Электронная библиотека » Дэн Браун » » онлайн чтение - страница 10

Текст книги "Рақамли қалъа"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Дэн Браун


Жанр: Классические детективы, Детективы


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 10 (всего у книги 30 страниц) [доступный отрывок для чтения: 10 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Ўттизинчи боб

Хушбўй сирен гуллари чирмашиб кетган қалин панжаралар билан ўралган Альфонсо XIII кичкинагина тўрт юлдузли меҳмонхона эди. Мармар зиналардан юқорига одимлаган Девид ҳали яқинлашиб улгурмасиданоқ эшик очилди ва ичкаридан швейцар пешвоз чиқиб, деди:

– Baggage, señor? Ёрдам керакми?

– Раҳмат, шарт эмас. Мен навбатчини кўришим керак, дарҳол!

Швейцар илтифоти рад этилганидан бироз ранжигандек сукут сақлаб, Девидни вестибюлга бошлади, навбатчини қўли билан кўрсатиб, ўзи изига бурилди ва кўздан ғойиб бўлди.

Қабулхона кичкина бўлса ҳам, жуда шинам ва дид билан безатилганди: Испаниянинг олтин асри ўтмишда қолган бўлишига қарамай, бир вақтлар дунёга ҳукмронлик қилган миллатнинг ўтган фахрли кунларини ёдга солиб туриш мақсадида хона ярқираган қурол-яроғ, ҳарбий аслаҳа ва бир вақтлар янги дунёдан олиб келинган қуйма олтинларнинг тасвири туширилган санъат асарлари билан тўлдирилган хонада ўзгача руҳ ҳукмрон эди.

Столнинг ортида нозиккина, ўзига қизлардек яхшилаб оро бериб, сочларини силлиқлаб тараган, қошларини текислаган навбатчи Беккерни лабида табассум билан кутиб олди ва деди:

– En qué puedo servirle, señor? Қандай ёрдам беришим мумкин, жаноб? – навбатчи сохта мулозамат билан сўради Девиднинг бақувват танасига бошдан оёқ тикилиб чиқаркан.

Беккер испанчада жавоб қайтарди:

– Мануэль билан гаплашсам бўладими?

Навбатчининг Қуёшда тобланган юзига табассум ёйилди:

– Sí, sí, señor. Камина Мануэль бўламан. Қандай кўмак беришим мумкин?

– Escortes Belén компаниясидаги Сеньор Рольдан сизга учрашишимни…

Рольданнинг исмини эшитиши биланоқ Мануэль жим бўл дегандек қўл силтаб Девиднинг оғзини ёпди, ҳеч ким эшитмадимикин деган хавотирда вестибюлга кўз ташлади, зал бўм-бўш эканини кўриб, кўнгли хотиржам тортгач, Девидни ёнига имлади ва паст овозда гап бошлади: – Сал эҳтиёт бўлади-да, биродар. Нима гап ўзи?

Беккер ҳам унга монанд пичирлаб гапирди:

– Escortes Belén’нинг Росио исмли бир ходимаси ҳозир шу ерда, хизмат вазифасини бажараётган экан. Шу қизни кўришим керак.

– Аааа, Росио… Жуда гўзал малак… – навбатчи кўзларини айёрона қисди.

– Мен дарҳол у билан гаплашишим керак.

– Бироқ, сеньор, Росио ҳозир мижоз билан бирга.

Беккер овозига жиддий тус берди:

– Бу жудаям муҳим. Миллий хавфсизлик масаласи.

Навбатчи йигит инкор қилди:

– Иложи йўқ. Агар бирор хабар…

– Қизнинг атиги бир дақиқа вақтини оламан холос. Ҳозир ресторандами у?

– Ресторанимиз аллақачон ёпилган. Ўйлашимча, Росио ва мижоз дам олиш учун хонага кириб кетишган. Ёзма хабар қолдирсангиз, эртага эрталаб қўлига етказиб қўяман.

– Балки шунчаки уларнинг рақамига қўнғироқ қилиб…

– Кечирасиз, жаноб, – деди Мануэль сабр косаси тўлиб, – Альфонсо XIII меҳмонхонасининг мижозлар дахлсизлиги ҳақида ўзига яраша қатъий қоидалари бор.

Беккернинг семиз немис билан фоҳиша қизни эрталабгача кутиб ўтириш нияти йўқ эди.

– Тушунарли. Безовта қилганим учун узр, – деди ва орқага бурилиб, устида конверт, қоғоз парчалар ва ручкалар турган вестибюлдаги стол томон юрди. Бир варақ қоғозни конвертга тиқди ва устига «Росиога» деб ёзди. Сўнг навбатчининг ёнига қайтиб:

– Сизни овора қилаётганим учун узр, – деб гап бошлади хижолатомуз овозда. – Шунчаки Росиога мен билан бирга ўтказган оқшом учун шахсан миннатдорлик билдирмоқчи эдим. Ҳозир жўнаб кетишим зарур, тонггача кутолмайман… Хабар қолдиришимга тўғри келаркан… – деди ва конвертни стол устига қўйди.

Бечора гетеросексуал ошиқ… Шундай келишган йигит тунни ўтказиш учун аёл кишини танлаши қандай ачинарли, хаёлидан ўтказди Мануэль ва Беккерга қараб табассум қилди:

– Сизни ким деб таништирай, жаноб?

– Буисан. Мигель Буисан, – жавоб берди Беккер.

– Яхши, сеньор. Хижолат бўлманг, эртага тонгда мактуб Росионинг қўлида бўлади.

Девид миннатдорлик изҳор қилиб, эшик томон йўналди.

Мануэль Беккернинг ортидан суқ билан тикилиб қолди, сўнг ўгирилиб, қўлидаги конвертни деворга маҳкамланган рақамли бўлмачаларидан бирига жойлаштирган ҳам эдики, орқасидан Девиднинг овози янгради:

– Сеньор, қаердан таксига қўнғироқ қилишим мумкинлигини айтолмайсизми?

Навбатчи ортга қараб, телефон будкаси қаерда эканлигини тушунтирди, бироқ Девиднинг қулоғига ҳеч нима кирмади. У икки кўзи билан Мануэль конвертни қайси бўлмага солганини кўришга тиришди. Навбатчининг қўли 301-рақамли бўлмадан чиқаётган эди. Беккер ёрдам учун ташаккур айтди ва қабулхонадан ташқарига чиқаркан, кўзлари билан аланглаб лифтни қидиришга тушди.

Ўттиз биринчи боб

Сьюзан Nod 3 га қайтди. Стратмор билан бўлган суҳбатдан кейин қиз Девиднинг хавфсизлиги ҳақида жиддий хавотирга тушиб қолди: хаёлига ҳар хил фикрлар келиб, асабийлашди.

– Хўш, – сўради Хейл терминалидан бош кўтариб. – Стратморга нима керак экан? Бош криптограф хоним билан романтик кечки овқатни тусабдими шефнинг кўнгиллари?

Сьюзан эътибор бермасликка тиришиб, қовоғини уйганча компьютери қаршисига келиб ўтирди, паролни тергач, монитор ёришди ва Изқувар дастури экранда пайдо бўлди: Шимолий Дакота ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ эди.

Жин урсин, баттар тажанглашди қиз, нега бунча чўзилиб кетди?

– Асабий кўринасиз, – деди Хейл бегуноҳ оҳангда. – Диагностика билан бирор муаммо чиқдими?

– Жиддий гап йўқ, – хотиржам жавоб берди қиз. Бироқ Изқувар кечикаётган эди. Ёзаётганимда бирор хатога йўл қўйдиммикин, деган хаёлда Сьюзан Limbo’нинг узундан-узоқ сатрларини кўздан кечириб, Изқуварнинг узоқ ушланиб қолишига сабабни қидира бошлади.

Хейл қизнинг ҳаракатларини ўшшайиб кузатиб турарди.

– Айтганча, мен сиздан бир нима сўрамоқчи эдим, – таваккалига гап бошлади у. – Энзай Танкадо ёзаётган ечиб бўлмас алгоритм ҳақида эшитдингизми?

Сьюзаннинг ичи шувиллаб кетди.

– Ечиб бўлмас алгоритм? Ҳа, нимадир ўқигандим шекилли у ҳақда, – ўзини қўлга олишга интилди қиз.

– Жуда зўр нарсага ўхшайди ўзиям.

– Ҳа, – жавоб берди Сьюзан, Хейл бу мавзуда нега гап бошлаганига ажабланиб. – Лекин мен бунга ишонмайман. Дастурлашдан хабари бор ҳар қандай одам ечиб бўлмас алгоритм математик жиҳатдан эҳтимолдан узоқлигини яхши билади.

Хейл жилмайди:

– Айтмоқчисизки… Бергофский тамойили…

– Ва ички ҳиссиёт.

– Ким билади дейсиз… – йигит ўзича хўрсинди. – Бу дунё сизнинг тасаввурингизга сиғмайдиган нарсаларга тўла.

– Тушунмадим, Хейл?

– Шекспир, – изоҳ берди йигит. – Ҳамлетдан парча эди бу.

– Турмада ўтирганингда ўқишга кўп вақтинг бўлган шекилли?

Грег ҳиринглади.

– Жиддий сўраяпман, Сьюзан. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, балки Танкадо ростдан ҳам ечиб бўлмас алгоритмни яратгандир?

Суҳбат Сьюзанни ташвишга тушира бошлади.

– Билмадим. Бу бизнинг қўлимиздан келмаган лекин.

– Балки Танкадо биздан кўра яхшироқдир.

– Балки, – елка қисди қиз, суҳбатни давом эттиргиси келмай.

– Биз бироз муддат хабарлашиб тургандик, – бепарво оҳангда деди Хейл. – Танкадо ва мен. Бундан хабарингиз борми?

Қиз бошини кўтариб Грегга қаради, у ҳайратини яширишига уринарди.

– Ростданми?

– Ҳа. Читтак алгоритмни фош қилганимдан кейин Танкадо рақамли хавфсизлик борасидаги глобал жангда биз биродарлармиз деган мазмунда менга мактуб йўллаганди.

Қиз қулоқларига ишонмасди. Хейл билан Танкадо шахсан таниш бўлган! Ичи қизиб кетаётган бўлса-да, Сьюзан ўзини Хейлнинг сўзларига бепарводек тутишга ҳаракат қилди.

– Яна Танкадо Читтакдаги қора туйнукни топганим билан мени қутлаб, бу ишим билан фуқароларнинг шахсий дахлсизлигини ҳимоялашга ҳисса қўшганимни таъкидлади, – мақтанди Хейл. – Тан олинг, Сьюзан, қора туйнук орқали бутун дунёнинг e-mail’ини ўқишга урингани учун Стратмор қамоқда чириши керак эди.

– Грег, – йигитнинг гапини бўлди қиз, ўзини аранг босиб. – Қора туйнук АҚШга таҳдид қилувчи хабарларни ушлаш учун ўрнатилганди.

– Оо, шундайми? – кулди Грег кўзлари чақнаб. – Ундай бўлса, оддий фуқаронинг почтасидаги хатларни ўқиш тасодифми?

– Биз оддий фуқароларни кузатмаймиз ва сен буни жуда яхши биласан. ФҚБ одамларнинг телефонига уланиш имкониятига эга, лекин бу улар ҳар битта қўнғироқни эшитади дегани эмас.

– Агар бутун ҳуқуқ уларнинг қўлида бўлганида, шундай қилган бўлишарди.

Сьюзан йигитнинг нимага шаъма қилаётганини англаса-да, эътибор бермади ва фикрини давом эттирди:

– Ҳукуматда мамлакатнинг манфаатига кўланка солувчи хабарларни тўплашга ҳуқуқ бўлиши керак.

– Ё Масиҳ! – ҳайқирди Хейл. – Стратмор миянгизга ўзининг фикрларини яхшилаб қуйган кўринади! ФҚБ бирор фуқаронинг суҳбатини тинглаш учун ордер олиши кераклигини жуда яхши биласиз. Стандарт шифрлашдан фойдаланишга ўтиш эса МХА исталган вақтда, исталган жойда, исталган кимсанинг хабарини ёриб кириши дегани эди.

– Ҳақсан! Аслида шундай бўлиши керак эди, – овозини бир парда баландлатиб, дағал оҳангда жавоб берди қиз. – Агар сен Читтакдаги қора туйнукни топмаганингда, ҳар бир коднинг калити бизнинг қўлимизда бўларди ва ҳозиргига ўхшаб хабарнинг кодини ечиш учун Трансхабардан фойдаланиб соатлаб вақт сарфлаб ўтирмасдик.

– Агар мен носозликни топмаганимда, – эътироз билдирди Хейл, – бошқа кимдир барибир илғаган бўларди. Менга раҳмат айтишингиз керак вақтида аниқлаганим учун. Ўзингиз ўйлаб кўринг, агар қора туйнукнинг мавжудлиги Читтакдан оммавий фойдаланишга ўтилганидан кейин маълум бўлса қанақа тўполон кўтарилган бўларди?

– Нима бўлганда ҳам, – йигитнинг гапини кесди Сьюзан. – Сенинг шарофатинг билан Электрон чегараланиш жамияти биз яратган ҳар бир алгоритмда яширин дастур бор деб ўйлайди.

– Нима? Ундай эмасми? – истеҳзо билан қаради унга Грег.

Сьюзан жавоб бериш ўрнига совуқ ўқрайди.

– Майли, бу муҳим эмас энди, – вазиятни юмшатишга уринди Хейл. – Трансхабарни қурганингиздан кейин энди сизларда хабарларни осонлик билан қабул қилишга имконият бор. Нима хоҳласангиз шуни ўқийверасиз – ортиқча савол-жавобларсиз. Сиз ғолиб бўлдингиз!

– Биз ғолиб бўлдик демоқчимисан? Охирги марта эшитганимда сен ҳам МХАда ишлаётгандинг?

– Бу узоқ давом этмайди, – керилди Грег.

– Наҳотки?

– Жиддий айтяпман. Эртами кечми мен бу ердан кетаман.

– Шу кунларни интизорлик билан кутаман!

Шу дам Сьюзан ич-ичидан Хейлни бўлаётган ишлар учун айблаб, лаънатлашни истади: Рақамли қалъа учун, Девид билан боғлиқ муаммолар учун, ҳозир дам олишда эмаслиги учун. Бироқ буларнинг ҳеч бири Хейлнинг айби эмасди. Грегнинг ягона хатоси унинг безбетлиги эди. Сьюзан ёши катталиги туфайли оғир-босиқ бўлишга мажбур эди. Бош криптограф сифатида бўлимдаги тинчликни сақлаш, Хейл каби ёш ва ғўр ходимларга тарбия бериш унинг зиммасида эди.

Қиз Грегга тикилди ва шундай истеъдодли, МХА учун жуда фойдали одам ҳанузгача ташкилотнинг аслида қандай муҳим вазифа бажараётганини англамаганидан афсусланди.

– Грег, – ўзини мажбурлаб дўстона овозда гап бошлади Сьюзан. – Бугун оғир кун бўлди мен учун. Бу ҳам етмагандек, сен МХА ҳақида билдирган салбий фикрларинг баттар хафа қилди. Бу агентликнинг мақсади ягона, у ҳам бўлса мана шу миллатнинг хавфсизлигини ҳимоя қилиш. Бу вазифани уддалаш учун баъзан нимадандир воз кечишга тўғри келиши мумкин. Бироқ, ишончим комилки, кўпчилик фуқароларимиз тинчликларини сақлашимиз эвазига талаб қилинадиган арзимас қурбонликка рози бўлади.

Грег ҳеч нарса демади.

– Эртами кечми, – давом этди Сьюзан, – бу миллатнинг одамлари ўз тақдирини кимнингдир қўлига ишониб топшириши зарур. Мамлакатимизга яхшилик билан бир қаторда ёмонлик соғинувчилар ҳам талайгина топилади. Кимдир шу яхшини ёмондан ажрата билиши лозим ва бу масъулиятли вазифа бизга юклатилди. Бу бизнинг бурчимиз. Бизга ёқадими, йўқми, демократияни анархиядан жуда заиф дарвоза ажратиб турибди. МХАнинг вазифаси эса ўша дарвозани қўриқлашдан иборат.

Хейл чуқур хаёлга толиб, бош ирғади:

– Quis custodiet ipsos custodes?

Сьюзан англамай қолди.

– Бу лотин тилида, – тушунтирди Хейл. – Ювеналнинг сатирасида шундай дейилган. Маъноси: қўриқчиларни ким қўриқлайди?

– Тушунмадим, қўриқчиларни ким қўриқлайди?

– Шундай. Агар биз жамиятнинг қўриқчилари бўлсак, у ҳолда ким бизни кузатиб, ростданам жамият учун хавф туғдирмаслигимизга кўз-қулоқ бўлади?

Сьюзан нима деб жавоб қайтаришни билмай қолди. Хейл синиқ жилмайди.

– Танкадо менга ёзган мактубларининг барчасини шундай тугатарди. Бу унинг севимли афоризми эди.

Ўттиз иккинчи боб

Девид Беккер коридорда, 301-рақамли хона эшигининг қаршисида тўхтади. Сарсон-саргардонликда қидираётган узуги мана шу нақшинкор эшикнинг ортида, аллақаерда ётганини ўйлаб, юраги ҳаприқиб кетди. Миллий хавфсизлик масаласи!

Ичкаридан ҳаракат товушлари, узуқ-юлуқ овозлар қулоққа чалинарди. Девид эшикни таққилатди. Эшик орқасидан дағал немисча товуш янгради.

– Ja?

Беккер жавоб қайтармади.

– Ja?

Эшик қия очилиб, ундан семиз башара кўринди.

Бейкер илтифот билан табассум қилди. Эркакнинг исмини билмагани учун сўради:

– Deutscher, ja? Германияликсиз, шундайми?

Эркак нима гаплигини тушунмай, бош ирғади.

Беккер соф немис тилида гапини давом эттирди. “Бир дақиқа вақтингизни олсам майлими?

Эркак норози қиёфада боқди:

– Was willst du? Нима керак сенга?

Беккер эшикни тақиллатишдан олдин нима дейишни ўйлаб олмаганидан афсусланди ва хаёлига келган илк сўзларни айтиб юборди:

– Сизда менга керак бир нарса бор.

Бу жумла вазиятга нохос эшитилди шекилли, немиснинг кўзлари қисилди.

– Ein ring, – деди Беккер. – Du hast einen ring. Сизда битта узук бор.

– Бор йўқол, – дўриллади немис ва эшикни ёпа бошлади. Девид ўйлаб ўтирмасдан оёғини эшикка тираб, ёпилишига йўл қўймади. Ва дарҳол қилган ишидан афсусланди.

Немиснинг кўзлари олайиб кетди.

– Was tust du? Нима қиляпсан бу ерда?

Беккер ҳаддидан ошиб кетганини тушунди ва асабийлашиб залга кўз ташлади. Ўзи бугун шундоғам касалхонадан ҳайдаб чиқарилгани етарли бўлганди; меҳмонхонадан ҳам қувилиш нияти йўқ эди.

– Nimm deinen Fuß weg! – ўкирди немис. – Йиғиштир оёғингни!

Беккер эркакнинг билқиллаган бармоқларини кўздан кечирди. Уларда ҳеч қандай узук кўринмасди. Мақсадга етишимга озгина қолди, деб хаёлидан ўтказди у.

– Ein ring! – қайтарди Беккер, бироқ жавоб ўрнига эшик юзининг олдида қарсиллаб ёпилди.

* * *

Девид Беккер нима қиларини билмай, шинамгина коридор деворига илинган Салвадор Дали асарларидан бирининг нусхасига тикилганча узоқ муддат туриб қолди. «Расм ҳам вазиятга муносиб, – аччиқланди у. – Сюрреализм. Мен қўрқинчли тушда қамалиб қолдим». Бугун эрталаб ўз каравотида уйғонган йигитнинг куни Испанияда, аллақандай узукни топиш илинжида аллақандай меҳмонхонадаги аллақандай немиснинг эшигини бузиб кириш билан якунланяпти.

Стратморнинг жиддий овози йигитни воқеликка қайтарди. Сиз узукни топишингиз керак!

Беккер чуқур нафас олди ва тақдирни сўкишдан тўхтади. Йигитни уйга кетиш соғинчи чулғаб олди. Уйга қайтиш чиптаси эса шундоққина рўпарасидаги 301-эшик ортига яширинган тилла узук эди. Девид ўша узукни қўлга киритса бўлди – ортиқ ҳеч нима уни бу ерларда бир дақиқа ҳам тутиб туролмайди.

Девид чуқур нафас олди, шахдам қадамлар билан эшикка яқинлашиб, зарб билан тақиллатишни бошлади. Кескин чора кўриш вақти келганди.

* * *

Немис эшикни силтаб очиб, норозилик билдириш учун оғиз жуфтлаганди, аммо Беккер уни гапиргани қўймади. Чўнтагидан Мэриленд сквош клуби томонидан берилган ID-картасини чиқариб, ўшқирди:

– Polizei!

Кейин хона ичига йўналди ва чироқларни ёқди. Немис воқеаларнинг бундай ривожини кутмаганди.

– Was machst…

– Жимлик сақлансин, – Беккер инглизча сўзлашга ўтди. – Бу хонада фоҳиша борми? – У атрофга бир қур назар ташлади. Хонада тўрт юлдузли меҳмонхонада топилиши мумкин бўлган ҳамма нарса – атиргуллар, шампан виноси, икки кишилик шоҳона каравот мужассам эди, бироқ Росио ҳеч қаерда кўринмасди. Беккернинг эътиборини зич ёпилган ванна эшиги тортди.

– Prostituiert? – немис ванна томон хавотирли нигоҳ ташлади. У Девид тасаввур қилганидан ҳам семизроқ эди. Немиснинг жун босган катта кўкраклари қатлам-қатлам бўлиб кетган қорни томон осилиб тушганди. Альфонсо XIII да мижозларга тақдим этиладиган тунги халатнинг белбоғи унинг белига учма-уч етиб турарди.

Беккер рўпарасида аланглаб турган гигантга қовоқ остидан ўқрайиб қаради:

– Исмингиз нима?

Немиснинг қип-қизил юзида қўрқув аломатлари пайдо бўлди.

– Was willst du? Нима истайсан?

– Мен Севилья полициясининг хорижий сайёҳлар билан ишлаш бўлимиданман. Хонангизда фоҳиша борми?

Немис ваннахонага таҳлика билан қаради ва бироз иккиланди.

– Ja, – ниҳоят тан олди у.

– Фоҳишабозлик Испанияда ноқонуний эканидан хабарингиз борми?

– Nein, – ёлғон гапирди немис. – Мен билмагандим. Ҳозироқ қизни уйига жўнатаман.

– Бунга энди кеч бўлдими деб қўрқаман, – деди Беккер ҳукмрон оҳангда ва хона бўйлаб виқор билан юра бошлади. – Бироқ… Сизга бир таклифим бор.

– Ein Vorschlag? – немиснинг нафаси тиқилиб қолди. – Таклиф?

– Шундай. Мен сизни маҳкамага олиб кетишим мумкин ҳозироқ… – Беккер маъноли сукут сақлади ва бармоқларини қарсиллатди.

– Ёки нима? – немиснинг кўзлари қўрқувдан ола-кула бўлиб кетди.

– Ёки биз сиз билан келишув тузамиз.

– Қандай келишув? – Испан полициясида порахўрлик ҳақидаги ҳикояларни немис кўп эшитганди.

– Сизда мен истаган нарса бор, – мақсадга кўчди Бейкер.

– Ҳа, ҳа, албатта, – иши осон битаётганидан қувониб кетган немис жилмайишга уринди ва стол устида турган ҳамёни томон шошилди. – Қанча сўрайсиз?

Девид ўзини ғазаблангандек кўрсатиш мақсадида қовоғи остидан ўқрайиб қўйди.

– Қонун олдида хизмат қилувчи полиция зобитига пора беришга уриняпсизми? Қандай ҳаддингиз сиғди?

– Йўқ! Албатта ундай эмас! Мен шунчаки… ўйлабманки… – Беккердаги ўзгаришдан ўзини бутунлай йўқотиб қўйган немис каравотнинг бир четига ўтирди, қўллари билан лагандек ялпоқ калласини чангаллади. – Мени кечиринг.

Беккер хона ўртасида турган вазадан бир дона атиргулни суғуриб олиб, узоқ ҳидлади ва полга улоқтирди. Сўнг немисга ўгирилиб, дабдурустдан сўради:

– Қотиллик ҳақида нималарни биласиз?

Немиснинг юзидан қон қочди.

– Mord? Қотиллик?

– Шундай. Бугун тонгда боғда бир осиёлик билан бўлган ҳодиса суиқасд эди – Эрмордунг. – Девидга немис тилидаги суиқасд сўзи ёқарди – Эрмордунг – жуда жарангли ва совуқ янграйди.

– Ermordung? У… у одам…?

– Ҳа. У қотиллик қурбони бўлган.

– Бироқ… бундай бўлиши мумкин эмас, – немиснинг нафаси қисилиб қолди. – Мен ўша ерда эдим. Осиёликнинг юраги хуруж қилди. Мен ўз кўзим билан кўрдим. Ҳеч қанақа қон, ҳеч қанақа ўқ йўқ эди.

Беккер бош чайқади:

– Кўрганларимиз ҳамиша ҳам ҳақиқат бўлавермайди.

Немиснинг ранги докадек оқариб кетди.

Беккер ичида жилмайиб қўйди. Унинг ёлғони иш берганди. Бечора немис терга ботиб кетди.

– Ни-ни-ма истайсиз мендан? – дудуқланиб сўради. – Мен ҳеч нарса билмайман.

Беккер яна хона бўйлаб юра бошлади.

– Қурбоннинг қўлида тилла узук бор эди. Менга ўша керак.

– Ме-менда у йўқ.

Беккер афсус билан хўрсинди ва ванна томонга ишора қилди:

– Росиочи? Шабнам томчиси?

Эркакнинг қон қочган юзи қизариб кетди.

– Сиз Шабнам томчисини биласизми? – ялтираган пешонасидаги терни кўйлагининг енги билан артиб, энди гапиришга оғиз жуфтлаган эдики, ванна эшигининг ланг очилиши уни тўхтатди.

Иккала эркак ҳам ўша томонга қаради.

Росио Ева Гранада ваннахона бўсағасида бор гўзаллигини намойиш этиб турарди. Қизнинг белига ўралиб тушган узун тўлқинсимон қизил соч, бекаму-кўст бадан, тўқ каштан рангли кўзлар, катта, текис пешона… Қизнинг устидаги немисникига ҳамоҳанг тунги халат белбоғи кенг бўксаси устидан енгил боғланган, юқори қисми бироз осилиб, Росионинг офтобда тобланган елкаларини кўз-кўз қилиб турарди. Қиз қатъият билан ётоқхонага қадам ташлади.

– Сизга қандай кўмак беришим мумкин? – сўради у димоғ билан инглизча сўзлаб.

Беккер рўпарасида турган жозибадор аёлга тикилди ва пинагини ҳам бузмасдан:

– Менга узук керак, – деди совуқ оҳангда.

– Сиз кимсиз ўзи? – талабчан оҳангда суҳбатни давом эттирди қиз.

Беккер Андалузия шевасида сўзлашга ўтди:

– Полиция зобити.

Қиз қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.

– Бўлиши мумкин эмас, – жавоб қайтарди у испанчада.

Беккернинг нафаси ичига тушиб кетди. Росио бақалоқ немисдан кўра анча пишиқлиги кўриниб турарди. Бироқ у ўзини қўлга олиб, совуқ оҳангда жавоб қайтарди:

– Бўлиши мумкин эмас? Буни исботлаш учун маҳкамага олиб боришимни истарсиз балки?

Росио мийиғида кулди.

– Таклифингизни қабул қилиб сизни уятга қўйишни истамайман. Хўш, кимсиз сиз?

Беккер битта гапга ёпишиб олди:

– Мен Севилья полициясиданман.

Росио у томон қадам ташлади:

– Севильядаги ҳар бир зобит менга жуда яхши таниш. Улар менинг энг яхши мижозларим.

Беккер қизнинг ўзига еб қўйгудек тикилаётганини ҳис этди. Тактикани ўзгартириш керак эди.

– Мен полициянинг туристлар билан шуғулланувчи махсус бўлимиданман. Ҳозироқ узукни менга беринг, акс ҳолда сизни идорага олиб кетаман ва…

– Ва нима? – сўради қиз Девидни калака қилгандек қошларини учириб.

Беккер нима дейишни билмасдан, дами ўчди. Режа барбод бўлаётганди. Қиз нега унга ишонмаётган экан-а?

Росио йигитга яқинроқ келди.

– Сизнинг кимлигингизни ҳам, нима исташингизни ҳам билмайман, бироқ ҳозироқ хонадан қорангизни ўчирмасангиз, меҳмонхона қўриқчиларини чақираман, ана шундан кейин ҳақиқий полиция келиб сизни ҳибсга олади, полиция зобити номини қалбакилаштиришга уринганингиз учун.

Стратмор икки дақиқадаёқ уни турмадан олиб чиқишга қурби етишини йигит яхши биларди, аммо бу ишлар овоза қилинмаслиги зарурлиги тайинлангани учун Беккер полицияни ўртага аралаштиролмасди.

Йигитга етишига бир неча қадам қолганда Росио тўхтади ва диққат билан унга тикилди.

– Яхши, – хўрсинди Беккер овозига таслим бўлгандек тус бериб. – Мен Севилья полициясидан эмасман. Мени бу ерга АҚШдан узукни топиш учун юборишди. Бошқа ҳеч қандай маълумотни ошкор қила олмайман. Узукни берсангиз, истаганингизча пул тўлашим мумкин.

Ўртага чўккан узоқ жимликдан кейин Росионинг лабларида айёрона табассум жилваланди.

– Ҳақиқатни айтиш унчалик ҳам қийин эмас экан, шундайми? – деди у ва курсига ўтириб, оёқларини чалиштириб олди. – Қанча тўламоқчисиз узук учун?

Қизнинг розилик билдирганидан Беккернинг елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлди. Савдолашиб ўтиришга тоби-тоқати йўқлиги сабаб лўнда қилиб деди:

– 750.000 песета бераман. Бу беш минг АҚШ доллари демак.

«Бу пул узукнинг асл нархидан ўн марта қиммат», – ўйлади йигит ичида.

Росио ҳайратланиб, қошларини керди:

– Бу жудаям кўп-ку.

– Ҳа, шундай. Келишамизми?

Қиз бошини чайқади:

– Хўп деган бўлардим-у, лекин…

– Миллион песета, – ўйлаб ўтирмасдан оширди Девид. – Менда бори шу.

– Эй Худойимей, – жилмайди Росио. – Сиз америкаликлар умуман савдолашишни билмайсиз. Бизнинг бозорларда бир дақиқа ҳам яшолмасдинглар.

– Нақд пул, ҳозироқ тўлайман, – деди Беккер курткаси чўнтагидаги конвертга қўл узатаркан. – Мен фақат уйга тезроқ кетишни истайман холос.

Росио яна бош чайқади:

– Иложим йўқ.

Беккернинг жаҳли чиқиб кетди.

– Нега энди?

– Чунки узук менда эмас, – узр сўраганнамо деди қиз. – Уни аллақачон сотиб юбордим.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации