Текст книги "Рақамли қалъа"
Автор книги: Дэн Браун
Жанр: Классические детективы, Детективы
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 8 (всего у книги 30 страниц) [доступный отрывок для чтения: 10 страниц]
Йигирма учинчи боб
Лимон қўшиб тайёрланган гиёҳли иссиқ чойдан ҳўплаётган Сьюзан Nod 3 да ёлғиз ўтирарди; у Изқуварнинг қайтишини кутмоқда эди.
Бош криптограф бўлгани сабабли Сьюзаннинг терминали хона тўрида савлат тўкиб турарди. Бу нуқтадан туриб қиз нафақат ички – Nod 3 залини, балки ойнаванд девор ортидаги Крипто залини ва унинг марказида ўрнатилган баҳайбат Трансхабарни ҳам бемалол кўра оларди.
Қиз соатни текширди; Изқуварни ишга туширганига деярли бир соат бўлганди. Девид билан ўрталарида бўлиб ўтган тонгги суҳбатни унутишга минг ҳаракат қилмасин, миясида қайта-қайта айланарди. Қайлиғига нисбатан қўполлик қилганини билиб, виждони қийналди; Испанияда ҳаммаси жойида бўлишини сўраб дуо қилди.
Ҳозир нима қилаётган бўлиши мумкин Девид? Овқатландимикин? Тунаш учун қаерда қолди экан? Шу каби саволлар билан ақли банд қизнинг хаёлини эшикнинг шиғиллаган овози тарқатиб юборди; у бошини кўтариб, эшикка қаради ва кутилмаган ташрифдан қошлари чимирилди. Шу етмаётганди ўзи. Остонада криптограф Грег Хейл илжайиб турарди.
Грег Хейл баланд бўйли, мушакдор йигит бўлиб, қалин сариқ сочлари ва ўртаси ичига ботиб кетган ияги билан бошқалардан ажралиб турарди. Доим баланд овозда гапирадиган, сўзамол, ўзига ҳаддан ташқари оро бериб юрувчи Грег ҳамкасблари орасида «Ҳалите» деган лақаб орттирганди. «Ҳалит»ни камёб қимматбаҳо тош деб тахмин қилиб, бу ник унга мислсиз заковати ва жисмоний кўриниши сабаб берилган деб керилиб юрган Грег мабодо энциклопедияга мурожаат қилганида эди, «Ҳалит» аслида денгизлар қуриганидан кейин ўрнида қоладиган бир тийинга қиммат тузли чўкма эканлигини билган бўларди.
Бошқа криптографлар сингари, Грегнинг маоши ҳам юқори эди, бироқ йигит камтарлик борасида мақтана олмасди. У энг сўнгги русумдаги кумушранг Lotus автомобилини ҳайдарди, унга мусиқа тинглаш учун қулоқни қоматга келтирувчи карнай ҳам ўрнатиб олганди. Замонавий гаджетлар ишқибози сифатида машинасини кўргазма асарга айлантирганди; автомобилдан урфда бўлган GPS компьютер тизими, овоз орқали очилиб-ёпиладиган эшик қулфлари, беш километрдан туриб радарни аниқловчи ускуна ҳамда ўзига келган хабарларни доим билиб туриш учун қўл телефонини топиш мумкин эди. Ҳатто машина рақами ҳам эгасининг димоғдорлигидан дарак бериб, тўқ сафсар рангда нур сочиб турарди.
Ёшлигида АҚШ денгиз қўшинлари сафига хизматга кирган Грег Хейл компьютер нима эканлигини ва дастурлаш сирларини ўша ерда ўрганди ва тез орада денгиз қўшинлари ичида энг яхши дастурчига айланди. Ҳаммаси бир текис кетаётганди, бироқ хизмат тугашига атиги икки кун қолганда йигитнинг ҳаёти бутунлай ўзгариб кетди. Аслида ўзини ҳимоя қилиш санъати ҳисобланган таэквондо ҳимоялашдан кўра йўқ қилишга хизмат қилганди. Ичкилик натижасида кўтарилган жанжал давомида Хейл сафдош денгизчини тасодифан ўлдириб қўйди ва хизмат вазифасидан озод этилди.
Қамоқ муддатини ўтаб чиққач, «Ҳалит» хусусий секторда дастурловчи сифатида иш қидиришга киришди, лекин иш берувчилар судланган одамни компанияларига яқинлаштиришни истамасди. Грег қўлидан нималар келишини кўрсатиш учун бошлиқлардан бир ой давомида маошсиз ишлаб, синов муддатини ўташга рухсат беришларини сўрарди. Бу вақт ичида йигитнинг компьютер билан нималар қилишга қодир эканини кўрган иш берувчилар ҳеч иккиланмай уни олиб қоларди.
Тажрибаси ошиб бораркан, Хейл бутун дунё бўйича интернет алоқасини ўрнатишга киришди, e-mail орқали ҳар бир миллатдан ўзига ўхшаган танишлар орттирди, онлайн чат гуруҳларнинг фаол фойдаланувчисига айланди. У қачонлардир порнографик видео ва расмлар юклаш билан шуғулланганини Криптода ҳеч ким билмасди.
* * *
– Бу ерда нима қиляпсиз? – сўради Хейл, бўсағада турганча Сьюзанга олайиб қараркан. Афтидан, бугун Nod 3 да бир ўзи бўлишни режалаштириб келган чоғи, кутилмаган учрашув ёқмагани йигитнинг юз ифодасидан маълум эди.
Сьюзан ўзини босишга уриниб:
– Аслида бу саволни мен сендан сўрашим керак, Грег, – деди бамайлихотир, гарчи йигит нима мақсадда бу ерда эканини билиб турса-да. Грег компьютерга қаттиқ муккасидан кетганди. Шанба куни барча дам олиши керак деган қоидага қарамасдан, у шундай кунларда ҳам, ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, Криптога бемалол кириб, МХАнинг қудратли компьютерларидан фойдаланиб, ишга алоқаси бўлмаган ҳар хил дастурлар устида ишларди.
– Шунчаки, айрим маълумотларни текшириб, электрон почтамдан хабар олиш учун киргандим, – деди Хейл. Кейин қизиқсиниб сўради: – Ўзингиз нима билан бандсиз?
– Ҳеч нима билан, – қисқа жавоб қилди қиз.
Хейл ажабланиб қошларини керди:
– Яширишнинг нима кераги бор? Nod 3 ичида ҳеч қандай сир сақланмаслиги керак, ёдингиздан чиқдими? Бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун!
Сьюзан йигитнинг гапини беэътибор қолдириб, лимонли чойдан симирди. Хейл айтмасанг айтма деган маънода энсасини қотирди, сўнг Nod 3 омборхонаси томон йўналди, хонани кесиб ўтишда Сьюзаннинг стол остидан чиқиб турган оппоқ, текис болдирларига қараб ютиниб қўйди; қиз бошини кўтармаса-да, Грегнинг хирс тўла нигоҳларини сезгандек оёқларини ичкарига йиғиштириб, ишлашда давом этди. Буни кўриб Хейл ўшшайди.
Умуман олганда, Сьюзан Грег Хейлнинг ўзига бошқача кўз билан қарашига ўрганиб кетганди. Стратморга бу ҳақда шикоят қилишга ғурури йўл қўймаган қиз енгилтак йигитнинг хатти-ҳаракатига эътибор бермасликка интиларди.
Хейл омборга яқинлашди ва панжарали эшикни буқадек силтаб ўзига тортди, музлатгичдан тофу идишини суғуриб олиб, бармоқлари орасидан сувини оқизганча очкўзлик билан уч-тўрт бўлак тофуни оғзига солди. Оғзидаги таомни чаппилатиб, Сьюзанга ўгирилди, кулранг шими билан футболкасининг ғижимини силлиқлаётиб савол ташлади:
– Бу ерда узоқ қоласизми?
– Тун бўйи, – жавоб қайтарди қиз Хейлга қайрилиб ҳам қарамасдан.
– Ҳмм, – кавшанишда давом этарди йигит. – Нақадар ажойиб дам олиш куни… Фақат иккаламиз…
– Фақат учаламиз, – унинг гапини бўлди Сьюзан ва кинояли жилмайиб давом этди: – Командор Стратмор шу ерда, ўз хонасида. Балки тезроқ ғойиб бўларсан, шеф дам олиш куни сени кўриб хурсанд бўлмаслиги аниқ.
Хейл тиржайди:
– Командор дам олиш куни сизнинг бу ерда бўлишингизга қарши эмас кўринади. Унга сизнинг ҳамроҳлигингиз ёқса керак ҳойнаҳой.
Сьюзан қаттиқ гапириб юбормаслик учун лабини тишлади.
Хейл қизни мот қилдим деган хаёлда иршайиб, тофу қутисини жойига қўйди ва бир неча қултум зайтун ёғидан қултиллатиб ичди. Ўзини тўғри овқатланиш тарафдори қилиб кўрсатувчи Хейл зайтун ёғини ичиш ичакларни тозалайди деб даъво қилиб, ҳамкасбларига соғлом турмуш тарзи ҳақида узундан-узун ваъз ўқирди.
Йигит зайтун ёғини музлатгичга қайта солиб, компьютери томон юрди. Унинг терминали Сьюзанники билан рўпарама-рўпара жойлашган эди. Хейл ва қизнинг терминаллари ўртасида яхшигина масофа бўлса-да, йигит сепган ўткир мушкнинг ҳиди қизнинг бурнига гуппилаб урилиб, кўнглини ағдарди, у бурнини жийириб, истеҳзо билан:
– Ажойиб атир, Грег! Бошингдан қуйиб келган кўринасан? – деди.
Хейл терминалга ўтираркан, ўшшайиб кулди:
– Сизга ёқишини билардим, азизам!
Сьюзан йигитни паришонхотирлик билан кузатиб, тўсатдан юраги орқасига тортиб кетди: Грег Трансхабарнинг аҳволидан хабар топиб қолса-чи? Грег янги диагностика сабаб Трансхабар ўн олти соатдан бери ишлаяпти деган гапга лаққа тушадиган аҳмоқ эмас, машина қанча вақтдан бери кодни очолмаётганини кўриши биланоқ ҳақиқатни айтишни талаб қилиши аниқ, бироқ… Бироқ Сьюзан унга ишонмасди. Қиз энг бошиданоқ Хейлни ишга ёллашга қаршилик қилганди, аммо МХАнинг бошқа чораси йўқ эди.
Тўрт йил муқаддам интернет учун ягона, оммавий шифрлаш калитини яратиш мақсадида Конгресс АҚШдаги энг кўзга кўринган математиклар тўпланган макон – МХАга мурожаат қилди ва уларга янги, супер алгоритм ишлаб чиқишга кўрсатма берди. Конгресс янги алгоритмдан фойдаланишни барча учун мажбурий қилувчи қонун ишлаб чиқиб, шу орқали турлича алгоритмлардан фойдаланаётган корпорацияларни кучсизлантиришни мўлжаллаганди.
Албатта, МХАдан оммавий калит учун шифр ёзиб беришни сўраш ўзига ўзи чоҳ қазишдек гап эди.
Трансхабар ҳали тўла яратилмаган бир даврда стандарт шифрлаш алгоритмини ёзиш шундоғам код ёзиш билан банд бўлган мутахассисларнинг ишини икки баробар кўпайтирарди, МХАда эса бунинг учун умуман вақт ҳам, хоҳиш ҳам йўқ эди.
Электрон чегараланиш жамияти эса бу воқеани ўзича талқин қилди ва МХА атайдан сифатсиз, осонликча бузиш мумкин бўлган алгортим ёзади дея жар солди. Ортиқча ваҳимага барҳам бериш мақсадида Конгресс махсус қарор чиқарди. Унга кўра, МХА яратган алгоритм тайёр бўлганидан кейин сифат назорати бўйича математикларнинг кўригидан ўтадиган бўлди.
Ноилож қолган командор Стратмор бошчилигидаги МХАнинг Крипто жамоаси истар-истамас, шартли равишда Читтак деган алгоритм яратди ва Конгресснинг эътиборига ҳавола этди. Дунёнинг турли бурчакларидан йиғилган математиклар Читтакни синаб кўргач, ҳайратдан лол қолишди; улар бир овоздан Читтак энг кучли, бузилмас алгоритм деб тасдиқлашди. У орқали энг мустаҳкам шифрлаш стандарти жорий этилишини таъкидлашди. Аммо Конгресс Читтакни расман маъқуллаш учун овоз беришига уч кун қолганда Белл лабораториясида ишловчи аллақандай ёш дастурчи, Грег Хейл, алгоритмда носозлик борлигини эълон қилиб, барчани ҳайратга туширди.
Грег носозлик деб атаётган нарса аслида командор Стратморнинг буйруғи билан алгоритмга яширинча ўрнатилган бир неча қатордан иборат қора туйнук эди. Бу дастур шу даражада ҳийлакорлик билан беркитилган эди-ки, Грег Хейлдан бошқа ҳеч ким уни илғамаганди. Стратморнинг бу махфий қўшимчаси Читтак томонидан ёзилган ҳар қандай кодни МХАга олдиндан маълум бўлган калит сўзи орқали расшифровка қилиш имкониятини берарди. Бутун аҳолининг электрон хавфсизлик умиди боғланган стандарт шифрлаш алгоритмини командор Стратмор МХА эгалик қиладиган разведка қуролига айлантирмоқчи эди, негаки, режаси муваффақиятли амалга ошганида, Америкада ёзилган ҳар бир коднинг калити МХА қўлида бўларди, бу эса исталган электрон мактубни исталган вақтда эгасига сездирмасдан ўқиш имконияти дегани эди.
Грег Хейлнинг хабаридан сўнг оммавий ғалаён кўтарилди; Электрон чегараланиш жамияти Конгрессни лақмаликда айблаб, таъна тошларига кўмиб ташлади, МХАни эса озод дунёга Гитлердан кейинги энг катта таҳдид деб эълон қилди. Стандарт шифрлаш режаси шу тарзда йўққа чиқди.
Бу воқеалардан бир неча кун ўтгач, МХА ўша ёш дастурчи – Грег Хейлни ишга қабул қилди. Стратмор қанчалик нафратланмасин, Грег МХАдан ташқарида – унга қарши ишлагунча, кўзига яқинроқ жойда бўлишини афзал билганди.
Читтак билан боғлиқ можаро давомида Стратмор ўзининг хатти-ҳаракатларини Конгресс олдида мантиқан изоҳлаб, МХАни шиддат билан ҳимоя қилди. Командор халқнинг холи қолиш иштиёқи ўзининг бошига бало бўлишини таъкидлаб, кимдир одамларни кузатиб туриши зарурлигини уқтирди; одамларга МХА керак эди, чунки у хабарларни ўқиш орқали халқнинг тинчлигини таъминларди, унинг фикрича.
Стратмор қанчалик ишонтиришга уринмасин, Электрон чегараланиш жамияти унинг ҳақиқатини қабул қила олмади ва ўшанда улар ўртасида бошланган адоват ҳанузгача давом этмоқда эди.
Йигирма тўртинчи боб
Девид Беккер Салюд клиникаси рўпарасидаги телефон қутиси ёнида турарди. 104-рақамли қария бемор, жаноб Клушарга қўполлик қилишда айбланган Беккер умрида биринчи марта касалхонадан қувиб чиқарилганди.
Воқеалар у кутгандан кўра мураккаблашиб кетди. Стратмор айтган кичкина вазифа – бир неча буюмни олиб келиш – аллақандай ғалати бир узукни бутун бошли Севилья бўйлаб қидиришга айланди.
Девид клиникадан ҳайдалиши биланоқ, тўғри телефон будкаси ёнига келиб, Стратморга қўнғироқ қилган ҳамда унга немис сайёҳ ҳақида эшитганларини гапириб берганди. Тахмин қилганидек, Стратмор бу хабарни яхши кутиб олмади. Воқеани қайта-қайта батафсил сўраб олгач, командор узоқ муддат жим қолди. Кейин эса муҳим гап айтаётгандек ўта жиддий овозда деди:
– Девид, бу узукни топиш масаласи давлатимизнинг миллий хавфсизлиги учун жуда муҳим. Мен бу ишни сизга ишониб топширяпман. Юзимни ерга қаратманг, илтимос!
Беккер бир оғиз гапиришга улгурмади, гўшакдан Стратмор алоқани узганини билдирувчи қисқа-қисқа товушлар эшитилди.
Девид телефонни қўлида ушлаганча нима қиларини билмай қотиб қолди, унинг бутун фикрлари остин-устун бўлиб кетганди. «Бу давлатимиз миллий хавфсизлиги масаласи». Командорнинг гаплари йигитнинг қулоғи остида жарангларди, бироқ оддий узук билан Америка хавфсизлиги ўртасида қандай боғлиқлик бўлишига ақли етмаётганди. Шундай бўлса-да, Стратмор ҳазиллашадиган ёшдан ўтганини яхши англаган Беккер елкасидаги масъулиятни ҳис этди ва ишларини режалаштириб олиш мақсадида бир неча дақиқа хаёлга толди. Сўнг, бир қарорга келди шекилли, чуқур хўрсиниб, будкадаги титилиб кетган телефон китобчасининг сариқ варақларини титкилай бошлади.
Маълумотлар китобчасида атиги учтагина эскорт агентлиги рақами қайд этилгани Девиднинг ишини анча енгиллаштирди, чунки кўп жойга бориб, ортиқча вақт сарфлашига тўғри келмайди. Қолаверса, немисга ҳамроҳлик қилгандай қизил сочли қизлар Испанияда кўп учрамасди. Клушар алаҳсираганча фоҳишанинг исми «Шабнам томчиси» эканини айтди. Ғалати исм, ўйлади Девид. Католиклар учун жуда номуносиб. Клушар адашган бўлса керак.
Беккер ўйлай-ўйлай энг биринчи рақамни терди.
* * *
– Servicio Social de Sevilla, – гўшакдан аёл кишининг жозибали овози эшитилди.
Беккер немисча акцентдаги испан тилида гап бошлади:
– Hola, ¿Hablas Aleman? Немисча гапира оласизми?
– Йўқ, немисча билмайман, бироқ инглиз тилида гаплаша оламан, – жавоб берди овоз эгаси инглизчада.
Беккер гапини бузилган инглиз тилида давом эттирди:
– Раҳмат. Менга зарур эди ёрдамингиз.
– Қандай кўмак бера оламиз? – деди аёл мулойим овозда. – Сизга эскорт керакми?
– Ҳа, илтимос. Бугун акам Клаус олган бир қиз, сочи қизил. Мен ҳам хоҳлайман шунақасини, илтимос, эртага, – Девид шубҳа уйғотмаслик мақсадида хато билан гапиришга интиларди.
– Сизнинг акангиз – Клаус бу ерга келадими? – деди аёл хушчақчақ оҳангда, эски қадрони билан гаплашаётгандек.
– Ҳа-ҳа, семиз, жуда семиз у. Эслай оласизми уни?
– Клаус бугун бизнинг хизматдан фойдаланган дейсизми?
Беккер гўшакдан дафтар варақланаётганини эшитиб, аёл мижозлар рўйхатини текширётганини билди. Клаус исми дафтарга ёзилмаган бўлиши мумкин эди, чунки камдан-кам ҳоллардагина мижозлар ўзларининг ҳақиқий исмидан фойдаланарди.
– Ҳмм, кечирасиз, – узр сўради аёл. – Мен уни рўйхатдан тополмадим. Балки сиз акангизга ҳамроҳлик қилган аёлнинг исмини биларсиз?
– Қизил, қизил соч эди у, – Девид жавобдан қочишга уринди.
– Қизил сочли? – қайта сўради овоз эгаси ажабланиб. – Сиз Servicio Social de Sevilla га қўнғироқ қиляпсиз. Акангиз шу ерга келишига ишончингиз комилми?
– Албатта.
– Жаноб, бизда қизил сочлилар йўқ. Бизда ҳақиқий Андалузия гўзаллари хизмат қилади.
– Қизил соч, – яна такрорлади Девид ўзини жинниликка солиб.
– Кечирасиз, бизда умуман сочи қизил қизлар йўқ, бироқ истасангиз…
– Исми Шабнам томчиси, – ниҳоят ёрилди йигит.
Бу бемаъни исм аёлга ҳеч нарсани англатмади шекилли, Беккердан кечирим сўради ва бошқа компания билан адаштирётган бўлиши мумкинлигини айтиб, илтифот билан гўшакни илди.
Биринчи уриниш муваффақиятсиз якунланди.
* * *
Беккер яна чуқур уфлади ва навбатдаги агентлик рақамини терди. Узоқ куттирмасдан, гўшакдан овоз эшитилди:
– Buenas noches, mujeres España. Қандай ёрдам беришим мумкин?
Беккер бу сафар ҳам ўтган галгидек немис сайёҳи ролини ўйнаб, акаси билан бугун бирга бўлган қизил сочли қиз учун юқори нарх тўлашини маълум қилди.
Гўшакни кўтарган аёл юмшоқлик билан немис тилида жавоб қайтарди ва ҳеч қандай қизил сочли ходимлари йўқлигини айтди.
– Keine Rotköpfe. Маъзур тутасиз, – деб алоқани узди у.
Иккинчи уриниш ҳам бесамар якунланди.
Беккер телефон китобига қаради. У ерда фақат битта рақам қолганди. Сўнгги умид, сўнгги уриниш.
Чуқур нафас олиб, учинчи компанияга қўнғироқ қилишга тутинди.
* * *
– Escortes Belén, – гўшакдан эркак кишининг назокатли овози эшитилди.
Беккер эски ҳикояни қайтарди.
– Sí, sí, señor. Менинг исмим Сеньор Рольдан. Сизга ёрдам беролсам жуда мамнун бўлардим. Бизда икки қизил сочли ходима бор. Жуда ажойиб, мафтункор қизлар.
Беккернинг юраги қинидан чиққудек уриб кетди.
– Жуда чиройли? – такрорлади у немисча шевада. – Қизил сочлими?
– Шундай, жаноб. Акангизнинг исми нима эди? Мен сизга бугун у билан бўлган қиз кимлигини аниқлаб бераман ва уни эртагаёқ сизга юборишим мумкин.
– Клаус Шмидт, – Беккер хаёлига келган илк немисча исмни айтиб юборди.
Узоқ муддатли жимликдан сўнг жаноб Роланднинг овози эшитилди:
– Хўш… Жаноб, мен рўйхатимиздан ҳеч қандай Клаус Шмидтни тополмадим, менимча, акангиз шахсиятини сир сақлашни маъқул кўрган – ҳойнаҳой рафиқаси сабаб, – деганча ҳахолаб кулди эркак.
– Ҳа, Клаус уйланган, унинг хотини бор, лекин у семиз. Хотини ёқмайди унга, – деди Девид ачинган оҳангда. – Мен ҳам семиз ва ёлғизман. Мен у билан ётишни хоҳлайман, пул кўп тўлайман, – гапида давом этди ва хаёлида ўйлади: агар Сьюзан мени ҳозир эшитса борми…
Девид ролини ажойиб ўйнаётган эди, бироқ ошириб юборганди. Фоҳишабозлик Испанияда жиноят ҳисоблангани сабаб Сеньор Рольдан жуда эҳтиёткор эди. Чунки полиция бир неча маротаба қизиқувчан сайёҳ қиёфасида қўнғироқ қилиб, уни қўлга туширмоқчи бўлган. Мен у билан ётишни хоҳлайман деган сўзлар Роландга шубҳали туюлди. Бу тузоқ эканини пайқади. Агар Рольдан ҳозир розилик билдирса, яхшигина жарима тўлайди ва энг маҳоратли қизларидан бирини бир ҳафтага полиция комиссари идорасига бериб юборишга мажбур бўлади. Ақлини йиғиштириб олган Рольдан деди:
– Жаноб, сиз Escortes Belén’га қўнғироқ қиляпсиз. Ким билан гаплашаётганимни билсам бўладими? – Унинг овозидаги дўстона оҳанг ғойиб бўлганди.
– Аааҳ… Зигмунд Шмидт гапиряпти, – деди Беккер, юраги нохушликни сезиб.
– Бу рақамни қаердан олдингиз?
– Телефон китобчасидан.
– Яхши, жаноб. Унутманг, биз эскорт агентлигимиз, ҳамроҳларни таклиф қиламиз.
– Биламан, менга айнан ҳамроҳ керак, – Беккер ростдан ҳам бир гап бўлганини пайқади.
– Жаноб, Escortes Belén тадбиркорларни турли базмлар, ўтиришлар давомида ҳамроҳ билан таъминлайди. Шунинг учун ҳам биз рақамимизни маълумотлар китобчасида қолдирганмиз. Биз қонуний ишлаймиз. Сиз қидираётган нарсангизни биздан эмас, фоҳишахонадан топасиз, – деди қатъиятли овозда Рольдан.
– Лекин акам…
– Жаноб, агар акангизга ҳамроҳлик қилган қиз боғда у билан ўпишган бўлса, мен кафолат бераманки, у биздан эмас. Компаниямизнинг мижоз ва ҳамроҳ ўртасидаги муносабатларни белгилаб берувчи қаттиқ қоидалари мавжуд.
– Аммо…
– Сиз бизни ким биландир адаштирдингиз чоғи, – эркак Девидни оғиз очдирмади. – Бизда фақат иккитагина қизил сочли қиз бор: Инмакулада ва Росио. Уларнинг ҳеч бири пул учун мижоз билан ётмайди. Чунки бу фоҳишалик ҳисобланади, Испанияда эса фоҳишалик таъқиқланган. Хайрли тун, жаноб!
– Аммо…
Сеньор Рольдан аччиқ билан гўшакни қўйди. Беккернинг фиғони фалакка кўтарилиб, ичида сўкинганча телефонни жойига илди. Учинчи уриниш ҳам муваффақиятсиз якунланганди.
* * *
Беккер телефон будкасидан ташқарига чиқди, мандарин ҳиди тутиб кетган ҳаводан симириб нафас олди ва атрофига кўз югиртирди: қизариб ботаётган Қуёш нурлари йигитга романтик кайфият бағишлади ва беихтиёр Сьюзан ҳақидаги ўйларни чорлади; қайлиғи ҳозир ёнида бўлиб қолишини, биргаликда оқшом манзарасидан роҳатланиб, қизнинг лаб ларидан тўхтамасдан узоқ бўса олишни, елкасига бошини қўйганча барча муаммоларни ёддан чиқаришни истади.
Шу он миясида Стратморнинг сўзлари янгради: Узукни топинг, Беккер. Йигитнинг хўрлиги келди, бироқ ўзини қўлга олиб, яқинроқда турган скамейкага бориб ўтирди ва келаси режалари ҳақида мулоҳаза юрита бошлади.
Йигирма бешинчи боб
Салюд клиникасидаги ташриф соатлари якунланиб, беморлар ётган залнинг чироқлари ўчирилганди. Чуқур уйқуда ётган Пьер Клушар тепасида эгилиб турган шарпани сезмаётганди. Ўғирланган шприцнинг игнаси қоронғуда йилтиллади ва Клушарнинг билагига уланган тизим томон йўналди. Шприц фаррошлар клиникадаги тозаликни сақлашда фойдаланадиган гипохлорид билан тўла эди. Қўлқоп кийган бармоқлар игнани тизимга тиқиб, суюқликни киритди ва аста-секинлик билан қариянинг томирига ажални ҳайдади…
Клушар бир неча сонияга уйғониб кетди, ичида пайдо бўлган оғриққа чидай олмай ёрдамга чақирмоқчи бўлди, аммо оғзини ёпиб турган бақувват қўл бунга имкон бермади. Ўзини босиб турган куч олдида танасини ҳам қимирлатишга ожиз қария билаги ичидан юқорига қараб ўрмалаётган олов тафтига дош беролмаётганди. Билагидан елкасига, сўнг кўкрагига саноқли сонияларда етиб келган шиддатли оғриқ худди парчаланган шиша синиқлари санчилгандек миясига санчилди. Қариянинг кўзлари олдида чақмоқ чаққандек бўлди… Ва… ва ҳеч нарса… Чолнинг руҳдан узилган танаси ҳеч нарсани сезмай қолди.
Мақсади амалга ошганини сезган машъум қотил қариянинг жонсиз баданидан қўлларини тортди, навбатчилар рўйхатига яқиндан тикилиб, кўнгли жойига тушди шекилли, товуш чиқармасдан қадам ташлаб ташқарига қараб юрди.
Кўчада, темир кўзойнак таққан кимса камарига ўрнатилган митти ускунани қўлига олди; ҳажми кредит картага тенг бу тўртбурчак асбоб Monocle компьютерининг кичрайтирилган нусхаси эди. АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари томонидан сув остида фойдаланиш учун яратилган жажжи ва энг мукаммал микротехнология рамзи ҳисобланарди. Унинг суюқ кристалли экранини кўзойнакнинг бир томонига ўрнатиш имконияти мавжудлиги катта қулайлик туғдирарди. Monocle шахсий компьютерларнинг янги даврини бошлаб берганди: энди фойдаланувчи бир кўзи билан атрофини, иккинчи кўзи билан ўз маълумотларини кузатиб бориши мумкин эди.
Бироқ Monocle’нинг ҳақиқий муваффақияти унинг экрани эмас, фойдаланувчининг бармоқлари учига ўрнатилган маълумот киритиш тизими вазифасини бажарувчи митти контактлар ҳисобланарди. Бармоқларни бир-бирига теккизиб керакли сўз ҳавога ёзилса, экран уни қабул қилиб оларди.
Қотил кичкина нуқтани босди ва кўзойнагининг бир кўзи йилтиллашни бошлади. Икки ёнида турган қўлларидаги бармоқларни бирлаштириб, кўз илғамас тезликда қандайдир ҳаракатларни амалга оширгач, кўз ўнгида хат пайдо бўлди:
Объект: П. Клушар – йўқ қилинди
Қотил жилмайди. Ўлим хабарини юбориш вазифасининг бир қисми эди. Бироқ қурбонларнинг исмини ҳам қўшиб ёзиш… Темир кўзойнак таққан одам учун бу тартиб белгиси эди.
Қотилнинг бармоқларида кўкиш ёруғлик чақнаб, кўз олдида яна ёзув чиқди:
Хабар жўнатилди
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?