Читать книгу "Қуёш ботаётган пайт"
Автор книги: Хабиб Темиров
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
27
– Мумкинми, Шоқувват ака? – Нурқобил Ўташевга биринчи марта “ака” деб мурожаат қилди. Зора, кўнгли юмшаса.
– Келинг, ўтиринг, – деди Ўташев телевизордан кўзини узмай.
Нурқобил гапни нимадан бошлашни билмай бир зум эсанкираб турди. Кейин айтмоқчи бўлган гапининг бир неча хил шаклини фикридан ўтказди.
“Шоқувват ака, жон ака, ҳамқишлоқлик ҳурмати, отамнинг арвоҳи ҳурмати, жонимга ора киринг. Сағирман ахир. Хотиним ўлган. Болаларим ёш. Жувонмарг бўлиб кетмайин. Жон ака. Сиз сақлаб қолмасангиз, бошқа ҳеч ким сақлаб қола олмайди.”
“Ҳолинг шу экан-ку, бировнинг хотинига илакишиб… ейсанми, тур ўрнингдан-э, ҳезалак”.
“Тўғри, мен итлик қилдим. Кечиринг, ака, бир умр миннатдор бўлай, бир умр хизмат қилай”.
“Қасам ич, энди Маъсумага қўл теккизсам, кўр бўлай, деб қасам ич. Бундан кейин Ўташевларга содиқ қул бўламан, измингиздан чиқмайман, деб онт ич, кўппак.”
“Яна қанақа қасам? Ичдим-ку тунов куни. Майли, майли, яна ичаман…”
Йўқ, тўхта, ҳеч қачон, қамоқда чириб, ўлиб кетган тақдирда ҳам бунақа қилолмайди у. Бунчалик паст кетолмайди. Эҳтимол, жўнроқ ҳал бўлар. Ахир, Ўташев ҳам инсон зотидан-ку.
“Шоқувват оға, ёрдам қилмасангиз бўлмайди, акс ҳолда ҳаммасини очиқ айтаман, сизни ҳам тортаман.”
Қўйсанг–чи, сен унақа жиртаки шантажчи эмассан-у, эркакча гаплардан гапирганинг яхши. Ундан ташқари Ўташев бунақа майда шантажлардан қўрқадиган одам эмас.
– Гапиринг, қулоғим сизда, – деди Ўташев телевизорнинг овозини сал пасайтириб. Нурқобил бироз шошиб қолиб, пойма-пой бидирлади:
– Шоқувват ака, текшириш ва …тергов кетаётганидан хабарингиз бор, менга қаёқдаги айбларни қўйишаяпти. Камомад, қўшиб ёзиш… Ҳалиги экинзорлар масаласи, уни ёнига ким қанча ёнғоқзору бодомзор қўшилибди.
– Сиз нима дедингиз?
– Мен худди сиз айтгандай, бизга алоқаси йўқ, заводнинг ёрдамчи хўжалиги, дедим.
– Нима, мен айтгандай? Мен сизга шунақа деганмидим?
– Ҳа, эсингиздами? Бултур қишда.
– Туш кўрибсиз, ука! Мен ёш боламидим, сизга унақа гапларни гапириб.
– Ўртоқ Ўташев, наҳотки тонсангиз! Ахир…
– Туҳмат қилманг ука. Бўлмаса текширувчиларга “бу айбини бировларга тўнкаш учун туҳмат қилаяпти” деб ёзиб беришга мажбур бўламан. Гуноҳингиз янаям оғирлашади. Шу ёғиям ўзи наридан бери бўлиб қолса керак.
Ташқарига қоронғи тушиб қолган, хонанинг чироғи эса ёқилмаганди. Нурқобил Ўташевнинг кўкимтир кулранг бўлиб турган мисдек силлиқ, маъносиз юзига ҳайрат билан тикилди. Унинг қаршисида одам эмас, тош, йўқ, тош ҳам бунчалик бўлмас, чўян бир мавжудот турарди.
Нурқобил боя хаёлидан ўтказган савол-жавобни эслади. Ҳа, бу одам ялинтиришни, тиз чўктиришни, кейин устингга чиқиб топташни истаяпти, тиз чўксанг, эҳтимол қўллар… Эҳтимол… Лекин…
Шу сонияда Нурқобилнинг кўзига дунё тор бўлиб кетди. Охирги чора, сўнгги илинж пучга чиққанда одам шундай аҳволга тушса керак. Шошма, нега энди охирги илинж. Ўташев сўнгги чорами? Ҳаёт фақат Ўташевлардан иборат эмас–ку… Кураш, югур, ҳақиқат изла! Ахир, ҳаром луқма емагансан, бир сўм ўзлаштирмагансан-ку. Тўғри ишонувчан, содда бўлгансан. Шунинг оқибатида балким совуққонлик қилгандирсан. Бунинг учун… отишмас…
У қаддини кўтарди.
– Келинг, йигитчасига гаплашайлик, – деди у. – Мақсадингиз мени йўқ қилишми? Хўп, туҳмат билан қаматтирдингиз, ҳам дейлик. Қачондир жавобини беришга тўғри келади-ку. Наҳотки… ҳатто Худодан қўрқмасангиз.
Ўташев қоронғилик оша Нурқобилга тикилиб қолди. Унинг кўзлари совуқ ялтирарди.
– Нимага жириллайсан, ў, ука? Менинг сен билан неча пуллик ишим бор. Хотинимга ёпишиб гапга қолдирганинг етмагандай яна туҳмат ҳам қиласан. Жиноятингнинг бир чеккасини тўнкамоқчи бўласан. Мен сенга бир гапни айтаман, қулоғинггга қўрғошин қилиб қуйиб ол. Раҳбар одам тоза бўлиши керак. Ўзиниям, бировниям ҳаромга ботирмаслиги керак. Ҳаромга ботдингми, наҳсга қолдингми, энди жазосини торт. Ана шу бўлади йигитчилик. Садқаи раҳбарлик кет сен, билдингми? Йўқол бу ердан!
– Майли, – деди Нурқобил ўрнидан туриб эшик томон юрар экан.– Майли, ака. Агар қамоқда чириб кетмай қайтиб келсам бир салом бераман. Бир кўрсатаман йигитликнинг кучини. Сизгаям боққан бало бордир-да.
У эшикдан отилиб чиқиб кетди. Кейин туман прокурори Кенжа Сарибоев ҳузурига кирди. “Ана шу одамда инсоф-диёнат бор экан”, деганди бир пайтлар туҳматдан азият чекиб юрган устози Музроб Туробов. Шунинг учун шу одамни қора тортиб борди. Бўлган воқеа-ю гапнинг ҳаммасини бошдан айтиб берди. Муҳокама эртага кечқурунга белгиланган, у бу орада нимадир қилиб улгуришга умид боғларди. Агар улгурмаса, муҳокамадан сўнг партиядан ўчирилиб, ҳибсга олинишига рухсат берилиши ойнадай равшан.
– Ўша тоғдаги экинлар воқеасини нега келиб менга бир оғиз айтмадингиз? Хўп, яхши, харитани кўриб, совхознинг ери эмаслигига ишонч ҳосил қилибсиз. Лекин барибир кўнглингизда шубҳа туғилган-ку. Сизнингча, хаританинг асл нусхасини йўқотишган. Шундайми? Архивга сохтасини тиқиштириб қўйишган. Наҳотки вақтида шуни пайқамадингиз? Бонг урмадингиз? Туманга, вилоятга, керак бўлса, Тошкентга бориб, хаританинг ўша ердаги нусхаларни кўриш, солиштириш керак эди. Терговчи бўлса, харитани Бўтаевнинг ўзи сохталаштирган, деб юрибди..
Нурқобил ўшанда нега лоқайдлик, журъатсизлик қилганини изоҳлаб бера олмади.
– “Менга алоқаси бўлмагандан кейин нима ишим бор,” дегансиз, шундай эмасми?
Нурқобил унсиз тасдиқлади. Калласи энди тиниқроқ ишлаётгандай туюлди. Анови… нашазор ҳақида гап очаймикин, деб ўйлади. Қўрқди. Ҳозирча на текширишда, на терговда у тилга олинган эмас. Балким умуман тилга олинмас. Эҳтимол ростдан ҳам давлатникидир. Акси бўлса, иш тамоман расво бўлиб кетиши мумкин. Индамай тургани тузук.
– Ана, кўрдингизми? Иллат, касофат сиздан узоқда, четда бўлса ҳам, билиб туриб индамадингизми, унинг нуқси барибир уради. Ўшанда қаттиқ олганингизда, орқасини қувиб, суриштириб, жиноятни фош этиш учун дадил курашганингизда бутунлай бошқача бўларди. Шунақа, ўртоқ Бўтаев, инсон кўпинча ўз заифлигининг эмас, журъатсизлигининг қурбони бўлади. Лоқайдлик, менга нима, деган шахсиятпарастлик албатта бошга бало бўлади.
– Шунчалик туҳмат қилишлари етти ухлаб тушимга киргани йўқ, Кенжа Сарибоевич. Менга ҳатто Тожибойни ҳам ўлдиртириб юборган деган айб қўйиб, тўхтовсиз ёзишяпти. Етти ухлаб тушимга кирмаган гап бу! Наҳотки, бу… милиция ҳалигача ҳақиқий қотилни топмайди.
– Вақти келса топилади. Ҳаммаси ошкор бўлади.
Сарибоев кутилмаганда чуқур хўрсинди. Нурқобил баногоҳ ўйладики, бунинг аҳволи ҳам унча яхши эмас. Москвалик терговчилар ўз ноғорасига ўйнашни истамаётганларни сиқувга олишаётганлигини, аксар виждонли ҳуқуқшунослар ариза бериб ишдан бўшаётганини эшитганди. Буям…
– Унгача менга ўхшаганлар қамалиб, отилиб кетса майлими?
– Нафасни иссиқ, ниятни холис қилинг, биродар. Мен… бу ёғини жуда синчиклаб текширтиришга ҳаракат қиламиз. Бегуноҳ бўлсангиз…
Нурқобил унинг гапларига ишонмади. Қанақадир иложсиз, маҳкум одамнинг ваъдасига ўхшади. Шунинг учун гапни қисқа ва мужмал қилишга уринаётган бўлса керак. Янаям ким билсин.
Қишлоққа умиди батамом сўниб қайтди. Умрида биринчи марта бундай ҳолатга, иложсиз вазиятга дуч келгани учун ўзини қўйишга жой тополмас, ҳатто бафуржа ўйлай олмас, уйқусизликка йўлиққанди. Қиш кечалари эса бедору безовта одамга ҳаддан ортиқ узун, абадият сингари сўнгсиз туюлади.
Кечаси билан Суҳробга хат ёзиб ғойибона дардлашди. Унинг ҳам шу кунларда ўз муаммолари билан овора бўлиб юрганидан хабардор эди. Бир муддат аввал қайсидир йиғилишга борганида кўришган, суҳбатлашган, дардини ёриб, уникини ҳам эшитган, “тавба, қаёққа қарама мансаб учун кураш, бу қанақа жамият ўзи”, деган, бу саволга Суҳроб: “ривожланган социализм шунақа, амалпарастлар жамияти, чунки ҳамма ёппасига йўқсил, аниқроғи қул, тузукроқ амал эса ўзингни озод инсон, деб, хом хаёл суришга озгинагина имкон беради”, дея истеҳзо билан жавоб қайтарганди. Ўша суҳбатни эслаб, ўзининг аянчли режасини асосламоқчи ва журъатига куч бағишламоқчи бўлди шу топда: “қул бўлиб яшагандан кўра, мардларча ўлмоқ афзал эмасми?” Барибир…
Бундай қилиш жуда қийин эканлигини, чуқурроқ таҳлил этиб қараса, бориб турган қўрқоқлик, қочоқлик эканлигини ҳам яхши биларди у. Қўрқмас, жасур одам курашади. Енгилишини, маҳв этилишини билса ҳам жангга киради. Лекин, назарида у курашолмайди. Сабаби аввало, енгилишини аниқ билади, эл бошига ногоҳоний қора сел каби бостириб келган қатағон оқими уни мажақлаб ўтиб кетиши муқаррарлигига ишончи комил. Иккинчи тарафдан судланишни сира-сира истамайди. Бу… бу тамом, дегани. Нурқобил ўзича англаган бир аччиқ ҳақиқат бор: бизнинг эл ҳамиша кучлилар, ғолиблар тарафида туради, у ожизларга, қувғиндиларга, судланиб, пешонасига тамға босилганларга бениҳоя шафқатсиз. Ҳаким чўпон бир кун айтган эди: “болалигида бир мартагина ўғирлик қилган, шундаям қўшнисининг товуғи тагидаги бир дона тухумни ўғирлаган Назирбой, деган тенгқуримиз “Назир ўғри”, деган лақабдан бир умр қутилолмай ўлиб кетди.” Шунинг учун Нурқобил ўйлайдики, судланса, қамалса – тамом. Ўзи-ку майли, оиласи, болаларининг келажагига ҳам абадий тамға босилади. “Отаси қамалган”. Улар бир умр ўкиниб, қисиниб яшашга мажбур бўлишади. Эҳтимол, толеларига ўша ўчмас тамға босган шўрпешана отани бир умр ичларида қарғаб, лаънатлаб яшашар. Бундан кўра ўлгани яхши эмасми? Жиноят иши ёпилади. “Одам йўқ, муаммо ҳам йўқ”, деган экан ўша маълуму машҳур Вишинский, деган зоти кироми. Судланди деган тамға ҳам бўлмайди. Ўғиллар ҳам худди ўзи сингари оч-яланғоч, юпун, ўсишади. Лекин ҳарқалай кўкракларини баланд кўтариб юришади. “Халқ душманининг боласи, ўғривачча, ёхуд бошқа бир шармисор қилувчи, иккинчи навли одамга айлантирувчи лақаблардан холи улғайишади. Тенглар орасида тенг бўлиб яшашади. Ўзи ҳам бегуноҳлигича, энг муҳими, шонли комфирқанинг аъзолигидан ўчмай кетади. “Партия аъзолари нариги дунёда ҳам анча-мунча имтиёзларга эга бўларкан, – дея аския қилганди бир гал Ҳаким довдир. – Аввало мункар-накирлар ортиқча қийнашмасакан: “булар барча саволларга жавобни партияга кираётганда бериб бўлишган”, деб. Сўнгра қилкўприкдан оддий коммунистлар автобусда, амалдорлар хизмат машинасида ўтказилиб, жаннат, яъни фирдавсул маъвога навбатсиз киритилишаркан. Агар бунинг устига хотини ўрис бўлсами… ўша ердаям кичикроқ бўлса-да албатта бирор лавозимга тайинланар экан…” Бу латифани эшитганда Нурқобил ҳар сафар мириқиб кулган. Бироқ айни топда кулгилик ҳоли йўқ эди. Барибир бу дунёдан ўз ихтиёринг билан кетиш осон эмас. Ҳаёт – ширин.
Мияси ачиб кетди. Шаҳд билан стол ёнига ўтирди ва Суҳробга аталган мактубини давом эттирди. Узоқ ёзди. Йиғлаб ёзди. Охири шундай хулоса қилди:
“Ҳа, ҳаёт ширин. Лекин мард бўлишим керак. Номардлик қурбони бўлиб бир умр шармандаликда яшагандан кўра мардларча ўлиб кетганим афзал”, деди. Болаларидан хабар олиб, аммасига далда бериб туришни илтимос қилди. “Мени унутма, имкони бўлса кечмиш-кечирмишларимни бир ҳикоя қилиб ёз, токи, бошқаларга сабоқ бўлсин, ҳеч ким мендек амал ҳавосига маҳлиё бўлиб, хато қилмасин, қабиҳ кимсалар тузоғига тушмасин, деди. Бир хаёли тоғларимиз орасига уя қурган қашқирларни фош эт, демоқчи бўлди-ю, дўстининг ҳаётини хавф остида қолдирмаганим дуруст, деган андиша билан фикридан қайтди. Мактубни тугаллаб конвертга солди. Устига “Дўс тим Суҳроб Туробовга тегсин”, деб ёзди. Стол устига кўринарли жойга қўйди. Деразадан ташқарига қаради. Уфқ оқара бошлабди. Тонг яқин.
Ҳовлига чиқди. Атрофни қалин қор қоплаганди. Аччиқ изғирин заптига оляпти.. Айни муддао. Яйловга йўл олади. Отни увол қилишнинг кераги йўқ. Машинада боради. Кеча ҳайдовчи ёнилғи камроқ эканини айтиб, огоҳлантирган. Нурқобил эшитмасликка олганди. Тоғда совуқда қолиб ўлиш режаси миясида аллақачон пишган, фақат жазму журъат етмаётганди. Ҳозир қайдандир пайдо бўлди. Шуниси маъқул. Атай қилгани ҳам билинмайди. “Бензини тугаб, мошинаси ўчиб қолган”, дейишади. Музлаб ўлиш қанақа бўлишини у… билади. Кўп эшитган. Отасининг вафоти ҳақида гап кетганда бувиси доим айтарди: “Болам бечора оти ҳориб, гуртукка тушиб, йиқилганидан сўнг пиёда ҳам анча юрган. Қишлоққа беш чақиримгина қолганида “озгина нафас ростлаб дам олайин”, деган ўйда тўхтагану уйқу зўрлик қилиб, ухлаб қолган. Яна озгина юрганида омон-эсон етиб келар эди уйга…” Бувининг бениҳоя оғриқли ҳикоясига дош беролмай, ғамзада кўнглига таскин излаб юрган кунларида Жек Лондон ҳикоялари қўлига тушди. Такрор-такрор ўқиб, кўникди. Бу осон ўлим экан. Киши ўзи сезмаган ҳолда уйқуга кетар экан…
Яна бир нарса кўнглига таскин беряпти. Ҳаётни худди отаси сингари тарк этаётир. Тўғри, отаси… ўлишни сира-сира ҳоҳламаган. Ҳаво қаттиқ совуқ, қор ҳаддан ортиқ кўп бўлгани учун ноилож қолган. Нурқобил ҳам асло ҳоҳламасди Лекин ноилож қолди.
У тонг уйқусида ором олаётган ўғилчаларига интиқ нигоҳ ташлади-да, шахт билан ташқарига чиқиб кетди.
ИККИНЧИ ҚИСМ
1
Қишлоққа яқинлашган сари Суҳробнинг юраги орзиқа бошлади. Отасини, онасини, тоғасини эслади. Бу ерда дўсти Нурқобил ва Ҳаким акадан бошқа яқин кишиси қолмаган. Нурқобилни кўрса, суҳбатлашса раҳматлик отасининг қизишиб, елиб-югуриб юрган пайтлари ёдига тушади. Шубҳасиз, Нурқобил кўп нарса ўрганган у кишидан. Баъзан ҳатто айрим гаплари айнан ўхшаб кетади.
Довдир эса тоғасини эслатади. Фақат тоғаси Мавлон полвон жиддий одам эди.
Довдир эса шалдир-шулдир. Лекин зукко, ҳар гапининг замирида аллақандай маъно бор. Довюраклиги одамни ҳайрон қолдиради. Бир куни Нурқобил билан ўтовига борганларида довдир серкасини гўёки адашган бўлиб “Ўртоқ Ўташев” деб чақирганига ҳайрон қолишди. Тўғри, кейин у ўз хатосини тузатди: “ўртоқ бош секретар, э узр, серкатар, демоқчи эдим”, деди. Сухроб аввалига кулдию, кейин барибир уни енгил койиган бўлди.
– Ҳаким ака, бунақа қалтис ҳазилни қўйинг. Минг қилсаям раҳбар одам. Эшитиб қолса ғашиғиб, қасдлашиб юриши мумкин.
– Менинг серкам ҳам отарнинг раҳбарида. У қаёққа бошласа, минг қўй ўша ёққа юради. Бўйнида қўнғироғи бор. Ҳал қилувчи аҳамиятга эга белгиси ўша. Қолаверса, Ўташев менга тенгқур, мактабдош. Салкам қариндош. Ҳазил қилишга ҳақлиман. Уям ҳазил қилсин. Истаса, эшагига Ҳаким деб лақаб қўйсин.
– Қўйинг ака, шу гапни қўйинг. Яхшиси, Нурқобил ё Суҳроб, деб чақиринг ўша серкангизни.
– Э-э йў-ўқ, унақада мен ҳаммамиз учун ҳурматли серкамга нисбатан ҳурматсизлик қилган бўламан. Сизлар ким бўлибсизларки, менинг узоқ йиллардан буён йўлбошчилик лавозимида ишлаб келаётган олиймақом, юксак мартабали серкамга сизнинг номингизни берай!
Довдир аввалига қаҳ-қаҳ уриб кулди-ю, кейин бирдан гўёки жиддий тортди.
– Нурқобил дейишга… бўлмайди ука. Менинг серкам ўн беш йиллик меҳнат стажига эга. Сен раҳбар бўлганингга ҳали беш йил ҳам тўлган эмас. Агар серкамни сенинг исминг билан атасам уни камситган бўламан. Тушундингми?
Ҳа, довдир қувноқ, лекин ўлгудай ўжар одам. Яна бир феъли борки, айтган гапини қилмаса қўймайди. Суҳроб унинг ўзича шеърлар ёзиб юришини биларди. Бир куни шундан гап очди.
– Ҳаким ака, шеърларингиздан эшитайлик.
Довдир ўнғайсизланиб қолди.
– Қўйсанг-чи, Суҳроббой, мени шеърларим шеър эмас, шунчаки хиргойи.
– Майли, нима бўлсаям бирортасини ўқиб беринг.
– Майлику-я, лекин сенга ўхшаган мухбирлар кейин чўпон халқининг барини шоирга чиқариб юборасизлар, деб қўрқаман.
– Нега?
– Чунки қачон чўпон ҳақида ёзсанглар, қўлига най ушлатиб, яйловга ёнбошлатиб қўясизлар. Яқинда битта ашула эшитдим. Нима эмиш: “чўпон чалар найини, қўмсаб моҳлар ойини, найда изҳор этар у, ошиқ кўнгил майлини” Ўлма-е, шоири замон! Моҳлар ой қаерда экан? Отасиникига кетганми? “Фақат най чалишда бошқа ишга ярамасакан”, деганда а? Шундайми? Ахир чўпонларнинг ҳаммаси бир қолипдан қуйилган эмас-ку. Бирови най чалса, бирови дўмбира чертиши, бошқаси доирани боплаб уриши мумкин. Яна бири қўлига умуман таёқдан бошқа нарса ушламаган бўлиши мумкин. Лекин шуни билки, чўпон ёлғиз юради, зерикади. Шунда нимагадир овунгиси келади. Мен китоб ўқишни яхши кўраман. Хуржунимнинг икки кўзи доим китобга тўла.
– Гапни бурманг энди. Шеър машқ қиласиз, кундалик ёзасиз. Қанча достонларни ёддан биласиз, баридан хабардормиз.
– Хабардор бўлсанг, нима нафи бор? Мен айтган достонларни китоб қилмасанг. Сизнингча, халқ оғзаки ижоди Эргаш Жуманбулбул, Ислом шоир, Пўлкан шоирлардан кейин тўхтаган. Икки-уч бахшини топиб олгансизлар – телевизорлардаям, радиодаям шулар. Тоғларни, яйловларни изламайсизлар, ваҳоланки, эҳ-ҳе…
– Айб ўзингизда, доим яширасиз. Дафтарларингизни бермайсиз. Сизнинг ўрнингизда бошқа одам бўлса, шу пайтгача тўрт-бешта китоб чиқарарди. Асли, ростини айтсам, шаҳарда нашриётлар атрофида ўралашиб юрган қанча-қанча ясама шоирлардан сизнинг истеъдодингиз ўн чандон кучли.
– Ол-а! Жа кўпиртирдинг-да! – деди довдир. Лекин кўп тихирлик қилмай дафтарларидан уч-тўрттасини Суҳробга берди. Суҳроб уларни ўқир экан, гоҳ кулар, гоҳ жиддийлашар, кўзида ёш қалқирди…
Кейин довдирга хат ёзиб шаҳарга чақиртирди. Ўша сафар тафсилотини довдир ҳамиша кула-кула, қўшиб-чатиб ҳикоя қилиб юради.
2
Алқисса, бир куни шаҳарга тушдим…
Суҳробнинг олдига кирсам шеърлар китоби чиқиб, кимга мақтанишини билмай ўтирган экан. “Ҳой, ука, қирққа кириб энди мушукнинг қулоғидай китоб чиқарибсан, нимангга бунча қувонасан” десам, “Шунгаям Мансур Муҳиддинович ёрдам қилдилар, бўлмаса, ҳаливери шуям йўқ эди” деди. Оббо, шоввоз-ей, дедим. Ҳалиги ўзимизнинг Мансур Муҳиддинни айтаяпсанми, эски ошнанг. “Ҳа, дейди. У киши ҳозир китоб чиқарадиган жойда катта лавозимда ишлаяпти”. “Ораларингдан сал гап ўтгандай бўлувди, адашмасам. Ишқилиб ярашиб кетдиларингми?” “Ўзику аслида уришиб уришганимиз, ярашиб ярашганимиз йўқ, лекин у киши бошқа жойга ишга ўтиб кетди. Кейин… Лекин мен китобимни у кишига кўрсатмай топширгандим. Ўзи хабар топиб, сал тезлаштириб юборибди.” “Ё фалак-эй, Тангри-табиат инсоф бераман деса ҳеч гап эмас экан-да. Бўлмаса бир иш – шу шоир халқини бир зиёфат қилайлик. Харажати мендан” дедим.
Суҳроб аввалига кўнмади. Лекин авраб-алдаб кўндирдим. Икковимиз пешинга яқин Муҳиддиновнинг идорасига доҳил бўлдик.
“Ассалому алайкум, муҳтарам Мансур ака!”
“Ваалайкум ассалом, укалар. Келинглар”.
Салом-алик, ҳол-аҳвол пурси посидан кейин мақсадга ўтдик. Муҳиддинов мени сал-пал биларди. Шунинг учун майна қилмаяптимикан, дегандек ишонқирамади. Йўқ, ишонтирдик. Аканг қарағайни қонидаям шоирликдан бор-да ахир. Эргаш Жуманбулбул бобомнинг холасининг тоғаваччаси бўлган, ҳаяжонланиб бир-икки сўз айтган эдим, кўзидан ёш чиқиб кетди, бечоранинг.
Хулласи калом, ишдан кейин “Кўктепа” зиёфатхонасида учрашадиган бўлдик. Менда ҳалиям бояги ҳаяжон тарқамаган экан, шекилли, “Беш-олтита кўнгилтортар ошна-оғайнилардан ҳам айтиб чиқинг, ўтирамизда чақчақлашиб” деб юборибман. “Майли-майли, деди Мансур Муҳиддин, ўзим ҳам беш-олтита ошналарим билан анчадан бери ўтиришганим йўқ.”
Гапнинг қисқаси, бизлар Суҳроб икковимиз “Кўктепа”га келиб, яхши бир бурчакни эгалладик. Келса бир беш қўшув олти киши бўлиб келар, деб ҳар эҳтимолга қарши ўн уч кишилик жой ҳозирладик.
Келишилган вақтда Мансур Муҳиддин ташриф буюрдилар. Ҳисобдан бироз адашиб, Мансур оғанинг камсуқумлигини билмаган эканман.. Улар атиги саккиз киши бўлиб келишди, бизлар икковимиз, давра – дастурхон атрофи тугал бўлиб, жой ортиб ҳам қолди.
Шаҳарга тушадиган бўлсам, одатим, белни бақувват қилиб тушаман. Бу гал ҳам қопчиғим тўла, Ўзига шукр. Яна маҳсининг қўнжида хотин латта-путта, махси-ковуш олиб келасиз, деб берган анча-мунча пул ҳам бор.
Мансур Муҳиддинга илтифот этдим: қани, марҳамат, кўнгилга сиққанича буюрсинлар. У ҳам бояги андиша-тавозеларни идорасига қўйиб келган, шекилли, анча дадил, бир гапириб ўн кулиб буюртма беришга киришиб кетди. Қўй гўшти, мол гўшти, товуқ гўшти, курка гўшти, ғоз, ўрдак ва яна алланима балоларнинг гўшти. Балиқнинг беш-олти хили, ҳалиги ичидаги уруғи десанг, қорасию қизили. Мева-чеванинг мен билмайдиганларидан ва ҳоказо шунга ўхшаш. Шу десанг, бир хил коньяк бўлар экан, шишасига рақам қўйиб, саноқли чиқариладиган. Мансур Муҳиддин ўшандан буюрибди. Мен ичмайман, ўзларинг биласизлар. Мансур Муҳиддинга ҳам шундай дедим. Суҳроб ташлаб юборганини Муҳиддиновнинг ўзиям биларкан. “Лекин, ошна, шундан бир кўрсангиз бўларди, деди менга у, бу подшолар ичадиганидан”. Мансур Муҳиддиновнинг ўзи ва ошналари яхшигина олишаркан. Ҳалиги рақамли шишадан бир пасда анча-мунчаси қулаб қолди. Лекин биз зиёфат муғаннийлигини Мансур Муҳиддинга топшириб қўйганмиз, ахир. У бўлса ора-орада зўр эҳтиром билан: “қишлоқликларнинг бағоят улуғ бир одати бор – биз борсак ҳам зиёфат қилишади, ўзлари келишса ҳам зиёфат қилишади”, дея тансиқ таомлардан буюргани буюрган.
Бир маҳал Суҳроб секин қулоғимга шивирлади: “Ҳаким ака, пулингиз етмай қолмасин, тағин. Бу шишаларнинг ҳар бири фалон пул туради, нариёғиям тахминан анчага бориб қолди”.
“Йўғ-е, қўйсанг-чи, ҳазилингни” дедим. Бола жиддий.
Соддалигим қурсин. Энди ўзимга кела бошладим. Хаёлан қопчиғимдаги пулни чамаладим. Боя Суҳроб айтгандан сал камроғов. Э, шошма, маҳсининг қўнжидаги-чи, униям қўшсам… кампиримга нима дейман, ҳа, шошмай тур, не бўлса-бўлсин, обрў кетмасин, демак униям қўшсам бироз ошади. Лекин буларники энди авжига чиқаяпти-ку.
Шошма, дедим ўзимга ўзим, бир пулимни санаб кўрай. Яна етмай қолиб шарманда бўлмайин. Узр сўраб ҳожатга чиқдим. Ҳожатхонага кириб чўнтакларимнинг ҳаммасини ағдардим, маҳсининг қўнжиям енгил бўлди. Сармоямнинг ҳаммасини қулайроқ бир чўнтакка жойлаб қайтиб келдим.
“Ошна, қаёқларда қолиб кетдингиз” деб қичқирди Мансур Муҳиддин менга ўгирилиб. Шу пайт кўзи икки-уч давра нарида ўтирган бир одамга тушди. “Эй, биродар, бормисан ушбу жаҳон айвонида?” деб қичқирди қўлини кўтариб. Кейин менга эгилиб шивирлади: “Қизалоққа айтайлик, ўша столга манови арман шаробидан биттасини ёнига иккита шампан қўшиб олиб бориб берсин. Анави йигит қирқ йиллик қадрдоним бўлади. Бир хурсанд қилайлик ўшани”.
Нима ҳам дерди аканг бечора. Майли, дедим. Ўзимдан ўтганини ўзим билиб, бўшаётган шишалар, галма-гал алмашаётган ликопчаларни фикран санаб, пулини ҳисоблаб ўтирибман. Қўлим тез-тез пулли чўнтагимга бориб келади.
Яна бирор соатлардан кейин харажат чўнтагимдаги пул етмайдиган даражага чиқди. Бу ёқда Суҳроббой ичини ит тирнаб, “турсак ҳам бўларди, бас қила қолайлик” деб менга шивирлайди, Мансур Муҳиддинга ботинолмайди. Мен “бўлди, турамиз” деб айтолармидим. Ўзим таклиф этиб, “Жўраларни ҳам айтинг”, деб катта гапириб, яна бунақа қилсам кулишмайдими, “Ўл-е, ҳолинг шу экан, нимангга чиранасан” дейишмайдими?
Бир маҳал Мансур Муҳиддин қўшни столдаги биродарини даврамизга таклиф этгиси келиб қолди. У ҳам тўрт-бешта жўраси билан экан. Столимизга яна стол қўшиб даврани яна кенгайтирдик. Яна нутқ, яна чиройли сўзлар бошланиб кетди. Чидай олмадим, “қудуқ бўл-е, уккағарлар” дедим ичимда. Ўлай агар, шунча ёшга кириб меҳмоннавозлик қоидасини бузганим йўқ, бир парча ноним бўлса, меҳмоннинг олдига қўйганман. Лекин бу сафар Мансур Муҳиддин билан ошналарининг сувдай шимириши жиғимга тегди. Э, бунчалик эмас-да энди! Майли, пулим етмай қолсин, майли, мен шарманда бўлай, тўнимни гаровга қўйиб бўлсаям, бир амаллаб қутуларман. Аммо ичкиликни бунчалик ичмайди-да инсон боласи. Айтгандай, ҳалиги подшолар ичадиган фаранги шароб тамом бўлиб қолгач, ўзимизнинг жайдари араққа ўтиб кетишди. Ана сенга дид, ана сенга таъб. Ўша билан бошлагандан кейин ўша билан якунлаб қўяқолса ҳам бўларди.
Туриб-туриб ўзимга ўзим дейман, э, мулла Ҳаким, зиёфат беришни чидаганга чиқарган. Сизга олифтагарчиликни ким қўйибди. Ҳотами тойнинг укаси ҳақидаги ривоят эсингиздами? У акасига ўхшаб ҳотамлик қилмоқчи бўлган экан. Онаси синаш мақсадида гадо кийимида етти дарчадан кетма-кет келиб садақа сўрайди. Янги ҳотамча уч мартасига чидайди. Тўртинчи мартасида “Ҳой, инсоф борми сенда, неча марта оласан садақани?” деб юборади. Шунда она ниқобини ечиб “Ўғлим, ҳотамтой бўлиш ҳар кимнинг қўлидан келмайди, аканг етти мартасида ҳам ғинг демай садақа берган” деб ҳотамликка ишқибоз кенжа ўғлини мот қилади. Алқисса, бизникиям шунақа бўлди-ёв, деб турувдим, йўқ, бир маҳал Мансур Муҳиддинни кимдир излаб келди-ю, “турамиз–турамиз” деб қолишди.
Суҳробга секин шивирлаб турибман: “Энди, ука, етмай қолган жойига қўшасан. Қарз-а” деб. У ҳам рози.
Мансур Муҳиддин жойидан бир амаллаб турди. Келиб мени қучоқлади. Дўппимни бошимдан олиб, ярғоқ пешанамдан чўлпиллатиб ўпди. “Сиз – донишманд одамсиз, сизнинг доно фикрларингизни “Донолар бисотидан” сериясида чиқарамиз, ошна, албатта чиқарамиз” деди. Кейин сал тортинқираб уйига меҳмон келиб кутиб турганини айтди, иложи бўлса, боя ги шишадан икки жуфтгина олиб борса яхши бўлишини ҳам қистирди. Ахир, ярим кеча, дўконлар ёпиқ.
Ошнамнинг сўнгги истагини ҳам бажо келтирдик. Суҳроб иккаламизнинг чўнтагимиз қоқ бўлди. Шундаям озроқ етмай қолди. Суҳроб ҳужжатини гаровга қўйиб, қолганини эрталаб олиб келиб беришга келишди. Хуллас, бир амаллаб қутулиб чиқдик. Ҳар ҳолда, обрў кетмади-е, хайрият, дейман ўзимча.
Мансур Муҳиддинни таксига ўтқазиб жўнатдик. У хайрлашиш олдидан яна пешанамни ҳўл қилди. “Сизнинг хотираларингизни, – деди у елкамга қоқиб, – жаҳон классиклари сериясида чиқарса ҳам арзийди. Сиз – классик инсонсиз. Сиздайлар жуда кам учрайди. Чўпон – классик. Классик чўпон. Классик шоир. Қаранг, қандай зўр жаранглайди! Дарвоқе, эшитганмисиз, Шоҳ Машраб ҳам чўпон бўлган.” Мен “Машрабни билмадиму Муҳаммад алайҳис салом қўй боққан, деб эшитганман”, десам. “Қайси Муҳаммад, ўзимизнинг уюшмада бешта Муҳаммад бор, қай бири”, деб аниқлаштирмоқчи бўлди. Секингина қулоғига: “Мадиналик Муҳаммад”, деганимни биламан, кайфи бир лаҳзада тарқаб, шайтонлаб қолмайдими. “Молчать!” – деб ҳайқирди бир маҳал. – Бу ерда диний тарғибот бўлмасин. Акс ҳолда… ҳозироқ обориб, КГБга топширвораман!” Вой падари қусур-ей, шунча қилган зиёфат, иззат–ҳурматга кетини артмоқчи бўлди-я! Майли, мастликда айтди-қўйди-да. Ўзи ёмон одам эмас.
Алқисса, “классик чўпон” Ҳаким довдир аканг билан “классик шоир” Суҳроббой трамвайгаям пули қолмай, шаҳар кўчаларини пиёда кезишини кўр.
Ана шунақа, ука, валламатликни чидаганга чиқарган.