Текст книги "Қазои Қадар"
Автор книги: Аббос Саид
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 6 (всего у книги 23 страниц) [доступный отрывок для чтения: 8 страниц]
Ўз навбатида Риҳси кампирнинг хаёлидан ҳам: “Ҳозирги ёшлар жуда бетоқат-да, бердисини айтгунингча уриб ўлдиришдан ҳам тойишмайди”, деган ўй ўтди, юқоридаги сўзида давом этди:
‒ Шуни кичик аммангиз келганида қизи Адибага бериб юбораман деганимни биламан, уники тутиб кетса-да!.. ‒ асабийлашгандай бир қиёфада тағин бир бор ўнг тирсагини чап қўли билан силашга киришди у. ‒ Ҳалиги қалпоқни у тўнғич қизи Моҳирага мўлжаллаб турган экан, оқ пешонабоққа ўраб қутига… сандиққа солиб қўймоқчи бўлган жойимда қўлимга ёпишиб тортиб олса-да!.. ‒ ўша дамдаги ўзининг аянчли аҳволини кўзи олдига келтирганидан нафаси ичига тушиб кетаёзди Риҳси кампирнинг, у яна неваракелинига “бир ҳўплам чойдан ичай” дегандай тарзи мўлтираб қараганди, Карима дарров пиёлага чой қуйиб унинг оғзига тутди. Кампир бу сафар “ўзим ичаман” деб қаршилик билдирмади, неваракелини оғзига тутган чойдан бир-икки бор ҳўплади-да, “етади” дегандай тарзи қўли билан пиёлани нари итарди, Карима чойни курси устидаги патнисга ‒ пахтагулли коса ёнига эҳтиётланиб қўйиб бўлгач, яна аслига қайтиб, келини Тоҳира сатангга заҳрини сочгандай бир тарзда чала қолган гапида давом этди: ‒ Жувонимарг сатанг келинимнинг кучи кўпмасми, ўзиям айғиротдай-да яшшамагур, ҳалиги… манави қўлимнинг нима жони бор, ҳалиги қалпоқни тортқилаганда қўлимни манави еридан, тирсагимни чиқариб юборибди-да, балога йўлуққур! Ўша пайтда “вой” деганимни биламан, ҳеч бир парво қилмай, ҳа, ҳа, ажабланманг, парвосигаям келтирмай қалпоқни анави равонли айвони орқали ичкари уйига опкириб кетди-да! Тағин мени мазах қилгандай тантанавор, қўлидаги қалпоқни уёқ-буёққа ликиллатиб олиб кириб кетди-я! Бу билан: “Додингни кимга айтсанг-айтавер, иккинчи бор бу қалпоқни кўрмайсан ҳам, суюкли қизингнинг қизига бериб юбормайсан ҳам”, дегандай йўсинда устимдан кулишгача бориб етди-я! ‒ энди кўзларига ғам чўкиб, ўзининг ожизлигини ич-ичдан тан олгандай ҳазин овозда маълум қилди кампир, тағин оғриқли қўлига қараб туриб ўксиниб ёзғирди: ‒ Икки ўртада қўлимнинг чиққани қолди!.. Ҳа, кийим-кечак жонингни олсин сен молпарастнинг! Ҳа, латта-путта жинниси бўлмай ер ютсин сенгинани!.. ‒ алам билан келинини қарғади Риҳси кампир. Жони оғриётганиданми ёхуд кенжа қизининг Адибасига мўлжаллагани қалпоқ унга эмас, ўзига шунчалар озор етказган сатанг, офат келинига ўтиб кетганиданми энди ҳеч бир андиша қилиб ўтирмай, неваракелини Каримадан ҳам хижолатланмай кенжа ўғли Рашиднинг хотинидан шикоятланишини қўймасди. Ана шунинг орасида аҳён-аҳён ўзини ҳам айбдор санаб бошини уён-буён тебратар экан, “қаёқданам мана бу тахмондаги сандиқни очақолдим” қабилида ўша ёққа олайиб қарашини қўймасди.
Карима унинг гапларини охиригача эшитгач, ёқасини нечанчи бор чангаллаб “тавба-тавба” дейишдан тўхтамади. Охири Риҳси кампирни жуда эҳтиёткорлик билан қучоқлаб қўяркан:
‒ Шунақаям одам бўларканми, бувижон? Хафа бўлманг, сиқилманг!.. ‒ деб унинг кўнглини кўтарди, ортидан кампирнинг келини яхши аёл эмас эканини, яхши аёл бўлганида бундай номаъқулчиликларга бормаган ва бундай қабиҳликка қўл урмаган бўларди деб айтмоқликка тараддудланди-ю, бироқ бу гапни айтишдан чўчиди, чўчиганининг боиси, қачондир қайнона-келиннинг ораси яхши томонга ўзгариб, иккови ярашиб кетгудай бўлса, “ўртада мен ёмонотлиққа чиқиб ўтирмай”, деган мулоҳазага боргани, мазкур ўй-мулоҳазаси туфайли юқоридаги фикридан қайтиб, анчайин юмшоқ тарзда ‒ на кампирга ва на келинига қаттиқ тегмайдиган бир оҳангда: ‒ Чакки иш қиптилар-да, яхши бўмапти! Эшитган қулоққа яхши бўмапти! ‒ дейиш билан чегараланди.
‒ Яхши шу куни Абдуҳамид опоқдадангиз келиб қолди, ‒ Кариманинг қайнотасидан кейинги иккинчи ўғлини назарда тутди Риҳси кампир. ‒ Шу машинасида Эски Жўвадаги мошпурашга ‒ моштабибни айтаман-да, ўшанга обориб солдириб келди. Раънойимнинг Қурбатига айтмаганимдай, унгаям тўғрисини айтмадим ‒ анави кичкина уйга чиқаётганимда қоқилиб кетдим, ҳассам палоснинг тагига кириб қолганидан тойиб кетдим, яхши чалқанчасига йиқилиб тушмадим, унда томошани кўрардинглар деб қўя қолдим. Мана шу тирсагим бундан каттароқ фалокатдан сақлаб қолди деб ёлғон гапиришгача бордим-да, айланай! Уларга бор гапни айтгудай бўлсам, биласизми нима бўлишини? Ҳар икковининг жаҳлини биламан-ку! Агар Тоҳира қилганини, ана шу сатанг келиним туфайли шу кўйга тушганимни билишса борми, дунёга ўт кетди деяверинг! Ана унда кўринг томошани ‒ ё ака-ука, ё бўлмаса тоға-жиян қирпичоқ бўлиши ҳеч гапмас-да!
Кампирнинг сўнгги сўзларидан Кариманинг вужудига ҳам қўрқув оралади. Бир томондан қайнонаси чақириб қолишидан чўчиса, иккинчи томондан Тоҳира сатангнинг келиб қолишидан қўрқди. Келиб қолиб: “Ҳа-аа, келин, қайнонамнинг мен ҳақимдаги достонларини тинглаб ўтирибсизми? Нима, шундан бошқа ишингиз йўқ эдими?”, деб қогудай бўлса нима деган одам бўлишини ўйлаб ташвишга тушди. Юраги ҳам безовта ура бошлади. Аммо бу ҳолатини ҳам, пайтавасига қурт тушаётганини ҳам кампир сезишини истамаганидан:
‒ Дадамлар ҳам билмагандирлар? Уларга ҳам айтмагандирсиз?! ‒ деб қайнотаси Абдурасул акани назарда тутди.
‒ Гўрни айтаманми, айланай! Униям жаҳлини ўзингиз яхши биласиз, болаларни уришаётганини унда-бунда эшитиб қоламан, униям юраги тор! Айтгудай бўлсам уям “пов” этиб ёниб кетиши маълум-ку! Шунинг учун, Худо кечирсин-ку, унгаям анавиларга айтган ёлғонни ишлатишга мажбур бўлдим-да!
‒ Бу гапингиз тўғри. Дадамлар ҳам қариб қолдилар, айтмай тўғри иш қипсиз бувижон, уларам ёмо-он сиқилган бўлардилар-да!
‒Ҳаа-а, биларкансиз қайнатангизнинг аҳволини!.. ‒ деди Риҳси кампир, шу дамда катта келини Собира ҳам фаришта эмаслигини, унинг ҳам айби мана бу сатанг Тоҳирадан қолишмасини “дастурхон қилиб ёймоқчи” бўлди-ю, аммо неваракелинидан андиша қилди, “Катта бувим кенжа келини қолиб энди менинг қайнонамга ёпиша кетди-ку!”, деган ўй-мулоҳазаларага бориб ўтирмасин деган хаёлга боргани учун бу шахтидан қайтиб, яна игнанинг устида тургандайин безовталанаётган Карима томон энгашаркан, баайни ҳовлида чуғурлашаётган болалар эшитиб қоладигандай ‒ улар томон бир қараб олиб, анчайин паст овозда сўзида давом этиб: ‒ Бу Сассиқховузнинг қизларидан яхшилик чиқмас экан болам, ҳа, ҳа, бунинг келиб чиқиши Чорсудан икки-уч бекатча наридаги Сассиқховуз деган жойдан-да! Маҳалласининг номиям Сассиқховуз дейиларкан ‒ уни қаранг, номиям келинимнинг бадфеъл ва бадбўйлигига мутаносиблигини айтаман-да!.. ‒ деб пиқиллаб қулди Риҳси кампир, ўзининг зўрма-зўраки кулгусидан ўзи хижолатланди чоғи, ана шу сохталикни неваракелини сезиб қолишидан ташвиш чекиб бир-икки бор томоқ қирган бўлди, энди ўзини қўлга олиб, иложи борича асабийлашмасликка уриниб сўзларида давом этди: ‒ Рашид ўғлим “Фарҳод ва Ширин” дўконида ишлаб юрганида бу мегажин унга илакишиб олган экан-да! Ҳа-аа болам, сиз ишонаверинг менга, ана ўшанда бу сатанг ўлгур ўғлимнинг этагига ёпишиб олган экан!.. Бир куни, анави шайтоннинг сувини ичиб олиб шу уйинг куйгурни ҳовлимга бошлаб кепти-да!..
Карима унинг ҳикоясидан таъсирланиб, вужудидаги хавотирни ҳам фаромуш қилиб:
‒ Йўғ-е, ҳали шундайми?! ‒ деб юборди, сўнгра эса уларнинг мана шу суҳбатлари устига Тоҳира сатанг келиб қолишидан чўчиб кетиб, яна илгариги ташвишли, хавотирли ҳолатига тушди-қолди. Ана шу сабабдан ҳам ортиқ кампирни гапга тутмай, иложи борича бу ердан тезроқ чиқиб кетишга тараддудланиб уёқ-буёққа олазарак боққан бўлди.
Риҳси кампир у кетиш тадоригига тушаётганини сезса-да, “мана бу гапни эшитинг, кейин кетсангиз-кетаверасиз”, дегандай чап қўлини силтаб туриб:
‒ Кўз ўлгур қисилиб ётибди денг! Бошига нима кийиб олибди денг? Сўпоқдай бош ўлгурдаги сочларни майда қилиб ўриб қўйиб гиламдўппи кийиб олибди-да! У майда қилиб ўрилган сочлар ҳам ақалли тиззага довур тушса майли эди-я, шўринг қурғур соч жонивор калтаи кўтоҳ экан денг, зўр-базўр елкадан пастига тушиб турибди! Ҳеч бўлмаса улама соч тақиб олмайдими бу мегажин ўлгур дейман-да, болам! Ана шу аҳволда хонадонимга кириб келган бу яшшамагур! Ҳе, серраймай ўл илойим!.. ‒ дея келинининг ҳали қизлик пайтида ўғлига эргашиб келгандаги юриш-туриши, афт-ангорини хотирасида тиклагани боис, яна асаби ўйнаб, хуноби ошди Риҳси кампирнинг. ‒ Ўшанда билувдим-а, бу бошига гиламдўппи кийиб олган японбашара, хитойбашара мегажиндан яхшилик чиқмаслигини! Ҳи-им, болам, ишонаверинг, ўшанда бу калтаи кўтоҳ сочини майда қилиб ўриб олган, ҳечқурса улама соч улашга ақли етмаган бефаҳмдан икки дунёда яхшилик чиқмаслигини билувдим!.. ‒ ўз башорати тўғри чиққанидан тўлқинланиб кетиб сўзлади Риҳси кампир, Каримага қараб қўяркан, унинг нигоҳида ҳам сўзларидан таъсирланиш аломатини қидирди, пича қидирди, неваракелинининг ташқи авзойида ана шу аломат уёқда турсин, ҳатто унинг асарини топмагач, у хавотирда эканини, қандай бўлмасин тезроқ кампирнинг ёнини тарк этишга ошиқаётганини туйиб, ана шу нарса таъсирида сўзамоллиги ҳам қайгадир ғойиб бўлиб, шахти ҳам хийла сусайиб, гапини якунига етказди: ‒ Яна бир марта шундай иш қилса, Абдуҳамидникига кетиб қоламан, ҳа, ҳа, кўч-кўронимни кўтариб ана шу ўғлимникига кетиб қоламан ‒ хончорбоғликлар орасида бир гап-сўзларга қолсинки, қайнонасига қўл кўтариш қандай бўлишини бир кўриб қўяди ўшанда! “Арзимаган бир қалпоқ учун Риҳси кампирни урибди-я! Унга қўл кўтарибди-я, анави сассиқҳовузлик қурбақага ўхшаган келини!”, деган дув-дув гап тарқалишини истайсанми? Ана шундай маломатларга қолишни истаб қопсан се-ен муштумзўр!”, деб уни огоҳлантиришни ҳам унутмадим! Қани, яна бир марта шунга ўхшаш иш қилсин-чи, мендан кўради-кўрадиганини, бундан-буёқ аяб ўтирмайман!.. ‒ неваракелинининг олдида астойдил ранжиганини, кенжа ўғлининг хотини Тоҳира сатангни сўнгги марта огоҳлантирганини унга билдирган бўлди Риҳси кампир.
Шу маҳал қўшни ҳовлидан Каримани қайнонаси Собира опа чақириб қолди. У шоша-пиша ўрнидан қўзғалди-да:
‒ Мен чиқай, бувижон, ойимлар билан поликлиникага бормоқчи эдик, ‒ деди.
Риҳси кампир унинг оғироёқ эканини эслаб қолиб, хиёл туртиб чиққан қорнига қараб қўяркан, дуо қилди:
‒ Илойим Яратган эгамиз сизга яхши ўғил-қизларни берсин! Илоҳим умрингиздан барака топинг!
Карима шоша-пиша Риҳси кампирнинг пешонасидан ўпди-да, ҳовлиққан кўйи хонадан ташқарига ошиқди. Кампир унинг орқасидан: “ Шошилманг болам, ўзингизни эҳтиёт қилинг!”, дея огоҳлантирди. Карима ўзининг оғироёқлигини эслаб қолди чоғи, “Раҳмат бувижон, сиз айтмасангиз хотирамдан ҳам чиқибди”, деб орқасига ўгирилиб Риҳси кампир ўтирган уйга қараб унга миннатдорлик билдирди-да, яна қайнонаси иккинчи бор чақириб қолишидан чўчиб, бедана юриш қилиб ҳовлини тарк этди…
7
Асқар дадаси Абдурасул отани акасиникидан топмади. Уни масжид ёнидаги нонвойхонага орқа қилиб қурилган, олд томони эса масжид дарвозасига қараган қатор хоналардан ўртадагисида ‒ қўшниси Рўзмат оқсоқол билан суҳбат қуриб ўтирган ҳолда топди.
Абдурасул ота очиқ турган эшикдан ичкарига мўралаб уларга салом берган, аммо остона ҳатлаб киришни истамаётган ўғли Асқарнинг пешанаси тиришиб кетаётганини кўриб, унинг авзойи яхши эмаслигини туйди. Яна тажанг ўғлининг бемаврид ташрифидан ташвишга тушиб, қандай қилиб ўрнидан туриб кетганини ҳам билмади. “Мен ҳозир” дегандай тарзда ошнаси Рўзмат оқсоқолга бир қараб олиб:
‒ Ҳа, тинчликми Асқар? ‒ деб унга эргашиб ҳовлига тушди.
Асқар “ҳа” дегандай бош тебратиб қўйди-да, сал наридаги ‒ масжидга кираверишда чап биқинадаги бўш ерга жойлаштирилган ёнғоқ дарахтидан ишланган жигарранг каравотга бориб ўтирди. Дарров ичидаги дардини айтайвермади, отасига бир-икки қараб олди-ю, аммо гапни нимадан бошлашини билмагани, боз устига, асабийлашаётганидан ҳадеганда бошини қашишини қўймади ‒ рангидан қон қочгани шундоққина кўриниб турарди.
Абдурасул ота ўғлининг ёнига келиб ўтираркан, унинг ташвишли нигоҳидан кўзини узмади. Ўғли жуда муҳим бўлган бир гапни қандай қилиб айтишини билмаётганини фаҳмлагани учун:
‒ Тинчлик эмасга ўхшайди! ‒ деди, ўғли томонидан жавобсиз қолдирилган саволига ўзи жавоб бериб: ‒ Уйингда бирор кор-ҳол юз бермадими? Болалар яхшими? ‒деб хавотирли нигоҳда сўради.
‒ Уйда ҳаммаси жойида ‒ уйдагиларга бало урармиди!.. ‒ ярим асабий, ярим кесатиқ тарзи жавоб берди Асқар, аммо бу ерга келиши сабабини ҳадеганда айтавермади, бир нарсадан қаттиқ истиҳола қилаётганини, дарров ёрилишига нимадир ҳалал бераётганини юз-кўзларидан, пешанасини тириштираверишидан билиш қийин эмасди.
Ана шуни пайқаган ва ўғли ичдан ким биландир келишолмаётганини, бир нарсадан қаттиқ ранжиётганини туйган Абдурасул ота ҳам паймонаси тўлаёзиб:
‒ Унда нега қовоғинг очилмаяпти? Бундай тушунтириброқ айт?! ‒ деб ўғлини қистоққа олди, айни дамда унинг ўзининг ҳам тинчи йўқолиб: “Ҳа, бола-чақанинг ташвиши қурсин-а! Бирининг қошига қараркансан, иккинчисининг қовоғига!”, деб ичдан ўзига-ўзи гапириб қўйди, вужудида ўзи ҳам англаб етолмагани хавотирли, ташвиш-изтиробли бир ҳолат воқе бўлиб, ич-этини кемира бошлади.
‒ Бугун эрталаб бизникига Тоҳира кеннойим тўполон қилиб кепти. Рашид акамнинг хотини, ‒ дараклади Асқар, дараклаши баробарида чап кўзи учиб, юзи тиришди, овози ҳам титраб кетгандай тебранганини ичдан ҳис этди.
Абдурасул ота ҳам ўғлининг овози титраганидан аҳволи яхши эмаслигини ич-ичдан туйди. Ана шу туйғу бирдан укаси Рашид дўконга ва унинг хотини Тоҳира сатангга нисбатан вужудида нафратни қўзғатиб, ғазаб отига минаркан:
‒ Нега жанжал қилади? Нима, ақлдан озганми сатанг кеннойинг?! ‒ деди, ана шу зардали сўзларидан сўнг ўғли Асқар унга бир қараб қўйганини кўргач, “Нима, ақлдан озганми сатанг кеннойинг?” дея “сатанг кеннойинг” иборасига алоҳида урғу берганим учун бир қараб қўйди! Ҳа, ҳа, унинг кеннойиси, унинг суюкли амакиси эди-да Рашид! “Илгари улар менга ўзини яқин тутганларини писанда қилиб дадам “сатанг кеннойинг!” дея алоҳида урғу беряпти! Кўпроқ буларга яхшилик қилсанг ҳали устингга бошқа нарсалариниям ағдаришдан тоймайди бу бадбахтлар!”, деган гапга олиб келяпти деб тахмин қилгани учун ғалати бўлиб, ана шунга ишора тарзидаги кесатиқ сўзларимни сезгани учун ҳам қошлари чимирилиб кетди! Гапларим ёқмади унга, аммо тўғри гап қачон кимга ёққан?!..”, деб бир неча сония ичида турли ўй-фикрни дилидан ўтказди. Ана шу фикрларга бораётганида ҳам, ота эмасми, ўғлига ичи ачишаётганини ҳис этиб, ана шу ҳолат туфайли ҳам “уф” тортиб қўйди.
Асқар отасининг ўй-хаёлларидан бехабар эди-ю, аммо “уф” тортиб қўйганидан қаттиқ сиқила бошлаганини сезиб, уни ташвишга қўйганидан маълум маънода хижолатланиб, томоқ қириб қўяркан, чеҳрасини хиёл очиб, энди қаттиқ ташвишли ёхуд изтиробли оҳангда эмас, бойвачча амакисининг устидан кулгандай бир мазмунда ярим кесатиқ тарзи:
‒ Пул сўраб кепти! Рашид акам юборгандир-да, ўғлининг ўқишига пул керак бўлиб қолганмиш!.. ‒ деди.
Абдурасул ота укасининг нафси ўпқон эканини биларди. Унга гўё бунинг фарзандлари топармон бўлиб бойиб кетаётгандек, бутун бозорни молга тўлдириб ташлагандек кўринганини ҳам фаҳмлаганди. “Шунинг учун чидаб туролмай хотинини юборган бўлса керак?!”, деб тахминий хулоса чиқаргани важидан:
‒ Пул сўраб кепти дейсанми?! Нега сендан пул талаб қиладилар?! ‒ деди у, айни дамда нафақат укасидан, балки келинидан ҳам дарғазаб бўлганини сўзларидан, ташқи авзойидан ҳам сезиш қийин эмасди.
‒ Анави жиянингиз Қурбатга пулини алмаштириб берганимда қочиб кетувди-ку, ўшанда укангиз берганди, обориб ўрнини ёпиб тур деб… Шуни қайтаришимни истабди, тағин институтга кираётганимда минг рублча берганди, ўшаниям хотинидан сўратибди, ‒ дараклади Асқар, ўзининг кенжа амакиси ва хотинига ўтқазиб қўйганини, қанчалаб мол-мулк, тилла-тақинчоқлар билан “оғзиларига урганини” эслаб жаҳли чиқса-да, лекин бу ҳолатини отасига сездирмади, фақат икковидан ижирғаниб зўрма-зўраки, истеҳзоли кулган бўлиб қўшиб қўйди: ‒ Пули йўқмиш амакимнинг, биз эса бойиб кетаётганмишмиз!..
Абдурасул ота укасидан норози бўлиб бошини уён-буён чайқатиб қўяркан:
‒ Пули йўқмишми у бойваччанинг?! Ҳе-ее, йў-ўқ бўлиб кетсин илоҳим!.. ‒ деди, ана шу таъна-маломатни қилиш баробарида Рашид дўконнинг ўзига ўхшаган қорни катта, юрагини ёғ босган дўкондор оғайнилари билан бирга қишин-ёзин Қичқириқ бўйидаги отаси Шокир баззознинг замонидан қолган каравотга жойлашиб олиб ярим кечагача маишатбозлигини қилишлари ‒ овқатнинг зўрини еб қарта ўйнашларию ароқ ичишлари кўзи олдидан ўтиб, яна ғазабланиб ичида “ҳе, паразит!” деб қўйди, “Шу ярамасни деб айғиротдай юрган дадам ўлиб кетди! Бу аблаҳ эса анави “ерда ўтириб чиққач” ана шу ошналарини йиғиб яна маишатбозлик бошлаб юборди! Ўлгандан отамнинг жони кетди, бу эса… бу ношуд йўғлигида тўртта нон кўтариб келмаган, ақалли бир марта отамнинг ҳолидан хабар олишга ярамаган текинхўрларни йиғиб гап-гаштак беришини канда қилмайди”, деб ичдан ғижинаркан: ‒ Ошна-оғайнилари билан анҳор бўйида ўтказган маишатларига сарфлаб тугатибди-да бор-будини, ҳе йў-ўқ бўлсин-а!.. ‒ деди укасидан хафсаласи пир бўлгандай зардали оҳангда, нечанчи бор калласини лиқиллатишини қўймади.
‒ Шуни секин ўзи келиб менга айтса бўларди-ку! ‒ амакисидан ўпкаланди Асқар. ‒ Хотинини юборибди! У эса қўни-қўшниси эшитса нима дейди деб ҳам ўтирмай атагини солибди!.. Карима айтади, ичкарига ҳам киришни истамай, рангини гезартириб ҳадеганда пул сўрашини қўймасмиш-да!..
Абдурасул ота шу дамда ҳаммасига сабабчи бўлган жияни Қурбатни эсга олиб яна вужудида сўниб улгурган ўт аланга олаёзди. У ўзини босишга қанчалик уринмасин, ичдан зил кетиш баробарида пешанасидан муздек тер чиқиб кетганини ҳис этди. “Нима, сен ҳар икковидан қўрқяпсанми? Нима, уларнинг олдида тил қисиқлик жойинг борми?!”, деб ўзининг айни чоғдаги руҳий ҳолатидан норозиланаркан, тағин тетиклашиб Асқарга жиддий тикилиб туриб:
‒ Анави такасалтанг жияни Қурбатдан сўрамабдими? Ҳаммасига ўша айбдор-ку! Ўшани хиппа бўғмабдими?! ‒ деди, Қурбатнинг ғижимлаб ташланган қоғоздай совуқ сур башарасини, олайган кўзларию ўзидан бошқаларга паст назарда қарашларини, яна ана шу қарашлардаги наҳсга ботганлигидан ҳам далолат бериб турувчи аломатларни кўзи олдига келтирдию: “Ҳе, йўқ бўлиб кетгур! Ҳе бетинг қурсин!..”, деб қарғаниб қўйди.
Қурбатнинг исмини эшитиши ҳамоно Асқарнинг ҳам вужудида ёқимсиз бир ҳис қўзғалиб, ичдан “ғазаб отига мингани”ни ўзи ҳам сезмади. “Ҳе, қурбат бўлмай ҳар бало бўл, сен ғурбат!..”, деб аммасининг ўғлини ичдан койиб тураркан, акаси Анварнинг бирда сўнгги марта огоҳлантириб айтган гаплари ёдига тушди: “Сен буни яхши одам деб ўйлама! Бунақа паст, мунофиқ, бунақа жирканч махлуқ дунёда йўқ! Мана кўрасан, ҳали сенгаям панд бериб кетади!” У ана шуларни эсларкан, “Ҳақиқатан айтганларингиз рост чиқди, бу ғурбат менга панд берди, ҳа ака, панд берди!”, деб ичдан Анвар Шокирнинг башоратини эътироф этиб, унга тан берган бўларкан:
‒ Ҳаммани қўйиб у буларга пул берармиди!.. ‒ дея аччиқ истеҳзоланди Асқар, нечанчи бор акасининг : “Бунақа паст, мунофиқ, бунақа жирканч махлуқ дунёда йўқ…”, деган жумласини ичдан такрорлар экан, ўзи сезмаган тарзи “жирканчдан ҳам баттари экан”, деб қўшимча қилиб, сўзида давом этди: ‒ “Рашид тоғам қамалганда қанча пулларимни ишлатишган уйдагилар”, деб юради-ку, у буларга пул берарканми?! Анвар акам қайта-қайта айтганди-я: бу бемазадан нари юр, бу сенга эл бўлмайди деб, мен эса унинг сўзларига кирмовдим, фикрига қўшилмовдим, у кишининг айтганлари юз фоиз тўғри чиқди! Бу бемазадан баттари экан!..
Абдурасул ота жияни Қурбатни жуда яхши билгани учун ўғли Асқарнинг сўнгги сўзларига қулоқ тутаркан, “ҳа болам-а, соддасанлар-да!” дегандай тарзи бош тебратиб қўйди, пича ўйга толиб орқасига ‒ хонада ўтирган Рўзмат оқсоқолга бир нима демоқликка тутингандай мазмунда қараб оларкан, ўғли Асқар ҳам укаси Рашид дўкон қамалганида кетидан қанча югурганларини эслаб:
‒ Сенам кетидан қанча югурувдинг! Сенам уни қамоқдан чиқариб олиш учун жонингни жабборга берувдинг! Сенинг ҳам анча пулинг кетганди-ку, буларни ҳисобга олмабди-да!..
Асқарга отасининг мана бу жумласи, таъна-танбеҳомуз гаплари ниҳоятда қаттиқ тегди ‒ юрак-юрагига игна санчгандай ботди, лекин у тўғри айтаётгани учун, ич-ичдан куйиниб, ўғлининг амакиси учун жонини ҳам беришга тайёр бўлган пайтларини унга эслатиб қўяётгани, ёзғираётганини фаҳмлагани учун ҳам отасига лом-мим дея олмади, фақатгина алам аралаш заҳархандалик билан сўзлашга тиришиб:
‒ Э-ээ, дада, қизиқсиз-да! Укангиз сизнинг қилган яхшиликларингизни билмади-ку, меникини билармиди?! ‒ деди, хийла жим қолди‒ ана шу дамда амакиси Рашид дўкон ва кеннойиси Тоҳира сатангга ўтказиб қўйган жойларини эслаб, “эссиз!” дегандай мазмунни ифодалаб бош тебратиб ўзининг нодон, калтафаҳмлигини тан олган бўлиб пешанасига шаппатиларкан: ‒ Хотинигаям минг-минглаб рубллик тилла тақинчоқлар оберганман! Қанчалаб биллур қандиллар, гилам-пиламлар!.. Тўймайдигани-тўймас экан!.. ‒ дея ўзидан ўпкаланди, ортидан афсус-надоматлар чеккандай бир овозда қўшимча қилди: ‒ Институтга кираётганимда берган минг сўминиям сўратибди-я!..
Абдурасул отанинг ўпкаси тўлди. Томоғига ёнғоқдек нарса тиқилгандай бўлди. Ўғлининг сўнгги гаплари уни ана шу аҳволга солганди. Аммо укаси Рашид дўконнинг қип-қизил, бақбақаси осилиб тушган ‒ тўнғиздай тўқ, сепкил аралаш ёғ босган чўзинчоқ сапча қовунга ўхшаш сарғимтир башараси ‒ турқи-таровати кўзи олдида намоён бўлди-ю, ҳозирги ҳиссиётчан ҳолати қайгадир ғойиб бўлиб ўрнини ғазаб аралаш алам ва ўкинчга ўхшаш бир руҳий изтироб эгаллади. Ич-ичдан ғижинар экан: “Бутун бошли мустаҳкам, пишиқ-пухта қилиб қурган уч уй бир айвондан иборат бўлган, ошхона ва подвалли, фундаментини қирқ ҳам эмас, эллик сантиметр қалинликда ишлатганим, бўйи тўрт метрли ҳайҳотдай подвалли уйимни ташлаб бу ҳовлига чиқибман-а! Битта тўртбурчак ҳовлини демаса олтмишинчи йилларда қурилган мана шу бепанд икки хона бир айвонли уйга шундоқ пишиқ ғиштдан кўтарганим, не ҳасратда фалон пуллик фанер билан шифтини нақшинкор қилиб ишлатганим алламбало уйларимни ташлаб чиқибман-а! Бу номард ҳечқурса шуларниям билмади-я! Ҳеч бўлмаса меҳнатимнинг қадрига етмади-я! Ҳе-ее, сен тўнғизни!..”, деб укаси Рашид дўкондан ўпкаланиб, нечанчи бор уни ичдан койиркан:
‒ Ўшаниям сўрабдими? Ахир, ўшанда, ҳали-ҳали эсимда, Анвар акангам ёнимизда эди шекилли, “ Ока, менинг Асқарга ёрдамим”, деганди-ку! Ана, айтганимдек, ўша гап устида Анвар ҳам, онанг Собира ҳам бор эди, ҳа, ҳа, азза-базза: “Мана укамнинг жиянига қилган яхшилигини кўриб қўй, хотин!”, деб онангниям тўртовимиз гаплашаётганимиз ҳув анави этак томондаги, анави анжиршафтоли тагидаги супага чақиртирувдим. Бу ҳам етмагандай, Шокир бованг ҳаёт эдилар, “Укам ўғлимга шу яхшиликни қилди, барака топсин, болаларининг роҳатини кўрсин, менам яхшилигига қайтарай”, деб уларга ҳам дуо қилдирувдим! Вой пасткаш-э!.. ‒ дея укасидан обдан ранжиди Абдурасул ота, дилидан эса: “Ҳечқурса дадамнинг арвоҳидан қўрқмабди-да, ҳечқурса арвоҳнинг хотирасини қилмабди-я!”, деган ўй ҳам ўтиб улгурди.
Асқар отасининг оғзидан акаси Анварнинг исмини эшитиши ҳамоно ҳушёр тортиб:
‒ Дада, сиз тағин бу гапларни акамга айтиб ўтирманг! Биласиз-ку соғлиқларини, сиқилиб кетадилар бу гапларни эшитсалар! ‒ дея уни огоҳлантирди, огоҳлантириш баробарида мазкур воқеадан отасини ҳам хабардор қилганидан маълум қадар хижолатланди. Хотини Кариманинг “анавилар айтди, дадамга билдирмас эмишсиз”, деган сўзларини хотирладию, “Рашид дўкон ҳам, анави танноз хотини ҳам мени ғадабга оладиган, “Мен сенга айтган эдим-ку, нега дадангга сўйладинг, нима, пулимизни еб кетмоқчи эдингми?!”, дейдиган бўлди-да! Улар ана шундай ўйлайдилар! Майли, ўйласалар-ўйлайверсинлар, лекин уларга дадамдан бошқаси бас келолмайди! Дадамни бирга обормасам бўлмайди!..”, деб хулосаланишгача бориб етди.
‒ Айтманг дейсан-ку, аммо у жуда сезгир, мендан бўлмаса бошқа бировдан ‒ бугун бўлмаса эртага билиб олишга сира шубҳаланмайман!
‒ Мен айтмасам, сиз айтмасангиз бошқа биров қаёқдан биларди?!
‒ Тешик қулоқ барибир эшитади демоқчиман-да!
‒ Кейин эшитсалар эшитаверсинлар, бироқ ҳозир айтиш керакмас! Менам сизлар билан бирга бораман деб икки оёқларини бир этикка тиқиб туриб олсалар нима қиламиз, дада? Йў-ўқ, ҳозирча билмай турганлари яхши!..
Абдурасул ота ўғли Асқар акасини бошқаларга нисбатан жуда ҳам аяб-эҳтиёт қилишини, у дардга мубтало бўлганида бошқалар эмас ‒ мана шу укаси кунига яраганини, кунига яраши ҳам майли, жуда қаттиқ эзилганини, акаси Анварнинг бундай касалга йўлиққани билан келишолмай, изтироб чекиб касалхонама-касалхона қатнаганини, кетидан югурганларини эсларкан, бу ўғлидан рози бўлиб, ана шу розилигини ташқи авзойида ҳам сездириб, елкасига қўлини қўйиб:
‒ Ҳозир кирганингда аканг уйда йўқ эканми? ‒ деб тўнғич ўғлини суриштирди.
‒ Йўқ, қайсидир институтгами, кутубхонагами кетган эканлар. Уйда Алишер билан кеннойим бор эканлар, ‒ маълум қилди Асқар. ‒ Нима, тағин бирор нима ёзмоқчимилар?!
Ўртанча ўғлининг пешонаси тириша бошлаганини кўрган Абдурасул ота у акасига ичи ачишганидан мазкур саволни берганини фаҳмлади. “Тағин бирор нима ёзмоқчимилар?”, деган сўроғи тагида: “Китоб ёзаман деб яна анави дардлари хуруж қилиб қолмасин?”, деган мазмундаги ташвишли ўй ётганини, ана шунинг учун ҳам серажин манглайи тиришиб кетганини жуда яхши пайқагани важидан:
‒ Тарихни ўрганаман деб юрувди, билмадим тағин бир нима ёзмоқчидир-да! ‒ маълум қилди у, тўнғич ўғли ана шу нарсалар билан овуниб юрганига бир ҳисобдан севиниб ҳам қўйди. Аммо бу қувончини Асқардан яширди, бу қувончи унинг ичида қолиб кетди.
Асқарга акасининг нияти ёш боланинг хархашасидек туюлди. У гарчанд яхши кайфиятда бўлмаса-да, мийиғида кулиб қўяркан:
‒ Ҳозир ҳамма тирикчилик кетига тушиб кетган! Биров орзуманда эканми, биров ўқирканми у киши ёзган китобларини! ‒ деди, акасига, унинг орзу-истакларига ачингандай қиёфада отасига нигоҳини қаратиб, “эссиз” деб қўйди.
Абдурасул отага унинг акасидан норозиланиб “эссиз” дейиши айил ботди, аммо у ўртанча ўғлига дакки-дашном бермади, балки ҳар икки фарзандини қўллагандай бир оҳангда:
‒ Қўявер, аканг ана шу ишлар билан овуниб юрибди! Биласан-ку, у ёзмаса туролмайди! ‒ деди, кейин мақсадга кўчгин дегандай бутун фикри-ўйини ўғли топиб келган гапга қаратиб, қошларини чимириб, нигоҳини ярим ҳазин, ярим ғазабнок тарзда ўзгартириб асосий мавзуга кўчди: ‒ Энди нима қиласан? Обориб бермоқчимисан?!
‒ Анави келинингиз, Рашид акамнинг хотини поччамни бошлаб бормасинлар, ўзлари пулимизни ташлаб кетсинлар дебди. Сиздан қўрқадилар-да, шунинг учун поччамни обормасин деган!..
Ўғлининг мазкур гапи Абдурасул отани дадиллантирди. Вужудидаги ўзи ҳам англаб етмагани қўрқув, юрагининг атрофини чулғаб олган ғашлик қайгадир ғойиб бўлиб, ўрнини укасидан ва келинидан ўчини олиб, аламдан тарқаш истаги эгаллаганини, ана шу хоҳиш хуруж қила бошлаганини туйди. “ Ҳа-аа, қўрқмас экансанлар-а! Қўрқасанлар, ҳар икковингнинг тилинг қисиқ бўлганидан кейин қўрқасанлар-да! Ёмон Абдурасул сенларга ўтқазиб қўйганини балодай билганларинг учунам уни кўришни истамаяпсанлар, қилган яхшиликларини пеш қилади, қўни-қўшниларнинг олдида шармандамизни чиқаради деб қўрққанларинг учунам менинг боришимни хоҳламаяпсанлар, сенларни билмайманми? Яна қамалиб ётганида хотинини ишга олиб кириб қўйганимни, шундоқ уйимни, не ҳасратларда қурган уйимни ташлаб, мана бундай бепанд уй-жойга кўчиб ўтганимни ҳам юзига солишимдан чўчияпти ҳар иккови! Ҳа, ҳа, улар мендан, менинг олдимда тили қисиқ эканликларидан чўчиганлари учунам боришимни истамаганлар, мен уларни билмайманми?!”, деган ўй-хаёлларга борар экан:
‒ Ҳо-оо, мен бормасмишманми? Мен шундай ҳам борайки, ҳали укам Рашид дўконга ҳам, унинг ўша бетамиз, бетавфиқ хотинигаям ўзимнинг атайдиган гапларим бор!.. ‒ деди, унинг шу дамда ор-номуси, ҳамияти қўзғаб, ичдан бир куч укасиникига боришга чорлайверди. “Ҳали уларга ким эканингни кўрсатиб қўйишинг керак!..”, деб унга васваса қилаверди.
Асқар ҳақиқатан ҳам отаси боргудай бўлса, катта жанжал кўтарилишини, икки ўртада ака-уканинг муносабатлари янада чигаллашиб, пировард натижада беткўрмас бўлиб кетишлари мумкинлигини тасаввур қилиши ҳамоно яна вужудини қаттиқ қўрқув эгаллаб олиб, юраги қинидан чиқаёзди. Пешанасидан муздек тер чиқиши баробарида: “Қаёқданам бу ерга келдим, бир ўзим ё бўлмаса Акбар икковимиз боравермасмидик, дадамга айтиб яхши қилмадим, Рашид дўкон ҳам анойилардан эмас, ҳали унинг ёнига ўғиллари қўшилса борми, икки ўртада катта жанжал кўтарилиб ёқа бўғишишгача борилмаса гўрга эди!..”, деган ўй-мулоҳазага бориб янада тушкунликка тушган бир авзода:
‒ Ё дада, Акбар икковимиз обориб берайликми? ‒ деди.
Укасининг феъли ва нафсини билган Абдурасул ота: “Унинг иштаҳаси еяётган пайтида келади, ҳали булар икковини… Асқарни етти ухлаб тушига кирмаган пулга тушириб ўтирмасин тағин!”, деган ўй-хаёлга бориб:
‒ Ўзи қанча обормоқчисизлар? ‒ деб сўради.
‒ Бир ярим миллион сўм-да! Ундан ортиғини беролмайман! ‒ деди Асқар, мазкур миқдордаги пулни тилга олганида овозидаги оҳанг ўзгарди, ўзини ночордайин сезганидан пешанаси тиришиб, чаккасидаги асаб томирлари билинар-билинмас титраёзди.
Унинг авзойи ёмон томонга ўзгарганини сезган Абдурасул ота ўғлининг айни дамдаги аҳволи-руҳиясини пайқагани учун ҳам:
‒ Менам сизлар билан бораман, бўлмаса бу эр-хотин иккови сизлардан бундан кўпроғини ҳам ундириш истайди, шунга ҳаракат қилади! ‒ деб укаси ва келини Тоҳира сатангнинг асл мақсадини пайқаган бўлди. ‒ Ана шунинг учун ҳам хотининг Каримага “поччамни олиб бормасинлар!”, деган. У муттаҳамларни беш қўлдай биламан-ку! Сенларни мана бундай кечаю кундуз бозорда бирни-икки қиламан деб тиним билмай сарсон юрганларингни қаёқдан билсин? Асқар бойиб кетяпти, имкониятдан фойдаланиб ҳаққимизни ошиғи билан тортиб олайлик деганлариниям англаяпман! Ҳа, улар шунинг учунам менинг боришимни исташмаяпти!
Асқар отасининг фаҳму фаросатига тан бергандайин бошини пастга-юқорига тебратиб:
‒ Буни тўғри айтдингиз, менам айнан шундай деб ўйлайман!.. ‒ деди, сўнг эса бир нуқтага тикилган кўйи пича тек турди, у шу дамда ичдан ўзидан норозиланаркан: “Уларга қилган шунча яхшилигимни манави акамга, унинг оиласига қилсам бўлмасмиди?! У бечора неча йилдан бери китоб ёзаман деб сочини тўкиб юрибди, болаларига ёлчитиб едирмайди, уларни ёлчитиб кийинтиролмайди, мен эса.. мен неча йиллаб анави тўнғиздай тўқ амакимнинг хотинига тилла тақинчоқлару биллур қандиллар, неча-неча сервизлару гилам-палослар олиб бериш билан вақтимни ўтказибман! Охири уларнинг менга билдирган миннатдорчиликлари ана шу бўлибди! Уларга қилган шунча яхшилигимни акамга қилсам бўлмас эканми? Қайтага унга ҳовли олиб беришга ёрдамлашмайманми-я! Учта боласи билан мана бундай катакка ўхшаган квартирада қолиб кетмасди! Ахир, ўша кезларда бунга имконим бор эди-ку!.. Аммо мен жўжабирдай камбағал акам қолиб, манави ярамасларнинг хизматини қилиб юрибман-а! Охири уларнинг раҳмати шуми?!”, деб ўзини тергагандан-тергаб, афсус-надоматлар чекди, “Уларнинг сенга билдирган миннатдорчилиги, раҳмати мана шу! Бу кунингдан баттар бўл Асқар, сенга буям кам!”, деб ўзига дакки-дашном бераркан, виждони қийналгандан-қийналди, ана шу сабаб “эссиз, эссиз!”, дейишда тўхтамади. Охири отаси унинг “эссизлаши”ни эшитиб, унинг дилидаги изтиробларига шерик бўлгандайин, мазкур изтироблар мазмун-моҳиятини уққандайин ўзини тутаётганини кўргач, кўзларига қуйилиб келаёзган кўзёшларини қўл теккизмасдан кетказишга уриниб хаёлини чалғитаркан: ‒ Эртага соат ўнларда келамиз, сизни шу ердан опкетақолайлик, уйга кирсак акам билиб қолади! Келинг, ҳозирча у билмай турсин, кейин бир гап бўлар!.. ‒ деди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?