Читать книгу "Қуёш ботаётган пайт"
Автор книги: Хабиб Темиров
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
Оғриқнинг зўридан ўзига келган Ҳалим молдўхтир жон талвасасида қочиб чиқибди. Сўнгра додлаб, пастроқда машинада кутиб турган шериклари томон югурибди. Ярим йўлда қонсираб йиқилибди. Шериклари уни кўриб, етиб келишибди. Улар икки киши экан. Нима бўлганини англагач, амаким томонга югуришибди. Амаким бир қўлида қиличдек келадиган қассоб пичоқ, бир қўлида чўпон таёқ билан уларни ёнига яқинлаштирмабди. Кейин улар молдўхтирни машинага солиб, касалхонага олиб кетишибди. Амакимни ўша куниёқ қамоққа олишди: қишлоқ миршаби – Намозбой участковой икки мелиса билан келиб, қўлига кишан уриб, олиб кетди. Онам, янгам ва уларга қўшилиб мен билан укаларим ҳам йиғладик. Отам:
– Оиласини босқинчидан ҳимоя қилган. Унга кўп беришмайди. Балки умуман оқлаб юборишар, – деди.
Бироқ оқлашмади. Очилбой амаким тўрт йилга кесилди. Ҳалим молдўхтир ҳар тугул тирик қолибди. Лекин қариндошлари кўп югуришди. “Очил қонхўрни турмада чиритмасак, ҳисоб эмас” дейишибди. Хайриятки, чиритишолмади. Амаким икки йилда қутулиб келди. Ўтовимиздаги гурунглар баробарида билдимки, амакимга турмада кўп иззат кўрсатишибди. Уни оддий маҳбуслардан тортиб, турма бошлиғигача ҳурмат қилар, яхши кўришар экан. Шунинг учун муҳлати ҳам тез қисқарибди. Амакимга ўша ёқда “Қоратоғлик Отелло” деган лақаб ҳам қўйишибди. Ҳар гал маҳбуслар ундан: “Хўш, Қоратоғлик Отелло, ҳаром гўшт еб семирган айғир молдўхтирни қандай жазолагансан, айтиб бер” деб илтимос қилишаркан. Амаким айтиб бераркан. Улар бўлса мириқиб-мириқиб кулишаркан. Мен бировга пичоқ уришнинг нимаси кулгили эканини бошида тушунмадим. Кейинроқ билсам, ўшанда амаким молдўхтирга шунчаки пичоқ урмаган, балки ҳув биринчи гал тутиб олганида, берган ваъдасига амал килиб, уни худди қора серкамизга ўхшаб бичиб қўйган экан. Буни билгач, мен ҳам беихтиёр кулиб юбордим. Бироқ, очиғи бунақаси: рашк туфайли олинадиган қасоснинг бундай хили кам учрайди. Очилбой амаким қамоқдан мағрур қайтиб келган бўлса ҳам, анчагача боши эгилиб юрди. Бунинг сабаби, Ойхол янгам ўша йили қўчқордек ўғил туққан, оғзига кучи етмаганлар “Бу молдўхтирдан бўлган бола” деб гап тарқатишганди. Хайриятки, амаким қайтганидан сўнг бир йил ўтгач, янгам яна ўғил туғди. Очилбой амаким қаддини кўтарди. Зеро, энди ҳеч ким бунга ажабланмади. Шаҳарга кетиб қолган Ҳалим молдўхтирни эслашгани ҳам йўқ. Мен ҳам эсимдан чиқаргандим. Орадан йиллар ўтгач, талабалик пайтим “Қишлоқ хўжалиги” газетасида “Қоракўл қўйларини сунъий ва табиий қочириш тажрибаси” деган мақола беихтиёр эътиборимни жалб этди. Унга Ҳалим Икромов, “Қорачўл” туман чорвачилик бошқармаси раҳбари, деб имзо қўйилганди. Бу ўша Ҳалим молдўхтир эмасмикан, деган фикр келди миямдан. Бичилганидан сўнг қора серкамизга ўхшаб раҳбар бўлиб кетибди-да, қаранг-а, деб қўйдим ўзимча ҳазиломуз.
Ҳа, айтганча, қора серка ҳақидаги гапнинг давоми мана бундай. Отам Очилбой амаким қайтиб келганидан сўнг уни сўйдирмоқчи бўлди. Амаким кўнмади. Кўнгли бўлмади шекилли, “қўйинг юраверсин” деди. Отам индамади. Серка яна бир неча йилдан сўнг тозаям қариб, ўз ажали билан ўлди. Амаким уни чуқур ўра қазиб кўмди. Унинг мис қўнғироғини бошқа бир ёш оласариқ серкага тақиб қўйди.
6
Ваъдага биноан Очилбойнинг “сафар”дан қайтиши шарафига Ҳаким чўпон қўрғонида жонлиқ сўйилиб, хатми Қуръон қилинди. Унда қишлоқдаги бир-икки қариндош уруғлардан ташқари қир ортидан Нурқобил, шаҳардан Ойсифат ва бир муддатдан сўнг унинг ортидан довдирни севинчли ҳайратга солиб, Тошбўри келди. “Ана, айтмаганмидим, бу йигит сўзидан ҳам, изидан ҳам қайтмайди, деб”, пичирлади унга ёнида турган Нурқобил. Маърака тарқалиб, қишлоқликлар қишлоққа, шаҳарликлар, аниқроғи Тошбўрининг якка ўзи (у Нурқобилнинг шахсий жабҳадаги ишлар аҳволи ҳақидаги саволига: “ҳаммаси жойида, деярли кўндирдим, шу бугун отасига розилигини айтади”, дея жавоб берди) шаҳарга қайтиб, тоғликларнинг ўз-ўзлари қолишгач, Ҳаким чўпон билан Нурқобил боғбоннинг хос суҳбати бошланди ва дарҳол тунов кунги долзарб мавзу – хусусийлаштириш муаммоларига кўчди. Довдир чуқур хўрсиниб, “яхши замонлар келяпти-ю, аммо камбағалга қийин бўлади”, деди
– Ҳамма гап инсон омилида, Яратган Парвардигорини унутган кимсалар ҳар қандай жамиятда худбинлик билан яшайдилар. Социализм, ҳарқалай ана шунақа худбинларнинг жиловини тортиб турар, камбағалга қайишар эди, – деди. Сўнгра, бироз ўйлаб туриб, қўшимча қилди. –Ана хитойликлар, социализмниям, бозор иқтисодиниям қўшиб олиб боришяпти.
– Ҳаким ака, наҳотки сизга янги иқтисодий муносабатлар яратган имкониятдан фойдаланиб, минг қўйли бой бўлиб, бадавлат ва тўкис, фаровон яшаш ёқмаса? – дея ҳазиллашмоқчи бўлди Нурқобил.
– Ёқади, – деди довдир ўйчан жилмайиб, – Теваракдагиларнинг ҳаммаси бой бўлса, биров бировга ҳасад қилмаса, ўн кишидан биттаси бой бўлиб, қолган тўққизтаси ейишга нон тополмасдан умрини бояги бойнинг ғийбати-ю қандай қилиб ғорат этиш устида бош қотириш билан ўтказмаса.
– Бозор иқтисоди чуқур жорий этилса ҳамма бой бўлади, бунга барча имкониятлар яратилади, – деди Нурқобил.
– Ҳаммани камбағал қилиш мумкин, буни болшавойча усулларда амалга оширса бўлади, бироқ ҳаммани бой қилиб бўлмайди-да, Нурқобилбой, – деди иқтисод тарихининг билимдони бўлган чўпон. – Халқимиз: “Қўлдан берганган қуш тўймайди”, деган. Жаҳон иқтисоди тарихида бунга уринишлар кўп бўлган ва яна бўлажак. Бироқ…
– Қўлдан бериш керак эмас, ишлашга, бой бўлишга мажбурлаш керак.
Довдир маъюс кулди:
– Офарин, Нурқобилбой, оддий боғбон бўлсангиз ҳам ҳамон раҳбарча фикрлайсиз. Катталарга қолса, ҳамма ишни мажбурлаш йўли билан бажаргиси келади. Бани одамият эса бунёд бўлганидан бери… шу мажбурликдан қутилишга, эрку ҳуқуқи ўз қўлида бўлишига интилиб келади.
– Ўз ҳолига қўйиб қўйсангиз одамларнинг катта қисми, “берсанг ейман, урсанг ўламан”, деб оёқ узатиб ётаверади, ё боя айтганингиздек, ишлаш ўрнига бировларнинг ғийбати билан шуғулланади. Кейин бориб-бориб, яна бойларни ағдаради ва мол-мулкини бўлиб олиб, ўзларича “тенг ва адолатли жамият” қуришади.
– Мен ҳам шуни айтаман-да, хаёлимда бу ёлғончи дунёи дун Гегел ҳазрат айтганидака чархфалак экан, социализм билан капитализм алмашиб келаверадиган.
– Энди унақа бўлмаслиги керак. Инсоният ўз хатоларидан сабоқ олиб, тўғри хулосалар чиқариб, ҳам социализм, ҳам капитализмдаги яхши жиҳатларни ифодаловчи янгича жамият қуриши лозим. Бу жамиятда бой ҳам, камбағал ҳам бўлмасин. Ҳамма етарлича тўқ, лекин шўхлигу исрофгарчиликсиз яшасин. Одамлар қорни, эгни боши ҳақида эмас, ер юзини хавфсиз, тоза-озода тутиш, ҳаётни абадийлаштириш сингари юксак тушунчалар ҳақида ўйлайдиган бўлади. Бу жамиятни Гегелингиз ҳам, Марксу Ленинингиз ҳам тушида кўрмаган.
– Ўзим ҳам кўп ўйлайман, Маркснинг бир гапи бор: “Файласуфлар дунёни турлича тушунтирдилар, бундан кейин яна минг хил изоҳлаш мумкин, лекин ҳамма гап уни ўзгартиришда”, деган. Назаримда тўғри гап. Бироқ болшавойлар доҳийси Ленин ўзича ўзгартирмоқчи бўлдию, хато қилди. Эндиги ўзгаришлар тўғри бўлади, деб умид қиламан. Лекин… яна текисчилик, бир хиллик бўлмасин. Акс ҳолда…
– Текисчилик бўлмаслиги учун рақобат бўлмоғи шарт. Ҳар бир инсон ҳамма ҳайратланадиган, ҳасад эмас, ҳавас билан қарайдиган ишлар қилсин.
– Форобий бўлиб кетинг-е, Нурқобилбой, демак Сиз “Фозиллар мамлакати” яратиш орзусида экансиз-да? Балли, мана бу бошқа гап! Аммо-лекин ишни ўзингиздан бошланг жаноб боғбон, Сиз шундай бир боғ яратингки, унақаси эртакларда ҳам васф этилмаган бўлсин. Агар… сизнинг боғингизни ҳам Ўташевлар тортиб олиб қўйишмаса.
– Мен… туман ҳокими Худойқуловнинг шахсан ўзи билан гаплашганман. Эртагаёқ бориб, истасангиз ўзингиз ҳам бирга юринг, сизнинг отарингиз масаласини ҳам кўндаланг қўяман. Адолат нуқтаи назаридан, унга биринчи навбатда сиз даъвогар бўлишингиз керак.
– Худойқулов… йўқсилга қайишармикан?
– Қайишади!
– Кошки. Агар гапингиз рост бўлса, бизнинг чорвачилигу сизнинг боғдорчиликни қўшиб, кўптармоқли бир янгича тизим яратса бўлур эди. Хорижликлар буни…”кластер” дейишаракан.
– Ичимдагини айтяпсиз, ниятим шундай бир боғ бўлса, унда ер юзининг ҳамма меваси бўлса, ёнида шу меваларни қайта ишловчи замонавий заводи бўлса, нарироқда анвойи сабзавотлар етиштириладиган бепоён далалар бўлса, ундан нарироқда гўшт-сут, ёғ чиқарадиган чорвачилик фермаси бўлса…
– Яхши ният – ярим давлат демишлар, айтганингиз келсин.
– Худо ҳоҳласа, ўзингиз бош бўласиз ҳаммасига.
– Ҳай билмадим-да… Майли, энди назария сўқишни йиғиштириб, амалий ишга киришмоқ керак. Чекинмайсизми?
– Агар сиз ёнимда бўлсангиз, биргаликда ҳаққоний, қонуний кураш олиб борсак, чекинадиган аҳмоқ йўқ!
– Мана бу бошқа гап. Агар шунақа бўлса, камина ҳам… охирги кучларимни тўплаб, майдонга тушганим бўлсин.
– Бу гал йиқилмассиз?
– Йиқилсак ер кўтаради…
Нурқобил довдирнинг қўрасидан қош қорайганда қайтди. Туни билан шийпончада чироқ ўчмади. Аввал Суҳробга биринчи мактубининг радди-жаддига ишорат қилиб ёзган, югур-югурлар туфайли тугамай қолган иккинчи хатини чўнтагидан олди. Охирги саҳифаси яримлаган экан. Ўшанинг давомига бир неча сўз ёзди. “Яхшиям одамда умид бор. Энг оғир дақиқаларда ҳам эртанги кун бугунгисидан яхши бўлажагига ишонасан, умид қиласан. Ана шу умид мени сақлаб қолди… Энди мен яна ўжарлик билан, ҳаётдаги машаққатларни енгиб, қабиҳ кимсаларнинг қасдма-қасдига яшайман. Курашиб яшайман!”
Кейин Маъсумага хат ёзди. Кайфияти яхши эди. Шу боис, назарида мактуб ёмон чиқмади. “Ўлдим-куйдим” демади. Боя Ҳаким чўпон айтган гапларни ўзича ифодалади: “Ўртамизда ишқ-муҳаббат бўлмаса ҳам… бир-бирига кераги бор икки инсон сифатида бирга яшасак, нима дейсиз”, деди. “Агар меники каби одми ва машаққатли, бироқ тоза ҳаво, тоза сув ва тупроқли қадрдон маъво бағрида, тоза туйғуларга ошно турмуш сизни ҳам қаноатлантирса, оддий бир қишлоқ аёли каби ҳаёт кечиришга рози бўлсангиз келинг, турмуш қурайлик”, деди. Ўчирди, ёзди, қайтадан ёзди. Хуллас, гапнинг лўндасини айтди, дардини тўкиб солди. Тонгга яқин мактубини тугатиб, бир озгина мизғиди. Уйқуга кетар чоғи ушбу ғалати “муҳаббатнома”ни эгасига қандай етказиш ҳақида ўйлади, “жуда бўлмаса шаҳарга тушганимда ўзим элтиб топшириб келарман”, деган қарор қабул қилиб сокин хоб оғушига чўмди. Ўрнидан турганида офтоб чарақлаб кетганди. Юз-қўлини ювди. Артинди. Енгил нонушта қилди. Сой бўйлаб юқорига юриб кетди. Кам ухлаган бўлса ҳам тани қушдек енгил, кайфияти чоғ эди. Адирларни гиламдек қоплаган зумрад майсазорларга мафтун боқар экан, кунгай томонга майизбоп қора узум экилса нақадар мазали ва бозоргир бўлажаги ҳақида хаёл сурди.
7
Энди воқеамиз бошида бир неча бор тилга олиниб, кейин бироз фаромуш этилган, ўзига хос тийнатли яна бир сиймо ёнига йўл олайлик. Зеро Антон Чехов, деган бир ҳазрати адиб: “Воқеа бошида саҳнага бир милтиқ осилган бўлса, мавриди келганда у албатта отилмоғи жоиз”, деган эканлар. Инчунин, бизнинг исми жисмига монанд қаҳрамонимиз Қилич Заҳҳорий жанобларининг ҳам “отиладиган”, аниқроғи, қиндан суғурилиб, айни керакли жойни кесадиган пайти етганга ўхшайди. Алқисса…
Орзуидаги жоҳу рифъатга ноил бўлиш имкони боз туғилгани, яъни директорлик курсиси бўшаётгани ҳақидаги хабар Қиличбой Заҳҳоровга етиб келган кунларда у шаҳарда хусусийлаштириш бошқармаси остонасини сийқа қилиб, бўлимига қарашли бўрдоқичилик фермасини ижарага олиш ташвишида югуриб юрганди. Ферма масаласини деярли ҳал қилиб, уйга қайтиб келаётганда йўлда шу гап бўлди. “Шамсиев ариза берибди. Чўкаётган кемани бошқаришни истамабди, – деди унга баногоҳ тўқнаш келган мактабда адабиётдан дарс берувчи муаллим ошнаси. – Холбуки, дарға кемани энг охирида тарк этиши лозим.” Заҳҳоров кайфи тароқ муаллимдан бу хабарнинг аниқ-ноаниқлигини яна бир карра сўраб, тасдиқлатиб олгач бетўхтов уйига шошилди. Хотинига зиғир ёғли ош буюриб, бир ўзи бир шиша “зормонда”ни майдалаб, ширин хаёллар тўлқинида сузди. Суза-суза завқланиб кетди, кал бошидаги андижонча чуқур дўппини шартта ечиб осмонга отди. Тўққиз болорли, чиройли вассажуфт қилинган шифтга тегиб, ердаги бўйи саккиз, эни бешлик, оғирлиги беш юз килоча келадиган сода қўй жунидан тўқилган жулқурс гилам устига тушган тақянинг қалампирнусха гулига “қарс” эткизиб уриб қоқди. “Бу гал йўлимга тўғаноқ бўладиган ҳар қандай касни аяб ўтирмайман”, дея қўлларини мушт қилди. Ҳатто… туғишган жигарим бўлсаям жигарини эритаман, деди. Тўғри-да, Қиличбой ҳам одам, бир умр орзу қилган мақсадига қачондир эришуви лозим-ку!..
Бир лаган ошни қўли билан, ҳар луқманинг катталигини кир совундай қилиб, ёғини билагигача оқизиб еди. Устидан икки чойнак тўқсон беш чой ичиб, кекириб-кекириб, яна шаҳарга йўл олди. “Регистон” мусофирхонасининг энг юқори қаватидаги “апартамент”, деб аталмиш уч хонали номерига жойлашди. Ресторанга тушиб кечлик қилди. Шунинг баробарида алоҳида бир столни уч кунга банд этди ва метрдотел, яъни базмхона мутаваллисига эртага эрталабдан шоҳона дастурхон тузаш бобида кўрсатма берди: “навбати билан бир неча гуруҳ мулозимларни чақириб зиёфат бераман, таомлар ҳам шоҳона бўлсин!” Кейин ширин хаёллар оғушида дам олгани ётди. Қават навбатчисининг ҳар галгидек бирорта маржани чақириб, “суҳбати жонон” этиш таклифини ҳам рад этди. Бу гал иш жиддий, деди. Чиндан ҳам шу сафар омади муқаррар келажагига унинг ишончи комил эди. Зеро хусусийлаштириш бошқармаси даҳлизида юриш асносида пул билан ҳар қандай масалани ҳал этса бўладиган даврлар келганига астойдил ишонч ҳосил қилган ва бундан чексиз масрур эди. У билади, директорликни ҳам худди кечаги ферма сингари хамирдан қил суғургандек сотиб олиш мумкин. Ҳайтовур саксонинчи йиллар ўртасида бошланган “муқобил сайловлар, ошкоралик, демократия” деган ўйинларга аллақачон чек қўйилиб, яна эски тосу эски ҳаммом – қаттиққўл бошқарув тизими жорий этила бошланган. Энди тумандаги хўжалик директорлари яна ҳокимлик тавсиясига кўра чорвачилик бош бошқармаси бошлиғи томонидан тайинланадиган бўлди. Заҳҳоровнинг бошқармада одами бор. Эртага биринчи навбатда уни чақиради. Қанча олса ҳам майли, ишни ҳал қилсин. Туманнинг янги ҳокими сал анавинақароқ эмиш. Ҳеч қиси йўқ, томоғи тешик-ку, унга луқма тиқиш, тиқувчининг маҳоратига боғлиқ. Заҳҳоровнинг фалсафасига кўра: олмайдиган амалдор йўқ, беролмайдиган ношуд талабгор бор холос. Вилоят ҳокимлигида оддий ходим бўлиб хонама-хона қоғоз ташиш жонига теккан Шоқувват оғаси рақобатга киришиб, “кимошди” қилиб юбормаса бўлгани. Уларда сармоя кўп, тиллоси бор, уларга бас келиш қийин. Лекин бу гал… Қиличбой юз-хотир қилиб ўтирмайди. Етса моли, етмаса… бошқа йўл билан бўлса ҳам “солим”ни албатта қўлга киритади. Бўлди-да, шунча мутелик билан хизмат қилгани. У зоти кироми бўлса, нуқул қуруқ ваъдадан нарига ўтмайди. “Шамсиев вақтинчалик одам, бир-икки ой ишлатиб, жойига ўзингни қўяман”, деганди. Кейин билса, яна ўша хотинчалиш пиёниста укасини тиқиштирмоқчи бўлган экан. Ҳар тугул Шамсиевни бўшатолмай ўзи бўшаб кетиб қолди. Энди-ку укасини яқинлаштиролмас, дасти калтароқ, бироқ ўзи талабгор бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Нима бўлгандаям отни тезроқ қамчилаш зарур…
Бошқармадаги таниши ресторандаги тўкин зиёфат ва чўнтагига чаққонлик билан тиқилган бир почка “кўк” қоғоз бағишлаган завқу шавқ ичра унга айни кунларда директор бўлишнинг бебаҳо аҳамияти тўғрисида лўнда тушунча берди: “Тугатиш комиссиясига ўзингиз раҳбар бўласиз, кимга нимани қанчадан сотишни ёки текин беришни ўзингиз ҳал қиласиз, барча ҳуқуқ қўлингизда бўлади. Ҳоҳласангиз… ҳудуди салкам бир туманча келадиган улкан хўжаликни якка ўзингиз хусусийлаштириб олинг агар қурбингиз етса.” “Қурбингиз”, деганда бу қувноқ йигит, шубҳасиз, червонни назарда тутди. Заҳҳоров аввал унинг елкасига, сўнгра ўзининг чап кўкрагига қоқди: “ғам еманг, қурбимиз етади!” “Ҳа, айтганча, туман ҳокими собиқ директор Бўтаевни тавсия этмоқчи экан, у рад қилибди, – деди мулозим ўта муҳим сирни айтаётганини таъкидлаш учун сархил коняк ҳиди анқиётган оғзини кўсанинг тешиги сержун қулоғига теккизгудай яқинлаштириб. – Бу яхши. Бироқ…” “Вой дуррак, – деди Заҳҳоров астойдил тажжубланиб, отказ қилибдими? Ғирт аҳмоқ экан-у!” “Ҳа, рад этган, “Менга амалдорликдан кўра фермерлик афзал”, деган. Бироқ… бошқа кучли даъвогар бор: вилоят ҳокимлигининг бизни назорат этувчи бўлими Шоқувват Ўташев номзодини тавсия этяпти. У жаноб маҳаллий шароитни яхши билармиш.” “Буни… айтмасанг ҳам биламан, ука, унинг муаммосини ўзим ҳал этаман, ғамини ема, бошқа даъвогар йўқми?” “Йўқ.” “Унда ҳаракатингни қиловур, мен харажатидан қочмайман…”
Кечга яқин уч-тўрт қоғоз халта тўла бозорлик қилиб, Ўташевнинг Барқут бозор мавзеида жойлашган, ҳокимиятга қарашли кўп қаватли муҳташам беш қаватли иморатдаги беш хонали квартирасига кириб борди. Обдон суҳбатлашди. Икковлон яримта шотландча вискини бўшатишди. Ўзича, дунёдаги жамийки неъматларнинг баррасини еб ўрганган Ўташевнинг хунук ва ориқ бўлсаям, ҳарқалай ёш, деб олинган янги ойимчаси нўноқлик ила чала-ярим пишириб келган илик қовурдоқни бўрилар сингари икки панжалаб тортиб-тортиб, ғажиб-ғажиб, мужиб-мужиб, ейишди. Кейин чой ичиб, мақсадга кўчишди. Кўса ўзини гўлликка солиб, кўпроқ уй эгасини гапиртирди:
– Совхозимиз яқин кунларда тугатилиб, мулки хусусийлаштириларкан, – деди Ўташев унга ер остидан синовчан тикилиб, – шунга… вилоятдагилар менга: “сиз тажрибали одамсиз, у ердаги шарт-шароитни яхши биласиз, ўзингиз бориб, расамади билан тақсимласангиз”, деб илтимос қилишган, мен йўқ, деб турибман, агар… бир ой бўлсаям курсига ўтирай, кетим роҳатлансин, десангиз, сизни қўйдирамиз. Агар “Бир-икки ойга қолмай тугатиладиган бўлса, менга керакмас, ўзингиз бош бўлинг-у, мулкларнинг энг сарасини биргалашиб хусусийлаштириб олайлик” десангиз, ўйлаб кўришим мумкин.
– Ака, сиз шу ерда – юқорида туриб, бошқариб, йўл кўрсатиб туринг, қишлоқда шимингизни чангу лойга ботириб нима қиласиз, менда анча-мунча тажриба бор, совхоз мулкларининг ёғу қаймоғини сизга, Бойқувват жўрамга, бошқа қариндошларингизга сидириб олиб бериб, ўзим қолган айронигаям қаноат қиловураман. Агар… маъқул, десангиз-да, эмасам майли, ўзингизми, укангизми, бўлсаларинг ҳам, зоримиз бору зўримиз йўқ.
Ўташев кулимсираб бош чайқади:
– Унақа деманг. Сиз ҳеч қачон, ҳеч нарсага зор бўлиб қолмайсиз. Директорлик сиздан айлансин. Сиз билан бир кунлик эмасмиз-ку. Мен сиз учун ўша лавозимдан воз кечишга тайёрман.
– Туман ҳокимини кўндирсангиз бас. Тошкентдан буйруқ чиқариб келиш ўзимга тан.
– Туман ҳокими кўнмай нима ҳам дерди вилоятдан айтилгач.
Бу ваъдадан Заҳҳоровнинг гўёки боши осмонга етди. “Ашаддий рақибим бўлсаям майли, бераман, боши кўзимдан садақа, деб опкелган тилла тақинчоқлар солинган, оғирлиги ярим килоча чиқадиган кичкина тугунчакни узатди:
– Кенжагул кеннойимга арзимас туҳфа, чин қалбимдан.
– Ие, оббо, шартмасди-ку, оввора бўпсиз-да, Қиличбой, ҳа майли, чин қалбдан бўлса…
Ўташев тугунчакни қўлига олиб салмоғини чамалаш баробарида ўйланди: “Тилимни қисиқ қилмоқчи бўляпти, совхознинг тузукроқ мулкларидан арзон ёки текин бериб ҳисоб-китоб қиламиз-да”, деган фикрни ўтказди. Айни пайтда кўсанинг “зоримиз бор, зўримиз йўқ”, деган гапи унинг кечадан бери кўнглида айланаётган хавотирини бироз аритди. “Мен тайинлансам бошда бироз ғингшийди-ю, “ёғли” мулклар билан нафсини қондирганимдан кейин тинчийди”, дея ўзини ҳам тинчитди. Зўр келса, тугунчани худди Шокиралиев сингари қайтариб беради. Туман ҳокимлигидан бўшаш арафасида ўша нашаванд прокурор “вилоят ҳокимига биринчи ўринбосар қиламан”, деб бундан ҳам каттароқ бир бўғчани олган, эплолмагач, Ўташевнинг бир неча бор ошкора таҳдидидан сўнг сўлжайиб, истар–истамас қайтариб берганди. Бироқ…
Кўса бамисоли унинг фикрини ҳарфма-ҳарф ўқир, ичида: “Токи сен энағар тирик экансан, менга кун йўқ, мен ўсолмайман, шунинг учун… йўғинга куйганим бўлсин”, деган қатъий қарорни узлуксиз такрорлар ва тузган режасини амалга ошириш, мўлжаллаб келган қилғулигини қилиш учун пайт пойлар, қимматбаҳо немисча костюмининг чап енгидаги хуфя чўнтакчага моҳирона жойланган жимитдай рангсиз, ҳидсизу таъмсиз ҳабдорилардан бирини Ўташевнинг виски нўш этаётган қадаҳигами, шарбат сипқораётган фужеригами, чой ичаётган булғори пиёласигами ташлаб юбориш учун зўр бериб пайт пойларди. Ниҳоят, пайт келди. Ўташев тугунчакни ишончли жойга яшириб келиш учун хонадан чиқди. Кўса яшин тезлигида ҳаракатга тушди. Енгидаги ҳапдорилар уч дона эди. Суиқасд етарли даражада ишончли бўлиши учун барчасини олиб, бирини шароб билан лиммо-лим қадаҳга, иккинчисини ярим тўла фужерга ва учинчисини бўш пиёла ичига ташлади. “Малҳам” таблеткаларнинг бари кўз очиб юмгунча сезиларсиз эриб кетди. Кўса ўша заҳоти ўрнидан туриб, ўзини жавондаги чиройли ажнабийча чинниворлар тўпламини томоша қилаётганга солди. Ўташев қайтиб кирган лаҳзада девордаги гиламга осиғлик қадимий Исфаҳон шамшири ва Американинг “Винчестер” маркали милтиғини кўздан кечириб турарди. Бахтини қарангки, Ўташевнинг ўзидан:
– Қани, Қиличбой, мўлжаллаган ниятимиз амалга ошиши учун битта олайлик! – деган таклиф тушди.
– Майли ака, Сизнинг амрингиз биз учун вожиб, – деди одатига кўра сомелик ила бош эгиб кўса. Шунда Ўташев кўсанинг етти ухлаб хаёлига келмаган бир иш қилди. “Малҳам” солинган қадаҳ, шарбатли фужер ва бўш пиёлани чаққонлик билан касофат ошнасининг олдига суриб, уникини ўз қўлига олди.
– Идишларимизни… алмаштириб нўш қилайлик. Европадаги қайси бир халқда шунақа одат бор экан, худди немислару ўрислар қадаҳли қўлларини пайванд этиб, “брудершафт” қилиб ичганлари ва газагига бир-бирлариниг лабларини сўришгани сингари. Буям… бир гап-да. Нима дедингиз?
Кўса бақа бўлиб қолди. Юраги ёрилгудай қўрқди. Сездимикан? Ё чиндан ҳам шунақа одат борми? Ёки… идишларни эҳтиёткорлик юзасидан алмаштириб, одат ҳақидаги гапни атай тўқидими? Нима бўлгандаям ҳозир вазиятдан чиқиш керак. Лекин қандай қилиб?
Мияси яшин тезлигида ишлай бошлади. Нима қилиқ қилсинки, ишончли чиқсин, шубҳа уйғотмасин.
– Яхши одат экан, – деди у “малҳам”ли қадаҳни гўёки ҳеч нарса билмагандай дадил қўлга олиб, қани ака, аввал ўзлиридан бўлсин, ҳурматингиз бор.
Ўташев кўсанинг лаби теккан қадаҳни ички ижирғаниш ила оғзига яқинлаштирди ва ярим қултум ютиб, стол устига қўйди. Кўса айнан шу ҳолатдан усталик билан фойдаланди.
– Э-э, Шоқувват ака, шуям ичишми, охиригача олинг-да, – дея ўз қадаҳини қўлдан қўймаган ҳолда иккинчи қўли билан Ўташевникини столдан олиб, унга қайта узатди ва шунинг баробарида гўёки эҳтиётсизлик қилиб, нохосдан ўзиникини қўлидан тушириб юборди.
– Оббо-о, – дея ёнбошлаб ётган қадаҳни гўёки эпчиллик билан тутмоқчи бўлди-ю, “шарбат”ли фужерни бўш пиёла устига ағдарворди. Шарбатнинг бир қисми оппоқ дастурхонни алвон рангга бўяб, озроғи кўсанинг тиззасига тўкилди. Бу манзарани заҳарли илжайиш билан кузатиб турган хонадон соҳиби, шубҳаси бежиз эмаслигига ишонч ҳосил қилиб, ичида чексиз ғазабга минди, қўйиб берса, бу ярамас, нонтепкини шу топда пешонасидан отгудек, анови олма арчилаётган пичоқ билан меш қорнини ёриб, ичак-чавоғини ағдариб ташлагудек бўлди. Бироқ қаҳрини юзага чиқармади. Ясама илжайиш билан шум ниятли офатқадам меҳмонини беозор койиган бўлди:
– Майли-майли, ҳижолат бўлманг, Қиличбой, аммо-лекин кўзга қараш керак-да, шундай қимматбаҳо иштонда… қонли, э узр, шарбатли доғ қолдирдингиз.
Шундай дейиш баробарида эсига кўҳна бир латифа тушиб қолди ва аччиқ истеҳзо билан аския қилди: – Шарбат ичадиган одам… иштонни ечиб қўяди-да, оғайни!
Кўса аввалги киноя-ю кейинги аскияни ўзича гўллик билан қабул қилиб, қаҳ-қаҳ уриб кулди:
– Узр, Шоқувват ака, сал кайф ошди шекилли. Ўзиям… анча олдик-да. Менимча… етарли бўлди-ёв.
– Шунақами, эмасам энди би-ир попирис чакамиз, – деди Ўташев ва ойнаванд жавон ёнидаги ғаладондан кўсага таниш “Герцоговина Флор” папиросига тўла, соф тилладан ясалган тамакидон, аниқроғи қимматбаҳо швейцарча портсигар ва худди шу фирма маҳсули бўлмиш олтин ёндиргич олди. Олтин қути ичидан “ўқлаб” тайёр қилиб қўйилган папирослардан иккитасини чиқариб, бирини узатди:
– Қани, марҳамат!
– Менга узр, биласиз-ку, аввал ҳам айтганман, мижозимга тўғри келмайди, ўзингиз бемалол тутатаверинг, – деди кўса.
– Шунақами, эмасам чойдан ичинг, – деди Ўташев чарм оромкурсига ястаниб, папиросни ўт олдираркан.
– Рухсат берсангиз, энди мен борай, – чайналди кўса. – Вақт ҳам алламаҳал бўп қолди.
– Ётиб қолаверинг, хона кўп, жой бемалол.
– Янаги сафар, Шоқуват ака, қани бир… партиявий дуо беринг ака.
– Майли, илоҳи омин, олайлигу олдирмайлик, солайлигу солдирмайлик, насибамизни иштонимизга тўкиб юрмайлик!…
Кўса ҳижолатпазлик ила кула-кула чиқиб кетгач, Ўташев навжувон бекасини чақириб ғалати топшириқ берди:
– Мана бу ноз-неъматлар, шишалару қадаҳлар, ҳамма-ҳаммасини булғанган дастурхонга ўраб, кўчадаги ахлат қутисига чиқариб ташланг. Дарвоқе, халтачалардаги бозорликни бўшатганингиз йўқми?
– Йўқ, ҳали улгурмадим, – деди узрхоҳ оҳангда ўттиз ёш остонасидаги ранги қораширғай, қомати тўлароқ, юзи бамисоли ойтавоқ хоним.
– Уларниям очмасдан… чиқариб ташланг.
Кейин бу буйруққа тушунмай оғзи очилиб турган хонимга қараб кўзини қисди:
– Менинг бир чўпон бўлам: “Молнинг феъли эгасига маълум”, деган мақолни кўп айтади. Бу одам ўзимизники-ю барибир эҳтиёт бўлишимиз лозим. Чунки… мансабпарасатлик оқибатида сал ҳалигидақанги бўлиб қолган, замонавий қилиб айтганда, томи кетган. Ҳазиллашиб, олма-анорнинг ичига маргимуш жойлаб келишдан ҳам тоймайди.
– Вой, йўғе-е, ўзимизники, деяпсиз-у…
– Ўзингники ўзагингни кесар, дерлар. Ҳозир… ўзингникигаям ишониб бўлмайдиган замон.
Таажжуб ва таассуфдан қийиқ кўзлари катталашиб, дум-думалоқ бўлиб, торгина пешонаси сари тиралган хоним дастурхонни шоша-пиша йиғиштирди ва “заҳарли” бозорликдан тезроқ халос бўлиш учун ҳовлиққан кўйи ошхонага отилди. Ўташев эса ўз зукколиги ва эҳтиёткорлигидан ўзи ғурурланиб, бояги олтин портсигар ичидаги папиросларнинг яна бирини олиб, лабига қўндирди. Олтин зажигалкани “қирс”, эткизиб, унинг игнанинг кўзидек кичкина тешигидан чиққан кўкиш оловни папирос учига тутди. Ҳузур қилиб сўрди, оғзи, бўғзи, ўпкасини аччиқ тутун билан тўлдирди. Сўнгра ором курси узра ястаниб, тугатилаётган совхознинг беҳисоб мулкларини тасарруф этиш натижасида бойлигига бойлик қўшиш, шунинг баробарида келаси йил кўклам Олий Кенгашга бўладиган сайловларга номзодини қўйиб, депутат бўлиш, бирон йил Тошкентда ўтириш асносида керакли одамлар билан тил топишиб, вилоят ҳокимлигини, жилла қурса унинг биринчи муовини лавозимини қўлга киритиш хусусида ширин хаёллар сурди. “Ҳокимият, бошқалар устидан ҳукмронлик ҳис-туйғуси берадиган лаззат олдида мана бунақа кайфлар, умуман бу ҳаёти дунёдаги жамийки ҳузур-ҳаловатлар, сурур-саодатлар ип ҳам эшолмайди, шунинг учун Қилич кўса сингарилар унинг кўйида туққан онасини сотишга, отасини ўлдиришга ҳам тайёр”, – дея пичирлади банг тутуни юқидан тахир дўрдоқ лабларини илинжли тамшаниш ила юлқаб.