Электронная библиотека » Дэн Браун » » онлайн чтение - страница 9

Текст книги "Рақамли қалъа"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Дэн Браун


Жанр: Классические детективы, Детективы


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 9 (всего у книги 30 страниц) [доступный отрывок для чтения: 10 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Йигирма олтинчи боб

Клиника яқинидаги скамейкада ўтирган Беккер энди нима қилиши кераклиги ҳақида бир қарорга келолмай боши қотган эди. Эскорт агентлигига амалга оширган қўнғироқлари бесамар якунланди, қизил соч ҳақида айтарли ҳеч нарса аниқлай олмайди. Командор Стратмор бўлса ҳадеб жамоат жойларидан қўнғироқ қилиш хавфли бўлиши мумкинлигини айтиб, узукни қўлга киритмагунча қайта боғланмасликни тайинлади. Беккер маҳаллий полиция идорасига бориб, қизил сочли енгилоёқ қиз ҳақида маълумот олишни ҳам ўйлаб кўрди, бироқ Стратмор унга қатъий тайинлаганди: Девид, сиз кўринмас одамсиз! Ҳеч ким узукнинг мавжудлигидан хабар топмаслиги зарур!

Беккер сирли қизилсочни қидириб Триана округидаги барча кўчаларнинг тити-питисини чиқаришни ҳам, бақалоқ немисни излаб ресторанларни кезиб чиқишни ҳам хаёлига келтирди, лекин бу вақтини беҳудага сарфлашдан бошқа нарса эмасди.

Бу миллий хавфсизлик масаласи… Сиз узукни топишингиз керак… Стратморнинг бу сўзлари унинг хаёлини банд қилганди.

Мен ўқитувчиман, жин урсин, махфий жосус эмас! Девид нимага Стратмор бу вазифани бажариш учун профессионал жосусларни юбормагани ҳақида ўйлай бошлади, бироқ тайинли сабаб тополмай, мияси ғовлаб ўрнидан турди ва хаёлларини тўплаб олиш ниятида боғда сайр қила бошлади. Шаҳарга тун чўкаётган эди.

Шабнам томчиси.

Бу ғалати исм Девидга ниманидир эслатарди. Шабнам томчиси… Шабнам томчиси… Сеньор Рольдан нима дегандия қизлар ҳақида… Бизда фақат икки нафар қизил сочли қиз бор… Икки қизил соч… Инмакулада ва Росио… Росио… Росио…

Беккер юришдан тўхтади. «Эҳҳҳ… Жин урсин мени! Яна тилшунос эмишман! Қандай қилиб буни назардан қочирган бўлишим мумкин!» – пешонасига шапатилади йигит гап нимада эканини тушуниб.

Росио Испанияда энг кўп учрайдиган исмлардан бири бўлиб, беғубор, покиза, бокира ва табиий гўзалликка эга католик қиз деган маънони ўзида яширганди. Беғуборлик эса мажозий маънода шабнам томчисига қиёсланади. Мана гап қаерда!

Канадалик қария Шабнам томчиси деганда алахсирамаган демак. Росио мижозига исмини иккиси ўртасидаги умумий тил – инглизчага тўғридан-тўғри таржима қилиб айтган кўринади.

Топилмасидан ҳаяжонга тушган Девид телефон томон шошилди.

Кўчанинг нариги четида уни кузатиб турган темир кўзойнак таққан одам ҳам билдирмасдан йигитга эргашди.

Йигирма еттинчи боб

Изқуварнинг қайтиши кутганидан ҳам кўпроқ вақт олаётганидан хавотирланиб терминалида ўтирган Сьюзаннинг хаёлини икки нарса: Девидга нисбатан соғинч ҳисси ҳамда олифта Грегни нима қилиб бўлса-да тезроқ уйига кетказиш иштиёқи банд этганди.

Хейл ўз терминалида компьютерга мук тушганча алланималар билан банд эди, унинг нима қилаётгани ҳозир Сьюзанни заррача ҳам қизиқтирмасди; нима қилса қилсин, Трансхабар мониторига кўзи тушиб қолмаса бўлди, ўйлади қиз. Қизнинг бахтига, Грег қандайдир қўшиқни хиргойи қилганча ишида давом этарди, бу эса йигит бўлаётган ишлардан бехабарлигини англатарди, чунки Грег Трансхабар воқеасидан хабар топганда эди, бўғзидан ашула эмас, ток ургандек ҳайқириқ чиққан бўларди.

Шундай фикрлар оғушида Сьюзан учинчи финжон чойини ҳам ичиб тугатаёзган маҳал терминалидан чийиллаган овоз эшитилди. Қизнинг томир уриши тезлашди, унинг экранида электрон хабар келганини кўрсатувчи конверт пайдо бўлди. Сьюзан хавотир назари билан Грегга қаради: йигит ўзи билан ўзи овора эди. Сьюзан чуқур нафас олди ва конверт устига сичқончани олиб бориб, икки марта босди.

– Шимолий Дакота, – ҳаяжон ичра шивирлади қиз ўзига ўзи. – Асл башарангни очиш фурсати етди.

E-mail очилди ва атиги бир қатордан иборат ёзув кўринди. Сьюзан шоша-пиша мактубни ўқиди. Кўзларига ишонмасдан, яна қайта ўқиб кўрди.

Альфредо ресторанида кечки овқат? 20:00 да?

Залнинг нариги бурчагидан Хейлнинг ҳиринглаган кулгиси эшитилди. Қиз хабар кимдан келганини текширди.

Юборди: [email protected]

Сьюзаннинг миясига қон тепди, ҳозироқ бориб йигитнинг башарасига мушт туширишдан аранг ўзини тийиб, хабарни ўчириб ташлади.

– Жуда доносан, Грег!

– У ерда жуда мазали стейк пиширишади, – кулди Хейл қизнинг эътиборини тортганидан мамнун бўлиб. – Нима дейсиз? Кечки овқатдан кейин биз…

– Буни хаёлингга ҳам келтирма!

– Ўргилдим, – бурнини жийирди Хейл ва хафа бўлиб ишига қайтди. Агар Грегдан армонинг нима деб сўрашса, у ҳеч иккиланмай Сьюзан Флетчер деб жавоб қайтарган бўларди; бу ноёб криптограф аёл Хейлнинг ушалмас орзусига айланганди. Йигит тез-тез Сьюзан билан бўладиган жисмоний муносабат ҳақида фантазия қиларди – имкон бўлиши биланоқ қизни Трансхабар корпусига тираб, нозик оёқларини белидан ўтказганча лаззат оғушига ғарқ бўлишни, ёки бўлмаса Криптонинг қора мармар тўшамаси устига ётқизиб, кийимларини парча-парча қилиб йиртиб ташлаб, икки қўли билан таранг кўкракларидан эзиб роҳатланишни тасаввурида жонлантирарди. Аммо Сьюзаннинг у билан иши йўқ эди. Грегга ҳаммасидан алам қиладигани қизнинг кўнглини арзимас чақа учун эртадан кечгача вақтини университетда ўтказадиган аллақандай ўқитувчи банд этгани эди. Ўзи турганда Сьюзаннинг кучли генлари оми ўқитувчиники билан аралашишини ўйлаб, йигитнинг фиғони фалакка чиқарди. Сьюзан иккимиздан туғилган фарзанд даҳо бўларди, деб ўйлади у аламдан буришиб.

– Ўзи нима устида ишлаяпсиз? – сўради Хейл бошини ишдан кўтариб, қизни гапга солиш мақсадида.

Сьюзан индамади.

– Биз бир жамоамизку! Бир кўрсам бўлар! – Хейл ўрнидан туриб, терминаллар ёнидан юриб Сьюзанга яқинлаша бошлади.

Хейлнинг қизиқиши жиддий муаммолар келтириб чиқариши мумкинлигини сезган қиз бир қарорга келди.

– Бир диагностикани кўриб чиқаётгандим, – тезда жавоб қилди у.

Хейл тўхтади.

– Диагностика? – шубҳаланиб сўради у. – Сиз дам олиш кунини профессорингиз билан ўтказиш ўрнига диагностика билан шуғулланяпсизми?

– Профессоримнинг исми Девид, – жеркиб берди Сьюзан.

– Нима бўлсаям!

Сьюзан йигитга ўқрайиб қаради.

– Қиладиган бошқа ишинг йўқми, Грег?

– Мендан қутулишга уриняпсизми? – Грег тумшайиб олди.

– Шунақа десаям бўлади.

– Сью, хафа қилдингиз мени.

Сью деган сўзни эшитиб Сьюзаннинг кўзлари қисилди. Қизга уни бундай аташлари ёқмасди. Гап фақат Сьюда эмас, айнан Хейл уни шундай аташи ҳам асабига тегарди.

– Балки сизга ёрдам берарман? – таклиф киритди Хейл қиз томон қадам ташлаб. – Мен диагностикани жуда яхши биламан, бундан ташқари, шанба куни Сьюзан Флетчерни ишга келишга мажбур қилган диагностикани ўз кўзим билан кўргим келяпти.

Сьюзаннинг томирида адреналин ортиб кетди, у Грегга нима қилаётганини икки дунёдаям кўрсата олмасди, акс ҳолда йигит минглаб саволлар билан бошини оғритиши шубҳасиз эди.

– Грег, бу билан фақат ўзим шуғулланаман, – қатъий овозда йигитни қайтаришга уринди қиз.

Бироқ Хейл юришда давом этди, у Сьюзаниннг терминалига етишига бир неча қадам қолганди. Қиз тезроқ бирор нима қилиши кераклигини тушуниб, шаҳд билан ўрнидан турди ва йигитга пешвоз чиқиб, унинг йўлини тўсди. Грегдан келаётган атир ҳидидан беҳузур бўлди, бироқ ўзини қўлга олиб, йигитнинг кўзларига тик қаради.

– Мен сенга йўқ дедим! Тушунмадинг шекилли?!

Хейл бўйнини чўзиб, қизнинг экранига кўз ташлашга интилди, ўшшайганча олдинга бир қадам ташлади.

Кўзларидан совуқ ўт чақнаган Сьюзан кўрсатгич бармоғини Хейлнинг кўкрагига тираб, олдинга ҳаракат қилишдан тўхтатди. Қизнинг нигоҳларида очиқчасига таҳдид зоҳир эди.

Хейл дарҳол тўхтади ва ҳайратланиб, бир қадам ортга тисарилди. Сьюзан биринчи маротаба Хейлга қўл текизиши эди. Гарчи йигит Сьюзан билан бўладиган жисмоний яқинликни бошқачароқ тасаввур қилса-да, бундай бошланиш уни довдиратиб қўйди. Қизга бир муддат ҳайрат ичида қараб тургач, аста-секинлик билан қадам босиб, орқага, ўз терминалига йўл олди. Компьютерига ўтираркан, йигитнинг бир нарсага ишончи комил эди: севимли Сьюзан Флетчер қандайдир муҳим нарса устида ишлаяпти, лекин бу муҳим нарсанинг қандайдир диагностика эмаслиги аниқ.

Йигирма саккизинчи боб

Escortes Belén қабулхонасидаги иш жойида ўтирган Сеньор Рольдан ўзини ўзи полициянинг айёрона тузоғидан моҳирлик билан қутулиб қолгани билан қутламоқда эди. Сохта немисча шевада гапириб, ётиш учун қиз сўраш қопқон бўлмай нима? Бу жин ургур зобитларнинг дастидан бемалол ишлаб ҳам бўлмайди. Шу маҳал стол устидаги телефон баланд овозда жиринглади. Сеньор Рольдан гўшакни кўтарди ва мулойимлик билан деди:

– Buenas noches, Escortes Belén.

– Buenas noches, – телефоннинг нариги томонидан шамоллаган эркак кишининг бўғиқ товуши эшитилди. – Бу меҳмонхонами?

– Йўқ, жаноб. Сиз қайси рақамга қўнғироқ қиляпсиз? – эҳтиёткорликни қўлдан бой бермай сўради Сеньор Рольдан.

– 34-62-10, – деди овоз.

Рольданнинг қовоғи уйилди, қўнғироқ қилаётган овозни олдин қаердадир эшитгандек эди у. Шевасига қараганда, бургосликка ўхшайди.

– Сиз тўғри терибсиз рақамни, бироқ бу эскорт агентлиги.

Овоз анча муддат жим бўлиб қолди, сўнг хижолатли овозда гап бошлади:

– Оҳ… Тушунарли… Кимдир бу рақамни ёзиб қўйибди. Мен меҳмонхона деб ўйлабман. Безовта қилганим учун мени афв этинг. Хайрли тун.

– Espére! Шошманг! – қон-қонигача савдогар бўлган Сеньор Рольдан ўзини тутиб туролмади. Компанияни кимдир тавсия қилган кўринади… Шимоллик янги мижоз… Ҳалиги телба зобитни деб тайёр савдонинг белига тепиш нияти йўқ. Рольдан дўстона оҳангда гап бошлади: – Дўстим, шевангиздан бургослик эканингизни пайқадим. Мен Валенсияданман аслида. Сизни Севильяга нима юмуш олиб келди?

– Мен заргарлик буюмларини сотаман. Мажóриcа. Дурлар.

– Majóricas, ростданми! Ундай бўлса саёҳатингиз бироз чўзилса керак?

Овоз беҳолгина йўталди:

– Ҳа, анча муддат бўламан Севильяда.

– Демак, сиз Севильяга бизнес билан келгансиз… – Рольданнинг юраги ҳаприқиб кетди. Қўнғироқ эгаси ҳеч қанақасига полициядан бўлиши мумкин эмасди. – Тахмин қилишга рухсат этинг – дўстингиз бердими сизга бизнинг рақамни?

– Йўқ, йўқ, асло ундай эмас, – уялиб кетди овоз.

– Хижолат бўлманг, сеньор. Биз эскорт агентлигини таклиф қиламиз, уялишга ҳожат йўқ. Чиройли қизлар, бизнес банкетлари… Шу холос. Ким берди сизга бу рақамни? Ўйлашимча, у доимий мижозларимиздан. Мен сизга энг яхши ходималаримизни тавсия қилишим мумкин.

Эркакнинг овози жиддийлашди:

– Аҳҳ… Рости, ҳеч ким бермади рақамингизни. У топиб олган паспортимнинг ичида бор экан. Мен паспортнинг эгасини қидиряпман ҳозир.

Рольданнинг тарвузи қўлтиғидан тушди. Бу одам умуман харидор эмасди.

– Рақамни топиб олдим дейсизми?

– Шундай, бугун боғдан қайсидир бечоранинг паспортини топиб олдим. Сизнинг рақамингиз паспортга қистирилган қоғоз ичидан чиқди. Мен бу рақам паспорт эгаси тунаётган меҳмонхонанинг рақами деб ўйладим ва ҳужжатини қайтариш мақсадида қўнғироқ қилдим. Адашганим учун узр сўрайман. Яхшиси, паспортни йўлим устидаги полиция маҳкамасига ташлаб чиқа…

– Perdón, – овозни бўлди Рольдан асабий оҳангда, мижозларнинг полицияга ташриф буюриши ўзига зарар бўлиши мумкинлигини ўйлаб. – Менда яхшироқ ғоя бор. Паспорт эгаси бизнинг рақамимизни сақлаб қўйишига қараганда, у доимий мижозларимиздан бири шекилли. Полицияга бориб ўтиришингизга ҳожат йўқ.

Овоз иккиланиб қолди:

– Билмадим… Менимча, шунчаки полиция…

– Шошма-шошарлик қилманг, оғайни. Қанчалик уят бўлса ҳам, айтишим жоизки, Севильядаги полиция агентлиги, шимолдагидан фарқли равишда, жуда суст ишлайди. Паспорт эгасини топгунча бир неча ҳафта ўтиб кетиши мумкин. Мен бу муддатни бир неча соатга қисқартира оламан, шахснинг исмини айтсангиз кифоя, – зўр бериб ишонтиришга уринди Рольдан.

– Яхши… Бунинг зарари йўқ деб умид қиламан… – қоғознинг шитирлаши эшитилди, сўнг эркакнинг овози янгради: – Немисча исм экан, талаффуз қилолмаяпман… Густа… Густафон?

Рольдан бу исмни эслай олмади. Унинг бутун дунёдан келадиган мижозлари бўлиб, улар ҳеч қачон ўзларининг асл исмларини ошкор айтмасдилар.

– Расмга қаранг жаноб, ташқи кўриниши қандай? Балки таний оларман уни?

– Хўш… – деди овоз. – Унинг юзи жуда семиз, жуда жуда семиз.

Росио исмли қизни ўзига ҳамроҳ қилиб олган бақалоқ немис дарҳол Рольданннинг хаёлига келди. Бу немисни сўраб бир кечанинг ўзида иккита қўнғироқ бўлиши жуда ғалати, ўйлади у ва мажбуран ҳиринглашга ҳаракат қилиб деди:

– Жаноб Густафон? Албатта, уни жуда яхши биламан. Агар паспортни олиб келсангиз, унга топшириб қўйишга ваъда бераман.

– Мен ҳозир шаҳар марказидаман, машинам йўқ, балки ўзингиз келиб олиб кетарсиз?

– Ммм… – жавобдан бўйин товлади Рольдан. – Мен телефонни ёлғиз ташлаб, бирор жойга чиқолмайман. Лекин сиз турган жойдан узоқ эмас бизнинг…

– Кечирасиз, лекин кўча санғишга кеч бўлди. Яқин ўртада полиция идорасига кўзим тушгандек бўлганди. Ўша ерга кирақоламан. Сиз эса жаноб Густафонни кўрганингизда паспортини қаердан олишни айтиб қўйсангиз бас.

– Йўқ, йўқ, шошманг! – қичқириб юборди Рольдан. Сўнг хўрсиниб деди. – Полицияни аралаштириш шарт эмас. Сиз ҳозир шаҳар марказидасиз, шунақами? Альфонсо XIII меҳмонхонасини биласизми? У шаҳардаги энг яхши меҳмонхоналардан бири.

– Ҳа, – деди овоз бироз ўйлаб туриб. – Альфонсо XIII ни биламан, мен турган жойга яқин.

– Жуда соз! Жаноб Густафон ўша меҳмонхонада тунайди бугун. Ҳозир ўша ерда бўлса керак.

Овоз иккиланиб турди. Сўнг бир қарорга келди шекилли, қисқа қилиб деди:

– Тушунарли. Ҳеч қандай муаммо бўлмайди деб умид қиламан. Акс ҳолда полицияга боришимга…

– Оббо, қўйсангизчи шу полицияни, – асабий кулди Рольдан. – Жаноб Густафон ҳозир меҳмонхона ресторанида, ҳамроҳи билан овқатланяпти. – Эркак ҳозир улар тўшакда эканини тахмин қилса-да, қўнғироқ эгасида ортиқча шубҳа уйғотгиси келмади. – Қабулхонага кирсангиз, у ерда Мануэль исмли йигитни учратасиз, унга сизни мен юборганимни айтинг ва паспортни Росиога бериб қўйишини тайинланг. Росио – бугун жаноб Густафонга ҳамроҳлик қилаётган қиз. У паспорт эгасига қайтарилишини таъминлайди. Истасангиз, ўзингизнинг манзилни қолдиришингиз мумкин – ишончим комил, жаноб Густафон сизга кичиккина миннатдорлик ҳадясини юборади.

– Ажойиб фикр. Альфонсо XIII. Жуда яхши. Мен ҳозироқ йўлга тушаман. Ёрдамингиз учун раҳмат.

* * *

Девид Беккер гўшакни жойига илди.

– Альфонсо XIII, – қиқирлаб кулди у. – Қандай сўрашни билиш керак экан.

Вақтни қўлдан бой бермай Альфонсо XIII томон йўлга тушган Беккернинг орқасидан қора шарпа ҳам эргашди.

Йигирма тўққизинчи боб

Хейл билан тўқнашувдан ҳанузгача ўзига келмаган Сьюзан Nod 3 нинг ойнасидан ташқарига қаради. Крипто зали бўм-бўш эди.

Қизнинг хаёлида Стратморга қўнғироқ қилиб, Хейлнинг шу ерда эканини айтиш фикри ҳам туғилди; командор ҳеч иккиланмасдан Грег Хейлнинг кетига тепиб чиқарган бўларди – айниқса бугун шанба эканини ҳисобга олса. Бироқ Сьюзан Хейл думи тугилганидан кейин қаттиқ шубҳаланиб, бошқа криптографларга қўнғироқ қилиши ва ваҳима кўтариши мумкинлигини ўйлаб, йигитни тек қўйишга қарор қилди.

Ечиб бўлмас алгортим. Қиз хўрсинди, унинг хаёлини яна Рақамли қалъа эгаллаб олди. Бу алгоритмнинг яратилиши мумкинлиги етмагандек, унинг исботи шундоқ рўпарасида, Трансхабар ичида турганига Сьюзаннинг ишонгиси келмасди. Бироқ ўн олти соатдан бери кодни ечолмаётган Трансхабар эътирозга ҳожат қолдирмаганди.

Стратмор… бутун оғирликни елкасига ортганча, ҳалокатнинг рўпарасида мағрур турибди…

Сьюзан баъзан Стратморда Девидни кўрарди, уларнинг жуда кўп хислатлари ўхшарди: иккиси ҳам фидойи, матонатли ва зукко эди. Стратмор унга боғланиб қолганини қиз биларди; Сьюзаннинг криптографияга, касбига бўлган чексиз муҳаббати командорга ўзининг ёшлик даврларини эслатиб, сиёсий бўронларга қарамасдан, ишига нисбатан янада қизиқиш уйғотарди.

Сьюзан ҳам ўз навбатида командорга қаттиқ суяниб қолганди; командор оч қолган эркаклар ичида Сьюзанга паноҳ берган, қизнинг карьерасини гуллаб-яшнатган, уни ёмон кўзлардан асраган ва ўз таъбири билан айтганда, Сьюзаннинг барча орзуларини амалга ошираётган инсон эди. Ҳақиқатан ҳам, қизни Девид билан учрашишига сабабчи бўлган иш таклифини Стратмор амалга оширганди йигитга. Агар командор бўлмаганда, балки ҳеч қачон Девид Беккер билан топишмаган бўлармиди…

Оҳ, Девид, азизим, қаерларда юрибсиз-а… Сьюзаннинг хаёли Девид томон кетди ва баногоҳ қизнинг кўзи клавиатурасининг четига ёпиштириб қўйган қоғоз парчасига ёзилган факсга тушди.

Етти ойдан бери шу ерда ётган факс Сьюзан шу вақтгача еча олмаган код эди. Девид томонидан ёзилган хабарни қиз мингинчи марта ўқиди.

 
Бу камтар хатимни ўқигин бир он,
Сенга бўлган севгим мумсиздир ишон!
 

Йигит бу мактубни унга ўрталарида кичкина келишмовчилик сабаб аразлашиб қолганларидан кейин жўнатганди. Сьюзан бир неча ой Девидга хатнинг маъносини айтишини сўраб ялиниб юрди, бироқ рад жавоби олаверди. Мумсиз… Бу Девиднинг қасоси эди. Сьюзан код ечиш ҳақида йигитга кўп маълумотларни ўргатди ва ёдида яхшироқ сақланиши учун барча хабарларни оддий шифрлардан фойдаланиб ёзишни одат қилиб олди. Девидга бериладиган бозорлик рўйхатидан тортиб севги мактубларигача – барчаси кодланган хабарлар бўларди. Бу қизиқарли ўйинлар натижасида Беккер яхшигина криптографга айланди ва ташаккурини билдириш мақсадида ўзи ёзган хатларга «Мумсиз, Девид» деб имзо чекадиган бўлди. Сьюзаннинг қўлида йигит ёзган юздан ортиқ хабар бўлиб, уларнинг барчаси бир хил усулда якунланганди: «Мумсиз».

Бечора қиз «мумсиз»нинг ортига яширинган маънони билиш учун Девидни авраб ҳам кўрди, алдаб ҳам кўрди – бефойда. Ҳар сафар шу мавзуда гап очилса, йигит илжайиб «Ахир сен код ечувчисанку! Бўш келма, қизалоқ», деб Сьюзаннинг бурнини чимчилаб қўярди.

МХАнинг бош криптографи деган унвони бор Сьюзан кодни ечиш учун деярли барча усулларни ишга солди – ҳарфлар жойини алмаштириш, тескари ўқиш, анаграммалар, Цезарь қутиси ва ҳ.к. Девиднинг шифри олдида компьютерлар ҳам ожизлик қилди. Ҳа, ечиб бўлмас кодлар ёзиш қўлидан келадиган одам фақатгина Энзай Танкадо эмаслиги кўриниб турибди, деб ўйлади Сьюзан, қайлиғининг зеҳнидан қувониб.

Шу пайт Nod 3 нинг эшиги ғийқиллаб очилиб, Стратмор ичкарига кирди.

– Бирор янгилик борми, Сьюзан? – деди-ю, нигоҳи Грег Хейлга тушиб, тўхтади. Қошлари чимирилиб, сўради: – Хайрли кеч, жаноб Хейл. Шанба оқшомида сизни кўриш бахтига нима муяссар этди бизни?

Хейл хижолатли алфозда жилмайиб, деди:

– Шунчаки, айрим дастурларни кўздан кечирай деб келувдим.

– Тушунарли, – Стратморнинг қовоғи солинди. Бир муддат нима қилишни ўйлаб, кейин Грегга тегмасликка қарор қилди шекилли, Сьюзанга юзланди: – Флетчер хоним, сизни бир дақиқага мумкинми? Ташқарига юринг.

Сьюзан иккиланганича бир мониторга, бир залнинг нариги бурчагида турган Грегга кўз ташлади.

– А… ҳа… Албатта жаноб.

Сўнг эпчиллик билан керакли тугмаларни босиб, экранни Screen Lock дастури орқали блоклади. Nod 3 даги ҳар бир терминалда Screen Lock дастури мавжуд бўлиб, бу ишдан ташқари вақтда шахсий ҳужжатларни биров титкилашидан ҳимоя қиларди. Сьюзан бешта белгидан иборат кодни киритгач, экран уйқуга кетди. Монитор шу ҳолатда қиз қайтиб, керакли калит сўзни киритмагунча туради.

Кўнгли бироз хотиржам тортган Сьюзан туфлисини оёғига илди ва командорнинг ортидан эргашди.

* * *

– Жин урсин, Грег Хейл нима қиляпти бу ерда? – ғазабини босолмай сўради Стратмор эшикдан чиқишлари биланоқ.

– Доимгидек, ҳеч нарса, – жавоб қайтарди қиз истеҳзо билан.

– Трансхабар ҳақида бирор гап айтмадими? – хавотарланди командор.

– Ҳозирча йўқ. Бироқ мониторга уланиб, Трансхабар ўн етти соатдан бери тинмаётганини билса, кўп гап айтиши шубҳасиз. Грегни уйга жўнатиб юборасизми?

Стратмор калласида нималарнидир таҳлил қилгач, бош чайқади:

– Йўқ. Шу ерда қолаверсин. – Сўнг тизим хавфсилиги бўлимига кўз ташлаб, сўради: – Чатрукян кетдими?

– Хабарим йўқ. Унга кўзим тушмади.

– Эй Худойим, – пешонасини тириштирди Стратмор, қўли билан сўнгги ўттиз олти соат ичида юзига ниш уриб чиққан соқолини силаркан. – Изқуварчи? Бирор янгилик борми? Тикан устида ўтиргандекман гўё бирор хабар бўлиб қолишини кутиб.

– Изқувар жим-жит! Девид билан гаплашмадингизми?

Стратмор бошини чайқади:

– Узукни қўлга киритмагунча менга қўнғироқ қилмаслигини айтдим Девидга.

– Нима? – Сьюзан ажабланди: – Агар унга ёрдам керак бўлиб қолсачи? Кимга мурожаат қилади?

– Мен барибир бу ердан туриб унга кўмак беролмайман – Девид кап-катта эркак, ўзини ўзи эплашига ишончим комил. Қолаверса, ҳар хил телефон линияларидан гаплашиш хавфли эканлигини ўзинг тушунасанку, бирортасининг қулоғига Девид Беккер алгоритм кодини излаб юргани чалиниб қолса, бу яхшиликка олиб келмайди.

Қиз кўзларини катта-катта очиб, хавотир аралаш сўради:

– Бу… бу нима деганингиз?

Стратмор ортиқча гапириб юборганини сезди ва дарҳол қизни тинчлантириш учун жилмайди:

– Девиддан хавотир олишингга ҳожат йўқ, унинг ишлари жойида. Мен шунчаки эҳтиёткорлик қиляпман холос.

* * *

Командор ва Флетчер ўз суҳбатларини давом эттираётган маҳали имкониятни қўлдан бой беришни истамаган Грег Хейл қизнинг компьютери ёнига келди, қорайиб турган экранга бир муддат тикилиб турди ва ташқарига ўғринча кўз ташлаб, Nod 3 га ҳеч ким яқинлашмаётганига ишонч ҳосил қилиб, чўнтагидан кичкина харита чиқариб, диққат билан ўқиди.

Сьюзан ва командор ҳанузгача гаплашаётганига яна бир бора амин бўлгач, Хейл эҳтиёткорлик билан бешта белгидан иборат калит сўзни Сьюзаннинг клавиатурасига киритди. Бир неча сониядан сўнг экран юзи ёришиб кетди.

– Бинго, – ҳиринглади йигит ўзида йўқ шод бўлиб.

Nod 3 даги экран хавфсизлик кодини ўғирлаш унчалик мураккаб эмасди: компьютерларнинг барчасига бир хил шаклдаги, ажратиб олса бўладиган клавиатура ўрнатилганди. Хейл бир куни кечқурун ўзининг клавиатурасини уйга олиб кетди ва унга махсус чип жойлаштирди. Бу чип клавиатурада терилган ҳар бир сўзни ўзига ёзиб олиш имкониятига эга эди. Эртаси куни ҳаммадан барвақт ишга келган Грег чип ўрнатилган клавиатурасини бошқа бир ходимники билан алмаштириб қўйди. Барча клавиатуралар шакл жиҳатдан бир хил бўлгани учун ҳеч ким ҳеч нимани сезмади. Кун якунида йигит ҳамкасбининг компьютеридан ўз клавиатурасини ечиб олди ва эскисини жойига ўрнатиб қўйди. Чип томонидан миллионлаб сўзлар ёзиб олинган бўлса-да, калит сўзни топиш мураккаб эмасди: ҳар тонгда криптографлар клавиатурада терадиган илк жумла – калит сўз бўларди, чунки компьютерни бусиз ишга туширишни иложи йўқ. Шу сабабли мониторнинг пароли ҳамиша чипдаги рўйхатнинг энг юқори қисмида турарди.

Яхшиям Сьюзаннинг паролини билиб олганим, ким ўйлабди дейсиз бир кун келиб бунинг асқатишини, хаёлидан кечирди Грег ва нигоҳини экранга тикди. Мониторга қаради-ю, бир муддат каловланиб қолди – унда Грег Хейлнинг тиши унча ўтмайдиган – Limbo дастурлаш тилида ёзилган дастур зоҳир эди. Гарчи аниқ тушунмаса-да, йигит бор нарсани ишонч билан айта оларди – компьютерда дианостиканинг Д ҳарфи ҳам йўқ эди. Экраннинг бир бурчагида турган икки оғиз жумла эса гап нимада эканлигини ошкор қилди.

Изқувар қидирмоқда…

– Изқувар? – овоз чиқариб юборди йигит ҳайратини яширолмай. – Нимани қидиряпти?

Ичидан бостириб келган қизиқиш таъсирида йигит Стратмор ва Сьюзанга яна бир қараб қўйди ва шоша-пиша ишга тушди.

Limbo дастурлаш тили С ва Pascal дастурлаш тиллари асосига қурилганидан бохабар бўлган Хейл бир нечта Pascal буйруқларини ўзгартириб, компьютерга киритди ва экранда ўзи кутган ёзув пайдо бўлди:

Изқуварни тўхтатиш?

Хейл навбатдаги буйруқни киритди.

Ҳа

Ишончингиз комилми?

Тасдиқ жавобини бергач, компьютердан чийиллаган товуш чиқди:

Изқувар тўхтатилди

Хейл тиржайди. Терминал Сьюзан ишга туширган Изқувар ишини якунламасдан туриб ўзини ўзи йўқ қилгани ҳақида хабар бераётганди.

Из қолдирмасликка тиришган Грег компьютернинг тизим фаолияти бўлимига кирди ва ҳозиргина берган барча буйруқларни бирма-бир ўчириб чиқди. Шундан кейин Сьюзаннинг хавфсизлик кодини киритди.

Компьютернинг экрани қорайди.

Сьюзан Флетчер командор билан бўлган суҳбатни якунлаб, Nod 3 га қайтганида, Грег Хейл ҳуштак чалганича ўз терминалида бамайлихотир ўтирарди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации