Электронная библиотека » Аббос Саид » » онлайн чтение - страница 5

Текст книги "Қазои Қадар"


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 09:40


Автор книги: Аббос Саид


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 23 страниц) [доступный отрывок для чтения: 8 страниц]

Шрифт:
- 100% +

У эшикни очганида остонада эри томонидан кичик амакиси Рашид дўконнинг хотини Тоҳира сатанг турганига кўзи тушди. Сал нарида, ҳовуз бўйида эса уни қизил “Жигули”да илгаригидан анча семиргани яққол кўриниб турган, бўйи ҳам чўзилган кенжа ўғли Баҳодир кутиб ўтирарди. Унинг ҳам, онаси Тоҳира сатангнинг ҳам авзойи бузуқ, қовоқларидан қор ёғиб турар, Карима билан шунчаки юзаки, истаб-истамай сўрашаркан, ичкарига бошлашига ҳам қулоқ солмай, турган ерида уни саволга тутиб:

‒ Эрингиз Асқар қани? Менга жуда керак эди-да! ‒ дея шанғиллади, ён-атрофдаги қўшнилардан андиша ҳам қилиб ўтирмади.

Карима эса эри Асқар туман Солиқ идорасига кетганини айтишни истамади, шу боисдан ҳам:

‒ Бир иш билан чиқиб кетгандилар, ҳозир кеп қоладилар, ҳа, ҳа, кеп қолишлари керак, ‒ дейиш билан чегараланди, Тоҳира сатангнинг қисиқ кўзлари косасидан чиқиб кетгудай тарзда катталашиб, фиғони фалакка ўрлаёзганини кўргач, бу эрка-офатнинг кўнглига йўл топишга уриниб тирсагидан маҳкам ушлаб олиб тафт босди мазмунида уни ичкарига чорлади: ‒ Тоҳира кеннойи, бегоналарга ўхшаб остонада турманг, юринг уйга кирайлик!

Тоҳира сатанг боя келибоқ участкани кўриб ҳасаддан ичига ўт тушганди, остонадан йўлакка қадар юриб борганида бу тушган ўт алангаланиб, вужудини чунон ҳам ёндира бошладики, ортиқ юришга мажоли қолмади. Шу боис ўртасида тўгарак атрофи оқ кафелдан ишланган фаввораси кўриниб турган ҳовлига кириб боришга юраги дош беролмай:

‒ Мен Асқар келгунича шу ерда кутаман, ичкарига кирмайман! ‒ дея икки оёғини бир этикка тиқиб олди.

Карима унинг корейсларникига ўхшаш қисиқ кўзларининг ола-куласи чиқиб, иягига қадар торайиб борган учбурчакка мойил юзи дам қизариб, дам гезарётганидан улар сотиб олган ҳовли-жойни кўриб ичдан куяётганини, ҳасад ўтида ёнаётганини очиқ-ойдин сездириб қўяётганини пайқагани учун ярим киноя-ярим заҳарханда авзода: “Ҳа, бадтар бўл-а! Участкамизни кўриб ич-ичдан куйиб кул бўлганингни сездириб қўйдинг! Ҳа, ҳасад ўтида ёнаётган кўзларинг ситилиб оқсин-а!”, деб уни ичдан қарғаса-да, лекин бу ҳолатини сира ошкор этмади, аксинча росмана жилмайишга уриниб:

‒ Бегоналарга ўхшаб-а? Ҳеч бўлмаса анави каравотга борайлик, ўша ерга кўрпача соламан! ‒ деб уни қўшни деворига яқин ердаги ёнғоқдан ясалган суянчиқли чорпояга бошламоққа тутинди, шу билан бирга Тоҳира сатангнинг ҳадеганда сўзига киравермаётганидан норозиланганини ҳам ташқи кўринишида сездирди.

Тоҳира сатанг қовоғини очмади. “Ҳали сенларнинг бизга етишингга бор!”, дегандай бир нигоҳда қошларини чимириб қалин тилла билакузук тақиб олган қўллари билан қулоғидаги бриллиант исирғани, ортидан эса ялтироқ зарли безатиқли қимматбаҳо япон пўмбархатидан ёшига ярашмаган русча фасонда тиктиргани енги калта кўйлагининг у ер-бу ерини сийпалаб қўйиб, ўзининг бу хонадондагилардан бир поғона баландда эканлигини кўрсатиб:

‒ Биз аллақачон бегоналашиб кетганмиз, шунинг учун мени ҳовлингизга таклиф қилмай қўяқолинг! ‒ деб уй бекасини қовоқаридай “чақиб” олиб, манзиратидан энсаси қотган бўлди. Яна Кариманинг эгнидаги одми шодланка кўйлагига такаббурона кўз қирини югуртираркан:” Тузук, сен пондавоқи Асқарга турмушга чиқиб уйли-жойли бўп қопсан ‒ паҳмоқнинг бахтини берибди деб шуни айтарканлар-да! Унга менам ҳеч иккиланмасдан Моҳирамни берган бўлардим, лекин у қизимни сингил ўрнида кўрди, анави қурумсоқ қайноғам ҳам рўйихуш бермади бу ишга!”, деб ўзича бир томондан овсинининг келинини камситса, бошқа томондан бир пайтлар Асқарни ўзига куёв қилиш истаги ҳам бўлганини эслаб ич-ичидан ўкинган, ана ўша ниятини амалга оширолмаганидан, шундоқ топармон йигитга мана бу рўпарасидаги мегажин эгалик қилиб олганига куйиб ҳам кетди.

Карима бу сафар гап нимада эканини тушунмади. Тоҳира сатангнинг қўшнилар эшитишини хоҳлагандай овозига эрк бериб “ўзларининг бегоналашганларини” рўкач қилиши жаҳлини чиқариб, нафсониятини қўзғагани боис:

‒ Бундай тушунтириброқ айтинг, Тоҳира кеннойи !.. ‒ деди.

‒ Эрингизга бир пайтлар Рашид акам тўрт минг рублда пул берганлар, иннайкейин, институтга ўқишга кираётганидаям ёрдам қўлини чўзиб минг сўм, ўрис рублини назарда тутиб айтяпман-да, берган эканлар, ана шуларни Асқар қайтармаган. Ҳозир Боҳодир учун ўша пуллар зарур бўп турибди, шуни сўраб келдим, шуни менга беринглар, ‒ деди Тоҳира сатанг, ҳеч бир андиша қилиб ўтирмай ҳовлида шанғиллади. Унинг эркакларникига ўхшаш йўғон, дўриллоқ овозини нафақат бу ҳовлида, балки қўшни ҳовлида ҳам бемалол эшитиш, бемалол қулоқ солиш мумкин эди ‒ жарангдор овози у қўшнидан ўтиб, нариги қўшниникига ҳам етиб бориши ҳеч гап эмасди.

Ана шу томонларини ўйлаган, ана шу томонларини ҳисобга олган Кариманинг юраги худди товонига қадар тушиб кетаёзди. Бошқаларни эмас-ку, аммо икки ён қўшнисининг вужуди қулоққа айланишидан, ўз диққат-эътиборларини буларнинг ҳовлисига қаратишларидан қўрққани сабаб:

‒ Юринг, кеннойи, ичкарига кирайлик, остонада гаплашмайлик, ‒ деб қистоққа олди, улар билан муносабати яхши бўлмаган, ўзини ҳамиша мана бу Тоҳира сатанг ва Рашид дўконга ўхшаб катта олаверадиган, худди мана шу эр-хотинга ўхшаб димоғидан эшак қурти ёғилувчи, ҳадеб ўзининг ҳаммадан бадавлат, пулдор эканини пеш қилиб чарчамайдиган чап томонидаги чармфуруш қўшниси Парфи кеккайганнинг хотини, хотин бўлганда ҳам эрига ўхшаган катта оғиз аёл санагани Савлатхон опа эшитиб қолишидан хавотирланиб ўшанинг девори томон ташвишли нигоҳда қараб олди, ортидан ана шундайин хавотирли овозда қўшиб қўйди: ‒ Эшитган қулоқ нима деб ўйлайди? Буларникига биров келиб жанжаллашаяпти деб ўйламасинлар тағин, ҳар хил хаёлларга бориб юришмасин!

Тоҳира сатангга худди шу нарса керак эди. У қайноғасининг ўғли Асқар бир неча йил ичида бойиб, Ўрикзордай бир даҳадан мана бундай тайёр ҳовли-жойни сотиб олганини ҳали ҳам хазм қилолмаётган, ҳали ҳам мана бундай ҳайҳотдай ҳовли ва катта бир участка, яна устига оппоқ кафеллар билан ишлаган, атрофи батартиб майсазорга айлантирилган фавворага кўзи тушди дегунча ҳасади кегандан-келиб, ўзининг ич-этини еяётган бўлгани учун ана шу тинч хонадонга, ҳовли-жойга суқланиб қараркан, бу ерни ҳам жанжал уясига айланишини истаб қолиб:

‒ Қўшниларингиз нима деб ўйлаши билан менинг неча пуллик ишим бор? ‒ дея ўшқирди, Карима ундан қўрқиб ён-атрофига олазарак боқиши эса, у учун айни муддао бўлиб, овсинининг ўғли ва келинини шарманда қилиш мавриди келганидан фойдаланиш ва ана шу фойдаланиш жараёнида уларнинг қандай одам эканликларини ён-атрофларидагиларга ҳам сездириб қўйиш мақсадида жалойирга жар солишга ўтди: ‒ Мана бундай тоқу равоқни, участкани сотиб олишга пул топган одам нега шунча йиллардан бери бизнинг пулни қайтаришни ўйламайди?! А, нега Асқар амакисининг пулини қайтаришни истамайди?!

Карима нима дейишини билмади. Қайнонасининг кенжа овсини Тоҳира сатангнинг бунчалар ичи қоралигини, ушбу ҳовлини сотиб олганларидан чунон ҳам ҳасади келишини сира ўйламаганди, ана шу ҳолат юз берганини кўриб, шоҳиди бўлгач эса:

‒ Ўзи қачон олган эканлар? ‒ деб сўради, шу аснода энсаси қотганидан ингичка ва қалин оралиғидаги сарғимтир қошлари чимирилиб кетди. Бирда эри айтиб берган воқеа хотирига тушиб: ‒ Анави Қурбат аканинг пули куяётганида алмаштириб берувдилар, ўшанда ишлари чатоқ бўлаёзганда: “Мен сени танимайман!”, дебди. Нима қилишларини билмай анча сиқилибдилар. Кейин эса: “Рашид акамнинг олдига бориб бор гапни айтдим”, девдилар, ‒ деди Карима, эри амакиси Рашид дўконга бориб Қурбатнинг устидан шикоят қилганида у пул берган бўлиши мумкинлигини тахминлагани учун сўради: ‒ Ўша воқеани назарда тутяпсизми?!

Марҳума қайнагачисининг ўғли Қурбатнинг исмининг эшитиши ҳамоно Тоҳира сатангнинг авзойи ўзгариб, лаб-лунжи осилди. Кўйлагининг кўкракка яқин еридан дастрўмолини чиқариб олиб, у билан юзининг чап бетига томон қийшайиброқ жойлашган қийғир бурнининг терлаёзган ерини, олдинга туртиб чиққан иягини артаркан:

‒ Ҳаммасига ўша йигит ўлгур Қурбат сабабчи-да, ўша бўлмаса бу гаплар йўқ эди! ‒ деб қайнагачисининг ўғлини қарғади. ‒ Ўша Рашид акам айтдилар деб эрингизнинг ишхонасига борибди-да! Икки ўртада мана бизлар пулдан айрилиб ўтирибмиз!

‒ Ўшанда Қурбат ака пулимни алмаштириб берасан деб хоналари остонасига ётиб олгудай бўпти-ку, эшитишимга қараганда! Сал қолди-ку бу киши жавобгарликка тортилишларига! ‒ эри Асқарнинг бирда айтган гапларини, аммаваччаси Қурбатнинг устидан қилган шикоятларини хотирлади Карима.

‒ Асқар “Қурбат сизнинг исмингизни айтгани учун, сизнинг номингиздан олдимга келгани учун мен ўртага тушиб алмаштириб берувдим”, деб амакиларига ёзғириб борганларида, у кишиям мардлик қилиб тўрт минг рубл берган эканлар! “Мана, олиб бориб ўрнига қўйиб тур, кейин бир гап бўлар!”, деб… ‒ эри Рашид дўконни яқинларига эш бўладиган, танти қилиб кўрсатишга уринди хотини. ‒ Буям майли, эрингиз институтга кираётганида ҳам танишларига гаплашиб бериш билан бирга, яна нақд минг рублам бериб турган эканлар, бундан ортиқ яна нима қип берсинлар?!

‒ Менинг бу нарсалардан хабарим йўқ, аммо аммаларининг ўғли анавиндай кенжа тоғаларининг номидан бориб пулини алмаштириб олганини, ортидан эса текширув келиб қолганида: “Илтимос сендан Қурбат, шу пулларни жойига қўйиб турайлик, кейин яна сенга қайтариб бераман”, деганларида, “ Мен сени танимайман, сенга ҳеч қандай пул ҳам бермайман!”, деган бир мазмундаги гап билан номарднинг ишини қилганини айтганларини биламан, холос… ‒ деди Карима, у ҳам мазкур жумлани: “Бу нарсада эримнинг айби йўқ, ҳаммасига Қурбат ўлгур сабабчи, ана ўшандан бориб пулни даъво қилавер!”, дегандай бир оҳангда сўзладиким, буни Тоҳира сатанг унинг гапириш тарзидан ва гапириш тарзига яширинган маънодан сезган бўлгани учун:

‒ Нима, бу гапингиз билан: “Бориб Қурбатдан талаб қил пулларингни!”, демоқчимисиз? А, билишимча гап нишабини ана шу томонга оғдиряпсиз, нотўғри айтяпманми? Йўқ, нотўғри ўйга бордимми?! ‒ деб уни ғадабга оларкан, аста-секин авжига чиқишини қўймади ‒ бировнинг уйида турибман, буларни шарманда қилишим нима эди, қўшнилари эшитса нима дейди деб ўтирмади, Кариманинг юқоридаги жавоби ана шундай йўл тутишига маълум маънода сабаб бўлгандиким, у ҳам ичдан: “Ҳа, баттар бўл-а! Менам би-ир сени қўшниларинг олдида шундай шарманда қилиб кетайки, улар ҳам билиб қўйишсин сенларнинг ким эканингни! Айниқса, сен шўртумшуқ, сариқ зулукнинг Асқарга ‒ менинг қизим Моҳира тегиши керак бўлган шундоқ йигитга, овсинимнинг энг келишган, энг топармон ўғлига, менга куёв бўлишини орзу қилиб юрганим “Аскарга” тегиб олганингни ҳали-ҳали ҳазм қилолмайман-да!. Шу сабабдан сени шарманда қилишни шундай истайманки, илойим шу ерларда яйрамагин сенгина ўлгур!”, деб уни лаънатлагандан-лаънатлади, аммо бу билан ҳам ҳоври пасаймагач, унга томон бир-икки қадам қўйиб юзларини юлиб олиш нияти ҳам йўқ эмаслигини билдирган бўлди.

Карима унинг важоҳатини кўриб, ниятини пайқаб сал орқасига тисариларкан:

‒ Мен ундай деганим йўқ-ку! ‒ дея ўзини оқламоққа уринди, айни дамда бу шаллақи аёл билан пачаклашиш бефойда эканини, янги қўни-қўшнилар олдида шарманда қилишдан ҳам тоймасини, иш шунгача ҳам бориши мумкинлигини, ҳали-замон ёқасидан ҳам олиб қолиши ҳеч гап эмаслигини билиб унга ён босмоқни маъқул кўрди: ‒ Ҳозир келсинлар, ўзлари билан гаплашасиз, юринг, унгача бир пиёла чой ичиб туринг! ‒ у шундай деб яна уни ичкарига таклиф этишини қўймади.

Тоҳира сатанг эса нечанчи бор унинг таклифига рад жавоби бераркан:

‒ Мен сизга уйингизга кирмайман, чойингизни ичмайман дедим-ку! ‒ деб қўлларини паншаха қилди, турган еридан қўзғалмади.

Карима нима қилишини билмади. Унинг совуқ башарасидан нигоҳини олиб қочаркан, қайнатасининг бирда айтган гапи ёдига тушди. Ўшанда Абдурасул ака: “Мен Тоҳиранинг бунчалар офатлигини билмаган эканман, ўзининг Сассиқҳовуздан эканини ошкор этиб, боғчамизнинг мудирасига шаллақилик қилиб қолса-да! Тағинам опа менинг ҳурматим учун уни ишда олиб қолди, йўқса бу кўрсатган “томоша”си учун бир жойига челак боғлаб паттасини қўлига тутқизиб юбориши керак эди-ю, аммо мени, қолаверса анави қамалиб ётган укамнинг аҳволини билгани важидан уни ишда опқолди-да!”, деб келини кўрсатган найрангларни уйидагиларга гапириб берганида у ҳам ёқасини ушлагудай бўлган, қайнонаси Собира опадан кенжа овсини ҳақида, унинг “алламбало феъл-атвори” ҳақида эшитиб ишонгиси келмаган Карима, қайнотасидан юқоридаги хабарни эшитгачгина қайнонасининг ҳам айтиб берганлари афсона эмас, сассиқҳовузлик овсини, унинг кирдикорлари ҳақидаги рост гаплар эканига иқрор бўлганини худди кечагидек эслади. Эслар экан, келини Тоҳирадан қайнонаси Риҳси кампир ҳам норози бўлганлари, ҳаётининг сўнггини эса кенжа ўғли ва оиласи билан эмас, унинг қайнотасидан кейинги ўғли Абдуҳамид акаларникида ўтказганини, ўша ерда жон таслим қилганини ўйлаб: “Яхши бўлганингда Риҳси бувим Назарбекка кетиб қолармидилар? Яхши бўлганингда тўқсонга яқинлашиб қолган кампирни ўз уйига сиғдирган бўлардинг, яхши бўлганингда у киши Хончорбоқни ‒ ўз юртини ташлаб кетармиди, йў-ўқ, сен одам эмас экансан, одам эмаслигингни мана ҳозир яна бир марта кўрсатдинг!”, деб ичдан хулосалангандан-хулосаланди, шу билан бирга бу кўнглидан кечган ўйларни овоз чиқариб айтиб юбормадимми деган ташвишда дам рўпарасидаги Тоҳира сатангга, дам эса кўча эшикка хавотирли нигоҳда қарашини қўймади. Вужудидаги хавотирланиш ва қўрқув юрагига ҳам таъсирини кўрсатиб, чап кўкраги оғир, жуда оғир тошни кўтараётгандек зил-замбил ҳолга келиб, ўша ерида оғриқ билан бирга санчиқ ҳам турганини ҳис этди.

Шу пайт кўчадаги “Жигули” сигнал берди. Кўчадаги автомаркаб сигнали Кариманинг жонига ҳам оро кирганини шу дамда илғади, йўқса “мана ҳозир йиқилиб тушсам керак”, деб мулоҳазаланиб турганди, дабдурустдан у ўзини ўнглаб олганини сезди. Буни Тоҳира сатангга тик қарай олганидан англаб етди.

Ўғли берган сигнал овозини эшитган Тоҳира сатанг ҳам типирчилаб қолди. Уни шу дамда Кариманинг аҳволи эмас, балки Асқарнинг келмагани ва бу хонадондан олиб кетишни мўлжаллагани пулни ундиролмагани ташвишлантирар, шу боис ҳам ўзини қўярга жой тополмай:

‒ Менга қаранг келин,‒ деди, Кариманинг исмини айтишни ҳам истамаганини энсаси қотиб тишларида баайни данак чақаётгандай совуқ юзини бужмайтирганидан, чап қўлини паншаха тарзи кўтарганидан ҳам билиш қийин эмасди: ‒ Менга қаранг, эрингиз ҳали келадиган балога ўхшамайди! Баҳодир ўқишга шошиб турувди ‒ бугун кечқурун ё бўлмаса, узоғи билан эртага кечгача ўша пулларни бизникига олиб бориб берсин! Ўшанда доллар бирга-бир эди!.. Совет пули қадрли, бир сўмга бир доллар берарди! Менинг гапларимни тушунгандирсиз? Асқаргаям қандай тушунтирган бўлсам, шундай етказинг! Хўпми? Қўшиб-чатиб ўтирманг, унда иш бошқачасига айланиб кетиши мумкин-а?! ‒ деб огоҳлантирган бўлди-да, қўлидаги сумкасини шарақ этиб очиб ниманидир қидиришга тушди.

Унинг бир пайтлар дўконда ишлаганини, ўша кезлари Рашид ака бошқа бир ўқиган қизни оламан деб туриб бу Тоҳира сатангга йўлиқиб қолганини бирда қайнонаси Собира опадан эшитганди. “ Подшонинг ишқи қурбақага тушибди”, деганди ўшанда қайнонаси мана шу овсинини назарда тутиб, “Ҳақиқатда ҳам қурбақа экансан, вақиллайверасан-вақиллайверасан ‒ овсининг сен ҳақингда топиб айтган”, деди у ичида, Тоҳира сатангнинг қисиқ кўзларига, совуқ башарасига нечанчи бор нафратомуз боқиб. Унинг эски совет пулини долларга чақиши ва “мана бунча берасанлар”, деб дўқ уриши, худди булар еб, у қуруқ қолгандай қилаётган қўрс муомаласи иззат-нафсига қаттиқ теккани учун ҳам:

‒ Асқар акам келсинлар, айтаман барча гапларингизни, ўзлари биладилар нима қилишларини! ‒ деди Карима, ўз навбатида у ҳам бўш келишни истамади. Унга Тоҳира сатангнинг юқоридаги шарт қўйишлари қаттиқ ботган, шунинг учун ҳам бир жириллагиси, додини бериб қўйгиси, қайнотасидан эшитгани укаси Рашид дўкон ва унинг оиласи ҳақида, уларнинг бетамизлиги борасида бир-икки воқеани сўзлаб бериб унинг ҳам ўтакасини ёрмоқчи бўлди-ю, лекин талай мулоҳазаларга бориб ниятидан қайтиб, ўзини босмоқликни маъқул топди.

Туйқус Тоҳира сатангнинг қисиқ кўзлари янада қисилиб, учбурчакка монанд ияги қалтираёзди. Уй эгаси “менинг паст келмаганим оқибатида ана шу кўйга тушди” деб ўйламаслиги учун, боз устига, у ҳеч қачон у ёхуд эри Асқардан чўчимаслигини, бу ерда гап бўлак нарсада эканини намойиш қилиш мақсадида ўзини яна қўлга олгандай тарзда гавдасини ғоз тутишга уринди, сўзларида ҳам ана шу дадиллигини исботлашга ошиқиб истеҳзоли, зўрма-зўраки кулишга тиришиб:

‒ Ўзлари биладилар нима қилишларини дедингизми? Тағин ўзлари биладилар деб эрингизнинг ёнига поччамниям қўшиб юбориб ўтирманг, хўпми келинпошша?! ‒ дея гапнинг индаллосини айтган бўлди, айни чоқда Асқар билан бирга қайноғасининг ҳам судралиб боришидан, индамай борса гўрга эди, аммо катта тўпалангнинг, жанжалнинг уясини бошлаб боришидан чўчиётганини иложи борича сездирмай, ана шундай хаёлга бораётганини ҳам ошкор этмай, қўшиб қўйди: ‒ У кишининг алмисоқи гапларига Рашид акамнинг кўзлари учиб тургани йўқ! Биласиз-а келин?.. Поччамнинг алмисоқдан қолган гапларини тинглашни истамайдилар, яна устига, у кишини тоқат ҳам қилолмайдилар!

Карима бу аждарҳоларникига эри Асқарнинг ўзи ёлғиз боргудай бўлса, улар уни ямламай ютишларини жуда яхши билар, шу сабабдан ҳам қайнотаси Абдурасул аканинг бориши тарафдори эди; аммо бу фикр ундан чиқмаганининг олдини олиб қўйиш мақсадидда , ўзини оқлагандай бир оҳангда:

‒ Нега энди мен юборар эканман? Эркакларнинг ишига аралашганимни ҳе-еч кўрганмисиз, Тоҳира кеннойи?! ‒ деб ундан норозиланган бўлди.

‒ Йўқ, энди айтаман-да! Эрингиз Асқар пулни амакиларининг қўлидан олдими, бир ўзи бориб амакилари билан ҳисоб-китоб қилсин дейман-да!

‒ Қайнотам боришни истаб қолса, қандай қилиб борманг дея оламан! ‒ ўзини олдиндан оқлаб олмоққа тутинди Карима. Унга Тоҳира сатангнинг шарт қўйиши ёқмаганини шундоққина авзойидан ҳам билиш қийин эмасди.

Тоҳира сатанг тағин аччиқлангандай бир қиёфага кириб:

‒ Сизлар поччамга айтмасанглар, у қаердан биларди? Шунинг учун Асқарга айтинг, сал эркакларга ўхшасин, амакисидан пул олаётганида тепасида поччам турмаганди-ку! ‒ деб тушунтирмоққа уринди. У бу ишга қайноғасининг аралашишини сира истамасди, мабодо қария аралашгудай бўлса, улар билан ёқа бўғишишгача бориши мумкинлигини, пировард– натижада ака-укаларнинг муносабати яна ҳам ёмонлашиб, дўст-душманларнинг олдида шарманда бўлишлари ҳеч гап эмаслигини ҳозирдан пайқаётган, шунинг учун ҳам келини Каримани қайта-қайта огоҳлантириб, қайнотаси ўғли Асқарга эргашиб боришига тўсқинлик қилишга уни ундайверишда қўймаётганди.

Шу маҳал кўчада қолган ўғли яна “Жигули”сининг сигналини босиб-босиб чалавериши Кариманинг жонига оро кирди, йўқса у Тоҳира сатангга қаттиқ гапириб ҳовлидан қувиб чиқармоққа ҳам шай турганди, йўқ, иш бунгача бормади, жанжал илинжида ташриф буюриб, улардан мўмай пулни ундириб олмоқчи бўлган сатангнинг пайтавасига қурт тушаркан, ҳовлини тарк этиш асносида яна такрорлаб:

‒ Гапларимни қулоғингизга илиб олдингиз-а? Тағин муносабатларимизнинг пачаваси чиқиб ўтирмасин! ‒ деди-да, уй эгаси билан хайрлашишни ҳам ўзига эп билмай, ташқарига ошиқди.

Карима бир томондан қўшниларидан андиша қилгани важи, бошқа томондан эса, дарвозанинг эшигини жаҳл билан тарақлатганча ланг очиқ ҳолда ташлаб кетганини кўриб Тоҳира сатангни остонагача кузатиб чиқмади. У ўғлининг машинасига ўтириб жўнаб кетгандан сўнггина: “Бо-оо худо, осмон қўлингда бўлса ташлаб юбормайсанми? Ҳе-ее, сендақа сатанг таманнодан ўргилдим! Эрим сенларга не-не чинни буюмларни, не-не қандилларни, не-не кийим-бошларни, не-не тилла тақинчоғу бриллиант кўзли исирға ва узукларни олиб бериб қўйганлари, оч кўзларингни ана шу нарсалар билан қувонтирганлари ёдларингдан кўтарилибди-да! Ҳе, очофат бўлмай ўлларинг, ҳе кўролмаган кўзларинг ситилсин!.. Иложи бўлса, шу Асқарнинг сўнгги иштонини ҳам олиб кетсаларинг-да, а? Шунда сенлар тўясанлар, шунда тинчийсанлар шекилли?!”, деб дарвоза эшигини ичкаридан қулфлаб орқасига қайтди.

Анчагача ўзига келолмай ҳовлида уёқдан-буёққа юрди. Ҳадеганда кўз олдига Тоҳира сатангнинг совуқ башарасию косасидан чиқиб кетгудай қисиқ кўзлари, пулини талаб қилиш баробарида шаллақилик билан уни жеркиб ташлашлари, яна “қайнатангни бошлаб бормасин ‒ эрингга айтиб қўй”, дея шарт қўйишлари қаёқдандир хаёлига келиб унинг вужудида турли ғалаёнларни қўзғатди-ю, аммо бу ғалаёнларни ичига ютиш кераклигини, буларнинг ҳаммасини юрагига қаттиқ оладиган бўлса бирор-бир дардга ҳам чалиниб қолиши ҳеч гап эмаслигини ақли унга кўрсатиб, яна ишини давом эттириш мақсадида саваётгани жунлари тепасига келди. Қўли ишга бормаса-да, ўзини мажбурлаб қизил бўз устидаги беқасам кўрпачани берироқ суриб устига жойлашиб ўтирди, чап томонидаги тол хипчинларни икки қўлига оларкан, чала-ярим савағлиқ қолган ярми қўнғир-ярми қора-оқ жунлар уюмининг бир нуқтасига кўзларини қаратди. Хаёлидан шу дамда яна қайнонасининг бирда айтган гаплари ўтди: “Подшонинг ишқи қурбақага тушган экан-да! Қиз қуриб қолгандай, Рашид мана шу кўзи қисиқни уйга бошлаб келганини-чи?!” “Ҳа, ҳа, ‒ деди у ўзига-ўзи, ‒ қурбақадан ҳам баттари экан бу Тоҳира сатанг деганлари, ўтиб тушгани экан!..”, деб мулоҳазаланди, мазкур фикр-ўйлари ортидан бу ерга кўчиб келмасларидан бурун, Хончорбоқдаги эски ҳовлида яшаётган кезлари, бирда ширгуруч қилганида, қайнотаси Абдурасул ака: “Шундан бир косага солинг-да, устига озроқ сарёғ суртиб бувингизга олиб чиқиб беринг!”, деганида, девор-дармиён қўшни ҳовлида истиқомат қилувчи Риҳси кампирникига чиққанидаги ана шу кенжа келини Тоҳира сатанг билан боғлиқ бўлгани воқеа ёдига тушди…


6

Карима бу хонадонга иккинчи келин бўлиб тушганига ҳали кўп бўлмаган, ҳали тўнғич қизи Камола дунёга келмаган, ҳали қайноғаси Анвар ўз оиласи билан жой олиб чиқиб кетмаган, ҳали қайниси Акбар ҳам уйланиб улгурмаганди. Ҳали куз ҳам келиб улгурмаган кунларнинг бирида, қайнотаси Абдурасул ака атайлаб онаси учун пиширтиргани ширгуручни пахтагулли косага соларкан, у тунги сменадан қайтишда гузардаги нонвойхонадан харид қилгани иккита ёпган ноннинг бирини коса устига ёпиб, қўшни ҳовлига чиқди.

Карима кириб борганида ҳовлида уч-тўрт бола чуғурлашиб ўйнар, Риҳси кампир эса паст томондаги кўчага қараб қурилган узун айвон ва икки хонадан иборат уйларнинг тўрдагисида ‒ дераза рўпарасидаги ёғоч кароватида ўнг тирсагини сидирға кўк рўмоли билан боғлаб олган кўйи калта оёқларини чўзиб ўтириб, букчайганча болаларнинг ўйинини томоша қиларди.

Ҳайҳотдай ҳовлида болалардан бўлак ҳеч зоғ кўринмас, бу Карима учун айни муддао бўлиб, этак томондаги Риҳси кампир ўтирган уйга бехижолат, бехавотир, ҳеч бир истиҳолага бормай кириб боришига имкон берди. У айвон зинасидан кўтарилиб, тўр томонида катта, энли токчаси бўлган, ана шу токчага ўз замонасининг олди рангли телевизорларидан бири саналган “Радуга” жойлаштирилиб, хонанинг ягона арзирли жиҳозига айланган нисбатан кичикроқ биринчи уйдаги қўштабақа эшик орқали ичкарига ўтди. Қайнона бувисига салом берди.

Ўнг қўли тирсагидан рўмол билан боғлаб қўйилган Риҳси кампир неваракелинининг саломига алик олди. Карима устига нон қўйилган косада овқат олиб чиққанини кўриб, ўтирган ерида тебраниб қўяркан:

‒ Келинг болам, нега овора бўлиб овқат кўтариб чиқдингиз? ‒ деди, ўзининг ўтириш аҳволидан ўнғайсизланди. Елкасига тушиб кетаёзган мошранг пешонабоғини чап қўли кўмагида бошининг олд қисмига сурар экан, рўмоли билан юқорига кўтарилган бир тутам сочлари учидаги чўлпиларни елкаси баробарида пастга тортиб қўйди. Бу ишларни аранг бажарганидан ёшгина келини олдида ўзини дардисар санади.

Карима қўлидаги ширгуручли косани каравот рўпарасида турган курсига қўя солиб, кампирнинг пешонабоғини яхшилаб тўғирлади-да, ўнг елкаси томон сурилиб қолган чўлпиларни бир текис силаб рўмол тагига киритиб қўйди. Сўнг эса Риҳси кампирни оҳиста қучоқлаб сўрашаркан:

‒ Овораси борми буви! Ўғлингиз … дадамлар атайлаб сиз учун ширгуруч пиширтирдилар. Шуни совиб қолмасидан сизга опчиқувдим, ‒ деди, тағин кампирнинг ўтириш аҳволига ачиниб ўнг кифтини силади, юзида ҳам ана шу ифодани акс эттириб сўради: ‒ Мана бу қўлингизга нима қилди? Мана бу тирсагингизни айтаман-да, буви?!

Риҳси кампир неваракелини унга астойдил ачинаётганини кўриб, унинг олдида ноқулай аҳволда қолди. Нима дейишини ҳам билмай гарангсиради, чор-ночор чучмал бир тарзда:

‒ Ҳа, қаричилик-да энди, сал қоқилиб кетдим, ‒ дея ёлғон сўзланди. Шу дам кўзи ёстиғи устида турган қизил баҳмал жилдли Қуръонга тушиб, ўзининг ёлғон сўзлаганидан хижолатланиб, ҳақиқатда нима юз берганини айтмоққа тараддудланди-ю, бироқ журъат қилолмади, лабини тишлашга мажбур бўлди.

Карима қайнонабувиси ҳақиқатни яшираётганини сезди. Шу сабадан ҳам кўп тиқилинч қилмади, токчада турган катта оқ лас сочиқни Риҳси кампирнинг тиззасига солиб қўяркан:

‒ Келинг буви едириб қўяман, ‒ деб яна қўлини токча томон чўзиб, у ердаги оқ косанинг ичида турган кумуш қошиқни қўлига олди, уни оқ лас сочиқнинг бир чеккаси билан артди-да, ёпган нондан икки-уч бўлак ушатди. Пахтагулли косадаги ширгуручдан қошиқда ярим қилиб тўлдириб, энди кампирнинг оғзига тутишга чоғланганди, у невара– келинини тўхтатди-да, астойдил эътироз билдиришга тушиб:

‒ Ўзим манави чап қўлимда еявераман, ўргилай, ‒ деди, пича ўзини ноқулай ҳис этиб довдирашгача борди, каловланди. Аммо ҳеч иложини тополмади, боз устига, чап қўлда қошиқ ушлаш мусулмончиликка тўғри келмаслиги туфайли, яна Кариманинг олдида бундай қилишга бети чидамаганидан ҳам ичдан сиқилди.

Карима унинг ноқулай аҳволда қолганини пайқаб, ҳадеганда:

‒ Овораси борми буви, сизга хизмат қилишдан фақат хурсанд бўламан, ‒ дейишини қўймай, кампирнинг кўнглини овлаган бўлиб, қошиқдаги ширгуручни чор-ночор унинг измига бўйсунган Риҳси кампирнинг ярим очиқ оғзига суқди. Сутли бўтқанинг таъми унга маъқул тушди чоғи, аста-секин уни ейишга киришди.

Пича ўтиб, коса яримлагач, Риҳси кампир “етар” дегандай ишорада неваракелинининг билагидан ушлаб:

‒ Раҳмат болам, анча едим, бундан ортиғи мана бу хурмачага сиғмайди, ‒ дея қорнига ишора қилиб мийиғида кулди, ортидан эгнига кийгани одми мошранг штапел кўйлагининг этагига тўкилган бир-иккита нон ушоғини чап қўлида терган бўлиб, Карима узатган ликопчага ташлади, кўйлагининг этагини тўғрилади ‒ ана шу хатти-ҳаракатларидан ҳам хижолатланганини юз ифодаси ила ошкор этди.

Карима унинг хижолатланаётганини яхши пайқагани важидан:

‒ Ҳеч бир ташвиш чекманг, буви! Чой ичасизми? Чой келтириб берайми? ‒ деб манзират қиларкан, токчанинг миёнасида турган кўк атласгулли чойнакка нигоҳини қаратиб ҳам улгурмасидан, кампир уни тўхтатиб:

‒ Ана шу чойнакда янги дамланган чой бор, шундан бир пиёла қуйиб берсангиз бўлди, ‒ деди, ортидан қўшиб қўйди: ‒ Сиз келишингиздан сал илгари неварам дамлаб берувди, Мадина мактабга кетаётганида дамлаб бериб кетганди…

Карима токчадаги тагида оқ ликопчаси бўлган чойнакни эҳтиётланиб, Риҳси кампирнинг жароҳат етган ўнг қўлига тегиб кетмаслик учун унинг оёқ томонига сал сурилиб, шунда ҳам ўша томонга оҳиста эгилганча шошилмасдан ликопчаси билан бирга олиб коса ёнига қўйди. Яна эҳтиёткорлик билан токча бурчидаги иккита шундай атласгулли пиёлалардан бирини олиб, фамил чойни ярим қилиб тўлдириб бувисига ичиришга шайланганди, Риҳси кампир эътироз билдириб:

‒ Йўқ, ўзимга берақолинг болам, жуда уят бўлиб кетди, мана бу қўлимда ичавераман, ‒ деб чапини назарда тутди-да, неваракелинидан илгари унинг қўлидаги пиёлани олиб чойни ҳўплашга киришди. Уч-тўрт марта ҳўплагач, пиёлани Каримага қайтариб бераркан, ўзининг аҳволи айтарли аянчли эмаслигини сездириш, боз устига, шу кўйда ҳам кўнглига ҳазил қилиш сиғаётганини кўрсатиш мазмунида пиқиллаб кулиб қўйиб: ‒ Одам қариганида чойниям кўп ичишдан қўрқиб қоларкан айланай, ҳалиги жойга югуртиради-да! Етиб борсанг майлику-я, аммо ярим йўлда “ишни бажариб” юборсанг ана томоша! ‒ деди, яна кулиб туриб неваракелинига қаради.

Унинг сўнгги гапидан Карима ҳам хахолаб кулиб юборди. Ортидан эса ўзини босиб қололмаганидан хижолатланиб:

‒ Жуда гапни боплайсиз-да, бувижон! Кулмайман десамам кулдириб юбордингиз! ‒ деб кампирнинг антиқа хусусиятини эътироф этди, шунинг баробарида унинг мана бу ўтириш аҳволига ичдан ачинаётганини ҳам кўзларига чўкиб улгурган ғам-андуҳдан, нигоҳидан сездирган бўлди.

Риҳси кампир шу ёшда ҳам ҳушёрлигини ҳали йўқотмаган эди, у неваракелинининг сўзларидан ҳам бурун нигоҳидаги унга нисбатан ачиниш ҳиссини жуда яхши илғагани учун юраги ғалати уриб кетди. Тўгаракка мойил серажин, бужур юзидаги табассум қанчалар тезда пайдо бўлган бўлса, яна шунчалар тезда ғойиб бўлиб, ўрнини аянчли бир қиёфа эгаллади. Мунчоқдай жажжи қора кўзлари мунгли тусга кириб, фариштаси борлиги шундоққина кўриниб турган юзига ғам чўкди. У ана шу ғамдан иложи борича тезроқ қутулиш мақсадида юрагида фасод боғлай бошлаган дардини ёрилишга жазм этиб:

‒ Тирсагимга нима қилганини ҳеч кимга айтмаётгандим-ку, аммо сизга айтиб бераман Карима қизим! ‒ деди, шу сўзларни айтиб бўлгач, хавотирли бир нигоҳ билан ҳовлига қаради ‒ бу томонга ҳеч ким келмаётганига, болалар ҳали ҳам алюмин рангдаги ялтироқ бўёқ суртилган катта қафасдаги товуслар атрофида ғужғон ўйнаб бақир-чақир қилишаётганини кўриб хотири жам бўлиб, оғриғини хийла сеза бошлагани ўнг тирсагига қараб, ўша ерини соғ қўли билан силаб туриб сўзида давом этди: ‒ Қўлимни мана бу еридан чиқариб юборган келиним Тоҳира бўлади! Ҳа, ҳа, ана шу сатанг, ана шу офат мени мана бундай аҳволга солиб ўтирибди!.. ‒ кўзларига дарров ёш қуйилиб келди Риҳси кампирнинг, у яна тирсагини бир-икки силаб қўйди.

Карима унинг ёзғириғини эшитиши ҳамоно ёқасини ушлаб қолди. Кампирга ич-ичдан ачиниб елкасини силаб қўяркан:

‒ Йўғ-э!.. ‒ деб юборди, ҳали ҳам бу сўзларга ишониб-ишонмай ўнг кафтини кўкрагига олиб бориб “астағфируллоҳ” деб қўйди, ортидан сўради: ‒ Келинингиз қилдиларми бу ишни?!

‒ Айтсам ишонмайсиз, ўша мегажин шу ишни қилди деяпман-ку! ‒ йиғламсиради Риҳси кампир, ўзини сал босиб олиб, Каримага “чойдан беринг” ишорасини қилди. У узатган чойдан ҳўплаб олгач, сўзида давом этиб: ‒ Қаёқданам ҳув анави сандиқ ўлгурни унга очдирибман, ҳали-ҳали афсусланаман-да! ‒ деб хона тўридаги ‒ тепасига қўнғир рангли узун драпп адёл тутиб қўйилган, пастида эса анчайин занглаган алмисоқи сариқ сандиқ кўриниб турган таҳмонга ишора қилди. Неваракелини ҳам ўша ёққа диққатини қаратаётган бўлгани учун: ‒ Ўшанинг ичида бир пайтлар Шокир бувангиз Оренбургдан сотиб олиб келган қундуз терили телпак бор эди-да!.. ‒ деди.

‒ Аёлларникими буви? ‒ қизиқиш билан унинг сўзини бўлди Карима. ‒ Қундуз терили қалпоқ кўпинча аёлларга тикилади!

‒ Ҳа, ўзиям алламбало телпак-да! Тоза мол ўлмас экан! ‒ яна тахмон томон кўз қирини югуртирди Риҳси кампир. ‒ Бир пайтлар куядори сепиб ташлагандим, ҳалиям ўзидай турган экан-да!..

‒ Ҳозир, шу кунда яна ана шундай қалпоқ кийиш модага киряпти-да, буви! ‒ билағонлик қилди Карима, Риҳси кампир у сўзларини охиригача эшитмаганидан норози бўлгандай қараб қўйганини сезгач, ичдан ноқулайлик ҳис этди, бу хижолатланиш унинг ташқи авзойида ҳам ўз аксини топди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации