бўлар эди, уларга маънавий қувват бўла олмаган бўлар эди. Энг биринчи бўлиб, ҳеч иккиланмай: “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадан расулуллоҳ” дейишнинг ўзи матонат эмасми? Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссалом орқали Аллоҳнинг саломини Хадижа онамизга етказадилар. Қаранг, Аллоҳнинг саломи! Бу инсон учун битмас-туганмас бахт-ку! Бу бахтга қандай матонат билан эришганларини ўзингиз бир ўйлаб кўринг…

Жаброил алайҳиссалом Хадижа онамизга салом йўллаганларида, Хадижа онамиз “У зотга ҳам менинг номимдан салом айтинг”, деб жавоб қилган эканлар. Аллоҳнинг саломига эса:” Аллоҳумма анта ас салом, минака ас салом, ва илайка яържуус салом,таборакта я зал Жалоли вал Икром” деб жавоб қилган эканлар. Намоз сўнгида ўқийдиган дуоимиз шундан қолган экан. Хадижа онамизнинг пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари ҳақида, у зотга, у зотнинг яқинларга қилган меҳрибонликлари, яхшиликлари, аёл сифатида тутган ўринлари ҳақида кўп гапириш мумкин. Хадижа онамиз барча аёлларга ўрнак сифатида то Қиёматгача тарихда қолдилар. Шунинг учун ҳам Хадижа розияллоҳу анҳу бутун мусулмонлар онаси ва барча аёллар аълоси – Хайруннисо деган шарафли номларга тўла ҳуқуқ ила сазовор бўлганлар (Анна Марие Шимель “ Жонон менинг жонимда”).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадижа онамизни жуда яхши кўрганлар. Макка фатҳ этилганида чодирларини Хадижа онамиз қабрлари ёнига тикишни сўраганлар. Намозларида кўзларида ёш билан Хадижа онамизни эслаганлар, дуо қилганлар.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации