Электронная библиотека » Аббос Саид » » онлайн чтение - страница 3

Текст книги "Қазои Қадар"


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 09:40


Автор книги: Аббос Саид


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 23 страниц) [доступный отрывок для чтения: 8 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Абдурасул ота Сафохон уни қаттиқ ҳурмат қилишини ва ўз отасидай кўриб ҳамиша яхши сўзлар билан алқаб юришини билгани важидан, боз устига, айни дамда ўзини айбдор санаб ич-ичидан азият чекаётганини ҳис этгани учун бўлак унга сўз қотмади, уни тушунган, унга ён босган бўлди. У масжид ҳужжатлари тўғри бўлишини истаб ҳар ерга югираётганидан, масжид учун жонини ҳам беришга тайёр фидойи инсон, намозхон эканлигидан воқифлигини сездириб, у томон ўгирилиб, уни маъқуллагандай, уни хижолатпазликдан қутултирмоқ илинжида “ҳа, ҳа-аа” деб қўйишни жоиз деб билди.

Бу сафар энди қариянинг ўрнига Тошмурод нонвой унинг соддалигидан энсаси қотиб, истеҳзоланиб кулиб:

‒ Яхши одам бўлса мана бундай савоб ишга пул талаб қилармиди, Сафохон? Ким сизни ўқиган одам дейди? Яхши одам бунақа ишларни фийсабилиллоҳга қилади, тағин ҳеч ўйламасдан яхши одам дейсиз! ‒ унга дакки берган, ундан ижирғанган бўлди. У маҳалла масжидининг орқасига қурилган, ана шу мавзе аҳолисига хизмат қилувчи нонвойхонада бир неча йиллардан бери икки-уч хил нон ёпар, бўш вақтларида масжидни тиклаш ишларида Абдурасул отанинг биринчи ёрдамчиси эди. Тақдир унга ҳамиша масжид ёнидаги нонвойхонада ишлашни раво кўрган, мана шу бошқариб кетаётгани яшил рангли “Москвич ‒ 412” русумли автомаркабини ҳам илгарилари Себзордаги Моғолкўча масжиди ёнгинасида ‒ ўша ердаги маҳаллага қарашли нонвойхонада ишлаётганида лотореяга ютиб олганди. Шундан бўлса керак, у мана бундай Абдурасул отага ўхшаган қарияларга, умуман савоб умидида қилинадиган ишларга ҳеч бир оғринмай камарбаста бўлиб хизматда турардиким, унинг бундай хожатбарорлигини мазкур мавзеда яшайдиган кўплаб одамлар, шу ерлик аҳоли яхши билишарди.

Абдурасул ота нонвойни анча йиллардан бери билар, мана шу мавзеда, тўнғич ўғлиникида яшай бошлагандан буёқ у билан ота-боладай яқин, бутун ўтмишга оид ҳаётини сўзлаб бериб юрар, тағин устига, нонвойнинг таги Хончорбоққа қўшни ерлардаги Жомийга бориб тақалган, бир пайтлар болалиги ўша ерларда ўтгани учун жомийлик кўплаб одамларни билгани сабаб унинг отасини ҳам таниган, шунинг учун баъзида уни ўзига жуда яқин тутиб тошкентчасига исмини қисқартириб “Тошим” деб қўяр, бунга нонвойнинг ўзи ҳам кўникиб улгурган, қарияга бир оғиз сўз демасди. Ана ўша таомил устун келиб, унга юзланаркан:

‒ Тўғри айтасан, Тошим, масжиднинг ишига ёрдам бериш, ҳужжатларни тўғирлаш учун шунча пул олгани Худодан қўрқмадимикин? ‒ дея таажжубланди, Келеснинг кўпригига етганларида эски йўлларни, бу йўлларда ўтган ёшлик йилларини, Наби Тароқ иккови бўзчининг мокисидай эшакаравада Кўктеракка, темирйўл станцияси рўпарасидаги Сирож маҳсумнинг чойхонасига қатнайверганларини хотирларкан: “Эгам комиссияни чақалоқлигида ўша ердан топиб келгандик. Набининг бобоси битта-яримта хончорбоғлик уни асраб олар деб қўлимизга тутқизиб юборганди ‒ алламбало, дарвеш пиғилли эди-да бу Сирож маҳсум дегани”, деб ўша қарияга боғлиқ бўлган бошқа бир-икки воқеани эслаб мийиғида кулди, ортидан эса умрнинг оқар сувдай ўтиб кетганидан хўрсинди, яна дарров бугунги кунига қайтиб, ўзининг қаерда кетаётганини идрок этиб, ён-атрофига қаради, сал ўтгач, автомаркабни шаҳар ичкарисига бурган Тошмуродга яна нигоҳини қадади: ‒Худодан қўрқмадимикин дейман-ку, аммо-лекин ҳозирги даврда кўплаб одамларимиз пул деса Худониям унутиб юборадиган даражага келиб қолганлариям рост-да!.. ‒ у шулар ҳақида сўз юритаркан, яна орқа ўриндиқдаги Сафохонга ўгирилиб: ‒ Нима дедингиз, Сафохон? ‒ деб сўраб қўйди.

Сафохон қариянинг сўзларини тасдиқлаб бош тебратиб:

‒ Худоси пул бўлиб қолди демоқчисиз-да! ‒ деди.

‒ Ҳа-да, йўқ ёлғонми Тошим? ‒ яна нонвойга тегишли гап бордай унга эътиборини қаратди Абдурасул ота. Айни пайтда Сафохон унинг сўзларини тасдиқлаганидан хурсанд бўлиб: ‒ Мана сен билан кўпинча масжидга керак бўлган нарсаларни қидириб бозорга тушамиз-а? Тушганимизда ниманинг гувоҳи бўламиз? Тушганимизда, Сафохон, кимга қарамайлик пул санаётганининг гувоҳи бўламиз, а Тошим? Ҳоҳ сотувчи бўлсин, ҳоҳ олувчи ‒ хаёли ўзида эмас ‒ хаёли муллажирингда ‒ бири қимматроққа сотсам дейди, иккинчиси эса арзонроққа олиб беш-ўн тангани ютиб қолсам дейди! Ана, аҳволи тирикчилик укалар! Буни тирикчилик эмас, тирриқчилик дейдилар, тирриқчилик!

Унинг чапанинамо сўзлари, ана шу сўзларни айтиш жараёнида ёшига номувофиқ равишда ўриндиқда сапчиёзиши, яна топиб гапирганидан завқланиб кетиб ўзини қўярга жой тополмаганини кузатиб, қариянинг шижоати Сафохонни қойил қолдириб, бу ҳолатини самимий жилмайиш орқали сездирди. Тошмурод эса хахолаб кулиб юбораркан, тепасидаги кўзгуча орқали ҳозирда бозорга аралашиб юрган Сафохонга назар соларкан, гап нишаби қай томонга оғаётганига ишора қилиб:

‒ Абдурасул ота ёмо-оон оладилар-да, а? Гапининг кифтини келтирадилар! Бунақа гапларни қаёқдан топасиз? ‒ деб ёнида ўтириб келаётган қарияга қойил қолганини сўзларида, сўзлаш оҳангида ва юзида акс этиб турганини ҳам ижобий, ҳам салбий маънодаги табассумида сездирди.

Унга сари Абдурасул ота ҳам юқорида келтиргани ҳаётий мисолларидан, ана шу ҳаётий мисолларни ўзига хос чапараста баён қилолганидан ҳали ҳам завқланишда давом этаркан, нонвойнинг мақтовидан севиниб:

‒ Йўқ, гапим нотўғрими, Сафохон? Қани, айтинг-чи ўзингиз?! ‒ дея тағин орқа ўриндиқдаги шеригига қараркан, юқоридаги фикрига муносабатини билишга қизиқди.

‒ Сиз ҳеч қачон нотўғри гапирмайсиз, Абдурасул ота, ‒ унга қарши боришни истамади Сафохон, ‒ лекин ана шу бозорда юрган тижоратчилар орасидаям пулдан баландда туриб, уни тўғри ишларга, эзгу мақсадларга демоқчиман-да, сарфлашни ўз олдига вазифа қилиб қўйганлар ҳам талайгина, буниям инкор этиб бўлмайди, ‒ деб юқоридаги жумласига қўшимча тарзда мазкур фикрини ҳам баён этди.

Тошмурод нонвой қариянинг юқоридаги қочирими унга тегиб кетди деб фаҳмлаб, бўлак бу нарсага урғу бериш инсофдан эмаслигини уққандек, суҳбатларининг бошидаги мавзуга қайтиб:

‒ Ҳозир уйига кетаётганимиз танишингизни айтаман-да, Сафохон, сизнинг юмшоқтабиат, соддадиллигингиздан фойдаланиб, тағин Ипподром ‒ Отчопар бозорида савдо қилиб юрганингизни билиб уч мингини олсам опман-да, хайрли ишини тўғирлаб бермоқчиман-ку, бошқалар бундан кўпроқ пулини шилган бўларди деб ўйлаган, шунинг учун ҳеч нарсадан қўрқмай ҳотиржам юрган, қачондир барибир битириб бераман-ку, деган хомхаёлда яшайверган-да, тўғрими? Қолаверса, мана бундай бўзчининг мокисидай уйига қатнайверишимиз етти ухлаб тушига кирмагандир, ҳарҳолда! ‒ деди, ўзларининг бу хонадонга қайта ташрифлари унга малоллик қилиб ич-ичидан ғижинса-да, лекин мазкур ҳолатини ошкор этмади.

‒ Қайдам, ‒ деди Сафохон, ўша танишига йўлиққан кунини эслаб хафаланиб, ўзидан ранжиб сўзида давом этди: ‒ Ўшанда ишини ўзгартирганини айтганида кўнглим бир нарсаларни сезувди-я! Хом сут эмган бандамиз-да, бу нарсага у қадар аҳамият бермабман, юқорига кўтарилдим деганига ишониб: “ Мен эса илмни бир чеккага йиғиштириб қўйганман, ҳозир Отчопар бозорида оёқ кийим сотяпман!” деб тўғри гапни айтибман. Гапдан-гап чиқиб мана бу масжидимизнинг ҳужжатлари тўғри бўлмаётганиниям дараклаб қўйибман-да! “Бир-иккита оғайнилар бор, шулар билан гаплашиб кўрай-чи, сизга жавобини албатта айтаман!”, деди, кейин телефон қилиб мени ишонтирди, пул кетса-кетсин, аммо масжиднинг Ҳужжатлари тўғриланса олам гулистон бўлади, қанчалаб намозхонларимиз, Абдурасул отага ўхшаган оқсоқолларимиз шунга кўз тикиб ўтиришибди, бир ҳаммалари хурсанд бўлишсин девдим-да! Қолаверса, умумишимиз-ку ахир!

‒ Сизнинг савдогарчилик қилаётганингизни билиб, ҳеч бир уялиб ўтирмай уч минг долларингизни олган-да! Бу иш масжид учун, савоб учун эканиям кўзига кўринмаган! ‒ юқорида таъкидлаган фикрига қўшимча қилди Абдурасул ота, ортидан эса ҳадеганда бир гапни қайтаравериб чайналиш яхши эмаслигини, “оғзи куйган одам”га ‒ Сафохонга айил ботиши мумкинлигини ўйлаб тасалли берди: ‒ Майли, бориб кўрайлик-чи, бир гап бўлар!

‒ Ўзи ҳозир вазирликда ишламаётган бўлса, сизни бошданоқ алдаб юрган экан-да! ‒ деди Тошмурод, унинг сўзларига на Сафохон ва на Абдурасул отадан жавоб бўлавермагач, кетаётган йўлига андармон бўлиб, диққат-эътиборини шу томон қаратиб, пича тек қоди. Серажин пешанаси тиришгандан-тиришиб, йўлдан адашмадикмикин дегандай тепасидаги кўзгучага қараб: ‒ Ҳозир ўнггамиди, Сафохон? Шламбага кеп қопмиз шекилли? Йўқ, кейинги кўчадан бурилармидик? ‒ деб сўради.

‒ Ҳали Шламбага бор. Ҳозир ўнгга бурилсак, Бешқўрғондан чиқамиз, шундайми Сафохон? ‒ орага қўшилди Абдурасул ота.

Ҳа, Бешқўрғон маҳалласида яшайди. Тўғри кетяпмиз, ‒ автомаркабнинг орқа ўриндиғида шундоқ ҳам қийналиб келаётган Сафохон, қорувли, баланд гавдасини тағин-да эгиб, қадди-басти букилиб эшик ойнасидан ташқарига аланг-жаланг боқди, ҳали адашмаганларига яна бир карра ишонч ҳосил қилиб, олд тарафга юришликка чорлади: ‒ Ҳув, анави Докахлеб ёнидаги кўчага бурасиз, Тошмурод.

Нонвой сал нарида ‒ йўлнинг ўнг томонидаги икки қаватли замонавий нонвойхонани кўриши ҳамоно юзи ёришиб:

‒ Бўлди, эсимга тушди. Биз аввалги сафар Эскижўва тарафдан, шаҳар ичкарисидан чиқиб келувдик-да, ‒ деб Абдурасул отага қараб олди, сўнгра автомаркабининг тезлигини пасайтириб, ўнгдаги кўчага бурди.

Ўзлари кўзлаган манзилга яқинлашганлари сари Абдурасул ота яна қизиша бошлади. Қалин қошларини чимириб орқасига, Сафохонга ўгириларкан:

‒ Бизни ҳадеб овораи сарсон қилаверасанми каззоб деб, нақ ёқасидан оламан-да, қани пулни бермай кўрсин! ‒ деди, ўзининг ушбу дағдағали жумласидан сўнг Сафохоннинг ранги ўзгара бошлаганини, унинг важоҳатидан қўрқиб кетганининг шоҳиди бўлгач эса, хийла шахтидан тушиб, пастроқ овозда қўшиб қўйди: ‒ Шундай қилмаса бўлмайди, ука-аа, ундай бетавфиқлар билан ана шундай дўқ уриб баланддан келиш керак!

Сафохон қариянинг жаҳли чиқиб кетса ҳақиқатдан ҳам Йўлтурдининг ёқасидан олиши мумкинлигини, бу нарса унинг учун ҳеч гап эмаслигини тасаввур қилиб улгурди. Масжиднинг томига старапил тахталари тортилаётганида, ишга қарамай бошқаларни чалғитиш билан овора бўлган, Тиконли кўчадан келиб фақат намоз ўқиб кетишдан бошқа нарсани билмайдиган Шавқиддин исмли қирғийбурун бир йигитнинг адабини бериб: “Масжидга келиб фақат думалаб кетишни биласан! Бундай у-бу ишларгаям қайишиб, у-бу ишларга қарашиб туради-да, одам деган! Ғўдайишдан, бурнингни юқорига кўтариб бошқаларни ишдан қўйишдан, уларга халал беришдан ўзга нарсага ярамас экансан-да, а? Ҳе, сендақа намозхондан ўргилдим!”, деб уни койий-койий масжидга қадамини босмайдиган қилиб қўйганди. Бошқа сафар эса Илҳом закунни ҳам ана шундай бир тарзда тунука учун берган пулини қўлига тутқазиб қувиб юборганди. Бу ҳам етмагандай, Рўзмат оқсоқолга тайинлаб: “Ҳамма бузғунчиликлар мана шунақа бетайинлардан чиқади, иккинчи бор мана шуларни масжидга киритсангиз сиздан қаттиқ хафа бўламан!”, деб тайинлашни ҳам унутмаганди. Ҳар иккисининг “кавушини тўғирлаб қўйиб” масжидга қадам босмайдиган қилиб қўйгач, ўша воқеа бошқа ёшларга ҳам ибрат бўлиб, намозга келганларида Абдурасул отани кўришлари ҳамоно тўрқовоқдаги беданага ўхшаб “безовта питирлашга” ҳам чоғлари келмай мум тишлаб ўтиришар, масжидда пашша учса сезиларди. Сафохон ана шуларни эсларкан: “Ана шундай фидойи, шижоатли қариялар бўлмаса анави Шавқига ё бўлмаса Илҳом закунга ўхшаган бетамизлар истаган номаъқулчиликларни қилишдан қайтишмайди, яхшиям шунақа отахонлар бор, мана шулардан ҳайиқиб туришади!”, деб ичдан фикр юритган, хулоса чиқарган бўлди, мазкур ўй-хулосалари қаттиқ таъсир этиб, камига эса мана бу юқоридаги режасига қойил қолгандай, қариянинг елкасидан силаб қўяркан:

‒ Ана шунақа қилмасангизам бўлмайди-да, Абдурасул ота! Сизнинг нима учун келганингизни билиб қўйсин! Тўғри айтяпманми, Тошмурод? ‒ деди-да, самимий тарзда кулиб қўйиб, ҳақиқатда ҳам қарияни яхши кўришини, астойдил ҳурмат қилишини изҳор этиб, уни алқаб икки-уч бор елкасини силади.

‒ Ҳазиллашасиз-а, Сафохон? ‒ орқасига ўгирилишга уринди Абдурасул ота, у Сафохоннинг ҳадеганда елкасидан силайверишидан ийиб кетган, яна у бу ишни меҳр билан ва унга бўлган муҳаббати туфайли чин дилдан бажараётганига иқрорлиги туфайли тағин-да юмшади: ‒ Жа-аа, ёқа бўғишгача бормасмиз, ҳарҳолда! ‒ у шундай деб рулдаги Тошмуродга ҳам қараб жилмаяркан: ‒ Нима дединг, Тошим? ‒ деб сўраган бўлди.

‒ Қошингизни паст-баланд чимириб туриб бир ўқрайишингиз бор-ку, Абдурасул ота, ўшандай ўқрайиб қўйсангиз етарли деб ўйлайман, ҳар қандай валламатиям “бир нарсани” бажариб юборади, ‒ қарияни хурсанд қилиш иштиёқида ўзининг савиясига яраша гап қилди Тошмурод, ана шу гапи ўзига нашъа қилди чоғи, тепасидаги кўзгуча орқали Сафохонга боқиб туриб хахолаб кулиб юборди.

Сафохон унинг сўзларидан эмас, кўзгуда унинг кулгуси қандай акс этишининг шоҳиди бўлиб, шу нарсани кўриб, мазкур жараённинг ўзи унга ғалати, кулгили туюлгани боис, айбни кўзгудан эмас, нонвойнинг феъл– атворидан, табиатидан ахтариш баробарида яна қариянинг кўнглини кўтаришга уриниб:

‒ Яхшиям Абдурасул отага ўхшаган оқсоқолларимиз бор, бўлмаса дунёни қиёмат кўпармиди?! ‒ деди, бу жиддий, айни дамда юқори савиядаги гап бўлганини дилдан ҳис этди.

Абдурасул ота ўта сезгир эмасми, унга нонвойнинг қочирими ёқмади ‒ нонвой сифатида касбига ярашиқ гап қилмади-ю, бироқ кўчада тирикчилик қилиб юрган хашаки киракашларнинг ҳазилидан бўлди деб мулоҳазаланиб қўяркан, асли илм одами бўлган Сафохоннинг кўнгил кўтарар сўзлари қулоғига ёқиб, қалби юмшаб, кўзларига ёш қуйилиб келиб:

‒ Мен ўтганимдан кейин эслаб юрсанглар бўлди. Мен мана шу масжидимиз обод бўлсин, тириклигимда ‒ кўзим очиқлигида унинг “жоме масжиди” номини олишини кўрайин, ҳужжатлари тўғри бўлишида озми-кўпми ҳиссамни қўшайин деб сизлар билан бирга югуриб-елиб юрибман-да! Роббимнинг ҳузурига борганимда юзим ёруғ бўлишини истаяпман, холос! ‒ деб юрагида йиғилган армонини, холис ниятини улар билан ўртоқлашган, яна бир бор ошкор этган бўлди.

Унинг сўнгги сўзлари Сафохонни ҳам алланечук ийдириб, кўзларидан ёш чиқартириб юборди. У қариянинг нияти холис, юраги тозалигига тағин бир карра ишонч ҳосил қиларкан, нечанчи бор унга таскин-тасалли бериб:

‒ Ҳали кўп йиллар яшайсиз Абдурасул ота, бизларга бош бўлиб юрасиз, тўғрими Тошмурод? ‒ деди, рулни бошқариб келаётган нонвой ҳам унинг юпатувчи таскиннамо сўзларини тасдиқлашини, уни қўллаб-қувватлашини истади.

Нонвой Тошмурод ҳам унинг сўзларини маъқуллагандай бош чайқатиб:

‒ Ҳали яхшисиз, кўз тегмасин яхшисиз, Абдурасул ота, ‒ деди, хаёлан эса: “Қариядан бунга ўхшаган гапларни неча бор эшитганман, унга тасалли берганман, сиз энди эшитяпсиз-ку Сафохон! Абдурасул отанинг ушалмаган орзуси шу бўлиб қолган, холос! Ўтирса, турсаям, юрса ва ҳатто ётганидаям фақат шулар ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолган буёқ!”, деб сўзланиб қўйди, ана шу кўнглидан кечган кесатиқ мазмундаги қочирим сўзларини орқа ўриндиқда ўтирган Сафохон пайқагандай, уни бу ўйларидан огоҳлантиргандай бир авзода пешанасини тириштириб кўзгучага қараб олди.

Улар бир-икки бекатча йўл босиб, ўнгдаги кўчага бурилишди. Нонвой автомаркабини тошкўчанинг адоғидаги қизил дарвозага яқин ерда, тикка қалин шоҳлари ҳар ёққа тарвақайлаган балҳи тут тагида тўхтатди.

4

Сафохон бошқалардан аввал орқа эшикдан пастга, ташқарига тушди. Уни ёпар экан, олди ўриндиқда ўтирган шерикларига юзланиб:

‒ Сизлар машинадан тушиб ўтирманглар, мен аввал билай-чи, ўзи Йўлтурди уйдамикин! ‒ деди.

Абдурасул ота Сафохондан пул олган йигитнинг исми Йўлтурди эканини аввалги сафар ҳам эшитганди-ю, бироқ хотирасида сақлаб қололмаганди, ҳозир унинг оғзидан ана шу исмни яна эшитгач, ёнидаги Тошмуродга қараб оларкан:

‒ Ўзи, Сафохон, пулни ҳақиқий Йўлтурдининг қўлига топширган экансиз-да! Ишқилиб, охири бахайр бўлсин, бир амаллаб олволайлик, ҳали бу Йўлтурдининг эшигида йиллаб кутиб турмасак гўрга, ука! ‒ деб ундан яна бир карра норозиланди.

Қариянинг сўзлари Сафохоннинг юрагига қаттиқ ботса-да, унга бир оғиз сўз демади, чор-ночор афсус чекиб “нима қилай энди?” дегандай тарзи елкасини қисиб икки қўлини юқорига кўтариб туширди, истаб-истамай дарвоза томон юрди. Унинг чап томонидаги чегаланган ғиштдан икки қатор қилиб ишланган кесакига маҳкам ёпишган кунгирали темир эшикка яқин ердаги қўнғироқ тугмасини босди.

Бир маҳал ичкаридан аёл кишининг “ким у?” деган йўғонроқ, палағда овози қулоққа чалинди. Хаёл ўтмай ўша аёл шапиллаб юриб келиб дарвозага яқин ерда тўхтагани ҳам эшитилди.

‒ Мен, Йўлтурдининг эски таниши бўламан! ‒ маълум қилди Сафохон, хаёлидан бир онда: “Ишқилиб, уйида бўлсин-да! Ишни битиролмагани-битиролмаган, мана бу сарсон қилиши ҳаммасидан ўтиб тушди! Айниқса, Абдурасул отага ўхшаган қарияларнинг олдида юзим шувут бўляпти, ёмон уятга қўйди бу Йўлтурди деганлари!” деган ўй ўтди, мазкур ўй уни ҳушёр торттирди, мазкур ўй таъсирида ўзини дадил тутиб сўзида давом этди: ‒ Ҳуув анави куни, тўғрироғи, ўтган ҳафтадаям келиб кетиб эдим. Бугунни назарда тутиб, уйда бўламан дегандилар. Эрталаб, аниқроғи соат ўнларда телефонлашиб олиб эдик…

Эшикни ёши ўттиз билан қирқлар ўртасидаги эгнига хитойи шойи халат кийган дўмбоққина қора сочлари калта қилиб қирқилган, қорамағиздан келган гўштдор юзли, таннозроқ ва айни пайтда димоғдорроқ экани шундоққина кўриниб турган аёл очди. Рўпарасидаги эркакни ва сал нарида автомаркабда ўтирганларни кўриши ҳамоно уларнинг нима мақсадда келганларини фаҳмлаб, халатидан туртиб чиққан кўкраклари олдини тўсган бўлиб, ўша ерига чап қўлининг кафтини олиб бориб беркитаркан:

‒ Сиз пул масаласида келувдингизми? ‒ деб сўради.

Сафохон тасдиқ ишорасида бошини тебратиб қўйиб:

‒ Ҳа, боя айтганимдай ўтган ҳафтада келиб эдик, бу иккинчи бор ташрифимиз! ‒ дея маълум қилди, бу сафар ҳам бир ўзи эмас, бошқалар билан келгани учун аёлнинг олдида хижолатланди. Бу ҳол, айниқса, аёл тез-тез автомаркабдагиларга кўз югуртириб қўяётганида наинки унинг вужудида, балки ташқи авзойида ҳам акс этиб турардиким, буни Йўлтурдининг хотини ҳам яққол сезиб, ундан норозиланиб бурнини жийирганидан ҳам ҳис этди.

‒ Озроқ кутиб тураркансизлар. Ўша нарасани опкелгани кетдилар. Бировга бериб қўйган эканлар, ‒деди аёл, унга Сафохоннинг ўзи ва қўйган соқоли, ҳатто хижолатланиб мўлтираб туриши ҳам ёқмади. “Ҳе, аммамнинг бузоғидек лалаймай ўл! Сенга ким айтибди бу одамга пулингни бер деб? Ҳали бир эмас, бир неча марта овораи сарсон бўласанлар, мана мени айтди дерсан!”, деб ичидан уни мазах қилди.

‒ Менга ундай демовдилар-ку! Келаверинг, тайёрлаб қўяман девдилар!.. ‒ ўнғайсизланди Сафохон, ҳафсаласизлик ила автомаркабдаги шерикларига назар солди.

Аёлга Сафохоннинг автомаркабга қараб қўйиши ёқмади, аммо у ерда қариянинг ўтирганини кўриб хийла чўчиди. Шунда ҳам парво қилмагандай оҳангда деди:

‒ Тайёрлаб қўйдим демаптилар-ку, тайёрлаб қўяман дептилар, демак опкеб бераман деганлари-да! Ҳали-замон келиб қолишлари керак!

“Москвич”да ўтирган Абдурасул ота уларнинг суҳбатлари чўзилиб кетганидан “тағин нима гап бўлди?” дегандай йўсинда Тошмуродга қараб олиб, “ўзим тушмасам бўлмайди шекилли?” қабилида тутқичдан ушлаб эшикни очганди ҳамки, Сафохон турган еридан қўл ишорасида :” Ҳозир тушмай туринг, ҳали келмабди”, деган бўлди.

Йўлтурдининг аёли пул эгаси ўзи тенгилар билан эмас, анчайин кекса бир қарияни бошлаб келганидан анча чўчиб турганди, бу қариянинг шахтини кўриб эса энди вужудини росмана қўрқув эгаллади. Ана шу қўрқув сабаб ҳам энди баланддан келиб эмас, анча паст тушиб, хижолатлангандай овозда қўшимча қилди:

‒ Озроқ кутинглар, келиб қолишлари керак!

‒ Бошқа иложимиз йўқ, кутамиз, ‒ деди Сафохон.

Аёл ана автомаркабнинг олдинги ўриндиғида ўтирганларга, айниқса, ҳайдовчи йигитнинг ёнидаги ҳадеганда қўлларини юқорига кўтариб-тушириб бир нарсаларни уқтираётган мўйсафиднинг хатти-ҳаракатларига олазарак бўлиб қараб қўяркан, Сафохонни уйига таклиф қилиб:

‒ Шерикларингиз билан бирга ичкарига кириб туринглар, ҳозир кеп қоладилар. Бир пиёладан чой ичиб туринглар, ‒деди.

Сафохон унамади. Бегона аёлникига эри йўқ пайтда кириш мусулмончиликнинг ҳеч бир қонун-қоидасига тўғри келмаслигини, устига-устак, ўзбекларда бу хатти-ҳаракат уятли саналишини билгани важидан:

‒ Йўқ, бизлар машинада кута қоламиз, ‒ дея орқасига қайтди.

Аёл эшикдан ичкарига кириб кетар экан:

‒ Менам ҳозир у кишига телефон қилиб қўяман , ‒ деди.

Сафохон автомаркабнинг ўзи томондаги эшигини очиб қўйиб унинг қандай гап топиб келишини бароқ қошларини чимирганча кутиб ўтирган Абдурасул отага яқинлашиб, унинг ҳайбатидан чўчиб ғайришуурий тарзда ёлғон аралаштириб сўзлаб юборди:

‒ Менга эрталаб уйдан олиб бериб юбораман девди. Энди эса пулни бериб қўйган одамникига кетганмиш. Ҳозир келиб қоладилар, пича кутинглар деяпти хотини!

‒Ўзи ўтган сафар келганимиздаям ланж гап қилувди, бу Йўлтурди деганингиз. Ҳали яна бошқа бир баҳонани рўкач қилмаса эди, ‒ энсаси қотганидан юзи ғижимланган қоғоздай бужмайиб кетди Тошмуроднинг. ‒ Бунақа йўлда туғилганлардан ҳар балони кутиш мумкин!

‒ Ҳозир исмини яна унутдим. Йўлтурди депмидиз? ‒ истеҳзоли жилмайди Абдурасул ота, ортидан эса нонвойнинг юқорида айтган жумласи қулоғига чала-ярим киргани важидан унга қўшимча қилган бўлди: ‒ Бу Йўлтурдини тутиб бўлармикин ўзи? Сенам шунга ишора қилдинг шекилли Тошим? Йўлда туғилган дедингми?!

‒ Шунинг учун Йўлтурди қўйганлар-да яқинлари! Йўлда туғилган болалардан бўлиши керак бу номард! ‒ паст келмади Тошмурод, томоғи қичиб икки-уч бор қириб қўйди, кетидан қаёқдандир хирилдоқ йўтал келиб қолиб юзи қизариб нафаси ичига тушиб кетаёзди, шунда ҳам сўзларини бермади: ‒ Бунақалардан яхшилик чиқмайди демоқчиман! Ўзларининг манфаатлари йўлида сиз билан бизларга ўхшаганларни не бир кўйларга солишлари ҳеч гап эмас демоқчиман-да, Абдурасул ота!

Сафохон уларнинг гап-сўзларига жим туриб қулоқ солди. Аммо-лекин нонвойнинг сўнгги жумласи уни ўйлантириб, ўйлантиришдан ҳам бурун ҳақиқатдан анча йироқдек кўриниб, унга ўз муносабатини билдириб:

‒ Қани, сабр қилиб пича кутайлик-чи, бир гап бўлар! Ҳар қалай сиз айтганчалик эмасдир-ов! ‒ деб муҳмал жавоб қайтарди.

Абдурасул ота Сафохон эски танишининг ёнини ола бошлаганидан жаҳли чиқди. Ана шу жаҳли чиққанини ошкор этишга киришиб:

‒ Сиз бунақалардан яхшилик чиқади деб ўйламанг, Сафохон! Тошимнинг ҳозирги гапида жон борлиги шундоққина кўриниб турибди, мана мениям айтди дерсиз ‒ ўша танишингиз жуда бетайин бир кас бўлиб чиқишини ўзингиз ҳам кўрасиз! ‒ дея уни ишонтирмоққа уринди.

‒ Ўзиям исмини хў-ўп топиб қўйишган экан-да, Йўлтурди! Бунақаларни йўлдан урди дейдилар ‒ Йўлурди, тутқич бермас Йўлурди! ‒ деб Абдурасул отанинг ўзини қўллаб-қувватлаганидан севинди нонвой, шу дамда уни тағин қаттиқ йўтал тутди. Ана шу ҳолати бутун диққат-эътиборини ўзига жалб этиб, вужудини аллақандай ўзи ҳам идрок этиб улгурмагани қўрқув чулғаб олиб, йўталидан шикоятланишга ўтди: ‒ Тунов куни бир тандир нон ёпиб бўлгач, чанқаб туриб муздек компот ичувдим, яна эски йўтал кеп қолди-да!.. ‒ у ана шуларни маълум қиларкан, ўзининг ақл ишлатмай қилган хатти-ҳаракати, чанқоғини қондирмоққа урингани алал-оқибат анчагача йўқ бўлиб кетган йўталининг қайталанишига, натижада жисми-жонининг азобланишига олиб келганини таъкидларкан, ношудлигидан ўпкаланди.

Абдурасул ота унинг хир-хир йўталишига ичи ачишиб нигоҳ қадаркан, нонвойнинг калтафаҳмлигидан, ўзининг эҳтиётини қилишга сабри чидамаслигидан норозилангандай бошини уён-буён чайқатиб:

‒ Унаққима-да, Тошим! Ҳеч замонда терлаб туриб муздек компот ичадими?! Чой ичгин дейман-ку, сенга! Ҳечқурса яхна чой ичмайсанми, юрагинг куяётган экан! Тандирни оби оташ дейдилар, ундан чиқиб муздек нарсани ичадими? Ўзингни аҳволинг ўзингга маълум-ку энди!.. ‒ деди, Сафохонга назар солиб туриб нонвойнинг нодонлигидан ранжиганини сездирди, ортидан автомаркабнинг рулига бошини қўйиб йўталишда давом этаётган нонвойга тағин ўгит берди: ‒ Сенинг соғлиғинг ўзингга ва бола-чақангга ҳали жуда кўп керак бўлади! Ҳали олдингда қанчадан-қанча қиладиган ишларинг бор-а, Тошим! Шуларни билиб туриб яна муздек компот ичдим дейишингни-чи!..

Нонвойга ҳам Абдурасул отанинг куйиниб дакки беришлари ўз таъсирини ўтказди. Ўзининг қилмишидан ичдан афсус чекиш баробарида ҳали бирортасини ҳам уйлантирмагани уч ўғлини, яна бўйи етиб қолган қизи Шакарни, ҳадеганда бот-бот у нарсаларни эслатиб унинг бошини қотираверишини қўймайдиган, бир замонлар Моғолкўчадаги масжид ёнида ‒ энди нонвойликни бошлаган кезларида танишиб қолиб, кейинчалик турмуш қургани хотини Ширинни, уни олиб келиш учун куёвжўралари билан бирга Бухоройи шарифга борганларини бир лаҳза эслаб дардини хийла унутди, ана шу унутгани учун ҳам яна асосий мавзуга қайтиб, Сафохонга юзланди:

‒Сиздан олган пулни бировга бериб қўйиб ололмаяптими дейман-да, Сафохон?

‒ Қайдам, ‒ елка қисди Сафохон, орқа томонига ўгирилиб йўлга қаради, сўзида давом этди: ‒ Бир одамга айтувдим, қўли ҳар ерга етадиган бир катта одамга деб эди-да!

Абдурасул отага нонвойнинг юқоридаги гапи ва Сафохоннинг мана бу жавоби қаттиқ таъсир этганди. У Сафохоннинг бўш-баёв, соддалигидан ўпкалангандай бир қиёфада:

‒ Ярим йилдан бери ҳаммамизнинг қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдириб юрган экан-да, бу қашқир! Бундай эзгу иш учун пул сўраган кишидан яхшилик чиқмасини билувдим! ‒ деди, пича ўйланиб қолди, унинг ўй-фикри ана шу муттаҳамни тезроқ учратиш, унинг қандай инсон эканини, турқи-тароватини бир кўриб кўйиб, унга дакки-дашном бериб ақлини киритишда, иккинчи маротаба бундай номаъқулчиликлар қилмасликка чақирувчи арзирли ва таъсирли сўзларни топиб гапириб, уни тавбасига таянтиришга кўчган, ана шу нарсаларни у хаёлан режалаштиришга урина бошлаганди. Туйқус у ўзининг хаёллар дарёсига ғарқ кетгани, ёнида шериклари борлигини ҳам унутиб қўяёзганини идрок этиб, ана шу нарсадан хижолатланиб сўзида давом этди: ‒ Ўзимизни айтаман-да, мана аста-секин ўзимиз икки катта идоранинг рухсатини олдик-ку дейман-да! Қани, анави Людмила Ильинична эдими, ўша Людапа билан Адлияга ҳам бориб кўрайлик-чи, зора у ердаям ишимиз рисоладагидек кўчса!

Сафохон қариянинг оғзидан “ишимиз рисоладагидек кўчса” иборасини этиши ҳамоно самимий жилмайди. У бу иборани қариялар билан бирга диний идорага борганларида ‒ Муфтийнинг қабулига кирганларида илк бор унинг оғзидан эшитганди, мана энди ўша иборани Абдурасул ота ўзлаштириб ўрнида қўллаётганидан мамнун бўлиб нонвойга кўз қирини югуртирганди, нонвой Тошмурод ҳам бу жумлага эътиборини қаратиб ярим жиддий-ярим истеҳзоли куларкан:

‒ Абдурасул ота дейман-да, ўша куни Муфтийнинг қабулига кирганимизда ҳужжатларимиз юқори идораларда қоқилмай ўтишини тилаб билдирган чиройли жумласини ёдлаб олибсиз-ку! У кишиям “зора ишларингиз рисоладагидек битса!” деб бизларнинг кўнглимизни кўтариб кузатиб қўювдилар, ўша жумла сизнинг оғзингизда ҳам ҳозир жуда чиройли эшитилди-да!.. ‒ деб уни алқади.

Абдурасул ота улар ўша кунги диний идора раҳбарининг мазкур жумласини эслаб қолганларидан ва бугун у ўша иборани ўрнида қўллаганига эътиборларини қаратганларидан севиниб, мақтов маълум маънода унга хуш ёқиб кетиб:

‒ Ўзбекда чиллаки чиллакини кўриб чумак уради деган гап бор! Нима, у кишидан ўргансак ярашмабдими? Бизам ҳозир сизларнинг масжидингизнинг муфтийсимиз! ‒ деб узининг қадрини юқори кўтарган бўлди.

Сафохон қариянинг ўзини мақташида беғуборликни кўриб, бошқа томондан эса бу беғуборликда ўзбекона бир соддалик ‒ афандилик ҳам уфуриб турганини ҳис этгани боис:

‒ Жуда тўғри айтдингиз! ‒ деб кулди.

Нонвой ҳам унинг фикрига қўшилиб бош тебратиб:

‒ Абдурасул отам оладилар-да, а! ‒ деди, хаёли юқори идораларга, хусусан Адлияга боришлари кераклигига кўчиб, анча жиддий қиёфада сўради: ‒ Нечук бу рус кампир масжидимизнинг иши учун югуриб юрибди? Адлиягаям, керак бўлса энг катта инстанциягаям чиққаним бўлсин деганмишми? Тунов куни Норбобо ака шундай деяётгандилар!

Абдурасул ота аввал нонвойга, сўнг эса Сафохонга муҳим янгиликни етказишга шайлангандай ўтирган ерида икки-уч бор тебраниб қўяркан, учбурчакка монанд текисланган мош-гуруч соқолини силаб тағин-да тартибга келтирган бўлди, қимирлаган сари ғирчиллайверишини қўймаётган ўриндиқнинг икки ёнини текширгандай устига кийдирилган қора матоли ёпинчи тагидан қўл суқиб у ер-бу ерига бармоқларини олиб борди, бу ишидан қаноат ҳосил қилмай дам ўнг қўлини, дам эса сўл қўлини пастга тушириб ўриндиқ маҳкамланган мурватларни ҳам пайпаслади, лекин бу уриниши ҳам бесамар кетгани учун автомаркаб эгасига бирор оғиз сўз демай қўлларини тимирскилаётган еридан тортиб олиб, ўнг қўлини эшик ойнасидан чиқариб ўша ёққа алангалаб қўяркан, яна асли ҳолатига қайтиб сўз бошлаб:

‒ Биласизларми нега у кампир бизнинг масжидимиз иши учун жон куйдириб юрибди? ‒ деб сўради, улардан жавобни кутиб ҳам ўтирмай ўзи сўзамоллашди: ‒ Норбобо ака икковимиз уйига чиққанимиздан хабаринглар бор, йўлнинг нариги тарафидаги тўққиз қаватли уйда яшаркан, тўртинчи қаватда. Уёқ-буёқдан гаплашган бўлиб, бир пайт ўзи ёрилиб қолди ‒ нимадир бўлиб иккала кўзи кўрмай қолганмиш-да! Қизи билан бир қанча дўхтирларга боришганмиш, кўрсатмаган жойлари қолмабди, ҳатто Московгача бориб келишибди ҳамки, ҳеч бир натижа чиқмабди. Охири ўзимизнинг ТошМИми, СанПИми ‒ шуни англолмадим, шу икковидан бирида Бузруков деган катта кўз дўхтири бор экан-да, ишқилиб! Ана шу одам жонига оро кириб икки кўзининг каналларини очибдимишми-ее, хуллас, кўрадиган қилиб тузатиб юборибди-да! Бузруклар аждодидан бўлса керак-да, қизи билан яна бир кўрсатгани боришганида ўша дўхтирнинг намоз ўқиётганига кўзлари тушиб қолганмиш. Бу художўй дўхтирнинг таърифини келтиряптики энди, Норбобо ака икковимиз еттинчи осмонда учиб юрибмиз унинг гапларидан… “Албатта масжидингизнинг ҳужжатлари учун менам қўлимдан келган ёрдамимни аямайман! Менинг кўзларим бу ёруғ оламни кўришига сизларга ўхшаган мусулмон одам шунчалар жонини куйдирса-да, нега энди мен қўл қовуштириб ўтиришим, масжидга ёрдамимни бермаслигим керак экан? Албатта сизлар билан энг юқори идораларгача бирга чиқамиз, вассалом!”, деб бизнинг кўнглимизни кўтариб юборди. У биздан миннатдор, биз эса, Норбобо акангиз икковимиз ундан миннатдор бўлиб уйидан қайтиб чиқдик-да, ўша куни!

Абдурасул отанинг мана бу сўзлари Сафохон ва Тошмуродга ижобий таъсир этиб, ҳар иккисининг юрагида бир рус аёлига нисбатан илиқ, ёруғ ҳис-туйғуларни қўзғатиб юборди. Сафохондан аввал Тошмурод унга хайриҳоҳ эканини маълум қилиб, ўша атрофдагилардан эшитгани бир воқеани айтишга ошиқди:

‒ Бу аёлни, бу ўрис кампирни бало дейишади! Домининг ремонтини қилиб бермагани учун туман ҳокиминиям обориб опкелган дейишади! Мана шу Чаманзор тумани ҳокимини! Сал қолган экан ишдан кетказиб юборишига ‒ менга бу гапни ўша маҳаллада яшайдиган қора Равшан бор-ку, ўзимизнинг масжидга келиб намоз ўқиб кетиб юрадиган, ана шу айтиб берганди!

‒ Норбобо акадан менам эшитиб эдим, юқорига чиққанмиш, энг юқори идорага, ‒ ортидан қўшимча қилди Сафохон. ‒ Бир ҳисобдан ёнимизда ана шу Людмила Ильиничнага ўхшаган бошқа дин вакиласи бўлгани яхши, ишимиз осон кўчадими дейман-да!


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации