Электронная библиотека » Аббос Саид » » онлайн чтение - страница 7

Текст книги "Қазои Қадар"


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 09:40


Автор книги: Аббос Саид


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 7 (всего у книги 23 страниц) [доступный отрывок для чтения: 8 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Асқарнинг бу фикри отасига маъқул тушди. Абдурасул ота бу воқеани тўнғич ўғли билгудай бўлса қаттиқ ранжишини, охир-пировардида бу нарса унинг соғлиғига ҳам салбий таъсир ўтказиши мумкинлигини тасаввур этиб:

‒ Тўғри айтасан, ҳозирча акангдан яширганимиз маъқул. Акс ҳолда, менам сизлар билан бораман деб қолишдан ҳам тоймайди, унинг феъли маълум-ку! Бўлмаса, эртага соат ўнга мен шу ерга кийиниб чиқиб тураман, шу ердан мени опкетақолинглар! ‒ деди у, кейин соатига қараганча дабдурустдан сапчиб ўрнидан туриб кетиб, зарур иши бўйича бир ерга бориб келиши кераклигини рўкач қилиб шошиб қолган ўғлини масжид дарвозасига қидар кузатиб чиқди.

Қария орқасига қайтганида, масжидга бирин-сирин шу яқин– атрофдаги одамлар кириб кела бошлашди. Бу пайтда Рўзмат оқсоқол таҳорат олиб қайтиб, Аср намози учун азон айтмоққа тараддудланаётган эди.

Абдурасул ота ҳам Аср намозидан кечикишдан чўчиб таҳоратини янгилашга ошиқаркан, ошнасининг нигоҳи унга қаратилганини кўргач, “Ҳа, бола-чақанинг ташвиши бор бўлсин!”, деб қўйди-да, ишкомзор орқасига ўтди..

8

Асқар катта қора целлофан халтада пулни кўтариб олиб, отаси ва укаси Акбарни бошлаб кирганида Рашид дўкон ҳовли ўртасидаги ўрик тагида ‒ одам бўйи баробар келадиган қафасда чуғурлашаётган тўтиларига дон солаётган эди. У жияни Асқар бир ўзи келмай укаси Акбарни, яна устига-устак, дадаси Абдурасул отани ҳам бошлаб келганини кўриб ғазабга миниб фиғони фалакка ўрлади, нима дейишини билмай:

‒ Манов одамни нега бошлаб келасан?! ‒ деб ўз туғишган акасига ишора қилди.

Укаси Рашид дўкон ҳозирда иши орқасига кетиб, касаллигини баҳона қилиб истеъфога чиқиб олган, илгарилари эса ўзига ўхшаб пишқириб босар-тусарини билмай юрган прокурор поччаси Султон пучуқнинг чизиб берган лойиҳасига асосан Абдурасул отанинг ҳовлисига қаратиб икки қаватли иморатини солгандан бери ака-уканинг муносабатлари ёмонлашган, неча марта Абдурасул ота укасига дакки бериб: “Бу ишни қилма! Шунча пулинг бор экан, бошқа жойдан ер сотиб ол-да, ўша ерга қур! Учта ўғлинг уйланиб, хотин-бола-чақали бўлгач, бари бир, бир ҳовлида яшолмайди, ўзимиздан қиёс қил, бирга туғилмоқ бор-ку, аммо бирга яшамоқ ‒ бирга турмоқ йўқ экан! Шунинг учун ақл билан иш кўр, ука!”, деб неча маротаба укасига йўл-йўриқ кўрсатди, неча марталаб насиҳат қилди, лекин укаси қурилиш борасида неча йиллик тажрибага эга бўлган акасининг сўзларини ярим чақага олмай, бу соҳада ҳеч нимага ақли етмайдиган, фақат одамларни тергаш, иши тақазосидан улар устдан ҳукм чиқаришга устаси фаранг бўлган олғир, юлғич прокурор поччасининг сўзини ушлаб олиб, мана бундай номаъқулчиликни қилганидан буён ака-ука орасига совуқчилик тушиб улгурганди. Шундан ҳам укасининг мана бундай ғўдайиб туриб олиб, қовоқлари шишганча қўлини паншаҳа қилиб дўриллоқ овозда кибрланиб айтган сўзлари Абдурасул отанинг қалбига наштар бўлиб санчилди. У ўзини йўқотаёзиб икки ўғлига бир-бир қараб оларкан:

‒ Мен сенга кимман ўзи? ‒ деб кўзларининг ола-куласини чиқариб, укасини жеркигандай оҳангда сўради, бир-икки қадам олдинга юриб яна нимадир демоқчи бўлганди, ҳар икки ўғли уни юпатгандай овозда: “Қўйинг дада, қўйинг!”, деб уни тўхтатмоққа уринишганди, “Сенлар жим туринглар”, деб уларнинг қўлларини силтаб ташлади-да, яна бир-икки қадам укаси томон юриб: ‒ Сендан сўраяпман? Мен сенга кимман ўзи?! ‒ деди.

‒ Ким эканингизни яхши биласиз! ‒ баланддан келишини қўймади Рашид дўкон, кейин эса Акбарга эмас, у Акбар билан яхши эмасди, ҳеч қачон яхши бўлмаганди ҳам; у Қурбат воқеасигача ўзига яқин олиб юриб, ҳамиша яхши бўлиб келган, ўзи каби дўкондор бўлишини кутган, кўплаб юмушларини, баъзида эса ҳатто “жуда нозик” юмушларини ҳам бажартириб юргани Асқарга юзланиб: ‒ Мен кеннойингдан айттириб юборган эдим-ку, Асқар тағин окамни бошлаб келмасин деб, нега айтганимни қилмадинг?! ‒ дея уни жеркиб берди, жаҳл билан қўлида қолган озгина тариқни ўрик дарахтининг тагига сочиб юборди.

Унинг “окам” дейишидан Абдурасул отанинг ҳоври сал пасайди. “Тузук, ҳали ҳам окаси эканимни биларкан!”, деган ўй кўнглидан ўтди, шундай эса-да, номард амакисининг олдида ўзини ноқулай аҳволда қолгандай ҳис этиб бўйнини эгиб турган ўғли Асқарнинг ўрнига жавоб қилиб:

‒ Менга қара, валламат! ‒ деб укасидан баланд келишга тутинди Абдурасул ота, шу билан унинг “попугини” пасайтириб қўймоқчи бўлди: ‒ Билмайман, ўзи сенга ҳақиқатан ҳам пул керак бўлганми-йўқми, аммо пул керак бўлган экан, нега ўзинг бормай, хотинингни юборасан? А, хотинингни юборишинг нимаси?!

Акасининг кесатиқ оҳангида “валламат” дейиши Рашид дўконнинг нафсониятига теккан эса-да, унинг вужудида ғалати ҳисларни қўзғатиб, ўзининг ҳақиқатда валламатлигидан янада мағрурланиб, боз устига, қовоғидан қор ёғиб:

‒ Нега энди мен борарканман?! ‒ дея дўрдоқ, сўл ёни хиёл қийшиқ бўлган лабларини чўччайтириб димоғида сўзлади, шу аснода акаси Абдурасул ота эгнидаги қимматбаҳо “олимпийка” спорт костюм-шимига диққатини қаратиб унинг хаёлидан ўтган ўйни уққандай бўлгани боис, сал пастдан келиб овозидаги оҳангни ўзгартирди: ‒ Нега боришим керак?!

‒ Нима, ўзинг борсанг, “ Ука, шундай бўпқолди”, деб аҳволингни ётиғи билан тушунтирсанг отдан тушиб қоласанми? А?.. Эгардан тушиб қоласанми?.. ‒ укасининг ўзини тутишидан ғазаби қўзғади Абдурасул отанинг, ўзи сезмаган тарзда тишлари ғижирлаб, қўнғирранг қўй кўзлари косасидан чиқиб кетаёзди. Аммо шу дамда шайтонга ҳай бериб, қандай қилиб ўзини босиб қолганига ақли етмади.

Рашид дўкон яна акасини жеркиб ташлаши мумкинлигини сезган Асқар бу номатлуб ҳаракатнинг олдини олиш, шу баҳонада орани юмшатиш мақсадида ўртага қўшилиб:

‒ Кеннойим бизникига бориб, ичкарига ҳам кирмабдилар. Йўлакдан туриб жалойирга жар солибдилар ‒ бу ерга янги кўчиб келишган-ку, қўни-қўшниси эшитса нима деган одам бўладилар, буларни шарманда қилиб нима қилдим энди мен ҳам демабдилар!.. ‒ деб Тоҳира сатангдан ўпкаланган бўлди. Унинг овозидаги ҳазинликка мойил ҳасратни Рашид дўкон парвосига ҳам келтирмади-ю, аммо Абдурасул ота ўғлига бир қараб қўйди. Бу қараши орқали у гўё: “Нега бунга дийдиё қилгандай сўзлайсан? Бу сенинг дардингга қулоқ соладиганлардан эканми?!”, деган мазмунни ифодалаган бўлганди.

Абдурасул отанинг ўғли Асқарга норозиланиб ғилайланиб қарашидан сўнггина Рашид дўкон ўзларининг ҳам шанғиллашларини теварак-атрофдаги қўшнилар эшитиши мумкинлигини, оқибатда сира ўйламай-нетмай ака-ука роса жанжаллашишди деб гап тарқатиб юборишлари ҳам ҳеч гап эмаслигини мулоҳаза қилиб, ҳали узатилиши керак бўлган қизлари, ҳали уйлантиролмай юрган ўғлини ҳам ўйлаб қолиб, хийла ҳушёр тортди. Шундагина унинг хаёлига акасини ва жиянларини уйга таклиф қилмагани, ҳалидан буёқ ҳовлида шанғиллашиб, бир-бирларини ғадабга олиб, бир-бирларидан норозиланишаётгани эсига тушиб қолиб:

‒ Қани, юринглар ичкарига, ‒ деб уларни бир пайтлар онаси Риҳси кампир ўтирган бўлгани этак томондаги уйга бошлади.

Абдурасул ота укасига эргашиб ортидан юраркан, ўнг томонга ўгирилиб ўз ҳовлисига кўз югуртирди. Ана шу кўз югуртириш асносида унинг деворига орқа қилиб укаси Рашид дўкон қурдиргани икки қаватли чегаланган ғиштлардан кўтаргани, олд тарафини нақшинкор қилиб ишлатгани, ўзининг бой-бадавлат эканини намойиш қилиш мақсадида тўртта чинор устунни ҳам ўрнатиб, баҳайбат қандилларни осиб қўйгани, унинг назарида ҳозирги бой-бадавлат кишиларникидан қолишмайдигани маҳобатли кўрингани уйига норозилангандай бош чайқатиб, ижирғаниб қараб қўяркан, бир нимадан чўчиб ака-укага эргашишга ботинолмай турган икки ўғли томон ўгирилиб:

‒ Юринглар, бизам кеннойинг Тоҳиранинг ишини қилмайлик! Ичкарида олди-бердини қилармиз! ‒ деб фарзандларини дадил бўлишга чақириб, орқасидан эргаштирди.

Рашид дўкон паст томондаги уй айвонига чиқиб улгурмай, икки зина кўтарилиб, ўнгдаги равонли уйига олазарак боқиб:

‒ Тоҳира! ‒ деб хотинини чақирди, ичкаридан ҳадеганда жавоб бўлавермагач, ўша алпозда пича олазарак термулиб тураверди.

Боядан бери ичкари уйдаги дераза пардаси ортидан уларни кузатаётган, аммо ташқарига чиқишга журъат қилолмаган хотини Тоҳира сатанг эрига дарров жавоб бермади, ўзини эшитмаганга солди. Сал ўтиб Рашид дўкон уни яна бир қаттиқ овозда йўқлагандан сўнггина равонли айвонга чиқиб келиб, ҳеч нарсани кўрмагандай, ҳеч нарсадан хабари йўқдай авзода бошидаги ёшига ярашмаган қизил зарли рўмолини пешонасига довур тушириб тўғирлаб:

‒ Келинглар, келинглар! ‒ дея тўнғич қайноғаси ва унинг ўғиллари истиқболига пешвоз чиқди, аммо ўнг тарафида тангадай-тангадай келадиган иккита чўтири бўлган иягига довур торайиб борган учбурчакка мойил совуқ юзидан ва мутакаббирона боқувчи қисиқ кўзларидан у қайноғаси Абдурасул отани кўриши ҳамоно юраги пўкиллаганини, шу билан бирга чап кўли ғайришуурий тарзда титраганидан асабийлашаётганини ҳам пайқаш мушкул эмасди.

‒ Сиз қилган ишни такрорламайлик деб ичкарига киряпмиз! ‒ келинига илмоқли гап қилди Абдурасул ота, ортидан эса укаси Рашид дўкон қамалиб қолганида ўзи қоровуллик қиладиган болалар боғчасининг ошхонасига Тоҳирани ишга олиб кирганини, келини эса ана шу яхшилигини аллақачон эсидан чиқариб юборганини, тўғрироғи яхшилигини билмаганини, яхшилигига тупурганини ўйлаб чуқур хўрсинди. Айни дамда хаёлидан : “Қазисан, қартасан, ахир аслингга тортасан, деганларича бор экан, ўша молҳаромлик Очил олчоқнинг қизисан-да! Отангдан ўтиб қаёққа ҳам борардинг?! Сени ана шу укам хотин қилмаганида, бошқа биров қарамасди!”, деган ўй ўтиб, келинидан ранжиди.

Қайноғасининг чуқур хўрсиниши сабабини ўзича тахмин қилган Тоҳира сатанг у билан пачакилашиш бефойда деган тўхтамга келиб:

‒ Шошиб тургандик-да, шунинг учун уйингизга киришга иложи бўлмади, Асқаржон! ‒ дейиш билан вазиятдан чиқиб кетмоқчи бўлди. ‒ Ташқарида ўша пайт Баҳодир ҳадеб машина сигналини чалишини қўймайди денг, йўқса биласиз-ку!..

Абдурасул отага келини Тоҳира сатангнинг айёрона баҳонаси ёқмади. Айни дамдаги ички ҳолати тақозосидан: “Ҳеч бир уялмай ёлғон гапиради-я! Буни қанақа инсон дунёга келтирганийкин-а?!”, деб ўзича истиғфор келтириб, ана шу истиғфор келтириш баробарида нечанчи бор сатанг келинининг онасидан, айниқса отаси Очил олчоқдан норозиланишда давом этаркан:

‒ Шошган тақдирингиздаям ҳовлида атак солишни сизга ким қўйипти?! Бу ишингиз ҳеч қандай рамкага, қуюшқонга сиғмайди-ку, ахир! ‒ деди.

Тоҳира сатангга қайноғасининг “ҳовлида атак солишни сизга ким қўйипти ?!” деган мазмунда тергаб кесатиши қаттиқ тегиб кетди, фиғони фалакка ўрлаб Асқарга қаҳрини сочгудай боқиб:

‒ Қачон атагимни солибман? А, айтинг-чи менга, Асқар? Хотинингиз Карима сизга шундай дедими?! ‒ дея уни ғадабга олди.

Асқар кеннойиси Тоҳира сатангдан ҳам кўра Рашид дўкондан чўчирди. Ака-ука ўртасида катта жанжал чиқиб кетишидан хавфсираб отасига норозиланиб ўқрайиб қараб:

‒ Дада, қўйинг энди, шу гапга ёпишиб олманг! Бўлар иш бўлди!.. ‒ деди, ана шу даккиси орқали ёнидагиларни тинчлантирмоққа тутинди.

Абдурасул отага ўғлининг оғзига ургандек жеркиши ёқмади. Башарти паст келгудай бўлса, Тоҳира сатанг ё укаси Рашид дўкондан бундан ҳам қаттиқроқ таъна-маломатларни эшитишлари мумкинлигини ҳисобга олиб, ана шунга яраша тадорик ҳам кўриш илинжида баланддан келишини қўймай:

‒ Нима, Карима ёлғон гапирадими? Янги кўчиб борилган жой бўлса, қўшнилар янги бўлишса, сенлар ҳақингда қандай фикрда бўладилар?! Ана шу томонларини ўйлашмайдими?! ‒ деб нафақат келинидан, балки уни ўғли Асқарникига жўнатган укаси Рашид дўкондан ҳам қаттиқ ранжиганини ошкор этди.

‒ Бўлди дада, қўйинг, ‒ орага тушди Акбар, “Кеннойим қилган ишини ҳам қилмадим деяверади, унга гапириш бефойда”, деган маънони ифодалаб отасига нигоҳ қадади.

Акбарнинг ана шу мазмунда отасига қараганини сезган Тоҳира сатанг бу сафар ўзини оқлаб ўтирмай:

‒ Бўпти муллака, мен айбдор, ҳар доимгидай Тоҳира ёмон! ‒ деб вазиятдан қуруқ чиқиб кетмоққа уринди.

Абдурасул ота ва икки ўғли кичик уйдаги устига сариқ дастурхон ёзилган хонтахта атрофига омонатгина ўтиришди. Асқар ва Акбар аввал бир-бирига, сўнг эса отасига қарашди. Абдурасул ота пича ниманингдир хаёлини сурди, сўнг эса қўлларини юзаки фотиҳага очаркан:

‒ Ҳақиқатда яхшимассиз, боғчага ишга опкириб қўйганимда кўрдим-ку қандайлигингизни! ‒ деб келинини тағин бир “чақиб” олди.

Тоҳира сатанг нима дейишини билмади. Қайноғаси нималарга шаъма қилаётганини балодай пайқаб, иложи борича ундан кўзларини олиб қочишга тиришди. Маълум фурсат бунга эришди, лекин кейин нигоҳи тўқинганда: “Сен ўғрисан, болаларнинг қанча овқатларини уйингга ташиб кетганингни айтайми?!”, деб унга қошларини паст-баланд чимириб қаттиқ қараётганига кўзи тушиши ҳамоно Абдурасул отанинг маънодор қарашига дош беролмади, вазиятдан қандай қилиб чиқиб кетишини билмади, эрига қараб нимадир демоқчи бўлди-ю, бироқ ўзи истамаган тарзда яна қайноғасига ўгирилиб:

‒ Ҳозир патнисни опчиқай, чой опкеламан! ‒ деб хонани тарк этишга ошиқаётганида, Абдурасул ота уни тўхтатди:

‒ Биз меҳмонга келганимиз йўқ! ‒ деди у, эшикка яқин ерда ўтирган Рашид дўконга кўзи тушганида, укаси: “Мен қамалганимда хотинимни ишга олиб кириб қўйганингни пеш қиляпсанми? Менинг сенларга кўрсатган яхшилигимни унутдиларингми?!”, деган мазмунда унга еб қўйгудай бўлиб ўқраяётганига парво қилмай сўзида давом этиб: ‒ Биз сенга сўраган нарсангни олиб келдик! Лекин менга шуни айт-чи, сен ҳозир ана шу пулларга муҳтожмисан? Шунча пул сенга керакмиди?! ‒ деб уни саволга тутаркан, яна укаси Рашид дўконнинг тўнғиздай тўқ башарасига, уст-бошига, янги ремонтдан чиққан уйига, уйидаги қимматбаҳо мебелларга ва нақшинкор шифтга илиб қўйилган, кўзларни қамаштирувчи биллур қандилга бир-бир қараб олди, қараш баробарида нечанчи бор бу хонадондагилардан норозилангандай бошини уён-буёнга тебратиб қўйишни ҳам унутмади.

Рашид дўкон акасининг нигоҳига дош беролмади, шунда ҳам унга эмас, жияни Асқарга қовоғини осилтириб қараб:

‒ Агар шу пуллар керак бўлмаса мен сеникига кеннойингни юборармидим? Ҳеч ўйлаб кўрдингми?! Керак эканки, бориб сенинг эшигингда сарғайган!.. ‒ дея димоғдорлик билан тўнғиллади, жияни Асқар унга айбдорларча еростидан қараб қўйганидан фойдаланиб нечанчи бор: “ Нега уйимга отангни бошлаб келдинг? Мен сени огоҳлантирмаганмидим? Кеннойинг тайинлаб келганди-ку, ахир!”, деган маънода акаси Абдурасул отанинг юқоридаги сўзлари алам қилганини ошкора сездириб, унга ғазаб билан қараб оларкан: ‒ Баҳодирнинг ўқишига керак бўлиб қолди, йўқса югуриб бормасдик-ку! Яна бир зарур иш учун!.. ‒ деб қўшиб қўйди.

Асқар отасига “ сиз индамай туринг” дегандай қараб қўяркан, ҳали бу хонадонга кириб келаётганида укаси Акбарга бериб қўйгани қора целлофан халтани қўлига олиб, ичидаги пачка-пачка иккиюзталик, бешюзталик, мингталик қоғоз пулларни хонтахта устига териб:

‒ Бу ерда бир миллион саккиз юз минг сўм, ‒ деди, пулнинг “ҳиди”ни эшитиб нариги уйдан ҳовлиққанча чиқиб уларга салом берган Жавлонга кўзи тушди, энсаси қотиб отаси ва Акбарга бир қараб олди. Акбарнинг юзида ҳеч қандай ўзгариш содир бўлмади-ку, аммо Абдурасул отанинг юзи тундлашиб, пешанаси тиришди. Укаси Рашид дўконга еростидан хўмрайиб кўзининг қирини югуртираркан: “Мана сенларнинг тарбиянг! Мана шу текинтомоқ, такасалтангларни деб Асқарнинг уйига бориб тинчини буздингми? Ҳе, сендақа валламатдан ўргилдим!.. Буям сенларга ўхшаб пулнинг ҳидини билса томдан ташлайдиганга ўхшайди, юзини ювмасдан югургилаб чиққанини-чи! Ҳе, ҳаммангни!..”, деб хонадондагилардан хафсаласи пир бўлганини юзини тириштириб сездираркан, улардан ўпкаланиб сал наридаги телевизор тагига бориб ўтирган Жавлоннинг саломига алик ҳам олмади. Шунда Рашид дўкон эмас, хотини Тоҳира сатанггина анча ноқулай вазиятга тушиб орқасидан жой олган ўғлига ўгирилиб: “Ҳовлиқиб чиқмасанг нима эди?”, дея пўнғиллаб лабини тишлаб, бошини чайқатиб қўйди.

Рашид дўкон эса бу нарсаларга аҳамият бермади. Хонтахта устидаги уюм-уюм пулларга очофатларча нигоҳ қадаркан, хоссатан суқатойлик билан лабларини ялаб туриб, чап қўлини тўплаб қўйилган пачка-пачка сўмлар устига ташлаб:

‒ Нега бу ерда кам? ‒ деб сўради, пича шу тарзи қўлини олмай туриб уларни чамалаган бўлди, ортидан хотинига, ундан эса ўғли Жавлонга нигоҳини қаратиб олгач, яна бир марта хонтахтани тўлдирган пулларни тахминий ҳисоблаб, сўнг эса қўлини тортиб: ‒ Ҳа, бу ерда кам-ку, Асқар ?! ‒ дея жиянини тергади.

‒ Бу ерда кам эмас, биз анча пул опкелдик!.. ‒ зардали оҳангда маълум қилди Асқар, шу аснода амакисига: “Сен ўзи қачон бойликка тўйгансан? Мен аҳмоқ, мен нодон ўшанда хотинингга ҳар турли тилла тақинчоқлар олиб берганимда, биллур қандиллару биллур вазалар, яшик-яшик чиннилар, ҳар турли техника асбоб-анжомлари, неча ўнлаб гиламларни мана шу уйингга ташлаб кетганимдаям тўймагандинг, ҳозир тўярмидинг?!”, деб таънали нигоҳда олайиб қаради, укасининг очофатлигини кўриб зўрға тишини-тишига қўйиб ўтирган отасига кўзини югуртириб оларкан, яна Рашид дўконга, ундан эса хотини Тоҳира сатангга, унинг устидаги ‒ ўзи бир пайтлар шаҳарнинг Марказий универмагидан олиб бергани, ўша замоннинг бойвучча ойимчаларигина тиктириб кийишга эришолганлари япони гулдор пумбархатига, ана шу пумбархатнинг оҳори тўкилмаган эса-да, кеннойисининг эгнида қопга ўхшаб хунук туришига эътиборини қаратиш баробарида: “Ҳе, сендақа тошбақага ана шунақа матоларни раво кўрган менинг ўзим аҳмоқман! Сенларни ана шунақа нарсаларга ўргатган менинг ўзим аблаҳман!”, деб ич-ичдан норозиланиб ўзига нечанчи бор таъна-дашном бераркан, маълум маънода ҳозирги аҳволидан ҳўрлиги келди, аммо вужудидаги ана шу туйғу яна тезда қайгадир ғойиб бўлиб, ўрнини алам ва ғазаб ҳисси эгаллаб улгураркан, ўзи сезмаган ҳолда: ‒ Бу пулларни топгунимизча Акбар икковимизнинг она сутимиз оғзимизга келганини биласиз-зми?! ‒ деб юборганини билмай қолди.

Рашид дўконга жияни илгарилари бундай терс муомала қилмаганди, ҳозир эса дабдурустдан овозини баланд кўтариши, уни маломат қилгандай оҳангда сўзлаши ўдағайлашга, дўқ уришга ўхшаб кетгани боис рангидан қон қочди, ёнида акаси ўтирганини ҳам унутиб, дўрдоқ лабларини чўччайтирганча:

‒ Менга унақа олифта гап қилма! Хўпми Асқар? Она сутинг оғзингга келадими, бўғзинга келадими, ё бошқа бўладими мени қизиқтирмайди!.. ‒ деди кекирдагини чўзиб, айни маҳалда Асқарнинг ана шу сўзлари унинг ғазабини қўзғатиб юборганини барчага сездириш мақсадида хонтахта устидаги қизил хитойи сочиқни қўлига олиб ён томонига итқитиб юборди. Қони қайнаб кетганини ошкор этиб аввал хотинига, ундан эса ўғли Жавлонга бир қараб оларкан, юқоридаги сўзларига қўшимча қилди: ‒ Мен сенга ўша пайтда тўрт минг рубл бердим, аввалроқ эса ўқишга киришинггаям минг рубл бергандим, тўғрими?!..

Асқар унинг важоҳатидан хийла чўчиб отасига бир қараб қўйиб, “ҳа, бергансиз” дегандай бошини қимирлатди, лекин жавоб бермади. “Қани, амаким нима деркин?”, дегандай кутиб турди.

Рашид дўкон унинг чурқ этолмаганини “ ҳақига кўчди ‒ иқрор бўлди” деб билгани учун ҳам рангини тағин-да гезартириб баланддан келишда давом этиб:

‒ Нега бўлмаса ана шуни билиб туриб кам опкелдинг?! ‒ дея уни койиди.

Асқар бу оилага жуда кўп “ўтказиб қўйган” даврларини эслаб ўзини сал қўлга олди. Бошқа томондан амакасига паст келгудай бўлса бундан ҳам катта суммани талаб қилишдан тоймаслигини ўйлаб, мол аччиғида дегандай, унинг ҳам нафсонияти қўзғаб:

‒ Биз сизга кам опкелганимиз йўқ! Ўша берган пулларингизга тўғри келади ҳозирги опкелган суммамиз, ҳа, Рашид ака, ҳатто ошиқча бердик, ‒ деди, туйқус валламат амакисидан ҳеч бир чўчимай дадил гапираётганини идрок этиб қолиб, ичдан мамнунлик ҳис этиб отасига қараб олди.

Абдурасул ота укасининг кўзи шунча пул билан ҳам тўймаётганини кўриб ундан қаттиқ ранжиб бошини уён-буён тебратди, шунда ҳам иложи борича ўзини босишга ‒ эҳтиросларга берилмасликка ҳаракат қилди. Аммо Рашид дўконнинг дам хотинига, дам эса орқада ўтирган ўғли Жавлонга қарайверишидан ижирғаниб: “Сени қистоққа олганлар шулар шекилли, ҳадеб уларга қарайверасан! Сени Асқарникига бориб пул талаб қилишга ундаганлар мана шу сатанг хотининг ва манави такасалтанг ўғлинг бўлса керак-да, бизга заҳрингни сочяпсан-у, аммо-лекин иккисига худди улар сенга ўтказиб қўйганларидай мўлтирайсан!”, деб ичида укасидан ғазабланиб тергаган бўлди, яна қони қайнаёзиб, энди истеҳзоли ва заҳархандалик билан мийиғида кулимсираб: “Ҳе, баракалла!”, деб тиззасига уриб қўйиб:

‒ Асқарга ёрдамим фийсабилиллоҳ дегандинг-ку, ўшанда!.. ‒ деб укаси Рашид дўкон берган минг рублни назарда тутди, айни пайтда уни изза қилди: ‒ Яхшики ўлмадим, тирикман, ўша гапингни менга айтгандинг-а?!

Рашид дўконга акасининг кинояли, аччиқ-тиззиқ сўзлари таъсир этиб ғазаби ўйнаса-да, бироқ бу таъна-дашномга эътибор бермади, эътибор беришни истамади, ўзини гўлликка солгандай авзода Асқарга юзланиб:

‒ Опкеган пулларинг долларга чаққанда оз-ку! Ўша пайтларда доллар бирга-бир эди-ку! ‒ деди, бу гапи орқали: “Нима, мени гўл қилмоқчимисанлар?”, деб дам Асқарга, дам эса унинг очкўз, баднафслигига анграйиб қараб қолган Акбарга норозиланиб боқди, сўнг эса ёнида акаси Абдурасул ота ўтирганига ҳам эътибор бермай тағин бир бор ўзининг яқинларига назар солиб қўйди.

Унинг сўнгги сўзларидан Асқар бир томондан тутаса, бошқа томондан кўнглини тағин-да ғашлик чулғади. Пича тек тургач, тушкун кайфиятда изоҳ беришга уриниб:

‒ Рашид ака, ўшанда Қурбат шу ишни қилди деб олдингизга келганимда, мана бу ўғлингизам бор эди, тўғрими? Шу Жавлоннинг олдида пулни менга бердингиз! ‒ деди.

Боядан бери индамай уларнинг гап-сўзларига қулоқ солиб ўтирган Жавлон ортиқ чидолмади, Асқарнинг сўзларини охиригача эшитмай орага қўшилиб:

‒ Ҳа, меники эди ўша пуллар!.. ‒ деб гўё отасининг ёнига тушгандай бир йўсинда ўзининг кимлигини кўрсатиб қўймоқни истади.

Абдурасул ота укасининг безбетлигига тишини-тишига қўйиб чидаб ўтирганди, аммо қўлидан ҳеч бир иш келмайдиган, фақат отаси топиб келган ҳаром луқмаларни ейишдан бошқага ярамайдиган ўғли Жавлоннинг мана бу катта кетишига ортиқ тоқат қилолмади, фиғони фалакка ўрлаб:

‒ Сен жим тур, жипириқ! Аданг ҳаммани қўйиб сенинг пулингни бировга берарканми?! ‒ деб уни жеркиб ташлади.

Рашид дўкон мана шу нуқтада ўғли қовун туширганини сезди. Хотини Тоҳира сатангга ғилайланиб “бунинг тек турса бўлмаймиди?” қабилида имо-ишора қиларкан, “ҳе, бойвачча бўлган сендан ўргилдим”, деган йўсинда ўғлига ўқрайиб туриб:

‒ Сенга биров сўз бердими? Сен нега бизнинг ишга аралашасан?! ‒ деб уни жеркиб берди.

Асқар анча йиллар илгари вафот этиб кетган тўнғич аммасининг ўғли унинг олдига ёрдам сўраб келган кунни хотирларкан, ич-ичдан уни лаънатлаб:

‒ Ўша Қурбат сизнинг номингиздан олдимга боргани учун алмаштириб берувдим! Хонам остонасига ётиб олгудай ялиниб-ёлвориб ҳол-жонимга қўймовди!.. ‒ дея ҳамма балони бошлаган қариндошидан ўпкаланиб, қаттиқ хафаланиб маълум қилди.

Абдурасул ота ўша бетавфиқ Қурбат туфайли ўғли мана буларнинг олдида ўзини айбдор санаб тили қисиқлик билан сўзлаётганини, узр-маъзур сўраётгандай бўлаётганини фаҳмлаб, бу нарса унга айил ботиб, ўғлидан ўпкаланиб дакки беришга ўтди:

‒ Мен сенга неча бор айтганман-а, Асқар? У паразитни ўзингга яқинлаштирма деб неча марта огоҳлантирганман-а?! Мана оқибати, емаган сомсангга пул тўлаб ўтирибсан!

Рашид дўкон акаси ўғли Асқарни маломат қилишидан энсаси қотди. Тишида данак чақаётгандай бўлиб юзини бужмайтираркан:

‒ Нега энди емаган… бўлади? Мен унга нақд тўрт минг рубл берганман-ку! Пулни ўғлингизга бераётганимда ёнимда манави Жавлон турган эди! ‒ дея маълум қилди, ана шундан сўнг ўғлига томон ўгирилиб “ана энди менинг айтганларимни тасдиқласанг бўлади”, деган маънода қаради.

Отасининг галдаги танбеҳнамо боқиши Жавлонга ёқмади, шу боис ҳам бу сафар унинг ёни бўлишни истамай тек турди. Унга сари онаси Тоҳира сатанг: “Нега жимсан, отангнинг сўзларини тасдиқламайсанми?”, деган мазмунни ифодалаб қош қоққан эди, ўғли Жавлон бунга эътибор бермади, отасидан яна гап эшитиб қолишидан чўчиб, бошқа томондан эса амакиси Абдурасул ота ҳам уни “қопиб олиши” мумкинлигини мулоҳаза қилиб оғиз очмай ҳаммаларига бақрайиб тураверди.

Асқарга амакиси Рашид дўконнинг “нақд тўрт минг рубл берганман” деб чираниши айил ботди. Бу нарсани у юрагига қаттиқ олгани учун кўкрак қафасида санчиқ турганини, ўша ерида қаёқдандир тағин нохуш бир туйғу пайдо бўлиб, бу нохушлик вужудининг барча қисмига ёйилганини идрок этаркан, бу қурумсоқ эр-хотинларга Марказий Универмагда ишлаб юрган кезларида олиб берган анвойи рангли эрони ва туркмани гиламлару биллур қандиллар, турли чинни асбоб-анжомларию тилла тақинчоқлар, бриллиант кўзли исирғалару бриллиант кўзли узуклар, тўп-тўп жуҳуд атласлару қимматбаҳо япони ва фаранги матолари бир сонияда кўзи ўнгидан ўтиб улгурди. Бошидан товонига довур музлаёзиб: “Менинг шунча қилган яхшиликларим қаёққа кетди?”, деб ўзига-ўзи савол бераркан, рўпарасидаги “энг яқин одамларим” деб билганлари ҳақиқатда энг ёвуз махлуқлар эканлигига дилдан иқрор бўлиб: “Эссиз, мен буларни энг яқинларим деб жонимни беришга тайёр юрардим, лекин ўйлаганларим сароб чиқди, мени энг лақиллатганлар шулар бўлди, шунча ташмалашларни ота-онамга, касалвон акамнинг оиласига, сингилларимга қилсам бўлмас эканми?! Мен буларни жигарим деб юрсам, қип-қизил ҳасадгўй, хусуматгўй ‒ душманларим бўп чиқишди-ку!”, деб ўзича фикр-мулоҳазаланиб, ана шу ўй-фикрлари таъсирида ўзини қўярга жой тополмай, ич-этини егандан-еб, пешанасини харсанг тошга ургандай кўзларидан ёш чиқиб кетиб ёзғирди:

‒ Менам Универмагда ишлаётганимда истаган нарсангизни олиб берганман, Рашид ака! Манави кеннойимни тилла ва бриллиант тақинчоқларга кўмиб ташлаганимни наҳот унутган бўлсанглар? Йў-ўқ, унутмагансизлар, фақат мени унутиб юборган деб ўлайсизлар! Менам унутганим йўқ! Бошқа бировларга эмас, ҳатто ўзимнинг энг яқин сингилларимга раво кўрмаганларимни, сизга раво кўргандим-ку, кеннойи! Ҳатто тўнғич синглиларингиз уёқда турсин, анави кенжа синглингиз Таърифани неча марта бошлаб борганингиздаям рад жавобини бермай, истаган нарсасини олиб бергандим-а! Наҳот шуларни унутдингиз?! Ахир, манави уйингиздаги осилиб турган биллур қандилни бош ҳисобчимиз ялингандаям бермовдим, сизларга раво кўриб директорнинг шоферидан мана шу хонадонингизга жўнатувдим-а?! Ё, унутиб юбордингларми?! Ҳечқурса ана шуларни эсласанглар керак? Эссиз-эссиз!..

Рашид дўконга Асқарнинг шифтга осилган биллур қандилларга нигоҳ қадаб ҳадеб “эссиз-эссиз!” деб тиззасига муштлаб афсусланиши ёқмади. “Олиб берган бўлсанг текинга олиб берибсанми? Ўша заҳоти пулини қўлингга санаб берганман ‒ хотинларга ўхшаб тиззангга муштлашингни-чи?! Жа-аа “ўтқазиб қўйганман” деб ўйлайсан-да, а?!”, деб Асқарга хўмрайиб қаради, ортидан ана шунга ўхшаган биллур қандиллардан беш-ўнтасини ўзининг пулига олдирганини, олдирганда ҳам жиянининг ҳақини унутмаганини, ҳар бир қандилнинг устига камида эллик-олтмиш сўм устама берганини ва эллик-олтмиш сўм ўша пайтларда катта пул эканини ҳам унутмаган ҳолда хотини Тоҳира сатангга нигоҳини қаратаркан, “Пулингизни олганингизда ҳам долларга чақиб олинг!”, деб ўргатгани учун бир томондан ундан норозиланса, бошқа томондан эса Асқарнинг олиб берган қандилларини миннат қилиб нуқул тиззасига муштлашини кузатиб: “Булар билан ўзи ана шунақа ҳисоб-китоб қилиб қўйиш керак эди! Бунақа кўрмаган болалар пул топиб босар-тусарини билмай қолганди, ўзи бурнини яхшилаб ишқалаб қўйиш керак эди-ю, аммо отасини бошлаб келибди, бир ўзи келишга юраги дов бермаган-да, амакиси Рашид дўконга бас келолмаслигини балодай сезган!..”, деб ичдан турфа ўй-фикрларга бораркан, яна қаёқдандир жияни билан ҳисоб-китобни долларга чақиб қилишга ақл ўргатган хотини ёдига тушиб, хоссатан унга ҳам ўқрайиб қўйиб; бир нарса дейишга тараддудланган хотини ва унинг важоҳатини кўриб ҳайиқиб ерга қараган Жавлондан диққатини бўлак томонга буриб, акаси Абдурасул отанинг ёнида ўтиргани учун ҳам Асқарга бутун заҳрини сочишдан чўчиб, шунда ҳам бағбақадор димоғида гап бошлаб:

‒ Ўша нарсаларни оберган бўлсанг, текинга оберибсанми? Ҳар оберган нарсанг учун ошиғи билан пул берганимни эсингдан чиқардингми?! ‒ деб баланддан келди. Ана шу таънаомуз сўзларидан сўнг Асқарнинг ранги гезарганини, гезаргандан ҳам бурун унинг чақноқ кўзларига шашқатор ёш келиб, бу ердагиларнинг бирортаси ҳам тушуниб етмаган, фақатгина Рашид дўкону жияни Асқарга тааллуқли бўлган сирдан воқиф бўлгани учун: “Ўша воқеаларни ҳам унутдингизми? Наҳот берган беш-ўн танга чой-чақангизни пеш қиласиз? Ана уёқда ўтирганларингизни унутдингизми? Ана у жононингизга битган мактубларингизни ташийвериб чарчаганларим, адвокатларингиз кетидан югурганларим-чи?!”, дегандай афсус-надомат че киб, ичдан изтироблар гирдобига тушганини сезса-да, жиянининг кўзларидаги ёшлар унинг ўтмишини эслатиб, Рашид дўконни уйғонишга, уйғонганда ҳам “ўша қамоқдаги аҳволингни эслаб кўзингни оч” деса-да, айни дамда у ана шуларни ёдга олиб, ҳатто қамалиб қолганида, иккала мартасида ҳам қамоқхонага мана шу жияни Асқар бошқалардан кўра кўп югурганини, адвокати, севгилиси Гулбаҳорнинг мактубларини ҳам ана шу жияни ташиганларини, таший-таший чарчаганларини ҳам юз-хотир қилиб ўтирмади.

Ҳақиқатда Асқарнинг хаёлидан шу дамда амакиси Рашид дўкон қамалганида судига югурганлари, неча марталаб қамоқхонага бўзчининг мокисидай қатнаганлари ўтди. Аммо ҳозир сарсон-саргардон бўлганларини пешласа амакиси “пов” этиб ёниб кетиб, фиғони фалакка ўрлаши мумкинлигини тасаввур этдию мазкур кўнглидан кечган ўйларини сиртига чиқармади, “Ҳали буларни айтиб юракни бўшатиб олишнинг ҳам мавриди келиб қолар!”, деб сўзланиб, ўзини маълум маънода тинчлантириб, дардини ичига ютди.

‒ Ҳув анави уйларни қанчага қурганимни биласанми?! ‒ кўча томонга қурилган, олд томони пешайвонли, таги ҳайҳотдай подвалли, ўнг ёнида барча қулайликларга эга бўлган ошхонаси бор уч уйдан иборат иморатни назарда тутди Абдурасул ота, ана шунга укаси Рашид дўкон ва ёнида ўтирганларнинг диққатини қаратаётганида овози титраб кетди. Овози титраб кетганини ўзи ҳам ҳис этиб хўрлиги келди-ю, бироқ эркаклик ғурури устун келиб, ўзини иложи борича қўлга олишга тиришиб сўзида давом этди: ‒ Ўша пайтда шуни қуриш учун нақд йигирма минг сўмим кетган-а! Совет пулида йигирма минг рублим демоқчиман!.. Агар буни сенларга ўхшаб бугунги кунги долларга чақадиган бўлсам йигирма минг доллар дегани-я!.. ‒ у ҳам укаси ва келини Тоҳира сатангнинг шўро даврининг рублини долларга чақиб ҳисоблаганларидан қаттиқ ранжиган, шу боис ҳам атайлаб ўзи қурган иморатига сарфлаган моддий маблағини долларга чақиб ҳаммаларининг “попуклари”ни пасайтириб” қўйишни мақбул топганди. ‒ Ана шу не ҳасратга қурганим, ҳа, ҳа, мана шу қўлларим билан бунёдга келтирганим, ёшликдаги бутун куч-қувватимни олган, бор-будимни сарфлаганим шундай бақувват, мустаҳкам қўшсинчдан тиклаганим иморатимни сенларга ташлаб чиқиб, ўзим ана ундай бепанд уйга кўчиб ўтганимниям юз-хотир қилмайсанми, а?!


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации