Читать книгу "Қуёш ботаётган пайт"
Автор книги: Хабиб Темиров
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
8
Алҳол азиз китобхоннинг аз таҳи дил рухсатига биноан ўзимизга яхши таниш туманнинг ҳаммамиз учун севимли газетаси “Озод чорвадор”да босилган, ушбу нашрнинг бош муҳаррири шири даврон Шамси Замон қаламига мансуб қуйидаги мазмунан кенг, моҳиятан теран таҳлилий мақоланинг биз учун муҳим бўлган қисмини жузъий таҳрир қилган ҳолда айнан келтириш билан давом эттирамиз:
“Азиз муштарийларимизга яхши биладиларки, туман, вилоят ҳокимиятларимизда, шунингдек, бошқа юқори ваколатли идораларимизда хўб фаросатли ва зукко, узоқни кўра оладиган оқилу доно раҳбарлар ишлашади. Бунга такрор-такрор комил ишонч ҳосил қилганмиз, қиляпмиз ва келгусида ҳам қилишимизга ишончимиз комил. Шуниси қувончлики, улар баъзан, йўқ, аксар ҳолларда сизу биз каби оддий одамларнинг мутлақо хаёлига келмаган, ақли етмаган хўб оқилона ишлар қилишади. Биз умрбод ечолмайдиган муаммоларни бир жаҳд билан ҳал этишади. Тугатилиш арафасида турганига қарамасдан муваққат раҳбарлиги бамисоли кўпкаридаги семиз улоқ сингари ашаддий талаш бўлган улкан хўжалик директорлигига вилоят ҳокимлиги тавсияси билан ҳаммамиз учун ҳурматли Шоқувват Ўташев, унинг биринчи ва охирги муовинлигига эса Чорвачилик Бош бошқармаси ҳамда замона зайли билан тузилган янги ташкилот – Мулкларни давлат тасарруфидан чиқариш идорасининг қуйидаги мазмундаги қўшма тавсифномасига кўра, “Маҳаллий шароитни яхши биладиган, эл орасида ўзининг ҳалоллиги ва адолатпарварлиги билан обрў қозонган, ўзи найзадай ўткир, сўзи қиличдай кескир, яхшига меҳри, ёмонга қаҳрию заҳри беҳаду бешумор даражада кучли Қиличбой Заҳҳоров” тайинлангани фикримизнинг ёрқин далилидир. Айрим ичи қора кимсалар: туманимизнинг фахри бўлган бу икки Шахсни (“шахс” сўзини бу муҳтарам инсонларга азбаройи ҳурмат жонибидан бош ҳарф билан ёздик) бамисоли ўт билан сув, яъни бир-бирига мутлақо тўғри келмайдиган кимарсалар, деб юрармиш. Бўлмаган гап. Қаловини топсанг қор ёнади, деганларидек, бу икки улуғ зот айни кунларда элим, деб, юртим, деб ёниб яшамоқдалар. Давлат хўжалигининг сон-саноқсиз сигир-бузоқ, қўй-қўзи, дагар-қўчқор, эчки-улоқ, така-серка, товуқ-курка, ўрдагу ғоз, улар боқилган минг-минг гектар яйловлар, барча шарт-шароитларга эга отарлару қўтонлар, молхонаю оғилхоналар, товуқхонаю куркахоналар, марказий устахонадаги машиналару тракторлар, комбайнлару беда ўриш мосламалари, қанча-қанча муҳташам биною иморатлар, хуллас барча кўчмасу кўчар мулклар уларнинг ҳақиқий эгаларига, яъни оддий чорвадору деҳқонларга арзон нархларда хусусийлаштириб берилмоқда, бунда камбағаллар, э узр, мустақил мамлакатимизда камбағалга бало борми, кам таъминланганларга алоҳида имтиёзлар яратилмоқда, яъни улар ўзларининг кўпроқ таъминланган қариндош-уруғлари, қўни-қўшнилари ёхуд жонажон ва меҳрибон раҳбарлари билан шерикчилик асосида катта-катта сарвату шибоғатларни харид қилмоқдалар. Айрим ичи қора, ғаламис ғоявий мухолифларимиз: “шерикликни ўғри чиқарган, амалдорлар халқнинг кўзини шамғалат қилиб, давлат мулкини хомталаш қилаётирлар, машина-тракторларни шумо этишмоқда, биноларни бузиб, ёғочигача сотишяпти”, деган бўлмағур гапларни тарқатар эмишлар. Ғирт бўҳтон бу. Биргина жонли мисол шундан иборатки, директорнинг ташкилий ишлар бўйича ўринбосари Қиличбой Заҳҳоров бир неча оддий ишчилар билан шериклик асосида ижарага олган сутчилик фермасида атиги бир неча молхона қор–ёмғир туфайли бузилиб, сигирлар сони камайган бўлса-да, сут миқдорини тобора ошириш борасида иш қизғин…”
Етарлидир-а? Энди мана шу мақол, э узр, мақолани ўқиб, тепасидаги йўқ туклари тикка бўлиб, исмию жисмидаги тиғини қайраб, заҳрини кимга сочишни билмай ўтирган Қилич Заҳҳорзодани бирров йўқлаб қўямиз. У шоири даврон ўз валинеъмати Ўташевга хушомад қилиш асносида Қиличбой акамизнинг қитиқ-парига жиндай тегиб ўтганини пайқаб, дарғазаб бўлиб ўтирарди.
“Э, сен ҳароми қулбачча, шошмай тур, қаламингни бўғзингга тиқиб, ўтиролмайдиган қилиб қўяман пайти келганда. Охуридан ем еб юрган анови молбоқарингни эса аcфалофосинга жўнатмасам, онамнинг сути ҳаром бўлсин!”
Бу – даҳшатли қасам эди. Бунақа қасамни кўса жуда кам ичар, мабодо ичса, албатта бажарар эди. Тунов кунги уринишнинг муваффақиятсиз чиққани, эҳтимол, қасамсиз, яъни етарлича тайёргарлик кўрмасдан, шошилинч тарзда амалга оширилгани билан боғлиқ эди. Энди, хато такрорланмайди. Қилич Заҳҳор онт ичди. Энди у бир умр кўзлаган курсисини эгаллаш учун ҳар қандай разилликдан қайтмайди. Наинки Ўташев, керак бўлса яна ўнта одамни олиб ташлайди ўз йўлидан. Ақалли бир кун бўлса ҳам ўтиради ўша курсига.
9
Вилоят хусусийлаштириш бошқармасининг қарорига кўра Сувлидара ҳудудидаги икки отар, боғу дарахтзорларнинг асосий қисми “кимошди” савдоси натижаларига биноан Бойқувват Ўташевга қарашли “Барҳаёт сулола” ширкати тасарруфига, яна бир отару токзорлар Қилич Заҳҳоров ўғлининг номига очган “Файзу барака” масъулияти чекланган жамияти тасарруфига ўтди. Ҳарчанд елиб-югуриб уринишмасин, Нурқобилнинг боғдан, Ҳаким чўпон бир ярим минг қўйли отар ва уч оила яшаётган қўрғондан мосуво бўлди. Улар банкдан олган кредитлари, қариндош-уруғдан кўтарган қарзлари, бисотлардаги сотишга арзийдиган нарсаларнинг барини пуллаб жамғарган сармоялари билан ҳам Чашмизаракнинг “чирик бойлари” (мол–дунёси ертўлаларда чириб ётган кўҳна бойларни шунақа деб аташаркан)га бас келолмадилар. “Сену бизга ўхшаган “янги ўзбеклар”нинг юзтаси Ўташевларга ўхшаган битта эски, чирик бойга бас келолмайди”, дея аччиқ ҳазил қилди довдир Нурқобилга. Кейин қўшиб қўйди: “мой мойга томади, мошовага жизза ҳам йўқ, бўтам.”
Мулк идораси томонидан ўтказилган ҳисоб-китоб, “олди-топширди” маросимидан сўнг “бино ва иншоотларни бир ой муддат ичида бўшатиш” ҳақида кўрсатма келди.
Нурқобил адолат қилишига астойдил ишонган Ҳожимурод Худойқулов икки ой аввал Африканинг Мозамбик деган мамлакатига мазкур мамлакат деҳқону чорвадаорларига Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илғор тажрибаларини ўргатиш учун юборилган, ўрнига бир пайтлар тоғ ортидаги қўшни хўжаликни бошқарган, кейинроқ Ўташев билан вилоят ҳокимлигида бир бўлимда ишлаган, асли исми шарифи Ўшбой Мансуров бўлгани ҳолда азбаройи гўшт ейиш ва ришват олишни яхши кўргани учун одамлар орқаваротдан Гўштбой Манфуров, деб атайдиган бир сермулозамат кас тайинлангани боис туман ҳокимлигига қилинган арзу додлар тошга урилган шиша мисол чилпарчин бўлди. Шундан сўнг довдир Нурқобилнинг: “Тошкентга борамиз, юқори идораларга, керак бўлса Оқсаройга кириб, адолатни қарор топтиришга ҳаракат қиламиз”, деган даъватига унамади, юқоридан нажот келишига ишонмади, “одил подшоҳлар фақат эртакларда бўлади, бўтам”, деди аянчли жилмайиб ва отарни дарҳол топширди; қўрғонни бўшатиб, қишлоқдаги ота-боболаридан қолган кўҳна ҳовлига қайтди. Очилбой ва Эшпўлатни ҳам бирга кўчириб келди.
– Жой бемалол, кампирим иккаламизга етиб ортиб ётибди, – деди у. – Ҳозирча тура-туринглар-чи, нарёғи бир гап бўлар. Аммо-лекин шафқатсиз замонлар келаётганга ўхшайди. Энди яшаш учун курашамиз. Шу бугунданоқ тирикчилик ташвишини бошламоқ керак.
Икки ёрдамчиси раҳмат айтишиб, унга текин “ижарагир” бўлишди ва устозлари маслаҳатига кўра бетўхтов иш қидириш ҳаракатига тушишди. Айни ўша кунлар Шоқувват Ўташев довдирнинг “ҳузурига” расман ташриф буюрди ва қуюқ салом-аликдан сўнг афтига: “Хўш, қалайсан энди, ҳазилингни бурнингдан чиқардимми?” дегандек маънодор кулимсираб турди; сўнгра гўёки хайриҳоҳлик билан:
– Замонанинг зайли экан қариндош, хафа бўлмайсиз, давлат мулкларини тадбиркор, ишбилармон кишиларга бериш – ҳукумат қарорининг талаби. Сизни ҳам эътибордан четда қолдирганимиз йўқ. Қонунга биноан ходимнинг ишлаб турган ташкилоти тугатилса, муддатидан икки йил олдин нафақага чиқишга ҳаққи бор. Ана шу ҳуқуқингиздан фойдаланасиз. Мана, айримларга ўхшаб “ўлдирсанг-ўлдир, қорнимга тепма”, дея тихирлик қилмасдан қишлоққа қайтибсиз, тушунган одамсиз-да, ҳар тугул яшашга маконингиз бор, бироз фатарот бўлибди-ю лекин ҳали беш-ўн йил бемалол истиқомат қилса бўлади, таъмирлайман, десангиз “Чорва банк” раисига айтаман, кредит беради, хуллас, сиз энди бироз дам олинг, кейин… ижод қилинг, ахир истеъдодингиз бор, талантни хор қилманг, талантни хор қилган кишининг ўзиям хор бўлади. Ҳа, айтганча, узун қулоқ гапларга қараганда айрим давраларда: “мустақиллик зўр бўлди, аммо чўпон хор бўлди”, деганга ўхшаш палағда аския қилиб юрганмишсиз, уялмайсизми, кап-катта одам. Эртага… тегишли жойга опкетиб, ертўлага оптушиб кўзингизни мошдай очиб қўйишмасин тағин.
– Ҳайвоннинг қулоғи узуни эшак бўлади, гапнинг қулоғи узуни ўшак бўлади, қариндош, сиз ўшакка ишонманг. Мен мустақилликни худди етти аждодим тирилиб келгандек қувониб, қарши олганман. Чўпоннинг хор бўлганига эса мустақиллик эмас, тўс-тўполондан фойдаланиб, қозоннинг бошини эгаллаб олган очкўз амалдорлар айбдор. Ундан ташқари менинг кўзим аллақачон очилган, ўша… тегишли жойнинг ўзи кўзини каттароқ очиб, теваракдаги расвогарчиликларнинг чорасини кўриши керак. Агар… сиз айтганингиздек ертўлага оптушишадиган бўлса, уларга айтадиган гапларим кўп.
Бу дадил иддаодан сўнг Ўташев бирдан шаштидан тушди. Яна мулойимлашди:
– Мен сизга азбаройи жоним ачиганидан гапиряпман, бўла, ҳар қалай жон-жигармиз…
Довдир унинг сохта жонкуярлигига эътибор бермай чўлиқларининг масаласини илгари сурди:
– Мен-ку майли, бир кунимни кўрарман, лекин… ёрдамчиларим ҳақиқатда ҳам хор бўляпти, улар ишсиз қандай яшайди ўртоқ Ўташев, шуни ўйладингизми? Икковининг ҳам бир этакдан бола-чақаси бор, бундан ташқари, Нурқобилнинг боғини ҳам тортиб олибсизлар, у нима қилади? Улоқиб кетадими боши оққан томонга?
– Ёрдамчиларингизнинг ғамини еманг, кўчада қолдирмаймиз. Қурилишга ишчими ё бирор жойга қоровулми қилиб жойлаштирамиз. Нурқобилбой масаласига келсак, биринчидан, боғ уникимас давлатники, иккинчидан ҳеч ким тортиб олгани йўқ, қонунан хусусийлаштирилди, учинчидан, у олий маълумотли мутахассис, бирор жойдан иш топади. Мана, бизлар ҳам хўжаликнинг барча мулклари сотиб бўлингач, бошқа жойдан иш қидиришимизга тўғри келади. Дод-вой қилиб, энди бошимизни қайси тошга урамиз, деб юрганимиз йўқ.
– Сизлар… қичийдиган жойларингизни ўн-ўн беш йил аввал қашлаб қўйгансизлар, бўла, сизлар дунёни сув босганда ҳам чўкмайсизлар. Шеър қилиб айтадиган бўлсам: бирингиз ғозу бирингиз ўрдак, Сизларга иложсиз тан бермоқ керак, – деди довдир.
Нордон истеҳзога ийланган бўлса-да, бу бадиҳа байт Ўташевга чандон маъқул тушди. У эсини таниганидан бери мақтовни жуда яхши кўрар, ҳатто киноя қилиб айтилганини ҳам бажонидил эшитишга тайёр эди. “Бунинг мағзидаги кинояни ўнтадан битта одам тушунади, қолганлар чиппа-чин ишонади”, дея таскин берарди доим ўзига. Бу гал ҳам шундай хулоса қилди шекилли, довдирнинг елкасига ақраболарча ғамхўрлик ила қоқиб, тезроқ ижтимоий таъминот идорасига бориш ва меҳнат нафақасини расмийлаштиришга даъват этиб, келган жойига равона бўлди. Довдир аввал ёрдамчиларини жойламай пенсия расмийлаштиришга юзи чидамаслигини унга айтиб ўтирмади. Айни пайтда юқори мартабали меҳмоннинг чўлиқлар борасидаги ваъдаси шунчаки Самарқандча манзират эканини тушунди; меҳмон кетган заҳоти уларга ваъдабоз раҳбарнинг қуруқ гапига ишониб қўл қовуштириб ўтирмаслик кераклигини уқтирди.
Дарҳақиқат, орадан ҳафталар, ойлар ўтди ҳамки Очилбой ва Эшпўлатни ишга жойлаштириш ҳақидаги ваъда ижросидан дарак бўлмади. Икковлон “эл қатори” насиба излаб, Россияга жўнамоқчи бўлишди. Довдир кўнмади. “Шу ердан иш топилар, Самарқандни, жуда-а бўлмаса Тошкентни кўринглар”, деди. Шогирдлари унинг гапини икки қилолмай пойтахтга бориб, бир ойча Отчопар бозорида арава судрашди. Топган пуллари томоқларидану ўша ердаги қиммат ижара ҳақидан ортмади. Бахтларига шу орада Эшпўлатнинг армияда бирга хизмат қилган Россиялик ўртоғига ёзган мактубига жавоб келиб қолди. Иван Сидоров, деган ўртоқ айни кунларда Москвадаги катта бир нуфузли ширкатда қўриқчи бўлиб ишлаётган экан. Эшпўлатга: “ўзингни қўл остимга оламан, шеригингни ҳам кўчада қолдирмаймиз”, деган мазмундаги ғоят умидбахш ваъда берибди. “Биродарнинг борига шукр”, деди Эшпўлат ва бетўхтов Очилбой иккаласи қишлоққа қайтиб, Ҳаким устоздан оқ фотиҳа талаб этишди. Довдир оғанинг энди рухсат беришдан бошқа чораси қолмаганди. “Ой бориб, омон қайтинглар”, дея дуо берди у ва кампири Мусалламга янги ёпилган бир сўлқиллаган шаппати нон опчиқтириб, икки инисини икки томонидан тишлаттирди. “Ҳай, содда одам, бу нима қилганингиз, ахир улар урушга кетаётгани йўғ-у” чолига беозор панд бермоқчи бўлди одатига кўра Мусаллам бону. “Бировнинг юртида мусофир юриб, ерли халқнинг насибасига шерик бўлиб нон топишнинг урушдан осон жойи йўқ”, деди довдир. Шу тариқа икки йигит “ҳайё ҳуйт”, дея олис шимолга, бир пайтлар катта бир шоир энтикиб васф этган “осмон сингари бепоён ва азамат ўлка” сари равона бўлдилар.
Нурқобил эса “энди курашишдан толмайман”, деган аҳдида қойим ўлароқ ўзининг боғинигина эмас, Ҳаким довдирнинг отарини-да қайтариб олиш йўлида камар боғлади. Маъсума билан боғлиқ эзгу ниятлар ижобати яна орқага сурилди. Андиша қилдики, ўзи бу аҳволда бўлса, унинг қошига қайси юз билан нима деб боради. Ҳаким довдирнинг ибораси билан ифодалайдиган бўлсак, у аввал барча замонларнинг энг мафтункор, энг нозанин ва қўл етмас маликаси бўлмиш “адолатхоним” васлига эришишга аҳд этди. Айни пайтда тушуниб турарди: ул моҳитобон гўзалнинг матлабини мақсад қилганларнинг неча-нечалари шу йўлда зору ҳайрон, хору сарсон бўлиб ўтиб кетганлар. “Бундан кўра тупур ўша… эри бўлатуриб мингта эркакка кўз сузувчи, бироқ барчасини дарё соҳилига элтиб, суғормай саргардон этувчи таннозга тупур ва Маъсуманинг ёнига бор, оёғига бош ур, “турмуш қурайлик, мен ҳам шаҳарда кичикроқ бўлса-да бир иш топайин, баъдаз яқинда меҳнат нафақасига чиққан аммаму ўғилларимни кўчириб опкелайин, ҳаммамиз аҳил бир оила бўлиб фақирона турмуш кечирайлик”, деб айт, у бечора имога маҳтал бўлиб ўтирибди, ажабмаски, ишга жойлашолмаган тақдирингда ҳам лўлининг эркаги сингари ётқизиб боқса”, деган ярми жиддий, чораги ҳазил, яна бир пайсагинаси аччиқ аламли хаёл ҳам мудом айланарди бошида. Илгари даврлардаги коммунист Нурқобил бўлса, эҳтимол, шундай қилган ва бундан сира орланмаган бўлар эди; айтар эдики, мендай кадрни беқадр қилиб қўйган бўлса, бу социалистик жамиятнинг шўрига шўрва тўкилсин. Бироқ ҳарчанд аламли кўринмасин, не бахтки, энди замон бошқа, алҳол ҳар бир етимга ўзи учун ўлмоқ ҳуқуқи берилган, бояги танноз “адолатхоним” ҳам юқори идорадан қилинадиган биттагина қўнғироқдан сўнг ёнингга чопиб келмайди: “мана мени олинг акажон” деб, уни қонун асосида қўлга киритишга рухсат этилган. Нурқобил бошда Ҳаким оғаси ўз саъй-ҳаракатларига эш бўлади, деган умидда эди. Бироқ буни очиқ айтолмади; кечагина оғир бетобликдан фориғбол бўлиб, аранг оёқ босаётган кекса устозни авайлади. Бироқ тирикчилиги нима бўлади, пенсияни расмийлаштирасизми, деган саволдан ўзини тиёлмади.
– Пенсияга ёшни етказиб, ҳамма қатори чиқамиз. Ҳозирча эса… “Қул ўлмас, ризқи тугамас”, – дея жавоб қайтарди довдир ва аччиқ бир ҳазилни қўшимча қилди: – Шунча йиллар давомида тишимизга ёпишган кирини сўриб ҳам беш-ўн йил яшасак бўлар. Сизга ҳам маслаҳатим шу – зўри беҳуда қилиб ўзингизни абгор этманг. Оддийроқ бир юмушнинг бошини тутиб, ўзингизнинг ҳаловатингизу фарзандлар тарбиятини кўринг.
– Умримда бир марта сизнинг маслаҳатингизга амал қилмасликка, аниқроғи: бугунгисига эмас, аввалги маслаҳатингизга амал қилишга рухсат сўрайман, – деди Нурқобил довдирнинг юзига кулимсираб қараб. – Эсингиздами: “Йиқилсанг ер кўтаради”, деган эдингиз. Ё… ўша фикрингиздан қайтдингизми?
– Қайтганим йўқ, Нуржон ука, шунчаки, сизни синамоқчи эдим. Маслаҳатимни рад этганингиз учун раҳмат! Аммо огоҳлантириб қўяй: Сталин бобо айтганидай бундан буён манфаат учун, мулк учун кураш тобора аёвсиз ва шафқатсиз бўлиб боради. Одамлар бир-бирларини худди қашқирлар синари ғажишдан ҳам тоймайдиган даражага етадилар.
– Мен мулк учун эмас, ҳақиқат ва адолат учун талашаман ва Худо ҳоҳласа, мақсадимга етаман, – деди Нурқобил комил ишонч билан. Довдир унинг қатъият зоҳир чеҳрасига қараб мамнун бўлди:
– Эмасам, Худо ёр бўлсин Сизга Нурқобил ибн Бўта, – дея дуога қўл очди.
Алҳосил, Нурқобил оғасидан қуюқ дуони олиб, қайдасан, Тошкент, дея сафарга отланди. Самарқанддан қишлоқ марказига яқиндан бери қатнай бошлаган янги автобусга ўтирар экан: “Шоқувват Ўташев инсульт бўлибди, оғир аҳволда Тошкентдаги Нейрохирургия марказида ётган эмиш” деган хабарни эшитди. “Водариғ, яхши бўлмабди-ку, бир йўла кўриб, ҳолу аҳвол сўраб қайтмоғим керак, ҳар нечук ҳамқишлоқмиз”, деган фикр хаёлидан ўтди. Самарқандга келиб, темир йўл вокзалида “Афросиёб” тезюрар поездига билет олиш учун навбатга турар экан, ён томондаги “ҳарбийлар учун” деган ёзувли кассага қўл узатиб турган прокурор либосидаги таниш қиёфали кишига кўзи тушди, ким эди, деб ўйлади. Нигоҳлари тўқнашган заҳот таниди: во ҳайрато, бу… ҳув бир пайтлар Итлян билан бирга уни сўроқ қилган йигит-ку! Наҳотки ҳалиям… давр суриб юрган бўлса? Яна ўйладики, ўша замонлар Итляннинг ёнида ишлаганларнинг барчасини унга ҳамтовоқ бўлган, дейиш мумкинми? Эҳтимол, у ўз виждонига хилоф иш қилмагандир? Ахир ўша сўроқ чоғида ҳам бу йигит индамасдан машинкада ёзиб ўтирган, ақалли бирор марта муноқашага аралашган эмасди-ку.
Йигитнинг хотираси ҳам ўткир экан:
– Ассалому алайкум Нурқобил Бўтаевич! – дея қўл узатди.
– Ваалейкум ассалом ука. Узр, исми-шарифингизни билмайман, – деди Нурқобил узатилган совуқ ва қуруқ қўлни енгил қисиб қўяр экан.
– Бунинг унчалик аҳамияти йўқ, агар битта поездда кетадиган бўлсак, яқинроқ танишиб оламиз. Менинг жойим биринчи вагонда. Унгача… агар ҳоҳласангиз мен ташқарида кутиб тураман.
– Ихтиёрингиз, – деди Нурқобил. Терговчи йигит чиқиб кетди. Нурқобил билетни олиб ташқарига чиққанида у перрон эшиги ёнида чекиб турган экан.
– Яхшимисиз, ишларингиз қалай, Тошкентга… бирор анжуманга боряпсизми? – дея дарҳол “сўроқ” бошлади терговчи йигит.
– Бу гал… саволни мен берсам-у, жавобни сиз қайтарсангиз тўғрироқ бўлармиди, ахир “тегирмон навбати билан”, деган гаплар бор, – деди ҳазиломуз оҳангда Нурқобил. Терговчи қизарди.
– Бемалол-бемалол, Нурқобил ака, узр, ҳалиги… касбий касаллигимиз-да, айбга буюрманг.
– Ҳижолат бўлманг, ҳазиллашяпман. Ҳалиям… ҳуқуқ соҳасидамисиз?
– Ҳа, ўша… ўзингиз билган воқеалардан сўнг бўшатиб юборишганди. Кейин такрорий хизмат суриштируви ўтказилиб, ишга тикландим. Ҳозир… коррупцияга қарши кураш бошқармасида масъул ходимман.
– Унда… Сиз билан учрашувимиз тасодиф эмас, балки қонуниятдир, ёки аниқроғи… сизни Худонинг ўзи етказгандир менга, – деди Нурқобил ич-ичидан кўтарилиб келган ҳаяжон тўлқинидан нафаси бўғилиб. – Айнан бир коррупция ҳодисаси юзасидан арз билан бораётгандим пойтахтга.
– Қўлимдан келса, албатта ёрдам бераман. Дарвоқе, менинг исмим – Ғайрат, фамилиям – Шукуров. Билетингиз қайси вагонга экан?
– Бешинчи.
– Яхши. Поездда фуржа бўлмас, лекин етиб борганимиздан сўнг албатта бафуржа гаплашамиз. Маъқулми?
– Маъқул, – деди Нурқобил. Шундан сўнг улар бошлашиб, перрон сари юришди.
Поезд ўрнидан қўзғалган заҳоти Ғайрат Шукуров Нурқобилнинг ёнига келди.
– Юринг, вагон-ресторанда бир пиёладан чой ичиб, суҳбатлашамиз, – деди. Нурқобил индамай унга эргашди. Четроққа жойлашиб қизғин муколамага киришишди.
– Ўшанда сиз мени ҳам Итлян гумашталаридан, деб ўйлагансиз, холбуки, мен ҳамиша қонун, адолат тарафида бўлганман, – деди Шукуров.
– Унда… нега улар билан… бирга ишлаб юрдингиз?
– Мен уларни ҳақиқатда ҳам пахтачиликдаги қўшиб ёзишларни фош қилишга келган, деб ўйлагандим. Кейинчалик маълум бўлдики, уларнинг мақсади шон-шуҳрат қозониб, сиёсат майдонида жавлон уриш экан. Шунинг учун ҳам бир ҳовуч жиноятчиларни жазолаш ўрнига бутун халққа қарши курашга киришиб кетишди.
– Бир ҳовуч жиноятчилар, деяпсиз, демак… пахтачиликда ҳақиқатда ҳам қўшиб ёзишлар бўлган эканда?
– Бўлган ва… ҳозир ҳам бор. Мен сизга айтсам, иш бор жойда камчилик бўлади, деганларидек, социалистик иқтисодиётга хос режа, мажбурият, деган нарсалар бор жойда кўзбўямачилик албатта бўлади. Шунинг учун режа-ю мажбуриятга асосланган иқтисоддан тезроқ воз кечишимиз шарт. Тунов куни юқори минбардан туриб бир катта одам: “Аввал-ку Москвани алдар эдик, энди кимни алдаяпмиз?” деди. Холбуки, бу саволнинг жавобини ўзи жудаям яхши билади. Энди ўзимизни, ўз халқимизни ва бутун дунёни алдаяпмиз. Яъни: “Мана, бизнинг раҳбарлигимиз остида меҳнаткаш халқимиз, мустақил давлатимиз қандай юқори натижаларга эришяпти, кўриб қўйинглар”, демоқчи бўляпмиз. “Популизм”, дейишади бунинг номини.
– Мен сизнинг хотирангизга қойил қолдим, исмиму фамилиямни қандай эсда сақлагансиз? – Нурқобил боядан бери бермоқчи бўлган саволини берди. Шукуров ўйчан кулимсиради.
– Хотирам сиз ўйлаганчалик зўр эмас. Шунчаки ўшанда… сизга ўхшаб қилмаган айбини бўйнига олмаган, ҳеч кимни сотмаган кишилар бармоқ билан санарли эди. Шунинг учун эсимда қолгансиз.
– Сотганлар ҳам… хотинларини, болаларини қамашганларидан сўнг мажбур бўлишган-да, уларни ҳам қоралаш инсофдан эмас.
– Мен қораламоқчи эмасман. Уларни ҳам тўғри тушунганман ва ўша захотиёқ кечириб, ожизлигу тубанликларини унутиб юборганман. Ҳозир бирортасининг исми-шарифи ёдимда йўқ. Гарчи…
Шукуров бир лаҳза сукутга толди. Гапининг давомини айтишга иккиланди. Нурқобилга синовчан назар солди, унинг дардзада чеҳрасига тикилиб, дадиллашди:
– Гарчи уларга бугун ҳам тез-тез дуч келяпман. Кўпчилиги яна от устида. Иш услублари ҳам ўша-ўша. Ўтган даврда чеккан жафолари ва кўрсатган матонатлари ҳақида ғурур билан гапиришади. Сизга ўхшаганлар эса яна уларнинг зуғумига учраб, чекка-чеккада жим юришибди. Қани, энди мақсадга кўчайлик, нима ташвиш билан юрибсиз, гапиринг-чи.
Нурқобил бўлган воқеани қисқача сўзлаб берди.
– Аризанинг бир нусхасини почта орқали мана бу манзилга юборасиз, – деди Шукуров ва унга ишхонасининг адреси ва телефон рақамини ёндафтаридан йиртиб олинган бир парча қоғозга ёзиб узатар экан. – Имкониятим борича ёрдам бераман…