282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Хабиб Темиров » » онлайн чтение - страница 24

Читать книгу "Қуёш ботаётган пайт"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 08:00


Текущая страница: 24 (всего у книги 25 страниц)

Шрифт:
- 100% +
15

Тошбўри Чашмизиракда “Чашмамед” хусусий клиникаси очди. Икки тоғ орасидаги юздан зиёд қишлоқ ва овуллар аҳолисидан ташқари, айтишларига қараганда, Гўзалкент, Самарқанд ва ҳатто Тошкент шаҳридан кўплаб беморлар даво истаб, ушбу шифо масканига келаётган эканлар. Эҳтимол, сабаби яқинда Германияда бир неча ой бўлиб, тажриба ўрганиб қайтган Тошбўрибойнинг юрак-қон томир хасталикларини энг замонавий технология асосида яратилган асбоб-ускуналар ёрдамида тамоман янгича услубдаги жарроҳлик амалиётлари билан даволаётгани ҳақидаги хабарлар бутун мамлакатга тарқалиб кетгани билан боғлиқдир. Дарвоқе, бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас. Ойсифатхоним турмуш ўртоғининг клиникасидан унча узоқ бўлмаган жойда, бир пайтлар қишлоқ хўжалиги коллежи бўлиб, кейин ёпилган анчайин замонавий тўрт қаватли бинода хорижий тилларни чуқур ўрганишга ихтисослашган иқтидорли болалар академик лицейини ташкил этди. Бу осон кечгани йўқ, албатта. Суҳроб ушбу масалада Олий мажлис депутати сифатида Халқ таълими вазирлигига икки марта расмий сўровнома киритди. Унча-мунчага жон бермайдиган вазир (дарвоқе, унинг ўзи ҳам инглиз тили бўйича мутахассис бўлиб, Гарвард университетида малака ошириб қайтган экан) охир-оқибат Суҳроб билан биргаликда Чашмизиракка келди, теваракдаги бир неча мактабларда бўлиб, ўқитувчилар ҳамда ўқувчилар билан суҳбатлашди ва ниҳоят шу туманда шундай лицейга эҳтиёжу зарурат борлигига шахсан ишонч ҳосил қилгач, тегишли буйруққа имзо чекди. Бинони тубдан таъмирлашга, ёнидан барча қулайликларга эга ётоқхона қуришга киришилди. Бинокорлик ишлари жадал олиб борилди. Ниҳоят, янги ўқув йили арафасида фойдаланишга топширилди. Лицей очилишига саноқли кунлар қолганида Ойсифатхоним қўчқордай ўғил туғди. Қувончли воқеа арафасида дунёга келган чақалоққа Беҳрўз, яъни яхши кун, дея исм бердилар. Унинг бахтиёр онаси эса чақалоқнинг қирқи чиқишини ҳам кутмасдан, ишга чиқиб кетди. Шукрки, уларнинг толеига Мусалламхон исмли бу борада Ҳаким довдирнинг таъбирига кўра, “бир олам” тажрибага эга етук мутахассис бор экан. Унинг: “Атиги икки болани туғиб, вояга етказганман-у, нега унақа дейсиз?” деган эътирозига жавобан ҳазилкаш чўпон асло бўш келмади. “Э-э, кампир, ўзингнинг икки фарзандингга қўшиб, Очилбойнинг тўртта, Эшпўлатнинг бешта боласини, қолаверса, давлатнинг ўн минглаб қўзи-улоғини парваришлагансан, камтарлик қилма” деди. “Қолаверса, ёнингда мана биз бор” дея кўксига мағрур уриб қўйди. Шу тариқа Тошбўри лайлу наҳор клиникада, Ойсифат уззу-кун лицейда, чолу кампир эса уйда невара тарбияси билан машғул бўлдилар.

– Баҳор келишига ҳам оз қолди, – деди бир куни Ҳаким довдир Беҳрўзни овқатлантириб ўтирган Мусалламбонуга қараб. – Ҳаво сал исиб, ер кўкарса, би-ир Сувлига, Нурқобилнинг ёнига чиқаман. Унга айтадиган муҳим гапим бор…

– Яна ўша гапми? – деди кампири кулиб, қўлини силтар экан. – Кўндиролмайсиз. У… кўнса, Мақсуданинг боши янгигина очилган пайтларда кўнар, уни бетўхтов бориб опкелар эди. Энди… кеч бўлди. Ўғиллари эр етиб қолди. Амма ҳам энди Нурқобилнинг ўзини эмас, ўғилларини уйлаш ҳақида кўпроқ гапирадиган бўлган. Чамаси… Нуржон укангиз… синган кўнглини қайтиб ямай олмади-ёв…

– Унақа дема. Вақт ҳар қандай жароҳатни даволайди…

Орадан яна бир ҳафта ўтди. Қиш охирлаганига қарамай, ҳаво кескин совиб кетди.

Ўша куни унинг димоғи чоғ, кайфияти аъло, бамисоли дунёда ундан бахтлироқ одам йўқ эди. Аммо…

Кун оғиб, аср намози палласи яқинлашган маҳал унинг кўкраги бирдан қисила бошлади. Томоғи ғиппа бўғилиб, ҳаво етишмай қолди. “Ҳай-ҳай, ўртоқ юрак, жаноб юрак, юрак ҳазратлари, ҳазиллашманг, шундай улуғ кунларда қилиқ қилманг” дея ўзига-ўзи ҳазиллашиб, хуружни енгмоқчи бўлди. Кампирига “дорини узат” дея ишора қилди. Малҳам кўксида тобора кучайиб бораётган оғриқни сал сусайтиргандек бўлди-ю, нафас олишни енгиллаштирмади. “Наҳотки, вақти соатим етган бўлса, – деб ўйлади баногоҳ қўрқув ичра ва шу заҳоти ўзига фикран таскин берди. – Нимага иддао қиласан, ахир ҳар дам, ҳар лаҳзада кутиб, ҳозиру нозир бўлиб яшадинг-ку бу муқаррар воқеани. Нега тақдирингга тан бериб, шод ва бахтиёр қарши олмайсан бу абадият ила саодатли учрашувни? “Ўғлимга келин туширсам, неварамнинг тўйини, Эшпўлатнинг болалари оёққа турганини, Очилбой қаддини тиклаб олганини ва ниҳоят, Нурқобил билан Маъсуманинг қовушганини кўрсам, армоним қолмас эди”. “Улар сенга ким?” “Туғишган жигарларим қатори”. “Уларнинг бахтини кўриш… сен учун шунчалар муҳимми?” “Жудаям”. “Уларнинг омади учун… айнан сенинг қазоинг керак десам, қандай жавоб берган бўлур эдинг?” “Наҳотки, ардоқли кишингнинг саодати учун сенинг кулфатинг зарур бўлса?” “Ўзинг айтмаганмидинг: эзгулик йўлида қурбон бўлишдан кўра аълороқ саодат йўқ деб”. “Айтганман. Бу фикримдан ҳеч қачон қайтмайман”. “Унда нега ана шу саодатга эришишни хоҳламаётирсан?” “Хоҳлайман… Майли… Ҳамонки… розиман…”

Кўнглида кечаётган ушбу муноазарада ўзи ғолиб, ўзи мағлуб ўлароқ, оғриқдан бир қадар чалғиди.

16

Бу йилги қиш сира тугай демаяпти. Ўзига қолса, камида олти ой давом этмоқчи. Қор кўп ёғди, ҳаво одатдагидан анча совуқ келди. Чашмизирак қишлоғини нақ иккига бўлиб оқадиган Жалабарсой салкам икки ой тақа-тақ музлаб ётди. Ҳаким довдир умри бино бўлиб, кўкламни бу қадар интизорлик билан кутмаган эди. Бунинг муҳим сабабларидан бири бир ҳафта олдин Очилбой Россиядан қайтиб келди.

– Хатингизни олиб, танамга узоқ ўйладим. Ростдан ҳам томорқангизда деҳқончилик қилсам, говмиш сигирнинг ёнига иккита ғунажин, ўнта қўй, бешта эчки олиб боқсам, ўша ёқда кўча супуриб топган пулимдан зиёдроқ даромад кўрар эканман, – деди у. Кейинроқ… ўзимга ҳам пича ер ажратиб беришса, деҳқончилик-у чорвачиликни яна ҳам кенгайтириш, ўғилларга атаб бир кенгроқ иморат қуриш ниятим бор..

Довдирнинг икки шогирдига йўллаган муштарак мазмундаги қўшалоқ “насиҳатнома”си қуйидаги мазмунда эди:

“Қиёматлик жигарларим!

Соғинчилик саломдан сўнг етиб маълум ва равшан бўлсинким, оғаларинг – камина ҳали-ҳануз тирикман. “Ўлмаган қул бир кунини кўради” деганларидек, ҳозирча тупроқдан ташқарида туриш насиб этаётир. Бироқ, сиҳатим дуруст эмас. Юрак қурғур панд бермоқда. Нима ҳам дердим. Унга ҳам осон бўлмади. Бу ҳаётда неки “жасорат” кўрсатганини, яъни ўзимизни дўлвор ва тўпори кўрсатиб, хўрликларни шўхлик, ҳақорату мазахларга ҳазил мутойиба билан жавоб қайтариб юришимиз шу шўрликни қону зардобга тўлдириш эвазига эканини ким ҳам биларди. Сен икковинг эса буни чуқур ҳис этиб, қалбимдаги дардимни сўзсиз тушуниб, жондошу елкадош бўлдиларинг. Шунинг учун ҳам ҳар иккингни ҳар қандай қондошу кўкалдошдан яқинроқ билдим, биламан. Токи тилим айланаркан, дуо қиламан. Ҳаётда омадларинг келиб, тинч-хотиржам ва бой-бадавлат бўлиб яшашларингни Яратганимиздан туну-кун сўрайман. Зероки, олдингизда юзим шувит: сизларга берган ваъдаларимни бажаролмадим. Замона зайли экан. Мени тўғри тушунасизлар, деган умиддаман. Мусофирлик қисматини танлаб, бировнинг элидан нон топиб келиш илинжида йўлга отланганларингда қанчалар изтироб чекканим фақат ўзимга аён. Ўшанда йўлингларни тўсолмадим. Бунга имкону иложим ҳам йўқ эди. Бошбошдоқлик, ит эгасини танимайди. Юқоридагилар фақат ўз мавқеи ҳақида, мансабу мартабасини узоқроқ сақлаш, курсисида умрбод, иложи бўлса абадий ўтиришни ўйлашади. Пастдаги шўрликларнинг эса саргардонлик коржомасини киймоқдан ўзга чораси йўқ эди. Яна… ўша амалпарасту худпарастлар мужовиру муҳожир бўлиб юрган ватандошлардан бурнини жийиргани, ҳатто ижирғангани ортиқча бўлди..

Шукр, энди давр ўзгарди. Бугун элу юрт бошига оддий одамларга фақат оғизда эмас, амалда ғамхўрик кўрсатадиганлар келишяпти. Ҳар ҳолда бошланиши кишини умидлантиради. Илоё, бу саъй-ҳаракатлар минбаъд мунтазам ва мустаҳкам бўлсин.

Шуларни кўриб, ўз юртингда, шаҳру қишлоғингда ҳам одамдек яшаш ва ишлаш имкони чин маънода яратилаётганини ўз кўзим билан кўриб, ишонч ҳосил қилгач, ушбу мактубни ёзишга, сизлардан ортга қайтишни сўрашга жазм этдим. Бугун мамлакат аҳли учун ҳалол меҳнат билан бола-чақа боқа оладиган кунлар келгани рост бўлсин иншооллоҳ! Ҳа, айтганча, қадрдон инимиз Нурқобил ҳам сизлар кетгач, анча оворагарчиликларни бошдан ўтказганди ва ортларингдан жўнашга деярли тайёр бўлганди. Хайрият, ирода ва сабр-қаноат билан иш тутиб, томорқаю оғилхонасида сидқидилдан меҳнат қилиб, бугунги кунда руҳи бутун, рўзғори обод бўлиб, кўкрагини баланд кўтариб юрибди. Кеча обдон суҳбатлашдик. “Иниларингизни қишлоққа қайтаринг, хоҳлашса бирга ишлаймиз, хоҳлашмаса ҳар қайсисига алоҳида фермер ёки томорқачи бўлиб иш юритишни ўргатаман, ёрдамлашаман” деди. Айтдики, туманимизнинг ҳув бир пайтлардаги раҳбари Ҳожимурод Худойқулов хориждан қайтибди. Яқинда яна вилоят ҳокимлигига сайланар эмиш. Юқоридан келган мулозим туман аҳолиси вакилларидан ўн минг кишини минг нафардан гуруҳларга бўлиб, шу ҳақда суҳбатлашиб, фикр сўрабди. Барчаси: келсин, дейишибди. Қаранглар, оддий кишилардан фикр сўрайдиган кунлар ҳам бор экан-ку!

Хуллас, гапни чўзмасдан мухтасар қиламан. Жомадонларни қайтиш сафарига ҳозир этингиз. Сизларни оилангизу қишлоқдошлар қатори мен, жон-жигар оғангиз Ҳаким бобо кутяпман. Дарвоқе, айтишни унутай дебман. Ойсифат сингилларинг ва Тошбўрибой яқинда ўғилли бўлишди. Яхши кунларга етганимизга хурсанд бўлиб, Беҳрўз деб номладик. Насиб этса, унинг тўйида ўзларинг баковуллик қиласизлар…”

“Бахайр, нега бир ўзинг, Эшпўлат қани?” – Ҳаким довдирнинг Очилбойни бағрига босиш баробарида оғзидан чиққан биринчи гапи шу бўлди. Очилбойнинг негадир ранги оқарди.

“У… сал кейинроқ келадиган бўлди. Битмаган чала юмушлари бор экан. “Сиз бориб, ишни бошлайверинг, насиб этса, кўклам ўртаси мен ҳам қайтаман” деди”.

Довдир бу гапга ишонишга ўзини мажбурлади. Гарчи хаёлида минг хил гумону иштибоҳ айланар, уларга қай тарзда аниқлик киритишни билмай, қийналар эди.

– Бирортасига… уйланиб қўйиб… домидан қутулолмай юргани йўқми, ишқилиб, – охири шу тариқа ҳазиломуз савол берди. – Шундай бўлса, ростини айт, бирга бориб, хотинининг маҳрини бериб, қутқариб келамиз.

– Э-э, йў-ўқ, – энди қизаринди Очилбой. – Узоқроқ бир… сафарга отланаётган эди. Ўшандан қайтган заҳоти бу ёққа жўнайди…”

Довдир индамади. “Ундай бўлса яхши, кутамиз” демоқчи бўлди-ю, демади. Очилбойнинг титроқ овозида ишонч етишмаётганини ҳис этди. “Бир бало бўлган, ораларидан ола мушук ўтганми ё бошқа сабаб борми, хуллас, Очилбой Эшпўлатнинг яқин орада қайтиб келишига кафил эмас. Ишқилиб тинчлик бўлсин…”

– Хатимни… бирга ўқиганмидиларинг? – деб сўради у Очилбойнинг жавдираб турган кўзларига тикилиб. Шогирди нигоҳини олиб қочиш баробарида бош ирғади.

– Мен сенга савол бердим Очилбой, унга ё “ҳа”, ё “йўқ” деб жавоб қайтаришинг керак. Сен бўлсанг, кавш қайтараётган буқага ўхшаб, каллангни қимирлатасан. Оғзинг билан гапир, ҳой бола!

– Ўқигандик бирга… Бирга қайтадиган эдик. Лекин… жўнашдан бир ҳафта олдин ғойиб бўлди. Бирга ишлайдиганларидан бирма-бир суриштирдим. Ҳеч қайсиси тайинли гап айтмади. Фақат биттаси… “Биродаринг ёмонроқ ишга аралашиб қолган эди, шунинг учун шериклари билан Европагами, Африкагами қочган бўлиши мумкин” деди…

– Нима ёмон иш? – юраги силқиллади Довдирнинг.

– Билмадим. Ўша… чақирган ўртоғи билан каттароқ бир фирмада қўриқчилик қилиб юрарди. Уям… йўқ. Тополмадим. Лекин…

– Нима лекин?

– Оиласига анча пул олиб келаётганди. Бир қисмини “ҳар эҳтимолга қарши сизда турсин” деб менга берганди. Бир тийинига ҳам хиёнат қилганим йўқ. Кела солиб, аёлига топширдим.

– Анча деганинг қанча?

– Битта жомадон тўла эди. Менга бергани ўн минг доллар. Қолганини… ўзи билан опкетган шекилли.

– Бирга турмасмидиларинг?

– Йўқ. Мен қурилишда ишлайдиган йигитлар билан ижарада яшардим. У қўриқлайдиган фирмасининг ётоғида турарди. Хонасига бордим. Ўша жомадондан бошқа ҳамма нарсаси жойида турганди.

– Ҳм-м, – қаттиқ оғриқ кирган икки чеккасини бош ва ўрта бармоғи билан эзғилаб, ўйга толди Довдир. – Саёқ юрган эмасмиди, ишқилиб.

– Фирмада соқчи эди, дедим-ку.

– Майли, аёлига нима дединг?

– Унга ўзи хат ёзиб, сал кейинроқ боришлигини айтган экан.

– Тушунарли. Бир жомадон тўла пулни соқчилик билан топиб бўлмайди. Уканг шўрлик ростдан ҳам жуда ёмон ишга аралашган кўринади, ишқилиб соғ-саломат қутилсин. Эмасам, сен тезроқ ишни бошла. Энди ҳамма умид сендан.

– Майли ака.

Довдир бир неча лаҳза сукут сақлаб, Очилбойга айтмоқчи бўлаётган гапини кўнглида таҳлилу таҳрир этди. Аслида бу панду насиҳатни у икки шогирдини бақамти ўтқазиб, гапирмоқчи эди. Ҳамонки, Очилбой ёлғиз қайтган экан, энди фақат унинг ўзига сўзлашдан бошқа илож йўқ.

– Очилбой ука, ҳақиқиқатда ҳам энди барча умид сендан. Эшпўлат яқин орада қайтмаслигини, аниқроғи, қайта олмаслигини кўнглим сезиб турибди Шунинг учун минбаъд унинг оиласи ҳам сенинг ҳифзу ҳимоятингда бўлиши шарт. Агар… Агар менга… бир нарса бўлса, меникиларга ҳам қўлингдан келса, ғамхўрлик қил, келмаса ҳижолат бўлма, улар бир кунини кўришади. Нурқобил билан маслаҳатлашиб иш қил, у доно йигит.

– Васият қиляпсизми, – Очилбой қўрқинқираб жилмайди. – Қўйинг-е, ака, ҳали сиз билан кўп йил бирга иш қиламиз.

– Тобим йўқ, Очилбой. Ҳар эҳтимолга қарши айтиб қўймасам бўлмайди. Иссиқ жон…

– Унақа деманг.

– Энди бор болаларинг олдига. Мен бироз дам олай. Чарчадим.

Ўша куни кечқурун қишлоқда “Қиличбой Заҳҳоров қамалибди, уйидан кўп миқдордаги наша, қуроляроғ, бир неча кило тилло топилибди” деган хабар тарқалди. Довдир бу хабардан сираям ажабланмади, “эртами-кечми, шундай бўлиши аниқ эди” деди ва негадир хаёлига “Эшпўлатнинг Кўса билан алоқаси, ошначилиги йўқмиди” деган ғайри мантиқий бир фикр келди. Гарчи…

Ҳув бир пайт Эшпўлатнинг туман ҳокими билан мерганлик бобидаги беллашуви ҳақидаги ривоят тилдан-тилга кўчиб юрган кунларнинг бирида Заҳҳоров тўсатдан отарга “ташриф буюрган” ва Эшпўлатга: “Қани, мен билан ҳам бир отишиб кўр, агар ютсанг, йигирмата қўй бераман, ютқизсанг, менинг қўл остимга ишга ўтасан” дея таклиф этган, бироқ Эшпўлат кўнмаган эди. Кейин ҳам бир-икки марта ўртага одам қўйиб, уни ўзининг бўлимига ишга чақирган, катта ваъдалар берган. Эшпўлат бир сўзли йигит бўлгани боис барча “ёғли” таклифларни рад этган ва ҳатто, ишсиз қолганидан сўнг ҳам Кўсанинг хизматига кирмаган. Эшпўлат тегирмонга тушса, бутун чиқадиган, пишиқ, мерган йигит. Ишқилиб, ўша мерганлиги панд бермаган бўлсин…

Довдир қишнинг анчайин қисқариб қолган ушбу тунида ярим кечагача ухлолмай ётди. Кўчадан бўрининг увиллашига ўхшаган овоз эшитилар, катта чўян печкада саксовул ловуллаб ёнаётганига қарамасдан, уй анча салқин эди. “Қаҳратоннинг сўнгги талвасалари, деб ўйларди Ҳаким чўпон. Расмий тақвимга кўра, индин баҳор бошланажагини эслаб. Гарчи бу талваса ҳали яна қанча давом этишини ҳеч ким билмайди. Ҳамал кирмагунча, об-ҳавога ишонч йўқ. Ҳеч қиси йўқ. Сабр қилмоқ керак. Ҳамалга ҳам етишар агар насиб этган бўлса…

Бу унинг ўнгидаги сўнгги ўйлари бўлди. Шундан сўнг кўзи илинди. Алоқ-чалоқ, узундан-узоқ тушлар кўрди. Лекин бирортасининг маъно-моҳиятини англолмади.

17

Куз охирида амма тўсатдан ётиб қолди. Ўзи Нурқобилнинг кенжатойи ўқишга кириб, мустақиллик байрами арафасида Тошкентга жўнаб кетганидан бери ичига чироқ ёқса ёришмай, зерикиб юрар, шунинг оқибати шекилли, кўкси сим-сим оғрир, нафаси қисилар, дўхтир берган дориларни бехато ичишига қарамай, қувватдан кетиб борар, “кексалик аломати-да” дея бунга жиддий эътибор бермас, фермер хўжалигининг қўрадаги юмушларига ҳам энди аввалгидай кўмаклашолмас, узоқ йиллардан бери қиладиган вазифаси – уйда уч маҳал овқат пишириш, кирларни ювишга ҳам қурби етмай, Нурқобилнинг илтимосига биноан яқиндан бери бу ҳам муайян қўшимча ҳақ эвазига унинг тасарруфидаги ишчи аёллардан бирига юклатилган, аммо жиянининг “Сиз соғлиғингизни ўйланг амма” дейишига қарамай, боғда куймаланар: ўтоқ қилар, мўъжаз кетмончаси билан ниҳоллар тагини юмшатар, ишқилиб кўпроқ ҳаракатланишга уринарди. Шунинг оқибатида шамолладими, бирданига қаттиқ иситма қилиб, гум-гурс ётиб қолди.

– Мен энди ўладиганга ўхшайман, Нуржон, – деди у эрта баҳор кунларининг бирида кечқурун Нурқобилни ёнига ўтқазиб.

– Қўйинг, унақа деманг…

– Сен гапимни бўлмай эшитгин. Бу дунёга ҳеч ким устун бўлолмайди. Ҳамма ҳам бир кунмас бир кун кетиши муқаррар. Менинг вақту-соатим яқинлашаётир. Буни аниқ сезиб турибман.

– Ҳали кўп яшайсиз, амма…

– Майли, илоё айтганинг келсин. Лекин ҳар ҳолда эс-ҳушим жойидалигида пайти сенга айтиб қўядиган бир-икки оғиз гапим бор.

– Васиятми? – деб кулди Нурқобил. – Қўйсангиз-чи.

– Васият эмас. Илтимос.

– Илтимос? Унда майли, айтинг.

– Бориб… Маъсумани опкел.

– Нима қиласиз уни? Нима керак сизга? Хизматни бундан буён ким қилишини келишдик-ку.

– Менга эмас, сенга керак.

– Менга? Менга… энди кеч бўлди амма. Мен ҳам энди қаридим. Хизматга десангиз, ана ёрдамчилар бор. Қолаверса, ҳадемай келин туширамиз. Мен… узоқ ўйладим… бизга Маъсуманинг зарурати йўқ.

Нурқобил марҳум завжасига ғойибона берган ваъдаси ҳақида аммага гапирайми-йўқми деб иккиланди. Индамай қўяқолишни маъқул топди.

– Намунча дийданг қаттиқ бўлмаса сенинг, Нуржон, – деди амма кўзида ёш ғилтиллаб. – Менинг ёлғизлик қисматимни кўриб… хулоса қилмаган экансан-да.

– Унақа деманг амма. Сиз ҳеч қачон ёлғиз бўлган эмассиз. Иккинчи бор турмуш қуришга ўзингиз рози бўлмадингиз. Эмасам, қанча жойдан одам чиқди. Мен эса… Менинг армон қиладиган жойим йўқ. Худо ёстиқдошимдан барвақт жудо қилган бўлса ҳам, шукрки, икки қобил фарзанд берди. Бундан буёғи шуларни деб яшайман.

– Тушунмадинг. Мен Маъсумани айтяпман. Унга раҳминг келмайдими? Ахир бир пайтлар яхши кўрган экансан, наҳотки энди… ёши ўтиб қолган бир пайтда кимсасиз аҳволига ақалли ачинмасанг?

– Эҳ амма, аммагулим, унга жонингиз куйиб юрган экан, нега шунча йил давомида айтмай келдингиз, нега сал аввалроқ қистамадингиз?

– Буни вақти келиб, ўзинг тушунарсан, деб ўйлардим. Бошда марҳума аёлингни, Мавжудангни унутолмаётирсан, унинг хотираси ҳурматини қилаётирсан, дедим. Кейин, агар шундай десам “аммам рўзғоримни юритишдан чарчабди, бундан буён хизмат қилиш малол келаётир” деган хаёлга бормасин деб ботинолмадим.

– Мен бўлсам, аммам ранжимасин, “рўзғорини, икки боласининг парваришию тарбиясини менга ишонмаётир” дея ўксинмасин деган андиша билан юрдим. Кейин унинг рўзғор қилишга, бола тарбиясига бўйни ёр беришига ҳам унча кўзим етмади.

– Ҳайтовур, ундан қаттиқ кўнглинг қолган эканда. Эмасам, қаттиқ яхши кўрган киши бунақа нарсаларни ўйлаб ўтирмасди.

– Кўнглим-ку қаттиқ қолган эмас. Боши очилганидан сўнг олсам олардим ҳам. Лекин… билмадим амма, нима учундир унга қайтиб оғиз солишга жазм этмадим. Балким… Ўташев эмас, мен яқиндан танимаган, тўқнашмаган бошқа бир одамдан чиққан бўлганида дадилроқ бўлармидим.

– Қўрқдингми, чўчидингми? Энди-чи? Ҳозир Ўташев шарти кетиб, парти қолган бир чол-ку.

– Гап ундамас амма, гап… ўзимда. Ўзимни… мажбурлай олмадим.

Нурқобил миясига келган: “Хаёлимда ўша одам “мен туфлаб ташлаган тупукни ялаб юрибсанми” дея масхаралаётгандек туюлади” деган гапни айтишга андиша қилди. Бироқ, зийрак амма унинг кўнглидаги фикрни уқди.

– Бировнинг сарқити дедингми? Мен… уни худди марҳума аёлингни суйганингдек суй демоқчи эмасман. Севгисиз бўлса ҳам, лоақал ўзаро иззат-ҳурмат билан бир-бирингга овунч бўлиб яшасанглар дейман-да.

– Шу гапни сиздан эшитяпманми? Ахир ўзингиз бир пайтлар айтмаганмидингиз, ”севмаган кишиси билан юз йил умр кечиргандан кўра, суйган инсонинг билан бир кун яшаган афзал” деб.

– Сизларнинг ўртангизда севги бўлган-ку ахир.

– У севги ўлган.

– Раҳм-шафқат-чи?

– Шафқат бор. Лекин… ўзимни мажбурлай олмаяпман, амма.

– Ўзингни мажбурлашинг шарт эмас. Уни ишга таклиф қил, Нуржон. Лоақал ёнингда хизматингда юриб, овунсин. Ҳозир бўлмаса… мен ўлганимдан кейин олиб кел уни. Савоб бўлади. Кейин…

– Унақа…

– Гапимни бўлма дедим, амманг айлансин. Кейин… яна бир илтимосим – келгусида қиз кўрсанг, қизингга, эмасам неварангга исмимни қўй. Уни… чақирган, иш буюрган ё эркалатган пайтларинг “Гулсара деган бир шўрлик муштипарим, аммам бор эди” деб эслаб юрасан. Майлими? Ваъда берасанми? Хўпми?

– Хўп, – деди мижжалари сари шиддат ила қуйилиб келган селобни яшириш учун дераза оша қорайиб турган осмонга ўгирилиб.

Ўша оқшом амма бандаликни бажо келтирди. Кузнинг серёмғир кунларидан бири бўлди бу мотам айёми. Нурқобил “Аммажон”, ўғиллари “Энажон” деб йиғлашди. Худоиси ўтиб, Нурқобил ўғилларини шаҳарга кузатиб, ҳувиллаган уйга қайтар экан, “Аммам Маъсума ҳақидаги илтимосни қилаётганида манови аҳволу манзарани кўз олдига келтирган шекилли” деб ўйлади. Кимсасиз бўшлиқ ва совуқ сукунат ямлаб, ютиб юбораман дейди. Шу топда кўнглига на иши, на ундан кела бошлаган яхши даромад ва на ниҳоят эрта-индин бошламоқчи бўлаётган янги уй қурилиши сиғди. Ҳаммасини ташлаб, бу дунёнинг арзимаган майда-чуйда ташвишларига қўл силтаб, қайларгадир кетворгиси келди.

“Ҳозирча Ҳаким аканинг олдига бориб, тўрттагина гурунг қилиб келай, кетвориш бўлса қочмас” деди ўзини қўлга олиб. Шу одам ҳам ғанимат бўлиб қолди. Дийдорига тўймай қолмайин…

Кейин болалигини, ёш Абдуҳаким ва Гулсаранинг беғубор дўстлиги, кичик бир ўйловсиз иш, мудҳиш ҳато туфайли очилмай сўлган муҳаббати ҳақида ўй сурди. Бир-бирлари билан қўл етгулик масофада, “сен унда зор, мен бунда зор” бўлиб, дарду аламларини ичга ютиб, яшашди-я, деб ўйлади. Ҳаёт нақадар мураккаб, тақдир ҳаминқадар бешафқат…”


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации