Читать книгу "Қуёш ботаётган пайт"
Автор книги: Хабиб Темиров
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
18
Ярим тунда Тўхтарбой келди. Довдир одатига кўра бедор эди. Онасининг қистовига кўра серёғ қатиқ ва нон-чой билан енгил тамадди қилаётган ўғлига ҳар галги ярим ҳазил, ярим жиддий саволини берди.
– Жаҳон айвонида нима гаплар?
– Гап кўп. Аммо сиз учун муҳим аҳамиятга эга иккита янгилик бор, – деди Тўхтарбой онаси узатган олма қоқи қўшиб дамланган чойдан шошилмасдан ҳўплар экан. – Биттаси хайрли, иккинчиси нохуш. Қайси бирини аввал айтай?
– Яхшисини айт, болам, отангнинг юраги қурмағур шусиз ҳам кил-киллаб турибди, – деди онаси.
– Нохушидан бошлайвер, – деди қўлини силтаб Довдир. – Бу юрак қашқатаёқ бўлиб кетган. Парво қилма.
– Эшпўлат акам… қотилликка ёлланиб, Россияда бир неча кишини отган ва хорижга қочган экан. Кеча Испанияда қўлга олинибди. Интернетда хабарини ўқидим.
– Ё фалаксан! – ёқасини ушлади Довдир. – Бошқа бировдир. Адашаётганинг йўқми?
– Расмини ҳам кўрдим. Худди ўзи. Соқол қўйган, биттасида қора кўзойнак таққан, иккинчисида ойнаксиз.
– Ҳаҳ, ярамас-а! “Қайтиб қўлимга милтиқ олмайман, афғонда отган одамларимнинг руҳи икки дунёда тинч қўймайди” деган эди-я! Барибир яна олибди-да…
– Энди уни… камида умрбод қамоққа ҳукм қилишади. Ҳар тугул Россияда ўлим жазоси бекор қилинган.
– Бекор қилингани… бекор бўлган экан, – кўксини чангаллаб деди Довдир. – Отилса, осон қутиларди. Энди умрининг охиригача ит азобини кўради.
– Тезроқ яхши хабарингни айт, Тўхтаржон, – зориллади она. –Ҳеч эсинг кирмади-да сенинг. Қаёқдаги гапларни топиб келасан.
– Унақа дема Мусаллам. Эшпўлат ҳақидаги хабарни менга айтмаса, кимга айтади. Аммо-лекин ҳозирча оиласига билдирмай турамиз. Бирор ойлардан сўнг ётиғи билан ўзим тушунтираман. Майли, энди яхши хабарингни айта қол. Нима бўлди, ҳўкиз туғдими?
– Мени… ёшлар газетасига бош муҳаррир ўринбосарлигига тайинлашди.
– Ҳа-а, шунақа де, яхши, яхши. Энди эмасам, тўй тадоригини бошлайлик. Кўз остига босганинг борми? Ё онанг қишлоқдан, онаси ўпмаганидан топсимми?
– Яна бир йил шошманг, ота. Ақалли бир хонали бўлсаям уй олволай. Ишхонадан хат олиб, банкка ариза топширганман, кредит ажратишади. Эҳтимол, бир қисмини тўйга харж қилармиз.
– Кредит олиб, бўйнингдаги қарзингни узолмай сарсон бўлиб қолмайсанми, болам, – оғринди она.
– Қўявер, қарз қутилади, хотин билан уй ёнга қолади, – деди ота. – Ишқилиб, тезроқ ҳал қил. Баҳор ўртасигача тўйни ўтказайлик. Улгурасанми?
– Улгураман.
– Мана бу бошқа гап. Ана энди ётамиз.
Шу оқшом Довдир бир неча ойлардан буён илк бор хуш кайфият ичра сокин ва узоқ ухлади. Бироқ тонгда туриб, яна бир мудҳиш хабар эшитди:
– Гулсара хола бандалик қилибди, – деган хабар олиб кирди субҳи козибда бадантарбия қилгани чиқиб кетган ўғли. Бу мужданинг дадасига нақадар оғир зарба бўлишини у билмас эди ахир. Шўрлик довдир кўзидан шашқатор ёш оқиб, инграб юборди. Лаблари титраб, беихтиёр бир пайтлар отасидан эшитган мунгли қўшиқ сатрларини пичирлади: “отам кетди, онам кетди, энди навбат менга етди.”
Мусалламнинг ҳай-ҳайлашига қарамай, поча-пўстинини кийиб, жанозахонага отланди. Майитни кўтаргунларича кўзидан милт-милт селоб сизиб, жимгина ўтирди. Қабристонга боришга ҳоли етмади. Ўғли қўлтиғидан тутиб, уйга олиб келди. Кирасолиб, ўринга чўзилди. Кампири дарҳол дориларини ичирди. Сал ўзига келиб, дўхтирнинг: “руҳингиз тушган пайтлар қувончли воқеаларни, ёқимли сўзларни эслашга ҳаракат қилинг”, деган маслаҳати ёдига тушди. Кейинги пайтларда ўзини энг севинтирган воқеани кўз олдига келтиришга уринди.
“Отажон, узоқ ўйлаб кўрдим, Сизнинг истагингиз менинг наинки орзу-умидларим, балким ҳаётимдан устунроқ экан, – деди маъюс кунларнинг бирида ногоҳоний келган ўжар қиз. – Тошбўри Милтиқбоевичга тегишга розиман.” “Она қизим, мен ҳам узоқ мулоҳаза юритдим. Сени энди мажбурламайман. Суймаган одамингга тегиб бир умр азоблангандан кўра тоқ ўтишни афзал билсанг ҳам норози бўлмайман.
– Бизлар… бир-биримизни ҳурмат қилиб яшашга келишдик. Психологнинг айтишича, бундай оилалар муҳаббат асосида қурилганларидан ҳам мустаҳкамроқ бўлар эмиш.
– Психолог ҳақ гапни айтибди қизим. Мен бунга юз фоиз қўшиламан. Ўртада фарзандлар туғилгач, ораларингдаги ҳурмат ўн чандон ортади. Меҳрга, чинакам аҳду вафога айланади…
Аввал Чашмизиракда мўъжазгина тўйча, кейин шаҳарда, Милтиқбой домла ишлайдиган институт қаҳвахонасининг иккинчи қаватидаги шинамгина базмгоҳда серфайз ва серзавқ никоҳ оқшоми бўлди. Ўртани Суҳроб олиб борди, Нурқобил қамишдан бел боғлаб хизмат қилди. Маъсумага таклифномани Тошбўрининг шахсан ўзи олиб борган экан. Бироқ… у астойдил шоду-хуррамлик билан қутлаш баробарида узр сўрабди: “кейинроқ алоҳида бориб, яна бир бор табриклайман” дебди. Нафсиламбирини айтганда, Нурқобил бундан хурсанд бўлди, зеро Маъсумага ночору нотавон аҳволда кўринишни сира-сира истамасди. “То унинг кўзига тик қарай оладиган бўлмагунимча қорамни кўрсатмаганим маъқул”, деб ўйларди у. Агар Худо ёрлақаб ишлари ўнглана бошламаганида Ҳаким оғасининг чўлиқлари ортидан Россиягами, Қозоғистонгами кетворарди. Ҳар тугул ҳаммаси яхши бўладиганга ўхшайди. Довдир тўй ўтгач уни ёнига ўтқазиб, насиҳат қилди: “ёмон кўрсанг ҳам шу мунис-муштипарга уйлан ука”, деди. Нурқобил ваъда бермади. Бироқ хайриятки қатъий “йўқ” ҳам демади. Агар анови Эшпўлат эшшак боягидай қилмаганида… довдирнинг бу ҳаётда армони қолмаган ва… оёғини тинчгина узатаверса бўларди. Лекин начора, кемтиксиз бўлмас экан бу дунёнинг ишлари. Эҳ, Эшпўлат, энангни эмгур Эшпўлат-а, умрида бир марта ҳам сўкинмаган одамни беномоз қилдинг-а! Энди болаларингнинг кўзига қандай қарайман. Қандай яшайман, “Ҳаким довдирнинг чўлиғи одамкуш чиқди”, деган носоққа қандай чидайман? ”
Шу тариқа довдир кечгача ўзини тинчлантиришга уриниб, у ёнбошидан бу ёнбошига ағдарилиб, бот-бот “оҳ” тортиб ётди. Кечки овқатда чимхўрлик билан тотинган киши бўлиб, яна тўшакка чўзилди. Кампирига ачиниш билан қаради: “шунгаям юк бўлдим”, бечора ўзи дардчилу мени ўйлайди, агар… боламни уйлантирган бўлганимда-ку, бу уқубатда қачонлар халос этиб… Мусалламнинг ортидан чин дунёга рихлат этардим. Шундай дейман-у, одамнинг сира ўлгиси келмас экан…”
Шундан кейин яна салкам икки ой ўтди.
Ҳаким довдир “кишининг вақт-соати етгани ўзига аён бўлади”, деган гапни отасидан кўп эшитган бўлса-да, бироқ ишонишни истамай юрар эди. Шу бугун, Гулсаранинг қирқига бориб келган Муссалламбонудан: “Шоқувват Ўташев ҳам бандаликни бажо келтирибди”, деган хабарни эшитган лаҳзасида миясидан ялт, этиб, “сенинг ҳам фуржанг яқинлашиб қолди оғайни”, деганга ўхшаш бир фикр ўтиб кетганини пайқади ва қўрқди. Ўлимдан эмас, ўғлининг тўйини кўролмай кетишдан ваҳимага тушди. Яратгандан ажалига сабр сўради. Яна истиғфор этдики, Ўзи билгувчидир. Кампирига эшиттириб: “Оғзингдан ел учирсин, ҳали биз кўп яшаймиз, ахир қиладиган ишларимиз кўп, ахир ўғлимизнинг тўйини ўтказишимиз, Эшпўлатнинг сағирларини катта қилишимиз керак”, деди-ю, ичида “янаям ким билсин”, деб қўйди. Кейин ёстиқдош ҳамсарига имкон қадар босиқлик, хотиржамлик билан: “мутавалли бону, бунақа гапларни айтишнинг айби йўқ, агар мен нохосдан ўлиб қолсам, бирданига дод солиб ҳаммани қўрқитманг, хабаримни аввал Очилбойга, секингина шивирлаб айтинг, ўғлимизга у билдирсин”, деди. Йиғламсираб: “Унақа ёмон ният қилманг”, деган Мусалламбонуни овутишга анча вақти кетди. Кейин ўзини тинчлантиришга тутинди. Дори ичди, китоб ўқиди. Бироқ юраги безовта эди. Худди тепасида уйга адашиб кириб қолган жажжигина, оппоққина бир қуш чарх уриб айланаётгандек, чиқиб кетиш йўлини билмай қийналаётгандек туюларди. “Бу – белги, бу – аломат», деб ўйлади баногоҳ. Пировардида: “Э-э, шу қўтир дунёнинг нимасига бино қўяман”, дея ўзига ҳазил қилди ва бирданига сокин ва хушҳол бўлиб, уйқуси элтди.
Тонг бўзарган чоғи юраги оҳистагина уришдан тўхтади. Ёнбошида кейинги пайтлардаги одатига кўра, унинг чап қўлини ушлаб ётган Мусалламбону бармоқлари учи совий бошлаганини ҳис этиб, шошиб ўрнидан турди.
Сўнги боб
Пешинга яқин икки тоғ ораси бўйлаб қайдандир шошилиб келган илиқ шамол эсди. Боягина қаҳр сочиб турган ҳаво бирдан юмшади. Форам шаббода қора булутларни пахта саваган мисол титкилаб–титкилаб уфққа – тоғлар ортига ҳайдаб кетди. Кўкда қуёш порлади. Белга уриб ётган қор шиддат билан эрий бошлади. Майитнинг жанозасини ўқиш учун яқиндагина такрор очилган қадимий масжид сари элтишаётганда оёқ остидаги тош йўл батамом очилиб, чеккаларида музлар остида аллақачон бош чиқарган ям-яшил майсалар бўз тупроқдан кўтарилаётган майин ҳарорат эпкинида оҳиста тебраниб турарди.
Мўъжазгина видолашув маросимини Нурқобил олиб борди. Вилоят ҳокими Ҳожимурод Худойқуловдан сўнг Суҳроб, Усмон Шамсиев гапиришди. Охирроғида Яраш муаллим сўз сўради. У бир пайтлардаги махмуру мустағриқ чоғларидан кескин фарқли ўлароқ ораста ва бежирим либосу қиёфада келган: костюм-шими устидан жигарранг мовут чакмон кийган, бошида эгнига мос тусли сур телпак, оёғида отгўши тавр саҳтиён этик, афту-ангоридаги заҳилу заъфаронлик йўқолиб, ўрнини соғлом оқ-қирмизи нуронийлик эгаллаган.
– Қиш ўртасидаги бундай ҳаво раҳматлик Ҳакимбойнинг ҳаётини, феъли-атворини айнан акс эттиряпти, – деди у оппоқ чўққи соқолини тутамлаб. – Оддий чўпон, айни пайтда юксак дид-фаросатли бу зиёли инсоннинг умри сиртида хандон – хушон, мағзида элу-юрт дарду ҳасрати мужассам теран мазмунли бир достондек янграб ўтди. Ким эшитди дармонда, ким эшитмади армонда қолди…
Адабиёт муаллими анчайин адабий қилиб, лекин юракдан гапирди. Шу чоқ мўъжиза юз берса-ю, Ҳаким чўпон тирилиб ўрнидан турса, унга қилган нордон ҳазиллари учун астойдил узр сўраган бўларди.
Маросим тугаб, яқингинада узоқ муддатли саргардонлик сафаридан қайтган, гирдиғум қоматига андоқ ярашган оппоқ саллали қишлоқ мулласи қироат билан салоти жанозани бошлади:
– Аллоҳу акбар, аллоҳу акбар!…
Бутун воҳа теран сукунат қўйнига чўмди. Ҳатто саррин шаббода эсишдан тўхтади, қари бужун шохи узра қўниб аҳён-аҳёнда қағиллаб қўяётган қарға ҳам нафасини ичига ютди.
Марҳумни лаҳадга қўйиб, устига юмшоқ намчил тупроқ торта бошлаганларида эса мозористон юзаси деярли қуриб, зич ўтли чимзор ерга бемалол чордана қуриб ўтирса бўладига ҳолатга келди. Қуёш имкони қадар пастлаб, елкалару пешоналарни қиздирди. Дуойи фотиҳадан сўнг гур этиб оёққа қалққан издиҳом ичра:
– Абдуҳаким чўпон қандай одам эди? – деган ҳайқириқли савол янгради.
– Яхши одам эди, улуғ инсон эди, самимий киши эди, бағри кенг ва садоқатли дўст эди, мурувватли зот эди, – дейишди бирин-кетин бир неча киши бор овоз билан. Баланд-паст, мармарли, граниту габбро қимматбаҳо тошли беҳисоб марқадлар ичра оддий тупроқдан бўлса-да, алланечук ўжарлик ва мағрурлик билан қад кўтарган қадрдон қабрга сўнгги бор жимгина термулиб турган Нурқобил эса эшитилар-эшитилмас сас билан:
– У шахс эди, – дея пичирлади ва ўгирилиб, абадият масканини тарк этаётган халойиқ ортидан эргашди.
Суҳроб икковлари қишлоққа пиёда қайтишди. Йўл-йўлакай боғ ва отар учун олиб борилган машаққатли кураш, оғир қурбон эвазига қозонилган аламли ғалаба (Ҳаким чўпоннинг бевақт қазоси назарда тутилмоқда) ҳақида маъюс мулоқот қилиб келишди.
– Ҳар қалай Ҳаким ака ҳақиқат қарор топганини: отарлару боғлар қайтариб олингани, замонавий кластерга айлантирилганини кўриб, армонсиз кетди. Кўнгилга тасалли берадиган нарса – шу, – деди Суҳроб. – Энди сенинг ғайратинг билан бу ерда кенг тармоқли қудратли қайта ишлаш саноати шаклланса, унинг руҳи шод бўлади.
– Кластерни тузишга-ку туздик. Бироқ… Чўпон боласидан саноатчи чиқармикан? Қилмаган касбимиз.
– Чиқади, чиқади, – деди Суҳроб жиддий. – Ва сенинг бунга ишончинг комиллигиниям биламан. Акс ҳолда, бошидаёқ қўл урмасдинг.
– Баъзи бировларнинг қирқилган дарахт қайтиб ўсмайди, деганларига жавобан: ўсади, ўсганда ҳам бақувватроқ, тикроқ бўлиб ўсади, деб жавоб қайтарган эдим. Шуни исботламоқчи бўлдим.
– Яша, аслқиёфангни энди аниқ кўраяпман, – деди ҳазиллашиб Суҳроб. – Сенга ўхшаганлар қирққан жойидан иккита-учталаб бачки чиқараверади.
– Сенинг ҳам қиёфанг мукаммаллашаяпти, – деди Нурқобил, – Илгариги қуруқ назариётдан амалий гапларга ўтаяпсан.
– Амалий ишларга деяверсанг ҳам бўлади. Бир хушхабар олиб келдим. Тўхтарбой иккаламиз Ҳаким аканинг китобини нашрга тайёрладик. Қўлёзмани ўқиб кўрган шоирлар, ёзувчилар, танқидчиларга маъқул бўлди. Энди китобга яхши, бетакрор ном қўйиш керак. Токи у Ҳаким акага муносиб бир ёдгорлик бўлсин.
– Хўш, нима деб қўймоқчисан?
– Ҳали аниқ бир қарорга келганим йўқ. Бошда тахминий қилиб “Сизлар учун яшадим” деган ном танлагандим
– Нега энди айнан “Сизлар учун яшадим” бўлиши керак? Тушунтир-чи.
– Биласанми, шундай одамлар бўлади. Улар ўз ҳаётларининг маъносини кимгадир яхшилик қилиш, ҳатто кимгадир жон фидо қилиш, ҳаттоки бир умр бировлар учун яшашдан иборат деб биладилар. Бу хислат уларнинг қонида бўлади. Бундай одамлар жуда кам, жуда кам учрайди. Қизиғи шундаки, кутилмаганда учраб қолади. Худди сойда, тошлоқда ногоҳ топилган қуйма олтин сингари. Ҳаким ака менинг наздимда худди шунақа одамлардан эди. Худбин ва манфаатпарастларга тўлиб-тошган рўйи заминимизда бунақа одамлар, афсуски, у қадар кўп эмас. Шу боис улар оқ қарға каби ярашиқсиз, ёқимсиз кўринади, кўзга қадалади. Биз уларни масхара қиламиз, устларидан куламиз. Довдир, афанди, лақма деймиз. Холбуки, улар биз ўйлаганимизчалик лақма эмас. Бир гал Қилич кўса унга: “Сен қўй боқавериб, қўйга ўхшаб қолгансан, умрингнинг охиригача шу аҳволда ўтиб кетасан”, деганида ғалати жавоб қайтарганини эшитгандим: “Ҳа, мен қўйга ўхшайман ва… қачондир ҳайитда бир солиҳ банданинг қурбонлигига ярашни орзу қилиб яшайман, менинг сариқ серкам сингари лоақал бир кун бўйнига қўнғироқ тақиб, олдинда юришни истовчи шўрлик кимсалардан эмаслигимга минг бора шукр қиламан, аммо-лекин серка бўлиш учун ҳам лоақал Худо берган соқол бўлиши даркор.”
Хуллас, Ҳаким ака сингарилар кўпроқ бўлганида бу ҳаёт нурга, саодатга тўларди.
– Ҳаким ака тирик бўлсайди, бунақа ном қўйишга кўнмасди. У бировлар учун яшаётганини ҳеч қачон таъкидлаган, иддао этган эмас. У ўзини оддий, жайдари бир инсон деб биларди. Камчиликлариниям, заифликлариниям яширмасди.
– Тўғри, – деди Суҳроб чуқур нафас олиб. – Ҳаким аканинг камчиликлари, заиф томонларидан кўз юмиб бўлмайди. У курашчан эмасди. Ноҳақликни, ҳатто ёвузликни кўрганда ҳам киноя, нари борса заҳарханда қилиб қўя қоларди. Тўғрироғи, ноҳақликка қарши тили, сўзи билан курашмоқчи бўларди. Сўзлар эса нечоғлик янгроқ, нечоғлик аччиқ бўлмасин, ҳавога учиб кетади.
– Йўқ, жўра, бу гапинггга қўшилолмайман. Ҳаким акани курашчан эмасди, деган гапингга сира-сира қўшилмайман. У курашди. Бир умр курашди. Шунинг учун, ўзини аямагани учун бевақт ўтиб кетди дунёдан.
– Сен гапимга унча чуқур тушунмадинг. Мен унинг ҳаётдаги ноҳақликларга қарши очиқ, юзма-юз курашмаганини назарда тутгандим. Аслида бу фикрим тўғри эмас экан. Ўташевлар, Заҳҳоровлар қанчалик қудратли, илдизлари қанчалик мустаҳкам эди. Шунда ҳам очиқ курашдан кўра зимдан зарба беришни маъқул кўришарди. Ҳаким ака эса ўзи билан олишиб яшади. Ўз шиддати, ўз туйғулари, ўз юраги билан курашди. Биринчи муҳаббати – Гулсара аммага қайтиб ақалли кўз қирини ташламади. Севмаган аёлига, ҳалол хасмига – хотинига бир умр содиқ яшади. Болалигидан адабиётни, шеъриятни севса ҳам, истеъдоди борлигини билса ҳам чўпон бўлиб дашту-биёбонда яшади. Ўзини енгди. Юрагини мағлуб қилди. Бу тўғри. Лекин алам қилади одамга. Ахир, яхши одамлар қачонгача ўзи билан ўзи олишиб яшайди. Қачонгача ўзини енгиб, бевақт ўлиб кетаверади.
– Биласанми, Суҳроб, менимча, китобнинг номини “Қуёш ботаётган пайт” дейиш керак. Тўғрими? Ҳаким ака тирик бўлсайди, албатта шунақа ном танлаган бўларди. Чунки у юксак тоғлар этагида туриб, уфққа, ўз нурини сочишдан салгина ҳориб, эрта саҳар яна порламоқ учун секингина сирғалиб, ўз ётоғига эниб кетаётган қуёш ортидан жимгина тикилишни яхши кўрар эди. Менинг назаримда у ҳам ўз меҳр нурини соча-соча толиб, бир муддатгина кетгандек, худди эртага айни субҳидамда тоғлар ортидан мулойимгина жилмайиб, янгича бир мутойиба қилароқ чиқиб келадигандек туюлади. Эҳтимол бу муқоясам у қадар жўяли эмасдир. Лекин сен барибир обдон ўйлаб, мулоҳаза қилиб кўр, хўпми. Илтимос. Ҳар ҳолда китобнинг номи умидбахш бўлсин, дейман-да. Кейин… нуқул қайғу, нуқул ҳасрат, оҳ-воҳ, надоматдан гапиравериб, ёзавериб… эзилиб кетдик-ку, жўражон. Одам, ахир, эртанинг таманноси, келгусидаги яхши кунлар орзуси билан тирик-ку.
“Мана бу ҳақиқий Нурқобил” деди ўзича кулиб Суҳроб. “Унинг иродасига қойил.”
– Майли, сен айтгандай бўлақолсин. Маслаҳатлашиб, умидбахш бир ном топамиз. Сен ҳам ўйлаб юр. Ҳали яна бафуржа гаплашамиз. Мен йўл-йўлакай кирдим. Қоронғи тушмай Охчобсой сув омбори қурилишига етиб боришим керак. Ҳозир қурилиш зўр кетаяпти. Шу ҳақда туркум мақолалар ёзмоқчиман.
– Шаҳарга қачон қайтасан?
– Бир ҳафтадан кейин. Нимайди?
– Бир илтимосим бор… – Нурқобил бир зум ўйланиб қолди.
– Айтавер, қўлимдан келса…
Нурқобил чўнтагидан иккита хат чиқарди. Унинг бири ўзи ҳув ўша оқшом Суҳробга ёзган, тугамай қолган хат, иккинчиси шу кеча ёзилган мактуб эди.
– Мана бу хатни… Маъсумага бериб қўйсанг… Уни топа оласан. Ҳовлиларини биласан-ку. Мен уни уйғонгувчи боғларга чорладим. Келармикан?..
Суҳроб хатларни ҳаяжонли мамнуният ила чўнтагига солди.
– Албатта келади. Ахир у бу чорловни… адашмасам минг йилдан бери кутади-ю! Хуш қол!
– Яхши бор! Омадингни берсин!
Улар номозгар чоғи хайрлашдилар. Суҳроб ўтирган машина ботаётган қуёш ортидан пастга эниб борар, ўйчан назарида далалар, тоғлар бағри қип-қизил қонга бўялаётгандек кўринар, юраги орзиқар эди. Бундай лаҳзаларда киши маъюс бир аҳволга тушади. Аммо бир пасдан сўнг қуёш эртага яна чиқажаги, эртанги кун бундан ҳам ёруғ, бундан ҳам нурафшон бўлажаги ёдга тушади. Қалбида умид уйғонади. Бу умид дилдаги оғриқларни арита бошлайди. Не ажабки, эртага ёрқинроқ порламоқ учун бугун ботмоқ, эртага шоду бахтиёр қайтиб келмоқ учун бугун кетмоқ, шодлигу бахт топмоқ учун неларнидир йўқотмоқ, кимлардандир айро тушмоқ зарур бўларкан.
Нақадар донишманд бу телба ҳаёт.
Нақадар мукаммал бу номукаммал дунё!
Нақадар ширин бу аччиқ қисмат!
Хотима
Қаҳрамонларимнинг кейинги қисмати ўзим учун ҳам қизиқ бўлгани учун яқинда Гўзалкентга атай бориб келдим. Нурқобил Бўтаев бошқараётган кўп тармоқли кластер шиддат билан ривожланаётган экан. Чашмизирак ва унинг атрофидаги ўнлаб қишлоқлардан минга яқин одам унинг таркибидаги мевачилик, узумчилик, чорвачилик хўжаликларида, қайта ишлаш корхоналарида ишлашмоқда. Очилбой, Эшпўлатнинг аёлию икки боласи, Тожибойнинг хотинию бир ўғли ва бошқа мен таниган анча кишиларни уларнинг қаторида кўрдим. Нурқобилнинг ўзини учратолмадим. Иш билан чет элга кетган экан. Дарвоқе, унинг икки ўғли ҳам Ахборот технологиялари дорилфунунини битказибди. Мамлакатгина эмас, хориждаги анча-мунча давлатларда танилган компютер дастурчилари бўлиб етишишибди. Улар яратган дастурларни йирик халқаро компаниялар фалон пулга сотиб олишаркан. Маъсумахонимни ҳам учратолмадим. Айтишларича, ҳануз шаҳарда ишлаб, Нурқобилдан имдод кутиб, яшаётган экан. Билганлардан бирининг гувоҳлик беришича, Нурқобил хорижга кетаётиб унга учраган, “қайтиб келганимдан сўнг бафуржа ўтириб суҳбатлашамиз, Сизга айтадиган муҳим гапларим бор”, деганмиш. Ажабмаски, бу гапда жон бўлса. Суҳроб Туробов яқинда депутатликка такрор сайланди. Матбуот ва ахборот қўмитаси раисининг ўринбосари сифатида оммавий ахборот воситаларига моҳирона раҳбарлик қилмоқда. Ҳаким ака тўйини кўролмай кетган Тўхтарбой укамиз эса яхши ижодкор бўлиб танилган, ҳозир нуфузли нашриётлардан бирини бошқармоқда. Ушбу китобнинг дунё юзини кўришида унинг маслаҳату ёрдами катта бўлди. Фурсатдан фойдаланиб, у ва асаримнинг ёзилишидан босилишигача бўлган жараёнларда беминнату беғараз кўмак кўрсатган, далда берган барча инсонларга ва ниҳоят бебаҳо вақтини аямасдан уни ўқиган ва муносабатини билдирганларга ҳам олдиндан чин юракдан раҳмат айтаман.