Читать книгу "Қуёш ботаётган пайт"
Автор книги: Хабиб Темиров
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
3
Нурқобил “УАЗ”ни газлаб, Ҳаётбоши сари борарди. Юқорилагани сари қор қалинлашар, чекка бўлимларга элтувчи йўлдан битта-ярим машина юриб ўтган бўлса ҳам илгарилаш қийин эди.
У хўжаликка бош бўлиб келган кунидан бошлаб шу бугунгача ўтган воқеалар, бўлган ишларни ипидан игнасигача хотирлашга уринарди. Тўрт йил. Биринчи йил. Биринчи ой. Баҳор эди. Қўзилатиш якуни. Режа бажарилди. Ўстиришга мўлжалдагидан анча кўп қўзи қолдирилди. Кейин ғаллазорни ўғитлаш. Жун қирқими. Хашак жамғариш. Ғалла ўрими. Қўйларни сунъий қочириш. Қишлов. Ҳаммаси яхши ўтди. Шу орада Охчобсойдаги ишлар бошланди. Қишлоқда тўқимачилик фабрикаси бўлими, Сувлидарадаги боғлар ёнида мевани қайта ишловчи кичикроқ завод очиш ҳақидаги масала ҳал бўлди. Ҳунар мактабида ўқувчи йигит-қизларга ана шу корхоналарга мос касбларни ўргатишга киришилди. Чашмизираклик оқин – Нодир Хушмурод ўғлига ёдгорлик ўрнатиш, уй-музейини ташкил этиш режалаштирилди. Пастки, дашт ичидаги қишлоқларга юқоридан, чашмалар сувини йиғиб, қувурлар орқали етказиб бериш режага киритилди. Расамади билан аҳоли моллари учун озуқа, сомон ажратиш йўлга қўйилди. Кишилар бу ишни астойдил маъқуллашди…
Иккинчи йил. Қишловда кўрилган талафот жуда оз бўлди. Ўрни қўзилатиш вақтида дарров қопланди. Одамлар “Янги директоримизнинг омади бор экан, йил яхши келди” дейишди. Сут, гўшт режалари бажарилди. Тўғри… Нурқобил режани бироз камайтиришларига эришди. Лекин ҳар ҳолда бажарилди-да. Одамларда яна ўз меҳнатлари натижасига ишонч, умид пайдо бўлди. Энг муҳими, қўшиб ёзмасдан бажариш мумкин эканлиги исботланди.
Учинчи йил. У ўзи анчадан бери режалаштириб юрган ишларни амалга оширишга киришди. Маданият саройи, футбол майдони қуришга киришилди. Унинг ёнида боғ барпо этила бошлади…
Йўқ. Уни бу масалаларда айблашолмаса керак. Ҳалиги камомаду қўшиб ёзишларда ҳам. Чунки у бирорта шубҳали қўл қўймаган. Бироқ терговчи “Сиз қўл қўйган сохта ҳужжатлар ҳам анчагина” деяпти. Нурқобил кўрсатишни талаб қилди. “Вақти келганда кўрасиз, ҳаммаси аниқ, имзоингиз ҳақиқий, экспертиза қилинган, биз ҳеч кимга асоссиз айб қўймаймиз, адолат тарозисини тўғри ушлаймиз,” деди терговчи мағрурлик билан. Кейин ижирғаниш билан қўшимча қилди: “давлат мулки, халқ ризқи бўлган ўнлаб гектар серунум ерларни эгаллаб олиб, хуфя деҳқончилик ташкил қилиб, катта даромадлар олиш… бу энди умуман. куракда турмайди. Қаранг-а, ертўлаларда яширин цех очиб, кийим, пойафзал тикиб сотганларни кўп кўрдим, улар ҳарқалай машина-ускунани, хомашёни ўз ҳисобидан сотиб олган, ишчиларга ўша даромад эвазига маош тўлаган, сиз эса ҳаммасига давлат хўжалигининг пулини ишлатиб, миллион-миллион мўмай фойдани чўнтакка ургансиз. Чуқурроқ олиб қараса, буни халққа, Ватанга хиёнат, деб баҳолаш ҳам мумкин.”
Қўшни хўжалик – “Миришкор” совхозининг директори ўн беш йилга кесилибди. У ерда ҳам… боягидақа яширин гектарлар бор экан. Ҳар тугул уни Ватанга хиёнатда айблашмаган. Бу қирриқ терговчи қонуннинг қўрқинчли моддаларини эслатиб, ваҳима қиляпти. Лекин нима фарқи бор? Судга тушдинг – ўтга тушдинг, ҳўлмисан, қуруқмисан – фарқи йўқ, куйиб кетаверасан. Бахтинг чопиб чала куйсанг ҳам, гуноҳсизлигингни исботлагунингча умр тутаб тамом бўлади…
Қизиқ. Ҳалиги кўкнори пайкалларини ҳеч ким тилга олмаяпти. Ўша ерларга неча йилдан бери наша экиб келинган экан. Қаерга, кимга сотишган? Ахир, килосини фалон минг доллар, дейишади-ку. Бу пуллар кимнинг чўнтагига тушган. Балким манови терговчи ҳам қуруқ қолмагандир. Ё… ҳалолу унақа даҳшатли ишларга аралашишга қўрқармикан. Суҳроб бир гал: “наша савдоси ортида жудаям қудратли мафия туради унга қарши чиққан киши, мелисами, прокурорми, фарқи йўқ, тирик қолмайди”, деганди. Ҳалиги Тожибой ўз ажали билан ўлган эмас, у шўрлик нима гуноҳ қилди экан? Жарлик… Ичиб ҳайдаган… гўё ҳаммаси силлиқ. Лекин уни ўлдириб юборганлар асли кимлар? Ўташевдир-да. Ё Заҳҳоровми? Унинг узоқ-яқинда турфа хил ошналари кўп, келиб-кетиб юришади. Эҳтимол ўшалар орқали…
Нурқобил икки-уч йил олдин Самарқандда вилоят раҳбарларидан бирининг сирли равишда ўлганини эслади. Унинг яланғоч жасади ғайри миллатга мансуб бир суюқоёқ аёлнинг ўлиги билан бирга хуфя чорбоғдан топилган. Ҳам ўлдириб, ҳам бадном қилиб юборишмоқчи бўлишган. Нурқобил ўша одамни билар, у билан бир неча бор суҳбатлашиб, зукколигига, одамохунлигига тан берган. У ҳалол одам эди. Бунга биров ишонди, биров ишонмади. Аммо орадан бир йилча вақт ўтгач, иккинчи бир “ўжар” раҳбар айнан шу “усул”да ўлдириб юборилгач, кўпчилик гап нимада эканини тушунди. Иккиси ҳам катта бир лавозимга даъвогарлик қилган экан. Кимлардир босилган изларни қидиришга, адолатни юзага чиқаришга уриниб кўрди. Бироқ ҳеч кайсисининг қўлидан бирор иш келмади. Қайтага ўзлари “ишни эплолмагани учун” силлиққина четлатиб юборилди.
Мана шунақа сирли, даҳшатли, мавҳум бир вазият. Четдан қарасанг, ҳаммаси жойида, газеталар: “Бунёдкор халқимиз коммунистик партия раҳбарлигида порлоқ истиқбол сари комил ишонч билан одимламоқда, ҳаётимиз фаровон, демократия ва адолат мустаҳкам қарор топаётир” деб ёзаяпти, телевизорда эса фақат концерт, ашула ва рақс. Тўғри, яқиндан бери марказий шаҳарларда “ошкоралик ва демократия”, деган гаплар чиқди. Шуям ҳали оғизда.
Сувлидара этакларида қор яна ҳам қалин. Изғирин қор уюмларини ўнгирлардан-ўнгирларга уриб ўйнайди. Қаҳратон қаҳрли изиллайди. Машинанинг юриши қийинлашди. Чўққи сари йўл ана шу боғдан бошланади. Анови қир орти – Қориз. Ҳаким довдирнинг қўраси ўша ерда.
Довдирни эслаганда Нурқобилнинг кўксига илиқлик югургандек бўлди. Мудҳиш режасию чалкаш ўйларини ҳам бир лаҳза унутди. Қайрилсамикан? Довдир нима қилиб ётибди экан шу топда. Эшпўлат билан отарни яйловга олиб чиқаётгандир ҳойнаҳой. Ёки ҳали изғириннинг дами бироз қайтсин, деб печканинг ёнида ёнбошлаб, Эшпўлатга бўлар-бўлмаган саргузаштларидан ҳикоя қилиб ётибдими?
Йўқ, энди чалғима! Йигит сўзидан, арслон изидан қайтмайди. Олға!
У газни бор кучи билан босди. “УАЗ” тўртта ғилдирагини бирваракай айлантириб, бўкириб илгарилади.
4
Ўташев бу пайт тунов куни Қиличбой Москвадан ҳалиги дорига қўшиб опкелган ва: “қидириб-қидириб, зўрға топдим, Сталин худди шунақасидан чеккан экан”, дея таърифлаган “Герцогевина Флор” номли бағоят хушбўй папироснинг тамакисини чиройли тақсимчага тўкиб, унга майдаланган қуруқ кўкнордан яримга ярим аралаштиргач, нафис ва шаффоф қоғоз ўқдонни қайта ”ўқламоқда” эди. Рости гап, у шунча йиллардан буён наша савдосига билвосита раҳбарлик қилиб, тузуккина даромад кўриб келаётган бўлса-да, ўзи бирор марта на чеккан, на ҳидлаган, на эзиб ичган бу заҳри қотилни. Сабаби отаси раҳматликнинг битта жумласи миясига михланиб қолган: “наша вақтинча ҳар қандай оғриқни қолдириб, одамни бардам қилиши мумкин, лекин у эркаклик қувватини кесади, нашаванд одам хотинга ёлчимайди.”
Тунов куни Маъсума: “жавобимни беринг, эмасам прокурорга устингиздан хат ёзиб, кейин ўзимга ўт қўяман”, дея таҳдид қилгач рози бўлди ва бетўхтов таътилга чиқарди ҳамда Италиядаги санаториялардан бирига жўнатиб юборди. “Бориб дам олиб келинг, қайтганингиздан сўнг яхшиликча ажраламиз, ҳозир замон сал нозик”, деди. Гарчи… ҳеч қаёққа чиқармасдан уйга қамаб, Қиличбой Москвадан опкеган яна бир янгича малҳамнинг кучини синаганида бўларди-ю, ҳозир унақа ишларга вақт йўқ. Мамлакатда қайта қуриш, жадаллаштириш жараёни кетмоқда. Ҳар бир раҳбар қайта қуришни аввало ўзидан бошламоғи шарт.
Дарвоқе, Қиличбой опкелган ўша дори… ановиниси эмас, бошқаси, чиндан ҳам шунчалик зўрмикан? “Шоқувват ака, бу малҳамни Арабистон подшолари ва Америкадаги миллиардерлар ишлатишаркан, ҳалиги биз билган виагра-пиаграларга ўхшаган юракка зарари йўқмиш. Аммо-лекин таъсири… ўлай агар, ўзим шахсан синаб кўрдим, худди… айни кучга тўлган дўнан айғирга, йўғ-е, нима деяпман, ўн саккиз яшар йигитга айланасиз, ишонмасангиз шу бугуноқ синаб кўринг. Айтганимдай гижингламасангиз, юзимга тупуринг!” Ўташев нордон илжайди. Бир пайтлар худди шу “донишманд” гумаштаси “эркакдаги барча дардларнинг давоси – мумкин қадар ёшроғига уйланиш, деганди. Яна айтгандики, олган жувонингиз ўзингиздан неча ёш кичик бўлса, шунча йилга яшарасиз, бу Бухоро амирлари тажрибасида синовдан ўтган усул. Шунга ишонган Ўташев ёш жувон эмас, қиз олди. Аммо… натижа у ўйлаганидай бўлиб чиқмади. Маъсумахон биринчи кунданоқ курк товуқдай ҳурпайиб, унинг қарилигини юзига солди, “келинг, яхшиси алоҳида хоналарда беғараз дўст бўлиб яшайлик”, деган аҳмоқона таклиф киритди. Ўташевнинг жаҳли чиқди. “Шу қари қизга ялиниб ўтираманми, “жоним–жоним”, деб жонингни киритадиган қанча тажрибали жононлар бор. Ўшалар билан кифояланиб юрақоламан”, деди. Ёш хотини билан феъл-хўйлари унчалик тўғри келмаётганини кимсага билдирмади. Шу билан бирга “бу бечоранинг умрини беҳуда ўтказмасдан силлиққина жавобини берай” ҳам демади. “Ҳамонки кўнглимни топмади, энди эл кўзида хотин мақомида юради-ю, аслида бир чўридай кўраман”, деди. Айни пайтда: “агар оёғингни бир нотўғри боссанг, ўзингдан кўр”, деб қаттиқ огоҳлантириб ҳам қўйди. Шу тахлит ҳаммаси рисолагидай кетаётган эди. Қайси гўрдан ҳам манови подачининг боласи директор бўлиб қолди-ю, Маъсумага кўз олайтира бошлади. Қўйдай юввош бўлиб юрган Маъсуманинг ҳам тили бир қарич бўлиб қолди. Нуқул: “Жавобимни беринг.” Ўташев айтди: “Жавобингни берган тақдиримда ҳам… ўшанга насиб этишингга йўл қўймайман, хомтаъма бўлма.” “Майли, у ёғи бир гап бўлар, ягона илтимосим, тинчгина талоғимни беринг”, дея масалани кўндаланг қўйди охирги марта саркаш заифа.
Нафсиламбрини айтганда, Маъсуманинг хархашаси унга чивин чаққанчалик заха етказгани йўқ. Кетса кетар. Унга ўхшагани мингта. Ўташевдай мартабаси баланд, насли тоза бой одамга икки тоғ орасидаги ҳар қандай оила салти сувой қизини жон, деб беради. Лекин ҳозир ортиқча машмаша-ю узунқулоқ гап чиқаришнинг ҳожати йўқ. Манови ишларни охирига етказиб, лойқаланиб ётган сувдан иложи борича кўпроқ балиқ тутиш, иложи бўлса каттароқ наҳангни илдириш лозим.
Нурқобилнинг ярашиш ва унинг мурувватига сазовор бўлиш, ақалли мажҳул бир ваъда олиш умидида келиб, яксону пачоқ ҳолатда чиқиб кетганидан буён ўтган кунлар Ўташев учун фараҳу фароғатга тўла кечмоқда. Ҳар қандай қудратли мавжудотнинг ҳам бир заифлиги бўлар эмиш. Ўташевнинг ожиз нуқтаси-бировнинг, айниқса унга буйсунишни истамаган, ўзини эркин ҳис этувчи кимарсаларнинг аянчли ҳолатини кўришдан беҳад лаззатланарди. Бугун шу лаззатни икки ҳиссага ошириш учун Сталин хуш кўрган папиросга наша қўшиб чекмоқчи бўлди. Сирасини айтганда, буниям Қиличбой ўргатди. “Сталин бобо ҳам шунақа қилган экан, Тошкенту Москвадаги айрим катталар ҳам, ўзимизнинг Зоҳид Шокиралиев ҳам шунақа қилишаркан.”
Нурқобилнинг устидан қозонилаётган ғалаба қўлга осонликча кираётгани, арзонга тушаётгани йўқ, албатта. Жуда катта харажатлару қурбонлар эвазига. Жуда кўп нарсадан воз кечишга тўғри келди. Миллион-миллион даромад манбаи бўлган… яширин экин майдонларини ошкор этишга тўғри келди. Бир ҳисобга баҳридан ўтилгани яхши бўлди ўша… Ахир, замон ўзгараяпти. Бугун бўлмаса эрта бирон жойдан ҳиди чиқиб кетиши мумкин. Ўшани Нурқобилга ёпиштирилгани хўп аломат иш бўлди. Кўсанинг қовоқ калласи бир марта зўр ишлади. Энди буёғига терговчи маҳкам турса бўлгани. Нурқобилнинг сафари қарийди. Лекин…
Лекин гоҳ-гоҳида Ўташевнинг Нурқобилга раҳми ҳам келиб қўярди. Сал жабр бўлмадимикан шу болага, деган ўйларга ҳам боради. Уям инсон, ахир, бир умидвор бандага озор бериш мусулмончиликданми? Йўқ, албатта. Аммо ўзи айбдор-да. Ўташев иш шунчаликка боришини истаганмиди? Ҳеч ҳам. Нурқобилнинг ўзи ўт билан ўйнашди. Ҳали тоғдаги экинзорга, ҳали Бойқувватнинг ишларига ёпишди. Ҳаким шумни тезлаб, Ўташевнинг оғзидаги ҳалол оши бўлган машинани бердирмай қўйди. Ҳатто хотинига кўз олайтирди. Ўзингиз инсоф билан айтинг-чи, Ўташевнинг ўрнида бошқа одам бўлса, нима қиларди? Ҳар қандай одам ҳам ор-номус учун курашади-да, ахир. Нурқобил шу кетиши бўлса, эрта-индин Ўташевга ошкора ҳужум бошлаб, уни ҳозир эгаллаб турган жойидан ҳам туширишга уриниб кўрган бўларди. Курашнинг қоидаси шу – ким чаққон бўлса, ким олдинроқ ҳаракат қилса, ўша йиқитади. Ўташев олдинроқ отни қамчилади, ҳалоли бўлсин.
У “ўқлов”ни якунлаб, папирос найчасини лабига қўндирди, “Зиппо” русумли швейцарча ёндиргични ёқиб, ўт олдирди. Ачқимтил қўланса мазали тутунни ичига тортди. Кейин пуфлади. Хонага хушбўй ва ёқимсиз икки хил ҳид қоришган ғалати бир бўйли кўкиш ғубор таралди. Ўташев кўзини юмиб оромкурсисига ястанди. Бир неча сониялардан сўнг жисми енгил тортиб, бутун дунё ташвишларини унутди. Вужуди бардамлик ҳис этиб, мияси тиниқлашгандек бўлди. Мана ҳузур, мана кайф. Отасининг гапи энди ҳеч қанақа аҳамиятга эга эмас. Хотинга ёлчимаса ёлчимас. Аёл танасидан лаззатланмаса лаззатланмас. Анавинақа нонтепки хилидан буткул мосуво бўлсаям майли. Қайтанга… лаззатларнинг энг аълоси – ҳокимият лаззатидан янада кучлироқ баҳраманд бўлади тез орада. Шокиралиев ҳақидаги гап тўғрига ўхшаяпти. Тунов куни Ўташев бир йиғинда яқинроқ бориб, секин оғзини ҳидлашга уринди. Қорадори ҳиди келгандай бўлди. Ўташев бу ҳидни етти чақирим наридан ҳам билади. Демак энди йўлини қилиб, ҳузурига кириш ва… ўз хизматини таклиф этиши лозим…
Телефон жиринглади. Вилоят прокурорининг муовини. “Ўртоқ Ўташев, сиз туман раҳбари сифатида “Чорбоғсой” билан “Миришкор”даги қинғир ишларни наҳотки сезмагансиз Аввал “Миришкор” бунақа бўлиб кетди. Энди “Чорбоғсой”да алғов–далғов. Биринчи раҳбар сифатида шу ҳақда чуқур ўйлаб кўрдингизми ҳеч. Ахир, шунча гап бўлибди. Наҳотки сезмагансиз, бизни хабардор қилмагансиз, огоҳлантирмагансиз”.
“Улар яширинча, жуда пухта иш қилишган, ўртоқ прокурор, менга нотўғри ахборот беришган, мавжуд аҳволни бўяб кўрсатишган”.
“Ҳар ҳолда чуқурроқ бу ёғига пухта бўлинг. Бўтаевнинг масаласи нима бўлди?
“Эртага ўчириб, қамашга рухсат берамиз, бюрога пухта тайёргарлик кўрилган”
“Яхши, мажлис тугаган заҳоти хабар берасиз.”
“Хўп бўлади…”
Ҳа, унинг омади келяпти. Бюрода Нурқобилга ҳал қилувчи зарбани беради. Кейин қамоққа жўнатади. Қиличбой орқали мўлжалланган чоранинг ҳозирча ҳожати йўқ. Ўташев Нурқобилни жисмонан ўлдирмайди. Тириклай кўмади, руҳан яксон қилади. Токи… қайтиб, у билан ўйнашмасин…
Ишхонадан чиқиб уйга келди. Маъсума кетганидан буён уй ҳувиллаб ётибди. Хизматкор кампир дамлаб келган чойга новвот солиб шимирди. Хотинчаси билан тунов куни бўлган даҳанаки жангни эслади.
Худди бугунгидай кечқурун яхши кайфиятда келганди. Қараса, бойвучча бошини чангаллаб ўтирибди. Ҳойнаҳой, Нурқобилнинг “азасини тутаётгандир”. Жуда барвақт бошлаб юборибди. Сал шошмаса бўларди.
– “Ҳа, бойвучча, кайфингиз йўқ?
– Сизники жуда зўрга ўхшайди, шу етар.
– Бизники ҳамиша зўр бўлиб келган, ҳозир ҳам зўр, келажакдаям зўр бўлади.
– Жудаям қаттиқ ишонасиз-а, ўзингизга?
– Ие, бўлмасам-чи, ҳалол инсон бўлсам, ҳақиқат мен томонда бўлса. Албатта ишонаман-да!
– Йўқ, шу сафар ҳақиқат сиз томонда эмас. Нурқобил томонда, билдингизми?
– Ўҳў, тилингиз жуда зўр-ку! Бу дейман, Нурқобил роса урган экан-да жигардан, а? Раҳмингиз келдими? Ачинаяпсизми?..
– Сизга ачинаяпман, дуппа-дуруст одам… Шу даражада… шунчалик…
– Ў хоним, бўлди, унчалик ўзингиздан кетаверманг! Жа, эркалатиб юборибман сизни. Агар Нурқобил сизга шунчалик қадрли бўлса, ёнига бориб… – Ўташев бу гапни беихтиёр айтиб юборди. У хотинига ҳеч қачон “кет” демасди. Чунки шундай деса, хотини буни катта гап қилиб, обрўсига путур етказиши ва шу баҳонада ажралиб кетиши мумкинлигидан қўрқарди.
– Майли, кетаман. Жавобимни беринг.
– Ахмоғингиз йўқ, хоним. Мен сизга кетинг деган гапни айтмадим. Айтмайман ҳам. Муқаддас оилани бузиш учун менда ҳеч қандай асос йўқ…
Тошбўри турадиган хонанинг эшиги ғийқиллаб очилди-ю, мунозара бўлинди.
– Чақиринг, бирга овқатланайлик, – деди Ўташев.
Тошбўри кирди. Салом берди.
– Ишлар қалай, отам, – Ўташев меҳрибонлик билан Тошбўрининг елкасини силаб қўйди. – Ёриб-тикиб ётибсизми?
– Раҳмат, ёмон эмас. Ҳаким акани олиб келишди.
– Ие, бўлғувчи қайнотангизни-я. Нима бало урибди бизнинг хешга?
– Миокард инфаркти. Ҳозир дуруст. Даволаяпмиз.
– Оббо, отам-ей! Зап иш қилибсиз-да! Энди қизини сизга текин бераверсаям бўлади, машинага қўшиб.
Тошбўри машина машмашаси эсига тушиб ҳижолат тортди.
– Ўшанда… унча яхши иш бўлмади-да. Шаҳарга борганда отамга айтсам “Одамгарчиликка тўғри келмайдиган иш қилибсизлар” дедилар.
– Э-э, қизиқсиз, Тошбўривой. Отангизни аралаштириб нима қиласиз ўзимизнинг ишларга. Қўйинг, маърузасини ўқиб юраверсин. Ўша ишни… ким учун қилганимизни кошки тушунса…
– Тушунишга-ку тушунадилар, лекин…
Сафия кампир (бу аёл Ўташевнинг узоқроқ холаси бўлиб, ҳеч кими йўқлигидан шу ерда турар, бирйўла рўзғор ишларини ҳам юритарди) чой, шўрва олиб келди. Овқат устида бир муддат жимлик бўлди. Сукунатни яна Ўташев бузди.
– Ҳа, майли, ўтган ишга салавот. Янги гаплардан гапирайлик. Қалай бўлаяпти ўзи, шахсий фронтдаги аҳвол қандай?
Тошбўри кўзини олиб қочди.
– Ҳозир… унинг отаси бу аҳволда бўлса…
– Нима бўпти, сиз отасини олмайсиз-ку. Тем боле, ҳозир отаси сизнинг қўлингизда, ёрдамингизга муҳтож. Шундан фойдаланиб қолинг-да. Масалани конкрет қўйинг– кўндалангига!
– Йўғ-е, ундай қилиб… бўлмайди-е.
Шу пайтгача жим чой ҳўплаб ўтирган Маъсума пичинг қилди:
– Отаси ўладими, қоладими, сизга нима, савдо қилиб ишингизни битиринг-да…
Ўташев хотинига ўқрайиб қараб қўйди. Мунозара яна узилиб, ўртага ўнғайсиз жимлик чўкди…
Чироқни ўчириб хоналарига кирганларидан кейин Ўташев хотини билан ярашмоқчи бўлди. Секин ёнига кириб, тўшагига суқилди, Маъсума силтаб ташлади. У бир пайтлар кўзига ажабтовур салобатли, кучли, хушбичим кўринган, ақлли, билимли бўлиб туюлган одамдан бугун илк марта жирканди, нафратланди. Бу одамнинг домига тушган кунларини алам ва ўкинч билан кўз ўнгидан ўтказди. Кейин бояги таҳдидли шартни илгари сурди. “Энди менга барибир, бунақа яшагандан кўра, ўлганим яхши”, деди. Ўташев шартга дарров рози бўлибгина қолмай, Маъсуманинг бир пайтлар қилган орзуси – Италия саёҳатинида бир зумда ҳал қилди. Тунов куни Тошкентдаги халқаро туризм вазирлигида ишловчи ошнаси билдирган таклиф эсига тушиб, бетўхтов унга қўнғироқ қилди. “Хоҳласалар эртагаёқ келсинлар, шу куниёқ жўнатамиз”, деди ошна. “Эртагамас, индин етказамиз, йўлланма ва чиптани ҳозирлаб қўйинг”, деди Ўташев.
Шу топда Тошбўри ҳам йўқлиги боис ҳайҳотдек муҳташам залда бир ўзи ўтириб юраги сиқилди ва Маъсума ҳақида ўзича шундай хулоса қилди: майли, дам олиб ҳам шаштидан тушмаса, жавобини бераман ва… шундай қиламанки, бир ой ўтмай мулла минган эшакдай бўлиб қайтиб келади мочахар. Ким билан ўйнашаётганини эсидан чиқарибди.
5
Маъсумахонимиз эса айни шу лаҳзаларда Капри оролининг бағоят сўлим хушҳаво пансионларидан бирида ҳордиқ ёзиш баробарида Нурқобил ҳақида ўйлар, ёшлик йилларини эслар, нега ўша пайтлар нописандлик қилдим дея ўкинар эди.
Институтда ўқиб юрар экан, Нурқобилни бир кўришда ёқтирган бўлса-да, дастлаб назарига илмаётгандек тутди ўзини. Нурқобил ғурурли йигит экан. Ўзини тортди. Маъсуманинг ўзи мойиллигини сездиришга мажбур бўлди. Нурқобил такрор яқинлаша бошлагач эса арзимаган нарса туфайли яна аразлашишди. Қандай уришган бўлсак, шундай ярашиб кетамиз, деб ўйларди. Ахир аслида жиддий аразлайдиган гапнинг ўзи бўлгани йўқ… у пахтага кетиш арафасида Нурқобилни кўргани касалхонага борди. Унинг “борасизми?” деган саволига: “Албатта, ахир бу талабалик бурчим”, деб жавоб қайтарди. “Унда касалхонадан чиқиб, мен ҳам етиб бораман” деган гапини эсдан чиқарди-да, пахтада икки кун туриб, кетиб қолди. Касалиниям унутиб, унинг дийдорига интилган йигитнинг умидини синдирганини кейинроқ тан олди. Бошда Нурқобилнинг бунчалик қаҳри қаттиқ деб ўйламаган, арази эсдан чиқади, ярашиб кетамиз деб умид қилганди. Бу умид амалга ошмади. Кейин Нурқобил сиртқига ўтиб кетди. Шу-шу ўқиш тугагунча ҳам кейин ҳам Маъсума бошқа ҳеч кимга кўнгил қўёлмади. Раҳматлик отаси ҳали от устида эди. Институтдан сўнг дарров ёшлар қўмитасига ишга жойлади.
Ўша пайтларда отасининг узоқроқ ошнаси бўлган Ўташев билан тасодифан танишди. Таклифига беихтиёр қизиқди. Бу даванги, бесўнақай одамни тепса тебранмас, анойи деб ўйлар ва ундан истаган пайтда қутулиб кетиш мумкинлигига ишонарди. Бироқ қутула олмади. Тақдирга тан беиришга, эрининг паҳлавонсифат қадди-қоматидан, серёғ, сергўшт юзидан фазилатлар топишга уринди. Ўташевнинг “ёвуз хотини томонидан шафқатсизларча алдангани” бироз раҳмини келтирганди.
Ўташев эса Маъсума унга ўғил, меросхўр туғиб беришини истарди. Чунки аввалги хотинидан кўрган болаларининг ҳаммаси қиз эди. Лекин Маъсума фарзанд кўрмади. Шунда Ўташев опасининг ўғли бўлмиш Тошбўрини ўз тарбияси ва ҳомийлигига олди. Милтиқбой поччаси албатта Тошбўри фан йўлидан бориши керак деб ҳисобларди. Лекин Ўташев Тошбўрини амалиётнинг афзаллигига ишонтира билди.
Ўташев ортида ўз маслагини давом эттирувчи қатъиятли киши бўлишини хоҳлайди. Аввалига у укаси Бойқувватни шундай одам қилмоқчи бўлди. Лекин Бойқувват табиатан иродасиз, мустақил иш қила олмайдиган, баъзида кўнгли бўш, ишонувчан эди. Устига устак ичкиликка ҳам ружу қўйганди. Тошбўрининг касби Ўташевнинг талабига у қадар жавоб бермасди, албатта. Чунки врач жуда учиб борса соғлиқни сақлаш вазири бўлиши мумкин. Аммо ҳарқалай бу ҳам ёмон эмас-да. Кейинроқ у сиртдан қишлоқ хўжалиги институтига кириши мумкин. Энг муҳими, Ўташевнинг ортида кучли бир одам қолади. Ўташевлар эришолмаган ниятларга у эришади. Албатта… Тошбўрининг фамилияси Ўташев бўлганда… Ўташев опаси билан поччасини шунга кўндирмоқчи бўлди, ахир уларда яна икки ўғил бор, лекин уддасидан чиқмади. Улар “Ахир Бойқувватнинг уч ўғли бор, Ўташевлар сулоласини ўшалар давом эттираверади” деб рози бўлишмади. Ҳечқиси йўқ, барибир одамлар Тошбўрини айнан Шоқувват Ўташев тарбиялаганини, унинг томирида Ўташевлар қони оқаётганини биладилар.
Маъсума ҳам буни билар, баъзида Тошбўрига “Худди тоғангизга ўхшайди гапларингиз” деб қўярди. Лекин Тошбўри анча-мунча соддароқ, тозароқ эди. Ҳали у ҳаётга, унда мавжуд тушунчаларга бевосита, тўғриликча ёндашар, бировга қилинган яхшилик учун, кўрсатилган ёрдам учун, хайр-саховат учун шундан кўра кўпроқ жавоб кутиш ёки тўғридан-тўғри таъма қилиш нималигини билмасди. Бир сафар тоғда яшовчи чўпон хотинининг кўзи ёриди. У эгиз чақалоқлари – Ҳасан-Ҳусанни эсон-омон сақлаб қолди. Эртасига чўпон Ўташевникига семиз бир қўчқор ташлаб кетибди. Тошбўри бундан аччиқланди. Лекин Ўташев пинагини бузмади.
– Хўш, нимага асабийлашасиз, отам? Чўпон яхшиликни биладиган, қадрлайдиган, қайтариш лозим эканлигини тушунадиган одам экан. Сидқидилдан олиб келибди. Бунинг нимаси ёмон? Бечора агар шуни олиб келмаса, ўзини сизнинг олдингизда бир умр қарздор билиб, ҳижолат чекиб юради!
Тошбўри соддалиги устига анча зукко ва кинояга уста эди.
– Агар гап шунга борадиган бўлса, – деди у, – яхшиликка жавобан албатта яхшилик қайтариш лозим бўлса, қийматиям тенг бўлиши керак-да, шундай эмасми?
– Албатта, албатта, – деди Ўташев Тошбўри унинг гапини маъқуллаганидан хурсанд бўлиб.
– Шундай экан… Мен унинг хотинини, икки фарзандини сақлаб қолдим, бошқачароқ айтсам, ҳаётларини сақлаб қолдим. Хўш, шундай яхшиликнинг қарзини битта қўчқор билан узиш мумкинми? Уч кишининг ҳаёти бор-йўғи битта қўй билан баҳоланадими?
Ўташев кинояни ё тушунмади, ё тушунмасликка олди.
– Э, отам, сиз бу элни билмас экансиз. Ўша чўпон сиздан доим қарздор. Истаган пайтда бориб отарнинг ярмини олдингизга солиб ҳайдаб кетинг, ғинг деса одам эмасман.
Тошбўри тоғаси билан баҳслашиш фойдасиз эканлигини биларди. Индамай қўя қолди. Лекин чўпон хотини ва чақалоқларни касалхонадан чиқаргани келганида:
– Аввал қўчқорни қайтариб олиб кетинг, кейин жавоб бераман,– деди жиддий.
– Йўғ-е, қўйсангиз-чи, духтур ука, буни… бир суюнчи деб…
– Мен агар касалхонада туғилаётган ҳар бир чақалоқ учун суюнчига биттадан қўй оладиган бўлсам, икки-уч ойда чорвам сизнинг отарингиздан ҳам кенгайиб кетади-ку. Кейин духтурликни йиғиштириб, қўй-эчкиларни саранжомлаб юришимга тўғри келади.
Чўпон ҳарчанд уринмасин, қўчқорни олиб кетишга мажбур бўлди. Тошбўри енгил тортди. Ўташев асабийлашди.
– Битта қўчқорни деб шунча шовқин–сурон қилишнинг нима зарурати бор эди, отам. Кўрган кўзга кулги. Ҳа, нима дейсан, Тошбўрибой хизмати эвазига келган қўйни қайтариб юборибди. Кошки шу билан ҳамма нарса ўзгариб қолса. Жа бўлмаса, пулини бериб юборсанглар ҳам бўларди давлат нархида.
Тошбўри яна индамади.