Читать книгу "Қуёш ботаётган пайт"
Автор книги: Хабиб Темиров
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
22
Бу пайтда Нурқобил хўжаликнинг кундалик ташвишлари билан югуриб юрар, бош қашишга вақти йўқ эди. Ҳали сув омбори қурилишига, ҳали ғалла экиш учун янги очилаётган ерларга, ҳали стадион қурилишига чопади. Стадион ҳашар йўли билан қурилаётганди. Майдон текисланиб, чим ётқизилди. Дарвозалар ўрнатилди. Атрофига сув келадиган қилиб дарахт ўтқазилди. Энди томошабинлар учун ўриндиқлар ясалаяпти.
У завқ билан ишлар, чарчашни билмасди. Фақат… фақат дилидаги ягона кемтик – сўққабошлик эзарди уни. Кечалари Гулруҳни эслаб, киприк қоқолмас, муздай ёстиқни кўксига босиб тонг оттирарди. Ёш, кучга тўлган йигитга аёлсизлик оғир эди. Нурқобил шунинг учун бутун аламини ишдан оларди. Иш… Иш ҳам бутун аламингни, қалбингдаги бутун оловнинг тафтини босишга қодирми? Фақат ишнинг ўзи билан овуниш мумкин бўлса қани эди-я… Ёнгинасида, шундоқ қўл узатса етгулик жойда ҳуснда тенгсиз, малоҳатда бетакрор, бунинг устига Нурқобил ўзини олиб қочгани сари унга кучлироқ талпинаётга бир хилқат унинг васл шаробига ташна жисмию руҳига тинчлик бермасди. “Сиз… фақат сиз учун Ўташевнинг беҳисоб-молу давлатидан ҳам, Тўхтабоев ваъда қилаётган туман, вилоят миқёсидаги раҳбарлик лавозимларидан ҳам кўзимни чирт юмиб, бир лаҳза иккиланмасдан воз кеча оламан, – деганди у ўшанда денгиз соҳилидаги араз, гина, эҳтиросу сомелик ва чексиз ҳаяжон қоришган монологида. – Чунки Сиз… мен ҳаётда интилган ва эришолмаган ягона чўққисиз. Бойлигу зеб-зийнатга тўла шоҳона ҳаётни ҳам, фараҳбахш сайру саёҳатниям, ҳаммасини кўрдим. Буларнинг бари, умуман ҳаётдаги бошқа барча нарсалар кўнглингдаги суюкли одамнинг бир лаҳзалик висолига арзимайди.” “Унақа деманг, аёл киши учун ундан муҳимроқ, азизу муқаддас қадриятлар кўп, мисол учун биргина… оналик бахтини олайлик.” Бу гапи билан Нурқобил Маъсуманинг жисму жонидаги энг оғриқли нуқтага теккан, ярасини тирнаб қўйган эди. Маъсума гапиролмай қолди. Унсиз йиғлади. Ҳар тугул тезда ўзини қўлга олиб: “Албатта мен ҳам она бўлишни орзу қиламан, лекин фарзандим… муҳаббат ҳосиласи бўлишини истайман. “Итдан бўлган қурбонликка ярамас” дейишган ахир.
Шу тарзда билвосита нолиганини айтмаса, Маъсума Ўташевдан ошкора шиква-ю арз этиб, ёмонлаб ўтирмади. Буни Нурқобил қандай қабул қилишини ўзича тахмин этарди. Гапни буриб, Нурқобилдан оиласи ҳақида пурси пос қилишга ўтди, хотини ёш нобуд бўлганига надомат билдирди. “Нима касал эди?” деб сўради. Нурқобил қисқа қилиб, “юраги хаста эди” деб қўя қолди.
…Гулруҳнинг туғма юрак касали бор эканлигини биринчи фарзандлари туғилганда билишди. Врачлар унга энди туғиш мумкин эмас, деб айтишди. Нурқобил ҳам рози эди. Лекин… Гулруҳ бўйида бўлганини сал кечроқ пайқади ва иккинчи боласини олдиришни истамади. Не бўлса бўлар, ичимдаги фарзандни ўлдирмайман деди. Нурқобил уни кўндиришга кўп уринди. Охири таваккал қиладиган бўлишди. Таваккал гўёки ўзини оқлагандек бўлди. Эсон-омон қутилиб олди. Умид билан Ҳаётжон деб ном қўйишди иккинчи ўғилга.
Лекин шундан кейин Гулруҳнинг аҳволи ой сайин оғирлашди. Касали тез-тез хуруж қилар, ҳар гал гўё мўъжиза бўлиб тирик қоларди. Лекин кундан-кун озиб-тўзиб тугаб борарди. Ва ниҳоят оддий кунларнинг бирида ишга кетаётган Нурқобилнинг кўзларига меҳр ва илинж билан тикилиб, “Бугун кетманг, бугун мен… кетаман”, деди. Во, ҳайрато, одам… сезар экан сўнгги нафасни олиш фурсати келганини. Ўша куни узоқ суҳбатлашишди. “Мен ўлганимдан сўнг… уйланасиз-да албатта?” деди Гулруҳ. “Йўқ, уйланмайман”, деди қатъий қилиб Нурқобил. “Унақа деманг, албатта уйланинг, фақат шошмасдан танланг, ўзингизни гулдай тутадиган озода, болаларимни ўкситмайдиган худотарс ва солиҳа бир аёлни топинг, хўпми?” деди. Нурқобил кўзи тўла ёш билан бош чайқади. “Хўп, денг, менга ваъда беринг, ўтинаман сиздан, менинг руҳимни қақшатмайдиган солиҳа бир жувон олинг, агар… бефарзанд бўлса, ҳаётда ўзи ўксинган, қийинчилик кўрган бир аёл топилса яна ҳам яхши. Айтинг, худди шунақасини топаман, деб менга сўз беринг…” Нурқобил завжасининг ўксик бошини кўксига босиб, йиғи аралаш: “майли жоним, майли”, деди. Шу тахлит ризоликдан сўнг у қандай йўл тутиши мумкин? Агар… шайтон измига кириб, денгиз бўйида ҳисларини жиловлай олмаганида, ўзини у дунёю бу дунё кечиролмасди ахир. Гарчи… дафъатан қараса, Маъсума худди Гулруҳ айтган жафокаш аёлнинг айнан ўзи. Ҳаётда алданган, ўксинган, бефарзанд, хуллас, кўп жиҳатдан мос келади. Бунинг устига… Нурқобилга: “сиз менинг биринчи ва сўнгги муҳаббатим экансиз”, деди. Талабалик чоғларида оралари узилиб кетгач, кўнглига ўтиришадиган бирор йигит учрамабди, қари қиз бўлиб қолгач, бунинг устига комсомол, партия идораларида ишлагач, мундайроқ одамлар: “хулқи яхши эмас”, деган шубҳа билан оғиз солмабди. Шу орада “аканг қарағай ҳалол коммунист”, деб бир умр давлатнинг уйида яшаган амалдор падар ўтиб қолиб, оила камбағалликка юз тутибди. Хуллас, баногоҳ оёқ остидан чиққан Шоқувват оға унга нажот фариштаси бўлиб кўринибди. “Нега унда… унинг юзига оёқ қўймоқчи бўляпсиз”, дея тикка сўради Нурқобил. Очиғи, бу саволда аёл томонидан бу қадар ошкора ташаббус ва мойиллик кўрсатилаётганидан бир қадар ижирғаниш ҳисси ҳам бор эди. Нурқобилда болалик чоғларидан шаклланган тассаввурга кўра севги фақат йигит томонидан изҳор этилиши, қиз эса ризолигини хоразмча қилиб айтганда, “қўйсанғиз-а” деган карашма ёхуд жилла қурса сукут ила билдирмоғи шарт эди. Маъсума ҳам тикка жавоб берди: “Йиллар давомида фақат ва фақат сизни… жонимдан ортиқ яхши кўришимни тушуниб етдим. Ва уяту андишани йиғиштириб, буни очиқ айтишга қарор қилдим. У киши яхши одам, турмуш қурганимиздан буён мени эъзозлаб келяпти. Лекин… нима қилайки, севмайман. Кейин…
у кишини на-да севиш, балки ҳурмат қилолмаслигимни, бинобарин бирга яшай олмаслигимнинг бошқа бир сабаби ҳам борки, у ҳақда мавриди келганда айтарман.” Нурқобил Маъсуманинг отаси ҳам худди Музроб Туробов сингари мансабпараст “ошналари” томонидан инфарктга йўлиқтирилганлиги ҳақида эшитганди. “Наҳотки Ўташев ҳам ўша “ошналар” қаторида бўлган?” деб ўйлади. Буни Маъсума билмаганми? Ё кечроқ билиб қолганми? Агар чиндан ҳам шундай бўлса, Маъсумага, бечора аёлга осон тутиб бўлмайди. Лекин… барибир мардоналарча тутяпти ўзини. Шавҳари ҳақида деярли ёмон гапиргани йўқ.
Маъсума… Маъсума… Нега яна пайдо бўлди у? Нега Нурқобилни тинч қўймайди? Ахир у унутилган хотирот, ўсмирликнинг ўткинчи бир ҳаваси, соддадил, қишлоқи йигитнинг самимий бир ишқибозлиги эмасмиди? Яна қайдан пайдо бўлди у? Яна нега кирди Нурқобилнинг ҳаётига? У ўйлаб-ўйлаб ўйига етмас, бундан гоҳ севинар, гоҳ ўкинар, азоб чекар эди. Ахир ҳув ўшанда, кузнинг ёмғирли кунида кўзидан-да оби дийдаси ёмғирдай қуйилиб, қатъий аҳд этмаганмиди, уни умрбод унутишга, “бу қиз менинг тенгим эмас, дунёқарашларимиз тамоман зид, у билан ҳеч қачон бахтли бўлолмайман”, демаганмиди? Ё одам йиллар ўтиб аҳдини ҳам, дунёқарашини ҳам ўзгартирадими?
Шу каби азобли саволлар асносида ёшлик йилларини, қалбига илк муҳаббат мутлақо сўроқсиз тўсатдан бостириб кирган ва шошқалоқ меҳмон сингари дарров жуфтакни ростлаган кунларни эслаб кетди.
23
…Нурқобил қишлоқ хўжалиги институти талабалари ўрнашган мактаб-ётоқхонага етиб келганида вақт чошгоҳга яқинлашганди. Икки қиз ўчоқ атрофида куймаланишарди. Қозондан карамшўрванинг иштаҳани қитиқловчи ҳиди тараларди.
Нурқобил уч кун олдин касалхонадан чиқди. Сариқ касал дегани чиндан ҳам жоннинг азоби экан. Икки ойда паҳлавондек йигит озиб, териси устихонига ёпишиб қолди. Юрса мадори қурийди, тиззаси қалтирайди. Ишқилиб, энг муҳими, тузалиб чиқди. Энди беш-олти ой парҳез қилиб, ўзини парваришлаб юрса кўрмагандек бўлиб кетади.
Ҳаво илиқ, қуёш нури баданга мойдек ёқади. У плашчини ечиб билагига ташлади-да, бўғриқиб кетган ёқасини шамоллатди. Ҳорғин танасига ажиб енгиллик югурди. Уйга ҳам бурилмай, тўғри институтга ошиқди.
– Қайси туманга, қайси хўжаликка кетишди? – нафаси оғзига тиқилиб суриштирди Нурқобил.
– Нима, бормоқчимисиз? – декан ўринбосари ҳайрон бўлиб елкасини қисди. – Қоғоз бермадими, дўхтир?
– Йўқ, йўқ, менга… менга мумкин. Фақат парҳез қилиб юриш керак, – деди Нурқобил шошилиб. – Соппа-соғман.
– Ихтиёрингиз, – декан ўринбосари яна бир марта елкасини қисди. – Марҳамат, эртага эрталаб келинг. Автобус боради.
Нурқобил деканатдан енгил тортиб чиқди. Хайрият, қоғоз сўраб ўтирмади. Эртага курсдошларининг… Маъсуманинг олдида бўлади. Маъсуманинг олдида… Эҳ, куюнчак доктор ака, бунинг қанчалик муҳим, қанчалик зарур эканлигини сиз тушунармикансиз?
У касалхонадан чиқиши олдидан даволовчи доктор билан бўлган суҳбатини эслади. Нурқобил дўхтирнинг энди бирорта курортга йўлланма топиб, яхшилаб дам олинг деган маслаҳатига жавобан:
– Биз учун курорт – пахтазор-да, – деди.
– Сиз қизиқ одам экансиз, ошна, – деди дўхтир чинакам аччиқланиб. – Одамлар бир амаллаб қутулиб қолишнинг иложини қилолмай, гаранг бўлиб юришади-ю, сиз бўлсангиз…б угун касалхонадан чиқиб пахтага бораман, дейсиз.
– Ўзимам салкам дўхтир бўлиб қолдим, ака, – деди Нурқобил гапни ҳазилга айлантирмоқчи бўлиб. – Молдўхтир ҳам дўхтир-да. Буёғига ўзимни ўзим даволаб, парваришлаб юравераман-да.
– Э, бошимни айлантирманг. Касалингиз қайталагудек бўлса, сизни қайта бошдан даволаш учун кетадиган харажат давлатга сиз териб берадиган бир қоп пахтадан кўра қимматга тушиб кетади.
– Хотиржам бўлинг, давлатга зарарим тегмайди. Мен жуда чаққон тераман, – яна ҳазиллашди Нурқобил ва дўхтир тайёрлаб қўйган справкани секин суриб қўйиб, ўрнидан турди.
– Ҳеч бўлмаса ҳар эҳтимол учун чўнтакка солиб қўйинг буни, ў, патриот! – қичқирди ортидан дўхтир. Аммо Нурқобил эшитмади. У бир сакраб кўчага чиқиб олганди.
Тонгда кўрпа-тўшагини орқалаб факультетга жўнар экан, бир зум иккилангандек бўлди. Яна пахта деб… Ўзи икки ой роса занглаб кетди-ку. Йўқ, балоям урмайди. Болалар билан бирга бўлса, Маъсуманинг ёнида юрса довул ҳам писанд эмас.
Маъсума! Нурқобил уни институтга кириш учун биринчи имтиҳон топшириш чоғида кўрибоқ юраги жиз этганди. У имтиҳон топшириб чиқаётганида қиз энди кираётганди. Нурқобил унга кўзи тушди-ю, худди танишини, узоқ вақтдан бери кўрмай юрган яқин одамини кўргандек юраги ҳаприқиб кетди. Гўё бу қизни аввал ҳам кўрган, билган, бир умр у билан танишдек эди. Шунинг учун бўлса керак, унга қараб беихтиёр оғзининг таноби қочди. Қиз ҳам майин кулимсиради. Унинг табассуми бошқача эди. Бунақа жилмайишни Нурқобил умрида биринчи кўриши эди. Қизни у қадар гўзал деб бўлмайди. Лекин унда… дафъатан қараганда алланечук бир ёғду бор эди. Ана шу ёғдуни биринчи бўлиб Нурқобил кўрганди. Кўрди-ю, кўкрагининг қачонлардан бери хира тортиб, қоронғи бўлиб юрган бурчаги ярқ этиб ёришиб кетди.
Қизнинг исми Маъсума экан. Улар ўша куниёқ танишишди. Асли Чашмизирак томондан бўлиб, ҳозир шаҳарда яшашар экан. Баҳоларининг бир хиллиги (икковиям “тўрт”), бир куни топширишгани, хуллас, уларни яқинлаштирган бахтли тасодифлар бир талай эди.
Талабалар рўйхатига ўтишгач, Маъсума уйига таклиф қилди.
– Келинг, синфдошларим, дугоналарим бўлишади. Ўтирамиз. Ўйин-кулги қиламиз.
Ўша оқшом Нурқобилнинг хотирасига бир умрга муҳрланди. Энди эсласа, худди тушида бўлгандек. Бинафша ранг ҳарир кўйлакда эртаклардаги маликага айланган Маъсума. Дид билан ғоят бежирим қилиб жиҳозланган, ҳинд кинофильмларидаги уйларни эслатувчи хона, тўкин дастурхон, япон магнитофонидан таралаётган ёқимли куй, енгил рақс. Йўқ. Йўқ-йўқ, у елкасидаги оққуш қаноти каби нафис қўлларга, оғушидаги бир тутам нозик белга озор етказмаслик учун шу қадар эҳтиёткорлик билан, шу қадар авайлаб айланардики, юзига урилаётган ҳароратли нафас эпкинидан учиб кетай дерди. Йўқ. Ўша оқшомдаги сархуш кайфиятини, беғубор мастоналикни тасвирлаш қийин.
Ўша оқшом сурурини ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди. Ўша кеч у қишлоққа сархуш қайтар экан, биринчи севги, ҳақиқий севги шу бўлса керак, деб ўйлади. Буни бошқача аташ мумкин эмасди. Энди у ўзини Маъсумасиз тасаввур этолмасди. Кўрмаса туролмас, энтикар, кўзига ҳеч нарса кўринмас, кўнглига қил ҳам сиғмасди. Нурқобилни кўрди дегунча, кўзлари чақнаб кетарди Маъсуманинг ҳам. У ўзини қанчалик бепарво, лоқайд кўрсатишга уринмасин, кўзлари фош қилиб қўярди уни. Тим қора шаҳло қароқлари қувончдан порлаб кетарди.
Биринчи сентябрь тонгини қаршилар экан, Нурқобил Маъсумани севажагига, буни унга айтмаса тура олмаслигига ишонч ҳосил қилди. Шу бугун – талабаликнинг биринчи кунида севгисини изҳор қилди. У китобларда ўқиган. Севгини изҳор қилиш шарт эмас. У сўзсиз ҳам англашилаверади. Китоблар билан неча пуллик иши бор унинг. Оддий қилиб айтади-қўяди: сизни яхши кўраман, жуда-жуда яхши кўраман, дейди. Тамом. Вассалом.
Маъсуманинг “Мен ҳам сизни яхши кўраман” демаслиги турган гап. Эҳтимол, у ҳеч нарса демас. Индамай бурилиб кетар. Майли. Нурқобил кутади. Ишқилиб, Маъсума унинг севишини билса бўлди-да. Энг муҳими шу…
У тонгни ёқимли хаёллар оғушида қаршилади. Лекин ювиниб, дастурхон бошига келганда, боши айланиб, кўзи тина бошлади…
Касалхонада салкам икки ой ётди. Ниҳоят, тузалиб чиқди. Бу кунни қанчалик интиқ кутганини даволовчи врач туш билармиди. Давлатнинг харажатини гапириб ўтирибди-я. Нурқобил Маъсуманинг ёнида бўлса бас. Шамол малҳам, сув ҳар қандай доридан шифобахш…
Ҳовли гавжумлаша бошлади. Талаба дўстлари бирин-кетин ҳол-аҳвол сўрашиб қуршаб олишди. Нурқобил саволларга шоша-пиша, пайдар-пай жавоб берар, хаёли бошқа ёқда, зимдан Маъсумани ахтарарди. Маъсума эса нимагадир кўринмасди.
Тушлик тугадиямки, Маъсумадан дарак бўлмади. Бу орада Нурқобилнинг нарсаларини жойлаштиришди, фартук беришди. У қизларнинг бирортасидан сўрагиси келар, лекин уяларди. Маъсума пахтага жўнашидан олдин борган, ҳамма қатори у ҳам кетаётганини айтганди. Касалхонадан чиққан куни уйларига қўнғироқ қилиб сўраганида ҳам пахтада дейишди-ку, қизиқ.
Тушлик тугаб ҳамма пахтазорга отлангач, чидаб туролмади. Қизларнинг биридан секингина суриштирди.
– Маъсума кўринмайдими?
– А-а-ҳ! – лабини бурди у. – Кетди. Шу бугун меҳрибон дадаси келиб олиб кетдилар.
– Қандай қилиб? Жавоб беришдими?
– Жавоб беришмади. Дўхтирдан қоғоз опкелиб кўрсатди.
Нурқобил бўшашиб кетди. Ҳали ҳолсиз эканлигини, тиззаларида, белида дармон йўқ эканлигини, қовурғасининг ости ачишиб турганлигини, лаби гезариб, томоғи қақраётганлигини энди сезди. Бунинг устига, кўкрагига тошдек қадалиб тинчлик бермаётган, ҳаловатини ўғирлаган, сокин мулоҳаза юритишга монелик қилаётган қаттиқ, иссиқ бир нарса чарс этиб дарз кетганини ва аллақайси бурчаги совий бошлаганини ҳис қилди. Ахир… ахир ваъда берган эди–ку. Ахир: “сизга айтадиган гапларим кўп”, деганида “шошилманг, пахтага борсак далада бемалол суҳбатлашамиз”, деганди-ку…
Кўнглида сўнгсиз ўкинч ва чидаб бўлмас бир алам бор эди. Ана шу алам унинг кўзларига тирқираб қуйилиб келди, отилиб бўғзига қадалди. Аммо ташқарига чиқмади. У бутун дардини хўрсиниш аралаш хирқиратиб ичига ютди. Этагини елкасига ташлаб пахтазорга жўнади. Кўнглида нимадир дарз кетди.
Тиззаси қалтирар, бели зирқирар, аммо у бунга асло парво қилмасди…
Пахтадан қайтиб келганларидан сўнг Нурқобил касали қайталаниб, яна шифохонага тушди, чиқиб узоқ даволанди. Маъсума яқинлашишга кўп ҳаракат қилди. Нурқобил эса худди дардининг сурункали тус олишига қиз айбдордек бошда шунчаки беозор аразлаб юрди. Кейинроқ “мен киму, у ким”, деган бир истиҳолами, андишами, иккиланишми пайдо бўлди кўнглида. Кейин моддий шароити қийинлашиб, ўзини яна ҳам узоқроқ тута бошлади. Ахир бир камзулу бир пойафзални икки-уч йил кийишга мажбур бир етим йигит чувринди, ярим оч ҳолига катта бир амалдорнинг қизи билан қандай дўстлашсин, ахир кинога олиб кириш, лоақал музқаймоқ билан сийлаш учун ҳам қурб керак.
Ёзда Нурқобил ўқишни сиртқига айлантирди. Бувиси касал бўлиб қолган, унга қарайдиган одам йўқ эди. Орада у бир неча марта Маъсумага дуч келди. Лекин гаплари қовушмади. Бу пайтга келиб ўрталаридаги фарқни чуқур англаб етган, бунинг устига “биринчи мартадаёқ алдади, келгусида истаганча лаққиллатиб юради.Бунинг устига амалдорнинг қизи бўлса, ота-онаси ҳам чўпон боласи, етим, деб паст назарла қарайди”, деб ўйлаб, қанчалик оғир бўлмасин, у билан алоқани узишга қатъий қарор қилганди. Орадан йиллар ўтгач, Нурқобил ёшлар қўмитасида ишлаб юрган Маъсума таниқли партия ходими Шоқувват Ўташевга иккинчи хотин бўлиб тушаётганини эшитди. Негалиги билан қизиқмади. Ёши ўтиб қолганидан сўнг хотин қўйганга тегади-да, бўйдоқ йигит олармиди, деган аламли бир фикр ўтди кўнглидан холос. Гарчи юрагида илк севгининг санчиқлари ўқтин-ўқтин уйғониб қолар, у эса худди ўша оғриқли куз кунларидаги сингари бунга парво қилмасди. Кейин Маъсума Чашмизиракда пайдо бўлди. Қишлоқ шўроси раиси ўринбосарлигига тайинланибди. Шунинг оқибатида улар бир-бирларига деярли кунора ихтиёрсиз дуч келадиган бўлишди.
Нурқобил унга эътибор бермасликка, фақат салом-алик билан чегараланишга ҳарчанд уринмасин, уддасидан чиқа олмасди. Гўё Маъсума унинг ҳаётида қайта дунёга келганди. Маъсума ўзини беғам, хушчақчақ кўрсатишга уринса ҳам кўзларида бир дард, сирли бир ўкинч яширинганди. Нурқобил ана шу ўкинч бошқа анча-мунча сабаблар қатори ўрталаридаги куртак ёзмай хазон бўлган илк севгига ҳам боғлиқ эканини ич-ичидан ҳис этиб турарди.
Ўтган йил кузда улар Кисловодскда учрашиб қолишди. Бир-бирларидан бехабар, айнан битта санаторийга келишибди. Нурқобил йўлланмани тумандан олганди. Маъсумага дасти узун шавҳари вилоят касаба уюшмасидан ундириб берибди.
Маъсума ҳамон ўша-ўша гўзал, шўх ва бу шўхлик ортида теран бир андуҳи бор эди. Ўша сеҳрли кўзлар, қўнғироқдай овоз, дардли кулгу… Нурқобилни кўра солиб, нигоҳи ярқираб кетди, шоша–пиша қўл узатди, қўллари нафис ва ҳароратли. Бунинг устига, унда етилган жувонларга хос яна алланечук сархуш этувчи, кишини ақлдан оздирадиган даражадаги ташна, дилрабо бир ҳиссиёт ҳам бор эдики, Нурқобил бу ҳис қаршисида тошга урилган кўзадек чил-чил синиб кетди. Узоқ йиллик аразиниям, ўзининг Гулруҳга берган ваъдасини ҳам унутди. Ўзи биринчи бўлиб гапирди, гуноҳ менда эди, дея узр сўради, ўзини, фақат ўзини айблади. Кейин Маъсумани кечки сайрга таклиф этди.
Маъсума гоҳ кулар, гоҳ йиғлар, негаки бу тасодифий холи учрашувдан бениҳоя шод, бахтиёр эди. У ҳаяжондан энтикиб, узоқ йиллар кўксида сақлаб келган гапни такрор-такрор айтди.
– Орзу қилгандим. Бирга бўламиз, турмуш қурамиз, дегандим. Сиз… сиз ҳар нечук бахтингизни топдингиз… Ўғилларингизни кўрганимда шундай севинаман, шундай севинаман… Кейин юрагини очди. Бояги гапларни айтишга ўзида журъат топди. Нурқобил англаган хулоса шу бўлдики, унга бир имо кифоя, инон-ихтиёрини ошиқ йигитнинг измига топширади. Ҳеч нарсани ўйламайди, иккиланмайди, ҳеч нарсадан тап тортмайди. Ҳар тугул…
Нурқобил энг сўнгги лаҳзада яна ўзида куч, ирода топди ва… ғунчалигида йўқотиб, айни гуллаб-яшнаган чоғларида қайта топган севгилисининг иссиқ кафтларини ушлашдан нарига ўтмади. Маъсуманинг тобора шиддатланаётган эҳтиросини назокат ила совутди. “Шошқалоқлик қилмайлик. Ҳаммаси… ҳалол-покиза, одамгарчилик қаъдасига мос бўлсин. Аввал у кишидан… қонуний ажралинг. Кейин…
Шу тариқа истироҳат охиригача дўстона суҳбатлашиб юришди. Эҳтиёткорлик юзасидан бошқа-бошқа самолётда қайтишди. Бироқ уларнинг “ишқий саргузаштлари ҳақидаги мукаммал тафсилотлар” ўзларидан олдинроқ етиб келган экан Чашмизиракка. Шу орада яна бир бор Тошкентда, катта йиғилишдан сўнг меҳмонхонада… холи қолишиб, батафсил суҳбатлашишди. Маъсума яна йиғлади, “асираман, қутқаринг” деди. Нурқобил уни тамоман ҳайратга солиб, ҳеч нарса демади, ҳеч нарса ваъда қилмади. Чунки Кисловодскда пайтида ҳам, кейин ҳам у марҳума завжасининг руҳи бу ишидан рози бўлажагига ҳали ишонч ҳосил қилмаган, қолаверса, айни кунларда ўз ташвиши ўзига етиб-ортиб турарди. “Ҳамонки одамлар кўпчилик овоз билан мени сайлади, энди рақиблар енгилишганини тан олиб, тинч юришади, деган хаёли пучга чиқиб, яна ёза-ёз бошланганидан сўнг кўзи гўёки “ярқ” этиб очилган, совуққон ва мулоҳазакорлигини сақлашга ҳарчанд уринмасин бироз жингиртоб ва ўта эҳтиёткор бўлиб қолганди. Энди Маъсумани ҳафталаб, ойлаб кўрмас, кўрса ҳам узоқдан ўзини олиб қочарди.
Аммо қишлоқда уларнинг пинҳоний хушторлиги ҳақидаги узунқулоқ миш-мишлар сира йитмади. Нурқобил бу гапларга эътибор бермас, тинчгина ишлаб юрарди. Ўташев эса аввал аёлини, сўнгра бир кун Нурқобилни махсус чақириб, ҳар иккисини қасам ичтириб, обдон изоҳу тушунтириш олган эса-да, қасос истагини енголмасди. Буни Нурқобил билади. Гоҳ қўрқиб етади. Гоҳ: “виждоним олдида тозаман, у эса билганини қилсин, бир бошга бир ўлим-да”, дейди. Ўша куни Ўташев уни ўзининг туман марказидаги кремлча гилам-пояндозлар солинган муҳташам кабинетига чақирди ва дабдурустдан: “Қани эркакча қилиб айтинг, одамлар оғзидаги гап тўғрими, агар тўғри бўлса ва буни мардларча тан олсангиз, мен ҳам мардлик қилиб, Маъсумага шу бугуноқ жавоб бераман”, деди. Бу ҳийла эди албатта. Мақсад Нурқобилни алдаб, гуноҳини бўйнига олдириш эди. Нурқобил ростини айтди: “Салом-аликдан нари ҳеч иш бўлган эмас.”
“Агар шу гапингиз рост бўлса мана бу… муқаддас китобларни ўпиб қасам ичинг”, деди Ўташев ва Нурқобилни донг қолдириб сейфдан КПСС Низоми билан Каломи шарифнинг бир замонлар Крачковский, деган олим ўрисчага қилган таржимасини олиб узатди. Нурқобил: “ҳамонки, виждоним тоза экан, нимадан қўрқаман, деб ўйлади ва аввал Қуръони каримни ўпиб, кўзига суртди, сўнгра КПСС Низомига ўнг қўлини қўйиб: “Агар ёлғон гапираётган бўлсам, тил тортмай ўлай!” деган қўшша илоҳий–партиявий онтни кўзини чирт юмиб сипқориб юборди. Кошки Ўташев бунга инонган ва иззат нафси ором олган бўлса. Туман коммунистларининг етакчиси партия аъзоларининг барчасини худди ўзи каби ғирт қасамхўр, деб ўйлар ва уларнинг онтидан кўра “ҳўкиз туғибди”, деган хабарга кўпроқ ишонарди.
Хуллас, Нурқобил шўрликнинг боши тегирмон тоши тақимига тушди ва бу харсанги зилу замбил кун сайин тобора кучлироқ айлана бошлади.