282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Хабиб Темиров » » онлайн чтение - страница 18

Читать книгу "Қуёш ботаётган пайт"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 08:00


Текущая страница: 18 (всего у книги 25 страниц)

Шрифт:
- 100% +
13

Маъсума кўзгу қаршисида ўтирарди. Кеча Италия сафаридан муддатидан олдин қайтиб келди. Бу галги саёҳат ҳам, истироҳат ҳам унга мутлақо татимади. Борган кунидан бошлаб, егани ичига тушмади. “У ёқда бир… азиз кишимнинг тақдири хавф остида турган бўлса-ю, мен бу ерда денгизга чўмилиб, орқамни офтобга тоблаб ётсам, шуми одамгарчилик”, деди. Икки кун зўрға чидаб, учинчи куни ортга жўнади. “Денгиз сувида аллергиям қўзғади”, деган баҳонани дилига тугди. Барибир эри гап нимадалигини тушунади. Тушунганда нима. Энди барибир у одам билан яшамайди. Нурқобил қабул қилмаса, ёлғиз ўтади. Мана бу тўқлик ва шўхлик замиридаги ҳаром-харишлик, чиркинлик ва бадбўй муҳитга ортиқ чидолмайди. Ич-ичидан емирилиб бораётгандек ҳис этмоқда ўзини. Мана, ойнада ҳам кўриниб турибди.

Ҳали қирққа ҳам бормаган жувон сочидаги оқ толалар кундан-кун кўпаймоқда. Пешанасидаги чизиқ ҳам шу кунларда пайдо бўлди. Кўзларининг остида ажинлар…

Нега у қийналади, нега изтироб чекади. Ахир шундай қисматни, шоҳона ҳаёт, роҳат-фароғатни ўзи истамаганмиди? Ўзи танламаганмиди “қудратли Ўташев”ни? Нурқобил ўша пайтлар ўзини эплай олмайдиган, эгни кийимга, қорни овқатга ялчимайдиган ёш бола бўлиб кўринмаганмиди кўзига. Тўғри, Нурқобилнинг тиришқоқ, иродали йигит экани, келгусида яхшигина мавқени эгаллаши мумкинлиги сезилиб турарди. Аммо Маъсума “келгусини” кутишни хоҳламасди. У фаровон ва тўкис турмушга ҳозироқ, шу бугуноқ эришишни хоҳларди. Ўша пайтлар отаси тўсатдан ўлиб қолди-ю, рўзғорлари ҳам тортилди. Ишламасдан эрининг мўмайгина даромадига суяниб қолган онаси ўзини қўярга жой тополмасди. Маъсума – тўнғич қиз. Ундан кейин яна уч қиз. Нима қилиш керак? Ўша лаҳзада Маъсуманинг юрагига на севги, на бошқа ҳис сиғди. Яширишдан нима наф, у кечаю кундуз тўкисроқ, тўқроқ оилага келин бўлишни ўйларди. Аввалига бир омади чопди – факультетларининг декани Розиқов аёл домлалардан бири орқали уни ўғлига сўратибди. Маъсума кўзини чирт юмди: “Майли, бир учрашай”. Деканнинг ўғлини кўрдию, кўнгли айниб кетди. Бу бўйи паст, қорни мешдай, кўзларигача ёғ босиб кетган мавжудотнинг яқинига бориб бўлмасди: тер ва мой ҳиди димоқни ёриб юборарди. Маъсума аёл домлага айтди: “Домла, кечирасизку-я, унингиз жудаям хунук-ку”. Аёл домла тилининг расволиги билан “обрў қозонган” эди, айтди: “Эй, қизим, ҳуснини нима қиласан, қоронғида ҳусннинг нима кераги бор?” Маъсума индамай бурилиб кетди. Четроққа чиқиб, алам билан ерга туфлади. Эзилди. Ўша кунларда йўлида Ўташев пайдо бўлди. Бу одамнинг биргина камчилиги – Маъсумадан ўн беш-ўн олти ёш катталигини ҳисобга олмаганда ҳар жиҳатдан мукаммал эди. Бунинг устига собиқ хотини шундай одамнинг қадрига етмабди – хиёнат қилибди. Маъсума бошда “таъма” деб ўйлаган туйғу ёнига ачиниш ва бир ғариб одамнинг кулбасини ёритиш истаги қўшилди. Энди унга ҳеч нарса тўсқинлик қилолмасди. Энг муҳими, Ўташев қаровчисиз қолган оилаларига соябон бўлишни истаяпти. Бу онасигаям маъқул келади.

Тўй Маъсумаларнинг ҳовлисида кичкинагина, лекин тўкин-сочин бўлиб ўтди. Унда яқиндагина вилоят миқёсида раҳбарлик лавозимига кўтарилган Тўхтабоевнинг ўзи ҳам қатнашди. Қатнашди-ю, Маъсумадан кўз узмади сира. Маъсума олдин уялди, ўнғайсизланди, кейин аччиқланди, сўнгра ижирғанди, уятсиз, яна Ўташевга қирқ йиллик биродар эмиш бу одам. Ғаркўз.

Тўйдан сўнг икки ойлар ўтгач, яна бир воқеа бўлди-ю, Маъсуманинг юраги шувиллаб кетди. Кимларнинг чангалига тушганини илк бор сезгандек бўлди. Сўнгги имтиҳонни топшириб қайтганди ўшанда. Ҳовлига кирса Ўташев чорпояда ёнбошлаб ётибди. Маъсуманинг онаси унга чой қуйиб узатмоқда, худди бир маҳаллар отасига узатгандек. Ўташев ҳам қайнонасининг ҳали қартаймаган вужудига, бўлиқ оёқларига ютоқиб тикилиб ётар, тамшаниб қўярди.

Маъсума бошда Ўташев билан районга кетишни хоҳламаган, “Тўхтабоевга айтинг, сизга ҳам шу ердан бирон иш берар, шаҳарда яшайлик” деб юрганди. Бу манзарани кўрди-ю, шаҳарга ҳам, ўз ҳовлисига ҳам сиғмай қолди.

– Майли, бораман!

Ўташев қувониб кетди.

– Гап деган бундай бўпти-да! Яшанг! Сиз ҳам бир халқ орасида яшанг, ишланг. Ўсишингизга фойдаси катта бунинг!

Чашмизиракка келиб Нурқобилга рўбарў бўлган илк пайтларида ҳали Ўташевга хиёнат қилиш хаёлида ҳам йўқ эди. Нурқобил уйланган, икки боласи бор экан. Ўзи ҳам Маъсумага деярли эътибор бермасди. Эътибор бермасди-ю, лекин кўзи бехосдан кўзига тушса, нимадир “йилт” этиб турарди. “Ёшликда берган кўнгил, айрилмас бало бўлур”. Маъсуманинг нигоҳида ҳам Нурқобил энди тунов кунги ёш бола эмас, куч-ғайратга тўлган, салобатли эркак эди. Маъсума юрагининг тубида нимадир қалқиб-қалқиб қўяётганини сезар, лекин хаёлга эрк бермасди. Аммо бир воқеа бўлди-ю, фикр-хаёли Нурқобилдан айрилмай қолди…

Якшанба куни эди. Аввал Ўташевнинг шофёри бозор қилиб, бир дунё нарса кўтариб келди.

– Нозик меҳмон келаркан, – деди у. – Ўз қўлингиз билан кулчатой қилармишсиз.

Маъсума кулчатой қилишни билмасди. Сафия холага хамир қоришни буюриб, ўзи қозонга гўшт солиб шўрвасини осди.

Қоронғи тушганда Ўташев билан… Тўхтабоев кириб келишди. Шахсан Тўхтабоевнинг ўзи!

Даврада Ўташев, Тўхтабоев ва эрининг қистови билан тортинибгина ўтирган Маъсумадан бошқа ҳеч ким йўқ эди.

– Шофёрингизга ҳам жавоб бериб юбордим. Саҳарда келади. Бир ёзилишиб ўтирайлик, – деди Ўташев ялтоқланиб.

– Э, чакки қилибсиз-ку, Шоқувватбой! Биз тезроқ қўзғалишимиз керак эди. Ахир давлатнинг иши, биласиз…

– Давлатнинг иши адо бўлармиди, мундай бир яйрайлик-да бизам. Иш-иш деб ўлиб кетдик-ку!

Дастурхон тўкин эди. Шаробу мусалласларнинг энг сара хилидан муҳайё этилганди. Тўхтабоев қўярда-қўймай Маъсумага ҳам икки– уч марта олдирди. Маъсума сархуш бўлди. У гапга аралашмас, Тўхтабоевнинг ўқтин-ўқтин ер остидан еб қўйгудек бўлиб тикилишидан саросимага тушарди.

Ярим оқшомда Ўташев “Ўз қўлим билан бир кабоб пиширай” деб ташқарига чиқди. Шу пайт Тўхтабоев ўрнидан тура солиб, Маъсуманинг билагидан ушлади. Маъсуманинг ширакайфлиги бир зумда йўқолиб, мияси тез ишлай бошлади.

– Уятни биласизми. Шундай обрўли одам…

– Маъсума, уяти нимаси. Бизлар… коммунистмиз, партиядош ўртоқдан битта бўса олсак камайиб қолмас.

– Ҳозир ошнангиз келиб қолади. Партиядош ўртоқ яна бир сафдошингизнинг хасми эканини унутманг.

– Келмайди. У тартибли йигит. Энди кабоби тайёр бўлмагунча келмайди.

– Келишиб олганмисизлар? Ўзи рози бўлганми?

Тўхтабоев бир лаҳза каловланиб қолди.

– Йўғ-э, нима деяпсиз? Бунақа нарсани келишиб бўларканми? У сезиб қолса, икковимизниям сўяди. Отаси одамхўр бўлган унинг.

– Нега бўлмаса садоқатли гумаштангизнинг юзига оёқ қўйяпсиз? Ё… бизнинг партияда каттаконлар ўзидан лавозими пастроқ раҳбарларнинг хотинига кўз олайтириш айб ҳисобланмайдими.

– Маъсума, қўйинг демагогияни, биламан, бу одамни яхши кўрмайсиз. Шунчаки, унинг мартаба ва имкониятларидан фойдаланиб, жамиятда юқорироқ бир мавқени эгаллаш учун теккансиз. Шундай бўлгач… Келинг, яхшиси, икковимиз… дўст бўлайлик. Қўйинг ўшани. Мен… мен сизни… вилоят, жумҳурият, мамлакат миқёсига кўтараман. Хўп денг! Хоҳлайсизми, район фирқасига мафкура бўйича котибликни?

Маъсуманинг фикрига минг хил ўй келди. Бир хаёл ҳозир шовқин солиб, бу ғаркўз фоҳиш кимсанинг ёқасини вайрон қилиш, Ўташевни ҳам бояги гаплардан воқиф этиш истаги туғилди. Яна бир хаёл… Йўқ, булардан диёнат талаб этиб, насиҳат қилиб, улар билан пачакилашишнинг фойдаси йўқ. Буларни сув ёқасига элтиб, суғормай, масхара қилиб юриш керак.

– Майли, бир ўйлаб кўрай. Ўзим… олдингизга бораман…

– Демак, келишдик-а?

Маъсума индамади. Тўхтабоев сукутни аломати ризо, деб тушунди. Маъсума ундан ижирғанди. Ичида “сенинг ҳимматингдан баҳраманд бўлиб, шармандаликни бўйнимга олиб юргандан кўра ўлганим яхши”, деди. Энди даюс эридан ўч олиш истаги енгиб бўлмас иштиёққа айланди. Бу иши нотўғри эканини ўзи тушунар, бироқ саркаш кўнглини идора этолмай қолган, шу баҳонада қалбидаги кўҳна армонни ўлдириш талвасасига тушганди. Эртасига ниманидир баҳона қилиб Нурқобилнинг олдига кирди. Индинига қўнғироқ қилди. Хуллас, яна бола бечоранинг бошини айлантира бошлади. Кейин дам олиш уйида унинг васлига етишга уринди. Эҳтимол ўшанда Нурқобил унинг домига осонгина илинганда Маъсума учун бошқа барча бузуқи амалдор эркаклардан фарқи бўлмас ва балки тез орада қизиғини ҳам йўқотган бўлармиди. Лекин Нурқобил уни ўзига яқинлаштирмади. Бошда мойиллик билдирди-ю тезда ўзини қўлга олди. “Имони бутун экан, – деб ўйлади Маъсума. – Орзуимдаги, кўнглимдаги эркак худди шунинг ўзи. Бундай йигитнинг васлига эришиш учун умрингни бағишласанг ҳам арзийди. “Унга қилган ишваю нозлари, ношойиста қилиқлари учун ўзидан жирканиб кетди. Энди мени енгилтак аёл деб ўйлайди, яқинига йўлатмайди, деб куйинди. Яна бир хаёли ўйлади: “мени яқинлаштирмагани ҳам тўғри, “номусу шаънини мана бунақа кимсаларнинг нафсига нишон қилиб, ҳойю ҳаваслар асираси бўлиб яшаб юрган, бепушт, бадбахт аёл бўлсам”, деди. Лекин барибир…

Ўша дақиқадан бошлаб фақат Нурқобилнинг хаёли билан яшайди. Лекин Нурқобилнинг оилавий ҳаётига, ишига аралашмайди, яқинига интилмайди. Бу орада ўрталаридаги амалга ошмаган қисқагина ишқий саргузашт бутун районга тарқалди. Ўташев Нурқобилни йўқотишга жон-жаҳди билан киришди…

Бугун муҳокама экан. Ўташев ўзи айтмоқчи: “Нурқобилни тамоман маҳв этиши мумкин”. Маъсума мана шунда ўзини бош айбдор деб ҳисоблар, эзилар, нима қилишини билмасди.

Кеча бетини қаттиқ қилиб, Нурқобилга қўнғироқ қилди. Уйда экан. “Зерикмаяпсизми?” деган саволига: “Зерикишга вақт йўқ”, деб жавоб қайтарди. Сўнгра: “Маъсума, мен вақти келса… ўзим сизни излаб топаман. Ҳозирча, мендан узоқроқ юринг, шунча гап чиққани етар”, деди. Маъсума тушунди ва… умидланди. Майли, у яна ҳам узоқроққа кетади, лекин бир умр тараҳҳум ва имдод кутади. Кейин кетар жафосига бир савоб иш қилайин, деган мақсадда касалхонага бориб, Ҳаким довдирни кўрди. Ҳайратга тушган бемордан обдон ҳол аҳвол сўрагач, “бир илтимосим бор, Ойсифатхонни Тошбўрижонга беринг, улар бир-бирларига муносиб”, деди. “Бугунги ёшларнинг эрки қўлида, бир-бирининг кўнглини топса, менинг қаршилигим йўқ”, деган жавобни олди. Ўша ерда Тошбўри билан узоқ гаплашди, кетишга аҳд этганини, ундан хафа эмаслигини, у ҳам тўғри тушуниши лозимлигини уқтиришга уринди. Шу орада Ойсифат отасининг ёнига келганини билиб, у билан ҳам суҳбатлашди.

– Ойсифат, жон синглим, Тошбўрининг умидини сўндирманг. У… тош ичидан ўсиб чиққан гулга ўхшайди, покиза, виждонли йигит. Унга суянсангиз бахтли бўласиз. У сизни хор қилмайди…

Шундай деди-ю, қилган муқоясасидан ўнғайсизланиб, маъюс жилмайди.

– Яхши маънода айтяпман, ҳаммамиз ҳам яйловнинг нурига тўйинган тупроғида унганмиз-ку. Лекин у бошқача, у янги замоннинг, келажакнинг одами. Йўқ, деманг.

Кейин кўзидан ёш чиқди. У кўз ёшини қизга сездирмасликка ҳаракат қилиб, шоша-пиша хайрлашди…

Тошбўри ҳали ишда. Шу бечорагаям қийин бўлди, икки-уч ўтнинг орасида қоврилади.

Хона ёришди. Деразадан қуёш мўралай бошлади. Ишга бориб хайр-хўш қилиш керак. Кейин… шаҳарга. Йўқ, шошма!..

Сафия хола билан йиғлаб хайрлашди. Кампир индамади. “Қол, бу ишинг нотўғри” ҳам демади. “Кетиб маъқул қилаяпсан” ҳам демади. Қучоқлаб икки бетидан ўпди.

Тоза варақ олиб ариза ёзди. “Мени ўз хоҳишимга кўра ишдан бўшатишингизни сўрайман”. Кейин нарсаларини йиғиштириб, кичик бир жомадонга солди. Ўташевга бир энлик хат қолдирмоқчи бўлди. Худди кинолардагидек. “Мени изламанг. Энди қайтмайман” Йўқ! Кераги йўқ. Ўзи шуёғиям кинодан баттар бўлди. Энг бемаъни, энг расво кино. Кинога, ўйинчоққа айлантирди ҳаётини…

У автобусга чиқиб, шаҳарга жўнади. Қишлоқ тугаб, автобус катта йўлга чиққанда беихтиёр орқасига қаради. Нурқобилни эслади. Уни ташлаб кетаяпти. Қизиқ гап – “ташлаб кетаяпти”. Нурқобил уникими? Нурқобил уни кўкрагидан итарди. Яхши кўриши кўзидан сезилиб турибди-ю, “узоқроқ юринг”, деди. Балким шундай қилгани ҳам тўғридир. Энди илинж йўқ. Хотини ўлгани, иши ўнгидан келмаётгани, хуллас, барча омадсизликлари учун худди Маъсума айбдордек қарайди. Ҳам севади, ҳам… ёмон кўради. Алами бор. Қаҳр ва меҳр ўртасида саргардон. Лекин Маъсума кутади. Худо унинг кўнглига қачондир шафиқлик солишини умид қилиб яшайди. Майли, бугун у… Нурқобилнинг ёнида туриш, жилла қурса “ҳа”, деган туяга мадад қабилида “сиз ҳақсиз, бўшашманг”, дея руҳлантириш ўрнига қочиб кетаяпти. Бир ҳисобга шуниси тузук. Йироқларда бўлса ҳам дуо қилади, омадини сўраб Яратганга илтижо этади. Бу ерда қолиб Ўташевнинг ғолиб башарасини, Нурқобилнинг енгилганини кўрмагани маъқул. Бу фақат Нурқобилнинг мағлубияти эмас, Маъсуманинг ҳам… дарду алами. Майли, уларга омад кулиб боқмади. Ҳеч қиси йўқ. Одам боши тошдан қаттиқ. Нурқобил… иродали, чидамли йигит. У билан бирга бўлсайди. Маъсума бунда оғир синовларга ҳам рози эди. Чўлу биёбонда, тоғу тошларда оч-юпун, сарсон-саргардон бўлиб юришга ҳам тайёр эди. Аммо у…

Маъсума Ўташевга нафрати ошгани сари Нурқобилни қаттиқ, чинакамига севиб қолганини англади.

Ўйин, эрмак, ўч туйғуси бора-бора севгига айландими? Йўқ. Назарида бу чинакам муҳаббат эди. Талабалик йилларида ўз муддатида туғилмаган, кечиккан, инжиқ, касалманд севги эди. Вақт ўтиб, у соғайди, улғайди. Энди кетса-кетсин, фарқи йўқ, севгиси ҳамиша ўзи билан, қалби эса, жисми қайда бўлмасин, Нурқобил билан қолади....

У кутади, кутиб яшайди. Кунлардан бир кун Нурқобил уни излаб боришига ишонади. Умид қилади.

14

Район партия қўмитаси бюроси Нурқобил Бўтаев масаласини ўн дақиқа муҳокама этди. Бир инсон тақдирини ҳал этишга шу муҳлат кифоя қилди. Саркотиб мажлисни очиб, қисқа, аниқ ахборот берди: – Тегишли идоралар юборган “Талабнома”га кўра вилоятнинг яқинда қамоққа олинган собиқ раҳбари Нодир Назаров қўл остидаги бир қанча шахслар қатори Нурқобил Бўтаевдан ҳам мунтазам равишда совға-салом ва бир неча марта аниқланмаган миқдорда пул олиб турганига иқрор бўлган. Шунинг учун уни партия сафидан ўчириб, вазифасидан бўшатиб, “Талабнома” бажарилганлиги ҳақида шахсан Сурен Хоренович Итлян номига “Билдиришнома” жўнатишимиз лозим…

Нурқобил бу “Талабнома” уни Тошкентга олиб кетишлари арафасида ёзилгани, лекин бу ерга кечроқ етиб келганини тушунди.

– Мени… Тошкентга олиб бориб, Итляннинг шахсан ўзи тергов қилган, пора берганим исботланган эмас, – эътироз билдирмоқчи бўлди у.

– Исботланади! – деди истеҳзоли ишонч билан ички ишлар бошқармаси вакили. – Сурен Хореновичнинг назарларига тушган бўлсангиз, эртами-кечми, албатта исботланади.

– СССР халқ депутатлари съезди депутатлари талабига биноан Сурен Хоренович бошлиқ гуруҳ фаолияти синчиклаб текширилмоқда, деб эшитдик, эҳтимол ўша текширув бир ёқли бўлгунча сабр қилармиз. Ахир гап бир ёш раҳбарнинг тақдири ҳақида кетяпти, – деди Шамсиев.

Бюро аъзоларидан бир-икки киши ҳозирча партия сафида қолдиришни, қаттиқ ҳайфсан бериб ишдан бўшатиш билан кифояланиш фикрини олға суришди. Аммо… вилоятқўм ташкилий – кадрлар бўлими раҳбари, КПСС Марказқўми томонидан Ўзбекистонга тартиб ўрнатиш учун ташланган “десантчилар” сафида Россиянинг Воронеж шаҳридан келган Никифор Димитриевич Лапиннинг бир оғизгина:

– Бундай кимсаларга партия сафида бир дақиқа ҳам ўрин йўқ, –деган кескин гапидан сўнг ҳеч ким миқ этолмади, Шамсиевнинг:

– Ўртоқлар, масалага чуқурроқ, кенгроқ қарайлик, – деган илтижосига биров қулоқ солмади. Нурқобил Бўтаев коммунистик партия сафидан ўчирилиб, қамоққа олинишига рухсат берилди.

– Қарор кўпчилик овоз билан қабул қилинди! – деди Ўташев мажлисга якун ясар экан. – Тўғри, жазо қаттиқ бўлди. Лекин шундан бошқа чора йўқ. Бу Бўтаевнинг ўзига ҳам, бошқа ҳар бир раҳбарга ҳам сабоқ бўлиши керак. Раҳбарнинг қўли ҳам, тилию дили ҳам, луқмаси ҳам тоза бўлиши зарур. У ҳамиша ҳақиқат ва адолат учун кураш жабҳасида бўлиши керак.

Нурқобилга сўнгги сўз берилди. У гапиришни истамади. Чўнтагидан гилос рангли гувоҳномани олиб, стол устига қўйиб ташқарига чиқиб кетди.

Ҳикоят қилишларича, Нурқобил Бўтаев Нуробод туманида иштирокиюн фирқасининг низомию рисоласига тўғрилаб партиядан ўчирилган сўнгги коммунист бўлган экан. Қолганларининг барчаси салдан кейин ўз ихтиёрлари билан чиқиб кетишибди. Сафида ҳеч ким қолмаган шўрлик райком ҳам, обкому марказқўм ҳам тарқатилибди. Мустақиллик бўлиб, компартиянинг ўзи ҳам йитиб кетибди, ўрнига бошқа кўплаб партиялар тузилибди. Уларнинг маъно мазмуни ҳам мақсаду маслагиям бошқача экан. Ҳоҳлаган киради, ҳоҳлаган чиқади. Бировни мажбурлаб аъзо қилиш ҳам, ўчириб қаматтириш ҳам йўқ экан. Майли, буниси энди бутунлай бошқа ҳикоя. Ҳозир гапни чалкаштирмасдан Нурқобилга эргашиб, қишлоққа қайтамиз. Тун яримлаб қолган. Ҳаво совуқ. Кимсасиз йўлда эсаётган аччиқ изғиринга жўр бўлиб, увиллаётган қашқирларнинг ваҳимали овозлари эшитилади. Шалоқ бир “Жигули”ни кира қилиб келар экан, Нурқобил дафъатан Маъсума ҳақида ўйлади. Уни бекорга хафа қилдим, дея афсусланди. Мавридини топиб узр сўрашни дилига тугди. Касалхонага ярим тунда етиб келди.

– Оғангиз мижжа қоқмай кутиб ўтирибдилар, – деди Тошбўри. Бошлашиб довдирнинг олдига киришди.

– Нуржон! Эшитдим. Бардам бўл, ука! Йигитнинг бошига не савдолар тушмайди. Минг шукрким, яхши замонлар келяпти. Тупур партиясига! Ўзлари ўчирмагандаям эртами-кечми ўзинг чиқиб кетардинг. Обрў, дейсанми? Балким шунинг ўзи обрўдир. Агар… ўғрилар тўдаси бир ҳалол одамни ўзларининг сафига лойиқ кўрмасдан ҳайдашса, у бундан мотам тутиб, бошига кул сочиб ўтириши керакми? Албатта, узр сўрайман бундай таққос учун. Партиядаям ҳалол одамлар кўп. Лекин улар сени асраб, ҳимоя қилиб қололмаган эканлар, ўзларининг шўри. Сен ўкинма!

Энди бўшашма! Биламан, бир пайтлар қўрққансан, ёшлик, тажрибасизлик қилгансан, кучим етмайди, йиқилсам майиб бўламан деб ўйлагансан. Эҳтимол, тўғри ўйлагандирсан. Аммо энди қўрқма! Йиқилсанг ҳам майли. Йиқилсанг ер кўтаради. Ёшсан, ҳаётинг ҳали олдинда. Дадил бўл. Шу баҳонада сенга умримда бир марта тушганим ва йиқилиб, ғалаба қозонганим ҳақидаги ҳикояни сўзлаб бераман, эшит.

15

Тўй. Қишлоқ ўртасидаги сайхонликда кураш бўляпти. Тушми бу? Ёки… Ажаб, ким тўй қилаётган экан? Довдир айтилмай қолибди-да. Қўрага айтишгандир. У икки кундан бери қирқимда-ку. Даврага яқинлашди. Қишлоқнинг оғзи катта кишиларидан бири – Сари Қўлдошнинг ҳовлисида кирди-чиқди гавжум эди. Кенжаларига тўй бошлабди-да эски раис. Тўй ҳам чакана бўлмасов. Бу одам жа, обрўталаблардан. Кураш уч-тўрт кун давом этса керак.

Давра ҳаками қишлоқнинг истеъфодаги бош полвони Мавлон Одил, баковул ҳаммага таниш жувозкаш Нурназар бова экан. Унинг қопида тўқсон беш чою, калиш маҳсидан тортиб тилла соат, ойнаи жаҳонгача бор. Ёнгинасида яп-янги “Урал” аравали мотоцикли. Ҳа, Сари Қўлдош бир тўкинадиган бўпти. Тўкинса арзийди!

Давра кенгаяр, кураш қизиб борар, қийқириқ, қарсак гулдуроси қишлоқни титратгудек бўларди. Довдир завқдан сармаст бўлди. Қорни очлигиниям, тўйхонага чорлашмаганларининг аламиям эсдан чиқди. Қувонса арзигулик эди. Чашмизираклик йигитлар – унинг, Ҳаким довдирнинг ҳамқишлоқлари кетма-кет солим олишарди. Атрофдаги қишлоқлар – Жўш, Чуя, Охчоп, Миришкордан келганлар тўп-тўп йиқилишиб, даврадан бош эгиб чиқиб кетишяпти. Бош ҳакам Мавлон Одил ҳарчанд жиддий бўлишга уринмасин, оғзининг таноби қочиб кетяпти. Нурназар бованинг хурсандлигини айтмайсизми? Озғин, сертомир қўллари шунақаям чаққон бўлиб кетганки, ҳаш-паш дегунча халтанинг бирини бўшатиб, иккинчисининг оғзини очди. Давранинг тўрида чордона қурган гуруҳ – Чашмизирак чоллари ҳам лаб-лунжларини йиғиштиролмай, тишсиз оғизларини каппа-каппа очиб, “Яша, кам бўлма, отангга раҳмат!” дейишади. Ёш полвонлардан уч-тўрттаси ўз солимларини ана шу даврага туҳфа қилишди. Чашмизиракда бу русум жуда қадимдан қолган. Ёш полвонлар дастлабки солимларини – одатда бу чой, калиш, тўнлик, кичикроқ қўзи бўлади – даврадаги бирон қарияга туҳфа этиб, эвазига дуо олади.

Чашмизиракликлар қалбига бирдан ғусса тушди. Кейинги давраларда солим фақат четга кета бошлаганди.

Давра айланган кейинги полвонлар довдирга тенгқур йигитлар эди. Чашмизиракда у тенгилардан кимлар бор ўзи? Ана, Қилич Заҳҳор! Бўлим бошқарувчиси. У болаларни кураштириб, тўғрироғи, ёқалаштириб ҳузур қилади. Ўзи эса “яримта” билан ёқалашишни маъқул кўради. Салим бужур, Абдураҳим қассоб ҳам ўшанинг улфатлари.

– Чуялик полвон Нажмиддин Фахриддинов, – дея эълон қилди Мавлон Одил синиқ овозда. Унинг ҳам кайфияти бузилганди. – Солими аравали мотоцикл!

– Бу ўша Фахриддин полвоннинг ўғли, – деди довдирнинг ёнида кимдир. – Эсингиздами, беш йил бурун Холмирза мерганнинг тўйида Фахриддин полвон олти солим олганди. Ўшанда унга фақат Мавлон Одил тир келганди. Икковига икки новвос берганди. Эсладингизми?

Давра яна сув сепгандек жимиб қолди. Мавлон Одил аввал заифгина умид билан қишлоқдошлари гуруҳига назар ташлади. Кейин кўзи жовдираб қўшни – жўшликлар, миришкорликлар гуруҳларига нигоҳ қадади. Қимирлаган жон кўринмади. Шунда… Шунда Мавлон Одил секин-секин одимлаб давра четига – довдир ўтирган томонга юра бошлади. Довдир унинг нима қилмоқчи эканини тушунди. Мавлон Одил эгнидаги ҳакамлик тўнини ечишга шайланаётган эди. Буни даврадагилардан ким сезди, ким сезмади – номаълум. Лекин довдир унинг мақсадини аниқ тушунди. Тушунди ва юраги шувиллаб кетди.

– Шошманг, Мавлон ака!

Бу овоз ер қаъридан чиқдими, ғойибдан эшитилдими, довдир англай олмади. Фақат ўзининг майдон ўртасида тикка турганини, бутун давранинг нигоҳи унга қадалганини кўрди-ю, нима бўлганини тушунди. Мавлон полвон белбоғини ечишни ҳам, ечмасликни ҳам билмай ҳайратланиб, иккиланиб қолганди.

Қаердадир бурчакда бирдан кулги кўтарилди. Бу кулги бир зумда бутун даврага ёйилиб кетди. Хитоб, ҳайқириқ авжига минди.

“Яша-е, жўхори полвон! Оёғида зўрға туришини қара уни! Кулдирма-е, қорним оғриб кетди. Мотоцикл мингиси келибди-да бечоранинг”.

– Жим, халойиқ! – дея ўкириб юборди Мавлон Одил. Унинг овози энди бироз титроқ бўлса-да, дадил чиқди. – Жим! Қулоқ солинг! Буни майдон дейди. Бу ерга юраги сўққа одам тушади. Майдонга тушган ҳар бир одам енгаман деб тушади.

Довдирнинг қулоғи чиппа битганди. У этигини ечиб четга қўйди, кимдир чаққон келиб камзўлини ечди, кўйлаги устидан тўн кийдириб белини боғлади.

– Дадил бўл, ука! – дея шивирлади Мавлон Одил унинг елкасига қўл ташлаб давра ўртасига олиб кирар экан.

Ана шу лаҳзаларда Ҳаким довдир хаёлидан нималар кечди? Аввало, унинг кўксида “Борди-ю, мўъжиза юз бериб енгиб қўйсам, қандай зўр бўларди-я” деган заиф умид уйғонди. Чиндан ҳам қандайдир бир самовий куч довдирнинг билакларига битмас–туганмас қувват эндирса, Нажмиддин полвон шу уринса, шу уринса-ю, “Э, зўр экансан, саники ҳалол” деб даврадан чиқиб кетса. Давра қарсагу қийқириқлардан чақнаса, ёрилса. Ҳаким қутловларга, олқишларга эътиборсизгина, бошини эгиб давра четига борса, ютинса-ю, солим – мотоциклнинг чамбарагини Мавлон Одилга тутқазиб “Бу сизнинг ҳақингиз, олинг ака!” деса.

Лекин мўъжиза юз бермади. Нажмиддин полвон бир-икки силтаб кўргач, довдирнинг ўзи ўйлагандақа курашчи эмаслигини билиб олди. Кейин унга оддийроқ бир усул ишлатишга имкон берди-ю, чаққон ҳаракат билан вазнини довдирнинг устига солиб, унинг курагини ерга тегизди.

– Эҳ, аттанг, Ҳаким ётиб отар қилмоқчи эди. Янглишди, – деди Нурназар бобо овозини баланд қўйиб.

– Тажрибасизлиги панд берди-да. Бўлмаса усулни дадил қўллади, – деди унинг гапини маъқуллаб ёнидаги ошнаси. Уларнинг гапини биров эшитиб, биров эшитмай қолди.

– Ҳалол! Ҳалол! Нажмиддин полвон енгди. Солим Нажмиддин полвонники! – деб қичқирди Мавлон Одил довдирни турғазиб елкасини қоқар экан.

Давранинг қайсидир бурчагида яна кулги кўтарилди. “Ҳолини билмаган довдир! Ярим йил белига кепак боғлаб юради энди!”

Қайсидир бурчакда эса маъқуллаган товушлар эшитилди.

“Юраги ботиниб чиққанини айтмайсанми!”

Довдир тўнини ечиб, кийимларини кияр экан, Мавлон Одилнинг ўзига тикилиб турганини кўрди. Кекса полвоннинг кўзлари жиққа ёш, лекин чеҳраси тиниқ, шод эди.

– Унинг лақаби бекорга довдир эмас, ахир, – деди кимдир ортдан.– Шунақа каромат кўрсатиб турмаса, довдирлиги қоладими.

Довдир қувноқ жилмайиб яйлов сари юриб кетди…

– Бу ҳикояни менга айтиб беришдан мақсадингиз нима, “йиқилсанг ҳам, одамлар устингдан кулса ҳам ўксинма”, демоқчимисиз? – сўради Нурқобил.

– Ҳа, йиқилсанг – ер кўтаради, йиғлаб мотам тутиб ўтирма, демоқчиман.

– Мотам тутмоқчи эмасман, лекин… тергов энди кучаяди, суд, қамоқ…

– Нафасни иссиқ, ниятни холис қилайлик, ота-боболаринг руҳи мададкор бўлади, иш судгача бормайди насиб этса.

– Агар шундай бўлса… мени отарингизга ишга оласизми? – кулимсираб сўради Нурқобил.

– Э-э, ишлашни ҳоҳлаганга иш топилади ука, ана, Шамсиев айтди, Сувли боғлари яна хўжалик ихтиёрига қонуний қилиб қайтарилибди, ўшанга ишбилармон боғбон қидириб юрибди. Сендан муносиброқ номзод борми?

– Мен агроном эмас, чорва мутахассисиман-у, Ҳаким ака.

– Ўрганасан агрономликни ҳам. Керак бўлса яна ўқийсан. Ёшсан-у. Энг муҳими, ҳоҳиш бўлса, қизиқсанг бас. Дарвоқе, тунов куни шу боғлар ҳақида бир туш кўрдим, айтиб берайми?

– Айтинг қани.

– Катта бир карвон чўл ичкарисига қараб кетаётган экан. Карвон олдида яғири чиққан эшакда бўйнига қўнғироқ осган Ўташев ўтирибди. Ёнида Қамарбой миршаб югуриб бораётир. Туяларга катта-катта қоплар, тошлар, илдизи билан қўпориб олинган дарахтлар, оёқ-қўли боғланган ёшгина қизалоқлар, болалар ортилган. Жулдур кийимли одамлар сон-саноқсиз қўйларни ҳайдаб кетишаётир.

– Ҳой, оғалар, қариндошлар, қаёққа кетаяпсизлар? – деб сўрармишман.

Бу ерлар бизники эмас, биз бу жойлардан воз кечдик. Чўлга кетамиз. Чўлларни гулистонга айлантирамиз, – дермиш Ўташев бўйнидаги қўнғироғини жаранглатиб.

– Бу ерлар-чи, Чашмизирак-чи, боболаримиздан қолган боғлар–чи? Булар қуриса, чўлга айланса майлими? – деб сўрармишман.

– Буниси билан ишимиз йўқ, – дермиш Ўташев. – Биз чўлларни обод этамиз. Янги боғлар яратамиз. Эски боғлардан эса воз кечамиз.

Кейин ҳувиллаб қолган Чашмизиракка, кимсасиз дараларга қараб йиғлармишман. Бир пайт ногаҳон ўша эгасиз боғда сени кўриб қолдим. Қўпориб кетилган дарахтлар ўрнига ёш ниҳоллар экиб юрганмишсан. Нарироқда яна бир қанча тўда-тўда жулдур кийимли одамлар. Улар карвон изидан термулиб йиғлашармиш. Болаларини, хотинларини юлқиб кетган ўша даҳшатли карвонни лаънатлашармиш. Бечораларнинг егани бир бурда нонлари ҳам йўқ эмиш. Сен уларга тасалли берармишсан. “Ҳадемай баҳор келади. Ниҳолларимиз гуллайди, мева тугади, пишади. Кейин тўйиб-тўйиб ўрик, олма ейсизлар” дермишсан. Ғалати туш-а? Боғ эгасиз қолмайди. Унга эгалик қилишни хоҳламайдиган, воз кечадиган, зарур бўлса сотиб юборадиган кимсалар бўлиши мумкин. Лекин бундай боғ… эгасиз қолмайди. Унинг бағрида синган ҳам, чириган ҳам, ёнганлар ҳам бор. Лекин янгиланиш, уйғониш фасли – баҳор бор экан, бу боғлар яшараверади, унда янги-янги ниҳоллар кўкараверади. Чунки бу боғ – тириклик боғи, ризқимиз яраладиган боғ, ҳалол боғ. Боғбонлик ҳам чўпонлик сингари оддий касб. Лекин унинг ҳам раҳбарликка ўхшаган жиҳатлари бор. Тасарруфингда минглаб, балким ўн минглаб, юз минглаб навраста ниҳолларни ўстирасан, мевага киритасан…

– Сиз мени… тоза мансаб учун ўлган бола экан, деб ўйлайсиз шекилли Ҳаким ака, ўзи тунов куни айтиб, маслаҳатингизни олмоқчи эдим: ота касбимга қайтсам, бир отар беришса боқсам, агар ишонишмаса, сизга оддий ёрдамчи бўлиб ишласам, деб. Лекин очиғи… мана бу таклиф тушимгаям киргани йўқ. Шамсиев агар кечаги воқеадан сўнг фикридан қайтмаган бўлса, мен розиман! Лекин… Ўташевлар бу боғлар асли бобосининг бобосига тегишли бўлганлиги, вақти келиб замон кўтарса қайтариб олажаги ҳақида гапириб юришади. Мени боғбонликка қўйдириб қараб ўтиришармикан?

– Номаъқул бузоқнинг гўштини ейишади! Сувли боғлари асли Бухоро амири Абдуллахон иккинчи фармонига биноан маҳаллий боғбонлар томонидан яратилган. Большевиклар келганидан сўнг давлатга ўтган. Бобосининг бобоси эмиш, унда Ўташевларнинг момосининг момосининг ҳам ҳаққи йўқ.

Орадан бир неча кун ўтиб, Ҳаким довдир касалхонадан чиқди, Нурқобил директор вазифасини бажарувчи Усмон Шамсиевнинг буйруғи билан хўжалик боғбони вазифасига тайинланди. Ойсифат институтга ишга кетди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации