Электронная библиотека » Аббос Саид » » онлайн чтение - страница 8

Текст книги "Қазои Қадар"


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 09:40


Автор книги: Аббос Саид


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 8 (всего у книги 23 страниц) [доступный отрывок для чтения: 8 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Унинг миннатли ва айни пайтда аччиқ таънали сўзларидан укаси Рашид дўкон тутаб кетди. Ҳатто унга акасининг юқоридаги таъна-маломатидан сўнг уйда ҳаво етишмаётгандай бўлиб кўринди. Шу боис олимпийкасининг замогини пастга тортиб олдини очиб юбораркан:

‒ Уйни берган бўлсангиз, эвазига тўрт бурчакли яхши ҳовлини олгансиз! Бизнинг ҳовлини қаранг, учбурчакка ўхшаб қийшайиб ётибди!.. ‒ деди зарда билан, қовоғини яна ҳам солиб олди.

Ҳалидан бери чурқ этмай уларни кузатаётган Акбарга амакиси Рашид дўконнинг сўнгги сўзлари қаттиқ таъсир этди. Ғайришуурий тарзда мийиғида кулиб қўйиб: “Ўзинггам ана шу ҳовлингга ўхшаган учбурчак қийшиқсан-да! Бекорга хончорбоғликлар сени Рашид дўкон демас экан! Сен Рашид дўкон эмас, Рашид пўконсан!”, деб хулосаланган бўлиб, уни яна ичдан мазах қилди. Сўнг эса: “Манави сатанг хотининг ҳам, анави такасалтанг Жавлонинг ҳам, барча-барчаларинг бир тийинга арзимас матоҳ… матоҳсанлар”, дея юқоридаги фикрига қўшимча қилиб қўяркан, ана шундай нокаслар билан пачакилашиш бефойда эканини сезиб, аввал акасига, кейин отасига қараб сўзланиб:

‒ Дада, бўлди, пулларини бердик, энди турайлик! ‒ деди-да, ўнг томонидаги акаси Асқарни туртди.

Акаси Асқар ҳам амакисидан ўпкалангандай бир овозда:

‒ Мен анча пул бердим, Рашид ака-аа! ‒ деди, “ака” сўзидаги охирги “а” ҳарфини икки-уч карра чўзиб талаффуз этишида ҳасрат-надомат оҳанги бор эдиким, бу орқали у “сенларга яхшилик қилган мен ўзим нодон эканман!” деган бир яширин мазмунни ифодалаган бўлганди, ана шунинг учун ҳам укасининг ишорасидан сўнг қўлни ювиб қўлтиққа ургандай тарзда отасидан аввал ўрнидан қўзғалди.

Абдурасул ота ҳам юзига фотиҳа тортиб-тортмай кенжа ўғли Акбарнинг кўмагида ўрнидан қўзғалаётганида, келини Тоҳира сатанг баайни бойлиги ёнидан узоқлашаётганига ташвишланаётган, ташвишланишдан ҳам бурун таҳликага тушаётган одам қиёфасида, ундан ҳам аянчли авзода дам Асқарга, дам эса кенжа ўғлининг тирсагидан ушлаб олган кўйи “ҳаммасига сен сабабчисан!” дегандай унга нафрат ила боқаётган пажмурда гавдали Абдурасул отага аламли термулиб:

‒ Долларга чаққанда бирга-бир беришинглар керак эди, бизга кам ташлаб кетяпсизлар! ‒ деб жириллади.

‒ Ҳамма гапирсаям сиз жим ўтиринг!.. ‒ ўнг қўлининг кўрсатгич бармоғини келинига бигиз қилиб ништардек ўқталди Абдурасул ота. ‒ Сизнинг кимлигингизни мен жуда яхши биламан!

‒ Ким эканман? ‒ яна жанжал кўтармоққа чоғланиб ўдағайлади Тоҳира сатанг. ‒ А, сиздан сўраяпман, ким эканман?!

Абдурасул ота: “Сен ўғрисан! Боғчанинг бутун таомларини, болаларнинг ризқини уялмай-нетмай, бетингга чарм қоплаб олиб анави хуласахўр отангга, бетайин синглиларингга ташиб битирдинг!”, демоқликка чоғланди-ю, бироқ жанжал авж олиб кетиши мумкинлигини тасаввур қилиб, шахтидан қайтди.

‒ Ўзингиз биласиз кимлигингизни! ‒ дейиш билан кифояланди.

Бу сафар келини Тоҳира сатанг чурқ этмади, чурқ этмади-ю, лекин эри ва ўғли Жавлонга нигоҳини қаратиб: “Бу сассиқ чол нима демоқчи? Менга бирор-бир айб тақамоқчими ўзи? Бизнинг мана бундай аҳил-иноқлик билан яшаётган ҳаётимизни издан чиқариб, орамизга нифоқ солиш нияти борга ўхшайди-ку, бу яшшамагур қурумсоқнинг!”, деган маънони ифодалаб қайноғаси Абдурасул отадан норози эканини, юқорида айтган сўзлари, уни айблашга уринишлари уйдирмадан бўлак нарса эмаслигини сездиришга уринди. Ҳарҳолда у шунинг учун ҳам атрофдагиларга елкасини қисиб таажжубланганча қараб оларкан, нафақат яқинларига, балки Асқар ва Акбарга ҳам отасининг унга тақамоқчи бўлган айби нимадан иборат эканини ҳеч ҳам тушунмаётганини, тушунишни истамаётганини намойиш этиш билан ўзини оқламоққа, ана шу йўл билан сувдан қуруқ чиқмоққа интилгандиким, буни ўзиникилар тушунмаса ҳам, қайноғаси Абдурасул ота ва ўғиллари жуда яхши пайқадилар, у ролни “аъло” даражада бажариб, яқинлари ўртасида ўзинининг “оппоқ” эканини намойиш қилиши билан пихи қайрилган бир аёл эканини, шайтонга ҳам дарс бера оладиган даражада айёрлигини ота-болалар дил-дилдан англаб, ана шунга иқрор бўлиб турардилар.

Рашид дўкон уларни ташқаригача кузатмади. Абдурасул отанинг хотинига айтган таънали сўзлари нафсониятига қаттиқ теккан, шу боис акаси ва жиянларидан хафсаласи пир бўлиб ҳовли миёнасигача бирга борди, уёғига юришни истамай:

‒ Тоҳиранинг гапларида жон бор, долларга чаққанда берган пулинглар тўғри келиши керак эди, ‒ дея акасига эмас, унинг орқасида кетаётган Асқарга маълум қилиб норозиланди.

Асқарга бу сафар амакиси Рашид дўконнинг сўзлари қаттиқ тегди. “Недукур, сен мени алдаб кам бериб кетяпсан демоқчими?”, деб ичдан унинг сўзлари мағзини чаққан бўларкан, ўзининг ҳам ана шу амакисига ўтказиб қўйганлари, айниқса ҳар икки марта қамалганида судма-суд югурганлари, қамоқма-қамоқ озиқ-овқат, кийим-кечак, яна бошқа сўратган нарсаларини топиб олиб боришга саъй-ҳаракат қилганлари кўзи ўнгига келиб кетиб, амакиси унинг қадамларини эмас, қадрини билмагани важидан:

‒ Мен судма-суд, қамоқма-қамоқ Жалол акамнинг орқасидан югурганим йўқ, биласиз-а?! ‒ деди, бу билан бир томондан ўша пайтларда қамалган бегона қўшнисининг кетидан югурмаганига ишора қилаётган бўлса, бошқа томондан: “Сен мени анави адвокат жазманинг икковингнинг ораларингдаги яширинча муносабатинг учун ҳам тоза югуртиргансан! Шуларни унутиб юбордингми?!”, деган бўлганди.

Рашид дўкон жияни Асқарнинг юқоридаги сўзларидан сўнг чурқ этолмай қолди. “У бир томондан “бегона учун эмас, сенинг ортингдан югурдим”, деяётган бўлса, иккинчи томондан “анави жазманинг Гулбаҳор икковинг учун югурдим”, демоқчи бўляпти! Ҳа, ҳа, у бекорга “биласиз-а?” деб менга шаъма қилаётгани йўқ, у ана шунга ишора қиляпти, аммо-лекин бу юмшоқ-супурги Асқар тутган жойидан “хиппа” олди, нақ ҳиқилдоғимдан “хиппа” бўғди!”, деган мазмундаги ўй-фикрларга борар экан, нафақат биринчи бор, балки иккинчи марта қамалиб қолганида ҳам адвокат жазмани Гулбаҳорга мактубларни ана шу жияни Асқар орқали бериб юборганларини, унинг жавоб мактубларини эса яна шу орқали қайтиб қўлига олганларини эсларкан: “Асқар ўшани назарда тутяпти, шуниси унга ҳаммадан ҳам алам қилиб кетганга ўхшайди! Ишқилиб очиқчасига айтиб юбормасин-да!”, деб мулоҳазалангани учун ҳам ортиқ тиқилинч қилавермай, хотинининг олдида сири фош бўлиб қолишидан қаттиқ чўчиб, бу сафар уларни кўчага довур кузатиб чиқишни ўзига эп билди. Шунинг учун ҳам акаси Абдурасул отанинг қоп-қора бароқ қошларини паст-баланд чимириб келинига ола қараши баробарида укасига юзланиб:

‒ Сен нарёқда ўтирганингда бу шўртумшуқ хотининг дадам раҳматлига писта қовуртириб соттиришгача мажбур қилган, ҳа, ҳа, бунингда яхшилик йўқ! ‒ деб илгари айтмаган, айтиб оиласини бузиб юборишдан чўчигани янгиликни унга хабарлаб огоҳлантиришига ҳам аҳамиятини қаратмади, у шу дамда ўзининг сири фош бўлиб қолишидан қаттиқ қўрққани боис, хотинининг отасига ўтказган зулмини шунчаки турмуш тақазоси сифатида қабул қилганди. “Бола-чақамизнинг оч қолишидан чўчиб дадамга писта соттиртирган бўлса бордир-да!” , деб мулоҳазаланиш билан кифояланганди.

Акбар отасининг юқоридаги сўзларидан сўнг кенжа амакисининг авзойида ўзгариш сезмагач:

‒ Ўтган ишларни қўйинг, дада, ‒ деди, шу аснода: “Булар учун бу гапларнинг сариқ чақалик аҳамияти йўқлигини кўряпсиз-ку! Нега тушунмайсиз, ахир? Уларни нима қизиқтираётганини билсангизам дақюнусдан қолган гапларни қўзғайсиз-а!..”, деган йўсинда отасидан ижирғаниб акаси Асқарга қаради, бу ҳам етмади чоғи, Абдурасул отанинг ўзига ҳам хўмрайишини қўймади.

Асқар укаси Акбарнинг отасидан ранжиб унга шикоятлангандай нигоҳ қадашига ва ортидан отасининг ўзига ҳам ранжиганлик аломатини сездириб хўмрайишига аҳамият бермади. Чунки Асқар шу дамда амакиси Рашид дўкон унинг юқоридаги илмоқли, пичинг тарзидаги, лекин ўзига жуда адолатли кўринган, юрак-юрагидан отилиб чиққан сўзларидан сўнг анчайин кичрайиб, чурқ этолмай қолганини жуда яхши пайқади. Йўқса, Рашид дўкон хотинини шу дамда ўзи бемеҳр санагани акаси Абдурасул ота “шўртумшуқ” деб ҳақоратлагани учун “боплаб таъзирини бериши” ҳам мумкинлигини, ана шундан ҳам тоймайдиган бир нокас сифатли эканлигини Асқар жуда яхши биларди. Шунинг учун отаси ва укаси Акбар ҳовлини тарк этишларини пойлаб туриб, улар ташқарига чиқиб кетишлари замони остона ҳатлаб улгурмаган Рашид дўконнинг “нозик ери”дан олганини жуда яхши фаҳмлаб:

‒ Майли Рашид ака, кўришгунча, ‒ деди, амакисининг ранги ўзгарганини, бояги важоҳатидан асар қолмаганини, ҳатто бир оғиз сўз айтишга мажоли етмаётганининг шоҳиди бўлгач, “Кў-ўп нарсалар ёдингга тушди шекилли сен номарднинг! Йўқса бундай сувга тушган бўлка нондай юмшамасдинг, шалвирамасдинг! Менинг хотирамгаям сен ва сенинг ҳаётинг, қилган ва қилиб юрган ишларинг ҳақида кўплаб нарсалар келяпти!”, дея ичида ўзига-ўзи сўзланиб, маълум маънода бу оиладагилардан, хусусан, амакиси Рашид дўкондан ва аммаваччаси Қурбат, ташқарига уларни кузатиб чиқишга журъати етмаган кеннойиси Тоҳира сатанг-у унинг болаларидан маънан устун эканини англаб етиб, ана шу англагани учун ҳам бошини эгиб эмас, бошини баланд кўтариб , кўкрагини ғоз кериб одимларкан, уларнинг ортидан нима дейишини билмай туриб қолган Рашид дўконга томон ўгирилди. Унинг ўзига ўхшаган бойвачча дўкондорларга ҳозирда урф бўлган “олимпийка” спорт кийимида анчайин чўкиб, гарангсираган қиёфада ер чизиб турганини кўргач, ана шу бадбахтнинг мушкулини осон қилиш йўлида неча ойлаб зир югурганлари, чеккан машаққатларию заҳматлари бирин-сирин ёдидан ўтиб, хотирасида жонлана борди…

9


Норҳол момони “Жигули ‒ 06” русумли автомаркабида уриб юбориб, пировард-натижада унинг ҳалокати туфайли бир неча йил қамалиб чиққач, Рашид дўконнинг омади яна чопиб иши юришиб кетди. Шариф Юнусовга яқин бўлган қайсидир бир комфирқачи амалдорнинг кўмагида Туркман бозори атрофида дўкон очиб, уч-тўрт йил ичида яна ўзини ўнглаб, тутқунлик йилларида кўрган-кечирганларини ва оиласидаги етишмовчиликларни фармуш қилиб, тағин жарақ-жарақ пул топиб босар-тусарини билмай қолди.

Шу орада тошкентлик цехчи жуҳуд Манолис фамилияли кас Лев Толстойнинг қимматбаҳо узугини сотиб олиб хорижга ўтказиб юбораётганида Давлат Хавфсизлик Қўмитаси ходимлари томонидан қўлга туширилди. Кейинчалик, Бешоғоч даҳадаги Чақар мавзе, Мурконкўча маҳалласида соатга занжир-тасма ясайдиган цехда ишлагани сабаб бошқа кирдикорлари ҳам очилиб, маҳаллий дўкондорлардан бир қанчасини ҳам тортиб кетди.

Ҳафтанинг беш иш кунида Тошкентда истиқомат қилиб, жума куни кечга томон Москвага учиб кетиб, икки дам олиш кунини Тула яқинидаги ўрмонда ‒ дала ҳовлисида ўша ерлик жуҳуд ошналари даврасида “қиттак-қиттак” устида” ўтказишни хуш кўрадиган, қисқа муддатли ҳузурбахш суҳбатлар; қуён, ўрдак, тустовуқ овидаги лаззатли онлар таассуроти ила ҳафта мобайнидаги ташвишлар, чарчоқларни унутган ҳолда яна душанба куни саҳармардон биринчи рейсли учоқда ишга қайтадиган Манолис ўзининг ориқ, бўйчан гавдасига мутаносиб тушган тимсоҳ терили жигарранг дипломатини кўтариб шаҳарнинг бир неча дўконларига цехининг маҳсулоти ‒ шўро даврининг пулига чаққанда етти рубллик соат тасмасини топшириб юрарди.

Унинг кичиккина бир дипломатига сиққан маҳсулотини ҳамтовоқлари ‒ Туркман бозори биқинидаги “Ташгалантерияторг”га қарашли бўлган савдо шаҳобчасини ўзининг саъю ҳаракатлари ва маблағи эвазига ишга туширишга эришган Рашид дўкон ҳам олиб турарди…

Нима бўладию шанба кунларининг бирида, ҳали Хончорбоқда тонг отмаган, ҳали Тахтапулга яқин Моғолкўчадаги жомеъ масжидида бомдод намозига азон айтилмаган, азон айтишга масъул сўфи ҳам уйғониб улгурмаган бир паллада, тунги соат уч-уч яримлар атрофида Асқарларнинг кўча эшиги, бироздан сўнг эса у ётган уйнинг кўчага қараган икки табақали деразасини икки номаълум киши галма-гал тақиллатди. Асқар бошқаларни уйғотиб юбормаслик учун иш юзасидан командировкага кетган акаси Анварнинг беқасам тўнини елкасига ташлаб айвон орқали йўлакка тушди-да, девордаги хира чироқни ёқиб, тор йўлка билан хошиясига кўк, қолган қисмига эса яшил бўёқ суртилган якка табақали тахта эшикка яқинлашиб, тамбасини кўтармасдан туриб: “Ким у?”, деб сўради, ҳадеганда жавоб бўлавермагач, “Ким ўзи сизлар? Нега бемаҳал безовта қиласиз?!”, деб норозиланди. Бир пайт ташқаридан: “Биз Давлат Хавфсизлик идорасиданмиз! Эшикни очинг, қўшнингиз Рашид Шокировнинг иши юзасидан!”, деган йўғон, палағда овозни эшитиб эсхонаси чиқиб кетди, баайни юраги товонига довур тушиб кетаёзди, нима дейишини, нима қилишини билмай гаранг бир ҳолатда қолди. Шу дамда қандай қилиб амакиси Рашид дўконни огоҳлантиришни ҳам билмади, телефон қилиб дараклагудай бўлса ташқаридагилар сезиб қолишидан қўрқди. “Рашид амакимнинг дўконида бирор кор-ҳол юз берган кўринади!”, деган хулосага бориб, шунда ҳам ўзини қўлга олишга тиришиб: “Бизнинг улар билан нима алоқамиз бор?!”, деди арзирли жавоб қилиб, аммо юраги дук-дук ураётганини, оёқлари қалтирай бошлаганини аниқ ҳис этди. Амакисини қаттиқ яхши кўргани важи ташқаридагиларга эшикни очмади, эшикни очишни истамади ҳам. “Сизларнинг улар билан алоқангиз йўқ, лекин биз уларникига кирганимизда гувоҳликка ўтинг деймиз-да!”, деди ташқаридаги йўғон, палағда овозли киши, ортидан ёнидаги шеригига бир нималар деб ғулдуради, бунга жавобан ёнидаги киши уникидан юмшоқроқ, аммо қатъий оҳангда бир нималар деб рус тилида сўзлади. Шу дамда Асқар Республика Ёшлар газетаси таҳририятида ишлайдиган, газетхонлар ва адабий жамоатчилик эътиборига тушиб улгурган акаси Анварни эслаб қолиб: “Биз бундай ишларга аралашмаймиз, менинг тўнғич акам катта бир органнинг газетасида ишлайди!”, деди. “Ундай бўлса темболий бизга ёрдам беришингиз керак!”, деди ўзбек тилини бузиб гапираркан иккинчи овоз, шундан кейин у шеригига яна рус тилида нималарнидир тушунтираётганди, Асқар унинг нима деяётганини иложи борича уқиб олишга уриниб вужуди қулоққа айланаркан: “Бу русдан кўра татарга ўхшайди, ҳа, ҳа, русчаниям бузиброқ гапиряпти, бу татар бўлиши керак, ўрислар ўзбек тилини бунчалар сўзлолмайди”, деб мулоҳаза юритди, айни дамда ташқаридаги орган одамининг миллати билан қизиқиш хаёлига қайдан келганига таажжубланиш баробарида ҳалиги овознинг иккинчи бор эшикни очишни талаб қилиб огоҳлантиришидан чўчиб кетиб: “Ҳозир газетада ишлайдиган акамни уйғотиб чиқаман, ана унда бу воқеадан нафақат бу атроф, балки бутун шаҳар хабар топади!”, деб ўз навбатида у ҳам эшиги тагидагиларни қўрқитган бўлганди, ҳалигилар ташқаридан: “Бўлмаса уйингиздан қўзғалманглар, биз қўшнингизни ҳибсга оламиз”, дейиши ҳамоно Асқарнинг эсхонаси чиқиб, бошидан ҳуши учаёзди, юраги тағин товонига қадар тушиб кетгандай бўлди. Аммо тезда ўзини қўлга олиб, югургилаб ҳовли адоғидаги юқорида эски болхонаси бор бўлган онасининг уйига кириб, эшик орқасига ‒ деворга маҳкамланган осма телефон орқали амакисининг рақамини терди. Пичадан кейин кеннойиси Тоҳира гўшакни олганида, вужудидаги қўрқув аралаш сал илгариги воқеани шоша-пиша дараклаётганди, қўшни ҳовлида қўнғироқ жиринглаганини, кеннойиси ҳам гўшакни қўйганинию кўп ўтмай ўшаёқда ғала-ғовур, қий-чув кўтарилганини эшитиб у ҳам осма телефон гўшагини жойига қўя солиб ҳовлига отилди…

Ўша куни Рашид дўконнинг уйини обдан тинтишгани, кеннойиси Тоҳира сатангнинг уларга бўй бермай чирқиллагани, тонгда эса эрини ҳарбийларникига ўхшаш мошранг “Газик” русумли усти ёпиқ махсус автомаркабга қўлини орқасига боғлаб ўтқазишаётганида, Асқарга уйдагиларидан хабардор бўлиб туришини тайинларкан: “Қаерга олиб боришлариниям билгин, иложини топиб киришга ҳаракат қиларсан!”, деди-да, ён-атрофда уйидагилардан ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилиб қараб қўйиб, яна бир муҳим нарсани унга даракламоқчи бўлганида, автомаркабга уни ниқтаб-ниқтаб чиқаздираётган ҳалиги йўғон овозли майор погонили ҳарбий киши бўлак гапиртирмади, эшикни бор кучи билан ёпиб, Рашид дўконни икки томондан қўриқлаганча ўрталарига ўтирғиздириб, ҳали асфальтланмаган кўчанинг чангини тўзғитиб ғизиллатганча олиб кетишди.

Формалилар олиб кетишганидан икки кун ўтгач, Рашид дўконни Тоштурмага қамашгани, у билан бирга ўринбосари, кесакқўрғонлик Асрор уйғурни ҳам ортидан ўша ерга олиб боришгани маълум бўлди.

Асрор уйғур Асқарнинг тўнғич акаси Анвар Шокир билан бир синфда ўқиган Шавкатнинг қайнотаси эди. Жиянининг қайнотасини ишга олишни Рашид дўконга Шариф Юнусов тавсия этган, аммо у Анварни Ёшлар газетасидан ишдан бўшатиб юборганидан буёқ Абдурасул ака билан ораларига совуқчилик тушиб улгурган, бу совуқчилик илгаритдан ҳам бор эди-ю, бироқ Абдурасул ака Шарифни болалигидан бери билгани, акаси Шароф Калладор билан ёшликдан ошна бўлгани учун бунга унчалар аҳамият бермай юрарди. Буёғини суриштирилса, худди ана шу акаси туфайли ҳам бу ҳеч нарсада йўқ ‒ болалигидан бери каптар учириб, ҳали Тахтапулда, ҳали Жанггоҳда хўроз уриштирувчи ишёқмас чапанилар даврасида ўралашиб юрган, маълум маънода ўшаларнинг нуқси уриб улгурган, қалин жингалак сочларини махсус ёғда ялтиллатиб олиб ғўдайганча икки қўли чўнтагида ҳуштак чалиб томма-том учиб-қўниб юрган каптарларга анграйишини қўймайдиган Шариф кейинчалик ўсиб-улғайиб, акасининг таъсиридами, ёки бўлак сабабдан илм қилмоқ кетига тушиб, ана шунга уриниб юрган кезларида гарчанд журналистлик ўқишида ўқимаган эса-да, таниш-билиш, ошна-оғайнигарчилик орқасида бир амаллаб ҳуқуқшуносликка кириб у ерни битириб чиққач, ўз соҳаси бўйича ишлолмай мана бир неча йилдан бери Ёшлар газетасини бошқариб келаётганди. Тўғри, у ўша пайтлардаёқ, акасидан ташқари шўро тузумида катта мавқе орттирган, наинки матбуот ёхуд илм даргоҳида, балки Ёзувчилар Уюшмасида ҳам ҳал қилувчи овозга эга бўлган, ўша давр шўро мафкурасининг яловбардорларидан бирига айланиб улгурган Маркс Темирович билан ҳам устоз-шогирд тутиниб, унинг яқин гумашталаридан бири сифатида танилгани сабаб, бирор-бир асар уёқда турсин, бирорта мақолани қойиллатиб ёзолмаган, бундай иқтидордан маҳрум эса-да, “қайсидир бир йўллар билан” таржимонга айланиб олиб Уюшма аъзолигига ҳам қабул қилинган, ана шу ҳодиса ҳам Маркс Темировичга садоқати туфайли юз берган, у бу тузумда ҳар томонлама нуфузга эга бўлган номдор комфирқа мафкурачисига садоқатидан ҳамиша фахрланиб юрарди. Акаси Шароф Калладорнинг ишлари алғов-далғов бўлган замонларда ана шу садоқат ҳам роль ўйнолмай уни ҳам кофтуков қилиб ишдан олиб ташлашганди, аммо Шароф Калладорнинг калласи бор эди, ана шу калласини ишга солиб, қолаверса, айрим адолатпарвар арбоблар эътиборида экани туфайли, боз устига, ўз ишининг устаси бўлгани, неча ўн йиллаб турли босмахоналарда ишлаб келган, бу соҳанинг ипидан-игнасигачасини ўзлаштириб олган ‒ ленатипчидан то неча авлод матбаачиларининг устози сифатида шаклланиб, ўз меҳнати орқали поғонама-поғона кўтарилиб алал-оқибат ана шу идоранинг бош раҳбаригача етиб боргани учун ҳам эски ҳамкасблари, бутун меҳнат жамоаси ўша даврга хос баъзи эркинликлардан фойдаланиб уни ишга қайтариш мазмунидаги талабномалар билан юқори идораларга чиқаверишгач, охир-пировардида кўпчиликнинг истаги амалга ошиб у яна ўз вазифасига қайта тикланди. Бундан бошқалар эмас, ўрни келганда ана шу акасига ҳам бевафолик қилган, ана шу акаси туфайли ўзининг ишлари орқага кетганини, ана шу акасининг касрига қолиб лавозимидан айрилганини турли йиғинларда таъкидлаб ўзининг иқтидорини намойиш қилишга уринган беандиша укаси Шариф Юнусов тағин фойдаланиб, ўзининг “пирига” айлантиргани Маркс Темирович ва унинг атрофидагиларни “ишга солиб”, қолаверса шўро тузумининг “ноғорасига қойиллатиб ўйнашни билиши” туфайли у ҳам қайсидир бир лавозимига тайинланиб, кейинчалик уни қўллаган кучлар ёрдамида акаси Шароф Калладор ўтиши мўлжалланаётган бўлган Матбуот Бошқармасига кўтарилиб олиб яна ошиғи олчи бўлди-куйди.

Ана шундан буёқ у Рашид дўконга ўхшаган беш-ўн чоғли хончорбоғлик ҳамюртлари билан эски алоқаларини тиклаб, ана шундан буёқ бу юртда бирга ўсган оғзи катталар билан гап-гаштак еб улфатчилик қиладиган, бу пулдор бойваччаларнинг айримларини хизматчисига, гумаштасига айлантириб улгурганди…

10

Ўша воқеадан уч ой ўтиб, Рашид дўкон ва Асрор уйғурни Ўрдадаги шаҳар суди биносига олиб келишлари керак эди. Судда уларни жуҳуд Манолис билан очиқ, юзма-юз учрашув кутаётганди…

Асқар бошқалардан аввал суд биносига олиб бориладиган йўл тепасидаги панжарали тўсиқ рўпарасига бориб туриб, ўша ерда маҳбуслар олиб келинадиган махсус усти берк юк автомаркабидан туширилаётганда Рашид амакиси билан гаплашиб олишни мўлжаллаган эди.

Соат тўққизларга яқин Лабзак томондан шуёққа махсус юк автомаркаби бурилганига кўзи тушди. Кўзи тушдию ўзи ҳам тушуниб етмагани қандайдир бир ички қувонч билан анча нарида ‒ суд биносига яқин ерда йиғилиб турганларга қўлини силкитиб “келишаяпти!” ишорасини қилди. Ўша ерда тўпланган Рашид дўкон ва Асрор уйғурнинг яқинлари типирчилаб қолишди…

Тўрт-беш кишидан иборат бўлган ҳарбий кийимдаги махсус конвой кузатуви остида автоуловдан маҳбуслар туширилаётганда Рашид дўконнинг кўзи тепада ‒ кўк рангли панжара тўсиқ ортида турган акасининг ўғли Асқарга тушди. Конвойдагиларга хавотирланиб қараб оларкан, ҳар бир дақиқани ғанимат билиб:

‒ Асқар, яхшимисан? Сизларнинг шарофатингиз билан мени ошхонага ишга ўтказишди, ҳозир яхшиман! Г.га айтиб қўярсан, кейинги ҳафталарда сен ё у билан учрашишга ҳаракат қиламан!.. ‒ деди овозининг борича, яна бир нима демоққа чоғланганди, қуролли соқчи гапиришга йўл қўймади, “Овозингни ўчир, йўқса кўрадиганингни-кўрасан!”, деб дўқ-пўписа қилиб уни тирсаги билан нарига итарди. Аммо Рашид дўкон унинг туртишига ҳам парво қилмай жиянига яна нимадир демоқчи бўлгандай мўлтираганди, буни сезган Асқар уни тинчлантириб:

‒ Оддихдан кейин тағин бир киришга уриниб кўраман! Анави хат менинг қўлимда турибди, ҳеч ташвиш чекманг! ‒ дея маълум қилиб, амакисининг жазмани бўлган адвокат Гулбаҳор опанинг мактубига ишора қилди.

Ортиқ улар гаплашолмадилар. Конвойдаги назоратчилар Судга олиб келинган маҳбусларни темир эшик орқали торгина йўлакка олиб кириб кетишди.

Кўп ўтмай Ўрда томондан яна бошқа махсус ҳарбий автомаркабда бир киши олиб келинди. У жуҳуд Манолис эди. Уни Давлат Хавфсизлик Қўмитаси ҳибсхонасидан бу ерга олиб келишганди.

Судда раис аввал Рашид дўкон ва Асрор уйғурни саволга тутди. Уларнинг жуҳуд Манолис билан қачондан бери алоқа қилишларини, тўғрироғи, қачондан буён танишликларини сўради.

Бошида раиснинг: “Алоқаларингиз қачондан бери?”, деган сўровидан Рашид дўкон чўчиб кетганди, кейин эса: “Танишлигингизни назарда тутяпман?”, деб жумласини тузатганидан сўнггина хийла ўзини қўлга олиб:

‒ Бир йилча бўп қолди танишлигимизга. Бизнинг дўконга уч-тўрт марта соат брошкаси… йўқ, тасмасидан топшириб кетганди, унинг бошқа ишлари билан қизиқмаганман!.. ‒ деди қўрқув аралаш ярим палағда овозда, шунинг баробарида ички хавотир ва ҳаяжон туфайлими тилидан сўлак қочиб оғзи қуриб, кетма-кет томоқ қиришга тушди.

Айнан шу жавобни Асрор уйғур ҳам қайтарар экан, ўзининг пакана гавдасига номутаносиб равишда тебраниб, тўгарак қизғимтир юзидаги қўрқувни яширишга уриниб, кўзларини жавдиратганча дам суд раисига, дам Манолисга, дам эса Рашид дўконга нажот ахтаргандай нигоҳини қаратиб туриб:

‒ Бошлиғимиз қабул қилиб ол деганларидан сўнг молларини кирим қилганман! Ҳа-аа йўқ, брошкаларни назарда тутяпман-да!.. Аммо-лекин ўзи билан таниш эмасман!.. ‒ деди, овозидаги титроқни ҳис қилиб бошида ўзини йўқотаёзди-ю, аммо залда ўтирган яқинларига, айниқса, ўзига иккита келадиган жингала сочли, қирғий бурун тўнғич ўғлининг: “Дада бардам бўлинг, ҳеч нарсадан қўрқманг!”, деган бир мазмунни ифодалаб чап қўлини муштлаб далда бергандайин имо-ишора қилишидан сўнг хийла ўзини қўлга олиб, сўзига қўшимча қилди: ‒ Танишлик уёқда турсин, ҳатто дурустроқ гаплашмаганманам!..

Рашид дўкон ва залдаги унинг яқинлари, шу жумладан Асқар ҳам Асрор уйғур қўрқоқлик қилаётганини, ўзининг қуйруғини омон сақлаш йўлида бутун айбни бошлиғига ағдаришга уриниб жуҳуд Манолис билан танишлиги борлигини ҳам тан олишни истамаётганини, бу билан ўзини оппоқ қилиб кўрсатмоқчилигини жуда яхши англашди.

Рашид дўкон ёрдамчисига ғижиниб боқди. Унинг хотини Тоҳира сатанг эса Асрор уйғурнинг оила аъзолари ‒ хотини, ўғил-қизларига, бошқа яқинларига адоват кўзи билан қараш орқали ўзининг норозилигини сездирган бўлди. Залдаги тўрт қатор узун курсиларнинг иккинчи қатор, деразага яқин тарафида ‒ отаси Абдурасул аканинг ўнг ёнида ўтирган Анвар ўзининг болаликдаги синфдоши, собиқ бошлиғи Шариф Юнусовнинг жияни бўлган, кейинчалик Асрор уйғурнинг тўнғич қизига уйланган Шавкатга кўз қирини ташлар экан: “Қайнотанг ҳам ўзингга, тоғанг Шариф Юнусовга ўхшаган қўрқоқ ва айёр экан! У қандай қилиб бўлмасин сувдан қуруқ чиқишни ўйлаяпти!”, дея ичида сўзланиб унга таъна тоши ирғитган бўлди. Шавкат ҳам собиқ синфдошининг нигоҳига дош беролмади, унинг олайиб боқишида ўзига нисбатан адоват, маломат, айни дамда ғайирликни туйиб, бунга ишонч ҳосил қилгандай кўзларини бўлак томонга олиб қочди.

Шу пайт бу ерга суд жараёнида иштирок этишдан ҳам кўра укасини кўриш, унинг дийдорига тўйиш учун келган Абдурасул ака залга кираверишда ўнг томондаги панжара ортида ўтирган Рашид дўкон кенжа ўғли Баҳодирни кўриб йиғлаб юборганига, ана шу йиғлагани учун кўзлари қизарганига диққатини қаратиб яна-да изтиробга тушиб, жигарига ичи ачишиб ва болаларча соф нигоҳда боқиб туриб:

‒ Майли ука, ўзингни эҳтиёт қил, болаларни ўйлама ‒ ҳаммалари яхши! Мен боғчага боришим керак эди, омон бўл! ‒ деб жигарига ҳисобот бергандай авзода у билан хайрлашиб, залдан чиқиб кетиш учун ўрнидан қўзғалган эди, Асрор уйғур тарафидагилар Абдурасул аканинг соддалигиданми, ё бўлмаса болатабиатини хазм қилолмаганлари боис, кутилмаганда боғчани эслатишидан кулиб юборишди. Асқар уларнинг отаси устидан кулишларидан эмас, балки ўз яқинлари бўлган Асрор уйғурнинг айни дамдаги аҳволини, аҳволидан ҳам бурун қўрқоқлигини яшириш учун атайлаб Рашид дўкон томонидагиларни чалғитиш мазмунида бутун диққат-эътиборларини Абдурасул отага қаратгандай бўлаётганларидан ижирғанди, шу боис ёнида ўтирган акаси Анварга нигоҳини қаратиб: “Оғайнингизнинг хотин авлодиям ўзига ўхшаган айёр одамлар эканми? Дадамнинг устидан кулишяпти-ку, аслида эса ўз оталари Асрор уйғурнинг қўрқоқлигини яширмоқчи бўладилар-а!”, деб қўйди, ортидан эса амакиси Рашид дўконнинг диққат-эътибори ҳадеганда кеннойиси Тоҳиранинг ёнида ўтирган беш ёшли Баҳодирга қаратилаётганини, шу бола туфайли ҳам у кўзларини ёшлатиб олганини ҳис этиб: “Қийин бўлгандан ана шу Баҳодирга қийин бўлди, Рашид акамнинг ортидан қолмасди, шу болакай ичикадиган бўлди-да!”, деб хулосаланиб, ҳар иккисига ачинди.

Суд ҳайъати раиси дўкончилар билан савол-жавоб қилиб бўлганидан сўнг бутун диққат-эътиборини анчайин босиқ ва совуққонлиги ташқи авзойидан кўриниб турган, ёши эллик билан эллик бешлар орасидаги қуюқ жингала сочларига қиров оралаган, оқ япасқи юзли, қирра бурун, пистоқи ранг кўзлари ўткир ва сезгир нигоҳли бўлган Манолисга қаратиб:

‒ Буларни қачондан бери биласиз? ‒ деб сўради.

Манолис ўзбек тилини балодай ўзлаштиргани боис, ҳалидан буёқ суд раиси томонидан берилган саволларга дўкончиларнинг қайтарган жавобларини ҳам диққат билан эшитиб ўтирганди, ўзига навбат етганда эса, ҳеч бир шошилмасдан, ҳеч бир ҳаяжонланмасдан, ичидаги ҳолатини ташқарисига чиқармасдан Рашид дўконнинг юқоридаги сўзларини тасдиқлаб:

‒ Уч-тўрт марта дўконларига браслет… соат тасмасини топширганман, холос, ‒ деди, мазкур жумлани дона-дона қилиб сўзлаб бўлгач, пича тек қолди, унга еростидан ўғринча нигоҳ қадаётган Асрор уйғурга бир нима демоқликка шайланди-ю, аммо унинг қўрқоқлигини ва феълидаги бўлак қусурларни пайқаб ниятидан қайтди, унга бир нима дегудай бўлса, айтган сўзларининг моҳиятига етмай қовун тушириб қўйишидан чўчиб, фикридан қайтди.

Ўз навбатида Асрор уйғур ҳам Манолис у ҳақда бир нарса деб қўйишидан чўчиб ўтирганди. Чунки жуҳуд ҳамкорлари билан икки-уч бор берилиб суҳбат қурган, ҳатто бир марта суҳбатлари дўкондан ташқарида, ўша атрофда жойлашган “Россия” меҳмонхонаси ресторанидаги ҳилват бурчакда ‒ яримта арақ ва тўкин-сочин дастурхон устида кечгани ҳали ёдидан кўтарилгани йўқ эди. Ўшанда у Манолиснинг оғзидан Москва ортидаги Тулага яқин бир қишлоқда унинг дала ҳовлиси борлиги ҳақидаги хабарни эшитган, “қиттак-қиттак” отиб олганларидан сўнг жуҳуд шериги эшилиб кетиб, ваъданинг каттасини бериб: “Сени Асрорчик ўша ёқларга, Москва томонларга би-ир опкетаман, Тулани айлантираман, Толстойнинг усадьбасига олиб бораман, Туланинг қулочимга сиғмайдиган мана бундай самоваридан совға қиламан, би-ир хотинингни хурсанд қила-асан!..”, деганлари, яна талай ваъдаларни берганларини эсларкан, ўшанда янги ошнасининг оғзидан бундай кўнгилга хуш ёқадиган, дилга сурур бағишлайдиган сўзларни эшитиб, хурсанд бўлган дақиқаларини ҳам ёдга олиб, ортидан: “Бу гапларингни Рашид дўкон билмасин Лева, мана бу ўтиришимизниям унга айтма, йўқса ҳасади келганидан мени тинч қўймайди”, деб уни огоҳлантирганларини ҳам хаёлидан ўтказаркан, худди ўша нарсаларни жуҳуд ҳамкорлари айтиб қўйишидан қаттиқ чўчиганди, йўқ, ўйлагани содир бўлмади, Манолис ақллилик қилганини, у ортиқча нарсаларни гапирмаслигини сезиб, бошқа томондан эса, хавотирга асло ўрин йўқлигини пайқаб сал ўзини босиб олди.

‒ Соат тасмасидан бошқа нарсаям топширганмисиз? ‒ уни чалғитмоққа тутинди суд раиси, бу билан унинг бўлак фаолиятига ҳам ишора қилди.

Манолис унинг муддаосини жуда яхши пайқаб:

‒ Йўқ, ‒ деди, пича тек тургач суд раисининг гирдиғум сумбатига, қовоқдай ялтироқ кал бошига тикилиб туриб қўшиб қўйди: ‒ Сиз ишга алоқаси бўлмаган саволни беряпсиз!

Раис унинг ўзига тикилиб қолганидан маълум маънода хижолат чекиб: “Саволим унга ёқмагани аниқ-ку, лекин у шу дамда манави тақир бошимга, тақир бошимдан ҳам кўра қаппайиб чиққан қорнимга ҳазар қилгандай тикилди! У анча жим қолганининг, фақат ана шундан кейин саволимга яраша жавоб берганининг сабаби шу!”, деб ўз навбатида у ҳам Манолисдан ижирғаниб тебраниб қўйиб, ҳақиқатда эса унинг ақллилигини яна бир эътироф этгандай тарзи икки томонидаги ёрдамчиларига, ундан эса пастдаги узун столнинг деразага яқин ерида ўтирган икки маҳбус ҳимоячиларига қараб олди. Ўзининг ҳам анойи эмаслигини “бу туллак жуҳуд”га кўрсатиб қўймоқ илинжида:

‒ Тўғри атдингиз, анави ишларингизга буларнинг алоқаси йўқ! ‒ деди ўзини анча калондимоғ тутиб, бу билан у Лев Толстойнинг музейидан ўғирланган, ўғирланиб хорижга ўтказиб юборилиши мўлжалланган узуги воқеасига ишора қилган бўлганди, аслида ўша воқеа сабабидан маҳбуснинг Тошкентдаги фаолияти, хусусан ўзи ишлаган цеҳдаги бошқа кирдикорлари ҳам очилиб кетганига асосий эътиборни қаратиш мақсадида ҳам юқоридаги “ишга алоқаси бўлмаган” эмас, ўзининг назарида ишга алоқаси бўлиши мумкин санагани саволни йўллаганини таъкидлаб қўйишни назарда тутганига алоҳида урғу берганди.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации