Электронная библиотека » Хабиб Темиров » » онлайн чтение - страница 7

Текст книги "Қуёш ботаётган пайт"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 08:00


Автор книги: Хабиб Темиров


Жанр: Приключения: прочее, Приключения


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 7 (всего у книги 25 страниц) [доступный отрывок для чтения: 8 страниц]

Шрифт:
- 100% +
15

Нурқобил тонгда туриб пўстинини кийди-да, қир оша мозоротга йўл олди.

Қабристон қишлоқдан унчалик узоқ эмас. Ярим соатлик йўл. Қирга чиққач, молларини подага қўшиб қайтаётган болаларни учратди. Нарироқда, сайхонликда бир гуруҳи тўда бўлиб кураш тушишарди. Совуқни писанд этишмаганини қаранг. Нурқобил бир муддат уларнинг завқли ўйинини томоша қилди. Бунда йиқитган ҳам, йиқилган ҳам хурсанд, қийқиришади. Ким енггани, ким енгилганини бир зумда унутиб юборишади. Зеро, болалар бу ҳақда ўйлашмайди ҳам. Лекин… Нурқобил даставвал ўз болалигини, подаётоқда Қилич кўса бошчилигида уюштириладиган курашларни эслади. Ўша пайтлар кураш бошқачароқ бўларди, шекилли. Нурқобил биронтасидан йиқилиб қолса, ҳафталаб алам чекиб юрарди. Демак, у болаликнинг оддий эрмагини шунчалик жиддий тушунган экан-да. Ёки ўша давр болаларининг феъли шунақа жиддийроқ, жангарироқ эдими? Уруш тугаганига анча йиллар бўлган эса-да, одамлар руҳидаги, жисмидаги қаҳр, ғазаб, нафрат руҳи ҳали у қадар сусаймаган эди, шекилли. Энди-чи, энди, тинч-осойишта даврларда одамлар, болалар лоқайдроқ, кўнгли юмшоқроқ бўлиб қолишдими?

Э, йўқ, эҳтимол, болалар кўнгилчанроқ, юмшоқроқ бўлиб қолишгандир. Лекин одамлар…

Гўристон. Нурқобил отасининг, кейин устози Музроб Туробов қабрини зиёрат қилди. Бошқаларига ҳам бир-бир назар солди. Янги қабрлар. Кексалар, ёшлар, болалар марқадлари.

Қабристондан чиқиб, кузги дон экилган дала томон юриб кетди. Қор кўп ҳали. Лалми буғдойзорлар учун айни муддао, баҳорда тўйиниб, дуркун ўсади. Ҳув ана, Ҳаётбоши чўққиси ортидан Офтоб момо чиқиб келаяпти. Йўқ, момо эмас, бобо. Қудратли Қуёш бобо гўё тоғлар кўксини ёриб, метин тўсиқларни парчалаб чиқиб келаётганга ўхшайди. Эҳтимол, чиндан ҳам шундайдир, қуёшнинг ҳар тонгги чиқиши, оламга нур сочиши ана шунақа қийиндир. Шу қийинчиликни енга-енга у бобо бўлиб, қартайиб қолгандир? Йўқ, қуёш ҳеч қачон қаримайди! Аниқроғи ҳар кеч ҳориб-толиб, қарийди-ю, яна эртасига навқирон йигит бўлиб қайтадан майдонга тушиб келаверади.

У Хундорсойдан ўтиб Қоранайман йўлига тушди. Кимсасиз дарада чумчуқнинг кўзидек бир чашмадан сув сизади. Тошни, музни ёриб чиққан. Бир ҳовуч сув шундай метин харсанг орасидан сизийди. Қандай қилиб?

Орадан ойлар ўтгач, Нурқобил айнан шу фикри ҳақида яна ўйлайди ва ўшанда эсига келмаган бир ҳикматни кашф этади. Ахир, ана шу бир ҳовуч сувни, кичкина чашмани юзага итараётган, йўллаётган нарса унинг ортидаги, яъни замин тубидаги улкан, қудратли бир денгиз эмасми? Тошни тешиб чашмани ер юзасига олиб чиққан ўша денгизнинг қудрати эмасми? Денгиз қалқимаса, кичик бир чашма тошлар остида асрлар бўйи ётаверади-да.

Жамият ҳаёти ҳам шундай. Бугун улкан мамлакатда бошланиб, секин-аста кучайиб бораётган ўзликни англаш жараёни ҳам тепадаги битта раҳбарнинг (у ҳар қанча тараққийпарвару демократ бўлмасин) ҳимматию журъати туфайли эмас, денгизмонанд халқнинг қалқуви ҳосиласидир. Афсуски… аксар ҳолларда бу тўлқиннинг энг юқорисини, бу мавжларнинг энг олдини мудом юзада кўпикланувчи енгил пўкаклар эгаллайдилар, қудратли оқимни ўзлари истаган томонга йўллашга ҳаракат қиладилар. Бунга монелик қилувчиларни сенга ўхшатиб, четга улоқтирадилар…

У йирик бир харсанг устига ўтириб, кимсасиз даштга тикилганича ўй суриб кетди.

“Ҳаким ака, ҳақиқат бор экан, Ўташевларнинг қудратли сулоласи бу гал ҳам қишлоқ ҳокимиятини қўлга киритолмабди, Нурқобил дўстим директор бўлибди, отамни ишлагани қўймай, охири оёқдан йиқитганларга энди сичқоннинг ини минг танга бўлади”, деган экан Суҳроб беҳад севинч билан. Шунда шўтқори чўпон: “Ҳақиқат бор-у, аммо анча баландда, бечора отанг унга етаман, деб бир умр курашди, энди навбат Нурқобилбойга шекилли”, дея ҳазил қилибди. Бу ҳазилнинг тагида нақадар чуқур зил борлиги ўшанда Нурқобилнинг хаёлига ҳам келмаган. Зора у ҳокимият суруридан маст эди. Оддий чўпоннинг етим боласи Европанинг салкам бир давлатича келадиган улкан хўжаликнинг раҳбари-я! Бу хўжаликни чиндан ҳам бирозгина муболағаси билан мундайроқ мамлакатга менгзаса арзийди. Бир пайтлар ҳар қайсиси ҳар хил соҳаларга ихтисослашган, барчаси илғору пешқадам бўлган, кейинроқ иқтисодиётда Никита Хрушчёв ўтказган яроқсиз сиёсат туфайли инқирозга учраган йигирма бешта жамоа хўжалиги бирлаштирилиб тузилган бу “митти давлат.” Кунботари чўли Маликкача чўзилган, кун чиқари мўйсафид Ҳаётбоши чўққиси этакларидаги сон-саноқсиз даралару сойларга туташган, ундан нарисида одам қадами тегмаган, дарахтлари қирқилмаган, гуллари узилмаган, майсаси топталмаган, бамисоли бокира қиздай арчазор ўрмонлар. Тўғри, кейинги пайтларда Ўрмон хўжалиги вазирлиги, Табиат муҳофазаси қўмитаси: “совхоз бунча жойни эплолмаётир”, дея талашиб-тортишиб, анча жойларга эга чиқди. Шундан қолганини ҳам на отда, на машинада ва на пиёда тўла айланиб чиқиш мушкул. Ана шундай бепоён, нада қучоққа, балки тасаввургада сиғдириш қийин бу зумрад воҳани. Лекин Нурқобил директорликка тайинлангач, “қанча вақт кетса ҳам майли, унинг сарҳадини қадам-бақадам айланиб чиқаман” дея аҳд этди.


Тайинланганининг биринчи ҳафтаси ниҳояга етганди ўшанда. Баҳор охирлаётган пайт. Ҳаво форам. У от миниб, аввал қишлоқ юқорисидаги буғдойзорларни, бедазорларни, изензорларни, зиғир, маккажўхори экилган майдонларни айланди. Май адоғида бедазорни маст қилувчи анвойи ҳид тутиб, беданаларнинг “бид-билиқ”и янграб ётади. Беданалар бу экиннинг нимасига қизиқишаркан? Гулигами?

Нурқобил от жиловини қўйиб, Ҳаётбоши чўққиси этаклари сари интилар экан, озуқа экинларини кўпайтириш, бунинг учун тоғ оралиғидаги серҳосил, хушҳаво жойлар ҳисобидан бедазорларни, пастдаги изензорларни янада кенгайтириш, дашт жойларда зиғир, кунжут, нўхату мош, ерёнғоқ эктириш ҳақида фикр юритди. Шу хил экин кўпайса, одамлар учун ҳам, жониворлар учун ҳам тўйимли неъмат мўл бўлади. Чорва боқаман, гўштни кўпайтираман, одамларнинг рўзғорига барака киритаман, деган одам туну кун озуқани ўйлаши керак. Шундай қилмаса бўлмайди.

У даралар қўйнига тобора ичкарироқ кириб борар экан, бу ерларнинг ҳавоси, суви минг дардга даво эканини ўйлади. Арчазору ёнғоқзорларни кўпайтириш, бодом ва пистанинг серҳосил навларини экиш керак. Келгусида шу ердан чўпонлар учун бир оромгоҳ қуриш масаласини кўтаришни мўлжаллади. Ана юқорироқда шифобахш Шўрчашма бор. Бу чашманинг сувида шифобаш минераллар бўлиши мумкин. Ахир, ҳеч ким текшириб кўрмаган-ку. Юқорироқда – даралар қўйнида қадимий боғлар қулф уриб ётибди. Олмазорлар, ўрикзорлар, ёнғоқзорлар. Нурқобил болалик пайтида ёзги лагерга келганди бу ерларга. Ўша боғлар тўласинча ўрмон хўжалигига бериб юборилгани чакки бўлган. Ўрмон хўжалиги тайёр боғларни эгаллаши керак эмас. Янги боғлар, дарахтзорлар барпо қилиши лозим-ку.

Ие, анови, қўриқхона билан совхоз чегарасидаги, сайхонликдаги экинзорлар қаёқдан пайдо бўлди? Нурқобил кўзларига ишонмади. Чашмалардан оқувчи жилға соҳили бўйлаб, камар ичкарисига бир неча чақирим чўзилган тўрт-беш гектарча ерга пайкал-пайкал қилиб сабзи, пиёз, помидор, бодринг, кўкат, резавор ва яна алланималар экилибди. Ниҳоллар барқ уриб яшнаб ётибди. Яна бир гектарча майдонда палак – қовун-тарвуз бўлса керак.

Бу ғалати экинзор Шўрчашманинг ёнгинасида гўё осмондан тушгандек эди. Нурқобил бултур, ҳали зоотехниклик пайтида бу ерлардан кўп ўтган. Баҳорда пуштиранг ширачлар қийғос гуллаб ётадиган, сап-сариқ қўзигуллар кўзни қувнатадиган сермайса ўтлоқ эди. Лекин бу экинзорни биринчи кўриши.

У от жиловини пастга – овулга бурди. Дала қоровули Тожибой Қаршиев шу қишлоқда туради. Ана ўзи, директор шу ёққа ўтганини кимдир етказган шекилли, шошилиб ҳовлисидан чиқиб келаяпти.

– Ҳорманг, – деди Нурқобил салом-аликдан сўнг. – Бу бизга айтмай, полизни жа кенгайтириб юборибсиз-ку, тинчликми? Ё бу ерлар ҳам ўрмон хўжалигига ўтганми?

Тожибой қизариб кетди.

– Сизга Бойқувват ака… ўртоқ Ўташев айтганлари йўқмиди? Ахир “директор хабардор” деганди-ку.

– Нимадан хабардор эканман?

– Шу экинларнинг экилганидан-да. У кишининг акалари – ўртоқ Ўташевнинг шахсан ўзлари келиб танлаганлар бу ерни.

– Ҳеч балони тушунмадим. Нима, Шоқувват Ўташев бу ердан томорқа олганми? Ер кимга қарашли?

– Бир қисми қўриқхонадан, бир қисми хўжаликдан ажратиб олинган. Бўш ётган бекорчи ерлар эди. Аллақайси ташкилотнинг ёрдамчи хўжалиги бўлади, дейишувди. Бу ҳақда ҳокимиятнинг қарори ҳам бор экан.

Нурқобил барибир ҳеч нарса тушунмай хуноб бўлди. Ахир бу жойлар яйлов, минглаб қўй-қўзини тўйдирарди. Бунинг устига хўжалик ери эгаллаб олинар экан-у, директор бобо бўлмиш Нурқобил Бўтаевга бир оғиз айтиб ҳам қўйилмас экан. Лекин ҳозир Тожибой билан ҳақ талашиб ўтириши бефойда. Шунинг учун сир бой бермади.

– Майли, текширтириб кўрамиз. Агар қонуний бўлса, ош бўлсин. Лекин…

Кечқурун Ўташевнинг укаси, бўлим бошқарувчиси Бойқувватни чақиртирди.

– Бойқувват Ўташевич, бу тоғдаги полиз ҳақида бир оғиз айтмабсиз ҳам…

Бойқувват бир зум саросимага тушди-ю, лекин дарров ўзини ўнглаб олди.

– Бу масала… Сиз ҳали тасдиқдан ўтиб улгурмаган кунлар ҳал бўлувди. Акам… ҳам… бу ишни ўзлари ўйлаб топганлари йўқ… Юқоридан…

– Сал тушунтириброқ гапирсангиз-чи. Нима мақсадда экилган?

– Вилоятимиз раҳбари ўртоқ Тўхтабоев акамга: “ўлаҳатнинг (даштликлар дарё бўйларидаги пахтакор туманларни шундай аташаркан) селитрага пишган сабзи-пиёзи жонга тегди, сизлар томондан тоғ оралиқларидан бир оз тупроғи соз, ҳавоси соф жой олиб, экологик тоза табиий сабзавот, полиз маҳсулотлари етиштиришни ташкиллаштиринг”, деган эканлар…

– Нима? Тўхтабоев? Луқмон Тоҳировичми? Шунақа деган эканларми? Қўйсангиз-чи, Бойқувват… – деди юраги шувиллаб Нурқобил ва беихтиёр директорликка тасдиқланиш учун Тўхтабоев суҳбатидан ўтаётган пайтида бўлган гаплар миясига такрор жаранглади. “Яхши биламан, сизларда жуда хушҳаво, серҳосил жойлар кўп, – деганди вилоятнинг нуфузли раҳбари кулимсираб. –Қанчадан-қанча партов майдонлар бўш ётибди. Ничево, Оқтепа сув омбори қурилишини тезлаштирамиз, буёғи Охчобсой, Тўсинсой сув омборлари ишга тушса, мева-чева, сабзавот, полиз маҳсулотлари, озуқа етиштириш кўпаяди. Сал пастроқда пахтачилик хўжаликлариниям очиш мумкин… Ғайрат қилинг, ука. Келажак сизларники.”

Нурқобил ўша суҳбатдан кўнгли тоғдек ўсиб, кўкси қувончга тўлиб чиққанди. Қишлоққа етгунча йўл бўйи келгусида қилинадиган ишлар режасини тузиб келди… Озуқа масаласи ҳал қилинса, моллар наслини яхшилашга қаттиқ киришилса, суғориладиган ғалла майдонлари кенгайса – у ёғи ишбилармонликка боғлиқ. Ана шунда Суҳроб айтганидек, мева билан сабзавотни қайта ишлайдиган замонавий завод, маданият саройи-ю ҳашаматли стадион, теннис майдони-ю бассейн ҳақида ҳам хаёл суриш эмас, жиддий ўйлаш мумкин. Ахир чўпон болалари ҳам саноат корхоналарида ишласин, ажойиб спорт майдонларида яйраб-яшнаб чиниқишсин. Совхоз марказидаги боғни икки баравар кенгайтириб, шаҳардаги истироҳатгоҳлардан қолишмайдиган қилиш мумкин. Эҳ-ҳе, завқли ишлар булар. Нурқобил ишлашдан, елиб-югуришдан эринмайди. Унинг қанча-қанча режалари бор.

Наҳотки, Тўхтабоев ростдан ҳам шундай топшириқ берган бўлса, хўп, берган ҳам дейлик, ахир буни қонунга тўғрилаш, рисоладагидай расмийлаштириш лозим эмасми? Йў-ў-ғе. Бу Шоқувват Ўташевнинг ҳунари бўлса керак. Ҳар ҳолда, масалага аниқлик киргизиш лозим. Ахир совхознинг шунча ери бесўров эмас-ку.

Бир хаёли унга ҳозироқ туман раҳбари Шоқувват Ўташевга қўнғироқ қил, керак бўлса, Тўхтабоев билан боғлан, ахир, сен сўрашга ҳақлисан, сени шу хўжаликка ишониб раҳбар қилиб қўйишган, қўрқма дерди. Лекин яна бир хаёли, кеча директор бўлдинг, ишни катталарнинг ёқасига ёпишишдан бошлама, андишалироқ бўл, дерди.

У кун бўйи икки қарама-қарши фикр гирдобида қийналди. Кейин хўжалик харитасини синчиклаб кўздан кечиргач, ҳалиги шиддатидан бир дарз кетди. Тоғдаги экинзор совхоз ҳисобидаги ерда эмас экан. Лекин барибир… мавриди келганда бу далаларнинг ҳақиқий эгаси кимлигини аниқ билиш шарт. Табиат қўмитасидан ҳам, ўрмончилардан ҳам сўрашга, тегишли ҳужжатларни талаб этишга ҳақи бор.

Бир ҳафтадан кейин у яна Сувлидарага йўл олди. Тунов кунги экинзорга яқинлашмай, тоғ оралаб яна ҳам юқорироққа Ҳаётбоши чўққисига қараб кетди. Ажойиб жойлар! Суви тиниқ, ҳавоси тоза, майсаси бўлиқ, маҳаллий овчиларнинг фаросатсизлиги оқибатида аллақачонлар қизил китобга кирган битта-яримта ёввойи эчкилару олқорларни айтмаса, тирик жонзот оёғи етмаган, афифа ўтлоқлар. Икки-уч қирдан ошгач, баланликка кўтарилди кунгай томондаги чор атрофи баланд қоялар билан ўралган, ўртасидан оқаётган кичик жилға узоқдан кумуш силсиладек кўринувчи анчайин чуқур ва кенглиги камида икки гектар чиқадиган бир камарга дуч келди. Во ажаб! Кўз ўнгида тевараги тоғ ёмғиридан сўнги қуёшнинг эркаловчи нурларида зумраддек товланувчи арчалар билан қопланган нилий ва нопармон ранглар қоришган бир… лолазор чақнаб-яшнаб ётар эди. Дафъатан, бунинг нима эканлигига ақли етмади. Елкасига осилган брезент сумка ичидан дурбинни олиб, кўзига тутди. Нақадар гўзал, нақадар бетакрор! Қани энди мусаввир бўлсанг-у, бу манзарани тасвирга туширсанг. Табиат ўзининг бетакрор оройишларини мана шундай пучмоқларга яширар экан–да, нигоҳлардан қизғониб. Аммо…

Шошма-шошма, бу ранг… У бир зум каловланиб тургач, тушунди-ю, юраги шувиллаб кетди. “Кўкнор-ку!” Шунча заҳри қотилни ким, қайси нобакор эккан? Осмондан тушмагандир ҳарқалай? Шу атрофдаги нашаванд чоллардан бирортасининг ишими? Қўйсанг-чи, нашаванд чолга бунча кўкнорнинг нима кераги бор? Бу бутун бир шаҳарга етиб, ортиб қолади-ку…

Отжиловини бўшатиб, қиялаб пастлай бошлади. Дурбиннинг гардишини бураб, объективидаги тасвирни имкон қадар яқинлаштиришга уринди. Ҳа, бу айни гулга кирган… нашазор. четлари қир этагигача чўзилган ҳайҳотдек пайкалнинг бир четида арчалар соясида туси яшил бўлгани боис кўзга деярли ташланмайдиган яшил вагон-уйча, сал нарида яна бир арча остида яшилга мойил пистоқиранг “УАЗ” машинаси. “Беларус” трактор. Уям зангори. Узоқдан кўзга ташланмасин, дейилган-да. Тикилиброқ қараб, унинг ёнбошида турган оч яшил ҳарбийча либосли, елкасига автомат, бўйнига дурбин осган ўрта бўйли, одамнинг шаклу шамойилини ҳам аниқ кўрди. Э-э, бу… ўрмончилар-ку, либоси ўшаларники. Аммо… қўлидаги автомати сираям табиат муҳофазачисиникига ўхшамайди. Мабодо ўрмончи бўлган тақдирда ҳам… Нашазорнинг ўрмончиликка қанақа алоқаси бор?

Бир маҳал “ҳарбий ўрмончи”нинг ҳам шу ёққа назари тушдими, кўз қири билан илғадими, кўнгли сездими, ҳарқалай бўйнидаги дурбинини пешонасига тутиб, шу тарафга ўгирилди. Хушёр тортди, автоматини шу томонга тўғрилади. Вагон-уйчага қараб нимадир деб қичқирди. Зум ўтмай унинг ёнида худди шунақа либосдаги яна бир автоматли кас пайдо бўлди ва у ҳам қуролини нотаниш отлиқ энаётган ўр томон ўқталди. Нурқобилнинг жон-пони чиқиб кетди. “Ҳозир тариллатиб отворишади”, деган таҳликали фикр ўтди кўнглидан. Жон ҳайбатида ўнг қўлини кўтарди, чапи билан ўзича, “шунчаки ўткинчиман, ҳозир ортга қайтаман”, маъносида имо қилди. Автоматчилар тушунишди шекилли. Бири бўш қўли билан “тезроқ туёғингни шиқиллат” ишорасини берди. Нурқобил от жиловини тортди, сергак саман ортга бурилди. Тезроқ кетиш керак бу ердан. Булар… яширинча наша экувчилар. Кейинги йилларда тоғ оралиқларида шунақа “кўчманчи деҳқонлар” пайдо бўлгани ҳақида қулоғининг бир чети билан эшитгандек бўлувди, бироқ нақ ўзининг бурни тагидан чиқиши етти ухлаб тушига кирмаган. Тегишли жойга хабар қилиш керак. Шу бугуноқ!..

Таажжуб ва таассуф қоришган бир туйғуга асир ўлароқ, қирлар ошиб қишлоққа қайтар экан, Нурқобил бу манзарани қандай изоҳлаш, қай тарзда баҳолашни билмасди. Тўғри, уям осмондан тушганмас, тоғ овулларидаги томорқаларнинг кўпчилигида азал-азалдан чорсидек жойда кўкнор экилиб келади, қартайган чоллар уни қуритиб, келида туйиб, халтачага солиб, кенг иштонининг чўнтагида олиб юради, шамолласа, бел оғриқ бўлса, бир чимдимини капалаб, устидан новвот чой ичиб, туркона муолажа қилади. Бунга деярли ҳеч ким эътибор бермайди, чунки бу юртда ҳеч замонда биров нашага ружу қўйиб, гиёҳвандлик муаммоси кўндаланг бўлган эмас. Лекин…

Бунақа очиқчасига гектарлаб экиш, аскар билан қўриқлаш учун отнинг калласидек юрак, ё осмонни суяб турган “тиргак” керак. Ким жазм этди экан бу даражадаги сурбетликка? Албатта, осмондан тушмаган, узоқдан келмаган. Нурқобил талабаликда вилоятнинг нариги чеккасидаги, қўшни республика билан чегарадош, худди Нуробод сингари тоғли Барқут туманида яшовчи Жобир деган йигит билан дўстлашган, ҳозиргача борди–келди қилиб турарди. Ўша яқинда меҳмон бўлиб келиб, ғалати гапларни айтганди: “нариги республикадан келган мафиячилар маҳаллий аҳолига катта-катта пуллар бериб, тоғ ўрмонлари ичига ёппасига наша эктиряпти, йиғиштирилган ҳосилни чегарадан вертолётда ўтказиб олиб кетишади, шунинг оқибатида бизнинг қишлоқлардаям нашавандлик касали пайдо бўлди, кейинги пайтларда баъзи тўйларда меҳмонларга очиқча таклиф этиладиган бўлди.”

Демак бизгача ҳам етиб келибди-да. Мелисаю прокурорнинг кўзи қаерда? “Пистафурушнинг чўнтаги билан тиланчининг тўрвасида”, деган жавоби эшитилди хотираси қатидан. Бу гапни Ҳаким довдир умрида бирорта жиноят очмаганига қарамай, “қишлоқ изқувари”, деган шарафли лақабга сазовор ошнаси Қамарбой мелиса ҳақида ҳазиллашиб айтган. Лекин бу ҳазилнинг бир фоизигина ҳазил холос. Бозордаги барча олиб-сотарлардан ташқари, эридан вақтли бева қолиб, уч ўғил бир қизини тухум, қурт, айрон сотиб боқаётган Насибали хола ҳам, “девона бобо”, лақабли, асли афғонми, Покистоннинг мўлтон вилоятиданми, ҳар қалай қиёфаси ҳабашнусха, лаҳжаси ярим форсий, ярим туркий, қишлоқнинг узоқ йиллардан буён ташландиқ масжидида яшовчи гадой чол ҳам ҳафтада бир бўладиган бозорда топган пулининг нақ ярмисини унга беришини яширмайди. Энг ёмони – бунга ҳеч ким ажабланмайди, таассуф ёки норозилик билдирмайди. Замона зўрники, томоша кўрники. Қандай кунларга қолдик. Телевизор бўлса эртаю кеч: қонун устиворлиги, ошкоралик, қайта қуриш, демократия, эркинлик, ҳақиқату адолат ва ҳоказолар ҳақида тинмай сафсата сотади. Дарвоқе, масжид, дегандай, Нурқобил директорликнинг биринчи кунини эрта билан ўша жойга боришдан бошлади. Бухорода ўқиб келган, ярим очиқ, ярим яширин муллалик қилиб юрган Хайрулла қорини чақиртирди. “Мачитни ишлатамиз, ўзингиз мутаваллилик қиласиз, мен вилоят имом хатиби билан гаплашиб, ҳаммасини қонунлаштириб бераман. Сал кейинроқ ҳашар йўли билан тубдан таъмирлаймиз”, деди. Қори кўнди-ю, кейин ғалати илтимос қилди: “Қўшни “Сувкечар” хўжалигининг тоғдаги кичик қишлоқларидан бирида қирқ йил қамоқда ўтириб келган бир одам катта мачит қураётган экан, тунов куни элчи юборганди, ойига отнинг калласидай маош, яна фалон сўм мукофот пули беради, имомлик қиласиз, деди. Мен унақа… узоқдаги мачитда ишлолмайман, десам, “у зотга йўқ, дейиш мумкинмас, акс ҳолда нафақат қишлоғингиздан, балки юртдан кўчирворади” дейди қаранг. Энди келса… бу ёққа тайинланганман, дея рад этсам бўладими?” “Бўлади”, деди Нурқобил. Унинг бу воқеадан хабари бор эди. Қамарбой мелисанинг айтишича, ўша одам асли шу қишлоқдан, отадан етим қолгач, шаҳарда болалар уйида ўсган, ўсмирлик йилларидан бошлаб ашаддий ўғри ва талончи бўлган, икки мартами, уч мартами одам ўлдириб, ўттиз етти йил жазо ўтаган, қамоқда СССР жиноят оламининг иккинчи, Ўрта Осиёнинг эса “биринчи рақамли ўғрибошиси” лавозимига сайланган ва унга умрбод катта миқдордаги “нафақа” тайинланганмиш. Шунинг учун қамоқдан чиққанидан бери бутун Иттифоқдаги ўғрилар унга муайян миқдорда “улуш” жўнатиб тураркан. Ўзимизнинг вилоятдаги барча савдо ходимлари, айрим мулозимлар, жумладан, ”Сувкечар” ва унинг дашт тарафидаги бир неча хўжаликлар раҳбарлариям “ўлпон” тўлаб туришармиш. “Шу пулларга қишлоғида ўттиз етти хонадан иборат уч қаватли муҳташам қўрғон қурган, иккита “БМВ”си, иккита “Мерседес”и бор, олтмиш ёшли чол эканига қарамай, минг кишилик тўй қилиб, онаси ўпмаган ўн етти ёшли қизга уйланди. Тўйида бешта СССР, ўнта республика халқ артистлари хизмат қилди, айтишларича, Тошкентдан, ҳатто Москвадан катта амалдорлар киши билмас келиб, катта тўёналар бериб кетишганмиш.” Нурқобил у пайтлар қишлоқдан узоқроқда, бир йиллик малака ошириш ўқишида эди. Шунинг учун бу тафсилотлардан бехабар бўлган. “Хўш,, ўзингиз қанча тўёна бердингиз?” деб сўради тамшанганча тўйнинг таърифини қилаётган мечкай миршабдан. “Бизлардан олмас экан, “мусурларникидан ҳазар қиламан, дермиш қиз талоқ, лекин… зўрники-чи, тегирмоннинг тошини, жувознинг кундасини айлантиради, шунинг учун… бизлар хизматда турдик, аксинча, бизга… у кишининг ўзлари “ҳиммат” қилдилар”, деди Қамарбой ғурур билан. Хуллас, шўрлик мулло Хайрулло Нурқобилга берган ваъдасини ҳам бажаролмай, Мирзачўлга кўчиб кетибди. Ишқилиб… шундай “бообрў зот”нинг гапини икки қилгани учун ўлдириб юборилган ёхуд у ердан ҳам бадарға қилинган бўлмасин.

Мана шунақа гаплар. Замона– зўрники, томоша – кўрники бўлиб қолган ҳозир. Нурқобил яхшиям “Сувкечар” хўжалигига директор бўлмаган экан. Дарвоқе… бояги даранинг ортидан ўша хўжалик бошланади. Ҳалиги чолнинг алоқаси йўқмикан нопармон лолазорларга?..

Йўл-йўлакай бояги шаштидан тушиб, юрагининг ҳовури босилди. Нимага бунча қўрқади, ҳовлиқади? Бу камар ҳам, кечаги майдонлар ҳам у бошқарадиган хўжалик ҳудудига кирмаса. Нима кераги бор бош оғриғининг. Бирор гап бўлса, ўрмон хўжалиги жавоб беради-да. Эҳтимол, бу давлат рухсати билан, анавунақа… морфий сингари дорилар тайёрлаш учун экилган нашазордир. Нурқобил мамлакатда шунақа махсус хўжаликлар борлигини эшитганди. Лекин… кўнгли бу ерда бошқа гап борлигини сезар, ақли эса бу сезгини тан олгиси келмас, ширин жонни асраш ташвишида эди. Катта бир хўжаликнинг раҳбари бўлса-ю, тумшуғининг тагидаги ўта хавфли жиноятни фош этишга юраги дов бермаса, шармандалик эмасми бу? Отса отар, бир бошга бир ўлим-да, ҳайда отни ўша томонга, деб ҳайқирди ичида бир куч. Йўқ, бу бемаъни жасорат бўлади. Яхшиси, шу бугуноқ ўрмон хўжалиги раҳбарига, туман, керак бўлса, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғига хабар қилади. Идорада рация бор.

Нурқобил қишлоққа қайтар экан, масалага равшанлик киритмагунча бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмасликка қарор қилди. Эрталаб ишга келиб кечаги режасини амалга оширишга улгурмай, хизматхонасидаги телефонига қўнғироқ бўлди: “Мен ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги махсус бошқарма бошлиғининг ўринбосари Кимсановман, кечаги масала юзасидан сизга шуни маълум қиламанки, ўша… доривор ўсимлик ҳукуматнинг махфий қарори асосида экилган, туман раҳбарининг хабари бор, сиз, чамаси янгисиз, тўғрими, шунинг учун огоҳлантириб улгурмаган.” “Тўғри, янгиман, лекин…” “Ўртоқ, Ўташевдан сўранг, ўзи тушунтиради, аммо-лекин хўжалик раҳбари ва партия аъзоси сифатида бу ахборотни сир сақлашингизни ва у ерга ҳеч ким яқинлашмаслигини таъминлашда ёрдам беришингизни сўрайман. Келишдикми?” дея унинг гапини кесди Кимсанов. “Келишдик,” деди Нурқобил ва ўша заҳоти: “ўзим ҳам шундай бўлса керак, деб ўйлагандим”, дея қўшимча қилди. “Сергаклигингиз ва масалани тўғри тушунганингиз учун раҳмат”, деди Кимсанов. Нурқобил эртаси куниёқ тумандаги кечки мажлисдан сўнг Ўташевнинг ёнига кирди. Ботининқирамай гина қилди:

– Бир оғиз айтиб қўймабсиз-да.

– Кўп нарсани билсангиз… тез қарийсиз ука, – деди Ўташев ҳазиломуз, юмшоқ, лекин барибир сезиладиган нописанд оҳангда. Нурқобил аламини ичига ютди. Ораларидаги анчадан бери давом этиб келаётган сурункали кескинликни сал юмшатишга уринмоқчи бўлди.

– Шоқувват ака, биламан, сиз мендан хафасиз, “укамнинг оғзидаги ошини тортиб олиб қўйди”, деб ҳисоблайсиз, лекин худойлиғимни айтсам, директор бўламан, деб, жа-а ўлиб турганим йўқ эди. Одамлар сайлашди-да. Нима қилай, айтинг, ариза бериб кетайми?

Ўташев кулди.

– Ариза бериш шарт эмас, сиз ҳам бегона эмассиз, фақат… келишиб ишласангиз бўлди…

Ўшанда Нурқобил ички ишлар вазирлигида Кимсанов деган одам ҳеч қачон ишламаганини, ҳукуматнинг Чашмизирак дараларида кўкнор етиштириш ҳақида ҳеч қанақа махсус қарори йўқлигини, бунинг бари Ўташевнинг ўйини эканини,хаёлига ҳам келтирмаган. Соддалик, гўллик қилган-да. Ё… ҳаммасини билган-у, қўрқув исканжасида ўзини ишонган қилиб кўрсатганми?

Ҳаммасини билган бўлса ҳам энг хавфли, энг даҳшатли бир гапдан бехабар қолгани аниқ эди унинг ўшанда. Ўташев уни боягидай сохта табассум ила ҳалимдек мулойим гапириб, чиқариб юборгач, бошқа бир одамни чақиртирди ва унга ҳам боягидай юмшоқ муомала қилди: “Бўтаевни “анқов, тепса-тебранмас йигит”, дейишганди, ҳамма гапдан аллақачон хабардор-ку, дўстим.” “Қанча тез билган бўлса, ўз тақдирини шунча тез ҳал қилибди, буюринг, нима чора кўрайлик, отдан йиқилиб, бўйни синсинми, ё автоҳалокатга учрасинми ёки… шаҳарга бориб, хуфя исловотхонада бирор жононнинг қучоғида ис газидан заҳарланиб эркакчасига мардонавор ҳалок бўлсинми?”, сўради у одам. Биз ҳозирча бу даҳшатли каснинг кимлигини айтмай турамиз Вақти келганда ўзингиз англаб оласиз.

“Уни дарров йўлдан олиб ташлаб, ваҳима кўтаришнинг ҳожати йўқ, жа-а, ўзидан кетадиган бўлса, Итлянчи биродарларга бир оғиз айтиб, пора олувчими, берувчими қилиб, беш-олти йилга “дам олишга” жўнатилса кифоя. Ҳозирча, шунга асқотадиган ҳужжатларни тўплаб қўясиз. Қачон ҳаракатга келтиришни ўзим айтаман. Хўпми?” “Амрингиз вожиб , Шоқувват ака!”


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации