282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Хабиб Темиров » » онлайн чтение - страница 8

Читать книгу "Қуёш ботаётган пайт"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 08:00


Текущая страница: 8 (всего у книги 25 страниц)

Шрифт:
- 100% +
16

Орадан бир неча кун ўтди. Нурқобил бояги ишларнинг ноқонуний экани ҳақидаги гумони тобора кучайиб, гоҳ қизишиб, гоҳ иккиланиб, гоҳ сусайиб юрди. Гоҳ ўйлади: “Э-э, нимасига куйинаман, дашту яйловда нима кўп, бўшаб ётган бўз ер кўп. Шуни деб Ўташевдай одам билан тескарилашиб юрайми?” Яна ўзига деди: “Кўз ўнгингда даҳшатли жиноятлар содир этилаётган бўлса-ю, сезиб сезмасликка олсанг, қанақа раҳбару неча пуллик одамсан!”

Бунинг устига туриб-туриб ҳалиги ҳазиломуз ҳақорату, мулойимлик мағзидаги заҳаролуд гаплар таъсир қилади. Бу нима деган гап? Бунга қандай чидаш мумкин? Бу қанақа нописандлик? Ё… Анови Москвадан келган тергов гуруҳи раҳбари Сурен Хоренович Итлян номига бир энлик хат жўнатсаммикан? Телевизордаги иддаоларга қараганда бу одам Ўзбекистонда нафақат пахтачилик, балки барча соҳаларда тартиб ўрнатиш, ҳақиқат ва адолатни қарор топтириш топшириғи билан келган эмиш-ку! Ё… бу чақимчилик, ўз туманининг раҳбарини сотиш бўладими? Нурқобил умрида бунақа иш қилмаган ахир. Унда қандай йўл тутиши керак? Ошкора курашса, Қамарбой мелиса огоҳлантирганидай, ўлдиртириб юборишлариям ҳеч гап эмас. Одамнинг на-да шаъни, ҳатто жони сариқ чақачалик қадрсиз бўлиб қолди ҳозир. Алҳазар! Суҳроб уч ойча бурун келганида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган гапларни айтганди: “Куппа-кундуз ҳовлингда турган машинангни ўғирлаб кетишади, кейин ўзлари келиб, топиб берсак қанча суюнчи берасан, деб сўрашади, салкам яна бир машинанинг пулини олиб, қайтаришади, кўнмасанг, бўлакларга бўлиб сотворишади. Бошингни тошга ур, додингни тинглайдиган одам йўқ.” Ҳар қалай чуқурроқ ўйлаб кўриши керак. Дарвоқе…

Ўша кунларнинг бирида Суҳроб табриклагани келди. Нурқобилнинг назарида дўсти бир-бирига зид икки туйғу орасида қолганди. Бири отасидан кейин айнан Нурқобил директор бўлганлиги туфайли туғилган севинч, иккинчиси эса Нурқобил унинг отасининг ўрнига бўлгани, яъни ўрнини эгаллагани учун қанақадир мавҳум бир норозилик ҳисси эди. Лекин афтидан, биринчиси кучлироқ, ишонарлироқ эди. Ахир, отаси ўзи кетди ва бунинг сабаби нима билан боғлиқ эканини у яхши билади. Маъқуллади. “Саломатлигингизни ўйланг”, деди. Бироқ… барибир падарининг нафақа ёшига етмай кетишга мажбур бўлганини ҳазм этолмайди. Буни баъзан очиқ айтади ҳам. Нурқобил ўнғайсизланади. Айтолмайдики, бўшаган лавозимга мен эмас, аризабозлар эркатойи – Қилич кўса ёки Бойқувват тайинланиши ҳам мумкин эдику. Боз устига унинг акаси Шоқувват Ўташев ҳозир от устида, дасти узун, баъзи бировлар айтганидек, “юқори билан маҳкам”. Аммо Музроб Туробовнинг тавсияси, ҳарнечук инобатга олинди, гарчи, Горбачев демократияси асосида ўтаётган сайловларда ўта масъулиятли вазифаларга қаланғи-қасанғи, қасамхўр ва бузғунчи каслар ҳам ўрнашиб олаётгани сир эмас. Ҳисобот-сайлов йиғилиши аҳли ҳарқалай, “гуруҳий худбинлик”ка йўл қўймади. Эски раҳбарнинг фикрига ҳурмат кўрсатди. Нурқобил директор бўлиб қолди. Юқоридагилар ҳам ўрганишгандир, сўраб-суриштиргандирку-я. Ҳар ҳолда, Туробов чинакам оталик, устозлик қилди. Ҳаким ака тили билан айтганда, “Музроб оғадай мард инсонлар дунё етти айланганда бир келар эмиш”. Бўлмаса ким эгаллаб турган лавозимини ҳе йўқ, бе йўқ, индамай бўшатиб беради. Бундай одамлар жуда кам. Ўша киши айтганидек, айримлар “кесиб ёки ағдариб ташламагунларича қаққайиб тураверади, чириб кетган толга ўхшаб…”

Суҳроб дўстини қучоқлаб, ўпиб қутлади. Кейинги пайтларда иши сал чаппасидан кетиб, ичкиликка берилгани орқасидан ишхонадагилари билан чиқишмай юрганини айтмади албатта. Ўзини жуда хушчақчақ тутди, очилиб суҳбатлашди. Лекин Нурқобил ичи чироқ ёқса ёришмайдиган аҳволда эди. Ҳолбуки, у шод бўлиши, Суҳробдан аҳвол сўраб, таскин бериши лозим эди. Алҳол, акси бўлди.

– Ҳа, нимага бунча қовоғинг солиқ, – деди Суҳроб, – ёки салобатли бўлишни, қўл остингдагиларни зириллатишни машқ қилаяпсанми?

– Ажаб эмас, – деди хўрсиниб Нурқобил, – ҳозирги пайтда қўл остингдагиларнинг айримларини эплаштириш учун анча-мунча машқлар камлик қилади.

– Тинчликми, биринчи кунлардан, – деди Суҳроб, – ҳали иш бошламай?..

– Ана шу-да, сен ҳам, бошқалар ҳам худди шундай дейишлари турган гап.

– Нима, нима гап ўзи, – деб суриштиришга тушди Суҳроб.

– Э, қўй, ҳеч гап эмас. Яхшиси юр, бир яйлов айланиб келамиз. Ҳаким аканинг қўрғонига тушамиз. Аслида-ку, сенга фельетонбоп бир гап айтишим керак эди. Майли, қўй, кетдик. Ҳаким аканинг суҳбати муҳим.

– Ўзим ҳам Ҳаким акани кўришим керак эди, – деди Суҳроб. – Роса соғинганман. Қизиқ гаплардан эшитиб бир яйрайлик. Лекин олдин таклиф қилмасанг ҳам уйингга бир кириб ўтамиз.

Нурқобилнинг қулоғи қизарди.

– Ҳа, майли юр, жўра. Энди… каттакон бўлганимиздан кейин, зиёфатниям бировнинг ҳисобидан қилиб қутулмоқчи эдик-да.

Суҳроб Нурқобилнинг ўғиллари – Орзу билан Ҳаётжонни кўриш, Гулсара амма билан сўрашиш истагида эди. Гулсара амма эри ўлиб Хоразмдан келиб қўйганига ҳам ўн беш йиллар бўлиб қолган. У фарзанд кўрмаганди. Келдию… Масъуманинг ўлими устидан чиқди. Шу–шу Нурқобилнинг уйида ҳам амма, ҳам она, ҳам буви бўлиб қолди. Нурқобилнинг бахтига ҳалиям шу аёл бор экан. Бўлмаса болаларининг ҳоли не кечарди?

Икки дўст амма чаққонлик билан қовуриб келган думба-жигарни шоша-пиша еб, “УАЗик”ни ўнқирчўнқир йўллардан елдириб, яйловга чиқиб кетишди. Ҳар тугул Суҳроб ичмади. Нурқобил бундан суюнди. Бутунлай ташлаворса маъқул бўларди, деб ўйлади. Ўртоғининг ижодда ҳам, ишда ҳам у қадар омади келмаётгани боиси, қолаверса, отасининг хасталигига ва барвақт вафотига сабаб бўлган омиллардан бири ҳам худди шу эканини у яхши биларди. На илож, ҳар тўкисда бир айб бўларкан-да. Йўл бўйи деярли гапиришмади. Иккови ҳам ҳаёт чигалликлари – қувонч билан қайғу, омад билан мудҳиш фожиалар ёнма-ён яшаши ҳақида оғир ўй суришар, Ҳаким ака ўтовида кўнгил ёзилишига умид боғлаб боришарди.

Довдир чўпонникида меҳмон бор экан. Ёш шифокор Тошбўри Милтиқбоев “яйлов баҳодирлари соғлиғини муҳофаза қилиш” мақсадида отарларни айланиб юриб, йўл-йўлакай кирибди.

– Муолажа баҳона, дийдор ғанимат, – деб шивирлади Нурқобил Суҳробга. – Бу йигит аканинг қизига ошиқи беқарор.

Суҳроб Милтиқбоевнинг қишлоқ касалхонасида илк бор жарроҳлик бўлими очгани, дастлаб турли жониворларни, яқиндан бери эса одамларни ҳам операция қилаётганини Нурқобилнинг ўзидан эшитганди. Шу боис миқти, соддами, қувми, ишқилиб юзидаги маънони дабдурустдан англаш қийин бўлган йигит билан самимий саломлашди.

– Ҳорманг, Чашмизирак табобат мактабининг кашшофи, – деди жилмайиб.

– Бор бўлинг, – деди йигит ҳам кулиб сўрашар экан. – Мана, келувдик айланиб. Ҳаким ака – отамнинг мактабдош ўртоқлари.

– Ошнамди улини саргузаштларимдан айтиб бериб, қорнини гап билан тўйдири-иб ўтирибман, – деди Ҳаким довдир.

– Қани, қанақа саргузаштингизни айтаяпсиз. Бизам эшитайлик, – деди Нурқобил.

– Гап машинадан чиқди, – деди нимагадир кўзини қисиб довдир.– Мен Тошбўрибойга шаҳарга борганим, таниш бир ошнамнинг янги мошинини сал бўлмаса дабдала қилиб қўяй деганимни айтаётувдим.

Тўғриси, энди бошлагандим, сизлар кириб келдинглар.

– Қани, қани, эшитайлик бўлмаса.

– Қуруқ гапга қорин тўярмикан. Тўхтанглар, бўлмаса, мен болаларга зиёфатди зўрини тайинлайин.

Довдир ташқарига чиқди-ю, зум ўтмай қайтиб кирди. Пойгакда чордона қуриб, меҳмонларнинг ҳар қайсисига бир пиёладан чой узатиб, “Қани олиб ўтиринглар” деб қўйди-да, ҳикоясини бошлади. Нурқобилнинг дўстига сўзламоқчи бўлган ҳикояси эса айтилмай қолди.

17

“Алқисса, Ойсифат ўқишга кирадиган бўлди-ю, шаҳарга отландим.

Бозор авжига чиққан маҳал етиб келдим. Кейин институтда ишлаётган эски ошнамни қидириб топдим. (У синфдошим Милтиқбой деб айтмади). У қўярда-қўймай машинаси томон судради.

Биз унинг яп-янги машинаси ёнига келдик. У эҳтиёткорлик билан эшик қулфига калит солди. Тутқични ҳам нечоғлик эҳтиёткорлик билан тортди. Эшик очилганда чиқадиган “ширқ” этган товушданоқ у оғрингандек бўлди. “Марҳамат” деди секингина.

Орқа ўриндиққа ўтириб эшикни салгина тортгандим, қарсиллаб кетди. Келиб зулфунига чиппа ёпишди-қолди. Худо ҳаққи, жўрттага қилганим йўқ. Шамол бўлдими ё ҳаяжонландимми, ишқилиб бир бало урди. Ўзимам ноқулай аҳволга тушдим. Кўчага қараган киши бўлиб, дўстимнинг юзига разм солдим. Рангида ранг қолмабди. Жудаям ўнғайсиз бўлди-да. Бунинг устига, янги нарсалар одатда нозик, салга бузилиб қоладиган бўлади. Бу жониворнинг битта эшигиям фалон пул турса керак.

Ўтган гал шаҳарга тушганимда бир кишининг машинасини кира қилгандим. Бечора йўл-йўлакай турмуш қийинчиликларидан ҳасрат қилиб кетди. Айтишича, яшаш кун сайин қийинлашиб бораётган экан. Айниқса, машинаси бор, ҳовлиси борларга қийин эмиш. Машинага бензин керак, эҳтиёт қисм керак, ювиш-тараш, ремонт қилиш керак. Ҳаммаси қиммат. Ҳовлининг ташвишиям бундан беш баттар. Қараб туриш, кам кўстини ямаш керак. Ҳузур-ҳаловат давлатнинг кўп қаватли уйида яшаб, трамвай миниб юрадиганларники экан. Ҳамма нарса муҳайё: битта сийқаси чиққан чақага бутун шаҳарни айланиш мумкин, уйида бўлса газ, иссиқ сув… Хуллас, гапирадиган суроби йўқ. Мен кира ҳақига бир сўм беришни мўлжаллаган, ҳатто битта темир сўлкавойни ажратиб, ён чўнтагимга олиб ҳам қўйгандим. Бўлмади, бечорага раҳмим келди. Кўзимдан ёш чиқиб кетай деди. Ҳалиги сўлкавойнинг ёнига битта уч сўмликни қўшиб узатдим. Ҳа, қишлоқи бўлсак ҳам унча-мунча нарсанинг фаҳмига борамиз, акаси.

Алқисса, ошнамнинг рангини кўрдим-у, қўрқиб кетдим. Ҳалиям у кўнгли кенг, бағри бир олам йигит-да. Бошқа одам бўлса, “Туш-ей, пандавақи. Эшик ёпишни билмайсан, сенга машина минишни ким қўйибди. Ҳайда, тошингни тер! Э. қишлоқи!” деган бўларди. Ҳа-ҳа, тайин шундай дерди.

Ошнам бўлса, бечора тиши оғригандек афтини буриштирди, холос. Кейин босиқлик билан:

– Чамаси… эшик… яхши ёпилмади-ёв. Қайтадан… секинроқ ёпасизми? – деди.

Э, ўлма–е, акангди ошнаси. Хушмуомалалик бўлса шунча бўлар-да. Ичидан қиринди ўтсаям сир бой бермади-я. Бизди қишлоқди одами бўлса, ёқасини йиртиб, кўкрагига муштлаб, оҳ тортиб юборарди.

Машина ўрнидан қўзғалди. Шаҳар кўчаларининг равонлигини айтинг. Онда-сонда бирда-ярим ўйдим-чуқур учрашини ҳисобга олмаса, худди мойди устида сирпаниб бораётгандайсан. Энди, бу “Лада” жониворам молмисан, мол экан, чироқларим, сирасини айтсам. Ичини худди келинчакди уйи дейсиз. Ўриндиқларига бир балоларни қоплаганки, энди пар тўшакдай десам куласизлар-у, лекин ундан зиёд бўлса бор, кам эмас.

Алқисса, акангиз шўрликни оғзи анграйиб, калласи қаққайиб ўтираверсин, гапди ошнамдан сўранг. Ошнам қурғур икки гапди бирида орқасига қарайди. Нега қарайди дейман, фаҳмим олмайди. Устим чанг десам, эгнимда бир кун олдин магазиндан олган тринка костюм-шим, оёқда янги бўлмасаям паловди қуйруқ мойини шимийвериб, ялтиллаб кетган патинка. Ўйлаб ўйимга етмайман.

Энди ростини айтмасам бўлмайди. Қишлоқда ҳеч кимга гап бермай юрамиз-у, шаҳарга борсак барибир қишлоқилигимиз билиниб қоларкан. Айбим нимада эканлигини ошнамнинг гапидан англадим.

– Ушлайдигани… эшикди тепасида, – деди у гуноҳкор одамдек ялиниб.

Буни маданият дейди, акаси. Уни ўрнида сен бировинг бўсанг “Ў, фаросатдан борми? Косовга ўхшаган қоп-қора қўлингни ўриндиқ суянчиғига қопланган оппоқ чойшабга ишқалаб кетаяпсан-ку” деган бўлардинг. Ошнам бўлса тўғри танбеҳ бериб, яна мен билан бирга қўшилиб уялди, қизарди. Буни бизда одамгарчилик дейди, мулозамат дейди, фаросат дейди, ўрислар “культур” дейди.

Мен хатоимни иложи борича тез тузатишга ҳаракат қилиб, жон ҳолатда қўлимни суянчиқдан олдим. Ҳалиги ушлагичга қўл узатганимни биламан, машина чайқалиб кетмайдими. Акангиз ҳам мувозанатини йўқотиб, бир томонга қараб қийшайиб, эниб кетди-ку. Яхшиям эшикнинг ойнаси бор экан. Хум каллам шунга тақиллаб урилиб тўхтадим. Худо кўрсатмасин, очиқ бўлганда “лўп” этиб ташқарига чиқиб кетардим. Шошганимдан калламнинг ёрилгани ҳам сезилмади. Ишқилиб, ойна синмаган бўлсин деб пайпасладим. Хайрият, бутун экан. Бутунликка бутун эканку-я, лекин ичкаридан бирон жойда дарз кетган бўлса-я. Шуни ўйлаб, яна ошнамга қараб мўлтирардим. Ҳа, айтганим тўғрига ўхшайди. Унинг қовоғи уйилди. Ким билсин, ўша пайт ғазаби жўшиб, жони халқумига келган бўлсаям ажаб эмас. Э, Тангри табиат, тоза омади чопган одамман-да. Агар шу чоғ бошқа одам бўлса, етти пуштимнинг гўрига икки қатор қилиб пишиқ ғишт қалаб ташлармиди. Лекин ошнам… Э, баракалло-е жонига, ақалли “Кўзингга қарасанг бўлмайдими?” демади-я. Қилган иши енгилгина хўрсиниш бўлди. Мардликни қарангки, “Мол аччиғи – жон аччиғи”ни унутиб, менинг калламнинг ғамини еб ўтирибди-я. “Яша-е, одамди марди, валломати” дедим ичимда.

– Каллангиз… ёрилмадими?

– Бош ёрилса, дўппининг тагида, дейдилар, домулло, калла топилади, мошинанинг ойнаси синмаган бўлса бас.

– Қўрқманг, бунинг ойнаси пишиқ. Калла тугул, милтиқнинг ўқиям тешолмайди. Лекин… кўтариб-тушириш мосламаси… сал зада еди, шекилли… Ҳа, майли, ҳеч қиси йўқ. Бузилган бўлса, алмаштирамиз. Арзимаган пул туради.

Ориятли одамман, укалар. Ўша пайт мошиннинг таги шундай очилиб остидаги ер ёрилса-ю, аканг белигача кириб кетса. Аммо не илож қиласан. Мошин юриб бораяпти. Лекин кўнглимга бир ният тугдим: мавридини топсам, шу ошнамга битта ойнани эшиги билан совға қиламан. Ахир, магазинда бордир, бўлмаса бирор кун келиб чиқаришар. Нархиям жа-а, отамди баҳоси эмасдир. Нари борса бир тўқлини пули бўлар.

Кўнглимга келган гапдан дилим ёришди. Яхши ният, мен сизларга айтсам укалар, одамди кўнглини равшан қилади. Лекин бу гапди ошнамга қандай айтаман. Айтсам, “Ў, ошна, назари пастлик қима. Мен сенинг ҳадянгга зорманми” демайдими. Хафа бўлмайдими?

Шуларни ўйлаб яна нафасимни ичимга ютдим.

Бир вақт чорраҳага келиб, қизил чироққа тўғри бўлдик. Қатор-қатор машина. Бизди ёнгинамизга бир ўрта яшар, чамамда, мен тенги ё мендан сал ёшроқ бир аёл қип-қизил машинасида келиб тўхтади.

Худо кечирсинку-я, лекин бир муддат кўзимни узолмай, гарангсиб қолдим. Йигит бўлиб бировнинг хасмига тикилиб қараган инсон эмасман. Бу ҳолатим ҳайронликдан бўлдими, карахтликдан бўлдими, ишқилиб не бўлса бўлди – аканг кўз узолмай қолди.

Нохосдан машина силтаниб олға интилди. Боя хаёл билан қўлимни тутқичдан олган эканман, беихтиёр яна олдинги ўриндиқнинг суянчиғига ёпишдим. Бир нарса “қарс” этди. Суянчиқ келиб кўкрагимга урилди. Жон-поним чиқиб кетди. Энди тамом бўлдим, шармандам чиқди, деб ўйладим. Бировнинг омонатини бир пул қилдим.

Алқисса, аканг қарағай мошинди суянчиғини кўкрагига босиб, дами ичига тушиб тураверсин, гапни ошнамдан эшитинглар.

Маълум бўлишича, навбатдаги чорраҳада қизил чироққа тўғри келибмиз-у, ошнам мен билан овора бўлибми ё бояги қизил мошиннинг ичидагига маҳлиёликданми, тормозни сал кечроқ босиб қолган экан, олдиндаги мошиннинг қуйруғига тумшуқ урибди. Ўзи айтяптики, олдиндаги мошин чорраханинг ўртасига кириб қолгани учун кетига юриб, унинг олдига қуйруқ тирабди. Кошки олдиндаги буни бўйнига олса. Паҳлавон бир барзанги экан. “Мен кўк эмасман-ку, сенинг олдинга орқа тирасам”, дейди.

Бировнинг орқасига урсанг-ку, албатта айбдорсан, аммо биров орқаси билан сенинг олдинга урсаям сен айбдор бўларкансан, Тортишув, ўртада аканг сарсон. Ялиниш, ёлвориш, сен қўй, сен айт, сеники маъқул, сеникиям тўғри. Хуллас, ошнам ўзининг олдиниям, барзангини орқасиниям ошнам тўғрилайдиган бўлди. Барзанги ошнамнинг ҳужжатларини шимининг орқа чўнтагига тиқди. “Орқани созлаган кунинг қайтариб оласан”, деди ҳиринглаб ярамас. Тарқалишдилар.

– Мининг, кетдик! – деди ошнам менга. Йўқ, дўғлаганиям, зардаям қилгани йўқ. Шунчаки шовқинда эшитмаслигим мумкинлиги учун овозини сал баландлатиб айтди.

– Энди, бизди қўйинг, ошна! – дедим.– Энди биздики бўлди.

– Э, нима деяпсиз, уйга борамиз. Чойлашамиз! – тиқилинч қилди ошнам.

Кўнмадим. Бошқа сафар дедим. Хуллас, бир амаллаб қутулдим-у, тура қочдим. Бир ҳафтадан кейин бешта қўчқорни сотиб, пулини ошнамга олиб бориб бердим. Мошинларнинг таъмирига ишлатинг дедим. Олмайман, деди. Олмасангиз, бир умр юз кўришмас бўламиз, дедим. Хуллас, олди. Оғзига кучи етмаган бир-иккита гапхўрлар бўлса “Ҳаким қизини ўқишга пора бериб киргизди” деб иғво қилишибди. Ҳўв, каллаварамлар, дедим ўзимча, ҳамқишлоқ, мактабдош дўстим бўлса, келиб-келиб мендан пора оладими, қайтага ўзи мен туфайли қанча харажату ташвишга қолди. Бешта қўчқорнинг пули нима бўлади. Керак бўлганда шаҳарда битта яхши зиёфатга етмайди.

Меҳмонлар қотиб-қотиб кулишди. Тошбўри ҳам жилмайган бўлди-ю, лекин ниманидир сезгандек маъюс тортди. Суҳроб ҳам, Нурқобил ҳам гап Тошбўрининг отаси ҳақида борганлигини сезишганди. Шу боис Ҳаким акага ўпкаланганнамо қараб қўйишди.

Лекин Тошбўрини маъюс торттирган яна катта бир гап бор эдики, буни ҳозирча фақат унинг ўзи ва довдир биларди. Ана шу қалтис ҳангомани эса Нурқобил ҳам, Суҳроб ҳам ва сизу биз ҳам сал кейинроқ эшитамиз. Чунки бу ғоят кулгили, айни пайтда жуда қалтис ва хавфли ҳазил фақат Ҳаким довдир ва Тошбўри Милтиқбоев билан эмас, Шоқувват Ўташев ва унинг укаси Бойқувват билан ҳам боғлиқ эди. Хуллас, бу ҳақда кейинроқ.

Ўша куни Нурқобил Суҳробни кузатиб, уйига қайтгач, барибир ўйлаган ишини қилди. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи номига бир энлик мактуб битди: “Сувлидара ҳудудида гиёҳванд экинлар етиштирилиши қонунга мувофиқ ё номувофиқ эканлиги ҳақида расман жавоб беришингизни сўрайман.” Лекин барибир соддалик қилди: мактубни Суҳробдан бериб юбориш ўрнига туман марказидаги почта қутисига ташлади.

18

Шоқувват Ўташев ўзини қўярга жой тополмасди. Занжирбанд айиқ каби хизматхонада у ёқдан бу ёққа юлқинарди.

Ҳозиргина хабар қилишди. Бу гадойвачча унинг айтганини қилмасдан барибир юқорига хат жўнатибди. Хайриятки… почта бошлиғи ўзининг одами. Акс ҳолда, ким билади нима бўларди? Тўғри, вилоят ички ишлар бошқармасига борган хат ҳам… дарров бошлиқнинг қўлига тушмайди, у ерда ҳам “Кимсанов” сингари чўталини вақтида олиб турган укалар бор. Барибир ҳам айтиб бўладими? Умуман, кейинги пайтларда туманда унинг айтгани–айтган, дегани – деган бўлмай қолаяпти. Қаердаги қаланғи-қасанғи, зоти паст одамлар гапини икки қилади, панд беради, ҳатто… мавридини топиб ҳазил-мазах қилади. Битта мишиқи, бетайиннинг суробини тўғрилаб, укасига директорликни олиб беролмай ўтирганидан кейин у куймай ким ҳам куйсин. Умуман, бу ҳаёт ўзи номард ҳаёт экан-да. Йўқ эса аслида бундан йигирма йиллар олдин “Чашмизирак”, “Чорбоғсой” совхозларини ташкил этиш учун елиб-югурган, идорама-идора қатнаб суяги оқарган ким? Шоқувват Ўташев! Қишлоқма-қишлоқ, тоғма-тоғ сарсон кезиб, одамларга ташвиқот қилган: “Йирик давлат хўжалиги қудратли бўлади, водийларга, тоғ этакларидаги серҳосил дараларга сув чиқарамиз, ҳар кимга истаганча ижарага ер берамиз, боғ қиламиз, ток экамиз, чорванинг туёғини кўпайтирамиз, ҳамманинг қозони мойга тўлади”, деб бошини бириктирган ким? Ўташев! Аслида минг югурма, бу масала ҳал бўлмасди. Тўхтабоев билан ошналиги иш берди. Ўша кишининг бир оғиз гапи билан иш пишди – қўйди.

Иш пишишга пишдику-я, лекин энг йирик янги хўжаликка Шоқувват Ўташев эмас, Музроб Туробов тайинланди. Ўташевнинг номзоди ўтмай қолди. Шунисига келганда Тўхтабоев ҳам кучсизлик қилди. Тўғри, у Ўташевни Туробовга муте қилмай, кичкинароқ бўлса-да, юқорига ишга ўтказди. Кейин туманга раҳбар қилиб юборди. “Парво қилма, совхоз ҳам барибир ўзингники, истаган одамларингни қўйиб, ўзинг бошқарасан,” деб тасалли берди. Ўташев буни тўғри тушунди. Янги директорга қарши зимдан “иш” бошлади. Совхозда унинг укаси Бойқувват ва содиқ маслакдоши Қилич Заҳҳоров ишлар, шу боис Ўташев у ердаги ҳамма икир-чикирлардан хабардор эди. Аризабозлик аввалига унча иш бермади.

Лекин узлуксиз текшир-текширлар директорнинг ҳам, бошқа ишловчиларнинг ҳам тинкасини қуритди. Одамлар кунларни иш билан эмас, “Эртага қаердан текширувчи келар экан, нимани текширар экан” деган ўй, таҳлика остида ўтказадиган бўлиб қолишди.

Хуллас, Туробов чидаш беролмади. Соғлиғини йўқотди. Истеъфога чиқди. Ўзи ариза ёзишга мажбур бўлди.

Бу гал совхоз муҳри Ўташевлар қўлига ўтиши муқаррар эди. Бойқувват Ўташев ҳам олий маълумотли мутахассис. Ҳозир бўлим бошқарувчиси, аввал марказий устахона мудири бўлган. Тажрибали. Бироз ичишини ҳисобга олмаса, уни тайинлаш ҳам барча қонун-қоидаларга тўғри келади.

Йўқ, бўлмади. Яна бўлмади. Ҳаёт Ўташев ўйлаган қонун–қоидалар билан, мантиқ билан ҳисоблашиб ўтирмас экан. Қайси гўрдан пайдо бўлса бўлди, ҳалиги чўпонзода. Юрарди молдўхтурми, молтехникми бўлиб. Падарингга лаънат Горбачёвнинг “демократияси” ишнинг белига тепди. “Давлат хўжаликлари раҳбарлари ҳам минбаъд сайлов йўли билан тайинлансин”, деган кўрсатма келиб қолди. Сайловда Бўтаев ютди. Чунки уни Туробов қўллади. Ҳа, нима эмишки, Туробов айтибди: хўжаликни ўша боладан бошқа эплолмайди, кўтаролмайди, деб. Сайловчилар қўйдай гап, собиқ директорнинг қутқусига лаққа тушишган.

Бунинг устига ўзиям ўйлаб ўтирмай, катта-катта ваъда берди, устози айтган бояги гапни тўтиқушдай такрорлади: “Боғларни кенгайтираман, қўй-эчкини кўпайтираман, завод-фабрика қураман, аҳолининг маошини ошираман, турмушини яхшилайман”, деб.

Яхшилаб бўпсан, яниб қўйди ўшанда Ўташев. Биз бор эканмиз, бу ерда ишлаган бегона раҳбарнинг чурраси тушади. Одамлар ҳам молдан баттар экан, Бойқувватнинг зиёфатларини ейишди, молларига қоп-қоп озуқани арзону текин олишди-ю, йиғилишда бирови чиқиб, “Ҳой, ўртоқлар, ахир, бу ёқда туманимизнинг муҳтарам раҳбари Шоқувват Ўташев бор” демади-я. Қилич Заҳҳоров ҳам шарманда қилди. Минбарга чиқиб нуқул дудуқланди. Ақалли: “олган ҳақларингни оқламайсанми, нокаслар”, деёлмади. Шунда пастдагилардан бири “Э, Қилич ака, сизда ёзма нутқ ривожланган, оғзаки нутқ йўқ, ўзингизни бекорга азобламанг” деб қичқирмайдими. Бечора бор гапиниям йўқотиб қўйиб, минбардан тушиб кетди. Анови фирқоқўм котиби Усмон Шамсиев бўлса, “Ўртоқлар, ўзимиз катта-катта одамлар бўла туриб, майда гап, майда ишлар билан шуғулланиб юрмайлик” деб қочирим ҳам қилди. Бефаросат Ҳаким чўпон бўлса, гапирган гапининг маъносини тушунмай алланима балоларни алжиради.

Аввалига куракда турмайдиган масхарабозлик қилди, нима эмиш, агар Бойқувват Ўташев аҳолининг молига арзон озуқа тарқатган бўлса, майли, ўша арзон емга тўйган моллар унга овоз бераверсин, биз қаршилик қилмаймиз, лекин эси-жағи, тили-дили бор одамларни муносиб номзод – Нурқобил Бўтаевга овоз беришга даъват этамизмиш. Ҳе, ҳазилинг қурсин, касофат. Сенинг молдан нима фарқинг бор? Ўзиям мулзам бўлиб кечирим сўрадику-я. Лекин дарров минбардан тушмай, яна сафсата сўқиб ёқимсиз, сассиқ сайради:

– Хўжаликни кўтариш учун унга қанот бўлиш керак, мардларча ишлаш керак, оғалар, – деди у. – Лекин кўпчилик эси пастлар ҳўкизнинг чотига ёпишган канага ўхшаб, ёрдам у ёқда турсин, ўз ҳолига қўймайди. Бир ҳисобга шуларникиям тўғри, ҳаром қондан фориғ қилади. Лекин ҳаром қонга тўйиб олгандан кейин ўзларининг ҳоли нима кечишини ўйламайди. Ахир ҳаром қон ҳам одамни… наша каби хумори, гиёҳванд қилиб қўяди. Охири заҳарлаб ўлдиради, биродарлар.

Ўташевнинг юраги шувиллади, “бу қиззиғар нимага шама қиляпти, бирон гапдан хабари бор-ов, бирон нарсанинг ҳидини олдимикан” деб ўйлади у. Ҳар тугул ўшанда бу шама шамалигича қолиб кетди. Лекин янги директор биринчи кунлардан ўша томонга от солгани бежизмикан? Анови чўпон шипшитмаганмикан?

Довдир Ўташевларга узоқ қариндош эди. Ўзиям унча ёмон одам эмас, бефаросатроқлигини айтмаса. Кулгили гап қиламан деб қовун тушириб, боягидақа изза бўлиб юради. Лекин.. қизталоқнинг ўшандаги шамаси бекор эмас экан. Шу сасиган: анови жойларда шунақа ишлар бўляпти, директор бўлсанг, тартиб ўрнат, деган. Бўтаев бўлса, бошда ўламсалик қилиб, бу ёқда киши билмас, хат жўнатиб юрибди.

Албатта, калаванинг учини топиш, масаланинг тагига етиш керак. Гап қайдан қочди? Аввал мавридини топиб, анови девона қўйбоқарни бир исканжага олиш керак…

Ўша йиғилишдан кейин Ўташев атай довдирнинг отарига ўтди. Йўл-йўлакай хаёл сурди. Тўхтабоев бу сафар ҳам ҳиммат қилмади. Ахир “даштда ҳали одамлар раҳбарларни сайлашга тайёр эмас, сиёсий онги етмайди”, деган баҳона қилди. Бойқувватни тайинлаттириб юборса бўларди-ку. Ундай қилмади. Нега? Қўрқдими? Ҳоҳламадими? Чамаси у Ўташевларни умидвор қилиб, соғиб юраверишни хоҳлайди. Агар орзусига тез эриштириб қўйсам, беминнат дастёрдан маҳрум бўламан, деб ўйлайди, шекилли. Йўқса, Тўхтабоевдек киши учун бир совхозни олиб бериш нима деган гап. Ахир Ўташев билади-ку. Вилоятдаги хўжаликларнинг раҳбарлигини Тўхтабоевнинг шахсан ўзи тақсимлайди. Қанча–қанча одамларнинг толеи кулди унинг саховатидан. Лекин Ўташевларга қолганда, нуқул “Шошманг, хурсанд бўласиз” деб келаяпти. Йўқ, бу ерда бир сир бор. Тўхтабоев ниманидир яширади. Айтишни, очиқ маслаҳат қилишни хоҳламайди. Ўташев энди аниқ ишонч ҳосил қилди. Луқмон Тоҳирович пихини ёриб юборган экан. Аммо у Ўташевни анойи деб ўйлаяпти. Керак бўлса Ўташев ҳам ўзини кўрсатади. Сувлини ҳам, бошқа жойларни ҳам шундай боплаб йўқ қиладики, Тўхтабоев ёқа ушласин. Ўташевга фақат мол-дунё керак эмас. Унга бир чимдимгина яхши ном, катта обрў ҳам зарур. У Тўхтабоевни шошилинч чоралар кўришга, Ўташев билан ҳисоблашишга мажбур этади. Бойқувват совхозга, Ўташевнинг ўзи районга эгалик қилади. Албатта эгалик қилади! Ўргилдим Тўхтабоевнинг сохта одамгарчилигидан. “Марҳум чўпоннинг ўғлини директор қилиб кўтарсак, халқ орасида обрўйимиз ошади” эмиш. Фақат сизга керакми обрў? Биз қон ютаверайлиг-у, у кишининг обрўлари ошаверсин. Йўқ, бунақаси кетмайди! Қиличбойни “қиндан чиқариб”, етарлича ҳужжатлар билан Москвага жўнатиш керак. Тўхтабоев ўзи илиниб юрибди, Итлянчилар келганидан бери егани ичига тушмайди. Битта “пуф” билан учиб кетиши мумкин. Ўташев довдир билан мактабдош эди. Шоқувват болаликдан бўйдор, девсифат бўлиб улғайди. Ҳозир унинг салобатидан унча– мунча от ҳуркади. Довдир қайси бир маъракада шундай ҳурматли одамниям кулги қилган. “Сизни кўрсам, одам кўргандай бўламан-да, Шоқувват ака, деди довдир. Кўрсам кўзим тўяди.”

Довдир бу кутилмаган ташрифдан сергак севинди. “Янги директоримизни олакелмабсиз-да”, дея ўсмоқчилади. “Ўзимиз хешмиз-у, Ҳакимбой, бошқа воситачининг не даркори бор”, деди Ўташев. “Буям ҳақ гап”, деди довдир ва узоқ холаваччасининг ҳурматига тўқли сўйди. Дастурхон ёзилди. Тўқлининг бир қисми шўрва, бир қисми димламага ажратилди. Ярмини бузмай Ўташевнинг машинасига солишди. Ўташев ҳар қанча тиришмасин, бу илтифотдан шумлик белгисини тополмади. Шунинг учун бояги ярим қўйниям рад этмади.

– Оббо, шуниси шарт эмасди–ку, – деди номига.

– Оббоси борми, бегона эмассиз-ку, – деди довдир. – Падари боҳурматингиз отамнинг жондайгина холаваччаси бўлган, ака. Оғайни-қариндошлик, меҳр-оқибат мана шунақа борди-келди билан-да. Сиз яна совхозди қўйидан сўйди деб ёмон фикрга борманг. Чашмизиракнинг сувидай ҳалол – ўзимни қўйим. Бултур қўзилатишдан кейин элликта қўй мукофот олганимдан ўзингизниям хабарингиз бор-ку. Мен мукофотни нимаям қилардим. Битта қиз, бир ўғлим бор, минг шукр, қизимнинг ойлиги ўзидан ортади. Кампирим, ўғлим уччовимизнинг яримта нон билан қорнимиз тўяди. Икки чўпоним –Эшпўлат билан Умрзоқ ҳам Арабистонди пошшасидан кам яшамайди. Ўзига тинч. Ҳар ой битта қўйни сўйиб, шаҳардаги ўзимга қадрдон етимхонага жўнатаман. Сизга айтиб, рухсатингизни олгандим шекилли. Эсингиздадир. Э, бу дунёда меҳр-оқибату, хайру саховат қолади, қариндош.

– Эсимда-эсимда, бўлабачча, – деди Ўташев ва ароқми ё довдирнинг қўлбола қимизи сархуш қилдими, ийиб кетди. Бу Ҳаким лақма бўлсаям, одамгарчилиги яхши, деб ўйлади. Қўли очиқ. Шалдир-шулдур қилиши – тарбияси бўшлигидан. Ничево, йўлга солса бўлади. Уни ўзимизнинг тарафга оғдириб, беминнат хизмат қилиб юрадиган гумаштага айлантириш лозим.

– Қизингиз мактабда ишлаяптими? – сўради у довдирдан.

– Ҳа, чет тилидан дарс беради, – ғурурланиб жавоб қайтарди довдир.

– Яхши ишлаб юрсин… Насиб этса… Директорини… бошқа ишга ўтказмоқчиман. Ўрнига жиянчадан бошқа номзод излаб юрмасак ҳам бўлар.

– Йўғ-е, Ойсифат ҳали ёш-ку. Бироз ишласин. Директорлик бўлса қочмас.

– Қизиқсиз, – деди Ўташев димламанинг юмшоқ гўштини чайнай туриб. – Ақл ёшда эмас, бошда. Қолаверса, келажак – ёшларники. Мана, менинг жияним – Тошбўри. Яхши танийсиз.– У довдирга синовчан тикилди. Тошбўрининг Ойсифат билан муносабатидан довдир хабардор эканлигини у яхши биларди. – Камтар, билимли йигит. Биз ўшанинг оталигини олганмиз. Келган заҳоти бош врач қилиб қўяй, десам кўнмади. Тажрибам ошсин, дейди. Барибир, эртами-индинми бош врачлик ўшаники. Уни бош врач қилсак, қизингиз мактабга директор бўлса… яхши-да. Маҳаллий раҳбарларнинг барчаси ўзингизникидан бўлганга нима етсин.

Довдир индамади. У чиндан ҳам Тошбўри қизига харидор эканини билар, лекин Тошбўрининг раҳнамоси Ўташев эканлиги уни сал иккилантирарди. Ўташев аввалги хотинидан ҳам ўғил кўрмаган. Шунинг учун Тошбўрини ўғил қилгиси, уни уйлантириб, шу ерда ишлаб қолдириб, невара суйгиси келади. Тошбўри ҳозир Ўташевникида яшайди.

– Ҳа, нимага ўйланиб қолдингиз, қариндош, – деди Ўташев сергўшт бир суякни ғажир экан.

– Йўқ, ўзим, қани катта-катта олинг, – деди довдир. У нозик масалаларга дуч келганда жиддий тортиб қоларди. Кейин у қизига мансаб керак эмаслигини ётиғи билан тушунтирди. Эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирди.

– Энди, қариндош, гап бундай, – деди хаёлида ғоят улуғвор бир ғоя туғилган Ўташев ёғли қўлини сочиққа артаркан. Унинг овози бирдан пасайди. – Бир иш қилсак. Сизгаям, бизгаям эмас. Болаларимизнинг келажаги учун.

– Хўп–хўп, қани, эшитайлик, – деди довдир. Хаёлидан “Бу яна нима қитмирликни ўйлади экан” деган фикр ўтди.

– Чорвадорларнинг Бутуниттифоқ танлови якунига кўра ғолибарга биттадан енгил машина текин бериладиган бўлиб турибди. Ўшанга сизни ғолиб қилиб илдирсам-да, нарёғини келишсак. Нима дейсиз?

–Э-э, қариндош, менинг нимамни ғолиб қиласиз, ўртача ишлаб юрган бир одам бўлсам.

– Зато, ҳалол ишлаяпсиз! – хитоб этди Ўташев. Бу гапдан Довдирнинг боши осмонга етди. Умрида бир марта рост гапни айтди-я раҳбар бўлсаям, деб Ўташевнинг пешонасидан ўпгиси келиб кетди. Ўзини зўрға тўхтатди.

– Ҳай-ҳай, бунақа қаттиқ мақтаманг, одамни, инпарк қилиб қўясиз, бўла, аммо-лекин ҳалоллик учун мукофот бериладиган бўлса оламан!

– Шартини ҳам бажарасиз-а?

– Э-э, айтинг, луббой шартни адо этмаган – номард! Бир қўшиқ бўлгич эди: “Этик ечмай сув кечайми, истасанг ойга учайми” деган. Камига ўша қўшиқни ҳам куйлаб бераман жонли ижрода!

– Келишдик, эмасам шу бугуноқ киришаман, – деди Ўташев…

Киришди, ҳал қилди, чўпон эса… майли, бунинг тафсилоти кейинги бобда, ҳозир Ўташев Нурқобил борасида муҳим қарорни қабул қилиши керак. Бу гал у ҳалиги одамни туманга чақириб ўтирмади. Машинасидаги рация орқали буйруқ берди:

– Заҳматкаш чорвадорларимиздан бир неча кишини хушҳаво санаторийлардан бирига дам олишга жўнатишимиз керак. Тезроқ йўлланма масаласини ҳал этинг!

– Амрингиз вожиб! – деган жавоб эшитилди радиотелефон гўшагида.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации